Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 15 страниц)
–Мобода ўшалар қаерга кетаётганигизни билиб, олдинроқ етиб келишган бўлса-чи? Бунақаси ҳам бўлиши мумкин-ку.
–Билмадим. Мени пойлашнинг, айниқса, ўлдиришнинг кимга кераги бор? Душманларим йўқ. Гогоберишвилининг хафагарчилиги бу ҳисобга кирмайди. Кўрмаяпсизми, ҳатто гул ҳам жўнатипти.
–Бу ҳали унинг гуноҳсизлигини исботламайди, – эътироз қилди Талгат.
–Акангиз Владимир Аркадьевичга суиқасд қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса демаганмиди?
–Йўқ. Глущенкони қаттиқ ҳимоя қилишарди. Ҳар доим беш-олтита қўриқчи ҳамроҳлик қиларди.
–Ўша куни нега ёнида қўриқчилари бўлмаган?
–Бўлган. Улар қоидага кўра Глущенкони аэропортда кутиб олиш учун, сал олдинроқ вилладан машинада чиқиб кетишган. Карим эса Глущенконинг ўзи ҳамда оила аъзолари билан биргаликда вертолётда учиш учмоқчи бўлган.
–Ўша йигитлар ҳозир қаерда?
–Ўзимизда ишлашаяпти. Анзор билан Николай ҳам ўшалардан-да.
–Анзор ўша куни виллада бўлганми?
–Бўлган. У хўжайинини аэропортда кутган, лекин, вертолёт ҳавога кўтарилган заҳотиёқ портлаб кетган. Атиги бир ярим дақиқадан сўнг. Расмий хабарларда шундай ёзишди.
–Портлашнинг сабаби бомбами ёки техник носозликми?
–Бомба туфайли экани аниқ. Чунки, қолдиғи денгизга сочилган, қутқарувчи ва ғоввосларнинг бутун бир гуруҳи қидирув ишларини олиб боришган.
Ринатни бир муддат ўйланиб қолди. Кейин Талгатга мурожаат қилди:
–Ўша Дронгонгизни топинг ва гаплашинг. Гапингизга қараганда, бу воқеа французча қотилликка унча ўхшамаяпти. Ўзимизнинг қотиллар ҳам аралашганга ўхшайди. Ёки мени ўлдириш учун ҳам франциялик ёлланма қотиллар келган, деб ўйлайсизми?
–Менинг вазифам сизнинг жонингизни сақлашдан иборат,– деди Талгат тундлик билан.–Ҳозирча сиз шахсий хавфсизлик хизматига эга эмассиз. Мен бўлсам сизнинг барча иншоотларингиз ва корхоналарингизнинг ялпи хавфсизлиги учун масъулман. Ёнингизда доимий юрадиган битта ишончли киши бўлиши лозим.Тартибимиз шунақа. Сиз ақл бовар қилмайдиган даражада меросга эга бўлиб, дунёдаги энг бадавлат кишилардан бирига айланаяпсиз.Атрофингизда фақатгина қотиллар эмас, ҳар хил телба-кезик кимсалар, жиннилар, тентаклар, жонингизаг тегиб кетадиган турфа хил мижозлар, шунчаки бетайин кимсалар пайдо бўлиши ҳеч гапмас. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
–Ушбу пуллардан бутунлай воз кечиворсам-чи? – хихиллади Ринат. – Турган-битгани бош оғриқ-ку.
–Ундай қилманг.
Шу пайт хонага ёноқлари қизариб кетган Тамара кириб келди. Унинг ҳарсиллаб нафас олаётгани кўриниб турарди.
–Олдингизга прокуратуранинг терговчиси кирмоқчи, –деди у, – Федерал хавфсизлик хизмати ходими ҳам бор. Менимча, улар ушбу жиноятни ипидан игнасигача ўрганишмоқчига ўхшайди. Энди ҳамма нарсани майда-чуйдасигача эслашингизга тўғри келади. Улар қотилни излашади, очиғини айтсам, бирор иш чиқаришларига кўзим етмайди. Умуман ишонмайман.
18 боб
Кечга бориб Ринат касалхонадан чиқаришларини талаб қилишга тушди. Ярасини қайтадан боғлашга, бир қанча журналистлар эшиги тагида пойлаб турган бўлмада қолишга сира тоқати қолмади. Бунинг устига Талгат ҳам касалхонадан иложи борича тезроқ чиқиб кетишини таклиф қилиб турарди.
Ринат уйига келганда бемаҳал бўлиб қолганди. Тамара уни ётоқхонасига киритди-да, одоб сақлаб чиқиб кетди. Агар кеча бу аёл кўзига нодон ва сурбет бўлиб кўринган бўлса-да, бугун унинг ҳаққий кордонлигига тан берди. Аёл зудлик билан қарор қабул қилиш, аниқ кўрсатмалар бериш, ҳеч нарсани назардан қочирмасдан, бир неча кишининг фаолиятини бараварига назоратда тутиш қобилиятига эга эди. У Тамарага чин юракдан миннатдорчилик билдирди. Аёл чиқар– чиқмас, Дима қўнғироқ қилди-да, куни бўйи қўриқчилари билан олишиб, унинг олдига кираолмаганини айтиб. дарғазаб бўлди.
–Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ,– деди Ринат,– енгилгина яралашди, холос. Бироқ, қўриқчим ҳалок бўлди. Биласанми, Дима, иккаламиз анави адвокатга олдига бориб, бекор қилдик, деган фикрдаман. Бунақа мумммоларсиз ҳам дурустгина яшаб юрувдим.
–Света-чи?-эслатди Дима. – Оқибатда Света билан танишиб олдинг.
–Танишмаганим яхшироқ эди, -бўйнига олди Ринат, – бекорга ҳафсаламнинг пир бўлгани қолди.
–Нега ҳафсаланг пир бўлади? Уникими. Сеникими?
–Ардоқлаган санъаткорингни узоқдан яхши кўрган маъқул экан, -қатъият билан гапини давом эттирди, -улар билан учрашиб, кимлигини яқиндан билиб, барака топмас экансан.
–Нимаббало, ҳалитдан Света билан уришиб қолдингми? Наҳотки, ўшандай қиз ҳам кўнглингга ўтиришмаган бўлса?
–Кейин айтиб бераман.
–Ундай бўлса, сен «Шаҳзода” ресторанидан қолма, -фикрига якун ясади Дима.– у ерда ҳамма нарса қўлидан келадиган устаси фаранг аёллар хизмат қилади. Айтгандай, бугун сенинг ҳақингда интервью бердим. Менга озроқ ҳақ ҳам тўлашди. Сен энди барча янгиликларнинг бош мавзусига айландинг. Бир неча марта телевизорда кўрсатишди, газета битгани, сен ҳақда ёзишаяпти. Билсанми, мени ким излаб келди? Автосалондаги Саша. У бизни суратимиздан таниб қопти. Сендан дастхат олмоқчи эмиш. У аллақачон интервью беришга ҳам улгурипти, тунда иккита машина сотиб олиб, бирини уларга совға қилганингни айтипти. Энди сен иккита «Ауди» харид қилиб, бирини уларга қолдирганга чиқдинг.
–Қанақа бемаънилик,– афтини бужмайтди Ринат. –Эртага нималарни ёзишларини тасаввур қилиб турибман.
–Бугуноқ ёзиб бўлишди. Эртага яна ёзишади. Хуллас, бўш келма, асосий юлдуз ўзинг бўлиб қолдинг.
Ринат бунисини ўчириб улгурмасдан, бошқа телефон овоз берди. Буниси Иосиф Борисович экан. У ўзининг пастда турганини, уйига киришга рухсат беришни сўради. Ринат унинг бемаҳал ташрифидан ажабланган бўлса-да, хонадонига таклиф қилди. Шовиллаб ёмғир ёғаётгани боис Плавник ҳайдовчиси билан бирга ўз машинасида келганига қарамай, ҳар эҳтимолга қарши соябон ҳам олиб олган экан. У соябонни йўлак бурчагига қўйиб, оёғини латтага тозалаб артгач, меҳмонхонага ўтди.
–Қўлингиз азоб бермаяптими? – суриштирди у оромкурсига жойлашаркан.
–Ўлмасам керак,– жавоб қилди Ринат,– лекин, барибир ёқимсиз. Мен ўқ еган биринчи мижозингиз бўлсам керак-а?
–Саккизинчиси, -аянчли жилмайди адвокат, –саккизинчиси бўлдингиз. Марҳум тоғангиз бу ҳисобга кирмайди. Чунки, мен у кишининг адвокати эмас, “Астор” компаниясининг ҳуқуқий маслаҳатчиси эдим, холос. Саккиз мижозимдан олтитасини ўлдиришди, биттаси ногирон бўлиб қолди, бири эса енгил яраланди.
–Ўша менман,– фаҳмлади Ринат,– демак, худо бир асрапти. Демак, бошқалари тирик қолмаган.
–Шундай, мўъжиза юз бериб, сиз тирик қолдингиз. Лекин, сизгача бўлган суиқасдлар тўқсонинчи йилларнинг бошидаги мудҳиш даврларда рўй берганди. Ўша пайтда якка-ёлғиз қози ҳам, қонун ҳам қотилнинг ўқи эди. Мамлакат бўйича қанча одамнинг бошига етишганини ҳатто тассавурингиза ҳам сиғдира олмайсиз. Асосан каллакесарлар бир-бирини қиришди, бели бақувват тижоратчилар ҳам унча-мунча жабр чекишмади. Менинг ҳатто ўша қирғин-баротларни кўпинча тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларнинг ўзи ўтказиб, шу тарзда босқинчилар билан мафия раҳнамоларини тинчитишган, деган шубҳам ҳам йўқ эмас. Лекин, бу менинг шахсий фикрим. Айни пайтда менинг мижозларимни ўлдиришдан ким манфаатдор эканини ҳам ҳар доим билганман. Деярли билганман.
–Гапингизга тушундим. Бироқ. менинг вазиятимда бу кимга фойдали бўлиши мумкинлигини ақлингизга сиғдираолмаяпсизми?
–Худди шундай. Чунки, сиз ҳали ишни бошлаб улгурганингиз ҳам йўқ. Ҳали ушбу улкан салтанатга эгаси эмасс, бор-йўғи меросхўрисиз. Шунга қарамасдан ҳозирданоқ сизни йўлдан олиб ташлашмоқчи. Нима учун? Ким? Нега? Бу саволларни ўзимга қайта-қайта бериб, жавоб топмайман. Бошим қотган кезларда, демак, мазкур жараённинг энг муҳим қирраларидан бехабар бўлсам керак, деб ўйлаб қоламан.Франциялик адвокатлар эртага Парижга учишади. Бизнинг ҳам тезроқ етиб боришимизни таклиф қилишаяпти.
–Бу ҳақда фикрингиз қандай?
–Менимча, ўша ёққа кетганингиз маъқул. Сиз каби катта бойликка эга бўлган кишилар аллақачон бу мамлакатни тарк этишганини биласизми? Ҳеч бири қолгани йўқ. Қурби етиган олигархларнинг ҳаммаси Ғарбдаги мамлакатлардан кўчмас мулк харид қилиб, оилаларини олиб кетишган. Асосан Лондонга жойлашишган. Жума ва душанба кунлари самолётларнинг қай аҳволда учишини биласизми? Биринчи класс салон доимо тиқилинч бўлади. Бизнесменлар жума куни кечда оиласи бағрига учиб кетади-да, душанба куни бу ердаги ишларига қайтишади.
–Менга ҳам Лондонга кўчишни маслаҳат бераясизми?
–Истасангиз Парижга кўчинг. Улар сизни ўлдиришга жазм этишибдими, вассалом, энди аҳдларидан қайтишмайди. Мендай тажрибали адвокатга ишонаверинг, нима деётганимни яхши биламан. Сизга ўқ узган қотил ҳақиқий ўз касбининг устаси, бу сафар ўқи хато кетдими, бас, энди то ўлдирмагунча тинчимайди. Бунинг устига ўрнингизга қўриқчингиз ўлди. Ҳақиқий қотил учун бегуноҳ одамнинг қонига зомин бўлиш, айни пайтда буюртмани бажармаслик, бориб турган шармандалик. Сиз иложи борича тезроқ кетишингиз шарт. Антибда виллангиз, Монреалда уйингиз, хуллас, яшайдиган жойингиз бор. Агар ҳоҳласангиз, Европа ва Американинг ҳар қандай бурчидан ижарага уй олишингиз мумкин.
–Гапингизни тушуниб турибман, – ғамгин тортди Ринат, – сўнгги кунларда нуқул туш кўраётганга ўхшайман. Бунинг ҳаммаси пайти келиб тугайдигандек туюлади. Билмайсизми, Гребеник нега мен билан учрашмоқчи экан? Мен уни сизнинг идорангизга келишни таклиф қилгандим, аммо боришни ҳоҳламади.
– Акцияларингизни ўзига сотишга кўндирмоқчи. Асосий пакетни, –тушунтирди Плавник, –Тоғангиз аваалига қайдир сабаб билан Украина раҳбари билан келишмай қолганди, кейин россиялик арбоблар билан ҳам ораси бузилди. Гребеник эса икки томон билан ҳам тил топишади. Шунинг учун ҳам типирчилаю қолган. Сизнинг асосий пакетни бошқа бировга бериб юборишнгиздан қўрқаяпти.
–Балки, ҳақиқатдан ҳаммасини биртўласига сотиб юбориб, Тинч океандаги ороллардан бирига кетиворсаммикин?
–Ҳозирча бундай қила олмайсиз. Сизнинг кўчмас мулкингизга оид барча масалалар бўйича бир битимга келганимиз йўқ. Жуда катта миқдордаги акциялар бировларнинг қўлида, ундан ҳам кўпроғи турли-туман консальтинг компанияларида тасарруфида турипти. Ҳаммасини бирма-бир аниқлашимиз керак. Ҳар қанлай вазиятда ҳам қўлингизга ярим миллиард доллардан кўп пул тушади, лекин биз қолган барча пулларнинг қаерда эканини билишимиз шарт. Глущенконинг жами мол-мулкининг нархи уч миллиарддан ошарди. Ҳозирча биз фақат ҳеч вақо қолмаган ҳисоб варақалари ҳамда бошқа компанияларга бериб юборилган акцияларга дуч келапямиз, холос.
–Умуман олганда, ишимиз хуржунми?
–Ҳозирча жойида. Лекин, сиз мен қариянинг гапига қулоқ солинг – вақтинча Москвадан чиқиб кетинг. Ўзингиз билан анави дугонангизни– хонанда қизни олиб кетсангиз ҳам бўлади.
–Қайси хонандани айтаяпсиз? – англамади Ринат.
–“Ёш юраклар”гуруҳининг қўшиқчиси бор-ку. Бугунги барча газеталар иккингиз ҳақингизда ёзишган. Ўша олингда, бирор ёққа дам олгаи жўнанг. Мен Тамара билан кетишни маслаҳат берардим-у, лекин, у ўзимга керак, менга кўмаклашади.
Ринат адвокатнинг назокатига тан берди.
–Сиз мен билан Парижга бирга бормайсизми?
–Агар сиз боришим лозим, деб ҳисобласангиз, сўзсиз бораман. Мен франциялик адвокатларга унчалик ҳам ишонмаган бўлардим. Бу гапни нархимни ошириш учун айтаётганим йўқ. Сизнинг манфаатингизни ўзизнинг адвокат ҳимоя қилиши зарур.
–Унда бирга кетдик, – деди Ринат,– Тамарани ҳам олиб оламиз. Билишимча, Парижга боришни ўлгудекк истаяпти.
–Менимча ҳам шундай,– жилмайди Плавник.
–Сиздан марҳум тоғам ҳақида сўрамоқчи эдим. Тушунаман, сиз бор-йўғи ”Астор” компаниясининг ҳуқуқий маслаҳатчиси бўлгансиз. Лекин, бу иш билан жуда кўпдан шуғулланиб келасиз. Марҳум тоғамнинг таржимаи ҳолини батафсил ўргангансиз. Акс ҳолда мени ҳеч қачон топаолмаган бўлардингиз Бунинг учун Глущенконинг ҳам қариндош-уруғларининг ҳам таржимаи ҳолини синчиклаб кўриб чиқишга тўғри келган. Ушбу жараёнда кўнглингизда туғилган фикрларни менга айтаоласизми? Тоғамнинг ҳаёт йўли ҳақида нималарни биласиз? Мен ҳозиргача бирор нарса билмайман, ахир.
–У бобонгиз Россияга қайтгандан сўнг, Германияда туғилган. Лекин, қўлимиздаги далилларга кўра у ҳақиқатдан ҳам бобонгизнинг фарзанди ўғли бўлган. Хусусан, опаси васиятномасида шундай, деб ёзган. Афтидан Оксана генерални ўзига боғлаб олмоқчи бўлиб, ундан ўғил кўришга жазм қилган бўлса керак. Лекин, аёлнинг хиёнати очилиб қолгач, генерал унинг баҳридан ўтган қўйган. Чунки, бу пайтга келиб хотини янги жазман орттирган -таъминот хизмати майори Аркадий Глущенко билан топишиб олганди. Шу тарзда Германияда қолиб кетган, туққан ўғлини эса майорнинг боласи, деб эълон қилган. Бобонгиз уни ташлаб кетиб, кейинчалик сизнинг бувингизга уйланган.
–Демак, Германияда бобомнинг иккита боласи қолиб кетган.
–Шундай, иккита боласи қолган. Афтидан ўғли борлигидан бир умр бехабар бўлган.Бола эллик олтинчи йилда туғилган. Етмиш учинчи йилда иқтисодиёт факультетига ўқишга кирган ва етмиш саккизда тугатган. Баъзи курсдошларининг хотирлашича, тоғангиз талабалик чоғидаёқ ноёб матоҳларни топишга уста бўлган, ўша кезларда қаттиқ таъқиб қилишларига қарамай, чўнтагида доимо чет эл валютлари бўлган. Ўшалардан бирининг айтишича, Володя истаган пайтида ўша пайтда танқис жинси шимларини топиб берар экан.
–Бу гапга жинси шимнинг нима дахли бор? – тушунмади Ринат.
–Бунақа нарсаларни сизнинг тушунингиз қийин,– кулди Плавник,-етмишинчи йилларда Америка жинсилари топилмас матоҳ ҳисобланарди. Ҳар бирни жон-жон, деб икки юз эллик сўмдан сотиб олишарди. Ҳолбуки, ўртача ойлик иш ҳақи юз эллик сўмдан ошмасди. Жинси костюм эса ёш-ялангларнинг етиб бўлмас орзуси эди. Ҳозирга келиб жинси оддий коржомага айланди, аслида ҳам у иш кийими сифатида пайдо бўлган-да. У пайтларда етишмовчилик авжига чиққанди. Яхши сигаретлар, шоколад конфетлари топилмасди, ҳатто, сақич ҳам яширин сотиларди. Тоғангиз ғўр ёшлик пайтидаёқ савдо-сотиқнинг ҳадисини олиб, тижорат билан шуғулланган.
–Томирида таъминотчининг қони оққанда,– эслатди Ринат,– менинг онамга ўхшаб, қаҳрамон генералнинг зурёди бўлмаган-да.
–Таъминотчнинг ўгай ўғли бўлган. Лекин, бир томондан сиз ҳақсиз. Тоғангизнинг кечмиши майорнинг ҳақиқий маънавий фарзанди бўлганини кўрсатади. Айтгандай, ўша майор Енгил саноат вазирлигининг омбор мудири бўлган, иши прокуратурага тушиб, саксон олтинчи йилда вафот этган. Кўргазма беришга чақиришганда, юрак хуружини орттириб, ўлган.
– Тоғамнинг тақдири нима бўлган?
–Институтни битиргач, Калининградга кетган. У ерда ўз мутахассислиги бўйича ишлаган, бироқ, уч йилдан сўнг қайтиб келган. Саксон иккинчи йилда Алена Бочковага уйланган. Уч йилдан сўнг ажрашган. Болалари бўлмаган. Саксон еттинчи йилда Киевдаги универмагнинг товаршунос бўлиб ишлаб юрган пайтида жиноий жавобгарликка тортилган, аммо, Октябр инқилобининг етмиш йиллиги муносабати билан эълон қилинган афви умумийнинг шарофати билан жазодан қутилиб қолган.
Саксон саккизинчи йилда Украинадаги биринчи кооперативни тоғангиз очган. Саксон тўққизинчи йилда уни яна бир бор қамамоқчи бўлишгач, Польшага кетиворган. Икки йил ўша томонда яшириниб юрган. Тўқсон биринчи йилда рўй берган август воқеаларидан сўнг дарҳол Украинага қайтиб келган. Тўқсон иккинчи йилда нефт маҳсулотларини олди-сотдиси билан шуғулланадиган компанияни ташкил қилган. Киевдаги йирик мансабдорлардан бирини қўлга олган. Днепропетровскда янги танишлар орттирган. Ўша пайтда Кучма атрофига асосан ўз элатларини йиғиб олганди. Айтишларича, Глущенкога бўлажак бош вазир Лазаренко ҳомийлик қилган экан. Тўқсонинчи йилларнинг ўрталарига келиб тоғангиз газ тармоғи билан шуғулланишга киришган. Ўша кезда Украинда ушбу соҳа бутунлай парокандаликка учраганди. Украина ҳудудидан ўтадиган Россия газининг ярмини ўғирланарди. Афтидан, бу ишларда тоғангизнинг ҳам қўли бўлган. Тўқсон тўққизинчи йилда у бой-бадавлат, энг пулдор кишилардан бири саналган. Шундан сўнг нефт компанияларининг акцияларини сотиб ола бошлайди. Айтиш мумкинки, роса ҳам омади келган. У кезларда бир барелл нефт саккиз ёки тўққиз доллар турган, келгусида нархининг ошиши ҳақида орзу ҳам қилиш мумкин бўлмаган. Бунинг устига Россия иқтисодиёти дефольтга учраб, Украинанинг ҳолини ҳам танг қилиб қўйган. Бора-бора ҳаммаси изига тушган. Яқин Шарқ можоралари қайтадан авжига чиқиб, ўн биринчи сентябрда террорчилар Нью-Йорк ва Вашингтондаги портлашларни амалга оширгач, америкаликлар Ироққа қарши уруш бошлайди. Нарх-наво осмонга чиқиб кетади, шу орада тоғангиз дунёдаги энг бой одамлардан бирига, Украинанинг эса энг бадавлат кишисига айланади.
Плавник нафасини ростлаб олди-да, гапида давом этди:
–Унинг фаришта бўлмагани эндиликда менга унчалик сир эмас. Чунки, тоғангизга суянчиқ бўлган мансабдорга бу ёруғ кунларни кўриш наисб қилмаган. Хизмат сафари билан Москвага келган пайтида ўлдиришган. Қотилни топиша олмаган, аммо, бу ишни тоғангиздан кўришган. Боиси, унақасига олганда ҳам, бунақасига олганда ҳам унинг ўлимидан айнан Владимир Аркадьевич Глущенко манфаатдор бўлган. Лекин, ҳеч нарсани бўйнига қўйиша олмаган. Икки минг иккинчи йилда Глущенконинг яна бир яқин оғайниси ўлдирилади. Бу нефтни қайта ишлаш корхонасининг акциядорларидан бири, тоғангизнинг ҳамкори Виктор Шелингов эди. Ўша шеригининг ўлимидан сўнг Глущенко унга тегишли акцияларни бевасидан сув текинга сотиб олган. Шу тариқа тоғангиз асосий акциялар пакетининг эгасга айланади, қолган шериклари устидан ҳукмронлик қила бошлайди вага ўз сўзини ўтказган ва ҳал қилувчи овозга эга бўлган директор лар севетиг расилик қилган. Тахминан шу пайтда уйланган. Бу сафар белоруссиялик мода юлдузи Рената Аристова билан турмуш қурган. Онаси польшалик бўлгани туфайли жуда соҳибжамол аёл эди.
Бу пайтга келиб Глущенко «Форбс» журналининг рўйхатига тушади. Уни Европанинг энг бадавлат одамларидан бири сифатида тилга олишади. Шундан сўнг дунёнинг турли тарафларида вилла ва уйлар сотиб олишни бошлайди. Монреалда бўлса биратўласига иккита улкан иморатни харид қилади. Биттасини ўзи учун қолдириб, бирини ўша пайтда Канадага кўчиб ўтган опасига беради. Менимча, опасини жуда яхши кўрган. Опаси эса шахсий нжомларини укасига, уйни эса аллақандай хайрия фондга васият қилиб қолдиради. Бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, чунки, опа укасининг ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини яхши билган.
–Нима унинг бошқа яқин қариндошлари бўлмаганми?
–Отасининг, яъни Аркадий Глущенконинг укасидан болалар бор. Энди маълум бўлишича, аслида ўша укаси Аркадий Глущенконинг фарзанди эмас экан. Демак, ўша икки йигит ҳам тоғангизга ҳеч қанақа амакивачча бўлмайди.
–Агар холамнинг васиятномаси топилмаганда, мерос ўшаларга ўтармиди?
–Эҳтимол. Лекин,амакиваччалар жуда узоқ қариндош ҳисобланади. Аввал эр билан хотин, кейин фарзандлар билан ота-она, сўнгра ака-укалар ва опа-сингиллар туради. Онангиз Владимир Глущенконинг туғишган опаси бўлгани учун ҳам, сиз рўйхатда биринчи ўринда турибсиз. Қаранг-ки, Владимир Аркадьевичнинг ўзи ҳам жияни борлигини мутлақо билмаган. Албатта у опасининг васиятномасини ўқиган ва бобонгиз ҳақидаги маълумотларни суриштирган. Аммо, дунёдан ўтиб кетганини билгач, бу масалага эътибор бермай қўйган. Балки, опасининг васиятномасидан хабари ҳам бўлмагандир. Балки, ўзлариннинг ҳақиқий отаалари кимлиги билан опасининг ёлғиз ўзи қизиқандир, хуллас, бизга ҳозир марҳум генералнинг шахсини аниқ ким суриштиргани номаълум. Тоғангизнинг таржимаи ҳоли шунақа. Агар сиз тоғам фаришта инсонмиди, деб сўрасангиз, мендан салбий жавоб олишингиз аниқ. Агар қанақа одам бўлганига қизиқсангиз, жавобим тайёр. Бошқаларга ўхшамаган, кучли, раҳмсиз, керак бўлса, ўта шафқатсиз, ақлли, ҳеч қанақа таъқиқ-тўсиқларни, қонунларни тан олмайдиган шахс бўлганига шубҳа йўқ. Мана шу хислатлар уни миллиардер қилган ва охир оқибатда бошига ҳам етган.
Плавник сўзини тугатди. Ринат жим қолди. У илгари ҳам бу қадар катта бойлик ҳар доим ҳам ҳалолик билан топилавермаслигини тахмин қилганди. Ҳозир эса бунга янада ишончи комил бўлди.
–Хўш, нима қарорга келдингиз?– сўради Иосиф Борисович.
–Тоғанинг биринчи хотини ҳозирги кунда қаерда яшайди?– тўсатдан сўради Ринат, –Алина Бочковани айтапяман.
–Киевда. Эрга теккан, иккита боласи бор.
–Манзилини биласизми?
–Албатта?
–Ундай бўлса эртага биргаликда Киевга учамиз. Кейин адвокатлар билан учрашгани Парижга ўтамиз. Йўл-йўлакай тоғамнинг амакиваччалари, аниқроқ қилиб айтганда, ўгай отасининг жиянлари билан кўришамиз.
–Бунинг нима кераги бор?– тушунмади адвокат.– Мен сизга бу ердан тезроқ кетишингиз керак, десам, сиз ҳали жонингизни хатарга қўйиб, Киевга ҳам бормоқчи бўлаяпсиз.
–Айнан бўлажак суиқасдларнинг олдини олиш учун боришим керак. Тоғамни нега ўлдиришганини, нега энди менинг пайимга тушишганини тушуниб етишим керак.
–Бу хавфли-ку.
–Қўриқчиларни оламиз. Келинг, бу мавзудаги баҳсни йиғиштирамиз. Менинг қарорим қатъий.
–Ярадор ҳолда кетаверасизми?
–Ҳа. Аммо, кетиш олдидан Гребеник билан учрашиб, нима таклифи борлигини билишим керак.
Плавник оғир хўрсиниб, ўрнидан қўзғолди. Имиллаб йўлак томонга юрди. Соябонини олди.
–Сиз билан Киевга бирга бораман, –деди адвокат,– лекин, бу ишингиз ғирт тентакликдан бошқа нарса эмас. Ҳозирдан келишиб олайлик, Киевда фақат бир кун бўламиз. Лекин, Глущенконинг саройига йўламайсиз, сизни ўша ерда пойлаб турган бўлишлари мумкин. Бочкова ҳамда тоғангизнинг уруғлари билан учрашишга бир кун етади. Кейин дарҳол Парижга учамиз. Яхшими?
–Маъқул, – илжайди Ринат, – бунча ташвиш тортманг. Ўзингиз айтдингизку, мен сизнинг ўққа дучор бўлиб, тирик қолган мижозларингиздан биринчиси эканимни? Бу нарса одамга куч бағишлайди. Балки, худо менинг ўлишимни ҳоҳламаётгандир?
–Айтганингиз келсин,– уни қувватлади Иосиф Борисович одатда бундай пайтларда “Худодан умид қил-у, ўзингни ҳам эҳтиёт қил” дейишади. Хайр. Киевга чипта буюришни Тамарага тайинлайман.
У кетгач, Ринат меҳмонхонага кириб, ёқишга ҳафасаласи ҳамк келмаган телевизорнинг қорамтир сатҳига узоқ тикилиб ўтирди.
19 боб
Эрталаб Тамарага қўнғироқ қилди-да, Гребеник билан учрашувини “Астор”га белгилашни сўради. Унинг бошқа бирор жойга боришга тоқати қолмаганди. Талгат дарҳол Анзор билан иккита машинада тўртта қўриқчи жўнатди. Бу – зирҳли “Мерседес” билан “Жип” эди. Бундан буён Ринатни қўриқчилик фирмаларининг биридан ижарага олинган зирҳли “Мерседес”да олиб юришга қарор қилинганди. Ринат ҳамроҳлари билан ўзларини аллақачон кутишаётган компанияга етиб келишди. Уларни Попова ўз иш бўлмасида кутиб олди. Ринат норози бўлиб, қовоғини солди:
–Нега бош директорнинг хонасига кўчиб ўтмадингиз?– сўради у.
–У хонада таъмирлаш ишлари кетаяпти, жиҳозларини ўзгартираяпмиз,–деди Надежда Анатольевна хотиржамлик билан. –Ёки сиз мени ўшанақа дабдабали хонада яхшироқ ишлайди, деб ўйлайсизми?
–Унақмаса,– деди Ринат.– Менга хонангизни суҳбатлашиш учун бериб турасизми? Ёки бошқа жой қидириб кўрайми?
–Ҳожати йўқ. Мен ўзимнинг ҳаддимни биламан. Сизга ҳам қилдан қийиқ ахтармасликни маслаҳат бераман. Бу сизнинг компаниянгиз, барча хоналар сизнинг мулкингиз. Ҳмакорингиз билан менинг хонамда бемалол гаплашаверинг. Бунинг ҳеч ғайритаббий жойи йўқ. Қўл қандай?
–Раҳмат. Хавотирланишга арзимайди. Лондондаги ишларни нима қилаяпсиз?
–Ўша ердаги уйнинг сотувдан олмоқчи бўлгандик, лекин, тоғангиз томонидан имзоланган хат чиқиб қолди. Ҳақиқатан ҳам уйни ўзи сотмоқчи бўлган экан. Балки, ундан ҳам зўрроғини топгандир. Лекин, бир нарсани барибир тушунаолмаяман, ўша уйни ўтган йили таъмирлатганди.
–Сотувни тўхтатиб қолса бўладими?
–Ҳаракат қиламиз. Бироқ, сиз ҳали тўла ваколатга эга эмассиз, асл эгаси эса бир неча ой олдин, яъни ҳаётлиги чоғида фармойиш берган. Шунинг учун унинг қарорини бекор қилиш қийин бўлар-ов. Уйнинг нархи жуда баланд эканига қарамасдан, ҳозирданоқ иккита харидор чиқиб турибди. Қизиғи шундаки, иккаласи ҳам собиқ СССРнинг фуқароси, бири Исроилдан, бири украиналик бизнесмен.
–Нимаб бало, бир жойга тўпланишмоқичими? – ҳазиллашди Ринат.
–Бўлиши мумкин, –маъқуллади Попова.
Шу пайт ички телефони жиринглаб қолди. Аёл гўшакни кўтарди.
–Шеригингиз кепти, – деди Надежда Анатольевна, – Сиз яхши диванга ўтинг, бемалол ўтирасиз. Мен чиқиб тураман.
У хонадан чиққач, Ринат диванга ўтаётган пайтда Игнат Юрьевич Гребеник хонага кириб келди.Устида ярқироқ костюм, бўйинбоғи уқувсизлик билан боғланганидан қийшайиб турарди. Кўйлакгининг тепадаги тугмалари ҳам солинмаган.
–Хайрли кун, – Гребенник Ринатнинг соғ қўлини тутиб омонлайшди.
–Саломатмисмиз, Игнат Юрьевич. Марҳамат ўтиринг. Сизни ушбу компанияда қабул қилаётганим учун узр сўрайман. Лекин, ҳозирги пайтда менинг эл олдида, ресторандами, бошқа жойдами пайдо бўлишим, дарров журналистларнинг эътиборини тортади.
–Тўппа-тўғри,– уни қувватлади Гребеник, – бунинг асло кераги йўқ. Қўл қалай, ўқ суякка тегмаптими?
–Тегмаган дейишаяпти. Аслида мени қўриқчим асраб қолди. Иккита ўқ ҳам унга тегипти.
–Қанақа даҳшатли кунларга қолдиг-а! –сал риёкорона хўрсинди Гребеник, -Кўчанинг қоқ ўртасида ўқ узиб, ёп-ёруғ кунда одам ўлдиришади-я…
–Нимасини айтасиз, – тасдиқлади Ринат.– Бирор нарса ичасизми? Афсуски, менга ўткирроғи мумкин эмас. Балки, чой ёки кофе кетар?
–Раҳмат, ҳеч нарса керакмас. Мен сиз билан акциялримиз ҳақида гаплашмоқчи эдим, -эҳтиёткорлик билан гап бошлади Игнат Юрьевич. – Асосий пакет тоғангизга тегишли эканидан сизнинг хабарингиз бўлса керак, албатта.
–Ҳа.Сиз билан бу ҳақда гаплашгандик-ку.
–Аслида компанияни уч киши – мен, Владимир Аркадьевич ва яна бир ошномиз биргаликда ташкил қилганмиз. Кейинчалик эса Гомозков қўшилди. Акцияларнинг йигирма фоизи менда, қолганлари Владимир Аркдевич билан дўстимизда эди…
–Менимча, ўша дўстингизнинг исми-шарифи Шелагинов эмасми? – сўради Ринат, масаланинг моҳиятдан яхши хабардор эканини билдириб.
Ҳайратдан Гребенникнинг қошлари керилиб кетди.
–Табриклайман, -деди у,– агар ҳамма гапни айтишга улгуришган бўлса, адвокатларингизга гап йўқ.
–Бўлажак меросга тааллуқли ҳамма нарсани билишим керак эди, – иқрор бўлди Ринат.
–Лекин, Витя Шелагинов ҳалок бўлди, – хўрсинд Гребеник,– унинг акцияларини эса Гомозков билан Владимир Аркадьевич бўлиб олишгач, тоғангиз асосий пакетнинг эгаси бўлиб қолди. Гомозков эса барча олди-сотдиларни молиялштириб тургани боис йигирма фоиз акцияни қўлга олди.
– Демак, шеригининг ўлими тоғамнинг бойлигига бойлик қўшипти-да.
–Мен бунақа демаган бўлардим,– деди Гребеник сўйлоқ тишларини кўрсатиб, эҳтиёткор оҳангда, -чунки, ўшандаёқ Владимир Аркадьевич ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиб, Викторнинг бевасига эрининг улушини нақд пул билан бирданига тўламоқчи бўлди. Аёл ҳам розилик берди. Бугунга келиб Викторнинг акциялар нархи ўн бараварга ошди.
–Афтидан, тоғам жуда ишнинг кўзини биладиган киши бўлган экан,– кулимсиради Ринат.
–Унча-мунчамас,– тасдиқлади Гребеник. –Ҳамма нарсани ўз назоратида тутарди. Ҳатто, жами кўчма мулклари ҳамда бошқа олди-бердиларига оид барча масалалар билан шуғулланади деган мақсадда ушбу “Астор компаниясини ҳам тузганди. Жуда серғайрат инсон эди ва компаниянинг директорлар кенгаши мажлисини ҳам ўзи ўтказарди.
Ринат ярадор қўли устига ташлаб олган костюмини тўғрилаб қўйди.
–Шундай инсоннинг бугун ёнимизда эмаслиги чиндан ҳам ачинарли ҳол,– деди у.
–Жуда ҳам ўрни билинаяпти,- мунофиқларча хўрсинди Гребеник.
У ўзини доғда қолдириб, асосий пакетни қўлга киритган раҳнамосини тириклигида ўлгудек ёмон кўришини тилига чиқармади. У Глущеконинг шеригини ўйиндан чиқаришга олдиндан тайёргарлик кўриб, жами акцияларнинг пулини ёнидан тўлайдиган россиялик пулдор бизнесменни топгани ва Виктор Шелагиновнинг ўлимини ҳам ўзи уюштиргани тўғрисидаги гумони аслида ҳақиқат эканини ҳам айтиб ўтирмади.Бу ҳақда гапиришнинг ўрни эмасди.
–Мен сизни ушбу мероснинг оғир юкидан бироз халос қилмоқчиман, – мулойимлик билан изоҳ берди Гребеник.-Бу ҳисоб варақалари, акциялар, мажлислар, ҳисоботлар, тафтишларнинг сизга нима кераги бор? Пулингиз шунча кўпки, бемалол кўнглингиз тилагандек яшашингиз учун етиб ортади.Менимча, сизни ҳам ўша кўпчиликнинг оромини ўғирлаган мероснинг касрига ўққа тутишган ўхшайди.
–Бўлиши мумкин, – маъқуллади Ринат, унинг энди нимани таклиф қилишини кутиб.
–Мен сизга акциянгизнинг ўттиз фоизини сотишни таклиф қилмоқчи эдим, – ниҳоят Гребеник мақсадга ўтди,– йигирма бир фоиздан сал кўпроғи менда. Сиздагиларни сотиб олган заҳотим, асосий пакетга эга бўламан ва истаган қароримни қабул қилдира оламан. Қўлингизда қолган йигирма бир фоиз акциянинг дивидендини умрингизнинг охиригача тўлаб борамиз. Яъни, ҳеч бош оғритмасдан миллион-миллион долларни олаверасиз. Мен бўлсам компанияни бошқараман, сизни директорлари кенгашига аъзо қилиб оламан. Мажлисларда кўринмасангиз ҳам бўлади. Дивиденларингизни мунтазам олиб туришингиз учун, нима керак бўлса, ҳаммасини қиламиз. Бироқ, компанияга раҳбарлик қилишим учун, асосий пакет менинг қўлимда бўлиши лозим. Қанақа яхши нарсани таклиф қилаётганимни ўйлаб кўринг. Сиз катта миқдордаги пул билан эркинликка эга бўласиз. Доимий рашвишда ошиб бораётган дивидендлар ҳам сизники бўлади.
–Асосий пакет эса сизники бўлади,– кулимсиради Ринат.
Гребеник бош ирғади. У таклифи меросхўрга ёқишига шубҳа қилмасди. Ринат дарҳол жавоб қилди:
–Демак, бугунги кунда акцияларнинг эллик фоиздан ошиғи менда, сизда эса атиги йигирма фоизи бор. Бундан буён безовта бўлмаслигингиз учун менда бошқача таклиф бор. Сиздаги акцияларни мен тўлиқ сотиб оламан. Шунда акцияларнинг энг кўпи менда бўлади. Сиз бўлса компанияда бошқарувчи бўлиб ишлашингиз ёки директорлар кенгашида қолишингиз мумкин.
–Ақлдан оздингизми?– аччиғланди Гребеник.– Мен сизга яхшигина пул таклиф қиляпман.
–Мен эса сизга ундан ҳам каттароқ пул бермоқчиман.Нефтнинг нархи тинмай ошиб турган бугунги кунда қўлидаги акцияларини ғирт телба одамгина сотиши мумкин.Сиз нега мени тентак деб ўйлаяпсиз? Мен сизга акциянгизни сотишни таклиф қиламан, лекин, ўзимникини сотмайман. Менимча, фикримни тушунишингиз керак. Ё ноҳақманми?
Гребеник йигитга қўрқув билан тикилди.У меросхўрнинг бир неча кун ичида шунчалик ўзгариб кетиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди.
–Улар каттароқ тўлашаяптими?– секингина сўради у тўсатдан. –Глущенконинг ака-укаларига ваъда бериб қўйдингизми?
–Мен ҳеч ким билан келишганим йўқ. Лекин, назаримда бир барелл нефт олтмиш беш доллар бўлиб турганда нефтни қайта ишладиган корхонанинг акцияларни сотиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Таҳлилчиларнинг гапига қараганда, юз долларга ҳам чиқиши мумкин эмиш. Шундай бўлса акцияларимнинг нархи бир-икки йилда қирқ фоизга ошади.Наҳотки, мени шу даражада ҳеч вақони тушунмайди, деб ўйласангиз?
–Тушунасиз. Албатта, тушунасиз. Бироқ, менинг ўйлашимча…
–Беҳуда ўйларни йиғиштиринг. Мен ҳали ёшман, шунинг учун ушбу компанияларнинг ишини кузатиш, уларнинг сизга миллиардларни қай тарзда топиб бераётганини билиш жуда ҳам қизиқ. Менимча, мерос менинг тассарруфимга тўлиқ ўтгандан кейин, қандай иш тутишимизни ҳал қилсак тўғирроқ бўлади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.