Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Қиз бола ўзи шунақа бўлади. Сенам ёшлигингда шундай эдинг. Қизимнинг феъл-хўйи кимга тортган дейсан. Кимга бўларди, қизим, ўзингга тортган-да, ўзингга.

– Ишқилиб, қисмати менга ўхшамасин.

Бу гап Гулнозанинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди. Маърифат хола лаб тишлади, бош чайқади. Турғунбой ота ялт этиб қизига қаради, безовталаниб қолди, изтироб билан шивирлади:

– Қизим…

Дарров ўзига келган Гуноза ўктам овозда жавоб қайтарди:

– Лаббай, отажон.

– Ё… ё ажрашиб қўя қоласанми, а?

Маърифат хола тиззаларига шапатилади:

– Вой, бу нима дегани? Бошида арслондай эри, ёнида гулдай қизи…

Шу маҳал хонага қўлида каттагина сумка тутган Ўктабр ота кирди.

– Ие, ие! Ўзингмисан, Гулноз?

Гулноза ирғиб ўрнидан турди:

– Ассалому алайкум, Ўктабр амаки. Келинг, келинг.

– Ваалайкум асалом. Бемор тузалгиси келса табиб ўз оёғи билан келади деганлари шу-да, қизим.

– Тўрга ўтинг, амаки.

Ўктабр ота тўрга ўтиб ўтирди, фотиҳа қилиб, ҳолаҳвол сўрагач, изоҳ берди:

– Кўчадан ўтиб бораётгандим. Машинага кўзим тушиб қолди. Кўзимга иссиқ кўринди, қарасам, номери Тошкентники. Сенмикансан деб тусмоллаб келавердим. Қара, отанг пишиқ, шаҳри азимдан меҳмон келди деб қўноққа чақирмайдиям.

– Ўзи ҳозиргина келдим, амаки. Энди сизни йўқлаб тургандим.

Турғунбой ота илжайди:

– Чақирмасамам келишингни биламан-да.

Ўктабр ота пинак бузмади:

– Ҳа, энди, келмай юрган жойиммиди. Келаман-да. Тўғрими, қизим?

– Тўппа-тўғри, амаки. Бу ерни ўз уйингиздай билиб, хоҳлаган пайти эшикни тепиб кириб келаверинг.

Ўктабр ота бирдан ғамгин тортиб қолди:

– Бошқа қаергаям борардим, қизим. Уй ҳувиллаб ётибди. Кимсасиз уй худди лаҳадга ўхшаб қоларкан. Бирам муздай. Одамнинг юраги сиқилиб, нафаси қайтиб кетади-ей…

Гулноза отани ғамгин ўйлардан чалғитишга уринди:

– Амаки, дастурхонга қаранг.

Ўктабр ота синиқ жилмайди:

– Қараб турибман, қизим, қараб турибман.

Турғунбой ота ҳам манзират қилди:

– Ол, жўра, ол. Қизим атайлабдан биз учун Тошкентдан олиб келган ноз-неъматлардан ол.

Ўктабр ота бир ширинликни оғзига солиб, ҳузурланганидан бош чайқади:

– Воҳ-воҳ-воҳ, оғизда эриб кетади-я!.. – Сўнг Турғунбой отага зингил солиб қаради: – Жўра, кўзинг чақнаб, юзинг қирчиллама йигитларникидай таранг тортилиб қолибди. Роса ичикиб ўтирган экансан-да ўзиям.

– Ичикиш ҳам гапми? – деди Маърифта хола. – Машина овозини эшитиши билан ўрнидан учиб туриб кетгудай бўлди.

Ўктабр ота ўзини соддаликка солди:

– Ким? Ким туриб кетгудай бўлди?

Маърифат хола Турғунбой ота томон ишора қилди:

– Ким бўларди?

Ўктабр ота шарақлаб кулиб юборди:

– Қонуний равишда «чолим» десанг ҳам бўлади-ку, келин. Энди, соқоли оқариб, алиф қадди дол бўлганида ҳам учинчи шахсда гапираверасанми?

Турғунбой отанинг жаҳли чиқди:

– Кимнинг қадди дол бўлибди?

Ўктабр ота дарҳол иккала қўлини тепага кўтарди:

– Меники, меники! Мен касал бўлиб ётиб олдим, мени шифохонага обормоқчи бўлишди.

Турғунбой ота жўрасининг ёнида ётган хўжалик сумкасига ишора қилди:

– Бозорга отланиб қолибсанми?

– Э, қанақа бозор? Пенсия беришяпти деб эшитдим. Шунга сумкамни кўтариб боряпман-да.

Турғунбой ота пиқирлаб кулди:

– Пенсиянг бир сумка бўладими? Меникидан камроқ эди шекилли?

– Эшитмадингми, ҳаммасини юз сўмликларда беришармиш. Шунинг учун сен бира тўла иккита сумка оборавер, жўра.

– Меникини уйга опкелиб беришади! – мағрур кўкрак керди Турғунбой ота.

– Тўғри. Почтахонага етиб ололмаётганларникини уйга опкелиб беришади. Менга, Сакега ўхшаган диконглаган ёшларнинг ўзлари борсаям бўлаверади.

Турғунбой ота жўрасига шубҳаланиб қаради:

– Ҳали Сакеям диконглаб қолдими?

– Э, унинг кетганига бир ош пишгулик вақт бўлди. Ҳойнаҳой йўлда келаётгандир пулини орқалаб.

– Унда… – Турғунбой ота ўйланиб қолди, сўнг қатъий қарорини эълон қилди: – менам бораман.

– Ота! – деб юборди Гулноза.

– Вой, бу нима дегани?

– Буми, бу пенсиямни ўзим бориб олиб келаман дегани, – кўтаринки оҳангда жўрасининг ўрнига жавоб қайтарди Ўктабр ота. – Ётаверадими ёш болага ўхшаб хархаша қилиб. Бунинг ёшида бир ётиб қолса ёмон, кейин пайлари чўзилиб, суягини ер тортади, ўзиям ётонғич бўлиб қолади, ҳа.

– Ё пирим-ей! – Худди шу гапни кутиб тургандай, Турғунбой ота ўрнидан туриб, пойгакка юрди. – Кампир, бор, қоп опчиқ.

Ўктабр ота Гулнозага қараб кўз қисди:

– Пулнинг кучини кўрдингми, қизим?

Эрининг ўжар феълини билса-да, Маърифат хола тайсалланди:

– Ҳеч бўлмаса овқат еб кетсин… Ҳозир сузиб келаман.

– Келин, нима, ошми? Унда яхшилаб дам еб турсин. Юмшоққина бўлиб. Биз тез қайтамиз. Бир қоп пул билан ва учта бўлиб. Йўлда Сакениям олволамиз.

– Ота, жуда боришингиз шарт бўлса, мен обориб кела қолай, – деди Гулноза.

Ўктабр ота бу таклифга кўнмади:

– Йўқ, йўқ, қизим. Жўрамни кўп эркалатаверма. Икки оёқ соғ турганда машинага бало борми?

– Лекин ҳали мазалари…

– Бўлди-да, эй! – Гулнозани жеркиб берди Ўктабр ота. – Мазасига нима қипти? Мана, кўриб турибсан, отдай. Сени соғинганидан экан эркалиги. Энди кун бўйи сен билан ғийбатлашиб ўтириши шартми? Эркак киши деган мундай кўча айланади кўкрагини кериб, ҳаво алмаштиради. Шундайми, жўра?

Турғунбой ота аввал аксириб, кейин жавоб берди:

– Ҳаққас рост.

– Келин, қоп қани?

Маърифат хола қопга чопди…

* * *

Қирғоқ бўйлаб ярим соатча юрганлари маҳал Дилшоднинг қўл телефони жиринглаб қолди.

Рақамга қараган Дилшод дарҳол аппаратни қулоғига олиб борди:

– Салом.

У томондан Ноиланинг овози эшитилди:

– Салом. Халақит бермадимми?

– Йўғ-э. Узр, ишлар билан бўлиб телефон қилолмадим…

– Мен узрингизни эшитиш учун қўнғироқ қилаётганим йўқ. Минавваров қанақа домла, шуни билмоқчийдим.

– Минавваровми? Зўр домла. Билимингиз бўлса қўйиб беради, бўлмаса ректорни «танка» қилсангизам қўймай тураверади.

– Хайрият.

– Имтиҳонми?

– Ҳа. Эртага. Болалар ҳар хил гап қилиб юришганига чўчиб тургандим.

– Унақа гапларга ишонманг. Ўқисангиз оласиз. Ўқимасангиз йўқ. Ўзингиз қандайсиз?

– Яхшиман. Онамларни овулга юбориб, адамлар билан қолдим.

– Тинчликми?

– Бувамнинг сал мазалари йўқ экан.

– Тузалиб кетсинлар.

– Айтганингиз келсин.

– Кенг уйнинг бекаси бўлиб ўтирган экансиз-да.

– Ўтириш қаёқда. Ҳозиргина кутубхонадан чиқдим. Айтгандай, агар ойим эртага қайтмайдиган бўлсалар, имтиҳондан кейин мен ҳам йўлга тушаман.

– Жуда яхши бўпти-да. Келар вақтини аниқ айтсангиз, ўзим кутиб оламан.

Ноила йигитни гап билан чимдиб олишдан ўзини тийиб туролмади:

– Қўйинг, овора бўлманг. Сиз банд одамсиз, вақтингиз бўладими-йўқми…

– Ноила. Аччиғингиз чиқмасин. Айтдим-ку, ташвишлар билан бўлиб… Ҳали келсангиз, бир гаплашамиз.

Қиз гапни қисқа қилди:

– Хайр унда.

– Хайр.

Дилшод телефонни ўчирди.

– Бунча узр сўраб қолдинг, ким у? – ҳайрон бўлиб сўради Мансур.

– Бирга ўқиганмиз. Фақат мендан икки курс пастда. Онаси Сайхуновулдан. Ўзиям бобоси билан момосини кўргани келиб туради. Ўтган йилиям келганди.

– Эсимда йўқ. Кўрсатмаган бўлсанг керак-да. Агар кўрсатсанг, эсимда қоларди. Бирон бойваччанинг қизими?

– Уни қўйиб тур, Мансур. Кеп қолдик. Ҳозир сенга бир нарсани кўрсатаман. Фақат бу орамизда қолади. Вақт-соати етгунча. Майлими?

– Гап бўлиши мумкин эмас, ўртоқ!

Машина тўхтади. Дилшод билан Мансур пастга тушишди.

Ёйилиб оқаётган дарёнинг янада кенгайган жойи эди бу.

Қирғоқ бўйидаги дарахтга осиб қўйилган рамкали ойна ичига олинган тахтачада «55» Масъулияти чекланган жамият» деб ёзилган.

Деярли қирғоққа туташ сунъий кўл. Иккита ишчи кичкина қайиқда махсус идишдаги эритилган озуқани сувга ташлашмоқда. Қайиқ ортидан тилладай товланаётган майда балиқлар тўдаси сузиб бормоқда.

– Ҳорманглар! – деди Дилшод ишчиларга қараб.

Ишчилардан бири, соқол қўйгани бўғиқ овозда жавоб қайтарди:

– Бор бўлинглар, акалар.

– Балиқлар қалай?

Ишчи қайиқдан кичкина тутқичли юмалоқ тўрча чиқариб, сувдан бир неча балиқчани сузиб олиб кўрсатди:

– Ҳақиқий сибир бакрабалиғи. Жуда тез кўпаядиган хилидан.

Йигитларга афтини буриштириб қараган иккинчи ишчи рус тилида қўшимча қилди:

– Ленская популяция. Отличные мальки. Чудесная осетра будет. Вот увидите.

Биринчи ишчи гапини давом эттирди:

– Гўштиям мазали, тош босадиган бўлади.

Дилшоднинг юзи ёришди:

– Спасибо, Володя ака. Раҳмат, Абулқосим ака. Айтганларингиз келсин.

Ишчилар балиқларни озиқлантиришда давом этишди. Мансур атрофга ҳайрон бўлиб аланглади. Дилшод ишчиларга ишора қилди:

– Зўр одамлар-да. Увилдириқни атайин ўзлари Россияга бориб, олиб келишди. Мана энди қара…

Шундагина Мансур гап нимадалигини тушунгандай бўлди:

– Э, қойил! Аммо-лекин боплабсан! Бунинг ҳаммаси ўзингникими?

– Шунга ўхшашроқ, – камтарона жавоб қайтарди Дилшод.

– Қойил, қойил… Ишчиларингни айтаман, ойлик олиб ишлашадими?

– Ишига яраша олишади, ўртоқ.

– Аммо-лекин мен бунақа ишларни тушунавермайман-да. Менга така бўлсин-у, сут берсин. Мен икра-пикра, популяция-мопуляция қилиб, бошимни оғритиб юрмайман. Менинг ишим тайёр балиқ бўлса бозорда сотиш, бирдан фойдасини кўриш…

– Оғайни, сенга бир илтимосим бор эди.

– Хўш-хўш.

Дилшод сунъий кўлга ишора қилди:

– Шу ишни… бирга давом эттирсак.

– Бу нима деганинг, ўртоқ? Анавиларга ўхшаб, – Мансур ишчиларни кўрсатди, – балиқларга ем бериб юрасан демоқчимисан?

– Йўқ. Бошқа муҳим ишлар бор. Бу ёққа юр-чи.

Дилшод ўртоғини катта дарахт ёнида қурилган уйчага туташ чорпояга бошлаб борди. Дарахтга боғланган баҳайбат ит ириллаб бошини кўтарди, аммо Дилшодни кўргач, яна бошини оёқлари орасига олиб ётди.

– Бу ёққа.

Мансур чорпояга кўтарилди. Дилшод илдам бориб уйчадан бир даста қоғоз кўтариб чиқди-да, Мансурнинг қаршисига ўтириб, уларни хонтахтага қўйди.

– Ҳозир сенга бутун қарталарни очиб ташлайман, ўртоқ! Кейин зўр бир маслаҳатли иш бор.

Худди шу маҳал… эшитилган машина овози иккаласини ҳам бош кўтаришга мажбур этди.

«Нексия»га бақамти тўхтаган милиция машинасидан тушган милиционер илдам шу томонга, пастга тушаркан, тўппончасини ушлаб-ушлаб қўярди. Унинг ортидан иккита фуқаро кийимидаги йигит келишмоқда.

Ранги қув ўчиб кетган Мансур Дилшодга қаради, бундан баттар алфоздаги Дилшод Мансурга. Алоҳа Мансур шошиб пичирлади:

– Гап шу, ҳаммасини мен бўйнимга оламан, ўртоқ.

– Йўқ… Нима бўлсак бирга бўламиз.

– Бас қил! Биз келишганмиз. Гап тамом. Шу соатдан сен гунгсан! Фақат мен гапираман!

Мансур ўрнидан турди.

Капитан формасидаги милиционер ҳансираб етиб келди. Унинг ортидан жой олган икки фуқаро кийимидаги йигит Дилшод билан Мансурга синовчан тикилишар, гўё ҳозир капитан «бос!» деса, дарҳол уларни босиб олиб кетгудай важоҳатда эдилар.

Милиционер честь берди:

– Участка нозири капитан Сайдазим Ҳамробоевман. Булар овулимиз посбонлари.

«Қулт» этиб ютинган Мансур салом берган бўлди:

– Яхшимисиз, Сайдазим ака.

– Раҳмат, яхшиман. Ўзларингиздан сўрасак.

– Биз ҳам яхшимиз, ака.

Шапкасини ечиб, бошини рўмолчасида артган Ҳамробоев бошини сарак-сарак қилди:

– Нима ишлар қилиб юрибсизлар-а, йигитлар? Нима ишлар қилиб юрибсизлар? Айни ишлайдиган, ўйнаб-куладиган пайтларинг бўлса.

– Нима… нима қилибмиз, ака? – Мансурнинг товуши бўғилиб чиқди.

Томоғи қуруқшаб кетган Дилшод бир амаллаб:

– Мен… – дея олди, холос.

Аммо капитан уларни гапиргани қўймади:

– Қонунни ҳурмат қилиш керак, укалар. Сизлар бўлса… Эҳ!

– Қонунни ҳурмат қилмай, биз нима қилибмиз, ака?

Бу гапни Мансур айтди, аммо Ҳамробоев негадир Дилшодга диққат билан қаради:

– Шу, юзингиз жуда таниш кўринадими, укам? Мабодо картотекада кўрмаганманми? Қидирувдаги хавфли рецидивистлар рўйхатида?

Адойи тамом бўлган Дилшоднинг томоғидан биргина сўз ситилиб чиқди:

– Мен…

Посбон йигитлардан бири эгилиб, капитаннинг қулоғига нимадир деб шивирлади, «Мингбоев…» фамилияси эшитилгандай бўлди.

Дилшод қийналиб гапира бошлади:

– Хуллас, ўша куни мен…

Бироқ капитан яна унинг гапини бўлди:

– Сиз, укам, Мингбоевнинг ўғилларимисиз?

Дилшод эътироз билдиришга уринди:

– Бунга дадамнинг ҳеч бир…

Аммо йигитчанинг гапларини мутлақо эшитмаётган капитан яна афсус-надомат билан бош чайқади:

– Муҳиддинбой аканинг-а! Муҳиддин аканинг-а!.. Эҳ! Шундай серсаховат, сахий, олижаноб одамнинг ўғиллари бўла туриб шу ишга қўл урдингизми? А?

– Мен…

– Бўлди! Тамом! – кескин оҳангга ўтди Ҳамробоев. – Ортиқча бир оғиз ҳам гапингизни эшитмайман! Америка киноларида айтилганидай, бундан кейинги ҳар бир сўзингиз ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин, укам. Ҳа! Именно ўзингизга қарши. Шунинг учун ё сукут сақлашни, ё бўлмаса ҳаммасига иқрор бўлишни таклиф қиламан.

– Мен…

Мансур садо берди:

– Аммо-лекин ўзи нима иш қилибмиз, айтмадингиз-ку, ака?

Ҳамробоев бу эътирозга эътибор бериб ҳам ўтирмади, қулоғи тагида ғинғиллаган пашшани ҳайдагандай қўл силкиб қўйди, холос.

– Буни айтиш шарт эмас, укам. Ҳаммаси ойдай кўриниб турибди. Ана!

Ҳамробоев қайиқда сузиб, майда балиқчаларга озуқа тарқатиб юрган ишчиларга ишора қилди. Дилшод билан Мансур анграйиб қолишди.

– Улар… улар нима қилишибди? – ахийри сўрай олди Мансур.

– Улар эмас, сизлар содир этгансиз қонунбузарликни. Тўғри, улар ҳам айбдор. Лекин улар билвосита. Сизлар эса бевосита. Бе-во-си-та. Тушунарлими?

– Йўқ.

Ҳар қалай, Мансур дадиллаша бошлаган эди. Буни сездими, Ҳамробоев ёнига осиб олган папкасидан нималардир ёзилган қоғоз олди.

– Бунинг нимаси тушунарсиз, укаларим? Ахир бу икки карра икки тўрт бўлишидай оддийгина ҳақиқатку. Бизга келиб тушган маълумотларга кўра сизлар, хўш, ҳа, мана, ўзаро олдиндан тил бириктириб, бойиш мақсадида, амалдаги тартиб-қоидаларни қасддан бузган ҳолда иккита хориж фуқаросини оғзаки келишув асосида ишга олгансизлар ва уларга нақд пул тўлаб ишлатяпсизлар. Бу эса айни пайтда ҳам солиқдан қочганлигингизни, ҳам амалдаги паспорт режимини бузганлигингизни кўрсатиб туради. – Капитан Дилшодга қаради: – Тўғри, укам, Муҳиддинбой акани жуда ҳурмат қиламиз, аммо қонун ўз номи билан қонун, у ҳаммага баробар.

Мансур сўради:

– Бўлдими?

– Бўлди.

– Ҳаммаси шуми?

– Шу. Ҳа, камми? Етмаса яна қўшишим мумкин.

– Етади, ака, етади.

– Хўш, ундай бўлса баённома тузишга ўтамиз. Марҳамат қилиб хориж фуқароларини чақиринглар ва уларнинг паспортларини менга тақдим этинглар.

Ниҳоят онг-шуурига бўлаётган гап-сўзлар маъноси етиб борган Дилшод бирдан типирчилаб қолди:

– Тўхтанг, ака… Бир дақиқа. Мен ҳозир.

Дилшод машинаси томон чопди.

Ҳамробоев чорпояга бемалол жойлашиб ўтириб олганча, баённома ёза бошлади.

Дилшод машинасидан каттагина файл билан иккита папка олиб келиб, уларни Ҳамробоевнинг олдига қўйди:

– Мана.

Капитан ҳансираб турган Дилшодга ажабланиб қаради:

– Бу нима?

Дилшод қоғозларни бир-бир очиб кўрсата бошлади:

– Манавилар Абулқосим Идрисов билан Володя Ерофеевларнинг паспорт нусхалари. Кўриб турибсиз, иккаласи ҳам Ўзбекистон фуқаролари. Манавилар уларга тегишли ИНН, яъни СТИР, булар пенсия жамғармаси нусхалари. Манавилар улар билан тузилган меҳнат шартномалари. Манави БЭМ орқали йўлланган, манавиниси эса солиқ инспекцияси тасдиқлаган чораклик ҳисобот. Ҳар ойда ишчиларга тўланган маош ва ушлаб қолинган даромад солиғи кўрсатилган. Пенсия жамғармасидан ҳам ҳеч қанақа қарзимиз йўқ. Мана маълумотнома.

Ҳамробоев пешонасини тириштирганча ҳужжатларни бир-бир қараб чиқаркан, ўйланиб қолди.

– Ҳм-м… Ишлар бунақа экан-ку… Бизга нотўғри сигнал тушган шекилли… МЧЖнинг раҳбари ўзингиз, а?

– Ҳа. Ҳам раҳбари, ҳам ҳисобчиси, ҳам кадрлар бўлими бошлиғи.

Посбонлардан бири Ҳамробоевнинг қулоғига нимадир деб шивирлаганди, бу сафар «Ведомость…» деган сўз эшитилгандай бўлди.

– Бунга ўзимам эътибор бердим, – бўш келмади капитан ва Дилшодга қаради. – Укам, унда ойлик нега икки кишига ёзилган? Ўзингиз-чи?

– Мен рамзий маошга ишлайман.

– Бу нима дегани?

– Бу мен бир йилга ўзимга бир сўм ойлик ёзаман деганим. Рамзий.

Посбон йигитлардан бири эгилиб, Ҳамробоевнинг қулоғига нимадир деб шивирлади, «Чет элларда…» деган сўзларни сал қаттиқроқ айтди.

Капитан норози бўлиб афтини буриштирди:

– Менам Мингбоевнинг ўғли бўлганимда текинга ишлайверардим… Майли, укам, ҳаммаси жойида. Паспорт режими талаблари бузилмаган, қонунбузар-лик йўқ. Бизга шунинг ўзи етади. Безовта қилганимиз учун узр.

– Ҳечқиси йўқ, ака, – деди Мансур.

Ҳамробоев қоғозларни йиғиштириб, ўрнидан турди:

– Хайр. Ишларингизга омад тилайман.

– Хайр, – деди Дилшод.

– Яхши боринглар.

Ҳамробоев шериклари билан қайтиб кетди.

Оғир уф тортган Дилшод чорпоя четига ўтириб қолди. Унинг пешонасига реза-реза тер тошганди.

Милиция машинаси жўнаб кетгандан сўнг Мансур жўрасининг ёнига ўтирди:

– Қораларинг ўчсин!.. Ичим ўтиб кетишига сал қолди-я… Иқтисодда бекорга ўқимаган экансан-да, ўртоқ. Мот қилиб ташладинг аммо-лекин.

– Қонуний… ишлаган яхши-да, – тишлари орасидан аранг гапирди Дилшод.

– Албатта, ўртоқ, албатта.

– Юр, айланиб келамиз.

Дилшод кўл бўйлаб сокин оқаётган дарёга қараб йўл бошлади, Мансур унга эргашди.

– Биламан, ўртоқ, кўпчилик мени отасининг эркатойи, такасалтанг, ишёқмас деб ўйлайди, – деб қолди ҳамон кайфиятсиз Дилшод. – Ҳатто дадам ҳам…

– Гапниям олдинг-да аммо-лекин. Бир-иккита кўролмаслар айтса айтгандир, эътибор бериб ўтиришгаям арзимайди. Ит ҳуради, ўртоқ…

Дилшод маъюс кулди:

– …Дарё эса оқаверади. Шундайми? Йўқ, гап буни ким айтганида эмас. Гап шундаки, мен тўрт йил бекорга ўқимадим. Иқтисодда у-бу нарсаларни тушунгандай бўлдим.

– Унда яна ўқиб нима қиласан? Кузда бир жойга кетаман деётгандинг шекилли?

– Ҳа, насиб қилса Англияга. Майли, тинчлик-хотиржамлик бўлса ўқиш бир гап бўлар. Мен бошқа бир нарсани айтиш учун сени бу ерга таклиф қилгандим.

– Бемалол, ўртоқ.

– Нимагадир кўнглим ғаш. Кечагини ҳеч унутолмаяпман.

– Айтдим-ку, ўртоқ…

– Барибир, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолган тақдирдаям… энди яшаш осон бўлмайдиганга ўхшайди.

– Шуни айтиш учун чақирганмидинг мени?

– Йўқ, йўқ. – Дилшод сунъий кўлга ишора қилди: – Мен очган МЧЖдан уйдагиларнинг хабари йўқ.

Бу Мансур учун кутилмаган янгилик эди.

– Ростдан-а?

– Рост. Биринчи бўлиб бу хўжаликни сенга кўрсатяпман. Биласанми нега унга «55» деб ном қўйганман? Кузда дадам 55 ёшга тўладилар. Насиб қилса, ишлар мен режалагандай кетса, шу ердан 55 тонна балиқ чиқади.

Мансур ҳайратини яшириб туролмади:

– 55 тонна?

– Ҳа. Камида. Бу шунақа нав балиқ. Шароит яхши бўлса, жуда тез кўпаяди. Бу менинг дадамга совғам бўлади.

– Э, қойилман аммо-лекин! – ҳаяжонланиб кетди Мансур. – 55 тонна-я. Бу ахир бир олам пул-ку!

– Бу ҳали ҳаммаси эмас. – Дилшод дарё яқинидаги қамишзорни кўрсатди: – Бизнес-режамга кўра, манави бекор ётган ерни ҳам сотиб олишим керак. Қара, икки қадам нарида шунча сув.

– Буни нима қиласан? Яна балиқ кўпайтиришгами?

– Йўқ. Бу ерга шоли эктираман. Гуруҳимизда бир хоразмлик бола ўқирди. Шундан шоли экиш, уни парваришлаш ҳақида роса сўраб-суриштиргандим, фойда бериб қолди, етмаганини китоблардан ўқиб олдим.

– Ҳа, анча иш бор экан.

– Булар бошланиши, холос. Манави ерда, – Дилшод уйчага ишора қилди, – консерва цехи қурилади. Ёнида балиқ дудлайдиган цех.

Мансур ҳайрон бўлди:

– Улар нимага керак?

Кўнгли тубида асраб юрган режаларини ниҳоят дўсти билан ўртоқлашаётганидан мамнун Дилшоднинг юзи ловуллаб, кўзлари чақнай бошлади, овози ҳам ўктамлашди:

– Керак-да. Биласанми японлар нега дунёда энг узоқ умр кўришади?

– Бир марта ўзинг «Улар ярим кечаси туриб олиб наҳорги ошга боришмайди-да», дегандинг шекилли.

– Бу мен эмас, бир шоир айтган ҳазил эди. Хуллас, японларнинг узоқ умр кўришига сабаб битта – улар балиқхўр халқ. Балиқ бўлса витаминнинг кони. Ҳам ҳазми енгил, қанча есанг ҳам организмни зўриқтирмайди, пишиллаб қолмайсан. Бунинг устига семиртирмайди, холестеринсиз…

Мансур ҳам билағонлик қилди:

– Кечаси ёнади, фтори бор.

– Мен атай ўрганиб кўрдим. Кейинги беш йил ичида ўзимизда балиқ овлаш икки баробарга ошибди. Бу ҳали бошланиши. Мен аниқ биламан, яқин уч-тўрт йил ичида балиққа талаб беш, ўн баробар ошиб кетади.

Мансур ишонқирамай бош чайқади:

– Шу нарх бўлса, ҳай билмадим-ов. Ўзинг бориб кўр, бозор тўла балиқ. Саккизта балиқни сотиб бўлганимча тинкам қуриб кетади.

– Бу вақтинча. Талаб кўпайса таклиф ҳам кўпаяди, кейин ўз-ўзидан нарх тушади. Буни бозор деб қўйибдилар. Талаб эса албатта кўпаяди. Чунки энди бизнинг одамлар ҳам ўз соғлиқларининг қадрига ета бошладилар. Сал ақли борлар қуйруғининг мойини оқизиб ғарчча мой буюртма сомса егандан кўра балиқни афзал кўра бошладилар.

Мансур бозордаги сават кўтарган йигитларга таассубан бақира бошлади:

– Заказ сомса! Уйланмаган қўчқорнинг думбасидан тайёрланган заказ сомса! Сомсанинг додаси!

Дилшод кулиб қўйди:

– Ҳали кўрасан, катта-катта кафеларда, ресторанларда мисол учун «Пайшанба – балиқ куни» деган эълонлар пайдо бўлади.

– Фақат пайшанба эмас, оғайни, – дўстининг гапини ҳазилга бурди Мансур. – Биз уйланадиган йигитлармиз-а.

– Мисол учун айтдим-да. Хуллас, ўртоқ, мен бу ишни ота-отамга, яқинларимга билдирмасдан қилдим. Ҳаётда нимагадир фақат ўз кучим била эриша олишимни ўзимга ўзим исботламоқчи бўлдим. Бошланиши ёмон эмас. Агар уч-тўрт ой шу ерда мен билан ишлаб турсанг, худо хоҳласа, ёмон бўлмайсан. Кейин… агар мабодо ўқишга кетсам, буларнинг барини сенинг номингга ўтказиб кетаман. Фойда элликка-эллик. Яхши ҳисобчи ҳам топиб бераман. Ишни ўзинг юритаверасан. Мен икки йилда қайтаман. Кейин иккаламиз катта корпорация тузамиз. Акция чиқарамиз. Банк очамиз. Ишқилиб, режаларим катта. Келажакда қилинадиган ҳамма ишларимизнинг хамиртуруши эса мана шу дарёда. Бу сув, бу дарё бизга ўхшаганларнинг миллион-миллионтасини боқади. Шунинг учун қийинчиликларга чидаб бўлса ҳам, тўрт-беш ой қаттиқ ишлашимиз керак. Меҳнатимизнинг роҳатини кейин биргалашиб кўраверамиз.

– Лекин мен… ўқимаган бўлсам. Бир оддий балиқфуруш…

– Гап ўқишда эмас, ўртоқ, – Дилшод юраги устига кафтини қўйди, – гап мана бу ерда. Биламан, сен ҳалол ўртоқсан. Садоқатли. Ишни бемалол юрита оласан.

Мансур чиндан ҳам довдираб қолганди:

– Энди бу… кутилмаган таклиф бўлиб қолди.

– Ўйлаб кўр. Ҳали ёшмиз. Катта-катта ишлар қиладиган пайтимиз. Кунига саккизта балиқ сотиб ҳам ўтказса бўлади тирикчиликни. Лекин келажакда саккиз юз миллион сўм соф фойда келтирадиган иш қилиб ўтказса ҳам бўлади кунни… Ўзинг айт, қачонгача борига қаноат қилиб яшаймиз? Қорнимиз тўқ, устимиз бут бўлса етадими? Яшашдан мақсад нима? Одам орзу қилмайдими? Шунга… олисдаги қуйруққа биргаликда интилиб кўрайлик, ўртоқ. Мана кўрасан, ҳали дунёга чиқамиз. Лондон, Деҳли, Вашингтон, Париж бир қадам бўлиб қолади.

Мансур тамомила эсанкираб қолди:

– Париж. Деҳли. Лондон… Бухорони кўрмаганман-у… Одамнинг оғзидан сувини келтирасан-а.

Дилшод дўстининг елкасига қўл ташлади, ишонч билан таъкидлади:

– Шундай бўлишига ишониб ишласанг, шундай бўладиям!

Мансур жимирлаб турган сувга тикилганча ўйланиб қолди…


Улар ортга қайтаётган маҳаллари Мансур катта йўлда елиб кетаётган хориж машинасини кўриб қолди.

– Ие, Рустам ака бу ёқларда нима қилиб юрибди?

Дилшод ҳайрон бўлди:

– Сен Рустам акани қаёқдан танийсан?

– У кишини ким танимайди? Балиқ бозорининг эгаларидан бири-ку.

– Ростданми?

– Ҳа. Тўғри, икки-уч марта бориб, шундай бемалол савдо қилишинг мумкин. Ҳеч ким мушугингни «пишт» демайди. Аммо-лекин шундан кейинам Рустам аканинг ўзига ё у кишининг одамларига бош эгиб бормасанг, тамом.

– «Тамом» деганинг нимаси?

– «Тамом» деганим кейинги сафар ё балиғингдан айриласан, ё пулингдан деганим, ўртоқ. Улар белгилаган нархдан паст сотиб қўйсанг-ку, бира тўла тамомсан. Бозорнинг шунақа қоидалари бор.

– Буни қара-я. Билмас эканман, – бош чайқаб қўйди Дилшод.

– Булар китобларингда ёзилмаган-да. Шунинг учун билмайсан… – Мансур узоқдан кўринган «Москвич»ига ишора қилди: – Қара, бизнинг «Мерс» дулдулдай гижинглаб турибди. Аммо-лекин кўрган одам камида сигнализацияси бор деб ўйлайди…

* * *

Сўроқ навбати Тамараники эди. Қиз кўнглидаги гапларини узоқ ўйлаб ўтирмасдан, шартта-шартта айтиб ташлар экан. Терговчининг «Демак, сиз дугонангиз Дилобар Одилова билан ярим тунда меҳмонхона хонасига ўз ихтиёрларингиз билан деразадан ошиб тушдиларингиз. Шундайми?» деган саволига жавобан заррача ҳам иккиланмасдан, мовий кўзларини шифтга тикканча:

– Ҳа, ўз ихтиёримиз билан. Лекин биз шундай қилишга мажбур эдик, – деди.

Бу жавоб терговчини ҳайрон қолдирди:

– Тушунмадим.

– Ахир улар бизга яхшилик қилишди. Шундан-шунга олиб келиб қўйишди. Бунинг эса ҳақини тўлаш керак эди.

Бу мантиқ терговчини қизиқтириб қўйди:

– Яъни?

– Бу дунёда ҳеч бир иш шунчаки «раҳмат» учун қилинмайди. Ҳамасининг ўз тўлови бор.

– Демак, сизларнинг мисолингизда…

– Худди шундай, ўртоқ терговчи.

– Лекин улар барибир ҳам шу ёққа келишаётганди-ку. Бунинг устига бу дунёда яхшилик, олижаноблик деган тушунчалар ҳам бор.

– Менинг бундай эртакларга ишонмай қўйганимга анча… тахминан йигирма йил бўлган.

Бунга нима деб ҳам бўларди? Ноилож қолган терговчи тайёрлаб қўйган саволларини беришга ўтди:

– Ҳайдовчилар йўлда ичиб келишдими?

– Йўқ. Улар машинани алмашиб ҳайдашди-ку, қандай ичишади?

– Хонада ўтирганларингизда ким биринчи бўлиб рақсга тушди? Сизми, Одиловами?

– Мен, аввал мен.

– Демак, аввал сиз рақсга тушгансиз. Шундайми?

– Шундай.

– Дугонангиз-чи?

– Диля улгуролмади. Тўполон бошланиб қолди.

– Аниқроқ айтсангиз, қанақа тўполон бошланди?

– Улар бизни зўрламоқчи бўлишди.

– Хўш, йиртилган ёқа… Менга қаранг, Маратова, айтинг-чи, яхшилаб эслаб кўринг, ойнани ким уриб синдирди?

– Ойнаними? Шу… – қиз биринчи бор иккиланиб қолди, – аниқ эсимда йўқ. Дилянинг эсида бўлса керак. У нима деди?

– Дугонангизнинг бу ҳақда нима дегани ҳозир аҳамиятсиз, Маратова. Марҳамат қилиб саволимга жавоб берсангиз.

– Лекин… ростданам эсимда йўқ. Стресс ҳолатида эдим. Бир пайт ойна синди. Биз ваннага яшириниб олдик. Одамлар бостириб киришди хонага… Йўқ, эсимда йўқ. Ҳаммасини Диля билади.

– Тушунарли. Маратова, баённома билан танишинг ва имзо қўйиб беринг. Кейин кетишингиз мумкин.

Тамара баённомани ўқимасдан ҳам имзо қўйиб берди.

Қиз чиққач, Жавлон ўйланиб қолди.

– Бири тоғдан келса, иккинчиси боғдан келади-я, – деди баённомани яна бир бор ўқиб чиқаётган Асқарали.

– Ҳа, келишиб олишга улгуришмаган-да… Ҳайдовчиларнинг аҳволи қалай экан?

– Ошқозонларини ювишибди. Керакли муолажалар ўтказилган. Анча ўзларига келиб қолишган, дейишяпти.

– Яхши. Ундай бўлса аввал меҳмонхона навбатчиси… – у қоғозга қаради, – Муқаддам Латиповани чақиринг. Ҳайдовчиларни эса опадан кейин.

– Хўп бўлади.

Асқарали ёнида турган телефон гўшагини кўтарди.

* * *

Тор жойда гўшт егандан…

Яхши мақол. Аммо унинг нега айтилганини бошидан ўтказган биларкан.

Аввалига катта ака уйланди. Кейин, ёв қуваётгандай, кичиги ҳам бошини иккита қилиб олди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас болалар туғилишди, кейин яна....

Вақт ўтаверди. Болалар туғилаверишди, катта бўлаверишди… Ўзи каталакдай-каталакдай бешта хонали ҳовли бўлса.

Э, одамнинг «дод» деб юборгилари келади. Айниқса нафақат орқаворатдан, балки олдингда ҳам сени шафқатсизларча «қариқиз» деб атай бошлаган янгаларинг тугул бир қориндан талашиб тушган иккита жигаринг ҳам «Қачон жойини топиб кетаркан бу?» дегандай ўқрайиб туришса… Тўққиз ой тор қорнида авайлаб-асраган волиданг нима қилиб бўлса ҳам сени бир амаллаб, кимга бўлса ҳам узатиб юбориш, сен эгаллаб турган лаънати тўрт қарич жойни тезроқ невараларига тақсимлаб бериш, келинларию болаларига яхши кўриниш пайида бўлса…

Гўзалой уйга келишдан безиб қолган. Шунгами, ишдан кейин ҳам «Тез ёрдам» станциясида бирон баҳона топиб ўтираверади, ўтираверади… Сўнг оёғини судраб босганча қатлга кетаётган банди мисоли уйи томон йўл олади…

Мана, эни-бўйи нари борса олти қулоч келадиган торгина ҳовлида беш-олтита турли ёшдаги болалар чопқиллаб ўйнаб юришибди. Ҳовлининг бу четида катта янгаси Шарофат тоғорада кир ювмоқда, у четидаги ошхонада кичик янгаси, қовоғидан қор ёғаётган Одина қозонга капгирни даранглатиб урганча овқат қиляпти.

Майда-чуйда олиб ўрганиб қолишган эмасми, болалар чопқиллаб Гўзалойнинг ёнига келишди. Қиз болаларга ширинлик, сақич улаша бошлади.

– Менгаям!.. Менгаям, амма!.. Раҳмат…

Улушини олган болалар нари кетишгач, Гўзалой Шарофат янгасининг ёнига борди.

– Ҳорманг, янга.

– Бор бўлинг. Келдингизми?

– Келдим. – Қиз бир уюм кирга ишора қилди. – Ўзим ювиб қўярдим-ку.

– Э-э, ювган билан адо қилиб бўлармиди, – қўл силтади Шарофат. – Бир соатда сизга етарлигиям йиғилиб қолади. – У болалар томон ишора қилди: – Конвейер ишлаб турибди.

– Мен ҳозир, кийимимни алмаштириб чиқай.

– Сиз ишдан келдингиз. Туни билан ухламай чиқишнинг ўзи бўладими? Аввал озроқ дам олинг. Анави, – Шарофат ўзига ўқрайиб қараб турган овсини томон ишора қилди, – бир коса шўрвасини аямаса, овқатланиб олинг.

– Қорним тўқ. Тинчликми? Яна уришиб қолдиларингизми?

– Уф-ф! – Дардини достон қила кетди Шарофат. – Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим бу нокаснинг дастидан!.

Бунақа гапларни тез эшитадиган Одина ўчоқ бошида туриб қичқирди:

– Ким нокас, а, ким нокас?

Шарофат энгашиб, шивирлади:

– Буники қулоқ эмас, локатор! Бунинг дастидан бу уйда гаплашиб ҳам бўлмайди.

Одина эса тобора авж қиларди:

– Мени нокас деганларнинг ўзлари нокас! Тўрттагина бола билан учта хонани эгаллаб олишгани-чи. Биз бўлсак етти жон иккита каталакдай хонада тиқилиши-иб яшаяпмиз. Яна нокас эмишман! Э, ўргилдим!

Хона масаласи – ўта нозик масала. Яра жойига тегилгандай афти тиришиб-буришиб кетган Шарофат бобиллаб берди:

– Қаторлаштириб туғиб ташлайвермаслик керак эди!

Бунақа жанжалларни сотиб оладиган Одина иккала қўлини белига тиради:

– Мен туғсам ўзимнинг законний эримдан туғдим…

Меҳмонхона эшиги «ғийқ» этиб очилди. Ичкаридан чиқиб келган Меҳри хола аввал Одинага, кейин Шарофатга қараб «уят» дегандай бетини чимчилади, сўнг атайин кўтаринки оҳангда, баланд овозда буйруқ берди:

– Овқатни сузавер, келин.

Меҳри хола шу орада қизига «хонангга ўт» ишорасини қилди-да, қайтиб меҳмонхонага кирди.

– Меҳмон борми? – жигари эзилиб сўради Гўзалой.

Шарофат бажонидил жавоб берди:

– Ҳа. Шунга анавининг елкаси тиришяпти-да.

Қиз индамай ҳовлини кесиб ўтиб, ўзининг хонасига кирди.

Бу яшаётган банданинг нафаси қайтиб кетадиган даражада тор хона эди. Тўрда сандиқ, кўрпалар, эски телевизор, каравот. Ўртадаги хонтахтада 12–14 ёшлардаги иккита қиз дарс тайёрлаб ўтиришибди.

Биринчи қиз салом берди:

– Ассалому алайкум, амма.

Иккинчиси:

– Ҳай! – деб қўйди.

– Яхшимисизлар. Дарсми?

– Дарс.

Беҳад чарчаган Гўзалой елкасидаги сумкасини телевизор устига қўйди: бошқа бўш жойнинг ўзи йўқ эди. Ўтирмоқчи бўлиб жой излади. Фақат каравот бўш. Гўзалой каравотга ўтирди, унинг аянчли ғижирлашига қарамасдан деворга суянди, кўзларини юмиб олди.

Биринчи қиз «пиқ» этиб кулиб юборди. Синглиси унга саволомуз қаради.

– Чой опкирганда эшитиб қолдим. Ичкарида аммамнинг рекламаси зўр бўляпти лекин.

Сесканиб кўз очган Гўзалой қийналиб нафас олди. Аста ўрнидан турди. Қизлар ўзларини зўр бериб дарс тайёрлаётгандай тутишарди. Гўзалой даҳлизга чиқди, меҳмонхона ёнидан ўтаётган маҳал қия очиқ эшикдан ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилди. Гўзалой ичкарига қаради.

Тўрда маҳалланинг доимий совчиларидан бўлган, қош кўзига ўсма-сурма сурган қирқ беш ёшлардаги Рисолат сатанг ястаниб ўтирганча баҳузур овқатланарди. Рисолатнинг қаршисида муштдайгина бўлиб қолган Меҳри хола, дарҳақиқат, ташвиқотга зўр бермоқда эди:

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации