Электронная библиотека » Чингиз Абдуллаев » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:21


Автор книги: Чингиз Абдуллаев


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +

–Шу даражадаги қўрқинчли кишимикин? –беихтиёр гапга аралашди Ринат.

Эркак ва аёл бараварига унга қарашди.

–Чиқинг, – деди Глеб Александрович қўлини сермаб,– ҳозир ҳазиллашадиган аҳволда эмасмиз. Ишимиз бошдан ошиб ётипти.

–Менинг ҳам ишим кўп, – Ринат шундай деди-да, хонага кириб, битта курсини олиб, ҳалиги эркакдан кўзини узмай, сурбетлик билан ўтириб олди.

–Қўриқчиларни чақирайликми? – иккиланиброқ сўради аёл.

–Керакмас, Виктория Павловна, менимча, ҳазилнинг мавриди эмаслигин бу ўртоқ тушиниб турибди. Ё кайфингиз борми?

–Йўқ, –жаавоб қилди Ринат,– сизлар айтаётган ўша меросхўр мен бўламан. Шунинг учун ўша адвокатнинг нега жонларингиздан тўйдираётгани, бунақа ошиқишнинг нимага кераклиги менга қизиқ туюлаяпти.

Ўртага ноқулай сукунат чўкди. Аёл жилдни оҳисталик билан олган жойига қўйиб, ўзининг ўрнига ўтди. Ўтирди. Кейин Ринатга тикилди.

–Биздан нима истайсиз? – секингина сўради у. – Агар ҳазиллашаётган бўлсангиз, ҳозир сира ҳам ўрнимас. Ҳаммамиз ўта бандмиз. Агар жиддий гапираётган бўлсангиз, адашиб бошқа хонага кириб қолдингиз. Раҳбариятнинг жойи йўлак охирида, бош директоримиз билан ўринбосари ўша ерда ўтиришади.

–Менга сизлар билан суҳбатлашиш қизиқроқ, – деди қатъият билан Ринат.

Эркак телефон гўшигини кўтарди.

      -Бизга халақт берманг, – деди у жаҳл билан, –ҳозир қўриқчиларни чақираман. Агар сиз чиндан ҳам ўзингиз айтган ўша меросхўр бўлсангиз, бунақа қилиб ёлғиз юрмасдингиз. Бош директорнинг ўзи пастда кутиб олиб, ўзи бу ёққа кузатиб чиққан бўларди. Рухсатномасиз эса ҳеч ким бу томонга қўймасди. Бу текширувми? Бемаъни ҳазилми?

– Мен ҳужжатимни кўрсатишим мумкин, –Ринат паспортини чиқариб, кўзига бош ҳисобчи бўлиб кўринган Глеб Александровичга узатди У паспортни ишончсизлик билан олиб, ичини очди. Шу пайт боя йўлакда учраган ёш аёл кириб келди.

–Ҳаммасини қабулхонага бериб келдим, Виктория Павловна,– ҳисоб берди у, – аммо, уларнинг айтиши-ча…

– Раҳмат, Лена, – унинг гапини бўлди аёл. – Жойингга ўт-да, жимгина ўтир. Кўраяпсан-ку, хонада бегона одам бор.

Лена елкасини қисиб, дўмбоқ лабларини чўчайтирганча ўзининг столини эгаллади. Гапини қўполлик билан бўлишгани унга жуда алам қилганди. У яшил рангли блузка, калта жинси юбка кийган, узун малла сочли, юмалоқ юзли, чиройли қўнғир кўз аёл эди.

–Сиз Ринат Шариповмисиз? – ниҳоят ишонган Глеб Александрович курсидан қўзғолди,– Даъфатан танимаганим учун кечирасиз. Бу киши Ринат Шариповнинг ўзлари, компаниямизнинг янги хўжайини бўладилар,– деди у меҳмонни кўрсатиб.

Ленанинг усиз ҳам юмалоқ кўзлари, баттар юмалоқ бўлиб кетди. Виктория Павловна “оҳ” деворди. Ринат ҳорғин кулимсиради. Бир неча сония олдин хоналарида қувиб чиқаришга ҳозир турганлар энди қўрқув билан унга термулиб, амри-фармонини кутишарди. Ўзларининг келгуси тақдирларини Ринатнинг кўзларида кўриб туришарди. У ушбу хонага бекор кирганини тушунди. Бемаврид ташрифи билан хона эгаларининг юрагини ёриб юборай деганди.

– Нима бўлаяпти ўзи?– сўради у,– Нега бунақа асабийлашаяпсизлар? Ўтиринглар жойларингга, тик туришнинг ҳожати йўқ.

Лена эса Ринат тўсатдан кўздан ғойиб бўладигандек ёки бирор мўъжиза кўрсатадигандек, ундан кўзини узмасди. Афтидан, бу аёл компаниянинг хўжайинини ёки унинг меросхўрини умрида бирор марта кўришни хаёлига ҳам келтирмаганга ўхшарди.

Глеб Алексанрович курси четига омонатгина қўнди. Аҳволи жуда аянчли эди. Терга тушиб, кўзларини пирпиратар, қўллари титради.

–Қалбаки ҳисобот тайёрлаяпсизларми? – фаҳмлади Ринат.– Мени алдамоқчи бўлаяпсизларми?

–Ундай эмас. Биз айбдор эмасмиз. Бизга .. биз жавоб бермаймиз. Бизга буюришди… биз…

–Бизнинг ҳеч қанақа айбимиз йўқ,– деди Виктория Павловна, – нимани буюришса, ўшани қиламиз. Биз оддий ижрочилармиз, холос.

–Нимани қайтадан ҳисоблаяпсизлар?

–Биринчи ярим йилликнинг ҳисоботини? Баъзи бир кўрсаткичлар тўғри келмаяпти.

–Бюджетимиз қанча ўзи?– суриштирди Ринат, у турли компаниялар фаолияти тўғрисида тез-тез ҳақида ёзиб тургани боис, шунақа масалаларга озроқ ақли етарди.

Глеб Алекснрович аёлга қаради. Кейин оғир уҳ тортди. Ёлғон гапиришни истмас, тўғрисини эса айтаолмасди. У тумшайиб олди.

–Мен ҳақиқатни билишим керак, – деди Ринат кескин қилиб. – Билиб қўйинглар, келгуси тақдирингиз ҳозир айтган ҳар бир сўзингизга боғлиқ. Компанияда ишлаш-ишламаслигингаз ҳам. Хуллас, бюджетларингиз қанча?

Глеб Александрович оғир хўрсинди.

–Катта, -деди у мужмалланиб.

–Қанча?– шафқатсиз оҳангда сўради Ринат.– Қўлингиздаги жами пуллар меники эканини унутманглар. Бундан буён компаниянинг хўжайни мен бўламан.

–Шундай, шундай. Бюджетимиз саксон миллион доллар атрофида. Лекин, йиллик иш ҳақи ва бошқа барча харажатлар шунинг ичида ўтирипти.

Ринат бунинг ниҳоятда катта пул эканини кўнглидан ўтказди. Бу унинг кўчмас мулкини тасарруф қиладиган ва Вера Николаевнага вақтида маош бериш учун беш минг сўм тополмаган компания учун жуда кўплик қиларди.

–Ҳазилакам эмас экан, – деди у бош қимирлатиб, – ходимлар сони кўпми?

–Унчаликмас. Қирққа яқин киши бор, ундан ошмайди.

–Унда нега сарф-харажат бунча катта? Қизиқ, бу пуллар қаёққа кетаяпти? Баъзи бировларга эса неча ойдан бери маош берилмапти.

– Бундай бўлиши мумкин эмас, -чўчиб кетди Глеб Александрович.– Ҳисоб-китобни доимо тўғри олиб борамиз. Бунақа бўлиши мутлақо мумкин эмас.

–Бўлиши мумкин, Рублевкадаги дала ҳовлимга қарайдиган аёлга олти ойдан бери ҳақ бермагансизлар. Эсларингиздан чиқдими ёки тўлагингиз келмадими?

–Вера Николаевнани айтаяпсизми? -гапга аралашди Виктория Павловна. –Лекин, у аёл бундан кейин маош бермаслигимизни биларди-ку. Калитни соқчиларга топшириб, шаҳарчага ўралашмаслигини айтганимизга кўп бўлди, лекин, калитни янги хўжайинларга топшираман, деб қайсарлик қилаяпти. Ундан қарзимиз йўқлигини ўзи яхши билади.

–Қаёдан билади? – сўради Ринат.

–Дала ҳовлидагида жиҳозларни аллақачон олиб чиқиб, ўзини сотувга қўйганмиз, -тушунтирди Виктория Павловна, – ҳозиргача иккита харидор чиқди, аммо, жуда қиммат сўраяпсизлар, деб туришипти. Ўша мавзеда ернинг нархи осмонда эканини ўзингиз яхши биласиз. Ҳозир бошқа харидор излаяпмиз. Вера Николаевна бўлса, ўзича келиб-кетиб юрипти. Ундан бир тийин ҳам қарзимиз қолмаган.

Ринат ғамгин кулимсиради. Тамара ҳақ, ундан дуруст мулкдор чиқиши қийин. Мана оддий қишлоқ аёли уйнинг сотувга қўйилганини ва ўзининг кўпдан бери ишламаётганини ундан яшириб, безбетлик билан икки минг долларини қоқиб олди.

–Бўпти, -деди Ринат, – буни тушундим. Қолганлар ҳақини ўз вақтида олаяптими?

– Худди шундай, – деди Глеб Алексанрович, – айтдим-ку, бизда ҳисоб– китоб аниқ юритилади.

–Ундай бўлса, мен хонангизга кирганимдан кейин нега бунчалик ташвишга тушиб қолдингиз? Нима, ҳисоботни қайтадан ёзаяпсизларми?

–Унчаликмас, – тан олди Глеб Александрович, – гап шундаки, ҳисоботларимиз ҳуқуқий маслаҳатчимизга негадир унчали маъқул тушмаяпти.

–Тушунарли. Демак, қўлингизда ҳисоботнинг асли бор экан-да. Ҳозир мен учун тайёрланаётганини эмас, ҳақиқийсини айтаяпман. Фақат, бир нарсани ҳисобга олинглар, ҳаммасини шахсан ўзим текшираман.Агар ҳозир мени алдасангиз, компаниядаги иш фаолиятим тугади, деяверинглар. Бир неча кундан сўнг компаниямизнинг ҳақиқий эгаси мен бўлишимни унутманглар.

–Албатта, албатта. Лекин, сизга фақат умумий рақамларни берсак бўлдими?

–Худди шундай.

–Виктория Павловна менга биринчи жилдни узативоринг, –оғир хўрсинди бош ҳисобчи.

Аёл ўрнидан туриб, жавондан жилдни чиқради. Олиб келиб, стол устига қўйди. Глеб Александрович жилди очиб, биринчи учта варақни ажратди-да, Ринатга узатди.

–Марҳамат,– деди у. –Лекин, бош директоримиз билиб қолса, мени ўша заҳоти ишдан ҳайдайди.

– Сиздан олдин ўзини ҳайдайман, – ғазаб аралаш ваъда қилди Ринат ва варақларни чўнтагига тиқди.

–Сиз чиндан ҳам ўша меросхўрмисиз?– ўзини тутаолмасдан сўради Лена.

–Йўқ, – деди Ринат ўрнидан туриб, паспортини оларкан,– наҳс босган ушбу даргоҳга кириб қолган одам қиёфасидаги фариштаман, холос.

У ўгрилди-да, хонадан чиқди. Лена чўккан сукунат ичра уни узоқ давом этган эҳтиром назари билан кузатар экан, эшик ёпилгандан сўнг титроқ овозда сўради?

–У тўғрисини айтдими?

10 боб

Ринат йўлакдан бўйлаб бориб, қабулхонага кирди. Уни кўриб, котиба ўрнидан қўзғолди. Кўриш-кўриниши, қийиқ кўзларидан осиёлик экани сезилиб турган аёл унга бир қадар ажабланиш билан тикилди.

–Жаноб Шариповмисиз? –сўраб олди у.

Котиба ўттиз ёшларда бўлиб, қора костюм-шим кийганди. Афтидан, Ринатнинг келиши ҳақида огоҳлантиришган, ҳатто, янглиштирмаслиги учун қиёфасини ҳам айтиб қўйишганди. Жувон жилмайиб қўйди. Унинг ўнг томонида бош директорнинг, чап томонида бош директор ўринбосарининг исми-шарифи битилган лавҳа осиғлиқ эди. Лавҳаларни ўқиб, котибанинг бу тарафида Вахтанг Георгиевич Гогоберишвили ва чапида Надежда Антольевна Попова ўтиришини билса бўларди. Котиба Ринатга тикилиб, топшириғига маҳтал турарди.

–Мени кутишаяптими? –унинг аҳволини англади Ринат.

–Ҳа, – аёл бош ирғаб, бош директорнинг хонаси томонга ишора қилди.

–Йўқ. – Ринат негадир бошқа хонага –ўринбосар ҳузурига киришга жазм қилди. Муовиннинг аёл киши эканлиги дилига маъқул тушганди – балки, нима гап, нима сўзлигини у очиқроқ айтар.

–Мумкинми? –сўради у эшикни очиб.

Аёл гулларга сув қуяётган экан. Қайрилиб қаради. Унинг ёши қирқларда эди. Нигоҳлари ўткир, лаблари юпқа, кўзлари кулранг. Қаншарида замонавий русумдаги, қимматбаҳо “Шанел” кўзойнаги. Бугун эрталаб сартарошхонадан чиққандек, сочлари силлиқ таралган. Эгнида оқ блузка билан ва мовийранг костюм. Юбкаси тиззасидан сал пастроққа тушган. Ринат кирганда, қўлига дераза раҳидаги гулларга сув қуйадиган идишча тутган аёл дераза олдида турарди.

–Кираверинг,– деди у, – ҳозир бўламан.

Ринат ичкарига кириб, стол ёнига ўтди-да, аёлнинг рўпарасига жойлашди. Унга пушти рангда жиҳозланган хона манзур келганди. Бурама оёқли идора жиҳозлари, жавонларнинг бурама безакли эшиклари, оч-нафармон рангли дарпардалар хона соҳибасининг диди нозиклигини сездириб турарди. Иш курсиси тўғрисига жозибали рус ўрмонлари тасвирланган гўзал сурат осилган. Аёл гулларга сув қуйиб бўлгач, сув идишни бурчакка қўйди-да, ўз жойига қайтиб, курси суянчиғига ташлаб қўйилган костюмини олиб кийди ва йигитга жиддият билан тикилди:

–Сизга нима керак? – сўради у.

–Ҳеч нарса. Шунчаки, сиз билан тинишмоқчиман, – жилмайди Ринат.

–Қизиқ-ку. Шунинг учун атайлабдан компаниямизга келдингизми?

Ринат аёлнинг соатига назар солди. У оқиш тилладан ясалган ўта қимматбаҳо соат таққанди.

–Мен Ринат Шариповман, – деди у секингина, сўзи аёлга қандай таъсир қилишини кузатиб. Хона соҳибаси эса пинагини ҳам бузмади.

–Жуда яхши. Ҳақингизда эшитганман. Мен Надежда Анатолевнаман, Надя, деса ҳам бўлаверади. Менга саволингиз борми?

Аёлнинг ўзини тутиши Ринатга ёқди: ҳадиксиз, ҳаяжонсиз. Юқори савияли менеджер билан компания раҳбари ўртасида кечадиган одатдаги муомала.

–Сезишимча, мени бу ерда унчалик ҳам кутишмаганга ўхшайди, –деди Ринат.

–Бўлиши мумкин,– маъқуллади аёл қиёфасини бузмасдан, – лекин, буни мендан эмас, бош директоримиздан сўраганингиз яхшироқ.

–Нега энди? Компаниянинг молиявий масалаларига сизнинг дахлингиз йўқми?

–Мутлақо дахлим йўқ, – аёл унинг кўзларига тик қиради. – Мен молиявий масалаларга жавоб бермайман. Вазифам бутунлай бошқа – компанияда дизайн, мода, меъморчилик, кийиниш масалалари билан шуғулланаман. Фақат шу шарт билан ишлашга кўнганман.

–Кийиниш, деганингиз нимаси?

–Хизматчиларнинг иш пайтида киядиган усти-боши билан, деганим, – тушунтирди Надежда Анатолевна, – кейин сизга қарашли уйларнинг ичқи-ташқи безагига ҳам мен жавоб бераман.

–Барибир, унчалик тушунмадим, – бўйнига олди Ринат.

–Мени марҳум тоғангиз ишга олган, – изоҳ берди аёл, – у киши мени ушбу масалалар бўйича яхши мутахассис, деб ҳисобларди. Бу ерга келгунимга қадар машҳур француз компаниясининг Москвадаги бўлимини бошқарганман ва бу ёққа ўтиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Аммо, тоғангиз бир амаллаб кўндирди… Ўшандан бери шу ерда ишлаяпман.

Иш бўлмасининг безалишига қараганда, аёлнинг дидига гап йўқ эди.

–Қанча маош оласиз? –қизиқсинди Ринат.

–Кўп,– жавоб қилди Надежда Анатольевна, – Мен сизни биласиз, деб ўйлагандим. Менинг “Астор”даги маошим юз саксон минг долларга боради. Мукофотлар бу ҳисобга кирмайди. Илгариги иш жойимда юз эллик минг доллардан камроқ олардим.

– Сиз компаниянинг бюджети қанча эканини биласизми?

–Жуда катта.Тахминан биламан. Саксон миллион доллар ёки шунга яқин. Лекин, такрор айтаман молиявий масалалар мени мутлақо қизиқтирмайди. Менинг қобилиятим бутунлай бошқа соҳаларга хизмат қилади.

–Бунча маош олгандан кейин компаниянинг ишлари билан қизиқишсангиз ҳам зарар қилмасди, – эътироз қилди Ринат андак ранжиб.

–Қизиқмайман. Мен ўз соҳамнинг машҳур мутахассисларидан бириман, жаноб Шарипов, шунинг учун сизга билан ҳам шунқа оҳангда гаплашишга ҳаққим, бор деб биламан. Сиз менга хўжайин эмассиз, ўзингиздан унча кетманг. Бор-йўғи мени ёллагани компаниянинг бўлажак хўжайинисиз, холос. Мен бўлсам, тўланаётган пулга яраша ўз вазифамни қойилмақом қилиб бажараяпман. Ҳоҳласам, ҳар қандай вақтда бу ердан кетишим мумкин. Бошқа компанияларда ҳам бундан кўп тўласа тўлашадики, кам тўлашмайди. Кўриб турибсиз, очиғини айтавераман.

–Қойил,– кулимсиради Ринат.

–Менинг ишимга ўзингиз ҳам баҳо беришингиз мумкин. Билишимча, янги уйга кўчиб ўтганмишсиз. Ўша жойни безаш ҳамда жиҳозлаш билан ўзим шуғулланганман. Ёқдими?

–Жуда ҳам.

– Ажойиб. Демак, ҳаммаси жойида. Бошқа уйларни ҳам кўрдингизми?

–Қайсисини айтаяпсиз?

– Сизга теккан мерос жуда улкан. Антибдаги вилла, Лондондаги уй, Киевдаги кошона. Ва ҳакозолар. Ҳаммасига менинг қўлим теккан. Дунёнинг жами ҳудудида меҳнатимнинг излари бор. Ҳаммасини ҳали ўз кўзингиз билан кўрасиз.

–Компаниянгиз менинг кўчмас мулкимга хизмат қиладими?

–Албатта, шунинг учун ҳам тузилганмиз-да.

–Унақа бўлса, Лондан ва Киевдаги иморатлар нега сотувга қўйилди? Ҳозир Рублевкадаги дала ҳовлини ҳам сотмоқчи экансизлар?

–Ким айтди бу гапни?

–Адвокатларим. Уларнинг айтишича, қарзи ошиб кетганмиш…

–Қанақа бемаънилик. Бунақа бўлиши мумкин эмас.

–Лекин, бу бор гап. Бундан ташқари, менинг аниқлашимча, сиз ҳақини тўламай…

У гапини тугата олмади. Эшик зарб билан очилиб, хонага узун бўйли киши кирди. Йирик катакли оқ костюм кийиб, қизил галстук таққан, хушмўйловли, жингалак сочли, кавказ халқларига мансублиги башарасидан яққол сезилиб турган ушбу кимса –“Астор” компаниясининг бош директори Вахтанг Георгиевич эди. Унинг ортида шахсан ўзи келишга жазм этган Иосиф Борисович билан Тамара турарди.

–Салом, азизим Ринат, қучоғини ёзди Гогоберишвили, – нега келишингиз ҳақида бизни огоҳлантириб қўймадингиз? Кўнгилдагидек кутиб олардик. Одамни хафа қилдингиз. Сиз-чи, Надя, нега дарҳол менга қўнғироқ қилмадингиз?

–Бу кишининг хонамга кирганига атиги беш дақиқа бўлди, – қуруққина қилиб тушунтирди Попова.

–Шунақа меҳмон, шунақа улуғ меҳмон ташриф буюрипти-я!

Бош директорга кавказликларга хос меҳмондўстликни намойиш қилишга уринар, Ринат эса унинг талвасага тушиб қолганини сезиб турарди.

–Қани, менинг хонамга кетдик, -таклиф қилди Вахтанг Георгиевич, –ҳаммасини ўзим кўрсатаман. Бизга шунақа меҳмон кепти-я. -У Поповага кўз қирини ташлади, кўринишидан заҳрини базўр тутаётгани билиниб турарди. Афтидан, мустақил дизайнчининг ўринбосарлик лавозимида ўтириш унинг кўпдан ғашига тегиб келарди.

Ринат ўрнидан турди ва Надежда Анатолевнага қараб таклиф қилди:

–Юринг биз билан.

Қабулхонага чиққач, Тамара ҳамда Иосиф Борисович билан қўл бериб сўрашди. Бешовлон бош директор хонасига йўл олишди. Бу хона Попованикига нисбатан икки баравар катта экан. Ҳашамати ҳам ҳаддан ташқари. Салобатли ишхона жиҳозлари, чарм оромкурсилар, баҳайбат экранли қимматбаҳо плазмали телевизор деворга осилган. директорнинг ўта қимматбаҳо, ўта дидсизлик билан жиҳозланган ва ортиқча лаш-лушларга тўла иш бўлмаси ҳам хўжайиннинг кимлиги ҳақида кўп нарсани айтиб турарди.

–Марҳамат, – деди хона соҳиби қимматбаҳо чарм сирилган ором курсини кўрсатиб.– бемалол ўтириб олинг. Ҳозир бизга кофе билан конъяк келтиришади.Сиз нимни ёқтирасиз? Балки, мартини ёки жин-тоник кетар?

–Ҳеч нарса керакмас,– унинг сўзини кесди Ринат, –ўтиринг-да, ўзингизни босиб олинг. Иосиф Борисович, сизнинг ҳам келганингиздан хурсандман.

–Бу ёққа келаётганингизни айтишлари билан, мен ҳам дарҳол йўл олдим, – тушунтирди Плавник, – Фақат, нега бизни кутгингиз келмаганини англамадим.

–Ўзимнинг туриш-турмушим билан шуғулланадиган компанияга келиш мен учун доимо қизиқ, – тушунтирди Ринат,– хўп бўлмаса, бир бошидан бошладик. Мен ўзимга қарашли қанча кўчмас мулк борлигини аниқ билмоқчиман.

Гогоберишвили Плавникка қаради. Иккаласининг ҳам бараварига қовоғи солинди. Афтидан, бу масала уларни кўпдан безовта қилаётгани билиниб турарди.

–Барча гапларни менинг идорамда муҳокама қилсак ҳам бўлади, –деди Иосиф Борисович.

–Йўқ, – рад қилди Ринат, – мен ҳозир ва шу ерининг ўзида гаплашмоқчиман.

–Майли, майли. –Плавник тумшайди. У янги мижози дарҳол бу даражада сркашлик қилади, деб ўйламаганди.

Хона эгаси ўрнидан туриб, столи ёнига борди.

–Кўчмас мулк иншоотларининг рўйхатини келтиринглар… – буюрди у, алоқа ускунасининг тугмасини босиб.

–Компаниянинг бу йилги бюджетини ҳам келтиришсин, – Ринат кескин овозда талаб қилди.

–Компаниянинг бу йилги бюджетини ҳам…– қўшимча қилди Вахтанг Георгиевич бироз иккиланиб тургандан сўнг.

–Ўзингиз айтгандингиз-ку, бизлар…

–Янгиси бюджетни келтир, -қичқирди Гогоберишвили, нариги томондагининг гапини бўлиб, – жаҳлимни чиқарма менинг.

У бошини кўтариб, Плавникка тикилди.

–Мен ҳеч нарсани тушунмаяпман, Иосиф Борисович,– иқрор бўлди у, – янги меросхўримиз нега бунчалик ташвиш тортаяпти. Балки, у бу нарсаларни яхшилаб тушунтирмагандирсиз?

–Иосиф Борисович сизнинг компаниянгиз ҳақида менга айтишни умуман унутиб қўйган, – урғу берди Ринат, – кераги йўқ, деб ҳисоблаган.

–Олдимиздаги муаммолар ҳам, иншоотлар ҳам ҳаддан ташқари кўп, –эътироз билдирди Плавник, рўмолчасини олиб, юзидаги терларни артаркан. – Ҳаммасини бир бошидан тушунтирмоқчи эдим.

–Барча мулкимни сотиб бўлгандан кейинми? –қизиқди Ринат.

Энди Тамаранинг афти бужмайди. Попова терс ўгрилди. Плавник қалтираб кетди-да, қайтадан савол бериб ўтирмади. Фақат Гогоберишвили ўзини тутаолмади:

–Қанақа олди-сотдини айтаяпсиз? Сизнинг рухсатингизсиз шундай қилишимиз мумкинми, ахир?

–Ҳозир кўрамиз, – деди ўжарлик билан Ринат.

Хонага қўлида ҳужжатлар солинган жилдни кўтариб, кексароқ киши кирди. Лекин, бу Глеб Алексанрович эмасди. Афтидан, бош директорнинг ёрдамчиси эди.

–Қоғозларни қолдирда, чиқиб кет, – жаҳл билан буюрди Гогоберишвили.

Ёрдамчи ўқдай отилиб, хонани тарк этди. У хўжайини нечоғлиқ асабийлашаётганини сезганди. Гогоберишвили жилдга қўл чўзганди, Ринат ундан ўзиб тушди. Жилдни олиб, жами рўйхатни кўздан кечириш учун, ичини очди.

–Москвадаги уй, –деди у, -жойида турипти, буни ўзим биламан. Рублевкадаги дала ҳовли. Менга кераги айнан шу эди. Худди ўшандан бошлаймиз. Нега барча жиҳозлари олиб чиқиб кетилган? Нега уйга қараб турган аёлнинг ҳақини тўламагансизлар?

–Ким тўламапти? – сўради Гогоберишвили, – бунақа маълумотни гапни қаёқдан олдингиз? Ёлғон гап…

–Бу ҳақда бизга ўша хотиннинг ўзи айтди, – Тамара бош директорга ёрдам бермоқчи бўлиб, гапга аралашди.

–Ҳозир аниқлаймиз,– бош директор тугмачани босди. -Глеб Александрович, Рублевкадаги уй хизматчининг ойлигини нега тўламаганмиз? Биз пулни уйни қўриқлаш учун бераяпмиз-ку.

–Тўғри, фақат, қўриқлаш учун тўлаяпмиз. Ҳалиги аёлни эса ярим йил олдин, уй сотувга қўйилганда ишдан бўшатганмиз…

Гогоберишвили тугмачани босишга улгурмади. Гапнинг охирини ҳамма эшитди. Вахтанг Георгевич норозилик билан йўталиб, ускунани ўчирди.

–Кўриб турибсизлар, – деди Ринат, – демак, дала ҳовлимни сотишаяпти. Эгаси ўлган бўлса, мен меросхўриман. Нега мени дала ҳовлини сотади, деган қарорга келдингиз? Нима учун сотаман экан?

–Биз ҳеч қанақа қарорга келганимиз йўқ, –хўмрайди Гогоберишвили, –биз Владимир Аркадьевичнинг кўрсатмасини олганмиз. У жиҳозларини чиқариб, дала ҳовлини сотишни буюрганди.

– Бу ҳақда ёзма буйруғи борми сизда?

–Йўқ, албатта. Лекин, менга қўнғироқ қилиб, буюрганди. Ёки сиз унинг розилигисиз жиҳозларни очиб чиққан, деб ўйлаяпсизми?

–Жиҳозларни қачон олиб чиққансиз?

–Бир неча ой бўлди.

–Тоғам ўлгандан кейинми ё олдинми?

–Эсимда йўқ. Бунинг нима аҳамияти бор? У менга дала ҳовлини тезроқ бир ёқли қилишини буюрганди, деяпман-ку. Кейин харидор излаб, ҳеч кимни топаолмадик. Шундан сўнг уйни бўшатиб қўйишга жазм қилдик.

–Тоғам шундай ноёб масканда жойлашган дала ҳовлини нега сотмоқчи эканини айтганмиди?

–Менга Москвадаги уйнинг ўзи етарли, дер, ўша шаҳарчадаги дала ҳовлидан воз кечмоқчи бўлувди. Ҳаддан ташқари дахмазаси кўп дерди.

–Лекин, дала ҳовлини ҳалигача сотмабсизлар-ку?

–Улгурмадик.

– Бу гапларингизни тасдиқлайдиган одам топилмаса кераг-а?

Гогоберишвили тумтайиб, елкасини қисди:

–Қанақа фарқи бор? Пулингиз ёнингизда қоладику… Сотдикми, сотмадими, жиҳозларини олиб чиқдикми, олиб чиқмадикми, пули барибир сизники бўлади.

–Лондондаги уй-чи? Уни ҳам сотиш буюрилганмиди? Киевдаги сарой-чи? У ҳам сотувга қўйилган-ку?

–Шошманг, –гапга аралашди Иосиф Борисович, – бу икковида ҳам Вахтанг Георгиевичнинг айби йўқ. Мен сизга айтдим-ку, иккала иморатга қараб туриш ниҳоятда қимматга тушиб кетаяпти, деб. Бундан ташқари, меросдан солиқ ҳам тўлашимиз керак. Шунинг учун ҳар иккаласини ҳам сотувга қўйишга қарор қилинганди. Сиз Киевга кўчиб бормоқчи эмассиз-ку? Агар боришни ҳоҳлаб қолсангиз, ҳар доим уйнинг янгисини топамиз.

–Ким томонидан қарор қилинган?

–“Астор” компанияси томонидан, – сал сукут сақлаб, жавоб берди Плавник.

–Менинг розилигини сўрамасданми? Сиз ҳатто ушбу компания ҳақида айтганингиз ҳам йўқ-ку. Мен менинг манфаатларимни ҳимоя қиладиган компаниянинг бюджетини билишим мумкинми ёки бу ҳам тижорат сирими?

Иосиф Борисович Вахтанг Георгиевичга қаради. Униси қаттиқ пишқирди.

–Бюджет нусхаси қўлингиздаги жилдда турибди, – тушунтирди у.

Ринат қоғозларни титкилаб, янги бюджет ёзилган нусхани олди. Охирги рақамига қаради. Эллик миллион атрофида. У кулимсиради. Бу тижоратчилар бориб турган товламачилар эди.

–Ҳуқуқий хизмат учун қанча ҳақ тўлаяпмиз? –сўради Ринат.

–Бир ярим миллион доллар бўлиши керак, – жавоб берди Гогоберишвили, – адвокатимиз жуда малакали мутахассис. Бошқа харажатлар бу ҳисобга кирмайди.Улар сизни жуда узоқ қидиришди.

–Бунга шубҳам йўқ, – Ринат чўнтагидан бюджетнинг бошқа нусхасини чиқарди-да, янгиси билан солиштирди. Янгисида икки миллион кўрсатилганди.

Гогоберишвили ғамгин алфозда адвокатга қаради. У меҳмон чўнтагидан қанақа қоғоз чиқарганини англамаётганди.

–Надежда Анатольевна, – тўсатдан Ринат бош директор ўринбосарига мурожаат қилди, –йиллик бюджетимиз қанчалигини, балки, сиз айтарсиз. Ҳарқалай, умумий рақамларни билишингиз керак-ку.

Вахтанг Георгиевич тўсатдан қуруқшаб қолган лабларини ялади. У бунақа бўлишини асло кутмаганди. Муовини умумий рақамларни билади, албатта. У алланарсадана шубҳаланиб ўринбосарига қаради. Аёл унга ҳар доим ҳам ёқавермасди. Ҳаддан ташқари мустақил ва ўзига ишончи баланд. Доимо айтганида туриб олади. Яхшиямки, ҳеч қачон молиявий масалаларга аралашмаган. Наҳотки, ҳозир бошқа рақамни айтиб юборса? Худо урдими, бундай қилмаса керак, ҳамжиҳатлик ҳозир ҳаммасидан зарурлигини тушунар. Аксинча, ҳаммаси расво бўлади. Ёки сочи узун, ақли қисқа жонзод бор билганини тўкиб сочармикин…

Попова Ринатнинг кўзларига тикилди. Улар бир неча дақиқа олдин бюджет ҳақида гаплашишган, ўшанда аниқ рақам айтилганди. Ҳозир ора йўлда турибди. Бош директорни қувватлаб, у айтган рақамни такрорласа, бас, ушбу компанияда бемалол ишлайверади. Бошқа рақамни айтиб, Ринатга ёрдам берса, оқибати нима билан тугаши номаълум. Компанияни ёпишлари, молиявий аҳволни текшириб кўришни прокуратурага топширишлари мумкин. У ҳолда бир маромда кетаётган ҳаёт тарзини ўзгартиришга тўғри келади. Аммо, бошқа рақамни айтса, ёлғончилик қилган бўлади. Манави йигитчага ўзини риёкорликда айблашга баҳона топиб беради. Кейин бир умр қийналиб юради. Лекин, келгусида меросхўр йигитчанинг эмас, ўзининг олдида ҳам пок яшашни истайди. Одамлар кейинчалик фош бўлиб қолишдан чўчигани учун алдамчилик, сотқинлик қилмасдан яшамайдилар, балки, ботинларида виждон аталмиш назоратчи борлиги учун ўша ишни қилмайдилар.

–Саксон миллионга яқинроқ, –деди у қуруққина қилиб, директорига қарамасдан.

Хонага оғир сукунут чўкди.

–Ҳақиқий миқдори иккала рақамнинг ўртасида бўлса керак, – деди – Плавник вазиятни юмшатишга уриниб, – бюджет кейинги йилларда сал кўпайган бўлиши ҳам мумкин.

–Аксинча, камайиб кетган. Деярли икки бараварга. Яна охирги кунга келиб,– Ринат қаҳр билан кесиб-кесиб гапирди.

–Бизни хафа қилишнинг кераги йўқ, -Вахтанг Георгевичнинг ҳамон сир бой бергиси келмасди.

–Ҳозир солиштириб кўрамиз, – баланд овозда таклиф қилди Ринат,– мана бу ҳақиқий бюджетнинг нусхаси, манави эса. бугун эрталаб мен учун тайёрланган қалбакиси. Бу ердаги рақамлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Биринчисида– саксон миллион доллар, иккинчисида эса эллик миллион ёзилган. Бирданига ўттиз миллион қаёққадир ғойиб бўлган.

–Бундай бўлиши мумкин эмас, – Плавник қип-қизариб, иккала қоғозни юлиб олди.

Бир-бирига таққослади. Кейин бошини кўтарди.

–Мен иккаласининг фарқи бир неча миллионни ташкил қилади, деб ўйлаган эканман, – унинг овози таҳдидли янгради, –бу ерда бўлса тафовут ўттиз миллионга бораяпти. Мен тушунмадим, бу қаёқдан келиб чиқди, Вахтанг Георгиевич?

– Сизга ким берди бу нусхани? –қаҳр билан сўради Гогоберишвили.– Бу иғвогарларнинг иши. Ўша ярамаснинг думини ҳозироқ тугаман. Мен хавфсизлик хизматининг бошлиғини чақирай…

–Шошилманг, шошилманг, – деди Плавник бюджет рақамларини ўрганишда давом этаркан. – Бу ерда транспорт харажатлари учун уч юз минг долларга яқин пул ажратилган. Қанақа транспорт харажатларини назарда тутаяпсиз? Нима машина сотиб олдингизми? Ёки биз учун транспорт ёллаганмисиз? Яна Антибдаги уй учун янги жиҳозлар сотиб олинипти. Бир ярим йилдан бери у ерда ҳеч нарса янгилангани йўқ-ку.

–Бу хато бўлиши керак,– ғўлдиради Гогоберишвили,– менга беринг, ҳаммасини ўзим текшириб кўраман.

–Францияда уй учун ҳеч қанақа жиҳоз олганимиз йўқ,– деди Надежда Анатольевна аёвсизлик билан. Айни пайтда бошлиғининг кўзига қарамасликка ҳаракат қиларди.

–Ўттиз милллион доллар-а, – Плавникнинг фиғони фалакка чиқди,–ақлдан оздингизми? Хўжайиннинг йўқлигидан фойдаланиб, ҳоҳлаганимча ўғирласам бўлаверади, деб ўйлапсиз-да.

–Бу туҳмат,– ўрнидан қўзғолди Гогоберишвили. –Кимдир бошимни балога қўйиш учун атайлабдан шунақа бюджет тузган. Сизлар менинг чин сўзимга ишонамайсизларми?

–Ишонишмайди, –деди Ринат, -мен ҳам ишонмайман.Жаноб Плавник, бу компания юз фоиз мулки билан менинг тоғамникимиди? Ҳаммаси тўғрими, мен янглишмадимми?

–Тўғри, бу компания тоғангизники. Ҳаммаси фақат унга қарашли, – Плавникнинг кайфияти тушиб кетди. Гогоберишвилидан кейинги саволлар ёмғири ўзининг бошига ёғилишини у тушуниб турарди.

–Жуда яхши. У ҳолда ягона меросхўр сифатида компаниянинг хўжайини ҳам мен бўламан. Тўғрими?

–Шундай, – бошини қимирлатди Иосиф Борисович. Бу бюджетнинг икки нусхасини бир-бирига таққослашда давом этаркан, бошини тинмай сарак-сарак қиларди.

–Келинглар, яна бир марта текшириб кўрайлик,– таклиф қилди Гогоберишвили.

–Ҳеч нарсани текширишнинг ҳожати йўқ, – рад этди Ринат, –жаноб Гогоберишвили, сиз ишдан бўшатилдингиз. Биз сизнинг хизматингизга бундан буён муҳож эмасмиз.

Қўрқиб кетган Тамаранинг пишқириб юборгани эшитилди. Унинг назарида шу миқдордаги айланма маблағга эга бўлмиш компаниянинг директори арши аълодаги шахс бўлиб кўринарди. Вақти келиб, у билан юзма-юз келиши мумкинлиги орзу ҳам қилаолмасди. Кутилмаган янгиликдан Вахтанг Георгевичнинг бўғилиб қолишига сал қолди.

–Нима ? Нима дедингиз? Сен менга нима дединг?

– Ишдан бўшатилдингиз,– қайтарди Ринат кескин тарзда, – ҳозирнинг ўзидаёқ. Лаш– лушингизни олинг-да, чиқиб кетинг.

– Сен кимсан? Қаёқдан чиқиб қолдинг? Мен Гогоберишвилиман. Бутун Москва танийди мени.

– Унинг маоши қанча эди.– ижирғаниш билан сўради Ринат адвокатдан.

–Тўрт юз минг доллар, яна мукофот пули, –деди Плавник, кўзини олиб қочиб.

– АҚШ президентиники билан тенг экан, –шафқатсизлик билан давом этди Ринат, –ёмонмас. Шу ойлик билан яна ўғриликка қўл урганинг қаранг. Жўнанг, жаноб Гогоберишвили.Мен айтдим-ку, ишдан бўшатилдингиз.

–Сен кимсан? – жазавага тушди хона соҳиби,– Сени янчиб ташлайман! Деворга чаплаб қўяман! Омадинг келиб қолган бўлса, Гогоберишвилини бўшатишим мумкин экан, деб ўйлаяпсанми? Агар бармоғимни қимирлатсам, сен бу хонамдан тирик чиқмайсан. Эзибташлайман сени…

– Мулкимнинг хавфсизлиги билан ким шуғулланди?– қаҳр билан сўради Ринат.

У жаҳли чиқабошлаганини сезиб турарди. Эрталаб Лиза билан бўлган можора ва мулки атрофида рўй бераётган манави муттаҳамликлар ўзининг таъсирини кўрсатганди. Яқин-яқингача унга дахли бўлмаган афсонавий миллионларга ичи ачиётгани йўқ эди. Адолатни қарор топтириш туйғуси жунбушга соларди: катта компания тепасига чиқиб олиб, пулларни ўғирлаётган муттаҳам албатта жазосини олиши керак эди.

– Қўриқчиларни чақирайми?– илжайди Тамара. У хонанинг ҳақиқий хўжайин ким эканини ҳозирданоқ англаб етганди.

– Сени ўлдираман!– қичқирди Гогоберишвили Ринатга қараб.

– Менинг йигитларимни чақиринглар,– илтимос қилди Ринат –улар пастда туришибди.

Ҳозир уларнинг садоқатини синовдан ўтказади. Тамара телефон гўшагина кўтарди. Вахтанг Георгиевич қандайдир қарғишларни қалаштириб, стол тортмасидаги қоғозларини ола бошлади.

–Мен ҳали кўзингизга кўрсатаман,. –деди у, – ҳали кимлигимни билмабсиз.

–Бунақа қўполликнинг кераги йўқдир? – таклиф қилди Плавник ўнғайсизланиб.

–Сиз билан бўлса, Иосиф Борисович, кейинроқ гаплашамиз, –ваъда қилди Ринат.

Гогоберишвили титраб-қақшаб стол тортмаларини титкиларди. Кейин ўрнидан туриб, стол ортидаги хонага ўтди. Бу– бош директорнинг оромхонаси эди. Афтидан, пўлат жавон ўша ерга қўйилганди.

– Агар у ўз жонига қасд қиладиган бўлса, бутун айб сизнинг зимманигизга тушади, – деди Плавник қўрқа-писа.

–Ўлдирмайди, – истеҳзоли кулди Ринат, – ўғирлаган шунча пулини кўзи қиймайди.

Хонага Анзор билан Николай кириб келди. Улар билан бирга Ринат танимайдиган яна бир йигит кўринди. Бу– «Астор» компаниясининг хавфсизлик хизмати раҳбари Талгат Қосимов эди. Компанияда уч йилдан бери хизмат қиларди. Ўрта бўйли, миқтидан келган, нимасидир Анзорга ўхшаб кетарди. Бу камгап кимсанинг руҳан ва жисмани ниҳоятда бақувват экани сезилиб турарди. У қора костюм ва водолазка кийганди. Гогобришвили дам олиш хонасидан катта портфел ва иккита халтани қўлида кўтариб чиқди.

–Талгат, манави ахмоқларни томоша қил. Улар мени бу ердан қувишармиш. Ким бўпти булар? Қувиб чиқ ҳаммасини. Йигитлар сизлар Талгатга ёрдамлашиворинглар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации