Текст книги "Муҳаббат йўлида"
Автор книги: Закирджан Фуркат
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 12 страниц)
«Ёна бир келғум дебон чўх интизор эттинг мени…»
Ёна бир келғум дебон чўх интизор эттинг мени,
Кокулунг янглиғ паришон рўзгор эттинг мени.
Кўрсатиб раъно юзинг олдинг қарору сабрими,
Оқибат кўздин солиб беихтиёр эттинг мени.
Бевафолиғ расмини, эй шўх, бунёд айладинг,
Ул рақибим олдида кўб шармсор эттинг мени.
Ним нигоҳе айлабон қилдинг ғуборимни баланд,
Кўчаларда йиғлатиб Мажнуншиор эттинг мени.
Эй пари пайкар, менга жавру жафому қилмадинг?
Кулфату дарду балоларга дучор эттинг мени.
Водийи фурқатда қолдим бесару сомон бўлуб,
Кўчаи ҳайратга солиб дилфигор эттинг мени.
Ташналаб қолгач талаб даштида, Фурқат, зорман,
Ҳаддин оша, войким, ранжи хумор эттинг мени.
«Гул бара кўйлакка кийдинг камзиҳури қирмизи…»
Гул бара кўйлакка кийдинг камзиҳури қирмизи,
Иккисин зеболиғи ўтлара ёндирди бизи.
Васл аро ҳолимни сўрсанг, шул эрур мақсуди дил,
Деб эдим: жон топширай гар текса бошимға тизи.
Сен каби шаҳға на ҳаддим борки, бўлмоғ рўбарў,
Қулларингга арзи ҳол айтай агар келса кези.
Мунтазирликдин оқарди, бўлди нобино кўзум,
Равшан этсун, айланай, лутф эт, аёғингнинг изи.
Зор кўнгулдин жамолингни хаёли кетмасун,
Зиндалик менга маҳол ўлғай вагарна онсизи.
Шеваи нозу тағофул бирла Фурқат ўтиға,
Куйдуруб, хокистарим совурдинг эй қози қизи.
«Қилмағайдим сенга ул кун ошнолик кошки…»
Қилмағайдим сенга ул кун ошнолик кошки,
Ёна кўнглум қилмоғойди мубталолик кошки.
Ошиқ ўлдум билмайин мен дилфигори нотавон,
Бори билдим қилмасайдинг бевафолик кошки.
Бевафолик айлабон охир жудолиқ айладинг,
Сен жудо бўлғунча қилса жон жудолиқ кошки.
Кетти қўлдин домани васлинг нега қон йиғламай?
Тушмагайди бошга бул мотамсаролик кошки.
Ўлтуруб мен зорни, ул шум рақибни тиргузур,
Қилмаса лаълинг бу янглиғ жон физолик кошки.
Сочларинг савдосидин кўб рўзгорим тийрадур,
Тегса эрди ой юзингдин рўшнолик кошки.
Қолди Фурқат фурқатинг даштида саргардон бўлуб,
Хизри васлинг қилса эрди раҳнамолик кошки.
«Малоҳат гулшанини оразинг гул барги сероби…»
Малоҳат гулшанини оразинг гул барги сероби,
Оқар шавқингда булбулдек кўзимни ашки хуноби.
Висолинг соҳилиға раҳм этиб тезроқ етургилким,
Ҳалок айлар яқин дарёйи ҳижронингни гирдоби.
Мени масжидга таклиф айлама тоат учун, зоҳид,
Бош индурмам кириб, то бўлмаса қошини меҳроби.
Хаёла келтурурға қадди мавзунингни, эй, дилбар,
Ҳамиша изтироб айлар кўнгул андоғки, симоби.
Кўтармай сарв бошин, ғунчаи гулким ҳаё айлаб,
Тутарлар, қомату оғзу юзингни поси одоби.
Мени айб этма кўргач зарра янглиғ изтироб этсам,
Қуёшқа боқғали бўлғайму ҳеч ким тоқату тоби.
Биравни тиғи ҳажридин кўнгулким захмнок эрди,
Тарашшуҳ айлади, Фурқат, кўзумдин энди зардоби.
МУСТАЗОД
«Ақлими олди, ҳайратга солди бир турфа жонон…»
Ақлими олди, ҳайратга солди бир турфа жонон,
султони хўбон,
Ул бир табассум, айлаб такаллум, чун моҳи тобон,
бўлди намоён.
Соқибе эрмиш, жонимға кирмиш, қонимни термиш
пайкони тийри.
Мадди нигоҳи, жавшан сиёҳи, икки сипоҳи
тан этти вайрон.
Монандаи гул, чун шоҳи сунбул, айлаб тазалзул
келди нигорим,
Очиб юзини, ташлаб ўзини, қошу кўзини
жавлон берибон;
Аҳволи зорим, сориғ узорим, лутф айла, ёрим,
айлаб тамошо;
Билдию сўрди, бу навъи кўрди, бир лаҳза турди
менга боқибон.
Нозу фироқи, васл иштиёқи, бир зарра боқий
қўймай вужудим –
Куйдурди жоним, ҳам хонумоним, ному нишоним
бир лаҳза, бир он.
Жонимда тоқат, на танда ҳолат, на дилда роҳат,
кўб нотавонман,
Йўқса нетармен, қаён кетармен, нечук этармен,
мажруҳу ҳайрон.
Айлай аёни, ғамни баёни, бир дам замони
тутқил қулоғинг,
Бағрим ситибон, таҳрир этибон, ўздин кетибон,
бўлмай паришон.
Насли парийдур, лаб шаккаридур, кабки даридур
ул жилва рафтор,
Ё ҳуру ғилмон, билмон, нечук жон, товуси бўстон,
сарви хиромон.
Айлаб яқо чок, маҳжуру ғамнок, Фурқат аламнок
қилиб надомат,
То бари доман, монанди савсан, чун жони бетан
мотамда қолғон.
МАСНАВИЙЛАР ВА МАНЗУМ АСАРЛАР
«Дейин сўз илмни хосиятидин…»
Дейин сўз илмни хосиятидин,
Баён айлаб, анинг моҳиятидин.
Бу сўзни гўши бор одам эшитсун,
Ўзида ҳуши бор одам эшитсун!
Кўпайди илм ила ҳикмат жаҳонда,
Кўрунг ўтган замондин бу замонда.
Сикандарким жаҳонға шоҳ эрди,
Сипаҳ анжум, фалак хиргоҳ эрди.
Наким офоқ ародур баҳр ила бар,
Ҳама ўлмиш эди анга мусаххар.
Юруб барча ани ҳукми йўлиға,
Низоми мамлакат олди қўлиға.
Аниким, лашкари оламға тўлди,
Низоми забт ҳикмат бирла тўлди.
Бор эрди тўрт минг соҳиб заковат,
Ҳамиша хизматида аҳли ҳикмат.
Алар ҳар қайси монанди Арасту,
Хирадда балки Афлотунға қаршу.
Алар ичра эди лекин Фалотун,
Жами илму ҳикмат бирла афзун.
Қилиб бир неча ҳикмат ошкоро,
Ажалга қилғудек бўлди мадоро.
Неча илму неча фан, андин ижод,
Ўлуб хосиятидин олам обод.
Сикандар амри бирла ҳикмат ойин,
Қилиб ойина андоғким жаҳонбин.
Жаҳонда хоҳ баҳру хоҳ бардур,
Ўшал ойина ичра жилвагардур.
Агар қилса жаҳонбинлиқ таманно,
Боқиб андин қилур эрди тамошо.
Кўрар эрди қилиб анга назора,
Вале йўқ эрди сўзлашмоққа чора.
Иложин аҳли ҳикмат қилмади ҳеч,
Қилурди, лек илмин билмади ҳеч.
Эрур шаҳларга лозим давлатидин,
Ўлур воқиф раият ҳолатидин.
Хабардор бўлса доим мамлакатдин,
Бериб нома, олиб сўз ҳар жиҳатдин.
Йироқ ерларга ёзмоқ бўлса мактуб,
Бориб келгунча ўтмишди замон кўп.
Қолиб шаҳлик иши таъхир андин,
Бўлур эрди басе дилгир андин.
Зиҳи даврони фархўнда нишони,
Замон ўлди ўрусия замони.
Тараққий қилди кундан-кунга давлат,
Бўлуб қонун ила расми ҳукумат.
Топарға илмни айлар жадаллар,
Топиб, айлаб анинг бирла амаллар.
Бўлиб шул аср ҳикмат аҳли ҳадсиз,
Фатонат, аҳли донишманд ададсиз.
Улуму фанда Афлотундан афзал,
Камоли ақлу дониш бирла акмал.
Неча иш илм ила бунёд қилди,
Хусусан телегром ижод қилди.
Ки бир соатда ул соҳиб ҳунарлар,
Уч ойлик ердин олғайлар хабарлар.
Агар мағрибда бўлса кимса сокин,
Ани билмоқ эрур бир кунда мумкин.
Низом ўлди сипоҳилик ишиға,
Етиб ҳам манфаатлар кўп кишиға.
Хусусан нархиға аҳли тижорат,
Йироқ ердин берур анга башорат.
Масалким, Тошканддин олсалар мол,
Билиш лозимки, Масковда на минвол.
Юбориб ё бориб беҳуда топса,
Бу савдосида яъни суд топса:
Бўлурлар телегром ила хабардор,
Билурлар нафъ ёинки зарар бор.
Бу ҳикмат Русиянинг давлатидин,
Бўлубдур илмни хосиятидин.
Сикандар давлатида аҳли Юнон,
Фалотун ҳам Арасту бирла Луқмон.
Фунуни телегроми билмадилар,
Магар илмини ҳосил қилмадилар.
Керак одамга қилғой илм ҳосил,
Жаҳондин ўтмагай то маҳзи жоҳил.
Жаҳон басту кушоди илм бирла,
Надур дилни муроди илм бирла.
Кўнгулларни сурури илмдандур,
Кўрар кўзларни нури илмдандур.
Керак ҳар илмдин бўлмоқ хабардор,
Бўлар ҳар қайси ўз вақтида даркор.
Дариғо, Фурқатий, беилм қолдим,
Ўзимни жаҳл зиндониға солдим.
Тошканд шаҳридағи виставка хусусида
Учунчи кун яна қилдим тамошо,
Наким виставкада бордур саропо.
Бўлуб раҳбар менга ўз ихтиёрим,
Баногаҳ бир тараф тушди гузорим.
Бухоро халқини эркан макони,
Туруб қилдим назора бир замони.
Сипоҳийгарчилик асбобидин кўб,
Алардур бир-биридин дилға марғуб.
Дубулға бирла гурзию камарлар,
Совут чоройнаю яхши сипарлар.
Қиличлар барча ўткур исфаҳоний,
Ики дамлик пичоқлар ардавоний.
Ипаклик иш ҳам нафтию атлас,
Чунончи беқасаб, шоҳию адрас.
Яна духоба бирла тосу кимхоб,
Ҳама зардўзию заррину зартоб.
Жаноби олийнинг навкарларидин,
Келиб ҳам ўн адад аскарларидин.
Яна Урганч элидин беадад мол,
Келибдур абришимлик иш била шол.
Гилему чекману мўйин калоба,
Тағи от-аслаҳа бирла ароба.
Олачабоф ила оҳангар усто,
Турубдур ишлашиб анда ҳамоно.
Кўринди бир тарафда теваю от,
Баси қилмоққа арзийди мубоҳот.
Турубдур бир ярим газ қадди тоти,
Ани сўрсам, деди: қашқарнинг оти.
Юз эллик сўм баҳо қилмишлар онинг,
Деюрлар: боз, кам қўймиш баҳонинг.
Яна бир ерда кўб одам турарлар,
Арода катта майдон от кўрарлар.
Зовутда тарқаган Иванов оти,
Ҳама този нажод онларни зоти.
Ададни қилмадим, лекин шумора,
Ғунон эркан, бариси ранги қора.
Алардек яхши от камдур жаҳонда,
Бухоро, Хева бирла Туркмонда.
Яна мундин бўлак ҳам яхши кўб от,
Бўлак рангу, бўлак аслу, бўлак зот.
Чиқориб ўрта ерда кўрсатурлар,
Харидори агар бўлса сотурлар.
Яна кўрдим баҳойим жинси бисёр,
Ўлук баъзи, тирикдин баъзиси бор.
Тирикдин: тева, тоти, от ила хар,
Кийик бирла ҳўкиз ҳар қайси пар-пар.
Ўлуклардин палангу, хирсу тўнғуз,
Буғи боши бутоғлиқ анда мунгуз.
Яна тулку, бўлак неча баҳойим –
Вужудидур тирик ҳайъатда қойим.
Бу янглиғ кўб экан даррандалардин,
Ўлук, баъзи тирик паррандалардин.
Товуқ, кабку ҳулар, ҳам ғоз, ўрдак,
Тазарву турна, лайлак бирла чуррак.
Яна тўтию қумрилар қафасда,
Турубдур овчи қушлар ҳам чакасда.
Чунончи баҳри лочин барча солгу,
Неча туйғуну бургут ҳам итолгу.
Қулоғи бир қаришлик този итлар,
Эрур воқиф анга овчи йигитлар.
Яна бир неча този бўйни боғлиқ,
Юрушда барчаси оҳу аёғлиқ.
Шикор асбоби алқисса, мукаммал,
Баёнин қилмадим, лекин муфассал.
Эрур оқилға бу мужмал кифоя,
Сухан тафсили варна бениҳоя.
Забони хомани сўз қилса тақрир,
Газетда айларам минбаъд таҳрир.
Тошканд шаҳридағи виставка хусусида
Тамошойи учинчини баёни,
Қилур тақрир килкимни забони.
Ажойибларға кўп қилдук назора,
Йўқ эрди ҳеч бирисига шумора.
Ани юздин бирин кўз кўрмагандур,
Қулоқ ҳам отини эшитмагандур…
Чунончи олти милтиқлиқ жилов тўп,
Отилса тушгай оламға талотўп.
Бир от бирла бўлур эрмиш хироми,
Экан ул тўпни метролиза номи.
Чиқармиш бир минутда тўрт юз ўқ,
Деди бир тўра: «Балким андин ортуқ».
Анга ўхшаш яна бир тўп дигар,
Вале мошинаси ғайри мукаррар.
Эрур ўн милалик айланса ҳар бор,
Баробар чиққуси ўн ўқ баякбор.
Чиқармиш бир минутда олти юз ўқ,
Хатоси бўлмаса мундин ками йўқ.
Ўтуб андин бир айвон сори юрдим,
Бориб ул ерда бир милтиқча кўрдим.
Қалам янглиғ эрур қадди саросар,
Яна катта-кичикликда баробар.
Келур тахминан ўттиз-қирқ мисқол,
Кўруб кўз бўлди ҳайрону хирад лол.
Баҳосин айламиш хат бирла маълум,
Ким олмоқ бўлса олсун тўрт юз сўм.
Ўрусидур бу санъат хоҳ фаранги,
Учар нозикшунос одамни ҳанги.
Бу янглиғ кўп тағи нодир ҳунарлар,
Баҳосиға етишмас симу зарлар.
Чунончи икки фонус, аҳли ҳикмат,
Ясабдурлар қилиб изҳор санъат.
Ёнар бефилта, бегугурт, беёғ,
Анга бир сим ишорат айлаган чоғ.
Йўқ аммо лампа янглиғ анда соя,
Шуои боғ аро айлар кифоя.
Эмасдур шамъ, ранги шуъласи оқ,
Латофатда яна андин маҳинроқ.
Тамошо айлаган они халойиқ,
Дедилар: ҳар на ўз ақлиға лойиқ.
Дедилар баъзиким: «Бир мисға дору
Сурубдур, ул ёнар бўлса қаронғу».
Дедилар баъзиким: «Пулскадин тос,
Анга банд айламиш бир дона олмос.
Ўшал олмос шом ўлганда бирдан,
Бериб шуъла қилур кўб ерни равшан».
Мани фаҳмимда, барқи телегром ул,
Ёнар дору билан бўлганда шом ул.
Нечунким сим боғлаб бир-бириға,
Тутун қўймишлар онинг ҳар ериға.
Ишорат айласа симни учидин,
Келур барқ анда дорунинг кучидин.
Кўруб санъат бу янглиғ ҳайратойин,
Қўлин тишлаб халойиқ қилди таҳсин.
Ажаб санъатки, бу дунёда камдур,
Вужуди келса ҳам ижода камдур.
Қаёнда жамъ бўлса тўрт одам,
Ваё икки киши бир ерда боҳам.
Туруб виставка сўзин сўзлашурлар,
Яна кўрмакни бориб кўзлашурлар.
Деюрларким: «Ажойиб бир тамошо,
Зерикмас кимса кўрган бирла асло».
Ажойибдин на шайким тоғ аро бор,
Аларнинг бориси бу боғ аро бор.
Анинг минбаъди тафсилин ҳикоят
Қилурман гар худо қилса иноят…
Виставка хусусида
Мингу саккиз юзу тўқсон эди йил,
Иккинчи сентябрь ойи яна бил.
Кириб виставкани қилдик тамошо,
Ҳама ашё экан анда муҳайё.
Ажаб боғики, руҳафзо ҳавоси,
Эрам рашки насими жон физоси.
Оқиб ҳар соридин оби равонлар,
Эди андоғким ул жисм ичра жонлар.
Муаттар боғ саҳни очилиб гул,
Тамошобинлар эрди анда булбул.
Иморатлар ҳама зебою олий,
Десам бўлғай жаҳонда йўқ мисоли.
Мунингдек хуш ҳаво, хуш тарҳ боғи,
Кими кўрмас қолур кўксида доғи.
Қаю шаҳридаким бўлса ҳунарманд,
Ҳама келди, йироқ эрди агарчанд.
Жаҳонда кўрмаган асбоблардин,
Ажойиб нодиру ноёблардин.
Самарқанду Бухородин матои,
Кетурдилар ҳама ўз ихтирои.
Ҳама ўз ихтиёри бирла келди,
Бу ерда нафъ кўрмоғини билди.
Бу нафъиким бўлур кўп ерга машҳур,
Некўлиғ васф ила ҳар тилда мазкур.
Газетлар ичра бўлғач номи марқум,
Улуғлар ичра бўлғай боз маълум.
Ҳунарким, васфи бўлса ҳар забонда,
Қилур кўп қадрлар пайдо жаҳонда.
Ҳунарварға етар кўп нафъ андин,
Бўлур сўнгра мақоми рафъ андин.
Келиб анда ҳунар комил қилурлар,
Кўруб кўб илмни ҳосил қилурлар.
Нечунким, мунда мустаҳсан ҳунар кўб,
Ҳунар ойинида диққат асар кўб.
Кимиким бўлса донишманду оқил,
Ўла илму ҳунарға кўнгли мойил.
Қилур кўп илмни ҳосил, кўрубон,
Кириб оҳиста-оҳиста юрубон.
Ипак мошинаси бирла тегирмон,
Кўр, анда айлади оламни ҳайрон.
Яна мошинаи оташ ароба,
Турур ҳикмат тилисмоти масоба.
Ўн ики оғзи бир мошиналик тўп,
Ажойиб тўп яна андин бўлак кўб.
Ажаб буким, яна бир занг кўрдук,
Бир одамдин анинг вазнини сўрдук.
Деди: «Пут беш юз олтмиш бирдур они,
Зиёд ўн беш қадоқ вазни гарони.
Садоси неча чақирим ерға кетгай,
Йироқ андин кишилар ҳам эшитгай».
Яна нажжор ишин осон қилурға,
Бўлуб мошиналар тахта тилурға.
Бир одамдин бўлак одам керакмас,
Қилурға арра, уста ҳам керакмас.
Тилур кўб тахталарни соат ўтмай,
Нечук соат, дейинким, фурсат ўтмай.
Мусулмон айлаган мошиналар ҳам,
Бор эрди гарчи кўп йўқдир, агар кам.
Чиқиб дегрезлар асбоби бирла,
Қуюб чўян қозонлар тоби бирла.
Эл ичра ўзларин манзур қилди,
Баҳар ҳоли ҳунар машҳур қилди.
Яна мундин бўлак соҳиб ҳунарлар,
Тариқи илму фандин бохабарлар.
Келиб виставка ичра бўлдилар жамъ,
Бўлуб ҳар қайси гўё жамъ аро шамъ.
Қилубон ихтирои шайлар, аммо,
Шабиҳи йўқ эди бир-бирға асло.
Кўруб Русиялар аҳсан дедилар,
Мусулмондин ажаб бир фан дедилар.
Гимназия
Қилиб таклиф бир зоти киромий,
Кириб гимназия кўрдук тамомий.1010
Бу шеър қасида шаклида ёзилган.
[Закрыть]
Дема, гимназияким, бир гулистон,
Эрур ҳар ёна гулчинлар хироми.
Жаҳон илми гулининг накҳатидин,
Муаттар анда ўғлонлар машоми.
Ки таҳсили улуму фан қилурға
Кўп ўлса: шод саъю эҳтимоми.
Биринчи дарсхона илми юнон,
Икинчида ўқур лотин каломи.
Учинчи Русия қонун илми,
Ўқурлар ихтитому эътисоми.
Олиб тўртинчида таълими немис,
Ўқур бир жамъият анда мудоми.
Яна ўхшаш анча кўп дарсхона,
Фаромуш ўлди кўнглумдан асоми.
Маҳалким ўлур ўн икки соат,
Расад-ла тўп отиб, кунни қиёми.
Чиқарлар барча ўғлонлар ошарға,
Эрур тайёр ўшал ерда таоми.
Мударрислар ягона илму фанда,
Этар мансух Афлотунни номи.
Дақойиқ арсасида барқ паймо,
Борисин тавсани фикри хироми.
Алар илмидин ижод ўлса тонг йўқ,
Сикандар кўзгуси, Жамшиди жоми.
Кириб алқисса, ҳикматхона ичра,
Ҳама илмини кўрдук телегроми.
Биллури софдин бир чарх кўрдук,
Чиқар, айланса, мисдин барқфоми.
Тамошодин хирад кўзи қамошур,
Ҳама ашёйи ҳикмат издиҳоми.
Тилидин соири асбоби ҳикмат,
Эшитмоқ мумкин Афлотун паёми.
Қолиб ҳайратда қилдук офаринлар,
Бўлур мундоғ шаҳларни низоми.
Эсизким, бизни ўтмиш хону беклар,
Кечиб ишратда зойиъ субҳу шоми.
Кетурмай ёнига бир аҳли дониш,
Ўзига хос этиб неча авоми.
Чу илму фазл элини тутмадилар,
Қилибон тарбиятда эҳтироми.
Халал етгач қачон давлатларига,
Қилур торож молин ўз ғуломи.
Чу илм аҳлиға парво қилса эрди,
Бўлур эрмасмуди давлатга ҳомий.
Далили равшан ушбудурки, дермиз
Ҳукумат қушга ўхшар, илм -доми.
Бас эмди, ўлмасун воқеъ малолат,
Агар кўпдур, қилай сўз ихтитоми.
Ўлуб гулчини ибрат, Фурқатийнинг,
Бу гулшан сайрида шод ўлди коми.
Акт мажлиси хусусида
Рақам бу сафҳаға қилган нигориш,
Каломини қилур буйла гузориш.
Суруб гимназия васфида хома,
Халойиққа ёзар бир тарз нома.
Бўлуб вақтики, акт мажлиси соз,
Қилурға имтиҳон расмини оғоз.
Ўшал гимназиянинг катта золи,
Музайян бўлди бир гулшан мисоли.
Гиёҳи сабз ила зийнат берибон,
Яна ҳар гўшаға гуллар терибон.
Қўюб ул саҳн аро сандал ададсиз,
Ададлиғ бўлса ҳам бор эрди ҳадсиз.
Гиёҳи аксидин сарпўш сандал,
Эди гўё зумуррад ранги бахмал.
Қилиб атр ила хушбўй болаларму,
Гулоб эрдиму, ёким бўйи гулму?
Ҳама шогирд болаларнинг отоси,
Келиб ул ерға ҳам мушфиқ оноси.
Яна меҳмонлар эркак бирла хотун,
Ҳама донишда андоғким Фалотун.
Улуғлар бор эрди ҳам анда ҳар хил,
Баёнга бўлмади фурсат батафсил.
Алар сандалда ўлтурди батадриж,
Бўлуб сомиъ, такаллум айламай ҳеч.
Қилиб шогирдлар бир ерда тамкин,
Фалак саҳнида гўё иқди Парвин.
Мударрислар тавозуълар қилибон,
Ҳама давр олиб ўлтурди келибон.
Кетурди бир мударрис чун мақола,
Ўзи тасниф қилғон бир рисола.
Ки ҳар тилда таворих номалардин,
Олиб сўз воқеъий ҳангомалардин.
Ҳикоя қайси тилдаким деди ул,
Сикандарни хусусида эди ул.
Сикандарким, бу Туркистонға келди,
Нечук келди, қаён борди, на қилди?
Тугатгач бу мударрис ўз китобин,
Иккинчи бошлади илми ҳисобин.
Қаю шогирд саъй айлаб фаровон,
Ўқуғон бўлса, бўлди анга эҳсон.
Бериб яъни анга таърифнома,
Сурулган офарин ҳарфида хома.
Шаҳодатнома ўн тўққузга онинг,
Бу деб хатмонада олган нишонинг.
Ики бўлғон учун бор шуд мулло,
Ёзилди номиға медоли тилло.
Чолинди анда ҳар хил музиконлар,
Топиб андин ғизо руҳи равонлар.
Кўнгуллар савти бирла бўлди хуррам,
Фараҳлар етти чун айёми байрам…
Алар эрди агарчандики бола,
Буюк манзилға илм этти ҳавола.
Ўшал мажлис аро ёшу қаридин,
Чиқиб овози аҳсан ҳар саридин.
Мусулмон халқимиздан толибул-илм,
Бор эрда неча анда соҳиби ҳилм.
Туруб бир ерда қилдилар тамошо,
Демай таҳсиндин ўзга сўзни асло.
Бу услуб ила қонун турфа ишдур,
Тариқи илм аро зебо равишдур.
Зиҳи расму зиҳи ойини қонун,
Бўлур толибни саъйи андин афзун.
Бу сўзларни демоқдин шул муродим,
Кўп ўлди илм ўқурға эътиқодим.
Эмиш ҳар элға қадри илм боло,
Ўла олим мақоми баски аъло.
Кишиким илму фандин бохабардур,
Халойиққа бақадру мўътабардур.
Тирикликда кишики қилса ҳар кор,
Ани осонлиғина илм даркор.
Жаҳон равшан зиёйи илмдандур,
Кўнгул софи сафойи илмдандур.
Чироғ ўлса агар ҳар ким қўлида,
Хатар бўлмас қаронғуда йўлида.
Илоҳи, равшан этгил Фурқатийға,
Чироғи илм кўнглин зулматиға.
Нағма ва нағмагар ва анинг асбоби ва ул нағма таъсири хусусида
Хирад гўшин қилинг, аҳбоблар, боз,
Қилур килким найи бир нағма оғоз.
Етуруб бир паёми нағма сизга,
Баён айлай мақоми нағма сизга.
На ерда нағмалик бўлса тамошо,
Қилур манзума бирла они иншо.
Тамошоларки, аввал неча ёздим,
Газет бирла ани сизга чиқоздим.
Хусус, икки тамошо: аввал, охир,
Бири нағма, бири эрди театр.
Яна неча тамошоларни этдим,
Ажойиб нағмаларни кўб эшитдим.
Экандур нағмаи Русия дигар,
Ани асбоби ҳам ғайри мукаррар.
Муғанний айласа гар нағма оғоз,
Чиқар ҳар қайсидин бир бошқа овоз.
Эшитмоққа ҳама хомуш ўлурлар,
Баси лаззат топиб беҳуш ўлурлар.
Мусулмон ичра лекин нағма кўп бор,
Чунончи ғижжаку танбуру сетор.
Дутору арғанун, қонун ила руд,
Рубобу доира, чангу найу уд.
Вагарна кўб эрур нағма мақоми,
Эрур матлаъда мазкур они номи.
На суд, аммоки йўқ устоди комил,
Эмас таълими ҳам онинг таомил.
Агар бўлса расо нағма камоли,
Учар қушлар тушар бор эҳтимоли.
Насим оҳиста тўхтаб гўш тутқай,
Чаман сайрини билкулли унутқай.
Эшитса боғ аро қумри-ю булбул,
Иков кўнглиға тушкай шўру ғулғул.
Мисоли булдур андоғ нағмаларни,
Кумушлик сувларидек чашмаларни.
Тагини майда тош тутганга ўхшар,
Ўшал тошдин секин ўтганга ўхшар.
Ва ё дарёни бир мавжи латифи,
Ҳаво бирла бўлур чунким радифи.
Ўшал дарёни мавжидур табассум,
Қатиқ кулгуси қилғонда талотум.
Анингдек нағмалар ҳам жўш айлар,
Табассумдек гаҳи хомуш айлар.
Муғанний нағма бирлан қилу қолин,
Хусусан билдирур ҳар навъи ҳолин.
Бирор одам агар ғамбода бўлса,
Ва ё ғам қайдидин озода бўлса.
Ва ё бўлса ўшал кулфат кашида,
Тирикликдин сами меҳнат чашида.
Ва ё бад толиъидин бўлса ғамнок,
Ва ё иқболи пастидин аламнок.
Ва ё бўлса дилида шўри мотам,
Бўлуб ул шўр ила ранжури мотам.
Ва ёким бўлса анда шодмонлиқ,
Фалак даврида топиб комронлиқ.
Ва ё бир дилрабоға ошиқ ўлса,
Анга на сўз дегони лойиқ ўлса.
Ўшал аҳволни айлаб баён ул,
Қилур мажлисдагиларға аён ул.
Дилида ҳарна сўз ўлса ниҳоний,
Дегай нағма забони бирла они.
Эшитганлар ани ҳолин билурлар,
Бағоят нашъалар ҳосил қилурлар.
Ўзимга тушди бир кун ушбу аҳвол,
Бор эркан нағма, онинг оти раёл.
Эшиттим, бир қиз анда бахри ҳожот,
Қилур нағма тили бирла муножот.
Ҳазин овоз ила йиғлаб Худоға:
«Карам қил», дер, мени бағри адоға.
Мақомини қилур ҳар навъ бунёд,
Гаҳи қаттиқ фиғон, гаҳ нарми фарёд.
Гаҳи найдек чекар оҳиста нола,
Кетурур гоҳ наво машқин хаёла.
Менга ул нағма андоқ қилди таъсир,
Жигардин ўтти гўё тез пар тийр.
Ўшал дам бўлди ҳолотим дигар гун,
Тўлуб-тошти юрак монанди Жайҳун.
Кўнгул эрди агарчи санги хора,
Эриб кўздин сиришк урди фавора.
Менга муставли ўлди гиря ул дам,
Гирибон ўлди кўз ёшим била нам.
Мен анда билдим ул кўнгулни ҳолин,
Ғаму шодию уммиду маолин.
Тилар кўнглум, тағи ул ерга етсам,
Ўшал қизнинг муножотин эшитсам.
Етиб ул нағмадин жонимға роҳат,
Замони ўлтуруб топсам фароғат.
Ки, онинг нағмаси жисмимда жондек,
Юрур таъсири ҳам раг ичра қондек.
Бас эмди, Фурқатий, нағма баёни,
Ажал берса агар хатти амони.
Юқорида деган икки тамошо,
Газетда айлайин минбаъд иншо.
Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида
Ёзай нуктае шоир аҳволидин,
Баён айлабон қийл ила қолидин.
На хуш кўрса оламда таъриф этар,
Ани яхши сўз бирла тавсиф этар.
Агар бўлса ҳар ерда бир яхши жой,
Музайян иморат ва ёким сарой.
Ва ё ўлса бир боғи олий мақом,
Киши бўлса хурсанд анда мудом.
Ва ё ўлса саҳройи доман васиъ,
Кўруб, бўлса ҳар кимнинг кўнгли рафиъ.
Ва ё фазл аҳлики, топган камол,
Ва ё одаме бўлса соҳибжамол.
Аларнинг хусусида шоир ҳамон
Демай яхши сўзни, нечук дер ёмон.
Чунончи, саёҳатда Саъдий юруб,
Китобиға ёзди кўп ишлар кўруб.
Сафар айлади неча йил даҳр аро,
Қилиб неча кун сайр ҳар шаҳр аро.
Ўшал шаҳарларда тамошо қилиб,
Туруб неча кун анда маъво қилиб.
Кўруб ҳар нечук мардум ойинини,
Алар расму қонун ила динини.
Таажжуб қилиб ёзди гаҳ наср ила,
Гаҳи назми тулу, гаҳи қаср ила.
Кими кўрмаган ишга қилса ажаб,
Бировдин ажабдур анга бесабаб.
Чунончи биз эллар мусулмон эли,
Хусусан, бир оз халқи Фарғон эли.
Бориб Русия шаҳрида турмаган,
Алар расму тартибини кўрмаган.
Кўруб қолса ногоҳ имкон ўлуб,
Таажжуб қилур, ақли ҳайрон ўлуб.
Агар шоир одам тамошо қилур,
Таажжуб кўруб, назм иншо қилур.
Балоғат эрур шеър оройиши,
Агар бўлса бир нуқта кунжойиши.
Чунончи, мусулмония шоирлари,
Ки шеър илмиға яхши моҳирлари.
Эди Ҳофизу Саъдий, Фирдавсий ҳам,
Учов оти даҳр ичра бўлғон алам.
Дебон неча сўзларни ҳаддин баланд,
Сухандон кишиларга қилди писанд.
Балоғат чу бир жангу ҳангомада,
Будур деди Фирдавсий «Шаҳнома»да:
«Зи сумми стурон дарин паҳн дашт,
Замин шаш шуду осмон гашт ҳашт».
Балоғат била ушбу сўзларни дер,
Қачон осмон саккизу, олти ер?!
Ўшал байт бизларға марғуб эрур,
Латофатлар анда басе кўп эрур.
Ёзармиз, басе шод бўлса кўнгул,
Ва ё ғамга муътод бўлса кўнгул.
На ҳол ўлса анга мувофиқ қилиб,
Яна рамзу мазмунга лойиқ қилиб.
Баҳар ҳол сўз бўлса тақрир этиб,
Қилурмиз баён элға таҳрир этиб.