Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 15 страниц)
–Мен ичмасам, майлими? – сўради аёл.– Шаробдан кейин негадир бошим оғрийди.
–Айтишларича, манави шароб жуда яхшиси эмиш,– таъкидлади Ринат, -янаям ўзингиз биласиз. Сизга озроқ қуяман. Ичмасангиз ичманг, фақат, чўқиштирсангиз бўлди.
Шундай қилишди. Таомлар жуда лаззатли эди. Ринат номини биладиган, аммо ҳозир эсига келмаётган, нафис қилиб кесилган мол гўшти бўлаклари ҳам, пишлоқ ва гўшт аралтирилган спагетти ҳам, салатлар ҳам, ҳатто, чучварага ўхшаб кетадиган равиоли ҳам моҳирлик билан тайёрланганди. У биринчи қадаҳни аёл учун кўтарди. Лида майин жилмайиш билан қадаҳни лабига текизиб, шаробдан бир ҳўплади. Ошхона столи жуда энли бўлиб, улар юзма-юз ўтиришса-да, қадаҳларни чўқиштириш учун узатган қўллари бир-бирига етмасди. Шунинг учун қадаҳларни кўтариб қўйиш билан кифояланишди. Иккинчи навбатни ўзи учун ичди. Шароб чиндан ҳам ёмон эмасди.
У аёлнинг қўл сочиқни тиззасига қўйиб, спагеттини санчқига саришталик билан ўраб олиб, ейишига эътибор берди. Кейин жилмайди. Ва кутилмаганда сўраб қолди:
–Эрга текканмисиз?
–Ширинлик ўрнига бошқа нарса таклиф қилмоқчимисиз? – қақилдоқлик қилиш аёлнинг қўлидан келмас, шунчаки сўраганди.
–Ундай эмас,– тўғрисини айтди йигит, – шунчаки қизиқаяпман.
–Эрим бир неча йил олдин ҳалоқ ҳалок бўлган, – деди Лида паст овозда, –ҳарбий учувчи эди. Айтишларича, қандайдир беъмани ҳалокатнинг қурбони бўлганмиш. Шундан бери иккита болам билан яшайман. Қизим ўн саккизга тўлди, ўғлим ўн тўрт ёшда.
–Шунинг учун икки жойда ишлаяпсиз?
–Тўрт жойда ишлайман, – пинагини бузмасдан жавоб қилди аёл.– бошқа иложим йўқ. Сизникида бўлса ишламадим, десам ҳам бўлади, аксинча дам дам оламан. Чанг-чунгларни артаман, холос. Чунки, ҳеч қачон ивирсимайди.
–Бошқа уйларга бунга ўхшамайдими?
–Ҳаммаси ҳам эмас. Айниқса, биттаси ҳолдан тойдиради. Учта боласи бор, тонгдан то ярим тунгача йиғиштиришимга тўғри келади. Яхшиям, метро тунги соат биргача ишлайди. Уйимиз эса бекатнинг ёнгинасида. Етиб олишга улгураман. Умумамн, чидаса бўлади. Ишқилиб, хўжайинларини ранжитмаслликка ҳаракат қиламан.
–Ҳаммаси бўлиб қанча ҳақ оласиз?
–Тўққиз юз долларга яқин. Ўзимизга етди. Жуда ошиб-тошиб кетган жойимиз йўқ, эл қатори яшаймиз. Энг муҳими, болаларимни ҳеч нарсага зориқтирмай ўстираяпман. Менга кераги ҳам шу.
–Эрингиз учун пенсия олмайсизми?
–Оламиз, лекин, уни эримнинг ота-онасига жўнатамиз. Эрим ёлғиз ўғил эди. Қариялар Воронежда туришади, улар учун бу катта пул ҳисобланади…
–Тушунарли. Менинг сизга битта таклифим бор…
–Агар пул бермоқчи бўлсангиз, олмайман. Камбағалларнинг ҳам қўзига яраша иззат-нафси бор… Агар бошқа таклиф бўлса, келишиб қолишимиз мумкин.
–Сизга иш таклиф қилмоқчиман. Мен бу ерга кўчиб келиб, бундан буён муқим яшайман. Ҳарқалай шундай бўлади, деган ўйдаман. Ойига сизга минг доллар тўлайман. Ҳафтада бўлса, уч марта келасиз. Ошхонанинг тартибга соласиз, зарурат туғилса, озиқ-овқат олиб келасиз. Пулини бераман. Бир томондан, юкингиз енгиллашади, болаларингиз билан шуғулланишга бўш вақтингиз кўп бўлади, иккинчи томондан, мен ишончли уй бошқарувчисига эга бўламан. Менимча, шундай дейишади, шекилли?
–Сиз бугун эрталаб мени умрингизда биринчи марта кўрдингиз, –эслатди Лида, –қандай қилиб менга ишонасиз?
–Бу уйда кўпдан бери ишлайсиз, шу орада ҳеч нарса йўқолмапти-ку. Қолаверса, ишга олишдан олдинг кимлигингизини батафсил ўрганишган бўлса керак. Яна олифталик қилаяпти, деган хаёлга борманг. Сизга ўхшаган инглиз тилни биладиган ходимани қаердан ҳам топаман? Менимча, тўғри қарор қабул қилдим.
–Кўндирдингиз.– Кулисиради аёл. –Ҳозир идиш-товоқларни йиғиштириб бўлай, қолган юмушларимни ҳам тугатаман. Ишга қачондан чиқсам бўлади?
–Эртадан. Мен “Астор” компаниясига қўнғироқ қилиб, янги маошингизни оширишни илтимос қиламан. Бугун компанияга янги бош директор тайинлаб келдим.
–Уёқда ҳам тўполон қилишга улгурипсизда?
–Улгурдим.Менга олдинги бош директор ёқмаганди, бўшатишга қарор қилдим.
–Кўзимга оппоққина пахмоққина бўлиб кўрингандингиз.
–Бир кўрган одамга шундай туюлсам керак-да. Менимча, пулнинг кўплиги инсонни бешафқат ва аёвсиз қилиб қўяди, шекилли. Ҳатто, феъл-атворини бутунлай ўзгартириб, маънан бузар экан.
–Сизнинг ўша пулдан воз кечишингиз имконингиз ҳар доим топилади.
–Йўқ, энди топилмайди. У гиёҳванд моддага ўхшайди. Пулинг кўплигини сезиш ва бундан буён уни қаёқдан топиш тўғрисида бош қотрмаслигингни ўйлашнинг ўзи ҳам лаззат бағишлар экан. Менимча, эркинликнинг энг олий чўққиси ҳам шу бўлса керак.
–Лекин, бунга эришиш учун кўп нарсани қурбон беришга тўғри келади.
–Бу гап менинг вазиятимга тўғри келмайди. Мен фақатгина бу дунёда борлиги хаёлимга ҳам келмаган тоғамнинг оиласидан жудо бўлдим, холос. Умуман олганда, сиз ҳақсиз. Мен айтган эркинликка етишгунча улар жуда кўп нарсаларидан айрилишиган. Уларни эндиликда ҳеч нарса қувонтирмайди. Йўқ, ундаймас. Аниғи, қувонтираолмайди. Улар ҳаётидан шодланиш туйғусидан маҳрум бўлиб қолишади.
У овқатини еб бўлиб, ўрнидан қўзғолди, ётоқхонага йўл олди. Бугунги кун уни ҳолдан тойдирганди. Шу кез шаҳар телефони жиринглади. У афтини бужмайтди. Тамара келган куниёқ бу ерда учта шаҳар тармоғи борлигини, биттаси барча хоналардаги телефон ускуналарига, иккинчиси ётоқхонага, учинчи эса хизматчилар билан гаплашиш учун ошхонага уланганини айтганди. У гўшакни кўтарди.
–Хайрли кун.
–Кечирасиз, безовта қилдим, – у Иосиф Борисовчнинг таниш овозини эшитди, – сиз билан бироз ғалатироқ иш тўғрисида гаплашмоқчи эдим.
–Яна нима бўлди?
–Бир неча дақиқа бурун таниш ҳамкасбим қўнғироқ қилди. Илгари бизнинг компанияда ишлаганди, кейин ўзи мустақил идорасини очди.Умуман олганда ёқимтой, келажаги порлоқ йигит. Бугун унга собиқ хотинингтиз мурожаат қипти. Сизга тегадиган меросни сиз билан ворис саналмиш қизингиз ўртасида теппа-тенг бўлишни талаб қипти. Адвокат унга ҳам сиз ҳаёт экансиз, қизингиз вояга етмаган экан, меросни бўлиш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмаслигини тушунтирипти. Қизингиз меросни фақат сизнинг қўлингиздан олиши мумкин.
“Яшавор, Лиза. – Ринат завқланиб кетди, –адовкат топишга улгурганини қаранг. Чамаси, мероснинг миқдорини эшитиб, эс –ҳушидан айрилган кўринади.”
–Хотинимнинг бирор нарса олиши мумкинми?
–Бир сўм ҳам ололмайди, – қатъият билан жавоб берди адвокат, –у фақат боласи учун каттагина пул талаб қилиш мумкин. Ўқишига, ёки даволанишига зарур бўладиган харажатларга. Агар сиз бирор фалокатга учрасангизгина, мерос ўз-ўзидан қизингизга ўтади, ҳолда хотиннигиз васийга айланади.
–Тушунарли, – деди Ринат. Кайфияти тамоман расво бўлганди. У ҳамон Лизанинг ақлини йиғиб олишидан умид қиларди.
Гўшакни жойига қўяр-қўймас, уяли телефони жиринглади. Наҳотки яна Лиза бўлса? У костюмини йиртиб юборгудек шаҳд билан ускунани чўнтагидан чиқарди. Кейин қўнғироқ қилувчининг рақамига кўз ташлади.Бу Дима эди.
–Саломлар! – ҳайқирди Дима, – Қаёққа йўқолиб қолдинг? Кун бўйи қўнғироқ қилдим-а, жавоб бермайсан.
–Бундай бўлишиш мумкин эмас, -деди Ринат. –Лекин, бўлиши ҳам мумкин. Телефонимни ўчириб қўйгандим.
– Айнан ўчириб қўйгансан, – Дима ҳамон ўзини босиб олаолмас, афтидан қаердадир боплаб “тушлик” қилишга улгургандирган, –Плавникнинг адвокатлик иборасидан бирови Глущенконинг меросхўри ўзимизнинг тўдадаги ёш журналистлардан экан, деб лақиллаб қўйипти. Тасаввур қиласанми, нималар бўлаётганини? Ҳаммалари ақлдан озай деяпти. Меросхўрнинг кимлигидан фол очиш авжига чиққан. Яна ўша йигитнинга татар миллатидан эканини ҳам айтишипти. Кўплар исми– шарифингга қарамасдан, сени украин, деб билади. Шунинг учун шунақа миш-мишлар урчиганки, эшитиб, кулгидан ичагинг узилади. Эмишки, Глушенко Сафиннинг қариндоши экан, ҳалиги Алсу деган қўшиқчининг отаси бор-ку, машҳур олигарх. Бировлар бўлса, ўзимизнинг таниқли теннисчи Марат Сафиннинг тоғаси дейишмоқда. Яна бир хиллар ҳалок бўлган кимса Шамил Тарпищевнинг амаки акаси, деган гапни чиқаришипти. Хулласи калом, ким калласига нима келса, ўшани ёзиб ётипти. Ҳаммалари менга қўнғироқ қилиб, ўша журналистнинг, яъни сенинг кимлигингни, ҳақингдаги маълумотларни суриштиришаяпти.
–Сен ҳам сир бермасанг керак, деб умид қилсаам бўладими?– паришонхотирлик билан сўради Ринат.
–Ҳозирча, ҳаракат қилаяпман. Лекин, миш-мишлар Иосиф Борисовичнинг идорасидан тарқалаяпти. Менга ҳатто, бугун қўнғироқ қилишиб, “Ньюсуик” ва “Форбс” журналлари миллиардернинг янги меросхўрининг исми ва таржимаи ҳоли учун каттагина қалам ҳақи тўлашоқчи эканини ҳам айтишди.
–Ўша журналларга қўнғироқ қилиб, пулини талаб қилишинг мумкин,-таклиф қилди Ринат.
–Ақлдан оздингми? -бир зумда ҳушёр тортди Дима.– Мен дўстларимни сотмайман.
–Мени сотгин демаяпман. Барибир эрта-индин ҳаммалари менинг ҳақимда ёзишади. Бугун битта компанияда бўлдим. У ерда мени қирқ– эллик киши кўрди. Эртага ҳамма менинг ҳақиқий исмимдан тортиб, телефон рақамимгача сўсиз билиб олади. Айтгандек, телефонимнинг ҳозирги рақамини ўчиришим керак. Янгисини оламанда, рақамни фақат сенга айтаман.
–Тўғри қиласан,– маъқуллади Дима,– аллақачон шундай қилишинг керак эди. Уяли телефоннинг зўридан сотиб ол. Менга айтишларича, устига қўлаки усулда сайқал берилган ғаройиблари бор эмиш. Тасаввур қиласанми, ўттиз минг евро турармиш. Жуда сен боп-да.
– Мен тентак эмасман, – унинг гапини қирқди Ринат, – балки, бриллиант қадалган калта иштон олишим ҳам керакдир? Сотувда шунақалари ҳам бормиш-ку. Хуллас, телефонимнинг рақамини янгилайман-да, сенга айтаман. Сен бўлсанг бояги журналларга ҳозироқ қўнғироқ қилда, маълумот бермоқчи эканингни айт. Бунинг ҳеч бир ёмон томони йўқ. Сен таниқли журналистлардансан, ахборотни ҳам биринчи бўлиб қўлга киритипти, шоввоз, деб ўйлашади.
–Шундай, деб ўйлайсанми? –қувониб кетди Дима.– Ҳозироқ қўнгироқ қиламан. Айтгандай, сенга битта совғам бор.
–Қанақа совға яна?
–“Ёш юраклар” гуруҳи эсингдами?
–Албатта,эсимда, – таажжубланди Ринат.– Буни нега сўраяпсан?
“Ёш юраклар” гуруҳи икки йиллар олдин ташкил топганди.Бу таниқли продюссер Игор Фурмановнинг одатдаги лойиҳаси бўлиб, учта гўзал қиздан иборат гуруҳ эди. “Фабрика”, ”Виа Гра” “Блестящие” га ўхшаганларнинг уруғи кўпайиб кетганди. Уларда қатнашаётган қизлар учун саҳнада ўзини қандай тутишнинг, томошабинларга қандай кўринишнинг, мусиқавий қобилияти бор йўқлигининг уч пуллик аҳамияти йўқ эди. Муҳими, қадди-қомати шаҳвоний туйғуларга ғул-ғула солишга қодир бўлса бас. Ҳар бир гуруҳга атайлабдан асло бир-бирига ўхшамайдиган қизларни тўплашарди. Масалан, бир малла сочли бўлса, иккинчиси қора соч, учинчи қўнғир соч бўлса кифоя. Уларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиш билан биргаликда, бир– бирини тўлдириб, мутассадилар кўзлаган ягона режани намойиш қилишга хизмат қиларди. Зеро, гуруҳни бундай тузишнинг янгилик томони ҳам йўқ эди. Бу усул бошқа мамлакатларда аллақачон одат тусига кирганди. Агар қизлардан бирортасининг овози панд берадиган бўлса, қўллаб-қувватловчилар дарҳол кўмакка келарди. Агар қиз қўшиқни рисоладагидек куйласа-ю, тана тузилиши хунукроқ бўлса, унинг ҳам сийнасини сунъий тарзда йириклаштиришга, қоматидаги айрим аъзоларини ўзгартиришига ёрдам берадиган ҳожатбарорлар ҳозир-у нозир эди. Инсоф билан айтганда, гуруҳлар қатнашчиларнинг деярли ҳаммаси озми-кўпми овоз, қўшиқ айтиш маҳоратига эга эди, шаҳвоний ҳисларни қитиқлайдиган жозибани эса жарроҳлар тиғи билан пардозчиларнинг қўли бахш этарди.
“Ёш юраклар” гуруҳи ҳам шу йўсинда дунёга келган бўлиб, таркиби жон ўртовчи қўнғирсоч билан жозибадор малла соч, сирли товланадиган қорасоч қизлардан иборат эди. Бу гуруҳ биринчи марта эл кўзига кўрингандаёқ Ринатнинг эсида қолганди. Унга айниқса қўнғир сочли сирли соҳибжамол ролини бажараётган Света Лозовая ёқиб тушганди. Қиздаги назокат ўйлаб топилган ва яратилган тимсол билан ғаройиб тарзда уйғунлашиб кетган, айни пайтда руҳий бир жозиба ҳам сезилиб турарди. Света нимаси биландир Лизанинг ёшлик пайтини, у билан кечган бахтиёр кезларини эслатарди. Лекин, Света Лизага нисбатан ёқимлироқ, эгилувчанроқ, мулойимроқ, гўзалроқ эди. Ринат Дима билан гаплашганда ҳар доим эстрада артистлари орасида ҳаммадан ҳам Света ёқишини айтиб юрарди.
Улар гоҳо-гоҳо журналистларни ҳам кириб қоладиган аллақандай қурама базми жамшидлардан бирида учрашиб қолишди. Света Ринатдан сали нурида турар, дугоналаринг ҳазилларидан яйраб куларди. Йигит бор журъатини йиғиб, қизнинг ёнига борди-да, қўлини елкасига тегизди.
–Нима гап? -ўгрилди қиз.
Ринатнинг бир бор қараш билан ҳамма нарсани тушуниб олса бўларди. Йигит таклиф қилувчилардан эмас, таклиф қилинганлардн эди. Эгнида одми костюм, аълочи ўқувчиники сингари очиқ чеҳра, ўзини тутиши ҳам эл қатори. Бунақа қиёфадаги кишилар қизни ҳайратлантирмас, ўзига ҳам тортмасди. Бу пайтга келиб у ҳусни-жамоли эркакларни ўзига тортишини, завқини жўш урдириб, маҳлиё этишини билиб қолганди. Лекин, ҳали ёш ва бегона йигитларнинг диққат-эътиборидан боши гангийдиган даражага етмаганди.
–Сизга нима керак? –сўради Света табассум қилиб.
–Сизнинг ғоят гўзаллигизни айтиб қўймоқчи эдим, -иқрор бўлди Ринат. –Мен журналистман, ҳар доим чиқишларингизни кузатиб бораман.
–Раҳмат,– қиз дугонаси томонга ўгрилиб олди.
Йигитнинг гап қотишга ҳоли етмади. Лекин, нима бўлганини Димага айтди.Унинг ҳикоясида қиз билан суҳбатлари анча муфассалроқ чиқди. Бугун ўша гуруҳ Диманинг эсига тушиб қопти.
–Кечқурун Москвадаги нефтчилар клубида учрашув бўлар экан,– деди Дима ҳамон ҳаяжонини босаолмасдан,– Ўша ерда “Ёш юраклар” қатнашаркан. Иккита таклифнома ундирдим, сен билан ўзимга. Эски дўстингга ҳамроҳлик қилишдан бош тортмасан керак, деб ўйлайман?
–Бош тортмайман, – кулди Ринат. –Фақат, йигитларга ҳозиргина жавоб бериб юборгандим-да.
–Сени ўзим олиб кетаман, –илтифот кўрсатди Дима,– Яқинда дурустгина аравачалик бўлганимдан хабаринг бордир, ҳайноҳой.
–Бунақаси кетмайди, – эътироз билдирди Ринат,– йигитларимни чақираман.Сен ҳам машинангни қолдирасан, бирга кетамиз. Мен сенинг ҳам дам олишингни истайман. Рулда ичиш –нодоннинг иши. Ўзинг ҳар доим шундай дейсан.
–Келишдик, – хохалади Дима.
Ринат телефонини ўчирди. У ҳали ушбу узундан-узун куннинг нима билан тугашини тасаввур ҳам қилаолмасди.
13 боб
У кечқурун яна бошқа костюмини кийди. Соат эсига тушиб, ҳозиргисининг баҳрида ўтишни ўйлади. Лекин, нима учун элга эргашиши керак экан? Ўзига ёқас бўлди-да, тақиб юраверади. У ўзининг эски соатини олди.
Машина олдида уни одатдагидек Анзор билан Николай кутиб турар, гўё, бу ердан ҳеч ёққа жилишмаганга ўхшарди. У бош ирғаб саломлашган бўлди-да, безовта қилгани учун кечирим сўрамоқчи бўлди. Аммо, ш заҳоти фикридан қайтди. Ринат ўзида илгари ҳис этмаган янгича хислатлар пайдо бўлаётганин пайқади.
Дима машинасини аллақачон ер ости гаражига қўйиб, бахтиёр ва хушҳол қиёфада жўраси томон ошиқарди. Унинг эгнида ўша Тамара билан биргаликда танлаган костюм– анчагина башанг кўринарди. Дарҳақиқат, Дима ташқи қиёфасини ўзгартирган, чарм куртка, ғижимланган шим ва қалин тагчармли ботинкасидан воз кечганди. Хушбичим тортган, андак яшарган ҳам. Ринат Диманинг илгариги юришлари ночорлигининг касри бўлганини дилидан ўтказди. Дўстининг қимматбаҳо костюм сотиб олишга, мода ортидан қувишга, нодир нусхали бўйинбоғлар тақишга, бир жуфти беш юз доллар турадиган пойабзал кийишга қўли калталик қилган. Чўнтаги кўтаргандек кийинган, кейин эса уни ўзининг қиёфасига айлантириб олганди. Бекорга кўрпангга қараб оёқ узат, дейишадими?
Машина ичида Дима Ринат томонга энгашди.
–Менга йигитлар қўнғироқ қилишди. Айтишларича, сен тасарруфингга ўтадиган “Астор” компаниясига борганмишсан. Ўша ерда ўзингни қандай тутганингни айтишганди, мен ишонмадим. Бошқа бировнниг ҳужжати билан кириб, барча сирларни билиб олганмишсан, кейин тўнтариш ясаб, отнинг қашқасидай таниқли Гогоберишвилини қувиб юборгнмишсан. Наҳотки, шу гаплар рост бўлса? Менинг ишонгим келмади.
– Айтиб улгуришдими?– норози бўлиб сўради Ринат,– Гогоберишвили деганларинг нимаси билан донг таратган ўзи? Нимани қойил қилган?
–Ие, унинг кимлигини билмайсанми ҳали?– ҳайрон бўлди Дима,– Мен у ҳақда эшитгансан, деб ўйларканман. У жуда таниқли кимса, бутун Москва яхши танийди. Вахтанг Георгиевич. Москвадаги бир қатор муссасаларга раҳбарлик қилган. Шаҳарда жуда кўплар билан алоқа ўрнатган. Жуда обрўли инсон. Наҳотки, унинг тўғрисида бирор марта эшитмаган бўлсанг?
–Эшитмаганман.
–Сен уни қувиб юбордингми? Оддий хизматчини ҳайдагандек қилиб-а?
–Ўғри-муттаҳамлигини тушунган заҳоти, қувишга қарор қилдим. У ҳар икки доллардан бирини чўнтагига урган. Менимча, ўшандай машҳур кишининг ҳам бу даражада олғирлига чидаш мумкин эмас.
–Энди эҳтиёт бўлишингга тўғри келади, -огоҳлантирди Дима, – бу сенга қандайдир эшикоғаси эмас. Ҳеч бўлмаса, кимни ҳайдаганингни ўзинг тушунаяпсанми? Ўзингга бир умрлик ашаддий душман орттириб олибсан.
–Ҳечқиси йўқ,– Ринат унинг гапини назарга илмади, –менинг тан соқчиларим бор.
–Ахмоқсан, –деди Дима секингина. –Биласанми, тоғангнинг қанча қўриқчиси бўлган? Йигирма чоғли, балки, ундан ҳам кўпроқдир.Уни бўлса вертолётда оила-поиласи билан портлатишди қўйишди. Бунақа одамларни менсинмаслик, гумроҳлик бўлади. Балки, Гогоберишвилининг ўзи шу йўл билан хўжайинидан қутилишни истагандир. Унинг ўрнига энди сен пайдо бўлиб, умуман ўтирган ўрнидан қувиб солибсан.
–Бошқа бунақа қилмайман,– Ринат терс қараб, ойнадан кўчага тикилди.
–Нимани қилмайсан? –тушунмади Дима.
– Уни иккинчи марта қувиб юбормайман. Чунки, қувиб бўлдим.
Дима ҳафсаласи пир бўлганидан, пишқириб юборди.
Клубга етиб келишганларида кеч соат саккиз эди. Ринат қўриқчиларига ўзларини олиб кетиш учун уч соатдан кейин келишларини илтимос қилганди, Анзор кутилмаганда шарт қайрилиб қаради.
–Бунақасига ишлаш бизга тўғри келмайди, –деди у.
–Нега?– тушунмади Ринат.
–Ҳар доим ёнингизда бўлишимиз керак. Айниқса, манавинақа жойларда,– тушунтирди Анзор. -Сиз бизни тушунишингиз лозим. Биз ўзимиз вазифамиз учун жавоб берамиз, шу боисдан одамлар гавжум жойларда бирга бўлишга мажбурмиз.
–Сизларда таклифнома йўқ-ку,– ажабланди Ринат.
–Бизга таклифнома шарт эмас, –эътироз билдирди Анзор.– Сизнинг қўриқчингизмиз. Биргаликда бемалол қўйишади.
–Ундай бўлса, кетдик, –деди Ринат. Ахир, йигитлар ҳам сал-пал кўнгил очишлари керак-ку. Чиндан ҳам уларни ҳеч ким тўхтатмади. Клуб соқчилари аслзода кимсаларнинг шахсий тансоқчилари, котибалари, ёрдамчилари, баъзан модалар уйининг таннозлари билан биргаликда келишларига аллақачон кўникииб кетишганди.
Одатда бунақа жойларда дастурхонлар ҳаддан ташқари тўкин-сочин бўлса-да, бу ҳеч кимни ажаблантирмайди. Ўта бадавлат кишилар биринчи навбатда ўз соғлиқларини асраш хусусида қайғурадилар, холестеринга бой увилдриқларни, серёғ балиқларни (креветки) тановвул қилмайдилар. Очиғи, ҳаётларини хавф остига қўйишдан чўчиб, бунақа жойлардан таом татимайдилар. Чунки, манави талотумда керакли кишини осонгина заҳарласа бўлади. Шу боисдан бунақа базмларда таклиф қилинган журналистлар билан тасодифий кимсалар очил дастурхонларга ёпирилиб, егуликлар ва тоза шароблар шаънига мақтов сўзларини ёғдирадилар, иложи борича. Бунқа гўашаларга оч ҳолда келишга ҳаракат қиладилар.
Ринат билан Дима егулик олиш учун столлар ёнига ўтишди. Иккаласи ҳам роса очиққанди. Ўралашганлар орасида таниш башаралар ҳам кўринб қоларди Кутилмаганда ёнларида янгиликлар теледастурининг ёпишқоқ мухбири пайдо бўлиб қолди. Бу– Москванинг ҳар балодан хабардор ва жанжалкаш журналистларидан бири Владик Гохмахер эди. Ўртадан паст бўйли бу кимсанинг башарасини атайин чизилганек майда чизиқлар қоплаганди. У озроқ дудуқланар, ўзининг ушбу қусуридан ҳамсуҳбатининг жиғига тегишда усталик билан фойдаланар, қаҳри қайнаган кимса беихтиёр бор гапини айтиб юборарди. Баъзан, тутлиқиши вақтдан ютишда қўл келарди.
–К-к-келганларинг қ-қ-қандай яхши б-бўлди, – гап бошлади Владик.– Р-ринатнинг миллиардер бўлгани бутун шаҳарда гап-сўз бўлиб кетди. Мен Ш-ш-шарипов ўйлаб топилган фамилия, деб ўйлабман. К-кейин билсам сен экансан. Н-наҳотки, шунча пул олган бўлсанг?
–Ҳали олганимча йўқ, –жавоб қилди Ринат, -сендан илтимос, бу ҳақда бировга айтиб ўтирма. Адвокатлар ҳозирча ҳужжатларни тўғрилашапяти. Бу сен ўйлагандек, осон иш эмас.
–Тушунаман, – бош ирғади Владик. Сўнг атрофига бир аланглаб олдида, секингина суриштирди: –Бир неча миллион олганинг ростми? Барча журналистларни йиғиб, бир базми жамшид қилмасан бўлмайди. Акс ҳолда сени нотўғри тушунишади.
–Йиғаман,– розилик билдирди Ринат,-албатта, йиғаман.
–Миллионларни олган-олмаганингни айтмадинг-ку.
–Ҳеч нарса олганим йўқ.
–Костюмнинг зўрини харид қилибсан,– ишора қилди синчиков Владик,– умуман, э-эгни-бошинг жойида. Д-дўстинг ҳам ясаниб олипти. Б-бўш келманглар, йигитлр. Э-эртага биз сени таклиф қилмоқчимиз. Суҳбатингни оламиз. М-миллионерликнинг қанақа афзалликлари б-борлигини гапириб берасан.
–Албатта, – Ринатнинг аччиғи чиқа бошлади.
У бугунги базмга келганидан афсусланди. Владикнинг чангалидан қутилиш осон эмаслигини кўпчилик биларди. У Ринатни суҳбатга таклиф қилмоқчи бўптими, бас, унинг олдига ҳеч ким чиқа олмайди. У Ринатнинг телефонини бир амаллаб топади, янги уйи олдига келиб, пойлоқчилик қилишдан ҳам, изма-из юришдан ҳам қайтмайди, нима қилиб бўлса ҳам барча саволларига жавоб олмагунча, суҳбатни уюштиргунча тинчимайди.
Ринатнинг асабийлашаётганини сезиб, Дима уни четроққа бошлади. Анзор билан Николай Ринатдан бир қадам ҳам ажралмас, лекин, Владикни хўжайинларининг яқин таниши санаб, ўзаро мулоқатига халақт беришмади. Йигитлар ҳали кимни хўжайинлари ёнига яқинлаштириш мумкин-у, кимни йўлатмасликни, ҳали яхши билишмасди.
Жўралар бир неча қадам босишга улгурмасдан, реклама агентлигинин таниш ходимаси Ринат томонга отилди.
–Ринатча, салом, азизим. – У оғзини сочиқ билан артиб ҳам ўтирмасдан ёғли лаблари билан йигитни ўпа бошлади.
Ринат унинг ўпичларига ҳам, зил-замбил кўкракларининг зарбасига ҳам мардона чидаб берди. У бу хонимчанинг исмини ҳам эслайолмасди. Афтидан, Алла эди.
–Эшитиб, шундай хурсанд бўлдим. Ҳаммамизнинг қувончимиз чексиз, – аёл уни ҳамон бағридан бўшатмасди,– бизнинг қаторимиздан ҳам бой чиқди, қандай яхши-я. Мен ҳаммага Ринат Шариповни шахсан биламан, деяпман. Сен энди дунёдаги энг бой журналистсан. Ҳатто Теда Теннердан ҳам бойсан.– У ҳазилидан мамнун бўлиб, завқ билан кулди. Ринат Алланинг кийимларига синчиковлик билан тикилиб, илгариги ҳаёти билан солиштираётганини сезди.
–Ҳозирча ҳамма нарсани расмийлаштиришаяпти. Қўлимга бир тийин ҳам теккани йўқ, – аёлдан қутулишга уринди Ринат.
–Лекин. сенинг украиналик олигархнинг меросхўри эканинг ҳаммага маълум. Сенинг учун қанчалик қувонганимни, ҳатто, тасаввур ҳам қилаолмайсан. Албатта, сени “Келажакка ғамхўрлик” хайрия жамғармамизнинг бошқарувига аъзо қилиб оламиз. Биз етимхоналар учун пул йиғамиз. Сен энди бош ҳомиймиз бўласан, деб ўйлайман. Миллион доллар сен учун пул эмас-ку…
–Шундай. –у Димага бу хонимчани нарироққа ол, дегандек зарда билан қаради.
У ҳам бу қарашнинг маъносини дарров илғади. Алланинг билагидан тутди.
–Ҳозирча ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ, -шивирлади Дима, – кутилмаганда жиддий рақобатчилар пайдо бўлиб қолди. Мерос бир неча бўлакка бўлиниб кетса ҳам ажаб эмас. Лекин, бу катта сир…
–Биламан, –Алланинг Ринатдан ҳеч ҳам ажралгиси келмасди.
Дима унинг иккинчи билагидан ҳам тутди-да, нарироққа тортиб кетди.
Ринат оғир хўрсинди. Буниси шу хилдаги базмларга охирги келиши бўлса керак. Анзорни чақирди-да, пичирлаб, ёнига ҳеч кимни йўлатмасликни буюрди. Кейин бошқа томонга юрди ва шу лаҳзада кўзи Оксанага тушиб қолди. Қиз столга суянганча, уни анчадан бери кузатиб турарди. Ринат сал-пал иккиланиш билан унинг ёнига борди. Анзор зудлик билан ёнида ҳозир бўлди. Ринат боши билан ишора қилиб, қиз билан гаплашишга изн сўради. Анзор ён тарафга бир қадам четланди.
–Салом, Оксана,– деди Ринат.
Ринат бу қиз билан ўзини доимо эркин сезарди. Иккаласи ҳам ўзини бир-бирини кўрмаса, ўлиб қоладиган ошиқ-маъшуқлар қиёфасига солишмас, учрашиб қолишса, вақтларини кўнгилли ўзтказишарди, холос.
–Салом. – Қиз унга синчиковлик билан тикилди.– Ўзгариб кетибсан.
–Анчагинами?
–Билмадим, аммо, инсоннинг икки кун ичида бунчалик ўзгаришига ақл бовар қилмайди. Бойлигинг тўғрисидаги гапларнинг ростми? Демак, энг бадавлат меросхўрлардан бири экансан-да.
–Эҳтимол…– деди у, – лекин, ҳозирча бу гапларнинг нима билан тугаши маълум эмас.
–Тушунарли, – салгина тутлиқди қиз, – энди қўлма қўл бўлиб кетасан…
–Билмадим. Буларнинг бари негадир менга унчалик ёқмяпти.
–Тушуниб турибман, – Оксана лабини бурди. – Омадинг кулгуанидан хурсандман.
–Раҳмат. Қўнғироқ қил. Йўқ бўлиб кетма.
–Сен ҳам. Ҳозирча.
Улар икки томонга қараб кетишди. Ринат тишларини бир ғижирлатди-да, ўзини мажбурлаб биринчи қадамни ташлади. Сўнг иккинчисини, учинчисини. У қизнинг қайтадан қайрилиб, ўзини кузатиб турганидан бехабар эди. Ўзи эса ўгрилмади. Иложи борича, қиздан узоқлашишга интилди. Хотираларнинг юки унча-мунча ҳам зил-замбил эмасди. У қизнинг вужудидан тараладиган ёқимли бўйни, унинг силаб-сийлашларини, оёқларининг ҳароратини унутаолмасди. Яна аёлнинг ўзининг эркалатишларидан қандай яйрашини, олаётган лаззатини ҳансираб-ҳарсиллаб намоён қилишини, ўша лаҳзада ўзининг ҳис-ҳаяжонидан уялиб. Йигтидан оғзини бекитишга мажбур қилганлари ҳам ёдида. У кўзларини юмди. Ҳаммаси барбод бўлди. Бари олисда, кечмиш кунлар бағрига ғойиб бўлганди.
Уларни “Ёш юраклар” гуруҳи куйлаётган залга таклиф қилишганда, Дима ҳам Алланинг чангалидан бир амаллаб қутулиб, дўстининг ёнига етиб келишга улгурганди.
–Худонинг балоси,– деди у ёлғондакам хўрсиниб,– бунақа хирапашша аёлдан энг қудратлик ҳимоячилар ҳам қутқаролмаса керак. Нима дейди ўзи? Пул сўраяптими?
–Хайрия жамғармасига аъзо бўлишимни илтимос қилаяпти.
–Ёлғиз ўзидан иборат жамғармагами? – бошини ирғади Дима,– Кимки у билан бир бор учрашса, бошқа сафар дуч келмаслик учун пул бериб қутулишга ҳаракат қилади. У ҳам ҳалол виждон билан сахий кимсани жамиятининг бошқарув аъзолиси сифатида рўйхатга олади-да, берган пулини аслзодаларга хос ҳашаматли кошоналарни ижарага олади.
–Ҳар ким билганича яшайди-да, – деди ҳорғин оҳангда Ринат.
–“Ёш юраклар” одатига кўра фонограмма жўрлигида куйлар. Чунки, бу ерда кимнинг қайси мусиқача ҳамроҳлигида қўшиқ айтилишига унча эътибор берилмас, томошобинлар машҳур ижрочииларни кўришса бас, уларнинг ижрочилик маҳорати ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасди. Света сафнинг ўнг тарафида турган экан. Ринатнинг қизга кўзи тушди-да, яқинига борди. Қиз қад-қоматини жозибадор қилиб кўрсатадиган калтагина зумрад рангда товланаётган кўйлак кийганди. Қўлларида эса тилларанг билагузук ялтирарди. Света томошабинларга қарата табассум улашиб. Қиз бу даргоҳга кўпчилиги унинг порлоқ келажагини яратишга қодир бўлган бой ва машҳур кишилар жам бўлганини яхши биларди.
Гуруҳ гулдурос қарсаклар садоси остида иккита қўшиқ куйлади. Кейин учала хонанда оҳисталик билан саҳнадан пастга тушишди. Одатда бу кизлар концертдан сўнг дарҳол чиқиб кетишарди, лекин бу сафара клубда қолишга жазм этишганди. Бу залда рад этиш ғирт тентаклик бўладиган жозибадор таклифлар тушиб қолиши эҳтимолдан холи эмасди. Света пастга тушгач, ўзига эллик ёшлардаги капалакнусха бўйинбоғ таққан, смокингдаги эллик ёшли кимсанинг тикилиб турганини пайқади. Унинг оқ оралаган сочлари чиройли таралган, кўзлари шишинқираган, худди бозорда бирор матоҳни кўраётгандек аёлга очиқ ва сурбетларча тикиларди. Света унинг мамлакатдаги кам сонли нефтчи бойваччалардан эканини билар, шунинг учун ҳам унинг минғиллашига чидашга маҳкум эди.
Ринат янада яқинроқ борди. Унга шунақа соҳибжамолнинг ёқимсиз ва бадбашара нусханинг ёнида туриши ёқмаётганди.
–Анавини бир амаллаб чалғитиш қўлингдан келадими?– сўради Димадан.
–Келади. Ҳозир Владикни топаман-да, икковлашиб бошини айлантирамиз. Ҳеч бўлмаса, ҳукуматнинг нефт нархининг кўтарилишини чеклаш борасида ташаббусига муносабатини сўраймиз. Нефт билан боғланган олигархларнинг қайсисига шу саволни берсанг, қочиворади ё сўкинишга тушади. Қандай қилиб бўлса-да, уни чалғитаман-да.
Дима қўлини кўтариб, Владикни ёнига чақирди, иккаласи қўшиқчи қизнинг ҳамроҳи томон йўл олишди. Бир неча лаҳзадан сўнг олигарх уларнинг саволларига жавоб бермасликка уриниб, ўзини четга тортди. Ринат эса қизнинг ёнига бориб , елкасига қўлини қўйди. Света қайрилиб қаради.
–Хайрли кеч, –деди Ринат.
–Салом.– У янги суҳбатдошига бошдан-оёқ сер қолди-да, ташқи кўринишидан мамнун бўлди. Бунинг устига анави шилқимга нисбатан анча ёш эди.
–Биз илгари учрашганмидик? – ҳар эҳтимолга қарши сўраб қўйди қиз. Чунки, бу клубга турли қаланғи-қасанғилар ҳам киравериши мумкин эди.
–Мен журналистман, – эслатди Ринат, – сиз билан бир марта кўришгандик, ўшанда чиқишларингизни доим кузатиб бораман, деб айтгандим.
Шу пайт Ринатнинг уяли телефон жиринглади. У чўнтагидан олди-да, ўчириб қўйди. Қизнинг телефонга кўзи тушган заҳоти, афти салгина бужмайди.Журналист, дегани ҳам шунақа арзон матоҳни тутадими? Йигитга нисбатан қизиқиши сўнди. У билан суҳбатлашишга ҳам ҳоҳиши қолмади. Бу ерда ундан давлатмандроқ кимсалар ҳоҳлаганча топиларди.
–Хурсандман, –деди қиз кўзи билан бояги суҳбатдошини қидириб.
–Балки, стол ёнига ўтиб, коктейл ичармиз, – таклиф қилди Ринат. У ҳамон қиз билан қанақа муоамала қилишни билолмай гаранг эди.
–Йўқ, раҳмат. – Қиз йигит томонга умуман қарамай қўйганди. Бечораҳол мухлис-журналист. Ҳатто, гаплашишга ҳам арзимайди.
Ёнларидан ичимлик қўйилган патнисни кўтариб ўтишаётганди, Ринат бир стакан маъданли сув олди. Света эса шарбатли стаканга қўл чўзди. Йигит жилмайганча қўлини кўтараркан, қиз унинг арзонбаҳо соатини кўриб қолди. Энди тамоман ҳафсаласи пир бўлди. Афти-ангори ҳам ўзгариб кетди. Афтидан йигитнинг эгнидаги костюмини қимматбаҳо санаб, янглишганга ўхшайди. Европанинг ёрлиғи билан турк ёки хитойлик устамонлар томонидан тикилган, кенг истеъмолга мўлжалланган кийимлардан экан.У журналистга ачиниш билан тикилди.
–Менимча, бу клубга биринчи бор киришингиз бўлса керак? –сўради қиз, Овозидаги ижирғаниш очиқдан-очиқ сезилиб турарди.
Йигит елка қисди. Аслидаэса бу ерга иккинчи бор келиши эди.
Шу лаҳза ёниларида Владик пайдо бўлди.
–Салом Света, – у қизнинг ёноғидан ўпди. – Янада очилиб кетибсан.
–Раҳмат. Очилиб кетганда, кимга керагимиз бор. Ҳақиқий эркакларнинг уруғи қуриган бу замонда.
–Ҳаммага кераксизлар, – деди Владик.– Қара, ёнингда қанақанги гўзал йигит турибди. Бизнинг дўстимиз, журналист. Ёки собиқ журналист. Лекин, барибир бизнинг дўстимиз. Жуда ёқимтой инсон-а.
–Бўлиши мумкин, -Света Ринат томонга қараб ҳам қўймади, аксинча терс ўгрилиб олди. – Жуда қизиқарли жой экан.
–Энг қизиғи сенинг орқангда турибди,–деди Владик шивирлаб.
–Нега орқамда тураркан? –Қиз шоша-пиша ортига қайрилиб қаради, аммо, шалпайиб турган Ринатни кўрди, холос.– Яна ҳазиллашаяпсанми?
–Йўқ. Сени ажойиб бир инсон билан учраштирай, деб жонимни ҳалак қилсам ҳам, мени масахарабозга тенглайсан-а.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.