Текст книги "Муҳаббат йўлида"
Автор книги: Закирджан Фуркат
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 12 страниц)
Тошканд шаҳрид бўлғон нағма базми хусусида
Эй суханвар, нуктарас аҳбоблар,
Фазл баҳрида дури ноёблар!
Арсаи донишда чобук тозлар,
Илм ила фан бобида мумтозлар!
Эшитинг, афсонае тақрир этай,
Назмни силки билан таҳрир этай.
Йилға минг саккиз юзу тўқсон эди,
Июл ойининг бири бўлғон эди.
Русия шаҳрини сайр айлар эдим,
Лекин андишимни хайр айлар эдим.
Иттифоқо, ул куни топиб хабар,
Айладим ярманка сориға гузар.
Тушти бир олий иморатға нигоҳ,
Русия халқиға эркан базмгоҳ.
Билет олдим, анда ўлтурдим кириб,
Базм бунёд эттилар, кўрдим кириб.
Катта зал ичра ёқиб беҳад чироғ,
Тўрт тарафни айламишлар тархи боғ.
Яхши боқсам пардаи тасвир экан,
Парда узра нақшдин таъсир экан.
Кўп чироғдин уйни равшан қилдилар,
Чун чароғистони гулшан қилдилар.
Сандали тартиб ила барпо қилиб,
Яъни аъло авсату адно қилиб.
Бор учун ул базм аро хосу авом,
Қилдилар махсус номерлик мақом.
Келдилар катта-кичик рус аҳлидин,
Немис ўлсун, ё франсуз аҳлидин…
Эркаку хотин яна кўп келдилар,
Сандалиларни нишиман қилдилар.
Жобажо ўлтурди келганлар ҳама,
Орзуйи базм қилганлар ҳама.
Бир бола, бир хотун аввал оз-оз,
Бўлдилар анда чиқибон нағмасоз.
Баъдазон қилди ашула бир киши,
Нағма эрди ёнида бир зан иши.
Сўнгра чиқди бир қуёш рухсори зан,
Эгнига кийган эди кўк пираҳан…
Талъати гўёки эрди муштарий,
Рашк этар кўрса жамолини пари.
Қўлда хат, қилди ашула ноз ила,
Ўртада танҳо, маҳин овоз ила.
Икки одам анга бўлди нағма соз,
Бири раёлу бири барбат навоз.
Нағмау овоз иков бир пардада,
Яъни савту соз иков бир пардада.
Завқ топти дил аларнинг созидин,
Шавқ топти жон мунинг овозидин.
Бўйла савту созда моҳир кўруб,
Қилди истиҳсон ҳам эл қарс уруб.
Офарин овози тўлди золға,
Туштилар ҳам завқнок аҳволға.
Ёнди таъзим айлабон моҳи томом,
Гўйиё ўз буржиға қилди хиром.
Чиқди ёна халқни толиб кўруб,
Завқини овозиға ғолиб кўруб.
Хониши дилсўз бунёд айлади,
Шавқ ўтини дилға муздод айлади.
Парда сори ёнди таъзим айлабон,
Қарс уруб эл қолди таслим айлабон.
Сўнгра чиқди бир йигит бир зан билан,
Нағма қилди савти шавқ афкан билан.
Нағмау хонишни додин бердилар,
Бу иков ҳам парда ичра кирдилар.
Икки зан чиқди, бири чолди раёл,
Бириси айтиб ашула бемисол.
Турди барбатни чалиб бир бола ҳам,
Ҳар учов кеткизди дарду ранжу ғам.
Офаринға элни қойил қилдилар,
Баъд ароға парда ҳойил қилдилар.
Бўлди ўтгач лаҳзаи рафъи ҳижоб,
Ўрнидин турганлар ўлтурди шитоб.
Жамъи қизлар чиқди ўн бешдин зиёд,
Бир қари устода айлаб инқиёд.
Қилдилар хониш ҳама якбораси,
Сув бўлуб оқди жигарлар пораси.
Қўл билан усто маҳорат кўргузуб,
Яъни хонишға ишорат кўргузуб…
Анда ул ноз офарин таннозлар
Тортишиб пасту баланд овозлар.
Чиқмай овози алар андозадин,
Айлади мафтун кўнгулни тозадин.
Онча мардумким тамошо айлади,
Борини овоз шайдо айлади.
Савт бирла ақлими лол этдилар,
Нағмадин кўнглумни беҳол этдилар.
Ҳеч ерда бўйла савт эшитмадим,
Хайриятким, анда ўздин кетмадим.
Нағмасин вофирлиғиға офарин,
Савтға моҳирлиғиға офарин.
Кирдилар ичкори ул қизлар тамом,
Базм ҳам ул дам тугалди, вассалом.
Соати ўн бирғача базм этдилар,
Сўнгра эл ўз уйиға азм этдилар.
Лек мендин кетмиш эрди ақлу ҳуш,
Лаҳза-лаҳза шавқ ўти айларди жўш.
Қайта кўрмоқ мумкин ўлсайди, дебон,
Музтариб дил сокин ўлсайди, дебон.
Алғараз ул кеча, эй, аҳбоблар,
Тонгғача ўчди кўзимдин хоблар.
Дилда бордур ҳоли ҳам бу орзу –
Ким, яна кўрмак қилурман жустижў.
МУХАММАСЛАР
«Биродарлар, мани бошимға тушди бу нечук савдо…»
Биродарлар, мани бошимға тушди бу нечук савдо?
Қарорим йўқ, қуюн янглиғ на манда манзилу маъво,
Биёбони таҳайюрда қолиб ман волаю танҳо,
На ёру ҳамдамим бордур, на қўлда ҳосили дунё,
Замона пурхатар, душман ададсиз, дўст бепарво.
Ману девона кўнглум бир-бирига турфа мойилдур,
Ки, жон бўйнига тори зулфидин юз минг салосилдур,
Ажаб бебок, бераҳму ажаб хунрез қотилдур,
Тўкар қонин ибосиз ҳар киши ногаҳ муқобилдур,
Саманди ноза мингач илкида шамшири истиғно.
Ниқобин гўшасидин гул юзи андак намоёндур,
Тамошодин кўзим булбул каби сармасту нолондур,
На ҳусну, на латофатдур? Халойиқ барча ҳайрондур,
На мушкин кокул эрмиш? Турраси ҳар ён паришондур,
Муаттардур ҳамма гўё тутошиб анбари соро.
Жаҳона тушди шўриш кечалар чеккан фиғонимдин,
Ва лекин ул пари огаҳ эмас сўзи ниҳонимдин,
Мани ажзу ниёзим шул эрур ороми жонимдин:
Демаским: «Ҳеч нишон борму бу расвойи жаҳонимдин?»
Куюб кул бўлса ошиқ, айламас бир зарра ҳам парво.
Фалак бедодгар бошимға солди буйла савдони,
Бало янглиғ мусаллат айлади кўб шўру ғавғони,
Қаёндин ошно қилди менга ул шўхи раънони,
Ситамгар, пуржафо, ноошно бир моҳи анқони,
Солибдур зулмидин мискин кўнгулга ғорату яғмо.
Фалак бахти қаро, ҳасратда умрумни адо қилди,
Гирифтори фироқ айлаб, бу ғамга мубтало қилди,
Қилиб бедодгарликлар, нигоримдин жудо қилди,
Ул ой ҳажриға ташлаб, бўриларға ошно қилди,
Нечук ҳасрат, нечук кулфат мани бошимғадур барпо?
Фалакдин шиква айлаб доду фарёд айласам камдур,
Юракка хуни ҳасрат тўлдию икки кўзим намдур,
Ки ман мундоғ уқубатда, рақибим шоду хуррамдур,
Рафиқим дард, ёрим меҳнату, андуҳ ҳамдамдур,
Киши йўқ сўрғудек, афтодаман: фарёду вовайло.
Фалак кажравлиғидин жому айшим ерга яксондур,
Ютуб хуноби ҳижрон таҳ-батаҳ бағрим тўла қондур,
Парилар зулфи янглиғ хотирим доим паришондур,
Кеча ул ой фироқида ишим фарёду афғондур,
На коҳиш тушмаган бўлса ғарибу хаста жонимғо.
Фалак, тоқинг бузулсун, кўб балоларга дучор эттинг,
Биров ишқида анжақ нотавону дилфигор эттинг,
Қулоқ солмай фиғонимға мани кўб бемадор эттинг,
На қилсанг қилғил эмди, ҳаддин оша интизор эттинг,
Турарга қолмади тоқат кўнгул ҳам волау шайдо.
Фалак, ҳасрат билан охир ойирдинг ул нигоримдин,
Кўнгул мулкини соҳиб давлату ул шаҳсуворимдин,
Кўзим оқи қаро бўлди, қаролаб интизоримдин,
Бу қайғудин агар ўлсам, унар лола мазоримдин,
Кўрарсиз, доғи ҳижрон бўлғуси ул лоладин пайдо.
Кўрар кун борму, ё раб, қайтадин ул моҳ талъатни,
Ани олдида йиғлаб бир-бир айтсам дарду ҳасратни,
Неча кун водийи ҳижронда чеккан ранжу меҳнатни,
Сўрарму ҳеч ким афтода бўлган зор Фурқатни,
Биров ишқида расволиғда ўлган борму деб мундо.
«Дўстлар, айшу тараб, фасли баҳор истар кўнгул…»
Дўстлар, айшу тараб, фасли баҳор истар кўнгул,
Ҳар куни саҳрода сайри лолазор истар кўнгул,
Айламак ҳар сори оҳулар шикор истар кўнгул,
Кабк рафторин кўрарға кўҳсор истар кўнгул,
Доғи хурсанд этгуси ҳар не ки бор истар кўнгул.
Гашт қилсанг аҳли дониш бир неча аҳбоб ила,
Тўла бўлса шишалар доим шароби ноб ила,
Гул яқоси масканинг ўлса канори об ила,
Бодаи гулранг тортиб, ўлтуруб одоб ила,
Ғусса дардин айлабон дафъи хумор истар кўнгул.
Мутриби хуш лаҳжалар танбурини соз айласа,
Руҳпарвар байт ўқуб, хиргоҳи овоз айласа,
Гоҳи «Мискин» машқию, гоҳи «Чапандоз» айласа,
Етса анжомиға ул, ғайрини оғоз айласа,
Гоҳи қонун, гоҳи ғижжак, гаҳ дутор истар кўнгул.
Мунисинг бўлса ҳамиша бир вафогустар нигор,
Ўзга фан этган виқору айлаган тамкин шиор,
Бўлсанг онинг васли бирла комрону комкор,
Шавқинг ошиб, бўйниға қўл ташлабон беихтиёр,
Бўса лаълидин олиб, қилмоқ канор истар кўнгул.
Тортибон гаҳ ғабғабидин, гаҳ узоридин ўпуб,
Ислаб-ислаб гоҳи ул чашми хуморидин ўпуб,
Кўзни суртуб гоҳи хатти мушкборидин ўпуб,
Гаҳ гирибонин очиб, кўксида норидин ўпуб,
Бош қўюб, тизиға этмак жон нисор истар кўнгул.
Солмаса чархи фалак давронимиз ичра халал,
Айлабон боғи ҳаётимиз хазон боди ажал,
Кўргузуб юз жаҳд, айёми баҳор ўтмай жадал,
Сайр қилсак ҳар баҳор айёми саҳрою жабал,
Чун зиёрат этмак асҳоби кибор истар кўнгул.
Неча кун маҳтоб тунларда олиб тарфи чаман,
Тонгғача гуллар аросида тузулса анжуман,
Ой каби қилса мунаввар боғ саҳнин настаран,
Ерға нақш ўлса саросар сояи барги суман,
Устиға қилмоқ хино бирла нигор истар кўнгул.
Гар фалак кажравлиғидин бахт ёвар бўлмаса,
Ҳамнишиним ҳар кеча бир моҳ пайкар бўлмаса,
Оразидин байт ул эҳзоним мунаввар бўлмаса,
Мунча қилғон орзулардин муяссар бўлмаса,
Фурқатий, узлат учун бир кунжи ғор истар кўнгул.
«Бир дам ўлтир, тугмаларни ечмасанг ҳам майлига…»
Бир дам ўлтир, тугмаларни ечмасанг ҳам майлига,
Бир пиёла чой тутдим, ичмасанг ҳам майлига,
Мен узулмам, гарчи сан лутф этмасанг ҳам майлига,
Бандаи бечора журмин ўтмасанг ҳам майлига,
Йил ўтиб ҳаргиз отимни тутмасанг ҳам майлига.
Кеча-кундуз фикру зикрим, сен хаёлим, эй ҳабиб,
Сендин ўзга ишқ бемориға йўқ ҳозиқ табиб,
Кеч гуноҳимни карамдин соғиниб ўлдим қарийб,
Душманим бирла юрурсан тобакай мендин безиб,
Бир сени кўрсам, мени сен кўрмасанг ҳам майлига.
Эй, омон бўл, келмасанг ҳам, соғман хоҳи касал,
Заҳри ҳижронинг мазоқимға тотур қанду асал,
Йўқла, хоҳи йўқлама минбаъд вақту бемаҳал,
Сен эсон бўлсанг саломат – менга давлатдур ўшал,
Гарчи беморинг эрурман сўрмасанг ҳам майлига.
Арзи ҳол айтай сенга, эй Юсуфи гул пираҳан,
Чун Зулайҳо козасидек йўлинг устида ватан,
Шавқи дийдоринг кифоя менга то жон дар бадан,
Ҳусн мулкин шоҳисен, бўлдим гадойинг шукр ман,
Қулларингни дафтарига битмасанг ҳам майлига.
Бўлмайин дерман Хўқандда то сени кўрмай тирик,
Келмас уйқу кечалар бўйнингга қўл солмай тирик,
Топмасам васлингни то мен борибон топмай тирик,
Ур пичоқ, ўлдир уриб кўксимғаким қолмай тирик,
Кўз юмай, сўнгра кўчамдан ўтмасанг ҳам майлига.
Мубталолар тарфиға, эй маҳлиқо, зебо санам,
На бўлур: не кечди аҳволинг дебон қўйсанг қадам?
Жону тан чун мўй эрур ҳам дийдаи пурхун алам,
Чора қил гоҳе бу дарди бедавога дам-бадам,
Фурқатий бемор деб ёндошмасанг ҳам майлига.
«Манам шўрида булбул бўстонидин адашганман…»
Манам шўрида булбул бўстонидин адашганман,
Юзи гул, қомати сарви равонидин адашганман,
Дилим ҳажри-ла қондур дилситонидин адашганман,
Ғариби кўйи ғурбат, хонумонидин адашганман,
Ва ё бир мурғи ваҳший ошёнидин адашганман.
Нетонгким, лаъли ёди ғунчадек бағримни қон айлар,
Хаёли наргиси андоқ наҳифу нотавон айлар,
Ниҳони куйдириб ҳажр ўти пўсту устухон айлар,
Тирикман зоҳир, аммо халқ бир одам гумон айлар,
Вагарна маҳз сурат, танда жонидин адашганман.
Бошимда ҳуш йўқ, ҳайронлиғимни боиси шулдур,
Кетиб ақлу хирад, нодонлиғимни боиси шулдур,
Етим қўзи каби нолонлиғимни боиси шулдур,
Харобу, бесару сомонлиғимни боиси шулдур,
Ки бир соҳиб каромат остонидин адашганман.
Биёбон гардиман Мажнун каби бир Лайли ёдида,
Бўлуб ошуфта занжири жунун басту кушодида,
Қилурмиш қатъ раҳ ҳар кимса охир ўз муродида,
Югурсам ҳар тарафга, айб қилманглар бу водийда,
Мисоли телба итмен корвонидин адашганман.
Маломат ўқларидин дилфигору сийна чок охир,
Йиқилди нотавонлиқ бирла жисми дарднок охир,
Худоға шукрким, кетдим анинг йўлида пок охир,
Муҳаббат ўтида куйгач, бўлуб бир тўда хок охир,
Фано боди тегиб ному нишонидин адашганман.
Қилиб ёд ўтган умримни чаман оби равонидин,
Муҳаббатномаларни ёд олиб савсан забонидин,
Тикан захмини англаб ғунчани қонлиғ даҳонидин,
Ўқуб гул дафтарини бир варақ фасли хазонидин,
Жаҳон боғида булбулдек фиғонидин адашганман.
Саёдат чархини меҳри, асолат авжини моҳи,
Шаҳи мулки фано, курсию шамси арш хиргоҳи,
Етушмас хоки кўйиға Сикандар хашмати жоҳи,
Тариқат мулкини шоҳи, ҳақиқат сиррин огоҳи,
Ўшандоқ пири комил хонадонидин адашганман.
Кўнгулни эл диёри ичра бедоғ, ибтиҳож айлай,
Бориб кимға ғариблиқ бирла арзи эхтиёж айлай?
На суд андинки, шарҳи достоним юз қулоч айлай?
Бошимға тушти ғурбат офтоби, на илож айлай?
Фалакни гардишидин – соябонимдин адашганман.
Қадимни хам кўронлар ишқ бори меҳнати дерлар,
Танимда нотавонлиқ боиси ғам касрати дерлар,
Қаёнда бўлса бир ғурбаткашида улфати дерлар,
Замона аҳли мухлис, бу сабабдин Фурқатий дерлар,
Неча йилдур бир ошуби замонидин адашганман.
«Эрмас манга ғараз гул, гулдин нишон ўзингсан…»
Эрмас манга ғараз гул, гулдин нишон ўзингсан,
Марғуб эмас сановбар сарви равон ўзингсан,
Қадди сиҳи, юзи гул, ғунча даҳон ўзингсан,
Қилғон чаманда ғунча бағрини қон ўзингсан,
Зийнат физойи боғу ҳар бўстон ўзингсан.
Умре эрур, ётибман туфроқда зору ноком,
Сол соя бошим узра сарвингдин, эй гуландом,
Ҳайратда ман билолмай оғози қайси анжом,
Жону кўнгулда йўқдур сенсиз қарору ором,
Кел, эй кўнгул қарори, оромижон ўзингсан.
Зоҳир қилиб борурсан гаҳ ишва ҳар қаёнға,
Пинҳони ўт солурсан жисм ичра хаста жонға,
Гар қўзғотиб кўзингдин юз фитналар замонға,
Ғамзанг солур, нигоро, гаҳ шўрлар жаҳонға,
Сар фитнаи замон ҳам шўри жаҳон ўзингсан.
Маҳбуб йўқ сенингдек, гулчеҳра, шўхи танноз,
Нахли қади назокат боғида жилва пардоз,
Ишқингда жон берурға бориси марду жонбоз,
Ушшоқ қулларингға жойиздур айласанг ноз,
То кишвари малоҳат тахтида хон ўзингсан.
Хам бўлди қоматингдин гулшанда нахли тарлар,
Оғзинг ғамида ғунча қон айлади жигарлар,
Топмас агар-чи андин аҳли дақиқ асарлар,
Лоф урмасун белидин даҳр ичра мў камарлар,
Танҳо латиф пайкар, нозик миён ўзингсан.
Айлар абас тишингга дурлар Аданда даъвий,
Ҳам лаъли лабларингга мулки Яманда даъвий,
Шаҳло икки кўзингға оҳу Хўтанда даъвий,
Тўти шакар оғиздин сочиб суханда даъвий,
Ботил эрур тамоми, ширин забон ўзингсан.
Ноз ила боз дерсан, эй сарви хуш хиромон,
Фурқат, не булҳавассан, ишқимда бермадинг жон,
Охир бу туҳмат ила бағримни қилмағил қон,
Бузган ерида турмай, юз йўла аҳди паймон,
Золим, жафошиору номеҳрибон ўзингсан.
«Даҳр аро мен чекмаган жабру жафолардин бири…»
Даҳр аро мен чекмаган жабру жафолардин бири,
Қолдиму, ҳам кўрмаган дарду балолардин бири,
Айласам зоҳир агар ул ибтилолардин бири,
Тоқат этмас дарди ишққа мубталолардин бири,
Шарҳи ғам қилса, қани, бағри адолардин бири.
Чархдек доим юрай ишқида саргардон бўлуб,
Арсаи оламни кездим бесару сомон бўлуб,
Ғам билан ўлдим асири ғуссаи ҳижрон бўлуб,
Кору борим кечаларда нолаю афғон бўлуб,
Сўрмади ҳоли дилимни ошнолардин бири.
Пайкаримни лашкари андуҳ помол айлади,
Риштаи жонимни ҳижрон меҳнати нол айлади,
Ғам ҳужуми касрати кўнглумни беҳол айлади,
Қоматим хам ҳасрати монандаи дол айлади,
Фикрим абрўси эрур мижгон асолардин бири.
Бир сари бечоралиғдин кечалар бедор эдим,
Бир сари эл таънасидин сийнаси афгор эдим,
Чора топмай бу иковга зор ҳам ночор эдим,
Алғараз, доим бу қайғулар ила бемор эдим,
Ҳамдамим эрди-ю рангим каҳраболардин бири.
Дер эдим: доим ўзим олам аро хуррам тутай,
Ёр ўлуб айшу тараб аҳлига тарки ғам тутай,
Даҳр аро озодалар домонини маҳкам тутай,
Ўзни боз ул дарду кулфат аҳлиға ҳамдам тутай,
Чунки ҳосил бўлмади ул муддаолардин бири.
Меҳрибонлик пеша айлаб, кимга кўргуздим вафо,
Тарки меҳр айлаб менга ҳаддин фузун қилди жафо,
Йўқ эрур мендек киши толиъ забун, бахти қаро,
Минг вафоға бир вафо ҳам кўрмадим олам аро,
Қолмамиш бўлғой магар аҳли вафолардин бири.
Ҳар тараф елдим, югурдим, ҳайфким, лайлу наҳор,
Саъй қилдим қайси навъ ўлса агар анжоми кор,
Ҳар тариқ ўлса ризоси бирла, бўлдум устувор,
Гарчи қилдим хизматида умр сарфу жон нисор,
Ҳолима бир боқмадилар ағниёлардин бири.
Муддате дунё учун елдим, югурдим ҳар тараф,
Ҳасратоким, бўлди нодонлиғ била умрим талаф,
Борадурман нақди тоатдин бўлубон холи каф,
Йўл махуф, эмди қадам қайдоқ урарман «лотaхаф»,
Деб, қўлимдан тутмагунча раҳнамолардин бири.
Кечти авқотим, дариғо, бўйла нодонлиқда, ҳайф,
Бандаман деб тутмайин амрини нодонлиқда, ҳайф,
Нафсим ўлмасдин бородур номусулмонлиқда, ҳайф,
Қолғон умрим ҳам ўтар эмди пушаймонлиқда, ҳайф,
Зойил ўлмай аввалий кибру ҳаволардин бири.
Мунисим – толиъ забунлар, ёр – бахти қоралар,
Ҳамдамим – тиғи аламдин сийнаси садпоралар,
Бистарим – хоки мазаллат, такя – санги хоралар,
Ғамгусоримдур – балийят даштида овворалар,
Маҳрами розим ўлуб мотамсаролардин бири.
Ҳар киши оламда кўп чекса жафойи ишқини,
Билса роҳат жонига ранжу балойи ишқини,
Подшоҳи ҳусн чарлаб мубталойи ишқини,
Сарфароз айлар эмиш бир кун гадойи ишқини,
Шукрким, кўйида мендурман гадолардин бири.
Фурқатий бир сарвқомат ишқида бўлган асир,
Қумри янглиғ тортарам шавқида фарёду сафир,
Қош ила мужгонидин ёнимда тиғ, илкимда тийр,
Чуғздек вайрона ичра гарчи бўлдим жойгир,
Бир хабар олмас келиб пайкарҳумолардин бири.
«Кўнглум истар ўлғоли ул ҳур сиймо бирла дўст…»
(Навоий ғазалига мухаммас)
Кўнглум истар ўлғоли ул ҳур сиймо бирла дўст,
Яъни ул нозофарину жилвапиро бирла дўст,
Телба қилмоқ қасдида бўлганда доно бирла дўст,
Ёр бўлмоқ тонг эмас, мен зору расво бирла дўст,
Ким, пари гоҳи бўлур мажнуни шайдо бирла дўст.
Оғзидин истаб нишон бирдам тиниб ўлтурмағум,
То тирикмен, ўзга сўз бир нукта андин сўрмағум,
Айламай жондин гузар лофи муҳаббат урмағум,
Лаълини севдим, кўзини қатлидин қайғурмағум,
Не ғам ўлмакдин, киши бўлса Масиҳо бирла дўст.
Йўқ эрур кунжи харобот ичра ҳеч кимдин камим,
Хишт-хум тожим эрур, синғон қадаҳ жоми Жамим,
Мастлик, бебоклик доим рафиқу ҳамдамим,
Бодапаймо зоҳид ўлса, душман эрмасдур ғамим,
Менки бўлдим бир ҳарифи бодапаймо бирла дўст.
Гар бағир қони нишони кўз ёшинда кўп турур,
Онча ёшлар бошима отқон тошинда кўп турур,
Демангиз аҳли жунун нечун қошинда кўп турур,
Зулфи савдоси бу савдойи бошинда кўп турур,
Бўлса савдо аҳли, тонг йўқ, аҳли савдо бирла дўст.
Юз баҳор ўлсунки, олам гулшани имконида,
Йўқ эрур бўйи тароват сунбулу райҳонида,
Ётмоқ андин хўб эмасму ҳасрати зиндонида,
Сарв қадлиғ, гул жабинлиғ дўстни ҳижронида,
Ўлғомен не гул била, не сарви раъно бирла дўст.
Меҳр банда оразиға, гарчи ул Ховар шаҳи,
Бўлди ер ўпмоқ ила чархи муалло хиргаҳи,
Чашми уммидим ёрур, фикр айлагач хоки раҳи,
Ҳижридин олам қаронғудур, вале йўқ, даргаҳи,
Жилва қилса, ул жамоли оламоро бирла дўст.
Йўқ менга чекмак ётиб кўйида ғамдин яхшироқ,
Хорлиқ ҳажрида бўлган муҳтарамдин яхшироқ,
Жаври онинг ўзгалар қилган карамдин яхшироқ,
Хизр юз меҳр ила тутган жоми Жамдин яхшироқ,
Тутса май дурдини юз торожу яғмо бирла дўст.
Ҳирси лойи бирла қилма доманинг олудалиқ,
Олам ичра бўлмағай мундин ёмон беҳудалиқ,
Сену ташвиши жаҳону ранжу ғам фарсудалиқ,
Бўлма дунёдўст, гар истар эсанг осудалиқ,
Лек ҳар не қилсалар, бўл аҳли дунё бирла дўст.
Фурқато, ич заҳр аёғи келса, қонма дўстдин!
Талхком ўлдим дема! Ҳаргиз ўсомна дўстдин,
Тонимаслик қилса ҳам ҳарчанд, тонма дўстдин,
Эй Навоий, неча душман бўлса, ёнма дўстдин,
Чунки бўлмушдур сенга юз минг таманно бирла дўст.
«Кўнгулда орзуйи васли ул олий жаноб айлаб…»
(Навоий ғазалига мухаммас)
Кўнгулда орзуйи васли ул олий жаноб айлаб,
Ётиб эрдим фироқ андуҳи жонимға азоб айлаб,
Баногаҳ гул юзиға, сунбули зулфин ниқоб айлаб,
Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб,
Хироми суръатидин юз уза тердин гулоб айлаб.
Қилич тортиб қинидин қон тўкарға ул жафогўстар,
Кўзини туркидин яғмо солиб оламға сар то сар,
Нигаҳ пайконин олмосин дағи айлаб анго дарбар,
Қилиб мужгонни шабрўлар каби жон қасдиға ханжар,
Белиға зулфи анбарборидин мушкин таноб айлаб.
Агар чанди адошиб ақлдин бўлди тилим алкан,
Кўруб шавқи била айлар эди жону дилим шеван,
Қаронғу кечани кундуз қилиб, ул шўхи жодуфан,
Қуёшдек чеҳра бирла тийра кулбам айлагач равшан,
Менга титратма тушти зарра янглиғ изтироб айлаб.
Ўшал оқшом менга қандоғ саодат оқшом эрди,
Ким, ул оромижон танҳо келиб эшик очиб кирди,
Дедим: меҳнат тутиб, кўзга аёғинг қўйсанг арзирди.
Кулуб ўлтурдию илким тутиб ёнида ер берди,
Такаллум айлади ҳар лафзидин дурри хушоб айлаб.
Дебон: «Ишқим йўлида содиқим менсиз нечукдурсан?
Чекиб ҳажрим висоли лойиқим менсиз нечукдурсан?
Вафода ўзгалардин фойиқим менсиз нечукдурсан –
Ки, эй зори балокаш ошиқим, менсиз нечукдурсан?»
Мен ўлдум лол, сўз айтолмайин майли жавоб айлаб.
Кўруб танҳолиғим ғам гўшаси ичра, дили куйди,
Тараҳҳум бирла кўнглум овлабон шафқат қилиб суйди,
Хуморим андуҳидин жон ютмагимниму магар туйди,
Чиқарди шишаи май доғи бир соғар тўла қуйди,
Ичиб тутти менга юз навъ нозосо итоб айлаб.
Димоғингға насими васл тегдимуки, жўш этдинг,
Муродинг ғунчаси очдиму, булбулдек хурўш этдинг,
Сабаб на эрди, якбора доғи ўзни хамўш этдинг,
Ки, эй мажнун, пари кўрдинг магарким, тарки ҳуш этдинг?
Такаллум қил, бу соғарни ичиб рафъи ҳижоб айлаб.
Ишорат айлар эрди бўсалар юздин, гаҳи кўздин,
Оғизни олма деб лаълимдин асло, кўзни ҳам юздин,
Ўзумни тўхтатолмай бўйла лутфомизлиқ сўздин,
Ичиб фарёд этиб тушдим аёғиға кетиб ўздин,
Мени, йўқ бодаким, лутфи анинг масту хароб айлаб.
Нетарсен, кеча ёринг келса, Фурқат, уйқуни мундоқ?
Кечургил кечани бедорлиқда ҳар туни мундоқ,
Демушдур ишқ устоди: муҳаббат йўсуни мундоқ,
Аниким элтгой ноз уйқуси ишрат туни мундоқ,
Навоийдек ётар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.
«Ошиқи дилдодадурман, дилбаримни кавлама…»
(Машраб ғазалига мухаммас)
Ошиқи дилдодадурман, дилбаримни кавлама,
Ахгар ўлди ғам ўтида, пайкаримни кавлама,
Сайр қилдим баҳру бар, хушку таримни кавлама,
Эй сабо, ғамбодадурман, бистаримни кавлама,
Чун шафақ олудаман, хокисторимни кавлама!
Чархи кажрафтордин беҳад аломатлар келур,
Бу сабаб кўздин юза ашки надоматлар келур,
Гар юракни қўзғасам, ширин ҳикоятлар келур,
Ҳар замоне Лайлидин менга китобатлар келур,
Санки, Мажнун бўлмасанг, сардафтаримни кавлама!
Ғамдин озода билур озодаларни ҳолини,
Йўқса мискин на билур шаҳзодаларни ҳолини,
Хурдадонлар билмадилар соддаларни ҳолини,
Хонавайронлар билур афтодаларни ҳолини,
Эйки, маҳрам бўлмасанг, чашми таримни кавлама!
Ишқ савдоси тушуб бошимға, аҳволим хароб,
Жоним айлар тан аро сиймоб янглиғ изтироб,
Таъна қилма, зоҳидо, кўнглумда ғамлар беҳисоб,
То кишиға дард тегмай, бўлмади бағри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса, дарди саримни кавлама!
Неча кунлар ҳамдам ўзга ваҳшию тайр айладим,
Билмадим, бу йўлда шарр қилдим ва ё хайр айладим,
Ғам ҳужум этти, анинг-чун масканим дайр айладим,
Ломаконни шаҳрини бир « ҳу» била сайр айладим,
Жабраили ишқман, болу паримни кавлама!
Гаҳ ўзимни сувға урдум, гоҳ ўтга дам-бадам,
Бўлмади даврон сафоси лаҳзае бошимға кам,
То шариатни тутуб қўйдум тариқатга қадам,
Баҳри раҳматга кириб, қилдим вужудимни адам,
Маърифатдин бехабарсен, гавҳаримни кавлама!
Чун қадам қўйдинг бу йўлға, бўлма бематлаб вале,
Фахри зиллат бўл, талашма ғурбати мансаб вале,
Фурқатий, саргашта бўлсанг, йиғлагил ҳар шаб вале,
Дурри дарёйи маоний бўлди чун Машраб вале,
Дийда бийно бўлмасанг, кўб жавҳаримни кавлама!