282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Агата Кристи » » онлайн чтение - страница 3

Читать книгу "Изқувар Пуаро"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 00:00


Текущая страница: 3 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Қуролли кишилар ҳар доим шубҳали туюлади, – деди.

– Эҳтимол, шундайдир, жаноб, – деди инспектор Уэлш. – Сиз жуда ақлли одамдай фикрлайсиз.

– Мен детектив романларимда бундай қўрқинчли воқеаларни тасвирламайман, – деди Реймонд Уэст.

– Шуни айтиш керакки, алибилар шубҳали, – давом этди инспектор Уэлш, – аммо афсуски, фактлар исботланмай қолмоқда.

У жимиб қолди.

– Бизнинг уч гумондоримиз бор. Улар ўзлари сезмаган ҳолда жиноят содир этилган жойга бориб қолишган. Ҳар қандай шубҳа-гумонларга борилмасин, улар жиноят қилишмаган кўринади. Мен иш юритувчининг жияни ҳақида айтгандим. Нэт Флетчер мисс Гриншоу ўлдирилган пайтда бензин олаётган бўлган. Ундан кейин кўчани қандай кесиб ўтишни сўраган. Альфред Поллокдан бошқа ўн икки нафар одам ўн иккидан йигирма дақиқа ўтганда «Кучук ва ўрдаклар» қаҳвахонасига бориб, одатдагидек, нон, дудланган балиқ ва пиво ичишиб, роппа-роса бир соат ўтиришган. Буни улар онт ичиб айтишяпти.

Бу гапдан сўнг ўртага узоқ жимлик чўкди. Реймонд бошини мисс Марпл томон бурди. У ўз курсисида ястаниб олиб чуқур ўйга толганди.

– Жейн хола, энди барча умидимиз сиздан, – деди у.

– Мен қанчалик ҳақлигимни билолмадим-у, аммо барчаси ойдай равшан эмаслигини англаяпман, – деди мисс Марпл. – Қотиллик, жаноб Реймонд, бу сизга ўйинчоқ эмас. Бечора мисс Гриншоу бундай бемалол ўлишини ҳеч қачон билмаган. Бу режа асосида шафқатсизларча содир этилган аянчли ўлим. Шу боис ҳам бу жиноят билан ҳазиллашиб бўлмайди.

– Кечиринг, – деди Реймонд. – Мен сиз ўйлаганчалик бағритош эмасман. Бу даҳшатли фожиани унутиш учун шундай қилишга тўғри келади.

– Менимча, бу мисли кўрилмаган жиноятга ўхшайди, – деди мисс Марпл. – Балки, мен адашаётгандирман.

– Биз уни умуман билмас эканмиз, – деди Жоанна.

– Мана бу ҳақиқат, – деди мисс Марпл. Хоним, сиз уни билмас экансиз.

– Тўғри, мен уни яхши билмайман. Реймондда билиш мумкин бўлган суҳбат ёзилган тасма сақланган. Луиза эса у билан икки кун илгари танишган.

– Жейн хола, – суҳбатга Реймонд аралашди. – Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай? Сиз эътироз билдирмайсизми, инспектор?

– Йўқ, – жилмайиб жавоб берди инспектор.

– Хўш, дўстим, кекса ледини ўлимидан манфаат топадиган уч инсон бор. Ўшалардан бирортаси бу қотилликни содир этган. Иш юритувчи мисс Гриншоуни ўлдириши унчалик ишонарли эмас. Чунки унинг ўзи ҳам хонасида қулфланиб қолган-ку! Бундан ташқари, хўжайиннинг айтишича, уни эркак киши отган. Боғбон ўша дамда «Кучук ва ўрдаклар» қаҳвахонасида бўлган. Жияни эса бензин олишга кетганди.

– Шубҳасиз, хоним, ҳаммаси тўғри, – деди инспектор.

– Ушбу фактларга тўла ишониб бўлмаса-да, бу ишни бегона одам қилиши мумкин эмас.

– Инспектор худди ана шуни билмоқчи, – деди Реймонд Уэст.

– Биз уйдаги барча нарсаларни синчиклаб текшириб кўрдик, – деди ҳазин оҳангда мисс Марпл. – Яхшиси, гумондорларнинг хатти-ҳаракатлари ўрнини ўзгартириб кўрсак-чи? Шунда қандай ўзгариш бўларкин?! Балки, ана ундан кейин қотилни аниқлармиз?

– Сизнингча, қотиллик содир этилганда, соатлар тўхтаб қолган, шундайми? – деди Луиза.

– Йўқ, азизам, мен ундай демоқчи эмасман, – деди мисс Марпл. – Менимча, қотиллик сиз ўйлаган вақтда эмас, бошқа пайтда содир этилган.

– Мен буни кўрганман, – деди ҳаяжонланиб Луиза.

– Биласизми, азизам, менинг тахминимча, сиз буни кўришингиз керак эди. Шунинг учун ҳам бу ишни сизга топширишди.

– Сиз нимани назарда тутяпсиз, Жейн хола?

– Ҳа, азизам, менга ҳаммаси даҳшатли туюляпти. Мисс Гриншоу чиқимни ёқтирмасди. Аммо у сизни бу жойга хизматга ёллашга тўла рози бўлади. Менимча, кутубхонанинг учинчи қаватида юзингизни деразага қаратиш олдиндан ўйлаб қўйилган. Чунки сиз бизнинг бошимизни қотираётган, тушуниш мураккаб, содир этилиши аниқ бўлган қотилликнинг ягона гувоҳи бўлишингиз лозим эди-да.

– Сиз мисс Гриншоуни ўлдириш олдиндан режалаштирилган, деб ўйлайсизми? – сўради ишонмайроқ Луиза.

– Азизам, сиз мисс Гриншоуни билмас экансиз. Реймонд бир неча кун илгари уни кўрганини айтяпти. Бизда шундан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу гапда жон борга ўхшайди. Унинг эгнида гулли эски кўйлак, бошида похол шляпа, сочлари тўзғиган эди. Бу Реймонд берган маълумотларга мос келади. Кўряпсизми, бу икки аёл ёши, бўйи ва бошқа жиҳатлари билан бир-бирига жуда монанд. Мен иш юритувчи ва мисс Гриншоуни айтяпман.

– Аммо иш юритувчи семизроқ, озгина тўлишганроқ, – деди Луиза.

Мисс Марпл йўталиб қўйди.

– Бу фикрингиз унчалик тўғримас, мен уларни дўконда ўз кўзим билан кўргандим. Ҳозир эса ҳар ким ўз тасаввурича сўзлаяпти.

– Сиз нимани назарда тутяпсиз? – сесканди Реймонд.

– Менинг хаёлимга шундай фикр келди: иккита ролни битта актриса ўйнаши мумкин. Буни Луиза яхши билади. Дарвоқе, Луиза, эрталаб қаҳва келтирди, деб айтдингиз-ку! Актёрлар жуда эпчил бўлишади. Улар сониялар ичида кийимни алмаштириб, саҳнада ролни ижро этаверишади.

– Жейн хола, мисс Гриншоу сиз ишга келганингизда вафот этганмиди?

– Йўқ, у ҳали тирик эди. Мен унга наркотик таъсир қилган бўлса керак, деб ўйлагандим. Бундай найранглар хўжалик бекасига ўхшаганларга ҳеч гап эмас. У сизлар билан бирга келиб, жиянига қўнғироқ қилади. Сўнгра белгилаб қўйилган тушликка таклиф этади. Ақли бор одам буни тушунади. Мисс Гриншоу ҳам, Альфред ҳам уйда йўқ эди. Агар ёдингизда бўлса, сиз ишлаётган вақтда ёмғир ёғаётганди. Мисс Гриншоу эса уйда эди. Альфреднинг дастидан бу уйга ҳеч ким кирмасди. Ўша куни эрталаб мисс Гриншоу боғда хиёбонни супураётганди. У боғдаги ишларга қарашишимни истарди.

– Сизнингча, мисс Гриншоуни Крессуэлл ўлдирганми?

– Менимча, воқеа бундай бўлган: иш юритувчи сизга қаҳва келтирган, у ердан чиқиб, сизни кутубхонада қулфлаган ва меҳмонхонада беҳуш ётган мисс Гриншоуни уйдан ташқарига судраб олиб чиққан. Сўнгра эса мисс Гриншоуга ўхшаб кийиниб боққа чиққанда, сиз уни кўргансиз. У қўлида ёйни ушлаб, гўёки ўзини бўғаётгандек қилиб кўрсатиб, уйга қараб чопган. Одамлардан ёрдам сўраган. Иш юритувчидан гумонсирашлари учун «У мени отди», деган, аслида, унинг ўзи бу ишни амалга оширган. Иш юритувчини кўргандек дераза олдига борган. Кейин меҳмонхона томон югурган. Идиш-товоқ турган стол устидан сакраб ўтиб зинапоядан тушган. Тезда ясама сочини кийиб, дақиқалар ичида деразадан сакраб, уйга кириб олган-у, сизга ўзини қулфланиб қолганини айтган.

– Ростдан ҳам у қулфланиб қолганди, – деди Луиза.

– Мана шундай қалтис вазиятларда полициянинг ўрни яққол сезилади.

– Қайси полициячи ҳақида гапиряпсиз?

– Сиз тўғрингизда. Воқеа содир бўлган жойга қачон ва қандай етиб келдингиз?

Инспекторнинг боши қотганди.

– Мисс Гриншоунинг иш юритувчисига ўн иккидан йигирма тўққиз дақиқа ўтганда мисс Крессуэлл эрини отишгани ҳақида қўнғироқ қилишди. Мен ва сержант Кейли зудлик билан ўн икки-ю ўттиз бешда воқеа содир бўлган жойга етиб бордик. Шунда мисс Гриншоунинг ўлиб ётганини, икки хонимни эса ўз хонасида қулфлоғлик эканини кўрдик.

– Ана шундай гаплар, азизам, – дея мисс Марпл Луизага юзланди. – Сиз кўрган констебль полицияда ишламас экан. Сиз шу ҳақда лоақал бирор маротаба ҳам эслаб кўрдингизми? Бизнинг қонун ҳимоячиларига ҳурматимиз баланд.

– Аммо гап қандай полициячини ҳурмат қилишда. «Қуёшни ўпиб» спектаклида полициячи ролини ўйнаш учун Нэт Флетчер костюми керак бўлади. У ушбу спектаклда роль ўйнаётганда, бензин қуйиш шохобчасидан ўтиши лозим эди. У ўша ердан ўта туриб соат неча бўлганини сўрайди. Соат ўн иккидан йигирма тўққиз дақиқа ўтган бўлади. У полициячи кийимини кийиб олади-да, ўз ролини ўйнай бошлайди.

– Наҳотки?

– Кимдир эшикни қулфлаши, кимдир эса найзани мисс Гриншоунинг бўйнига тираб туриши керак эди. Аммо уни отмаслиги лозим эди. Бунинг учун эса куч керак бўлади.

– Сизнингча, улар битта жойда бўлишганми?

– Ҳа, худди шундай. Она ва ўғил.

– Мисс Гриншоунинг онаси аллақачон ўлган-ку!

– Шундайку-я, лекин бунда ҳам менинг шубҳам бор. Жаноб Флетчер икки марта уйланган. Менимча, бу ишда унинг ҳам қўли бор. Яна шуни айтмоқчиманки, унинг ўғли вафот этган, жияни деб юргани унинг иккинчи хотинидан, у бунга ҳеч қандай қариндош ҳам эмас. Бу аёл ўрнини эгаллаб, барчасини ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлади. Ҳаттоки, ҳазиллашиб полициячи кийимида бўлиши ҳам мумкин, дейди. Эслайсизми, полициячи кутаётганини айтганди. Ўйлашимча, мисс Гриншоу бу ёлғондан шубҳаланган ва уни қабул қилишдан бош тортган. Агар у васиятнома қолдирмай вафот этган тақдирда ҳам у меросхўр бўлиб қолаверарди. Билишимизча, у васиятномани иш юритувчига қолдирган. Бу борада унинг омади чопган.

– Ўқ нега керак бўлдийкин? – ўйланиб қолди Жоан.

– Албатта ўйнаш учун эмас, азизам! Альфреднинг омади юришмагани шундаки, у камончилар клубида бўлган ва ўн иккидан йигирма дақиқа ўтганда ресторанда ўтирган. Шунинг учун уни айблашга тўғри келяпти. У ҳар доим белгилаган вақтидан олдин борарди. Ҳа, бу жуда хунук иш.

Инспектор томоғини қириб қўйди.

– Хоним, бундай тахминларингиз таажжубли, – деди. – Мен ҳаммасини қайта текшириб чиқаман…

* * *

Мисс Марпл ва Реймонд Уэст боғдаги қиялик йўл ёқасида ҳар хил ўсимликлар билан тўлдирилган сумкага қараб туришарди.

Мисс Марпл сўз бошлади:

– Қизилча, қўнғироқча, тош майдалагич… Ҳа, менга бошқа ҳеч қандай далиллар керакмас. Бу жойни кеча эрталаб кимдир ўтоқ қилди. Боғбон бўлмагани учун гулларни томири билан узиб ташлаган. Энди ҳаммасини тушуняпман. Дўстим Реймонд, мени бу ерга олиб келганинг учун раҳмат сенга. Ўзим ҳам бу жойни жудажуда кўргим келганди.

Ҳозир улар бошларини эгиб «Ғалати Гриншоу»нинг чалкаш ва аянчли тақдиридан ғазабланиб, жаҳллари чиқиб турарди.

Қарама-қарши томондан йўтал овози келди ва улар бараварига қайрилиб қарашди. Қаддиқоматлари келишган ёш йигитлар ҳам ажойиб кошонага ҳайрат-ла боқиб туришарди.

– Ақлни шоширадиган, маҳобатли, гўзал, улкан кошона, – деди йигитлардан бири. – Айтишларича, бу кошона ўз даврида энг улкан иншоот бўлган экан. Лотереяга катта ютуқ чиқса, шундай улкан қаср қурар эдим.

Альфред уялинқираб кулди ва шамолда тўзғиган сочларини тўғрилаб қўйди.

– Энди, бу ҳақда гапирсам бўлаверади. Ушбу иншоотни бобокалоним қурган, – деди Альфред Поллок. – Зеро, бу жойга «Ғалати Гриншоу» номи берилган бўлса-да, уй барибир асл зодагонларга тегишли!

ЙЎҚОТИЛГАН КАЛИТ

– Хаҳ, ярамас! – жиғибийрон бўлди Пат.

Қиз қовоғини қаттиқ уйган ҳолда «Театр сумкаси» деб ном қўйган ипак халтачасини обдан қоқди. Икки йигит ва бир қиз хавотирланиб уни кузатишарди. Улар Патриция Гарнет квартираси эшиги олдидаги зинапоя майдончасида туришарди.

– Фойдаси йўқ, – деди ниҳоят Пат. – Бу ерда йўқ. Энди нима қиламиз?

– Квартиранинг калитисиз нима қиламиз энди? – тўнғиллади ўрта бўйли, кенг елкали, мовий кўзли Жимми Фолкнер.

Пат жаҳли чиқиб унга ўгирилди:

– Ҳазиллашма, Жимми, масала жиддий.

– Яна бир қараб кўр-чи, Пат, – деди Донован Бейли. – Калит, сумкангда бўлиши керак.

Патнинг ёқимли, бироз чўзиб гапириш одати унинг қорача юзига жуда ҳам мос тушарди.

– Калитни ўзинг билан бирга олганмидинг, ишқилиб? – деб сўради Милдред Хоуп.

– Албатта олгандим, – жавоб берди Пат. – Чамамда, биронтангизга берганман. – У йигитларга синовчан тикилди. – Доновандан калитни олволишни сўрагандим.

Бироқ айбни бировга тўнкаш осон бўлмади: Донован ўзига қўйилган айбни рад этди, Жимми эса уни қўллаб-қувватлади.

– Сумкага калитни солганингни ўзим кўргандим, – деди Жимми.

– Унда сумкамни кўтара туриб кимдир тушириб қолдирган. Ўзим икки маротаба қўлимдан тушириб юбордим.

– Икки марта! – Донован унинг ортидан қайтарди. – Ҳа, сен сумкани камида ўн мартадан кам туширмадинг, қулай пайт туғилиши билан унутиб қолдирганингни ҳисобламаганда.

– Бор ашқал-дашқалингни йўқотмаганингга ҳайронман! – дея Жимми кулимсиради.

– Энг ёмони – биз уйга энди қандай кирамиз? – илжайди Милдред.

Милдред фаросатли қиз бўлгани сабабли доимо асосий гапни гапирар, бироқ доимо қандайдир ҳангомаларга учрар, кўнглига келган ишни қилаверадиган довдир-совдир Пат сингари жозибали эмасди.

Бир муддат тўртови ҳам ёпиқ эшикка жимгина қараб қолишди.

– Дарбон ёрдам беролмасмикан? – таклиф қилди Жимми. – Унда универсал калит ёки шунга ўхшаш нарса бормикан?

Пат бошини чайқади. Калит бор-йўғи иккита эди. Биттаси қуфланган квартиранинг ошхонасида осиғлиқ, иккинчиси эса мана шу бадбахт сумкада бўлиши керак эди.

– Квартира биринчи қаватда бўлгандайди! – дея Пат гапни чўзди. – Ойнани синдириб ошиб тушардик… Сен уриниб кўришни хоҳламасдинг-а, Донован?

Донован мулойимгина, бироқ қатъий рад этди.

– Квартира бешинчи қаватда, бу ҳазилкам иш эмас, – сўз қотди Жимми.

– Ўт ўчириш нарвони-чи? – сўради Донован.

– Унақаси йўқ, – деди Пат.

– Бўлиши керак, – деди Жимми. – Олти қаватли уйларда ўт ўчириш нарвони бўлиши керак.

– Биласанми, бўлиши керак дейиш билан бир нарсага эришолмаймиз, – жавоб берди Пат. – Мен ўз уйимга қандай кирай энди?

– Бу ерда йўқми – ҳалиги нима эди? Тўқмоқланган гўшт ва брюссел карамини дўкондорлар қандай қилиб квартирага етказади? – сўради Донован.

– Ҳа, озиқ-овқат учун юккўтаргичми? – сўзни илиб кетди Пат. – Бироқ бу бор-йўғи симга уланган сават-ку. Шошманглар, билдим! Кўмир лифтидан фойдаланиш мумкин.

– Мана бу яхши фикр, – деди Донован.

Милдред шубҳа-гумон билан гап қистирди:

– Патнинг ошхона эшиги ичкаридан қулфланган бўлса-чи?

Милдреднинг тахмини дарҳол рад этилди.

– Фақат Пат ошхонасида эмас, – деди Жимми. – Пат ҳеч нарсани қулфламайди.

– Мен ҳам эшик қулфланган деб ўйламайман, – тасдиқлади Пат. – Бугун эрталаб чиқинди челакни ташқарига қўйгандим, эшикни қуфламаганимга ишончим комил. Шундан бери эшикка яқин йўламадим.

– Хўш, – деди Донован, – бу далил бизга асқотиши мумкин. Шунга қарамай, азизам Пат, ижозат бер, бундай эҳтиётсизлик туфайли ўғрилар чангалида қолиш хавфи борлигини таъкидлай.

Пат унинг огоҳлантиришига ҳеч қандай эътибор бермади.

– Кетдик, – бақирди у ва пастга қараб йўналди.

Қолганлар тезда ортидан эргашди. Пат ҳамроҳларини зинапоя тагидаги болалар аравачасига тўла, қоронғу, хилват жойдан олиб ўтиб, ертўла эшигини очди. Улар чиқинди тўла челак турган лифт олдига яқинлашдилар. Донован челакни четга суриб, очиқ лифтга кирди ва бурнини жийирди.

– Бироз ҳид келяпти, – таъкидлади у. – Майли, ҳечқиси йўқ. Бу қалтис саёҳатга ўзим киришайми ёки камина билан бирга кимдир чиқадими?

– Мен сен билан, – деди Жимми. – Фақат лифт мени ҳам кўтаролса бўлгани.

– Сен бир тонна кўмирчалик оғир эмассанку, – деди узунлик ва оғирлик тизими бўйича унчалик билимли бўлмаган Пат.

– Лифт кўтароладими-йўқми, ҳозир аниқлик киритамиз, – деди хурсанд бўлиб Донован ва арқонни ушлади. Платформа ғичирлаб, шиғирлаб, Жимми билан Донован кўздан ғойиб бўлишди.

– Бу лифт деганлари жуда баланд овоз чиқараркан, – деди Жимми улар кўтарила туриб бутунлай қоронғуликда қолганларидан. – Бошқа квартирада яшовчилар нима деб ўйлашади?

– Арвоҳ ёки ўғри, – жавоб берди Донован. – Арқон ёрдамида кўтарилиш осон эмас. Фрайаз Меншенз44
  Фрайаз Меншенз – қиммат квартирали кўп қаватли бинолар.


[Закрыть]
эшик қоровулининг иши мен ўйлагандан кўра оғирроқ экан. Қулоқ сол, Жимми, қаватларни санаяпсанми?

– Вой Худо, бутунлай унутибман!

– Майли, мен ўзим санадим, адашмаймиз. Ҳозир тўртинчидан ўтдик. Кейингиси – бизники.

– Шунда Пат эшикни қулфлаб олган бўлади, – тўнғиллади Жимми.

Улар беҳудага хавотир олишганди. Ёғоч эшик биринчи тегинишдаёқ очилиб кетди, Донован, унинг орқасидан эса Жимми қоп-қоронғу ошхонага қадам қўйишди.

– Бундайин тунги хавфли ишда бизга ёритқич асқотарди, – деди Донован ва фикрини ойдинлаштирди: – Патни биламан, унинг барча нарсалари полга сочиб ташланган. Ёққичга етиб боргунча кўп идишларни синдириб юборамиз. Мен чироқни ёқмагунимча, сен жойингда тур.

У пайпасланиб секин-аста ошхона томон юра бошлади. Биқини столнинг қиррасига урилганда бўғиқ овозда: «Хаҳ ярамас», – деди. Ниҳоят ёққичгача етиб борди ва Жимми яна бир бор қоронғуликдан «Хаҳ ярамас!» деган сўзларни эшитди.

– Нима бўлди?

– Чироқ ёқилмаяпти. Лампочка куйганга ўхшайди. Бир дақиқа тўхтаб тур, меҳмонхона чироғини ёқаман.

Меҳмонхонага олиб кирувчи эшик йўлакнинг бошқа томонида эди. Жимми Донован эшикни қандай очганини, сўнгра бўғиқ сўкинганини эшитди. У секин ёнламасига ошхонани кесиб ўтди.

– Яна нима бўлди?

– Билмайман. Кечаси уйни кимдир сеҳрлаб қўяётгандек: стол-стуллар, барча нарсалар кутилмаган жойдан чиқиб қоляпти. Лаънати! Яна нимагадир урилдим!

Аммо бахтига Жимми ёққични пайпаслаб топди. Чиқиллаган товуш эшитилди. Чироқ ёнди, йигитлар сассиз қўрқувдан бир-бирларига анқайиб қолишди.

Улар турган хона сира Патнинг меҳмонхонаси эмасди. Улар квартирани адаштиришганди.

Биринчи навбатда кўзга ташланган жиҳати – бу жой Патнинг хонасига нисбатан ўн баробар зич тарзда жиҳозлар билан тўлдирилганди. Донованнинг стол ва стулларга тўқнашиб кетишидан таажжублангани сабаби энди ойдинлашди. Хонанинг ўртасида катта думалоқ стол турар, деразада эса ёронгулли тувак бор эди. Умуман олганда, ёшлар квартира эгасига бу ерга кириб қолганлари сабабини тушунтириш осон бўлмаслигини англашди. Ҳали ўзларига келмай туриб, стол устида бир даста хатларга кўзлари тушди.

– Эрнестина Грант хоним, – Донован стол устидан хатжилдни олиб хўрсинди. – Эй Худойим, ўзинг асра! Нима деб ўйлайсан, у бу ерга кирганимизни эшитдимикин?

– Унинг эшитмай қолгани мўъжиза, – пичирлади Жимми, – қанча сўкиндинг, мебелларни синдирдинг. Барча азиз-авлиёлар ҳаққи, бу ердан тезроқ кетайлик!

Улар шоша-пиша чироқни ўчиришди ва оёқ учида лифтга қайтишди. Йигитлар ҳеч қандай муаммосиз лифтга етиб олиб, оёқлари остида лиқиллаб турган лифт платформасини ҳис этишганда Жимми енгил нафас олди.

– Бунчалик қаттиқ ухлаб ётган аёл менга ёқмаслиги мумкин эмас, – деди у аёлни мақтаб. – Нима бўлганда ҳам Эрнестина Грант хонимнинг маъқул томонлари ҳам бор.

– Нима учун қаватда адашганимиз энди тушунарли бўлди, – деди Донован. – Биз биринчи қаватдан эмас, ертўладан кўтарилдик-ку, ахир.

У яна арқонга осилди ва лифт бирпасда кейинги қаватга кўтарилди.

– Бу сафар янглишмадик.

– Шундай деб умид қиламан, – деди Жимми яна-тағин зулматга шўнғишар экан. – Яна бир шундай зарба бўлса, асабларим дош беролмайди.

Аммо, бу сафар барчаси ортиқча оворагарчиликсиз амалга ошди. Чироқни ёқишлари билан Патнинг ошхонасида пайдо бўлишди. Бир дақиқадан сўнг эшикни очишди ва ташқарида кутаётган қизлар кириб келишди.

– Жуда узоқ йўқ бўлиб кетдинглар, – деб минғирлади Пат. – Милдред иккимиз кўп кутиб қолдик.

– Англашилмовчилик юз берди, – деди Донован. – Сал қолса бизни хавфли жиноятчилар сифатида полиция маҳкамасига олиб боришлари мумкин эди.

Пат меҳмонхонага ўтди ва чироқни ёқиб, ўзини диванга ташлади. У Донованнинг гапларини қизиқиш билан тинглади.

– У сизларни тутиб олмаганидан хурсандман. У вайсақи кампир эканлигига аминман. Бугун тонгда ундан кичкина хат олдим – менга нимадандир шикоят қилиш учун учрашмоқчилигини айтибди, менимча, пианино чалишим унга халал беряпти. Пианино товушини ёқтирмайдиган инсонлар кўп қаватли уйларда яшамаслиги керак. Донован, менга қара, қўлинг тилинибди, бармоқларинг қон, ювиб ташла.

Донован ажабланиб қўлига қаради ва индамай хонадан чиқиб кетди. Бироздан сўнг Жиммини чақирди.

– Нима бўлди? – сўради у. – Қаттиқ яраланибсанми?

– Ҳечам яраланганим йўқ, – жавоб берди Донован.

Унинг овози шунчалик ўзгардики, ваннахонага кирган Жимми унга анқайиб қолди. Донован унга ювилган кафтини кўрсатди ва Жимми ҳеч бир кесилган жойни кўрмади.

– Ғалати, – деди у қовоғини солиб. – Лекин қон кўп эди. Қаердан юқдийкин?

Кейин тўсатдан фаросатли дўсти аллақачон тушуниб етган нарсани у ҳам англаб этди.

– Вой Худойим-ей! – хитоб қилди у. – Қон… нариги квартирадан. Бу қон эканлигига ишончинг комилми? Балки бўёқдир?

Донован бош силкиди.

– Йўқ, бу қон эди!

Улар бир-бирига қарашди. Шу пайтда уларнинг миясига бир хил фикр келди. Жимми биринчи бўлиб сўз қотди.

– Менга қара, – қийналиб гапирарди у, – сен нима деб ўйлайсан, биз яна… пастга тушиб… гап нимадалигини аниқлашимиз керак эмасмикан?! Ҳаммаси жойидалигини текшириш лозиммасми.

– Қизлар нима қилишади?

– Уларга оғиз очмаймиз. Пат ошхона пешбандини тақяпти – ҳаммамизга қуймоқ тайёрлаб бермоқчи. Йўқлигимизни пайқагунларича қайтиб келамиз.

– Майли, кетдик, – рози бўлди Донован. – Хоҳламаяпман-у, аммо пастга тушмасак бўлмайди. Умид қиламанки, у ерда ҳеч бир ёмон нарса содир бўлмаган.

Улар лифтга чиқишди ва қуйи қаватга тушишди. Қийинчиликсиз квартирага кириб, чироқни ёқишди.

– Менимча, айнан худди шу ерда… қонга чапландим, – деди Донован. – Ахир, ошхонада ҳеч нарсага тегинмагандим.

Донован иккалови ҳамма жойни қараб чиқишди. Икковининг ҳам қовоғи уйилган. Кўринишдан барчаси саранжом-саришта, гўёки зўравонлик ва қон тўкилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмасдай.

Бирдан Жимми даҳшатдан сесканиб кетди ва шеригининг қўлидан ушлади:

– Қара!

Донован Жиммининг қалтираган қўллари ишора қилган томонга қаради ва бақириб юборди. Пишиқ чивиқ газламали оғир парда остидан лаклари ёрилган туфлидаги аёл кишининг оёғи чиқиб турарди.

Жимми парда олдига келди ва тезлик билан очди. Полда акашак бўлиб аёл жасади ётарди. Ёнгинасида ёпишқоқ кўлмак қорайиб турибди. Аёл жон берган – бунга шубҳа йўқ. Жимми жасадни кўрмоқчи бўлди, аммо Донован уни тўхтатди.

– Яхшиси, тегма. Полиция келмагунча унга яқинлашиш мумкин эмас.

– Полиция? Ҳа, албатта. Хунук иш-а, Донован? Бу ким деб ўйлайсан, Эрнестина Грант хонимми?

– Шунақага ўхшайди. Нима бўлганда ҳам, агар бу уйда яна кимдир бўлса, у ҳайратланарли даражада хотиржамликни сақлаяпти.

– Энди нима қиламиз? – сўради Жимми. – Югуриб бориб полицияни чақирамизми ёки Патнинг уйидаги телефондан хабар берамизми?

– Ўйлашимча, қўнғироқ қилганимиз маъқул. Юр, энди эшикдан чиқсак ҳам бўлади. Туни билан бу бадбўй лифтда тушиб-чиқиб юрмаймиз-ку.

Жимми рози бўлди. Эшикка етиб боришганда, Жимми тўхтади ва иккиланиб қолди.

– Шошма. Полиция етиб келгунча биттамиз шу ерда қолиб қоровуллик қилишимиз керак эмасми?

– Ҳа, гапинг тўғри. Агар сен қолсанг, мен юқорига чиқиб, қўнғироқ қиламан.

Донован зинапоядан югуриб чиқиб, эшик қўнғироғини босди. Эшикни қизаринқираган Пат очди. У пешбанд тақиб олган бўлса-да, малоҳатли кўринарди. Қизнинг кўзлари мошдек очилди.

– Сен? Бироқ қандай қилиб… Нимадир юз бердими?

Донован қизнинг қўлини секингина ушлади.

– Ҳаммаси жойида, Пат… Фақат… биз пастки қаватда нохуш нарсани аниқладик. У ерда бир аёл ўлиб ётибди.

– Вой! – қўрқувдан бир зумга қизнинг тили калимага келмай қолди. – Қандай даҳшат! Юрак хуруж қилган ёки шунга ўхшаш нимадир бўлганмикин?

– Йўқ. Кўринишидан … қисқаси, бу кўпроқ қотилликка ўхшайди.

– Вой, Донован!

– Тушунаман, бу жуда нохуш ҳолат.

Донован ҳали ҳам унинг қўлини ушлаб турарди. Қиз қўлини тортиб олмасди, ҳатто озгина йигитга яқинлашгандек эди. Дилрабо Пат! Донован уни қанчалик севарди! У ҳам Донованга бефарқ эмасмикин? Баъзида ундай эмас, деб ўйларди, гоҳида қўрқардики, Жимми Фолкнер… Пастда қолган Жиммини ўйлаб, виждон азобини ҳис этди.

– Пат, азизам, биз полицияга қўнғироқ қилишимиз керак.

– Месье ҳақ, – Донованнинг елкаси оша овоз эшитилди. – Уларнинг келишини кутар пайтимизда, балки сизга фойдам тегиб қолар?

Донован ва Пат эшик олдида тик туриб суҳбатлашишарди, ушбу сўзларни эшитиб зинапоя майдончасига қарашди. Бир неча пиллапоя юқорида бир киши турарди. У пастга тушди ва улар қаршисида намоён бўлди. Икковлари жойларидан қимирламай, жанговар тарзда мўйлови осилган ва тухум бош, ўрта бўйли эркакка тикилишди. Унинг эгнида ажойиб халат ва оёғида гуллик уй туфлиси бор эди. Эркак Патга одоб билан таъзим бажо қилди.

– Мадемуазель, – деди у, – мен, худди сиз каби, балки биларсиз, сиздан юқори қаватдаги квартирани ижарага олганман. Менга баландда яшаш, айниқса, Лондоннинг гўзал ва кенг манзараси ёқади. Мен О‘Коннор исми билан квартирани ижарага олганман, бироқ мен ирландиялик эмасман. Менинг фамилиям бошқа. Шунинг учун хизматимни таклиф этишга жазм этдим. Ўтиниб сўрайман.

Нотаниш киши ташриф қоғозини тантанали равишда чиқариб Патга узатди.

– Месье Эркюль Пуаро! Ў! Ўша месье Пуароми? Таниқли детективми? Сиз ҳақиқатан ҳам бизга ёрдам берасизми?

– Ҳа, менинг мақсадим ҳам шундай, мадемуазель. Бундан анча илгарироқ ҳам ўз ёрдамимни таклиф қилмоқчийдим.

Пат унга ҳайрон бўлиб қараб қолди.

– Квартирангизга қандай киришни муҳокама қилаётганингизни эшитгандим. Қулфни очадиган мосламаларни танлашга жуда устаман, шубҳасиз, эшигингизни оча олардим. Аммо камина ўз хизматимни таклиф этишга жазм этмадим, чунки сизда менга нисбатан жиддий шубҳа пайдо бўларди.

Пат кулиб юборди.

– Энди, месье, – Пуаро Донованга мурожаат қилди у, – сиздан ўтиниб сўрайман, бориб полицияга қўнғироқ қилинг. Мен пастки қаватга тушаман.

Пат Пуаро билан пастки қаватга тушиб кетишди. Улар Жиммининг соқчилик қилиб турганига гувоҳ бўлишди. Пат Пуарони таништирди. Жимми, ўз навбатида, Донован билан бу уйга қандай тушиб қолишганини сўзлаб берди. Изқувар диққат билан тинглади.

– Сиз ошхонанинг эшиги ёпиқ эмасди, деб айтдингиз? Шунда ошхонага ўтдингиз, аммо чироқ ёқилмади. – Сўзлашда давом этиб, Пуаро ошхонага кирди ва чироқни ёқди. – Чироқ ёқилганда Tiens! Voila ce qui est curiu!55
  Ана холос! Қизиқ! (фр.)


[Закрыть]
– деди у чироқ ёниши билан. Энди ҳаммаси жойида. Қизиқ…

Шунда у бош бармоғини кўтариб, жим бўлишга ишора қилди ва қулоқ тутди. Кучсиз товушлар сукунатни бузарди; ухлаётган кишининг хуррагини бемалол ажратиб олиш мумкин эди.

– А! – деди Пуаро. – Chambre de domestique66
  Бу хизматкор аёлники. (фр.)


[Закрыть]
.

У ошхонани оёқ учида босиб ўтиб, қоронғу буфетли хоначага кирди, у ердан яна бир эшик хизматкор хонасига олиб кирарди. Пуаро эшикни очди ва чироқни ёқди. Хона архитекторлар томонидан одам яшаши учун кичик-кичик ҳужраларга ўхшатиб қурилган эди. Хонани деярли қизил яноқли қиз ухлаб ётган каравот эгаллаганди. Қизнинг оғзи ланг очиқ, беғам хуррак отарди.

Пуаро чироқни ўчирди ва шошиб у ердан чиқди.

– Уйғонмайди, – деди у. – Полиция келгунга қадар ухлашига имкон берамиз.

Пуаро меҳмонхонага қайтди, Донован ҳам келиб уларга қўшилди.

– Полициядагилар тезда етиб келишларини айтишди, – деди Донован. – Ҳеч нарсага тегинмаслигимиз лозим.

Пуаро маъқуллади:

– Биз ҳалиям тегинмаймиз. Шунчаки қараймиз, холос.

У хонага қараб йўналди. Милдред Донован билан биргаликда пастга тушганди, энди тўрт киши эшик олдида уймалашишди, нафасларини ичга ютиб, Пуарони кузатишарди.

– Мен бир нарсани ҳеч тушунолмаяпман, жаноб, – Пуарога мурожаат қилди Донован. – Мен деразага яқин ҳам келганим йўқ. Қўлимга қон қаердан юққанини билолмаяпман?

– Менинг дўстгинам, саволингизга жавоб шундоққина олдингизда. Дастурхоннинг ранги қанақа? Қизил, шундайми? Сиз, албатта, қўлингиз билан столга тегингансиз.

– Ҳа, демак бу… – Донован тутилиб қолди.

Пуаро бош силкиди ва стол остига энгашди. Қўли билан қизил рангдаги доғни кўрсатди.

– Худди шу жойда жиноят содир этилган, – деди тантанали равишда. – Жасадни кейин кўчиришган.

Пуаро қаддини ростлаб, секин хонани кўздан кечирди. Жойидан қимирламади, қўли билан ҳеч нарсага тегмади. Унинг ортидан кузатиб турган ёшлар наздида хонадаги ҳар бир буюм айниган ҳаво билан биргаликда изқуварнинг нигоҳи остида ўз сирларини очарди. Эркюль Пуаро бошини чайқади: у қониқиш ҳосил қилгандек эди.

– Тушунарли, – деди эшитилар-эшитилмас.

– Нима тушунарли? – қизиқиб сўради Донован.

– Гап шундаки, сиз, шубҳасиз, хона жиҳозлар билан тўла эканлигини ҳис қилдингиз.

Донован ғамбода жилмайди.

– Мен ҳақиқатан ҳам биқинимни уриб олдим, – тан олди у. – Албатта, бу ерда барча нарса Патнинг уйидагидек эмасди, шу сабабли ўзим турган жойни аниқлай олмадим.

– Ҳаммаси эмас, – эътироз билдирди Пуаро.

Донован унга саволомуз қаради.

– Устма-уст квартиралар жойлашуви бир хиллиги, эшиклар, деразалар, хоналар бир хилда жойлашганлигини назарда тутяпман, – деди Пуаро муроса оҳангида.

– Бундай тафсилотлар кимга керак? – сўради Милдред. У Пуародан бироз кўнгли қолгандек назар ташлади.

– Ҳар бир нарсани доимо аниқ баён қилиш керак. Бу сизнинг наздингиздаги менинг кичик ожизлигим.

Зинапояда оёқ товушлари эшитилди ва хонага уч киши – полиция инспектори, констебль ва полиция навбатчи врачи кириб келишди. Инспектор Пуарони таниди ва юзида ҳурмат ифодаси билан сўрашди.

Кейин эса ўгирилиб бошқаларга қаради.

– Мен ҳар бирингиздан кўрсатма олишим керак, – деб сўз бошлади. – Бироқ биринчи навбатда…

Пуаро унинг сўзини бўлди:

– Менда кичкина таклиф бор: биз юқоридаги уйга чиқамиз, у ерда мадемуазель қуймоқ тайёрламоқчи эди. Мен қуймоқни жуда ёқтираман. Сўнгра, жаноб Inspecteur77
  Инспектор (фр.)


[Закрыть]
, сиз бу ердаги ишингизни тугатганингиздан кейин олдимизга чиқасиз ва шошилмай саволларингизни берасиз.

Таклиф қабул қилинди ва Пуаро ёшлар билан Патнинг уйига кўтарилишди.

– Пуаро жаноблари, сиз жуда дилкаш инсон экансиз, – деди Пат. – Шу боис мана бу ажойиб қуймоқ сизга. Мен ростданам қуймоқ тайёрлашни қотираман.

– Ажойиб. Бир пайтлар, мадемуазель, камина англиялик чиройли бир қизни севиб қолгандим, у сизга жудаям ўхшаб кетарди. Афсуски, таом тайёрлашни билмасди. Баҳарнав, ҳаётда нимадир амалга ошмаса, эҳтимол, бу яхшиликкадир.

Пуаронинг овозида ғамгинлик аломати бор эди ва Жимми Фолкнер унга ҳайрат билан тикилди. Лекин улар Патнинг квартирасида эдилар, Пуаро ўзини қувонарли ҳолатга тайёрлагандек бўлди. Пастки қаватда содир этилган нохуш фожиа деярли унутилди.

Инспектор Райснинг оёқ товушлари эшитила бошлаганда, қуймоқ ейилиб, пазандага баҳо бериб бўлишганди. Инспектор врач ҳамроҳлигида уйга кирди, констеблни эса пастки қаватда қолдиришди.

– Хўш, месье Пуаро, – деди инспектор, – иш, менимча, жуда оддий, тўғрисини айтсам, сиз учун қизиқарли эмас. Бироқ жиноятчини тутишда қийинчиликлар туғилиши мумкин. Мен мурдани қандай топганингизни билмоқчи эдим.

Жимми ва Донован ўша кечаси нима содир этилганини бирма-бир бошдан-оёқ сўзлаб беришди. Инспектор танбеҳнамо алфозда Патга ўгирилди.

– Сиз ошхона эшигини нима бўлган тақдирда ҳам ҳеч қачон очиқ қолдирмаслигингиз лозим, хоним.

– Энди ҳеч қачон очиқ қолдирмайман, – таъкидлади Пат сесканиб. – Кимдир кириб, бу бечора аёл сингари мени ҳам ўлдиради.

– Зеро, улар бу йўл билан уйга киришмаган, – эътироф этди инспектор.

– Сиз нимани аниқлаганингизни бизга айтинг берасизми? – сўради Пуаро.

– Буни айтишимиз, умуман… тақиқланган… Аммо, модомики, бу сиз экансиз, месье Пуаро…

– Precisement88
  Аниқ (фр.)


[Закрыть]
, – деди Пуаро. – Бу ёшлар оғзидан гуллаб қўйишмайди.

– Барибир, тез орада газета саҳифаларида пайдо бўлади… – таслим бўлди инспектор. – Ҳа, бу ишда ҳеч қандай алоҳида сирлилик йўқ. Шундай қилиб, ўлдирилган аёл – ҳақиқатан ҳам Грант хоним. Мен аниқлаш учун дарбонни чақирдим. Аёлнинг ёши ўттиз бешларда. У стол ёнида ўтирган ва уни кичик калибрли автоматик тўппончадан отиб ўлдиришган. Эҳтимол, унинг рўпарасида ўтирган киши бу ишни амалга оширган. Грант хоним боши билан столга йиқилган – дастурхондаги қон излари мана қаердан келган.

– Ҳеч ким ўқ овозини эшитмаганми? – сўради Милдред.

– Тўппончага овоз пасайтирувчи мослама қўйилган. Шу боис ўқ овозини эшитиш мумкин эмасди. Сиз бекаси ўлганини хизматкорга айтганимизда, унинг бақириб юборганини эшитдингизми? Йўқ. Мана шу нарсанинг ўзи кимдир ўқ овозини эшитиши жуда қийин эканлигини англатади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации