Текст книги "ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ"
Автор книги: Чингиз Абдуллаев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц)
–Кўриб турибман,– деди аёл қуруққина қилиб, – Юринглар, кўрсатаман. Фақат, кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарсани олиб чиқиб кетишган. Бирорта жиҳоз ҳам қолмаган. Қуруқ девор билан ва ошхона турипти, холос.
Ринат нонушта ҳам қилмаганини эслади. Аммо, ҳеч нарсани сўраб ўтирмади. Тамаранинг ортидан аёлга эргашди. Уй беш хонадан иборат эди. Учта ётоқхона тепада жойлашган, пастда иш бўлмаси, меҳмонхона ҳамда ошхона бор экан. Бирорта уй жиҳози кўринмас, фақатгина ошхонада немис мебели билан турарди. Ўртача кенгликдаги хоналарнинг яланғоч деворлари сўмрайиб кўринарди.
–Мебеллари қаёқда? – сўради Ринат.
У йўлда келаётиб, ҳашаматли бир масканни кўрамаган, деб ўйлаганди. Рублевкадаги кошоналар ҳақидаги миш-мишларни кўп эшитганди, аммо, ҳозир беш хонали оддий уйни кўриб турарди. Айтишлари-ча, бу ерда бир сотих ер ўнг минг доллардан кам турмаскан. Балки, ернинг қимматлиги туфайли уйлар ҳам ҳайбатли туюлганир. Чунки, ким бу томонга қадам қўйса, биринчи бўлиб ернинг таннархидан танг қолади-да.
–Менимча, тоғангиз уйни таъмирламоқчи бўлган бўлса керак,– тушунтирди Тамара,– балки, сотмоқчи бўлгандир. Ўзи Москвага кам келарди. Асосан Англияд ёки Францияда, баъзан Киевда яшарди.
–Худди ўзимизнинг олигархларга ўхшаб, –бош ирғади Ринат, – улар ўз юртларида эмас, аллақандай Ғарбда яшашни хуш кўришади. Фақат, ўша томонларда жони тинч, кўнгли хотиржам кун кечириш мумкин-да. Пулни бу ерда топишади-да, у ёқда сақлашади. Олигарх деганларининг бари бир гўр.
–Худди уларнинг ҳаётини миридан-сиригача ўргангандек гапирасиз-а,-ҳазиллашди Тамара.
–Ўрганганман ҳам, – деди Ринат, – таҳририятнинг топшириғига кўра, Рублевкадаги давлатмандлар ҳаёти ҳақида мақолалар ёзишим керак эди. Шунинг учун бойлар ҳаётининг ўзига хос жиҳатларини ўрганганман, Биламан, ҳаммаси юртидан қочишади. Сал имкон топса бўлди, ҳамма ишини йиғиштиради-да, кетади боради.
Тамара индамади. Бу нусха ҳам бу ерда муқим қолмайди, ўйлади у. Шунча бойлиги билан бу ерда нима қилади?
–Раҳмат, Вера Николаевна, – миннатдорчилик билдирди Тамара,-бораверишингиз мумкин.
– Ҳеч ҳамда,– асабийлашди аёл. –Ҳақимни ким тўлайди? Олти ойдан бери бир тийин олганим йўқ.
–Нега тўлашмаяпти? – тушунмади Тамара. – Ҳамма олаяпти-ку, сизга беришмапятими?
–Билмадим, -деди Вера Николаевна, – менга ҳеч ким ойлик бераётгани йўқ.
–Пул ҳисоб рақамингизга тушиши керак-ку.
–Менинг ҳеч қанақа ҳисоб рақамим йўқ. Биз қишлоқда яшаймиз, бу ерда унақа нарсалар бўлмайди.
–Қанча беришлари керак? –гапга аралашди Ринат.
–Кўп, –жавоб қилди аёл,– ойига беш мингдан ҳисоб-ла, қанча бўлиб кетади? Олти ойдан бери бир ҳам беришгани йўқ.
–Ўттиз минг рубл, –ҳисоблади Ринат.– Демак, минг долларга яқин бўлади. Борингки, бир минг икки юз бўлсин. Мана сизга икки минг доллар. Мен олдиндан тўлаб қўяман. Ҳеч хавотирланмасдан, уйга қараб ўтиринг.
У ёнидан пулни чиқариб санади-да, аёлга узатди. Тамаранинг яна қовоғи осилди.
–Ҳали текшириб кўришимиз керак, нега бу аёлнинг пулини беришмади экан. Балки, иш ҳақини бошқа жойга ўтказишгандир, -тахминлади Тамара.– Шошқолоқлик қилиб, бекор пул бердингиз.
–Ҳечқиси йўқ,– деди Ринат,– қўйинг, хотиржам ўтирсин.
–Сиз бораверинг, – баланд овозда буюрди Тамара,– кетаётганда эшикни ўзимиз ёпамиз. Керак бўлсангиз, телефон қиламиз.
Вера Николаевна бурилиб чиқиб кетди. Пул учун раҳмат ҳам айтмади, унинг назарида пулдорлар бировларнинг ҳақини ўз вақтида тўлаши шарт эди. Ринат ҳеч нарсани тушунмасдан елка қисди. У хўжайинларнинг қўрс ва такаббур бўлишини биларди, аммо, ундан ҳам қизиқроғи -хизматкорларнинг жиззаки бўлишини эшитмаган экан. Тамара унинг ҳолини тушуниб, кулимсиради.
–Шунақа вазиятларга ҳам кўникишга тўғри келади, – деди аёл. – Умуман хизматкорларга қаттиққўллик билан муомала қилинг. Уларнинг алдашларига, пул тилашларига, ишдан бўйинтовлашларига, ўзларини ҳар хил кўйга солишларига бориб-бориб ўрганиб қоласиз. Билингки, улар сизни пулдорлигингиз учун ёмон кўришади. Бир сўз билан айтганда, буларнинг ҳаммаси хизматкор аҳлининг одатдаги қусурларининг жамул жами десак ҳам бўлади.
–Сиз хизмат аҳлини паст табақага мансуб, деб биларкансиз, -деди Ринат.
–Бўлиши мумкин, – унинг фикрига қўшилди Тамара, – лекин, билиб қўйинг, пулни мен ўйлаб топиб, кейин одамларни бой ва қашшоқларга ажратганим йўқ. Хўжайинлар бўлар экан, хизматчиларнинг ҳам бўлиши тайин. Азалдан шундай эди ва шундайлигича қолади. Бугун омадингиз келиб, хўжайинлар сафига қўшилдингизми, бўлди, хизматчиларни қандай тутишни ҳам ўрганишингиз шарт. Акс ҳолда ўзингизни авраб, пулингизни ўмариш пайида бўлишади.
–Буни ҳисобга олиб қўяман. –Унинг тили қичиб, Тамарадан аёл ўзини қайси тоифага киритишини сўрагиси келди, аммо, уни хафа қилиб қўймаслик учун индамади.
–Сиз ҳам одамларнинг давлатмандларни ёмон кўришларини, ўта бойлардан нафратланишларини, ўзингизга ўхшаганларни бўлса, кўргани кўзи, отгани ўқи йўқлигини, айни пайтда қўрқишларини ҳам билиб қўйсангиз ёмон бўлмайди. Бу мамлакатда пулдор кимсаларни ҳамон ўғри ва товламачи ҳисоблашади… Ҳасаддан юрак-бағри ўртанганларнинг-ку сон-саноғига етолмайсиз.
–Сиз миллиардлаб долларни мерос олган ўта бойлардан кимни биласиз ёки пешона тери эвазига миллиардер бўлганлардан бирортасини танийсизми? – ҳазиллашди Ринат аламзадалик билан.
–Биттасини биламан, у ҳам бўлса сизсиз. Қолганлари орасида ҳам оқил ва ишбилармонлари анча-мунча учраб туради. Ҳамма бойлар ҳам сиз ўйлаганчалик муттаҳам эмас, жаноб Шарипов. Масалан, менинг хўжайиним нима топган бўлса, ҳаммасини меҳнати билан топган.
–Олигархларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш ҳам ҳалол меҳнатга кирадими? Менга келсак, мисолингиз унча ҳам ўринли эмас. Тўғри, мен жуда катта бойликка эга чиқдим, лекин, бу улкан фожианинг касрига– қариндошим бутун оиласи билан қирилиб кетгани туфайли содир бўлди. Ёки буни ҳам оддий ҳол, деб биласизми?
–Мен бунақа демадим.
Улар уйни тарк этишди.
–Сизни тушуниш жуда қийин экан, – нолиди Тамара. – Қанақа инсонлигингизга ҳеч ақлим етмаяпти. Бир томондан, кутилмаганда беадад меросга эга чиққанингиздан мамнунлигингиз кўриниб турибди. Шоҳона уйни қўлга киритдингиз, бирданига иккита машина сотиб олиб, “Царевич”да меҳмон бўлишга улгурибсиз. Иккинчи томондан, олигархларни жинингиздан баттар ёмон кўрасиз. Нега улардан нафратланасиз?
–Мен сизга бу муттаҳамларнинг ҳаётини миридан-сиригача ўрганганимни айтдим-ку, –тушунтирди Ринат. – Тўғриси, уларнинг туриш-турмушига қойил қолмадим. Буларингиз шафқат нелигини билмайдиган, виждонини уч пулга сотган, тутуруқсиз кимсаларнинг алоҳида табақаси. Пул бўлса бас. Уларнинг дини ҳам, ишонадиган ғояси ҳам, кучи ҳам фақат пулдан иборат. Ҳатто, пулларини қанақа харажат қилишни ҳам билишмайди. Топганларини уй-жой, вилла, яхта, машина ва бойвучча жазманларга – ўта жўн нарсаларга сарфлашади. Бошқа нарсалар ҳақидаги гап каллаларига ҳам келмайди. Айримлари азбаройи кўнгилларидаги шуҳратпарастлик туйғусини қондириш учунгина баъзан ижодкорларга ҳомийлик қилиб қўйишади. Мен Лондонда паноҳ топган машҳур қувғинди олигархнинг «Триумф” мукофотига ҳомийлик қилаётганда кўнглидан нималар кечаётганини тасаввур қилишга доим уринаман. Ўша мукофотни мамлакатнинг энг донгдор шахслари ўзларига нисбатан камроқ таниқлиларига топширишади. Бу пулларни ким бераётгани ва нимага бераётгани ҳам барчага мутлоқ аён. Лекин, шунча йиллар давомида бирорта мардум мукофотдан воз кечган эмас. Эллик минг доллар – шайтон нафаси теккан сеҳрли туморни рад қилишга ҳеч ким ўзида куч топаолмайди.
– Ие, бориб турган покдамон экансиз-ку, – деди Тамара машинага чиқаркан, хаёли паришон тортиб. Ринат ҳам унинг ёнига жойлашди.
–Бирор жойда нонушта қилиб олсак қалай бўларкан? – ўтиндди у.
–Бўлади.
Аёлнинг кайфияти бузилди. Ринат ўйлаганидан кўра бошқа одам чиқиб қолди. Бу йигитча Иосиф Борисовичдан Тамарани сотиб олмайди ва ақл бовар қилмайдиган миқдорда маош ҳам тўламайди. Ринат аллақачон муроса-ю мадора нималигини билмайдиган кимсалар тоифасига кириб бўлганди. Бу дунёдаги журналист зотининг бари бир гўр. Ҳаммаси озроқ сўлчи, эски тушунча-ю ақидаларни писанд қилмайдиган мустақил фикр эгалари. Тамара нечанчи мартадир тақдирнинг бориб-бориб шу йигитни сийлаганига куйиниб кетди. Аммо, ҳозирча бори шу эди. Умидлари пучга чиқаётганини англаб, чуқур хўрсинди-да, ўйлаб қўйган дастлабки режаларидан воз кечди. Бу ўзбошимча йигитни йўл-йўриғини топгунга қадар, унга ақл ўргатиб, яқин маҳрамига айланиб олиш ҳам мумкин-ку, ахир.
–Йўл-йўлакай бирор жойда овқатланамиз,– фикр берди у Ринатдан нари сурилиб, – бу атрофда турли-туман кафеларнинг сон-саноғи йўқ. Менимча, биртўласига тушлик қилиб олганимиз маъқул.
7 боб
Ринат уйига кундузи соат тўртларда қайтди. Тамаранинг кордонлиги тозаям ҳолдан тойдирганди. У янги қўриқчиларига дам олишга рухсат бериб, кечки овқат борасида огоҳлантирди-да, ўзи яшайдиган қаватга кўтарилди. Остонага қадам қўяр-қўймас қўл телефони жиринглади. Бош муҳаррир экан. У жиғибийрони чиқиб, бўнагини олиб қўйган буюртма мақолани Шариповнинг қачон ёзиб беришини суриштирди.
–Ёзиб бераман, – деди Ринат қўполлик билан, – албатта, ёзаман. Ҳозир керакли материалларни тўплаш билан бандман.
–Жуда узоқ тўплаяпсиз, – қаҳр билан қичқирди бош муҳаррир, –сиз жамоамизнинг юзини ерга қаратаяпсиз! Сизга ўхшаган пала-партиш журналистни умримда кўрган эмасман. Ринат, агар бундан кейин ҳам шундай қилсангиз, сиз билан хайрлашишга мажбурмиз. Тўғри, бизда шартнома асосида ишлайсиз, лекин бу сизга ишга панжа ортидан қараш ҳуқуқини бермайди. Журналистга талант қанча зарур бўлса, виждонга ҳам шунчалик муҳим. Бунинг биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам сизда йўқмикин, деган хавотирдаман. Умуман сизда ўз ишига масъулият билан қараш хусусияти етишмайди.
У Ринатнинг жавобини эшитишни ҳам лозим кўрмай, гўшакни тарақлатиб қўйиб қўйди. Ринат эса олган бўнагини қайтариб, журнал билан алоқасини бутунлай узиш кераклигини ўйлади. Агар бош муҳаррир икки кун бурун шу оҳангда қўнғироқ қилса бормиди, чинакам фожеа бўларди. Ҳозирги қўнғироқ эса салгина хижолатга солди холос.
Ринат меҳмонхонага ўтиб, оромкурсига чўкди. Энди музлатгични қандай қилиб тўлдиришни ўйлаш керак. Ҳафтада бир келадиган уй хизматчиси ва бир жуфт қўриқчисидан ташқари яна бирор кишини ёллашга тўғри келади, шекилли. Йигитларни нега қўйиб юборди ўзи? Бирорта дўконга юбориб олса, бўларди-ку. Қизиқ, Дима нима қилаётган экан? У дўстининг телефон рақамини терди.
–Ишларинг қалай?
–Майда– чуйда дилхираликлар етиб ортади, – деди Дима. – Аммо, машинамни кўриб, ағраймаган киши қолмади. Ким сўраса, қиморхонада катта пул ютиб олдим деяпман. Уларнинг қандай ҳолга тушаётганини тасаввур ҳам қилаолмайсан. Ҳаммалари қайси қиморхонада ўйнаганим, қайси рақам орқали ютганим билан ўлгудек қизиқишаяпти. Ғирт жиннихона. Кейин… шаҳарда марҳум Глущенконинг қандайдир қариндоши топилгани ҳақида миш-мишлар юрипти. Қандайдир чеченми, озарбойжонми, дейишаяпти.
–Татар жияни йўқмикин?– кулди Ринат.
–Ҳозирча у ҳақда гап йўқ. Лекин, Глущенконинг бойлиги бир неча миллиард доллардан ошиқ эканини гапиришаяпти. Менга икки киши меросхўрнинг исми-шарифини аниқ билишларини айтишди.
–Худди шу етмай турувди ўзи, – деди Ринат чин юракдан,– мен ҳақимда билишлари билан қўнғироқбозлик бошланади.
–Ҳозирча билишмайди. Бирор ёққа бир неча кунга кетсанг, менимча, яхши бўларди. Барибир янги мол-мулкларингни кўриб қўйишинг керак-ку. Шовқин-сурон тингунча Москвада бўлмаганинг маъқул-ов. Рублевкадаги боғ-ҳовли қалай. Нақ Наполённинг ўзи ётган ўрин-тўшаклар, қадимий жиҳозлар, олтиндан қилинган ҳожатхона чиғаноқларидан иборатми?
–Ҳеч вақо йўқ. Кичик ва бўм-бўш хоналардан иборат чоғроққина уй экан. Ҳар қаватда биттадан мўъжазгина ваннахонаси бор. Чиғаноқлар ҳам оддийгина. Мен одамларнинг Рублевка, деганда нега ақлдан озадиган даражага етишларини, ҳудуддаги ернинг баҳоси осмонга чиқиб кетганини тушунмайман.
–Дунё бехабар бандасан-да. Ҳаммалари керакли одамлар билан қўшни яшаш учун ўлиб-тирилишади. У ерда кимлар яшайди, ахир? Президент, собиқ президент, кўплаб вазирлар, мансабдорлар, олигархлар. Шаҳарнинг ёнгинасида, ҳавоси тоза. Ўзларига мос дўконлар, ресторанлар, кафелар хизматда. Бир сўз билан айтганда, аслзодалар макони. Мана шулар нархини осмонга чиқариб юборган.
–Барибир мен тушунмайман. Ўзимга қолса, одамлардан йироқроқ. бирор ўрмонда яшаган бўлардим.
–Сен сўққабош бўлганинг учун шундай деяпсан. Болаларинг туғилгач, бошқача ўйлай бошлайсан. Чунки, уларга энгага керак, турли-туман муаллимлар керак. Бунинг устига хотинингнинг эл кўзида юргиси, янги либосларини намойиш қилгиси, шода-шода қимматбаҳо тақинчоқлари билан мақтангиси келади. Бунинг учун эса янги-янги давраларга қўшилишинг керак. Хуллас, ҳаммаси сен айтгандек жўнгина ҳал бўлавермайди. Айтгандай, сен кечки овқатга боришинг керак-а? Билиб қўй. Мен бормайман. Ёлғиз ўзингни таклиф қилишган. Мен бўлсам янги машинамда озроқ шаҳар айланиб, таниш-билишларимнинг кўзини куйдирмоқчиман. Худо билади, бундан кейин бунақа машина яна насиб қилдими йўқми? Тунда ҳам мени кутиб ўтирма. Жанна билан учрашувим бор.
–Сен орани очиқ қилдик, дегандинг-ку.
–Бу “саккизвой”ни миниб юрганимдаги гаплар. Энди эса Жанна бизни севади ва ҳурмат қилади. У янги машинам ҳақида эшитган заҳотиёқ қўнғироқ қилди.
–Омадингни берсин, – тилак билдирди Ринат хомуш тортиб. У ўзининг Оксанага ҳар қанақа вазиятда ҳам қўнғироқ қилмаслигини хаёлидан ўтказди.
У уйининг қуйи қаватида жакузига кўзи тушганини эслаб, ечинди-да. ваннахонага кириб, сувни очадиган, ёпадиган, иситадиган, совутадиган мурватларни синчиклаб ўрганди. Токчаларда қўл текизилмаган шампун, гел идишлари турар, янги баданишқалагичлар осиғлиқ эди. У баданишқалагичларга бир қараб қўйди-да, тосга тушди. Жакузида чўмилиш унга хуш ёқди.
Олти яримда қўриқчилари қўнғироқ қилиб, уни гаражда кутишаётганларини айтишди. Анзор бўлса, ўзларининг тепага чиқишларига зарурат борми-йўқлигини суриштирди. Ринат ҳожат йўқлигини билдирди. Сўнг янги костюмини кийиб, унга мос бўйинбоғ танлагач, ўзини кўзгуга солиб, кўринишдан мамнун бўлди. Уйдан чиқишдан олдин, ён дафтарча билан ручкасини ҳам олиб олди. Ўзига нималар кераклигини йигитларига ёзиб беришни ўйлади. Дўкондан асл атир-упадан тортиб, нонгача олиб келишсин. Уйи ҳамон ҳувиллаб ётарди. Айтгандай, ўзи эрталаб ичадиган қаҳвани ҳам ёзиш керак. Нонушта учун сариёғ, пишлоқ, ветчина келтиришсин. Балки, колбаса билан балиқ ҳам тайинлаш лозимдир.
У бу борада Тамаранинг кўпроқ нафи тегиши мумкинлигини кўнглидан ўтказди. Ахир, бу уйдаги турмушини изга солиш учун озмунча майда-чуйда керакми?
Николай одат бўйича эшикни очгач, у ҳам азалдан шунда қилиб юргандек, машинага чиқиб, жойини эгаллади. «Национал” меҳмонхонаси томон кетишар экан, йўл-йўлакай Ринат керакли нарсаларнинг рўйхатини ёзиб битирди.
–Мана шу нарсаларни олиш қўлларингдан келадми? –сўради у Николайдан.
Қўриқчи ўгрилиб, рўйхатни олди. Кейин Ринатга тикилди.
–Нима «Национал”да бир ўзингиз қолмоқчимисиз? – суриштирди Николай. –Балки, ёнингизда бирортамизнинг бўлганимиз маъқулдир? Биримиз эса сиз айтган нарсаларни олишга борармиз?
– Бировнинг қолиши шарт эмас,– рад қилди Ринат. –Мен ўзимнинг адвокатларим билан учрашаман. Хавотирга ҳожат йўқ.
–Ундай бўлса, майли, –деди Николай.
–Айтгандай, – Ринат яна гап қотди, – Иосиф Борисович сизларга қанча ҳақ бераётганини билмоқчийдим. Ойига қанча маош тўлаяпти?
Николай Анзорга бир қараб олди. У эса индамади.
–Бу тижорат сири, – деди ниҳоят Анзор. – Бизни барча харажатларни Плавникнинг адвокатлик идораси зиммасига олгани ҳақида огоҳлантиришган, холос.
–Тушунарли. У ҳолда айтмасаларинг ҳам бўлади. Тамаранинг қанча олишини ҳам билмайсизларми?
–Йўқ.
–Тушунарли. Борингларда рўйхатдаги нарсаларни олиб, соат тўққизларда мени олиб кетгани келинглар. Ўйлашимча, икки соатларда гаплашиб бўлсак керак.
–Маъқул. –Николай ўгрилиб унга қаради, – Пул берасизми? Рўйхатга анча нарса ёзилган экан.
–Албатта бераман-да, – Ринат ёнидан пул чиқарди. – Беш юз доллар етадими?
Николай бу гал Анзорга қаради.
–Егулик олишга етади, -деди Анзор,-. Қолганини ўша ерда кўрамиз…
Меҳмонхонага етиб келишгач, Николай ҳаммадан олдин машинадан тушиб, эшикни очди. Соат беш дақиқаси кам еттини кўрсатиб турарди. Ринат ҳам машинадан чиқиб, костюмининг тугмаларини қадади. Кечикмаганлари қандай яхши бўлди-я.
Толорда уни Тамара кутаётганди. Аёл либосларини алмаштирган, эгнига тиллоранг-қўнғиртус одми кўйлак кийганди. Ринатни кўргач, мулойимлик билан жилмайди.
–Сизни ресторанда кутишаяпти, – деди у, –Иосиф Борисович, унинг француз ҳамкасблари мсье Дрюмо билан мсье Леклерк аллақачон келишган. Яна иккита меҳмон ҳам бор. Биттаси россиялик, биттаси эса украиналик янги шерикларингиз. Иккаласи ҳам акцияларининг катта қисми сизга тегишли, аниқроғи келгусида қарайдиган нефтни қайта ишлайдиган бирлашма директорлар кенгашининг аъзоси,– гапини тўғрилади Тамара.– Россиялик шеригингизнинг исми-шарифи Георгий Алексеевич Гомозков, украиналикники Игнат Юрьевич Гребеник. Гомозков эллик уч ёшда, шу соҳанинг йирик билимдонларидан ҳисобланади, шўролар даврида завод директори бўлиб ишлаган. Гребеник ёшроқ, ҳали қирққа кирмаган, бирлашманинг ҳамда бир нечта тармоқ корхоналарининг йигирма фоиз акциясига шунинг қўлида. Сиз билан танишишмоқчи экан.
– Гомозковда қанча акция бор?
Тамара ҳайратга тушиб, унга тикилди.
– Йигирма фоиздан кўпроқ, -деди у,– эллик фоиздан ошиғи эса марҳум тоғангизда эди. Бу акцияларнинг бугунги нархи миллард доллардан ошади. Мутахассиларнинг фикрича, келгусида акцияларнинг баҳоси яна кўтарилиш мумкин эмиш. Сизни яна нималар қизиқтиради?
–Раҳмат, етарли. Сиз биз билан бирга овқатланасизми?
–Йўқ, – аёл сал тумтайди.– Менинг вазифам сизни кутиб олиш ва кузатишдан иборат, холос.
–Миннатдорман. Айтгандай, сиз билан маслаҳатлашмоқчийдим, балки, менга бир яхши котиб топиб берарсиз. Муаммоларнинг кўплигидан бошим ҳам гаранг бўлиб кетди. Сиздақа ёрдамчини қайдан топсам экан?
Тамаранинг юзига табассум ёйилди. У кўпдан кутган сўзини ниҳоят эшитганди.
–Биз бу ҳақда Иосиф Борисович билан гаплашгандик, – деди аёл, – у ҳам сизга ҳамма нарсани ипидан-игнасигача тушунтириб берадиган бир эпчил ёрдамчи керак, деб ҳисоблайди. Лекин бугунги кунда ҳар кимга ҳам ишониб бўлмайди. Чунки, сиз нафақат Глущенконинг меросхўри, балки, дунёдаги энг бадавлат кишилардан бирисиз. Шунинг учун мендан вақтинча ёрдам бериб туришимни илтимос қилди. Агар рози бўлсангиз, бир-икки ой ёнингизда бўламан. Ҳали Францияга бориб, бир талай ҳужжатларни кўришимиз керак. Қолаверса, мен ҳуқуқшунослик бўйича маълумотга эгаман.
–Жуда яхши, – бош ирғади Ринат.– Сизга қанча ҳақ тўлшим керак бўлади.
Аёл йигит томонга ўгирилиб, лабини ноз билан бурди. Кейин жиндек ҳазил аралаш жавоб қилди:
–Билишимча, бу хусусда иккаламиз бир амаллаб келишиб оламиз. Ҳарқалай дўстингизга нисбатан арзонроққа тушсам керак. Мен “машина олиб бер” деб илтимос қилмайман,– бир оз сукут қилгач, қўшиб қўйди, -мобода, ўзингизнинг олиб бергингиз келиб қолмаса.
–Келишдик. – Ресторанга киришгач, Тамара Ринатга дераза олдидаги меҳмонлар мунтазир ўтирган столни кўрсатди.
Ринат ўзининг ҳурматига ўринларидан қўзғолган эркаклар томон юрди. Гомозков деганлари чорпахилдан келган, оқ сочли, тайпоқ юзли киши экан. Гребеник эса аксинча қотма қадли, ҳаракатчан, чўзинчоқ юзли, тишлари сал сўйлоқроқ кимса эди. Иккаласи ҳам бош акционер билан қаттиқ қўл қисиб кўришишди. Ўтиришгандан сўнг Плавник суҳбатни бошлади. Леклерк баъзи бир гапларини шеригига таржима қилиб турди. Сўз Глущенконинг мерос Ринатга ўтиши учун зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилгунига қадар шериклари тасарруфида турадиган акциялар ҳақида борарди.
Зийрак официантлар қандай тез пайдо бўлишса, шундай тезликда кўздан ғойиб бўлишарди. Ринат санчқини чап, пичоқни ўнг қўлда тутиш лозимлигини эсларди. Аммо Гомозков ушбу одатга хилоф тарзда санчиқини ўнг қўли билан тутди. Буни кўриб Ринат ҳам пичоқдан воз кечди-да, битта санчқи билан кифояланишга жазм этди.
– Марҳум тоғангиз нефтни қайта ишлайдиган корхонанинг акциясидан ташқари яна бир нечта компанияларнинг ҳам эгалик қиларди Жумладан, Львовдаги транспорт компаниясига ҳам унга қарашли эди, – деди Плавник.
–Бунақамас, -деди Гребеник,– ўлимидан бир ярим ой олдин уни сотиб юборганди.
–Қанақасига сотади?– тушунмади Леклерк,– Ҳозирча бизнинг қўлимизда бўлган ҳужжатларда бунақа олди-сотди ҳақида ҳеч гап йўқ.
–Сотган, – тасдиқлади Гомозков. – Менга бу ҳақда ўзи айтганди. Компания фақат зарар келтираяпти, деганди.
–Биздаги ҳужжатларга кўра компаниянинг ўтган йилги соф фойдаси бир ярим миллион долларни ташкил қилган,– эҳтиёткорлик билан изоҳ берди Иосиф Борисович.
–Бўлиши мумкин,– бош ирғади Гомозков, – лекин, негадир сотишга қарор қилганди. Балки, янада каттароқ фойда олишни кўзлагандир.
–Ўша компания қанча туриши мумкин эди? – сўради Дрюмо рус тилидаги сўзларни бир амаллаб топиб.
–Менимча, ўттиз-ўттиз беш милион долларга боради,– деди Гребеник.– Ҳамма автобуслари яп-янги эди. Бунинг устига Ивано-Франково билан Днепропетровскда филиаллари бор эди.
–Ундан қиммат ҳам бўлиши мумкин, – гап қўшди Гомозков, – қирқ миллион долларга борса, ажаб эмас. Шундай десак, ҳақиқатга яқин бўлади.
–Бизда компаниянинг сотилгани тўғрисида ҳеч қанақа ҳужжат йўқ-, -тан олди Леклерк.
–Нима, у компанияни сотгани ҳақида адвокатларига айтиши керакмиди? -тиржайди Гомозков. – Ўзининг мулки. Ҳоҳласа сотади, ҳоҳламаса сотмайди. Ёки сизларнинг қонунларингизда шахсий компаниясини сотиш таъқиқланганми?
–Сиз яхши тушунмаяпсиз, -деди Леклерк мулойимлик билан, – гап шундаки, у Франция фуқароси бўлгани учун албатта солиқ тўлаши шарт бўлган ҳар қандай олди-сотдиси ҳақида хабар бериши шарт эди.Агар у бир ярим миллион сўм соф фойдадан ташқари компанияни ҳам қирқ миллион долларга сотган бўлса, мамлакатимизнинг солиқ хизмати бу ҳақда биринчилардан бўлиб билиши керак. Лекин, компаниянинг сотилгани ҳақида ҳеч қанақа маълумотга эга эмасмиз.
–Ундай бўлса билмадим, – довдиради Гомозков, – балки, бу ҳақда кейинроқ айтмоқчи бўлгандир. Эҳтимол компанияни бошқа бировнинг номига ўтказмоқчи бўлгандир. У гоҳида шундай ҳам қиларди.
Дрюмо шоша-пиша Леклерк нимадир деди.Униси дарҳол савлога тутди:
–Сиз Нижний Тагилдаги металлургия компаниясининг акциясини айтаяпсиз, шекилли?
–Худди шундай. У ўша акцияларни ўтган йилиёқ бошқа компанияга бериб юборганди.
–Тўппа– тўғри. Аммо, бизнинг фикримизча унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Биз акцияларнинг бировга ўтказилмаганини, аксинча, солиқ тўламаслик учун сотиб юборилганини аниқладик. У аввал акцияларни қинғир даромадларни ҳалоллаб олиш учун тузилган махсус фирмага ўтказган, кейин эса асосий эгасига қайтадан пуллаган. Гарчи, олди-сотдининг миқдори юз миллион долларга яқин бўлса-да, бир тийин ҳам солиқ тўланмаган.
“Афтидан тоғам ғирт товламачи бўлганга ўхшайди,-кўнглидан ўтказди Ринат. –Аслида бошқа йўли ҳам йўқ-ку. Бир неча йилда шунча дунё топишнинг ўзи бўлмаслиги ҳаммага аён-ку.”
–Марҳумнинг барча мол-мулкларини тўлиқ текширишдан ўтказишимизга тўғри келади,-деди Леклерк, -лекин, ҳар қандай вазиятда ҳам солиқлар меросхўрдан ундириб олинади. Давлат олдидаги қарз осмонга чиқиб кетмаса, деб қўрқаман.
–Унчаликка бормайди, – деди Плавник хушҳол тортиб.– Гап шундаки, Глущенко франция фуқароси эди, мсье Шарипов эса россия фуқароси, демак, биз солиқ борасида ўз мамлакатимизнинг қонунларига мувофиқ иш тутамиз.
–Аммо, мсъе Шариповнинг франция фуқаросининг меросига эгалик қилаётганин унутманг, –юмшоқлик билан эътироз қилди Леклерк.
– Меросни Россия акциялари билан олаяпти-да, – Плавникнинг овозидаги тантанаворлик янада ортди. – Лекин, мсье Шариповнинг акцияларнинг бир қисмидан бошқа бир россия фуқаро фойдасига воз кечиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олинг, у ҳолда акциялар бир ватандошимиздан иккинчисига ўтган бўлади.
–Франция қонунларига биноан меросхўрликнинг шакли шундай ҳолатда устувор бўладики… – гап бошлади Леклерк.
–Шошманглар, – гапга аралашди Ринат,– мен катта миқдорда солиқ тўлашим кераклигини тушундим. Билишимча, муҳтарам адвокатлар, сизнинг вазифангиз менинг иложи борича камроқ солиқ тўлашимнинг йўлини топишдан иборат. Айнан қилган ишларингиз эвазига тегишли фоизни оласизлар-ку.
– Қўполроқ қилиб айтдингиз-у, лекин, тўғриси ҳам шу, – деди Плавник норози оҳангда,– жаноб Шарипов, сизга маслаҳатим шуки, адвокатларингиз билан ҳеч қачон бунақа оҳангда гаплашманг. Биз сизнинг дўстларингиз, керак бўлса, шерикларингизмиз, яъни асосий маслаҳатчингиз, манфаатларингизнинг ҳимоячисимиз, десак ҳам бўлади. Сиз бўлса бизга қийшайиб қолган эшикни тузатишга чақирилган ёлланма ишчига қарагандек қараяпсиз.
–Кечирасизлар.
–Ҳечқиси йўқ, аслида сиз ҳақсиз. Вазифамиз сизнинг манфаатларнингизни ҳимоя қилишдан иборат, иложи борича марҳум тоғангизнинг меросини тезроқ қўлга олишингиз ва камроқ солиқ тўлашингиз учун қўлдан келадиган ҳамма чорани кўришимиз керак.
Суҳбат давом этаркан, Ринат хатога йўл қўйганини фаҳмлаб, аламангиз сукут сақлар, гап-сўзларга ортиқ аралашмасди. Фақат, Гомозков бир сафар унга савол бериб қолди:
–Акцияларни олгандан сўнг нима қилмоқчисиз? Сотасизми ёки директорлар кенгашида қоласизми? Лекин, шхсий иш бошқарувчингизни тайинласангиз ҳам бўлади, чунки, акцияларнинг асосий қисми сизнинг қўлингизда бўлади.
–Билмадим, – тўғрисини айтди Ринат, – ҳозирча ҳеч нарсани билмайман.
Кечки овқат тунги ўн бир яримда тугади. Ринат ресторандан чиқаркан, бошининг ғувиллаётганини сезди. Иккала қўриқчиси ҳам уни машинасида кутиб туришарди.
–Айтаган нарсаларингизнинг ҳаммасини сотиб олдик –деди Николай.
–Раҳмат, йигитлар, узр сизларни куттириб қўйдим.
У Николайнинг чеҳраси ҳайратдан ўзгарганини ҳам, Анзорнинг кулимсираганинии ҳам пайқамади. Ринат ресторандан қанча қолиб кетишидан қатъий назар, қўриқчиларининг хўжайинларини шунча кутишга мажбур эканига ҳали кўникмаганди.
Уйга соат ўн бирларда етиб келишди. Йигитлар халта-хулталарни юқорига чиқариб, егуликларни музлатгичга жойлашди. Хонадондаги ҳашаматдан уларнинг ҳайратга тушгани сезилиб турарди. Эртага эрталаб соат ўнда келишларини билгач, иккаласи ими-жимида уйни тарк этишди. Ринат ўзининг маҳобатли кошонасида кезиниб, дераза олдига келди.
“Буларнинг менга нима кераги бор?– даъфатан ўйга ботди у,– тушунарсиз учрашувлар, кераксиз мулоқатлар, уч пулга арзимайдиган акциялар учун турмуш тарзимни бутунлай ўзгартираманми? Балки, ҳақиқатан ҳам ҳаммасини сотиб, Францияга кетиворганим маъқулдир?”
У ўгрилиб, телевизор кўришга тутунди. Кайфияти бутунлай расво бўлганди. Телевизорга тикилган кўйи, каналдан каналга ўтказиб, тунги соат учгача ўтирди. Антенаси сунъий йўлдош тизимига боғлангани боис икки юздан ортиқ канални кўрса бўларкан.
Бу пайтда бошқа жойда ўтирган Гомозков ва Гребеник кундузги учрашувни муҳокама қилишарди.
–У ҳали ҳеч нарсадан шубҳалангани йўқ, -деди Гребенник, – гап-сўзига қараганда, нима қилишини ўзи ҳам билмайди.
–Ғирт сўтак, – унинг фикрини қўллаб-қувватлади Гомозков, –Лекин, анави адвокатлари жонимдан тўйдирди. Володя бевақт ўлиб кетганини қара. Энди у пиширган бўтқанининг ҳаммасини биз ейишимизга тўғри келади.
–Ҳечқиси йўқ, боплаймиз, – деди Гребеник ишонч билан, – бундан зўрларининг ҳам белини синдирганмиз. Йигитчангиз эса қўлига бир неча миллион тегса ҳам, хурсанд бўлаверсин. Адвокатлар хусусида ташвиш тортма. Улар билан ҳам тил топишамиз, деб ўйлайман.
8 боб
Эрталаб уни телефон овози уйғотди. Ринат соатига қаради. Ўн ярим бўпти. Уни кутавериб, тоқати тоқ бўлган қўриқчилари қўнғироқ қилаётганга ўхшайди. Йўқ, унақамас. Улар ҳеч ҳам телефон қилишмайди, сабр қилишади. Бу шаҳар телефони эмас, қўл телефоннинг қўнғироғи. Яна нима воқеа рўй берди экан? У тўшагидан ирғиб туриб, меҳмонхонага томонга отилди. Зинапоя чиқаётиб, йиқилиб тушишга сал қолди. Пастга тушиб, яна йигирма қадамлар югуриши керак эди. У қўл телефонини олишга ошиққан кезда, шаҳар телефони ҳам жиринглади. Ринат тўхтаб қолди. Ниҳоят, қўл телефонининг овози ўчди. Ринат шаҳар телефонининг гўшагини кўтарди. Бу ёққа ким телефон қилиш мумкин? Фақат Дима. Адвокатлар бўлиши ҳам мумкин. Аммо, безовта қилган Тамара экан.
–Хайрли тонг,– дея такаллуф билан сўз бошлади аёл,– Бугун ишимиз кўп. Қачон келиб, мени олиб кетасизлар? Ҳозир ўзимизнинг идорадаман.
–Ўн иккиларда,– деди Ринат озроқ ўйланиб.
–Келишдик. Мен сизни уйғотиб юбормадимми?
– Йўқ.
Шу лаҳзада яна қўл тефони жиринглади, у диван устига ташлаб қўйган костюми чўнтагидаги телефонни олишга шошилди. Буниси Лиза экан. Наҳотки, мерос ҳақида эшитган бўлса.?
–Эшитаман, – деди Ринат. – Тинчликми?
–Салом, – гўшакдан собиқ хотининг ҳаяжонли овози эшитилди.– Сенда зарур гапим бор эди…
–Катяга бирор гап бўлдими?
–Ҳа, бу Катяга тааллуқли гап. Ҳаммасидан хабаринг борми дейман?
–Ҳеч гапдан хабарим йўқ. Нима бўлди ўзи?
–Катяни инглиз тили мактабига қабул қилишлари мумкин. Жуда имтиёзли даргоҳ, дейишаяпти. Ҳатто, мактабмас, инглиз тилида сабоқ бериладиган лицей эмиш. Бундан ташқари, немисча ва французчани ҳам ўргатишаркан. Умуман жуда зўр мактабмиш. Менга ҳеч ўйланиб ўтирмасликни маслаҳат беришаяпти. Катька суҳбатдан муваффақиятли ўтди.
–Табриклайман, – деди Ринат. – Мен ҳар доим айтаман, қизимиз жуда ақлли қиз.
–Барвақт табриклаяпсан,– деди Лиза ғижиниб,– ҳали қанақа муаммоларимиз борлигини билмайсан ҳам. Ўша лицейда ўқиш ўн беш минг доллар туради. Тасаввур қилаяпсанми, қанча пул керагини? Менда ҳеч қачон бунча пул бўлмаган. Агар онангнинг уйини сотган пайтларингни ҳисобга олмаганда, бунақа пулни сен ҳам кўрмагансан.
–Бу гапнинг онамнинг уйига нима алоқаси бор?
–Ҳотамтойлик қилиб, бизни кўчада қолдирмаслик учун уйни бизга ташлаб кетдинг, лекин, бу уйнинг Киевдаги уйнинг пулига олинганини доимо эслатиб турасан-да.
–Ҳеч қачон бунақа демаганман.
–Айтгансан. Ўзингнинг олийҳиммат инсон, мени эса шу олийҳимматлигингдан фойдаланган муттаҳам эканимни хусусида ҳар доим илмоқли гап қиласан. Фақат, шуни эсингдан чиқарма, бизни сен ташлаб кетгансан, биз сени ташлаб кетганимиз йўқ.
–Нега қўнғироқ қилаяпсан?– Ринатнинг таъби хира бўлди.
–Ўн беш минг доллар, – такрорлади Лиза,– бу бир йиллик нархи. Нарёғини ҳам ўйлаб қўйишимиз керак. Қўлимга бунча пул ҳеч қачон тушмайди. Ҳозирги юриш-туришингда сенинг ҳам каттароқ пул топишинг даргумон.
–Шу гапни айтиш учун менга қўнғироқ қилдингми?
–Йўқ, – деди Лиза шоша-пиша,– мен ҳаммасини ўйлаб кўрдим. Бунақа имкониятни қўлдан бой бериб бўлмайди. Мен реклама бўлимидаги йигитлар билан гаплашдим. Улар уйимиз билан қизиқиб қолишди. Уч йилга ижарага олиб, ойига икки минг доллардан тўлашлари мумкин экан. Келишсак, бир йиллигини олдиндан ҳам тўлашармиш. Тасааввур қилаяпсанми? Ўн беш мингни мактабга тўласам, қолганига бирорта бир хонали уйни ижарага олиб турармиз. Муҳими, Катькани ўқитиб оламиз.
Ринатнинг нафаси бўғилди. Лиза қизларига яхши бўлишини ўйлаяпти, аммо, қолган тўққиз мингга қаердан дурустроқ квартира топади? Ойига мингдан камроқ, аниқроғи саккиз юз доллар эвазига Москвада яхшироқ уйни ижарага олиб бўлмайди. Айниқса, шаҳар марказида. Агар Лиза уч кун олдин қўнғироқ қилганда, у нима қилишини билмасдан, чорасизликдан дод деворарди. Чунки, қизини имтизли лицейга жойлаштиришнинг, унча қулай бўлмаса-да, бундан бошқа йўлини топа олмасди. Ҳозир бўлса… унинг юзига табассум қалқди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.