Текст книги "Дарё"
Автор книги: Абдукаюм Йулдошев
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Шоша-пиша кийинаётган Самад Қаҳҳорга буюрди:
– Қопларни опке!
Энди машинага қараб югурмоқчи бўлаётган Қаҳҳор дарёга кўз ташладию:
– Анавини қаранглар! – дея бақириб юборди.
Бердиқул билан Самад шу томонга қарашди. Сувда оғзи боғланган қоп оқиб келарди.
Самад ҳайрон бўлди:
– Чўкмапти.
– Ичи тўла пул бўлса-я! – ширин тамшанди Қаҳҳор.
– Пул бўлса чўккан бўларди, каллаварам! – шеригини жеркиб ташлади Самад.
Ўз тахмини ўзига маъқул туюлиб кетган Қаҳҳор бўш келмади:
– Салафанга солинган бўлса-чи?
Бу сафар Самад иккиланиб қолди.
– Нима бўлсаям қизиқ… – иягини қашлади Бердиқул ва Самадга маънодор қаради.
Энди кийиниб бўлган Самад тўнғиллай-тўнғиллай ечина бошлади:
– Нима бўлса Самад, Самад! Бу дунёда мендан бошқа одам йўқдай.
– Мендан яна битта яримта! – ҳаяжонланиб хитоб қилди Қаҳҳор.
Самад дарҳол мулойим тортиб, рози бўлди:
– Майли, қўймадиларинг-қўймадиларинг-да.
Самад сузиб бориб, суриб келган қопни Бердиқул билан Қаҳҳор қирғоққа тортиб олиб чиқишди.
Қаҳҳор ҳансираб қолди:
– Оғир экан. Ишқилиб, овора бўлганимизга яраша нарса бўлсин-да.
Бердиқул ерда ётган қоп шаклига қараб қолди:
– Менимча, бу одам.
Самад кийинаётган жойида таққа тўхтади:
– А?
– Тўғрироғи, мурда, – мулоҳазасини давом эттирди Бердиқул. – Қаранглар, мана боши, мана гавдаси, мана оёқлари.
Қаҳҳор бир қадам ортга чекинди:
– Бердиқулжон ука, қайтариб ташлаб юбора қолайлик дарёга.
– Ҳа, шундай қилайлик, – дарҳол рози бўлди Самад. – Ҳов бир йили далада ўра қазиётганимда бир суяк чиқиб қолганида милиса қанча овора қилганди. Кейин аниқлашди, у эшакники экан. Бу одам бўлса.
Қаҳҳор гапни илиб кетди:
– Оч қорнимиз – тинч қулоғимиз, Бердиқулжон ука.
– Қани, аввал кўрайлик-чи, бу эркакми, аёлми. – Бердиқул шерикларига тик қаради: – Балки қулоғида зираги бордир. Балки оғзида тилла тиши.
Самад шошиб ўзини четга олди:
– Йўқ, йўқ, унақа нарсадан худонинг ўзи асрасин.
Қаҳҳор титраб кетди:
– Мен унақа нарсалардан қўрқаман, Бердиқулжон ука.
– Мен барибир очаман.
Бердиқул қоп оғзидаги ипни еча бошлади. Самад билан Қаҳҳор яна бир неча қадам орқага чекинишди.
Ип ечилиб бўлгач, Бердиқул қоп ичига қаради ва ҳуштак чалиб юборди.
– Бердиқулжон, – сўради Самад, – эркакмикан ё аёлми?
Бердиқул бош чайқади:
– Ҳм-м… Менимча… хунаса.
– Йўғ-э?
– Бемалол яқин келаверинглар. Қўрқманглар, бу тишлаб олмайди.
Барибир Самад яқинлашмади:
– Бердиқулжон, укажон, менинг кўришим шарт эмасдир. Ўзи юрагим слабийроқ.
– Мен ўликдан қўрқаман, – унга жўр бўлди Қаҳҳор.
Бердиқулнинг жаҳли чиқди:
– Нима, мен сизларга ғассоллик қилинглар деяпманми? Келиб кўринглар деяпман. Балки танирсизлар. Нимагадир менинг кўзимга жуда иссиқ кўриняпти, лекин қаерда кўрганимни эслолмаяпман.
Самад билан Қаҳҳор қўрқа-писа қопга яқинлашишди.
– Э, худо! Ишқилиб, бир балога гирифтор қилма! – Аянчли нола қилган Самад Қаҳҳорга шивирлади: – Бундан кўра қайиғимиздан айрилиб, отнинг калласидай жарима тўлаганимиз яхшимиди?
– Шунақага ўхшаб турибди.
Икковлон яқинлашган маҳал Бердиқул қопни шартта кўтарганча:
– Жон кирди! Ўликка жон кирди! – дея уларга ташланиб қолса бўладими!
Самад билан Қаҳҳор жон ҳалпида диконглаб қочишди. Қаҳҳор ҳатто додлаб юборди:
– Вой, ўлдим!
Қотиб-қотиб кулаётган Бердиқул ахийри тўхтади. Анча нарига борган Самад билан Қаҳҳор унга хавфсираб қарашди.
– Қайтинглар-э, қуён юраклар! Шу юрак билан эркакман деб юрибсизларми ҳали?!
Самад билан Қаҳҳор ноилож бир-бир босиб яқинлашиб келаверишди. Бердиқул тантанавор тарзда қопни ағдарди.
Қопдан бўйи ўртача одамга тенг полиз қўриқчиси чиқди. Калла ошқовоқдан қилинган. Гавда, қўллар ва оёқлар одамникига ўхшаш.
– Мана сизларга тирик мурда! Танидиларингми?
Ўзини босиб олган Самад қўриқчига диққат билан қаради:
– Бир нарса дейиш қийин. Олтибой бобонинг даласида шунақаси турарди шекилли.
– Йўқ, менимча, бу Каромат опанинг томорқасидан, – билағонлик қилишга уринди Қаҳҳор. – Яна билмадим.
– Болалар… ҳазиллашишган шекилли, – тахминини ўртага ташлади Самад.
– Ҳа, ўшаларнинг иши бу! – деди Қаҳҳор ишонч билан. – Бировнинг юрагини ёриб қўйишдан ҳам тоймайди шумтакалар!
Бердиқул диққат билан қоп ичини кўздан кечирарди:
– Ким билади, балки бу катталарнинг ишидир. Тажрибаси йўқроқ шекилли. Қопга тош ўрнига кесак солганга ўхшайди. Кесак сувда эриб кетган. Шундан кейин қоп сув юзасига чиқиб қолган.
– Полиз қўриқчисини чўктириш кимга зарил кепти? – сўради Самад.
– Менам шуни айтаман-да… Қани, сизлар балиқларни жойлайверинглар-чи.
Самад билан Қаҳҳор «Жигули» юкхонасидан қопларни олиб келиб, қайиқдаги балиқларни сола бошлашди. Бердиқул ҳамон сирли полиз қўриқчисига тикилиб турарди.
Қаҳҳор шеригига шивирлади:
– Ошнасинии кўриб қолдими дейман укангиз?
– Қўявер, – қўл силтади Самад. – У ёқдан сал анақароқ бўлиб қайтган ўзи бу.
– Бизга ёрдами тегди. Ишқилиб, беғаразмикан?
Самад сассиз кулди:
– Мушук текинга офтобга чиқармиди, Қаҳҳорбой. Униям бир улушга қўшамиз-да. Майли, унгани фойда. Бизга така бўлсин – сут берсин. Шунча балиқни биров йўлимизга чиқариб қўярмиди?
– Буям тўғри лекин.
– Хўш, гап бундай, акалар, – деб қолди ногоҳ Бердиқул. – Мени қишлоққа ташлаб ўтасизлар. Ўзларингиз тўғри бозорга бораверасизлар. Мен орқаларингиздан тез етиб бораман.
Самад қўлини кўксига қўйди:
– Хўп, ука, хўп.
Дадасини кийимининг у ер-бу ери куйган, юзига қоракуя чапланган ҳолда кириб келганинии кўрган Дилмурод анграйиб қолди.
– Нима бўлди, дада?
Тоҳир кулимсираб, хотиржам жавоб берди:
– Бандитлар ўқи. Шунинг учун сени ўзим билан олиб кетмоқчи бўлгандим-да.
– Жиддий сўраяпман, дада.
Тоҳир келиб ўғлининг ёнига ўтирди:
– Э, арзимаган нарса. Қайиқ ёниб кетди.
– Шундай, ўз-ўзидан ёниб кетдими?
– Анави қисқа туташув… кейин бензин оққан экан, қарамапман. Қисқаси, Равшан ака топиб айтганидай, давлат мулкига масъулиятсизларча муносабатда бўлганлигим оқибати бу.
– Охири нима бўлди?
– Нима бўларди, яна битта ҳайфсан-да. Қайиқни таъмирлаш учун кетадиган пулни ойлигимдан олиб қоладиган бўлишди.
Сал ўзига келиб олган Дилмурод истеҳзо қилишдан ўзини тийиб туролмади:
– Демак, бу ой ҳам ойликсиз қоларкансиз-да.
– Бир амаллармиз, ўғлим. Жон саломат қолди, шунгаям шукр. Майли, мен бир ювиниб олай-чи.
Тоҳир ўрнидан турди.
– Дада, шу ишингизни ташласангиз бўлмайдими? – деб қолди тўсатдан Дилмурод.
Ювиниш хонаси томон кетаётган Тоҳир жойида тўхтади:
– Бу нима деганинг, ўғлим?
– Инспекторнинг қайиғида бензин ўз-ўзидан оқиб ётмаслигини мен ҳам биламан. Демак, буни уюштиришган, тўғрими?
Тоҳир аниқ жавобдан ўзини олиб қочди:
– Ёмонлар жазосини олади, ўғлим.
– Қачон? – Асабий равишда сўради ўғил. – Қайиқ билан қўшилиб ёниб кетганингиздан кейинми?
– Нафасингни иссиқ қил-э.
– Ахир буни бегоналар қилмаганини ўзингиз ҳам билиб турибсиз-ку. Шу, ўзимизнинг ҳамқишлоқлар. Улардан бир-иккитаси қариндошимиз чиқиб қолсаям ажаб эмас. Шу даражага боришибдими… Дада, нима қиласиз ҳамманинг кўзига ёмон кўриниб?
– Мен ўз ишимни бажаряпман, – ўғлининг таънаси нафсониятига теккан бўлса-да, иложи борича совуққон бўлишга уринди Тоҳир. – Бировга ёқиш учун ишламаяпман, ўғлим. Буни сенга айтганман.
– Хўп, шу иш сизнинг жону дилингиз экан, шу ишсиз яшай олмас экансиз, ҳеч бўлмаса бошқа жойга бориб инспекторлик қилинг.
– Бу ер-чи?
– Ахир… – фикрини тушунтиришга уринди Дилмурод, – ахир қишлоқнинг ярми қариндош-уруғларимиз. Гоҳ унисини ушлайсиз, гоҳ бунисини. Акт тузасиз. Жарима соласиз. Қайиқларини, тўрларини олиб қўясиз.
– Қонун шуни талаб қилади, ўғлим, мен эмас.
– Ахир дада, қонунниям одамлар ёзгандир, роботлар ёзмагандир.
– Ўғлим, – Тоҳир қайтиб Дилмуроднинг ёнига ўтирди. – Сенам мени тушун. Бугун биттасига тоғам деб кўзимни юмсам, эртасига бошқасига жияним деб… унда бир-икки йил ичида дарёда балиқ қолмайди-ку.
– Ваҳиманиям қиласиз-да. Саккизта одам овлагани билан катта дарёда балиқ тугаб қолмайди.
– Қўйиб берсанг, одамнинг нафси ёмон, ўғлим. Одамнинг ўзи тўйгани билан кўзи тўймайди. Дарё нима экан, денгиз, океанниям шип-шийдам қилиб ташлайди. Ахир балиқ етти хазинанинг бири деб айтгандим-ку сенга.
– Хазина эмиш! Ундан кўра ўзингизни ўйласангиз яхши бўларди.
– Менга нима қипти, ўғлим?
Ҳис-туйғуларини ортиқ яшира олмай қолган Дилмурод титраб-қақшаб гапирди:
– Дада, ахир кўр эмасман, ҳаммасини сезиб-билиб турибман. Одамлар кейинги пайтлари сизни тўй-маъракаларгаям чақирмай қўйишди-ку.
– Ҳамма эмас, айримлар. Аламзадалар.
– Нима, энди иш деб яккамоховга айланиб қолмоқчимисиз? Ахир… Иш, иш деб… – товуши титраб кетган Дилмурод ўрнидан сакраб турди: – агар… агар шу ишингиз бўлмаганида эди, балки ойижоним… ойижоним… ҳозир тирик юрган....
Дилмурод ҳўнграб йиғлаганча ўзини ташқарига урди.
– Ўғлим!
Тоҳир боласининг ортидан бораман деб гандираклаб кетиб, пойгакка ўтириб қолди, бошини қўллари орасига олиб чангаллади, кейин беҳол ўрнидан туриб дераза ёнига, деворга осилган рамкали суратлар ёнига борди. Мана, ўртадаги сурат. Унда қайиқда учовлон: ўзи, рафиқаси, матросча кўйлак кийган Дилмурод ўтиришибди.
Тоҳир суратга узоқ тикилиб қолди, кейин деразадан ташқарига бўйлади.
Тонг ёришиб келмоқда эди…
II боб
Ким билади, нимадандир шубҳаланганми ё ишлардан унчалик кўнгли тўлмаяптими, ишқилиб, Муҳиддинбой кейинги пайтларда иш юритувчисини кўп тергайдиган бўлиб қолган. Ваҳоланки, яқин-яқингача уни ҳаммага ибрат қилиб кўрсатарди, оғзидан бол томиб мақтарди, бир сўз билан айтганда, бошига кўтариб юрмасди ҳисоб.
Бугун ҳам шундай бўлди.
Одатига кўра тонг ёришар-ёришмас юмушига жўнаётган Муҳиддинбойни Ҳикоятхон дарвоза ёнига қадар кузатиб қолди:
– Яхши бориб келинг, дадаси.
Маҳобатли дарвоза ёнида зулукдай қора хизмат машинаси турарди. Муҳиддинбойни кўрган Рустам шошиб орқа эшикни очди ва шу ҳолида ним эгилиб турди.
– Ассалому алайкум, хўжайин.
– Ваалайк…
Муҳиддинбой ўтиргач, эшикни оҳиста ёпган Рустам ҳайдовчининг ёнидан жой олди. Машина текис йўлда гўёки сузиб кетди.
То ўзи оғиз очмагунга қадар иш бошқарувчисидан сас чиқмаслигини билган Муҳиддинбой сўради:
– Келишдими?
Рустам шу заҳоти жавоб берди:
– Келишди.
– Ҳайтовур одамга ўхшаб кутиб олдиларингми?
– Ҳаммаси айтганингиздай бўлди, хўжайин.
– Мен айтгандай эмас, айтганимдан ҳам ортиқроқ, талаб қилганимдан ҳам зиёдароқ бўлганида кўнглим тўлади. Шуни билиб қўй, Рустам.
Рустам итоаткорона бош эгди.
Дадасининг ишга кетганини кўрган Дилшод тез-тез ювинди-да, хонасидан туриб пульт тугмачасини босиш билан машинаси моторини юргизди. Кейин кийиниб, ҳовлига чиқди.
Дилшод машинасига ўтирган маҳал Ҳикоятхон шошиб етиб келди:
– Нонушта қилмапсан-ку, болам?
– Иштаҳам йўқ, ойи.
– Даданг сенга неча марта айтган ахир эрталабки насибангни… – Ҳикоятхон ўғлига шубҳаланиб қаради: – Ҳай, тинчликми, болам? Рангингда ранг йўқ, кўзларинг қизариб кетибди. Ё яна туни билан интернатда ўтириб, бировлар билан хат ёзишиб чиқдингми?
– Ойи, шошиб тургандим.
– Мана мени айтди дерсан, бу интернат деган бало сени яхшиликка олиб бормайди. Ахир қайси эс-ҳуши бор қиз интернатда йигит билан танишади, а? Шуни билиб қўй, унақа жойларда фақат ненармалний қизлар бўлади. Бўлди, шу бугуноқ дадангга айтиб, ҳаммасини уздириб ташлайман. Етар шунча чидаганим!
– Ойи, интернат эмас, интернет.
– Э, нима фарқи бор… Айтгандай, сенга нима демоқчи эдим-а… Ҳа, эсимга тушди. Даданг қаттиқ та-йинлади, эрта-индин бир Тошкентга ўтиб келишинг керак экан.
– Бирон иш биланми?
Ҳикоятхон илжайди:
– Гўёким билмайдилар. Учрашувга, ўғлим, учрашувга. Дадангнинг оғайниларининг қизлари билан.
– Ойижон, келинг, шу гапларни кечқурун гаплашайлик. Ҳозир ростданам шошиб тургандим.
Кайфияти тез ўзгариб турадиган Ҳикоятхоннинг бирдан жаҳли чиқиб кетди:
– Сен қанақа бола бўлдинг, а. Қип-қизил бекорчисан-у, онанг билан гаплашишга икки минут вақтинг йўқ. Кечқурун эрталаб дейсан, эрталаб кечқурун. Нима, мени мазах қиляпсанми, а?
– Ойи. Келаман-ку шу уйга.
– Йўқ, бира тўла келмай қўя қол. Юравер маза қилиб дайдиб. – Ҳикоятхон йиғламсиради: – Тўғри-да, энди катта бўлиб қолдинг, сенга энди она нега керак? Она чақалоқлигингда керак эди, болалигингда керак эди, касал бўлганингда керак эди…
Дилшод машинадан тушиб, онасини қучиб олди:
– Ўзимнинг ойижоним!
Ҳикоятхон пиқиллади:
– Лекин билиб қўй, бола, саёқ юрган таёқ ейди. Қоронғида юрган… бир нарсани босиб олади, а? Палакат оёқ остида деганлари шунақа бўлади, болам. Кейин минг оҳ чек, афсус қил, барибир уч чақалик фойдаси бўлмайди.
Бирдан ҳушёр тортган Дилшод қайтиб машинага ўтирди.
– Сен саёқ ҳам юрма, қоронғида ҳам юрма, – насиҳат ўқишда давом этарди она. – Кимнинг боласи эканлигингни унутма.
– Хўп, ойи.
– Шунақа бўлсин, болам.
Машина дарвозадан чиқди. Кайфияти кўтарилган Ҳикоятхон ўғлининг ортидан ғурур билан қараб қолди:
– Туф-туф, кўз тегмасин!
Ноила ойисига берган ваъдасининг устидан чиқди: адасининг уйғонишига қуймоқ ҳозирлаб қўйди. Аммо кўзлари киртайиб қолган адасининг дастурхонга иштаҳасиз тикилиб ўтирганини кўргач, қаҳва тайёрлай бошлади.
– Қанча шакар солай, ада? Сут-чи?
– Керак эмас. А-аччиқ бўлсин, – қийналиб гапирди Файзулла.
– Шакар спиртни ўзига ютиб олади дейишарди-ку.
Файзулла кулган бўлди:
– Э, қанақасига ютади? Спирт деганинг ўзи шакардан тайёрланса.
– Шунча ўзингизни қийнаб зарилми, ада. Ичманг, қўйинг ўша зормандани. Эрталабдан бош тарс ёрилиб кетай деяпти, кўнгил айниган, иштаҳа йўқ. Шу-унча ташвишни пулга сотиб оласизлар-а. Мана.
– Опке-чи, – Файзулла чашкадаги қаҳвадан ҳўплаб кўрди. – Бунча иссиқ, лабимни куйдириб олдим-ку.
– Лабим куймасин десангиз шошмасдан ичинг-да, адажон. Ёв қувяптими бунча?
– Бўлди, бўлди, сенга гапир-у, қоч. Айтгандай, ойинг қани?
– Хайрият-эй. Ахийри сўрадингиз-а. Кечаси хабар келди, бобомнинг мазалари бўлмай қопти. Шунга тонг саҳарда жўнаб кетдилар. Сизга айтиб қўйишимни тайинладилар.
Файзулла номаълум нуқтага тикилган кўйи бир муддат ўйланиб қолди, кейин алам билан гапиришга уринди:
– Шунақа, бизнинг хоним эр деган жонивордан бир оғиз сўрамайди, хоҳлаган маҳал хоҳлаган жойига кетаверади.
Ноила бош чайқади.
– Ўхшамадими?
– Ўхшамади, адажон. Лоқайдлигингизни билдириб қўйяпсиз.
Файзулла ўзини оқлашга уринди:
– Бу ичкиликнинг таъсири бўлса керак.
Ноила дадасига ён босди:
– Эҳтимол.
Файзулла девордаги соатга қаради:
– Кетмайсанми энди дарсингга? Тураверасанми бошимда қаққайиб?
Ноила мийиғида жилмайиб қўйди:
– Адажон. Бўлди, айтганингиздай ойимларга телефон қилиб, бобомларнинг аҳволини сўрайман, уларга сизнинг қизғин саломингизни етказаман, «Бирон нима керакми? Бемалол айтавераркансиз», дейман. Кейин ойимларга тезроқ қайтишларини тайинлайман. Сизнинг номингиздан, албатта. Агар шанбагача келолмай қолсалар, ўзим бориб қолишим мумкинлигини ҳам айтиб қўяман. Яна бошқа топшириқлар борми?
– Ўзимнинг ақлли қизгинамдан! – Тўлиқиб кетган Файзулла ўрнидан турди ва қизининг пешонасидан ўпиб қўйди. – Ҳаммасини шундай қил. Хўп, мен кетдим бўлмаса.
– Аввал қаҳвани ичиб олинг, адажон.
Файзулла тик турган ҳолида шошиб чашкани қўлига олди.
* * *
Ёш Турғунбой кўча адоғидаги, дарёга энг яқин уйни танлаганда бир-иккита ўртоқлари роса ваҳима қилишганди. Йўқ, мана, орадан деярли ярим аср ўтди ҳамки, бирон марта бўлсин тошқин-сел хавфи пайдо бўлмади. Тўғри, уч-тўрт марта, ундаям ёғин-сочин кўпайган кўклам чоғлари дарё суви кўпириб-тошиб, ҳовли эшигига қадар етиб келди, аммо ҳар сафар – худонинг кароматини қарангки! – баайни буйруқ берилгандай, бу ёғига ўтмади, ҳеч бир зиён-заҳмат етказмасдан ортга қайтди…
Дўхтир кетганидан сўнг мана шу уйида жўраларининг ҳазил-ҳузил гапларини жилмайиб эшитиб ётган Турғунбой ота ҳе йўқ-бе йўқ бирдан ухлаб қолса бўладими! Эҳтимол, бу уколнинг таъсиридир.
Шундай бўлса ҳам бу ҳолдан Ўктабр ота бир оз оғринди, ҳатто:
– Ҳой, жўра, мен гапиряпман, алла айтмаяпман, – деб ҳам кўрди.
Бироқ Турғунбой ота пишиллаб ухлайверди. Гурунг совиди.
Аллақачон бўшаган кадини қучоқлаб ўтирган Серсенбой ота бир-икки ўрнидан қўзғалиб қўйди, ҳатто энгашиб, жўрасининг қулоғига «Кетебизма?» деб шивирлади ҳам. Бунга жавобан Ўктабр ота унга муштини ўқталди: «Мана кетасан!»
Ниҳоят тонг отди.
Маърифат хола иккита буғи чиқиб турган коса кўтариб кирди.
– Бу не, келин? – деб сўради Серсенбой.
– Озгина ширчой қилгандим.
Серсенбой қўлини силтади:
– Жўқ-жўқ, келин, абар буни. Қимиздан сўнг сут ишбеймин. Қара шай бўса мейли.
Жўрасини гап билан эзишга баҳона қидириб ўтирган Ўктабр ота яйраб кетди:
– Келин, Саке қариб, одамлик сиёғидан чиқиб қолди ўзи. Қимиздан кейин сут бўлмасмиш. Қўнғизга арпа баҳона-да. Ўзи бўлмайди бунинг. Бир пиёла сут ичса, кўзи олма-кесак териб, хала жой қидиргани-қидирган. Бу ёққа ол. Ширчойни бизга ўхшаган соғлом одам ичсин-да. Иккаласиниям.
Маърифат хола иккала косани ҳам Ўктабр отанинг олдига қўйди-да, бўш чойнакни олиб чиқиб кетди.
Ўктабр ота шошилмасдан, ҳузур билан косага патир тўғрайверди. Буни кузатиб турган Серсенбой отанинг ғайирлиги келди:
– Ў, мешкей!
– Мечкай эмас, ошқозони темирни ҳам ҳазм қилиб юборадиган соғлом одам де, чол!
– Сен ўзинг шал, билдингме?
– Чолсан, чолсан!
Буларнинг баҳс-мунозарасини эшитдими, Турғунбой ота кўзларини очди. Буни кўрган Серсенбой ота бирдан гапдан тўхтади. Ўктабр ота эса хотиржамлик билан, гўё ҳозиргина гаплашиб турган одамлардай косага ишора қилди:
– Ширчой ичасанми, жўра. Қайноққина экан.
Турғунбой ота кулимсиради:
– Сендан ортадими, ишқилиб.
– Қўрқма, ортади, жўра, ортади. Бугун нимагадир иштаҳам йўқ. Биттасиям етади.
Турғунбой ота бош ирғади:
– Ундай бўлса ичаман.
Ўктабр ота Серсенбой отага қараб ўпкалади:
– Киннанг киришига сал қолди-я, чол.
– Ай, адем, менде кинне не қилади?
– Кўзинг бор сенинг, кўзинг. Яширасан-а?
Ўктабр ота беморнинг ёнига ўтириб, унга ёғоч қошиқда ширчой ичира бошлади. Чойнак кўтариб кирган Маърифат хола бу манзарани кўриб ҳайрон бўлиб туриб қолди. Серсенбой ота унга ўгирилди:
– Келин, мағанда бир каса апкеши. Ўлдирсе-де сут ўлдирсин! – Ўктабр отага ишора қилди: – Минави шалнинг-да овзи тинсин.
Ўктабр ота бўш келмади:
– Э, сенинг олдингда мен ҳали ёш боламан.
– Бекер айтипсин. Менден бар-жўғи уч айлиқ кишкинесин.
– Бир кунлик кичкина бўлсам ҳам барибир, факт бу, кўке. Энди тан ол-да.
Маърифат хола чойнакни хонтахтага қўйгач, яна ширчой опкелгани шошди.
* * *
Овул кўринмайдиган қирғоқ бўйида машинасидан тушган Дилшод атрофга аланглади.
Орқадан эски «Москвич» етиб келди. Дилшод ҳовлиқиб унга пешвоз чиқди:
– Нима гап?
– Ҳаммаси жойида, ўртоқ. Атай ўзим бориб келдим ресторанга. Ҳамма ёқ тинч. Аммо-лекин яхши хабар ҳам бор: тиланчи хотин қулаган жойни фаррош супуриб юборибди. Қон доғини кўрган бўлса ҳам, маст-аластлар ёқалашган бўлса керак деб ўйлагандир-да. Шуни ўз кўзим билан кўриб анча хотиржам тортдим.
Дилшод «Москвич»га қараб қолди. Мансур ўртоғининг нима демоқчилигини тушунди.
– Йўғ-э, ўртоқ! Нима, ёш боламанми? Буни уч соат ювдим. Шампунлаб… Ресторанга таксида бориб, қайтишда автобусда келдим.
Дилшод қизариб кетди, ерга қаради:
– Тўғри… тўғри қипсан. Эҳтиёт бўлиш керак.
– Жуда ўзингни олдириб қўйибсан-ку. Ўртоқ, бўлди, бу ҳақда қайтиб бошқа оғиз очмайман. Ўша келишганимиздай: бирон милиса-пилисами, терговчими сўрамаса, мен «миқ» этиб оғиз очмайман, аммо-лекин сўраб қолсаям айбни юз фоиз ўзимнинг бўйнимга оламан.
Дилшод бошини кўтарди:
– Нима бўлса бирга бўламиз!
– Уф-ф, бунақа гапни бас қил дедим-ку! Токи танамда жоним бор экан, бир нарса бўлиб қолган тақдирдаям сени бу ишга аралаштирмайман.
– Раҳмат… – аранг шивирлай олди ўпкаси тўлган Дилшод. – Раҳмат, ўртоқ. Яхши кунларингда хизматингда бўлай.
Мансур гап мавзуини ўзгартиришга шошди:
– Хўш, бугунги режа қалай?
– Режами?.. Ҳа, бир жойга мен билан бирга бориб келсанг дегандим.
– Ҳозирми?
– Ҳа.
– Кетдик бўлмаса. Ҳар қалай, мени ёмон жойга обормассан, ўртоқ.
Дилшод иккиланиб қолиб, «Москвич»га ишора қилди:
– Иложи бўлса… бундан кейин буни… минмасанг…
– «Мерс»имними? – ҳайрон бўлди Мансур. – Роса ўрганиб қолганман-да аммо-лекин… Майли, сен нима десанг шу. Уйда эскироқ велосипедим бор. Ўшани созлаб оламан. Буни бўлса шу ҳафтанинг ўзида бозорга опчиқаман.
– Кетганига сотавер.
– Хўп, ўртоқ. Бўлмаса ҳозирам бориб эшигини қулфлаб келай. Айтган жойингга сенинг машинангда бора қоламиз.
– Биров тегинмайдими бу ерда қолса?
– Э, эшигини очиқ ташлаб кетганимда биров қарамаган-у… Мен ҳозир.
Мансур чопиб бориб машинасининг эшикларини қулфлаб келди. Кейин Дилшоднинг машинасига чиқди. «Нексия» шиддат билан олдинга интилди.
* * *
Шифохонага «Тез ёрдам»да олиб келинган икки ҳайдовчи қуёш терак бўйи кўтарилгунга қадар қотиб ухлашди.
Биринчи бўлиб Акбарали аранг кўзларини очди. У қаддини ростлаб ўзи ётган каравотга, ёнидаги каравотдаги Ғиёсга қаради, атрофга аланглади. Ярмигача парда тутилган дераза ортида дарахт шохлари кўриниб турарди. Шифт оппоқ. Деворлар ҳам. Каравот ёнидаги тумбочка устида турли дорилар, осма укол жиҳози. Акбарали яланғочланган билагига қаради. Укол изи.
Акбарали енгини тушириб, шошиб ўрнидан турди, жон ҳолатда пишиллаб ухлаб ётган шеригини уйғота бошлади:
– Ғиёс! Ғиёс! Тур дейман!
Ғиёс кўзларини очди, Акбаралига жилмайиб қаради, керишди:
– Бир пасда тонг отдими?
– Тур, жўра, балнисага тушиб қолганга ўхшаймиз.
– А?
Ғиёс шошиб қаддини ростлади, атрофга аланглади, сўнг Акбаралига ваҳима билан қаради:
– Дипломат қани?
– Билмадим. Машинани қулфлашга кетаётганимда хонада турганди.
– Хонада? Меҳмонхонада, а?
Акбарали бош силкиди.
– Қизлар қани?
Акбарали елка қисди.
– Қанжиқлар!
Ғиёс ўрнидан отилиб туриб каравот ёнида ётган туфлисини кийдию, эшикка отилди. Эшик ёнида, шундоққина коридорда стул қўйиб ўтирган милиционер учиб ўрнидан турди-да, Ғиёснинг йўлини тўсди:
– Мумкин эмас.
Сержант йигитча Ғиёсни ичкарига киритиб, унинг ортидан эшикни ёпди. Ғиёс гарангсиб, бошини чангаллаб қолди:
– Ўлдик! Аввал ўлмасак ҳам энди ўлдик.
Бу пайтда меҳмонхонага қўшни уйда истиқомат қилувчи терговчи Жавлон Сулаймонов ўз кабинетида Дилобарни сўроқ қилмоқдайди.
Қиз саволларга шошмасдан жавоб қайтарар, дераза ёнидаги столда ўтирган катта сержант Асқарали компьютерда сўров баённомасини ёзишга бемалол улгурарди.
– Демак, тўйдан чиқиб «КамАЗ»га ўтирдиларингиз. Шундайми?
– Ҳа. Биз уларни маданиятли, инсофли йигитлар деб ўйлагандик-да. Лекин одамнинг оласи ичида бўларкан.
– Давом этинг.
– «Дарёга боряпмиз, йўлимиз бир экан», дейишди. Биз хурсанд бўлиб, ҳеч қандай ёмон хаёлга бормай келаверибмиз. Исмингиз нимайди, ака?
– Бунинг аҳамияти йўқ. Мен ҳозир сиз учун ўртоқ терговчиман, холос. Давом этаверинг.
Дилобар самимий оҳангда гапида давом этди:
– Йўғ-э, сизни «ўртоқ терговчи» деб атайманми. Ноқулай-ку.
– Марҳамат қилиб давом этинг, Одилова.
Дилобар тагдорроқ оҳангга ўтди:
– Сизнинг соҳангизда ҳам яхши-яхши акахонларимиз ишлайди… ўртоқ терговчи. Бир қўнғироқ қилиб қўйсам…
Бунақанги илмоқли гапларни эшитавериб, эти ўлиб бўлган терговчи писанд қилмади:
– Бунга улгурасиз.
Аммо Дилобар дарров таслим бўлиб қоладиганлардан эмасди, таъбир жоиз эса, у охиригача курашарди:
– Нурхўжаевни танисангиз керак, а? Бетонкада турадиган ГАИларнинг бошлиғи. Ўша киши бизнинг яқин кишиларимиздан бўлади. Танийсиз-а?
Жавлон қизга диққат билан қараб тураверди:
– Бундай бахтга мушарраф бўлмаган эканман. Энди чалғимасдан, гапингизда давом этинг.
– Дарёга етиб келдик. Ҳайдовчилар олиб келиб қўйганлари эвазига ҳақ талаб қила бошлашди. Биз пул берамиз десак кўнишмади. «Озроқ бирга ўтирамиз», дейишди. Биз ноилож кўндик.
– Нима, улар мажбурлашдими? Ахир кўнмасликларингиз ҳам мумкин эди-ку.
– Қандай кўнмаймиз? Ярим кечаси бўлса. Кўзига қон тўлиб турган иккита барваста эркак. Мажбур бўлдик-да.
– Унда… деразадан ошиб ўтишга ҳам мажбур бўлдиларингизми?
– Ҳа. Мажбур бўлдик. Биттаси жаҳл билан ҳадеб қўлини чўнтагига обораверди. Менимча, у ерда пичоқ бор эди.
– Кейин-чи?
– Кейин едик, озгинадан ичдик. Мен ўзим ичмайман. Лекин мажбур бўлдим бир қултум ичишга.
– Кейин-чи?
– Кейин нима бўларди. Эркак зоти ичгандан кейин қутуриб кетади-ку. Бизга тирғала бошлашди. Биз илтимос қилдик. «Ҳой акалар, сизларнинг ҳам сингилларингиз, опаларингиз бордир. Қўлларингизга эрк берманг», дедик. Лекин бунақа пайтда маст одамнинг қулоғига гап кирармиди?
Терговчи кулимсираб қўйди:
– Одилова, мени бир нарса қизиқтиряпти. Ўзингиз айтгандай иккита барваста эркак. Бор-йўғи биттагина ароқ ичилган. Унинг ҳам ҳаммаси эмас. Бунинг устига сизлар ҳам оз бўлса-да ўз ҳиссаларингизни қўшгансизлар. Наҳотки тахминан икки юз граммдан ичилган ароққа иккита кап-катта одам ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолса?
Дилобар бу саволга киприк қоқмай жавоб қайтарди:
– Ўртоқ терговчи, ахир улар йўл бўйи ҳам ичиб келишди-да.
– Рулда-я?
– Э, бунақалар ичаверади. Тўхтатиб қолишса, пул билан қутулиб кетишади.
– Уларнинг йўлда ичиб келганлигини айтмагандингиз.
– Эсимдан чиққан экан, – қиз кўзига ёш олди. – Ахир ўзингиз тушунасиз-ку қанақа аҳволдалигимни.
– Хўш, кейин нима бўлди?
– Қаерга келиб тўхтагандим?
– Уларнинг тирғала бошлашганига.
– Ҳа. Кейин «Бизга тегманглар, илтимос» деб илтимос қилганимиз сайин улар ҳаддиларидан ошиб кета бошлашди. Қарасак, уларнинг нияти ёмон.
– Ўшангача уларнинг нияти ёмонлигини билмаганмидингиз?
– Йўқ. Озгина ўтирамиз, кейин ака-сингиллардай хайрлашамиз деб ўйлагандик-да.
– Кейин нима бўлди?
– Кейин биттаси танца баҳона мени маҳкам қучоқлаб олди. Иккинчиси Тамарчикни. Қўрқиб кетдик.
– Демак, аввал сиз рақсга тушгансиз. Шундайми?
– Мажбур бўлдим, ўртоқ терговчи. Айтдим-ку уларнинг қандай аҳволда эканлигини.
– Давом этинг.
– Мен шундаям ўзимни қучоқлаб олганга яхши гапириб, инсофга чақириб турдим. Қарасам, шериги Тамарчикнинг кўйлаги ёқасини мана бундай қилиб йиртиб юборди. Мана бундай қилиб.
Қизишиб кетган Дилобар беихтиёр бу қандай бўлганини кўрсатмоқчи бўлдими, ёқасини тортиб, ҳақиқатан ҳам озгина йиртиб юборди, кўпчиб турган сийнаси кўриниб кетди.
– Тўхтанг! – жон ҳолатда қўлини кўтарди терговчи. – Шарт эмас! Тўхтанг! Кўрсатиш шарт эмас.
Баённома ёзаётган Асқарали оғзини очганча анграйиб қолганди.
– Беркитинг-э! – деди кўзларини олиб қочган терговчи.
Қиз шошиб ёқасини беркитаркан, йиғламсиради:
– Шунақа қилишди яшшамагурлар! Биз уларни одам десак…
Ёқа жойига келганига ишонч ҳосил қилган терговчи яна қизга диққат билан қаради:
– Келинг, аниқлаштириб олайлик, демак, улардан биттаси сизнинг эмас, Маратованинг… ёқасига ёпишди, шундайми?
– Ҳа, лекин биз Тамарчик билан битта одаммиз. Унга ёпишгани, менга ёпишгани. Шундай деб ёзаверсангиз ҳам бўлади. – Дилобар ёқасига ишора қилди: – Энди Нурхўжаевни чақирмасангиз бўлмайди. Бу аҳволда қандай кетаман?
– Бунинг йўли топилар. Кўрсатма беришда давом этсангиз, Одилова. Фақат ўзингизни босиб, хотиржам.
Дилобар ҳиқиллади:
– Уларнинг бундай қилиқларидан кейин хотиржам гапириб бўладими, ўртоқ терговчи.
– Шундай қилиб, ҳайдовчилардан бири дугонангизнинг ёқасини йиртди. Улардан қайси бири эди?
– Қорачадан келгани.
– Уларнинг иккаловиям қорачадан келган. Мўйлови борими ёки йўғими?
– Мўйловлиси. Аблаҳ! Ўзи шуниси бошидан менга ёқмаганди.
– Одилова. Ҳис-ҳаяжонга берилмасдан нима бўлганлигини аниқ ва қисқа қилиб тушунтириб беринг.
– Буни кўрган экан, мени қучоқлаб олганиям… мени тўшакка торта бошлади. Улар бизни зўрламоқчи бўлганини сезиб қолдик. Тамарчик иккаламиз дод солиб ёрдамга чақира бошладик. Зўравоннинг қўлидан бир амаллаб чиқиб эшикка борсам, эшик қулфланган. Деразага борсам дераза қулфланган. Шунда битта стулни олиб деразага бир ургандим, дераза синиб кетди. Ёрдам сўраганимизни эшитган одамлар чопиб келиб, бизни зўравонларнинг қўлидан қутқариб қолишди. Дунёда шундай яхши одамлар ҳам бор экан. Ўшаларга раҳмат.
– Гувоҳ Ибодуллаев хонага бостириб кирганида сизларни зўравонларнинг чангалида эмас, ваннага яшириниб олганча ёрдамга чақираётган ҳолда кўрган. Шундайми?
– Ҳа, биз бир амаллаб уларнинг қўлидан чиқдик-да, ваннага яшириниб олдик.
– Демак, ҳайдовчи Мўминов ва Умиров томонидан сизларни зўрлашга уриниш бўлган. Шундайми?
– Э, афти қурсин уларнинг! – нафратланиб гапирди Дилобар. – Эркак эмиш. Садқаи…
– Ҳар қалай, саволимга аниқ жавоб бермадингиз.
– Агар эшикни бузганлар яна озгина кечикканида эди…
– Ваннага яшириниб олдик деяпсиз-ку.
– Ванна эшиги ичкаридан қулфланмас экан.
– Тушунарли. Яна нима қўшимча қилишингиз мумкин?
– Ўртоқ терговчи. Ўша хонада менинг шахсий косметикамдан у-бу нарсалар, кийимларим солинган сумкам тушиб қолибди. Ўшаларни бориб олишим мумкинми, шуни сўрамоқчийдим.
– Албатта олишингиз мумкин. Фақат ҳозир эмас. Ҳозирча хона муҳрланиб турибди. Тергов тугаган заҳоти бу ҳақда сизга хабар бераман.
– Унча қиммат эмас-у, лекин мен учун жуда азиз нарсалар-да.
– Хўп, Одилова, буни эътиборга оламиз. Марҳамат қилиб баённома билан танишинг ва имзо қўйиб беринг.
– Майли.
Дилобар ёқасини тутамлаганча ўрнидан турди ва милиционер Асқарали принтердан чиқариб турган қоғозларни диққат билан ўқишга тутинди.
Жавлон иш дафтарига бир нималарни қайд эта бошлади.
– Ўртоқ терговчи. Сиздан бир нарса сўрасам майлими?
– Марҳамат, Одилова.
– Нега Тамарчик билан мени алоҳида-алоҳида хоналарда ушлаб турибсизлар?
– Бу саволингизга жавоб беришим мумкин. Тергов манфаати шуни тақозо қилади. Лекин сиз чўчиманг, ҳозир дугонангиз билан суҳбатлашиб олайлик, кейин яна бирга бўласизлар.
Бу жавобдан энсаси қотган Дилобар елка учириб қўйганча баённомани ўқишда давом этди.
* * *
Турғунбой отанинг бир эмас, бир неча марта «Ўзи сенларнинг рўзғорларинг борми ё йўқми?» деганидан кейингина Ўктабр ота билан Серсенбой ота уйларидан хабар олгани кетишди.
Маърифат хола мудраб ётган чолининг оёқларини уқалаб ўтирган маҳал ташқаридан машина сигнали эшитилди.
Турғунбой отанинг кўзлари «ярқ» этиб очилиб кетди:
– Қизинг келди.
– Йўғ-э, – ишонмади Маърифат хола.
Отанинг сал жаҳли чиқди:
– Сигнал чалди, эшитмадингми, Раҳмонқул чегачининг қизи?
Маърифат хола барибир ён бермади:
– Кўча тўла машина бўлса.
– Кўча тўла машина бўлса бордир, лекин бу қизинг. Ё ўзим чиқиб очайинми дарвозани?
– Ётаверсин. Ўзим.
Маърифат хола ҳовлига чиқди. Дарҳақиқат, қия очиқ дарвоза ёнида таниш «Нексия» кўринди. Шошиб эшикдан кириб келаётган, қўлида каттагина сумка тутган Гулноза онасини кўрган заҳоти:
– Энажон! – дея бақириб юборди.
Она-бола бир-бирининг бағрига отилишди.
– Отам! Отам яхшими? – ҳовлиқиб сўради Гулноза.
– Яхши, болам, яхши. Сенинг келганингни мендан бурун билиб ўтирибди.
Гулноза онасини бағридан бўшатиб, сумкани ҳам қолдирган кўйи ичкарига чопди.
Турғунбой ота ёлғиз қизини бошқача меҳр билан яхши кўрарди. Буни тушунгани боисми, бир оз ҳаяллаб, сўнг ичкарига кирган Маърифат хола ота-боланинг энтикиб гурунглашиб ўтиришганини кўрди.
– …Неварангиз алламбало қиз бўлган, – мақтанарди Гулноза. – Мен тугул, адасига ҳам гап бермайди. Бирам пишиқ, бирам пухта. Уйга келган меҳмонлар билан ҳам тил топишиб кетади. Билмайман, кимга ўхшади экан?
Турғунбой ота кўзлари чақнаб кулимсиради. Кўрпача четига ўтирган кўйи қизи олиб келган ширинликларни сумкадан олиб, дастурхонга қўяётган Маърифат хола гурунгга қўшилди:
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?