Электронная библиотека » Чингиз Абдуллаев » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:21


Автор книги: Чингиз Абдуллаев


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +

–Майли, – рози бўлди Ринат, бунақа нозик тарзда ўч олиш унга ёқиб тушганди.

Дима эски машинанинг техник паспорти ва калитини эсанкираганидан афти чинакамига бужмайиб кетган автомарказ ходимига бергани кетди. Бироздан сўнг тиржайиб қайтди.

–Ҳозир машиналаримизни салондан олиб чиқишади, – маълум қилди у,– кейин мен ўз машинамнинг рулига ўтирман. Ҳозиргина янги давлат рақамларини олиб келишди. Сенинг “эсминец”ингни (ҳарбий денгиз кемасига ишора-тарж.) эса ҳовлингга олиб бориб қўяверишсин. Қаерда яшашингни эшитиб, Саша нақ ақлдан озай деди.

Бемаҳалда келиб, энг зўр машиналарни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган баҳода сотиб олаётган бу йигитларнинг мафиячилар эканига Сашанинг мутлақ ишонди. Чунки, улар савдолашиб ёки худди шу русумдаги, аммо, сал эскироқ машинани олишса, қанча арзонга тушишини суриштириб ҳам ўтиришмади. У ўзининг яқинда бошланган хизмати даврида бунақасини биринчи бор кўриб турарди.

Дима эски “саккизлиги”нинг ичидан қандайдир қоғозларни, буюмхонасидан кичикроқ қутини олиб, “Ауди”сига қўйди. Сўнг ғолибона қиёфада рулга ўтирди-да, сигналини чалиб, Ринатга манзират қилди:

–Қани, ёнимга ўтир.

Улар секинлик билан йўлга тушишар экан, Ринат ортга қараб автомарказ ҳапйдовчилари ўзининг машинасини янги ҳовлисига ҳайдаб кетишаётганини кўрди. Ринат иккита автомобилнинг ўзига жуда қимматга тушганини ўйлади. Аммо, Диманинг бахтиёр чеҳрасини кўриб, сарфлаган пулини эсдан чиқарди. Ахир, дўстини хурсанд қилиш ҳар доим ҳам насиб қилавермайди-ку.

–Мен ўлгудай очқадим. – деди Дима, – Бундан буён бу чиройли ўйинчоқни аяб, оғзимга бир қултум ҳам ичимлик ололмасам керак. Энди буни ўзим юваман, гаплашиб ўтираман, севимли аёлга қўйгандек, чиройли исм ўйлаб топаман. Ёмғир ва қор тагида ивиб қолмаслиги учун устига ёпинчиқ оламан.

–Янги жазман орттирдинг қўйдинг,– илжайди Ринат.– Хўш, қаёққа борамиз?

–Бирорта клубга кирайлик. Ўшанақа жойларни яхши биламан. “Царевич” га ҳоҳишинг қалай? Кўпдан бери бормоқчи бўлиб юрувдик-ку. Шу баҳонада бойваччаларнинг тараллабедод ҳаётига мослашамиз.

“Царевич” Москванинг марказидаги машҳур клублардан бўлиб, у ерга одатда “ишкаллар”, деб аталадиган, пойтахтдаги таниқли ва бадавлат кишиларнинг болаларини тўпланишарди. Клубга кириш пуллик бўлиб, юз долларга яқин турар, шунинг учун унча-мунча одамнинг қурби етмасди. Бундан ташқари, фақат, клуб аъзоларигина иштирок этадиган ёпиқ базмлар пайтида бегоналар киритилмасди. Агар клубга аъзо бўлмаса, одатда журналистларни ҳам қўйишмасди. “Ишкаллар” уларни ёқтиришмас ва ўз давраларида кўришни исташмасди. Бунинг устига журналист аҳлида бунақа қимматбаҳо даргоҳга киришга етадиган пул ҳам бўлмасди. “Царевич”даги оддий базм ҳам уч юздан минг долларгача тушарди. Қимматбаҳо сигаретлар, сара конъяклар, ноёб виноларни татиб кўришни истаган киши эса бир неча минг долларнинг ташлаб кетиши мумкин бўлган бунақа даргоҳга йўлашга оддий журналистнинг чўнтаги ночорлик қиларди.

Ринат хурсандчилик билан розилик билдирди. У қачондир машҳур эстрада гуруҳининг йигитлари қизларини етаклаб ёнларидан ўтишганда, ўзларини ёпиқ базмга қўйишмаганини эслар экан, аламдан чиқиш кези келганини ўйлаб, мамнун жилмайди. Дима эса таниқли рассомлар асарлари намойиш қилинадиган кўргазмаларнинг бадавлат соҳиблари томонидан берилган махсус таклифномалар билан бир неча бор “Царевич”га кириб чиқишга улгурганди.

Бунақа шоҳона машина билан “Царевич”га ташриф буюришгандан сўнг уни ҳеч қанақа хижолатсиз ҳовлисига қўйишса ҳам бўлаверарди. Ринат бир неча даста пулни олиб, чўнтакларига жойлади. Кейин ўзининг эгни-бошига ва Диманинг бесўнақай оғир ботинкаларига қаради.

–Балки, уйга бориб, чиндан ҳам кийиниб келармиз, – бу гал таклиф Ринатнинг ўзидан чиқди.

–Кераги йўқ,– деди Дима –шу туришимизда қизиқроқ бўлади. Анавилар бизларни базми жамшидларига адашиб кириб қолган жулдурвоқилар, деб ўйлай қолишсин. Лекин, сен машина сотиб олишни бас қил, акс ҳолда бугуноқ бор пулимизни тугатиб қўямиз.

–Пулимиз тугамайди, – деди Ринат ишонч билан,– ёнимда чек дафтарим ҳам бор.

–Унда ҳам анча пул борми?

–Айтмайман. Ўзинг Плавникнинг олдида мен билан бирга эдин-ку.

–Сизларнинг гап-сўзларингиз умуман қулоғимга киргани йўқ. Конъяк қўшилган уч пиёла каҳвани ичувдим, негадир мудроқ босди. Шунга қарамасдан, машинани қанақа қилиб қойил мақом ҳайдаётганимни кўрмайсанми?

–Зўр ҳайдаяпсан. Айтгандай, конъякни ичганинг тонг-азонда эди -ку.

–Яна қаҳва билан аралаштирувдим. Тўғри, анча вақт ўтди. Лекин, хавотир олма, клубда маъданли сув ичиб, мўъминтой бўлиб ўтираман.

Ринат унинг қарорини маъқуллаб, бош ирғади. Йигирма беш дақиқадан сўнг улар клубга етиб боришди. Тўхташ жойида уларнинг машинасига ҳайратланиб қарайдиган кимса бўлмади. Чунки, шунга ўхшаш, бундан-да ғаройиб, энг антиқа русумдаги машиналар бу ердан ҳеч қачон аримас, пойгабоп “Феррари”дан тортиб, ҳашаматли ”Роллс-Ройс”гача кўриш мумкин эди. Дима билан Ринат Машинадан тушиб, клуб томон боришаркан, олдиларини иккита қўриқчи тўсди:

–Бугун ёпиқ базм бўлаяпти,– деди калта сочли, узун бўйли, малла соқолли қўриқчи, – Аъзолик чипталаринг борми?

–Йўқ,– деди Дима жилмайиб, – лекин, билишимча, кўпинча чипта ўрнига бошқа қоғоз ҳам ўтиб туради, шекилли. Яъни, кўкиш ранглиси.

–Йўқ, ўтмайди,-деди қўриқчи совуқ оҳангда. – Айтдим-ку, бу ёпиқ базм, деб. Ишларингни қилинглар, йигитлар.

–Юз доллар берсак-чи?– қизиқсинди Ринат, – ўшанда ҳам қўймайсизларми?

Қўриқчи ночор кийинган бу ҳовлиқмаларга очиқдан-очиқ нафрат билан тикилиб турар, уларнинг миниб келган машинасига кўзи тушмаганди. Ҳозирги кўринишлари эса бир мирилик ҳурматга ҳам арзимасди. Бунинг устига юз доллар, дегани бундай масканлар учун кулгили бўлиб, эшик оғаларига бериладиган чой-чақага тенг эди. Шу боис у бериладиган садақани менсинмасдан йигитлардан қутилишга уринди.

–Кетинглар бу ердан, – буюрди у. – Борадиганг манзилларингдан адашипсизлар.

Ренат бу масканда нарх-наво бошқача эканини дарров фаҳмлади. Боя Петровскийдаги савдо растасидаги матоҳларнинг баҳосини, марҳум қариндошининг хонадонидаги дабдадабани кўргани туфайли, “ишкал”лар ҳаёт тарзининг кўламини дарров англади.

–Минг доллар,– деди у жойидан қимирламай.

Айни дамда қўриқчиларнинг юзи ҳайратдан ўзгариб кетганини кўриб турарди. Уларнинг бир-бирига қараб олгани кўнглида хуш ёққанидан яйраб кетганини ҳис этди. Қўриқчилар чеҳрасида ҳайрат билан манманлик, сурбетлик билан хушомадгўйлик қоришмаси мужассам эди. Энди бунга ҳам кўникишга тўғри келади. Унга ҳалитданоқ таклиф қилаётган пулининг миқдорини эшитган кимсаларнинг қай тарзда ўзгаришини кўриш лаззат бағишлай бошлаганди. Шунинг учун аниқ-таниқ қилиб қўшимча қилди:

–Ҳар бирингизга минг доллардан бераман.

Қўриқчилар яна бир бор бир бирларига қараб олишди. Тўғри, бу даргоҳга машҳур шахслар, айниқса, уларнинг актрисаларни, мода юлдузларини, жазманларини, ҳатто оддий фоҳишаларни бошлаб келадиган фаозандлари кўплаб келиб туришарди. Лекин, икки минг доллар-а! Ҳалигача ичкарига кириш учун бунақа пул тўлайдиган валломат учрамаганди. Шунақа кимса бўлиши мумкинлигин, ҳатто, хаёлларига ҳам келтиришмаганди.

–Икки минг доллар, деяпсизми? – пичирлаб қайта сўради биринчи қўриқчи. Букчайганидан бўйи ҳам кичрайиб кетди.

Ринат чўнтагини кавлади-да, айтган пулини узатди. Қўриқча ола олиб, чўнтагига тиқди:

–Киринглар, – деди у, – Фақат, тезроқ бўлинглар.

Кенг-мўл даҳлизда меҳмонларга юзларида табассум порлаб турган икки нафар қиз пешвоз чиқди. Дима ўзининг устки кийимга бир қараб олди-да, ечинмасликка қарор қилди. Ринат эса калта ёмғирпўшини ечиб, қизларга узатди. Жўралар клубга киришди. Катта зални эгаллаган меҳмонлар унчалик кўп эмас, элликтача бор эди. Саҳнада машҳур қўшиқчи аёл ўз машшоқларининг жўрлигида қўшиқ куйлар, меҳмонларнинг айримлари рақсга тушса, кўпчилиги столлари атрофида ўтиришарди. Ёшгина қизлар ва йигитларда иборат официантлар меҳмонларга хизмат қилиш билан банд эди. Дима билан Ринат бўш столлардан бирини эгаллашлари билан, мовий костюмдаги ёқимтой қиз уларнинг олдига етиб келди-да, таомномани узатди:

– Бирор тансиқ нарса буюрадиларми? – сўради у жилмайиб.

Ринат таомномага кўз ташлади. Бирортасининг нархи кўрсатилмаганди. Афтидан, клуб аъзоларини егулик-ичгуликларнинг баҳоси қизиқтирмас, улар учун пул масаласи умуман муаммо саналмасди.

–Бизга ўзларингнинг хос коктейлларинг билан бирга бирорта салат берсангиз,– деди Ринат, – кейин бу ерда тансиқ ҳисобланган бирорта егулик ҳам келтиринг. Дўстим эса машина ҳайдайди, унга алкоголсиз ичимлик берасиз.

–Хўп бўлади, –қиз жилмайган куйи таомномани қайтариб олиб кетди.

Бир дақиқа ўтар-ўтмасдан узунчоқ қадаҳлар ва мўл-кўл қилиб салат солинган улкан лаганларни келтирди. Ринат мамнун бўлиб бош ирғади. Атрофига синчиковлик билан назар солиб, айрим кишиларни таниди. Қўшни столда бир қиз билан таниқли артистнинг ўғли ўтирарди. Наригисида эса сиёсат оламида шуҳрат қозонган бир арбобни эслатадиган йигит ўтирар, ўша зотнинг қариндоши бўлса ҳам ажаб эмасди. У мода юлдузларини эслатадиган қора танли қиз билан улфатчилик қилаётганди. Бу масканда кишини ҳайратга соладиган бирорта ғайритабиийлик сезилмас, худди Англия ва Германиядаги қадимий клублардаги сингари осойишта вазият ҳукмрон эди. Ринат кириш учун беҳуда катта харажат қилишганини ўйлади. Салатлар, гарчи, хуштаъм бўлса-да, бошқа жойлардагидан унчалик фарқ қилмас, коктейл ҳам ўша-ўша, кўнгил очаётган хушбичим қиз-йигитларнинг ҳам, кунда кўриб юрадиганларидан ортиқ жойи йўқ. Таниқли қўшиқчи аёлга жўровоз чолғучилар ҳам оддий одамлар. Кўпчиликнинг бу ерга нега шу даражада ишқибозлигини тушунарсиз ҳол эди. Коктейл манзур бўлганидан, яна бир бор буюрди-да, зарб билан сипқорди.

Ринатнинг кўзи пойтахтда жиноий можораларга иштиёқмандлиги билан шуҳрат қозонган йигитнинг кирганига кўзи тушди. Таржима ҳоли доғ-дуғ бўлиб кетган бу кимса Давлат Думаси депутатлигига сайланишнинг ҳам уддасидан чиқипти. Уни бир нечта дўстлари кузатиб келишарди. Залнинг тўрида аллақачон тузаб қўйилган дастурхон ёш депутат ва унинг меҳмонларини бу ердагилар яхши билишини сездириб турарди.

–Менга маъқул келдими бу ер? – сўради Дима.

–Ёмонмас, – елкасини қисди Ринат, –бу клуб атрофида нега шунча шов-шув кўтаришларига тушунмадим, холос.

–Лондондаги “Голливуд сайёраси” ресторанида бўлганмисан? –тўсатдан сўраб қолди Дима.– Сенга ўхшаб, мен ҳам бормаганман. Айтишларича, ҳожатхонада аёллар ва эркаклар атир– упасининг ҳамма туридан бепул фойдаланилармиш.

–Нима бўпти?

–Ҳожатхонага кирсанг, тушунасан. Фақат, анқайиб қолма, чўчиб ҳам ўтирма.

Ринат ўрнидан туриб, ҳожатхонага йўл олди. Зинапоядан тушиб, эшик олдида сочлари ёғдан ялтираган йигитга дучор келди. Бу нусха уни жилмайиб қаршилади-да, сўради:

–Бир ўзингизмисиз?

–Ҳа, – ҳайрон бўлди Ринат. У қачондан бери ҳожатхонага жуфт-жуфт бўлиб кириш русумга кирганини сўрмоқчи бўлди-ю, савол бермасликка қарор қилди.

–Кўнгил очмоқчимисиз

ёки ҳожатга к

и

рмоқчими

си

з

?– суриштирди ҳалиги

ялто

қ

и

йигит.

–Кўнгил очмоқчиман.

–Ундай бўлса, йўлакнинг охирига боринг, – йўл кўрстади маҳаллий “Вергилий”.

Ринат йўлкнинг поёнига етди-да, дуч келган эшикни очди. Бу ерда ҳеч ким йўқ эди. Шинамгина хонага кат қўйилган, кичик стол билан кўзгу бор, холос. У атрофига аланглади. Эшик очилиб қирқ ёшлардаги ёқимтой аёл кирди. Бежирим тикилган тим қора кўйлагига қараб, уни шоҳона рақс базмидан чиқиб келаяпти, деб ўйлаш мумкин эди.

–Бир ўзингизми?– ҳайрон бўлди буниси ҳам. Афтидан, бу ерга, фақат, жуфт-жуфт бўлиб киришадиганга ўхшарди.

Ринат жавоб бериб ўтирмасдан, бош ирғаб қўяқолди.

–Бирортасини киритайми? – аёл Ринатга тикилиб турарди,– мен сизни илгари ҳеч кўрмагандим. Клубимизга аъзомисиз? Чиптангиз борми?

–Албатта, бор-да, – кулди Ринат, –бўлмаса мени қўйишармиди? Энг зўр чипта бизда-да.

–Нечанчи рақамли? –суриштирди аёл.

Ринат бир даста юз долларликни чиқариб, аёлга чўзди. Унинг юзига табассум ёйилди, пулни олди.

–Ҳақиқатан, ҳам энг зўр рақам экан, –деди аёл, –кимни киргизай?

–Танласам бўладими?

–Сиз имтиёзли чиптага эгасиз, – тушунтирди аёл заррача хижолат чекмасдан, – бемалол танлайверинг. Огоҳлантириб қўяй, “чипта”нгизни бизнинг ходимларга, балки, ходималаримизга ҳам кўрсатишингизга тўғри келади. Буёғи сизнинг ихтиёрингизда.

–Тушундим, – бош ирғади Ринат, – хўш, кимни таклиф қилай?

– Йигитлардан бўлсинми ёки қизлар керакми? Кимни ҳоҳласангиз, ўша киради. Биттами, иккитами, учтами, истаганингизни айтишингиз мумкин.

–Майли, қизлардан бўлақолсин, – деди Ринат, –битта, йўқ, иккитасини киритинг.– Кейин ҳеч қачон бирданига икки нафар аёл билан муомала қилмаганини эслаб қолди. Бир синаб кўриш керак. Ёки бояги коктейл миясига урдимикин?

Аёл унинг иккиланаётганини сезди, чунки, бу борада кўзи пишиб кетганди. Шу боис юзига ёйилаётган кулгуни базўр яширди.

–Кута туринг, –дея хонадан чиқди.

У катга ўтириб, атрофга кўз ташлади. Қаердадир суратга оладиган махфий камера бўлиши мумкин. Ёш ”ишкал”ларнинг бутун қилиқлари суратга олинса, кейин ота-оналарини тилини қисишда фойдаланиш мумкин-да. Майли, уни ҳам суратга олишсин. Ўзиям зўр беҳаё фильм чиқади-да.

Эшикни таққилатмасдан икки нафар аёл кириб келди. Ринат уларга қараб туриб, умрида биринчи марта шу қадар соҳибжамол аёлларга дуч келганини ўтказди. Улардан бири ёнига келди.

–Учта нол, – тушунтирди у, – англагандирсан?

–Олдида бири биланми? –аниқлик киритишга уринди Ринат.

–Икки ёки уч бўлса ҳам бўлаверади. Бу сенинг биздан нима талаб қилишингга ва саховатингга боғлиқ. Қолганини эса ўзимизга қўйиб беравер.

–Келишдик, -розилик берди Ринат. Катта бойлик анвойи лаззатлар бахш этиши мумкинлигига у яна бир бор амин бўлди. Афсуски, Оксана билан оралари тўғри келмади. Қиз унинг гапини эшитиб ҳам ўтирмади-я.

У танасига икки жуфт қўл ёпишаётганин сезиб, кўзини очди. Наҳотки, бу ўзи бўлса? Куни кеча бунақа вазиятга тушиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилаолмасди. Битта хонада уч кишининг шунақа иш билан шуғулланиши, йўқ, тўғри келмаскан. У шимини ечишаётганини пайқаб, шиддат билан ўрнидан турди-да, катга ўтириб олди.

–Керакмас,– деди у. – Бунақаси менга тўғри келмайди. Кечирсизлар-у, лекин, биттангиз чиқиб кетинг бу ердан. Акс ҳолда бу аёл киши билан мулоқат эмас, нақ отбозорнинг ўзи бўларкан.

Аёллар бир бирларига қараб кулишди.

–Иккаламизга пул тўлаш малол келаяптими?– сўради биринчиси, –Ёки бошқа муаммонг борми?

–Йўқ, бунақасини истамайман, – тушунтирди Ринат –ҳеч қачон иккита аёл билан бирданига алоқа қилмаганман. Менимча, бу унчалик тўғри эмас. Аниқроғи, умуман нотўғри қилиқ. Жуда хунук кўринаяпти. Бирингиз чиқиб туринг… Сизларни шу иш билан шуғулланишга мажбурлаш менга жуда ноқулай....

Бу сафар иккала аёл ҳам хохолаб юборди

–Тентаквой, -деди иккинчи аёл уни катга чўзилишга мажбур қиларкан, -Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ. Биринчи марта ҳамма ҳам уялади. Кўзингни юмиб, мазза қилавермайсанми? Айримлар шунақа роҳат қиладики…

–Жин урсин барини,– кўнглидан ўтказди Ринат алам билан, – ҳаётда ҳамма нарсани татиб кўриш керакка ўхшайди. Қандай шармандалик! Наҳотки, бу хонимчалар бир-бирларидан ҳам уялишмаса? Шуям ёшлар клуби бўлди-ю? Энди бу ҳақда ўйлашнинг нима ҳожати бор…?”

Бир сониядан сўнг у ҳамма нарсани унутди. Ниҳоят, бир соатлар ўтиб, ўрнидан турди. Уйчанинг ёнида ваннахона ҳам бор экан, аммо, Ринат бу “номсиз қаватда” ҳаддан ташқари узоқ қолиб кетганини эслаб, чўмилиб ўтирмади. Уни кутавериб Диманинг ҳам тоқати тоқ бўлгандир? Ялтоқи йигитчанинг ёнидан ўта туриб, терс қаради.

–Кечирасиз, – деди ҳалиги нусха сурбетларча тиржайиб, – биздаги ҳожатхоналарнинг ҳаммаси пуллик.

Ринат у томонга ўгрилди. Чўнтагида майда пули бўлмаганидан, юз долларликларни чиқарди-да, биттасини стол устига қўйди.

–Адашмасам, бизнинг хизматимиздан икки карра фойдаландингиз, шекилли, – хушомад билан жилмайди ёш таъмагир.

“Яхшиям, “иккита қанжиқдан” демади”– қаҳр билан ўйлади Ринат ва стол устига яна битта қоғоз қўйди. Кейин тезда тепага кўтарилди. Дима ресторон ошёнасида қандайдир бир қиз – афтидан, клуб аъзоларидан бирининг тавсияси билан, аммо, ҳамроҳсиз кириб қолган “ишкалой” билан суҳбатлашиб ўтирарди.

–Қалай экан, ёқдими? – сўради Дима.

Ринат елка қисди. У икки аёлга қарийиб уч минг доллар сарфлаганини айтиб ўтирмади. Илгари бу пулга бир йил тирикчилик қилар, ҳатто, ўзидан орттириб қизига ҳам бериб турарди. Гарчи, бу тарздаги тантибойваччалик дилига хуш ёқса-да, барибир таъби тирриқ бўлди. У бундан кейин шу тоифадаги аёллар учун минбаъд пул сарфламасликка аҳд қилди.

У ҳали олдинда нималар кутаётганини билмасди. Жўралар клубда ўтиришган кезларида аллақандай номаълум кимса Киевга қўнғироқ қилиб:

–Марҳум Глущенконинг жиянини топишибди,– дея хабар берди.

–Унинг ҳеч қачон жияни бўлган эмас, – қатъият билан жавоб қилди Киевдаги кимса, – Владимир Аркадьевчининг ёлғиз синглиси икки йил бурун Монреалда вафот қилган. У ҳам бефарзанд бўлган.

–Жияни бўлмаган бўлса, энди топилди. Франциялик адвокатлар барча ҳужжатларни ўша нусханинг номига расмийлаштириш учун тайёргарлик кўришяпти. Барча пул ва акцияларни ўшанинг номига ўтказишаяпти.

–Жин урсин, – сўкиниб юборди Киевдаги киши,– бизга шуниси етмай турувди ўзи. Амакимизнинг ўша қариндошига тегишли барча маълумотларни аниқлагинда, тезликда жўнат. Қаёқдан пайдо бўлиб қопти у? Нега ҳамма нарсани унинг номига ўтказишаяпти? Балки, оддий лўттибоздир? Ахир, мен марҳумнинг ҳеч қанақа жияни йўқлигини аниқ биламан. Умрида бунақа қариндоши бўлмаган.

–Менга ҳам ярим соат олдин хабар беришди. Французларнинг келганига эса анча бўлди. Улар Глущенконинг синглисининг ўғлини топишипти. Айтишларича, уларнинг отаси бошқа киши экан. Ирсият бўйича экспертиза ўказишиб, қон гуруҳига кўра Аркадий Глущенко Владимир Аркадьевичнинг отаси эмаслигини аниқлашипти.

–Бу қанақа бемаънилик? Пули тўланса, бу шоввозлар ҳар қандай кишини қариндошга айлантириб қўйишади-я. Гап миллиардлаб долларлар ҳақида кетаётгандан кейин ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Россиядан илгари ҳам ўзини қариндош қилиб кўрсатувчи бунақа сохта ворисларлар кўп чиққан, қаллобларнинг уруғи ҳозир ҳам кам эмас. Яна бир марта текшириб кўриш керак.

Учинчи бор коктейл буюрган Ринат ўзини ҳалок бўлган олигарх билан боғловчи қариндошлик ришталарини аниқлаш учун қанақа қудратли кучлар майдонга тушаётганини хаёлига ҳам келтирмасди.

6 боб

Улар янги уйларига бемаҳалда қайтишди. Сотиб олинган машина ер ости гаражига қўйиб қўйилган эди. Жўралар ўн саккизинчи қаватга кўтарилиб, келишиб ўтирмасданоқ битта хобхонага киришди. Ва иккаласи ҳам хохлаб юборишди. Содир бўлаётган воқеалар улар учун ҳамон тушда кечаётганга ўхшарди. Шунинг учун ҳам иккаласи ғайришуурий тарзда ушбу қўш қаватли ҳайҳотдек уйда бир-бирига мадад бўлишга уринаётган эканлар. Кейин ўзларини нақадар ахмоқона тутаётганликларини англаб, иккаласи бошқа-бошқа хобхоналарга йўл олишди. Ринат ечиниб ётоғи билан туташ ваннахонага кирди. Кўзгудаги аксига қаради. Клубдаги қилмишлари бир варакайига эсига тушиб, ўз-ўзидан хижолат тортди.

– Бойваччалар ҳаётиининг турган-битгани шармандалик-ку, ошна, –шивирлади у кўзгудаги аксига қараб.

У тосга тушгач, ванна ёнига ўрнатилган мураккаб ва нотаниш сув очиш ускунасини ишга солиш учун узоқ тимирскиланди. Бир амаллаб совуқ сувни очди-да, муздайлигидан бақириб юборишига сал қолди. Чўмилиб бўлгач, яланғоч ҳолича ҳозирлаб қўйилган тўшакка ўтди. Чойшабни очиб, икки кишилик улкан кароватга чўзилди. Уйқусида кўп безовталаниб, тез-тез уйғонишга тўғри келди. Уйга ўрнатилган иситиш тармоғини ишлатишни ҳали билмагани боис совқатиб чиқди. Шунинг учун ҳам бошини кўрпага ўраб олишга тўғри келди.

Эрталаб уйғонганида қаерда эканлигини бирданига англай олмади. Хобхонага, ўрин-жойга ҳайрон бўлиб тикилди. Кейин қаерда тунаганини эслаб, ўрнидан турди-да пастга тушди, ошхонага ўтди. Музлатгични очди. Бўм-бўш. У музхона эшикни ёпаркан, кулимсиради. Оксана ҳақ чиқди. Егулик ҳақида кеча ўйлаш керак эди. Ландовурлигининг касрига уйда нон ҳам, чой ҳам, музлатгичда ёғ ҳам, пишлоқ ҳам, умуман ҳеч вақо йўқ эди. У хобгоҳига қайтди. “Кийиниб, нонга боришим керак”,– ўйлади Ринат. Бирдан кулгиси қистади. Унинг нонга ўзи югуриши, нонуштага нима олиш ҳақида бош қотиришига ҳожат йўқ-ку. Қўнғироқ қилса бас, олиб келиб беришади. Яхшиси, бу юмушлар билан муқим шуғулланадиган бирортасини ёллаш керак. “Дима ҳали уйқуни ураётганга ўхшайди, -хаёлидан ўтказди Ринат, -қизиқ, нонушта келтиришлари учун қаерга қўнғироқ қилса бўларкан?”

У қайтадан пастга тушиб, маъданли сув шишасини олди. Бунақа бадавлат хонадонда очдан ўлиш ғирт тентаклик эди. Бунинг устига сумкасида бир талай пул турса. Аммо, қаёққа бориш керак? Яхшиси, бирор жойга қўнғироқ қилсамикин? У ўйини охирига етказмасдан Диманинг шарпаси эшитилди. У ваннахонада илиғлиқ кўкиш халатлардан бирини елкасига илиб олган эди.

–Хайрли тонг, –Дима кирасолиб, унинг тўшагига ўтириб олди, – бошим ўлгудек оғрияпти, – нолишга тушди у.

–Кеча бир қултум ҳам ичганинг йўқ-ку,– ҳайрон бўлди Ринат.

–Шунинг учун ҳам оғрияпти-да, –тумсайди Дима. –Улкан даҳмада ётган ўликдек ҳис қилдим ўзимни. Ҳувиллаган уйинг бирам совуқ. Жимлигини айтмайсанми, яқин минг километр атрофда бирорта тирик жон йўққа ўхшайди. Топган ғоринг менга сираям ёқмаяпти.

–Менга ҳам унча ёқаётгани йўқ, – тан олди Ринат. –Нега бу халатни кийдинг?

–Ваннахонада осилиб турган экан.

–Борда, жойига илиб қўй. Балки у ҳалок бўлган беканикидир, елкангга илиб олганингни қара.

–Э, ҳеч ҳам кийилмаган, бутунлай янги.

–Бу ерда эски нарсанинг ўзи йўқ, –эътироз билдирди Ринат. –Мен бўлсам, эртами, кечми, адвокатлар қўнғироқ қилиб, хато қилишганини, ҳалок бўлган кимсанинг менга ҳеч қанақа тоға эмаслигини айтиб қолишлари мумкинлигидан хавотирдаман.

–У ҳолда фурсатдан фойдаланиб қолишимиз керак, – жазм этди Дима. –Юр, нонушта қилиб олайлик.

Шу лаҳзада телефон овози эшитилди. Жўралар бир-бирларига қарашди. Ҳеч ерда телефон ускунаси кўринмасди. Кат ёнидаги деворда телефоннинг сурати бор эди, холос. Ринат бир нуқтани босганди, шу заҳоти Тамаранинг жарангдор овози эшитилди:

–Хайрли тонг, жаноб Шарипов. Нонушта қилиб бўлдиларингми? Мен сизларни олиб кетгани йигитларни бошлаб келдим.

–Қанақа йигитларни? –тушунмади Ринат. У паст овозда айтган бўлса-да, аёл саволини эшитди. Афтидан, деворда микрофон ҳам бор эди.

–Сизнинг янги қўриқчиларингизни-да. Иосиф Борисович юборипи. Биз пастда, эшик олдида кутамиз. Уларнинг ўз машиналари бор, биз ҳамроҳлик қилишлари мумкин.

–Керакмас, – кулди Ринат.– У овознинг қаердан келаётганига, аёл уни қандай эшитаётганига тушунолмай гаранг эди. –Мен кеча тунда машина сотиб олдим. Уй тагидаги гаражда турипти. Йигитларни ўзимиз билан олиб оламиз.

–Қанақа машина? –тушунмади Тамара.– Нималар деяпсиз ўзи?

–Ўзимнинг машинамни айтаяпман. “Ауди-А8”. Гаражда турипти .

–Машина сотиб олдингизми? Қачон улгурдингиз?

–Кеча тунда. Автосалонга бордик-да, сотиб олдик.– У Димага кўзини қисиб қўйди.

–Менимча, энди ўзингизнинг кимлигингизни билаяпсиз, – деди Тамара мамнун бўлиб. -Табриклайман. Ҳозир тоғангизнинг дала ҳовлисига ўтишимиз керак. Сизни пастда кутиб турамиз.

–Ҳозир тушаман,– у телефонни ўчирди.

–Фақат, менсиз борасизлар, -деди Дима.– Икки кундан бери ишда қорамни кўрсатганим йўқ. Охир-оқибатда сен олиб берган зўр машинамни ҳам ройиш қилиб ўтирмасдан, ҳайдаб юборишади қўйишади. Менсиз кетаверинглар. Лекин, эҳтиёт бўл. Менимча, Тамара деганларини анави ўғрибашара адовкат сенга атайлабдан биркитиб қўйганга ўхшайди.

Йигирма дақиқадан сўнг жўралар пастга тушишди. Ринат янги костюм, кўйлак кийган, пойабзал ва галстуги ҳам башанг эди. Ҳовлида уларга кўзи тушган Тамара мамнун бўлиб бош чайқади:

–Бутунлай бошқа одамга айланибсиз, -тан берди у. – Бўйингиз ҳам ўсиптти. Костюм қуйиб қўйгандек ярашипти. Олдинги кийимларингизни бошқа кийманг. Менга ишонинг, ҳозирги қиёфангизда чиндан ҳам салобатли кўринасиз.

–Раҳмат. Балки, бирор жойда нонушта қилармиз?

–Дўстингиз қани? – сўради Тамара,– бугун биз билан юрмасликка қарор қилдими?

–Кечаги роса чарчаганда ўхшайди, –ёлғонлади Ринат.

Улар халта кўтарган Диманинг уйдан чиқиб, ҳовлида турган янги машина томон юрганини кўриб туришарди.У машинасига чиққач, Тамара Ринатга ўгрилди. Аёлга ҳомийлигидаги кимса, худди, унинг пулини совуриб, ўзини таҳқирлагандек туюлиб кетди.

–Оғайнингизга ҳам машинани сиз олиб бердингизми?– Тамаранинг овози титрарди.

Бу сафар қора шим ва бежирим ялтироқ куртка кийган аёлнинг қаҳри қайнаб кетаётганди. Ахир, бу янги пайдо бўлган миллиардер пулини сочишни шунчалик истаётган бўлса, ўзига катта наф келтирадиган ишларга харж қилиши ҳам мумкин эди-ку. Неча кундирки, Тамара унга тегишли ҳужжатлар устида тер тўкаяпти, бу сурбет бўлса топганини оғайнисига сарфлапти.

“Уларнинг дўстлиги бошқача шаклдамикин?– ўйлади Тамара Ринатга тикилиб. -Хотини билан ажрашган, қаерга борса, хомсемиз ошнасини ёнидан қўймайди. Балки, бу нусхага эркаклар билан алоқа қилиш кўпроқ ёқар? Шундай бўлса кўнглини олишга заррача умид йўқ. Унинг аёллардан жазмани бор-йўқлигини аниқлаш лозим. Бўлмаса керагов. Акс ҳолда, кечаёқ янги уйига олиб келиб, роса мақтанган бўларди. Унинг ўрнига манави бақалоқни етаклаб юрипти, ҳатто, машина ҳам олиб берипти.”

–У менинг дўстим бўлади, -деди Ринат. – Унга янги машина олиб беришим керак эди. Эски машинасида кўп марта жонимга ора кирган.

–Ундай бўлса тушунарли, – Тамара ўзини зўрға босиб, ўлганининг кунидан тиржайишга уринаркан.– Жуда саховатли инсон экансиз. Айтгандек, йигитлар билан танишиб қўйинг, буниси Николай, буниси Анзор. Бундан буён сизга қўриқчилик қилишади.

Ринат ўгрилиб, йигитларга кўз ташлади. Биринчиси баланд бўйли, чорпахилдан келган, кенг елкали, бурни пачақаланган кимса бўлиб, қўнғир сочлари калта қирқилган, панжалари бесўнақай, илгари бокс ёки кураш билан шуғуллангани билиниб кўриниб турарди. Иккинчиси – паст бўйли, миқтидан келган, кўзлари синчиковлик билан боқадиган қора сочли йигит эса олифталик учун қилдай ингичка мўйлов қўйганди. Иккаласи ҳам тим қора костюм кийишган. То ўзларини таништиргунларича бир оғиз ҳам миқ этишмади.

–Хурсандман, – уларнинг қўлларини қисди Ринат. – Мана машинанинг калити, ўзи эса уй тагидаги гаражда турипти.

Анзор калитни олиб, гаражга кетди. Николай эса жойидан жилмади. Ринат ҳайрон бўлиб унга тикилди.

– Энди ўрганишингизга тўғри келди, -жилмайди Тамара,– бундан кейин ёнингиздан бир қадам жилишмайди.

Машина гараждан чиқди-да, уларнинг ёнгинасига келиб оҳиста тўхтади. Николай эшикни очди. Бунақа ҳашаматларга ўрганмаган Ринат шошганидан елкаси билан эшикка урилиб, машина ичига кирди. Тамара нариги тарафдан айланиб ўтиб, унинг ёнига ўтирди.-

–Яхши машина олибсиз,– мақтаб қўйди у, катта йўлга чиқишгач,– зўрини танлабсиз. Бунақасини пулдорлар минади. Кечаси яна нима ишлар қилдиларинг?

–Машина сотиб олдик, – гапни қисқа қилди Ринат.

–Бор-йўғи шуми?

–“Царевич”да овқатландик.

–Наҳотки, ўша клубга борган бўлсангиз?– Аёл Ринатга ҳайратланиб тикилди. Бу йигит унчалик бўш-баёвларданмас, ўйлаганидан кўра бошқачароққа ўхшамайди, – Сизга ёқдими?

–Ёмон эмас,. –у       аёлнинг пастга тушган-тушмаганини сўраб қолишидан чўчиб турарди. Барибир ўша саволга тутилди:

–Пастга ҳам тушдингизми? – у аёлнинг лабларини ялаб қўйганини илғади. Афтидан, Тамарани ўша масала ўлгудек қизиқтираётганди.

–Йўқ, – ёлғонлади Ринат юзлари қизариб, – пастга тушганим йўқ.

Аёл унинг алдаётганини пайқади, бу эса кўнглига ёқиб тушди. Бу болакай ҳали катта ютуқларга эришадиганга ўхшайди. Бир кечанинг ўзида энг қимматбаҳо машина сотиб олишга, аслзодалар клубига боришга, эгни-бошини янгилашга, ўртоғига машина совға қилишга улгуриптими, демак, пулни совуришни яхши кўрадиган хилидан экан. Унинг этагидан маҳкам тутишга тўғри келади.

–У ерда кўп қизиқ нарсалар бор, – ўзини тияолмасди Тамара, –Нима сизга маъқул келмадими?

–Ёмон эмас. – Ринат терс қараб олди.

Афтидан аёл ўша клубда кечадиган фаҳш ўйинлардан яхшигина хабардорга эди. Наҳотки, бу ҳам ер тагидаги қаватга кириб чиққан бўлса? Ҳожатбарорлар унга кўнгил очиш учун йигитларни ҳам, қизларни ҳам тавсия этишлари мумкинлигини очиқ айтишди-ку. Ринат бўлса, гап фақат, хунасалар ҳақида кетаяпти деб тушунипти. Балки, бунинг ҳеч қийин жойи йўқдир, эрмакталаб хонимчалар паст қаватга тушиб, ёш “айғирлар” хизматидан баҳраманд бўлар? Аёллар борадаган ҳар қандай стриптиз-барда ўшанақа воқеалар бўлиб туради-ку. Лекин, бунақа соҳибжамол аёл ўзига муносиб эркакни “Царевич”га ўхшаган жойларнинг кўмагисиз ҳам тополса керак. Ринат Тамарага кўз қирини ташлади. Бу аёлни кўрган ҳар қандай соғлом эркакнинг ўзини томдан ташлаши мумкинлигига ишонди.

Тамара қўлидаги жилддан бир неча ҳужжатларни олиб, машинада ўқиб кетиш учун Ринатга узатди. Ринат қоғозлар билан андармон пайтида, аёл уни хушнудлик билан кузатди. Оллоҳ таолонинг назари нега бунақаларга тушаркан-а? Бошида шохи борми? Қайси каромати учун шунча катта пулга эга чиқиб ўтирипти? У шу сингари ўнлаб саволларига жўяли жавоб топа олмас, аммо, мероснинг миқдорини ўйлаганда, қалтироғигин босолмай қоларди. Бу йигит шунчаки бадавлат кимсага айланиб қолгани йўқ, у ўз-ўзидан миллион долларни ғижимланган қоғозча писанд қилмайдиган Худонинг суюкли бандалари сафига қўшилди қолди. Тамарани бундан кейин йигитнинг ўзини қанақа тутажаги ўлгудек қизиқтираётганди.

Рублевка деган мавзега эрталаб барвақт бориб, кечроқ қайтган маъқул. Бунинг аксини қилган киши, албатта, панд ейди. Ораси Москва билан шаҳарчанинг ораси узоқ бўлмаса-да, бутун дунёга номи кетган “ автомобил тиқинига” тушса бас, узоқ муддатга тутилади қолади.

Қўриқланадиган шаҳарчага қирқ дақиқлардан сўнг етиб боришди. Николай қоровулга борар манзилларини тушунтиргандан сўнг, уларни ичкарига қўйишди. Бу ерда оддий икки қаватли уйларни дарахтлар ва буталар қуршаб олганди. Бунақа уйларда олий мартабали мансабдорлар ва эски тузумни емирган долғаларнинг биринчи тўлқинида пайдо бўлган олигархлар яшашарди. Кейинчалик миллиардерга айланган устомонлар эса ер тагида илон қимирласа биладиган бунақа қўшнилардан узоқроқ бўлишга уринишар ва саройларини бошқа мавзеларда қуришарди. Бунинг устига ажратилган ер майдонининг кичиклигидан, қўшинларнинг кўзига ташланмаслик учун, ҳовли атрофини баланд девор билан айлантиришнинг ҳам иложи йўқ эди.

Машина кичикроқ кошона олдида тўхтади. Николай биринчи бўлиб тушди-да, эшикни очди. Ринат ҳам костюмининг тугмаларини йўл-йўлакай қадаб, машинадан чиқди.

–Бизни шу ерда кутинглар, йигитлар, -буюрди Тамара Ринатнинг ортидан машинани тарк этаркан.

Иккаласи уй томон юришди. Уларни эшик олдида ўрта бўйли, юмалоқ юзли, этаги ерга тегадиган қорарангли ёмғирпўш кийган олтмиш ёшлардаги аёл кутиб олди. Кейин Ринатга диққат билан тикилди, янги хўжайиннинг кўринишидан мамнунлиги чеҳрасидан сезилиб турарди.

–Хайрли тонг, Вера Николаевна, –саломлашди Тамара.– Уйни кўрсатинг-чи бизга. Мана янги меросхўр келди, хўжайиннинг жиянлари бўладилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации