Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 15 страниц)
–Энди у ҳаммасини олиб кетади, -гапини якунлади Юрий. – Агар тортиб олишнинг иложи бўлганда, шу ерда – меҳмонхонанинг ўзидаёқ отиб ташлаган бўлардим. Лекин, адвокатларимизнинг айтишларича, барибир бизга ҳеч нарса тегмас экан. Жуда узоқ қариндош ҳисобланарканмиз.
–Оламиз,– эътироз билдирди Степан, – газандани ўлдирамиз-да, ҳаммасини ўзимизники қилиб оламиз.
–Қўлимиздан келмайди, –деди Юрий, –унинг қизи ҳам бор, ўлса жами мол-мулк ўшанга ўтиб кетади. Агар қизини ўлдирсак, онаси эга чиқади. Унда ҳаммасини ўлдиришга тўғри келади, Кейин ўзимизни ҳам тезгина тутиб олишади.
–Айтгандай, уни отишганмиш-ку, –ҳайрон бўлди укаси калтафаҳмлик билан,– мен бу ишни сен қилгансан, деб ўйлагандим.
–Жим,– унинг тўхтатди акаси. –Менинг одамларим кузатиб юришгани тўғри. Лекин, ҳеч қайси уни отгани йўқ. Бунинг менга нима кераги бор? Қизи борлигини аллақачон билганман. Уни ўлдиришнинг менга фойдаси йўқ.
–Унда отган ким бўлди? –сўради Степан.
–Мен қаёқдан биламан? Сен уни фақат иккаламиз ёмон кўрамиз, деб ўйлайсанми? Володядан қанча миллиард бойлик қолди. Балки, яна битта жиянвой чиқиб қолгандир. Балки, бошқа бирорта қариндош топилгандир. Ёки янги меросхўр пайдо бўлгандир, э, оналарини…
–Энди нима қиламиз?
–Кўрамиз. Аввал акцияларни сотиб олишимиз керак. Менда ҳам сенда ҳам унақа пул йўқ. Банкимиздан сўраб кўрсак-чи, балки, беришар. Асосий пакетни қўлга киритсак бўлди, шунда Гребеникка ҳеч нарса қолмайди. Акс ҳолда Гомозков иккаласи ғимирлашга тушади. Ҳозир иккаламиз пул топишимиз керак. Тўрт юз миллион доллар. Неча фоизга бўлса ҳам майли. Агар нефтнинг нархи яна ўн долларга ошса ҳаммасини қоплаб кетди. Ҳеч бўлмаса, биро киши билан тенгшерикка акцияларни сотиб олишимиз зарур.
–Тўғри, – деди Степан.– Лекин, сен билмасанг, уни отган ким бўлди?
–Ким отди, ким отди, деб тинмай сўрайсан. Тўтиқуш бўлиб кет-е.. Кимга керак бўлса, ўша отган-да. Афсуски, тегмапти. Агар ўлдиришмасдан, бир умрга ногирон қилишса жудаям зўр бўларди. Иккаламиз акциясини тортиб олардик, қўярдик.
Меҳмонхонага киришгач, ака-укалар тепага кўтарилишди. Эшик олдида уларни Талгат йигитлари билан кутиб олди. Глущенколарнинг қўриқчилари йўлакда қолишгач, ўзлари ичкарига киришди. Ринат галма-галдан ушбу бочкасифат давлатмандларнинг қўлини қисиб, столга таклиф этди.
–Амакимизнинг жиянчаси сен бўласанми? –сўради Степан.– Нега афти башаранг бошқача? Қандайдир осиёликларникига, қозоқми, ё қирғизга ўхшайсан?
–Отам татар эди, – тушунтирди Ринат,-онам – Владимир Аркадьевичнинг синглиси бўлган.
Степан акасига ижирғаниб қаради-да, бурнини тортди. Татарлар билан қариндош чиқиши етмай турувди ўзи. У Владимир Глущенконинг ўзларига фамилиясидан бошқа дахлдор жойи йўқлигини, умуман ҳеч қанақа қариндош эмаслигини, Ринат Шариповнинг нақд тоғаси эканини тушунишга ожизлик қиларди. Юрий Глущенко эса Ринатнинг татарларга туташ томири ва марҳум билан қариндош-уруғчилик ришталари ҳақида аллақачон билиб олган, шу боисдан ўзини босиқ тутарди.
–Меросни расмийлаштиришга кўп вақт кетармикин? -сўради каттаси.
–Билмадим. Бугун тунда Парижга учаман. Адвокатлр билан гаплашаман.
– Мерос жуда катта, – қайд этди Юрий Глущенко, –энди орамизда энг бадавлатимиз ўзингсан.
–Бўлиши мумкин. – Ринат жилмайди. Икки ҳамсуҳбати ҳам йигирманчи йилларнинг журналларида ҳажв қилинган буржуйларнинг суратига жуда ҳам ўхшаб кетар, одамнинг кулгисини келтирарди.
–Буёғини нима қилмоқчисан? –қизиқди Юрий,– У ёқда қилинадиган ишлар жуда кўп. Турли корхонлар, кўчмас мулклар тўлиб-тошиб ётипти. Бошқариш қўлингдан келадими?
–Уриниб кўраман.
–Бир ўзинг уриниб кўрасанми ёки ёрдамчилар ёллайсанми?
–Ёрдамчилар ёллайман, – у ака-укани нималар ташвишга солаётганини тушунар, сабр билан бу ҳақда ўзларининг оғзидан эшитишни кутарди. Ниҳоят Степан ўзин тутиб тураолмади:
–Қариндошинг сифатида биз сенга ёрдам беришимиз мумкин, – деворди у.
Юра укасига бир қаради, кейин ҳозир шунақа гаплашганимиз маъқул, деган фикрга келди. Майли, кўнглидагини айтиб олсин. Ахир, уларнинг олдида пихини ёрган олигарх эмас, бу масалаларга унчалик фаҳми етмайдиган ёш йигит ўтирипти-ку.
–Биз Володяга ҳам ҳар доим ёрдам бериб келгандик, –давом этди гапида Степан Глущенко,– у бизга суяниш мумкинлигини яхши биларди. Тоғанг фаолиятини дастлаб шу ердан – Киевдан бошлаганди. Энди сен ҳам кўчиб келишинг керак. Айтгандай, ўзинг ҳам Киевда туғилгансан-ку, ахир.
–Тўппа-тўғри.
–Мана кўрингми? Бўлмаса москваликлар бор будингни шилиб олишади. Айниқса, Гомозков билан Гребеник деганлари. Сен ўша қузғунларга қулоқ солма, улар бошингни гангитиб қўйишади.
–Қулоқ солмайман.Гребеник ҳам москваликми?
Степан хатога йўл қўйганини билиб, бурнини тортиб қўйди. Кейин нажот истаб, бунақа нозик пайтларда жонига ора кирадиган акасига қаради.
–Тўғри, у аслида москвалик эмас, – Ринатнинг гапини тасдиқлади суҳбатга қўшилган Юрий, – лекин биз учун москвалик Гомозоковдан фарқи йўқ. Чунки, ўшаларнинг йўриғида юради. Бизга эса сенинг асосан Киевдаги ишларни биринчи ўринда кўришинг муҳим.
–Кўрамиз, – Ринат икки бақалоққа ҳеч нарса ваъда қилмоқчи эмасди.
–Масалан, асосий қисми Володянинг қўлида бўлган компаниянинг акциялари бор, – Степан ичидагини бир амаллаб тилига чиқарди. – Ҳоҳласанг, биз ўша пакетни сотиб оламиз. Бир умр шоҳона яшайсан. Биз эса сен учун ҳам ишлаймиз.
–Менинг ўрнимгами? – кулимсиради Ринат.– Йўқ, раҳмат. Ҳозирча ҳеч нарсани сотмайман. Яхшиси, бироз кутиб тураман. Демак, сизларнинг фикрингизча, Гребеник билан Гомозковга ишониб бўлмайдими?
–Мутлақо, – деди қатъий қилиб Юрий Глущенко,– жуда бетайин одамлар. Ҳозир сен ўзингни ким отганини билмайсан. Бундан кейин ҳам билаолмайсан. Ҳар бир қотилнинг ўз буюртмачиси бор. Жуда бели бақувватлардан. Сен билан бўлишадиган нарсамиз йўқ, биз ака-укалармиз, сени ҳам ўз жигаримиздек кўрамиз. Анави ҳамкорларинг бўлса, жуда ишончсиз нусхалар. Виктор Шелагинов ҳақида эшитгандирсан? У ҳам ўшалар билан ҳамкорлик қиларди. Ўлдириб юборишди.
Степан акасига ҳайратланиб қаради. Киевда Шелагиновни Владимир Глущенконинг ўзи ўлдиртирганини яхши билишарди, Юрий бўлса усталик билан айбни амакиларининг шериклари устига ағдариб қўяқолди. Ушбу найранг азбаройи ёқиб кетганидан, мамнун бўлиб пишқирди. Ринат Степаннинг акаси томнга ажабланиб қараганини илғаб қолди-да, гап нимадалигини тушунди.
–Эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламан,– ваъда қилди Ринат кулгусини зўрға тийиб.
Ака-укалар чиқиб кетмоқчи бўлаётгана, Ринат тўсатдан сўраб қолди:
–Владимир Аркадьевич ўзининг Львовдаги транспорт компаниясини сотиб юборганидан хабарларинг борми?
–Албатта, хабаримиз бор,– ажабланган Степан, акасига тикилди,– ўша компанияни бизга сотган.
–Шундай бўлган, – акаси норозиланиб бош ирғади,– уни биз сотиб олганмиз. Буни нега сўраяпсан?
–Французлар кимга сотганини ва пули қаёққа кетганини топишаолмаяпти.
Ака-укалар кулиб юборишди. Аммо, кулгилари зўраки бўлиб, нимадир тиқилиб қолган томоқдан отилаётган товушга айланиб, бўлак-бўлак бўлиб чиқарди.
–Билолмайди ҳам, –деди Степан.
–Нимага? -қизиқди Ринат.
–Володя бунақа найрангларнинг пири эди У пулларини турли банкларга шунақа усталик билан жойлаштирардики, ҳеч қайси терговчи умрбод топаолмасди. Кўҳна мактабларнинг таълимини олган ноёб мутахассислардан эди-да.
–Сизлар пулни қаерга ўтказгансизлар? –сўради Ринат. Ака-укалар буни айтиш керакми, йўқми, дегандек бир-бирига қараб олди.
–Эсимда йўқ, – деди ака укасининг кўзига тикилиб.
–Эсимда йўқ, –акс-садодай такрорлади укаси.
–Ҳечқиси йўқ, -деди Ринат, – тўлов қоғозларингиз орқали осонгина топиб оламиз.Менимча, компанияни сотиб олганлар аниқ бўлгандан сўнг, пулнинг қаёққа кетганини билиб олиш унча қийин бўлмайди.
Юрий норози бўлиб пирқиллади. Степан гуноҳкорана хўрсинди.
–Яна битта саволим бор, –эслаб қолди Ринат. – Фоменко ёки Давидович деган фамилиларга ҳеч дуч келганмисизлар?
–Қанақа Фоменко? –сўради акаси.
–Билмадим. Ҳозирги пайтда ҳалок бўлган амакингизнинг Лондондаги уйни сотиб олмоқчи экан.
–Қайси бири? Мен баъзиларини танийман.
–Давидович-да? Исроилда яшайди.
–Бу Эдик Давидович бўлиши керак, – хотирлади ука.
Акаси унга ўқрайиб қаради.
–У ҳақда эшитганимиз бор, –деди у эҳтиёткорлик билан, – Давидович йирик бизнемен.Илгари Володя билан бирга ишлаган, кейин Исроилга кетган. Ҳозир қаерда, нима билан шуғуллонишидан хабаримиз йўқ.
Ака-укалар хайрлашиб, йўлакка чиқишди. Улар ўтирган машина меҳмонхонадан узоқлашгач, Юрий алам билан укасига танбеҳ берди:
–Бунақа сайрашнинг кераги йўқ эди. Савол берса ҳам, жавоб қилма. Ўйлаб кўришим керак, дегин.
–Мен нима дедим.
–Ҳеч нарса. Бу йигит ўлгудек шум чиқиб қолди. Ҳақиқий терговчининг ўзгинаси.Айтгандай, бу ҳам журналист-ку, уларни ҳам савол беришга ўқитишади. Эҳтиёт бўлишимиз керак. Кейин олди-сотдига оид барча ҳужжатларни яшириш лозим. Бугунданоқ шунга киришамиз. Львовдаги идорада ёнғин чиқарамиз.
–Нима кераги бор? – ажабланди Степан. –Володя йўқ бўлса, пулини ўша вақтдаёқ тўлаб қўйганмиз.Ҳаммаси қонуний қилинган.
–Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очма Биз беш миллионга сотиб олиб, аслида қирқ миллион долларр тўлаганмиз. Французлар келиб кавлашса, албатта, ҳаммасининг тагига етади. Шундан кейин ўзимизникилар ҳам нега солиқ тўламадинг, пулни қаёққа ўтказдинг, деб қўамиздан олади. Бизнинг ҳисобимизга кўра ўша корхона ўн миллион долларга нархланган, ҳозир эса эллик миллион туради. Кўрдингми, бизни эллик миллион ҳисобидан солиқ тўлашга мажбур қилади. Тушуниш керак-да…
–Каллангга гап йўқ, -деди ука эҳтиром билан.
Ринат бир ўзи қолгач, қўшни хонада ўтириб ҳамма гапни эшитган Иосиф Борисовични чақирди.
–Хўш, нима дейсиз? –сўради у адвокатдан.
–Улар сизни ўлдиришмайди, –деди Плавник,– бундай қилишнинг кераги йўқлигини билиб туришибди. Аммо, ҳар доим оёғингизга тўғоноқ бўлишади. Анави акциялар хусусида ҳам бошингизни қотиришади. Львовдаги транспорт компанияси тўғрисидаги гапни бекор қўзғадингиз.Улар энди ҳамма ҳужжатларни йўқотишади, калаванинг учини йўқотиб қўямиз. Алал-оқибатда бугуннинг ўзида сиз қирқ миллиондан айриласиз, биз бу пулни ҳеч қачон топаолмаймиз.
–Инсон боласига ишонч ҳамма нарсадан қиммат туради, – деди Ринат жумбоқона оҳангда.
–Бу гапга ишончнинг нима алоқаси бор?
–Мен бу бақалоқларга қанчалик ишониш мумкинлигини билиб олишим керак эди.
–Билдингизми?
–Билдим. Буларга мутлақо ишониб бўлмайди. Энг қизиғи Давидович ҳақидаги гап бўлди. У нега ошносининг уйини унинг ўлимидан кейин нега сотиб олмоқчи экан-а? Одатда дўстлар бунақа қилишмайди.
–Эҳ, йигитча, – хўрсинди Иосиф Борисович, – сиз ҳалигача бизнесменлар ўртасидаги оддий ва асосий таомилларга ўрганаолмаяпсиз.Бу соҳада дўст ҳам, ошно ҳам бўлмайди. Фақатгина, шахсий манфаат ҳисси билан яшалади. Бу ҳақда Маркс нима деганини биласизми? Беш юз фоиз соф фойда учун жиноятга қўл урмайдиган сармоядорнинг ўзи йўқ, деган. Мен кўпинча уни ҳақ, деб ўйлайман. Ё мени ўша яҳудийни яҳудий сифатида маъқуллайди, деган фикрдамисиз?
–Йўқ,– кулиб юборди Ринат, –Карл Маркс борасида сизга сўзсиз ишонаман. Лекин, Давидович нега собиқ дўстининг уйини сотиб олишга бунчалик ишқибоз бўлаётганини суриштириб кўришимиз керак.
Шу пайт Ринатнинг уяли телефони жиринглаб қолди. Надежда Анатольевна йўқлаётган экан:
–Давидович тоғангизнинг ҳамкорларидан экан, –деди у.
–Шериги ўлгандан сўнг унинг уйини сотиб олмоқчими? Нега?
–Билмадим. Аммо, вакилини юборипти, уни қандай бўлса, шундайлигича сотиб олмоқчи эмиш.
–Тушундим. Раҳмат сизга, Надежда Анатольевна. Менга катта ёрдам қилдингиз.
Телефонини ўчиришга улгурмади, у қайтадан жиринглади. Буниси Дима эди.
–Парижда қачон бўласан? – қувонч ҳайқирди Сизов.
–Бугун тунда. –деди Ринат. – Яна нима бўлди?
– Мени Парижга юборишаяпти. Сендан интервью олишим керак экан. Антибдаги вилланинг ҳам сурати керакмиш. У ерга киритасанми мени?
–Гап-сўзсиз, – ваъда қилди Ринат, ҳали Францияга қиладиган сафари нима билан тугашини хаёлига ҳам келтирмасдан. Сайри саёҳатининг бу тарзда якунланиши ҳатто энг даҳшатли тушларга ҳам кириши мумкин эмасди.
22 боб
Парижга тунда учиб келишди. Табиатнинг ғалати ўйинини қарангки, Франция пойтахтида ҳам ёмғир уриб турарди. Гарчи, октябр ойидаги ёғингарчилик Париж, Москва, Киев учун табиий ҳол бўлса-да, барибир кайфиятни хуфтон қилди. Машиналар етиб келгач, шаҳарнинг Сен-Оноре де Фобур кўчасида жойлашган ва ўзлари учун бир нечта хона ажратилган “Бристоль” меҳмонхонасига йўл олишди. Энг катта хона Ринат учун ҳозирланганди, Анзор билан Павел ён хонага жойлашишди. Талгат, Тамара ва Иосиф Борисович эгаллаган учта хона сал нарироқда экан. Сафар чоғида Ринат Тамаранинг ишчанлигига яна бир тан берди. Аёл юкларни топишириш ва қайтариб олиш, чипталарни расмийлаштириш, паспортларни топшириш, меҳмонхоналарга берилган буюртмаларнинг ижросини текшириш сингари ишларнинг барчасини ўз вақтида қилишга улгурарди. Бу борада тенги йўқ ёрдамчи экан.
Ринат ҳаётида биринчи марта қадам қўйган Парижнинг тунги қиёфасига қараб, шаҳарнинг нимаси дунёнинг чор тарфидан келадиган сайёҳлар ва меҳмонларнинг ҳайратини жўш урдиришига тушунмасди. Улар қоронғи шаҳарнинг аллақандай торкўчаларини оралаб йўл босишди. Ва йўл ҳаракати бир томонлама бўлган кўчада жойлашган меҳмонхона қаршисида тўхташди. Қўшни уйлар бир неча метр нарида жойлашганди. У ҳайрон бўлиб турди-да, меҳмонхонага қадам қўйди. Бристол” Франция пойтахтидаги энг сара меҳмонхоналардан бири саналарди. Ринат ушбу кошона Парижнинг энг шинам ва марказий кўчаларидан бирга жойлашганини хаёлига ҳам келтирмасди. Франция президентинг қароргоҳи ҳам шу мавзеда эканини тонг отгандан кейингина билди.
Ҳаммасидан кўра меҳмонхонанинг хос бўлмаси ёқди. Умрида биринчи марта бунақа улкан хонада яшашга тўғри келаётганди. Дастурхон аллақачон мева-чевалар билан тузалиб, шампан шароби ҳам қўйилганди. Бунинг ҳаммасини Тамара бирма-бир кўрсатди-да, Ринатнинг ёлғиз қолишни истаётгани сезиб, икки дақиқадан сўнг хонани тарк этди. Ринат душ қабул қилишга борар экан, бу масканда барча бўлмаларга телефон ўткзилганини, тосдан чиқмай туриб ҳам ер шарининг телефони бор ҳар қандай бурчаги билан гаплашиш мумкинлигидан ҳайратга тушди.
У чўмилиб, ниҳоятда улкан ва момиқ сочиқ билан артинди. Сўнг ётишга ҳозирлаб қўйилган икки кишилик ўринга чўзилди. Кат ёнида бир мўъжазгина шоколад, эртага ҳаво ҳарорати қанча бўлиши ёзилган қоғозча ҳамда нонушта таомномаси ётарди. Бепул нонуштани тўғридан тўғри тўшагига келтириб беришлари учун ушбу варақчани тонгги соат тўртгача эшикнинг ташқи тутқисига осиб қўйиш лозим экан.
У қоҳозни диққат билан ўқиб чиқиб, ўзи истаган егулик-ичгуликларни белгилади-да, эшика тутқичига илди.Аммо, вақтини кўрсатишни унутган экан, соат олтида қўнғироқ қилишиб, нонуштасини қачон келтириш лозимлигини сўрашди. Инглиз тилини оз-моз биладиган Ринат соат саккизда олиб келишларини тайинлаб, яна уйқуга кетди.
Айтилган вақтда эшик тақиллади. Ринат ўзини безовта қилаётган кишининг кимлигига ақли етмай, халатини елкасига ташлади-да, эшикни очди. Остонада стол-аравачали чиройли қиз табассум қилиб турарди. У столни ғилдиратиб, ичкарига киритди-да, ёқимли иштаҳа тилаб, чиқиб кетди. Ринат ёлҳиз қолгач, нималар келтиришганини синчиклаб кўздан кечиришга тушди. Ўзи буюрганидан ҳам кўп нарсалар келтиришипти. Шиша идишларда мурабболар, иштаҳани қўзғайдиган круассанлар, қоғозга ўралган сариёғ, каттагина идишда қаҳва, совуқ ва қайноқ сут, тухумли қуймоқ бор экан.У ҳеч қачон бунақа хонад яшамагани ва бунақа нонуштани кўрмаганини хаёлидан ўтказди.
“Ушбу нонуштанинг қанча туришини билиб қўйиш керак экан”, деган фикр Ринатга ўз-ўзидан келди. Унинг жуда ҳам зудлик билан кийиниб, меҳмонхонадан чиққиси, ёлғиз ўзи шаҳарни томоша қилгиси келиб кетди.
Шундай қилди ҳам. Кийиниб, уяли телефонини ўчириб қўйди-да, пастга тушди. Ёмғир тинган, кўча қуёш нурларидан яшнаб турарди. У меҳмонхонадан чиқиб, атрофга аланглади. Ўзлари қўнган меҳмонхонанинг қаватларидаги айвончаларга ғаройиб гул тувакларда қўйилганига қарамасдан, оддийгина кўча экан. У ўнгга қараб кетди. Бир нечта чиройли бинолар ёнидан ўтди. У кафе ва ресторанлардаги стол-стулларнинг кўчага қаратиб қўйилганига эътибор қилди. Ўзига ҳамманинг жилмайиб боқаётганини кўргач, у ҳам ҳар бир дуч келган йўловчига табассум улаша бошлади.
Чоғроқ майдондан чиққач, кўзи Эйфел минорасининг уч қисмига тушди. Қизиққиши ортган Ринат ярим айлана майдон бўйлаб бораркан, ногаҳонда бениҳоя чиройли кўчадан чиқиб қолди. Тепа томонга ўрлаб борадиган ушбу кўча бошида Зафар аркаси бўй чўзиб турарди. Ушбу манзара Ринатни лол-у ҳайрон қилди. У машҳур Елисей майдонида турганини тушунди. Шу ердан чап томонга қараласа, ўн саккизинчи асрда аввал қирол ва қиролича, кейин Дантон ва Робеспьер қатл қилинган Конкордия майдони кўринарди… Агар ўнгга қаралса, нафақат Зафар аркасини, балки анча узоқроқда жойлашган бошқа бир аркани ҳам кўриши мумкин эди. Буниси энди Дефанас аркаси эди.
Ринат ушбу манзаралардан завқланиб, анча қолиб кетди. Сўнг такси тўхтатди-да, “Бристол” меҳмонхонасига элтиб қўйишни сўради. Меҳмонхонага етиб келгач, чўнтагида фақат доллар борлиги, машина ҳақини тўлаш учун евро топиш кераклиги эсига тушди. Ҳайдовчидан илтимос қилди-да, меҳмонхонага кириб, долларни алиштириб чиқди, такси ҳақини тўлаб, эгасига яхшигина чойчақа ҳам берди. Сўнг меҳмонхонага қайтди. Уни хавотирга тушган Тамара кутиб турарди.
–Қаерда юрибсиз? –асабий оҳангда сўради у, –Йигитлар сизни қидириб, бутун меҳмонхонани остин-устун килишди. Ҳамма ақлдан озай деяпти-ю, сиз бўлса сайр қилиб юрибсиз.
–Илгари Парижда бўлганмисиз? -кутилмаганда сўради Ринат.
–Бўлганман. Уч бор. Ёқдими?
–Гўзал шаҳар экан, – ғўлдиради Ринат.
–Кетдек ресторанга, нонушта қиламиз, француз адвокатлар ҳам ҳадемай келиб қолишади, – таклиф қилди аёл.
–Мен нонушта қилиб олганман, –деди Ринат унга жавобан.
–Сизда журналистнинг манманлиги ва ёш йигитнинг соддалигидек икки хусусиятнинг ғалати тарзда қўшилиб кетгани мени ҳар доим ҳайрон қолдиради. Қачон ва қайси томонга ўгрилишингизни билиб бўлмайди. Шундай бўлса ҳам кетдик, қаҳва ичиб ўтирасиз.
Сўнг бугун нималар содири бўлиши мумкинлигини сезмасдан, қаҳва ичиб, гурунг қилишди. Бирор соатдан сўнг адвокатлар етиб келишди. Дрюмо ва Леклерк бир неча жилд ҳужжатларни келтиришгач, уларни Иосиф Борисович ҳамда Тамара билан биргликда кўриб чиқиш учун хонага кўтарилишга тўғри келди. Тамара икки соатлар ишлашгандан сўнг малакали таржимонсиз бу ишларни уддалаш мушкуллигини тушуниб етди. Франциялик адвокатларнинг худди бу ёш меросхўр келгусида ўзини қандай тутар экан деган саволларига жавоб қидириб, ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракатини синчиклаб кузатишаётгани Ринатнинг назаридан четда қолмади.
Эртага иккита таржимонни таклиф қилишга келишилди. Шундан сўнг Ринат адвокатлардан бироз қолишларини сўради.
–Менда жавоб топишимиз лозим бўлган бир неча саволлар туғилди, – деди у стол атрофида учала адвокат билан ёнма-ён ўтирган Тамарага қараб,– Лондондаги уй шунчаки сотувга қўйилмаганини мен тасодифан билиб қолдим. Тоғам ўлими олдидан бу ҳақда ёзма фармойиш берган экан. Уйни собиқ шерикларидан бири -Эдурад Давидович сотиб олмоқчи бўлаяпти. Менга тоғам ўлимига олдиндан тайёргарлик кўргандек туюлаяпти.
–Шаккоклик қилманг, –қўлларини силкитди Плавник.-Нималар деяпсиз ўзи?
–Ўлимидан икки ой олдин шахсий самолётини сотган экан, – Ринат санашга тушди,– Львовдаги транспорт компанияси ҳам сотилган. Лекин, пули қаёққа кетганини ҳалигача билмаймиз. Ҳеч қачон топмасак керак, деб қўрқаман. Ака-ука Глущенколар бўлса ушбу олди-сотди қандай амалга оширилганини ҳам айтмайди, тўлов ҳужжатларини ўла қолса ҳам кўрсатмайди. Кейин ичидаги барча анжомлар олиб чиқиб кетилган Рублевкадаги дала-ҳовли ҳам сотишга ҳозирлаб қўйилган экан.Ниҳоят, Запорожецдаги металлургия комбинатининг акцияси ҳам вертолёт портлашидан бир ой олдин пулланган. Тоғам ўзини қаёққадир ошиқиб тургандек тутган. Ҳаммаси ўйлаб қилинганга ўхшайди. Назаримда, у вақти кам қолаётганини тушунган. Бундан ўзини ўлдиришлари мумкинлигини сезиб, шунга яраша тайёргарлик кўрган, деган хулоса келиб чиқади. У ҳолда нега васиятнома қолдирмаган? Нега ҳанузгача унга тегишли ҳисоб варақаларининг катта қисмини топаолмаяпмиз?
Леклрек Дрюмога француз тилида секингина нимадир деди. Шериги қайталаб сўради. Плавник қовоғини.
–Сизга қулоқ солинса, у ўзини ўзи портлатган бўлиб чиқади, – деди Плавник таънали оҳангда.– Бунақаси бўлмайди. Афтидан, унга таҳдид қилишган, шундан сўнг асосий мулкларини сотмоқчи бўлганга ўхшайди.
Дрюмо билан Леклрек нималарнидир пичирлашда давом этди.
–Менимча, ишимизни бугунча тугатсак ҳам бўлади, –таклиф қилди Плавник, – эртага таржимонлар иштирокида давом эттирамиз.
Франциялик адвокатлар хайрлашиб, хонадан чиқиб кетгач, Иосиф Борисович Ринатга заҳрини сочди:
–Бу гапларни французлар олдида гапиришнинг нима кераги бор эди? Бусиз ҳам уларнинг кўнглида тоғангиз мафия билан алоқадор эмасмикин, деган гумон бор. Агар пулларни ўғрилар жиноий йўллар билан топганини исботлашса борми, бир цент ҳам, бир тийин ҳам ололмайсиз.Бунақа гўллик қилиш ярамайди.
–Балки, менинг умуман ҳеч нарса олмоқчи эмасдирман,– деди Ринат алам билан.
Плавник қўлларини икки ёнга кериб, Тамарага қаради. Аёл жилмайди. Ёш вориснинг феълидаги зиддиятлар унга манзур тушаётганди.
Ҳамроҳлари хонадан чиқиб кетгандан сўнг, Ринат диванга узала тушиб, ўзининг аҳволини узоқ мушоҳада қилди. Кейин очиққанини сезиб, Тамарани йўқламоқчи эди, қулоғига телефон овози чалинди.
–Жаноб Шарипов, – сўради нотаниш киши соф рус тилида,– ўзингизмисиз?
–Ҳа, ким билан гаплашаяпман.
–Пастга тушаоласизми? Фақат, бир ўзингиз, қўриқчиларсиз тушинг. Қўрқманг, ушбу меҳмонхонада сизга ҳеч нарса таҳдид солмайди. Бу ернинг ўз қўриқчилари бор.
–Ким гапираяпти?
–Зудлик билан учрашишимиз керак.
–Сиз ўзингизни таништирмагунингизча, мен хонамдан чиқмайман.
–Бизнинг гапимиз тоғангизнинг ўлими билан боғлиқ бўлади.
–Яхши. Ҳозир тушаман.
У гўшакни қўйиб, бир зум ўйланиб қолди, Талгат билан Анзорни чақирсамикин? Йўқ.Қўнғироқ қилган кимса, ҳеч кимга айтмасликни сўради-ку. Ринат меҳмонхона толорига ёлғиз тушсам бўлаверади, деган қарорга келди. У хонадан чиқиб, лиф орқали пастга тушди. Толорда бир неча киши-картайиб қолган ҳабаш, баланд овозда хушчақчақлик қилаётган иккита италиялик ёш аёл, салла кийиган ҳиндистонлик, афтидан сикхлардан бўлса керак, яна бир жуфт овруполиклар. Ринат бир, икки, уч дақиқа кутди. Беш дақиқа ҳам ўтдики. ёнига ҳеч ким яқинлашмади.У ҳафасаласи пир бўлиб, лифт томонга юраётганди, ортидан келаётган нотаниш овозни эшитди.
–Орқага ўгрилманг. Лифтга киринг.
Ринат шундоқ ортида турган одамнинг ойнадаги аксига тикилди. Бу кишини ҳеч қачон кўрмаганди.Ўрта бўйли, сочи калта қирқилган, қора кўзойнак таққан. Лифт эшигининг очилишини кутиб туришганда, Ринат сездирмасдан телефонини олди. Талгатнинг рақамини териб, жавоб беришини кутди.
–Қаёққа бораяпмиз, -сўради Ринат лифтга кирар экан, нотаниш кимсанинг чўнтагидаги тўппонча тумшуғининг танасига қадалганини сезиб.
–Тўртинчи қаватга,– тушунтирди нотаниш кимса лифтдаги ускунанинг рақамини босаракан. Ринат телефони алоқага киришганини кўрди – Талгат телефонини олган, унинг гапини эшитаётганди.
–Балки, мени нега ўғирлаганингизни айтарсиз, -Ринат Талгат эшитсин учун баланд овозда сўради.
–Бақирманг,– деди нотаниш кимса, – акс ҳолда отиб ташлайман. Йўлак бўйлаб борамиз. Тўрт юз бешинчи хона рўпарасида тўхтайсиз.
–Тўрт юз бешинчидами? – баланд овозда қайта сўради Ринат.
Нотаниш кимса хўмрайди. Бу қичқириқ унга ёқмаётганди. Ринат телефонини ўчирмасдан, чўнтагига тиқди.
–Ёнингизда овоз кучайтиргич борми? -сўради ниҳоят нотаниш кимса.
–Ҳеч нарсам йўқ, – ғижинди Ринат.
Улар йўлакка чиқишгач, секинлик билан керакли хона томон юришди. Ринат атайлаб қадамини секинлатди.
–Тезроқ юринг, –буюрди нотаниш кимса, –бирорта ортиқча ҳаракатингизни сезсам, отаман.
–Асабийлашишнинг кераги йўқ, – маслаҳат берди Ринат.
Шу лаҳзада орқа томондан шовур келди.
–Жойингдан қимирлама,– деди Талгат овозини кўтариб,– бўлмаса, отиб ташлайман.
Ринат унда қурол йўқлигини биларди.Қўриқчиларининг давлат чегараси оша қурол олиб ўтиши мумкин эмасди. Тажоввуз қилган киши буни хаёлига келитирмаган бўлиши мумкин. У бошини салгина буриши билан Талгат елкасига зарб билан туширди. Нотаниш кимса қулаб тушди. Унинг устига Талгат билан ёрдамга етиб келган Павел ўзини ташлади. Анзор ҳам Ринатни четга суриб ўртоқларига кўмаклашишга ошиқди. Улар жуда тез етиб келишганди. Талгат телефонии жиринглагандаёқ, нима бўлганини тушунганди.
Ринат йигитларнинг нотаниш кимсанинг қўлини қайириб, қуролини тортиб олишганини ва юзини ўзларига қандай қаратганини кўриб турарди. Ўша сонияда Талгат бирдан тек қотди. Талгатга кўзи тушган нотаниш кимса ҳам серрайиб қолди.
–Карим, –деди Талгат паст овозда. –Ўзингмисан?
–Талгат,– пичирлади акаси ҳам.
Тортиб олинган қуролни қўлида тутиб турган Павел нима бўлаётганини тушунолмас, лол бўлиб қолганди. У Каримни билмас, унинг Талгатнинг акаси эканини хаёлига ҳам келтирмасди. Каримни яхши танийдиган Анзор, хўмрайди-да, ҳар эҳтимолга қарши Ринатнинг олдини тўсди.
–Сен тирикмисан?–сўради Талгат.
Ринат нима бўлаёганига тушунмай, унинг акасига қаради. Карим ҳеч нарса демасдан, секинлик билан ўрнидан тура бошлади. Шу лаҳза тўрт юз бешинчи хонанинг эшиги очилди.
–Карим, – ичкаридан кимнингдир овози эшитилди, – барисини хонамизга таклиф қилсанг бўлаверади.
Анзор бошини буришга ҳам журъат этолмай, қотиб қолди. Ҳамон ерда ўтирган Талгатнинг ҳайронликдан оғзи очилди. Унча-мунча нарсага қўрқмайдиган бу йигит ҳам довдираганди. Ринат ичкарига таклиф қилган киишга қаради. Бўлиши мумкин эмас. Ё ақлдан озди, ё алаҳсираяпти. Бунақаси бўлмайди. Аммо, у тик тургангача, ўзи томонга оғзини қийшайтирганчан кулиб қараётган Владимир Аркадьевич Глущекони кўриб турарди.
23 боб
Бешавлон унча катта бўлмаган хонага киришди. Глущенко Талгат, унинг акаси Карим, Анзор, Павел билан Ринат -ҳаммаларини ичкарига ўтказди..Ринат хонага кирди, Глущенко илжайди. Кейин унга қувноқ назар ташлаб, бош ирғаб саломлашган бўлди.
–Мана менинг меросхўрим қанақа экан?
Улар курси ва катларга тизилиб ўтиришди. Қаршиларида тирик ва соғ– саломат Глущенко турарди. Улар ҳамон нима бўлаётганига тушунаолмасди.
–Сизлар ҳалок бўлмаганмидингиз? –сўради Талгат.
–Ҳалок бўлгандик, – бош ирғади Глущекно.– Гап шундаки, америкаликларнинг олдимга шарт қўйганларига анча бўлганди. Улар ё катта сиёсатга аралашмайсан, ё Украина билан Россиядаги айрим амалдорларнинг кўргазмаларини матбуотда эълон қилиб, сени тутишга расман киришамиз, дейишганди. Украинадаги президент сайловида нималар бўлганини сизлар яхши биласизлар. Амалда Янукович ғалаба қозонди, лекин, америкаликлар тазйиқ йўлига ўтдилар. Улар Януковичнинг тарафдорлари ўз номзодларини қўллаб-қувватлашдан воз кечмаса, ҳаммасининг барча банклардаги ҳисоб рақамларини ёпиб ташлашларини эълон қилишди. Мақсадлари қандай қилиб бўлса-да, Ющенкони президент қилиш эди. Януковичга тарафдор бўлган кишиларни исканжага олиб, ўз мақсадларига етишишди. Мен ҳеч қачон Ющенконинг ёнинини олмаганман, у ҳокимиятга тепасига келгандан сўнг, ўзининг гуруҳини атрофига тўплашга киришди. Биз эса уларга халақт бериб қолдик. Айниқса менга ўхшаб Россия компаниялари билан ҳамкорлик қилаётганларга Ющенконинг тоқати йўқ эди. Ўшанда америкаликлар мени йўқотишга жазм этишди. Боя айтганимдек, икки шартни қўйишди: ё сиёсатга мутлақо аралашмайсан, ё тутиб олиб, америка судининг қўлига топширамиз дейишди. Мен сиёсатдан кетишим мумкин эмаслигини яхши билардим. Америкаликларга ишониб бўлмайди. Уларнинг кафолати пуч гапдан бошқа нарса эмас. Агар қўлларида мени айбловчи ҳужжатлар бор бўлса, эртами, кечми, мени талаб қилиб қилишади. Ё бошқа бир давлатга топширишади. Бўлмаса, бошқачароқ бир найрангни ўйлаб топишади. Ана Бородинни шундай қилишди-ку. Олдинига Америка визасини бериб, мамлакатларига киритишди, кейин ҳибсга олишди. Адамовни ҳам шундай қилишди, Швейцария боргунига қадар ҳеч нарса демасдан, кейин қамоққа тиқишди. Уларнинг усулларини яхши биламан. Америка– ҳуқуқ– тартибот идоралари билан жиноий гуруҳларнинг олди-сотди қилишига расман рухсат берилган ягона мамлакат. Қўлларига тушган ҳар қандай амалдорни кўргазма беришга мажбур қилишади-да, ўша заҳоти мени ҳибсга олиш ҳақида ордерга имзо чекишади. Америкликлар билан эса ҳеч кимнинг ҳозир орани бузгиси келмайди.Ҳар қандай мамлакат мени уларга қўш-қўллаб тутқазади. Хусусан, фуқароси бўлишимга қарамасдан Франция ҳам мени ҳимоя қилиб ўтирмасди, мамлакат фуқаролигини товламачилик йўли билан қўлга киритган рус ва украин мафиясининг навбатдаги етакчиси сифатида қилиб кўрсатишарди. Шунинг учун мен “ўлишга” қарор қилдим.
–Лекин,оила аъзоларингиз чиққан, вертолётнинг портлагани рост-ку,-эслатди Ринат.
–Вертолётда менинг оилам бўлган эмас,– деди Глущенко жаҳл билан у томонга ўгрилиб. Кўзларида совуқ ўт чақнади.– Менга хиёнат қилиб келган битта фоҳиша бор эди. Яъни, менинг хотиним аталмиш, собиқ мода юлдузи, собиқ гўзаллар маликаси. Карим ҳамма жойга ўзининг “қўнғиз”чаларини қўйиб чиқач, мен йўғимда у Антибда нима номаъқулчилик билан шуғуланишини аниқ билиб олдим. Қўриқчиларимдан биттасини илаштириб олиб, ўша билан айш қиларкан, қанжиқ…
Ринат Бочковнинг унинг жинсий ожизлиги ҳақидаги гапини эслади ва соҳибжамол хотинининг хиёнати ниҳоятда оғир зарба бўлганини кўнглидан ўтказди.
–Ҳар қандай эркак нима қилиши керак бўлса, ўшани қилдим. Бир зарб билан бир неча қуённи ўлдирдим. –деди Глущенко.– Қўриқчиларни аэропортга жўнатдим-да, вертолётга Каримнинг ўрнига хотинимнинг жазманини чиқардим. Бир кун олдин Каримни соқчилар бошлиғи вазифасидан бўшатиб, ўрнига ўшани тайинлагандим. У нодон эса хотиним билан энди янада эркинроқ айш қиламан деган хаёлда кун бўйи ишшайиб юрди. Вертолётда кимдан туққанини хотинимнинг ўзи ҳам билмайдиган ҳаромиси ҳам бор эди. Ўзининг ўрнимга ҳам бошқа одамни чиқардим. Анави шаллақига олдиндан ўрнимга қиёфадошим учишини, уни кўриб, шоқин-сурон солиб юрмасликни айтиб, огоҳлантириб қўйдим. Бомбани бўлса мен берган портфелда вертолётга жазманининг ўзи олиб чиқди. Ҳатто, иккаласи ёнма-ён ўтириб олган. Менинг қиёфадошим ҳам чиққач, учувчи ҳаволга кўтарилган. Биз ўйлагандек, бир ярим дақиқадан сўнг денгиз устида портлади. Қиёфадошимнинг қон гуруҳи ҳам меники билан бир хил эди. Ҳамма нарса майда– чуйдасигача ўйланганди. Пулларимнинг асосий қисмиини бошқа банкларга ўтказиб ёки яшириб қўйгандим. Париждаги ўттиз миллион доллар ҳам эсимда эди. У фақат талаб қилган кишигагина бериладиган бўлгани учун, ҳеч ким ҳеч қачон ололмайди, деб ўйлагандим. Марина Канада қазо қилгандан сўнг менинг бирорта яқин меросхўрим қолмаганди. Ахмоқ опам бўлса отамиз чайқовчи Аркадий Глущенко эмас, генерал Полищук экани ҳақида хат қолдирган экан. Мен ҳамма вақт ўзимни таъминотчи ва чайқовчининг эмас, генерал ва қаҳрамоннинг ўғлидек ҳис этардим,аммо ишончим комил эмасди. Опам бўлса ҳаммасини тўлиқ ёзипти. Гарчи, менга ёқимли туюлса-да, бу гапларга аҳамият бермагандим. Бунинг устига қариянинг ўн етти йил бурун ўлиб кетгани маълум бўлиб қолганди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.