Электронная библиотека » Закирджан Фуркат » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Муҳаббат йўлида"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 10:40


Автор книги: Закирджан Фуркат


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
«Дилбаро, қилди мени кўб зору саргардон қошинг…»
 
Дилбаро, қилди мени кўб зору саргардон қошинг,
Йиғлатиб қилди кўзимни ёшини тўфон қошинг.
 
 
Кўзларинг икки тарафдин дам-бадам афсун қилур,
Эмди қўйғил деб ишорат айлади ёлғон қошинг.
 
 
Ҳар бири бир ханжари қотил эрур мужгонларинг,
Неча мендек бегуноҳнинг қонини тўккон қошинг.
 
 
Қурсанг, эй ғорат нигоҳ бедодгар, мужгон ўқин,
Жону дилдин ўткарур то сирғача паррон қошинг.
 
 
Ноз тахтида Азизи Мисри истиғно деди,
Келди элчи ҳинд элидин, айлади меҳмон қошинг.
 
 
Ҳасрати бирла ҳамиша ўзи янглиғ хам этиб,
Қилди таъмири қадимни оқибат вайрон қошинг.
 
 
Эй, қуёш юзлик пари, ҳар ойни бошида ҳилол,
Фурқатийдек бўлди кўргач бесару сомон қошинг.
 
«Юзларингдин шарм этиб гулшанда, эй рухсор гул…»
 
Юзларингдин шарм этиб гулшанда, эй рухсор гул,
Кўринур ҳар йил баҳор айёмида бир бор гул.
 
 
Ваҳки, солмиш ўзини йўлингға пойандоз этиб,
Қўй қадам, гар жону дилдан бўлса миннатдор гул.
 
 
Лаб – гул, ораз – гул, бадан – гул, жабҳа – гул, бир нахлдин,
Эй, вужудинг гулшанида бор бу миқдор гул.
 
 
Даҳр гулзорида кўп гулларни кўрди эл, вале,
Кўрмади сендек латифу, нозику бехор гул.
 
 
Ўлмоғонмуди хижолатлар чекиб ўтган баҳор,
Боз бош чекмиш, уятмасдин ажаб беор гул.
 
 
Шул эди бу журмиға лойиқ жазоким, боғбон,
Боғлаб айлантурди чандон кўчау бозор гул.
 
 
Хилъатингдин бўлса озурда нетонг нозик танинг,
Топқусидур, қарағил, ўз баргидан озор гул!
 
 
Этмади қатъи назар эл оразингдин, гарчиким,
Ояти ҳубб ғунчасидин топти юз туммор гул.
 
 
Нега боқсун гул юзига, гул юзингсиз Фурқатий,
Чунки бордур ул тиканча, бўлса юз гулзор гул.
 
«Чаманда ғунчадин бўйнингға тоқмишсан жарас, булбул…»
 
Чаманда ғунчадин бўйнингға тоқмишсан жарас, булбул,
Магарким ўзга гулшан раҳлатин қилдинг ҳавас, булбул.
 
 
Магар бўлдинг бараҳман, жомаи азрақ кийибдурсен,
Белингга боғла энди гулни торидин марас, булбул.
 
 
Баҳори, сунъи ҳақ файзи эрур гул ранг ила жавшан,
Вагарна бўлғусидур бир хазондин хору хас булбул.
 
 
Фиғон беҳуда, жондин кечмагунча ошиқ ўлмассен,
Ўзини ўхшатиб парвона бўлмас ҳар магас булбул!
 
 
Урарсен ишқ лофин, шеваи одоб билмайсен,
Қилибсен олғоли ором гул шохин чакас, булбул.
 
 
Бу исён лаззатидурким, жудо бўлғон гулистондин,
Асири дом бўлдинг ҳам гирифтори қафас, булбул.
 
 
Сабоқ олиб ўқуғул «Матлаъ ул-анвор» Фурқатдин,
Бурунги файзи йўқ алҳонларингни, айла бас, булбул.
 
«Ёқма жоним ўтлара, эй шўх, зорингдур ўшал…»
 
Ёқма жоним ўтлара, эй шўх, зорингдур ўшал,
Мубтало кўнглум низор этма, фигорингдур ўшал.
 
 
Гул тароват топмоғи акси руҳингдандур баҳор,
Бу сабабдин мисли наргис интизорингдур ўшал.
 
 
«Сабзаларким чашмаи ҳайвон уза недур?» деди,
Мен дедим: «Лаб узра хатти мушкборингдур ўшал».
 
 
Дедиким: «Найлай, бир ой бошида бир умри тавил»,
Мен дедим: «Юз узра зулфи тобдорингдур ўшал».
 
 
«Бел, оғиздин очма лаб, сомони сабринг тут», деди,
Мен дедим: «Борим йўқ этган йўқу борингдур ўшал».
 
 
Деди: «Билдингму тағофул этмоғим моҳиятин?»,
Мен дедим: «Бормоқ учун берган қарорингдур ўшал».
 
 
Деди: «Юз минг ошиқим, аммо бири муштоқроқ».
Мен дедим: «Фурқат деган бир беқарорингдур ўшал».
 
«Ўргулай бошингдин, эй оромижон, бир кеча кел…»
 
Ўргулай бошингдин, эй оромижон, бир кеча кел,
Қумридек дар нола мен, сарви равон, бир кеча кел.
 
 
Кўйингга доим борурмен, нега бир йўл келмадинг?
Келмасанг жоним борур, руҳи равон, бир кеча кел.
 
 
Мунча зулм айлаб, ситам ўтиға куйдурдинг мени?
Эмдиликда лутф этиб, элдин ниҳон бир кеча кел.
 
 
Кўб эрур қасдингда юрган кўзи шум ағёрлар,
Илкинга ханжар олиб, айлаб қирон бир кеча кел.
 
 
Бир неча бахти қаро кундуз маломат қилсалар,
Пардаи исматни юзга ёпибон бир кеча кел.
 
 
Мотамим бўлди зиёда, то ғаминг ҳаддин ошиб,
Мунча айларсен дебон оҳу фиғон бир кеча кел.
 
 
Доду фарёдиға еткил Фурқатий бечорани,
Йўқлабон бу қулни, жоним, сен ҳамон бир кеча кел.
 
«Қилмая касби назокат лабларингдин барги гул…»
 
Қилмая касби назокат лабларингдин барги гул,
Они боғи эътибора оди асло гул дагул.
 
 
Май алингда акси рухсоринг-ла юзу гул мавж ура,
Лаълинга еткоч лаби, бинг ғунча очди жоми мул.
 
 
Рост деб сарвини дутмай, поси одоби қадинг,
Бир ялон сўзила душди қумрини бўйниға ғул.
 
 
Енгил андоминг суман баргидин оғирдур магар –
Ким, десам пироҳанинг гул, бўласен оғир-енгил.
 
 
Хайр қилсанг, боға кир, бир сарвни озод қил,
Сайр эданда бир куни рафторинга ўлмишди қул.
 
 
Этса гул наззора кўз, сенсиз, кўнгул айлаб ҳавас,
Кўз ўйилсун бир назарда ўда ёнилсун кўнгул.
 
 
Ниша гўстармоқ қамуя чархи васлингда фароғ,
Фурқатий дилхастая кечдура айёми узул.
 
«Лабинг ғунча, юзинг икки қизил гул…»
 
Лабинг ғунча, юзинг икки қизил гул,
Қадинг сарву сочинг гўёки сунбул.
 
 
Висолингга, нигоро, маҳрам эрдим,
Фироқингға нечук айлай таҳаммул?
 
 
Чу шавқим хомаси таҳрири лаълинг,
Қилиб доим ёзар хатти тасалсул.
 
 
Гулистондур жамолинг, эй, париваш,
Мен они ишқида шўрида булбул.
 
 
Чу Юсуф ҳуснунга барча харидор,
Зулайҳодек тушуб кўнглиға ғулғул.
 
 
Чиқарга етти жон, жоно, ғамингда,
Бу ғамдин ёна жисмим ҳам тазоюл.
 
 
Гадо Фурқатни ҳолиға карам қил,
Эрурсен подшоҳи ботаҳаммул.
 
«Оч кўзунг хоби гарондин, ғофило, бедор бўл…»
 
Оч кўзунг хоби гарондин, ғофило, бедор бўл,
Мастлиғ ғафлат майидин тобакай, ҳушёр бўл!
 
 
Нолаю зори қил-у, масжид сарига қўй қадам,
Тавбани вирд айлабон, машғули истиғфор бўл.
 
 
Бир нафас ҳам бўлмагил бедардларга ҳамнишин,
Қайда бир аҳли муҳаббат бўлса, анга ёр бўл.
 
 
Юрмагил мисли баҳойим, бўлсанг инсон наслидин,
Кечаю кундуз муҳаббат дардидин бемор бўл.
 
 
Қилдилар азми сафар бир-бир ҳама ҳамроҳлар,
Эмди етгай санга навбат, кетгали тайёр бўл.
 
 
Истасанг бўлмоқ саройи охиратда сарбаланд,
Ўзни кам тут, кеч бу дунё иззатидин, хор бўл.
 
 
Қўй қадам оҳиста, помол ўлмасун мўри заиф,
Пайрави аҳли тариқат шулки, беозор бўл.
 
 
Зоҳироро бўлмагил, умр ўткариб ғафлат била,
Қил сафойи қалб ҳосил, воқифи асрор бўл.
 
 
Банд-бандингдин садойи нола чиқсун най каби,
Ишқ дарди бирла Фурқат, сийнаси афгор бўл.
 
«Оразинг шуоъидин бўлди офтоб хижил…»
 
Оразинг шуоъидин бўлди офтоб хижил,
Сунбулинг саводидин ёна мушки ноб хижил.
 
 
Сайр учун хиром айлаб гулшан ичра юз очсанг,
Мунфаил гулу шамшод, булбул ул хароб хижил.
 
 
Нўш этар эдинг бода базм аро, бўлур эрди,
Лабларинг сафосидин согари шароб хижил.
 
 
Офтоби жаҳон неча дилбари парирўлар,
Бўлдилар кўруб ҳуснунг беҳаду ҳисоб хижил.
 
 
Итларинг келур эрса сўрғали менинг ҳолим,
Йўқ эди бизоат ҳеч, юз юрак кабоб, хижил.
 
 
Наргисингни мает этма, ханжари мижанг урма,
Қилмасун халойиқни ногаҳон хароб, хижил.
 
 
Қилмагон эди Лайли бўйла жавр Мажнунға,
Чекти Фурқатий маҳзун мунда минг азоб, хижил.
 
«Асири зулфум эрсанг, кокулингга мубтало ман ҳам…»
 
Асири зулфум эрсанг, кокулингга мубтало ман ҳам,
Хароби ҳолим эрсанг, ҳолинга бағри адо ман ҳам.
 
 
Узорингдур гули жаннат, нигоро, қоматинг тўбо,
Фиғон булбул каби айлар ҳама, тортиб наво ман ҳам.
 
 
Зуҳур этти аноринг жилва бирла камзуҳурингдин,
Кимиким кўрди, бўлди ақлу ҳушидин жудо, ман ҳам.
 
 
Малоҳат санда беҳаддур, назокат беадад манда,
Вафо қилсанг манго, эй гул, қилай санго вафо ман ҳам.
 
 
Хами абрўларинг зуҳд аҳлини гур сажда қилдурса,
Бу қомат бирла қилғон сарвқадларни дуто ман ҳам.
 
 
Агар Юсуфжамол ўлсанг, ва-гар Лайлимисол ўлсам,
Ҳинонинг рангидекдур, оразингга иктифо ман ҳам.
 
 
Намоён этгали номингни, Фурқат, жумла шоирлар,
Қилибдур назмини бир ҳарф бирла ибтидо, ман ҳам.
 
«Фиғонким ул бути сиймин зақандин айрилиб қолдим…»
 
Фиғонким ул бути сиймин зақандин айрилиб қолдим,
Малоҳат боғида сарви чамандин айрилиб қолдим.
 
 
Димоғ ошуфтау хотир паришону кўнгул ғамгин,
Хату хол, кокули мушки Хўтандин айрилиб қолдим.
 
 
Мени ҳолимға ҳардам, эй малоҳат аҳли, кулманглар,
Бу ҳола тушмайинму, гулбадандин айрилиб қолдим.
 
 
Гиреҳлар риштаси жонимға тушти, не илож айлай?
Очилмас эмди, зулфи пуршикандин айрилиб қолдим.
 
 
Жунуним қўзғоди, эл ичра Мажнундин батар бўлдим,
Нигорим, Лайли рухсоримки, андин айрилиб қолдим.
 
 
Ичиб заҳробаи ҳижрон ажойиб талхком ўлдум,
Такаллум чоғида ширин сухандин айрилиб қолдим.
 
 
Наво булбул каби чексам, фиғон қумридек, айб эрмас,
Юзи гул, қомати сарви чамандин айрилиб қолдим.
 
 
Қуюндек пўя айларман биёбонда, қарорим йўқ,
Ўшал дилбар учун Фурқат, ватандин айрилиб қолдим.
 
«Оҳким, йўқтур мени табъимга лойиқ улфатим…»
 
Оҳким, йўқтур мени табъимга лойиқ улфатим,
Анга изҳор айласам кўнглимда доғи ҳасратим.
 
 
Бўлмадим бир лаҳза фориғ бу жаҳон ташвишидин,
Найлайин қон йиғламай, ортор дамодам меҳнатим.
 
 
Мен нечук кўргум бу дунёда дами хурсандлик?
Дарду ғам бўлғон эса рўзи азалда қисматим.
 
 
Ўтти умрум кеча-кундуз юз туман андишада,
Дам-бадам ойинадек ортиб ўзумга ҳайратим.
 
 
Нуқталарким мендадур андин киши олим эмас,
Фош ўлур ақсомдин ночор ҳарфи иллатим.
 
 
Йиғласам айб этмангиз, эй дўстлар, қадримғаким,
Ошнолар олдида бир пулча йўқтур қийматим.
 
 
Кўб жадал қилдим, биродарлар, кўнгул топмоқ учун,
Ҳеч мақома етмади қилғон тамоми ғайратим.
 
 
Ҳол агар ушбу эрур, бўйла тирикликдин на суд?
Бўлмаса бир қатла, асҳобим, жаҳонға ҳурматим.
 
 
Кимға урдум ошнолиқ лофини ихлос ила,
Бўлдилар бегона, Фурқат, берди охир зиллатим.
 
«Оҳким ҳамдард йўқ, дард ошкор айлай десам…»
 
Оҳким ҳамдард йўқ, дард ошкор айлай десам,
Ёзғали шарҳи ғамимни ғамгусор айлай десам.
 
 
Ваҳшатим элдин буким, ваҳшидин ўлғаймен малул,
Ваҳшийлардек гар мақомим кўҳсор айлай десам.
 
 
Ихтиёрим буки, эл қўймас ғариб аҳволима,
Ўтлуғ оҳим кечалар шамъи мазор айлай десам.
 
 
Боғ ила саҳро кўнгулдин айламас ғам рафъини,
Сайри гул, ёр ила сайри лолазор айлай десам.
 
 
Ёрсиз тарки диёр айлаб эдим, аҳбоблар,
Бор диёру, ёр йўқ, азми диёр айлай десам.
 
 
Ваҳки, бир мушкулписанд ишқиға бўлмишман асир,
Бўлмағай манзури жон нақдин нисор айлай десам.
 
 
Ул париваш зулфининг савдосидин девонаман,
Тургали бир ерда имкон йўқ, қарор айлай десам.
 
 
Кеча элға нолаи беихтиёримдин малул,
Таркиға йўқ ихтиёрим, ихтиёр айлай десам.
 
 
Дилдаги доғимни Фурқат лоладек ифшо қилур,
Қатра-қатра қон ёшим жўши баҳор айлай десам.
 
«Аламлик қумриман, бир гул бадандин айрилиб қолдим…»
 
Аламлик қумриман, бир гул бадандин айрилиб қолдим,
Назокатда қади сарви чамандин айрилиб қолдим.
 
 
Қафас байтул-ҳазан, Яъқубдек қон йиғласам арзир,
Ўшандоғ Юсуфи гул пираҳандин айрилиб қолдим.
 
 
Хати райҳон, сочи сунбул, лаби ғунча, кўзи наргис,
Қабо гул, кўйлаги барги сумандин айрилиб қолдим.
 
 
Агар ҳижрон қаронғусида йиғлаб ётсам, айб эрмас,
Жамоли нури шамъи анжумандин айрилиб қолдим.
 
 
Қаро тошлар уруб кўксимға, фарёд айласам камдур,
Тиши дурру лаби лаъли Ямандин айрилиб қолдим.
 
 
Мисоли зар агар сорғорса рухсорим, ажаб қилманг –
Ки, ул донишу айёр сиймтандин айрилиб қолдим.
 
 
Менга юз қўйди эмди ҳасратида талхком ўлмоқ,
Ҳаловат сўзлари, шаккаршикандин айрилиб қолдим.
 
 
Пару болим тўкилди, масканим охир қафас бўлди,
Муҳаббат йўлида Фурқат, ватандин айрилиб қолдим.
 
«Қумридек бу боғ аро сарви сановбар топмишам…»
 
Қумридек бу боғ аро сарви сановбар топмишам,
Ёки булбулдек гули навбарги аҳмар топмишам.
 
 
Лайлат ул-қадре йўлуқти, ё менга Хизри замон,
Ҳажр зулмотида бир моҳи мунаввар топмишам.
 
 
Неча муддатдин бери айлар эдим кўб орзу,
Шукрилиллоҳким, бу соат ушбу гавҳар топмишам.
 
 
Доимо ғаввосдек баҳри муҳаббатга чўмиб,
Лой ичидин ногаҳон бир тоза гавҳар топмишам.
 
 
Рағбатим ҳаддин ошиб, урдум ўзум жондин кечиб,
Гўиё муфлис каби бир хирмани зар топмишам.
 
 
Хизматида қул бўлуб шому саҳар турсаммукин?
Бу кўнгул тахтиға эмди бир Сикандар топмишам.
 
 
Эй кўнгул, бетоқат ўлма, неча кун сабр айлагил,
Жаври кўб, зулми фузун шўхи ситамгар топмишам.
 
 
Нотавон эрдим фироқ андуҳидин ҳам талхком,
Васл дармони етиб чун лаъли шаккар топмишам.
 
 
Ҳар ғазал бошиға номинг ҳарфини дарж айламиш,
Жамъ қилдим они Фурқатдек қаландар топмишам.
 
«Мен агар кўйингдин афғонсиз ўтолмайман, бегим…»
 
Мен агар кўйингдин афғонсиз ўтолмайман, бегим,
Тонг эмаским ақлу ҳуш ўзда тутолмайман, бегим.
 
 
Қон ютарман ушбу ғамдинким, фиғонлар тортибон,
Бахтим оғир уйқусидин уйғотолмайман, бегим.
 
 
Лола янглиғ қат-бақат қонлиғ жигарда доғлар,
Ҳайфким, кўксумни ёриб кўрсатолмайман, бегим.
 
 
Ғойибона юз сўзум бордур, ва лекин, оҳким,
Лол ўлуб кўрганда бир сўз ҳам қотолмайман, бегим.
 
 
Тоқатим йўқ тургали жаврингдин, аммо шунчаким,
Бир тараф кўнгул узуб сендин кетолмайман, бегим.
 
 
Ҳасратингдин ҳар тарафга тўлғониб тонг отғуча,
Раҳм қилким, кечалар йиғлаб ётолмайман, бегим.
 
 
Роҳати васлингга хў этмиш кўнгулни Фурқатий,
Меҳнати ҳажрингга ҳаргиз ўрготолмайман, бегим.
 
«Юзинг гулдин мусаффодур, лабинг ранги ҳинодин ҳам…»
 
Юзинг гулдин мусаффодур, лабинг ранги ҳинодин ҳам,
Хатинг хушбў чаман райҳонидин, мушки Хитодин ҳам.
 
 
Вафо бўйи эдиким эсди холи анбарингдин ким,
Бу янглиғ накҳати хуш варна келгайму сабодин ҳам.
 
 
Сиҳий бирла санобар шармгиндур ҳам хижолатрез,
Қадинг шамшоддин раъно эрур сарви расодин ҳам.
 
 
Фасоҳат тўтисидурсан каломингким шакар омиз,
Лабингни шаҳди кавсардин сучук оби бақодин ҳам.
 
 
Жамоли бокамолингни қачон кўрдум кўнгул қўйдум,
Фалон хуршид талъатдин, фалони маҳлиқодин ҳам.
 
 
Ўтарсен қўл солиб, ҳар ён боқиб, ҳар сў хиром айлаб,
Кетар ҳушу фаросат фақр элидин, ағниёдин ҳам.
 
 
Ниҳон эттим, нигоро, номи ҳарфингни ғазал ичра,
Қилиб бегона кўздин рашк, Фурқат, ошнодин ҳам.
 
«Бир ўт пайдо бўлубтур кўнглим ичра ғам била ҳамдам…»
 
Бир ўт пайдо бўлубтур кўнглим ичра ғам била ҳамдам,
Мабодо бўлмағай оҳим била тўққиз фалак барҳам.
 
 
Кўзум ёшин сочиб, анга берурмен дам-бадам таскин,
Йўқ эрса куйдурур дунё юзини, қолмағай одам.
 
 
Бу ишқни олдида Намруд ўти кул бўлғони йўқтур,
Тамуғ ўти эрур ишқ олдида бир сўнгучи шабнам.
 
 
Балоу ғам менга «наҳну қасамно»да улуш бўлғон,
Билолмамким, нечук одам бу дунёда юрур беғам.
 
 
Аларким, ёд этар доим қабортиш қорнини уйдек,
Баҳойим наслидандур ул агарчи сурати одам.
 
 
Жамолинг чун ани айши, хаёли, йўқ ани суди,
Тасаддуқ ғам бўлай, икки жаҳонда ғам бўлур ҳамдам.
 
 
Етиб бўлмас, аё Фурқат, ишингки, ётмағил ғофил,
Риёзатсиз кишилар бўлмағай ғам хайлига ҳамдам.
 
«Фалакка етти оҳи субҳгоҳим…»
 
Фалакка етти оҳи субҳгоҳим,
Сенга етмасму, эй, рухсори моҳим?
 
 
Жудо сендин, ёмон ҳолатга туштум,
Тараҳҳум қил, кўруб ҳоли табоҳим.
 
 
Инонмассен агар ошиқлигимга,
Рухи зард, ашки олимдур гувоҳим.
 
 
Қулунгмен, гўш тут арзимға бир дам,
Эрурсен ҳусн иқлимида шоҳим.
 
 
Қилиб мен тавба ёлғуз бошинг ҳаққи,
Карам айлаб кечургайсен гуноҳим.
 
 
Нигорим, хўблиғда номдорим,
Азизим, аржумандим, каж кулоҳим.
 
 
Гуноҳимни мабодо қилмасанг афв,
Ўшал кундур мени рўзи сиёҳим.
 
 
Сипоҳи ғам кўнгул мулкини торож,
Этар, гар бўлмасанг пушти паноҳим.
 
 
Муяссар ўлса ўпмак остонинг,
Ўшалдур бахту давлат иззу жоҳим.
 
 
Тараққий қилсун иқболинг ҳамиша,
Зиёда айласун фазлинг илоҳим.
 
 
Етар эрди бошим авжи самога,
Десанг: Фурқат ғуломи хайрихоҳим.
 
«Тиғи ҳажрингда равому бағрим афгор айласам…»
 
Тиғи ҳажрингда равому бағрим афгор айласам,
Жони зоримга ўзим ҳар лаҳза озор айласам?
 
 
Раҳминг асло келмади ишқингда, жоно, гарчиким,
Дилни сўзон, ўзни гирён, кўзни хунбор айласам.
 
 
Дарди ҳажринг торта-торта ончунон бўлдим наҳиф,
Танда дармон қолмадиким, нолаи зор айласам.
 
 
Гул юзингни ёдида қон йиғламоқ бўлди ишим,
Кўз ёшимдин, тонг эмас, оламни гулзор айласам.
 
 
Тоқат этмай, мунча тамкин бирла куйгай тоғлар,
Ўтлуғ ишқимдин агар бир шуъла изҳор айласам.
 
 
Ошиқи содиқлиғимға бовар айларсанму, ёр,
Қози муҳрин бостириб, хат бирла иқрор айласам?
 
 
Кўр бўлсун кўзларимким, ўзгаға солсам назар,
Жонга ўт тушсун агар сендин бўлак ёр айласам.
 
 
Ҳам кўнгул юз пора бўлсун, майл қилса ўзгаға,
Тил кесилсун ўзгаға бир ҳарф гуфтор айласам.
 
 
Жондин айрилсун тану ё бир йўли синсун аёғ,
Ғайр кўйин бир қадам ҳар сори рафтор айласам.
 
 
Истарам ким, эй пари, ҳар эрта аврод ўрниға,
Исми аъзамдек отинг пайваста такрор айласам.
 
 
Эй, пари, бўлғай қачон бир тори зулфингдин етар,
То жунун дафъи учун бўйнимға туммор айласам.
 
 
Фурқатинг даштида мен лабташна мундоғ, оҳким,
Демадинг ҳаргиз, ани шодоби дийдор айласам.
 
«Жаҳонни кездиму офоқни сар-басар кўрдум…»
 
Жаҳонни кездиму офоқни сар-басар кўрдум,
Вафодин аҳли жаҳон жумла беасар кўрдум.
 
 
Умиди нафъ жаҳондин не навъ узмайким,
Мизожи аҳли жаҳонни ҳама зарар кўрдум.
 
 
Кима фалакдин этай шиква-у шикоятким,
Ҳамани ўздин они даврида батар кўрдум.
 
 
Кимеки чарб забон ўлди даҳр маҳфилида,
Бас они шамъ ҳамиша бурида сар кўрдум.
 
 
Қачон мусофир ўлуб келдим ушбу оламға,
Замона хонида осуда моҳазар кўрдум.
 
 
Шажар каби агар эттим бу ерда кажравлиғ,
Баҳор ўтмадиким, бош уза табар кўрдум.
 
 
Агар мисоли раги даст рост ўлтурдум,
Элидин аҳли жаҳон ниш-ништар кўрдум.
 
 
Ҳамиша дун элидин шамъи базм равшандур,
Чироғи аҳли маонийни бешарар кўрдум.
 
 
Дилим қути бағир қони кўрмоғой эрдим,
Ҳамоқатеки ани туъмасин шакар кўрдум.
 
 
Ишорати сухан айлаб жаҳонда кимсағаким,
Ҳамани кўзини кўру қулоғи кар кўрдум.
 
 
Чу шер модари табъи чекоридур қонин,
Кўз очдим ибрат ила .....55
  Ёзилмай қолган сўзлар асл нусхада ўчиб кетган.


[Закрыть]
кўрдум.
 
 
Йўқ эътибори, зари йўқ агарчи бўлса малак,
Эл ичра дев, зари бўлса мўътабар кўрдум.
 
 
   Жаҳонни кулфатида булбул ўрниға, афсус,
   Либоси бахмалу кимхоб ҳанги хар кўрдум.
 
 
   Малоҳат аҳликим ҳар доим гадои лутф эди,
   Аларни охирул-амр гадои дар кўрдум.
 
 
   Замона аҳлиға айбин демоқни мардумни,
   Неча иборат ила гўё ҳунар кўрдум.
 
 
   На кўрдинг айла баёнинки гардундин,
   Наким кўрубман, аё ёр, мухтасар кўрдум.
 
 
   Тамом сайр қилиб рўзгор боғини,
   Мурод нахлини топдиму бесамар кўрдум.
 
 
   Ғариби шоми ғаму интизори субҳи висол,
   Фироқ кечасини оҳи бесаҳар кўрдум.
 
 
   Бориси ҳеч экан, ваҳки роҳату меҳнат,
   Баробар охир агар кўрмадим ва гар кўрдум.
 
 
   Муҳаббат ичра юз алвон балолор ўтказдим,
   Балойи ҳажр вале шевасин дигар кўрдум.
 
 
   Фалак ажузасидин меҳр тутма, кўр, Фурқат,
   Ки одам ўғлиға мудом кинавар кўрдум.
 
«Ишқингда куюб, жоно, хоки таҳи по бўлдум…»
 
Ишқингда куюб, жоно, хоки таҳи по бўлдум,
Совурди ғаминг боди алқисса фано бўлдум.
 
 
Ҳар кеча талаб айлаб даргоҳи илоҳийдин,
Офтоби камолингни, машғули дуо бўлдум.
 
 
Юз жаҳду жадал бирла васлингға етушганда,
Минг коҳиши ғам бирлан найлайки жудо бўлдум.
 
 
Ҳасратки, фалак кажрав комимни раво этмас,
Топмай чу илож анга ҳасрат била то бўлдум.
 
 
Сендин даме, эй, дилбар, айрилгани тоқат йўқ,
Гардунни жафосидур бу ғамда адо бўлдум.
 
 
Жону дилим айтурлар бир-бирга видоъини,
Сен бирла кўнгул қолди, жон кетса ризо бўлдум.
 
 
Мақсуда етиб эрдим, не ҳодиса рў берди?
Ҳайрат била якбора андин гузаро бўлдум.
 
 
Ҳижронда қўярмусен ошиқни хароб айлаб?
Васлингға қарийб этгил, кўб бағри адо бўлдум.
 
 
Фурқатни қулумсен деб бости кўзима муҳрин,
Ўзга юза боқмоқдин бил-кулли сиво бўлдум.
 
«Азми гулшан айласанг юз ноз ила, эй, хуш хиром…»
 
Азми гулшан айласанг юз ноз ила, эй, хуш хиром,
Сарв жойидин туруб қаддин букуб айлар салом.
 
 
Нозу истиғно била боқиб табассум айласанг,
Ғунчалар кулмоқни ўзга айлагай қатъан ҳаром.
 
 
Пойбўсингни тақозосида туфроқ ўлмишам,
Тушмади ҳаргиз гузоринг термулармен субҳу шом.
 
 
Жилва қил, эй, гул бадан, айни малоҳат чоғидур,
Фурсати ҳусн айламас сенга муяссарлик мудом.
 
 
Роҳи ишқингда муҳаббат аҳлини сархайли мен,
Вомиқу Фарҳоду Мажнундин менга қилма калом.
 
 
Нопадид ўлди букун даъвойи ҳусн этган ҳама,
Токи сендин мунташир бўлди жаҳонға нек ном.
 
 
Сен каби шаҳни латофат мулкида кўргач нигор,
Жону дил бирла камина Фурқатий бўлди ғулом.
 
«Одам эрмас ҳар киши гар айламас ёд Андижон…»
 
Одам эрмас ҳар киши гар айламас ёд Андижон,
Чун мусофир хотирин айлаб турар шод Андижон.
 
 
Ақл чашми бирла боқсун зи басорат ўлсаким,
Балдаи маҳруси Хўқанд ичра обод Андижон.
 
 
Шомдин то Рум ўз маҳрўйин айлаб жилвагар,
Мисрға еткурди бу маънида ирод Андижон.
 
 
Оташин кишти-ла мулки Русия сайр айлагач,
Оҳи дардолуд ила дер эрди: Шаҳзод Андижон!
 
 
Дўна-дўна ҳамраҳина дер бу ишда ҳақ тонуқ,
Этти ҳасратға бани албатта, муътод Андижон.
 
 
Тарк ўлмаз соқийи гулчеҳра бирла бодаси,
Откуча то субҳи маҳшар базм ижод Андижон.
 
 
Умри кечсун дашт аро Мажнун каби ҳар кимсае,
Қадрина етмай эдар ўлса ёмон од Андижон.
 
 
Ўзга мулк одамлари ҳаргиз таарруз этмангиз,
Банди имдодидин эрмас ул худодод Андижон.
 
 
Баски бир Юсуф каби Ширин адони ишқида,
Гўстарур Фурқат сенингдек неча Фарҳод Андижон.
 
«Андалиби ҳайронлар ўлдилар бу доғлардан…»
 
Андалиби ҳайронлар ўлдилар бу доғлардан,
Бўлмади даме холи гулшанинг булоғлардан.
 
 
Ҳажр шоми юзлансанг ой каби юзинг очиб,
Кулбами қилур равшан машъалу чароғлардан.
 
 
Кокулунг фироқида реш-решдур кўнглум,
Чок-чок ҳам кўксум кам эмас тароғлардан.
 
 
Гўш этиб рақиб сўзин, қувлама эшикингдин,
Қуллуғ ҳалқасин олма, ўргулай, қулоғлардан.
 
 
Соқиё, бошинг ҳаққи, бир қадаҳ карам қилғил,
Мен эдим асири ғам зори бедимоғлардан.
 
 
Ғам ели хазон айлаб етти жон машомиға,
Етмади насим ҳаргиз гулшани фароғлардан.
 
 
Эй эрам паризоди, топмадим нишонингни,
Лабга жон етиб келди оқибат сўроғлардан.
 
 
Бўса бермайин бир йўл, минг йўли итоб айлар,
Айлама умид ҳаргиз бўсау қучоғлардан.
 
 
Зулфи анбаринингни торидур кўнгул доми,
Чиқмагай бу қуш эмди, ажрамас тузоғлардан.
 
 
Телбалик билан шона кокулингға қўл урди,
Беадаблик этмасди, хўб эди бу соғлардан.
 
 
Еткуруб висолингға шод қил ҳазин кўнглум,
Тобакай юрай йиғлаб, Фурқатий, йироғлардан.
 
«Ғариби бу вилоят, хонумонидин адашганман…»
 
Ғариби бу вилоят, хонумонидин адашганман,
Басони мурғи ваҳший ошёнидин адашганман.
 
 
Чекиб булбул каби афғон, саҳарлар йиғласам йўқ айб,
Баҳор айёми ўтти, бўстонидин адашганман.
 
 
Азизим, муршидим, ҳам раҳбарим, тожи сарим – бошим,
Ўшал соҳибкарамлик хонадонидин адашганман.
 
 
Кезиб дашти муҳаббатни, сўроғи дўстни топмай,
Адам анқосидек ному нишонидин адашганман.
 
 
Қолиб саргашталик саҳросида ҳайрону саргардон,
Улуғ даргоҳларни остонидин адашганман.
 
 
Тирикман эл кўзиға, шунчалик руҳи равоним бор,
Вагарна ҳоли сурат, танда жонидин адашганман.
 
 
Бошимға тушти ғурбат офтоби, найлайин, Фурқат,
Фалакни гардишидин соябонидин адашганман.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации