Текст книги "Муҳаббат йўлида"
Автор книги: Закирджан Фуркат
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
Фурқат
Муҳаббат йўлида
ФУРҚАТ ВА ЗАМОНАМИЗ
XIX аср охири ва XX аср бошларидаги ўзбек адабиётида шоир Фурқат ижоди алоҳида ўринга эга. Шунинг учун ҳам унинг ижодий мероси Ўзбекистонда кенг ўрганиб келинмоқда.
Икки оғиз сўз Фурқатнинг таржимаи ҳоли ҳақида.
Фурқат 1858 йили Қўқон шаҳрида туғилди. Шу ерда ўқиб таълим олди. Сўнг янги Марғилон, Хўжанд шаҳарларида бир оз вақт яшади. 1889-1891 йиллари Тошкентда турди. Бу ерда у маърифатпарвар сифатида шаклланди. Сўнг 1891 йили Тошкентдан чиқиб Самарқандга борди. Сўнг чет элларга кетди. “Миср ила Истанбулу Булғорларни” кезди. Маккаи Мунавварани зиёрат этди. Сўнг шоир ёзади:
Икки ойдурким, келибон Маккадан Бўмбай даен…
Фурқат Ҳиндистонни сайр этди, Кашмирда бўлди, у ердан Хитойга қарашли Ёркент шаҳрига келиб, шу ерда муқим яшаб қолди.
Фурқат 1913 йили Ёркентда вафот этди. Оромгоҳи ҳозир ўша ердадир.
Фурқат XIX асрнинг учинчи чорагида адабий майдонга кириб келганида ёш талантли шоир сифатида Қўқон адабий муҳитида тезда эътироф қозонди. Унинг устози ҳаммаҳалласи шоир Нисбатий бўлган. Сўнг Нисбатий орқали шоир Муқимий билан танишди ва улар ўртасида ҳам ижодий, ҳам шахсий дўстлик ўрнашди. Бу дўстона ҳамкорлик то Муқимийнинг вафотигача давом этди.
Фурқат ижодининг бошида унинг ёзган ғазаллари мумтоз адабиёт намуналарига хос латиф лирик лавҳалардан иборат. Унда ёр гўзаллиги, унинг нафосатли суврати, безакларининг ўзига ярашганлиги, дилни мафтун этувчи фусункор чиройи ўз аксини топган. Фурқат улуғ шоир Фузулий шеъри таъсири остида бундай гўзал мисраларини яратган эди:
Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларинг,
Ғозидин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг.
Заъфароний кўйлак узра арғувоний камзиҳул,
Рўймол оғушидин пешонанинг аҳволи танг.
Бори нозук панжалар олтун узукдин зебнок,
Қўл биларзукдан музайян, нуқрадин оғизда чанг…
Аммо 1875-76 йиллар Қўқон хонлигида юз берган алғов-далғовлар, қонли урушлар, ўлканинг Россия чоризми томонидан босиб олиниши, мамлакатда юз берган моддий ва маънавий хонавайронликлар Фурқат ижодига сиёсий йўналиш берди. Унинг ўзи хабар берадики, бу воқеаларни тасвир этувчи бир тарих китоби ёзган. Аммо бу китоб ҳалигача бизга таниш эмас. У тахтдан ағдарилган ва чоризм томонидан сургун этилган Қўқон хони Худоёрхон тилидан ёзган мухаммасида садоқатсизлик ва сотқинликни кескин айблайди:
Бошингга тушса иш биз бош берай деб лоф урганлар,
Ўзим бирга ҳама давлатни ҳам, роҳатни кўрганлар,
Шукуҳи шавкатимни балки мендан яхши сурганлар,
Бузиб аҳдин ёмонлиғ кунда мендин юз ўгирганлар,
Бугун ул кўрнамаклар, аҳди ялғонлар қаён қолди.
Чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати халқ ҳаётини янада оғирлаштирган эди. Халқпарвар шоирнинг қалби элу юрт бошига тушган балолардан; бозорнинг касодлиги, ҳунарманд усталарнинг иши юришмай синаётганлиги, номуносиб кимсаларнинг ёмонлик билан иш тутиб бойиб бораётгани, элу юрт ғамини чекувчиларнинг дил кўзгусидаги доғларни алам билан тасвирлаб ёзади:
Не журм ўтдики, биздин бунчалик Фарғона танг бўлди,
Яна бозори йўқдин халқимиз неча гаранг бўлди,
Кетиб дастмоя қўлдин устакор аҳли саранг бўлди,
Неча парвоси йўқлар базмида қонуну чанг бўлди,
Анингчун яхшиларнинг дилларин кўзгуси занг бўлди.
Фурқат ҳаётида Тошкентда яшаган даври алоҳида аҳамиятга эга. Фурқат ўз халқининг замонавий турмуш тарзига эришмоғини тилар эди. Бунинг учун илм-маърифат эгаси бўлмоқ керак.
Шоир мамлакатда маориф ривож топишини, кишиларимизнинг илм-фан чўққиларини эгаллашларини чин юрагидан тилар, маърифатпарварлик ғояларини эҳтирос ва илҳом билан ташвиқ этар эди.
Жаҳон басту кушоди илм бирла,
Нодур дилнинг муроди иш бирла.
Кўнгулларнинг сурури илмдандур,
Кўрар кўзларнинг нури илмдандур…
Фурқат Ҳижозга бориб Макка зиёратини адо этгач, у ўз ватанига қайтиб кела олмади. Сўнгги деярли икки ўн йиллик умри ғурбатда ўтди ва охирига етди. Бу тўғрида шоир чуқур дард билан ёзган эди:
Айди, эй бечора, нечун айладинг тарки ватан,
Мен дедим, ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда.
Аммо Фурқат ўз ватани Ўзбекистонни жону дилидан севар, у ердаги ёру биродарлари, яқинларини соғинар, уларга дуолар йўллаб таскин топмоққа ҳаракат қилар эди:
Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами бирлан,
Туруб эрдим қутулмай ғуссау ранжу инолардин.
Ўзбекистон мустақиллиги мумтоз адабиётимиз ёдгорликларини кенг ва ҳар томонлама ўрганмоқ ва ташвиқ этмоқ учун кенг имкониятлар яратиб берди. Фарғона вилояти ҳокимияти ва жамоатчилигининг ташаббуси билан нашр этилаётган ушбу Фурқат шеърлари тўплами ҳам шундан нишон беради. Фурқатнинг ижодий мероси ранг-баранг ва сермазмун. Биз уни муттасил тадқиқ этиб бормоғимиз шарт. Бу ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эгадир.
Азиз ҚАЮМОВ, академик2010 йил, март
ҒАЗАЛЛАР
«Баҳор айёми бўлдию, тушубдур бошима савдо…»
Баҳор айёми бўлдию, тушубдур бошима савдо,
Ки лола баргидек кўнглумда юз минг доғлар пайдо.
Насими хуш тегиб, бўлди ҳама ер сабзау ҳуррам,
Бисоти ранг-барангдин топти зийнат боғ ила саҳро.
Димоғига тегиб накҳат, хуруш айлаб чаман аҳли,
Бири қумри, бири тўти, биридур булбули шайдо.
Аён этмиш ўзини, юзларидин бурқаин ташлаб,
Бири гулдур, бир наргис, бири савсан, бири раъно.
Худони санъатидин гул чиқармиш чангалистонлар,
Кўкарди санги хородин ажойиб лолаи ҳумро.
На мумкин борина азми тамошои чаман этмоқ,
Они ҳар бир гулидур жонға гўё наштари хоро.
Паривашларни доғи бир тараф, кўнглумда юз минг ғам,
Тўлуб-тошар юрогим дам-бадам монандаи дарё.
Кима айтай бу ўтлуқ ҳасратимни, эй мусулмонлар,
Ҳама жисмим куюб ахгар бўлубдур, қолмайин асло.
Асири дарди ҳижронинг бўлубдур мубтало Фурқат,
Чу қумри доимо йиғлаб, деюр фарёду вовайло.
«Эй, баёзи караминг берди чаманларға сафо…»
Эй, баёзи караминг берди чаманларға сафо,
Қадди мавзунинг хаёли сарв илкиға асо.
Мақдаминг ташрифидин, эй, навбаҳор ижод шўх,
Очди гулшан ҳар гулининг баргидин дасти дуо.
Чарх майдониға сурдинг тунд, эй, чобуксувор,
Етмасун пойи самандинг наълиға гарди қазо.
Чашми мардум рухларинг миръотидин касб этти нур,
Дил кўзи айлар анинг-чун хоки пойинг тўтиё.
Жуз хати лаълинг мени дилхастага манзур эмас,
Хизр зулматдин кетурса, боқмағум оби бақо.
Май ичиб тонг отқуча, рашк айлабон хуноби ғам,
Ғайр ила соғар чекиб ҳар қайда сен, эй, дилрабо.
Азми бозор айладинг ҳар су боқиб танноз ўлуб,
Неча юз минг аҳли дониш бўлди ақлидин жудо.
Пойбўсинг орзусида ҳамиша жон чекиб,
Ўлтурур доим йўлингда Фурқатий бедасту по.
«Эй малоҳат гулшанида андалиби хуш наво…»
Эй малоҳат гулшанида андалиби хуш наво,
Вей, фатонат иқтидорида Фалотундин расо.
Оразингдин хира моҳу офтоби ховарий,
Гарданинг байзолиғидин тийрадур субҳи сафо.
Сафҳаи рухсоринг авроқида хатлар ёзилан,
Мисраи баржастаси мазмунидур во-ҳасрато.
Жилва савдоси билан кулбам сари қилғил хиром,
Мақдаминг тупроғидур жон дийдасиға тўтиё.
Мушки анбар бўйи кўнглумни паришон айлади,
Кош келтурса шамими сунбулунг боди сабо.
Қосидеким еткурур кўйинг фазосидин хабар.
Сонурам билфавр келди ҳудҳуди шаҳри Сабо.
Кулбаи эҳзонда доим зор Фурқат интизор,
Кўз уйин ашкида ғалтон ашкидин бедасту по.
«Ийди рухсоринг кўруб бўлди ҳама қурбон санга…»
Ийди рухсоринг кўруб бўлди ҳама қурбон санга,
На эмиш бир жон фидойинг, айлагай минг жон санга.
Бисмил ижод айлади қотил кўзинг бир йўл боқиб,
Қон ила оғушта айлаб кўрсатур юз жон санга.
Дастаи райҳон узоринг, хатти бир гулдур юзинг,
Андалиби мастдек ушшоқлар нолон санга.
Рашҳаи нолам Масиҳоға етар ҳар кечаси,
Мунча фазли савт бермиш ҳазрати Раҳмон санга.
Одам ичра кўрмадим сендек пари рухсорни,
Жаннат ул-аълода таҳсин айлади ғилмон санга.
Қайси бир боғи Эрамни булбули хушхонисен,
Ё магар Довуддин мерос бу илҳон санга.
Хол эмасдур сафҳаи ҳуснунгда мушкин нуқталар,
Хатти лаълинг ёзди мисраъ хомаи Яздон санга.
Асрасун ҳосид кўзидин ҳазрати Қаҳҳор эгам,
Айласун юз пора душман бор эрур чандон санга.
Номуносиблар юзиға очмағил ҳаргиз басар,
На равоким, ўлса манзури назар бир он санга.
Қил карам Фурқат қулунгға ушбу журмидин ўтуб,
Бир мувашшаҳ айлади густаҳ ўлуб жонон санга.
«Сунбули зулфинг эрур азбаски, эй, дилбар, қаро…»
Сунбули зулфинг эрур азбаски, эй, дилбар, қаро,
Мушк ила олди хижолатдин Хўтанга сар қаро.
Кокилингни накҳатидин рашк ўтида куюб,
Бўлди ўз жисмини дудидин ўзи анбар қаро.
Кокилу холу хатин кетмас қаролиқ зийнати,
Бу варақни айлагандур холиқи акбар қаро.
Кокилинг торини ҳарсў тебратиб боди сабо,
Бахтим ила рўзгорим айлади яксар қаро.
Касб айлаб нуқта холингдин шаби ялдо савод,
Бўлди шоми тийра-тийра зулмати тар қаро.
Дилбаро, хаттинг саводидин юзинг зийнат топиб,
Мусҳаф ичра филмасал зебо эрур аҳмар қаро.
Шавкати ҳуснинг учун боли ҳумони сояси,
Бўлди сочинг аксидин бошингда ё миъжар қаро.
Бул қароларким, кўрарман сенда онинг олдида,
Йўқ жилоси арсаи оламда бордур ҳар қаро.
Қошларинг ёйин муқаввас айласанг Фурқат учун,
Тийри дилдўзидурур мижгонларинг ким, пар қаро.
«Бу замона хўбрўсида вафо…»
Бу замона хўбрўсида вафо,
Йўқ, тамаъ қилмоқ басе андин хато.
Ошнолар бўлубон бегонаваш,
Он ҳама бегоналарга ошно.
Эттилар «ҳойи» ҳаётим қатъини,
Ҳарфи «жим»дин чектилар тиғи жафо.
Зулфидин ул шўхлар марғул очиб,
Солдилар бошимға савдойи қаро.
Бу жаҳон раъносиға ҳар ким вафо,
Қилса кўрмайдур бажуз жавру жафо.
Ул «алиф»дек қоматини ҳасрати,
«Дол» янглиғ айлади қаддим дуто.
Кўзларини ғамзаси айни итоб,
Қошларини шеваси барқи бало.
Шаҳсувориким, самандин наълиға,
Тегмагай майдон аро гарди қазо.
Фурқатийни оқибат ҳижрон ўти,
Куйдуруб хокистарин қилди фано.
«Яшнаб ўтсанг лолагун хилъат кийиб, айлаб шитоб…»
Яшнаб ўтсанг лолагун хилъат кийиб, айлаб шитоб,
Тушмағайму раста аҳлин жонлариға печу тоб.
Волаи рухсоринг, эй, гул, гулшан ичра андалиб,
Тонг эмас, шавқинг ўтида ўртаниб бўлса кабоб.
Салтанат Мисри Азизи сен малоҳат тахтида,
Юсуфи Канъон ғуломинг хайлида тобти ҳисоб.
Фош ўлур оламға охир ламъаи меҳри руҳинг,
Моҳрўлар айладилар зарра янглиғ изтироб.
Жавр этиб, боқмай тағофул этганинг етмасмуди?
Юз шиканж айлаб, тахи қошингни айларсен итоб.
Ою кун токим фалакнинг тоқида равшан эрур,
Туғмади даврон аноси сен каби олижаноб.
Номи некинг назмидин ўлди жаҳонға мунташир,
Неча минг ноком бўлди Фурқатийдек комёб.
«Табассум бирла чиқди гулрухим гулдин савол айлаб…»
Табассум бирла чиқди гулрухим гулдин савол айлаб,
Қилибон ғунчани хомуш ҳам булбулни лол айлаб.
Тамошоға чиқиб эрди кўрарға қаддини шамшод,
Сурубон рахши нози ўтди они поймол айлаб.
Кўруб ҳар ой бошин жонимни қурбон айласам, тонг йўқ,
Ҳилоли ийд янглиғ юз уза қошин хаёл айлаб.
Сабо машшотаси кўб ҳам мутарро қилмасин зулфин,
Паришон айлади кўнглум, мени ошифтаҳол айлаб.
Чекиб сурма қаро наргислариға, айлади оро,
Мени ўлдирди охир ғоза бирла юзға хол айлаб.
Фано бўлди муҳаббат даштида кўб пўя қилмоқдин,
Севиндинг доимо, Фурқат, таманнойи висол айлаб.
«Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб…»
Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб,
Ани умри кироми, ҳасрато, бўлғай адо истаб.
Неча бош урдим охир шайхларнинг остониға,
Назар ҳолимға, шояд, айлагайлар деб дуо истаб.
Неча юрдим адошиб тўғри йўлдин бесару сомон,
Тутуб илгимни, йўлға солса, деб бир раҳнамо истаб.
Неча ерга суриб юз, яхшилар йўлида ўлтурдум,
Ғубори доманидин жон кўзиға тўтиё истаб.
Неча зоҳид аёғига ниёз айлаб ўзум солдим,
Мени ул савмаидин қувғоли турди асо истаб.
Неча изҳор қилдим, сирри пинҳонимни билмасдин,
Ўзимға он ҳама бегоналарни ошино истаб.
Юрай дерман чиқиб саҳроға эмди ваҳшилар бирла,
Замона мардумидин топмадим ҳаргиз вафо истаб.
Балодин, носиҳо, қўрқутмоғинг эрмас насиҳатдин,
Ҳамиша ишқ эли юрмасму бу йўлда бало истаб?
Бало урган менингдак бормукин бир хастаю маъюс,
Жаҳонда ҳожатиға топмаган ҳаргиз раво истаб.
Бу ғамлар шарҳа-шарҳа айлаган кўнглум ғами шарҳин,
Қилурға топмасам, найлай, анису ғамзудо истаб.
Ётиб эрдим кеча йиғлаб, башорат берди бир марде:
«Ки дунё бебақо, Фурқат, қадам ургил худо истаб».
«Келди баҳор! Ёмғури ёғди шатир-шутур қилиб…»
Келди баҳор! Ёмғури ёғди шатир-шутур қилиб,
Тоғ уза қўй ила қўзи чопти такир-тукур қилиб.
Сакради бир-бири уза қўйлар, ўтға шошилиб,
Қўзи етолмай, орқадин чопти баъур-буъур қилиб.
Қатрафишон булутлари, бир соридин эсиб насим,
Яшнади тоғлари, униб сабза бадир-будур қилиб.
Тоғ кийик, қулонлари, дашт уза қўй ила қўзи,
Чайнашади жони билан майса касир-кусур қилиб.
Сайри сафолар айласак, қани, беш-олти аҳли дил,
Борғуча от чопиб кетиб, йўлда тасир-тусур қилиб.
Чайнаса отимиз сўлуқ, якка юрурда арс-урс,
Наъл тегиб узангуга, кетса шақир-шуқур қилиб.
Кўлға етиб, довул қоқиб, лочину қарчиғай солиб,
Ўрдагу ғозни овласак, учса патир-путур қилиб.
Беша ароласак гаҳи, бир соридин қуён қочиб,
Чопса қамишни синдириб този ҳасир-ҳусур қилиб.
Ўрдагу ғозни бир тараф зира-пиёз айлабон,
Сихда кабоб айласак, турса жазир-жузур қилиб.
Сайру тафарруж айласак гуллар аросида гаҳи,
Миркон кафшни кийиб, боғда ғажир-ғужур қилиб.
Нуқл – кабоб ширада, жоми шароб бир тараф,
Чойи сафед ила палов турса бақир-буқур қилиб.
Ўйнаса бир пари туруб, қўлға бири дутор олиб,
Чолса бири ғазал ўқиб, дафни дафир-дуфур қилиб.
Ҳайф, беш-олти танга деб, умрим ўтар дўкон очиб,
Дори ясаб ҳавончада, кунда тақир-туқур қилиб.
Бўйла нишот кўрмайин, Фурқатий, даҳр боғида,
Бир куни умримиз синар нахли қасир-қусур қилиб.
«Кўрдумки, бир париваш қошу кўзи пириллаб…»
Кўрдумки, бир париваш қошу кўзи пириллаб,
Қон оқди кўзларимдин ёш ўрниға тириллаб.
Тоқат қилиб бўлурму, ўлтурса рўбарўда,
Тишлаб қўлин учини, гаҳ сескониб, дириллаб?
Чеккан фиғонимизға ҳажрида қурт-қушлар,
Ҳар кечаси ётолмай тонг отқуча чириллаб.
Излаб юруб тополмай, ногаҳ йўлида учраб,
Арз эмди бошлағанга ташлаб кетар ғириллаб.
Шул орзу: иковлон қилсак экан тамошо,
Пружиналик коляска бирга тушуб шириллаб.
Ёнса жамоли шамъи маҳфил аро, нетойлик,
Парвонадек бошидин айлонайин гириллаб.
Бўлдим асир қайдин ишқида они, Фурқат,
Чит растасида умрим ўтса керак зириллаб.
«Қорайған дилға бергил нури покиндин зиё, ё раб…»
Қорайған дилға бергил нури покиндин зиё, ё раб,
Кетиб занги гунаҳ, ойинадек топсун зиё, ё раб.
Иноят айлағил, чиқсун кўнгилдин мосиво меҳри,
Бўлай тарки ҳавас қилмоқда Адҳамдек гадо, ё раб.
Замон аҳли ҳама бегонадур роҳи ҳақиқатда,
Ўзингдин ўзга йўқтур қўл тутарга ошно, ё раб.
Келибман даргоҳингга бош уруб, навмид ёндурма,
Агарчи айладим ғафлатда кўб журму хато, ё раб.
Насиб эт Каъба тавфин рўзи айлаб равзаи ҳазрат,
Турарга қолмади тоқат, санга бу илтижо, ё раб.
Ҳарам ичра кириб рўйи сиёҳим ерлара суртуб,
Ғуборин чашми муштоқимға қилсам тўтиё, ё раб.
Тўкуб қонлиғ сиришким, нола тортиб ҳар тараф борсам,
Қабису Марвау Мийно била айлаб сафо, ё раб.
Ғурури даҳри фоний тушти дилға, ваҳми уқбо йўқ,
Фаромуш айлаб ўз жонимға қилдим кўб жафо, ё раб.
Бу бадкирдорлақ бирла ўлуб, ер остиға борсам,
«Кечар ҳолим нечук?» деб дилда кўб хавфу рижо, ё раб.
Халойиқ ичра тонгла қилмағайсан хаста Фурқатни,
Ҳабибинг ҳурмати, шармандаи рўзи жазо, ё раб.
«Эй, висолингга етушмак кору бориб, соғиниб…»
Эй, висолингга етушмак кору бориб, соғиниб,
Қолмади бир заррае сабру қарорим, соғиниб.
Ёдима тушган чоғи афъоли хушхислатларинг,
Тинмагай бир лаҳза чашми ашкборим, соғиниб.
Мубтало ул кунки бўлдум ошнолиғ домига,
Бир йўли кетти қўлимдин ихтиёрим, соғиниб.
Эй, сабо, ул ёр кўйидин гузор этсанг агар,
Бир хабар бергил, мани келгайму ёрим соғиниб.
Фурқату ҳажринг басе ағёрлиғнинг устига,
Қолмади бу шаҳрда эмди турорим, соғиниб.
«Дилрабо, бизга нечук мунча азоб…»
Дилрабо, бизга нечук мунча азоб,
Оташи ҳажринг неча қилди хароб?
Ўзгаларга комронлиғлар қилиб,
Мен каби шўридаға қаҳру итоб.
Ҳасратингда зарра уйқу кўзда йўқ,
Кечалардур кору борим печу тоб.
Соқиё, май тутки, бу даврон аро,
Шум фалакдин кўрмадим жуз инқилоб.
Қил пушаймон, зуҳддин бир жом ила,
Кирса зоҳид айламоққа иҳтисоб.
Ҳажридин расвойи олам бўлмишам,
Ғам ўтида бўлди бу жонлар кабоб.
Айлади ҳар уқдаси юз дилни банд,
Кокулингдур ҳалқа-ҳалқа, тоб-тоб.
Дарбадар қулға тараҳҳум айлағил,
Дилрабо, сенга керакмасму савоб?
Фурқат ичра ўлсаму маҳшар аро
Доманингдин ушласам надур жавоб?
«Пари рўйим юз очиб қўлға олиб…»
Пари рўйим юз очиб қўлға олиб,
Неча ойинани ҳайратга солиб.
Эзиб бағрини оғзи ҳасратидин,
Чаманда ғунчалар, қонға бўёлиб.
Камон абрўларидин тийри мужгон,
Тегиб, пайваста жонимға қадолиб.
Биров базмида тун хуррам этиб ул,
Ғаму андуҳ ила мен мунда қолиб.
Агар келса кетар ҳолим кўрибон,
Ажал жонимни олмасдин уёлиб.
Тонг отқунча чекибман мунда фарёд,
Ул анда кечалар танбур чолиб.
Бу кеча ҳажр ўтидин йиғлай-йиғлай,
Йиқилди Фурқатийни бағри толиб.
«Бўйингдин ўргулай, эй, сарв қомат…»
Бўйингдин ўргулай, эй, сарв қомат,
Гули наврастаи боғи латофат.
Хирад бобида Афлотун фатонат,
Такаллум чоғида тўти фасоҳат.
Ана қадду, ана ҳусну, ана хулқ,
Киши кўрган эмас мундоғ латофат.
Қаю бир васфини тақрир этарман,
Аёғдин бошғача кони малоҳат.
Юзингдин пардани олсанг на бўлғай?
Сонурман гўиё бўлди қиёмат.
Жафо бўлмас, нигоро, мундин ортуқ,
Ғамингдин қолмади жонимда тоқат.
Мени йиғлатма кўб, эй, меҳри йўқ ёр,
Ўзинг инсоф қил кимда бу ҳолат?
Кўнгул афгор ўлуб эл таънасидин,
Тегиб бошимға кўб санги маломат.
На бўлғай, йўқласанг Фурқат қулингни,
Бўйингдин ўргулай, эй, сарв қомат?
«Келди ҳолимни сўраб бул кун нигорим, хайрият…»
Келди ҳолимни сўраб бул кун нигорим, хайрият,
Етти ўхшар кеча чеккан оҳу зорим, хайрият.
Лашкари ғам поймол этган эди айлаб ҳужум,
Ногаҳон келди етиб ул шаҳсуворим, хайрият.
Ул парирў ҳажрида ҳар лаҳза қон йиғлар эдим,
Вожгун этмиш жаҳонни ашкборим, хайрият.
Жавр этиб, солса қаро кунлар бошимға, найлагум?
Шодлик бирла ўтар лайлу наҳорим, хайрият.
Наҳси ҳижрондин чиқиб топдим висоли саъдни,
Толеъим ҳамдам бўлубдур, бахт ёрим, хайрият.
Қолди кўнглум ажрамай ул ёр ила вақти видоъ,
Келди қолмай, яхши жони беқарорим, хайрият.
Келди якбора саманди нозни жавлон бериб,
Қайда Фурқат зор деб, чобуксуворим, хайрият.
«Бу ерга, шўхи барно, бир келиб кет…»
Бу ерга, шўхи барно, бир келиб кет,
Худо ҳақки, нигоро, бир келиб кет.
Юзинг гул, қоматинг шамшоди жаннат,
Аё зулфи сумансо, бир келиб кет.
Жамолинг соғиниб девона бўлдум,
Эрурмен зору танҳо, бир келиб кет.
Агарчанде бу ёна келмасанг ҳам,
Қилиб маҳзи тамошо бир келиб кет.
Фидо бўлсун сенга бу жисму жоним,
На қилсанг қилғил, аммо бир келиб кет.
Ўлукға бир сўз ила жон берурсен,
Лаби лаълинг Масиҳо бир келиб кет.
Жамолинг кўргали, эй дастаи гул,
Бўлурмен турфа шайдо, бир келиб кет.
Аё, эй қумрийи боғи малоҳат,
Аё, эй қадди раъно, бир келиб кет.
Мурувват қил менга ҳуснунг закотин,
Бўлур дафъи бало, ё бир келиб кет.
Тунумдур тийрау ошуфта ҳолим,
Бўлуб ойдин мусаффо бир келиб кет.
Ҳамиша мунтазир Фурқат ғуломинг –
Ки бўлсун дафъи савдо, бир келиб кет.
«Кел эмди, нозанино, бир келиб кет…»
Кел эмди, нозанино, бир келиб кет,
Қилибман кўп тавалло, бир келиб кет.
Оқарди кўз, қаролаб йўлларингга,
Тараҳҳум бирла мундо бир келиб кет.
Агарчандики ноқобил эсам ман,
Қилиб навъе муросо, бир келиб кет.
Ки, ҳижрон заҳридин бас талх комим,
Аё, васли шакархо, бир келиб кет.
Бу сунбул бўйидин бўлдум паришон,
Қилиб зулфинг мутарро бир келиб кет.
Паёмингни кетурди Эрмуҳаммад,
Ўзунг айлаб тақозо бир келиб кет.
Букун гар бўлмаса фурсат келурға,
Баҳона бирла фардо бир келиб кет.
Қулум деб, йўхлагил, Аҳмадқулижон,
Манинг кулбамга гоҳо бир келиб кет.
Камина Фурқатий ишқингда ҳайрон,
Этиб ҳолин тамошо, бир келиб кет.
«Айлама маълум ҳаргиз ағниёга эҳтиёж…»
Айлама маълум ҳаргиз ағниёга эҳтиёж,
Балки қониъ бўлсанг, этма подшога эҳтиёж.
Ошнолардин санга етмас вафо, ғайр аз жафо,
Қилма равшан, эй биродар, ошнога эҳтиёж.
Сенда гар бўлса таваккул, шоҳлардин уз тамаъ,
Чунки шаҳлар қилғучидур авлиёга эҳтиёж.
Шахс эҳсонига кўнгул боғлама, эй бехирад,
Хор ўлурсан, айласанг аҳли сахога эҳтиёж.
Ҳийладур зоҳид иши, андин дуо қилманг умид,
Хомлиғдур айламоқ аҳли риёга эҳтиёж.
Ҳимматим шулким, агар дард айласа жоним ҳалок,
Бўлмагай дардим учун менда давога эҳтиёж.
Айлагил, Фурқат, тамошо даҳр атвориниким,
Этдилар охир расолар норасога эҳтиёж.
«Ерга помол ўлди гул сайри гулистон айлагач…»
Ерга помол ўлди гул сайри гулистон айлагач,
Ғунча қон ютти яна лаълини хандон айлагач.
Ул бараҳманзода ҳар дам барқдек ўйнаб-кулар,
Йиғлатиб, кўз ёшими абри баҳорон айлагач.
Ақл ила ҳушим кетиб, ҳайратда қолдим ул даме,
Бурқаъин очиб юзин андак намоён айлагач.
Тутмиш олам арсасини сунбулу райҳон иси,
Хасталар кўнгли каби зулфин паришон айлагач.
Бўлди Мажнундек муқими дашти андуҳи фироқ,
Ҳар кишиким орзуйи васли жонон айлагач.
Чун нигор этмиш қўлин хун ила ийд ўлғоч нигор,
Кўрсатиб бир йўл ҳилолин элни қурбон айлагач,
Фурқат, ул ошуби даврон этмади бир қатла ёд,
Бизни расвойи жаҳону зору ҳайрон айлагач.
«Муҳаббат домиға кўнглум гирифтор айлади ул шўх…»
Муҳаббат домиға кўнглум гирифтор айлади ул шўх,
Қачонким донаи холин намудор айлади ул шўх.
Харобот ичра келгач муҳтасиб таъзир этмоқчун,
Тутуб бир жом ани ҳам масти идбор айлади ул шўх.
Қурубдур ғамза тийрини, қочинг, турманг, мусулмонлар,
Чекиб абру камонин азми бозор айлади ул шўх.
Бўлуб помол шамшоду сановбарким хижолатдин,
Бу қад бирла гулистон ичра рафтор айлади ул шўх.
Рақибо, бўлма хуррам васлига маҳрам бўлурмен деб,
Менингдек мубталосин мунча афгор айлади ул шўх.
Неча қон йиғласам нозу тағофулдин, назар солмас,
Кўзумча кўзи шум ағёрни ёр айлади ул шўх.
Ўтарда туҳфаси бирла юзин ҳар ёна тўлғайдур,
Магар девона Фурқатни кўруб ор айлади ул шўх.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?