Текст книги "Вақт таъми"
Автор книги: Жаъфар Термизий
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 3 страниц)
ИЗҲОР
Эҳтиётлаб очаман секин,
Юзингдаги ёпинчоғингни.
Бармоқларим силаб ўтади,
Бўялмаган оқ ёноғингни.
Наҳот, мени шунчалик севсанг?
Муштоқ бўлиб кутасан, кирсам.
Юзта қора кўз қизғанади
Сенга агар термулиб турсам.
Мен ҳам сени яхши кўраман,
Муаллимман, муаммоим ҳал:
Шогирдларим бору йўғини
Қайд этувчи эй азиз Журнал!
Тошкент, 2016 йил 19 ноябр
БЎЛОЛМАС
Дўстим Даврон Муитовга
Ҳар бир аҳду паймон маҳкам бўлолмас,
Ҳар бир пойдевор мустаҳкам бўлолмас.
Ҳаввога ўхшамас ҳар қандай аёл,
Ҳар бир эркак Бани Одам бўлолмас.
Ҳар бир шаҳзода ҳам бўлолмас Будда,
Ҳар бир шоҳ Иброҳим Адҳам бўлолмас.
Отасиз туғилган бўлолмас Масиҳ,
Ҳар бир эрсиз туққан Марям бўлолмас.
Ҳар бир Яссидан ҳам чиқмас Яссавий,
Туркистонда ҳар жой Сайрам бўлолмас.
Бир йилда уч юзу олтмиш беш кун бор,
Аммо ҳар куни ҳам байрам бўлолмас.
Кўнглимни шунчалар оғритдинг, энди,
Сўзларинг дардига малҳам бўлолмас.
Бу кўнгил Жаъфардек ақли ожизми,
Элликка кирса ҳам одам бўлолмас.
Тошкент, 2018 йил 20 март
ОТА-ОНАНГ ДУОСИ
Омадлар ибтидоси –
Ота-Онанг дуоси.
Арзу само ризоси –
Ота-Онанг дуоси.
Ярагин бир корига,
Ота-Онанг борида.
Кўзларингнинг қароси –
Ота-Онанг дуоси.
Кўзларингга берар нур,
Қалбингга берар сурур,
Камалакнинг жилоси –
Ота-Онанг дуоси.
Арзинг етар фалакка,
Қўлинг етар малакка.
Еру кўкнинг нидоси –
Ота-Онанг дуоси.
Олтин олма, дуо ол,
Деганлари чин мақол.
Йўқдир асли баҳоси –
Ота-Онанг дуоси.
Саодат мифтоҳидир,
Мақсадинг фаттоҳидир,
Бу дунёнинг асоси –
Ота-Онанг дуоси.
Ҳурматларин бажо эт,
Хизматларин адо эт,
Хослар ичида хоси –
Ота-Онанг дуоси.
Балолардан асрагай,
Қазолардан асрагай,
Таннинг қалқон либоси –
Ота-Онанг дуоси.
Кеч бўлмасдан шошилгин,
Гул сўлмасдан шошилгин,
Юрагингнинг навоси –
Ота-Онанг дуоси.
Неъмат десанг, неъматдир,
Давлат десанг, давлатдир,
Ота-Онанг ризоси –
Ота-Онанг дуоси.
Тошкент, 2018 йил 20 апрел
ТЎНТАРИЛГАН ЖОМ
Қалбим эзилди, соб бўлди, сен билмадинг,
Роҳатларим азоб бўлди, сен билмадинг.
Икки кўзим қон тўкди-ю сен кўрмадинг,
Икки дунём хароб бўлди. Сен билмадинг.
***
Энди сенинг атрофингда айланмайман,
Қалбим билан сочларингга бойланмайман.
Ўлгандан сўнг яна бир бор туғил, деса,
Туғилмайман, туғилсам ҳам уйланмайман.
***
Бу даврада не ғавғолар бўлиб кетди,
Қалангғи-ю қасангига тўлиб кетди.
Тонг устимдан қуёш чиқиб кулган эди,
Шомда бир ой келди, у ҳам кулиб кетди.
***
Орзуларим осмонида битта ой йўқ,
Армонларим диёрида битта бой йўқ.
Мендан олдин барча ўлиб бўлган экан,
Ўлай десам, қабристонда битта жой йўқ.
***
Риёси кўп дунёсидан безди дилим,
Ёлғизликнинг сувратини чизди дилим.
Хом семирган туҳматлару ғийбатлардан
Гуноҳлари юз тоннага озди дилим.
***
Маломатдан чиқмади бу бошгинамей,
Яна нелар деркин қалам қошгинамей?!
Ери қаттиқ жойда онам туққанмиди,
Қачон юмшар экан бағри тошгинамей?
***
Ёзай десам, қалам учи синиқ экан,
Ёзганда ҳам фойдаси йўқ – аниқ экан.
Нимаики ботин бўлса бу борлиқда
Фақат булоқ ичигина тиниқ экан.
***
Дарёларга тош отмадим, тош отдилар,
Сотмагандим ҳеч кимни, мени сотдилар.
Нажосатга ботган экан ботинлари,
Қурбақадек қур-қур қилиб сўнг ботдилар.
***
Фалак, фалак, сен бир шараф келтирмадинг,
Тўнтарилган жом каби наф келтирмадинг.
Дарёсан-у бир каф сувни қизғонасан,
Деҳқон бўлиб бир боғ алаф келтирмадинг.
***
Яхшиликнинг кўзи йўқми бу дунёда,
Яхшиликнинг юзи йўқми бу дунёда?
Яхшилик-ку бўлиб чиқди ёмонликлар,
Яхшиликнинг ўзи йўқми бу дунёда?
***
Яхшиликни айтдингми, миннат бўлади,
Рўкач қилмай юрдингми, раҳмат бўлади.
Одамсимон одамлар бор, уларни гар
Эшак десанг, эшакка туҳмат бўлади.
***
Мен ким бўлдим, мен ким бўлдим бу дунёда?
Борингки, бир олим бўлдим бу дунёда.
Элликка ҳам кириб одам бўлолмадим,
Ўзимга бир золим бўлдим бу дунёда.
***
Шоирларнинг сўзларидан сеҳр кетди,
Одамларнинг юзларидан чеҳр кетди.
Қаҳр келди, нафрат келди, туҳмат келди,
Охирзамон бўлдими ё? Меҳр кетди!
***
Бу тошлоқдан бир тош олиб кетолмайман,
Бошим қўлимда, бош олиб кетолмайман.
Шундайин бир сафарга мен чиққанманки,
Ёлғизману йўлдош олиб кетолмайман.
***
Шоирлигим онамга наф келтирмади,
Демакки, бу касбим шараф келтирмади.
Сен у томон, мен бу томондаман, фалак
Икковимизни бир тараф келтирмади.
***
Фалак, бунча заҳар қўшма чойнавотга,
Қуш доимо муҳтож эрур қўш қанотга.
Бунча қамчин ясаб, кимга сотмоқчисан?
Қамчин керак бўлмайди ҳеч чўбин отга.
***
Харитангдан ўчиб кетдим, агар билсанг,
Ўзимдан ҳам кечиб кетдим, агар билсанг.
Нега менга шунча ғамни раво кўрдинг,
Юрагимдан кўчиб кетдим, агар билсанг.
***
Зулмат эдим, ой юзинг-ла ойлантирдинг,
Юрагимни сочларингга бойлантирдинг.
Ҳижронларинг осмонида юлдуз бўлдим –
Ҳеч ким эдим, мени Менга айлантирдинг.
Тошкент, 2018 йил, 1 феврал
ДУНЁЛАРГА СИҒМАЙДИ ЮРАК
Дунёларга сиғмайди Юрак,
Поёни йўқ Севгиси билан.
Қандай даво топсин, бечора,
Дармони йўқ Севгиси билан?
***
Изтиробга тўла дунёда
Асабсизлар кўпайиб кетди.
Пул топиб ҳам ақл топмаган
Насабсизлар кўпайиб кетди.
***
Шоирликни тирикчилик деб,
Косиб бўлиб қолибсан, жўра!
Шеър ёзувчи косиб яхшидир
Косиб бўлган шоирдан кўра!
***
Қани эди, муҳаббатингни
Юрагимдан юлиб ташласам.
Ёки Юрак деган олмани
Минг бўлакка бўлиб ташласам?
***
Сўнгги бора оқ атиргулдан
Сенга атаб бир гул узаман.
Бу дунёдан кўнгил узгандек,
Сендан ҳам, ёр, кўнгил узаман…
ФАРДЛАР
Кўряпсанми қизил олмани,
Менга дейди: узиб ол мани!
***
Ориф қалби Ҳақ кўзгусидир.
Шоир қалби халқ кўзгусидир.
***
Бўса олдим лабларингдан, таъмини айтиб берай?
Йўқ десанг, тут лабларингни: бўсани қайтиб берай!
***
***
Одамларнинг гапида жон бор,
Чунки гап ҳам чаёндек жондор.
***
Секинроқ айт гапингни, ошна,
Чақиб олар лабингни, ошна!
***
Ҳеч бир ундош унли бўлолмас,
Ҳеч бир илон жунли бўлолмас.
ТАЖАММУЛ
Ғазаллар

Лутфингни ситамгорим, мендан нега қизғондинг,
Меҳрингни жафокорим, мендан нега қизғондинг?
БЎЛСА КЕРАК
Қисматим васлингга бўлмоқлик гадо бўлса керак,
Ёки тақдиримда васлинг нораво бўлса керак.
Барча ошиқларга гарчи васл бўлгайдир даво,
Менга аслида сенинг ҳажринг даво бўлса керак.
Санчилар қалбимга ҳар дам бевафо мижгонларинг,
Сенга мендек ошиғинг қатли раво бўлса керак?
Сенга қалбим бошқача, бошим фидодир бошқача,
Бошқа-бошқа жисму жоним ҳам фидо бўлса керак?
Кўзларимда уйқу йўқким, тушларимдан изласам,
Менга топмаслик сени ҳукми қазо бўлса керак?
Не бало ёғдирмади бошимга ишқинг, қоракўз,
Сенга ҳам бир кун келиб боққан бало бўлса керак!
Сиғмагай оламда, гар бир тола сочдек бўлса ҳам,
Мен каби бечора Жаъфар мубтало бўлса керак?
Тошкент, 2017 йил, ноябр
НЕГА ҚИЗҒОНДИНГ?
Лутфингни ситамгорим, мендан нега қизғондинг,
Меҳрингни жафокорим, мендан нега қизғондинг?
Бир қарз саломингни, бир ҳадя каломингни,
Тўтийи шакарборим, мендан нега қизғондинг?
Ҳуснинг, рухи моҳингни, бир қатра нигоҳингни,
Эй кўзлари хумморим, мендан нега қизғондинг?
Кетди-ку саболарга, ҳам боди фаноларга,
Зулфингни дилозорим, мендан нега қизғондинг?
Бир қатра тараҳҳумни, бир байт табассумни,
Эй ҳийласи бисёрим, мендан нега қизғондинг?
Бир жилвали нозингни, бир жумлали розингни,
Ганжинайи асрорим,33
Ганжинаи асрор – сирлар хазинаси.
[Закрыть] мендан нега қизғондинг?
Тошкент, 2017 йил, декабр
МУДДАО
Мендан мени айирдинг, эй ёри бевафойим,
Мен-ку сени кечирдим, раҳм айласин Худойим!
Қалбим қўлингда, моҳим, сенда фақат нигоҳим,
Шулдир менинг гуноҳим, шулдир менинг хатойим.
Эй қаҳри ўта қаттиқ, қўлингга олма милтиқ,
Бир бўсадан йўқ ортиқ аслида муддаойим.
Бир пас ўтирмадингму, руҳим кўтармадингму,
Қаттиқ гапирмадингму менга кулиб мулойим?
Айтгин, табиби ҳозиқ, табъинг намунча нозик?
Дардимга борми лойиқ сенда бирор давойим?
Кетдинг дилим ўғирлаб, кўзимни ҳам сўқирлаб,
Жаъфарга сен чуғурлаб не дейсан, эй балойим?!
Тошкент, 2018 йил 6 март
РИЗО БЎЛСИН ХУДО
Тавба қил, бас энди, сендан то ризо бўлсин Худо,
Ҳар нафас, ҳар бир ишингда ибтидо бўлсин Худо.
Мансабу давлат қўлингдан кетса, кетгай ёру дўст,
Ёр агар бегона, майли, ошино бўлсин Худо.
Бас, етар ошуфта кўнгил, ҳар томон қайрилмагил,
Сенга то маҳбуби якто, бебаҳо бўлсин Худо.
Гарчи меҳмонсан унинг кошонасида неча кун,
Дилни меҳмонхона қил, то унда жо бўлсин Худо.
То кўнгилни тозалаб қўймас экансан кибрдан,
Қандайин ойинайи оламнамо бўлсин Худо?
Сенки, беш кунлик бу дунёдан ўтибди уч кунинг,
Иззатинг ўтди, агарчи кадхудо44
Кадхудо – уй эгаси.
[Закрыть] бўлсин Худо.
Дилда тасдиқ айла, Жаъфар, тилда иқрори қавий,55
Қавий – мустаҳкам, кучли.
[Закрыть]
Токи доим ибтидо-ю интиҳо бўлсин Худо.
Тошкент, 2018 йил 15 апрел
ҲИДОЯТ ҚИЛ ЎЗИНГ
Хастаю бемормен, ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг,
Сояйи девормен, ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Бандайи ҳою ҳаваслар, бастаи кибру ҳаво,
Бандайи бозормен, ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Не жафоларни ўзимдан тортмадим зору низор,
Манбайи озормен, ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Яхшилик кўрдим, валекин яхшилик кўрсатмадим,
Менки бадкирдормен… Ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Айбу нуқсону гуноҳим шунчалар бисёрким,
Лойиқи юз дормен, ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Минг сабаб, минг бир баҳона топаман вақти салот,
Менки, бас айёрмен… Ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Неки дунёнинг бисоти бўлса, кўнглим ундадир,
Шунчалик беормен, ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Ёр кўнглин оғритиб, дилдорга айлаб жафо,
Ошиқи ағёрмен, ё Рабб, ҳидоят қил Ўзинг!
Тошкент, 2018 йил 15 апрел
БОРМИ Ё ЙЎҚ?
Йўқлаб келишинг мақсади дийдорми ё йўқ,
Аслида кўнглинг менга сенинг борми ё йўқ?
Менким, Самак айёр66
Самаки айёр – Форс-тожик мумтоз адабиётида ёзилган илк саргузашт-роман – “Самак айёр”нинг бош қаҳрамони. Айёрлар мард, жасур, зийрак, доно, сўзамол, паҳлавон, фавқулодда чаққон, кимки уларнинг олдига ёрдам ёки паноҳ сўраб келса (ҳатто душмани бўлса ҳам), унинг учун жонини беришга тайёр кишилар бўлган, бировнинг сиррини пинҳон тутадиган, бировнинг омонатига хиёнат қилмайдиган тойифа бўлган. Кейинчалик ана шу айёрлар ҳаракати асосида тасаввуф таълимотидаги футувват – жавонмардлик тариқати вужудга келган.
[Закрыть] каби тунлари тайёр,
Сен – кўзлари айёр, менга ёрми ё йўқ?
Шавқингда ё Мансур77
Мансур Ҳаллож.
[Закрыть] киби десам “Анал-Ҳақ”,
Бўйнинг бўладир бўйним учун дорми ё йўқ?
Мен ҳажр ўтидан ҳар нафас озор чекармен,
Сен – кўзлари жоду, йўлима зорми ё йўқ?
Қон йиғламиш аҳволима Бойсундаги тошлар,
Эй бут, ўзи кўксингда юрак борми ё йўқ?!
Қалбим-ла гирифтор сенга, жон-ла харидор,
Қалбинг менга, айтгинчи, гирифторми ё йўқ?
Келмас кўзима уйқуки, кирсанг тушима, ёр,
Мендек қароғинг тунлари бедорми ё йўқ?
Бошингни бир ўнгга бурибон пастга туширдинг,
Хун бўлди дилим: бу ўзи иқрорми ё йўқ?
Жаъфар сенинг ишқингда чунон эсидан оғмиш,
Билмас, бу ғазал маъниси такрорми ё йўқ?
Тошкент, 2018 йил 6 май
ТОПОЛМАЙСАН
Мирзо Кенжабекка
Қуллик нелигин билмай Султонни тополмайсан,
Яъқуби муродингни – Канъонни тополмайсан.88
Юсуф (а) қиссасига ишора.
[Закрыть]
Саҳрони кезолмасдан Лайлога етолмайсан,
Мушкулдан ўтолмасдан осонни тополмайсан.
Кошонани соҳилда қумдан ясаб, ўзингдек,
Тўфон кўтарилганда нодонни тополмайсан.
Эй ишқ ўтидан маҳрум! Бебаҳра муҳаббатдан
Инсон тугул оламда ҳайвонни тополмайсан.
Дурдек ниятинг холис то бўлмаса, эй ғаввос,
Денгиз тубига шўнғиб, маржонни тополмайсан.
Шайтонга тош отгандек нафсингга тош отдингми?
Кибринг ила, эй зойир,99
Зойир – зиёратчи, зиёрат қилгувчи.
[Закрыть] Раҳмонни тополмайсан!
Сен сабру қаноатни Айюбдан1010
Айюб пайғамбар (а).
[Закрыть] ўргангин,
Оғриққа чидолмасдан дармонни тополмайсан.
Мағриб қай-у, қай Машриқ, муъмин ким-у, ким мушрик?
Фарқига боролмасдан, Фурқонни1111
Фурқон – ажрим этувчи, фарқ этувчи, ажратувчи; Қуръони каримнинг 25-сураси номи; Қуръони карим номларидан бири.
[Закрыть] тополмайсан.
Арқони илоҳийга чанг урмадинг-ку, бир кун,
Арконни тополсанг ҳам арқонни тополмайсан.
Ҳайратда фано бўлган, сийратда фано бўлган,
Жаъфар каби дунёда ҳайронни тополмайсан.
Тошкент, 2018 йил 3 сентябр
БУ КЎНГИЛ
Амрингга кеча-кундузи тайёр бу кўнгил,
Васлингга бутун умр талабгор бу кўнгил.
Сен истамасанг ҳам мени, кўнглим сени дейди,
Айлар мени ҳам охири беор бу кўнгил.
Ақлимни танибманки, бу кўнгил менга душман,
Сенмас, менгадир ёри жафокор бу кўнгил.
Душманни тутибман ўзима дўст бутун умр,
Айтингчи, нега бунчалар айёр бу кўнгил?
Ақлимни хароб этди, хаёлимни паришон,
Минг фитнага этганча гирифтор бу кўнгил.
Мен ғофилу ақлу ҳушим уйқуга кетибмиш,
Ёдинг ила то тонггача бедор бу кўнгил.
Жаъфар, не бало келса, унинг касридир, аммо,
Бўлмас ўзининг айбига иқрор бу кўнгил.
Тошкент, 2018 йил 8 сентябр
БЎҚАЛАМУН
Дунё дегани гоҳ ўт, гаҳ лолага айлангай,
Гаҳ бир қарасанг, чолга, гаҳ болага айлангай.
Гар чўкмаса кимдир тез, оёғи тагига тиз,
Бир пасда бу ялмоғиз дажжолага айлангай.
Мағрибдан “амак”ман, деб, гўёки ғамингни еб,
Ганжингни юлиб олиб, ғассолага1212
Ғассола – жасадни ювгувчи, мурдашў.
[Закрыть] айлангай.
Бошлаб не хатоларга, тортгуси жафоларга,
Гаҳ шод наволарга, гаҳ нолага айлангай.
Бу бўқаламун ҳар дам юз рангда товлангай,
Гаҳ бўрига, гоҳида бузғолага1313
Бузғола – эчкининг боласи, улоқ.
[Закрыть] айлангай.
Меҳрини қилиб пеша, решангга1414
Реша – илдиз, томир.
[Закрыть] урар теша,
Гоҳ аммага, бир кўрсанг, гаҳ холага айлангай.
Тошкент, 2018 йил 8 сентябр
ВАҚТ АНАТОМИЯСИ
Оқ шеърлар

Вақт –
Кумуш юзида
чимирилган қош.
Вақт –
Зайнаб кўзидан оққан ёш.
БИЛАСАНМИ?
Сен
Менинг
ҳеч қачон
топмаган
Сенсизлигимсан.
Мен
эса
Сенинг
азалдан
йўқотган
Менсизлигингман.
Унда
кел,
ҳеч қачон
бир-биримизни
йўқотиб
қўймайлик
Бизсизлик
Саҳроси аро…
Тошкент, 2015 йил 1 декабр
СЕН ВА МЕН
Сен
Менинг
Шарқимсан,
Мен
Сенинг
Ғарбинг.
Мен
Сенинг
Кундузинг,
Сен
Менинг
Туним.
Мен
Сенинг
Қуёшинг,
Сен
Менинг
Ойим…
Афсуски,
Шарқ
Ғарбга,
Кун
Тунга
ва Қуёш
Ойга
ета олмайди.
Мен
ва Сен
каби…
Тошкент, 2015 йил 1 декабр
ҚАЙСИДИР…
Қайсидир тойифа,
Ёки қавмлар
Мамонтларнинг ўткир тишидан
Найзалар ясаб,
Буғуларни овлаб юрганда,
Бобокалоним
Муҳаббатнинг экинзорида
“Авесто”нинг готларидан
Сават тўқирди.
Қайсидир тойифа,
Ёки қавмлар
Эътиқоднинг ям-яшил,
Нафис боғини
Пайҳон қилиб,
Райҳонлар,
Атиргулу ялпизларни янчиб турганда,
Бинафшалар қалбига тиғ санчиб турганда,
Мен
Кўнглим тўқ,
Кўзим тўқ,
Осойишта уй қураётирман.
Тўй қилаётирман,
Шеър ўқиётирман!
Тошкент, 2016 йил 30 апрел
СЕНИНГ БАҒРИНГДА…
Кўзларимни очмасдан,
Сени қучаман.
Аслида
Сенимас,
Ўзимни
Қучгандай бўламан.
Ва менинг
Кўчага чиққим йўқ,
Негаки, айнан
Ана шу онларда
Сен билан бирга
Ёшлигимнинг
Ям-яшил майсазорлари
Осмонида учгандай бўламан.
Эшитяпсанми?
Ташқарида,
Кўчада
Ёмғир ёғмоқда…
Март ойининг
Наврўзий ёмғири…
Менга ҳеч нарса керакмас,
Сенинг
Меҳрибон,
Ва мунис
Бағрингдан бўлак…
Мен Сенинг бағрингда гўё
Ҳеч қачон ақл-идроки
Тўлмаган
Кап-катта бир гўдак…
Эшитяпсанми?
Ташқарида,
Кўчада
Ёмғир ёғмоқда…
Март ойининг
Наврўзий ёмғири…
Кўчага чиққим йўқ
Ва бу
Эскирган дунёнинг
Янги дардларин
Кўтаришга ҳам
Унчалик
Тобим йўқ…
Биласанми?
Уч кундан буён
Хобим йўқ…
Эшитяпсанми?
Ташқарида,
Кўчада
Ёмғир ёғмоқда…
Март ойининг
Наврўзий ёмғири…
Тошкент, 2017 йил 22 март
ВАҲДАТ АЛ-ВУЖУД
Сен Мени ҳеч қачон
Бир тўплам
Ё бир девонга
Тўплай олмайсан.
Чунки Мен –
Машриқу Мағрибга,
Шимолу Жанубга,
Замину Осмонга
Сочилиб кетган
Буюк бир Ҳайратнинг
Оламга сиғмаган
Ифодасиман!
Тошкент, 2017 йил, 23 март
МЕНШУНОСЛИК ФАКУЛТЕТИ
Мен
Сеншуносман,
касбим – шу,
корим – шу!
Лекин Сен
Меншунослик факултетида
ўқишни ҳеч қачон
истамагансан
бўлмағур соҳа деб…
Не қилай,
Борим – шу!
Тошкент, 2017 йил 23 март
КИММАН?
ҚАЙДАСАН?
Манглайимда
Шимолнинг
шамолли
кафти бор.
Юрагимда
жазирма
Жанубнинг
тафти бор.
Қайдасан
Мажнунтол
Ва сенинг
Салқин хаёлинг?
Кўзларимда
Машриқнинг
муҳаббати
мавж урар.
Юзларимда
Мағрибнинг
маҳобати
мавж урар.
Қайдасан
Мажнунтол
Ва сенинг
Сокин хаёлинг?
Тошкент, 2017 йил 23 март
ВАҚТ ЗАХМИ
Ниҳоят, келдинг –
Юзларингда
Вақт захми,
Кўзларингда
Вақт ваҳми,
Сўзларингда
Вақт таъми.
Мен эса
Вақт хумида
эзилиб-эзилиб
Шаробга айланиб кетган узумман…
Тошкент, 2018 йил 24 феврал
ВАҚТ АНАТОМИЯСИ
Вақт –
чопиш бўйича
чемпион бўлган
бир қуён билан
пойгага тушган
зил-замбил донишманд тошбақа.
Вақт –
туннинг шап-шаффоф
ойналарини
чил-чил-чил синдирган
қўшиқчи қурбақа.
Вақт –
сарой лаззатин тарк этган
бўлажак Будда.
Вақт –
эридан эрта ажралган
аёлга берилган уч ойлик идда.
Вақт –
Кумуш юзида
чимирилган қош.
Вақт –
Зайнаб кўзидан оққан ёш.
Вақт –
Бир ёш гўдакка айланган
юз ёшли қария.
Вақт –
қонга бўялган,
кўзлари ўйилган
бечора Сурия.
Вақт –
Қарз десалар,
Азроилни кўргандек қалтирайдиган,
қорни тўқ-у кўзи оч,
хасис бойнинг юзларида гуллаган ажин.
Вақт –
Сеҳрли чироқнинг ичида
камбағал бир Алоуддинни
кутаётган жин.
Вақт –
Арафот тоғида
жиққа терга ботиб,
комфорт ҳотелнинг
музхонаси ё музқаймоғини,
Ва ёки
кимгадир фойизга
берган долларлари
туғаётган фойдани
лип этиб хаёлдан ўтказган зойир.
Вақт –
Маҳбубасининг
камон қоши,
оҳу кўзини
эслаган чоғида
улоғини бой берган чавандоз ботир.
Вақт –
Рустами достоннинг номард тиғидан
жон бераётган
жавонмарг Суҳробга кечикиб етган
бефойда малҳам.
Вақт –
сафро ортидан тўпланган балғам.
Вақт –
Тоза ва нарму мулойим чармнинг
Пўлатдан-да қаттиқ жонига
Санчиқли,
Илмоқли
Ниш ураётган
Бешафқат бигиз.
Вақт –
биянинг ярим оч тойчоғи
ризқидан қийиб
мешвойинг еб тўймас қорнига тўкилаётган
субҳидам қимиз…
Вақт…
Тошкент, 2018 йил 25 феврал
БИР КУНИ…
Бўлакларга
Бўлиниб-бўлиниб,
Зарраларга
Айланиб кетганман…
Бир бўлагим
Эҳтиёж-у талабларнинг зич ўрмонида
Тентираб юрса,
Бир бўлагим
Орзу-ю ҳавасларнинг кимсасиз оролларида
Сайр этар.
Яна бир бўлагим
Кундалик юмушлар чангалида
Гирифтор.
Яна бир бўлагим
Сайтлар ўрмонида
Сайдга айланган.
Яна бир бўлагим
Қўл телфонимнинг жаранги билан
Ўйғониб кетади…
Ўзим ҳам билмайман:
“Ўзим” деганда
Кимман, нимаман?
Танами,
Руҳми.
Ёки нафсми?
Бепоён
Ҳаяжон,
Изтироб ва истереслар
Моҳиятимга
Айланиб кетган.
Ва яна
Ўзимни овутиб қўяман:
Бир куни
Гирд-атрофдан
Минг-минг тарафдан
Йиғилиб келаман!
Бир куни
Япроқлар устида
Милтиллаб,
Мўлтираб турган
Шабнамларнинг садосиз азонлари остида,
Сув сатҳида оқ муроқабага
Кетган нилуфарларнинг
Сукути қаъридан
Дунёга қайтадан
Туғилиб келаман!
Тошкент, 2018 йил 29 июн
БИЗ
Укам Шавкат Раҳмоновга
Биз –
Вақтнинг
Аччиқ сўзини
Татиб кўрган авлодмиз.
Биз –
Икки тузумнинг тузини
Татиб кўрган авлодмиз.
Бизнинг ёшлигимиз
Биз билан бўлмаган.
Кимлигимизни
Севги ҳам билмаган.
Биз ҳатто сувни ҳам
Пуфлаб ичганмиз.
Ва заҳар ичсак ҳам
Эплаб ичганмиз.
Биз –
Оталар билан
Гоҳида изма-из,
Гоҳида ёнма-ён
Майдонга тушганмиз.
Биз –
Сузишни билсаг-у билмасак,
Уммонга тушганмиз.
Биз
Замон девининг
Тилсимли кўзига тик боқиб,
Тошдай қотмадик.
Биз
Ўзлигимизни
Дунёнинг бебақо матоҳларига
Сотмадик.
Биз –
Бизни менсимай,
Бизни кўрмаган
Бутун дунёни
Ўзимизга
Қаратган авлодмиз.
Биз –
Вақтнинг бешафқат таъмини татиб,
Келажак деган
Янги Тарихни
Яратган авлодмиз.
Тошкент, 2018 йил 29 июн
ВАҚТ ФАРЗАНДИ
“Ал-орифу ибн ул-вақти”.
Сўфийлар ҳикмати
Ориф
ўз Вақтининг фарзанди, деганлар.
Мен эса Вақтимнинг фарзанди
бўла олмадим.
Бўлганимда эди
беш вақтлик намозларимни
канда қилмасдим…
Тошкент, 2018 йил 2 сентябр
ҚЎШИҚЛАРДА ЯНГРАГАН ОҲАНГ

Ёруғ бўлсин доим юзингиз,
Қувончларга тўлсин кўзингиз,
Бахтли бўлсин ўғил-қизингиз,
Тўйларингиз муборак бўлсин!
ОЧИЛАСАНМУ?
Остонангга бошим урсаму,
Эшик оға каби турсаму,
Райҳон десам, ёсуман десам,
Сен бошимга сочиласанму,
Назарингга ҳеч иласанму?
Деворингга бошим ёрсаму
Али Бобо бўлиб борсаму,
Сим-сим, очгин, бу менман, десам,
Хазинадек очиласанму,
Назарингга ҳеч иласанму?
Дунёларни кезиб келсаму
Ўзлигимдан кечиб келсаму
Бу мен эмас, бу сенсан, десам,
Ёғду бўлиб сочиласанму,
Назарингга ҳеч иласанму?
Юрагимни фигор этсаму
Жонимни ҳам нисор этсаму
Сенга фидо, эй савсан, десам,
Ғунча каби очиласанму,
Назарингга ҳеч иласанму?
Тошкент, 2015 йил 20 ноябр
КЕЛ, ТАНИШАЙЛИК!
Зуҳромисан, Зулайхомисан?
Кубромисан, Кибриёмисан?
Таҳмина ё Таманномисан?
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Сув ичгансан қайси дарёдан,
Сирдарё ё Қашқадарёдан?
Сурхон ёки бошқа дарёдан?
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Юрагимга ўт ёқдинг, нетай?
Кўзларингдан ўргилиб кетай!
Висолингга ман қандай етай?
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Айт, эй пари, манзилинг қайда?
Дарё бўлсанг, соҳилинг қайда?
Кўнглинг кимда, айт, дилинг қайда?
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Гулсуммисан, Гулсанаммисан,
Ёки бағритош санаммисан?
Юрагимга ё ғаниммисан?
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Кутилмаган ғазалсан балки,
Асалдан ҳам асалсан балки,
Тақдиримда ҳазилсан балки,
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Тоҳирингман, сен Зуҳроммисан?
Юсуфингман, Зулайхоммисан?
Мажнунингман, сен Лайломмисан?
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Сени севдим, ҳали танимай,
Танисам гар, не бўлар, бай-бай!
Ҳали раъйим сендан айнимай,
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Бир кун сени олиб кетайин,
Юрагимга солиб кетайин,
Дуторимни чалиб кетайин…
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Зуҳромисан, Зулайхомисан,
Сайёра ё Сурайёмисан?
Лоламисан ё Лайломисан?
Ким бўлсанг ҳам, кел, танишайлик!
Тошкент, 2015 йил 22 ноябр
МАЙЛИ ЭДИ…
Бошимга тош ёғса фалаклар,
Юз бурса ҳам мендан малаклар,
Майли эди… Сенсизликларда
Юрагимдай бўлса юраклар.
Сенсизликда тентираб юрдим,
Улуғларни сенсираб юрдим.
Ўзлигимни йўқотмайин деб,
Ҳатто сени менсираб юрдим.
Лайли, Лайли, о, Лайли, Лайли!
Мажнунингни куйдирма, майли?
Ўзга нарса эмас бўшлиқдан
Борлиқ, баҳор ё лола сайли.
Юрагингга ўт ёқиб қўйдим,
Тинчлигимни йўқотиб қўйдим…
Овлайман деб сенинг кўнглингни,
Юрагимга ўқ отиб қўйдим.
Сўнгсизликдан қутқарасанми,
Сенсизликдан қутқарасанми?
Сенсизликмас, аслида мени
Менсизликдан қутқарасанми?
Лайди, Лайли, о, Лайли, Лайли,
Ўтиб кетди гул фасли сайли!
Соғинсам ҳам сени соғинай,
Ҳижронингда ўлсам ҳам майли…
Тошкент, 2015 йил 1 декабр
ҚАНДАЙ КЕЧАЙ?
Қандай кечай, қандай кечай
Сенга шайдо юрагимдан?
Қандай кўнгил узай, айтгин
Сендек зебо малагимдан?
Йиллар ўтди, кўзларингда
Асар йўқдир саодатдан.
Мен-чи? Сенинг фироқингда
Узоқдаман ҳаловатдан.
Сендан сўнгги ўтинчим бор:
Мен бирла қол, мен бирла, қол!
Ҳижронингда куйдирма, Ёр!
Андуҳлардан толди дилим,
Висолингга, жамолингга
Муштоқ бўлиб қолди дилим!
Қандай кечай, қандай кечай
Сенга шайдо юрагимдан?
Қандай кўнгил узай, айтгин
Сендек зебо малагимдан?
Эй кўзлари оҳулигим,
Сенга қурбон туйғуларим.
Эй кўзлари жодулигим,
Сенга тортиқ уйқуларим.
Седан сўнгги ўтинчим бор:
Мен бирла қол, мен бирла, Ёр!
Ҳижронингда куйдирмагин,
Дунёни этма менга тор.
Тақдир мени синдирмасин:
Сени мендан айирмасин,
Қанотимни қайирмасин!
Андуҳлардан толди дилим,
Зардобларга тўлди дилим,
Шайдо бўлиб қолди дилим!
Тошкент, 2016 йил 21 май