Электронная библиотека » Жаъфар Термизий » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Вақт таъми"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Жаъфар Термизий


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Жаъфар Муҳаммад
Вақт таъми

ЮРАК ЮРТИДАН ВАҚТ САЛТАНАТИГАЧА

Жаъфар Муҳаммадни юракка ўхшатаман – тўхтовсиз ҳаракатда, доимий ўзгаришда бўлиб турган юракка. Унинг тафаккури ҳам, ижоди ҳам, ўзи ҳам… юрак каби доимий ҳаракатда, ўзгаришда, ривожланишда, такомиллашишда. Шу сабабдан бўлса керак, баъзида Жаъфар Муҳаммад Термизий танқидчиларининг кеча берган баҳоси, кеча чиқарган хулосаси бугунга мувофиқ келмай қолади. Жаъфар Муҳаммад ҳамиша ўз адабий танқидчиларидан бир қадам олдинда юради. Унинг ижоди турли йилларда ишқий шеърият, ирфоний шеърият, фалсафий шеърият, ижтимоий шеърият, халқона шеърият… сифатида баҳолаб келинди. Кимдир у деди, кимдир бу… Бироқ ҳеч ким бир тўхтамга келолмади. Чунки, биринчидан, ўз ижодида у ёки бу жанр билан чекланиб қолмасдан, классик ва замонавий адабиётнинг барча жанрлари, жумладан, ғазал, қасида, маснавий, мухаммас, мустазод, қитъа, рубоий, дубайтий, фард каби классик шеърият жанрлари ҳамда бармоқ вазни, эркин шеър ва оқ шеър каби замонавий шеърият турларидан бир хилда фойдаланадиган Жаъфар Муҳаммад шеърларида инсоний ва илоҳий ишқни ҳам, ирфоний ва фалсафий мушоҳадаларни ҳам, халқона оҳангларни ҳам учратиш мумкин. Иккинчидан, юқорида айтиб ўтганимиздек, Жаъфар Муҳаммад доимий ҳаракатда, ўзгаришда… У ойдан ойга, йилдан йилга, тўпламдан тўпламга, шеърдан шеърга… такомиллашиб бораверади. Унинг кейинги шеърлари, кейинги тўпламларида қандай янги шакл ва маъноларни қўллашини башорат қилиш қийин. Бу сафар ҳам шундай бўлди: Жаъфар Муҳаммаднинг янги шеърий тўплами ўқувчиларга янги маъно оламларини тортиқ этди.

Шоирнинг навбатдаги тўплами ҳажман кичикроқ, мўжазроқ бўлса-да, анчагина катта маъно оламини ўзида акс эттирган. Бу тўплам ўзининг муаллифига – чаққон жуссасида улкан тафаккур юкини кўтариб юрган Жаъфар Муҳаммаднинг ўзига ҳам ўхшаб кетади. Умуман олганда, бу Жаъфар Муҳаммад ижодига хос хусусият: кичик ҳажмли шеърларида улкан маъно, кичик ҳажмли тўпламларида улкан дунё… акс этади.

Қўлингиздаги тўплам тўғрисида сўз юритишдан олдин ӯзбек ва форс-тожик тилларида ижод қилувчи зуллисонайн шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жаъфар Муҳаммад ижоди ҳақида икки оғиз эслатма бериб ўтсак. Шу пайтгача шоирнинг еттита шеърий тўплами – “Ёмғирнинг нигоҳи” (Термиз, 1997), “Қуёш киприклари” (Душанбе, 1999), “Рангнинг яшил чиқиши” (Тошкент, 2003), “Тажаллий” (Тошкент, 2008), “Кўзгу ҳайрати” (Тошкент, 2010), “Ишқ ошиғи” (Тошкент, 2011) ва “Қуёш сийрати” (Тошкент, 2014) ҳамда битта сайланмаси – “Ҳануз ишқ…” (Теҳрон, 2011) дунё юзини кўрган бўлиб, сиз ўқиб турган мажмуа унинг шу ҳисобдаги саккизинчи шеърий тўпламидир. Ушбу тўпламлар мазмуни шуни кўрсатадики, Жаъфар Муҳаммад шеърияти мажозий-рамзий образларга бой бўлган, фалсафий ва ирфоний руҳият билан йўғрилган, шунинг билан биргаликда халқона оҳангларга ҳам ҳамоҳанг бўлган шеъриятдир. Ишқ, инсон, ватан, ҳаёт, гўзаллик, инсонийлик, эзгулик каби мавзулар диққат марказида турган, умид ва некбинлик муҳити ҳоким бўлган ушбу шеърият ўқувчини инсон руҳий кечинмалари оламига етаклаб боради.

Жаъфар Муҳаммаднинг “Вақт таъми” деб номланган янги тўплами, бир томондан, шоир руҳиятида давом этаётган жараёнларнинг мантиқий давоми бўлса, иккинчи томондан, янги тушунчалар, янги поэтик образлар, янги ечимлар, янги кашфиётларга бой. Бармоқ вазни, ғазал ва оқ шеър каби жанрларда ёзилган шеърларни ўз ичига олган ушбу тўпламнинг маъновий структурасида юрак ва вақт тушунчалари алоҳида ажралиб туради. Келинг, аввал шоир талқинидаги юрак тушунчасига эътибор қаратайлик.

Юрак ҳақиқий ва мажозий маънолар туташмаси, инсон вужуди ва моҳиятининг марказидир. Юрак жисм ва руҳдан иборат бўлган одамнинг нафақат танасини, балки унинг руҳиятини ҳам ҳаракатлантирувчи кучдир. Баъзида фақатгина маънавий ва руҳий характерга эга бўлган кўнгилдан фарқли равишда моддий ва жисмоний жиҳатга ҳам эга бўлган юракни кўнгил ва қалб тушунчаларидан қуйироқда кўришимиз, айрим ҳолларда эса унга фақатгина моддий тушунча сифатида қарашимиз тўғри эмас. Зеро, юрак инсон руҳияти тизимидаги қалб ва кўнгил силсиласининг нафақат бошланғич нуқтаси, балки ушбу силсиланинг асос-пойдеворини ҳам ташкил этади. Ўзининг кутилмаган ва ҳайратли поэтик ечимлари билан одамни ҳайратга солиб келган Жаъфар Муҳаммад юракнинг ана шу жиҳатларини маҳорат билан очиб беришга муваффақ бўлган.

Шоир наздида юрак инсонларга саҳарлар ато этиб, ўзи хуфтон бўлувчи, инсонларга ўзлик бағишлаб, ўзини йўқотувчи, яъниким, инсоннинг ўзлигига сингиб кетувчи моҳиятдир:

 
Нега бунча хуфтонсан, хуфтон,
Саҳарларни уйғотган Юрак?
Менга ўзлик бахшида этиб,
Ўзлигини йўқотган Юрак?
 
(“Юрак балладаси”)

Жаъфар Муҳаммад нигоҳида юрак инсон руҳиятини бошқариш, инсонни ўз йўлига бошлаш учун у билан доимо талашиб-тортишувчи сийратдир:

 
Дунё! Муштдай юрак кўксимда,
Муштлашади мен билан доим.
 
(“Дунё”)

Шунингдек, юрак нафақат инсон руҳиятининг, балки дунё моҳиятининг ҳам асоси, ўқи бўлиши керак. Акс ҳолда бундай дунёнинг кераги йўқ:

 
Энди нетай, сенсиз ўзимдан
Бир нафас ҳам кўнглим тўлмаса!
Дунёсидан безорман, агар,
Унда сендек юрак бўлмаса!
 
(“Юрак балладаси”)

Ва ниҳоят, шоир юракка маълум бир юрт, миллат ва динга тегишли бўлмаган умуминсоний қадриятлар тимсоли сифатида қарайди:

 
Кимсан, Юрак? Қайси юртдансан,
Айтгин, кимдир аслу насабинг?
Етмиш учта мазҳаб ичидан
Кайси бири сенинг мазҳабинг?
 
(“Кимсан, Юрак?”)

Энди шоир талқинидаги вақт тушунчаси тўғрисида. Вақт олдинлари ҳам Жаъфар Муҳаммаднинг диққат марказида турган мавзулардан, тушунчалардан, ҳодисалардан, моҳиятлардан… бири. Жумладан, у ўз шеърларидан бирида вақтни гоҳ инсонларга ҳаёт дарсини ўргатувчи донишманд орифга, гоҳ инсонга берилган умрни бир пасда поёнига етказиб қўювчи шафқатсиз бўрига менгзаш орқали вақт моҳиятининг турли қирраларини очиб беришга муваффақ бўлган бўлса, қўлингиздаги тўпламда вақтнинг моҳиятий функциялари янада кенгайтирилган кўринишда намоён бўлади.

Жаъфар Муҳаммад талқинидаги вақт баъзида инсон руҳиятига захм (жароҳат) ва ваҳм (хаёл) етказувчи, унинг сўзларига эса таъм бағишловчи ҳодиса сифатида кўзга ташланади:

 
Ниҳоят, келдинг –
Юзларингда
Вақт захми,
Кўзларингда
Вақт ваҳми,
Сўзларингда
Вақт таъми.
 
(“Вақт таъми”)

Шунингдек, шоир нигоҳида вақт шаклни мазмунга, моддани моҳиятга айлантириш қудратига эга кучдир:

 
Мен эса
Вақт хумида
эзилиб-эзилиб
Шаробга айланиб кетган узумман…
 
(“Вақт таъми”)

Жаъфар Муҳаммад “Вақт анатомияси” шеърида вақт моҳиятининг турли қирраларини бирмунча кенгайтирилган ва тафсиллаштирилган тарзда кўрсатиб беришга уринади. Унинг наздида вақт гоҳида шошилмаслик ва донишмандлик рамзи бўлган тошбақага, гоҳида сукунатни қўққисдан бузувчи қурбақага… ўхшаб кетади:

 
Вақт –
чопиш бўйича
чемпион бўлган
бир қуён билан
пойгага тушган
зил-замбил донишманд тошбақа.
Вақт –
туннинг шап-шаффоф
ойналарини
чил-чил-чил синдирган
қўшиқчи қурбақа.
 
(“Вақт анатомияси”)

Жаъфар Муҳаммад ўзининг янги тўпламида ҳозирги ўзбек шеъриятида қўлланила бошлаган “сенсизлик”, “менсизлик”… каби поэтик-фалсафий категориялардан фойдаланишга бирмунча муваффақиятли тарзда уринган. Шоир Усмон Азим, Фахриёр ва бошқалар томонидан ўртага ташланган, ҳозирги шоирлар ижодида тез-тез учраб турадиган ушбу тушунчаларга ўзгача бир ранг беришга ҳаракат қилган.

Сенсизлик Жаъфар Муҳаммад нигоҳида биринчи навбатда ҳижрон сувратидир:

 
Энди тортар ҳижрон азобин
Сенсизликда яшаётган шеър.
 
(“Сенсизликда яшаётган шеър”)

Шунинг билан биргаликда, сенсизлик фақатгина севгили ёрдангина эмас, балки ўздан ҳам жудоликдир:

 
Сўнгсизликдан қутқарасанми,
Сенсизликдан қутқарасанми?
Сенсизликмас, аслида мени
Менсизликдан қутқарасанми?
 
(“Майли эди…”)

Шоир ўзининг “Биласанми?” шеърида сенсизлик ва менсизликнинг – ундан ва ўзидан жудоликнинг яхлит картинасини чизиб беришга уринади:

 
Сен
Менинг
ҳеч қачон
топмаган
Сенсизлигимсан.
 
 
Мен
эса
Сенинг
азалдан
йўқотган
Менсизлигингман.
 
(“Биласанми?”)

Жаъфар Муҳаммад ундан ва ўзидан жудолик тасвиринигина эмас, балки уни ва ўзини ўрганиш ва тадқиқ қилиш формулаларини ҳам ўртага ташлайди. Шоирнинг инсон руҳияти тадқиқотлари натижасида таклиф этган янги ечимларидан, амалга оширган янги кашфиётларидан бири “сеншунослик” ва “меншунослик” тушунчаларидир. Тўпламдан жой олган “Меншунослик факультети” номли кичик шеърда ушбу тушунчалар ўртасидаги ўзаро муносабат тасвирланади:

 
Мен
Сеншуносман,
касбим – шу,
корим – шу!
 
 
Лекин Сен
Меншунослик факултетида
ўқишни ҳеч қачон
истамагансан
бўлмағур соҳа деб…
Не қилай,
Борим – шу!
 
(“Меншунослик факултети”)

Жаъфар Муҳаммад ҳамиша орзу, умид ва некбинлик шоири бўлиб келган. У ўзининг “Бир куни…” деб номланган шеъри билан нафақат ўзининг навбатдаги шеърий тўпламига, балки ҳозирга қадар бўлган кечинмаларига ҳам нуқта қўяди, гўё… ва янги тафаккур, мушоҳада, муроқаба… маҳсуллари билан шеърият ихлосмандлари ҳузурига қайтиб келишга сўз беради:

 
Бир куни
Япроқлар устида
Милтиллаб,
Мўлтираб турган
Шабнамларнинг садосиз азонлари остида,
Сув сатҳида оқ муроқабага
Кетган нилуфарларнинг
Сукути қаъридан
Дунёга қайтадан
Туғилиб келаман!
 
(“Бир куни…”)

“Вақт таъми” тўпламидан бармоқ вазнида ҳамда ғазал, эркин ва оқ шеър жанрларида яратилган шеърларни ўз ичига олган “Юрак юрти”, “Тажаммул”, “Вақт анатомияси” ва “Қўшиқларда янграган оҳанг” номли алоҳида туркумлардан ташқари Жаъфар Муҳаммаднинг форс-тожик классик ва замонавий шеърияти намуналаридан таржималари ҳам жой олган. Бунда ўқувчи шоирнинг ўтмиш шоирларидан Умар Хайём ва Мирзо Масеҳо Бойсуний, ҳозирги замон тожик шоирларидан Лойиқ Шерали, Гулназар, Низом Қосим ва Фарзона Хўжандий, Эрон шоирларидан Суҳроб Сипеҳрий ва Салмон Ҳиротий шеъриятидан намуналарнинг ўзбек тилига таржимаси билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Жаъфар Муҳаммаднинг эллик ёшлик тўйи арафасида нашр этилган ушбу тўплам борасида билдирган мулоҳазаларимиз сўнгида шоир ижодига янгидан-янги муваффақиятлар тилаб, ундан янги шеърлар, янги тўпламлар, янги тафаккур дурдоналари кутиб қоламиз.

Шокиржон ОЛИМОВ,
шарқшунос ва таржимон

ЮРАК ЮРТИ

 
Кимсан, Юрак? Қайси юртдансан,
Айтгин, кимдир аслу насабинг?
Етмиш учта мазҳаб ичидан
Кайси бири сенинг мазҳабинг?
 
КИМСАН, ЮРАК?
 
Кимсан, Юрак? Қайси юртдансан,
Айтгин, кимдир аслу насабинг?
Етмиш учта мазҳаб ичидан
Кайси бири сенинг мазҳабинг?
 
 
Кимсан, Юрак? Бу изтиробли
Дунёда ким бўлиб туғилдинг?
Айтгин, Юрак, кайси санамнинг
Қошларига осон тутилдинг?
 
 
Кимсан, Юрак? Сўнгсизликларда
Даъвоси кўп бедаво шоир?
Кимсан Юрак? Ҳатто бирон-бир
Уюшмага ноаъзо шоир!
 
 
Кимсан, Юрак? Пайғомларинг не?
Қайси элнинг элчисисан Сен?
Кимсан, Юрак? Забонинг борми?
Қайси тилнинг тилчисисан Сен?
 
 
Кимсан, Юрак? Муҳаббатингни
Нега мендан яшириб келдинг?
Ичингда зил кетдингу аммо
Зоҳирингда ёшариб келдинг.
 
 
Кимсан, Юрак? Қайси дарахтнинг
Томиридан илдиз отгансан?
Кимсан, Юрак? Минг йилдан буён
Кимни, кимни, кимни кутгансан?
 
Тошкент, 2015 йил, сентябр
ЮРАК ЮРТИ
 
Фалсафани излаб боргандек
Файласуфлар Юнонистонга
Юрагимга ўхшашин излаб
Бордим мен ҳам Юрагистонга.
 
 
Кездим, кўрдим Юрак юртида
Бисёр экан Юрак дегани.
Ҳатто ҳар бир ошхона бунда
Бўлган экан Юрак маскани.
 
 
Қайга боқсанг, Юракнинг мавжи:
Кўча-кўйда, бозорда Юрак.
Осилган ё ёпиштирилган
Афишадек деворда Юрак.
 
 
Отчопарга ўхшаган жойда
Юрак очиқ сотилар экан.
Камончилар майдонида ҳам
Юракка ўқ отилар экан.
 
 
Юрак урар экан тўхтовсиз
Калималар, иборатларда.
Юрак яшар экан ҳаттоки
Юз қаватли иморатларда.
 
 
Тентирадим Юрак юртида
Муҳаббатдан дарак топмадим.
Бутун бошли Юрагистондан
Юрагимдай Юрак топмадим.
 
Тошкент, 2015 йил 20 сентябр
СЕНСИЗЛИКДА ЯШАЁТГАН ШЕЪР
 
Нигоҳларинг нақадар тиниқ,
Хаёлларинг нақадар мовий.
Нафас олар нақадар нафис,
Қалбингда бир туйғу самовий.
 
 
Очилади нафасларингдан,
Муҳаббатга муштоқ ғунчалар.
Наҳот, наҳот инсон дегани,
Гўзал бўлар, латиф шунчалар?
 
 
Сен мен учун яралган эдинг,
Сени мендан қизғанди қисмат.
Латифалар айтиб авради
Юрагимни афанди қисмат.
 
 
Сенинг ипак хаёлларингни
Юрагимга тўзарди ғазал.
Икки қошинг – байтингдан нусха
Олиб девон тузарди ғазал.
 
 
Биласанми, мен сени ҳатто
Қизғонганман шеъру ғазалдан.
Юрагимдан сени рашк этиб,
Келар эдим ўзи азалдан.
 
 
Энди Юрак билан ҳасратин,
Айтар умрин ошаётган шеър.
Энди тортар ҳижрон азобин
Сенсизликда яшаётган шеър.
 
Тошкент, 2015 йил 15 ноябр
ЮРАК БАЛЛАДАСИ

Нарзулла Жўраев монологи


 
Нега бунча хуфтонсан, хуфтон,
Саҳарларни уйғотган Юрак?
Менга ўзлик бахшида этиб,
Ўзлигини йўқотган Юрак?
 
 
Юрак, Юрак, бечора Юрак,
Юрак, Юрак, дилпора Юрак…
 
 
Эслайсанми, болалигимда,
Сени ўзим деб билганимни?
Қулоғимга шивирлаб айтган
Сўзни сўзим деб билганимни?
 
 
Юрак, Юрак, афсона Юрак,
Машраб каби девона Юрак…
 
 
Сен мен билан бирга туғилдинг,
Мен сен билан бирга яшадим.
Мен сен билан икки асрлик
Умримни ҳам мана, ошадим.
 
 
Юрак, Юрак, эҳ, содда Юрак,
Соддадан ҳам зиёда Юрак…
 
 
Эсингдами, унинг учун деб,
Мен эмас, сен олма терганинг?
Олмазорда энтикиб менга
Муҳаббатдан мужда берганинг?
 
 
Юрак, Юрак, мастона Юрак,
Муҳаббатга парвона Юрак…
 
 
Сен мени деб яшадинг доим,
Мен сени деб яшадим мутлақ.
Талашганмиз эгизаклардай,
Гоҳи сен ҳақ, гоҳида мен ҳақ.
 
 
Юрак, Юрак, тўпори Юрак,
Гуп-гуп, гуп-гуп! Кўпкори Юрак!
 
 
Сўнг… бир куни исён айладинг,
Жаннатимдан айирдинг мени.
Ғуруримни топтадинг ерга,
Қанотимни қайирдинг мени.
 
 
Юрак, Юрак, исёнкор Юрак,
Юрак, Юрак, дилозор Юрак…
 
 
Бундан буён нетай, аҳволим,
Сен билан ҳам, сенсиз ҳам ёмон.
Бир минг уч юз йил ўтди, аммо
Бўлолмадим сендек мусулмон.
 
 
Юрак, Юрак, кечиргин, Юрак,
Мени мендан кўчиргин, Юрак!
 
 
Энди нетай, сенсиз ўзимдан
Бир нафас ҳам кўнглим тўлмаса!
Дунёсидан безорман, агар,
Унда сендек юрак бўлмаса!
 
 
Юрак, Юрак, азизам, Юрак,
Шеъриятдек нафисам, Юрак!
 
 
Мен кимман бу Сенсизликларда?
Муршидидан айрилган мурид.
Мен кимман бу тенгсизликларда?
Алломаси ўлган Мотурид…
 
 
Юрак, Юрак, султоним Юрак,
Кўнгилдаги армоним Юрак!
 
 
Нега дунё бунчалар номард,
Нега дунё бунчалар фосиқ?!
Нега, нега, нега, эй Юрак,
Тўрт томонда фосиқ, мунофиқ?!
 
 
Юрак, Юрак, серзарда Юрак,
Ғам-аламга саркарда Юрак!
 
 
На инсонсан, на бир фаришта,
Миллатинг ҳам билмадим, надир?
На мусулмон, на насоросан,
Қайси тилда сўзлайсан, гапир?
 
 
Юрак, Юрак, безабон Юрак,
Аммо буюк сухандон Юрак…
 
 
Эътиқодинг шунчалар кўпми,
Сиғмагансан бирон бир динга.
Наҳот ҳажминг шунчалар йирик,
Сиғмагансан рўйи заминга.
 
 
Юрак, Юрак, бепоён Юрак,
Кайҳонлардан юзчандон Юрак…
 
 
Нега бунча саховатлисан,
Қорни оч-у кўзи тўқ Юрак!
Ҳатто менинг олдимда ҳам гоҳ
Бир чақалик қадри йўқ Юрак!
 
 
Юрак, Юрак, қаландар Юрак,
Ҳақ йўлида дарбадар Юрак!
 
 
Бир оғиз сўз гоҳи сенга кўп,
Бир оғиз сўз гоҳи сенга оз.
Бунча сирру асроринг бисёр,
Эй чексизлик, эй буюк ҳамроз!
 
 
Юрак, Юрак, доим тоқ Юрак,
Ширин сўзга зор, муштоқ Юрак!
 
 
Юрак, Юрак, Юрак, о, Юрак,
Ҳасратлари бир дунё Юрак!
 
Тошкент, 2015 йил 16 ноябр
МАНЗИЛ
 
Нега бунча Манзилим олис?
Йўл юраман, ета олмайман.
Нетай, нетай, Сенинг бағрингдан
Кетай дейман, кета олмайман?
 
 
Наҳот, наҳот, шунчалар бўшми
Ишонганим, дўстим иродам?
Наҳот, наҳот шунчалар ожиз
Қисмат амри олдида одам?
 
 
Нега бунча Манзилим олис?
Нега ета олишим маҳол?
Гар Манзилга ета олмасам,
Нега бунда қолишим маҳол?
 
 
Эҳ, билмадим, қандай одамман,
Кетолмайман, қололмайман ҳам.
Эҳ, билмадим, қандай шоирман,
Бир дилга ўт ёқолмайман ҳам.
 
 
Нега бунча Манзиилим олис?
Не учун ой ўй сурар менда?
Нега бунча Манзилим олис?
Мен йўлдамас, йўл юрар менда…
 
 
Нега бунча Манзилим олис?
Менсизликдан кўчиб кетганми?
Унда ёниб турган чироқлар
Осмонларга учиб кетганми?
 
Тошкент, 2015 йил 10 декабр
ҚИШ БАЛЛАДАСИ

Шокиржон Олимов монологи


 
“ҚИШ” демоқчи бўлсам, тилимда,
Нега, билмам, айланади ИШҚ?
Номзадини қўйган ҳислардан
Қайта-қайта сайланади ИШҚ.
 
 
“Нега?”, “Нечук?” – деган саволлар,
Юрагимга санчар доим тиғ.
Саховати йўқми фалакнинг
Жавобини тутади дариғ?
 
 
Айланади кулранг бўридай
Ҳам қорни, ҳам кўзи оч дунё.
Атрофимда изғиб юрмасдан,
Кўзларимдан нари қоч, дунё!
 
 
Дунё, дунё! Кимсан, нимасан?
Нега нопок ишларинг бисёр?
Арпангни хом ўрдимми, менга
Қайраётган тишларинг бисёр?
 
 
Мендан ҳеч ким сўрагани йўқ,
Шу дунёга келасанми, деб.
Сўрагани йўқ ҳеч ким мендан
Шу дунёни биласанми, деб.
 
 
ҚИШ дегани унча ёмонмас,
ҚИШ дегани унчамас совуқ.
Сенинг иссиқ ёз фаслида ҳам
Қишларингга келганда ёвуқ.
 
 
ҚИШНИ “қиш” деб биз атаганмиз,
ҚИШ аслида муҳаббат фасли.
Унда оппоқ орзулар мўл-кўл,
Унинг тўғри шакли “ИШҚ” асли!
 
 
Дунё, дунё, чарчади Юрак,
Қишдан баттар ёз, кузларингдан.
Кошкий эди, алдовларингни
Ўқий олсам қош, кўзларингдан.
 
 
Дунё, дунё, намунча турфа
Юзингдаги ниқобларинг кўп?
Тақдир, фалак, ҳаёт ҳам сенсан,
Нега бунча итобларинг кўп?
 
 
Яхшиямки, ҚИШ дегани бор,
Кечирасиз, янглишдим: бор ИШҚ.
Унда оппоқ ҳайратлар бисёр,
У ИШҚҚА ёр, унгадир ёр ИШҚ!
 
 
У мунофиқ эмас юз юзли,
Фақат битта юзи бор, холос.
Фақат битта қалби бор унинг
Оқ қоғоздай… Сўфийларга хос…
 
 
БАҲОР ҚИШНИНГ кароматидир,
ҚИШ бўлмаса, БАҲОР келмагай.
Бу дегани бўлмаса гар ИШҚ,
Хумор кўзли нигор келмагай.
 
 
ҚИШ бўлмаса бодом гуллаши,
Қандайлигин мен ҳам билмасдим.
ҚИШ бўлмаса, келмасди БАҲОР,
ҚИШ бўлмаса, мен ҳам келмасдим.
 
 
Деразамдан мўралар мунис
Лабларини тишлаётган ҚИШ.
Саҳродаги ёлғиз қайрағоч
Қошларида қишлаётган ҚИШ…
 
Тошкент, 11 декабр, 2015 йил
ОББО, ДУНЁ…
 
Қайга боқсанг, одамлар аллома-ю доно-ей,
Ўзларига маҳлиё,ўзларига шайдо-ей!
Ҳийлалари адоқсиз, нағмалари саноқсиз,
Оббо, дунё, дунё-ей, оббо, дунё, дунё-ей!
 
 
Саховатда гўёки дарё, дарё, дарё-ей,
Қалтирайди берганда бир тангани аммо-ей!
Кўзи пулга тўймайди, ундирмасдан қўймайди,
Оббо, дунё, дунё-ей, оббо, дунё, дунё-ей!
 
 
Сўзлаганда ҳар сўзи гўё ғуж-ғуж маъно-ей,
Аммо берсанг эътибор ботинлари расво-ей!
Баракалла каллага, риёси кўп саллага,
Оббо, дунё, дунё-ей, оббо, дунё, дунё-ей!
 
 
Қасру кўшки зебо-ей, гўё тоқи Кисро-ей!
Топилади у ерда анқо десанг, анқо-ей!
Аммо йўқдир бир жавон, Навоийдан бир девон…
Оббо, дунё, дунё-ей, оббо, дунё, дунё-ей!
 
Тошкент, 2015 йил 15 декабр
ЧУМОЛИГА ХАТ
 
Ассалом, Чумоли! Аҳволинг қалай?
Қайларда тентираб юрибсан менсиз?
Ассалом, Чумоли! Ернинг остида
Аҳволинг яхшими рўйи заминсиз?
 
 
Ассалом, Чумоли! Сулаймон қўли,
Қўлингдан кетдими, ғамгин хотирсан?
Ё ошиқ бўлдингми, япроқда ёзган
Дарахтнинг шеърини ёдлаётирсан!
 
 
Ассалом, Чумоли! Бу кенг оламда
Минг танга бўлдими сичқоннинг ини?
Ассалом, Чумоли! Наҳот сенга ҳам
Шунча тор келдими рўйи замини?
 
 
Ассалом, Чумоли! Билсанг ҳам керак,
Қоғозда хат ёзиш модадан қолган.
Интернет деган бир чексчизлик чиқиб
Барчани танбаллик кўйига солган.
 
 
Ассалом, Чумоли! Ҳали қиш узоқ,
Ертўлангда донинг бўлса, ётавер.
Ассалом, Чумоли! Хайём майидан
Хурмачангга сиғса, ётиб, отавер!
 
 
Ассалом, Чумоли! Эсмоқда совуқ
Ғарбона, бегона шимол шамоли.
Шарқона яшашдан чарчамадингми?
Эй филни йиқитган шердил чумоли!
 
 
Ассалом, Чумоли! Чарчаб кетмоқда
Қалбимда чанқаган ҳиссиётларим.
Ассалом, Чумоли! Кимга ҳам керак
Дарду ҳасратларим – бу баётларим?
 
 
Ассалом, Чумоли! Ёруғ дунёда
Ертўлангдай юролмайсан батамкин.
Ҳатто бир авлиёсифат одам ҳам
Сени кўрмай босиб олиши мумкин.
 
 
Ассалом, Чумоли! Янгиликлар кўп,
Лекин сенга айтар янгилигим оз…
СМС деган бир мушук чиқувди
Миёвлаб ётибди чўнтагимда боз.
 
 
Ассалом, Чумоли! Осмон остида
Заминий дардларим билсанг, бир талай.
Мақсадим аслида битта сўз эди:
Ассалом, Чумоли! Аҳволинг қалай?
 
Тошкент, 2015 йил 3 январ
ДУНЁ
I
 
Мени мендан қизғонгин, Дунё!
Мен борманки, сен ҳам мавжудсан.
Мен борманки чексизликларда,
Мен бирла сен гўё маҳдудсан.
 
 
Мени мендан қизғонгин, Дунё!
Фонийликдир менинг борлиғим.
Элликми ё олтмиш баҳоринг,
Ёруғамдир, ёки ёрлиғим…
 
 
Мени мендан қизғонгин, Дунё!
Йиғиштиргин қаҳру кийнангни.
Мени мендан қизғонгин, Дунё!
Неча кунлик меҳмонгинангни…
 
 
Мени мендан қизғонгин, Дунё,
Мен борманки, маъво бор Сенда.
Мени мендан қизғонгин, Дунё!
Мен борманки, маъно бор Сенда!
 
II
 
Савдогардек қайғурма, Дунё,
Тушимлардан ё тушмалардан.
Қачон, қачон узасан кўнгил,
Уюшмаган уюшмалардан?
 
 
Дунё! Дунё! Тортиқ этгансан,
Темур каби улуғ зотларни.
Аммо, афсус, Абдуллатифга
Ҳам ўхшаган мавжудотларни.
 
 
Дунё! Муштдай юрак кўксимда,
Муштлашади мен билан доим.
Нега, дейди мулойимхунук,
Дунёга бош эгдинг мулойим?
 
 
Дунё! Юрак деган архивда
Сен билмаган асрорлар бисёр.
Дунё! Тўшакларда дастингдан
Михлаб ётган беморлар бисёр!
 
 
Дунё! Сенга беш кетмадим ҳеч,
Сенда йўқми сахо русуми?
Тополмадинг ҳатто кўнглимни,
Дунё! Сенинг ҳимматинг шуми?
 
 
На урғочи ва на эркаксан,
Модапварвар, наркуш, эй Дунё!
Гоҳи шерга қўясан қопқон,
Гоҳи эса харкуш, эй дунё!
 
 
Дунё! Дунё! Чарчамадингми,
Чингиз ёки Гитлер туғишдан?
“Толибон”у “ИШИД” деган бир
Қора рангли матоҳ тўқишдан?
 
 
Жиблажибон каби қаршимда,
Кеккаясан намунча, Дунё?
Егин, молдек, кавшаб, чайнагин,
Оч кўзларинг тўйгунча, Дунё!
 
 
Фақат мени тинч қўй бир нафас,
Нафас олай севгидан тўйиб.
Айтиб олай сўнгги шеъримни
Ёр кўксига бошимни қўйиб…
 
Тошкент, 2016 йил 17 март
БИР БУТУН 11
  Бу шеър 2008 йилда ёзилган ва муаллифнинг “Кўзгу ҳайрати” номли тўпламига (2010) киритилган эди. Ушбу тўпламга унга яна уч банд қўшилгани учун киритилди.


[Закрыть]

Султонмурод Олимга


 
Бир кўзим ўзбегу, бир кўзим – тожик,
Бир юзим ўзбегу, бир юзим – тожик.
Осмоним ўзбегу, юлдузим – тожик,
Юрагим ўзбегу, мен ўзим – тожик.
 
 
Иккига бўлинган битта бутунман,
Бир она қўлида икки тугунман.
Бир Ватан, бир уйга, бир хонадонга
Пойдевор ўзимман, ўзим устунман.
 
 
Қонимда ўзбегу, жонимда тожик,
Жонимда ўзбегу, қонимда тожик.
Шодлигимдан шоду қайғумдан ғамгин –
Қошимда ўзбегу, ёнимда тожик.
 
 
Мени мендан жудо айлаб бўлурму?
Ўз-ўзига жафо айлаб бўлурму?
То Жомий ўзимман, Навоий ўзим,
Мени ҳеч бенаво айлаб бўлурму?
 
 
Қадимий Туроннинг ўғлони – ўзим,
Шу юртнинг беги-ю султони – ўзим,
Навоий, Жомийнинг девони – ўзим,
Дардим-у ранжимнинг дармони – ўзим.
 
 
Бешигим ўзбекча, тўйим – тожикча,
Остонам ўзбекча, уйим – тожикча.
Ўзбекча тўним бор, тожикча дўппим,
Қўшиғим ўзбекча, куйим – тожикча.
 
 
Иймоним ўзбегу, виждоним – тожик,
Орзуим ўзбегу, армоним – тожик.
Табибим ўзбегу, дармоним – тожик,
Бинафшам ўзбегу, райҳоним – тожик.
 
 
Бир кўзим тожигу, бир кўзим – ўзбек,
Бир юзим тожигу, бир юзим – ўзбек.
Осмоним тожигу, юлдузим – ўзбек,
Юрагим тожигу, мен ўзим – ўзбек.
 
Тошкент, 2016 йил, апрел
РУҲИМДАН…
 
Руҳимдан гиёҳнинг иси уфурар,
Тоғу тош, жилғанинг, дарёнинг.
Руҳимдан қуёшнинг ёруғ нафаси
Таралар, уфққа ошиқ саҳронинг.
 
 
Мен – япроқлар ила сирлашган ошиқ,
Ўт-ўлан ҳидидан маст бўлган чўпон,
Жилғанинг куйига жўр бўлган ҳофиз,
Тонггача кўчат-ла сўзлашган деҳқон.
 
 
Руҳимдан гиёҳнинг иси уфурар,
Уфурар гиёҳнинг иси руҳимдан…
 
 
Руҳимдан…
Руҳимдан…
Руҳимдан…
 
Тошкент, 2016 йил, май

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации