Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Акбарали столга у-бу қўйиб улгурган экан, қолганига Ғиёс кўмаклашди. Столда нон, колбаса, «кола», пишлоқ, помидор-бодринг, битта ароқ шишаси пайдо бўлди.

Ғиёс пиёлаларни тўлдириб ароқ қуйди.

– Қани, танишганимиз учун оламиз!

Улар пиёлаларни чўқиштиришди. Ғиёс ароқни бир кўтаришда ичиб юборди, «оқ» қилганини кўрсатиш учун пиёласини қизларга кўрсатди, кейин мақтанди:

– Бизда биринчисига закуска қилинмайди.

Жилмайиб қўйган Акбарали ўзининг пиёласини столга қайтариб қўйди-да, «кола» тўла пиёладан бир ҳўплади. Буни кўрган қизлар бир-бирига қараб қўйишди.

– «Қизил»ига ўтиб кетибсизми, ака? – жилмайди Дилобар.

– Мен ўзи умуман ичмайман, – деди Акбарали.

Дилобар ҳайрон қолди:

– Наҳотки? Ростдан-а?

– Ҳа, – кулимсиради йигит. – Шунақа айбимам бор.

Тамара одатига кўра шифтга қараб гапирди:

– Бу қизиқ…

– Қани, олинглар, қизлар! – вағирлади Ғиёс. – Шеригимга қараманглар. Ўзи ичмайди, лекин бошқа ҳамма томондан зўр йигит.

– Қанақа томонларини айтяпсиз, Ғиёс ака?

– Э, Дилобархон, буни кейин ўзларинг билиб оласизлар.

Кулги кўтарилди. Қизлар пиёлаларга лаб тегизиб қўйишди. Буни кўрган Ғиёс норози бўлди:

– Э, бунақа ичилмайди-да, жонон қизлар.

– Қанақа ичилади, жонон йигит?

– Мана бундай!

Ғиёс Акбаралининг ҳам пиёласини қўлига олиб, ичиб юборди ва уни ҳам «оқ» қилганини қизларга намойиш этди, кейин яна мақтанди:

– Бизда иккинчисигаям закуска қилинмайди.

Қизлар чапак чалиб юборишди. Ғиёс стол ёнига қўйилган қўл телефонининг тугмачасини босган эди, чет элнинг шовқинли мусиқаси янграй бошлади.

– Энди бир вальсга тушсак, – таклиф қилди Ғиёс.

– Вой, – деб юборди ногоҳ нимадир эсига тушган Дилобар, – машинанинг эшиги очиқ қолди-ку.

Ҳалидан буён стол атрофида ўзини сал ўнғайсизроқ ҳис қилаётган Акбарали шошиб ўрнидан турди:

– Мен бориб қулфлаб келаман.

Бу таклифга Ғиёс «маъқул» маъносида бош ирғади. Акбарали хонадан чиққан маҳал Дилобар кўзлари сузила бошлаган Ғиёсга ишвали қараб қўйгач, сумкачасини очди-да, қалам билан лаб бўёғини чиқазди:

– Ғиёс ака. Танцага тушадиган бўлсак, биз сал у ёқбу ёғимизга қараб олсак дегандик. Ахир онангниям отангга бепардоз кўрсатма деганлар.

– Марҳамат, – йигит кириш эшигининг чап тарафидаги яна бир эшикка ишора қилди: – Ванна сизларнинг ихтиёрингизда.

Дилобар норози бўлиб қош чимирди:

– Э, тор жойда юрагим сиқилиб кетади. Ундан кўра сиз кириб туринг ваннага, биз сал ўзимизга оро бериб олайлик. Олдингизда пардоз-андоз қилишга уяламиз ахир.

– Майли, жонон қизлар, майли.

Ғиёс салгина гандираклаганча бориб ювиниш хонасига кираркан, эшикни қия очиқ қолдирди.

– Мўраламанг! – дея буйруқ берган Дилобар дугонасига ишора қилди.

Тамара бориб эшикни қизларни пойлашга уринаётган Ғиёснинг юзига «қарс» этиб ёпди-да, елкаси билан суяниб турди. Дилобар шоша-пиша сумкачасидан кичкина салафан халтачага солинган оқ кукунни олди, бўш пиёлага кукуннинг ярмини солиб, унга ароқ қўшиб аралаштирди. Сўнг қолган кукунни «кола»ли пиёлага солиб аралаштиргач, салафанчани сумкасига яширди-да, жойига ўтириб, лабига бўёқ сурган бўлди. Тамара ҳам чўнтагидан кўзгуча олиб, лабини бўяди.

Дилобар буйруқ берди:

– Марҳамат қилсинлар, жонон йигит!

Тамара илдам келиб жойига ўтирди. Ювиниш хонасидан оғзи қулоғида Ғиёс чиқиб келди, қизларга мастона термилди:

– Ў, очилиб кетибсизлар, жононалар!

Дилобар ароқ тўла пиёлани Ғиёснинг қўлига тутди:

– Қани, биз учун эллик грамм олмайсизми энди?

– Оламиз, жонидан, оламиз.

Ғиёс бу пиёладаги ароқни ҳам «оқ» қилиб ичиб юборди.

Акбарали кириб келганида кўзлари юмилиб кетаётган Ғиёс Тамара билан танца тушмоқда эди.

Дилобар машина калитини стол четига қўйган Акбаралининг қаршисига келиб ўтирди, «кола» тўла пиёлани унинг ёнига сургач, ўзи бир қултум ароқ қуйилган пиёлани қўлига олди.

– Қадаҳ сўзи айтмоқчимисиз? – сўради йигит.

Дилобар негадир маъюс кулди:

– Мен ўзи ичмасдим, ака. Лекин агар жуда қадаҳ сўзи эшитгингиз келаётган бўлса, марҳамат. Мен эркакларнинг камтарин бўлишлари учун ичаман!

Дилобар бир кўтаришда пиёлани бўшатди. Қизга ялт этиб қараб қўйган Акбарали ҳайрон бўлганча «кола» тўла пиёлани оғзига яқин олиб борган маҳал Ғиёс текис жойда қоқилиб кетди, кейин, ўзини ўнглашга уриниш асносида Тамарани маҳкам қучоқлаганча ёнбошга, Дилобарнинг устига оға бошлади. Тамара бир амаллаб йигитни тутиб қолди. Афти буришиб кетган Дилобар уларни нари итарди:

– Ўзларингни тутсаларинг-чи, Тамарчик!

Тамара яна шифтга қараб жавоб қайтарди:

– Ҳаракат қиламан.

Хавотирга тушган Акбарали пиёлани жойига қўйди:

– Ғиёсга бир бало бўлдими?

Шу сўзлар билан Акбарали ўрнидан турмоқчи бўлганда Дилобар унинг қўлидан тутиб қолди:

– Қадаҳ сўзим ёқмадими, ака? Ё сизам эркакларнинг камтаринлигига қаршимисиз?

– Нега энди? Аксинча…

– Ундай бўлса олинг. Охиригача. Кейин бирга танца тушамиз. Хоҳласангиз, албатта.

Акбарали баттар ҳайрон бўлганча «кола»ни ичди. Шу аснода кўзлари деярли юмилиб қолган Ғиёснинг иккинчи бор қулаб бораётгани кўриб қолдию, отилиб ўрнидан туриб, шеригини ушлаб қолди:

– Ғиёс! Ғиёс! Сенга нима бўлди?

Ғиёс жавоб ўрнига бир нималар деб ғўлдираб бошини Акбаралининг елкасига қўйди ва шу заҳоти қўзичоқдек пишиллаб уйқуга кетди.

– Ғиёс! Ғиёс дейман! – Ажабланган Акбарали шеригини қаттиқ силталади, бироқ бундан фойда йўқлиги-ни кўргач, қизларга қараб узр оҳангида деди: – Биз ҳозир.

Акбарали Ғиёсни судраб ювиниш хонасига олиб кирди, бошига совуқ сув қуя бошлади. Дилобар бориб очиқ қолган эшикни ёпди-да, Тамарага бош ирғади:

– Мижозлар тайёр! Сен у ёқ-бу ёқни қара-чи.

Мамнун Дилобар машина калитини ички чўнтагига жойлаётган маҳал Тамара хонага бир қур кўз ташлади, шкафни очиб, нарсалар орасида турган дипломатни олди. Дипломатнинг қулфланганини кўрган қиз қизиқиш билан сочидан тўғнағич чиқарди ва бир уринишда қулфни очди. Дипломат бир текис тахланган даста-даста пулларга тўла эди.

Буни кутмаган Тамара кафтларини жуфтлаштирганча, шифтга қараб:

– О, худойим! – деб юборди.

Дилобар телефонида рақам тераётган жойида анграйиб қолди.

Иккала қиз бир-бирига саволомуз қарашди.

Кутилмаганда бунча пулни кўриб ҳаяжонланган бўлса-да, мияси тез ишлаб кетган Дилобар буйруқ берди:

– Опкетамиз!

Тамара дипломатни кўтарди. Иккала қиз очиқ дераза томон шошишди. Шу маҳал ювиниш хонаси эшиги очилиб, пишиллаб ухлаётган Ғиёсни аранг судраган Акбарали чиқиб келди. У очиқ дераза раҳига осилаётган Дилобарни кўриб ҳайрон қолди:

– Қаёққа?

Ҳали қиз жавоб бериб улгурмасидан Акбаралининг кўзи Тамаранинг қўлидаги дипломатга тушди-ю, ранги бўзариб кетди:

– Ие!

Акбарали шеригини ташлаб олдинга интилди, полга «гурс» этиб қулаган Ғиёсга эътибор ҳам бермасдан Тамарага отилди. Қиз чаққонлик билан ўзини четга олди. Дилобар дераза рахидан қайтиб тушишга мажбур бўлди. Акбарали жон алфозда деразани ёпди, зулфинни туширди. Кейин ғазаб билан қизларга қаради, аранг гапира олди:

– Ўғ… ўғрилар!

Акбарали қизлар устига бостириб келаверди, улар аста-секин ортга чекинишди. Акбарали ҳамон хориж қўшиғи янграётган телефонга талпинди, аммо уни биринчи бўлиб олиб қўйган Дилобар йигитдан кўз узмаган кўйи дугонасига шивирлади:

– Қўрқма! Ҳозир тамом бўлади…

Гавдаси чайқалиб кетаётган, кўзларини базўр йириб очаётган, алпанг-талпанг қадам ташлаётган Акбарали ўзининг аҳволи оғирлашиб бораётганини сездими, эшик томон юрмоқчи бўлди. Буни сезган Дилобар лип этиб ўтиб эшикни тўсиб олди.

Вужудини сўнгги кучлари тарк этаётган Акбарали иложсиз ҳолда жойида чайқалиб туриб қолди. Сўнг ногоҳ стуллардан бирини олди ва то Дилобар унинг мақсадини англаб олгунга қадар жон-жаҳди билан деразага урди. Дераза жаранглаб синди.

Бундай бўлишини кутмаган қизлар эсанкираб қолишди.

Йўлакдан шу томонга чопиб келаётган одамларнинг қадам товушлари эшитилди. Кимдир эшикни урди.

Эшик ортидан Муқаддамнинг овози эшитилди:

– Очинг! Эшикни очинг! Очинг деяпман!

Ранги ўчиб кетган Тамара дугонасига қаради. Дилобар бир сония ўйланиб қолди, сўнг дугонасини қўлидан тутиб ювиниш хонасига олиб кирди. Бу ерда у аввал дипломатни ваннанинг тагига яшириб қўйди, кейин Тамаранинг кўйлаги ёқасини, енгини йиртди-да, жон алфозда дод солди:

– Ёрдам беринг! Зўрлашмоқчи! Ёрдам беринг!

Дилобар қичқириш асносида Тамарага «Сен ҳам бақир» маъносида ишора қилди. Гап нимадалигини унчалик тушунмаган бўлса-да, дугонасининг топқирлигига, ҳар қандай вазиятдан силлиққина чиқиб кетишига ишонадиган Тамара одатига кўра шифтга қараган кўйи қичқирди:

– Помогите! Насилуют!

– Ёрдам беринг! Зўрлашмоқчи!

Дод-войни эшитган Акбарали эшик томон юрди, лекин кўзлари юмилиб кетаётгани, дармони қуригани боис жуда қийналиб аранг бир қадам ташлай олди, холос.


Бир неча лаҳзада ичкарида қизлар ёрдам сўраб дод солаётган хона эшиги ёнида беш-олтита одам тўпланди. Қўрқиб кетган Муқаддам пишиллаб турган бақувват, сочини тақир олдирган, майкачан эркакка – меҳмонхонанинг доимий мижозларидан бўлган Ибодуллаевга қаради:

– Бузинг эшикни, ака!

Худди шу илтимосни кутиб тургандай, Ибодуллаев уч-тўрт қадам ортга чекинди, сўнг чопиб келиб эшикка елкаси билан урилди-ю, қўпорилган эшик билан бирга ичкарига қулади. Унинг ортидан Муқаддам билан бошқалар ҳам хонага отилиб киришди.

Иккала қиз ҳамон зор йиғлаб кўмак сўрашарди:

– Ёрдам беринглар! Помогите!

Ўрнидан турган Ибодуллаев нафрат билан бир столга, бир базўр ўзини ушлаб турган Акбаралига қаради ва бир оғиз:

– Тушунарли, – деди.

Кирганлар орасида Муқаддамни таниди шекилли, Акбарали унга меровсираб қараб, аранг ғўлдиради:

– О-опа…

– Ифлос! – бўкириб юборди Ибодуллаев. – Сендақаларни ўлдириш ҳам кам!

У қутурган қўтосдай кўкрагига бир калла уришдаёқ Акбаралини ерга қулатди-ю, уриб-тепиб, аёвсиз калтаклашга тушиб кетди.

Жон-пони чиқиб кетган Муқаддам хонага кирганларга ялинди:

– Ўлдириб қўяди! Ёрдам беринглар!

Уч-тўрт эркак Ибодуллаевни Акбаралидан ажратишга тушишди.

Муқаддам милицияга телефон қила бошлади.

* * *

Одамларнинг асабларига бир нима бўлгани рост. Бўлмаса, ёшгина йигит, бор-йўғи йигирма олтида-ю, юраги қисиб қолиб…

Ҳалиям вақтида етиб боришгани. Шунақа пайтларда қўл телефонини ўйлаб топган донишмандга раҳматлар айтгиси келади одамнинг.

Дониёр кислород ниқоби кийдирилган беморни марказий шифохонага топшириб ҳовлига чиқдию, ўпкасини тўлдириб чуқур нафас олди:

– Улгурдик.

– Бир ўлиб тирилди, энди узоқ яшайди бечора, – деди унинг ортидан бир даста қоғоз кўтариб чиққан Гўзалой.

Дониёрнинг сигарета тутатаётганини кўрган ҳамширанинг афти буришди:

– Яна бошладингизми? Ахир бизни ўқитишган, бунинг бир грамми эшакни…

– Отни.

– Ҳа, ўшани ўлдиради.

– Бунинг эмас, никотиннинг бир грамми.

– Э, нима фарқи бор, Дониёр ака! Нима, ўзингизда қасдингиз борми? Ўпка раки орттириб олиб, ажалингиздан беш кун бурун…

Дониёр кулимсираб қўйди. Сўнг, юлдузлар чарақлаб турган осмонга қараб қўйгач, ўйчан тарзда деди:

– Бусиз ҳам ҳаётнинг ўзи ўлим салтанати томон узлуксиз яқинлашувдан иборат, Гўзалой. Биз туғиламиз, ўсамиз, еймиз, ичамиз, гаплашамиз, ухлаймиз, вояга етамиз, уйланамиз, эрга тегамиз, лекин умримиз дақиқама-дақиқа ўша салтанат томон шиддат билан яқинлашиб бораверади. Буни тўхтатиб қоладиган кучнинг ўзи йўқ.

Гўзалойнинг кўзлари катта-катта очилиб кетди:

– Сизга нима бўлди, Дониёр ака? Гапларингиз аллақандай жумбоқлими-ей.

– Чарчаган бўлсам керак-да.

Ҳамшира мавзуни ўзгартирмоқчи бўлди:

– Келинг, бошқа гаплардан гаплашайлик.

– Майли, – рози бўлди Дониёр. – Лекин гаплашмасак ҳам майли. Ҳавони қара, қанчалар тоза, симириб ичгинг келади.

– Лекин сиз шу тоза ҳавони булғаб… – асабийлашди Гўзалой. – Майли, майли, ўқрайманг, айтдим-ку, энди бошқа гаплардан гаплашамиз деб… Дониёр ака, янгам билан Тошкентга кўчиб кетмоқчи эмишсизлар, шу ростми?

Шифокор қизга ҳайрон бўлиб қаради:

– Ким айтди сенга бу гапни?

– Одамлар, – аниқ жавобдан ўзини олиб қочди қиз.

– Одамлар гапираверади-да.

– Лекин шамол бўлмаса дарахт қимирламайди.

– Дарахтнинг учи.

– Ҳа, ўша-да.

– Одамлар яна нима дейишаяпти?

– Гаплар ҳар хил. Сизлар пул йиғиб, шаҳардан катта ҳовли олармишсизлар-да, кўчиб кетармишсизлар. Кейин сиз илмий иш қиларкансиз. Шунинг учун оилани режалаштириб, ҳозирча… ҳозирча… яъни ўттиз беш ёшгача чет элликларга ўхшаб… аввал карьера, кейин бола деб…

«Бола» сўзини эшитган Дониёрнинг бирдан авзойи ўзгарди, у сигаретасини жаҳл билан ерга ташлаб, туфлисининг учида босди:

– Кетдик!

Дониёр асабий тарзда бориб машинага ўтирди. Эсанкираб қолган Гўзалой унинг ортидан шошди.

Йўл бўйи индамай кетишди. «Тез ёрдам» «Ором» ресторанидан ўтиб, «Қирғоқ»қа яқинлашаётган маҳал Дониёр зўр бериб эгилиб, меҳмонхонага қарай бошлайди. Буни кўрган Эркин ака тезликни пасайтирди. Гўзалой энсаси қотиб лаб бурди, сўнг ўзи томон ўгирилган ҳайдовчи билан кўз уриштириб олгач, ғаши келгандай бош чайқади. Кулиб қўйган Эркин ака шифокорга қаради:

– Дониёржон, агар зарурат бўлса тўхтатай.

Анча вақтдан бери бирга ишлаётганликлари сабаб ҳайдовчи Дониёрнинг одатини яхши билиб олган-ди: хотини сменада пайти шифокор меҳмонхонага серқатнов бўлиб қоларди. Тўғри, бундан ўзи уялар, ўнғайсизланар, натижада ҳеч қовушмаган баҳоналар ўйлаб топар, аммо барибир шу томонга йўли тушса бас, рафиқасидан хабар олмай кетмасди.

Ҳозир ҳам Дониёр аввалига хижолат чекиб:

– Йўғ-э… – деган бўлди. Кейин чўнтакларини кавлади, ахири айбдорона қиёфада ҳайдовчига қаради: – Эркин ака. Калит қоп кетиптими дейман-да. Келинингизнинг сменаси кечроқ тугайди…

Эркин ака астойдил афсусланиб бош чайқади:

– Ёмон бўпти-ку. Ахир ҳеч замонда уйга калитсиз кириб бўладими? Ҳозир, ҳозир…

Гўзалой мазахомуз тарзда «пиқ» этиб кулиб қўйди.

«Тез ёрдам» меҳмонхона кириш эшиги ёнида тўхтади. Дониёр тез машинадан тушди:

– Мен ҳозир-а…

– Бемалол, Дониёржон, бемалол. Ҳеч шошилманг. Чақириқ йўқ, биз синглимиз билан гаплашиб ўтириб турамиз.

Ҳамшира истеҳзоли оҳангда луқма ташлади:

– Чақ-чақлашиб.

– Раҳмат. Лекин барибир мен тез…

Дониёр ичкарига шошди.

– Калит эмиш, – ҳамон пичинг қиларди Гўзалой. – Топган баҳоналарини. Ҳалиям туморим демади.

Ҳайдовчи мийиғида илжайиб қўйди:

– Дониёржон учун тумори – хотини.

– Буни қаранг-а, – баттар жаҳли чиқди ҳамширанинг. – Доим қўйнида об юрсин унда.

Эркин ака ётиғи билан гапиришга уринди:

– Лекин сиз, Гўзалойхон, кўпам унинг жиғига тегаверманг.

– Жиғига тегиб нима қипман?

– Кўриб турибман-ку. Сиз билан гаплашиб бўлгандан юзига қизил тошиб кетади.

– Шунақа, бировларнинг юзига қизил тоширадиган ёмон қизман-да.

Ҳайдовчи қизга бир муддат қараб турди-да, ногоҳ завқланиб кулиб юборди:

– Эҳ, йигирма ёш орқага қайтсам эди, Гўзалой!

– Нима қилардингиз, Эркин ака?

– Шартта сизни опқочиб кетардим-қўярдим. Бахтли яшардик. Сизам буйтиб юрмасдингиз.

Ҳамшира ҳушёр тортди:

– Хўш, мен нима қилиб юрган эканман?

– Биласиз, мен дангал одамман. Шап-шап деб ўтирмайман, – қизга қаттиқ тикилди ҳайдовчи. – Хуллас, синглим, Дониёржоннинг гулдай хотини бор… Дониёржон уни рашк қилади, демак, яхши кўради…

– Чақ-чақлашишимиз… – алам билан гапирди Гўзалой, – ғийбатга ўтиб кетди-ку, ака.

– Мен сизни синглимдай кўриб, кўнглимда борини айтдим, Гўзалой. Сизга чақиртиканак бўлиб юриш ярашмайди. Ҳали тенгингиз чиқади…

Бу сўзлар маъносини англаб, ногоҳ юраги симиллаб оғриб кетган, кўзларида ғилт-ғилт ёш ҳалқаланган Гўзалой машинадан тушиб, қоронғилик қўйнига юрди. Эркин ака бош чайқаганча унинг ортидан ачиниб қараб қолди.


Қабулхона бўм-бўш эди. Вужуди музлаб кетган Дониёр атрофга аланглади. Қани у…

Шу пайт биринчи қават охирроғидан келаётган шовқин эшитилди. Қўллари мушт бўлиб тугилган Дониёр шу томонга чопди.

Очиқ эшик олдида тўрт-бешта бекорчи томошаталаблар тўпланиб олишганди. Шифокор уларни туртиб-суртиб олдинга ўтди.

Хонада эса майкачан Ибодуллаев юзи қонга беланган Акбаралининг қўлларини орқасига қайириб боғламоқда эди.

Оқ халатли Дониёрга кўзи тушган Дилобар ёқасини тутамлаб олган Тамарага шипшиди:

– Эксперт келди.

Эрини кўрган Муқаддам адойи тамом бўлди: ранги қув ўчиб, бутун вужуди қалтираб кетди.

Иккала қиз Дониёрга қараб бараварига шикоят қилишга тушишди:

– Улар бизни зўрламоқчи бўлишди, ака! Зўрламоқчи бўлишди! Қўрқитишди!

Ибодуллаев бир силташда Акбаралини оёққа турғазди. Кўзларини аранг йириб очган ҳайдовчи қаршисида қалт-қалт титраб турган Муқаддамни кўрди-ю, у томон юришга уринди:

– Биз…

Қўтосдай бақувват Ибодуллаев бир силташда Акбаралини бир қоп пахтадай осонлик билан бир қўлида кўтариб олиб, курсига ўтқазиб қўйди.

Дониёр Муқаддамга қаради:

– Бу ерда нима бўляпти?

Муқаддам жон ҳолатда:

– Мен ҳозир сизга ҳаммасини тушунтириб бераман… – деб бошлади.

Аммо Ибодуллаев жуссасига мос унчалик мос келмайдиган чийилдоқ овозда жувоннинг гапини кесди:

– Ўртоқ доктор. Одатдаги ҳол. Дальнобойшиклар меҳмонхонада қолишган, бу ернинг чўталчи қўшмачилари эса, – у нафрат билан Муқаддамга ишора қилди, – шопирларнинг олдига қизларни киритиб юборишган. Нарх масаласида келиша олишмаган ва орада жанжал кўтарилган. Шу.

Бундай талқиндан буткул эсанкираб қолган Муқаддам:

– А-а… – дея эътироз билдиришга ҳаракат қилди, холос.

Ранги бўзариб кетган Дониёр хотинига ўқдай нигоҳини тикди:

– Шу ростми?

– Мен…

– Мен вилоят ободончилик бошқармасининг масъул ходими Ибодуллаевман, – ўзини таништирди майкали эркак. – Мен ҳам онгли бир фуқаро, ҳам ҳокимият вакили сифатида бу меҳмонхонада бўлаётган ифлосликлар ҳақида тегишли идораларга билдирги ёзиб беришга мажбурман, ўртоқ доктор. Марҳамат қилиб исм-фамилиянгиз, иш жойингизни айтсангиз, мен ўз билдиргимда сизни ҳам гувоҳ сифатида тиркаб қўяман. Мен бу ердаги ифлосгарчиликлар шу ерда, шу ҳолида қолиб кетишига йўл қўймайман. Йўл қўймайман!

– Лекин мен… – ожизона эътироз билдиришга уринди Муқаддам, – лекин мен милицияга хабар бердим.

Ибодуллаев бўш келмади:

– Балки сиз хабар берган милиционер ҳам сиздан чўтал олиб турар, а, ўртоқ нозир? Балки тилларингиз бирдир, мен қаёқдан биламан.

– Вой, бу нима деганингиз?

– Бу мен сизни фош этаман деганим, ҳаммангни, меҳмонхонага жойлашиб олган мафияни илдиз-пилдизинг билан қуритаман, деганим. Тушундингизми! Мана, шунча гувоҳим бор! – Вилоят ободончилик бошқармасининг масъул ходими эшик ёнида турган биринчи кишига мурожаат қилди: – Исм-фамилиянгиз нимайди…

«Гувоҳ» сўзини эшитган эшик ёнида турган томошабинлар фавқулодда тезликда бир-бир ғойиб бўла бошлашди.

Очиқ эшикдан ўттиз ёшлардаги, новча, мўйловли эркак кириб келди.

– Мана сиз гувоҳ бўласиз! – Ҳеч тап тортмай унга мурожаат қилди Ибодуллаев. – Исм-фамилиянгиз нимайди?

– Шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси капитан Жавлон Сулаймоновман. Кечасиям тинч қўймайсизлар-а? – У синган деразадан қарши тарафдаги тўрт қаватли уйга ишора қилди. – Анави «дом»да тураман. Шовқин-суронларингга ярим шаҳар уйғониб кетди-ёв.

Худди шу маҳал Акбарали «гуп» этиб ерга қулади.

Хонага милиционер кирди:

– Ким милицияга қўнғироқ қилганди?

– М-мен… – дея олди Муқаддам…

* * *

Юк машинаси тўхтамай ўтди-кетди.

Йўл бўйида турган икки мотоциклчи «КамАЗ»нинг тез узоқлашаётган орқа қизил чироқларига ажабланиб қараб қолишди.

Тожибой тақир бошини қашиди:

– Тушунмадим.

Жўрабой ўзича тахмин қилди:

– План «Б»га ўтишди-ёв. Майли, бир оз кутайлик-чи, хабар бўлиб қолар.

Улар қаҳвахонага киришди, чеккароқдан жой олишди. Жўрабой егулик айтди, Тожибой ароқ.

Буюртмаларни олиб келган хизматдаги йигитча қўлини кўксига қўйди:

– Камчилик йўқми, акалар?

– Камчиликлар… етарли, – тўнғиллади шоша-пиша ароқни очаётган Тожибой. – Менга қара, ука, ресторанингнинг алоҳида хонаси борми?

– Тушунмадим, ака.

– Нимасини тушунмайсан? Яхши нарса бўлса, пулига гап йўқ, ука.

Йигитча ўта жиддий тарзда жавоб қайтарди:

– Адресда янглишибсиз, ака. Бу ерда унақа ишлар билан шуғулланилмайди. Биз қўшмачилик қилмаймиз.

Шу сўзларни айтгач, ходим нари кетди.

Тожибойнинг қовоғи осилди:

– Тушунмадим. Мен ҳаммага отнинг қашқасидай танилиб қолганманми, нима бало, Жора?

Жўрабой кулимсиради:

– Танимаган одамгаям ўзингни танитяпсан-ку, Толян.

Тожибой алам билан бир пиёла ароқни ичиб юборди.

Йигитлар овқатланиб бўлай деганлари маҳал Тамара қўнғироқ қилиб, Жўрабойнинг тахминини тасдиқлади. Энди, келишувга кўра, булар шаҳарга бориб, меҳмонхонага яқин жойда чақирувни кутиб туришлари лозим эди.

Шаҳарга-ку, бир пасда етиб келишди. Аммо кайфи ошган Тожибойнинг кўнгли меҳмонхонани тусаб қолди:

– Кўзга чиққан сўгалдай бўлиб кўчада турамизми? Йўқ, мен бир соат бўлса ҳам одамга ўхшаб яшашим керак!

Охири унинг ўзига бир хона олишга келишишди. Жўрабой ҳовлида кутиб турадиган бўлди. Тожибойнинг бахтига шу яқин атрофда хусусий меҳмонхона бор экан.

Тожибой ҳали ишора қилиб улгурмасидан бурун қирқ ёшлардаги, ёшига нисбатан анчайин очиқ-сочиқ кийинган маъмуранинг ўзи сирли илжайганча секин шивирлади:

– Агар керак бўлса, яхши қизларим бор, юбораман. Овқатни ҳам хонангизга олиб келишади.

Тожибой жонланиб қолди:

– Ростданми?

Маъмура кўз қисиб қўйди:

– Ўзлари массаж қилиб қўйишади. Бошқа хизматлар бўлса ҳам бемалол. Анавинисини келишиб олсак бўлди.

Тожибой мамнун тарзда кафтларини бир-бирига ишқади:

– Қулоққа мойдай ёқадиган бир гап айтгандай бўлдингизми?

– Кал бўлсангиз ҳам мард экансиз лекин! – қувончини изҳор этишга шошди маъмура ҳам.

– Мен кал эмасман, опажон, имижим шунақа. – Тожибой маъмурага шубҳаланиб қаради: – Ё қизларингиз калларга хизмат кўрсатмайдими?

Маъмура қиқирлаб кулиб юборди, ўзига яқин олганини билдиргиси келдими, тирсаги билан йигитни туртди:

– Йўғ-э, нега унақа деяпсиз? Калликнинг бунга нима алоқаси бор?

– Ундай бўлса калликни тинч қўяйлик-да, мақсадга ўтайлик, опажон.

Маъмура оғзининг таноби қочиб илжайди…

Ҳовлида ўтиравериб чарчаган Жўрабой ахийри хабар олгани «Қирғоқ» меҳмонхонаси яқинига бордию, қизларни милиция машинасида олиб кетишаётганини кўриб қолгач, ёв қувгандай ортига қайтди ва гумбаздай хотиннинг қучоғида ётган жўрасини тўшагидан деярли суғуриб олиб чиқди. Жўрасининг оғзидан чиққан бир оғиз «Атас!» сўзиданоқ вазият жиддийлигини англаган Тожибой ортиқча савол-сўроқсиз унга эргашди: шаҳардан кетиш керакми, кетаверади; унга барибир. Жўрабой эса зўр бериб ўзини ўзи ишонтиришга уринарди:

– Диля тегирмонга тушса бутун чиқадиганлардан… У эплайди… Бир йўлини топади… Мана кўрасан…

* * *

Амалдаги тартиб-қоидага кўра инспектор давлат мулкига етказилган ҳар қандай зарар ҳақида ўз бошлиғига ёзма билдирги топшириши шарт. Зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда билдирги тақдирини бош инспекторнинг ўзи ҳал қилади ёки тегишли ҳайъатга топширади.

Икки қаватли маъмурий бинодаги иккита кенг-мўл кабинетни эгаллаган Равшан ака ичига ғалла тўлдирилган қанордай семириб кетган одам эди. Жуфт рақамни ёқтиради шекилли, икки машинали, икки ҳовлили ва ҳаттоки икки хотинли бош инспектор кейинги пайтлари бурқситиб олифталик билан сигара чекишни ўрганиб олган ва ўрни келса-келмаса бу қилиғини қабулига келганларга кўз-кўзлашни ёқтирарди.

Мана шу одам кийимлари куйган, юзига қора куя сурилиб қолган Тоҳирнинг билдиргисини сигара тутунига кўмилган кўйи ўқиб чиқар-чиқмас тутақиб, бақир-чақирга ўтди:

– Мен буни шундай қолдирмайман, Холиёров. Нима, давлат сизга ишониб топшириб қўйган моторли қайиқ ўйинчоқ бўлдимики, истасангиз сувга чўктирасиз, истасангиз ёқасиз!

Бошлиқ олдинги гал рўй берган ҳодисани тилга олаётганини тушунган Тоҳир изоҳ беришга шошди:

– Чўкиб кетган қайиқнинг пулини тўладим-ку, ўртоқ бошлиқ.

– Тўламадингиз! Ойлигингизни бир йил мобайнида босиб қолдик. Ҳалиям раҳмат денг, бирдан ҳаммасини қуртдек санаб олмадик. Ана унда уйингизни тополмай қолардингиз.

– Раҳмат, Равшан ака, раҳмат. Лекин бу сафарам тасодифан рўй берди. Эҳтиётсизлик оқибати. Ўлай агар атай қилмадим. Мотордан бензин оқиб кетган экан. Билмай чақилган гугуртни ташлаб юборибман.

– Билмай эмиш… – Бош инспектор бирдан Тоҳирга шубҳаланиб қаради: – Чекмасдингиз шекилли?

– Ҳа, энди, баъзан-баъзан. Жуда хумори тутиб қолганда.

Негадир бу гапни эшитган Равшан аканинг мамнунликдан кўзлари чақнаб кетди:

– Кўрдингизми яширинча чекишнинг оқибатини! Чексангиз бизга ўхшаб очиқ-ошкор чекинг-да, ука. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деган машойихлар. Ана ўшанда қайиғингизам ёниб кетмасди. Тўғрими?

– Тушунмадим, ўртоқ бошлиқ.

– Бунинг нимасини тушунмайсиз? – Равшан ака чўнтагидан зажигалка чиқарди. – Агар ҳақиқий кашанда бўлганингизда эди, чўнтагингизда гугурт эмас, зажигалка олиб юрардингиз. Зажигалкани эса ёқиб ташлаб юборолмасдингиз. Демак, қайиғингизам ёнмаган бўларди. Сизам таъмирлаш ҳақини тўлаб юрмаган бўлардингиз.

Тоҳир эътироз билдиришга уринди:

– Лекин, Равшан ака…

– Бўлди, гап тамом-вассалом! Сизга охирги ҳайфсан эълон қиламиз. Қайиғингизни таъмирлашга кетадиган пулни тўлаш шарти билан, албатта. Майли, шунча йил бирга ишлаганимиз ҳурмати, нақд тўлаб юрманг, ойлигингиздан босиб қўя қоламиз.

– Шунисигаям раҳмат, ўртоқ бошлиқ.

– Боринг. Айтгандай, сизга бир акалик маслаҳатим бор.

– Эшитаман.

Равшан ака паға-паға тутунни кўкка пуфлади:

– Чексангиз очиқ чекинг. Айримларга ўхшаб пана-пастқамда тутатиб юрманг. Мана, кўрдингиз оқи-батини. Агар жуда сигарет ёқмаса, мана, – у чўнтагидан носқовоқ чиқарди, – носга ўтинг. Бунинг даҳмазаси камроқ. Гугурт-зажигалкаям деб бошингизни оғритиб юрмайсиз.

Тоҳир беихтиёр кулимсираб қўйди:

– Хўп. Раҳмат, Равшан ака.

– Шунақа бўлсин, ука… Хайр....

* * *

Кенг-мўл ётоқхона юракни сиқиб юборадиган даражада торайиб қолгандай эди. Диванга эса тўшак эмас, янтоқ солингандай…

Дилшод асабий тарзда у ёққа юрди, бу ёққа юрди, чироқни ўчирди, диванга ётди, аммо шу заҳоти ўрнидан сапчиб туриб кетди, яна чироқни ёқди, яна юрди. Ахийри у ўзини бир оз бўлса-да чалғитиш учун компьютерни ёқди, интернетга кирди.

Янгиликлар… Ҳамма ўзи билан ўзи банд… Ҳеч кимнинг Дилшод билан иши йўқ… Бахтиёр одамлар…

Интернетда алоқага чорловчи сигнал пайдо бўлди. Дилшод беихтиёр керакли тугмачани босиб, митти камерани ўзига тўғрилади.

Компьютер экранида қулоғига қулоқчин тақиб олган Ноила кўринди:

– Қалайсиз, Дилшод ака.

– Ёмонмас. Ўзингиз яхшимисиз?

– Ярим кечаси нега ухламаяпсиз?

– Ўзингиз-чи?

– Мен дарс қиляпман. Эртага имтиҳон.

– Мен шундай ўзим. Уйқу қочиб кетди.

– Уйқусиз кеча денг.

– Биласизми, Ноила, ҳозир…

– Ёлғиз қолгингиз келаяпти шекилли, – ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ўтирмади қиз. – Бемалол. Менинг ҳам сиз билан суҳбатлашаман деб кўзим учиб тургани йўқ.

Қиз жаҳл билан компьютерини ўчириб қўйди. Йигит оқариб қолган экранга маънисиз тикилиб ўтираверди.

Оҳиста мусиқа эшитилган маҳал Дилшод ўзига келди ва жон ҳолатда қўл телефонига ёпишиб, ваҳима ичида сўради:

– Нима бўлди?

Мансурнинг шивирлагани эшитилди:

– Ўйланма, ўртоқ. Ҳаммаси жойида.

– Бу нима деганинг?

– Қисқаси, анавини… қопга жойладим. Ичига беш-олтита тошам қўйдим. Ўзиям оғир экан аммо-лекин. Бир қоп гўшт. Хом гўшт.

Дилшод буткул гарангсиб қолди:

– Тош?

– Чўкиб кетсин учун-да. Бўлмаса мурда сув юзасига қалқиб чиқади.

– Сен… ўзи қаердасан?

– Қамишзорда.

Дилшоднинг нафаси ичига тушиб кетди:

– Энди… энди нима қилмоқчисан?

– Айтдим-ку, ҳаммаси жойида бўлади деб. Мен ҳозир буни… сувга чўқтираман. Шу билан… шу билан тамом-вассалом. Туя кўрдингми – йўқ!

Дилшоднинг тишлари такиллади, пешонасига муздай тер тепчиди:

– Мен… мен қўрқиб кетяпман.

Мансур дўстини хотиржам қилишга уринди:

– Сен қўрқма. Бунинг ҳаммасини туш деб қабул қил. Ёмон туш деб. Эрталаб туриб сувга айтасан, бўлди, шу билан эсингдан чиқади-кетади… Бўпти. Шошилишим керак. Яна битта-яримтаси кўриб қолмасин. Хайр. Кўришгунча. Сен ухла.

Буткул эсанкираб қолган Дилшоднинг қўлидан тушиб кетган телефондан қисқа гудоклар эшитилди…


Йилнинг энг қисқа туни яна бир сирнинг шоҳиди бўлди.

Мансур оғир қопни кўтарганча қамишзор ичидан, тизза бўйи сувдан кечиб ўтгач, оқар сувга чиқди. Дарё ой ёғдусида сут каби оқарди.

Мансур елкасидаги юкни пастга туширди-да, қопни оқим бўйлаб сураверди. Қоп аста-секин сувга бота бошлади. Ниҳоят сув юкни олиб кетди. Мансур диққат билан қараб турди, қоп сув юзасига қалқиб чиқмади.

Енгил тортган Мансур кафтларини бир-бирига ишқалади:

– Мана энди бўлди.

Йигит қамишзор оралаб орқага қайтди, қирғоққа чиқиб, «Москвич»ига ўтирди ва қаттиқ газ берганча машинасини вариллатиб ҳайдаб кетди.

* * *

Тоҳир билан гаплашгандан сўнг ростакамига хавотирга тушиб қолган Гулноза сумкасига нарсаларини жойлаб бўлгач, ётоққа бўйлади. Эри хириллаб-пишиллаб ухларди.

Гулноза ғилдиракли жомадони тутқичидан ушлаганча йўлакка ўтди. Қўлида китоб билан хонасидан чиқиб келган Ноила онасини бу аҳволда кўриб ҳайрон қолди:

– Тинчликми, ойижон?

– Бобонгнинг мазалари қочиб қолибди. Қўнғироқ қилишди.

– Вой, нима бўпти?

– Шамоллаш дейишди.

– Бир ўзингиз кетяпсизми? Адам-чи?

Гулноз аввал иккиланиб туриб қолди, сўнг ростига кўчди:

– Аданг… ҳали анча ухлайдилар. Безовта қилмай қўя қолай.

Ноила типирчилаб қолди:

– Менам жон деб сизга қўшилиб борардим-у, лекин сессия пайти…

– Сен дарсингдан қолма. Боргандан ўзим қўнғироқ қиламан, қизим.

– Хўп, ойижон, телефонингизни кутаман. Яхши етиб боринг. Уйдагиларнинг ҳаммасига салом айтиб қўйинг. – Бир муддатлик мулоҳазадан сўнг Ноила ўз режасини айтди: – Мен яхшиси, агар унгача қайтиб келиб қўймасангиз, шанба куни тушдан кейин йўлга чиқаман. Якшанба куни бирга қайтамиз. Хўпми?

– Телефонлашамиз. Дарсга кетишинг олдидан адангга нонушта тайёрлаб қўй. Устидан сочиқ ёпиб қўйсанг, совиб қолмайди.

– Биламан, ойижон. Эртага бемалолман. Имтиҳон тушдан кейин. Адамни овқатлантириб, кейин кетаман. – У жомадонга қўл чўзди: – Ёрдамлашвораман.

– Ўзим.

Ноила ойисининг икки юзидан чўлпиллатиб ўпди:

– Хайр, ойижон.

* * *

Дарё бўйида ўсган одам оқимнинг қаерда кенгайиб, қаерда торайишини, инчунин, фалон жойда ташланган сувда чўкмас нарсани пистон жойда бемалол тутиб олиш мумкинлигини жуда яхши билади.

Қаҳҳорнинг эскироқ «Жигули»си бор экан. Бердиқул билан Самад йўл кўрсатиб туришди. Ишқилиб, учовлон бир пасда дарё торайган жойга етиб келишди-да, сувдан кўз узмай, сабр билан ўлжаларини кута бошлашди.

– Бердиқулжон, – деб қолди Самад хушомадомуз оҳангда, – анави аблаҳни бопладингиз лекин. Бир яйрадим, бир яйрадим.

Бердиқул бепарво қўл силтади:

– Гапирманг. Бу бошланиши ҳали. У билан ўзимнинг алоҳида ҳисоб-китобим бор.

Ногоҳ Қаҳҳор қичқириб юборди:

– Ана! Ана!

Дарҳақиқат, ой ёғдусида дарё сатҳида оҳиста оқиб келаётган қайиқ кўзга ташланди.

Бердиқул Қаҳҳорга қаради. Бунинг маъносини тушунган Қаҳҳор дарҳол ўзини оқлашга тушди:

– Мен сузишни билмайман. Чўкиб кетаман!

Бердиқул нигоҳини Самадга тикди. Самад ҳам ўзини олиб қочишга уриниб кўрди:

– Хайр қилсанг бутун қил, деганлар, Бердиқулжон. Бу ёғиниям ўзингиз тўғрилаб берасиз-да, а?

Бердиқул унга ўқрайиб қаради:

– Балиғингизни бозорга опчиқиб сотиб, пулиниям опкелиб беришим керакдир балки? Бўлди, тушинг!

Ноилож қолган Самад ечина бошлади:

– Нима бўлса Самад, Самад! Ўлмаган жоним!

– Мендан битта яримта! – таклифини айтди Қаҳҳор.

Самад хурсанд бўлиб кетди:

– Бу бошқа гап!

Самад ўзини сувга ташлади, уҳ-уҳлаганча пишқириб сузиб бориб, қайиққа чиқиб олди. Кейин қалт-қалт титраган ҳолида бир амаллаб эшкак эшиб, яқин келди. Бердиқул билан Қаҳҳор қайиқни қирғоққа тортиб олишди. Қайиқда балиқлар ҳам, тўр ҳам, Тоҳирнинг қайиғидан олинган эшкаклар ҳам бус-бутун турарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации