Читать книгу "Изқувар Пуаро"
Автор книги: Агата Кристи
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
ЛЎЛИ ҚИЗ
Макферлейн дўсти Дик Карпентернинг лўлиларни тушунарсиз тарзда ёқтирмаслигига бир неча бор гувоҳ бўлди. Бунинг сабабини у сира билолмасди. Дикнинг Эстер Лоэс билан фотиҳаси бузилганидан кейин дўстлар орасидаги муносабат дарҳол ойдинлашди.
Макферлейннинг ўзи Эстернинг синглиси Рэчел билан унаштирилганига деярли бир йил бўлганди. У ҳар иккала қизни болалик пайтидан биларди. Табиатан сусткаш ва эҳтиёткор бўлган Макферлейн Рэчелнинг маъсума чеҳраси, ҳеч қачон алдамайдиган кўзлари тобора ўзига мафтун этиб бораётганига анчагача иқрор бўлолмай юрди. Эстерга ўхшаб соҳибжамол эмасди, йўқ! Бироқ унга нисбатан анча оқкўнгил ва нозик! Эркаклар орасидаги қуюқ дўстона муносабат Рэчелнинг опаси билан Дикнинг унаштирилувидан сўнг бошланди.
Мана, орадан бир неча ҳафта ўтгач, Дикнинг фотиҳаси бекор бўлди, кўнгилчан йигит қаттиқ қайғурди. Шу пайтгача унинг ҳаёти силлиқ кетаётганди. У флотга кетиб, яхши касбни танлади. Чунки денгизга муҳаббат унинг қонида бор эди. Жайдари табиатга эга, ниҳоятда соддадил Дик викинглар1818
Викинг – қадимги Скандинавияда ҳарбий денгиз аскари.
[Закрыть]ни эслатарди. Ҳиссиётларни намоён қилиш ахлоққа зид ҳамда фикрларни сўзда баён этиш эса жуда мушкул иш, дейдиган камгап ёш инглизлар тоифасига мансуб эди.
Макферлейн – юрагида кельтлик1919
Кельтлар – Ғарбий Европада яшаган қабилалар.
[Закрыть] аждодларининг хаёлпарастлиги яширин, дийдаси қаттиқ шотландиялик эди. Дўсти ўй-хаёллар оқими остида ночор типирчилар, у эса жимгина чекарди. Дўсти ичидагиларни гапириб чиқариб ташлаши лозимлигини Макферлейн тушунарди. Бироқ гап бутунлай бошқа нарса ҳақида кетишини билмаганди. Аввалига Эстер Лоэснинг исми ҳатто тилга ҳам олинмади. Бу кўпроқ болаликдаги қўрқув ҳақидаги ҳикоя эди.
– Ҳаммаси болалигимда кўрган тушимдан бошланди. Бу шунчаки тушдаги алаҳсираш эмасди. Тушуняпсанми, бу лўли қиз менинг ҳар қандай тушимда пайдо бўлиши мумкин эди. Ҳаттоки, болалар яхши туш деб ҳисоблайдиган хушчақчақлик, ширинлик, ўйинчоқлар ҳақидагисида ҳам. Мен йиқилгудек даражада ўйин-кулги қилишим мумкин эди, кейин эса билардимки, ҳозир бошимни кўтарсам, у одатдагидек ҳолатда туриб менга тикилиб қарарди… Биласанми, шундай маъюс нигоҳлар билан менга боқардики, гўёки мен ҳақимда ўзимга ҳам номаълум бўлган нарсани биладигандек эди… Йўқ, бундан нега қўрқишимни ўзим ҳам билмайман, лекин юрак олдириб қўйгандим, қўрққанда ҳам шундай даҳшатга тушардимки… Ҳар сафар бақириб уйғонардим, кекса энагам эса бундай дерди: «Оббо! Хўжайинимиз Дикнинг тушига яна лўли қиз кирди!»
– Ҳақиқий лўли қизлар сени қўрқитмаганмиди?
– Бир воқеа содир бўлмагунча, уларни ҳеч қачон кўрмаганман. Мана шуниси ғалати. Мен кучукчамни қидираётгандим. У қочиб кетганди. Мен боғ дарвозасидан чиқиб, ўрмон сўқмоғи бўйлаб йўлга тушдим. Биласанми, биз ўшанда ўрмонда яшардик. Мен ўрмон четидаги ариқ устига қурилган ёғоч кўприкка бориб қолдим. Кўприк ёнида эса лўли қиз турарди. Бошида – тушимда қандай кўрган бўлсам, худди ўшандай қизил рўмоли бор. Шунда мен қўрқиб кетдим! Биласанми, у менга тикилиб қараб турарди… У ҳам худди мен ҳақимда мен билмаган нарсани билар, менга раҳми келарди… Бошини қимирлатиб, бироз эшитиладиган қилиб сўзлади: «Яхшиси, сен бу ерда юрмагин». Нимагалигини билмайман-у, лекин мен бундан қаттиқ қўрқиб кетдим. Мен унинг ёнидан ўтиб, тўғри кўприкка қараб чопдим. Афтидан, кўприк мустаҳкам эмасди. Хуллас, кўприк синиб кетди ва мен сувга йиқилдим. Сув оқими шунчалик тез эдики, чўкиб кетишимга бир баҳя қолди. Жин урсин, деярли чўкишимга бир баҳя қолганди! Бир умрга эсимдан чиқмайди. Ҳаммаси лўли қиз туфайли эканлигини сезиб турардим…
– Бўлиши мумкин, лекин у сени огоҳлантирди. шундай эмасми?
– Шундай деб ҳисоблашинг мумкин. – Дик жим бўлди, кейин эса сўзида давом этди: – Мен сенга тушим ҳақида сўзлашимнинг сабаби бу содир бўлган воқеага алоқадор деб ўйлаганим учун эмас. Аксинча, мен асло алоқаси йўқ деб ҳисоблайман. Шунчаки, ҳаммаси шундан кейин бошланди, демоқчиман. Энди мен «лўли васвасаси» деганда нимани назарда тутишимни биласан. Лоэсларникидаги биринчи кечамдан бошлайман. Унда мен ғарбий соҳилдан эндигина қайтиб келгандим. Мен яна Англияда эканлигим – шундай ажойиб эдики! Лоэслар – оиламизнинг эски қадрдонлари. Қизларини етти ёшимдан бери кўрмагандим, уларнинг кичик укаси Артур менинг қадрдон дўстим эди. Унинг ўлимидан сўнг Эстер менга газеталар жўната бошлади. Қиз жуда қизиқарли хатлар ёзарди. Хатлар руҳимни кўтарарди. Мен ҳар доим муносиб тарзда жавоб хати ёзгим келарди. Қизни кўраман, деб севинчим ичимга сиғмасди. Уни хатлари орқали бунчалик яхши билиб олиш жуда антиқа туюларди. Шундай қилиб, мен Лоэсларникига йўл олдим. У ерга етиб келганимда Эстер йўқ эди, уни кутишаётган экан. Кечки овқатда мен Рэчел билан ёнмаён ўтирдим ва ҳар гал бошимни кўтариб, узун стол бўйлаб назар ташлаганимда, ғалати ҳиссиёт мени чулғаб олаверди. Гўёки кимдир мени кузатиб тургандек бўлар, ўзимни ўнғайсиз сезардим. Шунда мен уни кўрдим…
– Кимни?
– Хаворт хонимни. Мен айнан у ҳақида сенга сўзлаяпман.
Макферлейн: «Мен Эстер Лоэс ҳақида ўйлаётгандим», – деб юборишига озгина қолди, бироқ ўзини тутиб қолди ва Дик сўзида давом этди:
– Унда бошқаларга ўхшамайдиган нимадир бор эди. У кекса Лоэснинг ёнида ўтирарди. Ғамгин ҳолатда бошини эгиб, бўйнини нафис тўрдан тўқилган шарф билан ўраб олибди. Менимча, шарфнинг орқа томони кесилган ҳам эди. Вақти-вақти билан унинг боши атрофида гулхан ёлқинига ўхшаб ҳилпирарди… Мен Рэчелдан: «Ҳов, анави аёл ким? Анави, қора сочли, бўйнида қизил шарф боғлаган аёл?..» деб сўрадим
– Сиз Элистер Хавортни айтаяпсизми? – деди Рэчел. – Қизил шарф ўраган. Ахир у сарғиш сочли хоним-ку. Ростакамига оқ-сариқдан келган хоним.
Ҳақиқатан ҳам аёл оқ-сариқдан келган эди. Ажойиб тилларанг оқиш сочлари бор эди. Бироқ ўша дамда мен унинг сочлари қора эканлигига қасам ичишга ҳам тайёр эдим… Баъзида тасаввуримиз ғалати ишларни бажаради. Кечки овқатдан кейин Рэчел бизни таништирди, боғда бирга айландик. Биз руҳларнинг танадан танага кўчиши ҳақида сўзлашдик…
– Бироқ бу сенинг мавзуинг эмас-ку, Дик!
– Ҳа, албатта, биз, одамни биринчи марта учратганингда, гўёки уни кўп йиллардан бери биладигандек бўлишинг ҳақида сўзлашдик. У яна-тағин: «Сиз севишганларни назарда тутаяпсизми?» деб сўради. Бу сўзни шундай оҳиста ва ҳаяжон билан айтишида қандайдир ғалати нарса бор эди. Унинг сўзлари ниманидир ёдимга солди, аниқ нималигини эслолмадим ўшанда. Суҳбат давом этарди, бироқ кейин кекса Лоэс айвондан туриб бизни чақирди. Эстер келганини ва мени кўрмоқчилигини айтди. Хаворт хоним кафтини менинг қўлимга қўйиб сўради: «Сиз у ёққа кетяпсизми?» «Албатта, – деб жавоб бердим. – Келинг, бирга борамиз». Шунда… шунда …
– Нима?
– Бу ёввойиликдек туюлиши мумкин, бироқ Хаворт хоним: «Яхшиси сиз у ерга борманг…» деди, – Дик жим бўлди. – У мени қаттиқ қўрқитди. Юрагим қинидан чиқаёзди. Мен сенга шунинг учун ҳам тушимни сўзлаб бердим… Чунки у бу сўзларни шундай талаффуз қилдики, худди мен ҳақимда ўзим билмаган нарсани биладигандек эди гўё. Бу кўҳликкина, мен билан боғда бирга қолишни истаган инсоннинг овози эмасди. У буни қайғули ва ёқимли овозда оддийгина қилиб айтди. Гўёки қандайдир нохушликни сезгандек… Балки мен қўполлик қилгандирман, бироқ ўгирилиб, деярли югурган ҳолда уйга қараб кетдим. Гўёки у ерда мени нажот кутаётгандек эди. Шунда мен аввалбошдан ундан қўрққанимни тушундим. Кекса Лоэсни кўрганимдан ниҳоятда хурсанд бўлдим. Эстер унинг ёнида эди!.. – Дик бир дақиқа жим бўлди, кейин шошилиб ғўлдиради: – Уни кўрганимдан сўнг барчаси ойдинлашди. Мен севиб қолгандим.
Макферлейн шу лаҳзада Эстер Лоэсни тасаввур қилди. Бир куни у ҳақда нима дейишганини эшитганди: «Инжил мукаммаллигидаги олти фунт-у бир дюйм2020
Фут – 30,48 см га тенг узунлик ўлчови; дюйм – 25,5 мм.
[Закрыть]». «Жуда топиб айтилган», – ўйлади Макферлейн қизнинг нозик қадди-қомати, мармар сингари оқиш юзи, нафис қирғий бурни, сочлари ва кўзларининг қора тусда ярқирашини кўз олдига келтириб. Гўдакларга хос қалб эгаси бўлган Дикнинг маҳв этилгани ажабланарли эмасди. Макферлейннинг юраги эса Эстернинг гўзаллигини тан оларди-ю, аммо уни кўрганда ҳеч нарсани ҳис этмасди.
– Ундан кейин, – давом этди Дик, – биз никоҳдан ўтдик.
– Қандай қилиб? Дарров-а?
– Тахминан бир ҳафталардан кейин. Буларнинг барчаси унга мутлақо керак эмаслигини тушуниши учун яна икки ҳафта керак бўлди… – У синиқ кулимсиради. – Ниҳоят, кемага қайтадиган сўнгги оқшомим етиб келди. Мен қишлоқдан ўрмон оралаб қайтардим, у ерда Хаворт хонимни кўрдим. Шотландча қизил беретда2121
Берет – гардишсиз, жияксиз енгил ва юмшоқ, ялпоқ бош кийими.
[Закрыть] эди, айтиш мумкинки, мен бир ирғиб тушдим. Мен сенга ўзимнинг ғаройиб тушим ҳақида сўзлаб бердим, шундай экан, сен буни тушунишинг керак… Бир муддат ёнма-ён кетдик. Биз Эстер ҳузурида айтиш мумкин бўлмаган бирон-бир сўзни тилга олмадик, тушуняпсанми?
– Ҳа, шунақами? – Макферлейн қизиқиш билан дўстига қаради. Одамлар ҳали ўзлари охиригача тушуниб етмаган нарсаларни нима учун гапиришлари ғалати!
– Эстернинг уйига томон йўл олганимда, Хаворт хоним мени тўхтатди. Хоним айтдики: «Сиз тез орада у ерга борасиз. Яхшиси, ҳозир бунга шошилманг…» Мана, энди мени даҳшатли нарса кутаётганини билдим ва … ичкарига киришим билан Эстер мени кутиб олди, у фикри ўзгарганлигини ва буларнинг барчаси унга керак эмаслигини айтди…
Макферлейн ҳамдардлик билан бош чайқади.
– Хўш, Хаворт хоним-чи?.
– Мен уни бошқа кўрмадим… Бугунги оқшомга қадар…
– Бугунги?
– Ҳа, эркаклар шифохонаси қабулхонасида учратдим. Улар торпедо билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса вақтида жароҳатланган оёғимни кўришаётганди. Кейинги вақтларда оёғим жуда безовта қиляпти. Қадрдон шифокорим жудаям оддий операция қилишни маслаҳат берди. Хонадан чиқаётганимда, халат устидан қизил кофта кийган қиз билан тўқнаш келдим, у шундай деди: «Яхшиси, жарроҳликка рози бўлманг…» Шунда мен бу Хаворт хоним эканлигини кўрдим. Шунчалик тез ўтиб кетдики, уни тўхтатишга улгурмадим. Мен Хаворт хоним ҳақида бошқа ҳамширадан сўрадим. Аммо у бундай исм-шарифли аёл уларда ишламаслигини айтди… Ғалати-я?
– Ҳақиқатан ҳам ўша эканлигига ишончинг комилми?
– Ҳа, албатта, биласанми, у шундай гўзал эдики… – Дик жим бўлди ва қўшимча қилди: – Албатта, мен операцияга рози бўламан, аммо… аммо агар нотўғри қартани танлаб қўйсам-чи…
– Қандай бемаънилик!
– Албатта, бу бориб турган сафсата. Шундай бўлса-да, ўша лўли қиз ҳақида сенга гапириб берганимдан хурсандман… Биласанми, унда яна нимадир бор. Эслай олганимда қанийди…
* * *
Макферлейн арчагуллар ўсган тикка йўлдан кўтарилди. У деярли тепаликнинг чўққисида турган уйнинг дарвозаси томон бурилди. Тишини тишига қўйиб, эшик қўнғироғини босди.
– Хаворт хоним уйдами?
– Ҳа, сэр, ҳозир келганингизни айтаман.
Хизматкор уни ойналари арчагуллар ўсган майдонга қараган, узун, тор хонада қолдирди. Макферлейн бироз қовоғини уйди. Бу ерга келиб аҳмоқлик қилмадимикин?
Шунда у бир сесканиб кетди. Тепасида аёл кишининг паст овози эшитилди:
«Лўли қиз, лўли қиз
Ботқоқда яшайди…»
Овоз бирдан тўхтади. Макферлейннинг юраги гупурлаб кетди. Эшик очилди.
Скандинавияликларга хос ғайриоддий гўзаллик соҳибаси Хаворт хоним уни ҳайратда қолдирди. Дик тасвирлаган бўлишига қарамай, Макферлейн қизни қора сочли лўли деб тасаввур қилганди… Кутилмаганда, у Дикнинг бошқача оҳангда: «Тушуняпсанми, у шундай чиройлики…» – деганини эслади.
Тарифга сиғмайдиган даражада бенуқсон, ноёб хилқат – Элистер Хаворт, шак-шубҳасиз, айнан шундай гўзаллик соҳибаси эди. Макферлейн ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, унга юзланди:
– Сиз мени мутлақо билмайсиз, деб қўрқаман. Манзилингизни Лоэслардан олдим. Мен Дик Карпентернинг дўстиман.
Хоним бир дақиқа унга диққат билан разм солди. Кейин эса тилга кирди:
– Мен юқорига, ботқоқ томон сайр қилишга отланаётгандим. Мен билан бормайсизми?
Элистер ойнали эшикни очиб, тўппа-тўғри тепаликнинг қия жойига чиқди. Йигит унга эргашди. Бу ерда тўқилган оромкурсида оддий, бесўнақай киши чекиб ўтирарди.
– Менинг эрим! Морис, биз ботқоққа сайр қилгани бормоқчимиз. Кейин жаноб Макферлейн биз билан овқатланади. Жаноб Макферлейн, сиз бунга қарши эмасмисиз?
– Асло. Миннатдорман.
Макферлейн Элистернинг енгил жуссасига эргашиб, тепаликка кўтарила туриб ўйлади: «Вой Худо, у қандай қилиб бу инсонга турмушга чиқдийкин?»
Элистер бир тўда тошлар турган жойга қараб йўл олди.
– Келинг, ўтирамиз. Сиз менга айтмоқчи бўлганларингизнинг барчасини айтиб берасиз.
– Сиз гап нима ҳақдалигини биласизми?
– Мен ёмонликни сезяпман. Қандайдир ёмон нарса, тўғрими? Дик борасида?
– У кичик жарроҳлик операциясини бошидан ўтказди. Умуман олганда, операция муваффақиятли кечди. Афтидан, унинг юраги заиф. У наркоз остида вафот этди.
Элистернинг юзида нимани кўришни кутганди, ўзи ҳам билмасди, лекин аниқ ҳозирги кўринишни – туганмас чарчоқлар-у, бутунлай руҳий тушкунлик ҳолатини кутмаганди. У Элистернинг пичирлаганини эшитди: «Яна кутиш керак, узоқ, жуда узоқ кутиш…»
Хоним унга қаради.
– Ҳа, сиз нима демоқчийдингиз?
– Фақат шу. Уни кимдир бу жарроҳликдан огоҳлантирган, қандайдир ҳамшира. Дик, бу – сиз деб ўйлаганди. Шу ростми?
Элистер бош ирғади:
– Йўқ, у мен эмасдим. Синглим – ҳамшира. Хирароқ чироқда бизни адаштириш мумкин. Эҳтимол, шундай бўлгандир. – Қиз яна унга қаради. – Бироқ бу муҳим эмас, шундаймасми?
Хаворт хонимнинг кўзлари катта-катта очилди, чуқур хўрсинди.
– Эҳ, – сўзлади қиз, – эҳ, қандай ғалати! Сиз тушунмайсиз…
Макферлейн ҳайрон қолди. Қиз унга тикилиб турарди.
– Мен, сиз тушундингиз деб ўйлагандим… Сизда бўлиши керак … Сиз ҳам кўринишингиздан шу нарсага қодирдексиз…
– Қайси нарсага?
– Қобилият, тавқи лаънат… қандай хоҳласангиз, шундай атанг. Мен ишонаманки, сиз ҳам бунга қодирсиз… Диққат билан мана бу тошдаги чуқурчага бир назар ташланг! Ҳеч нарса ҳақида ўйламанг, шунчаки қаранг… Ана шундай! – Қиз унинг сесканиб кетганини кўрди. – Ниманидир кўрдингизми?
– Тасаввурда бўлса керак. Назаримда, бир лаҳза тош қонга тўлгандек бўлди.
Элистер бошини силкиди.
– Сиз буни кўришингизни билардим. Мана шу жойда қадимда қуёшга сиғинувчилар қурбонликлар қилишган. Бу хусусида менга айтиб беришларидан олдин билганман. Баъзан ҳаттоки ўша вақтдаёқ худди улар мени ўша ерда тургандек ҳис этишганини тушунаман… Мен шу жойга яқинлашсам, худди уйга қайтаётгандек ҳиссиёт мени чулғаб олади… Умуман, менда Худо берган қобилият борлиги тушунарли. Ахир, мен Фергюссонлар оиласиданман. Бизнинг оилада келажакни башорат қила оладиганлар бор. Онам турмушга чиққунга қадар медиум2222
Медиум – спиритизм (марҳумларнинг арвоҳлари билан мулоқотга кира олишга ишониш) таълимотига кўра, одамлар ҳамда руҳлар ўртасидаги воситачи.
[Закрыть] бўлган. Исми Кристина эди, анча-мунча одам танирди.
– «Қобилият» деганда сиз келажакни олдиндан кўра олишни назарда тутяпсизми?
– Ҳа, албатта, ўтмишними, келажакними, иккиси ҳам бирдай. Мисол учун, мени нега Морисга турмушга чиқди экан, деб ажабланаётганингизни тушундим. Ҳа, сиз бунга ажабландингиз! Бу жуда оддий: мен доимо унинг устида қандайдир ёмон қисмат ҳукмронлигини ҳис этардим. Уни қутқаргим келди… Бу ҳиссиёт аёлларга хос. Ноёб хислатим билан балои офатнинг олдини олишим мумкин. Мен Дикка ёрдам беролмадим… Аммо Дик буни тушунолмасди… У қўрқиб кетди. У жуда ҳам ёш эди.
– Йигирма икки ёшда эди.
– Мен эса ўттиз ёшдаман. Бироқ гап бунда ҳам эмас. Туташ яқин кўнгиллар жуда кўп нарсада бир-биридан ажратилган бўлиши мумкин. Маконнинг учала ўлчамида ҳам… Аммо энг ёмони, вақт борасида ажратилган бўлса… – У жим туриб, узоқ ўйлади.
Пастдаги уйдан янграган бонг овози уларни чақирди.
Тушликда Макферлейн Морис Хавортни кузатди. Шубҳасиз, Морис ўз рафиқасини ниҳоятда севарди. Унинг кўзлари гўё забонсиз итларга хос вафодорликдан чақнарди. Макферлейн хонимнинг ҳам ўз эрига меҳрибон онадек мулойим муносабатини сезди. Тушликда сўнг Макферлейн ўрнидан турди.
– Мен пастда, меҳмонхонада бир неча кунга қолишни ўйлаяпман. Яна бир бор ташриф буюришимга рухсат этсангиз? Эҳтимол, эртага келарман.
– Ҳа, албатта, фақат…
– Нима?
Хаворт хоним қўллари билан кўзларини оҳиста силаб қўйди.
– Билмадим… Биз бошқа учрашмаймиз, деб ўйлаб қолдим бирдан… Бор гап шу… Хайр.
Макферлейн секин-секин йўл бўйлаб пастга қараб тушиб борди. Онгли мушоҳадасига қарши ҳолатда, муздек қўл юрагини ғижимлаётгандек ҳис этди ўзини. Албатта, қизнинг сўзларида ножўя нарса йўқ эди, бироқ шундай бўлса-да…
Тўсатдан муюлишда машина чиқиб қолди. Макферлейн тўсиққа ёпишиб олишга улгуриб қолди. Унинг юзи бирданига оқариб кетди.
* * *
Эртаси куни тонгда уйқудан уйғонган Макферлейн ўтган кечқурун содир бўлган воқеаларни бемалол хотирлай олди: машина, меҳмонхонага тушиб келиш; кутилмаган туман тушиши туфайли шу атрофда ботқоқ борлигини англаган ҳолда йўлдан адашувига бир баҳя қолиши; деразадан кўмир солинган челакнинг тушиб кетиши; гиламда тутаган кўмир туфайли ёқимсиз куйган ҳиднинг бурқсиб чиқиши. Аҳамиятсиз! Элистернинг тушунарсиз кучли ишончи бўлмаганда эди, булар аҳамиятсиз бўларди.
Кутилмаганда бир силтаб устидаги адёлни отиб юборди. Энг аввало, бориб, қизни кўриш керак! Шунда восвослардан халос бўлади. Қутулади… агар… етиб боролса. Эй Худоим-ей, бу қандай аҳмоқлик!
У наридан-бери нонушта қилди. Эрталаб соат ўнда йўлдан кўтарилиб борарди. Ўну ўттизда унинг қўли эшик қўнғироғини босди. Шундагина, фақат шундагина, енгил нафас олиши мумкинлигини ҳис этди.
– Хаворт хоним уйдами?
Эшикни яна ўша кекса аёл очди. Фақат кампирнинг юзини таниб бўлмасди, қайғудан ўзгариб кетганди.
– Эҳ, жаноб! Эшитмадингизми?!
– Нимани эшитмадим?
– Элистер хоним, бизнинг момиғимиз… Барчаси ўша дори туфайли. Ҳар куни кечқурун шуни ичарди. Бечора капитан ҳеч ўзига келолмаяпти, ақлдан озишига бир баҳя қолди. Капитан қоронғида токчадаги шиша идишларни адаштирибди… Докторга одам жўнатишди, аммо кеч бўлганди.
Шунда Макферлейн Элистернинг: «Мен доимо унинг устида қандайдир ёмон қисмат ҳукмронлигини ҳис этардим. Уни қутқаргим келди…» деган гапларини эслади. Ҳа, тақдирни алдаб бўлармиди! Нажот кутилган жойдан ғалати ҳазиломуз фожеа келиб тургандек гўё.
Кекса хизматкор давом этди:
– Ўзимнинг жажжигина қизалоғим! Шундай бағрикенг ва меҳрибон эдики, у ҳар доим ҳамма нарсага куюнарди. Кимдир азият чекаётанини кўрса, жим қараб туролмасди. – Кейин жим туриб яна қўшимча қилди: – Юқорига чиқиб уни кўришни истайсизми, жаноб? Бекамнинг гапларидан тушундимки, у сизни жуда кўпдан бери биларкан… У жуда ҳам кўпдан бери, деганди…
Макферлейн зинапоядан кеча хониш овози келган меҳмонхона орқали аёлнинг орқасидан юқори қаватга, деразасининг юқориги ойналари рангли бўлган бошқа хонага кўтарилди. Витраждан2323
Витраж – сурат солинадиган рангли ойна.
[Закрыть] тушган қизил шуъла ётган аёлнинг бошида акс этарди… Бошида қизил рўмоли бор лўли қиз… «Уф-ф, тағин асабларим ўйнай бошлади!» У сўнгги марта Элистер Хавортга узоқ тикилди.
* * *
– Жаноб, сизни қандайдир хоним сўраяпти.
– Нима? – Макферлейн меҳмонхона бекасига лоқайд назар ташлади. – Э, кечиринг, Роуз хоним, менга шарпалар кўрингандек бўлди.
– Фақат кўриндими, жаноб? Биламан, ботқоқликда қоронғу тушгач, ғалати нарсаларни кўриш мумкин. У ерда оқ кийимдаги хонимни, жин ургур темирчини ва денгизчи билан лўли аёлни…
– Нима дедингиз? Денгизчи билан лўли аёл?
– Шунақа гап-сўз бор, жаноб. Бу воқеаларни ёшлигимда сўзлаб беришарди. Улар узоқ йиллар бир-бирини севишган… Аммо уларни аллақачонлардан бери бу ерда кўришмаган.
– Кўришмаган? Энди яна пайдо бўлишармикин, шуниси қизиқ…
– Вой Худо, нималар деяпсиз, жаноб? Ҳа, ёш хоним нима бўлади?
– Қайси ёш хоним?
– Сизни кутаётган хоним-да. Меҳмонхонадаги. Ўзини Лоэс хоним деб таништирди.
– Ў!
Рэчел! Макферлейнни ғайритабиий маконлар алмашинувининг ғалати оний ҳиссиёти қамраб олди. Гўёки у шу пайтгача ўзга дунёга қараётгандек эди. У Рэчел ҳақида унутганди. Бу оламга тааллуқли Рэчелни…
У меҳмонхона эшигини очди. Ў, Рэчелнинг самимий ва жигарранг кўзлари! Кутилмаганда худди энди уйқудан уйғонган одамлардаги сингари ногаҳоний қувонч, воқеликнинг чинакам қувончи қамраб олди. У тирик, тирик! «Мана, чинакам ҳаёт! Биргина чинакам ҳаёт», – ўйлади Макферлейн.
– Рэчел! – ниҳоят тилга кирди Макферлейн ва энгашиб қизнинг лабларидан бўса олди.
МАНСАБДОРНИНГ ЎҒИРЛАНИШИ
Энди уруш2424
Биринчи жаҳон уруши назарда тутиляпти.
[Закрыть] ва у билан боғлиқ муаммолар ўтмишга айланиб бўлган бир пайтда, менимча, миллий инқироз даврида Эркюль Пуаро қанчалик муҳим аҳамият касб этганлигини сира хавфсирамасдан дунё аҳлига маълум қилса бўлади. Аслида, бу ҳеч ким тушуна олмайдиган сир эди ва матбуотда бу ҳақда бирон оғиз ҳам сўз айтилмаганди. Эндиликда махфийлик зарурати йўқолди, ниҳоят, англияликлар уларнинг буюк мамлакати учун менинг кичик, ғайриоддий дўстим қанчалик кўп хизмат қилганлигини – мамлакатни улкан талафотдан сақлаб қолганлигини билишлари мумкин.
Шундай қилиб, кунлардан бир куни кечки овқатдан сўнг, ўйлайманки, аниқ санасининг аҳамият йўқ, фақатгина Англия душманларининг «Тинчлик ва музокара» деган қулоқни тешар даражадаги қичқириқлари янграган пайтларда, дўстим иккимиз унинг хонасида ўтирган эдик. Соғлиғим туфайли ҳарбий хизматдан бўшаганимдан сўнг менга янги иш – кўнгиллиларни ҳарбий хизматга жалб қилиш ишини тақдим этишди ва мен оқшомлари кечки овқатдан сўнг Пуарони кўргани боришни ўзимга одат қилиб олган эдим. Одатда, биз у-бу нарсалар ҳақида, хусусан, унинг сўнгги кунларда амалга оширган ишлари ҳақида суҳбатлашардик.
Барчанинг оғзида бўлган энг сўнгги шовшувли хабар: Англия бош вазири жаноб Девид Мак-Адам ҳаётига суиқасд уюштирилганлиги тўғрисида у билан баҳслашиб қолдик. Матбуотда чоп этилган маълумот қаттиқ цензурадан ўтказилганди. Ўқ чаккасини озгина шилиб ўтган бўлса-да, бош вазир фақат тасодиф туфайли тирик қолганидан бошқа ҳеч қандай тафсилотлар эълон қилинмаганди. Бундай ҳодисанинг содир бўлиши, афтидан, полициямизнинг бепарволиги туфайли эди. Англиядаги немис разведкаси ўзига керакли натижаларга эришиш учун ҳар қандай таваккалга қўл уришга тайёр эди. Ахир «жанговар Мак» (бу лақабни унга ўз партиясининг вакиллари ўйлаб топишганди) қаттиққўллик ва дангаллик билан пацифистик кайфиятларга қарши кураш олиб бораётган эди. У шунчаки бош вазир эмасди, у Англия тимсолига айланганди. Уни ўйиндан чиқариш, умуман ишнинг моҳиятига қақшатгич зарба бериши Буюк Британияни танг аҳволга солиб қўйиши мумкин эди.
* * *
Пуаро жиддий тусда кулранг костюмини сочиқча билан артарди. Умуман, фикри ожизимча, менинг дўстимчалик олифта инсонни топиш мушкул иш. Ўта покизалик ва барча нарсадаги тартиб-интизом унинг жони дили эди. Ҳаттоки, ҳозир ҳам хонанинг ўртасида бензин ҳидига бурканган ҳолда, мен билан иши йўқ эди.
– Бир дақиқа ичида мен сизнинг хизматингизда бўламан, азиз дўстим. Мен деярли тугатдим. Хўш… ёғли доғ… бунинг ўрни эмас… уни тозалаб ташлаймиз… шундай!
У тантанавор тарзда сочиқни силкитди.
Мен яна битта сигаретни тутата туриб жилмайдим.
– Бирор қизиқроқ нарса борми? – сўрадим бироздан сўнг.
– Ҳа, фаррошлардан бирига эрини қидиришга ёрдам беряпман. Бу ишнинг мураккаб жиҳати шундаки, бунда алоҳида дид-фаросат талаб этилади. Бу борада менда баъзи бир фикрлар бор. Менимча, унинг эрини топсак, бу масала уни унчалик қувонтирмаса керак. Мен бу аёлнинг эрига ачинаман. Бу ҳам инсоннинг олдиндан кўра билиш хусусияти.
Мен бехосдан кулиб юбордим.
– Ниҳоят! Қаранг, ёғли доғ ҳеч қачон бўлмагандек. Энди мен сизнинг хизматингиздаман.
– Мак-Адамга уюштирилган суиқасд тўғрисида сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим?
– Бу бачканалик, – дарҳол жавоб берди Пуаро. – Бу ҳолатга жиддий ёндашиб бўлмайди. Қуролдан отиш? Бу омадсизликка маҳкум этилган ҳолат-ку. Бундан ҳам эскироқ қурол топиш мумкинмиди?
– Шунга қарамай, улар муваффақият қозонишга жуда яқин эдилар.
Пуаро бетоқат бўлиб бошини қимирлатди. У ниманидир айтмоқчи бўлганди, шу пайт уй бекаси эшикдан бошини суқиб, пастда икки жаноб ҳозироқ Эркюль Пуарони кўришни қаттиқ талаб қилишётганини айтди.
– Улар кимлигини сир тутишди, жаноб, бироқ муҳим ишлари борлигини айтишди.
Пуаро тартиб билан ўзининг кулранг шимини тахлаб туриб:
– Майли, юқорига чиқишсин, – деди.
Бир неча дақиқадан сўнг ҳар иккала меҳмон кириб келишди, юрагим қаттиқ ура бошлади. Олдинда турган кишини танидим, бу қуйи палата раҳбари лорд Эстер, унинг ортида эса ҳарбий кабинет аъзоси жаноб Бернард Дож, мендаги маълумотларга кўра, бош вазирнинг яқин дўсти эди.
– Жаноб Пуаро? – саволомуз назар билан дўстимга қаради лорд Эстер.
Пуаро мулойим таъзим қилди. Обрўли меҳмон мен томонга фурсат пойлагандек қараб қўйди.
– Бизнинг ишимиз ўта шахсий, – сўз қотди у.
– Капитан Гастингс олдида бемалол очиқойдин гапиришингиз мумкин, – жавоб берди дўстим менга қолиш ишорасини қилиб. – Уни мақтолмайман, бироқ унинг ақли расолигига тўлиқ жавоб бера оламан.
Лорд Эстер ҳамон пайсалланарди, аммо кутилмаганда гапга жаноб Дож қўшилди.
– Келинглар, масала атрофида айланмайлик-да, бира тўла ишга ўтайлик. Ахир, нима бўлганда ҳам, яқинда бутун Англия бизнинг қандай шарманда бўлганимизни билади. Ҳозир биз учун фурсат ғанимат.
– Марҳамат қилиб, ўтиринглар жаноблар, – таклиф қилди Пуаро. – Катта оромкурсига ўтиринг, милорд.
Лорд Эстер бироз сесканиб кетди:
– Сиз мени танийсизми?
Пуаро жилмайди.
– Бўлмасам-чи! Мен газеталарда чоп этиладиган изоҳли кичкина суратларни доимо кўриб чиқаман. Нима учун мен сизни танимаслигим керак?
– Жаноб Пуаро, мен сизнинг олдингизга пайсалга солиб бўлмайдиган муҳим ҳаётий масала юзасидан келдим. Шунинг учун сизлардан илтимос, бу иш бутунлай махфий бўлиши керак.
– Сизга Эркюл Пуаронинг сўзини бераман, менимча, бу кам эмас, – дўстим мағрурона сўз қотди.
– Бош вазир ҳақида сўз кетяпти. Вазият жуда мураккаб.
– Биз ҳозир чорасиз аҳволдамиз, – маълум қилди жаноб Дож.
– Демак, жароҳат хавфли экан-да? – сўрадим мен.
– Қандай жароҳат?
– Теккан ўқ жароҳати.
– Эҳ, сиз буни назарда тутяпсизми? – менсимай сўз қотди жаноб Дож. – Эски воқеа.
– Ҳамкасбим таъкидлаганидек, бу ишга нуқта қўйилди, – қўшимча қилишга шошилди Лорд Эстер. – Яхшики, биринчиси чиппакка чиқди. Иккинчи уриниш ҳам натижа бермаслигини истардик.
– Нима, иккинчи уриниш ҳам бўлдими?
– Ҳа, иккинчиси сал бошқача хусусият касб этди. Жаноб Пуаро, бош вазир ғойиб бўлди.
– Нима дедингиз?
– Уни ўғирлашди.
– Наҳотки! – бақириб юбордим қулоқларимга ишонмай.
Пуаро менга жим туришим лозимлигини англатувчи нигоҳ ташлади.
– Гарчи бунга ишониш қийин бўлса-да, афсуски, бу ҳақиқат, – уни давом эттирди олий ҳазрат.
Пуаро жаноб Дожга назар солди.
– Жаноб, сиз бироз аввал, ҳозир биз учун фурсат ғанимат, дедингиз. Бу билан нима демоқчи бўлдингиз?
Меҳмонлар бир-бирига қараб қўйишди, шундан кейин лорд Эстер сўз қотди:
– Жаноб Пуаро, сиз иттифоқчилар анжумани яқинлашаётганини эшитдингизми?
Дўстим тасдиқ маъносида бош силкиди.
– У қаерда ва қачон бўлиши ҳақида жуда ҳам аниқ ва тушунарли сабабларга кўра, ҳеч бир тафсилот эълон қилинмаган. Бу хусусда газеталарда бирон-бир қатор сўз ҳам ёзилмаган бўлса-да, учрашув жойи ва санаси дипломатик доираларга маълум. Анжуман пайшанба куни Версалда, яъни, эртага кечқурун ўтказилади. Энди сиз вужудга келган вазиятнинг барча даҳшатларини тасаввур қилаяпсизми? Сиздан яшириб нима қилдим, бош вазирнинг ушбу анжуманда иштирок этиши ўта муҳим. Бизда немис жосуслари пацифистик ғояларни тарқатишда қанчалик фаол ҳаракат қилаётганлигини сиз ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз. Барчада битта фикр: бош вазирдек кучли шахснинг анжуманда пайдо бўлиши – анжуманнинг асосий бурилиш нуқтаси бўлади. Унинг анжуманда иштирок этмаслиги олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларни, эҳтимолки, биз учун бевақт ва ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Биз бош вазир ўрнига ҳеч кимни жўнатолмаймиз. Англиянинг вакили сифатида фақат у иштирок этиши лозим.
Пуаронинг юзи жиддийлашди.
– Сиз бош вазирнинг ўғирланиши сабаби – бу анжуманда унинг иштирокига тўсқинлик қилишдан иборат, деб ўйлайсизми?
– Албатта. Ахир у деярли Францияга йўл олиб бўлган эди.
– Анжуман албатта ўтказиладими?
– Эртага, кечқурун соат тўққизда.
Пуаро чўнтагидан каттакон соатини чиқарди.
– Ҳозир ўн бешта кам тўққиз.
– Йигирма тўрт соат, – ўйга ботиб сўзлади жаноб Дож.
– Яна ўн беш дақиқа, – қўшимча қилди Пуаро. – Ўн беш дақиқани эсдан чиқармаслик лозим, ундан ҳам фойда чиқариш мумкин. Энди ўғирлик тафсилотларига ўтсам. Сиз нима деб ўйлайсиз, бу Англияда содир этилганми ёки Францияда?
– Францияда. Жаноб Мак-Адам бугун эрталаб Франция ҳудудида бўлган. Бош қўмондоннинг меҳмони сифатида Ставкада тўхташи ва эртаси куни йўлни давом эттириши лозим эди… У эсминцада канални кесиб ўтади. Булонда уни бош қўмондон адъютантларидан бири бош штаб автомобилида кутиб олди.
– Тушунарли, кейин-чи?
– Хуллас, улар Булондан йўлга чиқишган-у, бироқ етиб келишмаган.
– Яъни, қандай қилиб?
– Жаноб Пуаро, автомобиль ҳам, адъютант ҳам ёлғондакам экан. Ҳақиқий автомобилни йўл четидан топишди. Ичида адъютант ва ҳайдовчи оғзига латта тиқилган ҳолатда топилган.
– Ёлғондакам автомобил-чи?
– Ҳалигача топилмади.
Пуаро бетоқат бўлиб ҳаракат қила бошлади.
– Ишониш қийин бўлган масала! Албатта, узоқ муддат кўзга кўринмай юриш мушкул.
– Биз ҳам, ҳар ҳолда, шундай ўйлагандик. Фақат обдон излаш керак. Франциянинг бу қисмида ҳарбий замон қонуни амалда. Автомобилни кимдир кўрганига ишончимиз комил. Албатта, француз полицияси, бизнинг Скотланд-Ярддаги одамлар, шунингдек, ҳарбийлар бор имкониятлари билан ҳаракат қилишяпти. Сиз тўғри айтяпсиз, ҳеч нарсани аниқлашнинг имкони бўлмагани жуда ҳам ажабланарли.
Шу пайт эшик тақиллаб, ёш зобит хонага кирди ва маҳкам муҳрланган хатжилдни Лорд Эстерга узатди.
– Жаноб, бу ҳозиргина Франциядан келди. Буюрганингиздек тўғри шу ерга келтирдим.
Вазир хатжилдни йиртиб, ичидаги матнни ўқиши билан ҳайратли овоз чиқариб юборди. Зобит шу заҳоти ғойиб бўлди.
– Мана, ниҳоят, янгилик бор! Шошилинчнома ҳозиргина қабул қилинибди. Улар иккинчи автомобиль ва котиб Даниэльсни топишибди. У хлороформ билан ухлатиб қўйилган, оғзига латта тиқилган, қўли боғланган ҳолда топилган. Унча узоқ бўлмаган жойда, ташландиқ фермада экан. Лекин у ҳеч нарсани эслай олмабди. Фақат кимдир бурни ва оғзига бир нарса билан босганини таъкидлабди, холос. У қутулишга беҳуда ҳаракат қилган. Полиция унинг кўрсатмаларидан тўла қаноат ҳосил қилган.
– Улар бошқа ҳеч нарса аниқлашмабдими?
– Йўқ.
– Демак, улар бош вазир жасадини топишмаган. Бизда ҳали умид бор. Буларнинг бари жуда ғалати кўриняпти, десам, сиз бу фикримга қўшиларсиз. Уни бугун эрталаб отишга ҳаракат қилиб, нега энди тирик қолдириш учун бунчалик машаққат чекишдийкин?
Дож бош чайқади.
– Бир нарса аниқки, нима бўлмасин, унинг анжуманда қатнашишига йўл беришмайди.
– Агар бу иш инсоният имконият чегараси доирасида бўлса, бош вазир бугун ўша ерда бўлади. Худонинг марҳамати туфайли ҳали жуда ҳам кеч эмас. Энди, жаноблар, менга бир бошдан ҳаммасини батафсил сўзлаб беринглар-чи. Отишма тўғрисида ҳам.
– Кеча кечқурун бош вазир ўзининг котиби капитан Даниэльс билан биргаликда…
– У билан Францияда бирга бўлган ўша котибми?
– Ҳа. Мен айтганимдек, улар бош вазир қабул маросими ўтказиши лозим бўлган Виндзорга қараб йўл олишганди. Тонг саҳарда шаҳардан қайтаётганда, унга суиқасд уюштирилган.
– Ижозатингиз билан, бир дақиқа. Капитан Даниэльс ким ўзи? У ҳақда сизда қандай маълумотлар бор?