Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 15 страниц)
–Қанақа ярамас, қанақ ифлос-а, – ҳиққилади Света. Бирданига эсига Ринат тушиб қолди, дарҳол йиғидан тўхтади. Йигитга тикилди. Ринатнинг чеҳрасида совуқ ифода пайдо бўлганди.
–Тўғрими шу гаплар? – сўради у.
–Ҳаммаси туҳмат,– ўрнидан турди Света.– Мени шарманда қилиш учун ўйлаб топилган ёлғони.
–Сен қайси институтга кирмоқчи бўлгандинг?
–Театр институтига, – Света довдираб қолди.
–Қайсинисига? МХАТнинг мактаб-студиясигами? Балки, ВГИКкадир? Айнан қайсисига? Ўша институт қаерда жойлашган ўзи?
Света тек қотди. Қиз узоқ алдайолмаслигини, ҳозирнинг ўзидаёқ йигитнинг ҳақиқатнинг тагига етишини бирдан англади. Қўрқувдан тили айланмай қолди.
–Банкирнинг қарамоғида бўлганинг ростми?– Ринатнинг овози этни жунжиктирарди.
–У билан биз дўст эдик,– Қиз йигитнинг албатта суриштириб кўришини билди-да, алдамасликка жазм этди.
–Машинанг борлиги ҳақида менга ўзинг айтгандинг. Буни ўша каллакесаринг совға қилганмиди?
–У каллакесар эмасди, –эътироз билдирди қиз. Кўзларига ёш қалқди.
–Лекин, унинг бўлгани рост-ку…
–Йўқ. Бўлмаган. Бўлган…
Қиз тамоман гапидан адашди. Ринат Тамаранинг барча айтганлари ҳақиқат эканини тушунди.Қовоғини солди. Илгари кўзига гўзал ва жозибали кўринган аёл тимсоли барбод бўлди. Қаршисида пул учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган, аллақачон бир неча эркакка эрмак бўлган товламачи қиз турарди. Гарчи, Светанинг ўзи учун қилмиши қоралашга арзимайдигандек, бошқа дугоналарининг шармисорликлари олдида ҳолва бўлиб кўринса-да, Ринатнинг назарида қизнинг бунақа кечмиши кечириб бўлмайдиган гуноҳдек туюлди.
–Менинг қанчалик азоб тортганимни билмайсан,– таънаомуз гап бошлади Света,– ёлғиз эдим, сенга ўхшаб миллиард долларлик меросга эга бўлмагандим. Бир амаллаб тирикчилик қилишим керак эди. Ё сен тирк қолишнинг бошқа бирор йўлини биласанми? Балки, кўчага чиқиб, фоҳишалик қилсам, маст-аласт эркакларнинг кўнглини овлаб, машиналарида айш қилсам тўғри бўлармиди? Айбим нима менинг? Банкирнинг қарамоғида бўлганимми? Каллакесар билан яшаганимми? Уларнинг пули бор эди, ўзлари ҳам ғаройиб инсонлар эди, улар билан бирга бўлиш менга ҳам яхши эди…
–Тушунарли. Демак, биринчи ўринда пул туради, дегин.
–Албатта-да. Агар бирор кимса дурустроқ иштон олиш учун ҳам пул топа олмайдиган бўлса, унақа нусха билан гаплашиб ҳам ўтирмайман…
–Ҳаммаси тушунарли. Энди жўнаб қол, – деди тўсатдан Ринат.
–Нима? – Қизга йигитнинг гапини янглиш эшитгандек туюлди.
–Бор кет. Машина пастда турибди. Қаёққа десанг, олиб бориб қўйишади.
Қиз уни аҳдидан қайтармоқчи, нималарнидир айтмоқчи, нималарнидир сўрамоққа шайланди. Бирданига йигитнинг қарори қатъий эканини ва ҳар қандай вазиятда ҳам сўзидан қайтмаслигини тушунди.
–Аҳмоқ экансан,– деди ачиниш билан Света.– Иккаламиз ажойиб ҳаёт қурган бўлардик. Янаям ўзинг биласан.
Қиз диванда ётган сумкасини олди.
–Телефоннинг яхшироғидан олиб ол, – хайрлашув ўрнида маслаҳат берди қиз,– бунақа ҳалол-покликни йиғиштир. Ҳалиги ёрдамчингни чақир, у истаган нарсангнининг ҳаммасини қилади. Мен сен учун қимматлик қиламан. Машина, уй совға қилишингга тўғри келади. Бунақа ишлар сенинг қўлингдан келмайди. Қашшоқликда кечган кунларинг ҳали ҳам эсингдан чиқмаган. Мана шу нарса сенга халақт беради. Ҳозирча…
Света ҳамон йигитнинг бир-икки оғиз сўз айтишидан умидвор эди. Шунақа ҳашаматли уйни ва ҳаддан ташқари пулдор кишини бир неча дақиқа ичида бутун ўтмишини билиб олган Тамаранинг касрига ташлаб кетиш алам қиларди. Ринат индамди. Света ўгрилиб уйдан чиқди.У ўзини тутиб, лифтдаги кўзгуга тикилди. Соч турмакларини тартибга соларкан, бу ҳам яхшиликка эканини ўйлади. Татар кўзли бу нусха кўнглига унча ёқиб, ёқмаётганди.
Қиз кетгач, уйга оғир сукунат чўкди. Ринат дераза олдига бориб, ойнага юзини босди-да, пастга қаради.
–Эҳ,сенинг ҳаммангни жин урсин,– деди убаланд овозда. Сўнг унсиз, кўз ёшларисиз йиғлаб юборди.
Кечаси билан тушига алламбалолар кириб чиқди.
16 боб
Эрталаб барча телефонлар– иккита уй телефони-ю уяли телефони баравар жиринглади. У атайлабдан бирортасини ҳам олмади. Тунда Анзорга қўнғироқ қилиб, хонандда қизни уйига элтиб қўйишни ва ўзи ҳам уйига бориб дам олавериши мумкинлигини тайинлаганди. Анзор ҳеч нарсани сўраб ўтирмади. У уйдан бир неча дақиқа фарқ билан олдинма-кетин Тамара билан Светанинг чиққанини кўрганди. Биринчиси ўзининг машнасида кетди. Иккинчиси Анзорнинг машинасига ўтирди-да, йўл– йўлакай продюссерига телефон қилиб, роса жиғиллашди. Қиз бақириб-чақириб шахсий ҳаётига дахлдор нарсалар ҳақида хеч кимнинг гапиришга ҳаққи йўқлигини айтар, продюссер эса пулдор ҳомий билан Светани тагништираман, деб алдаган қандайдир Константиннинг номини рўкач қиларди.
Анзор ўттиз бешган кирган бўлиб, сўнги саккиз йилда шахсий тансоқчилик қилиш билан машғул эди. Шунинг учун Светанинг қилиқларига парво ҳам қилмади, ҳеч нарсани суриштирмади ҳам, индамасдан уйига элтиб қўйди. Қиз машинадан тушиб, миннатдорчилик ҳам билдириб ўтирмасдан, эшикни қарсиллатиб ёпди.
Ринат расво кайфиятда уйғонди. Ваннахонага ўтиб соқолини узоқ қиртишлади, эринмасдан ювинди. Бу орада телефонларнинг басма-бас овози тинмади. У соатига қаради. Энди ўн бўлаяпти. Унинг устига бугун шанба бўлса, нимаббало ҳаммалари ақлдан озишганми? Наҳотки, Ринат Шарипов бунинг барига шунчалик зарур бўлса? У ўз чинқириғидан портлай-портлай деб турган уяли телефонига қаради. Бу матоҳнинг ўзини ҳам, рақамини ҳам ўзгартирмасам бўлмайди, яна бир бор ўйлади Ринат.
У ваннахондан чиқиб, ётоқхонага ўтди-да, катга чўкди. Атрофига кўз ташлади. Нима қилаяпти ўзи бу ерда? Қачонгача ўзининг ҳам ақли кетмайдиган тарзда кун кечириш мумкин? Сўнгги кунларда бошидан нималар ўтмади? Шу орада ўзини беш-олти ёшга кексайгандек ҳис этди. Наҳотки, бахт фақат катта пул топишдан иборат бўлса? Балки, ростдан ҳам бир ёқларга кетиворгани маъқулмикин?
У шошилмасдан кийина бошлади. Бирдан эсига кеча Талгат билан бўлган суҳбат тушиб қолди. Қизиқ, ўша йигит тоғасининг ўлимига боғлиқ ишни текшириш билан шуғулланадиган бирортасини топдимикин? Ринат телефонни олиб, Тамарага қўнғироқ қилди. Аёл ҳам унинг йўқлашини кутиб тургандек, дарров жавоб берди. Тамара ўзи чиқиб кетгандан сўнг бир неча дақиқа ўтар-ўтмас Ринатнинг хонанда қизнинг ҳам қувиб солганини эшитган, шундан шодумон эди. У ҳамма гапни уйни қўриқлайдиган навбатчилардан батафсил билиб олганди.
–Хайрли тонг,– хушнудлик билан саломлашди у.– Қаёққа йўқолиб қоласиз-а? Иосиф Борисович эрталабдан бери уйингиздаги барча телефонларга бир неча бор қўнғироқ қилди. Қандай ухладингиз?
–Кўрсатган кароматингиз туфайли уйқу ҳам расво бўлди. Қандай қилиб ҳамма гапни шу даражада зудлик билан аниқладингиз?
–Менинг ҳам ахборот оладиган тармоғим, ўзимнинг манбаларим бор,– Тамара мужмал жавоб қилди.
–Бунга шубҳам йўқ.Иосиф Борисовичнинг нима гапи бор экан?
–Бир нечта янги ҳужжатларни кўздан кечириш керакмиш. Французлар ҳам бўлади. Уларнинг сизда шошилинч гаплари бор эмиш. Эртага эрталаб улар Парижга учиб кетишади ва ўша ерда сизни кутишади.
–Нима учун?
–Франциялик адвокатлари Париждаги ишларни хал қилишда сизнинг бевосита иштирок этишингизни талаб қилишапяти. У ерда ҳам бир нечта ҳужжатларни кўриб, қўл қўйишингиз керак экан. Чунки, Глущенко расман Франция фуқароси бўлган. Қолаверса, Антибдаги виллангизни ҳам кўриб қўйишингиз лозим.Ижозат берсангиз, сиз билан бирга учган бўлардим.
–Фақат битта шарт билан. Мен ётоқхонамга қадам босмайсиз. Кейин менинг меҳмонларим ҳақида ҳар хил бўлмағур гапларни гапирмайсиз. Келишдикми?
–Айтган гапларимдан норози бўлдингизми?
–Очиғи, ёқмади. Лекин, бу норозиман деганим эмас.Францияга қачон учишимиз керак?
–Душанба куни. Чипта буюриб қўйдим. Биринчи класс бўлмасига олти чипта айтдим.
–Нега олтита?
–Сиз, мен, Иосиф Борисович билан иккита қўриқчингиз учун. Биттаси ҳар эҳтимолга қарши тура турсин. Биз ҳар доим шундай қилардик…
–Франциялик адвокатлари биз билан учмайдими?
–Бизни ўша ёқда кутишади.
–Кеча шерикларимизда бири ёнимга келди. Гребеник дегани. Менинг акцияларим ҳақида мен билан гаплашмоқчи экан. Бугун учрашсаммикин, деб турибман.
–Эҳтиёт бўлишингизга тўғри келади, –маслаҳат берди Тамара,– айтган одамингиз ҳеч балодан қайтамайдиганлардан. Икки марта судланган, лекин, ҳозир ўша ҳукмлар бекор қилинган. Унга ҳеч нарсани ваъда қилиб ўтирманг. Ҳоҳласангиз учрашувга бирга боришим ҳам мумкин.
–Керакмас, ноқулай бўлади. У яккама-якка гапиришмоқчи. Яхшиси, менга ихчамроқ, аммо, яхши диктофон топинг. Суҳбатини ёзиб оламан.
–Ўшанақаси ўзимизда бор, –деди Тамара.
–Кейин Талгатнинг телефон рақамини ҳам беринг.
–Ўзи сизни сўраётганди. Мен қўл телефонигизнинг рақамини бердим. Қўнғироқ қилиб қолса керак.
–Қўнғироқ қилган бўлиши ҳам мумкин. Барибир телефон рақамини бериб қўйинг, Гребеникникини ҳам.
Тамарадан иккаласининг рақамини олгач, Ринат биринчисиникини терди. Талгат дарҳол жавоб қайтарди.
–Яхшироқ изқуварни тополдингизми? –сўради Ринат.
–Кечанинг ўзида иккитасини топганмиз, – ҳисоб берди Талгат.– Биттаси Брюселл билан Лондонда яшаркан, иккинчисининг уйи эса Боку билан Москвада экан. Биринчисининг исми Фредрик Миллер, белгиялик, асосан Буюк Британида ишлайди. Ғарбий Европадаги энг зўр изқуварлардан саналади. Ўзимизнинг юртдаги янг яхши изқуварлар бири эса – Дронго.
–Ким экан? – унинг гапини илғай олмади Ринат.
–Дронго.Бу унинг лақаби. Ўзини шунақа аташларини ёқтирармиш. Шарқининг фарзанди бўлса-да, кўп йиллар Ғарбда яшаган. Ғарбнинг аниқлигини шарқнинг нониқлиги билн умулаштирган.Москвада ҳам уни кўпчилик яхши билади.
–Биз суриштирувни Францияда олиб боришимиз керак. Шу важдан белгиялик мутахассис бизга қулайроқ,– деди Ринат.-Миллер жанобларига қўнғироқ қилиб билинг-чи, Парижга душанба куни етиб келаолармикин? Мен тоғамни кимнинг нима учун ўлдирганини топса бўлди, ҳар қанча пул бўлса тўлашга тайёрман. Сизнинг акангиз учун ҳам, Талгат.
–Унга қўнғироқ қиламан.
–Яна бир гап. Биз билан Парижга бирга учсангиз, менимча, тўғрирорқ бўларди. Битта бўш жойимиз бор.
–Учганим бўлсин, – деди Талгат.
–Сизга яна бир нечта саволларим бор.Гогоберишвили билан қанча вақт бирга ишлашдингиз?
–Икки ярим йил.
–Сиз уни ҳалол инсон, деб ҳисоблайсизми?
Талгат индамади.
–Алло, мени эшитаяпсизми? -сўради Ринат.
–Ҳа, эшитаяпман.
–Саволимга жавоб бермадингиз-ку.
–Жавоб беришим шартми?
–Ҳа. Сизнинг фикрингизни билишим керак.
–Йўқ, у ҳалол инсон эмасди.
–Ундай бўлса, охирги савол. Тоғамни ўлдириш унинг қўлидан келармиди? Чунки, Владимир Аркадьевичнинг вафотидан сўнг у беадад катта бойликка эга бўларди-ку. Бу ҳақда нима, дейсиз?
–Йўқ, унинг қўлидан келмасди. Тоғангиздан қўрқарди, ўлгудек қўрқарди…
–Нима учун?
Талгат яна индамади.
–Биз “дим-дим” ўйнайдиган бўлсак, мен ҳеч нарсанинг охирига етаолмай қоламан, -аччиғланди Ринат.– Нега Гогоберишвили тоғамдан қўрқарди, деб ўйлаяпсиз.
–Марҳум Владимир Аркадьевичнинг таниш-билишлари беҳисоб эди, – тушунтирди Талгат, –шу жумладан, жиноят оламида ҳам оғайнилари топиларди.
–Сиз тоғамни мафия билан шерикчилик қиларди, демоқчимимиз?
–Мен унақа демадим. Бироқ, ошналари орасида мафияга алоқадар кишилар ҳам бор эди.
–Тушунарли. Акангиз тоғам билан кўпдан ишлармиди?
–Тўрт йилдан бери. Мени “Астор”га ҳам акам олиб келганди.
–Сўнгги савол. Марҳум тоғамнинг ҳамкорларидан бири бўлмиш Гребеникни яхши биласизми?
–Албатта, биламан-да. Товламачи ва муттаҳам кимса.
–Бундан ортиқ тавсиянома бўлмайди, – кулимсиради Ринат. –Иккинчи ҳамкори ҳақида нима дейсиз?
–Анча дурустроғ-у, аммо, унчалик яхши билмайман.
–Қисқа қилиб айтганда, тоғам атрофига ғирромларни тўплаб олган экан-да. Талгат яна нега жим бўлиб қолдингиз?
–Менинг бунақа дейишга ҳаққим йўқ. Сабаби, қўлимда тайинли маълумот йўқ. Бунақа нарсаларни акам яхшироқ биларди. Лекин у ҳалок бўлди…
–Тамарани кўпдан бери билсизми?
–Икки йилдан бери.
–У ҳақда фикрингиз қандай? Фақат очиғини айтинг…
–У аёлнинг қўлидан деворни ағнатиш ҳам келади. Жуда шижоатли ва ўз қудратига ҳаддан ташқари ишонган аёл.
–Янги директорингиз-чи?
–Менинг ўйлашимча ўз соҳасини пухта биладиган мутахасис ва ҳалол инсон.
–Раҳмат. Сиз машҳур фильмда айтилганидек, мулоҳаза учун мавзу топиб бердингиз. Сиздан миннатдорман. Сафарга бирга кетишимизни унутманг. Хайр.
Ринат Талгатдан ўзини қизиқтирган ҳар бир ходим хусусида батафсил суришитириб олиши лозимлигини кўнглидан ўтказди. Агар ўша ҳалокатнинг буюртмачиси ўзларининг орасида бўлса, у иккинчи зарбани беришга – марҳум Глущенконинг меросхўрини ўртадан олиб ташлашга албатта уринади.
У Гребеникка қўнғироқ қилди.
–Салом, Игнат Юрьевич, – деди Ринат таниш овози эшитиши билан,– Қаерда учрашганимиз маъқулроқ? Ҳоҳласангиз, “Астор” компаниясига бораман. Ёки Плавникнинг адвокатлик идорасида кўришамизми? Мен барибир ҳозир ўша томонга ўтаман. Москвада ҳозирча муқим жойим йўқ…
–Владимир Аркадьевичнинг ҳам муқим жойи бўлганмас. У Москвада “Астор”нинг ўзи етарли, деб ҳисобларди. Асосий ишхонаси эса Киевда, Парижда ва Сиктивкарда эди.
–Нима учун Сиктивкарда? –тушунмади Ринат.
–Ўша ердаги маҳаллий нефт компанияларининг акциялар тоғангизнинг қўлида эди, -тушунтирди Гребеник, – аммо, ўтган йили ҳаммасини сотиб юборди. Келинг, яхшиси, холироқ жойда учрашайлик, бирга тушлик ҳам қиламиз. “Шинок” деган украин ресторанини биласизми?
–Яхши биламан. Гарчи, фақат онам томондан мансуб бўлсам-да, ҳар доим ўзимни украин, деб билганман.
–Унда соат учда ўша ерда учрашамиз Фақат эшикларни адаштириб қўйманг. Кираверишнинг ўнг томонидаги французларники, чапидаги украинларники бўлади. Мен сизни украинларникида кутаман.
–Келишдик,-Ринат гўшакни қўйди.
Комидаги нефт компанияларининг акциялари эсига тушди-да, у адвокатига қўнғироқ қилди.
–Иосиф Борисович, хайрли тонг. Мен сиздани Комидаги нефт компаниясининг акциялари нима бўлганини билмоқчи эдим. У ерда ҳам тоғамнинг иш бўлмаси бўлган экан. Нега бу ҳақда менга айтмадингиз?
– Ҳозир у ерда ҳеч қанақа иш бўлмаси йўқ, – ажабланди Плавник, – тоғангиз ўтган йили акцияларини сотиб юборган.
–Нима учун?
–Мен қаёқдан билай? Буни марҳумнинг ўзидан сўраш керак бўлади.
– Нима учун нефт компаниясининг акциясини сотган экан-а? –паришонланиб савол берди Ринат.– Бир неча йилдан бери нефтнинг баҳоси геометрик прогрессия бўйича ошиб бораяпти-ку. Қилган ишларига қараганда ўта омилкор бўлган тоғам ҳеч қачон тилло тухум берадиган товуқни сўймаслиги керак эди-ку. Унга ўз компанияларининг акциясини сотишнинг нима кераги бор эди? Айниқса, нефтнинг нарх тинмай ошиб турган бир пайтда? Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди-ку?
–Мен ҳам ҳеч нарсага тушунолмай қолганман. Лекин, ҳаммасини сотгани аниқ. Ҳозир француз адвокатлари билан биргаликда тоғангизнинг турли банклардаги ҳисоб рақамларини қидираяпмиз. Шуни айтиб қўяйки, қилдиган ишларимиз ҳаддан ташқари кўп, меҳнатимиз учун бекордан бекорга ҳақ олаётганимиз йўқ.
–Бу акциялар ва компаниялар ҳақида қанчалик қўп билсам, шунчалик бошим ғовлаб кетаяпти, – иқрор бўлди Ринат.
–Ҳозирча охирига етишни бизга қўйиб беринг, -жавоб қилди Плавник.– Душанба куни Парижда бўлишимиз кераклигини сизга айтишдими?
–Айтишди. Мен ўзим билан“Астор”нинг хавфсизлик хизмати бошлиғи Талгат Қосимовни ҳам олаяпман.
–Унинг сизга нима кераги бор? –шоша-пиша сўради Плавник.– Акаси тоғангиз билан биргаликда ҳалок бўлганидан хабарингиз борми?
–Шунинг учун ҳам бирга олиб кетаяпман.
Ринатнинг асаби бузилиб гўшакни жойига қўйди-да, кийингани йўл олди. У ҳали бугунги тушликнинг ўзига насиб қилмаслигини хаёлига ҳам келтирмасди. Кийиниб, пастга тушди. Анзор билан Николай машинаси ёнида кутишарди. У машинага ўтиргач, Плавникнинг идорасига йўл олишди. Анзор орқа тарафни кўрсатадиган кўзгудан нигоҳини узмасди. Ниҳоят чидайолмади-да, Ринат томонга ўгрилди:
–Сезишимча, кимдир изимиздан тушганга ўхшайди, –деди у паст овозда.
–Аниқми? – сўради Ринат хўмрайиб.
–Аниқ, -деди Анзор, – ҳовлидан чиққанимиздаёқ пайқагандим.”Опел”да иккита йигит ўтирипти. Унчалик яқинлашмасдан, ортимиздан келишаяпти. Истасангиз, чалғитиб кетаман.
-Чалғитсанг чалғит,– деди Ринат,– Бизга бунақа бемаъни “дум”нинг асло кераги йўқ.
–Унда эҳтиёт камарини танғиб олинглар, – деди Анзор тезликни ошириб.
У муюлишлардан бирида ўнг томонга бурилиб, ўн метрлар чамаси йўл ҳаракатига қарама– қарши борди-да, қўшни кўчага кирди. Қайдандир чиқиб қолган юк машинаси уларни орқа тарафдан пана қилиб қолди. Анзор шарт қайрилди-да, машинасини бошқа тарафга ҳайдади. Николай ортга бир қараб қўйиб, кулимсиради. Бегона “Опел” узоқда қолиб кетганди.
–Зўр бўлди, –деди Ринат, –жудаям зўр.
–Машинанинг рақамини эслаб қолдим, –деди Анзор,– ҳозир Талгатга айтиб, кимнинг машинаси эканини аниқлаймиз. Милицияда яқин танишлари бор.
Остоженкога етиб олиш учун бироз айланишга тўғри келди. Бунинг устига йўл-йўлакай автомобил тиқини дуч келарди. Ринат машинада кетаётган пайтда Дима қўнғироқ қилди.
–Тунни қандай ўтказдинг, бахтиёр инсон?– сўради Дима.– Мен Света билан қандай чиқиб кетганингни кўрдим. Ҳақиқатдан ҳам орзунгдаги аёлни энди топдинг. Ҳаммаси жойида бўлдими?
–Ёмонмас, -жавоб қилди Ринат қўриқчиларига қия қараб.
–Сенинг учун хурсандман. Фақат, бир нарсани айтчи, миллион рубл ютган кимсалар бахтиёр, ҳисобланса, уч миллиард мерос олганларни нима деб атасак бўлади? Супербахтиёрми ёки гипербахтиёрми?
–Билмадим,– Ринатнинг бу мавзуда умуман гаплашгиси йўқ эди.
–Бўш келма, меросхўр. Бугун барча газеталарни сенинг суратинг босиб кетипти.“Комсомолка” бўлса Света иккалангнинг суратингни берипти. Ёзишларича, иккаланг ошиқ-маъшуқ эмишсан.
–Шунинг учун журналист зотини кўргани кўзим йўқ-да, -ғўлдиради Ринат.
–Сенга ҳали бу ҳам кам,– кулди Дима, – олигарх бўлишнинг қанақа азоб эканини энди биласан. Хўп, ҳозирча…
Ринат телефонини чўтакига тиқди. Бугунги газеталарни кўздан кечириш кераклигини, хаёлидан ўтказди. Остоженкога соат ўн иккиларда етиб келишди. Николай биринчи бўлиб, машинадан тушди-да, эшикни очди. Ринат одатига кўра костюми тугмаларини қадаб бўлгач, машинадан чиқди. Анзор улар томонга ўгрилди. Ёнларидан кексароқ аёл ўтиб борарди. Қўлида егулик солинган халта. Ринат унга йўл бераман, деб Николайнидан нарироққа ўтиб қолди. Николай ҳам аёлни ўтказиб юбориш учун яна бир одим ташлаганди, иккаласи бир қаторга туриб қолишди.Шу пайт ўқ овози эшитилди. Николай ўқ узилган тарафга ажабланиб тикилганча, йўлак устига қулай бошлади. Кўкрагида иккита қирмизи нуқта пайдо бўлди. Шу пайт Ринат қўлидан кучли зарб еб, беихтиёр ерга энгашди. Анзор қуролини чиқарар экан, Ринатга қарата “Николайнинг ёнига чўзилинг”, деб бақирди. Яна бир неча ўқ узилди. Ринат ўзининг дабдаласи чиққан эгни-бошига қаради. Айниқса, янгигина костюмида пайдо бўлган ва яроқсиз ҳолга келтирган тешик уни қаттик ранжитди. У тешик атрофига ёйилаётган доғни кўрди. Қўлини текизиб кўриб, бунинг қон эканидан ажабланди. Ўқ суякка зарар етказмасдан, этини тешиб ўтганди. Шунга қарамасдан, оғриқ қўзғолганди. У инқиллаб юборди.
–Чидаб туринг,– деди Анзор ачиниш билан, чор атрофга аланг-жаланг кўз ташлаб,-ҳозирча бошингизни кўтарманг.
Ёнгинасида Николай ўлиб ётарди.
17 боб
Адвокатлик идорасидан одамлар ёпирилиб чиқишди. Тамара биринчилардан бўлиб чопиб келди. Афтидан, нотаниш қотилларнинг ўқи уни қўрқитаолмасди. Милиция ходимлари ортидан давлат автомобил назорати ходимларининг машинаси ҳам етиб келди. Худди ер тагидан чиққандай бир журналист ҳам пайдо бўлиб қолди. Ранги оқариб кетган ва ўзин йўқотган Иосиф Борисович нима қилишини билмай гангиб турарди. Тамара ташаббусни ўз қўлига олди. Талгатга қўнғироқ қилиб қўриқчилардан кимни топса, ҳаммасини етказиб келишни буюрди. “Тез ёрдам” машинасини чақирди, қуролли ҳужум ҳақида милицияга хабар берди.
Анзор билан икки нафар милиция ходими ҳамроҳлигида Тамара Ринатни каслахонага олиб борди. Жароҳатни муолажа қилиш жарёнида ўқнинг суякка тегмагани маълум бўлди. Талгат ўзи билан бешта қўриқчи олиб келиб, уларни йўлакка тақсимлади. Дақиқа сайин келаётган журналистларнинг сони кўпайиб борарди. Тамара ҳеч кимни ичкарига қўймасликни тайинлади. Шариповга қилинган ҳужум ва қўриқчисининг ўлдирилиши юзасидан жиноий иш очилди. Соат иккиларда телевидение орқали марҳум Глущенконинг меросхўрига суиқасд қилингани ҳақидаги хабар эълон қилинди. Соат учга бориб, Ринатнинг оғир яраланганини билдиришди. Соат тўртларда эса, Ринатнинг ўлдирилгани ҳам эҳтимолдан узоқ эмаслиги хусусида ахборот берилди.
Айни шу лаҳзда касалхонага Дима кириб келди, дўстининг ёнига киритишларини талаб қилиб, жанжал кўтарди. Аммо, бу ерда Тамара ўз ҳукмронлигини кўрсатди. У ҳатто Димани ҳам жўрасининг ёнига қўймади. Соат тўрт яримларда қизи билан Лиза етиб келди. Адвокат Лизага собиқ эри ўлган тақдирда миллиардер Глущенконинг бутун мол-мулки ва миллиардлари унинг қизига тегажагини уқтириб улгурганди.Шунинг учун Лиза касалхона йўлакларида тентираб, ҳаммаинг кўзига тикилар, эрининг ўлик– тириклигини билишга уринарди. Тамара Лиза билан қизини ярадор ёнига қўйишга рухсат берди. Тамаранинг ўзи эса Ринатнинг ёнидаги курсини эгаллаб олган, жойидан жилмасликка қатъий жазм этганди. Эшик қия очилиб, қимтиниб турган Лиза кўринди. У Ринатни оғир аҳволда ётипти, деган хаёлда эди. Тирик ва тетик эканини қўриб, ўзини йўқотиб қўяй деди.
–Ринат, азизим, – Лиза собиқ эри томон отилди, -биз шунақаям хавотир олдик-ки, телевизорда сени ўлди, деб айтишди-да.
–Салом, адажон, – деди Катя катда қўли боғланган ҳолда чўзилиб ётган дадасига яқинлашишдан тортиниб.
–Бери кел, – чақирди уни Ринат. Сочларининг ҳидидан маст бўлиб, қизини бағрига босди. Афтидан, миллиардлари бор-йўқлигини хаёлига ҳам келтирмасдан, уни чин юракдан севадиган ягона инсон дунёда шу қизи эди.
–Дадангни бунақа қаттиқ қучоқлама, – асабийлашиб танбеҳ берди Лиза,– бўғилиб қолмасин яна.
У қизини сал нари итариб, энгашганича, қуруқшаган лабларини Ринатнинг ёноғига текизди.
–Биз жудаям қўрқиб кетдик,– қўшимча қилди Лиза кўзини олиб қочиб.
–Ишонаман, – Ринат кулимсиради,– лекин, мен ўлиб кетган бўлсам, хурсанд бўлардинг. Чунки, бирданига миллионерга, балки миллиардерга айланардинг-да.
–Бунақа гапларни гапирма,– унинг гапини бўлди Лиза,– христианликка сираям тўғри келмайди. Отанг татар бўлса ҳам чўқинтирилгансан, демак, православсан, ахир.
– Бунинг устига мусулмон сифатида хатна ҳам қилинганман,– жилмайди Шарипов, -демак, христиан. ярим мусулмонман.
–Шу гапларни қизингнинг олдида айтмасанг-чи, – Лиза хомуш тортди,– –наҳотки, шу аҳволда ётиб ҳам, ўзингни жиддийроқ тутаолмасанг?
–Ҳаракат қиламан.Катянинг лицейи нима бўлди?
–Ҳаммаси жойида, – тумтайди Лиза, -қабул қилишди. Лекин, у ерга бориб, гадонинг ҳолига тушиб қолади. Биласан-ку, у ердаги қизлар қанақа кийинишини, бизнинг бўлса ҳеч вақомиз йўқ. Барча синфдошлари устидан кулишади.
–Нега кулишаркан, – Ринатнинг башараси тиришди, –мен сенга қўшимча беш минг қолдирганман-ку. Нима керак бўлса, олиб бер.
–Бизнинг ейиш-ичишимиз, кийинишимиз-чи, – қаҳрланди Лиза. –Нима, бу ҳақда ўйламайсанми?
Ринат чуқур хўрсинди. Тамарага қаради.
–Чўнтагимда бир даста пул бор эди, –эслади у, – костюмимни топиб, ўш дастани олингда, Лизага беринг.
Тамара Лизанинг кўзлар чақнаб кетганни кўрди. Хўмрайди. Ринатнинг ғазаби бу тарзда намоён бўлишини у асло кутмаганди. Бу аёл тиланчи мақомида бўлса ҳам, собиқ эрининг раҳмидан кўра, ғашини келтиради, шекилли. Тамара Ринатнинг чўнтагига қўл тиқиб, санаб ўтирмайди, деган хаёлда, билдирмасдан дасталик пулнинг белбоғини ечди-да, тахминан ярмини олиб, Лизага узатди, Бироқ, у Лизанинг кимлигини билмасди. Униси эса пул қўлига теккан заҳоти, санашга тушди. Шу кезда Ринатнинг жонига яна Тамара оро кирди.
–Кейин санайсан, – деди у зарда билан, -ўйлашимча, бу пул қанча эканидан қатъий назар, қизингни кийинтиришга етиб ортади. Сендан илтимос, фақат, қизингни менга қарши қайраб ўтирма.
–Нималар деяпса? – Лизанинг қаҳрли овози кўтарилиб кетди, Тамарага ўқрайиб тикилди, -Қизимни қачон сенга қарши қайрабман? Ҳеч қачон бундай қилмаганман. Катя дадангни ўпиб қўй, уйга қайтамиз.
Катя дадасининг ёнига қайтадан бориб, устига энгашди-да, секингина пичирлади:
– Сени яхши кўраман, дадажон.
– Мен ҳам сени яхши кўраман, -кулимсиради Ринат.
Она-бола хонадан чиқиб кетишди. Кетар чоғда Лизанинг хайрлашув маъносида бош ирғагани Тамаранинг назаридан қочиб қутилмади.Улар кетгандан кейин Ринат анчагача индамай ётди-да, оғир хўрсинди.
–Лаънати пуллар, -деди у чин юракдан, –ҳаммани ақлдан оздиради.
Тамара унинг гапига нисбатан муносабат билдириб ўтирмади. Талгатнинг йўлакда кутиб тургани эсига тушди-да, уни чақиргани йўлакка чиқди. У бўлиб ўтган воқеаларда худди ўзи айбдордек, қош-қовоғи осилиб, қаҳрдан жойига жой топмаётган алфозда кириб келди. Ринатнинг рўпарасига туриб олиб, сўз қотмасдан, унинг бирор нима дейишини кутди.
–Мана шунақа,Талгат, -деди Ринат маъюс оҳангда, – қара-я, мени ҳам ўлдиришмоқчи бўлишди.Николайнинг оиласи бормиди?
–Хотини, қизи, онаси , синглиси бор, – санади Талгат, –ҳаммасини боқувчиси ёлғиз ўзи эди.
–Уларга айтиб қўй, Николай шу пайтгача ойига қанча ҳақ олган бўлса, бундан буён ҳам доимий шу пулни тўлаб бораман. Ҳеч нарсага зориқишмайди. Сўз бераман…
Раҳмат. Албатта, етказаман.
–Менимча, бизга изқувар иложи борича тезроқ керакка ўхшайди. Балки, бельгиялик мутахассисни кутмасдан, ўзимизнинг Дронгони таклиф қилармиз? Исмини тўғри айтдимми?
–Тўғри айтдингиз. Мен унга қўнғироқ қиламан, – рози бўлди Талгат.– Айтишларича, у ҳозир Римда эмиш. Аввал сиздан баъзи нарсаларни аниқлаб олмоқчиман. Иосиф Борисовичнинг олдига бораётганингиздан кимнинг хабари бор эди? Адвокатнинг ўзидан бошқа…
–Унинг ходимлари билишса керак, – Ринат бироз ўйланиб турди-да, қўшимча қилди,– Тамара қўнғироқ қилиб, мени кутишаётганини айтганди.
–Мендан ҳам шубҳа қилаяпсизми? -қизиқсинди Тамара.
-Асло, – жавоб қилди Ринат, – мен ким билиши мумкинлигини эслаяпман. Яна бу ердаги учрашувимиз тўғрисида шеригимиз Гребеникка айтгандим. Унинг билан эса ресторанда кўришишимиз керак эди. Энди кечикдим, шекилли, ҳатто огоҳлантиришга ҳам улгурмадим.
–Унинг ўзи қўнғироқ қилди,– эслади Тамара, – сизнинг яраланганингизни, тушликка бораолмаслигингизни айтдик.
–Қачон қўнғироқ қилди?– сўради Талгат.
–Икки соатлар олдин, аниғи эсимда йўқ.
–Яна кимнинг хабари бор эди?
–Бас қилинглар, –деди Ринат башараси тундлашиб. -Мен масалани бошқача тарзда қўйган бўлардим.Яъни. мени ўлдиришдан кимга манффатдор? Ўйлаб кўрилса, ҳамма манфаатдор. Биринчидан Иосиф Борисовчига фойдали, чунки, ўз ўзидан менинг эмас, қизимнинг адвокатига айланади-да, уни алдаб, ҳоҳлаганич пул ундиради. Собиқ хотини Лиза ҳам манфаатдор, вояга етмаган қизимга васий қилиб белгиланса, ўз ўзидан менинг миллиардларим унинг қўлига тегади. Бўлажак ҳамкорларимга фойдали – қолган барча акцияларга эгалик ҳуқуқига эга бўлишади. Ишдан ҳайдаганим учун аламзада бўлиб юрган собиқ бош директор Вахтанг Георгиевичнинг-ку боши осмонга етади.Умуман, жуда кўпчиликнинг куни туғиб қолади…
–Мендан ташқари, –деди Тамара, –сизнинг ўлимингизнинг менга сариқ чақалик фойдаси йўқ. Мен ҳам пулимдан, ҳам ишимдан айриламан, деб қўрқаман.Плавник бундан буён ҳеч ҳам илгаригидек ишонмайди менга.
–Катта пулнинг ортида тушуниксиз фалокат туради, -деди Ринат алам билан, – атрофингда ким бўлса, ҳаммасидан шубҳаланишингга тўғри келади.
Эшик очилиб, хонага Надежда Анатольевна кирди. Ринатнинг тўшаги ёнида тик турган Тамарани кўрса-да, бирор ҳаракати билан бу вазиятдан дили ранжиганини сездирмади. Попова Ринатнинг бор-йўғи яраланганини аллақачон эшитган, ҳозир шунчаки кўргани кирганди.
–Аҳволингиз қалай? –сўради аёл.
–Ёмон, -очиғини айтди Ринат, –Қўлимнинг оғриғи ҳеч гапмас, Николайни ўйлаб дилим оғрияптию. Менинг касримга шундай йигит учун ҳалок бўлди.
Аёл унга яқинлашиб, соғ қўлидан тутди.
Бошингизга шундай иш тушган пайтида ҳам қўриқчингизнинг ўлими ҳақида қайғуришга қодирмисиз, демак қалби гўзал инсон экансиз, – деди Попова ўйчанлик билан,– Ҳеч ҳам ўзгарманг. Доимо шундайлигингизча қолинг. Тезроқ соғайиб кетинг. Айтгандай, Рублевкадаги дала-ҳовлини сотмасликни, янги жиҳозлар билан тўлдиришни буюрдим.Агар ҳоҳласангиз, ўша ёққа ўтинг, тинчгина яшайсиз.
–Аввало, мени ким отганини топишим керак, – иқрор бўлди Ринат.-Кўраяпсизми, қанақа разил одамман. Томиримда шарқнинг қони бор, хун олишга ўчман.
–Эҳтиёт бўлинг,– тилак билдирди Надежда Анатольевна ҳар эҳтимолга қарши.
Аёл чиқиши билан, хонага қучоққа сиғмайдиган гулдастани олиб киришди.
–Буни Вахтанг Георгиевич жўнатипти, – изоҳ берди Тамара, –тезроқ соғайиб кетишингизни тилаяпти. Эски хафагарчиликларни унутишни ҳам…
–Ушбу воқеани ўзидан кўришларидан чўчияпти, –тушунди Ринат.– Саватни тезликда чиқариб ташланглар. У гул ичига илон яширган ёки мени бирор дардга гирифтор қиладиган алламбало суюқлик пуркаган бўлиши ҳам мумкин. Унинг самимиятига сира ҳам ишонмайман.
Талгат жиддий қиёфада саватни йўллакка чиқарди. У ерда ичкарига киролмаётган журналистлар тўдалашиб турарди.
–Айтинг-чи, у тирикми?– қичқирди журналистлардан бири.
–Тирик, -жавоб қилди Талгат. Фақат, енгил ярланган. Қўриқчиси ҳалок бўлган. Ҳозирча бошқа ҳеч нарса деяолмайман. Ҳозир ёрдамчиси чиқсин, ҳаммасини ўзи айтиб беради.
У хонага қайтиб кириб, Тамарадан журналистлар билан гаплашишни сўради.
–Сиз билан учрашмагунча, улар бу ердан кетишмайди.
–Ҳозир чиқаман,– Тамара соч турмакларини тўғрилади. – Уларга сизнинг матбуот котибингизман, деб айтсам бўлдими? -сўради у.
–Айтаверинг,-ижозат берди Ринат.
–Ғаройиб аёл, – деди Талгат завқ-шавқ билан, Тамара чиқиб кетгач.
Аёл журналистлар олдига чиқди-да, баланд овозда саволлари бўлса. беришларини сўради. Тан бериш керакки, у унча-мунча матбуот қотибларини йўлда қолдирарди. Тамара журналистларни ҳовуридан тушириш учун, берилган саволларга ҳазил-ҳузул билан жавоб қайтарарди. Хонада талгат билан ёлғиз қолишгач, Ринат секингина сўради:
–Рўй берган воқеа ҳақида нима фикрдасиз?
–Билмадим. Бунақа ишга кимнинг журъат қилиши мумкинлигига ҳеч ақлим етмаяпти. Улар сизни ўлдиришмоқчи бўлиб, ҳақиқий мерганни ёллашган. Агар охирги лаҳзада ён томонга бир қадам ташламаганингизда, Николайг теккан ўқ, сизга тегиши аниқ эди. Анзор менга шундай деб тушунтирди.
–Ўша ерда кекса аёл ҳам бор эди. Николай иккаламиз унга йўл берамиз, деб четланишган пайтимизда ўқ узилди. Шунинг учун иккита ўқ унга тегди, биттаси менинг қўлимни ялаб ўтди. Мен Николайнинг орқасига ўтиб қолганим туфайли қотил тепкидан бармоғини олишга улгурмаган.
–Анзорнинг айтишича, изларингиздан пойлаб юришган экан-ку.
–Рост. Қандайдир «Опел” изимиздан тушганди, аранг адаштириб кетдик.
–Ҳозир ўша машина кимники эканини суриштираяпмиз. Машинада ким ўтирганини ҳам аниқлашга ҳаракат қилаяпмиз.Балки, “Опел”дагилар Остоженкога сизлардан олдинроқ етиб келиб, ўққа тутишгнадир.
–Бундай бўлиши мумкин эмас. Уларни чалғитиб, бошқа йўлдан кетгандик. Осонликча қидириб, топиша олмасди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.