Электронная библиотека » Агата Кристи » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Изқувар Пуаро"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Агата Кристи


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 7 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Кристи, Агата
Изқувар Пуаро

ИШТАР ИБОДАТХОНАСИДАГИ ҚОТИЛЛИК

– Ҳикоя қилиш навбати сизники, доктор Пендер. Қани, бизга нималарни сўзлаб бермоқчисиз?

– Менинг ҳаётим хилватларда ўтди, – дея гап бошлади кекса руҳоний хижолатомуз жилмайиб. – Шу боис кўп воқеаларга дуч келмаганман. Фақат навқиронлик чоғларимда ўзим гувоҳ бўлган жуда ғаройиб ва фожиали бир ҳодиса бундан мустасно.

– Ў, – ҳовлиққанча хитоб қилди Жойс Ламприер хоним.

– Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, – сўзида давом этди руҳоний, – мен бу ҳодисани ҳеч унутолмадим. Бу менга шундай таъсир қилганки, салгина эсимга тушса ҳам ўша даҳшатли манзара кўз олдимда қайта жонланади ва қўрққанимдан карахт бўлиб қоламан. Ўшанда ҳеч кимга кўринмайдиган қурол билан қуролсиз одам ўлдирилганди.

– Доктор, сўзларингиздан этим жимирлаб кетди, – нолиди жаноб Генри.

– Ўзимни ҳам қалтироқ босди. Ўша кундан бери даҳшатли воқеалар тўғрисида гаплашаётган одамлар устидан кулмайдиган бўлганман. Айтмоқчиманки, баъзи жойларда ёвуз руҳлар шунчалик кучли бўладики, уларни бемалол сезиш мумкин.

– Ҳа, албатта! – Руҳонийнинг гапини тасдиқлади Марпл хоним. – Мана шу Лорчеслар уйида қанча бахтсизликлар рўй берган. Ўзингиз ўйланг, қария Смитерс барча бойликларидан айрилиб, уйини сотишга мажбур бўлди. Карслейклар бу уйга кўчиб келмасданоқ Жонни Карслейк зинапоядан йиқилиб, оёғини синдирди. Кейинроқ, Карслейк хоним ҳам Франция жанубига бориб, даволаниб қайтди. Айтишларича, ҳозир ўша уйни эр-хотин Берденлар сотиб олибди. Яқинда эшитдим: кўп ўтмай бечора жаноб Берден жарроҳ тиғига дуч келибди.

– Биз бу ерда ирим-сиримларга ўралашиб қолганга ўхшаймиз, аҳмоқона ва ўйланмай тарқатилган миш-мишлар кўчмас мулкка катта зарар келтирмасмикан? – деди жаноб Петерик.

– Шахсан ўзим бир жуфт «арвоҳ» қучоқлашганини кўрдим, – дея қаҳ-қаҳ урди жаноб Генри.

– Доктор Пендерга ҳикоясини айтиб беришга йўл берсак бўларди, – таклиф қилди Реймонд.

Жойс иккала чироқни ҳам ўчириб қўйди. Энди хонада фақат каминнинг липиллаб турган ёлқини қолди. Ҳикояни давом эттирса бўлади.

Доктор Пендер кулимсиради ва оромкурсига ўрнашиброқ ўтириб, кўзойнагини олиб қўйди. Сўнг сокин овозда ҳикоя қила бошлади:

– Орангизда Дартмур ҳақида эшитган одам борми-йўқми, билмайман. Мен ҳозир таърифламоқчи бўлган макон у билан ёнма-ён жойлашган. У ерларнинг табиати баҳаво, қўрғон ҳам ажойиб бўлишига қарамай, сотилиши эълон қилинса-да, кўп йиллар харидорини тополмади. Бунинг сабаби бор, албатта. Қўрғон қўрқинчли, хилват жойда эди. Уни Хейдон исмли киши сотиб олганди – жаноб Ричард Хейдон. Мен уни коллежда ўқиб юргандаёқ билардим, анча вақт кўришмаганимизга қарамай, эски дўстлигимиз ҳурмати, у мени «Тинч ўрмон»ига таклиф қилди. У бу жойни шундай атарди. Зиёфатга кўп меҳмон чақирилмаган эди. Ричард Хейдоннинг ўзи, амакиваччаси Эллиот Хейдон, Маннеринг ва унинг рангпар қизи Виолет, капитан Рожерс хотини билан – ҳар иккаласи ҳам офтобда тобланган моҳир чавандозларга ўхшарди. Меҳмонлар орасида ёш доктор Саймондс ва Диана Эшли хонимни учратдим. Диананинг сурати гўзаллар журналида, матбуотда бир неча марта эълон қилинган бўлиб, у шу мавсумдаги соҳибжамоллардан бири деб тан олинганди. Ҳақиқатдан ҳам унинг ҳусни жамолига таъриф йўқ эди. Баланд бўйли, қора сочли, юзлари оппоқ, кўзларини қисиб қараши эса Шарқ санамларини эслатарди.

Тангрим унга бетимсол шарқона ҳуснтароват берганди. Устига-устак, қизнинг тиниқ, қўнғироқдай овозини айтмайсизми?! Ташрифим давомида билдимки, дўстим Ричард Хейдонни бу нозанин маҳлиё қилиб қўйган экан. Базм ҳам шу малак учун атайин уюштирилаётгандек туюлди менга. Қизнинг хатти-ҳаракатларида Ричардга мойиллик аломатлари сезилмади. Диана шундай қизлар тоифасидан эдики, бугун кун бўйи Ричард билан суҳбатда бўлиб, эртага унга қиё ҳам боқмай, кўпроқ Эллиотга лутф кўрсатиши мумкин эди. Кейин эса вазмин ва уятчан доктор Саймондсга ҳам жозибадор кулгусини ҳадя эта оларди.

Келишим билан мезбон бизга қўрғондаги барча хоналарни кўрсатди. Уй ташқи кўринишидан унча салобатли, сирли кўринмаса-да, лекин жуда қулай, девоншир мармаридан ғоят пишиқ ва турли хил табиий офатларга бардошли қилиб қурилганди. Деразалар адирга, торф конига, шамол емирган қояларга қараб очиларди.

Яқин қоялар бағрида қадимий қўрғон бўлиб, шу қўрғонда қидирув ишлари олиб борилганида, у ердан бронзадан ишланган қандайдир асбоб-анжомлар топилганди. Топилмалар Хейдонни қизиқтириб қолган экан, у бизга бу ҳақда ҳаяжон билан сўзлаб берди.

– Неолит даври одамлари, друидлар ва римликлар яшаган жойлар, ҳатто илк Финикия маданиятининг излари ҳам топилган бу ерда, – дея бу ерлар кўҳна осори-атиқаларга ғоятда бой эканлигини таъкидлади Ричард. – Лекин бу жой энди «Тинч ўрмон» деб аталади.

Ричард қўлини чўзиб харсангтош, арчагул, қирққулоқлардан иборат ялангликнинг ўртасидаги – чамаси юз ярд11
  Ярд – 91,44 см.га тенг инглиз ўлчов бирлиги.


[Закрыть]
наридаги қалин дарахтзорни кўрсатди.

– Мана бу манзарага бир қаранг, – ҳикоясини давом эттирди Хейдон. – Баъзи дарахтлар қуриган бўлса, баъзилари ўсиб чиққан, лекин финикиялик кўчманчилар келгунча ва ундан кейин тўлиқ сақланган. Юринглар, бориб кўрамиз.

Ҳаммамиз унинг орқасидан йўлга тушдик. Ўрмонга кирганимизда негадир қалбимда ғашлик пайдо бўлди. Афтидан, бу ғафлат ўрмонида биронта ҳам қуш ин қурмаганга ўхшайди. Атрофни умидсизлик, даҳшат қоплагандек эди, гўё. Хейдон менга сирли кулимсираб:

– Бу жой қандайдир ажабтовур таассурот қолдирмаяптими, Пендер? – деди. – Кўнглин гизнинг бир четида безовталик сезмаяпсизми?

– Бу ер менга ёқмаяпти, – дедим бамайлихотир.

– Тушунарли, – деди у. – Бу ерда бир пайтлар ғайридинларнинг қалъаси бўлган. Бу – «Астарта ўрмони».

– Астарта дейсизми? – сўрадим мен.

– Астарта ёки Иштар дейсизми, сизнинг хоҳишингиз, аммо мен финикияликлар иборасида «Астарта» дейман, – сўзида давом этди Хейдон. – Бу, менимча, шу атрофда Астартага сиғиниш билан боғлиқ ягона жой. Етарли далилим йўқ, аммо кўз ўнгимизда ҳақиқий «Астарта ўрмони». Бу қалин дарахтлар орасида бир пайтлар муқаддас маросимлар ўтказилган.

– Муқаддас маросимлар, – шивирлади Диана хаёлга чўмиб. – Қизиқ, улар қандай ўтказилган экан?

– Унчалик ҳавас қиладиган эмас, – дея кутилмаганда қаттиқ кулиб юборди капитан Рожерс. – Менимча, Иштар маросими дилларни ўртаб юборган.

Хейдон бу гапларга унча эътибор бермади ва гапини давом эттирди:

– Ўрмон ўртасида ибодатхона бўлиши керак. Ибодатхонани тасаввуримда тиклай олмайман, лекин хаёлан унинг қандай бўлганини айтишим мумкин.

Шу вақт биз ўрмон ўртасидаги чоғроқ ялангликка чиқдик. Яланглик марказида тошдан қурилган уйчани эслатадиган ғалати нарсани кўрдик. Диана Эшли Хейдонга саволомуз қараб қўйди.

– Мен уни саждагоҳ деб ўйлайман. Саждагоҳ ёки «Иштар ибодатхонаси».

Хейдон уйчага яқинлашди. Уйча ичида обнус дарахтидан ясалган қўполроқ тагликдаги арслон устида бошида ярим ой шакли тасвирланган аёл ўтирганди.

– Финикия Астартаси – ой маъбудаси, – эълон қилди Ричард Хейдон.

– Ой маъбудаси! – деди ҳаяжон билан Диана. – Келинглар, бугун шу ерда базми жамшид қурамиз. Ой тик кўтарилганда ниқобли кийимлар кийиб келамиз-у, Астарта шарафига маросим ўтказамиз.

Мен кетишга шайландим, буни Ричарднинг амакиваччаси Эллиот Хейдон дарҳол пайқаб қолди:

– Сизга бу нарсалар ёқмаяпти-а, ота?

– Йўқ, ёқмаяпти, – қатъий жавоб бердим.

У бироз ажабланиб қараб турди-да:

– Булар ҳаммаси аҳмоқгарчилик, – дея таъкидлади. – Илоҳий ўрмон қаердалигини Ричарднинг ўзи ҳам билмайди. Бу унинг тасаввури, унга шунақаси ёқади. Агар ростакамига шундай бўлсайди…

– Балки, ҳақиқатдан ҳам шундайдир?..

У хижолатли кулди-да:

– Наҳотки, шу нарсаларга ишонсангиз? Сиз руҳонийсиз-ку, – деди.

– Йўқ, ишонмайман, – жавоб бердим мен, – бундай бўлишига ҳеч ҳам ишонгим келмаяпти. Бироқ бу ерга қадам қўйишим билан гўё атрофимни ёвузлик ва хавф-хатар қуршаб олгандай бўлди.

Эллиот беихтиёр қайрилиб, менга ғайритабиий тикилди.

– Ҳа, – деди у, – бу ерда бир сир бор. Сиз нимани назарда тутаётганингизни тушундим. Лекин ҳақиқатдан анча узоқлашиб кетмадикмикан? Шундай эмасми, Саймондс?

Доктор бир-икки сония жим турди-да, шундай деди:

– Нима учунлигини билмайман-у, лекин буларнинг бари менга ёқмаяпти.

Шу пайт Виолет Маннеринг мен томон чопиб келди-да:

– Қўрқиб кетяпман, бу ерда қолиш хавфли. Тезроқ бу ердан кетайлик, – деди аллақандай қўрқув билан.

Биз бу ерни тарк этишга ошиқдик, орқамиздан бошқалар ҳам эргашди. Фақат Диана Эшли бироз ушланиб қолди. У ибодатхона олдидаги санамдан кўзини узмасдан ўзгача бир ҳаяжон билан тикилиб қолганди.

Ажойиб кун бўлди. Қуёш нурларини сахийлик билан сочарди. Шунинг учун Диана Эшлининг ниқобли кийимни кийиш таклифини ҳамма бажонидил қабул қилди. Барчада кўтаринки кайфият бор эди-ю, лекин ички бир безовталик ҳам йўқ эмасди. Кечки овқатга кирганимизда ғоят завқли ва ёқимли бир овоз янгради. Рожерс ва хотини неандерталларга ўхшаб кийинишганди. Ричард Хейдон ўзини финикиялик денгизчи, амакиваччасини эса қароқчилар сардори деб атади. Доктор Саймондс – бош ошпаз, Маннеринг хоним – ҳамшира, қизи эса – черкас аёли бўлиб гавдаланди. Каминани эса роҳиб деб эълон қилишди. Диана Эшли кечки овқатга ҳаммадан кейин кирди. Унинг кенг-мўл маскарад кийимида судралиб юриши бизда шубҳа уйғотди.

– Нотаниш аёл, – деди у. – Мана, мен кимман. Қани, энди дастурхонга марҳамат.

Овқатланиб бўлгач, уйдан чиқдик. Тун ниҳоятда ажойиб, осуда эди. Ой чиққанди. Суҳбатлашиб, сайр қилиб, вақт қандай ўтганини билмай қолибмиз. Бирор соатдан кейин орамизда Диана Эшли йўқлигини пайқаб қолдик.

– Балки, ухлашга кетгандир, – деди Ричард Хейдон.

– Йўқ, – бошини чайқади Виолет Маннеринг, – ярим соат олдин кўргандим, – у қўли билан ой ёруғида қорайиб кўринган ўрмон томонни кўрсатди, – Диана ўша томонга қараб кетди.

– Қизиқ, бу қизнинг эси жойидами? – ғудранди Ричард Хейдон. – Онт ичаманки, бу ерда бирон маккорона ҳазил борга ўхшайди, юринглар, бориб кўрайлик-чи.

Ҳаммамиз қизиқиш аралаш ҳадик билан ўрмонзорга йўл олдик. Дарахтзорда қандайдир нохуш ҳодиса рўй беришини аввалдан сезгандек, у ерга боришга оёғим тортмади. Ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Бор кучимни тўплаб, ўзимни зўрға ушлаб турдим ва бу жой бехосият эканини, назаримда, ҳаммадан аввал сездим. Сузиб бораётган ой ёғдусида дарахтлар шохларини атайин эгган-у, бизларни ўтказишни хоҳламайдигандек эди. Кундузги осуда ўрмонзор тунда турли шивир-шивирга тўлганди. Ҳаммамиз сирли бир қўрқувдан бир-биримизнинг пинжимизга тиқилишиб, қўлларимизни ушлашиб, астасекин илгарилай бошладик.

Ўрмонзор ўртасидаги ялангликка бориб худди ўзга сайёрадан келгандек қотиб қолдик. Остонада ҳарир либосда товланиб гўзал бир санам турарди. Унинг бошидаги ҳурпайган қора сочи иккита ярим ой шаклида эди.

– Худойим! – дея хитоб қилди Ричард Хейдон. Унинг қошлари орасида тер томчилари пайдо бўлганди.

Виолет Маннеринг сезгирроқ экан:

– Бу Диана-ку! Ўзига ўзи ўхшамай қолибди, – деди.

Шу сонияда ҳалиги шарпа ибодатхонага кираверишда қўлини кўтариб, бир қадам олдинга юрди. Сеҳрли овоз билан шундай деди:

– Мен маъбуда Астартаман! Менга яқинлашманглар, бўлмаса ажалингизни топасиз!

– Керакмас, Диана, – Маннеринг уни инсофга чақирмоқчи бўлди. – Сиз бизни қўрқитяпсиз. Ўзи шундай ҳам ваҳимали-ку бу ер!

Хейдон ўзини унга отди:

– Менинг илоҳий маъбудам – Диана! Сен гўзалсан!

Кўзларим ойнинг ёруғига ўрганиб қолди. Энди атрофдаги нарсаларни аниқроқ кўра бошладим. Диана ҳақиқатдан ҳам, Виолет айтгандек, ғоятда ўзгарганди. Юзи шарқона тус олиб, кўзларида янада қатъиятлик жилоланган, лабларида шундай қаҳрли заҳарханда табассум зоҳир эдики, уни бу ҳолатда ҳеч қачон кўрмаганман.

– Секинроқ, – огоҳлантирди у. – Маъбудага яқинлашманг. Ким бўлишидан қатъи назар, менга яқинлашса, ўлдираман.

– Сен жуда гўзалсан, Диана, – хитоб қилди Хейдон. – Ўтинаман, ҳазилни бас қил. Бу ишлар менга… унчалик ўтиришмаяпти.

Хейдон унинг ёнига боришга қатъий қарор қилди, «маъбуда» қўлини Хейдон томонга чўзди.

– Тўхта! – бақирди у, – яна бир қадам ташласанг, мен сени Астартанинг илоҳий кучи билан нобуд қиламан.

Ричард Хейдон кулди-да, яна қадамини тезлатди. Шу пайт бирдан кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Ричард гандираклади, сўнгра қоқинди ва бутун гавдаси билан ағдарилиб тушди.

У шу кўйи ерда юзтубан ётганича қайта ўрнидан турмади.

Кутилмаганда Диана жазавали кула бошлади. Ғалати ва қўрқинчли қаҳ-қаҳа ўрмон тинчини бузди. Эллиот қаҳр-ғазаб билан олдинга интилди.

– Мен бошқа чидолмайман! – бақирди у. – Тур, Дик. Турсанг-чи!

Аммо Ричард Хейдон йиқилган жойида ётаверди. Эллиот югуриб келди-да, чўккалаб, эҳтиёткорлик билан Ричарднинг бошини тепага ўгирди ва юзига тикилди. Кейин бирдан сапчиб ўрнидан турди.

– Доктор! Худо хайрингизни берсин, тезроқ келинг. Менимча, у ўлганга ўхшайди.

Саймондс унинг ёнига югурди. Эллиот эса секин-секин биз томонга кела бошлади. Негадир унинг ҳаракатлари беўхшов эди.

Гап нимадалигини тушуниб етган Диана энди бор овозда фарёд сола бошлади:

– Мен уни ўлдирдим! Эй Худо! Бундай бўлишини хоҳламагандим-ку? Наҳотки, мен қотил бўлсам?

Шундай дея у ўтлар устига беҳол йиқилди.

Шу пайт Рожерс хонимнинг саросимали овози эшитилди:

– Бизга ҳам бир нарса бўлмасидан бу қўрқинчли жойдан кетайлик. Қандай даҳшат!

Эллиот қўлини елкамга қўйди.

– Бундай бўлиши мумкин эмас, – шивирлади у. – Сизга айтяпман, бўлиши мумкин эмас. Инсонни худди шундай ўлдириш мумкинлигига ишонмайман. Бу… бу – қандайдир ғайритабиийку!

– Амакиваччангизнинг юраги хаста эди-ку, – мен уни тинчлантиришга уриндим. – Балки ҳаяжон, руҳий зўриқиш ўз кучини кўрсатгандир.

– Сиз ҳеч нарсани тушунмаяпсиз, – дея Эллиот сўзимни бўлди ва кафтини очди. Унинг кафти қон эди. – Дик касалликдан ўлгани йўқ. У тиғ зарбидан жон берди. Лекин, ажабланарлиси, бу ерда ҳеч қандай қурол йўқ эди-ку?!

Таажжубланиб унга тикилдим. Бу орада Саймондс марҳумни текшириб бўлди ва олдимизга келди. Унинг ранги оқариб кетган ва қалтирарди.

– Наҳотки ҳаммамиз ақлдан озган бўлсак? – сўради Саймондс. – Агар шундай ҳодисалар бўлиб турса, бу қандай жой ўзи?

– Демак, бу ҳақиқат экан-да, – дедим мен.

У гапимни тасдиқлагандай ишора қилди.

– Зарба узун, ингичка ханжар билан етказилган бўлиши мумкин, бироқ мен ҳеч қандай ханжарни кўрганим йўқ.

Бир-биримизга қарадик.

– Ундай бўлса, ханжар шу ерда бўлади! – таъкидлади Эллиот Хейдон. – У шу атрофда, қаердадир ётибди, қидириб топиш зарур.

Ўтлар орасини пайпаслай бошладик, шунда Виолет Маннеринг:

– Ҳа, эсимга тушди, Диананинг қўлида нимадир бор эди. Ханжарга ўхшаган бир нарса. Ҳа, рост. У Ричардга таҳдид қилаётганда нимадир ярақлаб кўринганди, – деб қолди кутилмаганда.

– У лоақал уч қадам ҳам унинг яқинига бормаганди, – эътироз билдирди Эллиот Хейдон.

Маннеринг хоним беҳуш Дианага энгашди-да:

– Ҳозир унинг қўлида ҳеч нарса йўқ, ерда ҳам ҳеч нарса кўринмайди, – деди. – Виолет, адашмаганингга ишончинг комилми?

Доктор Саймондс ҳам Диананинг олдига келди:

– Уни уйга олиб бориш керак. Рожерс, ёрдамлашворинг. Аввал мисс Эшлини олиб кетамиз. Сўнг Ричард билан шуғулланамиз.

Пендер ҳикоя қилишни тўхтатиб, кўз қири билан тингловчиларга қаради:

– Мурда қаердан топилган бўлса, уни ўша ерда қолдириш кераклигини ҳозир ёш бола ҳам билади. Лекин у пайтда бундай қилишга фаҳмимиз етмабди. Хейдоннинг жасадини гранит уйнинг хобхонасига олиб бордик. Кейин хизматкорни велосипедда полицияга юбордик. Миршабхона ўн икки чақирим нарида эди.

Бир пайт Эллиот Хейдон мени четга чақирдида:

– Қулоқ солинг, мен ўрмонга қайтмоқчиман, қуролни, албатта, топиш керак, – деди.

– Агар у бор бўлса, – дедим мен шубҳаланиб.

У елкамдан ушлаб, жаҳл билан қаттиқ силтади:

– Миянгиздаги аҳмоқона хаёлларни чиқариб ташласангиз-чи! Наҳотки, бу ўлим аллақандай ёвуз кучлар томонидан амалга оширилган, деб ўйласангиз? Яхшиси, ўзим ўрмонга бораман ва масалага ойдинлик киритаман.

Уни тўхтатишга беҳуда уриндим. Ўша дарахтзорни эслашнинг ўзи кўнглимни оздираётганди. Шу билан бирга, юрагимдаги хижиллик яна бир бахтсизликдан дарак бераётганди, гўё.

Тун ғоят қўрқинчли ўтди, мижжа қоқиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Полициячилар бизнинг кўрсатмаларимизга ишончсизлик билан қараб, мисс Эшлини сўроқ қилиб, унинг фикрини билмоқчи бўлишди. Бироқ доктор Саймондснинг таклифи билан қарорларини ўзгартиришди. Мисс Эшли ҳушига келганда, доктор унга кучли таъсир қилувчи уйқу дорини берди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Дианани эрталабгача безовта қилмаслик керак эди.

Эрталаб соат еттигача Эллиот Хейдонни ҳеч ким эсламади. Фақат Саймондс тўсатдан унинг қаердалигини сўраб қолди. Кечаги воқеани айтганимдан сўнг авзойи бузуқ докторнинг кайфияти баттар ёмонлашди.

– Яхшиси, бундай қилмагани тузук эди. Бу телбалик-ку!

– Сиз бирор нохушлик рўй беришини ўйламаяпсизми мабодо?

– Ўйлайманки, ҳеч нарса бўлмайди. Ундан кўра мен билан ўша ёққа юринг!

Доктор ҳақ, лекин яна сирли ўрмонни кўриш учун мен ақл-ҳушимни йиғиб олишим ва жасур бўлишим керак эди. Биз бирга машъум ўрмонга йўл олдик. Икки марта «Эллиот!» деб қичқирдик, бироқ ҳеч қандай садо чиқмади. Тонгги қуёшнинг заррин нурлари кўриниб турган яйдоқ жойга кўтарилдик. Саймондс ҳовлиққанча қўлимни шундай қаттиқ қисдики, бақириб юборишимга сал қолди. Кеча амакиваччаси ётган жойда бугун Эллиотнинг ўзи худди шу алфозда ётарди.

– Худойим! – аста шивирлади Саймондс. – Уни ҳам…

Жон ҳолатда югуриб борганимизда Эллиот Хейдон ҳушсиз ётарди. Энди фожиа сабаби аниқ эди: унинг елкасига узун ва ингичка бронза ханжар қадалганди.

– Яхшиямки, зарба юракка эмас, елкага тегибди. Нима дейишга ҳам ҳайронсан. Ҳар қалай, у тирик, нима бўлганини ўзи сўзлаб беради, – деди доктор.

Афсуски, Эллиот Хейдоннинг ҳикояси ҳам бизга ёрдам беролмади. Унинг сўзларига ишониш қийин эди. У ханжарни қидириб кўрмоқчи бўлган. Аммо ҳаракатлари беҳудалигини тушунган ва бутхона ёнида тўхтаган. Ўша жойда гўёки уни кимдир дарахтлар орасидан кузатаётгандек туюлган. Унинг сўзларига қараганда, кутилмаганда ибодатхона ичкарисидан кучли совуқ шамол эсган. У ибодатхона ички қисмини кузатиш учун кирибди ва маъбуданинг мўъжаз ҳайкалчасини кўрибди. Айтишича, маъбуда тобора катталашиб бораётгандек эмиш. Шунда бошига берилган қандайдир зарбадан қулаб тушибди. Йиқилаётиб чап елкасида қаттиқ оғриқни сезибди…

Ханжардаги белгилардан бири унинг шу ерда ўтказилган қазишмалар чоғида топилганини ва Ричард Хейдонга тегишли эканлигини тасдиқлади. Аниқланишича, ҳеч ким ханжар аслида қаерда – уйда ёки ўрмондаги ибодатхонада сақланганми, билмас экан.

Полиция Ричардни Мисс Эшли ўлдирган деган тахминга келди, аммо бизнинг кўрсатмаларимиздан сўнг бу тахминдан воз кечишга мажбур бўлди. Сирли ўлим сирлилигича қолаверди.

Ҳикоячи бир зум тўхтади ва орага жимлик чўкди.

– Нима ҳам дейиш мумкин? – сукунатни бузди Жойс Ламприер. – Кўриниб турибдики, юракни сескантирувчи ғайритабиий воқеа. Доктор Пендер, содир бўлган воқеа хусусида ўзингизнинг мулоҳазаларингиз борми?

– Ҳа, – бошини қимирлатди руҳоний, – бироқ менинг мушоҳадаларим барча нарсага ҳам ойдинлик киритолмаса керак.

– Мен кўп марта спиритик сеансларда22
  Спиритик сеанс – турли иримлар воситасида гўё арвоҳлар билан сўзлашиш сеанси.


[Закрыть]
бўлганман, – деди Жойс. – У ерда шундай ғаройиб ҳодисалар рўй берадики, асти қўяверасиз. Балки бу сеҳр-жодудир. Ўша аёл ўзини ростакамига маъбуда Астарта деб ҳис қилган бўлиши мумкин. Маннеринг хоним кўрган ханжарни ўша аёл ирғитгани ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

– Балки бу ўқдир? – тахмин қилди Реймонд Уэст. – Бундан ташқари, билишимча, ўша тун унчалик ойдин бўлмаган. Ким билади, балки унинг қўлида бошқа бир қурол бўлгандир? Мен оммавий гипнозни назарда тутяпман. Ўйлашимча, ўшанда ҳар бир киши қандайдир ҳалокат рўй беришини ич-ичидан сезган.

– Циркда қуроллар ва пичоқ билан турли кўзбўямачиликлар кўрсатишганига кўп маротаба гувоҳ бўлганман, – деди жаноб Генри. – Менимча, дарахтлар орасида биров яширинган ва нишонни мўлжаллаб, пичоқ ёки ханжарни отган. Тушуниб турибман, бу сизга ғайритабиийдек туюлиши мумкин, аммо бу ягона тўғри тахминдир. Бир эсланг-а, жабрланган иккинчи кишига дарахтлар панасидан кимдир пойлаётгандек туюлганди. Лекин Маннеринг хонимнинг айтишича, мисс Эшлининг қўлида ханжар бўлган. Судда эса далиллар бошқалар томонидан инкор этилади, бу эса мени ҳайратлантирди. Тажрибаларимга таяниб шуни айтишим мумкинки, битта қотиллик ҳақида бешта гувоҳнинг кўрсатмалари шунчалик даражада фарқ қилиши ақл бовар қилмас ҳол.

– Биз барча тахминлар орасида энг муҳим нарсага эътиборсизлик билан қараяпмиз, – деди томоқ қириб жаноб Петерик. – Қурол нима бўлди? Эшли хоним очиқ жойда туриб ўқ узган бўлса, бу ишонарли эмас. Мабодо найза яширинган кимса томонидан санчилган бўлса, у ҳолда ўлган одам йиқилганда унинг баданида бўлиши керак эди. Шунинг учун биз ҳар хил тахминий гапларни тўхтатиб, аниқ далилларга мурожаат қилайлик.

– Улар қайсилар?

– Нима бўлгандаям, бир ҳолат аниқ. Ўлаётган одамнинг олдида ҳеч ким бўлмаган. У ўзига-ўзи қурол санчган бўлиши мумкин. Хулоса шуки, Ричард ўзини-ўзи ўлдирган.

– Уни бундай қилишга нима мажбур қилдийкин? – ҳайрон бўлди Реймонд Уэст.

– Бу масаланинг бошқа бир жиҳати, – деди адвокат йўталиб, – ҳозир мени назария қизиқтирмайди. Илоҳий кучларга эса сира ишонмайман. Агар адашмасам, ҳаммаси худди мен айтгандек содир бўлган. Яъни, у йиқила туриб ўзига тиғ санчган ва ханжарни суғуриб олиб дарахтлар панасига ирғитган. Унчалик ишонарли далил эмас-у, лекин шундай бўлгани ҳам эҳтимолдан узоқмас.

– Тўла ишонч билан айтолмайман-у, аммо ҳаётда баъзан ғалати ҳодисалар ҳам рўй бериб туради, – деди Марпл хоним.

– Холажон, сиз, Ричарднинг ўлимида бировнинг қўли йўқ, демоқчисиз, шундайми? – сўради Реймонд.

– Афсуски йўқ, азизим! – жавоб берди Марпл хоним. – Менимча, бу ерда бир сир бор, бечора Ричард қасддан ўлдирилган бўлиши ҳам мумкин. Нега у қоқиниб кетган, ҳозир шуни билгим келяпти. Балки дарахтнинг илдизи сабаб бўлгандир. У аёлдан кўзини узмай унга қараб юрган, шунда оёғи нимагадир илашган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

– Сизнингча, тиғ санчиб жаноб Ричардни ўлдиришнинг ягона йўли бўлган. Сизни тўғри тушундимми, Марпл хоним? – дея руҳоний унга қизиқсиниб қаради.

– Воқеанинг бу ёғи жуда қайғули, шу боис унга тўхталгим келмаяпти. У ўнг қўлидан фойдаланган, шундай эмасми? Мен чап елкани жароҳатлашнинг ягона йўлини назарда тутяпман. Бечора Жек Бейнзга ҳар доим раҳмим келади. Эслайсизми, Аррасдаги қирғинбарот урушдан кейин у ўзини оёғидан отган. Госпиталга борганда оёғини кўрганман. Сўнгра ўзининг бу аҳмоқлигидан узоқ вақт уялиб юрди. Мен шунга аминманки, бадбахт Эллиот Хейдон ўзининг бу даҳшатли жиноятидан кўп фойда кўрмайди.

– Эллиот Хейдон дейсизми? – сўради Раймонд. – Бу ишни у қилганми?

– Ундан бошқа ким ҳам қилиши мумкин, – дея қўл силтади Марпл хоним. – Ўткинчи тахминий гумонларни тўхтатиб, келинг, яхшиси, жаноб Петерикнинг маслаҳатига қулоқ тутиб далилларга мурожаат қилайлик.

Шундай қилиб, Эллиот биринчи бўлиб амакиваччасининг олдига келди… Фақат угина бошқаларни гавдаси билан тўсган ҳолда ўзига зарур ишни қилиши мумкин эди. Чунки у қароқчилар бошлиғи кийимини кийганди, шунинг учун ҳам унинг белида қандайдир қурол бўлгани табиий…

Меҳмонларнинг нигоҳи доктор Пендерга қаратилди.

– Бор ҳақиқатни, – дея сўзини давом эттирди у, – фожиа содир бўлганидан кейин орадан беш йил ўтгач, барча тафсилотлари билан билиб олдим. Буларнинг барчаси Эллиот Хейдон менга жўнатган хатда битилган эди. У ўз хатида ушбу қотилликда унинг қўли борлигидан гумонсираб юришимни аввалдан сезганини, бу мудҳиш қотиллик унинг ўзи учун ҳам кутилмаган воқеа бўлганини таъкидлаганди. Эллиот ҳам Диана Эшлини яхши кўрган, бироқ у бор-йўғи камбағал ҳуқуқшунос эди. Агар Ричард унинг йўлига тўғаноқ бўлмаганида, у насаб ва қўрғон меросхўри бўлиб қолар, келажаги порлоқ бўлар эди. У амакиваччаси устига эгилганида белидаги ханжар сирғалиб ерга тушган, у фурсатни бой бермай ханжарни санчишга ва беркитишга улгурган. Шубҳа уйғотмаслик учунми, кейин ўзига ҳам ханжар урибди… У бу хатни Жанубий қутбга экспедицияга жўнаш олдидан, баъзи сабабларга кўра, ортга қайтмаслиги ҳам мумкинлигини назарда тутиб ёзган. Шуниси аниқки, Марпл хоним пайқаганидек, бу жиноят унга ҳеч қандай наф келтирмади. «Беш йилдан бери, – деб ёзади у, – мен руҳий қийноқдаман. Ўйлайманки, гуноҳларимни ўзимнинг муносиб ўлимим билан юваман».

Ҳамма бирдан сукутга толди.

– Ва у ўз ор-номуси билан ўлди, – деди жаноб Генри. – Сиз бу ҳикоянгизда исм-шарифлар ва жой номини ўзгартирган бўлсангиз ҳам, доктор Пендер, гап ким ҳақида кетаётганлигини дарров пайқадим.

– Юқорида айтиб ўтганимдек, – сўзини давом эттирди кекса руҳоний, – биз барибир воқеанинг тубига етолмадик. Лекин нима бўлгандаям, мен ҳозиргача ўйлайманки, бу бадбахт ўрмонда бечора Эллиот Хейдонни Астарта маъбудаси йўлдан урган. Ҳар доим шуни эсласам, изтиробга тушаман.


Страницы книги >> 1 2 | Следующая
  • 1 Оценок: 2

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации