Электронная библиотека » Уолтер Айзексон » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Стив Жобс"


  • Текст добавлен: 19 апреля 2023, 17:44


Автор книги: Уолтер Айзексон


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 52 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]

Шрифт:
- 100% +

7-боб. Крисэнн ва Лиза

Ўша ташлаб кетилган Лиза…

Мактабни битириб, иккови тоғдаги кулбага кўчиб ўтган ўша ёздан буён Крисэнн Бреннан гоҳ Жобс билан алоқасини узар, гоҳ яна у билан учрашиб юрарди. 1974 йили Жобс Ҳинсдистондан қайтганида, улар Роберт Фридланд фермасида тўпланишди. “Стив мени бирга боришга таклиф қилди. Биз ёш эдик, осон ва тортинмай гаплашдик. У мени ўзига тортарди”, – деб эслайди Крисэнн.

Стив ва Крисэнн Лос-Альтосга қайтганидан кейин уларнинг муносабати аста-секин дўстона муносабатларга айланди. Стив ота-онасиникида яшар ва Atari’да ишларди; Крисэнн ижарада турар ва деярли бутун вақтини Кобун Чино дзен-марказида ўтказарди. 1975 йилнинг бошида у Стивнинг ва ўзининг дўсти Грег Кэлхун билан ишқий муносабатларда бўлди. “У Грег билан эди, лекин вақти-вақти билан Стивнинг олдига қайтиб келарди, – деб айтади Элизабет Холмс. – Умуман олганда, биз ҳаммамиз ўшанда шундай яшардик: гоҳ учрашиб юрардик, гоҳ муносабатларимизга нуқта қўярдик. Етмишинчи йиллар шундай эди”.

Кэлхун Ридда Жобс, Фридланд, Коттке ва Элизабет билан бирга ўқирди. Бошқалар каби у ҳам шарқча руҳий амалиётларга қизиқарди. У университетни ташлаб, охир-оқибат Фридланднинг фермасида, майдони 3 га 6 метрлик собиқ товуқхонада қўним топади; Грег у ерда шлакобетондан уйча ясаб, ичига ётоқ қуриб олди. 1975 йилнинг баҳорида товуқхонага Бреннан кўчиб ўтди, кейинги йили улар Кэлхун билан Ҳиндистонга сафар қилишга қарор қилишди. Ўшанда Жобс Грегни Крисэнни олиб кетишдан қайтаришга ҳаракат қилганди, у унга руҳий изланишда халақит беришини айтганди, лекин Грег ва Крисэнн барибир бирга кетишди. “Стив Ҳиндистонга саёҳатга бориб келгач, у билан юз берган ўзгариш менда шу қадар катта таассурот қолдирганки, менинг ҳам у ерга боргим келганди”, – деб тан олади Бреннан.

Саёҳат узоқ давом этди: 1976 йилнинг мартида бошланиб деярли бир йилга чўзилди. Бир куни уларнинг пуллари қолмади ва Кэлхун инглиз тилидан дарс бериш учун автостоп билан Теҳронга кетди. Бреннан Ҳиндистонда қолди, Кэлхуннинг иш муддати якунлангач, улар Эрон ва Ҳиндистон ўртасида Афғонистонда учрашишди. У ерга улар албатта автостоп билан боришганди. У вақтда дунё бошқача эди.

Тез орада уларнинг муносабати якунига етди ва ёшлар Ҳиндистондан айри ҳолда қайтиб келишди. 1977 йилнинг ёзида Крисэнн Лос-Альтосга кўчиб ўтди ва қанчадир вақт Кобун Чино дзен-маркази ҳудудидаги палаткада яшади. Жобс ота-онасининг уйидан кўчиб кетди ва ойига 600 долларга Дэниел Коттке билан бирга Купертино четидаги уйни ижарага олди. Ажиб ҳолат эди: икки хиппи намунавий уйда яшарди, уни улар шаҳар четидаги ранчо деб атарди. “Уйда тўртта ётоқхона бор эди; биттасини биз баъзан турли хил қизиқ одамларга ижарага берардик. Бизникида ҳатто маълум вақт стриптизчи аёл ҳам яшаганди”, – деб айтиб берди Жобс. Коттке нима учун Стив шунчаки уй сотиб олмаслигини тушунмасди, у вақтга келиб унинг бунга қурби етарди. “Эҳтимол, унга шерик керак бўлгандир”, – деб тахмин қилди Коттке.

Бреннан ҳам уларникига кўчиб келди, лекин у вақт улар Жобс билан аҳён-аҳён учрашиб турарди. Хоналарга жойлашиш майнабозчиликка айланиб кетди. Уйда иккита катта ва иккита кичкина ётоқхона бор эди. Табиийки, Жобс энг катта ётоқхонани эгаллади, Бреннан эса (улар Стив билан расман ошиқ-маъшуқ бўлмаганлиги боис) иккинчи катта ётоқхонага жойлашди. “Иккита кичкина ётоқхона болалар хонасига ўхшарди, у ер менга ёқмади; мен меҳмонхонага жойлашдим ва саёҳат учун мўлжалланган гиламда ухлардим”, – деб эслайди Коттке. Қолган битта хонадан эса Риддаги чердак каби медитация ўтказиш ва гиёҳвандлик қилиш учун фойдаланиларди. Хона Apple компьютерлари қутиларидан чиққан пенопластга тўла эди. “Қўшниларнинг болалари бизникига киришарди, биз улар билан шу пенопластларни ўйнардик ва вақтичоғлик қилардик, – дейди Коттке. – Лекин кейин Крисэнн уйга мушукларни олиб келди, улар ҳамма пенопластни ифлос қилиб ташлади, шундан кейин уларни ташлаб юборишга тўғри келди”.

Бир уйда яшаётган Жобс ва Бреннан тунни баъзан бир хонада ўтказарди. Бир неча ойдан сўнг Крисэнн ҳомиладор экани маълум бўлди. “Бунга қадар биз Стив билан беш йил давомида гоҳ бирга, гоҳ бўлак яшадик, – дейди Бреннан. – Бирга бўлсак, диққат бўлардик, айри яшасак, зерикардик”. 1977 йили Шукроналик куни Колорадодан Жобсникига Грег Кэлхун меҳмонга келди. Бреннан унга янгиликни хабар қилди. “Биз Стив билан биргамиз, мен ҳомиладорман, лекин муносабатларимиз мураккаб ва мен нима қилишни билмаяпман”, – деб айтди Крисэнн.

Жобс ўзини бунга алоқаси йўқдек тутаётганини Кэлхун ҳам сезди. У ҳатто Грегни шу ерда қолиб, Apple’да ишлашга ҳам кўндирди. “Стивнинг Крисэнн билан, унинг ҳомиладорлиги билан умуман иши йўқ эди, – деб эслайди Кэлхун. – У бир одамга қаттиқ ишқи тушиб қолиши, кейин эса яна ўзи билан ўзи бўлиб қолиши мумкин эди. Бундай бефарқлик кишини қўрқитарди”.

Жобс муаммони тушунишни истамаса, у муаммо йўқдек уни эътиборсиз қолдирарди. Баъзида у воқеаликни нафақат бошқалар, балки ўзи учун ҳам ўзгартира оларди. У ўзига Крисэнннинг ҳомиладорлиги ҳақида ўйлашни тақиқлади. Ундан буни дангал сўрашса, боланинг отаси эканига шубҳаси борлигини айтарди, лекин Бреннан билан бирга бўлганини инкор этмасди. “Бола меникилигини аниқ билмасдим: Крисэнн ахир фақат мен билан бирга бўлмаганди-ку, – деганди у менга кейинчалик. – Крисэнн бўйида бўлиб қолганида у ҳатто менинг расман севгилим ҳам эмасди. Шунчаки биз билан бир уйда яшарди”. Бреннанда эса боланинг отаси айнан Жобс эканига шубҳаси йўқ эди. У вақтда у Грег билан ҳам, бошқа эркаклар билан ҳам ишқий муносабатларда эмасди.

Чиндан ҳам Жобс боланинг отаси эканини билмаганми ёки ўзини алдаганми? “Менимча, у шунчаки бу ҳақда ўйлагиси ва жавобгарликни зиммасига олгиси келмаган”, – деб тахмин қилади Коттке. Элизабет Холмс бу фикрга қўшилади: “Стив оталикни қабул қилса ва уни рад этса нима бўлишини чамалаб кўрди ва иккинчи йўлни танлади. Унинг бошқа режалари бор эди”.

Никоҳ ҳақида гап ҳам бўлмаган. “Мен унга уйланишни истамаслигимни тушунгандим, чунки биз бахтли бўла олмасдик ва тезда бир-биримиздан қочиб кетардик. Аборт энг яхши йўл эди, лекин Крисэнн нима қилиш ҳақида ҳеч ҳам бир қарорга кела олмасди. У узоқ вақт иккиланди ва охири болани қолдирди. Умуман олганда, бу онгли қарор бўлганини билмайман. Шунчаки болани олдириб ташлаш муддати ўтиб кетган бўлиши ҳам мумкин”, – дейди Жобс. Бреннан эса менга болани онгли равишда қолдирганини айтганди. “Стив абортга қарши эмаслигини маълум қилган, лекин ҳеч қачон бундай қарорга келишга мени ундамаган”. Жобс биргина боланинг бировга асраб олишга берилишига эътироз билдирганди (бунинг ажабланарли жойи йўқ: ўзининг тарихини эслаш кифоя). “Стив болани бегона инсонларга беришдан мени қайтарди”, – деб эслайди Крисэнн.

Қизиқ ўхшашлик: Жобс ва Бреннан 23 ёшда эди. Стив туғилганида Жоан Шибла ва Абдулфаттоҳ Жандалийнинг ҳам ёши 23 да эди. У вақтда Жобс ҳали ҳақиқий ота-онаси кимлигини аниқламаганди, лекин Пол ва Клара бу воқеани унга қисман айтиб беришди. “Мени ҳам шундай ёшда ташлаб кетишганини билмасдим. Бу Крисэнн билан орамиздаги воқеада ҳеч қандай роль ўйнамади”, – деб таъкидлайди Жобс. У биологик отасининг ортидан кетиб, 23 ёшида зиммасига жавобгарликни ола билмаганини инкор этди, лекин ўхшашликдан хабар топгач, нафаси буғилиб қолганини тан олди. “Жоан мени 23 ёшда дунёга келтирганини билганимда ёқамни ушлаб қолдим”.

Жобс ва Бреннаннинг муносабатлари шиддат билан ёмонлашиб борди. “Крисэнн ўзини қурбондек тутди, Стив ва мен унга қарши тил бириктириб олганмишмиз, – дейди Коттке. – Стивнинг бу кулгисини қистатди. У буни жиддий қабул қилмади”. Бреннан чиндан ҳам ўзини номақбул тутганди ва кейинчалик буни ўзи ҳам тан олди. У ликобчаларни чилпарчин қиларди, қўлига тушган нарсани Жобсга отарди, мебелни синдирарди ва деворларга кўмир билан ҳақоратли сўзларни ёзиб қўярди. Крисэнн Жобс уни ўзининг бепарволиги билан шунга мажбур қилганини айтади. “У онги тиниқ, лекин ниҳоятда бағритош инсон. Ажиб уйғунлик”. Коттке икки ўт орасига тушиб қолди. Бреннаннинг сўзларига қараганда, “Дэниел бу қадар бераҳм эмасди ва Стивнинг қилиқлари уни ҳайрон қолдирарди. У бир “Стив сенга ёмон муносабатда бўляпти” дер, бир эса у билан бирга устимдан куларди”.

Роберт Фридланд ёрдам қўлини чўзди. “У мен ҳомиладор эканимни билиб, ўз фермасига чақирди, – эслайди Крисэнн. – Ўша ерда фарзанд дунёга келтирдим”. Фридланд фермасида ҳали ҳам Элизабет Холмс ва бошқа дўстлари яшарди; Орегондан улар акушер аёлни топишди, у доялик қилди. 1978 йил 17 май куни Бреннан қиз кўрди. Уч кун ўтиб, Жобс Крисэнни кўргани ва қизга исм қўйгани фермага етиб келди. Жамоада болаларни одатда шарқона исмлар билан аташарди, лекин Жобс қиз Америкада туғилган экан, унинг исми ҳам шунга мос бўлиши керак деб туриб олди. Бреннан унинг фикрига қўшилди. Улар қизга Лиза Николь Бреннан деб исм қўйишди; Стив фамилиясини қизга бермади. Жобс Apple’даги ишига қайтди. “У мен билан ҳам, қизи билан ҳам ҳеч қандай алоқаси бўлишини хоҳламади”, – деди Бреннан.

Крисэнн Лиза билан Менло-Паркдаги фақирона уйга кўчиб ўтди. Улар ижтимоий нафақа эвазига кун кўрарди, чунки Бреннан судлашишни хоҳламаганди. Охири Сан-Матео округи ҳокимияти Жобс қизнинг отасилигини исботлаш ва болани боқишга уни мажбур қилиш учун Жобсга қарши даъво қўзғади. Дастлаб Стив қаршилик кўрсатмоқчи бўлди; унинг адвокатлари Котткени Жобсни Бреннан билан бирга ётоқда кўрмаганини айтишга кўндиришди ҳамда Крисэнн бошқа эркаклар билан бирга дон олишиб юрганини исботловчи далиллар тўплашди. “Стивга қўнғироқ қилиб, “Бу ёлғонлигини биласанку!” деб бақирганим эсимда, – дейди Бреннан. – У судга кичкина болани етаклаб боришимни, бузуқ аёллигимни ва қизимизнинг отаси исталган бошқа эркак бўлишини исботлашни хоҳлар эди”.

Лиза туғилганидан бир йил ўтиб Жобс қизнинг отасилигини тест ёрдамида синаб кўришга рози бўлди. Бреннаннинг оиласи ҳайрон бўлди, лекин Жобс Apple тез орада очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилишини биларди ва ҳамма масалани олдиндан ҳал қилиб олишга қарор қилди. ДНК тестлари ўшанда энди-энди пайдо бўлганди, Жобс Калифорния университетида тестдан ўтди. “Мен ДНК тестлари ҳақида эшитгандим ва ҳаммасига аниқлик қиритиш учун жон деб рози бўлдим”, – деб эслайди Жобс. Тест натижалари етарлича аниқ бўлиб чиқди. “Отаси эканлиги эҳтимоли… 94,41 % эди”, – дейилганди тест хулосасида. Калифорния суди қарор чиқарди: Жобс бола учун ҳар ой 385 доллар тўлаши ва қизнинг отаси эканига розилигини имзолаб тасдиқлаши ва давлатга Крисэннга нафақа сифатида тўланган 5856 долларни қайтариши керак эди. Жобсга болани кўргани келишига рухсат беришди, лекин у бу ҳуқуқдан анча йиллар ўтиб фойдаланди.

Ҳатто шундан кейин ҳам Жобс ўзини ва бошқаларни алдашда давом этаверди. “Охири у барчаси ҳақида бизга директорлар кенгашида айтиб берди, – деб эслайди Артур Рок. – Лекин боланинг отаси мен бўлмасам керак деб туриб олишда давом этди. Ғирт бемаънилик”. Time репортёри Майк Морицга Стив статистика маълумотларига кўра “Қўшма Штатларда яшовчи эркакларнинг 28 фоизи боланинг отаси бўлиши мумкин” деб айтди”. Бундай фикр нафақат ёлғон, балки жуда ҳам ғалати эди. Ва энг ёмони, Крисэнн Бреннан бу ҳақда эшитгач, уни нотўғри талқин қилди. У Жобс Крисэнн АҚШ эркакларининг 28 фоизи билан бирга бўлган деган деб тушунди. “У мени бузуқ пулхўр аёл қилиб кўрсатишга уринди. Ўз зиммасига жавобгарликни олишдан кўра унга мени фоҳиша деб ҳисоблаш осонроқ эди”, – эслайди Крисэнн.

Йиллар ўтиб, Жобс Крисэннга қилган муносабатидан афсусланди. У ҳаётида камдан-кам ҳолларда афсусланган. Мен ўзимни бундай тутмаслигим керак эди. Мен ўшанда ўзимни ота сифатида тасаввур қила олмагандим, бунга тайёр эмасдим. Лекин тест натижалари Лиза менинг қизим эканини тасдиқлагач, мен бунга бир сония ҳам шубҳа қилмаганман, уни 18 ёшигача боқишга ва Крисэннга пул бериб туришга рози бўлганман. Мен Пало-Альтодан уй топдим, ремонт қилдим ва уни уларга яшашга бердим. Крисэнн Лиза учун энг яхши мактабларни танларди ва мен ўқишига пул тўлардим. Мен ҳаммасини тўғри қилишга ҳаракат қилдим. Лекин ҳозир ҳаммасини ўзгартира олганимда мен албатта ўзимни бошқача тутган бўлардим.

Бреннан билан муносабатларига ойдинлик киритиб олгач, Жобс ишга қайтди. У улғайди, албатта тўлиқ улғайгани йўқ. Гиёҳвандликни ташлади, қатъий вегетарианча парҳездан воз кечди, ретритларга камроқ вақт сарфлай бошлади, сочини замонавий услубда кестириб олди ва Сан-Францисконинг қимматбаҳо Wilkes Bashford дўконидан костюм ва кўйлак харид қила бошлади ҳамда Режис Маккеннанинг ходимларидан бири – ярми поляк ва ярми полинезиялик бўлган Барбара Ясински билан жиддий ишқий муносабатларга киришди. Ёшларга хос қилиқлари сақланиб қолди. Улар Ясински ва Коттке билан бирга Стэнфорд яқинидаги Фелт-лейк кўлида яланғоч чўмиларди. Жобс ўзига 1966 йилги BMW R60/2 мотоциклини сотиб олди ва рулига тўқ сариқ қалпоқча осиб олди. Баъзан у аввалгидек чўрткесар эди: официант қизга қўпол муомала қилиши мумкин эди ва кўпинча овқатни бемазалигини айтиб, қайтариб берарди. 1979 йили Хэллоуин шарафига уюштирилган Apple’нинг илк базмида у Исо Масиҳ образида кийиниб олди. Жобсга бу қизиқ туюлганди, лекин бошқаларга унинг бу ҳазили ёқмади. Ва ҳатто уйини жиҳозлаш ҳам тентаклик аломатларидан холи бўлмади. Жобс Лос-Гатосга яқин тоғли жойдан ажойиб уй сотиб олди. Уйга Максфилд Пэрриш расмини илиб қўйди, Braun кофе тайёрлагич ва Henckel пичоқлар тўпламини харид қилди. Лекин жиҳозларга келганда, Стив ўзига нима ёқишини билмади ва уй бўм-бўшлигича қолиб кетди: уйда на каравот, на стуллар, на диванлар бор эди. Жобс полга матрас тўшаб ётарди, ётоғида Apple II компьютери турарди, деворларига эса Эйнштейн ва Махараж-жи портретларини осиб қўйганди.

8-боб. Xerox ва Lisa. Фойдаланувчининг график интерфейслари

Янги маҳсулот

Жобснинг гаражидаги компания Apple II шарофати билан янги саноатнинг энг илғор компаниясига айланди. Сотув ҳажми бирдан кўтарилиб кетди, 1977 йилда 2500 та компьютер сотилган бўлса, 1981 йилда 210 мингта компьютер сотилди. Лекин Жобсга бу кам эди. Муваффақият – бу тез бузиладиган маҳсулотдир. Бунинг устига, ҳамма Apple II’ни Вознякнинг иш маҳсули деб билишини Стив тушунарди. У маҳсулотни истеъмолчига тўғри етказиб бериш учун қанча куч сарфламасин, энг яхши таъминот шнурини, қутисини танламасин, барибир Apple II Возняк ихтироси бўлиб қолаверарди. Стив эса ўзи кашфиёт қилмоқчи эди. Бундан ташқари. Жобс унинг кашфиёти ўз сўзи билан айтганда “оламда ўз изини қолдириши”ни хоҳларди. Дастлаб у Apple III ана шу ролни бажаради, деб умид қилди. Хотирани кенгайтириш, экранга 40 та белги ўрнига 80 та белги сиғишини таъминлаш режалаштирилди. Жобс корпуснинг ҳажмини ва шаклини шахсан ўзи аниқлади ва бир гуруҳ муҳандислар монтаж платаларига янги компонентларни қўшгандан кейин ҳам ҳеч кимга ҳеч нарсани ўзгартиришга имкон бермади. Плата компонентлари жуда зич жойлаштирилганди ва унинг коннекторлари ёмон ишларди ва тез бузиларди. 1980 йилнинг майида ишлаб чиқарилган Apple III муваффақиятсизликка учради. Муҳандислардан бири бўлмиш Рэнди Уиггинтон бунга шундай изоҳ берди: “Apple III гуруҳ бўлиб жинсий алоқа қилиш натижасида туғилган болага ўхшарди: кутилганидек, у ҳаромзода бўлиб чиқди, муаммолар пайдо бўлганида ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олгиси келмади”.

Жобс бу вақтга келиб Apple III устида ишлашни тўхтатиб, унга бутунлай ўхшамайдиган янги маҳсулот яратиш ҳақида ўйлаётганди. Сенсор экран ҳақидаги ғояга қизиқиб қолди, лекин тезда ҳовридан тушди. Техник ечим намойиш этилиши керак бўлган навбатдаги учрашувга Стив кеч келди, диққат билан эшитмади, безовта бўлаверди, кейин эса маърузачини “раҳмат, етади” деб илтифотсизлик билан тўхтатди. Муҳандислар хафа бўлди. “Балки, биз умуман кетганимиз маъқулдир?” – деб сўрашди улар. Жобс маъқуллагандай бўлиб бош силкиди ва улар унинг вақтини беҳуда олаётганини айтди. Кейин у бутунлай янги компьютер яратиш учун Hewlett-Packard’дан Apple’га иккита муҳандис олиб келди. Стив танлаган ном энг тажрибасиз психиатрни ҳам сергаклантирарди: Lisa. Бошқа компьютерлар ҳам муаллифларнинг болалари шарафига аталарди, лекин Лизани Жобс ташлаб кетганди ва уни ўз қизи деб узил-кесил тан олмаганди. “Эҳтимол, у айбдорлик ҳисси туфайли шундай қилган, – дейди Режис Маккенна агентлигининг PR-менежери Андреа Каннингем. У шу лойиҳани юритганди. – Компьютер унинг қизига аталганини бекитиш учун биз аббревиатура ўйлаб топишимизга тўғри келди”. Оқибатда Local Integrated Systems Architecture (“интеграциялашган тизимларнинг маҳаллий тузилмаси”) расшифровкаси пайдо бўлди; унинг маъноси деярли йўқ эди, лекин у ўша номнинг расмий изоҳи бўлди. Муҳандислар ўзаро уни Lisa: Invented Stupid Acronym (“Лиза аҳмоқона аббревиатура”) деб атарди. Йиллар ўтгач, Жобсдан нега компьютерни бундай ном билан атадинг, деб сўраганимда, Стив оддий қилиб шундай жавоб берди: “Албатта, қизимнинг шарафига”.

Lisa’га 16-бит микропроцессор ўрнатилган бўлиши керак эди (Apple II’да 8-бит эди). Янги компьютернинг тахминий нархи 2 минг доллар бўлди. Apple II устида бамайлихотир ишлаб юрган даҳо Возняксиз муҳандислар стандарт матн дисплейига эга энг оддий компьютерни лойиҳалаштиришди; микропроцессор, гарчи кучли бўлса-да, бирор-бир қойилмақом жиҳати билан ажралиб турмасди. Жобс ўртамиёна машина яратилаётганини тушуниб етди. Бу унинг ғазабини келтирди.

Лекин лойиҳага жон киритиш йўлини топган дастурчи бор эди: Билл Аткинсон, аспирант-нейробиолог, ўз вақтида у ҳам гиёҳвандликка ружу қўйганди. Унга Apple’да ишлаш таклиф қилинганда у рад этганди. Лекин унга қайтариб берилмайдиган самолётга чипта юборишганди, шунинг учун Аткинсон чиптани олиб, Жобс билан суҳбатлашишга қарор қилди. “Биз келажакни ихтиро қиляпмиз, – деди унга Стив уч соатлик суҳбатнинг сўнгида. – Ўзингизни кашфиётлар тўлқини чўққисида деб тасаввур қилинг. Нафасингиз тиқилиб қолади! Энди шу тўлқинга етиб олишга ҳаракат қилаётганингизни хаёлингизга келтиринг. Бундай ҳолатга тушиб қолиш унча ёқимли эмас, тўғрими? Шунинг учун бизга қўшилинг. Оламда ўз изимизни қолдирамиз”. Аткинсон рози бўлди.

Ифодали кулгусини бекитмайдиган осма мўйловли жундор Аткинсонда Вознинг ижодкорлиги ва Жобснинг мукаммалликка ўчлиги мужассам эди. Dow Jones сервисига автоқўнғироқ орқали акциялар портфелини кузатиб турадиган дастурни ишлаб чиқиш унинг биринчи вазифаси бўлди, дастур ёрдамида нархни билиш ва отбой бериш мумкин эди. “Тез ишлашга тўғри келди, чунки журналда Apple II рекламаси пайдо бўлганди. Рекламада эри ошхона столида ўтириб, Apple экранига қарарди. Экранда акциялар қиймати графиклари кўрсатилганди, ёнида эса бахтли аёли турарди. Лекин бундай дастур табиатда йўқ эди, шунинг учун мен уни ўйлаб топишимга тўғри келди”. Кейин Аткинсон Apple II учун дастурлашнинг юқори сифатли тили бўлмиш паскал версиясини[4]4
  Apple II операцион тизими учун PASCAL тил интерпретатори назарда тутилмоқда.


[Закрыть]
ёзди. Бу Жобсни қувонтиргани йўқ: у Apple II’га бейсикдан ташқари ҳеч нарса керакмас деб ҳисобларди. Лекин эътироз билдирмади ва Аткинсонга шундай деди: “Мен ноҳақ эканимни исботлашга сенга олти кун бераман”. Аткинсон уддасидан чиқди, ўшандан бери Жобснинг унга бўлган ҳурмати ўзгача.

1979 йилнинг кузига келиб, Apple учта маҳсулот ишлаб чиқди. Улар Apple II’нинг ворислари бўлиши керак эди. Биринчиси – омади келмаган Apple III. Иккинчиси – Lisa; лекин аста-секин Жобснинг бу лойиҳадан кўнгли совиди. Ва учинчиси Annie номли арзон компьютер лойиҳаси. У муайян вақт Стивнинг эътиборидан четда қолди. Бу лойиҳа устида Билл Аткинсонни ўқитган собиқ ўқитувчи Жеф Раскин ишларди. Раскин маиший асбоб каби оддий, тизим платаси, клавиатураси, монитори, барча зарур дастурлари ва график интерфейси бор бўлган “оммавий компьютер” яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Раскин Apple’даги танишларини бундай лойиҳалар устида иш олиб бораётган илмий-тадқиқот маркази ходимлари билан таништирмоқчи эди. Бу марказ Пало-Альтода жойлашганди.

Xerox PARC

Пало-Альтода жойлашган Xerox корпорациясининг илмий-тадқиқот марказига 1970 йилда асос солинганди (у Xerox PARC номи билан машҳур эди). Марказ рақамли технологиялар устида ишлайдиган маконни ўзида ифодаларди. У Xerox’нинг Коннектикутдаги қароргоҳидан тўрт ярим минг километр узоқда жойлашганди. Бу масофа фойда ҳақидаги фикрларга эътибор бермаслик имконини берарди (ҳеч бўлмаса, масофада бунга амал қилмасликка чақирарди). Бу яхши ёки ёмонлиги – бошқа масала. Алан Кей марказнинг теоретикларидан бири эди. Жобс унинг қуйидаги қоидаларини ўзлаштириб олганди: биринчиси – “Келажакни айтиб бериш учун уни дастлаб кашф қилиш керак” ва иккинчиси – “Дастурий таъминотни ишлаб чиқувчилар темир билан ишлашни билиши керак”. Кей ўзи Dynabook деб номлаган кичкина шахсий компьютер лойиҳаси устида ишлаётганди. У шу қадар оддий эдики, уни ҳатто ёш бола ҳам тушуниб олиши мумкин эди. Xerox PARC муҳандислари экранда қўрқинчли кўринадиган командалар қаторлари ва DOS-сўровлари ўрнига оддий фойдаланувчи учун тушунарли бўлган график ишлаб чиқа бошлаганди. Якунида улар сичқонча билан босиб очиш мумкин бўлган ҳужжатлар ва папкалардан иборат иш столини ўйлаб топишди.

Xerox PARC муҳандисларининг яна бир ғояси туфайли GUI график интерфейсни соддалаштиришга муваффақ бўлинди: маълумотларни растрли график шаклида чиқариш мумкин эди. Бунгача кўпчилик компьютерларда матнли интерфейс бўларди. Клавиатура тугмаси босилса, экранда одатда қора фонда совуқ нур сочадиган яшил чизиқлардан иборат белги пайдо бўларди. Белгилар сони чекланганлиги боис бажариш учун кўп команда бериш ва катта процессор қуввати талаб этилмасди. Растрли тизимда эса экрандаги ҳар бир пиксел компьютер хотирасидаги битлар билан назорат қилинарди. Экранда у бу нарсани, масалан, ҳарфни пайдо қилиш учун компьютер ҳар бир пикселга оч ёки тўқ бўлишни буюрар ёки дисплей рангли бўлса, рангни аниқларди. Бу катта ҳисоблаш қувватини талаб қиларди, лекин ажойиб ёрқин графика, шрифтлар ва лол қолдирадиган сифатли тасвир яратиш имконини берарди. Растрли тасвир ва график интерфейслар Xerox PARC компьютерлари моделларининг, масалан, Alto’нинг ва Smalltalk дастурлаш тилининг ўзига хос хусусиятларига айланди. Жеф Раскин уларни келажакдаги компьютерлар деб ҳисобларди ва Жобсни ҳамда Apple’даги ҳамкасбларини Xerox PARC’га боришга кўндирди.

Лекин бу осон бўлгани йўқ. Жобс Раскинни мижғов назариячи деб ҳисобларди, уни “бетайин қовоқбош” деб атарди. Раскин ўз томонига Аткинсонни оғдиришга мажбур бўлди. У Жобснинг наздида “даҳолар” тоифасига кирарди, фақат шундай йўл билан Стивни Xerox PARC лойиҳалари билан қизиқтиришга муваффақ бўлинди. Лекин Раскин Жобс нимани режалаштираётганини билмасди. 1979 йилнинг ёзида Xerox’нинг венчур инвестициялари билан шуғулланадиган бўлими Apple’ни молиялаштиришнинг иккинчи турида қатнашиш истагини билдирди. Жобс уларга шуни таклиф қилди: “Мен Apple’га миллион доллар маблағ киритишингизга изн бераман, лекин сизлар ҳозир PARC иш олиб бораётган барча лойиҳаларни менга кўрсатасизлар”. Xerox раҳбарлари рози бўлишди, компания Apple’га ўзининг янги технологиясини кўрсатишга қарор қилди, эвазига эса 100 мингта акцияни сотиб олади, ҳар бир акция нархи тахминан 10 доллар турар эди.

Бир йилдан кейин Apple очиқ акциядорлик жамиятига айлангач, Xerox’нинг улуши 17,6 миллион долларни ташкил этди. Лекин Apple ҳам битимдан катта фойда олишга муваффақ бўлди. 1979 йилнинг декабрида Жобс янги технологиялар билан танишиш учун ҳамкасблари билан бирга Xerox PARC’га келди. Жобс унга у ерда ҳамма махфий лойиҳалар кўрсатилмаганини билиб қолгач, у батафсилроқ намойишни талаб қилди. Бир неча кундан кейин янги тақдимот ўтказилди. Xerox’нинг ходимларидан бири Ларри Теслерга Жобсга кашфиёт ҳақида сўзлаб бериш топширилганди. У ўзи яратган маҳсулотга Жобснинг эътиборидан боши осмонда эди. Шарқий соҳилбўйидаги раҳбарлар янги технологиянинг қадрига етмаганди. Иккинчи маърузачи Адель Голдберг хоним эса ғазаби қайнарди ва нима учун компания бирдан энг махфий сирларини фош этишга қарор қилганини тушунолмай ҳайрон эди. “Аҳмоқона қарор. Турган-битгани ақлсизлик. Мен Жобс ортиқча нарсани билиб қолмаслиги учун қўлимдан келганча ҳаракат қилдим”, – эслайди Голдберг хоним.

Биринчи учрашувда Голдберг хонимнинг талаби қондирилди. Жобс, Раскин ва Lisa’нинг етакчи ишлаб чиқувчиси Жон Коучни Alto жойлашган залга олиб келишди. “Ҳаммаси аниқ қилиб режалаштирилганди. Биз, асосан, матнни қайта ишлашга мўлжалланган бир нечта иловани кўрсатдик”, – деб эслайди Голдберг хоним. Жобсни бу қаноатлантирмади ва у Xerox’нинг қароргоҳига қўнғироқ қилиб, давом эттиришларини талаб қилди.

Бир неча кундан кейин уни яна PARC’га таклиф қилишди. Бу сафар ўзи билан бирга Билл Аткинсон ва Apple дастурчиси Брюса Хорнни олиб келди. У аввал Xerox PARC’да ишлаганди. Улар иккови нимага эътибор қаратиш кераклигини билишарди. “Мен ишга келганимда ҳамма питир-питир юрганди. Менга Жобс ва унинг дастурчилари конференцзалда эканини айтишди”, – деб сўзлаб берди Голдберг. Унинг ҳамкасб муҳандисларидан бири меҳмонларни матнларни қайта ишлаш дастурлари билан овунтиришга уринарди. Лекин Жобсга бу маъқул келмади. “Бу арзимас нарсани бизга кўрсатишни бас қилинг!” – деб бақирди у. Xerox ходимлари бироз маслаҳатлашиб олиб, сирни сал очишга қарор қилишди: Теслер Жобсга дастурлаштириш тили бўлмиш Smalltalk’ни, лекин фақат очиқ демоверсиясини кўрсатадиган бўлди. Голдберг гуруҳ раҳбарини шундай деб тинчлантирди: “Бу Жобснинг миясини гангитиб қўяди. Бу махфий ахборот эмаслиги унинг хаёлига ҳам келмайди”.

Улар янглишди. Аткинсон ва бошқа дастурчилар Xerox PARC томонидан чоп этилган мақолаларни ўқишганди ва уларга маҳсулотнинг барча хусусиятларини кўрсатишмаганини дарров фаҳмлаб олишди. Жобс Xerox венчур инвестициялари бўлими бошлиғига телефон орқали шикоят қилди. Компаниянинг Коннектикутдаги раҳбарлари илмий-тадқиқот маркази билан боғланиб, Жобс ва унинг ҳамкасбларига ҳаммасини бошдан-оёқ кўрсатишларини буюрди. Голдберг жаҳл билан залдан чиқиб кетди.

Теслер Apple ходимларига ўз ихтиросини тўлиқ кўрсатганида, улар маҳлиё бўлиб қолишди. Аткинсон экранга бошини тиқиб олгудай ҳар бир пикселга диққат билан разм солди. Жобс қўлларини силтаб, компьютер атрофида сакраб юрарди. “У бир сония ҳам жойида турмади. Қизиқ, у бундай аҳволда қандай қилиб кўра олди экан. Лекин Жобс мени саволларга кўмиб ташлаганидан хулоса ясасак, у ҳаммасини тушуниб турганди, – деб эслайди Теслер. – Ҳар бир ҳаракатимни у завқ билан бақириб қарши олди”. Жобс нима учун Xerox бу технологияни сериялаб ишлаб чиқаришни бошламаганини тушуна олмаганини такрорларди. “Бу ахир олтин кони-ку! – деб хитоб қиларди Стив. – Xerox бундан фойдаланиб қолмаганига ишонгим келмайди!”.

Smalltalk тақдимотида Жобс ва унинг ҳамкасбларига учта ажабтовур нарсани кўрсатишди. Биринчиси – компьютерлар тармоқ орқали бир-бири билан алоқада бўлиши. Иккинчиси – объектга йўналтирилган дастурлаш қандай ишлаши. Лекин буларнинг барчаси эътибордан деярли четда қолиб кетди: Жобс жамоасини энг кўп лол қолдирган нарса – бу график интерфейс ва растр тасвирли экран бўлди. “Кўзим мошдек очилиб кетди, – деб тан олди кейинчалик Стив. – Келажак компьютерлари қандай бўлиши кераклигини мен тушундим”.

Xerox PARC’даги учрашув тугаганидан кейин икки ярим соат ўтгач, Жобс Билл Аткинсонни Apple’нинг Купертинодаги офисига қайтариб олиб келди. Стив жуда тез юрарди, унинг хаёлидан фикрлар ҳам шундай тез ўтарди, лабидан сўзлар тез отилиб чиқарди.

– Бу ўша! Биз албатта уни ясашимиз керак! – деб бақирди Жобс. У айнан шуни, яъни компьютерни одамга яқинлаштиришни, дизайн Эйхлер уйлари каби замонавий ва қулай ҳамда исталган ошхона асбоби каби оддий бўлишини хоҳлаётганди.

– Бу лойиҳага қанча вақт керак? – деб сўради Стив.

– Билмайман, – деб жавоб берди Аткинсон. – Балки, ярим йилдир.

Бу, албатта, қалтис прогноз эди, лекин бор куч билан ишлашга рағбанлантирарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации