Текст книги "Муҳаббат йўлида"
Автор книги: Закирджан Фуркат
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
«Умр қарори йўқ, чунон барқи гузар ўтар-кетар…»
Умр қарори йўқ, чунон барқи гузар ўтар-кетар,
Даҳр мадори ҳам яна мисли шарар ўтар-кетар.
Умри азиз ақабидин тез борур даму қадам,
Қайда борурни билмадим, шамсу қамар ўтар-кетар.
Кеча тамом ётмаган бори улуш олай десанг,
Токи қўпай дегунчалик файзи саҳар ўтар-кетар.
Асли ҳунар будур, кўруб боқма кишини айбиға,
На сан, на манда ул қолур айбу ҳунар, ўтар-кетар.
Хайри мухайяри ўлуб айлама шар, башар эсанг,
Мадҳу маломатга қолур, хайр ила шар ўтар-кетар.
Нафъ кўрай десанг зарар кўрма раво чибинға ҳам,
Қилсангу қилмасанг агар нафъу зарар ўтар-кетар.
Фақр эли кўрса юз алам арқосидин етиб борур,
Хайлу ҳашам била агар соҳиби зар ўтар-кетар.
«Қон юқи юзларингни пок айла», деманг ёш ила,
Гиря қилур маҳал яна хуни жигар ўтар-кетар.
Даври замона мунқалиб, бўлма малул келса ғам,
Гулға шамолдин агар етса асар ўтар-кетар.
Яхшини сиҳҳатин кўруб, яхши сухан эшитки, сан,
Яхши кўруб-эшитмайин кўр ила кар ўтар-кетар.
Қолмағуси жаҳон аро ҳеч киши, Фурқатий, яна,
Сочса агарчи назмидан дуру гуҳар ўтар-кетар.
«Эй, кўнгил, сабр айла, ул маҳ ошно кам-кам бўлур…»
Эй, кўнгил, сабр айла, ул маҳ ошно кам-кам бўлур,
Байтул-аҳзонинг ахири пурзиё кам-кам бўлур.
Дафъатан, меҳру вафо ойинини тутумас, дема,
Ёш, ҳоло (ғўра)дур, ақли расо кам-кам бўлур.
Ёр васлиға тааммул еткурур, аҳбоблар,
Гар саломатликни қўйса, муддао кам-кам бўлур.
Бора-бора хаста ушшоқини қадрини билиб,
Булҳавасдин эҳтироз айлаб жудо кам-кам бўлур.
Мурғи ваҳшийни қилолмас ҳеч ким якбора ром,
Донау домики қурдунг, мубтало кам-кам бўлур.
Касб этар оҳиста-оҳиста киши фазлу ҳунар,
Боғ аро булбул болоси хушнаво кам-кам бўлур.
Бехабар, деб Фурқатийға таъна қилманг, дўстлар,
Лутфи Ҳақ бўлса агар машқи бажо кам-кам бўлур.
«Йиғлатиб ошиқ деганни зор қилмоқ шунчалар…»
Йиғлатиб ошиқ деганни зор қилмоқ шунчалар,
Раҳм ила бир боқмайин афгор қилмоқ шунчалар.
Ўзга ерлик одамега неча айлаб илтифот,
Бир маҳалла одамини хор қилмоқ шунчалар.
Лаъли майгун устина изҳор этибон хатти сабз,
Зор қолган кўнглими зангор қилмоқ шунчалар.
Мубталоларга боқиб ҳоли дилини сўрмайин,
Ҳар нечук одамлара гуфтор қилмоқ шунчалар.
Боғни сайр этгали товусдек айлаб хиром,
Сарву гулни ер била ҳамвор қилмоқ шунчалар.
Сен қулум деб, мендин аввал хатти иқрори олиб,
Ўз қулидин охири инкор қилмоқ шунчалар.
Қаҳру, жавру зулмни устодидин олиб сабоқ,
Бевафолик дарсини такрор қилмоқ шунчалар.
Куйдуруб рашк ўтиға пайванд дили бечорани,
Ҳар нечук ножинсларни ёр қилмоқ шунчалар.
Рўбарў келганда боқмай, бир такаллум айламай,
Фурқатий шўридадилдин ор қилмоқ шунчалар.
«Эй, лутфи каму жафоси чўх ёр…»
Эй, лутфи каму жафоси чўх ёр!
То чанд чекай ғамингда озор?
Йўқтур кечалар кўзимда уйқу,
То субҳ ўлуб ғамингда бедор.
Ҳайҳот, бу чархи вожгунни,
Бир жонима кулфати бу миқдор.
Моҳи рамазонки, файзи чўхдур,
Охир менга сенсизин на даркор?
Ҳар шом менга наволаи ғам,
Қисмат бўлубон қилурга ифтор.
Хуни жигарим шажарда шарбат,
Юз пора кўнгул кабоби тайёр.
Оз тоқатиму кўб эътиқодим,
Эй, сенга фидо, бу озу бисёр.
Эй, қоши камон, мижанг ўқидин,
Юз чок кўнгул, бағирлар афгор.
Авбош ҳужуми бир тарафдин,
Бир сори жафойи таъни ағёр.
Бедард изоси бир тарафдин,
Бир сори жафойи чархи ғаддор.
Қон йиғламайин ҳамиша Фурқат,
Нетсун сенга бўлса ошиқи зор.
«Ҳасратий, кел-кел бери, ул шўхи жонондин гапур…»
Ҳасратий, кел-кел бери, ул шўхи жонондин гапур,
Фитна солған олама ошуби даврондин гапур.
Боғ аро мен пистау бодом ила йўқтур ишим,
Ул кўзи шаҳлодин айтиб, лаъли хандондин гапур.
Лашкари ғам остида қолдим чунон помол ўлуб,
Мўр аҳволин кўруб, бир дам Сулаймондин гапур…
Кокули савдосидин ошуфта ўлди жону дил,
Ўзгалар савдоларин зулфи паришондин гапур.
Бошинг учун, эй муҳаббат баҳрининг ғаввосиким,
Камбаҳо тошингни ташлаб, дурру маржондин гапур.
Ваъдалар айлаб эди: бориб сени қатл айлагум!
Аҳдини синдирдиму ? Ул ваъда ялғондин гапур.
Қумрии жўлидаға сарви равон таъриф қил,
Булбули дилхастага саҳни гулистондин гапур.
Кўнглум олғонда деди: Сенсен висолим маҳрами!
Эмди ташлаб ҳажрига, табъи пушаймондин гапур.
Сайри гулшандин менга дам урмағил, эй боғбон,
Ул пари Мажнунимен, дашту биёбондин гапур.
Васлидин дам урма кўб, эй ошиқони булҳавас,
Гар муҳаббат аҳли эрсанг, доғи ҳижрондин гапур.
Ўз диёридин адашган, Фурқатий девонамен,
Чуғзи ҳар вайронадурмен, байт ул-эҳзондин гапур.
«Масти бодаи ҳуснунг бўлмағон нечук жондур…»
Масти бодаи ҳуснунг бўлмағон нечук жондур?
Ақлини бериб барбод, жумла халқ ҳайрондур.
Лоладек жамолингни бир йўли кўриб зоҳид,
Неча йилғи зуҳдидин доғ ўлуб, пушаймондур.
Айлайин фидо минг жон, қўй қадам юзим узра,
Кўзга гарди наълингни сурмаи Сулаймондур.
Оразинг зиёсидин кечалар бўлуб равшан,
Хатларинг саводидин гарчи зулматистондур.
Боғ аро хиром этсанг барча эл кўруб айтур:
«Ҳур эрурки жаннатдин ер юзиға тушкондур».
Қоматингни нахлидин сарв ўлуб хижолатрез,
Хилъатинг баҳоридин мунфаил гулистондур.
Жаъди анбарин зулфинг ҳар хаму шиканжида,
Минг асир мен янглиғ хотири паришондур.
Юзларинг гули аҳмар гулшани малоҳатда,
Гулни шохидек қаддинг ҳар тарафга ларзондур.
Фурқатий дилафгоринг телба, офият топгай,
Кўзларингки, ҳар соат қон тўкарга майлондур.
«Сарвқад, сийминбадан, гулпираҳан, мастоналар…»
Сарвқад, сийминбадан, гулпираҳан, мастоналар,
Кўрмаям меҳри руҳинг, саргаштаю афсоналар.
Лайливаш, ширинмисол хўблар санга чокар ўлуб,
Руб этар фаррош каби ҳар субҳидам остоналар.
Тоқатин торож этар Мажнун каби ҳуснинг кўруб,
Чарх уруб дашти жунун, оворадур жононалар.
Нурфишон қўли била субҳ дояси кокулларинг,
Шонаи боди сабо бирла ани чун шоналар.
Наргиси мастинг сузиб, лутфинг майи-ла бир туни,
Лабрез айла базми васлинг ичраким паймоналар.
Зулм ила ҳижрон ўтидин шуъла солма кўксима,
Жон куюб, ахгар бўлуб, тан бўлмасун вайроналар.
Ранжу меҳнатлар чекуб, ҳижрон ғамидин дил заиф,
Дарди дил дорусиға май истарам, майхоналар.
Хилват айлаб ғайрдин, кўрсат жамолинг шамъини,
То кўруб жону дилим бўлсун анга парвоналар.
Ўткарур ҳижрон тунин Восиф йиғи-ла доимо,
Бир келиб ҳолин сўра, то билмасун бегоналар.
Назм ичинда Фурқат исминг ҳарфининг болосида,
Риштаи маржон этиб чун гавҳари фарзоналар.
«Менинг бир лайливаш ишқида мажнунлуғ шиоримдур…»
Менинг бир лайливаш ишқида мажнунлуғ шиоримдур,
Жунун аҳли эрур ёрим, бало дашти диёримдур.
Баҳор айёми саҳрода очилғон лолалар эрмас,
Юзи ҳажрида ҳар бир қатра қонлиғ ашкборимдур.
Чаманда ғунча деманг, қонға тўлғон таҳ-батаҳ бағрим,
Эмас наргис, анинг йўлида чашми интизоримдур.
Қаронғу кеча эрмас, тийра бахтим, таҳ-батаҳ ҳолим,
Сочи савдосидин токим қораргон рўзгоримдур.
Қаю ерда хазонлиғ барг ё парри самон бўлса,
Менинг ғурбат аро ғам бирла сарғарғон узоримдур.
Ер узра поймол ўлғон эмастур сояйи девор,
Йиқилган чарх зулми бирла жисми бемадоримдур.
Агар ёр остони узра бир афтода кўрсанглар,
Қуюнларким, кўнгул отлиғ хароби хоксоримдур.
Фалакда раъд, барқ этманг гумон, ул ой фироқинда,
Менинг савти фиғоним бирла оҳи пуршароримдур.
Шаҳид ўлсам, бошоқлиғ ўқини бошимға қўйғайсиз,
Ўзи мил-у, ёнар пайкони бир шамъи мазоримдур.
Муҳаббат йўлида бир неча расвойи жаҳон бўлдим,
Биҳамдиллаҳки, бу дунёда топгон эътиборимдур.
Фиғоним эшитиб, аҳбоблар қошинда сўрганда,
На бўлғай десалар, Фурқат деган бир беқароримдур.
«Биз, истиғно эли, қичқирмоғон маъвоға бормасмиз…»
Биз, истиғно эли, қичқирмоғон маъвоға бормасмиз,
Агарчандики хирман айласа дунёға бормасмиз.
Агар лаб ташна қолсак филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса, мавж уран дарёға бормасмиз.
Умид этгонимиз аксар саодат бўтаи ҳақдин,
Агарчи мис эрурмиз, қиммати тиллоға бормасмиз.
Ҳамиша лоф урармиз халқ аро Фарғона мулкида,
Бағоят табъимиз озода деб, ҳар жоға бормасмиз.
Ҳаво лойиға ботган моуманлик дўсти худбинким,
Ўшандоғ кам зарофат маскани аъдоға бормасмиз.
Биз эллар – фақр элимиз, парча нонға сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дороға бормасмиз.
Эмасдур онча асбоби жаҳонға фикримиз Фурқат,
Вале кетгунча жуз андишаи фардоға бормасмиз.
«Кошки бир ерда бўлсак эрди жонон иккимиз…»
Кошки бир ерда бўлсак эрди жонон иккимиз,
Кўзи шум ағёрлардин анда пинҳон иккимиз.
Ҳар замон даврон жафосидин қилибон бода нўш,
Мастликдин айласак қайғуни яксон иккимиз.
Ул замон сайри гулистон айласак қўл ушлашиб,
Рашкдин айлаб гулу булбулни яксон иккимиз.
Даҳрнинг озоридин масти хароботий бўлуб,
Тарки ҳуш айлаб, бўлуб ул ерда ҳайрон иккимиз.
Қумриларни доғи ҳижронга гирифтор айлабон,
Ерга помол айласак сарви хиромон иккимиз.
Ногаҳондин азми бозор айлаб, эй жон, шавқ ила,
Солиб олам аҳлига кўб шўру тўфон иккимиз.
Камтарин Фурқат бу янглиғ муддаоға етмади,
Кошки бир ерда бўлсак эрди, жонон иккимиз.
«На бўлди, нигоро, биза асло қарамайсиз…»
На бўлди, нигоро, биза асло қарамайсиз,
Гулдек очилиб, ғунчаи ҳумро, қарамайсиз.
Ё ўзга кишилар сиза сўз ўргатадурми?
Йўқса нега ҳеч сўз демайин, ё қарамайсиз?
Ҳар кун ўтасиз тўффини боша қўюб эгри,
Олифта бўлуб мунча таманно, қарамайсиз?
Кўрганда мени мунча шитоб айлаб ўтарсиз,
Борму магар ул ёна тамошо, қарамайсиз?
Ҳар шому саҳар тинмайин афғон чекадурмен,
Булбул қулингизга гули зебо, қарамайсиз.
Хўблар била келганда-ку мендин қиласиз ор,
Энди ўзингиз яккау танҳо, қарамайсиз.
Фурқат қулингиз мисли гадо йўлда ётодур,
Бир лутфу карам қилғоли, шоҳо, қарамайсиз.
«Зиҳи ситамки менга мунча, дилрабо, қиласиз…»
Зиҳи ситамки менга мунча, дилрабо, қиласиз,
Билиб туруб куёримни яна жафо қиласиз.
Кўнгулни олдингизу, жонни ҳам олинг ботроқ,
Ғариб элни нега бир-бирин жудо қиласиз?
Мени – асирни этиб эмдиликда девона,
Рақиби сияхрўни бори ошно қиласиз.
Жудолиғ айлар экансиз келиб-келиб охир,
На деб мурувват этиб аввал вафо қиласиз?
Вафо қилурға менга бердингиз чу минг ваъда,
Ўшал ваъдани бирига қачон вафо қиласиз?
Нечук эрурки, собир худога дод этсам,
Жафоларики менга мунда ҳолиё қиласиз.
Суруб таковарингиз, қатл этиб халойиқни,
Бу ерни қон ила чун дашти Карбало қиласиз.
Фироқингизда бу беморликда ётганим-ётган,
Келарсиз ўзингизу васлдин даво қиласиз.
Тағофул ўлса сизи феълингиз ҳамиша нигор,
Камина Фурқатийни ғам билан адо қиласиз.
«Ўртанур токай фироқинг оташида жонимиз…»
Ўртанур токай фироқинг оташида жонимиз,
Жонимизға раҳм қил бўлсанг агар жононимиз.
Сен каби товус пайкар нега келтирсун хиром,
Чуғз қўнмас кўзга илмай кулбаи вайронимиз.
Қайда бўлсанг гул юзинг ёдида ул ердур бизи –
Боғимиз, бўстонимиз ҳам равзаи ризвонимиз.
Онқадар қилдинг жафою жаврлар, эй шўхким,
Онча бор эрди чекарга қолмади имконимиз.
Ноламиздин кечалар гардун қулоғи бўлди кар,
Оҳким, етмас сенга бир нолаю афғонимиз.
Сели ғам бедодидин ет додимизга, адл қил,
Сенки бордурсен малоҳат мулкида султонимиз.
Ҳар замон кўз бошинга сурсак агар бир важҳи бор,
Зийнат ортар, кокулингга шонадур мужгонимиз.
Турмайин аҳдингда паймонингни синдурдинг ахир,
На эди аввалда, Фурқат, аҳд ила паймонимиз.
«Ишқ изҳор этганимға қаҳр этиб, эй, сарвиноз…»
Ишқ изҳор этганимға қаҳр этиб, эй, сарвиноз,
Жисм ила жоним итоб ўтиға то бердинг гудоз.
Ҳар неча элдин кўнгулда айласам пинҳон бу дард,
Ашки олу чеҳраи зардим этар ифшойи роз.
Ул куни гулгун кийиб миндинг саманди ноз уза,
Қилдинг, эй, қотил, кўнгул майдони ичра турктоз.
Қумри янглиғ иштиёқингда нечук қон йиғламай,
Сарв осо қад била бўлсанг кўзимға жилвасоз.
На эмиш ишқингда барбод айламоқ бир хонумон,
Сен каби маҳвашқа минг жон ўлса танда ёна оз.
Бир пари зинжири зулфидин халос ўлмай ҳануз,
Зор кўнглум сен ситамгарга гирифтор ўлди боз.
Тийри афғонимғаким ҳар тун сурайёдур нишон,
Бежигарлар оҳидин албатта қилғил иҳтироз.
Ўзга дилбарларга нозе бордур истиғно тўни,
Айланай, қаддингға лойиқ хилъати дебойи ноз.
Мунтазирликдин йўлингда ўзни туфроғ айлади,
Бир нигоҳинг бирла қилғил Фурқатийни сарфароз.
«Анбарин хаттеки қилдинг ошкор, эй, сарвиноз…»
Анбарин хаттеки қилдинг ошкор, эй, сарвиноз,
Кўрдиму чиқти кўнгуллардин ғубор, эй, сарвиноз.
Кўксима ўқларки отдинг ғамзадин, пайконларинг,
Чекмаким, жонимға қолсун ёдгор, эй, сарвиноз.
Демадинг ҳаргизки: менсиз кечти аҳволинг нечук?
Тиғи ҳижронингдин эрдим дилфигор, эй, сарвиноз.
Жаъди мушкинингдин очиб ҳар тараф марғулалар,
Айладинг бизни паришон рўзгор, эй, сарвиноз.
Лаъли нобинг ҳасратидин ғунча янглиғ қон ютуб,
Гул юзинг ёдида чектим хор-хор, эй, сарвиноз.
Йўқмен ўзда, ҳушима келганда келсанг ёдима,
Тортадурмен нолаи беихтиёр, эй, сарвиноз.
Лоф урармиш гул тароват бобида гулшан аро,
Бир бориб юз очки, бўлсун шармсор, эй, сарвиноз.
Хўбрўлардин мурувват гарчи ғайри расм эрур,
Мен хаёли хом этиб, уммидвор, эй, сарвиноз.
Айғил охир бир кўриб, маҳзун кўнгулни сўрмасанг,
Тобакай тортай йўлингда интизор, эй, сарвиноз.
Назмими силкиға чектим, Фурқатий, зийнат учун,
Ҳарфи номинг мисли дурри шоҳвор, эй, сарвиноз.
«Бир боқиб жонимни олди наргиси хумморингиз…»
Бир боқиб жонимни олди наргиси хумморингиз,
Берди бир сўз ила қайтиб лаъли шаккарборингиз.
Лаҳза-лаҳза айлабон жон душманиға илтифот,
Мен каби маҳзунғаму юз жавру минг озорингиз?
Бош чекиб хуршид машриқдин валекин қилди паст,
Барқ уруб мағриб саридин шуълаи рухсорингиз.
Йўлингизга термулуб доим оқарди кўзларим,
Оҳ, қачон бўлғай муяссар давлати дийдорингиз.
Йиғлатиб булбул каби гул юзингизни жилваси,
Қумридек дар нола қилди шеваи рафторингиз.
Кунжи ғамда жавр ила бедодингиздин, эй пари,
Лабға жоним етти, олинг, бўлса шул даркорингиз.
Туздингиз хилват тутиб ағёр ила то сози базм,
Ўлди бемор ушбу ғамдин Фурқатий афгорингиз.
«Васл ароким, гул каби очтинг узор, эй сарвиноз…»
Васл ароким, гул каби очтинг узор, эй сарвиноз,
Қилма кўнглум хори ҳижрондин фигор, эй, сарвиноз.
Айласанг-чи кўзларим равшан, келиб наргис каби,
Тобакай тортай йўлингда интизор, эй, сарвиноз.
Кетма кўздин нориким, бир дам жамолинг кўрмасам,
Турғуси менда қачон сабру қарор, эй, сарвиноз.
Ихтиёрим кетди қўлдин ул куни, андин бери,
Тортадурмен нолаи беихтиёр, эй, сарвиноз.
Тўтиёлиқға оқарғон кўзларимға кошки,
Етса эрди доманингдин бир ғубор, эй, сарвиноз.
Бу қаду рухсор ила кел боғ аро кўргиз хиром,
Сарв эгилсун ҳам гул ўлсун шармсор, эй, сарвиноз.
Ой юзингсиз, Фурқатий, то субҳ йиғлаб ётмадим,
Бўлди андоқким қаронғу кеча тор, эй, сарвиноз.
«Кўзларинг ҳар гўшаси бир манзалу маъвойи ноз…»
Кўзларинг ҳар гўшаси бир манзалу маъвойи ноз,
Қошларингни хамлиги ҳам боиси иймойи ноз.
Фаҳм этиб ошиқлигим қилдинг итоб узра итоб,
Англадим бу шеваниким ноз бир болойи ноз.
Эй, жафопеша, тағофул этганинг етмасмуди,
Дардими афзун қилурсан, айлаб истиғнойи ноз.
Рашк жомидан ичибман гўшаи ҳасратда қон,
Сан чекиб ағёр ила тун соғари саҳбойи ноз.
Нозанинлар ноз иншосин азал котиблари,
Ёздилар, лекин сени номинг учун туғройи ноз.
Ўзга маҳвашларга нозебодур истиғно тўни,
Дилбаро, қаддингга лойиқ хилъати дебойи ноз.
Офтоби оразинг тўлди шуоъи олама,
Бўлди зарроти жаҳон чун роғиби савдойи ноз.
Эй, парипайкар, мани ўлдурдинг истиғно қилиб,
Кўз уйина айламай ташриф бир йўл пойи ноз.
Хўблиқ мулкидадурсан бир амири комрон,
Ҳусн тахтида начоғлиқ ноз қилсанг жойи ноз.
Гулшан ичра ғунча эрди, бош чекиб бўлди хазон,
Тутмайин поси адаб гул айлагач ифшойи ноз.
Умр қатъ ўлсун ажал дорулқазосиға бориб,
Ҳар парирўким, қилур бўлса санга даъвойи ноз.
Ҳуш нақдин бир тарафдин кўзларинг торож этиб,
Бузди бу кўнглумни мулкин устиға яғмойи ноз.
Қилса саҳрони ватан Мажнун каби Фурқат нетонг,
Сен каби Лайли нигоҳидин эрур шайдойи ноз.
«Қайси бир боғи Эрамни ғунчаи ҳамросисиз…»
Қайси бир боғи Эрамни ғунчаи ҳамросисиз?
Ё малоҳат гулшанини бир гули раъносисиз?
Раҳна солиб сабр таъмириға бир наззорадин,
Кимни бир бераҳм қотил, кўзлари яғмосисиз?
Бора-бора жон қушини қумридек нолон этиб,
Қай латофат боғини сарви чаманоросисиз?
Ахтариб топмас жаҳон баҳрини кўб ғаввослар,
Рост айтинг, қайси дарёни дури яктосисиз?
На башарсиз, на пари, на ҳуру ғилмони жинон,
Балки афлоки фасоҳатни малак паймосисиз?
Чиқсангиз майдона гар, ушшоқ эли бўлғай ҳалок,
Тавсани шўхи фалаксиз, жаҳон иҳмосисиз.
Эй, парилар сарвари, эй, дилбари оромижон,
Ҳусн аҳли гарчи кўбдур, барчадин аълосиз.
Нозанинлар зубдаси, хулди бариндур кўйингиз,
Ошиқи дилхасталарни жаннат ул-маъвосисиз.
Ҳад на бўлғай номингиз ҳарфини зикр этмак манга,
Фурқатий дилхастани султони олийжосисиз.
«Тавафи Каъбаға раҳнамо билан борамиз…»
Тавафи Каъбаға раҳнамо билан борамиз,
Ўлумни чоғлаб ўза қазо билан борамиз.
Муроди манзилиға айлабон яна Мийно,
Умиди Марва истабон Сафо билан борамиз.
Ки ҳаж қилурда кўб эрмиш шароити аркон,
Бажо этарга бир неча расо билан борамиз.
Умид беҳад этиб журмимиз маофиға,
Мадина сориға бу муддао билан борамиз.
Келинглар, аҳли муҳаббатки, жон нисор айлаб,
Мазори шери Худо – Муртазо билан борамиз.
Келингки, ҳаддин ошубон фужур кўб қилдук,
Фиғону нолау воҳасрато билан борамиз.
Ото-оноу қариндошдин умидни узуб,
Имоми лахтаи жигардек ризо билан борамиз.
Яқони чок этибон бу йўлда қон йиғлаб,
Имом Ҳусайн-шаҳиди Карбало билан борамиз.
Кел эмди, Фурқати бедил, турарга тоқат йўқ,
Тавофи Каъбаға раҳнамо билан борамиз.
«Оҳким, раҳм қилиб, бир йўли ёд этмадингиз…»
Оҳким, раҳм қилиб, бир йўли ёд этмадингиз,
Мани мағмумни хотирини шод этмадингиз.
Олмайин бир йўли жон ғуссадин айлаб озод,
Ё қилиб қатъи назар, дардни зиёд этмадингиз.
Хуни дилдин ёзибон номаи шавқим борадур,
Лафзи дашном ила бир парча савод этмадингиз.
Зулм тиғила тўкуб ғамзодалар қонини,
Бошингиз Ҳаққи учун тарки фасод этмадингиз.
Сизки, иқлими малоҳат шаҳидурсиз, жоно,
Ошиқи бечоралара адл ила дод этмадингиз.
Каъбаи дилни хароб этти чу ғами куффори,
Бир ҳимоят бўлубон ҳеч мадод этмадингиз.
Жони тоза берибон ҳар кима бир тиғ била,
Фурқатий дилхастага бир ўқни кушод этмадингиз.
«Не эрур журмимки, кўрса ул ситамкор индамас…»
Не эрур журмимки, кўрса ул ситамкор индамас,
Гарчи ишқида қилурмен нолаю зор, индамас.
Учрадим қандоғ ситамгар дилрабоға, оҳким,
Тиғи жавридин қилиб бағримни афгор индамас.
Лоуболу шўхдурким, маҳзи истиғно қилиб,
Бўлса ҳам аҳволи зоримдин хабардор, индамас.
Йўлида бошимни помол айласам ҳам соядек,
Зарра парвоси йўқ ул хуршиди рухсор индамас.
Индаса раҳми келиб шоядки деб, Фурқат, анга,
Тўғри бўлсам лоақал кўрганда бозор, индамас.
«Сен каби бадмеҳрликни ҳеч мусулмон айламас…»
Сен каби бадмеҳрликни ҳеч мусулмон айламас,
Айлағай, лекин жафоу жавр чандон айламас.
Орази хўбингни ҳар ким кўрса гулшан сайрида,
Орзуйи жаннат ул-фирдавсу ризвон айламас.
Ўйнасанг чун ламъа ҳайрон кўзларимда, эй пари,
Жилвасин ойинаи хуршиди рахшон айламас.
Айладинг жонимға бедод устиға бедодлар,
Душманиға бу ситам ҳеч номусулмон айламас.
Ийди рухсоринг аро икки ҳилолингни кўруб,
Қандоғ одамдурки бир жонини қурбон айламас.
Бодаи лаъли лабингдин қатра нўш эткан киши,
Умр ичида ёд ҳаргиз оби ҳайвон айламас.
Маҳрам ўлмай васлингга кўз ёшим ўлди бешариқ,
Сенсиз, эй оромижон, най манча11
Маҳрам, Бешариқ ва Найманча – Қўқон атрофидаги қишлоқ номи, лекин биз шеърнинг асли мазмунини чиқариш учун бу сўзларни кичик ҳарф билан ёздик.
[Закрыть] афғон айламас.
Кеттинг ағёр ила Юсуф талъатим саҳро сори,
Байт ул-эҳзон йўлға мендек пири Канъон айламас.
Васл савдосиға берди Фурқатий жон нақдини,
Кўрмаса суде агарчанди, пушаймон айламас.
«Жаҳон боғини ахтарсам сенингдек гул узор ўлмас…»
Жаҳон боғини ахтарсам сенингдек гул узор ўлмас,
Суманбар, сарв қомат, ғунча оғизлиқ нигор ўлмас.
Йўлинг узра бўлиб гар тупроғимдин юз забон наргис,
Очилса сен учун, тонг йўқ, демаким интизор ўлмас.
Кўзинг махмуридурман сипқориб ўтган билан соқий,
Шароби ноб ортиқ, дурддин рафъи хумор ўлмас.
Нечук бедодгар, бераҳм дилбарсанки, ишқ аҳли,
Жаҳон таркин қилибон, жон бериб ҳам эътибор ўлмас.
Қулингман, ҳар на қилсанг айлагилким, ихтиёрингдур,
Инону ихтиёрим сенда, менда ихтиёр ўлмас.
Кечубдурман, сени ёр ўлса шояд деб, диёримдин,
Кетай ёр ўлмасанг эмди, диёринг ҳам диёр ўлмас.
На деб ранжида бўлдингким, бу ёзган номада дебсан:
«Қасам ичсам агар сендек киши бизларга ёр ўлмас».
Бўлиб савдозада ишқинг ҳавосидан ҳазин кўнглум,
Дами гул накҳатидин тургали Фурқат қарор ўлмас.
«Бўлса ким хилватнишин, сайри чаман лозим эмас…»
Бўлса ким хилватнишин, сайри чаман лозим эмас,
Узлат этган одамига анжуман лозим эмас.
Бенаволарни кўруб, таън этманг, эй, аҳбоблар,
Ким, харобот аҳлига ҳаргиз ватан лозим эмас.
Булбул эрмас ғордин гар ошиён этмас бино,
Чуғзи ғурбат бўлмаса байт ул-ҳазан лозим эмас.
Қосир ақлинг бирла сунъи Кибриёдин урмадам,
Билмаган одамга бир нозик сухан лозим эмас.
Лайливаш бир дилбари раъноға ошиқ бўлмасанг,
Юрмағил беҳуда бул дашти миҳан лозим эмас.
Кўҳи ғамни нохуни сабрим била қаздим бу кун,
Урма дам Фарҳоддин-ул Кўҳкан лозим эмас.
Фурқато, айғил такаббур аҳлиға Машраб деди:
«Қатраи оби манийга моуман лозим эмас».
«Ваҳм бирла ғаллани қиммат қилур ҳаннотлар…»
Ваҳм бирла ғаллани қиммат қилур ҳаннотлар,
Икки-уч кун тўҳтамасдин ёғса ногоҳ қор, қиш 22
Бу ғазалнинг матлаъи ва мақтаъи асл нусхада тушиб қолган. Сарлавҳа ўрнида «Фурқатни қиш ва совуқ ҳақида айтган шеъри» деган жумла мавжуд.
[Закрыть].
Шаҳр эли барча емак-ичмак балосиға қолур,
Кам бўлуб байъи широ, тўхтаб қолур бозор, қиш.
Уйда ўлтурсанг совуқдин қақшабон бу бир бало,
Сандали бирла ўчоғ айлар путунг нокор қиш.
Кўчаға чиқсанг тириклик боиси авқот ўлур,
Совуқидин еткурур жонингға кўб озор қиш.
Ҳар кишида бўлса икки-уч нафар аҳли аёл,
Дафъатандин уйға ун, ғўло ўтун даркор қиш.
Иссиғ уйда бўлса асбоб маишат жо бажо,
Чиқмасанг ташқориға деса бўлур: гулзор, қиш.
Боқмайин бору йўқингға сарф айлаб бўлмағай,
Ёз бўлғунча қўлингда дарҳаму динор қиш.
Камзулу пўстун била иссиғи йўқ тандурга,
Тез бўл, тайёр қил, деб пахталиғ шалвор, қиш.
На қилайким, ўлтурай деса, совуқни зўридин,
Эрта оқшомда чиқар ҳар кўчаға ночор қиш.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?