Текст книги "Муҳаббат йўлида"
Автор книги: Закирджан Фуркат
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 12 страниц)
МУСАББАЪ
«Мўътабар кўз ёши Ҳақ наздида дурри нобдин…»
Мўътабар кўз ёши Ҳақ наздида дурри нобдин,
Ҳам либоси фақр беҳтар шол ила синжобдин,
Бистари қолинда роҳат бирла кўрган хобдин,
Кунжи узлат бўрёси хўбдур ҳар бобдин,
Бор эмиш бир кун азоби, ваҳм қил Ваҳҳобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
Марди Ҳақсан, чиқ алойиқ номлиқ гирдобдин,
Гарданинг хам қил ибодатға раҳи одобдин,
Қил ажал ёдини кетмасдин бурунроқ тобдин,
Оч кўзингни равзанин, ғафлатга тўлмай хобдин,
Чиқти буйла фоли неку нақши устурлобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
Хотири маҳзун қачон хуш бодаи уннобдин,
Гар лаболаб бўлса ҳам олтун қадаҳ жулобдин,
Хўб эмас бош оғриганда бир қошиқ ардобдин,
Қил талаб кавсар суйин, айлар бақо таввобдин,
Билмасанг, сўрғил бориб бир хурдабин аҳбобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
Бу работи кўҳнадур қолган неча арбобдин,
Зўри бозуга ишонган Рустаму Суҳробдин,
Баҳману Жамшид ила Искандару Доробдин,
Чиқмади ҳаргиз алар бу ғамкада қуллобдин,
Чиқтилар бир боби дигардин, кириб бир бобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
Оқил эрсанг, ибрат олғил эмди шайху шобдин,
Истамас дунёни, чиқмас гўшаи меҳробдин,
Емиши лахти жигардин, ичмиш-хунобдин,
Дур эмас қилғон дуоси бу сабаб ижобдин,
Бўлғуча бир неча кунлар жумлаи шодобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
Ҳар қадар дастингда бўлса гавҳари ноёбдин,
Хобгоҳинг тўда бўлса бахмалу кимхобдин,
Базминга бўлса муяссар ҳар нечук асбобдин,
Титраса қонун муғанний илгида мизробдин,
Жоми ҳасратда ютарсан оқибат зардобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
Қилди саргардон фалак кўп элни лоғу лобдин,
Шуълаи кавкабни ўткаргум дебон маҳтобдин,
Қатра топмай ташналар бу кўзаи дўлобдин,
Фол айлаб, бу нечук деб Фурқатий дастлобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
МАКТУБЛАР
Муқимийга хат
Шукурким, Хўқанд аро соғу саломат борман,
Давлату хурсандлиғлар бирла бархурдорман.
Ёзиб эркансиз яқинда мулла Аҳмаджонга хат,
Нечадин сўнг, хайрият, хат охирида борман.
Ўқугач, ҳар нуктасидин топди кўнглум минг сурур,
Бош фалакка еттию жон бирла миннатдорман.
Сўрсангиз кайфияту ҳолот агар баъдаз паём,
Ушбу кун ҳавлидаман, Симдин келиб бекорман.
Муддати бир ой эрурким, мунда Маҳмудхон била,
Кеча-кундуз ҳамдаму ҳамроҳ ҳамрафторман…
Янгиқўрғонда бориб, гаҳ шаҳрда турдим келиб,
Ҳар кун айдим, айланай, қишлоқдин безорман.
Сўзлашурга бир дуруст одам йўқу ҳам гармдур,
Мундайин ерда туролмасман: юроги торман.
Марҳамат айлаб дедилар: неча ой турди Муқим,
Демади бир йўлки мен марди табиатдорман.
Боз айтдим: ул киши аз сидқи дил ошиқ эди,
Тоқатим йўқдур мени, мен оғзаки хушторман.
Бу тариқа гуфтгўйи, ҳазли бирла оқибат,
Шаҳрға келдим, олиб қўймасдин охир кор ман.
Мен учун хат қилсангиз айтинг дедилар кўп дуо,
Шул сабабдин мунча сўз қилдим сиза изҳор ман.
Фурқатий, васлиға етгач ул пари рухсоранинг,
Шукрулиллоҳким, ҳамиша маҳрами асрорман.
Фурқатнинг Муқимийга мактуби
Салом, эй менга ёру ошнолар,
Қадрдонлар, замири пурзиёлар,
Муқимий, Ҳожи Муҳйиддину Завқий,
Муҳаййир – барча закки-ю расолар.
Фасоҳат гулшанида мисли булбул,
Пурсанжу зиҳи нағмасаролар.
Биҳамдиллоҳким, мандин сўрсангиз ҳол,
Юрубдурман қилиб завқи сафолар.
Саломатдур таним, хурсанд вақтим,
Худованд айлади беҳад атолар.
Фалакнинг давридин комим раводур,
Агарчи эл кўрар андин жафолар…
Ризоман Тошканд одамларидин,
Сўрар ҳолим фақиру ағниёлар.
Мақомим мадраса – Шайхантаҳурда,
Эрур улфат неча мазмунадолар.
Ўқурмиз, беш киши «Шарҳи виқоя»,
Муҳайё неча яхши домлолар.
Ғазетхона ишиға бўлса пешин,
Борурман ҳар куни, гоҳ кун аролар.
Салом иблоғидин сўнгра, Муқимо,
Мени сўрғонлара айтинг дуолар.
Ёзинг аҳволингиздан бир рақима,
Будур сиздан умиду илтижолар.
Сўз ўлди мухтасар, зиқ эрди фурсат,
Кўп эрди йўқса, Фурқат, муддаолар.
«Бу гулшанким насими файзи Рабдур…»
Бу гулшанким насими файзи Рабдур,
Гули ҳилму ҳаё бирла адабдур.
Зиҳи боғики, «Миллат боғи» дерлар,
Хўтан мушки қаро тупроғи дерлар.
Ичим қон ўлди даврон ғуссасидин,
Бу даврон ичра ҳижрон ғуссасидин.
Келибман бир димоғим чоғ этай деб,
Кўнгулни дарду ғамдин соғ этай деб.
Кўрубон ғунчадек мардумни хуррам,
Дилим чок айлади савсан каби ғам.
Алар чун айлагач сайру сафолар,
Эсимға тушди ёру ошнолар.
Менга йўқ сендин ўзга бир мувофиқ,
Нечунким, аҳли дилсан, ёри содиқ.
Жаҳонпаймосану чўқ тезравсан,
Фалак гардингга етмас барқдавсан.
Аё боди сабо, Оллоҳ учун тур,
Ўзингни Тошканд шаҳриға еткур…
Ҳаримиға ул ой топсанг агар роҳ,
Ўзингдин кетма кўрганда баногоҳ.
Зиёрат айлагил аввал бўсоғин,
Кириб андин кейин ўпгил аёғин.
Чекиб бир оҳи ҳасрат сўздин аввал,
Чекорда оҳ қон тўк кўздин аввал.
Қилиб огоҳ бир оҳи сард бирлан,
Салом айғил дили пурдард бирлан.
Дегил: – Эй ҳусн мулкин подшоҳи,
Фузун ўлсун азиз умринг, илоҳи!
Бор экан Фурқат отлиқ бир ғарибинг,
Висолинг давлатидин бенасибинг.
Ўзи Хўқандий, аммо исми Зокир,
Қазоро Рум аро бўлмиш мусофир.
Маишат бобида бил-кулли масрур,
Жамолингдин ғами шулдурки: маҳжур.
Ғамингдин кеча тонг отқунча йиғлар,
Тонг отқач, доғи кун ботқунча йиғлар…
Сочингдин олмиш эркин бир – ики тор,
Кўнгул бўйниға этмиш они зуннор.
Фалак узра чиқиб оҳу фиғони,
Деюрким: – Оҳ фалоний, оҳ фалоний.
Чиқиб андин, қилиб одоб бисёр,
Салом айлаб яна бир ҳужраға бор.
Ул Эшонхўжа эшон домломиз,
Ғарибликда суянган муттакомиз.
Тавозиълар билан айғил дуолар,
Дуолар айтибон, олғил дуолар.
Чиқиб сўнг Хўжахон муфти қошиға,
Етургил ўзни пешинлик ошиға…
Мени ўрнимда то сен ҳамтабақ бўл,
Адабомодаи тамкиннасақ бўл.
Дегил: – Эй муфтии фарди замона,
Зиё фатвосидин солғон жаҳона.
Билурсизким, жаҳоннинг йўқ бақоси,
Жаҳон аҳлини ҳам меҳру вафоси.
Фалак ғаддордур, кажрав замона,
Киши кўрмас мурувватдин нишона.
Замонни ҳар нафас табдили бошқа,
Юз онча умрнинг таъжили бошқа…
Деюб бу сўзни сўнгра хайрбод эт,
Чиқиб доғи бир аҳбобимни ёд эт.
Убайдуллоҳ Махдумдур анга ном,
Етургил хоссаи такмили пайғом.
Жамолхон махдуму Хонхўжа эшон,
Дуо айғил иковиға фаровон.
«Қизиқму базм, бозори қалай?» де,
«Яна сатранж афкори қалай?» де.
Чиқиб ташқори майдонға гузар қил,
Вале мағриб тарафға бир назар қил!
Кўзингга нақшлик манзар кўрингай,
Ҳама ойинаси жавҳар кўрингай.
Эрур ёни равонлик катта айвон,
Эгоси номи Маҳмудхўжа эшон.
Муҳаббатлик менга бир ошнодур,
На танҳо ошно, балким ағодур.
Менга кўп айлаган ул меҳру шафқат,
Қилиб ҳаққимда эҳсону мурувват.
Етургил анга орзу иштиёқим,
Муфассал шарҳ қил дарду фироқим.
Дегилким:– Соғинур суҳбатларингни,
Муҳаббатлик ҳама улфатларингни.
Бўлур тўғрида бир дўкон намудор,
Улуғ бир ҳавздур ёни самовор.
Бориб сўрисини устида ўлтур,
Дегилким: – Отахўжа, чой келтур!
Ҳавою кибр жомидин бўлуб маст,
Келур бир қарри одам, қаншари паст.
Салом айтиб димоғин чоғ қилғил,
Латойиф сўзлар айтиб доғ қилғил…
Жамиъ хўжа Шайхованд Таҳурда,
Сўраб топ, бўлсалар қайси чуқурда.
Дуо ҳар қайсиға махсус еткур,
Ғуборий дилларида бўлса, кеткур.
Ўт андин сўнгра Дархон кўчасиға,
Ки бир дўсту қадрдон кўчасиға.
Муҳаббат пеша яхши ошномиз,
Дароз андишалик Мирзо акомиз.
Дилинда бор эди мендин кудурат,
Ниҳон айларди, лекин бир зарурат.
Дегилким: – Фурқатий сизга ризожў,
Эди бир беғараз, холис дуогў.
Кўп эрди бошқалардин эътиқоди,
Муҳаббат бирла азбас эътимоди.
Валекин бир-икки марди ҳамоқат,
Анга мендин қилиб ёлғон шикоят.
Дили озурда мендан бўлди ноҳақ,
Вагарна йўқ гуноҳе менда мутлақ.
Чиқар кўнглидин ул туҳмат ғубори,
Намак ҳаққи мени бўйнимда бори.
Юсуфбойбачча ҳавлисиға андин,
Бориб еткур дуо албатта мандин.
Қиёматлик биродардур менга ул,
Ҳар ишда ёру ёвардур менга ул…
Дуо шулдур ўшал неку хисола,
Етушсун барча фарзанди камола.
Ики дунёда бўлсун обрўманд,
Ўлуб Ҳақ лутфидин доим баруманд.
Чиқиб андин доғи бир кўчаси тор,
Бегим ҳавлиси анда, жаҳд ила бор.
Бегим, жоним, афандим Фансуруллоҳ,
Зиҳи шаҳзодаи зул-иззу вал-жоҳ.
На ким танҳо улус шаҳзодасидур,
Ҳама шаҳзодалар озодасидур.
Кириб кўрганда ер ўпғилу дуо қил,
Кўзингга хокипойин тўтиё қил.
Дегил: «Эй, нахли боғи шаҳриёрий,
Гули парвардаи давлат баҳори.
Ки бир аввораи саҳройи ғурбат,
Эрур ном анга Зокиржон Фурқат.
Эмиш ул хастадил кечмиш замона,
Намак парвардаи бу остона.
Чекиб обу хўриш Рум сари онинг,
Иқоматда эрур афкори онинг.
Басе шаҳзодаларға ҳамнашиндур,
Алар шаҳзодау ҳам нозаниндур.
Аларни суҳбатида, эй неку зод,
Сизи айлар муҳаббат бирла кўб ёд».
Забонингни дуоға қобил айла,
Туруб анда ижозат ҳосил айла.
Кўгалдошга бориб сўр Ҳожи Аъзам,
Ул Аҳмад Хўжаи юзбошини ҳам.
Дегилким: – Эй Арастуйи замона,
Билурда набз ташхиси ягона.
Келибман олдидин меҳмонингизни,
Хўқандий, яъни Зокиржонингизни.
Юрубдур ўйнаб Истанбулда хушнуд,
Эрур аҳволи кундин-кунга беҳбуд.
Замони фарруҳу айёми масъуд,
Фараҳ боби очуқ, ғам роҳи масдуд.
Мизожиға мувофиқ Рум ҳавоси,
Анингчун турмак ўлмиш иқтизоси.
Чиқиб, Мирзо Халил олидин ўткил,
Наботидин олиб оғзинг чучуткил.
Ўтубон, тўғри гул бозориға бор,
Бўлур бир нақшлик дўкон намудор.
Ўтурур бир жавон марди батавфиқ,
Садоқатпеша, номи қори Сиддиқ.
Менга ул ошнойи жонажондур,
Ҳазин жисмим аро руҳи равондур,
Ҳамиша хотиримни пос тутган,
Мурувват бекаму бекос тутган.
Ки анда Авлиё Хўжа, мабодо,
Ўтирган бўлса, қилма ошкоро.
Дебон мендин анга юз минг дуолар,
Ўтур олдида айтиб марҳаболар.
Қулоқиға дегил оҳиста онинг:
«Ўшал Фурқат деган аҳбоби жонинг.
Дилида бор экан бир муддаоси,
Муяссар ўлғай, ўлса Ҳақ ризоси.
Яқин фурсатда мақсудига етгай,
Насиб ўлса мадина сори кетгай.»
Агар чой дамласа, жон бирла нўш эт,
Ўзингни лекин ул ерда баҳуш эт.
Будур зинҳор ила таъкид мандин,
Дўконин йиғмагунча кетма андин…
Ўлур кеч, баъд жўёйи макон ўл,
Сақичмон кўчаси бирла равон ўл.
Сўраб ҳавлисини Абдул Азизхон,
Бориб ул кеча бўлғил анда меҳмон.
Билиб ҳар ҳафта бир йўл ўзга лозим,
Бориб қолғуси кеча Мирзо Қосим.
Кўрарсан анда Фарзинхон дегонни,
Менга бир ошнойи меҳрибонни.
Алар ҳар қайсиға бир-бир салом айт,
Муҳаббатлиқ дуо бирла паём айт.
Топиб сўз Мирза Қосимга гузориш,
Мухаммасни қўлига қил сипориш.
Буюрмиш эрди ул Тошкандда аввал,
Келиб ман, мунда қолмиш эрди маътал.
Дегилким: – Айлаб они эмди иншо,
Юборди Румдин айлаб сизга савғо.
Сабоҳила юруб кел растаға боз,
Русуми бекликни айла оғоз.
Кўруб Мирмақсуду, Ҳожи Валини,
Яна Яъқуб Ҳожи, Мир Алини;
Саройда Мирза Ҳошим ҳам Ғиёсжон,
Саримсоқу, Орифжону, Каримхон.
Аларға деб дуо махсус-махсус,
Дегайсан марҳабо махсус-махсус.
Ёқишмас анда бу турки асосинг,
Танингдин ташлагил румий либосинг.
Олиб кўк мовут ила қора сандуф,
Кетургил иккисидин чоряк тўп.
Кўтариб тўғри Муслимхонға борғил,
Тикувчи ул чевар чечонга борғил.
Ўшал тиксун бизи қонунча камзул,
Тўни чалвору ҳам сантура, фантул.
Дегилким: – Жоним ўргулсун, менга боқ,
Салом айтур сенга бир зору муштоқ.
Қилур эркан сенга холис муҳаббат,
Ғаразсиз ўйла бир аҳбоби суҳбат.
Душанба кунда оқшом анжумандур,
Нечук дей анжуманким, бир чамандур.
Жамиъи жўра ул тун жамъ ўлурлар,
Тузуб бир маҳфил ўйла шамъ ўлурлар.
Олиб боргай сени Абдул Азизхон,
Таомил бу эрур борганда меҳмон.
Канор олиб алар бирла кўрушкил,
Кириб навбат-банавбат ўлтуришкил.
Ақидатлик каломимни дегайсан,
Муҳаббатлик саломимни дегайсан.
Қачон этганларида базм бунёд,
Будур афтодани ҳам айлагай ёд.
Келурда айлама зинҳор таъжил,
Бориб доманларин қил доғи тақбил.
Агар хат берсалар, ёнингда сақла,
Ғалат айдим, дилу жонингда сақла!
Кетургилким, эрур ҳирзи омон ул,
Менга таъвизи жони нотавон ул.
Эрурман интизоринг, келгунингча,
Ўшал мактуби восил қилғунингча.
Будур сўз, эй сабо, зинҳор-зинҳор,
Туганди сўз ва лекин шавқ бисёр.
Ёрканд шаҳридан Тошболтуга хат
Тилар эрдим саҳар тавфи чаман эсган саболардин:
Саломим еткуриб, келтур хабар, деб, ошнолардин.
Деди ул дам сабо: – Эй ҳажру ғурбатға асир ўлғон,
Вафо умидини узгил алардек бевафолардин.
Сенга бўлғон қадимий дўстлар авзои дигардур,
Мизожи мухталифдур элни тағийри ҳаволардин.
Дедим: – Яхши насиҳат айладинг, эй носиҳи мушфиқ,
Қулоғим ҳуққаси тўлди дури қиймат баҳолардин.
Келиб бу шаҳрға кўп ою йиллар ўтди дарвоқиъ,
На келди ошнодин хат, на хешу ақраболардин.
Сабаб шул эрдиким, тарки китобат айладим билкулл,
Валекин қўймадим холи саҳаргоҳи дуолардин.
Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами бирлан
Туруб эрдим қутулмой ғуссау ранжу анолардин.
Баногаҳ келди шавқомизлиғ манзума мактубинг,
Ишорат айлаган зимнида ҳар хил муддаолардин.
Ўқуб ул дам они бўлди оқарғон кўзларим равшан,
Сиёҳиға эзиб эрдинг магарким тўтиёлардин.
Муқимий, Нисбатий ўлди, демишсан, ўлса ўлмишдур,
Малул бўлма, жаҳон холи қолурму ҳеч расолардин.
Демишсан: Муҳйию Завқий саломат, шукр, хуш бўлдим,
Худо қилғой саломат, асрабон ҳар хил балолардин.
Муқимий, Нисбатийни нисбатини мен сенга бердим,
Алардек бўлма, лекин ўзни тўхтатгил ҳижолардин.
Укомиз Эрмуҳаммад Сим аро тилмоч ўлуб эрмиш,
Ёмон кўздин худо маҳфуз қилғай ҳам қазолардин.
Мени ёд айлаганларға етургайсан саломимни,
Фаромуш айламай бизни фақиру ағниёлардин.
Мени ҳолимни сўрсанг Ёрканд шаҳрида сокинман,
Биҳамдиллаҳ, бўлуб мамнун ҳама завқу сафолардин.
Хўтан оҳуларидек онча саргардон бўлубдурман,
Сочи мушки Хито, рашки хаёли дилраболардин.
Баҳор айёми саҳролар фазоси боғ ўлур гўё,
Фароғатлар етар дилға ҳавойи жон физолардин.
Менга мунда муқим ўлмоқ худо тақдири ўлмишдур,
Эмасдур бандалик дам урмагим «чуну чаро»лардин.
Худо бермиш ики фарзанд: Нозимжону Ҳокимжон,
Қачон бўлғой кўнгул узмоққа бу кўзи қаролардин.
Бўлур келган киши ўз рағбату табъи била масхур,
Тилисмийдур бу шаҳрий жумлаи ҳайрат физолардин.
Борурман, гар қутулсам бул тилисми ҳайратафзодан,
Етиб имдод ҳолимға жамиъи муддаолардин.
Вагарна қиблагоҳимнинг мулоқотиға шойиқман,
Вале бордур гила андек амак бирла тағолардин.
Яна Мирзо Шариф аҳволидин ҳам ёзмиш эркансан,
Етиб хурсанд бўлдум бу навиди дилкушолардин.
Вале тарки китобат айлади бир неча муддатдур
Менидек доғи ғурбатға асиру мубталолардин.
Забоним бовужуди мадҳу авсофиға нотиқдур,
Мени кўп баҳраманд этган эди базлу атолардин.
Тирикму жахмуреш Ҳожи Асомиддин деган анда?
Қутулган юз балойи ногиҳону можаролардин.
Етургил Холмуҳаммад ҳожининг анга саломини,
Сўрайдур қавму хешу ошною рўшнолардин.
Деюрким: – Бир тароғ айлар эдим савғоти ҳожимга,
Агар чиқса эди бир кўса қосид бу аролардин.
Мулоқат орзу айлаб, саломатлиғ сўрайдурман,
Жаноби Ҳожи домла бирла Қарши домлолардин.
Қилурман дўстлиғдин бир насиҳат санга, Тошболту,
Бўлурсан, гар қабул этсанг ани, аҳли сафолардин.
Расолиғ орзу айлаб, камола гар етай дерсан,
Таарруз айлама ҳам шиква қилма норасолардин.
Агар нафсоният таркини қилсанг, бу кифоятдур,
Келай мақсадға эмди, бор эдинг табъи расолардин.
Олиб ёдиға, сўрмас кимса Зокиржон Фурқатни,
Агарчи айтадур доим дуо боди саболардин.
ЛУҒАТ
А
Абир – бир навъ хушбўй нарса, анбар.
Абр – булут.
Абришим – ипак.
Абру – қош.
Абтар – бузуқ, нотамом, паришон.
Абу – ота, бирор хусусият билан ажралган, истеъдодли.
Авн – ёрдам, кўмак.
Авранг – тахт.
Аврод – вирдлар, вазифалар.
Авроқ – варақлар, саҳифалар.
Авсат – ўрта, ўрта даража.
Авсоф – сифатлар, мақтовлар.
Адам – паст, пастроқ, тубанроқ.
Аъдо – душманлар (бирлиги адув).
Аъён – юқори табақа, оқсуяк.
Аъжоз – муъжизалар.
Ажуза – кампир.
Азвож – никоҳ, уйланиш, жуфтлар (бирлиги завж).
Азрақ – кўк, маж. осмон.
Жомаи азрақ – кўк кийим, кўк чопон.
Аклил – 1) тилла қош (аёлларнинг тожсимон қиммат баҳо зийнат асбоби). 2) тож-тахт, салтанат.
Акмал – энг мукаммал.
Акноф – 1) атроф (бирлиги канаф), 2) ҳомийлик, мудофаа қилиш.
Ало – устига,… га,… дан ало ҳозалқиёс – шунга қиёсан, шунга мувофиқ.
Алкан – гунг, соқов, лол.
Алойиқ – алоқалар, борди-келдилар, боғланишлар (бирлиги алоқа).
Алтоф – лутфлар, марҳаматлар (бирлиги лутф).
Алғараз – хулоса, қисқаси.
Амвож – мавжлар, тўлқинлар (бирлиги мавж).
Аъмо – кўр, сўқир.
Амтаа – мол-ашёлар (бирлиги матоъ).
Ангиз – қўзғатувчи.
Ангушт – бармоқ.
Ангуштар – узук.
Ашжор – дарахтлар (бирлиги шажар).
Ашроф – шарафли кишилар, эътиборли кишилар.
Ақд – 1) боғлаш, банд қилиш; 2) маржон.
Ақсом – қасам ичиш, онт ичиш (бирлиги қасам).
Ақтор – 1) чет-тевараклар; 2) диаметрлар (бирлиги қутр).
Аҳком – ҳукмлар, фармонлар, кўрсатмалар (бирлиги ҳукм).
Аҳмар – қизил.
Аҳсан – офарин, балли.
Андуз – сўзга бирикиб, ҳосил қилувчи, олувчи, тўпловчи маъноларида.
Анжум – юлдузлар.
Анжуман – ўлтириш, йиғилиш, мажлис.
Анис – улфат, ғамхўр.
Аъни – яъни, тўғриси, рости.
Аносири арбаа – тўрт унсур (элемент): сув, тупроқ, ўт, ҳаво.
Анфоси – кузатиш, қараб юриш.
Арақ – тер.
Ардавон – қадимий эронликларда афсонавий бир подшоҳ номи.
Арзоний – бериш, боғлаш, лойиқ кўриш, жавоб – арзонлиги – тез жавоб бериш.
Аъроб – араблар.
Аъробий – бадавий.
Арса – соҳа, майдон, саҳн; арсаи дониш-билим соҳаси, билим майдони, ер маъносида ҳам келади.
Асном – бутлар (бирлиги санам)
Асолат – асллик, пухталик, мустаҳкамлик, донолик.
Асомий – исмлар, номлар.
Асфар – сариғ.
Асҳоб – 1) эгалар, аҳллар; 2) суҳбатдошлар, дўстлар.
Атвор – феъллар, қилиқлар.
Афзо – сўзга қўшилиб ортирувчи, узайтирувчи маъносини билдиради (руҳафзо руҳни кўтарувчи, жонни қувонтирувчи).
Афзун – кўп, зиёда, ортиқ.
Афрод – фардлар, зотлар, бир жинсдаги нарсаларнинг ҳар бири (бирлиги фард).
Афтода – йиқилган, ташландиқ, тушкун, хокисор.
Афсурда – сўлғин.
Ахгар – ёниб турувчи ўт, қипқизил чўғ.
Ахзар – яшил, кўк.
Ахтар – юлдуз.
Б
Базла – эҳсон, инъом, совға.
Байъат – аҳд-паймон, келишув, ваъда бериш, ҳукуматга бўйсуниш борасидаги ваъда.
Байз – тухум.
Байзо – 1) оқ, оқ рангли ялтироқ; 2) қуёш, офтоб.
Байн – ўрта, ора.
Байт – уй, хона, жой (кўплиги буют): байтул-эҳзон – ғамхона, ғам уйи.
Байтул мақар – қарор топиш жойи, тўхтайдиган жой, қароргоҳ.
Балво – 1) қўзғолон, исён; 2) тўполон; бахтсизлик, қайғу-ғам..
Балда – шаҳар.
Балият – озор, бало, бахтсизлик, ранж, қайғу.
Балиғ – нафис маъноли, тўлиқ ифодали.
Бандар – порт, денгиз бўйида кемалар тўхтайдиган жой.
Баногўш – зирак тақиш учун қулоқдаги тешилган жой.
Бар1 – бадан, тан, гавда, кўкрак; симинбар – кумуш, оқ бадан; нозик бадан.
Бар2 – ҳосил, мева; баҳра топмоқ – фойдаланмоқ.
Бар3 – этак, ён, қўйин.
Барбат – чолғу асбобининг номи.
Баржомонда – бир жойда ўлтириб қолган, шол; сафарга чиқмаган киши.
Барр – қуруқлик, саҳро.
Барудат – совуқ.
Бурж – 1) қадимги астрономияда қуёшнинг йиллик ҳаракати доирасидаги ўн икки нуқтанинг ҳар бири; 2) қалъанинг чўққиси.
Буржи оташ – саратон, асад сунбула буржлари, яъни ёз ойлари.
Булҳавас – кўнгли нимани ҳавас қилса, шуни қилмоқни орзу этадиган киши; беҳуда ҳавас қилувчи.
Бута – заргарларнинг маъдан эритадиган идиши.
Бархўрдор – манфаатдор, баҳраманд.
Барқ – чақмоқ, яшин, электрик.
Басар – кўриш, кўрмоқ, бу ерда кўз маъносида.
Басе – кўп, анча, ғоят, шу қадар.
Басорат – ўткир кўзлилик, билағонлик.
Баста – боғланган.
Бақиъ – ола-була.
Бақо – тириклик, ҳаёт, борлиқ, абадийлик.
Баҳман – қуёш йилининг ўн биринчи ойи (21 январь, 19 февраль).
Баҳман – 1) қор уюми, тоғлардан кўчиб тушадиган қор уюми; 2) йиқилиш, қулаш.
Баҳойим – ҳайвон, қорамол.
Баҳр – 1) катта дарё, денгиз; 2) шеър вазни.
Бехор – тикансиз.
Бесон – ўхшаш, каби.
Беша – тўқай, ўрмон, чангалзор.
Биз – шуъла, чақмоқ.
Биззот – шахсан, бевосита, зотида, аслида.
Бизоат – мол-мулк, асбоб, сармоя.
Бебизоат – мол-мулксиз, молсиз, сармоясиз, камбағал.
Бин – кўрувчи, хурдабин – майда нарсаларни кўра билувчи.
Бийно – кўрувчи; нобийно – кўрмовчи.
Бикр – қиз, эрга тегмаган покиза, соф.
Бил-кулл – батамом, бутунлай, тамоман.
Биллур – тиниқ шиша, хрусталь.
Билфавр – тездан, шу фурсатда.
Бисмил – сўйилган, сўйиш, бош кесиш; ним-бисмил – чала сўйилган.
Бистар – ўрин, тўшак.
Бихур – 1) исриқ, хушбўй нарса; 2) чекиш, тутатиш.
Бозу, бозуй – билак (қўлнинг билак ва тирсак қисми) зўр, бозу – кучли билак.
Бок – қўрқув; бебок – қўрқувсиз.
Бол – қанот.
Боло – баланд, юқори.
Бом – том, уй томи.
Бор – юк; бори гарон – оғир юк.
Бояд – керак, зарур.
Бурқаъ – ниқоб, парда, чиммат.
В
Вадод (вад) – севги, дўстлик.
Ваз – 1) тартиб, низом; қуриш, тиклаш; 2) ҳаракат; 3) бичим, яратилиш.
Вазиъ – 1) паст, тубан; 2) оддий.
Варзиш – одат, машқ.
Варта – гирдоб, чуқур жой, ҳалокатли жой.
Васиъ – кенг, васъат – кенглик.
Висоқ – уй, хона.
Вожгун – терс, тескари, чаппа, паст.
Вола – ҳайрон, ҳайратда қолган, шайдо, мафтун.
Воло1 – баланд, улуғ, юқори, катта.
Воло2 – ипакда тўқилган майин мато.
Вомиқ – шоир Жомий достонларидан бирининг қаҳрамони.
Вуқуъ – бирор ҳол ва воқеанинг юз бериши, пайдо бўлиши.
Г
Гандум – буғдой.
Гардун – фалак, осмон.
Гарм – 1) иссиқ, ёқимли, қизғин; 2) очиқ чеҳрали; 3) жаҳли тез; 4) чаққон.
Гарон – оғир, вазмин.
Гароний – оғирлик юк.
Гир – сўз бирикмасида олувчи, тортувчи маъносини ифодалайди.
Гиреҳ – 1) тугун; буришиқ, чимирилиш; 2) қийин, чигал.
Гису – ўрилган соч, аёллар сочи, кокил.
Гузориш – 1) ҳисобот, маълумот; 2) баён, тушунтириш.
Гум – йўқ, йўқотилган.
Гумгашта – сарсонликда қолган, адашган, йўқолган.
Густар – сўз бирикмасида ёйувчи, тарқатувчи маъноларида келади; вофо густар – вафо қилувчи, руҳгустар – руҳлантирувчи, жонлантирувчи.
Густох – адабсиз, андишасиз, тортинмайдиган.
Гўриз – қочмоқ, бош тортмоқ; кор гўриз – ялқов, дангаса.
Гўш – қулоқ.
Д
Дабир – 1) котиб, мирза; 2) мажозий маъноси Аторуд (Меркурий) сайёраси.
Давр – 1) айлана, теварак; 2) айланиш; замон, вақт.
Даввор – айлангувчи, айланувчи олам.
Дай – қиш мавсуми (қишнинг энг совуқ даври), қаттиқ совуқ.
Дайр – бутхона, дунё.
Дайри муғон – оловга топинувчиларнинг ибодатхонаси.
Дамон – бўкирувчи (кўпинча фил, шер, арслон ҳақида).
Дамсоз – улфат, ҳамдам.
Дарж – 1) киритиш, қайд этиш; 2) ўралган хат.
Дақиқ – нозик, ингичка; дақойиқ – нозик нарсалар.
Дебо – юпқа ипак кийимлик, материя.
Дийда – кўз.
Дилдўз – кўнгилдан ғамни кетгазувчи.
Дов – 1) қимор ўйинида ўртага қўйилган пул; 2) маош даражасини ошириш.
Дож – қоронғу, қоронғулик, жуда қоронғу кеча.
Доман – этак, ҳошия.
Дор – ҳовли, уй.
Дари – тоғ ғорларида, водийда яшовчи.
Доруссафо – шодлик уйи.
Дофиъ – дафъ қилувчи, қайтарувчи, йўқотувчи.
Дурахшон – ялтироқ, порлоқ.
Дурж – 1) қимматли тошлар солинадиган қутича; 2) табассум чоғидаги лаб.
Дулдуз – тикилиб қаттиқ қараш маъносида.
Дулоб – 1) қудуқдан сув чиқарадиган чарх; 2) шкаф, яшик.
Дур – узоқ, йироқ.
Дур этиб – элдан узоқлаштириб маъносида.
Дуруд – ибодат, ёлбориш, сўраш.
Дуру дароз – узундан-узоқ, чўзилган.
Дўш – орқа, елка, кифт.
Дўш бар дўш – елкама-елка.
Ё
Ёвар – ёрдамчи.
Ж
Жабин – манглай, пешона.
Жавшан – қалқон, ўралган маъносида, совут, зирҳли кийим.
Жавор – 1) қўшни; 2) яқин.
Жадд – ота ёки онанинг отаси, бобо, ота-боболар (кўплиги аждод).
Жадй – 1) тоғ эчкиси кийик; 2) эски астрономия тушунчасига кўра кўкдан 12 бурждан бириси (кийик шаклида фараз этилгани).
Жаъд – 1) жингалак соч; 2) бўй, ҳид.
Жайд – 1) кийимнинг ёқаси; 2) чўнтак, кисса, қўйин.
Жайҳун – Амударёнинг қадимги номи.
Жаложил – қўнғироқча, шилдироқ.
Жам – Жамшиднинг қисқартилгани; Жамшид – Эроннинг қадимги афсонавий подшоҳларидан бири.
Жам жоҳ – маж. Энг юқори мартабали, улуғ подшоҳ.
Жарас – қўнғироқ, карвон туясидаги қўнғироқ.
Жафн – кўз қовоғи.
Жафожў – жафо қилувчи.
Жаҳд – инкор, тониш, рад қилиш.
Жом – қадаҳ, пиёла, рюмка.
Жоми Жамшид – Эроннинг афсонавий шоҳларидан Жамшиднинг ичса ҳам тўлиб турадиган афсонавий қадаҳи.
Жоми-жам – Жамшиднинг қадаҳи маъносида.
Жониб – томон, тараф.
Жоҳ – мансаб, ўрин, юқори даража, амал.
Жуд – 1) инъом, эҳсон, 2) сахийлик, қўли очиқлик.
Жуз – ўзга, бошқа.
Жузв – бўлак, қисм, парча.
Жулус – ўлтириш, мажлис.
Жуллоб – гулоб, гул суви (шираси) билан асал ёки шакарни аралаштириб ясалган шарбат.
Журм – гуноҳ, айб.
Журъа – бир қултум, бир ютум.
Жўстжў – қидириш, текшириш.
Жў – ариқ.
Жўги – 1) иоги деган ҳинд фалсафий таълимотининг изчили; 2) лўли маъносида; 3) наша чекувчи.
Жўйбор – ариқ.
Жўлида – паришон, тўзғиган.
Жўлида мў – сочлари паришон, тўзғиган.
Жўши баҳор – кўклам тошқини.
З
Забун – оёқ ости, хор.
Заввор – зиёратчи, ҳожи.
Заврақ – қайиқ.
Зайн – безак, тартибга солиш, бўёқ, гўзал ҳусн.
Замир – 1) юрак; 2) фикр; 3) тафаккур.
Зан – сўз бирикмасида урувчи, чалувчи, маъносида келади: мавжзан-мавж урувчи, тўлқинланувчи; хотин.
Занах – жағ, ияк.
Занахдон – бағбақа, ияк ости гўшти.
Зард – сариғ, сариғлик, маж. Офтобнинг ботишига яқинлашувчи.
Зариф – доно, зийрак, нозик.
Зарофат – 1) зарифлик, гўзаллик, нозиклик, нозик фаҳмлик; 2) қочирим сўз, нозик маънолик, ҳушёрлик.
Заъф – кучсизлик, хасталик.
Заъфарон – сариқ, хушбўй ўсимлик.
Зеридаст – қўли паст келиши, енгилиши.
Зерипо – оёқ ости.
Зи – эга.
Зи басорат – кўп билимдон, донишманд.
Зебанда – безовчи, ярашиқли, келишган.
Зиллат – хорлик, тубанлик, пастлик.
Зиҳи – яхши, жойида, гўзал, қандай яхши!
Зовия – бурчак.
Зод, зода – туғилган, фарзанд, авлод, бола.
Зод – озиқ, озиқ-овқат.
Зоил, зойил – ботувчи, йўқолувчи, йўқ бўлувчи, ўчадиган.
Зол – 1) ҳийлагар кампир; 2) «Шоҳнома» қаҳрамони Рустамнинг отаси.
Зоҳид – сўфи, дин йўлида тарки дунё қилган.
Зубоб – чивин, қора пашша.
Зудо – артувчи, кетказувчи.
Зулл – хорлик, тубанлик.
Зулли-иззу жоҳ – хорлик ва иззат жойи.
Зуҳал – Сатурн сайёраси (планетаси).
Зуҳд – зоҳидлик, сўфилик, тақводорлик.
Зуҳур – майдонга чиқиш, пайдо бўлиш, кўриниш.
И
Ибром – қисташ, қатъий талаб, қаттиқ талаб қилиш.
Ибтило – мубталолиқ.
Ибтиҳож – очилиш, хурсанд бўлиш.
Ижмоъ – қўшилиш, бирлашиш.
Издиҳом – тўпланиш, катта тўда.
Иззу – куч қудрат.
Ийд – байрам, ҳайит.
Иксир – эски кимёгарликда афсонавий тош; бу тошни нимага суртилса, гўё уни олтинга айлантирар эмиш.
Икроҳ – 1) жирканиш, хунук ҳисоблаш; 2) исталмаган ишни, ёмон кўрилган ишни мажбуран бажартириш.
Иктисоб – касб қилиш, ўрганиш, қозониш, қўлга киритиш.
Иктихол –кўзга сурма тортиш.
Иқтизо – тилаб, керак, зарур, эҳтиёж, истак.
Иҳмол – бепарволик, сустлик, сусткашлик, эҳтиётсизлик.
Ихтисоб – ҳисоблашиш, ҳисоб олиш, таҳқиқлаш, текшириш.
Илҳон – алҳон – овозлар, ашулалар, сайрашлар (бирлиги лаҳн).
Имсол – 1) бу йил; 2) бу йил ичида.
Имтидод – чўзилиш, давом эттириш.
Интиқод – салай, танлаш.
Интиқол – кўчиш, ўзгартириш кўчириш алмаштириш.
Интиҳо – охир, сўнг.
Инфиол – хижолат чекиш, таъсирланиш.
Инқиёд – бўйсуниш, берилиш, итоат.
Инқизо – охири, муддат тугаши.
Ионат – ёрдам, кўмак.
Иродат – 1) қасд, ният, хоҳиш, истак: 2) муридлик, берилиш.
Ирсол – юбориш, етказиш.
Иъроб – сўз охирини грамматик жиҳатдан тилхат қилиб, маъно чиқишига қараб белгилар қўйиш.
Иртибот – алоқа, яқин муносабат, боғланиш бир нарсани бир нарсага боғлаш.
Иртифоъ – 1) баландлик, юксалик, чўққи; 2) ҳосил.
Иршод – йўл кўрсатиш.
Истидоъ – сўров, дуо, ялиниб – ёлвориб сўраш.
Истимоъ – эшитиш, тинглаш.
Истимдод – ёрдам сўраш, мадад тилаш.
Истифсор – сўраш, илтимос.
Истихсон – яхшилик билан эслаш, биров хақида яхши сўзлаш маъқуллаш.
Иътидол – мўътадил, ўртача ҳол.
Иттилоъ – огоҳлик, хабардорлик.
Иътисом – бирор нарсага қаттиқ ёпишиб олиш.
Иттисол – туташиш, уланиш, етишиш, бирикиш.
Ифтитоҳ – бошлаш, киришиш, кашф этиш.
Ихрож – чиқариш, ҳайдаш, сургун қилиш.
Ихтироз – қисқартиш, қисқалик.
Ихтитом – тугалланиш, тамомланиш.
Ифшо – ошкор қилиш, фош қилиш.
Иштибоҳ – шубҳа.
Иштиғол – шуғулланиш, машғулот, (кўплиги иштиғолот).
Иштиҳор – шуҳрат.
Иқд – шода: иқд парвин – юлдузлар шодаси, ҳулкар.
К
Кабк – каклик.
Кавокиб – юлдузлар, (бирлиги кавкаб).
Каж – 1) эгри, қинғир; 2) нотўғри, хато.
Кажрав – тескари юрувчи.
Кажрафтор – тескари айланувчи.
Кайвон – зуҳал (сатурин) юлдузи; маж. юксак осмон.
Калисо – черков, бутхона.
Калом – сўз.
Калоғ, кулоғ – олақарға.
Камокон – бўлганича, илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай.
Камо янбағи – шундай керакки, шундай зарурки, шундай тегишли.
Камоҳи – худди, ўшандай, ўз ҳолида, айнан.
Канд – ўтмас.
Канду – сопол идиш.
Кандмон – вайрона.
Канор, канора – 1) қирғоқ, чет; 2) қучоқ.
Карим – карамли, сахий, олижаноб.
Каср – синиш, ушалиш, синиқлик, шикастлик.
Касрат – кўплик, мўллик, фаровонлик.
Каф – 1) қўл кафти; 2) кўпик.
Кашта – қуритилган мева, баргак.
Килк – қалам, қамиш қалам.
Кишвар – мамлакат, ўлка, вилоят.
Кишти – кема.
Ком – баҳра, мақсад, истак.
Комъёб – баҳраманд, мақсадига эришган.
Кофур – оқ тусли хушбўй дори.
Кошин – иморат ғиштларининг ҳар хил рангда бўёқ бериб пиширилгани.
Коҳдон – сомонхона.
Коҳиш – камайтириш, қисқартириш.
Кулл – ҳамма бутун, жамъи, ҳар, ҳар бир.
Кунжойиш – сиғиш, жойланиш.
Кушта – ўлдирилган.
Кўс – катта ноғора.
Кўҳсор – тоғлик ер.
Л
Лаъб – ўйин, эрмак кўрсатмоқ, ўйнамоқ.
Лайл – тун, кеча.
Ламъа – ёлқин, порлоқлик, равшанлик, йилтиллаш.
Лам Язал – абадий, ўлмас.
Ланг – чўлоқ, оқсоқ.
Лахт – 1) бир оз муддат, қисқа вақт; 2) калтак, чўқмор, ҳасса.
Лаҳв – ўйин-кулги.
Лаҳн – гўзал оҳанг, куй.
Ливо – байроқ, туғ.
Лиҳазо – шунинг учун, шундан кейин, демак.
Лоба – 1) ёлвориш, ўтиниш, сўраш; тилёғламалик қилиш; 2) фириб, найранг.
Ложарам – 1) шак-шубҳасиз, албатта; 2) зарур, керак; 3) шунинг учун, шу асосда; 4) чорасиз, иложсиз.
Ломакон – маконсиз, жойсиз, бўшлиқ.
Лот – 1) камбағал, бахтсиз, бечора; 2) дайди, овора.
Лоубол – бепарво, беғам.
Лоғ – ҳазил, эрмак, ўйин, найранг.
Луъбат – қўғирчоқ, ўйинчоқ.
Лў-лў – порлоқ, ярқироқ, марварид.
М
Маваддат, муваддат – дўстлик, севги, муҳаббат, боғланганлик, муносабат.
Мавзун – 1) ўлчанган, қоматга яраша бичилган; 2) тузилиши, келишган, чиройли; 3) вазнли, вазнга солинган.
Мавло – хўжайин, хомий, дўст, устоз, соҳиб, жаноб.
Маъво – бошпана, турар жой.
Мавоҳиб – совға, ҳадя, меҳрибонлик.
Магас – чивин, пашша.
Мад – 1) чўзилиш, узайиш; 2) бирор товушни айтишда чўзиш.
Маъдалат – адолат, ҳаққонийлик.
Мажри, мажра – 1) оқим, сув йўли; 2) жилға, ариқ (кўплиги мажори).
Маъжар – 1) панжара, ғов тўсиқ; 2) ниқоб, сочвон.
Мазаллат – пастлик, камситилиш, хорлик.
Мазоқ – 1) маза, лаззат, завқ; 2) тотиш аъзоси, тил, танглай.
Маъзур – узрли, афв этилган, кечирилган.
Майманат – бахт, фаровонлик, яхши яшаш (кўплиги маёмин).
Малоик – малаклар, фаришталар.
Маъман – омонлик жойи, қўрқинчсиз, тинч жой.
Мамлу – тўлаган, тўла.
Мамолик – мамлакатлар (бирлиги мамлакат).
Мансух – ташланган, бекор бўлган.
Манқуш – нақшланган, безатилган, нақшлар билан чиройли қилиб ишланган.
Маоб – қайтиш жойи, бошпана.
Маол – натижа, оқибат.
Маоний – маънолар (бирлиги маъно).
Маоф – 1) озод қилинган, бўшатилган; 2) афв этилган, оқланган.
Марас – ит бўйнига боғланадиган арқон.
Марбут – боғланган, боғли.
Мардумак, мардак – кўз қорачиғи.
Марғ – ўт, ҳайвонлар ейдиган ўсимлик, кўкаламзор, чаманзор.
Марғуб – ёқимли, севимли, маъқул.
Марғула – жингалак соч.
Масаррат – шодлик, хурсандлик.
Масиҳ, масиҳо – Исонинг лақаби.
Масҳур – сеҳрланган.
Матлаъ – 1) чиқадиган жой; 2) қуёшнинг чиқиш жойи; 3) шеър бошланиши.
Мафтуҳ – кашф этилган, очилган, забт этилган.
Махмур – хумори.
Махуф – қўрқинчли, ваҳмали.
Машварат – кенгаш, маслаҳат.
Машом – димоғ, ҳидлаш, бурун.
Машруҳ – шарҳланган, изоҳ этилган.
Машшота – пардозчи, оро берувчи.
Мағона – ўтга топинувчилар, зардўштлар.
Маҳд – 1) бешик; 2) кажава.
Маҳжур – айрилиб қолган, узоқлашган, маҳрум, жудо бўлган.
Маҳал – 1) фурсат, замон вақт; 2) жой, ўрин.
Маҳтоб – ойдин.
Маҳфил – жой, манзил, тўпланиш жойи, мажлис (кўплиги маҳофил).