282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Агата Кристи » » онлайн чтение - страница 7

Читать книгу "Изқувар Пуаро"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 00:00


Текущая страница: 7 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Лорд Эстер жилмайди.

– Сиз мендан бу ҳақда сўрашингизни билгандим. Бу хусусда унчалик кўп маълумот йўқ. У оддий оиладан чиққан. Англия армиясида хизмат қилган, котиб сифатида алоҳида қобилиятларини намойиш қилган, ундан ташқари, у ажойиб тилшунос. Билишимча, у еттита тилда сўзлай олади. Худди шу сабаб бош вазир Францияга уни ўзи билан бирга олиб кетган.

– Англияда унинг бирор қариндоши борми?

– Иккита аммаси бор. Эверад хоним Хэмистэдда, Данильс хоним эса Аскот ёнида яшайди.

– Аскот? Бу Виндзордан унчалик узоқ эмас-ку?

– Ҳа, бу бизнинг эътиборимиздан четда қолмади. Аммо ҳеч қандай натижа бермади.

– Сизнингча, капитан Даниэльс ҳар қандай шубҳадан холими?

– Йўқ, жаноб Пуаро, – лорд Эстернинг овозида аламнинг енгил шарпаси сезиларди. – Мен энди кимнидир шубҳадан ташқарида дейишга иккиланган бўлардим.

– Жуда яхши. Билишимча, милорд бош вазир полициянинг қаттиқ ҳимоясида ва унга суиқасд қилишнинг деярли иложи йўқ.

Лорд Эстер бошини эгди.

– Сиз ҳақсиз. Бош вазирнинг автомобили ортидан яқин масофада фуқаро кийимидаги изқуварлар машинаси кузатиб борарди. Бироқ Мак-Адам бу эҳтиёт чораларидан бехабар эди. Биласизми, бу инсон жуда ҳам жасур инсон, шу сабаб ҳар қандай қўриқчидан воз кечган бўларди. Аммо полициячиларнинг ўз усуллари бор. Сизга сирни очаман – вазирнинг ҳайдовчиси О’Мэрфи – ЖҚДдан2525
  ЖҚД – Жиноят қидирув департаменти – Скотланд-Ярднинг жиноий ишларни текшириш бўлими.


[Закрыть]
эди.

– О’Мэрфи? Бу ирландча исмми?

– Ҳа, у ростданам ирландиялик.

– Ирландиянинг қаеридан?

– Клэр графлиги.

– Аҳа! Марҳамат қилиб, давом этинг, милорд.

– Вазир ёпиқ автомобилда Лондонга йўл олган. Улар капитан Даниэльс билан машина ичида ўтиришган. Одатдагидек, иккинчи автомобиль уларнинг ортидан юрган. Қандайдир ноаниқ сабаб туфайли бош вазир ўтирган автомобиль асосий йўлдан четга чиқиб кетган…

– Йўлнинг бурилиш жойидами? – сўзини бўлди Пуаро.

– Ҳа… сиз буни қаердан биласиз?

– О, бу шундай ҳам тушунарли-ку. Давом этинг!

– Айтганимдек, ҳеч қандай сабабсиз бош вазирнинг автомобили асосий йўлдан бурилиб кетган, – давом эттирди лорд Эстер. – Полиция машинаси бундан шубҳаланмаган ва у катта йўлдан юришда давом этган. Бироз вақтдан сўнг хилват жойда бош вазир ўтирган автомобилни кутилмаганда ниқоб кийган шахслар қўлга олишади. Ҳайдовчи…

– Бу жасур Мэрфи! – ғўлдираб қўйди Пуаро.

– Ҳайдовчи бир сонияга ўзини йўқотиб, дарҳол тормозни босади. Бош вазир ойнадан бошини чиқаради. Шу пайтда ўқ отилади, кетидан иккинчиси. Биринчи ўқ унинг чаккасини ялаб ўтади, бахтига иккинчи ўқ уни четлаб ўтади. Ҳайдовчи вазиятни дарров илғаб олиб, машинани учирганча, ҳужум қилганларни тўзғитиб, олдинга ҳайдайди.

– Ҳа, зўрға қутулибди, – хитоб қилдим мен сесканиб.

– Жаноб Мак-Адам ўзининг жароҳатига хотиржам муносабатда бўлди, шунчаки тирналди, деди. Кейин қишлоқдаги унча катта бўлмаган касалхонада тўхташади. У ерда ярани тозалаб, боғлаб қўйишади. Албатта, касалхона ходимлари кимга ёрдам берганликларини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаган. Кейин жадвал бўйича бош вазир Чаринг-Кроссга йўл олган. Уни Донверга кетадиган махсус поезд кутарди. Қаттиқ таъсирланган Даниэльс полицияга содир бўлган барча воқеани сўзлаб бергандан сўнг бош вазир дарҳол Францияга жўнаб кетади. Донверда у эсминецга ўтиради. Булонда эса, бундан хабарингиз бор, уни Бирлашган Қиролликнинг байроғи ҳилпираб турган сохта автомобиль кутиб турган.

– Менга сўзлаб бермоқчи бўлганларингизнинг бари шуми?

– Ҳа.

– Ҳеч нарсани эсдан чиқармадингизми, милорд?

– Умуман олганда, битта ғалати нарса ҳам бор.

– Нима экан?

– Бош вазирни Чарлинг-Кроссда қолдиргандан кейин автомобиль қайтиб келмаган. Содир бўлган воқеадан ташвишга тушган полиция О’ Мэрфидан барча тафсилотларни суриштирмоқчи бўлган. Шу сабаб уни дарҳол излашга тушишган. Машинани Сохода ёмон ном чиқарган рестораннинг ёнидан топишган. У ер немис жосуслари учрашадиган жойлиги маълум.

– Ҳайдовчи-чи?

– Ҳайдовчини эса ҳеч қаердан топишолмаган. У ҳам изсиз йўқолган.

– Демак… – ўйланиб фикр юритди Пуаро. – Демак, икки киши йўқолган: бош вазир Францияда, О’Мэри Лондонда.

Пуаро умидсизликка тушган лорд Эстерга диққат билан қаради.

– Биласизми, жаноб Пуаро, агар кимдир менга кеча кечқурун О’Мэрфини сотқин деб шама қилганда, мен унинг устидан кулган бўлардим.

– Бугун-чи?

– Бугун эса нима деб ўйлашга ҳам ҳайронман.

Пуаро жиддий бош силкиб қўйди. У яна ўзининг соатига қаради.

– Билишимча, жаноблар, менга барча йўналишлар бўйича ҳаракатланишим учун эркинлик тақдим этилади. Мен ўзим истаган ерга қандай ва қачон хоҳласам боришим мумкинми?

– Ярим соатдан кейин Донверга махсус поезд жўнайди. Унда Скотланд-Ярдга бир неча киши ҳам кетади. Сизни ҳарбий вакил ва ЖҚДдан бир киши кузатиб боради. Улар тўлиқ сизнинг хизматингизда бўлишади. Кўнглингиз тўлдими?

– Жаноблар, хайрлашувдан олдин яна бир савол: айнан менга мурожаат қилишга нима мажбур қилди сизларни? Мени кўпчилик танимайди. Лондондек буюк шаҳарда ҳеч бир ишим билан донг таратмаганман.

– Сизнинг мамлакатингиздан бўлган бир нуфузли инсоннинг қатъий тавсияси билан сизни излаб топдик.

– Нима дедингиз? Эҳтимол, бу полиция бош комиссари, менинг эски дўстимдир?

Лорд Эстер бош чайқади.

– Йўқ, янада юқорироқдан қидиринг. Бу инсоннинг сўзи Бельгияда қонун ҳисобланган, ўйлайманки, яна бир марта шундай бўлади. Англия бунга қасамёд қилади!

Пуаронинг қўли театрдагига хос хатти-ҳаракатлар билан юқорига кўтарилиб кетди.

– Ҳа, шундай бўлади! Демак, у киши мени унутмабди-да… Жаноблар, менким, Пуаро сизга астойдил, жон-жаҳдим билан хизмат қиламан. Худога илтижо қиламиз, барчаси ўз вақтида ниҳоясига етсин. Лекин ҳозирча ҳаммаси мавҳум … қоронғулик… Мен ҳеч қандай ёруғликни кўрмаяпман.

– Хўш, Пуаро, – вазир кетиши ҳамоно бетоқат бўлиб сўз қотдим, – сиз булар ҳақида нима деб ўйлайсиз?

– Агар мен билганимда эди… Эс-ҳушим ўзимда эмас.

– Сиз тўғри айтдингиз. Уни ўғирлаш нима учун керак экан, мисол учун айтайлик, бошга уриш самаралироқ бўлармиди? – шубҳаландим мен.

– Маъзур тутасиз, дўстим, эҳтимол, мен унчалик тўғри тушунтиролмагандирман. Албатта, уни ўғирлаш анча фойдалироқ бўлади.

– Нима учун?

– Бу шунинг учунки, номаълумлик саросима келтириб чиқаради. Тасаввур қилинг, бош вазир ўлди. Бу албатта, даҳшат, лекин айтиш мумкинки, воқеликнинг юзига тик қарашга тўғри келади. Ҳозир эса атрофда барча нарса мавҳум, худди қотиб қолгандек. Бош вазирни яна кўришармикин ёки йўқми? У тирикми ёки ўлганми? Ҳеч ким билмайди. Масала ойдинлашмагунча, аниқ бир қарор чиқаришнинг иложи йўқ. Мен айтганимдек, ноаниқлик оммавий саросимани вужудга келтиради. Немислар айнан шуни мўлжаллаб иш кўришган. Бундан ташқари, душманлар бош вазирни қаергадир яшириб қўйишган, уларда жуда катта устунлик бор, улар у томонга ҳам, бу томонга ҳам ўз шартларини қўйишлари мумкин. Германия ҳукумати сахий хазиначи эмас, албатта, лекин бундай иш учун катта харажат ажратиши мумкин. Учинчидан, улар таваккалчиликдан қочишади. Бу ишлари учун уларни осишмайди. Йўқ, ўғирлаш – бу айнан улар қўл уриши лозим бўлган иш.

– Агар сиз айтгандай бўлса, унда нега уни аввалига отишга ҳаракат қилишган?

– Мен худди мана шуни тушунмаяпман, – зардаси қайнаб жавоб берди Пуаро. – Бу нафақат тушунарсиз, балки аҳмоқона ҳамдир. Модомики, улар ўғирлик операциясини шунчалик қойилмақом бажаришган бўлса, худди кинолардагидек ҳужум ва отишманинг нима кераги бор эди? Ҳаётда бундай бўлиши қийин. Масалан, мен ниқобдаги қуролланган ғалати тўдага ҳеч ҳам ишонолмаяпман, бунинг устига, Лондондан йигирма чақирим нарида бўлса!

– Балки бу бир-бирига мутлақо алоқаси йўқ алоҳида-алоҳида уринишлардир?

– Э, йўқ, ўхшашликлар ҳаддан ташқари кўп. Дарвоқе, сотқин ким? Ҳа, ҳар қандайига айлантирсанг ҳам биринчи воқеада сотқин мавжуд. Фақат у ким? Даниэльсми ёки О’Мэрфими? Ё униси, ё буниси, умуман олганда, автомобилни асосий магистрал йўлдан нима учун четга бурилиб кетгани тушунарсиз. Бош вазирнинг ўзи унга ҳужум қилишларига шароит яратиб берган деб биз айта олмаймиз-ку. Хўш, О’Мэрфи ўзи бурилдимикан ёки унга Даниэльс буйруқ берганми, мана, масала қаерда.

– Албатта, афтидан, О’Мэрфининг қўли бор.

– Шуниси эҳтимолга яқинроқ. Агар хоин Даниэльс бўлганда, бош вазир буйруқни эшитган ва нима гаплигини сўраган бўларди. Биз жуда кўп марта «нега» саволини беришимиз мумкин, аммо уларнинг барчаси бир-бирини инкор қилади. Агар О’Мэрфи садоқатли бўлса, нега у автомобилни асосий йўлдан бошқа ёққа бурган? Агар унинг садоқатини шубҳа остига қўйсак, икки марта ўқ товуши эшитилгандан кейин нега у автомобилни олдинга учириб ҳайдаб кетган? Ахир, бу билан у бош вазирни ўлимдан қутқариб қолган-ку. Агар у сотқин бўлмаса, Чарлинг-Кроссга келгач, нега немис жосуслари йиғиладиган ишратхонага йўл олган?

– Ҳа, бу ерда бир гап бор, – дедим.

– Келинг, мантиқан ўйлайлик. Қайси далиллар бу кишилар фойдасига гапиряпти, қайсилари уларга қарши, шуларни кўриб чиқамиз.

Хўш, О’Мэрфи. Зарарига: автомобилни асосий йўлдан бошқа йўлга бургани жудаям шубҳали; у ирландиялик, Клэр графлигидан; у шундай тарзда ғойиб бўлганки, бу унинг фойдасига хулоса ясашга йўл бермайди. Фойдасига: у вазиятни дарҳол англаб, автомобилни хавфсиз жойга олиб чиқди, яъни, бош вазир ҳаётини сақлаб қолди. У Скотланд-Ярдга тегишли одам, унга ишонилган вазифадан келиб чиқилса, у ишончли ходим.

Энди Даниэльсга ўтамиз. Унинг ўтмиши ҳақида ҳеч нарса аён эмаслиги ҳисобга олинмаса, унга қарши кўп нарсамиз йўқ. Қолаверса унинг бунчалик кўп тил билиши оддий инглизга хос эмас. (Кечирасиз-у, дўстим, аммо тилшунос сифатида, мисол учун, аҳволингиз ачинарли). Уни боғланган, хлороформ билан ухлатилган ва оғзига латта тиқилган ҳолда топишган унинг фойдасига. Шу далилнинг ўзи бош вазирнинг ўғирланишига унинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тасдиқлаяпти.

– Ўзидан гумонни узоқлаштириш учун шуларни уюштириши мумкин эмасми?

Пуаро бош чайқади.

– Бундай ишларда француз полицияси хатоликка йўл қўймайди. Бунинг устига, у ўз мақсадига эришиб бўлди, бош вазирни ўғирлашди, орқада бир ўзи қолишидан қандай маъно бор? Албатта, шериклари бу саҳнани уюштирган бўлишлари мумкин, бироқ мен улар бу йўл билан нимага эришишни истаганликларини тушунишдан бош тортаман. Бундан нима фойда? Ахир, бош вазирнинг аҳволи ойдинлашмагунча, Даниэльс доимий назорат остида бўлишга «маҳкум қилинган».

– Балки, у полицияни чалғитишни кўзлагандир?

– Бўлмаса нега у буни амалга оширмади? Унинг айтишича, орқадан кимдир юзини ўткир ҳидли латта билан ёпган, у бошқа ҳеч нарсани эслай олмайди. Қандай чалғитиш мумкин? Буларнинг барчаси ҳақиқат, афтидан.

– Жуда яхши, – деб сўз қотдим-у, соатга қарадим. – Ҳозир тўғри вокзалга йўл олсак, яхши бўларди. Ахир, бу ишнинг калити Францияда.

– Балки шундайдир, дўстим, барибир менинг бунга шубҳам бор. Мен ҳеч нимани тушунмаяпман, бу кичкинагина ҳудудда бош вазирни қандай қилиб топишолмадийкин? Уни бу ерда ишончли тарзда яшириш, мен сизга айтсам, иложи йўқ иш. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар икки давлатнинг полицияси ва ҳарбийлари тополмаганидан кейин, мен уни қандай топаман?

* * *

Чаринг-Кроссда бизни жаноб Дож кутиб олди.

– Бу Скотланд-Ярд изқувари Барнс ва майор Норман. Улар сизнинг ихтиёрингизда. Омад сизларга. Ишлар пачава, бироқ мен умидимни узмайман. Сизлар ҳозироқ жўнаб кетасизлар.

Биз майор Норман билан бемалол суҳбат қуриб кетдик. Платформада турган бир тўда одамлар орасидан бўйи пастроқ, юзи сассиқкузанга ўхшаш бир йигитни таниб қолдим. Бу Пуаронинг эски таниши, Скотланд-Ярднинг энг яхши ходимлардан бири саналган изқувар-инспектор Жэп эди. У хушчақчақ ҳолда дўстим билан саломлашди.

– Эшитишимча, сиз ҳам бу ишга аралашибсиз? Мана, сизга иш! Улар ўз ўлжаларини илиб кетишга муваффақ бўлдилар. Бироқ имоним комилки, улар узоқ вақт яширолмайдилар. Биласизми, бизнинг одамларимиз Франция ҳудудини синчиклаб текширишяпти. Французлар ҳам ёрдам беришяпти. Ички сезгимга таяниб айтишим мумкинки, биз бир неча соатда уларнинг изига тушамиз.

– Агар у тирик бўлса, – хомуш бўлиб таъкидлади узун бўйли детектив.

Бу луқмадан Жэпнинг юзи сезиларли ҳолда маъюс тортди.

– Ҳа… Ишонаманки, у тирик ва соғ-омон.

– Тирик, албатта, тирик! – инспекторни қўллаб-қувватлади Пуаро. – Фақат уни ўз вақтида топа олишармикан? Мен ҳам сиз каби уни узоқ вақт яшириш мумкинлигига ишонмайман.

Чўзиқ гудок овози янгради. Бизнинг гуруҳимиздагилар вагонга интилди. Поезд қўзғалди, аммо эзмалик билан, худди истамаётгандек станциядан судралиб чиқиб кетди.

* * *

Бу жудаям ажойиб саёҳат бўлди! Скотланд-Ярд ходимлари шимолий Франция харитаси атрофида уймаланиб олишди. Бетоқат бош бармоқлар йўллар ва қишлоқларнинг эгри-бугри чизиқлари бўйлаб ҳаракатланарди. Бу сафар Пуаро одатий сергаплигини намоён этмади. У олдига қараб ўтирар, юзида нимадандир хавотирда бўлган гўдакнинг ифодаси бор эди. Бу пайтда мен Норман билан хўп гаплашдим, у жуда ҳам антиқа инсон экан. Биз Донверга келганимизда Пуаронинг ўзини тутиши кулгимни қистатди. Кемага оёқ қўйишимиз билан у қаттиқ қўлимга ёпишиб олди. Енгил эсиб турган шабода кишининг баҳри дилини очади.

– Вой Худойим-ей! – тўнғиллади Пуаро. – Бу даҳшат!

– Бардам бўлинг, Пуаро, – бақирдим мен. – Сизни омад кутмоқда. Мен уни топишингизга ишонаман.

– О, азиз дўстим, сиз менинг ҳаяжонимни нотўғри тушундингиз. Бу ёқимсиз денгиз мени нима безовта қилади. Йўқ, денгиз касали – бориб турган азоб.

– Шунақа денг! – дедим, андак ҳайратомуз.

Двигателнинг биринчи тебранма зарбаси кемани ларзага келтирди. Пуаро инграб юборди ва кўзини юмди.

– Майор Норманда шимолий Франциянинг харитаси бор. Балки бир кўз ташларсиз?

Пуаро бетоқат бўлиб бош чайқади.

– Йўқ, йўқ! Мени тинч қўйинг, дўстим. Биласизми, соғлом фикрлаш учун ошқозон ва бош тўла-тўкис муросада бўлиши керак. Лаверье денгиз касалининг олдини олиш бўйича жуда ажойиб маслаҳатлар беради. Чуқур нафас олиш керак… кейин чиқариш… секин… шундай… бошни чапга, ўнгга буриш лозим ва ҳар бир нафас ўртасида олтигача санаш керак.

Уни гимнастика машқларида қолдириб, кема саҳнига чиқдим. Биз секинлик билан Булон бандаргоҳга кирганимизда, кема саҳнида саранжом-саришта ва жилмайган ҳолда Пуаро пайдо бўлди. Пичирлаган ҳолда Лаверье усули жуда ҳам наф берганини айтди. Маълум бўлишича, бу «мўъжиза» экан.

Бу орада Жэпнинг кўрсаткич бармоғи харита устида хаёлий йўналиш бўйича сирғаларди.

– Бўлмағур гап… Автомобиль Булондан чиққач… Мана шу ерда йўналишдан четга бурилишган. Шунинг учун, менимча, шу ерда улар бош вазирни бошқа машинага ўтказишган. Тушуняпсизми?

– Яхши, – дея жавоб берди новча детектив. – Менимча, денгиз портларини текшириш керак. Уни яширинча кема бортига ўтказишгани эҳтимоли ўнга бир.

Жэп бош чайқади.

– Бу эҳтимолдан йироқ. Ахир, зудлик билан барча портларни ёпиш ҳақида буйруқ берилган.

Биз қирғоққа келиб тўхтаганимизда кун ёриша бошлаганди. Майор Норман Пуаронинг қўлини ушлади.

– Жаноб, сизни ҳарбий автомобиль кутяпти.

– Миннатдорман, жаноб. Аммо ҳозир менинг Булонни тарк этиш ниятим йўқ.

– Нима?

– Биз, ҳув, анави қирғоқдаги меҳмонхонада бўламиз.

Пуаронинг ҳазиллашмаётгани аниқ эди. У ўзи учун алоҳида хона талаб қилди ва талаб дарҳол бажо келтирилди. Бўлаётган ҳодисадан қаттиқ безовталигимизга қарамай, унинг орқасидан эргашишдан ўзга чорамиз қолмаганди.

Пуаро бизга бир назар ташлади.

– Мен сизни жуда яхши тушуняпман. Ақлли детектив ўзини мендек тутмайди. У фаол ҳаракат қилиши, у ер-бу ерда пайдо бўлиши, чанг йўлда эмаклаши, катталаштириб кўрсатадиган лупа билан ғилдирак изларини қидириши лозим. Тасодифан ташланган сигарет ёки гугурт чўпларини йиғиши керак. Сиз шундай деб ўйлайсиз, мен буни кўзларингиздан уқяпман.

Фақат мен, Эркюль Пуаро, журъат қилиб сизга шуни айтаманки, буларнинг бари сафсата, ҳақиқий жумбоқнинг ечими мана бу ерда! – У бармоғи билан пешонасини кўрсатди. – Мен Лондонни тарк этмаслигим керак эди. Фақат ёлғиз ўзим бир хонада қолишим керак эди, холос. Шунда кичкина, ухлаб ётган ҳужайралар, – у яна пешонасига ишора қилди, – бутун шиддати билан ишга киришарди. Токи харитадан бир нуқтани кўрсатиб: «Бош вазир мана шу ерда!» – деб хитоб қилмагунимга қадар, улар жимлик ва сукунат аро жумбоқни ўйлайдилар. Ўзи, аслида, мана шундай бўлиши керак! Ҳар бир қадамда мантиқан асосланган маълум бир усулга амал қилинса, кароматлар кўрсатиш мумкин. Франция га жадал кириб келишимиз аслида узилкесил хато бўлди. Бу менга ҳозир нимаси биландир болаларнинг бекинмачоқ ўйинини эслатяпти. Мана, ҳозир, кеч бўлмадимикин, деб қўрқаётган бўлсам-да, тўғри йўлни топиб олишимга ишонаман. Илтимос, тинчланинг, дўстларим.

Менимча, Пуаро беш соатларча худди мушукка ўхшаб кўзларини юмиб, пирпиратиб ўтирди. Кўзлари аҳён-аҳёнда бирмунча ялтираб, тобора кўпроқ яшил тусга кираётгандек бўларди. Скотланд-Ярд ходимлари унга менсимай назар ташлашарди. Майор Норманнинг юзини зерикиш ифодаси эгаллаган, Пуаронинг ўзини тутишига ғаши келарди, менинг ўзимга ҳам вақт жуда чўзилиб кетаётгандек туюларди.

Ниҳоят, мен ўрнимдан турдим ва деразага томон иложи борича секин одимладим. Ҳаммаси оддий ҳазилга ўхшарди. Ич-ичимдан дўстим учун ташвиш чекардим. Агар у муваффақиятсизликка учраса, мен бундай кулги бўладиган даражада кўринишини истамасдим. Дераза ортида қора тутун қолдирганча секинлик билан бардаргоҳни тарк этаётган кемани эриниб кузата бошладим.

Бирдан ёнимда янграган Пуаронинг овозидан уйғонгандек бўлдим.

– Мана, ниҳоят, жўнаймиз, дўстларим!

Қайрилиб қарагандим, дўстимдаги ҳайратланарли ўзгаришни сездим. Унинг кўзлари мамнунликдан ёнарди, кўкраги ҳаяжондан тез-тез кўтарилиб тушарди.

– Мен қанчалик аҳмоқ эканман, дўстларим! Мана, энди ёруғликни кўряпман.

Майор Норман тезда эшикка йўналди.

– Мен машинани келтиришларини буюраман.

– Бунга эҳтиёж йўқ, машина менга керак бўлмайди. Худога шукурки, шамол тўхтади.

– Сиз, жаноб, пиёда юраман демоқчимисиз?

– Йўқ, дўстгинам. Камина авлиё Пётр эмасман2626
  Бу ерда Библия эпизодига ишора бор. Авлиё Пётр ўз қайиғини денгиз ўртасида қолдириб, сувда сузиб Исо Масиҳ олдига боради.


[Закрыть]
. Мен кемада денгизни сузиб ўтишни афзал биламан.

– Денгизни сузиб ўтиш?

– Ҳа. Агар маълум бир усулга амал қилинса, барчасини бошидан бошлаш керак. Бу иш Англияда бошланган. Шунинг учун биз у ерга қайтамиз.

* * *

Биз уч соатда яна таниш Чаринг-Кросс платформасида пайдо бўлдик. Пуаро барча эътирозларимизни қулоғи кар бўлиб эшитди ва бир нарсани такрорлайверди: «Бошланғич нуқтадан бошлаш, албатта, беҳисоб вақт зое кетади, лекин бу ягона тўғри йўл». Йўл ниҳоясида дўстим Норман билан ниманидир маслаҳатлашди ва у Пуаро топшириғига кўра, Донвердан бир даста шошилинчномаларни жўнатди.

Норманнинг махсус рухсатномаси бор эди. Шунинг учун биз ҳамма жойдан тўхтамасдан ўтиб кетдик. Лондонда бизни катта полиция автомашинаси ва бир неча изқувар кутарди. Улардан бири Пуарога машинкада ёзилган бир варақ қоғозни узатди.

– Бу Ғарбий Лондон ҳудудидаги барча қишлоқ касалхоналарининг рўйхати, – дея жавоб берди Пуаро менинг саволомуз нигоҳимга. – Мен Донвердан телеграф сўрови жўнатгандим.

Биз катта тезликда Лондон кўчаларидан ўтиб борардик. Мана, Бас Роуд ортда қолди, кейин Хаммерсмит, Чизвик Брэнтворд. Менга сафаримизнинг якуний нуқтаси аён бўла бошлади – биз Виндзор орқали тўғри Аскотга йўналгандик. Юрагим тез-тез ура бошлади, ахир Аскот – бу Даниэльснинг холаси яшайдиган жой-ку. Демак, Даниэльс керак, Мэрфи эмас.

Кўп ўтмай, ҳашаматли вилла эшиги олдида тўхтадик. Пуаро машинадан тез сакраб тушди ва уй қўнғироғини босди. Унинг мамнун юзи бироз буришди. Фаҳмимча, нимадандир унинг кўнгли тўлмади. Эшик қўнғироғига дарров бўлмаса-да, жавоб беришди. Пуарони уйга киритишди. Бир неча дақиқадан сўнг у яна пайдо бўлди, машинага ўтирди ва бошини бир марта чайқади. Менинг умидларим сўнди. Мисол учун дейлик, у Даниэльсга қарши қандайдир далиллар топар ҳам, лекин бундан нима маъно? Ахир, бош вазирни Франциянинг қаерига яширганликларини кимдир тан олишига эришиш лозим-ку.

Лондонга юришимизда бир неча марта узилиш бўлди. Биз бир-икки бор катта йўлдан четга ўтдик. Ташқи томондан қараганда унчалик катта бўлмаган қишлоқ касалхонаси эканлигини англаш мумкин бўлган бинолар олдида тўхтаб ўтдик. Пуаро уларнинг ҳар бирига бир неча дақиқага кириб чиқар ва биз яна йўлимизда давом этардик. Қанча узоққа кетганимиз сари дўстимнинг юзи шунчалик ёришиб борарди.

Пуаро Норманга ниманидир шивирлади, у эса қуйидагича жавоб берди:

– Ҳа, биз чапга бурилган заҳотиёқ улар кўприкда бизни кутишади.

Ҳақиқатан ҳам хира ёруғликда ён томондаги йўл чеккасида турган яна битта автомашинани дарров пайқадим. Унда фуқаро кийимида икки киши бор эди. Пуаро машинадан тушиб, улар билан гаплашди ва биз шимолга қараб юрдик, иккинчи машина бироз масофа қолдириб, ортимиздан йўл олди.

Тушунишимга кўра, Лондоннинг шимолий туманларидан бири томон йўналдик. Унчалик катта бўлмаган, атрофи боғ билан ўралган баланд уй олдида тўхтадик.

Норман икковимиз машинадан тушдик. Пуаро эса изқуварлардан бири билан ҳашаматли эшик олдига келиб, қўнғироқни чалишди. Эшикни чиройли оқсоқ очди.

– Мен полиция зобитиман, менда уйингизни тинтув қилишга ҳужжат бор, – деди дарҳол изқувар.

Қиз қаттиқ қичқирди ва бу қичқириқдан сўнг йўлакда ўрта ёшлардаги келишган аёл пайдо бўлди.

– Эдит, эшикни ёп! Бу, менимча, ўғрилар.

Пуаро ярим очиқ эшик орасига оёғини суқди ва ҳуштак чалди. Шу заҳотиёқ бошқа изқуварлар ҳам югуриб келишди. Улар уйга кириб эшикни ёпишди.

Биз Норман билан мажбурий бекорчилигимизга лаънатлар ўқиб, уларни беш дақиқа кутдик. Мана, ниҳоят, эшик ланг очилиб, бизникилар кўринди. Уч нафар маҳбус: бир аёл ва икки эркакни олиб чиқишди. Аёл билан бир эркак маҳбусни бир машинага, иккинчи эркак маҳбусни бизнинг машинага жойлаштириб қўйишди. Пуаронинг ўзи бу ишни бажарди.

– Дўстим, аслида мен нариги машинада кетишим лозим. Унда бу жентльменга ким қарайди? Сиз у билан танишмасмисиз? Унда О’Мэрфи билан таништиришга рухсат этинг.

О’Мэрфи! Машина қўзғалди, мен эса оғзимни ланг очиб, унга қараб турдим. Унда қўл кишани йўқ эди, аммо кўринишдан қочишни хаёлига ҳам келтирмаётганди. Менимча, у ҳали ҳам шок ҳолатида, ўзига келолмаганди. Яширмайман, биз Норман иккимиз ҳам худди О‘Мерфининг аҳволида эдик.

Ажабланарлиси, биз яна шимолга қараб юрдик. Демак, биз Лондонга қайтмаяпмиз! Бу нимани билдиради? Машина тезлигини оширганида мен Хэндон аэродромидан унча узоқ бўлмаган жойда эканлигимизни кўрдим. Шунда мен Пуаро нима истаётганини дарҳол англаб етдим. У аэропланда Францияга учишга қарор қил ганди.

Ғоя, албатта, жуда яхши, лекин тўғрисини айтганда, бефойда. Ахир шошилинчнома олдинроқ борарди! Ҳозир вақт ғанимат. Айни чоғда шахсий обрўни қурбон қилиш ва бош вазирни бошқа биров қутқаришига имкон бериш лозим эди.

Тўхташимиз биланоқ, майор Норман машинадан сакраб тушди ва унинг ўрнини кийимини алмаштириб олган полициячи эгаллади. Апилтапил Пуаро билан маслаҳатлашиб, у ҳам машинадан тушди-да, кўздан ғойиб бўлди. Мен ҳам ташқарига чиқдим-да, Пуаронинг қўлидан ушладим.

– Отахон, табриклайман сизни! Улар бош вазирни қаерда яширганини сизга айтишган, шундайми? Қулоқ солинг, зудлик билан Францияга шошилинчнома юбориш керак. Агар ўзингиз бормоқчи бўлсангиз, унда жуда ҳам кеч бўлади, менимча.

Пуаро бироз ажабланиш билан унга қаради.

– Афсуски, ошнажон, шошилинчномада барча нарсани жўнатиб бўлмайди.

Шу вақт ичида майор Норман ҳарбий ҳаво кучлари кийимидаги ёш зобити билан биргаликда қайтиб келди.

– Бу капитан Лайэл. У сизни Францияга кузатиб қўяди. Самолёт ҳозироқ учишга тайёр.

– Жаноб, иссиқроқ кийининг, – маслаҳат берди учувчи. – Агар хоҳласангиз, мен пальтоимни бериб туришим мумкин.

Пуаро соатига қаради ва тўн ғиллади: «Ҳа, вақт, бу ёғи энди вақт масаласи». Кейин осмонга қаради ва зобитга таъзим қилди:

– Миннатдорман, жаноб. Аммо сиз билан учмайман, мана бу жентльмен учади!

Шу гапни айтиб Пуаро четга сурилди ва бошқа бировнинг сояси кўринди. Бу ўша иккинчи машинада юборилган маҳбус эди. Унинг юзига ёруғлик тушганидан сўнг мен беихтиёр ҳайратдан бақириб юбораёздим.

Бу бош вазир эди!

* * *

– Худо хайрингизни берсин, буларнинг барчаси қандай содир бўлди, айтиб беринг, – деб хитоб қилдим машинада Лондонга қайтаётганимизда қизиқишдан ёниб. – Англияга уни яширин равишда қайтариб жўнатиб юборишни қандай қилиб уддалашди?

– Мак-Адамни қайтариб жўнатишган, деб сизга ким айтди? – саволимга савол билан жавоб берди Пуаро. – Бош вазир умуман Англияни тарк этмаган. Уни Винздордан Лондонга кетаётганда ўғирлашган.

– Нима?

– Ҳозир тушунтираман. Бош вазир ўз машинасида кетаётганда, ёнида котиби бўлган. Кутилмаганда унинг юзига кимдир хлороформ сингдирилган ёстиқчани босади…

– Бу ким эди?

– Бизнинг ақлли тилшуносимиз, капитан Даниэльс. Бош вазир ҳушини йўқотгандан сўнг Даниэльс сўзлашув гўшагини кўтариб О’Мэрфига ўнгга бурилишни буюрган, ҳайдовчи ҳеч нарсадан гумонсирамай асосий йўлдан четга бурилган. Бир неча чақиримдан сўнг кимсасиз кўчада нимасидир бузилган машинани кўришади. Ҳайдовчи О’Мэрфига тўхташ учун ялиниб сигнал беради. О’Мэрфи дарров тезликни оширмайди. Нотаниш одам машинага яқинлашади. Шу пайтда Даниэльс ойнадан энгашиб, дарҳол таъсир қиладиган этилхлориддан фойдаланиб ухлатиш операциясини такрорлаган. Бутунлай ҳушини йўқотган икки нафар кишини машинадан чиқарадилар, бошқа машинага ўтқазадилар, уларнинг ўрнига қиёфадошларини жойлаштирадилар.

– Ишониш қийин!

– Нега энди? Мюзик-холлда машҳурларни ўхшатиб роль ижро этганларини кўрмаганмисиз? Бирор жамоат арбоби ролини ўйнашдан осони йўқ. Хўп денг, Клэпхэмдаги жаноб Жон Смитдан кўра Англия бош вазирини ижро этиш осонроқ. О’Мэрфининг «қиёфадоши»га келсак, марҳамат қилиб айтинг-чи, бош вазир йўлга чиққандан кейин у билан ким ҳам қизиқарди? «Қиёфадош» учун ҳеч кимнинг кўзига кўринмаслик айни муддао. Шундай қилиб, Чаринг-Кроссдан тўғри дўстлари учрашадиган жойга жўнайди. Тўғри, у ерда аввалига О’Мэрфи сифатида пайдо бўлади, кейин бутунлай бошқа инсонга айланади. Шу алфозда О’Мэрфи «йўқолади», устига-устак, орқасидан шубҳали из қолдиради.

– Бироқ бош вазир «ролини ўйнаган»ни ҳамма кўрмаганмиди?

– Ҳамма деганингиз кимлар? Шахсан бош вазирни танийдиганлардан бирон киши уни кўрмаган. Даниэльс у билан ҳеч ким учрашмаслиги учун барча имкониятларни ишга солган. Бундан ташқари, унинг боши бинт билан ўралганди. Агар кимдир нимадандир шубҳаланган тақдирда ҳам бош вазир суиқасддан қаттиқ ҳаяжонда, шу боис у ҳар хил учрашувлардан қочяпти, деб баҳона қилиши мумкин эди. Шунингдек, жаноб Мак-Адамнинг томоғи нозик, муҳим нутқ сўзлашдан олдин овозини зўриқтирмаяпти, деган далил келтирилса, табиийдек қабул қилинарди. Францияда бу далилни қийинчиликларсиз пеш қилиш мумкин эди, кейинчалик бош вазир ғойиб бўлгандан сўнг бу ҳеч қандай маъно касб этмасди. Англия полицияси шошилинч тарзда канал ортига интилди ва биринчи ҳужум тафсилотларига ҳеч ким эътибор ҳам бермаган. Бош вазирни Францияда ўғрилашди, деган тасаввурни яратиш жуда осон кечган. Даниэльснинг оғзига латта тиқишган ва ҳаттоки ишонарли тарзда «ухлатиб қўйишган».

– Бош вазир ролини ўйнаган одам-чи?

– Ўзидан ниқобни ечиб ташлаган. Албатта, уни ҳам, алдамчи машина ҳайдовчисини ҳам гумонсираб қўлга олишлари мумкин эди. Бироқ спектаклда уларнинг бевосита роль ўйнагани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Ниҳоят, уларни далиллар йўқлиги учун қўйиб юборишарди.

– Ҳақиқий бош вазир-чи?

– Уни О’Мэрфи билан биргаликда Хэмистэддаги «Эверад хоним», яъни Даниэльснинг «холаси»никига олиб боришади. Аслида эса бу – фрау Берта Эбентални кейинги пайтда полиция фаол равишда қидираётганди. Хуллас, шу маънода мен уларга «қимматли совға» тақдим этдим, Даниэльснинг қўлга тушганини-ку айтмасак ҳам бўлади! Ҳа, режа ақл билан тузилган, аммо улар бу жумбоқни ечишга Эркюл Пуаронинг ақли етишини тахмин қилишмаган!

Ўйлайманки, дўстимни мағрурона нутқ ироқ қилаётган пайтида кечириш мумкин.

– Сиз қачон тўғри изни аниқладингиз?

– Шу йўлга ички томондан… чиққанимдан сўнг.... Аввалига мен отишма билан боғлиқ бу тўполон усталик билан уюштирилганини тахмин ҳам қилмагандим, кейин ўйлаб қолдим: унинг амалий натижаси қандай? Бундай бўлган: бош вазир юзлари дока билан ўралган ҳолда Францияга жўнаганди! Шунда мен гап нимадалигини ўйлай бошладим. Биз Виндзор ва Лондон ўртасидаги қишлоқ касалхоналарининг деярли барчасини айланиб чиққанимизда юзлари дока билан ўралган бирорта инсон ўша машъум тонгда мурожаат қилмаганлиги маълум бўлгач, вазият бутунлай ойдинлашди. Ана шундан сўнггина қолган барчаси бундай ақлнинг олдида болалар ўйинидек бўлиб қолди.

Эртаси куни эрталаб Пуаро ҳозиргина олган шошилинчномасини менга узатди. Шошилинчномада на юборувчининг манзили, на имзоси бор эди. Шошилинчномада шундай ёзилганди:

«Ўз вақтида».

Кейинроқ эса кечки газетанинг шошилинч сонида чоп этилган иттифоқчилар анжумани ҳисоботини ўқиб чиқдим. Унда вазир Мак-Адамнинг нутқи қанчалик қизғин олқишлар билан қабул қилингани алоҳида таъкидланганди. Унинг кўтаринки руҳдаги нутқи барчада катта таассурот қолдирибди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации