Электронная библиотека » Чингиз Абдуллаев » » онлайн чтение - страница 13


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:21


Автор книги: Чингиз Абдуллаев


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Гребеник йигит ўзининг гапига кўндиролмаслигини тушунди. Ҳафсаласи пир бўлса-да, обрўни қўлдан бермасликка уринди.

–Афсус, -деди Игнат Юрьевич дивандан тураркан.-Таклифим сизга маъқул тушади, деган фикрда эдим.

–Ҳозирча маъқул эмас. –Ринат бу нусханинг ўзини тинчитишдан асло манфаатдор эмаслигини, акс ҳолда акцияларнинг асосий пакетини унга ҳеч ким сотмаслигини, кўнглидан ўтказди. –Учрашгунча,– у хайрлашиш учун соғ қўлини чўзди.

Гребеник чиққандан сўнг хонага Надежда Анатольевна кириб келди. Ринат дераза олдида ўйланиб турарди.

–Соғлиғингиз жойидами?– сўради у.

–Жойида– у аёлга қаради.– Тоғамнинг Лондондаг уйини сотиб олмоқчи бўлган украиналик бизнесменнинг фамилияси нима экан?

–Фоменко, шекилли. Ҳа, аниқ Фоменко.

–Исроилик бизнесменники-чи?

–Эдуард Давидович. Собиқ совет фуқароси.

–Сиздан бир нарсани аниқлашни сўрасам, майлими?

–Албатта. Қулоғим сизда.

–Суриштириб кўринг-чи, бу иккаласи илгари Владимир Аркадьевич билан ёки унинг шериклари билан ҳеч учрашмаганмикин? Балки, бирортаси билан бирга ишлашгандир.

–Текшириб кўрамиз. Мен ҳалигача Владимир Аркадьевичнинг Лондондаги уйни сотиш ҳақидаги фармойишга қўл қўйганига ишонгим келмаяпти. Ўша ерни жуда ёқтирарди. Биз бу уйни қадимий викториан услубида безатиш учун энг яхши инглиз дизайнерларини жалб қилгандик. Симларни ёпиқ усулда тортиш, қадимий чироқлар ва қандилларни буюртма қилиш учун пулни аямадик. Девордаги нақшқоғозларнинг ҳам энг ноёбларининг ҳам, уйни безатадиган инглизча ашқол-дашқолларнинг ҳам энг сараларини олгандик. Кутилмаганда бунақа фармойиш чиқиб турибди! Ҳеч тушуниб бўлмайди.

–Балки, унга Антибдаги вилла кўпроқ манзур келгандир.

–Айнан бу йил ўша виллани ҳам таъмирлашни мўлжаллаб тургандик. Ҳолбуки, у ерда ҳам бирор нарсани ўзгартиришга ҳожат йўқ, ҳаммаси бинойидек эди. Боғбоннинг, фаррошнинг, эшик оғасининг маошини ҳам ойма-ой ўтказиб тургандик.

–Тушунарли. – У аёлга қўл узатди:– Эртага Киевга учаман. Ўшаёқдан Парижга ўтаман. Ушбу сафардан тирик қайтсам керак, деган умиддаман.

–Бунақа хунук ҳазил қилманг, – ўтинди аёл.

–Бошқа қилмайман. Кўришгунча.

У хонадан чиқииб, бир неча қўриқчилар қуршовида пастга тушди.Машинагача Талгат кузатиб борди.

– Миллерни топдик, –деди у,– Изқувар бир неча кундан сўнг бизни Парижда кутадиган бўлди. Лондондан учиб келади.

Ринат савол бериб ўтирмади-да, маъқул маъносида бош ирғади. Сўнг машинага чиқди.

У Анзор бошлаб борган қайсидир ресторанда овқатланди.Ринат ёлғз ўтирар, икки официант эса мижознинг ҳар қандай ишорасига илҳақ бўлиб тик турарди. Чунки, Ринатнинг қайси машинада ва қанақа қўриқчилар кузатувида келганини кўришганди. У ёлғизликдан ториқиб кетди.

Ринат кечқурун уйга қайтиб, ўртаси деворлар билан тўсилган иккита улкан футбол майдонини эслатувчи уйида бемақсад тентираб юрди. Бирданига бу хонадонда нима етишмаслигини пайқади. Иш бўлмасида бир нечта олтин ҳалли қитоблкр бор бўлиб, елим қоғозга ўраб қўйилганди. Уйда бошқа китоб кўринмасди. Хонадон худди сотувга ё замонавий дизайн имкониятларин намойиш қилишга мўлжалланган кўргазмага қўйилгандек, ҳувиллаб турарди.

У меҳмонхонага ўтиб, диванга чўкди. Телевизорнинг қорайиб турган экранига тикилди. Ҳеч қандай янгиликларни эшитиш ёки бошқа дастурларни томошо қилишга заррача ҳоҳиши йўқ эди. У теле каналланинг кўпчилиги ўзи ҳақида гапиришаётганини билиб турарди. Газеталар унинг пулини телбаларча совураётгани хусусида ипидан игнасигача ҳикоя қилаётганди. Унинг ўнлаб машиналар сотиб олгани, пулини дуч келган томонга сочаётгани, қўриқчиларига ақл бовар қилмас даражада катта маош тайинлагани ҳақида ёзишарди. Бу эса кейинги кунларда кимлир унинг билан изма-из юриб, ҳамма гап-сўзларини эшитиб, барча қилғилиқларини кўриб, ҳаммасини лоф-қоф билан баён қилаётгандек таассурот қолдирарди.

Ринатнинг кайфияти бузилди. Диваннинг устини силади.Унга асл оқ тери сирилганди. У шу ўриндиқда Света билан қандай ўпишганини эслди. Ўшанда қанақа яйраганди. Нега унга нисбатан бунақа адолатсизлик қилаяпти ўзи? Нега уни кўргани кўзи йўқ? Ҳар доим ҳам шунақа қатъиятлимиди ўзи? Ялтироқ муқовали журналлар учун бўлмвғур нарсаларни тўқиганда, кўзбўямачилик қилмаганмиди? Ўзи бошқа журналистлар номидан алламбалоларни ёзмаганмиди? Хўш, ёлғиз боши билан Москвада тентираб юрган қиз қайси йўлни тутиши мумкин эди? Кўчада танасини сотиш билан шуғулланса, яхши бўлармиди? Ёки Ғарбга бориб, бирорта фоҳишахонада чириб кетиши керакмиди? Ёки “Шаҳзода”да ишлаб, пулдор бойваччаларнинг кўнглини овлаши лозиммиди?

Бундай олиб қараганда, у бообрў кишилардан дўст орттиришга уриниб, энг тўғри ва ягона йўлни танлаган. Ёш ва чиройли қизлар асосан шундай қилишади. Яхшиямки, ўзини йўқотиб, йўлдан озиб, ичкиликка берилиб, фаҳш йўлига кириб кетмапти. Одатда бунинг ёшидаги минглаб қизлар кимларнинг оддий чўрисига ва боқимандасига айланиб қолади. Қизиғи шундаки, кўпчилиги буни ўзлари учун ор, деб билмайдилар.

У ўзининг қўл телефонига тикилди. “Нокия” русумидаги арзонгина матоҳ. Қиз бу хусусда ҳам ҳақ гапни айтди. Энг зўрини сотиб олиш керак. Кишилар унинг бой-бадавлатлигини бир қарашдаёқ сезсин. Соат ҳақида ҳам унутмаслик керак. У ҳамон қўлидаги соатининг нимаси ёмонлигини тушунмасди. Ҳалигача бирор марта доғда қолдирган эмас. Наҳотки, битта соат учун шунчалик катта пул сарфлаш зарил бўлса? Бунинг устига у эндиликда бу пулларнинг қон эвазига, шу жумладан, ўзининг ҳам қони эвазига келганини тушуниб турибди.

Ринат қаҳри қайнаётганини сезиб, ўрнидан турди. У қизга нисбатан ўзини тентакларча тутганини англаб етганди. Таниқли қўшиқчининг ҳомийлари банкир билан каллакесар бўлганини эшитиб, покдомон гадодек қутуриб ўтирипти. Шаҳарнинг энг катта пулдорлари ўшалар-ку. Кейин эса мансабдорлар. Бундан йигирма, ўттиз, қирқ йил олдин бўлганидек академиклар, ёзувчилар, рассомларни энг бой одамлар, деб ўйлаш бугунги кунда ғирт тентаклик-ку. Ҳамма нарса телба-тескари бўлиб кетди.

У       ётоқхонасига кўтарилди. Москвага қайтганидан сўнг албатта Светани излаб топади ва уни кеткизиб, ахмоқлик қилганини айтади. Лекин, иккинчи томондан… Қиз фақат унинг пулинигина яхши кўради. Унинг сарф-харажатларини тўлашга қодир ҳар қандай эркакнинг фақат пулини севади. Тамара айтгандек, бу қизнинг энг баланд нархи ўн минг доллар, холос. Мана шунинг ўзигина дилини оғритарди

У ечиниб тўшакка чўзилди, ўнг ёнига ағдарилди. Боғланган қўли ҳамон оғриқ бераётганди. У бу гал омади келганини ўйлади. Қолган умрининг хунини Николай ўз ҳаёти эвазига тўлаганди. Ринат кўзларини юмди. Бу ҳақда ўйлашга тоқати қолмаганди.

20 боб.

Эрталаб улар Киевга учишди. Ринатдан ташқари гуруҳда адвокат Плавник, Тамара, “Астор” компанияси хавфсизлик хизмати бошлиғи Талгат Қосимов, иккита қўриқчидан,яъни, Ринатнинг қўриқчилари бошлиғи қилиб тайинланган Анзор билан Николайнинг ўрнига қабул қилинган ва нимаси биландир уни эслатувчи Павел бор эди. Павелнинг қад-қомати билан юзи ифодаси уни Николайга ўхшатиб юборса, ажаб эмас.

Киевга эрта тонгда қўнишди. Ушбу октябр кунида Украина пойтахтида ёмғир шаррос қуйиб турарди. Аэропортда уларни олдиндан буюртма берилган иккита машина кутиб олди. Иосиф Борисович аввал меҳмонхонага жойлашишни таклиф қилганди, лекин, Ринат ҳозирнинг ўзидаёқ тоғасининг собиқ хотини Алена Бочкованикига ҳайдашни буюрди.

Машиналар шаҳар марказига йўл олди. Ринат атрофга қизиқиш билан кўз ташларди. Бу унинг туғилиб-ўсган, болалигидан яхши кўрадиган она шаҳри эди. Бобоси биринчи май намойишига доимо уни ўз билан олиб борарди. Генерал-лейтенантлик либосининг кўксида Қаҳрамонлик юлдузи порлаган бобоси билан намойишга чиқиш унга ҳадсиз ғурур-ифтихор бахш этарди. Ўша давр ҳаётининг энг ажойиб палласи экан. Унинг назарида Крещатик кўчасига йиғилган сонсиз оломон бобосининг юлдузи ва унинг ёнида бораётган неварасидан кўз узалмаётгандек туюларди. Ҳа, ўша кезларда одамлар қонли урушда кўрсатган жасорати туфайли олинган қаҳрамонлик юлдузи ва нишонлари билан ғурурланишарди, кўнглидан ўтказди у. Энди эса ўз халқидан ўғирлаган пуллари билан ғурурланишади. Замонлар ўтди, қаҳрамонлар ўзгарди. Олдинги қаҳрамонлар халқини ҳимоя қилган бўлса, ҳозирги қаҳрамонлар кун-тун телевизор экранлари ва газеталар саҳифаларидан тушмай, ўша халқни уялмай-нетмай талаш билан овора.

Биринчи машинанинг олдинги ўриндиғини Анзор эгаллаган, орқада эса Ринатнинг ўзи ҳамда Иосиф Борисович ўтирарди. Иккинчи машинанинг олд ўриндиғига Павел, унинг ортига эса Тамара билан Талгат жойлашганди. Иккала машинанинг ҳайдовчиси ҳам шаҳарни яхши биларди. Ринат онаси ва бувисини эслади. Қандай бахтли яшашарди ўшанда! Отасининг ўлими туфайли сал хиралашганини ҳисобга олмаганда, ҳаётининг дастлабки йиллари эртакдек ёрқин эди. Бобоси билан бувиси етимликдан сиқилмаслигни учун, унинг учун қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишарди. Ёдига бошқа бир нарса ҳам тушди. Чернобил ҳалокатидан сўнг бобоси билан намойишга чиққанларида, ҳавонинг заҳардан фарқи йўқ эди. Оғиздан оққан сўлак, елимдек томоқда туриб қоларди. Ўшанда кўплар Киевни тарк этишганди. Аммо, бобоси шаҳарни ташлаб кетмади. Генерал байрам намойишида уруш фахрийлари сафида қатнашиб қолмасдан, улар билан биргаликда кечгача тик турди. Балки, шунинг касрига орадан кўп ўтмай ўлиб кетгандир.

Бобосининг ўлими ўн бир ёшли болакайни, ўзи унча яхши эслайолмайдиган отасининг ўлимдан ҳам кўра кучлироқ изтиробга солди. Бобоси оиланинг таянчи эди, уни ҳамма ҳурмат қилар, севар, телевизорда кўрсатишар, газеталарда ёзишарди. Ўша кезларда бувиси ҳам ётиб қолди ва тўқсон иккинчи йилда қазо қилди. Ринат Москвага кўчиб келгандан сўнг ҳам уларни тез-тез эсларди. Бобоси билан бувиси унинг кўнглига энг қимматбаҳо туйғуни– оила ҳиссини сингдирганди. Болалигиданоқ уларнинг меҳри билан ўралган, чирмалган, муҳофаза этилган эди. Кейин эса бирин-кетин ташлаб кетишди. Аввал бобоси, кейин бувиси, олти йилдан сўнг онасидан жудо бўлди. Онаси ёш эди, эндигини қирқ иккига кирганди. Ҳали яшаса бўларди. Бу – унинг ҳаётидаги энг даҳшатли кун бўлганди. У онасининг дардини, умринин оз қолганини биларди. Охирги кунларини у Киевда, касалхонада, онасининг тўшаги ёнида ўтказди. Жони азобда эканига қарамасдан, онаси унга мудом жилмйиб боқарди. То сўнгги нафасигача ҳолини ўғлига сездирмасликка ҳаракат қилди.

Ринат тумтайди. У болалигидан шунақа худбин эди. Онасининг бутун борлиғини фақат ўзига бағишлашини истарди. Аслида ҳам у ўзини ўғлига бағишлади, отасининг ўлимидан сўнг бошқа бироқга эрга тегишни хаёлига ҳам келтирмади. Ўлаётган пайтида у Ринатнинг ҳозирги ёшига етмаганди. Худоймей, нега ҳеч ҳам бу ҳақда ўйламаган экан-а? Демак, у қолган умрини эркаксиз ўтказган экан-да. Бу қанақаси бўлди, онаси гўзал аёл эди-ку. Балки, эркаксиз яшагани учун ҳам бедаво дардга чалиниб, барвақт дунёдан ўтгандир. Одоб юзасидан тилга олинмайдиган бошқа бир сабаб ҳам бўлиши мумкин, яъни, отаси ўлгандан сўнг бошқа эркак киши билан жинсий алоқада бўлмагани туфайли ўшанақа дардга чалингандир. Чунки, аёл киши узоқ вақт эркак киши билан бирга бўлмаса, аввалига унинг бачадонида шиш, сўнг жарроҳлик йўли билан олиб бўлмайдиган ўсимта ёки шиш пайдо бўлади. Бу пайтда бачадонни бутунлай олиб ташлашдан ҳам наф бўлмаслиги мумкин.

Ринат кўзини очди. Ўзини бундай тутишга қандай ҳаққи бор? Улар ҳар бири борини Ринатга бағишлашди, у бўлса Киевга уч йилдан бери қадам босмаганига қарамасдан, ўзига тегадиган мероснинг дардида юрипти.

–Машинани тўхтатинг, – Ринат баланд овозда ҳайдовчига буйруқ берди.

Ҳайдовчи Ринатга бир қараб олди-да, машинани секингина тўхтатди. Орқадаги машина ҳам тўхтади, ундан билан Талгат билан Павел отилиб тушди. Анзор бўлса Ринатга ўгрилиб, бу ғалати қилиғининг сабабини айтишини кутарди.

–Нима бўлди?– сўради ёнма-ён мудраб кетаётган Иосиф Борисович, –Етиб келдикми?

–Нега машинани тўхтатдингиз? -сўради Талгат Ринат томонга энгашиб, -Ўзингизни ёмон ҳис қилаяпсизми?

–Ҳа,-бош ирғади Ринат ёмон, -жуда ҳам ёмон ҳис қилаяпман. Келинглар, аввал қабристонга ўтайлик. У ерда менинг онам ётипти. Бобом ва бувим ҳам ўша ерда. Олдин қабристонга борамиз.

–Қайси қабристонга? Йўлини биласизми? –ҳайдовчи унга қайрилиб қаради.

–Ўзим кўрсатаман,– деди Ринат секингина.– Олдин гул олайлик.

Иосиф Борисович розилик билдириб, бошини қимирлатди. Йигирма дақиқалардан сўнг қабристонга етиб келишгач, Талгат улкан гулдастани кўтриб, унинг ёнига келди.

–Бирга борайликми? –сўради у.

–Йўқ, – деди Ринат, – кераги йўқ. Мен ўзим бораман. Бир ўзим. Илтимос, ортимдан борманглар.

У гулдастани кўтариб, йўлакдан юриб кетди. У бу йўлдан кўп юрганди. Илгарилари ҳар йили онасининг вафот этган кунда албатта Киевга етиб келарди. Мана уч йилдирки, қадам босмапти. Қандай шармандалик? Наҳотки Киевга поездда келиб, онасининг қабирга гул қўйиш ва кундузги поездда яна қайтиб кетишга қурби етмаган бўлса? Бунинг учун арзимас пул билан фақат ҳоҳиш керак эди, ҳатто, ҳордиқ кунидан ҳам фойдаланса бўларди-ку. У бўлса ҳар гал ниманидир баҳона қилиб, сафарини орқага суриб келди.

У таниш муюлишга етгач, ўнгга бурилди. Авиация дивизиясининг собиқ командири генерал– лейтенант, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Петр Полищукнинг қабри учун каттагина жой ажратилган бўлиб, ёнига хотини, сал нарироққа эса қиз кўмилган эди.

–Салом, менинг азизларим,– деди Ринат паст овозда, панжара билан ўралган майдонга кираркан, – салом, бобожон. Кўпдан бери келмаганим учун мени кечир. Нега келолмаганимни ўзим ҳам билмайман. Қандайдир беъмани ишлар билан ўралашиб юрдим, шекилли. Сенинг шарофатинг билан энди миллиардерга айландим. Ёки яқинда бўламан. Бунинг ҳаммаси сенинг шарофатинг туфайли бўлаяпти. Агар сен бўлмаганинга, бундан кейин ҳаётим қандай кечарди, айтаолмайман. Сен менга ота ўрнини босдинг, болалигимдан сенга суяниб яшадим. Анчадан бери йўқлай олмаганим учун узр сўрайман.

У гулдаста ичидан бир нечта гулни суғуриб олди-да, бобосининг қабри устига қўйди, Кейин бувисинг мозорига ўтиб, унга ҳам гул қўйди.

–Аня момо, сени қанчалик яхши кўришимни ўзинг билардинг. Сенинг бўғирсоқларинг, мурабболи сомсаларинг, меҳрибон қўлларининг жондан севардим. Мана яна ҳузурингга келдим. Мен энди сал ўзгарганман. Агар қанчалик улғайганимни билсайдинг, қувончдан юрагинг ёриларди. Кечир, кўпдан келаолмадим.

Ринат бувисининг қабрига таъзим қилди-да, яна икки қадам ўтди. Навбатдаги қабр устида оддийгина ёдгорлик тоши турарди. Чунки, бобоси вафот этганда ҳали Совет Иттифоқи тарқамаган бўлиб, унинг ҳайкалини улкан яхлит мармар тошдан ясашганди. Бувиси дунёдан ўтганда Иттифоқ эндигина парчаланган, пул ҳам унча қадрини йўқотмагани туфайли мармар ҳам топилганди. Ўшанда ёдгорлик тошини мармардан ясатишганди. Онаси қазо қилганда эса умуман пули йўқ эди. Сариқ чақаси ҳам қолмаганди. Бор топганини онасини даволатишга сарфлаб бўлган, гарчи тузалмаслигини билса-да, қимматбаҳо дориларни топаман, деб қарзга ботган эди. Шунинг учун арзон ва оддий тош қўйишга мажбур бўлганди. У яна бир қадам ташлади. Ўша тошга қараб, бирданига ўкраб йиғлаб юборди. Эркаклар ҳаётида бир марта – энг азиз нарсасини йўқотгандагина йиғлайди.

–Кечир,– ғўлдиради Ринат,-кечир мени.

У энгашиб қўлидаги гулдастани, ушба ғарибона қўққайган қабр устига қўйди. Кейинги кунларда асабини таранг қилган барча воқеа-ҳодисалар тўпланиб, бирданига портлаганди. У кўз ёшларини артди.

–Ўғлинг мана шундай ноқобил чиқди, – пиқиллади у. –Уч йил давомида бир марта келмадим. Ҳатто, уч ярим йилда.

Кимнингдир қадам товуши эшитилди. У ўгрилди. Ёнидан кекса аёл ўтиб кетди. У шу ерда ҳам ўзининг кимлигини унутмасликка ва кутилмаган ҳужумлардан қўрқиб яшашга маҳкумлигини ўйлади. Ўз онангнинг қабри ёнида ҳам хотиржам туришга имкон бермайдиган бойликнинг падарига минг лаънат.

“Энди ҳаммаси бошқача бўлади, – кўнглидан ўтказди у, – энг асл мармардан қимматбаҳо ёдгорликлар ўрнатаман. Қадрдонларимнинг мармар ҳайкалларини ясаттириб, чинакам мавзолей бунёд этаман. Бунинг учун энг зўр ҳайкалтарошларни топаман.” У онасининг қабрига бир қур кўз ташлаб, бунлай қилаолмаслигини ўйлади. Онаси ҳеч ҳам бунга йўл қўймаган бўларди. Бобоси ҳам бунақа дабдабабозликка ижозат бермасди. У бунақа нарсаларни ёқтирмасди. Камтарона ҳаёт кечирган бу инсонлар ўлимларидан кейин ҳам ўзларига бунақа ёдгорлик қўйилишига кўнишмаган бўларди.

–Мен энди ҳар йили келиб тураман,– ваъда берди Ринат. Сўнг индамайгина ортига қайтди.

У машина ёнига келганда, ҳамроҳлари уни жимгина кутиб туришарди. Машинадан тушиб, сигарет тутиб турган Тамара унга яқинлашди-да, намхуш дастрўмол солинган пакетни узатди.

–Юзларингизни артиб олинг, –секингина таклиф қилди у.

–Раҳмат. – у аёлнинг ўзи ўйлаганига нисбатан анча яхшироқ эканни дилидан ўтказиб қўйди.

Ярим соатдан сўнг Бочковнинг уйига етиб келишди. Кўп ўтмай унинг Марказий кутубхона директори ўринбосари бўлиб ишлаётганини билишди. Машина ўша тарафга йўл олди. Яна ярим соатдан сўнг Тамара Бочковани топибгина қолмасдан, Марказий кутубхонага кириш учун рухсатномани ҳам олишга улгуриди. Тамара, Талгат ва Анзорнинг ҳамроҳлигида ичкарига кирган Ринат, Бочкованинг хонасига яқинлашгач, ҳамроҳлрига қўли билан ишора қилиб, шу ерда қолишни буюрди.

Аёл уни кутиб турарди. Тамара унга Киевга биринчи эрининг жияни келгани ҳақида хабар беришга улгурган бўлиб, Бочкова бу кимса билан нега учрашиши кераклигига тушунолмасди. Лекин, эътироз ҳам қилмади. Ринат хонага кирди. Стол ёнида қирқ ёшлардаги аёл ўтирарди. Унинг силлиқ таралган сочлар энсасига йиғилган, йирик шохли кўзойнк таққан, юзи умри мунтазам китоблар орасида кечадиган кишиларники сингари жиддий ва ўйчан эди.

–Ассалом алайкум, -деди у оддийгина қилиб, кейин қаршисидаги курсига ишора қилди, – Владимир Аркадьевичнинг жияни сиз бўласизми?

–Ҳа. Ринат Шариповман. – У курсига ўтирди.

– Мен унинг бунақа қариндошлари борлигини билмас эканман, – иқрор бўлди Бочкова.

–Яқин– яқингача ўзим ҳам билмасдим,– жавоб қилди Ринат.– Мени опасининг васиятномасини ўқишгандан сўнг тасодифан топишди.

–Маринанинг, –бош ирғади Бочкова. – Жуда ажойиб инсон эди, Володяни ниҳоятда яхши кўрарди.Эшитишимча, Канадага кўчиб бориб, ўша ерда ўлганмиш.

–Ҳа, икки йил олдин дунёдан ўтган.

–Афсус. Эрга ҳам тегмаганмикин?

–Менимча, тегмаган.

–Юввошгина, безиён аёл эди, укасига сираям ўхшамасди. Володянинг бўлса куч-ғайрати танига сиғмасди, бир жойда тинч ўтираолмас, ҳар доим елиб-югурар, нималарнидир ўйлаб топар, қаёққадир ошиқиб юрарди.

–Уч йил бирга яшадингизми?

–Ҳа. Саксон иккинчи йилда турмуш қургандик. Мен ўн тўққизда, у йигирма олти ёшда эди. Мен қулоғимгача севиб қолгандим Иккинчи курсда ўқирдим. У ўзини тутиб олган эркак бўлиб, ўзининг оқ “Жигулиси”да юрарди. Мени олиб кетиш учун келганда бутун курсдошларим ақлдан озгудек бўларди. Жуда хушқомат, келишган йигит эди. Ҳар доимо чиройли кийинарди.

–Уч йилдан кейин ажрашиб кетдингизми?

–Шундай. Кимга дуч келганинингни чуқур ўйлаб ўтирмасдан, илк ҳиссиётларга қуллигида тузилган никоҳнинг бемаънилигини кейин тушундим.

–Кимга дуч келган экансиз?

Аёл кулимсиради.

–Орадан йигирма йил ўтди, –эслатди Бочкова.– Ўтмишни титкилаб ўтириш шунчалик шартми?

–Мен учун шарт. Тоғамнинг ҳалок бўлганини биласизми?

–Албатта биламан-да. Қандай бахтсизлик-а?Бу ҳақда барча газеталаримиз ёзишди. Уларни бутун оиласи билан Киевга дафн этишди. Ўзини, Ренатани, ўғлини. Бундан даҳшатлиси бўлмайди,– хўрсинди аёл.

–Мен унинг ягона меросхўри бўлиб чиқдим. Онам ота томонидан сингилиси экан. Отамнинг миллати татар бўлгани боис мен Ринат Шариповман, – изоҳ берди у.

–Отасининг бошқа оиласи ҳам бормикин? -ҳайрон бўлди Бочкова.– Менга оғир-босиқ, эҳтиёткор киши бўлиб туюлганди. Наҳотки, бошқа аёлга ҳам уйланган бўлса?

Ринат бошини қимирлатиб қўйди. У Аркадий Глущенко ўғлининг ҳақиқий отаси эмаслигини тушунтириб ўтирмади. Бу кўп вақтини олган бўларди.

–Мен фақат тоғам қанақа инсон бўлганини билмоқчиман, –деди Ринат.

–Жуда мураккаб инсон эди, –жавоб қилди Бочкова, – серғайрат, тиниб-тинчимас, қудратли, айни пайтда ўзига яраша мураккаб феълли эди. Ўта рашкчи, гапини ўтказадиган, ўзига ишончи баланд. Ҳатто. менга калта юбка кийишга ҳам рухсат бермасди.

–Кундалик турмушда-чи?

–Унча инжиқ эмасди. Берган нарсани еб кетаверарди. Аммо, кийинишни жойига қўяр, асл либослари учун ҳар қандай вазиятда пул топарди. Бунинг устига йирик универсал магазинида катта товаршунус эди. Унинг қандай имкониятларга эга бўлганини шундан ҳам тасаввур қилишингиз мумкин.

–Ўзингиз уни ниҳоятда қаттиқ севардим, дедингиз. Ундай бўлса, нега уч йилдан кейин ажралишдингиз?

–Сизга қандай тушунтирсам экан?– Аёл кўзойнагини олиб, шишасини артди. –Кўп ўтмай бизнинг бошқа– бошқа одамлар эканимиз аён бўлиб қолди. Мен уйқизиман, китоб ўқишни яхши кўраман, бошқача қилиб айтганда, ғирт оилапарварман. Тоғнгиз бўлса ғирт қароқчининг ўзгинаси эди. Уммонларда сузишни, хаёлга келмаган саргузаштларни ўйлаб топишни, доимо жонини хатарга қўйиб яшашни яхши кўрарди. Бизнинг ҳаётга қарашларимиз ҳам унча тўғри келмас, аниқроғи бутунлай тўғри келмасди. Энг муҳими, – у кўзойнагини тақди, -фарзандимиз йўқ эди.

–Нима учун?

Аёл салгина хўмрайди.

–Негалигини биларсиз, деб ўйлагандим.

–Мен тоғамни умримда кўрмаганман, –деди Ринат, -шунинг учун у ҳақда иложи борича кўпроқ нарсаларини билишим керак.

–Кечирасиз. Мен сизга билганимнинг ҳаммасини айтдим. Қўшимча қилдиган гапим йўқ. Боламизнинг бўлмагани, ажралишимизнинг асосий сабаби эди.

–Сиз ҳозиргина “негалигини биларсиз” деб ўйлагандим” дедингиз, – тихирлик қилди Ринат.– Бу билан нима демоқчи бўлдингиз?

–Бу мавзуда гапиришни истамайман.

–Хиралик қилаётганим учун узр сўрайман. Қўлимни кўраяпсизми? Икки кун олдин жароҳат олганман. Кимдир мени отаман, деб, қўриқчимни ўлдирди. Мени яралади, холос. Франция ҳукумати сизнинг собиқ эрингиз, менинг тоғам чиққан вертолётнинг портлаб кетиши тасодифий эмас, деган фикрда. Бу режалаштирилган қотиллик бўлган. Агар уни нега ўлдиршганини тушуниб етмасам, навбатдаги қурбон ўзим бўлишим ҳеч гапмас. Наҳотки, шуни тушунмасангиз?

Аёл яна тумтайди:

–Тоғангиздан бола бўлиши мумкин эмасди,– деди ниҳоят Бочкова.

–Қанақасига?

–Ёшлигида, институтда ўқиб юрган пайтида қурилиш отряди билан қаёққадир боришган экан. Талаба йигитлар ўша ерда ҳар хил қизлар билан алоқада бўлишган. Шу жумладан Владимир Аркадьевич ҳам… Хуллас, ўша кезда оғир касалликни илаштириб олган, дардини ота-онасига айтишдан уялиб, узоқ пайт даволанмай юрган. Касаллигини билишганда, вақт ўтган экан. Уни даволашган, лекин бир умрга бепушт бўлиб қолган. Уруғи куйиб кетган экан. Шифокорлар ундан фарзанд бўлмаслигини айтиб, менга бошқа бир соғлом эркакнинг уруғидан сунъий йўл билан ҳомила орттиришни тавсияч қилишганди. Ўшанда Володя қанақа аҳволга тушганинин тасаввур ҳам қилаолмайсиз? Врачни ўлдириб қўйишига сал қолган.Кейин мен билан ҳам анчагача гаплашмай юрди. Иккаламиз ҳам кўп изтироб чекиб, охири ажрашишга қарор қилдик. Ўзини ўта қудратли шахс, деб билган кишига нозик қусурини биладиган аёл билан ёнма– ён яшаш чидаб бўлмайдиган ҳақорат эди. Ташқаридан ҳаммаси жойида эди. Эрлик қувватии жойида, ҳар қандай аёл билан алоқа қилишга қобил эди. Аммо, бола туғдиролмасди.

–Ўғли-чи? –тушунмади Ринат.– Вертолётда ўғли ҳам бўлган-ку?

–Бу унинг ўғли эмасди, Ринатнинг боласини фарзандликка олганди,-изоҳ берди Бочкова. – Менимча, Володя шунинг учун ҳам ҳар қандай ишга жон-жаҳди билан ёпишар, ўзини аямасдан, тинмай ишларди. Касаллигини эсидан чиқаролмас, назарида, ҳамма унинг ногиронлигини билиб колгандек туюлган бўлса ажаб эмас.Шу тарзда ҳаммага ўзининг энг қудратли, энг мукаммал, энг бадавлат киши эканини исботлашга тиришган. Бу унинг вужудини жойлаб олган катта дард эди. Шунинг учун ҳам у мамлакатимиздаги энг бой одамга айланди, миллардлаб мол-мулк орттириб, энг машҳур кишига айланди. Мени кечирасиз-ку, у шу йўл билан ахталигининг аламини олган. Шунинг учун ҳам энг соҳибжамол аёлга уйланиб, унинг ўғлини фарзандликка олади. Шу йўл билан ўзининг ҳеч бир қусури йўқ, ҳар томонлама соғлом эркак эканини намойиш қилишга уринган.

–Тушунуман, –деди Ринат эшитган янгиликларини ақлига сиғдираолмасдан. Марҳум амакисининг феъл-атвори энди бутун сир-асрори билан аён бўлаганди.

–Қолаверса, унинг учун ҳамма нарсадан муҳими пул эди, – қўшимча қилди Бочкова,– ўсган оиласида пул худо даражасида муқаддас саналган. Отаси ўта тежамкор ва хасис киши бўлган. Болаларини ҳеч қачон талтайтирмаган. Қатъий ҳисоб-китоб билан иш юритган. Ўғли ҳам ўзига тортганди. Тоғангиз фойда келадига ишга охирги чақасигача сарфласа сарфлардики, лекин гул олишга келганда ҳеч ҳам кўзи қиймасди.Театрга боришни ёқтирмас, китоб ўқишни бефойда машғулот, деб биларди. Уни фақатгина пул, ҳокимият, шон– шуҳрат ва ютуқ қизиқтирарди. У омад ортидан қувлаган инсон эди. Шу боисдан иккаламизнинг дунёқарашимиз бир-бирига зид бўлиб чиқди. Мен ғирт “шўровий”, яъни, шўролар тузуми анъаналарида тарбияланган, кашшофлар гуруҳида етакчи, институт комсомол комитетининг котиби бўлган қиз эдим. Мен учун пул жон куйдиришга арзимайдиган арзимас матоҳдан бошқа нарса эмасди. Зарур китобни топиш эса ҳеч нарсамни аямасдим. Тоғангиз эса кейин маълум бўлишича, юртимизда куртак отаётган капитализмнинг ёрқин вакили экан. Назаримда, у ўша пайтдаёқ ҳаммадан ҳам олдин бозор иқтисодиёти тамойилларига мослашиб улгунганди. Пул топиш, бойлик ортириш – ҳаётининг ягона мазмуни эди. Лекин, ҳозиргача бир нарсани тушуниб етаолмайман, илгарилари ўғирлик қилганларни ўғри, олиб– сотарлик билан шуғулланганларни чайқовчи, дейишарди, энди эса нега тадбиркор, деб атайдиган бўлдик. Шу нарсага ҳеч ақлим етмайди. Бизнеснинг асосий тамойили– оз маблағ сарфлаб, кўпроқ пул топиш эканини биламан. Тўғрими? Ҳарқандай, тадбиркор имкони борича сарф-харажатини камайтириб, фойдасини кўпайтиришга интилади. Лекин, ўғирлаш имкони бўлган жойда ишлашнинг ва меҳнати орқасидан пул топишнинг нима ҳожати бор? Шу йўл билан борилганда бизнес гуллаб-яшнайди. Чунки турли хил қўшимча харажатлар бўлмайди, транспортга, ташкилий ишларга пул сарфланмайди, ҳеч қанақа солиқ тўланмайди. Агар бизнесдан асосий мақсад пул топиш бўлса, уни ишлаб топгандан кўра ўғирлаган осонроқ-да. Бизнинг пулдорлар ана шу йўлни тутишган. Ҳеч бирининг ишлашга тоқати йўқ. Чунки, ўғирлаш ҳам осон, ҳам турган-битгани фойда. Бизнеснинг қонуни эса биринчи навбатда энг юқори соф фойдани қўлга киритишдан иборат.

–Тоғамнинг душманлари бўлган, деб ўйлайсизми?

–Албатта. Миллиардларни топган одам душман орттирмасдан қолмайди. Ё ҳасадгўйлар, ё виждонини ютган шериклар албатта пайини қирқишга уринади. Иш жараёнида кимнингдир кўнглини оғритади. Бунақа катта ишлар ўз– ўзидан бўлмайди. Сўзсиз душманлари бўлган.

–Ажрашгандан сўнг тоғам билан ҳеч учрашганмисиз?

–Бир мартагина учрашгандик, – тан олди аёл, – бу тўқсонинчи йилларнинг бошида бўлгандир. Қандайдир базмда дуч келиб қолдик. У мени кўриб, чўчиб кетди. Энг нозик сиридан воқиф бўлганим боис, ўшанақа давраларда мени учратиш унинг учун энг кўнгилсиз ҳол эди. Мен дарров кетивордим. Ўшандан сўнг ҳеч қачон кўришмадик.

–Тушунарли. –Ринат чап қўлини эҳтиётлаб, ўрнидан турди.– Менжан вақтингизни аямаганингиз учун раҳмат. Тихирлигим ҳадидан ошиб кетган бўлса, узр.

–Ҳечқиси йўқ,– жавоб қилди аёл, -энди бу масалалар ҳақида гапирса бўлади. Агар у тирик бўлганида, сиз жияни бўлмаганингизда ҳеч нарсани айтмасдим. Лекин, ҳозир мумкин. Қолаверсаа, орадан кўп йиллар ўтиб кетди. Барибир ўша даврларни мен мамнуният билан эслайман. Ёшлик чоғларимиз эди. Замон ҳам ўшанда бутунлай бошқача эди…

–Шундай бўлса бордир. – У аёлга ўнг қулини узатди. –Кўришгунча хайр. Ҳаммаси учун сизга яна бир бор раҳмат.

Ринат хонадан чиқди. Йўлакда уни Тамара,Талгат ва Анзор сабр билан кутиб туришарди.

–Бирор нарсани билолдингизми? –сўради Тамара.

–Кўп нарсани билдим,–деди Ринат, -энди тоғам тўғрисидаги деярли барча гапларни биламан, деса бўлади.

21 боб.

Ринат меҳмонхонанинг ўзига учун олдиндан банд қилинган ҳашаматли хонасида ювиниб, эгни-бошини алмаштирди. Кейин ресторанга тушиб тушлик қилишди. Ринат ҳаммаларини бир дастурхон атрофида ўтиришга таклиф қилди. Талгат индамади. Анзор ва Павел ўнғайсизланиб, бир– бирига қараб олди. Улар хўжайинлар ҳеч қачон қўриқчилар билан бирга овқатланмаслигини яхши билишарди. Шунинг учун Ринат таклифи ғайритабиий ва ғалати туюлди. Бунинг устига Ринат ҳаммага сизлаб мурожаат қиларди.

Кечқурун Парижга учиш кўзда тутилганди. Аммо, соат тўртда меҳмонхонадаги бўлмасида ака-ука Глущенколар билан кўришиш режалаштирилганди. Бу йигитлар марҳум Владимир Аркадьевичнинг амакиваччалари бўлиб, бугун ўзларининг яна бир қариндошлари билан учрашувга келишлари керак эди.

Юрий ва Степан Глущенколар соат ўнта кам тўртда меҳонхонага учта қора “Мерседес”да етиб келишди. Кўринишларидан ака-укаликлари билиниб турган бу йигитлар сира ҳам марҳум амакиваччаларига ўхшамасди. Икковининг ҳам бўйи паст, тўладан келган, юзлари шишинқираган, кўзлариандак чақчайган, лаблари дўрдоқ. Қирғоққа энди чиққан денгизчидек иккаласи ҳам талтанглаб қадам ташлашарди. Иккаласи ҳам тижорат билан шуғулланар, ўзларига яраша бадавлат кимсалар эди. Ака бўлмиш Юрийнинг сармояси юз эллик миллион доллар атрофида, укасиники эса ундан икки баравар камроқ эди. Уларни ўз қўриқчилари кузатиб келишди. Агар ака-укаларнинг ”Мерседес” ичида қилган суҳбатларини Ринат эшитиб қолса борми, ёнига ҳам йўлатмаган бўларди.

–Анави итвачча келипти, –деди қаҳр блан Юрий Глущенко,– энди Володядан қолган миллионларнинг кулини кўкка совуради.

–Бу бало бошимизга қаёқдан келиб қолди ўзи? -сўради Степан.– Бунақа жияни борлигини умримда эшитмаганман.

–Менга унинг тўғрисида Москвадан қўнғироқ бўлгач, суриштириб кўришни буюргандим, – тушунтирди Юрий, – Айтишларича, анави ахмоқ Марина ўзи билан укаси Володя Аркаша амакининг болалари эмаслигини, онаси Оксана иккаласини ҳам аллақандай генералдан туққани тўғрисида хт қолдирган экан.

–Ғирт манжалақи экан-ку,– аччиқланди Степан.– Яхшиям, шўрлик Аркаша амаки бунақа шармандаликдан бехабар ҳолда ўлиб кетган экан. Лекин, франциялик адвокатлари бу бемаъниликка қандай ишонишипти? Балки, Марина атайлабдан шундай қилгандир. Унинг ўзи қандайдир ҳарбийнинг қизи бўлган, балки онаси уни генералдан эмас, бирорта сержантдан орттиргандир. Бунинг устига Володя ундан ўн йил кейин туғилган. Ўша сержант қай гўрдан пайдо бўлиб қолиши мумкин? Марина алдаган бўлиши керак? У Володянинг Аркаша амакининг ўғли эканини яхши биларди.

Қаршиларидаги кўзгуга қараш ака-укаларнингг хаёлига ҳам келмасди. Иккаласи ҳам паст бўйли, хўппа семиз, худди пиво бочкасига ўхшарди Оталарининг ўзгинаси. Аркадий амакиларининг кўриниши айнан шунақа эди. Унинг ўғли Владимир бўлса, отасининг бутунлай тескариси – баланд буйли, чиройли, хушқомат – Петр Григорьевич Полищукнинг қуйиб қўйган нусхаси эди. У ҳатто бир қадар Ринатга ҳам ўхшаб кетарди. Аммо, амакиваччаларнинг ўзларини ойнага солишга тоқатлари йўқ эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации