Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 15 страниц)
– Биз сизни уч ой изладик, – ёйилиб кулди адовкат. – Сиз Владимир Аркадьевич Глущенконинг ягона меросхўрисиз. Қидирувнинг чўзилиши сабаби шундаки, холангиз ва тоғангизнинг исми-шарифлари бошқа, яъни ўгай оталаринниг номида экан. Бизнинг ўйимизча, ҳатто бобонгизнинг ўзи ҳам ҳам ўғли борлигини билмаган. Чунки, Оксана Глущенко билан топишганда ҳомиласи беш ойлик бўлган, афтидан турмуш ташвишларидан йироқроқ бўлган шоввоз генералдан кўра ўзига тўқ таъминотчини афзалроқ билган кўринади. Марина Петровна ёки Марина Аркадьевна ўшанда ўн ёшда бўлган ва васитяномасида ҳаммасини батафсил ёзган. Айтгандек, у ўзининг бор бойлигини хайрия мақсадиларига ўтказиб юборган. Хуллас, унинг васиятномасини ўқигандан кейингина сизни топишга муваффақ бўлдик.
– Балки, у ҳаммасини чалкаштириб юборгандр. Чунки, ёшгина қизалоқ бўлган. Эҳтимол Глущенко ўгай отасининг ўғлидир. Сизларнинг унинг ўғли эмаслигига қандай қандай кафолатингиз бор?– Ринат ўзига келолмасди.
– Биз уларнинг тиббий карточкаларини текширдик, – тушунтирди Плавник, сўнг француз ҳамкасбларига қаради. Леклерк яна гапга аралашди:
–Гап шундаки, бобонгизнинг қони учинчи гуруҳга мансуб, Оксананики эса биринчи гуруҳ. Шундан келиб чиқадики, болаларнинг қони биринчи ёки учинчи гуруҳ бўлиши мумкин. Марина Глущенконики учинчи, укасининг қони биринчи гуруҳга мансуб экан. Аркадий Глущенконинг қони эса тўртинчи гуруҳ. Агар Оксана иккаласи фарзанд кўришганда, болаларининг қони иккинчи ёки учинчи гуруҳга тўғри келарди. Бошқача бўлиш мумкин эмас. Агар назарий жиҳатдан Марина ўгай отанинг қизи бўлиб чиқиши ҳам мумкин десак, Владимир бундан бутунлай мустасно.
– Тўхтанглар, – деди Ринат, – ота-оналарнинг қони бирнчи ва тўртинчи гуруҳ бўлган, болалариники эса иккинчи ва учинчи гуруҳ бўлиши керак, деяпсизлар. Бу менимча мантиқан тўғримас, қаердадир адашаяпсизлар.
Дрюмо бошини сарак-сарак қилиб жилмайди. У француз тилида нимадир деганди, учала адвокат ҳам кулиб юборди Чамаси, Плавник ҳам уларнинг тилини яхши тушунарди.
– Агар эрлар қон гуруҳини ҳисобга олишни билса эди, аллақанча аёлларни хиёнатда айблаш мумкин бўларди, – таржима қилди Леклерк. – Шунга қарамай, бу илмий ҳақиқат. Агар ота-оналар сизнинг бобонгиз билан Оксана Смоличдек биринчи ва учинчи қон гуруҳига эга бўлса, албатта болаларининг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳга мансуб бўлади. Агар ота-онанинг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳ бўлса, болалариники иккинчи ёки учинчи гуруҳга мансуб бўлади, асло биринчи ва тўртинчига эмас, ирсиятнинг шунақа қонунлари борким, уларни босиб ўтиб бўлмайди. Лекин, биз яна бир бор текшириб кўрамиз.
– Бу ҳар қалай қизиқ гаплар. Фақат, нега буни менга айтаётганларингни тушунмаяпман. Уларнинг менга тегадиган эски ёзишмалари қолганми ёки кундаликлари борми? – Ринатнинг аччиғи кела бошлади, Дима хўмрайди. Нонушта ҳам насия бўлганди…
– Ҳалок бўлган Владимир Глущенко Украинанинг энг бадавлат одамларидан бири эди, – Иосиф Борисович жилмайганча тушунтиришда давом этди, – камтарона ҳисоб-китобларга кўра ҳам Шарқий Европаниннг энг бой одамлари сирасига киради. “Форбс” журнали мол-мулкини уч миллиард доллар атрофида баҳолаяпти. Яна, – қўшимча қилди Плавник, – мана бу учта суратни кўринг.
У стол устига биринчи суратни қўйди. Бу Петр Григорьевичники эди. Ёш, чиройли, қаҳрамонлик юлдузи қадалган полковник кийимида. Иккинчи суратдан семиз башарали, кўзлари чақчайган Аркадий Глущенко қараб турарди. Ниҳоят учинчи сурат эса олигарх Аркадьевич Глущенконики экан. Суратларга қаралса, ҳаммаси аён бўлар – олигарх мўйлов қўйса, Петр Григорьевич Полищукка қуйиб қўйгандек ўхшар, ўғли эканига ҳеч қандай шубҳа қолмасди.
Ринат оғзини қийшайтириб тиржайди. Суратлар ҳар қандай далилдан ишончлироқ эди. Ўртага узоқ сукунат чўкди, буларнинг ҳаммасининг ўзига қанақа алоқаси борлигини тушунмаган Ринат лабларини ялади.
– Унинг ўлимидан сўнг Антибда вилла, Лондонда ҳашаматли уй, Моквада квартира ва дача, Монреалда квартира, Киевда алоҳида иморат, учта компанияда акциялари ҳамда бир ярим миллион долларлик кўчмас мулки қолди, – ҳикоясини давом эттирди Плавник. -Ҳозир франциялик адвокатлар Швейцария ва Багам оролларидаги аллақандай ҳисоб рақамларининг кимга тегишли эканини аниқлашмоқда. Бу ҳисоб рақамларидаги пулнинг миқдори ҳам миллиард долларга етиши, ҳатто, ошиши мумкин. Ушбу ҳисоб варақаларисиз ҳам акциялар билан қўшганда шерикликда бошқарилаётган маблағларнинг ўзи икки миллиард доллардан кўпроқни ташкил этмоқдаки, бунинг ҳаммаси қонун бўйича асосий меросхўр бўлмиш сизнинг ҳисобингизга, яъни синглисининг ўғлига ўтиши керак. Тушунаяпсизми гапимни?
– Икки миллиард доллар? – бу шу даражадаги афсонавий бойлик эдики, умуман тасаввурга сиғмасди. Бунақа воқенинг содир бўлишига ишониш ҳам мумкин эмасди. Бу – ўзга сайёрликни кўриш билан баробар эди.
Дима унинг биқинига оғритадиган даражада туртди.
– Нега қотиб қолдинг? Бу ўша ярим йил олдин газеталар ёзишган Глущенко-ку. Биз ҳам Антибдаги портлаш ҳақида ёзганмиз, маҳаллий мафиянинг қасоси дейишганди. Сен уни эслашинг керак. Дунёнинг ишларин қара. Демак, у сенинг қариндошинг бўлган экан-да. Ғаройиб-а…
– Бу фақат кўчмас мулкнинг нархи,– суҳбатга аралашди Леклрек. У французча оҳангда рус тилида яхши гапирарди. – Бизнинг тахминимизча, марҳумнинг ҳисобида яна бир миллиардга яқин пул бўлиши керак. Тоғангиз ўзининг бемаъни ўлимидан олдинроқ тўрт юз миллион доллар турадиган Запорожец металлургия комбинати акцияларининг бир қисмини сотган. Пул унинг Нассаудаги банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилган бўлса-да, кейинчалик негадир ўзга ҳудудлардаги бошқа банкларга тушган бўлиб чиқди. Биз ҳозирги пайтда сизга тақдим этиш учун ўша ҳисоб варақаларининг изини қидираяпмиз. Гап шундаки, жаноб Глущенко Франциянинг фуқароси эди, шу важдан унинг пулларини излаш билан биз шуғулланишга мажбурмиз.
Ринат ниманидир сўрамоқчи бўлиб оғзини очди, сўнг ёпди. У ҳеч нарсани тушунмасди. Уч миллиард доллар. Ақлинг бовар қилмайди. Бу – ҳар қандай шароитда ҳам унинг қўли етиш мумкин бўлмаган ўзга бир олам эди.
3 боб
У бир дақиқалар чамаси тек қотди. Французлар сабр билан унинг ўзига келишини кутишарди. Ҳатто Дима ҳам анг-танг қолиб, бошини чайқашдан нарига ўта олмасди. Унинг калласи ҳам бунақа катта миқдордаги бойликни ўзига сиғдира олмаётганди. Чунки, ўзининг Глущенко ҳақида нималарни ёзганини яхши эсларди. Ўша кимса тўқсонинчи йиллар поёнида Украинада пайдо бўлган янги олигархлардан бири эди. Газеталарнинг таъкидлашича, марҳум бойлик бобида Шарқий Европанинг энг қудратли мулкдорлари сирасига кирадиган медиа-магнат Рабиновичдан ҳам, Украинанинг собиқ президентига куёв бўлмиш Пинчукдан ҳам устун турарди.
– Мен нима қилишим керак? –кутилмаганда сўрди Ринат.
– Меросни олишингиз керак, – жилмайди адвокат сўзининг таъсиридан завқланиб – сизни топиш учун уч ой сарфладик-ку. Ҳеч ким жаноб Глущенокнинг шунақа қариндоши, сиздек ҳақиқий жияни борлигини хаёлига ҳам келтирган эмас.
– Тушунарли,– деди Ринат жимиб қолган Димага кўз қирини ташлаб. У ҳамон нима қилишни била олмай ўтирарди. Иккаласи ҳам ўзини йўқотиб довдираб қолган, аллақачон нонуштани ҳам эсдан чиқариб, ҳозирги вазиятда ўзларини қандай тутишни билолмай гаранг бўлишаётганди.
– Франция қонунларига кўра меросдан катта миқдорда солиқ тўлашингиз лозим,– тушунтирди Леклерк сукунат чўзилиб кетганини сезиб, – бундан ташқари, барча кўчма мулкларни сизнинг номингизга расмийлаштиришимиз керак. Бу узоқ давом этадиган жараён ва бир неча миллионга тушади. Шунча пулингиз борми?
– Бир неча миллион доллар?
У яна Димага қаради, демак, сариқ чақа ҳам ола олмайди. Ҳеч қанақа мерос ҳам тегмайди.
–Менинг ҳеч нарсам йўқ, – деди ҳорғин оҳангда Ринат, – мен солиқларни ҳам, харажатларингизни ҳам толай олмайман. Ўйлашимча, миллион долларим йўқлиги сизларга ҳам яхши маълум.
– Ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, –дарҳол тинчлантирди Плавник, – сизнинг таниқли журналист эканингиздан, ишингизни яхши кўришингизданн хабаримиз бор. Ҳоҳласангиз, ўз касбингиз билан бемалол шуғулланишингиз мумкин. Балки Францияга кўчиб ўтарсиз, бу ҳам сизга ҳавола. Гап шундаки, ҳужжатлар расмийлаштиргунча, сиз меросга тегадиган уйда яшаб турсангиз ҳам бўлади. Марҳумнинг қариндоши сифатида. Ҳаммаси тўла расмийлашгандан сўнг эса ушбу кўчма мулкни нима қилиш ўзингизнинг ихтиёрингизда.
– Тушунарли, -деди Ринат. – Мен у ерга қандай бораман?
–Сизга қандай қулай бўлса шундай боринг, хусусий рейсга буюртма бериб, самолётда учсангиз бўлади. Глущенконинг шахсий самолёти бор эди, лекин сотиб юборган.
– Менинг шахсий самолётим йўқ, – асабийлашди Ринат, назарида уни масхара қилишаётгандек эди.
– Мсье Шарипов, – гапга аралашди бошқа адвокат, – сиз билан тил топишамиз, деган умиддамиз. – У рус тилида жуда ёмон гапирар, фамилияси ҳам кулгили эди Дрюмо. Дрюмо-трюмо…
– Албатта. Фақат, аввал самолёт сотиб олай, бир неча миллион доллар топай кейин… виллани қаерда, дедингиз… ўша ерга кўчиб бораман.
– Антибда.
– Худди ўша ерга кўчиб ўтаман. Менга қаранглар, нега чақирдинглар ўзи?
Учала адвокат бир бирига қараб олди. Сўнг Плавник тантанали тарзда деди:
– Сизнинг муаммоларингизни яхши биламиз, жаноб Шарипов. Қидирув ишлари ва керакли ҳужжатларни расмийлаштириш, яна бошқа ваколатларни амалга оширишга кетадиган харажатлар учун пул керак. Шунинг учун амакингизнинг бутун мероси сизга ўтгунга қадар, кундалик эҳтиёжингизга сарфлаб туришингиз учун унча катта бўлмаган миқдорда пул бериб турамиз. Афсуски, акцияларни расмийлаштиририш одатдагидан кўра сал кўпроқ вақтни олиш мумкин. Гап бениҳоя катта маблағ хусусида кетаётгани сизга тушунарли бўлса керак, деб ўйлайман.
–Тушунарли. Хўш, қанча бермоқчисизлар? – Гап бир неча минг доллар ҳақида кетаётганига Ринатнинг ишончи комил бўлиб, ҳозирги ночор ҳолатида бу ҳам катта бойлик эди.
–Ўттиз миллион евро. Бошланмасига бўладими? – сўради Плавник.
Ринат қайта сўрашга чўчиди. Томоғи бирдан қуриб қолди. Бир нарса дейиш ўрнига, тўсатдан қаттиқ йўталиб юборди. Дима кифтига мушт туширди. Плавник маъданли сув шишасини очиб, стаканга қуйди-да Ринатга узатди.
– Буни ичиб, ўзингизни босиб олинг, -маслаҳат берди адвокат.
–Раҳмат. – У ҳамон йўталарди. Ўттиз миллион евро! Бу – долларга чаққанда қанча бўлади? Ҳозир евро доллардан қиммат шекилли. У хорижий валютларнинг аниқ нархини эслайолмасди. Тахминан ўттиз беш ёки ўттиз саккиз миллион доллар бўлса керак. Наҳотки, шунча пул беришса?
–Биз тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргунимизча, бугунчалик бошқа ишларингизни йиғиштириб турарсиз, деб умид қилсам бўладими? – сўради Леклерк.
Бу нусхалар яна сўраб ҳам қўйишади-я?
–Бўлади,– Ринатнинг овози аранг чиқди.
–Фақат битта шарт билан, – гапга аралашди Дима, -балки, бу ерда қорнимизни ҳам тўйдирарсизлар?
–Албатта, – жилмайди Плавник. – Истаган ресторанингизнинг номини айтинг, буюртма берамиз, тушликни шу ерга келтиришади. Ўйлашимча, жаноб Шариповдек бадавлат кишинин Москвадаги ҳар қандай зўр ресторанда тушлик қилишга ҳаққи бор.
–Шошманглар, – хўмрайди Ринат.– Айтган миллионларни қаёқдан оласизлар? Менга қарзга бераяпсизларми? Кейин қайтариб тўлайманми?
–Мутлақо. Бу– расмийлаштириш учун ҳеч қанақа ҳужжат талаб қилинмайдиган, Франция банкларидан бирининг ячейкасида сақланаётган. пулингизнинг бир қисми, холос. Уни бемалол олиш ёки бошқа ҳисоб рақамига ўтказиш ўзингизнинг ихтиёрингизда.
– Амаким шунча миқдордаги маблағни нақд пул ҳолида сақлаганми? – ажабланди Ринат.
– Фақат, беш миллон евро нақд пул тарзида сақланган. Қолгани эса чеклар ва ҳисоб рақамларига жойланган. Бояги нақд пулнинг ҳисоб рақами эса ячейка эгаси номига ёзилган. Бу пул амакингиз учун арзимас нарса ҳисобланган. Ахир, қарийиб уч миллиард доллари бор одам учун, ўттиз миллион доллар бойлигининг атиги бир фоизи бўлади-да. Шундай эмасми?
Ринат унинг гапини маъқуллаб калласини ирғаркан, боши ғувиллаб кетаётганини сезди. Ҳамма нарса мутлақо кутилмаганда рўй бераётган эди. Яна йўтал тутди.
–Балки, йўталингизни босиш учун конъяк ичарсиз? –таклиф қилди Плавник
–Майли, – Ренатнинг овози эшитилар-эшитилмас чиқарди.
–Менга ҳам қуйинг,– илтимос қилди Дима
–Жаноб Сизов сизнинг юристингиз бўладиларми? –сўради Леклерк.
– Йўқ. Ҳа. Вой, Худойим нималар деяпман, ўзи? У… у менинг маслаҳатчим бўлади, – Диманинг ўзига тикилиб турганини сезиб, Ринат ғўлдиради.
Плавник қўнғироқ қилгач, бир дақиқа ўтар-ўтмас котибаси патнис кўтариб кирди. Келтирилган ичимлик қимматбаҳо француз коньяги эди. Ринат бунақа шишаларни ҳозиргача фақат киноларда кўрганди. У қадаҳни сипқорди. Умрида бунақасини татиб ҳам кўрмаганди.
–Паспортингиз ёнингиздами?– суриштирди Леклерк.
–Ҳар доим ўзим билан олиб юраман, –Ринат чўнтагидан паспортини чиқарди.
Унинг ярим татар қони соҳиби сифатида гоҳида ҳужжат кўрсатишни талаб қиладиган милиционерлар билан тўқнашиб туришини французлар билиш шарт эмас. Зеро, у шу важда кўпдан бери Россия фуқароси бўлса-да, Москвада рўйхатда турса-да, СССР журналистлар уюшмасининг аъзолик гувоҳномаси билан биргаликда паспортини ёнида олиб юришни маъқул кўрарди. У паспортини чиқарар экан, бирдан Лиза эсига тушди.
–Айтгандай, бир нарсани аниқлаб олсам бўладими? –деди у шу заҳоти Плавникка қараб.– Мобода мерос менга теккудек бўлса, қонунга кўра уни собиқ хотиним билан бўлишишим шартми? Ёки барча пуллар менга ўтадими?
–Расман ажрашганмисизлар? –суриштирди Плавник.
–Аллақачон. Эски уйимдан рўйхатдан чиқмаган бўлсам-да, кўпдан бўлак-бўлак яшаймиз.
– У ҳолда барча мерос сизга ўтади ва бўлиниши мумкин эмас. Чунки, сиз уни ажрашишгандан кейин олаяпсиз. Қолаверса, бу биргаликда ишлаб топилган мулкка кирмайди. Модомики, ўша ерда яшамаётган, хотинингиз билан биргаликда рўзғор юритмаётган экансиз, қаерда рўйхатда туришингизнинг меросга ҳеч қандай дахли йўқ.
– Шуниси етмай турувди ўзи, – минғирлади Ринат. Катя учун, албатта, пул беради, лекин Лиза бир чақа ҳам ололмайди. Собиқ хотининг шунақа бойвачча меросхўрдан ажрашганини ўйлаб қанақа изтироб чекишини тасаввур қилиш Ринатнинг дилига хуш ёқарди.
***
Ҳужжатларни расмийлаштириш ҳийла чўзилди. Бир даста қоғозларга имзо чекишига тўғри келди. У имзолашдан олдин ҳар бирини диққат билан ўқиб чиқди. Чунки, қаршисида турган учала адвокатнинг ҳам ушбу ишдан иложи борича манфаатдор бўлиш йўлида жон куйдираётганликларини тушуниб турар, чунки, ҳужжатлардан бири адвокатларга меросдан икки фоиз тегишини кўрсатмоқдайди.. Икки фоизни пулга чаққанда қанча бўлишин ҳисоблаб кўриб, “ўҳ” деворди.
–Иштаҳалар карнай-ку, оғайнилар, – деди у асабийлашиб ва ручкани жойига қўйди.
–Бу адвокатларнинг одатдаги қалам ҳақи, – деди Плавник.– Мен, масалан, тўрт фоизгача ҳақ оламан. Гоҳида, беш фоизга ҳам чиқади. Сизнинг вазиятингизда мероснинг умумий миқдоридан келиб чиқиб, икки фоизга розимиз. Сизга масалаҳатим, барча қоғозларнинг иложи боирча тезроқ имзоланг. Жаноб Дрюмо ва Леклерк Францияда ўз соҳасининг энг омилкор ва машҳур мутахассислари ҳисобланишади. Омадингиз келганини қарангки, ишингиз билан шундай инсонлар шуғулланишаяпти.
–Мен бу пулга юристларнинг бутун бир армиясини ёллашим мумкин,– ғудурлади Ринат. У ўзининг кимлигини ҳис эта бошлаганди.
– Ёлланг,– розилик билдирди Плавник,– лекин, унгача меросингиздан ҳеч вақо қолмайди. Киевдаги кошона ва Лондондаги уй аллақачон сотувга қўйилган. Чунки, хизмат ҳақи, газ, электр қуввати учун қарзлар осмонга чиқиб кетган. Хизматчиларнинг маоши тўланмаган. Киевда саройда қўриқчилар, уй хизматчилари, ошпаз ва фаррошлардан иборат ўн икки киши хизмат қилади. Агар иш бундан буён ҳам шундай кетаверса, сизга ҳеч нарса қолмайди. Менимча, қашшоқ бўлиб ўтиргандан кўра, икки фоизнинг баҳридан ўтганингиз яхшироқ.
Бу нусха гапига ўзгаларни ишонтиришгнинг жа ҳавосини олган экан. Ринат қоғозларни ёнига тортиб, имзолашга тушди. Дима дўстнинг ҳолига саросимага тушган ҳолда қараб турарди.Кейин ўзни тута олмай ёнига келди.
– Булар сени чув туширишади, -шивирлади у Ринат томонга энгашиб, –юрагим сезаяпти, катта пулга туширишади. Ҳозирча қўл қўймай турсанг бўларди.
–Хўш, нонуштангни нима қиламиз? – зарда аралаш сўради Ринат. –Ёки энди тушликка розимисан? Ёнимда бор-йўғи уч юз доллар қолган. Агар менга ҳозир минг доллар беришса, ҳар қандай қоғозга қўл қўйишга тайёрман.
Леклерк унинг гапини эшитиб тургандек:
–Пулни олиб келиш учун аллақачон банкка одам кетган. Кундалик сарф-харажатларингиз учун ҳозир уч юз минг доллар келтиришади. Айтгандай, сиз пулингизни долларда оласизми ё еврода бўлгани маъқулми?– деди.
-Долларда оламан, – хўрсинди Ринат, худди, елкасини босиб турган тоғ ағдарилгандек. – Қолган пулларни қачон беришади?
–Биз сизга чек дафтарини берамиз ва банк ячейкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни номингизга расмийлаштирамиз, –тушунтирди Леклерк. –Пулингиздан эртаданоқ фойдаланишингиз мумкин. Ҳозирча сизга беришимиз мумкин бўлгани шу. Қолган пуллар билан компаниянинг акциялари текширувни тугатганимиздан кейингина сизга ўтади.
–Унда кутиб тураман, – қарор қилди Ринат олийҳимматлик билан.
Тушликни қандайдир машҳур япон ресторанига буюришган экан. Суси ва сасими солинган қутиларни кўриб, Дима ҳаяжондан қийқириб юборди. Тўғри, ароқ йўқ эди, ҳатто, саке ҳам айтишмапти, номардлар. Плавник эса иш пайтида, шунда ҳам, фақат, мижозларга бир қадаҳ конъяк таклифи қилиш билан кифояланар экан.
Учрашув кечки соат олтигача чўзилди. Ҳамкорлар эртага эрталаб учрашиб, қолган ҳужжатларни кўздан кечиришига келишдилар. Икки ошна маҳкамадан чиқишганда қош қорайиб қолганди. Куз пайти Москвада шом эрта тушади. Ринатнинг қўлида пул солинган кичикроқ халтача бор эди. Дима содир бўлган воқеадан ҳамон эсанкираб турган Ринатни туртди
–Тентакнинг тилаги рўёбга чиқди. Сен энди миллионерсан.
– Миллионер бўлишни орзу ҳам қилганим эмасман,– тан олди Ринат . – ҳатто, нима қилишимни ҳам билолмай гаранг бўлиб қолдим.
–Эртага сенга Москвадаги квартиранинг калитини беришади, бемалол кўчиб ўтишинг мумкин, – эслатди Дима, – Бундай олганда, сен оддий миллионер эмассан, миллиардерсан. Бўлажак, албатта. Тасаввур қиласанми, бу ҳақдаги илк кечинмаларингни ёзсанг, қанча қалам ҳаққи олишинг мумкин? Мен нималар деяпман ўзи? Қандайдир ахмоқона гапларни айтаяпманми? Сен қалам ҳақини нима қиласан? Ҳозир ҳар қандай газетани, ҳар қандай журнални, ҳар қандай журналистни сотиб олишга қурбинг етади. Бор бойлигингнинг тушадиган фоизнинг ўзи Москвадаги жами журналистлар топадиган пулдан кўп бўлгач, қалам ҳаққини бошинга урсанми? Эшитаяпсанми гапимни?
–Эшитаяпман.
Улар Диманинг “тойчоғи” ёнига ўтиб, машинага ўтиришди.
–Балки, ҳозир тўппа-тўғри бориб, сенга машиналарнинг энг зўрини сотиб олармиз,– таклиф қилди Дима.– Кейин Лизани йўқлаймиз. Аламидан ёрилиб ўлсин.
–Кераги йўқ. Уйга кетдик. Чарчадим. Уйқум келаяпти.
–Доимо шунақа қиласан. Бори-йўғи бугун миллионер бўлдинг-у, дарров ўзгардинг қолдинг.
–Кечқурун Оксана келадиган эди.
–Кел, унга қўнғироқ қиламиз, – қувониб кетди Дима, – қай аҳволга тушишини тасаввур ҳам қилаоласанми?
–Ҳожати йўқ. Кейинроқ ҳаммасини ўзим айтиб бераман унга.
Дима чор атрофга бир қараб олиб, машинасини юрғизди.
– Дунё тасодифларга тўла, деб шуни айтишади-да, – Дима ҳамон ҳаяжонланини босолмасди, – мана сен Оксана билан ошиқ-маъшуқсан. Бобонг ҳам бир пайтлар Оксана деган аёл билан шакаргуфторлик қилган. Балки, ўша кампир сенинг Оксананинг бувисидир?
– Бўлиши мумкин эмас, Оксананинг бувиси Харьковда яшайди.
–Барибир қизиқ-да…
–Қолаверса, ўша Оксананг ҳалиги омборчи туфайли бобомдан кечган, – уқтирди Ринат хомуш тортиб.
–Балки, ҳомилдор пайтида бобонгнинг ўзи ташлаб кетгандир?– эътироз қилди Дима.
–Бобом тўғрисидаги бўлмағур гапларини бас қил.
–Мен ҳеч нарса деганим йўқ. Шунчаки ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлади-да. Қара-я, менинг йўлимни кесиб ўтмоқчи, уриб олишимга сал қолди.
Ринат ўтиб кетаётган “ Волга” тарафга қараб ҳам қўймади. У ўз ўйлари билан банд эди. Дима ҳозир ҳис-ҳаяжонга берилишнинг мавруди эмаслигини англаб, жимиб қолди. Ринатнинг уйига етиб келишгач, ҳарқалай ўзини тутиб туролмади:
–Балки, уйга бирга чиқармиз? Ўзингни қандай ҳис қилаяпсан?
–Чидаса бўлади, – ҳазиллашди Ринат, – мендан хафа бўлма, Дима. Ҳалигача ўзимга келаолганим йўқ. Ҳозирча ёлғиз қолганим маъқулга ўхшайди.
– Уйингга мустаҳкам эшик ўрнатиш керак, – тиржайди Дима сумкага ишора қилиб. – Сенинг ўрнингда бўлсам, эртагаёқ уста чақириб, янгисини қўйдирардим.
–Эртага бошқа уйга кўчаман,– эслатди Ринат, –Умуман олганда, ўзимни ҳеч нарса бўлмагандек тутишим керак. Кун бўйи мен билан бирга бўлганинг учун раҳмат. Эрталаб сени кутаман. Бундай пайтда ёнимда бўлганинг яхши-да.
–Келаман, – деди Дима. – Ҳозир эса қандай қилиб тўйиб ичсам, нима бўлганини унутсам, деб ўйлаб турибман. Агар бу воқеалар тушимда содир бўлса эди, уни ҳаётимдаги энг ғаройиб туш, деб ҳисоблаган бўлардим. Бунинг устига бировларнинг олдида лаққиллаб юбормаслик учун тилимни тийиб туришдек азобга ҳам чидашим керак.
–Бу ҳақиқатан ҳам оғир азоб бўлади сен учун, – деди Ринат машинадан тушиб, эшикни қарсиллатиб ёпаркан.
Йўлакка қадам қўйган заҳоти, бурнини жийирди. Илгари бу ернинг бунчалик бадбўй эканини сезмаган экан. У пул тўла сумкасини тутиб, зинапоядан кўтарилди. Эшикни очиб уйга кирди-да, кийим илгич ёнига сумкани улоқтириб, йўл-йўлакай ечинганча, хонага кирди. Катга ўтириб, атрофига назар ташлади: бурчакда ўртача катталикдаги телевизор жойлашган, эски мебель, ўзининг иш столи, компьютер, принтер, оҳори кетган дарпардалар, сарғайиб кетган қандил – ҳаммаси ўша-ўша. Наҳотки, унинг ҳаётида ғайритабиий эврилиш юз бериб, бутунлай бошқача шароитда яшайдиган даври бошланган бўлса? Шу лаҳза эсига пул тушиб қолди. Ўрнидан турди-да, йўлакка чиқди. Сумкани хонага олиб кирди. Юз долларлик пачкалар айқаш-чуйқаш бўлиб ётарди. Битта дастани олиб, ўрамини йиртди. Қаради. Энди бир умр пул хусусида қайғурмаса ҳам бўлади Саёҳат қилиши, дунёдаги энг ғаройиб масканларни томоша қилиши, меҳмонхоналарнинг сарасида яшаб, энг ҳашаматли ресторанларда яйраши мумкин. Қимматбаҳо ва ноёб китобларни ўқишга, дунёнинг донғи кетган донишмандлари билан суҳбат қуришга, Тибетга боришга, Қуддиси шарифни кўришга, Римни томоша қилишга қурби бемалол етди. Ҳатто, энг моҳир меъморларни таклиф қилиб, ақл бовар қилмайдиган мўъжизавий иморатларни бунёд этса ҳам бўлади. Ўта ақлли китоблар ёзиши ҳам мумкинки, уларнинг чоп эттириш учун ҳомий ва ношир излаб тентирамайди… Ринат қўлидаги даста пулни столга қўйди-да, сумкани жавонга тиқди.
Қандайдир беъмани нарсалар хаёлга келади-я, ижирғанди у. Қўлимга пул тушса бас, дарров қандай қилиб совуришни ўйлайман-а. Йўқ, бу маблағни қандайдир самарали ишга сарфлашим керак, қалами ўткир журналистларнинг бошини қовуштириб, янги журнал очсам, Димани бош муҳаррир қилиб қўйсам ҳам бўлади. Лекин, Диманинг раҳбарликка уқуви йўқ, бош маслаҳатчи бўлиши мумкин, жамоага раҳнамоликни эса бошқа бировга юклатиш лозим. Ринат кулимсиради. Яхшиямки, хаёлидан кечган фикрларни Дима эшитмайди, акс ҳолда ўлгудек хафа бўларди.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Ринат бугун Оксана келадиган кун эканини эслади. Соат саккиз бўлаётганди. Бўлажак даромадини тақсимлаш билан ҳаддан ташқари чалғиб кетипти, чамаси. У ўрнидан туриб, эшикни очишга борар экан, кечки овқатга ҳеч нарса олмаганини, ҳатто, уйида нон ҳам йўқлигини эслади.
Оксана кирасолиб одатдагидек яноғидан ўпди. Қиз новчагина бўлиб, Ренатдан ҳам баланд эди. Бежирим юзли,мовий кўзли, бурни салгина танқайган бўлиб, сомонранг узун сочларини тепасига бир тутам қилиб тугиб юрарди. Ўтган йили продюссер ҳузурида танишганларидан бери Ринатнинг уйида учрашиб туришарди.
Қиз одатига кўра ошхонага ўтди. У ишдан чиқиб келиб, одатда кечки овқатни шу ерда қилар, агар Ринатнинг пули бўлса, бирор ёққа боришарди. Бу сафар ҳам ошхонага кира солиб, музлатгични очди, шу заҳоти ўша томондан норози қичқириғи эшитилди:
–Музлатгичнинг бўм– бўш-ку. Тоза адои тамом бўпсан ўзинг ҳам. Наҳотки, бугун ҳеч нарса келтирмаган бўлсанг? Ёки уйдан чиқмадингми?
–Чиқдим. Аммо, ҳеч нарса олганими йўқ, – Ринат ошхонага биттагина калта иштонда кираркан, ланжлик билан қизнинг гапини тасдиқлади.
–Кейинги пайтда бутунлай ақлдан озаяпсан, -деди Оксана музхонани қарсиллатиб ёпар экан.– Ҳатто, қаймоғинг ҳам ачиб қопти. Пишлоқ бўлса бужмайиб, малларанг бўлиб ётипти, ҳолбуки оқ бўлиши керак. Нонинг ҳам йўқми?.
–Йўғ-а,– ғудранди Ринат.– Ишим кўпайиб кетди, ўзим ҳам уйга ҳозиргина келдим.
Қиз чойнакни ўтга қўйиб, газни ёқди. Яна ошхонага кўз ташлади.
–Сен уй хизматчиси олишинг керак,– деди Оксана курсига ўтираркан,– –ошхонанг ивирсиб кетипти. Ейдиган ҳеч вақонг йўқми?
–Ширин кулча бор, – эслаб қолди Ринат.– Жовонда Даниядан келтирилган бир қути ширин кулча турипти.
–Йўқдан кўра, шу ҳам бўлади.
Қиз ширин кулчани келтириб, ўзига чой қуйди.
– Қачонгача шу аҳволда яшамоқчисан?– сўради Оксана Ринатга қараб.
У ўзини қиз олдида яланғочдек тургандек ночор ҳис этарди. Елкасини қисди. Ринатнинг ҳозир гаплашишга ҳоҳиши йўқ, фақат, қизнинг силаб-сийпашига, танасини бағрига босишга муштоқ эди.
–Ётоқхонага юр,-таклиф қилди Ринат, – сени соғиниб кетдим.
Қиз унинг овозидаги зорланишни пайқамади. Афтидан, жуда оч эди, балки, йигитнинг лакаловлигидан дили озор чеккандир. Ахир, Оксананинг келишини биларди, ҳеч бўлмаганда нон олиб келса, эгнига у-бу нарса илиб олса бўларди-ку.
–Шошилма, – деди Оксана унинг таклифини рад этиб.
–Ичкарига кирайлик, -яна такрорлади Ринат,– сенга айтадиган бир дунё гапим бор.
– Яна тўшагингга тортаяпсанми? – Қизнинг овозида ижирғаниш бор эди. – Шунча ётганимиз етар. Ўртамиздаги бунақа мужмал муносабатга чек қўйсак ҳам бўлар, сен нима дейсан? Тўғриси, бугун сенга шуни айтиб қўйиш учун келгандим.
–Тушундим. Кечки овқатни тушириб, хайрлашмоқчи бўпсан-да.
–Киноя қилма. Бир хилдаги ҳазилларинг ҳиқилдоғимга келди. Сен лоқайд ва тўнгфеъл одамсан. Менга кўпинча ёнингда бировнинг бўлиш– бўлмаслигининг фарқи йўқдек туюлади. Сени ҳеч ким қизиқтирмайди…
–Менимча, жанжаллашадиганга ўхшаб турибмиз, – ғамгин жилмайди Ринат.– Жаврашни бас қил. Сенга айтадиган гапим шунчалик кўпки, юр ётоқхонага ўтайлик. Сенга қўлимни ҳам тегизмайман…
–Текизганингда ҳам қўлингдан ҳеч нарса келмайди. – Қиз чойини ичиб тугатди-да, пиёлани ювмасдан токчага қўйди, ширин кулчали қутини ёпди, – Бугун ҳайз кўрганман. Шунинг учун кечириб қўясан. Қолаверса, орамизнинг аллақачон бузилиб бўлганини тушуниб қўйсанг, ёмон бўлмасди. Бугун олдингга атайлабдан шуни айтиш учун келувдим.
–Биласанми, бугун қанақа ғалати воқеа содир бўлди, -суюнчилади Ринат, – бобомнинг ҳам Оксана исмли севгилиси бўлганини билиб қолдим. Кейин ажрашиб кетишган…
–Афтидан, бобонг ҳам аёллар бобида сенга ўхшаган лапашанг бўлган ўхшайди, – деди Оксана пинагини бузмасдан, сўнг курсидан қўзғолди. -Уйингда иккита китобим ётипти. Олиб кетсам майлими? Менимча сен “Да Винчи сири” ва янга қандайдир китоб олувдинг.
Қиз уни айланиб хонага ўтди. Ринат ўгрилиб, индамасдан ортидан эргашди. Токчада қиз айтган иккита китоб ётарди. Оксана китобларни оларкан, кўзи стол устидаги тахи бузилган пулларга тушди.
–Бунча пул қаёқдан келди? – ҳайратга тушган Оксана Ринат томонга қаради.
– Келди-да…– Йигит қизга нима деб тушунтиришини билолмасди.
–Қалам ҳаққингми?– жилмайди қиз, -Табриклайман. Бу сен учун катта бойлик-ку. Шинамроқ бошқа бир уйни ижарага олсанг, эгни-бошингни эпақага келтирсанг ҳам бўлади.Бу ерда бир неча минг доллар бўлса керак. Энди сен бадавлат одамсан, аммо, ландовурлигинча қолибсан.Уйингда ҳатто ноннинг ҳам йўқ. Мен пулсиз қопти-да, деб ўйласам, бу кишим бир даста долларни қучоқлаб оч ўтирибди. Шунақаям ахмоқлик бўлдими?
–Оксана, – йигит сўнгги бор қиз билан гаплашишга уринди.
–Бас қил, – қиз Ринатга андак жирканиш билан қараганди, бу уларнинг ораси очиқлиги ҳақида айтилажак ҳар қандай сўздан кўра ишончлироқ таъсир қилди. Зеро, эркак киши билан суҳбатлашаётган аёлнинг чеҳрасида шунақа ифода пайдо бўлдими бас, бу – уларнинг муносабати бутунлай барҳам топганини билдиради.
–“Миллионлар”ингни ақл билан харажат қилишга ҳаракат қил, – деди қиз масхараомуз оҳангда, уни туртиб юборгудек бўлиб, даҳлизга ўтаркан.
Ринат қизнинг ортидан тикилиб қолди.
–Китоблардан бирида қандайдир доғ бор,– деди хайрлашар чоғда Ринат,– олиб келганингда шундай эди.
–Бу бизнинг биргаликдаги ҳаётимиздаги сўнгги доғ бўлиб қолади, деган умиддаман, – қиз шундай мушкул пайтда ҳам ўзида ҳазиллашишга куч топди. –Хайр, Ринат. Ўзинг яхши йигитсан-у, жуда пандивақисан-да. Яна нон олиб келиш эсингдан чиқмасин. Ҳозирча.
–Омадингни берсин.
Йигитнинг сўз оҳангидаги нимадир қизни ўгрилиб қарашга ундади:
– Раҳмат, – у Ринатга тикилди,– Бундан кейин меҳмонлар олдига бунақа либосда чиқма.Хайр.
У эшикни секин ёпиб, уйдан чиқди. Ринат ёлғиз қолди. Хонага кириб стол устида ётган даста пулга қаради. Сумкага кўз ташлади.
– Менинг “миллионерлик” ҳаётим шу тарзда бошланди, – у паст овозда ўз ҳолига шарҳ берган бўлди,– яъни, шод-хуррамлик билан деса ҳам бўлади.
У қайрилиб, чўмилиш хонасига ўтди. Негадир соқолини қиртишлагиси, худди Оксанадан сўнг яна кимдир йўқлаб қоладигандек ювингиси келиб кетди.Лекин, ушбу тунда уни бошқа ҳеч ким безовта қилмади.
4 боб
Эрталаб уларни олиб келиш учун Плавник ўз машинасини жўнатди. Дима “Мерседес”га ўтирган заҳоти, “машинада чексам бўладими?” деб сўради. Ҳайдовчи кечирим сўраб, хўжайини одатда чекмаслигини айтди. Дима ҳафсаласи пир бўлиб тиржайди.
Плавникнинг маҳкамасида уларни франциялик адвокатлар кутиб туришарди. Уларни биринчи қаватда кутиб олган кечаги аёл бугун ниҳоятда хуштавозе эди. Бу сафар у қўнғир костюм, тиззаси етмайдиган юбка кийиб олганди. Ҳатто, бу гал ўзини таништиришни ҳам лозим кўрди.
–Исмим Тамара, –деди у Ринатга, – Иосиф Борисовичнинг ёрдамчисиман.
– Танишганимдан хурсандман, -Ренат шундай дер экан, чиндан ҳам кийимларини янгиламаса бўлмаслигини пайқади. Бирор ёққа кириб қимматбаҳо костюм, пойабзал, кўйлак, галстук, ҳатто ёмғирпўш олиш керак. Аммо, бу ишни кейинроқ қилишга тўғри келади.
Плавникининг иш бўлмасида французлар бир тўп қоғозни тайёрлаб туришган экан. Ҳаммасини қайтадан ўқиб, имзолашга тўғри келди. Барча ҳужжатлар икки тилда – французча ва русча тайёрланганди. Ринат яна бир бор хусусий адвокат ёллаш зарурлиги тўғрисида ўйлади. Жилла қурса, ҳуқуқшунос маслаҳатчи олиши керак. Дима бекорчиликдан кофе аралаш коньякни ҳўплаб, адвокатнинг иш бўлмасини кўздан кечирди, ёқимтойгина котибасига кўзини қисиб кўрди. Барча юмушлар соат учларда ниҳояига етди.
–Мен сизга ўзимнинг битта ходимини бераман, – деди Плавник.– Уйни ва Рублевкадаги далаҳовлини кўрсатади. Калитларини олиб беради. Уйда ҳамма шароит муҳайё, бугуноқ кўчиб ўтсангиз ҳам бўлаверади. Дала ҳовлининг озроқ муммоси бор. Ўша ерда сизга тушунтириб беришади. Эртага “Национал” меҳмонхонасида кечки овқатни сиз билан биргаликда баҳам кўрамиз. Роппа-роса соат еттида. Биз сизни кутамиз… Бу – бир қисми ишга бағишланган зиёфат бўлади, гап шундаки, биз у ерга Глущенко билан шерикликда Украинадаги бир неча корхоналарнинг акциясини тассарруф қилиб келган иккита ҳамкорингизни ҳам таклиф қилмоқчимиз.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.