Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 15 страниц)
–Рекламачиларингни ҳайдаб сол, – деди Ринат узил-кесил қилиб, –Катькамиз ҳеч қаерда ўқимайди. Биз уни Англиядаги энг яхши мактабга жўнатамиз. Ўқийдиган бўлса, Лондонда туриб ўқисин.
– Мен сен билан ҳазиллашаётганим йўқ? – жазавага тушди Лиза.
Ринат афтини бужмайтирди.
–Гап шундаки, сен ҳали уйимизнин рўйхатидан ўчмагансан, – жириллашда давом этди Лиза, – ижарага бериш учун сенинг розилигинг керак. Ҳеч бўлмаса, гап қизимиз ҳақида кетаётганини тушунасанми? Унинг келажаги ҳақида кетаяпти. Ё қизимизнинг тақдири сени қизиқтирмайдими? Сенга бирибирми?
–Барибир эмас, –жавоб қилди Ринат, – мен ҳам қандай қилсак. Яхши бўлишини ўйлаяпман…
–Бошингни қотириб ўтирма, – маслаҳат берди Лиза қаҳрли овозда,– мен ҳаммасини ўйлаб, ҳал қилиб қўйганман. Яхшиям, бахтимга амакиваччам Семен бор экан. Бу маслаҳат ҳам шундан чиқди.
Семен аллақайси реклама агентлигида ишлар ва яхшигина пул топарди. Каттагина уйи, беш йил бурун чиққан «БМВ» машинаси бор эди. Лиза ҳар доим холасининг ўғли бўлмиш амакиваччасиинг номини тилдан қўймасдан, уни ҳақиқий эркак тимсоли қилиб кўрсаташдан чарчамасди. Бақалоқ Семеннинг семизликда дадаларининг ўзи бўлиб қолган икки ўғлини кўрганда Ринатнинг жини қўзирди. Лекин Лиза ойтовоқ башарали амакиваччаси ва унинг оиласини тинмай мақтар, қанақа машина олишгани ҳам, уйларини қанақа таъмирлашгани ҳам, ёзда қаёқларга саёҳатга боришгани ҳам, қариндошининг бақалоқ хотини қанақа кийим олгани ҳам қолмасди. Бир чеккаси Семен ва унинг оиласининг тинмай эслатиб турилиши ҳам уларнинг ажралиб кетишларига сабаб бўлганди. Лекин, ҳозирги вазиятида амакиваччанинг тилга олиниши Ринатга чивин чаққанча таъсир қилмасди.
–Семен икки боласини ҳам спорт мактабига жойлаштирипти,– бидирлади Лиза, – биттаси хоккейга, биттаси теннис гуруҳига қатнаяпти.
–Амакиваччанг ўғилларини сал-пал оздирмоқчидир-да, –ҳазиллашди Ринат.
–Уруғ-аймоқларим ҳақида ҳар хил бўлмағур гапларни гапиришни бас қил, – вишиллади Лиза, –агар сен сал эркак башара бўлганингда, бугун пулсизликдан қийналиб ўтирмаган бўлардик. Мен ҳам Катъкани дурустроқ ўқитиш учун ўзимга қаердан бошпана топсам экан, деб бунча қийналмасдим.
У яна яшаб турган уйи Ринатнинг пулига олинганини унутганди. Ҳозир бу ҳақда эслатишнинг ҳожати ҳам йўқ, жавзаси қайтадан тутиб қоларди.
–Бас,– деди тўсатдан Ринат,– амакиваччанг-у, ўшанинг оиласи ҳақида жаврайвериб, жонимга ҳам тегиб кетдинг. Умуман, ҳозир бундай қиламиз. Уйдан қимирламай ўтиргин-да. мени кутгин. Сенга пул олиб бораман. Ўн беш минг доллар. Фақат, ҳеч ёққа кетиб қолма.
–Ахмоқ, -чинқирди Лиза, –майнавозчиликни бас қил. Сенга жиддий гапни гапирсам, мени масхара қиласан.
–Ярим соатдан етиб бораман,– деди Ринат соатига кўз ташлаб,– Ҳеч қаёққа кетиб қолма. Айтганимни қил, Лиза. Умрингда бир марта менинг гапимга ҳам ишонгин. Агар ҳозир бирор ёққа жўнаб қолсанг, мени қайтиб ҳеч қачон кўрмайсан. Гапим жиддий, ярим соатдан сўнг сенга ўн беш минг доллар бераман. Бўлдими?
У телефонини ўчирди. Кейин Тамарага қўнғироқ қилди:
–Менинг зарур ишим чиқиб қолди, -деди у қисқагина қилиб,– соат иккидан кейин учрашамиз.
–Қанақа иш? – ажабланди Тамара, – яна қанақа ишингиз бўлиши мумкин?
–Эски касбимга боғлиқ масала, – ўйлаб-нетиб ўтирмай ёлғонлади Ринат.
–Қанақа касб?– кулиб юборди аёл. – Олган меросингиз эсингиздан чиқдими? Қаерда яшаётганингиз ҳам ёдингизда йўқми? Қўлингизга қанча пул тегаётгани ҳамми?
–Хуллас, ишим чиқиб қолди,– аёлнинг сўзини кесди Ринат, –иккидан кейин кўришамиз, унгача ҳеч иложим йўқ.
У гўшакни қўйиб, кийингани кетди. Сўнг сумкасини очиб, икки даста долларни чўнтагига тиқди-да, шитоб билан уйдан чиқди. Пастда уни қўриқчилари кутиб турарди. Автомобилни яхшилаб ювишганидан, худди янгидек ярқирарди. Аслида ҳам янги эди. Ахир, атиги икки кун бурун сотиб олганди-да. Ринат машинага чиққач, Королев кўчасига ҳайдашни буюрди.
Собиқ хонадонига етгунга қадар, кўчадан кўз узмади. Телемарказга етишда «Телефильм” бирлашмаси жойлашган институт биноси ёнидан ўтишди. Ринат ўзини бу ердагилар жуда кўп бор овора қилишганини эслади. Бирлашма раҳбари Юрий Васильевич Мацюк унга сценарий буюртма беришга қарор қилганди. Аммо, шартнома қўл қўйилмасдан қолиб кетди. Ринат йигирма марталар келгандир, лекин ҳар сафар албатта шартномага қўл қўйишга моънелик қиладиган бир сабаб топиларди. Ринат кейинчалик саргардонлик борасида бокулик бир муаллиф рекорд қўйганини эшитди, у бечора «Телефильм”га тўрт йил тинимсиз қўнғироқ қилган, шу муддат ичида Мацюк ҳам “бир ой ичида кинони суратга олишни бошлайман,” деб қатъий ваъда қилиб келган экан. Сан-салорликлар Ринатнинг ҳам охири жонига тегди. Лекин, бокулик муаллиф мақсадига эришдими, йўқми билолмай қолди.
Уй ёнида тўхташгач, Ринат қўриқчиларга машинада қолишни буюрди-да, ўзи лифтни кутиб ўтирмасдан, чопқилаб зинапоядан юқорига кўтарилди.
«Ишқилиб, уйда бўлсин-да”, – Ринат шу тарзда ўз-ўзига тасалли берарди.
Ажрашишганларидан кейин Лиза янада жиззаки ва асабий бўлиб қолганди. Унинг собиқ эрини кутмасдан, эшикни қарсилатиб ёпиб, бирор ёққа жўнаб қолиши ҳеч гап эмасди. Ринат қўнғироқ тугмасини босиб, қулоқ солди. Ва аёлнинг қадам товушларини эшитди. Лиза эшикни очди. У чўзинчоқ юзли, лаби юпқа, бурни сал сўррайган аёл эди. Илгарилари унинг чеҳраси шу туришда ҳам ёқимтой туюларди. Зеро, аёл киши кўнгилга ўтирса, эркак зоти унинг қиёфасидаги гўзал қирраларни албатта топади. Қачонки, аёл киши ёқмай қолса, айнан ўша қирралар ғашини келтиради. У ажрашишганларидан кейин ўзига кўп бор битта саволни берарди: иккаласи нега турмуш қуришди экан? Қандай қилиб, ўзини тутолмайдиган жиззаки аёлга уйланиб қолди? Илк бор танишганиларида Лиза кучли, ақлли, шижоатли, оқ кўнгил аёлдек туюлганди. Бора-бора бу ижобий хислатлари аллақандай чегарадан ўтиб, аёлнинг нуқсонига айланди қолди. Ақли заҳаролуд кинояларни тўқишдан нарига етмас, дадиллиги жангари шаддодликка айланиб, муҳаббати ўрнини кун сайин такрорланадиган аччиқ таъна-дашномлар эгаллади.
–Салом,– деди Лиза.
Аёлнинг пул хусусидаги беъмани ҳазили учун собиқ эрининг адабини беришга шай тургани шундоқ сезилиб турарди. Аммо, кўзи вақтида Ринатнинг янги эгни-бошига – оҳорли костюми, чиройли бўйинбоғи, қимматбаҳо бежирим туфлисига тушди-ю, гап-сўзни кўпайтирмай, ичкарига йўл олди. Балки, чиндан ҳам бу нотавоннинг қўлига аллақайдан бироз пул тушиб қолган чиқар.
–Ада! – хонадан отилиб чиққан Катя, унинг бўйнига осилиб олди. Ринат қизини бағрига босди. Уни онасининг исмини олган ва ўзини онасидек яхши кўрадиган қизалоқдан айрилишга кўникиш жуда изтиробга соларди.
–Салом, салом, -деди у қизини ўпиб, ерга қўяркан.
–Ҳеч бўлмаганда, менинг нима деганимни тушундингми? – секингина сўради Лиза,– Катянинг ўқиши учун катта миқдорда пул тўлашимиз керак, Ринат. Жуда катта пул. Менда бунақа имконият йўқ.
Жавоб ўрнига Ринат икки даста пулни чиқариб, телефон столи устига қўйди. Лизага қараб:
–Бу ерда йигирма минг доллар бор, – деди, – бир йилга етса керак.
Лиза пулга бир кўз ташлаб, нигоҳини собиқ эрига қаратди. Сўнг яна синчиковлик билан тикилди. Эри хусусида наҳотки хато қилган бўлса?
–Янги костюм олибсанми?– тўсатдан сўраб қолди Лиза.– Қанча тураркан?
–Билмадим. Эсимда йўқ.
–Сен ўзингнинг янги костюм қанча туришини билмайсанми?– Аёл жилмайди, овози ҳам майинлашди,– Бунча пулни қаёқдан олдинг? Қарз кўтардингми бирортасидан? Тўғрисини айт, сенга ким бунча пул берақолди?
–Бу ўзимнинг пулим, – деди Ринат, – мен мерос олдим.
–Қанақа мерос,– муросасозлик билан сўради Лиза. – Бор-йўғи онангнинг уйи бор эди, уни ҳам тўқсон саккизинчи йилда пуллагансан. Онанг генерал бобонгнинг якка-ёлғиз қизи эди. Ҳатто, бобонгнинг орденлари ҳам қолмаган, музейга топшириб юборгансизлар. Сенга қаёқдан мерос тегиши мумкин?
–Бой-бадавлат қариндошим чиқиб қолди, шунинг меросини менга беришаяпти.
–Ҳазилингни бас қил, – деди Лиза ҳорғин оҳангда, – сендан жиддий сўраяпман. Агар пулни банкдан олган бўлсанг, фоизи билан қайтаришга тўғри келади. Шуни тушунасанми? У ҳолда Катя мактабидан учиб кетади.
–Кийин, – деди Ринат тўсатдан нимагадир жазм қилиб, – борайлик, сенга ҳаммасини кўрсатаман.
–Бизни қийнашни бас қил. Банкдан қарз кўтардингми?
– Катя, – Ринат қизини чақирди,– кийимларингни кий. Менинг янги уйимни кўргани борамиз.
–Қанақа уйингни? –Лиза унга ишончсизлик билан тикилар, собиқ эрининг ҳаётида қанақа ўзгариш рўй берганига ҳамон ақли етмасди. Лекин, нимадир бўлганини кўнгли сезиб турарди. Гап олиб келган пулида ҳам, янги кийимида ҳам эмас, Ринат таниб бўлмас даражада ўзгарганди. Бунинг учун қувониш керакми ёки аччиқланишми, Лиза шунинг тагига етолмай гаранг бўлаётганди.
Шунга қарамасдан итоаткорлик билан кийиниб, қизини етаклади-да, Ренатга эргашиб, пастга тушди.
–Узоққа борамизми?– суриштирди у. – Балки, метро бекатигача пиёда кетармиз?
–Менинг машинамда кетамиз.– У кумуш рангли ҳашаматли машинага ишора қилди.
Николай аллақачон эшикни очиб турарди. Лизанинг ҳайратдан “оҳ” дейишига сал қолди. Қизини чиқаргач, машинага ўзи ҳам ўтирди. Николай улар тарафдаги эшикни ёпгач, машинани айланиб ўтиб, собиқ эри чиқдиган эшикни очди. Ринат машинага жойлашгач, Лизага қаради. Ҳозир унинг учун зафарли лаҳза келганди.
–Сени бош муҳаррир этиб тайинлашдими? –сўради аёл. – Ё вазир бўлдингми? Муҳаррирларга бунақа машинада юришга йўл бўлсин. Булар кимлар?
–Менинг тан соқчиларим,– тўғрисини айтди Ринат
– Қаёққа борамиз? -суриштирди Анзор.
–Уйга, – қисқа қилиб буюрди Ринат.
Машина оҳиста бурилиб олди.
–Нималар бўлаяпти ўзи, Ринат? – хавотирланиб сўради Лиза. –Бу пуллар, бу машина, бу одамлар қаёқдан келди? Тўғрисини айтасанми, йўқми? Ёки бу навбатдаги бемаъни ҳазилингми?
– Атайлаб сен учун шу найрангбозликни ўйлаб топдим, – деди Ринат заҳарханда қилиб, – сени товоқ юзли амакиваччанг Семенга бир мақтансин, дедим-да.
Унинг бу гапини эшитиб, Катька ҳиринглаб қўйди. Лиза бошини орқа суянчиққа ташлаб, жим қолди. У Ринатга эътирозга билдириб, амакиваччасини ҳимоя қилиб ҳам ўтирмади. Ҳаётида биринчи марта тилини тийди. Улар қўриқчиларни четлаб ўтиб, ҳовлига киришди. Николай машинадан сакраб тушиб, Лизанинг эшигини очди. Ринат ҳам машинадан чиқиб, Лизани кутиб турди. Лиза эса қимир этай демасди. У бу кошонанинг қанақа жойлигини, унинг эгалари кимлар эканини яхши биларди. Яқиндагина шунга ўхшаган уйдагилар ҳаётидан репортаж ҳам ёзганди.
–Сен шу ерда турасанми? – сўради у машинадан тушмай туриб.
–Ҳа, -деди Ринат, – қани, кетдик. Менинг вақтим зиқ. Тезроқ бўлинглар.
У қўлини чўзиб Лизанинг тушишига ёрдамлашди. Лиза Катянинг билагидан тутди. Унинг ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Лифтга киргач, худди биров тортиб олиб қўядигандек, Катяни маҳкам бағрига босди. Ниҳоят улар янги уйга киришди. Ринат эшикни ёпиб Лизага ўгрилди.
–Юр, сенга ҳаммасини кўрсатаман. Бу энди менинг уйим, шу ерда яшайман.
У йўл бошлагач, Лиза билан қизи ортидан эргашди. То иккала қаватдаги хоналарни кўриб чиққунларигача, Лиза Катяни қўлидан қўймади. Ринат Лизага энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган ошхонани, эс-ҳушдан айирадиган меҳмонхонани, ҳашаматли иш бўлмасини кўрсатди. Алоҳида-алоҳида ваннахоналар ҳам, айвонлар ҳам, қишки боғ ҳам четда қолмади. Худди ҳар бир хона, ҳар бир бурчакнининг лойиҳасини ўзи чизиб, ўзи қургандек уй билан батафсил таништирди. Лизанинг эса қовоғи очилмас, хонадан хонага ўтишгани сари, баттар осилиб борарди. Афтидан, унинг гапларига ишонмаётганди. Фақат, у кеча тунаган ётоқхонага кириб, Ринатни бурчакда ётган эски шимини-ю, илгаридан кўзи ўрганган ўрин-жойдаги ивирсиқликни кўргандан кейингина, қизининг қўлини бўшатди-да, унсиз йиғлаб юборди.
–Ойи, – қўрқиб кетди Катя.
–Бас қил, – хўмрайди Ринат, – кўз ёш қилиш учун топган вақтингин қара…
–Қаёқдан келди булар? – Сўради Лиза аламли кўзёшларини ичига ютиб, -Бунча пулни қаёқдан олдинг? Бунақа уй, машина, тан соқчилар қаердан? Сен шунча меросни қаердан олишинг мумкин? Фақат, алдама мени. Босқинчилмк қилаяпсанми? Одам ўлдираяпсанми?
–Ахмоқ, – ерга тупуринди Ринат,– қизингнинг олдида топган гапинги қара.
У аёлнинг барбод бўлган ҳаёти учун йиғламаётганини тушуниб турарди. Лиза энди бу бойликларнинг ҳузурини бошқа бир аёл кўришини ўйлаб, кўз ёш тўкарди. Эрининг ҳеч вақоси бўлмаган пайтда, турли-туман оилавий қийинчиликларга чидаб яшаган, пулсизлик азобини тортганди. Ҳозир эса собиқ эрининг ҳамма нарсаси бор, аммо, бунинг ҳеч қайси Лизага тегишли эмас. Ҳеч қачон тегишли бўлмайди. Айниқса, унинг нима учун йиғлаётганини Ринатнинг тушуниб турганини сезаётгани аламига алам қўшиб, хўрлигини тобора оширааётганди.
–Айтдим-ку, сенга мерос олдим, деб, – тушунтирди Ринат.– Йиғлашни бас қил. Болани қўрқитиворасан.
–Қанақа мерос?– кўз ёшларини артди Лиза.– Бунақа бой-бадавлат қариндошинг қаёқдан чиқиб қолди?
–Қара-ки, бобомнинг бошқа хотинидан ўғли ва қизи бор экан. У бу ҳақда менга ҳеч ҳам гапирмаганди. Ҳатто, онам ҳам айтмаган. Катта холам Канада вафот этипти, тоғам эса оиласи билан Францияда авиация ҳалокатига учраб, дунёдан ўтипти. Оқибатда унинг якка-ю ягона меросхўри мен бўлиб чиқдим.
–У французмиди? –сўради Лиза гаранг бўлганидан ҳеч нарсани тушунмай.
–Нега энди, у ҳам онам каби украин бўлган. Айтаяпманку, бобомнинг ўғли экан, деб.
–Нега ҳеч қачон бу ҳақда гапирмагансан?
–Бу ҳақда ўзим ҳам билмаганман.
Лиза бошини ирғади, яна йиғламсираб, қизини бағрига босиб, юзидан ўпди. Кейин бутунлай бошқа оҳангда сўроққа тутди:
–Шундай қилиб, қанча мерос тегди? Миллионми?
–Йўқ, – жилмайди Ринат, –анча кўпроқ.
–Тушуниб турибман, Бу қимматбаҳо уй, машина – ҳаммаси ўшаники… Пулдан қанча тегди? Икки миллионми, уч ё беш миллионми?
Ринат жилмайган кўйи, бошини сараклади.
–Ўн миллион,– деди Катя. Бу қизи биладиган энг катта рақам эди.
Ўн?– Лизанинг кўзлари ҳайратдан юм-юмалоқ бўлиб кетди.
–Анча кўпроқ…
–Йигирма, эллик, юз миллионми? – алам билан қичқириб юборди аёл. Бунча пул эри билан орасини бутунлай узиши тайин эди.
–Бўкирма,– деди Ринат.– Гап шундаки, тоғам дунёдаги энг бой кишилардан бир бўлган. «Форбс» журнали мулкини уч миллиардга баҳолаган. Антибда, Ложуард соҳилда оиласи билан ҳалок бўлган украиналик олигарх Владимир Глущенко ҳақида сен ишлаётган телеканалда ҳам репортаж берилганди.? Балки, эсингда бордир?
Аёл ҳаммасига тушунди. Уйнинг нархи ҳам, костюмнинг қиймати ҳам, тан соқчиларнинг кимлиги ҳам аён бўлди. Ҳатто, бугун Ринат келтирган икки даста пулнинг қаёқдан келганини ҳам англади. Уч миллиард доллар. Бунча пул тегишига одамнинг ишонгиси келмасди. Лекин, Лиза етарли даражада иродали аёл эди, дарҳол ўзини қўлга олди.
–Уч миллард дедингми? – қайталаб сўради у.– Сенга шунча пул тегдими?
–Ҳали меросни расмийлаштиришаяпти. Ҳозирча россиялиқ ва франциялик адвокатлар билан биргаликда ҳужжатларга имзо чекдим, холос.
– Тушунарли, Катька билан бизга қанчаси тегади?
У яна асл ҳолига келганди. Ринат унга озроқ раҳми ҳам келди. Лиза оғзини қийшайтириб илжайди. Ринат аёлнинг кўзларини, титраб турган лабларини чала-чулпа пардозлаганини илғади.
–Ҳеч нарса, – у ич-ичидан келаётган ўз овозидан роҳатланиб кетди,– бир тийин ҳам тегмайди.
–Нега? –Лиза бўғилгудек бўлиб, Катяни кўрсатди,– Бу сенинг қизинг-ку. Менимча, ундан тонмассан. Мен собиқ хотингман. Бир пайтлар адвокатим тушунтиргандек бўлувди, кимнинг топгани ва кимга тегишли бўлишидан қатъий назар жами мол-мулк тенг бўлинади, шекилли.
–Тўппа-тўғри. Бу никоҳ пайтида топилган мол-мулкка тегишли гап.Сен билан биз бўлса, бегона одамлармиз. Ажрашиб кетганмиз, Лиза, шу боисдан бирор тийинга ҳам даъвогрлик қилаолмайсан.
–Катя-чи? – Ҳар доим жанжал кўтаришдан олдин бўладигандек, Лизанинг башараси қаҳрдан бўзариб кетди.
–Катяга мерос мен ўлгандан кейин тегади. Фақатгина, унинг олишга ҳаққи бор. Қонунда шундай дейилган.
–Тушунарли. – Аёл қопқонга тушган ваҳший ҳайвондек теграсига олазарак бўлиб қаради. Ва тўсатдан бақириб юборди: – Катя, қаёққа кетдинг? Юр, кетдик бу ердан. Ҳозироқ кетамиз…
–Сенга нима бўлди?– тушунмади Ринат.
У Лизанинг қўлидан тутган эди, аёл жаҳл билан тортиб олиб, тупугини сачратиб, баттарроқ бақирди:
–Уйимга бориб, берган лаънати пулларингни олиб кетишинг мумкин. Бизга кераги йўқ.
–Нега энди? Нима бўлди ўзи?
– Қўлингда миллиардлаб пулинг бўла туриб, қизингга йигирма минг садақа бераяпсанми? Мени шу пулни олади, деб ўйлайсанми? Йўқ, бунақа ҳунаринг кетмайди. Сен арзимас садақа олиб бориш ўрнига, қизинг бемалол ўқиши ва кам-кўстсиз яшаши учун номига банкка пул қўйишинг керак.
–Биласанми, нега сен билан ажрашганман? -тўсатдан сўради Ринат, – Айнан мана шу феълинг учун уйдан чиқиб кетганман. Бир соат бурун телефон қилиб, етмаётган пулни топиш учун уйни ижарага бермасам бўлмайди, деб дийдиё қилаётгандинг. Энди эса керакмас деяпсан. Бориб турган шаллақисан, Лиза.
–Сен бўлса ярамассан. Шунча пулинг бўла туриб, танга-чақа бериб қутилмоқчисан. Бизга барибир деб ўйлаяпсанми? Сен икки қаватли саройда яшагин-да, биз Королева кўчасидаги вайронада чирийверайликми?
–Нега вайрона бўларкан? Уч хонали яхши уйимиз бор-ку.
–У ёққа ўзинг кўчиб ўт, биз эса бу уйга кўчиб келамиз,– Лизанинг юзида илгарилари оилавий жанжал чиққанда намоён бўладиган жангари ифода яна пайдо бўлди. –Кўраман, ўша пастарин қўшнилар, ғийбатчилар уясида қандай кун кўрар экансан?
–Лиза ўзингни бемаъниларча тутаяпсан.
–Сен эса аблаҳона тутаяпсан. Боргин-да, пулингни олиб кет. Юр, Катя.
У қизининг қўлидан маҳкам ушлаб, эшик томон судради.
–Шошма,– таклиф қилди Ринат.– Йигитларга айтаман, уйингга элтиб қўяди.
–Сенинг садақангга зор эмасмиз!– яна қичқиришга тушди Лиза. –Метрода ҳам етиб оламиз. Сен мени жимгина кетаверади, деб ўйласанг, чучварани хом санабсан. Ҳозир адвокатимни топаман-да, сен ярамасни судга бераман. Менга бир чақаям тегмайди, деяпсанми? Ҳали кўрамиз. Шунақаям алимент ундираман-ки, додингни худога айтасан. Ҳар ҳафтада менга миллион доллардан тўлайдиган бўласан.
–Тўламайман, -деди Ринат кутилмаганда шахт билан, – тўламайман.
Лиза унга ўгрилиб, нимадир демоқчи бўлди-ю, дами ўчди. У Ринатнинг чеҳрасига қараб, бутунлай бошқа инсонни кўрди. Қаршисида ўзи яхши биладиган Ринат эмас, балки, ўзининг ҳақлигига ва қудратига ишонган ва қаҳр-ғазабини сочишга шай кимса турарди. Лиза унинг ҳозир калтаклашдан ҳам қайтмаслигини сезди. Шунинг учун ҳам қизини судраганча, эшикни қарсиллатиб ёпиб, уйдан қочиб чиқди.
Ринат ўзига келгунга қадар бирор дақиқалар ўтди. Ғирт ахмоқлик бўлди. Пул олиб боришнинг ҳам, уларни бу ёққа олиб келишнинг ҳам, уйини, машинасини кўрсатишнинг ҳам ҳеч ҳожати йўқ эди. Лизанинг гапини маъқуллаб, Дима маслаҳат бергандек, Франциягами, бошқа бирор ёққами кетиворса бўларди. У ошхонага ўтиб, жовонда турган конъякдан бирини олди. Шиша оғзини очадиган асбобни қидирди, сўнг ваннахонага кирди-да, бир уриб бўғзини синдирди, тиш чўткаси турдиган идишни бўшатиб, юз граммлар ичимлик қуйди. Шу заҳоти сипқориб юборди.
– Қанақа ифлос аёл-а, – у кўзларини юмди. – Шунақа онанинг қўлида ўсаётган Катяга қийин. Жуда ҳам қийин.
У ваннахонага кўз ташлади. Энди бу хонадонга ҳеч кимни олиб келмаслик керак. Бунақа бойлик одамларда ҳам қаҳрини, ҳам ҳасадини қўзғайди. У шишани ваннахонада қолдириб, йўлакка чиқди. Шу пайт кимдир эшик қўнғироғини босди.
9 боб
Ринат бирпас қулоқ солиб турди. Қўнғироқ иккинчи бор жиринглади.
«Наҳотки, Лиза қайтиб келган бўлса? – кўнглидан кечирди Ринат. – Йўқ, унга ўхшамайди”. Қўриқчилар ҳам ўзларича чиқишлари мумкин эмас. Агар бирорта бегона киши келган бўлса, пастдаги уй қўриқчилари уни огоҳлантириб, уйига қўйиш-қўймасликни албатта сўрашган бўларди. Демак, Тамара келишга қарор қилган. Балки, Диманинг йўқлагиси келиб қолгандир.
У эшик томон юрди. “Кўзча”дан ташқарига қаради. Остонада қирқ ёшлардаги қора сочли, кўзлари бироз қизарган, билинар-билинмас бақбақали, эгнига қора ёмғирпўш кийиб олган аёл туради. Қўлида нимадир солинган кичик сумкаси ҳам бор. У бу аёлни ҳеч қачон кўрмаганди.
Ринат эшикни очди.
–Салом. Менга келдингизми?
–Хайрли кун. Сиз Ринат Шариповмисиз?
–Худди шундай. Аммо, сизни танимай турибман.
–Мен уйингизни йиғиштираман. Одатда жума кунлари келаман. Бугун бўлса, жума. Ойлигимни ҳисоб рақамимга ўтказиб беришади. Калитни бўлса, пастдагилардан оламан…
–Ҳафтада бир марта келадиган аёл сиз экансиз-да,– тушунди Ринат, сал чекиниб, унга йўл бераркан.– Нима, калитни беришмадими?
–Беришган, –жилмайди аёл, -аммо, уйда эканингизни айтишгач, қўнғироқни боса қолдим. Рухсатсиз кирмай, дедим.
Аёлнинг тишлари салгина олдинга туртиб чиққан, қўнғир тусли кўзлари бироз ғуссали эди.
–Исмингиз нима? – сўради Ринат.
–Лидия. Лида, десангиз ҳам бўлади.
–Жуда яхши. Менинг исмимни эса биласиз.
–Биламан. Уй эгасининг меросхўри эканингизни айтишди.
–Шунга ўхшаб турибди. Тоғамни яхши билармидингиз?
–Умуман билмасдим. Бу уйни агентлик орқали сотиб олишган экан. Мени бўлса, яқинда ёллашди. Жума куни келиб кечгача ишлайман. Агар жума куни келолмасам, шанбада келаман. Менга мана шунақа ўзгарувчан иш тартиби маъқул тушди, қачон келиш ўзимнинг ихтиёримда. Одатда бу ер ҳар доим саранжом-саришта туради. Фақат икки бор кимнингдир келиб кетганини пайқадим. Бир неча марта сув ва мева олиб келган эркакка кўзим тушди. Исми Карим эди, шекилли. Кейинги пайтда кўринмай қолди. Мени кечирасизу, бор билганим шу. Уйни йиғиштираверайми ё эртага келайми?
–Бемалол, йиғиштираверинг,– бош ирғади Ринат, -жудаям ивирситиб ташлаганим йўқ. Фақат, ваннахонанинг биттасидан фойдаландим, ётоқхонада тунадим, холос. Йўғ-е. Иккинчи ётоқхонани ҳам йиғиштиришга тўғри келаркан,– эсига Дима ётиб кетган хона ҳам тушиб қолди.– Хуллас, ўзингиз қараб кўрасиз-да.
–Раҳмат, – Аёл кийимни алмаштириш учун ваннахонага йўл олди.
Ринат паришон ҳолда ошхонага кирди. Лиза билан бўлиб ўтган жанжалдан сўнг ҳали ўзига келаолмаганди. Столга ўтириб, ўзига бутерброд тайёрлашга тутинди. Шу пайт Лидияннг ваннахонадан қайтиб чиққанини сезди. Аёл ҳам ошхонага кириб келди. У кўкрагига қандайдир фирманинг номи битилган кулранг халатда эди.
–“Астор” – ўқиди Ринат,– Сиз нонушта қилганмисиз? – сўради аёлдан.
–Раҳмат, – Лидия йигитнинг саволини эшитиб, андак ажабланди.
–Ҳали ҳам ўзимни қандай тутишни билолмаяпман, – иқрор бўлди Ринат, – ўзимни ҳаддан ташқари ноқулай сезаяпман.
–Сезиб турибман,– аёл ошхонага туташ айвончага чиқди. Жавон ичига челаги билан ва супургиси қўйилган экан.
–Кечирасиз, бир нарсани сўрасам майлими? – яна саволга тутди Ринат,– қанча маош олаётганингизни билса бўладими?
–Наҳотки, билмасангиз?
–Ҳозирча ҳеч нарсани билмайман.
–Ҳафталик ишим учун «Астор» компанияси уч юз доллар тўлайди.
–Қайси компания?
–«Астор». Мени ўшалар ёллашган, ҳақимни ҳам ўшалар тўлашади. Сизнингча кўп беришаяптимикин?
–Ундай эмас. Бунчалик баҳайбат кошона учун, ҳатто, озлик қилади…
– Ушбу хатони тузатиш энди сизнинг қўлингиздан келиши мумкин, – кулимсиради Лида.
–Жўнгина-ю, лекин тўғри гап,– бош ирғади Ринат. Унга бу оғир-босиқ, хуш феъл аёл манзур бўлганди. Ёки ҳозиргина бу ердан чиқиб кетган жанжалкаш Лизадан сўнг ҳар қандай аёл ҳам унга рисоладигадек кўринармикин?
-Жўнлик – бори-йўғи эскирган ҳақиқатдир, –деди Лида челакни кўтариб, хонадан чиқаркан.
Ринат лол қолди. Бу иборани у яхши биларди. Ҳатто, кимнинг гапи экани ҳам эсида. Курсини ағдариб юборай, деб аёл ортидан отилди.
–Сиз Бернард Шоуни ўқиганмисиз? –сўради у. –Бу иборани қаёқдан биласиз?
– Тўғри, бу Шоунинг сўзи,– деди аёл унга ўгрилиб, мен маълумотим бўйича филологман, фан номзодиман. Институтда дарс бераман. Лекин, етти минг сўм ойлик билан оила боқиб бўлмайди. Шунинг учун давлатмандларнинг уйини йиғиштираман. Буни паст кетиш ҳам деб билмайман. Яна саволингиз борми ё ишни бошлайверайми?
–Кечирасиз, – у ахмоқона саволлари билан ўзининг нодонлигини ошкор қилаётганини сезиб, ошхонага қайтди.
Фан номзоди-я, алам билан ўйлади у. Сотиб олган уйига йиллаб қадам босмайдиган сарватдорларнинг ҳожатхонасини тозалашга мажбур. Аёл Бернард Шоуни билади, аммо, бу билимнинг турмушини яхшилашга уч пуллик нафи тегмайди. Аксинча, халақт беради. Англия адабиётидаги энг забардаст истеҳзолар пирининг ижодини била туриб, бегоналар ҳожатхонасини ювиб юришнинг ўзи ҳаётнинг аччиқ истеҳзоси эмасми? У тумшайди. Амакисини бу даражадаги катта бойликни қай йўл билан орттирганининг тагига албатта етиш керак. Умуман, Владимир Глущенконинг таржима ҳолини батафсил ўрганиш лозим, жилла қурса, ўзига кутилмаган бахтни бахш этган шахснинг кимлигини яхшилаб билиб олади.
Қанақа бахт? Лизанинг бир неча дақиқа олдин унга заҳрини сочиб, Катяни йиғлатганча, судраб чиқиб кетиши бахтми? Икки нафар забардаст йигитнинг машинаси ёнида кутиб туриши бахтми? Тоғасининг оиласи билан қирилиб кетгани бахтми? Бу икки қаватли кошонада, ҳатто, айрим хоналарга киришга юраги бетламай яшашининг бахтга нима алоқаси бор? Унга тўртта ваннахонанинг нима ҳожати бор.
Ҳар бири беш минг доллар турадиган костюмларнинг-чи? Нима, ўриши-ю арқоғи зарнинг толасиданми? Энг қимматбаҳо газмолдан тикишса, тикишгандир. Уларнинг пулига бутун бир оилани бир неча ой боқса бўлади. Арзонроқ костюм кийса, бир жойи камайиб қоладими? Ё бой бўлишнинг ҳам ўз қоидалари бормикин? У ҳолда миллард доллар эгасининг елкасига миниб олиб, ўзининг йўлига йўрғалатса ҳам ажаб эмас.
У телефонни олиб, Тамаранинг рақамини терди.
–Мен фикримдан қайтдим,– деди у. – Ҳозироқ олдингизга етиб бораман. Уй хизматчисига ҳақни ким тўлайди?
–Сиз-да, -ҳайрон бўлди Тамара,– ҳаммасинининг ҳақини ўзингиз тўлайсиз.
–Буни тушуниб турибман. Лекин, қайси компания? Аслида ким пул ўтказиб туради.
– Сиз бунақа майда-чуйдалар тўғрисида бошингизни қотириб ўтирманг.Барча масалалар билан Иосиф Борисович шуғулланади.
–«Астор” компанияси-чи? Нега менга бу ҳақда айтмадингиз?
– Сиз қаёқдан билдингиз?– асабийлашди Тамара. Шу нарса уни фош қилиб қўйди.
–Саволимга жавоб бермадингиз-ку,– қайтарди Ринат.
–Тушунмаяпман. Сизни нима ташвишлантиряпти ўзи. Гап миллиард доллар ҳақида кетаётганда, сиз аллақандай кичкина компания билан қизиқаяпсиз?
– Мен аниғини билишим керак.
–Глущенконинг ўзи беш йил муқаддам ташкил қилган «Астор” компанияси унинг Россиядаги барча ишлари билан шуғулланади. Кўчмас мулкларни сотиб олади, керакли одамларни ишга ёллайди, тегишли ҳисоб– рақамларига пул ўтказади, олди-бердиларини амалга оширади. Бир сўз билан айтганда, тоғангизнинг жами катта-кичик юмушларини бажарадиган чоғроқ компания.
– Менинг қўриқчиларимнинг ҳаққини ҳам ўшалар тўлашадими?
– Пул ўшалар орқали кетади,– тасдиқлади Тамара.
–Сиз уларнинг маошини менинг бошлиғим тўлайди, дегандингиз-ку.
–Гапимни яхши англамабсиз. Ҳамма масалаларни Иосиф Борисовичнинг ўзи ҳал қилади, деганим, қўриқчиларингизнинг ойлигиням беради, деганим эмасди.. У «Астор” компаниясининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси ҳисобланди, Шунинг учун бутун фаолиятидан яхши хабардор.
–Менинг ўша компанияга боришимга тўғри келади.
–Қачон?
–Ҳозирнинг ўзида.
–У ҳолда олдиндан айтиб қўйишимиз керак.
–Ҳожати йўқ. Мен ҳаммасини ўз кўзим билан кўрмоқчиман. Қўнғироқ қилиб ўтирманг, яхши ўзимиз борамиз. Ёки тўғридан-тўғри ўша ерда учрашамиз. Қаерда жойлашганини биласизми?
–Яхши биламан. Жойлашган манзили айтайми, Ленин шоҳ кўчасида, – аёл бинонинг рақамини айтди,– идораси ўша ерда жойлашган.
–Ҳозир ўша ерга бораман.
–Нима қиласиз бориб? Бори-йўғи тоғангизнинг юмушларини бажарадиган компанияча-да, Вахтанг Георгиевич Гогоберишвили, деган жуда ёқимтой бош директори бор, олдингизга чақириб, ҳаммасини билиб олсангиз ҳам бўлади.
–Бўлмайди. Ўз кўзим билан кўришим керак.
–Мен ўша компанияга бунчалик ёпишиб олганингизнинг сабабини тушунмаяпман.
–Менимча, компаниянинг иши яхши кетмаяпти. Олти ойдан бери Вера Николаевнанинг ҳақини тўлашмаган, яъни Рублевкадаги уйимнинг қай аҳволда экани билан қизиқишмаган, шу тўғримими? Нима дедингиз? – “Уйим”, деган иборани эмин-эркин ишлатишидан Тамара Ринатни шаштидан қайтариб бўлмаслигини сезди.
–Яхши, -рози бўлди Тамара, –“Астор” компаниясида учрашамиз. Ўша ерга етиб бораман.
Ринат аёлнинг овозидаги норозиликни илғаб, кулимсиради. Афтидан адвокатларининг нозик жойидан тутганга ўхшайди. Бир томондан шунисиям яхши.
Пастга тушиб, Анзорга “Астор”га олиб боришни буюрди. У ҳайрон бўлиб ўгрилди-да, Ринатга қаради, аммо, ортиқча савол бериб ўтирмади.
У кўп ўтмай машинани кўп қаватли бино олдида тўхтатди.
–Пастдан рухсатнома олиш керак, – деди Анзор,– аммо, бизнинг доимий рухсатномамиз бор.
–Менга бериб туринг ўша рухсатномани, – илтимос қилди Ринат.
Анзор Николайга қараганди, униси елкасини қисди. Анзор чўнтагидан рухсатномасини чиқариб, Ринатга узатди.
–Қайси қаватга чиқиш керак? -суриштирди Ринат.
– Олтинчи билан еттинчи қаватга, –жавоб қилди Анзор, –раҳбарият олтинчида ўтиради.
–Мени машинада кутинглар, – деди Ринат, – ҳеч қаёққа қўнғироқ қилишнинг кераги йўқ. Бу менинг шахсий илтимосим, йигитлар.
У машинада тушди. Йўлакка кириб, тўсиқ олдида ўтирган қўриқчига кўк рангли рухсатномани кўрсатди. Қўриқчи бош ирғаб, ўтишга изн берди. Лифтга чиққач, олтинчи қаватнинг тугмасини босди. Қўл телефонини олиб, ўчириб қўйди. Бу ерда нима ишлар бўлаётганини шахсан ўзи ўрганиб чиққани маъқул.
Лифт эшиги очилганда яна битта қўриқчига дуч келди. Бу сафар рухсатнама борасидаги найранги иш бермади. У чиқарган қоғозни қўриқчи яқиндан кўрмоқчи бўлди. Сири фош бўлишини сезиб Ринатнинг қовоғи солинди. Қўриқчи эса исми -шарифини ўқиди-да, ёпиштирилган суратга эътибор ҳам бериб ўтирмади.
– Сен ҳам қўриқчи бўлиб ишлар экансан-да?– тушунди у, -Ўтавер, Анзор.
Афтидан бу ерда кўпчилик бир-бирини яхши танимасди. Ёки бу навбатчи ҳали янги эди. Ринат йўлак бўйлаб борар экан, бир эшик очилиб, ичкаридан папка қўлтиқлаган ёшгина аёл чиқди.У қаёққадир шошарди. Нотаниш кимсага кўзи тушиб, чимирилди-да, ёнидан зиппиллаб ўтиб кетди. У аёл чиққан хонага киришга жазм этди. Эшикни очди. Каттагина хонада бир аёл билан бир эркак бор экан. Эркак стол ёниб ўтириб, калькуляторда ниманидир ҳисобларди. Эллик ёшлардаги аёлнинг ёрқин рангли сочлари бежирим турмакланган, хушбичим юзли, кўзлари зангори тусда эди. У қия турган ҳолда, жавондан қандайдир жилдни қидирарди. Нотаниш кимсани кўриб, унинг томонга бурилди.
–Сизга нима керак?
–Кечирасиз, -деди Ринат,– адашиб бошқа жойга кириб қолдим, шекилли. Менга компания раҳбари керак эди.
Эркак ҳисоб-китобидан бош кўтарди. Унинг ёши қирқларда бўлиб, чеҳрасида ҳисобчи ёки саноқчиларга хос ҳорғинлик сезилиб турарди. У кўз ойнагининг ялтиратиб, Ринатга ғижиниш билан тикилди.
–Раҳбарларимизнинг қаердалигини билмасангиз, бу ерга қандай кириб қолдингиз?– сўради у.
–Менга рухсатнома беришди,– алдади Ринат.
–Раҳбарият йўлакнинг охирида ўтиради, –тушунтирди аёл ва эркакга қараб, қўшимча қилди:–Глеб Александирович, бунақа шошилишнинг нима кераги борлигига сира ақлим етмаяпти. Уларга нима бўлган ўзи?
–Билмадим, -деди эркак ҳорғинлик билан, – яна текшириш, шекилли. Балки, ҳалиги адвокат яна келгандир.У меросхўрнинг келиб қолишини айтиб, ҳаммани қўрқитгани қўрқитган.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.