Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 15 страниц)
–Бюджетнинг биринчи нусхаси бўйича хафсизлик хизматига қанча тўланган? –сўради Ринат.
– Маош ҳамда керакли ускуналар учун бир миллион саккиз юз минг доллар, –жавоб берди Иосиф Борисович.
У ҳам ўзбошимча директорни сотадиган пайти келганини англаб етганди. Аслида бошқа имкони ҳам йўқ эди. Плавник пулни яхши кўрар, аммо, ҳозир қонунга қарши бориб бўлмаслигини англаб турарди. Бунинг устига меросхўрнинг пули Гогоберишвили бутун “покиза ҳаёти” давомида йиғиши мумкин бўлганидан анча кўп эди. Энди тўғри йўлни танлаб олиши керак, адвокат шундай қилди ҳам.
–Аслидачи? Иккинчи нусха бўйича-чи?– суриштирди Ринат.
–Бир миллион уч юз эллик минг, – Плавникнинг дами ичига тушиб кетди. У ҳамон стол бошида қаққайиб турган хона эгасига қарамасликка ҳаракат қиларди.
–Демак, директоримиз ўз қўриқчиларининг ярим миллион доллар пулини чўнтагига урипти-да. Чакки эмас, –деди Ринат хавфсизлик хизмати бошлиғига қараб,– Бу ҳақда эшитганмидингиз?
Талгат индамади.
–Маошингиз қанча?-сўради Ринат.
Талгат унинг томонга ўгрилди. Аммо, яна оғиз очмади. Ринат хўмрайди. Гогоберишвилига эса Қосимов сукут сақлаш орқали ўзининг тарафини олаётгандек туюлди.
–Улар алдашаяпти, –чинқирди у,– қулоқ солманглар! Менга туҳмат қилишаяпти.
–Йигитлар сизларнинг ойликларингиз қанча? – Ринат ўз қўриқчиларини саволга тутди.
Улар бир-бирларига қараб олишди.
–Ойига беш мингдан, –деди Николай ва ҳар эҳтимолга қарши қўшиб қўйди, – кўкидан.
–Энди ўн мингдан оласизлар, – ваъда берди Ринат. У шу дақиқада фақатгина Гогоберишвилининг тақдири эмас, меросхўр ва мулкдор сифатида ўзининг келажаги ҳам ҳал бўлаётганини ҳис этаётганди.
Николай билан Анзор яна бир-бирларига қараб олишди. Маошларининг янги миқдори уларга ёқиб тушганди.
–Талгат, -тўсатдан гапга аралашди Надежда Анатольевна, –сиз ҳаммасини биласиз-ку? Нега индамайсиз? Ринат Шарипов компаниянинг янги хўжайини. Ким билан ишлашни барибир у ҳал қилди. Ё сиз манави ўғрини ҳимоя қилмоқчимиз?
Афтидан, собиқ директорига эътирозлари кўнглида анчагина йиғилиб қолганди. Гогоберишвили титраб кетди. Бу аёл илгари ўзи ҳақида ҳеч ҳам бундай гапларни айтмаганди.
–Тилингизни тийинг,– демоқчи бўлди-ю, лекин, сўзи бўғзига тиқилиб қолди.
Талгат ўгрилиб, собиқ бош директори ёнига борди. Қўлидан тутди. У бўлса, ўйинни бой берганига ишониб, қўлини зарда билан тортиб олди.
–Портфелни ташлаб кетинг, –таклиф қилди Ринат, –папкангизни ҳам. Ҳатто, айрибошлашни ҳам таклиф қилмоқчиман. Портфел ва папкани прокуратурга берадиган аризамга алиштираман. Акс ҳолда улар ҳисоботингизнинг икки нусхасини олади-да, қайсиси ҳақиқий эканини бир пасда аниқлаб беради. Лекин, мен бу нарсаларни эсимдан чиқариши ҳам мумкин. Буюмларингизни қолдириб, қорангизни ўчирсангиз бас. Беш сония вақт бераман. Қайсисини танлайсиз?
Гогоберишвили ютоқиб нафас олди.
–Портфелда пул йўқ, – деди у, – шахсий ҳужжатларим бор. Оилавий суратлар, ён дафтарчаларим.
–Жуда яхши, – деди Ринат, –барча қоғозларни кўриб чиқиб, шахсийларини ўзингизга қайтаришга ваъда бераман. Ишингизни прокуратурага топширмасликни ҳам. Менимча, ҳеч кимнинг ҳаққи кетмайди.
Гогоберишвили бошини чайқади. Портфелини қолдирса, обрўси уч пул бўлди. Аммо, қайсарлик ҳам наф йўқ. Ишдан ҳайдалиши оқибати нечоғлик аянчли бўлишига ақли етиб турар ва ўзини оқлаб олиш қийин эканлигини ҳам тушунарди У бунақа меросхўрнинг пайдо бўлиб қолиши, қилмишлари учун эртами, кечми, жавоб бериши мумкинлигини хаёлига келтирмаган, Владимир Глущенконинг ўлимидан сўнг ўзига бирор хавф-хатар йўқлигини билиб, барча пулларни ҳоҳлаганича тасарруф этишга тушганди. Назарида бундай ҳаёт жуда узоқ давом этадигандек туюлганди, Аммо, меросхўр чиқиб қолди.
Гогоберишвили хонасига, аниқроғи собиқ хонасига йиғилган кишиларга бир қур кўз ташлади, агар шахсий ҳужжатларини ташлаб кетса, ғирт шарманда бўлади. Аммо, шармандалик унутилади, пул ёнга қолади. Бу йигитча берган сўзида туриб, ҳужжатларни прокуратурага топширмайдиганга ўхшайди. Ҳар бир одамнинг ўзига яраша фазилати бўлади. Надежда Анатольевна агар ёлғон гапирса, кейин тинч яшайолмаслигини билиб, ростини айтди. Вахтанг Георгиевич ўзига виждон азоби дахл қилмаслигига амин эди. Муҳими ўғирланган пуллар ёнига қолса, бунинг учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаса бас. У бир қарорга келди.
–Қандай бемаънилик, – Вахтанг Георгевич алам билан шундай деди-да, портфелини ерга ташлади, папкаларни столга қўйди,– Сен қайсар бола бошимга қаёқдан келиб қолдинг-а? – У озурдалик билан ғудурлади,– мен бўлсам сенга ёрдам бермоқчи бўлиб юрибман, сен эса ҳаммасини расво-ю радди бало қилдинг.
–Хайр,– деди Ринат шафқатсизлик билан унинг дийдиёсига чек қўйиб, –йигитлар сизни кузатиб қўйишади. Рухсатномасини олиб қўйинглар.
–Кўзингга қара, бўйнингни синдириб олма тағин, -таҳдид билан шивирлади Гогоберишвили.– Одамларга бунақа муносабатда бўлиш яхшиликка олиб келмайди. Уй йўлагида ўққа учишинг ёки тоғангга ўхшаб вертолётда портлаб кетишинг ҳеч гапмас.
–Келгусида бу сўзларингизни ҳисобга оламан, –ваъда қилди Ринат. Собиқ директор озроқ букчайган кўйи хонадан чиқди. Анзор ва Николай унинг ортидан эргашди.
–Мен ҳали керакманми?–сўради Талгат.
–Ҳа, – бош ирғади Ринат,– энди сизларнинг янги бош директорингиз Надежда Анатольевна Попова бўлади. Ўйлайманки, сиз бу кишидан ёрдамингизни аямайсиз.
–Албатта, – у биринчи марта кулимсираб хонадан чиқди.
–Сиз менинг розилигимни сўрамадингиз-ку, – норозиланди Попова,– бу ишингиз, менимча, унча тўғри бўлмади.
– Мумкин, – маъқуллади Ринат.– аммо, мен ҳозирча ўргамчик олигархман. шунинг учун хато қилиб қўйишим ҳеч гапмас. Балки, таклифимга розилик берарсиз? Гогоберишвилининг ойлигини сиз оласиз.
–Мени сотиб олса бўлади, деб ўйлайсизми?
–Йўқ, салоҳиятингизга яраша маош таклиф қилаяпман, холос. Ростгўйлигингиз учун ҳам. Мени қўллаб-қувватламаслигингиз ҳам мумкин эди-ку.
–Бундай қилаолмаслигимни билиб турибсиз-ку.
–Ундай бўлса, келишдик.
–Мен чиқсам майлими? Жамоани йиғиб, одамлар билан гаплашишим керак.
–Одамларни йиғинг, – деди Ринат, – янги бош директор билан ўзим таништираман.
Аёл ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Ринат билан бирга хонада Иосиф Борисович ҳамда Тамара қолди. Адвокат ўзи учун оғир бўладига суҳбатнинг бошланишини кутиб, мижозига хавотир билан кўз ташларди. У бу ёш йигитдан бунақа чўрткесарликни сираям кутмаганди.
–Энди эса, – деди Ринат таҳдид билан,– сизлар билан гаплашамиз.
11 боб
Плавник оғир хўрсинди. Ушбу кўнгилсиз суҳбатдан қочиб қутилаолмаслигини аллақачон сезганди. Ринат портфелга ва иккала папкага қаради. Столни айланиб ўтиб, директорнинг курсига ўтирди.
–Шундай қилиб, Иосиф Борисович, сиз аввалбошдан ишни мени алдашдан бошладингиз, – деди у курсида чайқалиб.
Адвокат Тамарага қарди. У аёлнинг олдида шу хилдаги гап-сўзларни гаплашини сираям истамаётганидан довдираб қолганди. Аёл бунақа вазиятда уни ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин бўлган ҳаддан ташқари кўп нарсадан хабардор эди. Тамаранинг чиқиб кетишини таклиф қилай деса, мижозининг кўнглидаги иштибоҳни янада кучайтиради.
–Адаганим йўқ, – минғирлади Плавник, – фақатгина, сизни турли кўнгилсизликлардан ҳимоя қилмоқчи эдим. “Астор”даги аҳволни аввал ўзим ўрганишни ўйлагандим. Вахтангнинг чапдастлигини ва турли-туман найранглари кўплигини сезгандим. Лекин, бу қадар ўзбошимчалик қилиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмапти.
–Бюджетнинг икки хиллигидан бехабармидингиз?
–Ҳеч ҳам билмасдим. У сўнгги ойларда хўжайинсиз қолиб, босар тусарини билмай қолди. Глущенко пайтида дамини чиқаришга қўрқарди.
–Сиз Владимир Аркадьевич билан ишлашганмисиз?
–Деярли ишлашмаганман. Мен бори-йўғи «Астор”нинг ҳуқуқий маслаҳатчиси эдим, холос. Унинг Европада ўз адвокати бор эди. Афсуски, у ҳам мижозининг ўлимидан сўнг кўп ўтмасдан автомобил ҳалокатидан вафот этди. Шунинг учун сизни узоқ вақт қидиришга тўғри келди. Умуман, бу ишлар ҳаддан ташқари чўзилиб кетди.
–Қизиқ, -хўмрайди Ринат, – анави Гогоберишвилининг гапи ҳеч хаёлимдан кетмаяпти. Унинг авзоига қараганда, аслида нима бўлганини биладиганга ўхшайди. Чунки, Глущенкони оиласи билан портлатиб юборишган. Бундан ортиқ ваҳшийлик ва қонхўрлик бўлмайди. Француз полицияси ҳали ҳам айбдорларни топгани йўқми?
–Ҳозирча йўқ. Фақат, вертолёт кабинасига бомба қўйилгани аниқланган. Йўловчи ва учувчиларнинг қолдиқларини текшириб кўришди. Аёл билан болани қўшганда жами тўртта йўловчи бўлган. Яна шахсий қўриқчиси ва франциялик учувчи ҳам бор. Бу фожеа ҳақида дунёдаги барча етакчи газеталари ёзишди. Ахир, олигархларни ҳар куни ўз вилласи тепасида портлатишамайди-ку. Гарчи, қолдиқлари денгиздан топилган бўлса-да…
Плавник Глущенконинг ўлими туфайли миллион доллар соф фойда кўрмагандек, аксинча яқин жигаридан жудо бўлгандек мотамзода қиёфага кирди. Зеро, унинг касби шунақа эди.
–Вилланинг ўз қўриқчилари бўлганми?
–Бўлганда қандоқ. Талгат барча иншоотлардаги хавфсизлик учун жавоб беради.
–Тушунарли. Мен ўзи билан гаплашиб кўраман. Аммо, ҳозир, қимматли Иосиф Борисович, сизни нима қилишни билаолмай турибман. Бундан буён сизга ишона олмайман. Бирмарта алдаган киши иккинчи марта ҳам…
–Бунақа деманг, мен сизни алдаганим йўқ. Фақат, ортиқча муаммолар билан бошингизни қотиргим келмади. “Астор”нинг бюджети ва фаолиятини ўзим текшириб кўрмоқчийдим, холос.
–Шунинг учун ҳам қўриқчиларимни “Астор” орқали ёллай туриб, бу ҳақда менга айтишни унутдингизми?
–Уларнинг қаердан эканининг сизга нима фарқи бор? Муҳими, ишончли ва синашта кишилар бўлса бўлди-да. Талгат ҳар доим суянса бўладиган йигит. Қўриқчиларнинг ҳам энг яхшиларини танлайди. Мен сизга Глущенконниг кўчма мулкини бошқарадиган, шу жумладан, хавфсизлиги билан шуғулланадиган компания борлигини айувдим.
–Лекин, бирор марта ҳам “Астор”нинг номини тилга олмагнсиз.
–Мен сизга тушунтирдим-ку.
–Нима бўлганда ҳам мени алдадингиз, – Ринат сўзини нохуш оҳангда якунлади, – Ўйлашимча, сиз билан хайрлашганимиз маъқулроқ, азиз Иосиф Борисович. Шунда иккаламизга ҳам яхши бўлади.
–Ақлдан оздингизми? –асабийлашди Плавник башараси қип-қизил доғлар билан қопланиб, – Ишларингизни ким юритади? Анави қурбақахўрларми? Улар бизнинг ҳам, Украинанинг ҳам қонунларини умуман тушунишмайди. Ҳали олдингизда ҳал қилинадиган қанча муаммолар бор. Менсиз бир иш қилаолмайсиз. Кейин мени Гогоберишвилидек муттаҳам билан адаштирманг. Пулларингиз унинг қўлида эди, мен эса бор-йўғи манфаатларингизнинг ҳимоячисман.
Ринат хомуш тортди. Адвокат ҳақ эди.
– Мен манфаатимни қанақа ҳимоя қилишингизга аллақачон тушуниб етдим, -деди Ринат. – Келинг, яхшиси, масалани бошқачасига ҳал қиламиз, Бизнинг Тамарамиз бор-а?
Бу сўзларни эшитиб аёл жилмайди. Ринатнинг ўзини бекорга олиб қолмаганини фаҳмлаб турарди.
–Тамаранинг нима бу ишга нима дахли бор? – ғижиниш билан сўради Плавник. –У менинг топшириқларимни бажаради, компанияга эса мутлақо алоқаси йўқ.
–Буни биламан, – илжайди Ринат.– Менинг бошқа таклифим бор. Тамарага қанча мояна бераяпсиз?
Тамара чўчиб тушди. Ниҳоят, у ўзи кутган сўзни эшитаётганди.
–У биздаги энг юқори маошли мутахассислардан бири ҳисобланади,– тиржайди Плавник, – гоҳида ойига ўн минг долларгача олади, ўртача саккиз мингдан тушди. Мен ўйлайманки, агар ишларимизни унинг зиммасига юкламоқчи бўлсангиз, у ҳолда ойлигини янад оширишимиз мумкин…
–Йўқ, – жилмайди Ринат, – Менда бошқа жуда қулай таклиф бор. «Астор»да тежаладиган пул ҳисобидан ойига йигирма минг доллар тўлайман. Яъни, ҳозиргисидан икки баравар кўп. Бундан буён у сиз билан шерикликда ишлайди. Айни пайтда кўз-қулоқ бўлиб туради. Агар салгина хато қилганингизни сезса, оладиган пулингизни қайта тақсимлаб, кўпроғини унга бераман. Менимча, бу адолатдан бўлади.
Иосиф Борисович Ринатга бақрайиб тикилди, кейин Тамарага қаради. У бунақа таклифни умуман кутмаганди.
–Мен розиман, – Тамаранинг кўзлари шодликдан чарақлади, – жон-жон, деб Иосиф Борисович билан ишлайман.
–Ўчир, – қаҳр билан унинг сўзини бўлди Плавник. – Нимани таклиф қилаётганингизни, ҳеч бўлмаса ўзингиз тушунасизми? Изимдан хуфянгизни қўйиб қўясиз-у, мен сиз учун ишлайманми? Сира ҳам мумкин эмас-да.
–Ундан кўра Тамара сизнинг хуфянгиз бўлиб юргани маъқулми?-муғомбирона кулди Ринат,– Бугунги суҳбат менга кўп нарсани ўргатди. Ё сиз менинг таклифимга кўниб, доимгидек Тамара билан бирга ишлайсиз, ё сиз билан хайрлашамиз. Ҳар доим шахсий ҳимоячим қанча ўғирлаши мумкинлигини ўйлаб юргандан кўра, адвокатни алмаштириш учун каттароқ харажат қилганим маъқул. Қолаверса, сиз Леклеркнинг қобилиятини унча писанд қилмаяпсиз, менимча? У рус тилини яхши билади, Россия ва Украина қонунларини яхши биладиган дурустроқ адвокат топиш ҳам қўлидан келади.
Иосиф Борисович келгусида бошига тушиши мумкин бўлган савдоларни чамалаб, кўзларини юмди ва бу йигитнинг ўзини ҳар томонлама доғда қолдирганини англади.
–Яхши, –деди у тушкун овозда, – Тамара билан ишлашга розиман. Уни барча ҳужжатлар билан таништираман. Лекин, сизнинг ўрнингизда бўлсам унга ишонмаган бўлардим…
Аёл қалтираб кетди. Бошлиғига қаради. Аниқроғи, собиқ бошлиғига. Ринат кулимсиради. «Шиша идишдаги ўргимчаклар», – кўнглидан ўтказди у.
–Нега менга ишониш мумкин эмас экан?– аччиғланди Тамара. – Ҳар доим ҳамма топшириқларингизни бажариб келганман.
–Ва ҳаддан ташқари зўр қилиб бажаргансан, – мийиғида кулди Иосиф Борисович. –Шу боисдан ҳам собиқ ходимамга ишонмаган бўлардим.
–Қандай оғзингиз борди шундай дейишга? – ажабланди Тамара. – Ҳар доим ҳамма илтимосларингизни адо этганман, ҳатто, энг мураккабларини ҳам…
–Бас қилинглар, – қовоғини солди Ринат. –Умуман олган-да, келишдик. Мобода Тамара менинг бирор сўмимга бўлса ҳам хиёнат қилганигизни сезиб қолса, ўша пулни гап-сўзсиз сизнинг ҳисобингиздан олиб, униг ойлигига қўшиб берамиз. Розимисизлар?
–Дунёдаги бирорта адовкат бунақа шарт билан ишламаган бўларди,-Плавник бошини мағрур кўтарди,– бу бориб турган бемаънилик.
–Демак, таклифимдан бош тортасиз?
–Йўғ-е. Мен ўз хизмат бурчимни бажаришдан бош торта олмайман. Аммо, нотўғри иш бўлаяпти.
Иосиф Борисович ич-ичидан босиб келаётган туғёндан бўғриқиб, ўрнидан турди-да, хонани тарк этди. Кўпинча бошқа мижозларига нисбатан хуфия сифатида фойдаланадиган ходимасини энди ўзига пойлоқчи қилиб қўйишди. Унга мана шуниси алам қиларди.
“Ҳечқиси йўқ,– кўнглидан ўтказди Плавник, – ҳали ҳаммаси олдинда. Кўрамиз, бу ишларнинг нима билан тугашини”. Қолаверса, Тамарани алдаш унчалик қийин иш эмас. Агар Шарипов Леклерк билан алоқа боғлаб, ўзи билан муносабатини бутунлай узиб ташласа, ҳаммаси расво бўларди.
Адвокатниг ортидан эшик ёпилиши билан Тамара ўрнидан турди-да, курсида ўтирган Ринатнинг олдига борди.
–Ишончингиз учун раҳмат,– у қўлини йигитнинг кифтига қўйди.– Ўпиб қўйсам, майлими? –сўради у кутилмаганда.
–Йўқ, -деди Ринат,– керакмас.Мен сизга иш таклифим қилди, қўшимча хизмат кўрсатишни эмас…
–Сиз ҳали билмайсиз-да, қўлимдан қанақа ишлар келишини. –Аёлнинг қўллари Ринатнинг қорни бўйлаб, пастроққа туша бошлади.
Ринат ҳушёр тортди. Бу ҳеч бир ўйига келмаган ҳолат эди. Жуда уялиб кетди. Аёл тўсатдан эгилди-да, эҳтирос билан ўпди. Қўллари қисишда давм этарди. Кейин шимининг камарини ечишга тутунди. У эътироз билдира олмас. Оғзи берк эди. Бунақа бўлиши мумкин эмас. Ғирт шармандалик, деб ўйлашга улгурди, холос. Шу лаҳзада хона эшиги очилди. Ринат Тамарани нарига итариб юборди. Остонада Надежда Анатольевна турарди. Хижолатга тушгани кўринию турарди.
–Кечирасизлар,– деди у, – одамлар йиғилиб бўлишди. Катта мажлислар залида кутишаяпти. Улар билан гаплашасизми?
Тамара бир қадам четланиб, худди иккаласи анчадан бери шу иш билан шуғулланаётгандек мамнун ишшайди. Ринат ўрнидан туриб, хонадан чиқди. Уятдан ер ёрилса, киргудек аҳволда эди. Ораларидаги муносабат ҳақида Попова нима хаёлга бордийкин? Афтидан у Тамарани кўпдан бери билади, ҳаммасига тушунган бўлса керак. Иккаласи йўлак бўйлаб боришаркан, у тўхтади.
–Сизни ўзим топиб оламан, -деди Тамара орқада қоларкан, Ринат кутилмаган бу гапдан чўчиб тушди, аёл уни ортидан тош билан боплаб туширгандек бўлди.
Надежда Анатольевна лабини тишлади, лекин, Тамаранинг қилиғини изоҳлаб ҳам ўтирмади. Умуман, ҳеч нарса демади. Йўлакда боришаркан в у аёлга ўгрилди:
–Сиз ўйлаганчалик, гап бўлгани йўқ, –деди Ринат янги бош директорга.
Аёл унинг кўзига жиддият билан тикилди.
–Бу менинг ишим эмас, жаноб Шарипов, -деди у Надежда Анатольевна совуққина қилиб, –ҳоҳлаган кишингиз билан ҳоҳлаган пайтингизда учрашиш ихтиёрингизда. Фақат, бунақа ишларни хизмат хонасида эмас, одамларнинг кўзидан четда қилган маъқулроқ. Акс ҳолда менга бу ерда интизомни кўнгилдагидек тутишим қийин бўлади. Менга келсак, ҳозирданоқ айтиб қўя қолай, бунақа кўнгилхушликларга ўрганмаганман. Эрим ва иккита болам бор. Агар бу ердагиларнинг ҳаммаси шу даражада бузилиб кетган, деб ўйласангиз, хато қиласиз.
–Унинг билан орамизда ҳеч нарса бўлган йўқ,– ғўлдиради Ринат, – У шу тарзда менга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлди, ўпмоқчи бўлиб, олдимга келди.
–Бу сизнинг ишингиз, – яна жиддийлик билан такрорлади Попова. –менимча, миннатдорчилик билдиришнинг бошқа йўлини топса ҳам бўларди. Лекин, ҳар кимнинг усули ҳар хил бўлади. Келинг, бу ҳақда бошқа гаплашмайлик. Мен сизни сал бошқачароқ, деб ўйлагандим. Хато қипман, шекилли.
“Жин урсин,– фикрлади Ринат, – шунақа ахмоқона тарзда бемаъни вазиятга тушиш ҳеч гапмас экан-да.”
У катта мажлислар залига хўмрайган ва қаҳри қайнаган ҳолда кириб борди. Йиғилганлар уларни ўринларидан туриб кутиб олишди. Умрида биринчи марта истиқболига шунча одам оёққа тургани Ринатнинг кўнглидан ўтди. У эски танишини учратгандек, ўзига табассум билан қараб турган Ленани кўрди. Биринчи қатордаги ўриндиқларга Тамара билан Иосиф Борисович жойлашганди.
–“Астор” компаниясининг янги хўжайини Ринат Шарипов, – Попова шундай, дея уни йиғилганларга таништирди. Сўнг бошқа бирорта ҳам сўз айтмай, жойига ўтирди.
Ринат ўрнидан турганда, мажлисхона жимжит бўлиб қолганди. У нутқ сўзлаб, нима сабабдан бош директорни алмаштирганини, бу даргоҳда қандай нохуш ишлар бўлаётганини тушунтириши лозим. У тўсатдан, гапни чўзишнинг ҳожати йўқлигини англаб қолди. Мажлис қатнашчилари собиқ бош директорнинг нима ишлар қилганини ҳам, бўлажак директорининг кимлигини ҳам ундан кўра яхшироқ билишади. Узундан узоқ нутқ ирод этиш, ғирт бачканалик, бориб турган ахмоқлик бўлади.
–Сизларда айрим ўзгаришлар рўй берди,– қисқача ахборот берди Ринат, –Бугундан бошлаб Надежда Анатольевна Попова компаниянинг янги бош директори этиб тайинланди. Севишингизни ва ҳурмат қилишингизни сўрайман.
Мажлисхона қарсак садосига тўлди. Попова ўрнидан турмасдан, бошини ирғаб, розилигини билдирди.
–Яна, – тўсатдан қўшимча қилди Ринат,– молиявий ишлар бўйича ўрнибосар қилиб, бош ҳисобчиларингиз Глеб Александровични тайинлайман.
У Глеб Александровчи кўзи билан қидириб, учинчи қатордан топди.
–Фамилиянгиз, нимайди? – сўради Ринат.
–Залогов,– пичирлади нима бўлаётганини англамасдан қўрқиб кетган Глеб Александрович.
–Яъни, Залоговни тайинлайман,– гапини тугатди Ренат, –менимча, жуда ҳалол инсон ва молиявий масалаларни ҳам яхши тушунади.
Авжига чиққан қарсаклар унинг танлови тўғри бўлганини тасдиқларди. Ринат Попованинг ўзига ҳайрон бўлиб қараганини ҳам пайқади.
–Бизнинг жамомамиз билан танишмисиз,– сўради у шивирлаб.
–Озроқ биламан. Залоговнинг ёнида Виктория Павловна ўтирипти, шекилли. Ундан яхши бош ҳисобчи чиқади. Ленани эса Виктория Павловнанинг жойига ўтказсак бўлади.
Надежда Анатольевна ҳайратини яшираолмасди:
–Компанияда илгари бўлганмисиз? Ё айғоқчиларингиз борми?
–Униси ҳам, буни ҳам, –кулимсиради Ринат.
–Мен сиздан чўчий бошладим, –тан олди аёл,– бошқаларга ҳеч ҳам ўхшамайсиз.
–Умид қиламанки, ўхшамайман,– маъқуллади у,– Мен сизга айтдим-ку, Тамара билан орамизда ҳеч гап бўлгани йўқ, деб, сиз бўлсангиз менга ишонмадингиз. Ҳозир ҳам ишонмаяпсизми?
–Билмадим. Балки, ишонарман.
У аёлнинг қўлини қисди.
–Раҳмат. Сизларга бошқа халақт бермайман. Хайр, ўртоқлар.
У залда масхаромуз кулгилар жаранглаганини пайқади.
–Ўртоқлар, – такрорлади у қайсарлик билан, – Биз битта жамоадаги ўртоқлармиз. Ёки сизларга жаноблар хўжайинлик қилса, маъқулми?
Бу сафар унинг сўзини янада кучлироқ карсаклар билан олқишлашди. У йўлакка чиқди. Талгат уни қачондан бери сабр билан кутиб турарди.
–Сиз билан гаплашадиган гапим бор эди,– деди Ринат, -машинагача бирга бораоласизми?
–Бораман,-деди Талгат.
Биргаликда лифт томонга йўл олишди.
–Сизга муҳим топшириғим бор, – деди Ринат– илтимосим шуки, амакимнинг ўлими тафсилотлари аниқлашга қобил хусусий изқуварларни топсангиз. Вертолётнинг портлашига оид ҳамма нарсани билмоқчиман. Бу фожеа қандай рўй берган, улар қандай ҳалок бўлишган? Мен ушбу жиноятда кимнинг қўли борлигини билиш учун, қанча пул бўлса, сарфлашга тайёрман.
Бу сўзларни эшитаркан, Талгатнинг башараси ўзгариб кетди. Ринат буни сабабини тушунаолмади. Улар лифтга киришди.
– Гапимни тушундингизми?– давом этди Ринат.– Қотилнинг кимлигини билишим керак. Ва тоғамни нега ўлдиришганини ҳам. Иложи борича, кўпроқ нарсани билишим лозим. Яна ҳалокат юз берган пайтда тоғамнинг ёнида ким бўлганини ҳам. Учувчилар ҳақида ҳам батафсил маълумот йиғинг. Тоғамнинг қўриқчилари бошлиғи ҳақида ҳам. Айниқса, кейингиси мени кўпроқ қизиқтиради.
У лифтдан биринчи бўлиб чиқди. Ортига қаради. Талгат унга қараганча қолган, лифтдан чиқай демасди. Башарасидан бояги тушуникисиз ифода аримаганди.
–Нима бўлди сизга? – тушунмади Ринат.
Талгат лифтнинг ёпила бошлаган эшикларни куч билан очиб, ташқарига қадам қўйди.
–Мен сизни биларсиз, деб ўйлагандим, – деди у, -Гап шундаки, Владимир Аркадьевичнинг шахсий қўриқчилари бошлиғи менинг акам Карим эди. Тоғангизнинг оиласи билан биргаликда Антибда ҳалок бўлди. Ўша вертолётда.
12 боб
Ринат уйга бузуқ кайфиятда қайтди. Бугун унинг ҳаётидаги энг оғир кун бўлганди. Ҳалигача у онасининг вафоти ҳақида хабар келган кунни умридаги энг қора сана ҳисобларди. Гарчи, волидасининг тузалмас дардга гирифтор бўлганини олдиндан билса-да, ўзини йўқотиб қўйганди. Ринат телефонини чиқарди-да, ўчириб қўйди. Ҳамма бало Лиза билан бўлган бемаъни можородан бошланди. Уни уйига олиб келишнинг нима кераги бор эди? У Катяни лицейга жойлаштириш учун ўн беш минг доллар сўраганди, холос. Ўн беш мингми ёки ўн олти мингми берса, бас эди. Димага ўхшаб казинода ютиб олгани ҳақидаги чўпчакни рўкач қилиб, кетиворса бўларди. Бунинг ўрнига ўзининг мулку амолоки билан мақтангиси келди – янги машинаси, тансоқчилари ва қўш қаватли ҳайҳотдек уйи билан Лизани аввал танг қолдириб, кейин тиз чўктирмоқчи бўлди. Чиндан ҳам миллиардлар ҳақида эшитганда собиқ хотинининг ақлдан озишига сал қолди. Лизанинг ўрнида бўлганда ўзи ҳам телба бўлиши ҳеч гап эмасди. Унга бироз ачиниб ҳам қўйди.
Қолаверса, “Астор”да шунақа тутуриқсиз томоша кўрсатишга бало бормиди? Аввалига, сири очилиб қолиб, шармандаларча қувилиши мумкинлигини билган ҳолда, худди, ғанимнинг хуфясидек сездирмасдан кириб борди. Сўнг бечораҳол Глеб Александровчни юрак хуружига дучор қилай деди. Поповани тергов қилди, грузиннинг авра-астарини ағдаришга тушди. Уни бошқаларнинг олдида бунчалик ерга урмаслик керак эди. Яккама-якка гаплашиб, жавобини берса бўларди. Ўзининг кимлигини, қанақа қаттиқ қўллигини кўрсатишга уринди. Оқибатда Вахатанг Георгевични бақир-чақир қилиб ишдан бўшатди ва ўзининг ҳам шарманда бўлишига сал қолди.
Ринат оғир хўрсинди. Бир кунда шунча ахмоқлик қипти-я. Тамаранинг қилиғи-ку дард устига чипқон бўлди. У аёл ёнига яқинлашаётгандаёқ, нияти бузуқлигини пайқаганди, лекин, тўхтатмади. Эркакча иззат-нафси йўл қўймади. Ҳалигача ҳеч бир аёл унга бунақа яқинлашмаганди, қайсидир лаҳзада бу ҳол қизиқ ҳам туюлди. Тамара-ку бунақа ҳунарни ўн марталаб, ҳатто, бошлиғи бўлмиш анави чол билан – адвокат билан ҳам қилган бўлса ажаб эмас керак. Шу фикрнинг ўзиданоқ башараси тиришди. Айни ўша лаҳзада Надежда Анатольевнанинг кўриб қолганини, айтмайсизми? Энди Ринат ҳақида у нима фикрга боради? Кўзига бузуқи, фосиқ махлуқ бўлиб кўринган бўлиши ҳам мумкин. Ҳалиям ишда қолишга розилик берди, акс ҳолда бошқа бош директор излашга тўғри келарди.
Аёлнинг ўринбосарини тайинлаш борасидаги қилиғи ҳам хунук чиқди. Попованинг ўзи билан маслаҳатлашиб олса бўларди-ку. Ўша бош ҳисобчи ҳақида нимани билади? Балки, муттаҳамларнинг бошида ўша нусханинг ўзи ўтиргандир. Бир лаҳза кўнгли бўшликка бориб, бош директор ўринбосарлигига тайинлаб юборди. Маош масаласида-ку, ҳаддидан ошириб юборди. Ойлик маошларини икки бараварга кўпайтириш эвазига қўриқчиларни ўзига оғдириб олди. Ринат ўзи ҳам кутмаган қаҳр билан тансоқчиларининг энсасига тикилди. У ҳаддан ташқари кўп пул тўлаб турар экан, бу нусхалар садоқат билан хизмат қилади. Агар бошқа биров ойлигини яна озроқ оширишга ваъда берган куни унинг баҳридан ўтишади қўйишади.
У ён-атрофига аланглади. Ичига ёрқин рангли қимматбаҳо чарм сирилган улкан машина ҳам, ундан анқиётган ҳид ҳам, ичкарида ғирт бегона кишиларнинг ўтириши ҳам унинг ғашини келтирарди. Ҳозир кўзига нимаики кўринса, ҳаммаси унинг зардасини қайнатаётганди. Тамара масаласида ҳам бекор қилди. Аёл ундан катта маош олишга олади-да, барибир алдайверади. Балки, бекорга хавотирга тушаётгандир: Бу қанжиқ пул учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Иосиф Борисович тайёрлайдиган бирон бир ҳужжатни кўздан қочирмайди.
Талгат билан қилган мулоқати ҳам ғирт хижолатпазлик бўлди. У ҳалок бўлган тоғасининг шахсий соқчилари бошлиғи Талгатнинг акаси эканини аниқламай туриб, укасига жиноятнинг тагига етишни буюриб ўтирипти. Тўғри, ушбу жиноятнинг очилиши Талгатга ҳам керак. Бу бир томондан яхши.Бошқа томондан эса… Талгат эндиликда калтафаҳм инсон билан ишлашаётганини билиб қолди. Калтафаҳм бўлмаса, шунча катта меросга эга бўла туриб, тоғаси билан биргаликда кимлар ҳалок бўлганини суриштирмасмиди? Жиноятни очишни хўжайин билан бирга нобуд бўлган кимсанинг укасига топширармиди? Бориб турган, ахмоқлик…
У машинада тушгач, эшикни қарсиллатиб ёпти. Соат тўртга яқинлашаётганди.
–Биз нима қилайлик?– деди Анзор.
–Дам олинглар, – қўлини сермади Ринат,– бугунча сизларда ишим йўқ.
–Балки, кутиб турармиз шу ерда? – сўради Николай.
–Керакмас, – жавоб қилди Ринат, – мен билан шунча юрганларинг бугунча етади. Тушлик буюраман-да, уйда қоламан. Машинани қолдириб кетаверинглар.
У ўзи яшайдиган қаватга кўтарилди, эшик қулфига калит солди, қулоғига қандайдир шовур эшитилди. Ринат эшикни очиш-очмасликни билмай, тек туриб қолди. Гогоберишвили тоғасининг ўлимида аллақандай кишиларнинг, ҳатто, уюшган жиноятчилар гуруҳининг қўли борлиги ҳақида очиқ-ойдин қилиб гапирганини эслади. Балки, пастга тушиб, қўриқчиларни чақириб чиққани маъқулдир? Бегона одам қандай кириб қолган бўлиши мумкин? Шу лаҳза йўлакда зангори халатдаги Лида кўринди. У ҳозиргина хоналардан бирини йиғиштириб бўлган экан.
–Салом, –деди Ринат ҳамон ўзига келаолмасдан.
–Хайрли кун.– Аёл салом бериб, нари кетди.
Ринат унинг қўл ювгани, ваннахонага кирганини пайқади. “Ёввойиликнинг энг яхши даъвоси маданиятдир,– кўнглидан ўтказди Ринат.– Филогия фанлари номзоди фаррош бўлиб ишлайди-ю, яна шахсий гигиенага риоя қилишга уринади.” Аёлнинг ваннахонадан чиқишини кутиб турди.
–Сиз эрталабдан шу ердасиз-а,– у савол эмас, таъкид оҳангида гапираркан, аёлнинг кун бўйи тиним билмаганини ўйлади.
–Шундай, –деди Лида қисқа қилиб. Унинг ишини тезроқ битириб, уйига кетишга ошиқаётгани сезилиб турарди. Аёл челагини олиб, юмушини давом эттиришга тутунди.
–Шошманг,-деди Ринат,– тушлик қилдингизми?
–Тушлик қилишга вақтим йўқ, – ўгрилди аёл. У аёлнинг кулранг кўзларини кўрди. Аёл қўполроқ жавоб қилганини сезиб, қўшимча қилди,– мен одатда ўзим билан бутерброд олиб юраман. Ҳали иккинчи қаватни ҳм саришталашим керак.
–Улгурасиз, – бир қарорга келди Ринат, – мен ҳозир тушликка буюртма бераман. Бирга овқатланамиз. Қайси ресторанга қўнғироқ қилганим маъқул?
Аёлнинг юзига маҳзун табассум қалқди:
–Қайсиси сизга ёқишини мен билмасам.
Ринат телефонга ёпишди. Яхшиямки, Тамаранинг рақами эсида экан.
–Менга энг яхши ресторанлардан бирининг телефони керак эди,– деди у шоша-пиша Тамаранинг овозини эшитиб,– японларникими, итальянларники ёки хитойларникими.
–Аниғини айтинг, –тушунмади Тамара, –бир кишилик бўлсинми?
–Икки кишилик,–эътироз қилди Ринат.
–Дўстингиз яна келдими?– Тамара норозилигини яшира олмади,– ҳозир буюртма бераман, егулик-ичгуликни олиб келишади. Шуни билиб қўйинг, пулини нақд тўлашингиз керак. Кредит карточкасини ҳам, чекни ҳам қабул қилишмайди.
–Долларни олишадими, ишқилиб?
–Доллар билан олишларини илтимос қиламиз-да, – киноя қилди Тамара.
Бир дақиқадан кейин Тамара қайтадан қўнғироқ қилди.
–Энг яхши итальян ресторанига буюртма бердим.Бир шиша шароб ҳам айтдим. Лекин, уйингиздаги барда ҳам шароб бор. Ярим соатдан сўнг келтиришади. Чунки, уйингизга яқин жойда. Спагеттини яхши кўрасизми?
–Менга барибир…
–Айтгандай, бир нарса эсимдан чиқипти. Костюмингиз ҳам, пойабзалингиз ҳам чиройли, аммо, соатингиз ҳеч ҳам ярашмаяпти. Бугун эътибор қилдим, сизникидақа кийим-бош кийиб, сизникидақа машина минганлар, бунақа соат тақишмайди. Тезда янгисини сотиб олинг.
–Минг долларгами?– тиржайди Ринат. У ўзича энг юқори нархни айтдим, деб ўйлаётганди. Ҳозирги соатини юз саксон долларга олган, жудаям қимматга тушгандек туюлганди.
–Э, бўлмайди,– аччиқланди Тамара, –бизнинг даврадагилар унақа арзон матоҳни тақишмайди. Вахтанг Георгиевичнинг соатига кўзингиз тушдими?
–Йўқ. Мен соатига эмас кўзига қарадим.
–Бекор қипсиз. Ажойиб соати бор. Энг ноёб нусха. Сизга ўшанақаси керак. Ўттиз ёки қирқ минг турадигани.
–Сўмдами?
–Долларда, – жавоб қайтарди Тамара. – Билиб қўйинг, бу ҳам ҳали унча қимматимас.
–Хайр. –Ринат гўшакни қўйди-да, оромкурсига чўкди. Битта соат учун ўттиз ёки қирқ минг доллар сарфлашса-я? Бориб турган телбалик-ку! Демак, кимлардир қўлларида бутун бир хазинани кўтариб юраркан-да. Наҳотки, бойларнинг бари шунақа яшаса? Ўттиз ёки қирқ минг доллар. Ғирт жиннихонанинг ўзи.
У кийимини алмаштиргани кетди. Ярим соатдан сўнг тушликни олиб келишди. Беш юз доллар ёзилган ҳисоб-китоб варақасини кўриб, Ринатнинг оғзи очилиб қолди. У қоғозни синчиклаб ўрганар экан, пул кутаётган хизматчи ғижинишини базўр босиб, хонадан соҳибига андак ачиниш билан қараб қўярди.
–Нархларинг осмонда-ку, – бошини сараклади Ринат, – бориб турган қароқчилик. Оддий шароб икки юз доллар турса-я. Яна йўл кираси ҳам бор. Дўкондан бор-йўғи эллик долларга олса бўлади.
–Хизмат ҳаққимиз қимматда, дадавой, – деди йигитча безбетлик билан. У нари борса, ўн саккизга кирган бўлиб, мижозининг нимага тихирлик қилаётганига тушунаолмасди. Шунақа уйда яшай туриб, ҳисоб-китоб варақасини текширгани нимаси? Айнан шу нарса унинг аччиғини чиқараётганди.
Ринат ҳисоб қоғозини текшириб бўлгач, кўрсатилган пулни индамайгина тўлади, эшикни зарда билан ёпди. Егуликларни ошхонага олиб киргач, Лидани чақирди. Аёл Ринат ўлгудек ёмон кўрадиган ноз-фироқсиз келди. Ҳамма нарсани тартиб билан тақсимчаларга жойлагач, Ринат шароб шишасини очди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.