Электронная библиотека » Энтони Бёрджес » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "1985"


  • Текст добавлен: 5 июля 2015, 12:30


Автор книги: Энтони Бёрджес


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Энтони Бёржесс
1985: роман

Лианага



Дастлабки беш йилликда

Москвада пайдо бўлган ва агар ишчиларга қаттиқ суянилса, барча иш тўрт йилда бажарилиши мумкинлиги кўзда тутилган плакат




САВОЛ-ЖАВОБ

Йигирманчи юзйилликнинг даҳшатлари қачон бошланди?

1945 йилда, гарчи кўпчиликка бу даҳшатлар якунига етгандек туюлган бўлса ҳам.

У қандай бошланди?

Ниҳоятда чўзилиб кетган урушнинг якунини тезлаштириш мақсадида атом бомбасининг илк бор қўлланилиши туфайли. Бироқ, фашистлар ҳамда эркин дунё (аслида, унчалик ҳам эркин бўлмаган, сезиларли қисми тоталитар тузум ҳукмронлиги остида бўлган) ўртасидаги зиддиятлар барҳам топиши биланоқ, айнан шу дунёни ағдар-тўнтар қилишга қодир, ўта теран қарама-қаршилик учун замин ҳозирланган эди. Коммунистик давлатлар капиталистик мамлакатларга рўбарў келишди ва ҳар иккала томон ҳам ядро қуролларининг чегарасиз арсеналига11
  Арсенал (фр. arsenal – ишхона, устахона) 1. Қурол-аслаҳа ясайдиган, тузатадиган жой; қурол-яроғ омбори. 2. Кўп сонли бирор нарса, катта захира.


[Закрыть]
эга эди.

Хўш, нима бўлибди?

Бир урушни якунлаш мақсадида ишлатилган қуроллар, эндиликда бошқасини очиш учун хизмат қиларди.

1950 йиллардаги дунё ядровий урушининг пировард натижаси қандай якун топди?

Ҳисобсиз атом бомбалари Ғарбий Европа, иккала Америка ва Совет империясининг ишлаб чиқариш марказларига ташланди. Вайронагарчиликлар шу қадар даҳшатли эдики, дунё ҳукмрон элитаси вакиллари атом уруши уюшган жамиятни йўқ қилиб, уларнинг бошқарув лаёқатига ҳам путур етказиши мумкинлиги тўғрисида ўйлай бошлашди.

Шундан сўнг…

Умумий келишув асосида атом даврига якун ясалди. Эндиликда Иккинчи жаҳон уруши даврида ишлатилган анъанавий қурол турлари билангина жанг олиб бориш мумкин эди. Урушлар давом этаверади, боз устига, бу глобал миқёсда табиий ҳолдек қабул қилинади.

Ядровий уруш якунланган пайтда дунёда кучлар мувозанати қандай эди?

Мазкур уруш натижасида дунё учта улкан давлатлар, ёки буюк мамлакатлар блокига ажралди. Алоҳида мамлакатларнинг умри поёнига етди.

Таркибига Қўшма штатлар, Лотин Америкаси ва собиқ Британия Ҳамдўстлиги кирган Океания Конгломерат22
  Конгломерат – бирор бир нарсанинг механик бирикиши, тартибсиз ва хилма-хил аралашув.


[Закрыть]
деб аталди. Уларнинг бошқаруви аниқ бўлмаса ҳам, тахминан Шимолий Америкадан туриб амалга ошириларди. Гарчи, мазкур бирлашган буюк давлатнинг мафкураси инглиз интеллектуаллари томонидан ишлаб чиқилган ва инглиз социализми, ёки ингсоц номи билан машҳур бўлса-да, эски географик номенклатура қайсидир маънода ўз аҳамиятини йўқотди. Бунинг устига, алоҳида миллий ва маданий қадриятларга тарафдорлик, янги эътиқод наздида зарарли ҳисобланарди.

Масалан, Буюк Британиянинг кейинги тақдири қандай кечди?

Буюк Британия Парвоз йўлаги I дея атала бошланди. Қандайдир камситувчи ишоралардан холи, нейтрал баҳо бу.

Қолган буюк давлатлар-чи?

Қолган икки буюк давлат Евроосиё ва Остазия (Шарқий Осиё)дир. Евроосиё бутун минтақавий Европа ва Совет Иттифоқининг сингишиб кетиши натижасида шаклланди. Остазия Хитой, Япония ва Осиёнинг жанубий-шарқий қисмидан иборат эди. Шунингдек, унинг таркибига Евроосиё ҳудуди билан чегараланган, уларга боғлиқлиги уруш йўли орқали ўзгартирилган Манчжурия, Мўғулистон ва Тибетнинг бир қатор вилоятлари кирарди.

Уруш…

Буюк давлатлар ўртасидаги уруш 1959 йилда бошланган ва ҳануз давом этмоқда.

Бошқача айтганда, анъанавий қуроллар билан урушми?

Тўғри. Чегараланган қурол-яроғ ва профессионал армия билан. Замонавий дунёнинг илк урушлари билан таққослаганда армиялар нисбатан кичикроқ. Урушаётган томонлар бир-бирини йўқ қилишга қодир эмаслар. Агар буни уддалай олганларида уруш тугаган бўларди. Уруш эса тугаши мумкин эмас.

Нега тугаши мумкин эмас?

Уруш – бу тинчлик, яъни уруш – замонавий ҳаёт тарзи, худди тинчлик ўтган даврлар учун ҳаёт тарзи бўлгани сингари. Сиёсий фалсафа нуқтаи назаридан уруш ҳаёт тарзидир.

Аммо урушдан мақсад нима?

Аввало, уруш бирор бир мақсадда олиб борилмаслигини айтишга ижозат берсангиз. Уруш ҳаракатлари учун ҳеч қандай моддий сабаблар йўқ. Ҳеч қандай қарама-қарши мафкуралар ҳам. Океания, Евроосиё ва Остазия ҳукмрон партия бошқарувини ҳамда шахсий ҳуқуқий эркинликнинг барча тамойилларини тан олишади. Дунёқарашларнинг тўқна шуви, янаям аниқроғи, ҳудудий экспансияга33
  Экспансия (лот. expansion – кенгайтириш, ерни кенгайтириб юбориш) – давлатларнинг, ижтимоий гуруҳлар ёки ташкилотларнинг ўзга ҳудуд ва бозорлар, хомашё манбаларига нисбатан куч ишлатиш ёки бошқа воситалар орқали ўз сиёсий, иқтисодий таъсир доирасини кенгайтириш йўлидаги ҳаракати.


[Закрыть]
урушнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Лекин бундан қандай маъно бор?

Урушнинг оммага эълон қилинган мақсади – қуруқликда мавжуд трапециясимон ҳудудлар, уларнинг бурчакларида жойлашган Танжер (Марокашдаги шаҳар), Конгодаги Браззавиль ва Австралиядаги Дарвин каби шаҳарларни тасарруфга олиш эди. У ерларда битмас-туганмас арзон ишчи кучлари – оғир меҳнат шароити ҳамда яшаш доирасидаги минимал тўловларга ўрганган миллионлаб эркак ва аёллар яшайдилар. Мазкур совринга эга бўлиш йўлидаги рақобат Экваториал Африка, Яқин Шарқ, Жанубий Ҳиндистон, шунингдек, Малай архипелагига қадар ёйилди ва ўз навбатида талашилаётган ҳудудлар чегарасидан ўтмади. Бир қатор ҳарбий ҳаракатлар Шимолий қутбда ҳам давом этди. Бу ерларда қимматбаҳо минералларнинг улкан захиралари мавжудлиги тахмин қилинади.

Бу оммага маълум сабаб. Аслида-чи?

Бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб чиқаришни бор қуввати билан юргизиш, ҳам паст даражадаги яшаш шароитини сақлаб қолиш. Негаки, тўқ, барчасидан мамнун, истеъмол учун кенг танлов имконияти ва кўп пулга эга бўлган шахс – ҳар қандай олигархик давлат учун ёмон фуқаро. Қорни гўштга тўйган кишининг сиёсат билан иши йўқ. Ҳукмрон партияга фанатик даражада содиқликни айнан камбағаллар намоён этадилар. Устига-устак, холислик ва ҳеч вақт тилга олинмайдиган ватанпарварликни душман остонада турган вақтда уйғотиш осонроқ кечади.

Қандай душман?

Яхши савол. Мен ниҳоясиз уруш ҳақида гапиргандим. Бироқ, сирасини айтганда, бу ҳар доим ҳам одатдаги уруш бўлавермайди. Океания гоҳ Остазияга қарши Евроосиё томонида турса, гоҳ Евроосиёга қарши Остазия тарафида бўлади. Баъзан қолган иккисининг иттифоқи қаршисида ёлғиз қолади. Иттифоқчилар алмашинуви жуда тез кечади. Шунга яраша сиёсий қарашларни ҳам жадал суръатда ўзгартириб туришни тақозо этади. Яна шуниси аҳамиятлики, бир вақтнинг ўзида уруш ўша одатдаги қиёфасини намоён этиши, душманлар ўша-ўша бўлиб қолиши керак. Ҳар қандай вақтда ҳам душман азалий бўлмоғи, яъни ўтмиш ва келажакдаги ғаним бўлиб қолмоғи лозим.

Бу бўлиши мумкин эмас.

Мумкин эмас?! Ҳукмрон партия коллектив хотира устидан назоратни амалга оширади. Архив маълумотларини ўзгартириб, янаям аниқроғи, уларни тузатиб, ўтмишни асл ҳолатда варақлаш мумкин. Ҳозирги ҳақиқат, ҳар доимги ҳақиқат бўлиб қолмоғи керак. Ҳақиқат – маълум фурсатдаги реаллик. Фурсат эса – бугун ва ҳозир. Бошқа сабаб ҳам бор: абадий уруш керак бўлгани ҳолда, унинг муҳокамасини бир четда қолдириш.

Унгача…

Ингсоцнинг асл вазифасини яхши тушуниб олмоқ лозим.

Океания ҳамжамиятини тавсифлаб берсангиз.

Уларнинг табақаланиши ниҳоятда оддий. Аҳолининг саксон беш фоизи – пролетарлар ёки уларни расмий номлари билан атайдиган бўлсак, проллар. Проллар нафратга лойиқ. Улар ўзларида билимсиз, лоқайд, норози ва ҳаракатсиз оммани мужассамлаштирганлар. Улар энг паст вазифа ва функция ларни бажарадилар ҳамда ўз ҳайвоний истакларини қондириш билангина қаноатланадилар. Қолган ўн беш фоизи эса – ички ва ташқи партиялар. Ташқи партия – ўзларини ингсоц метафизика44
  Метафизика (юн. “meta ta physika” – физикадан кейин. Аристотелнинг фалсафий асарлари номидан олинган) – диалектикага қарама-қарши ўлароқ, табиат ва жамият ҳодисаларини ривожланишда бир-бирига боғлиқ ҳолда олиб қарамасдан, бир-биридан узилган ҳолда турғун ва ўзгармас ҳолда текширадиган, ҳодисаларнинг ички қарама-қаршиликларини инкор этувчи билим методи.


[Закрыть]
сини ҳаётга татбиқ этишга бағишлаган, сайланадиган аристократия. Ички партия эса ўз-ўзидан амалдорлар, паст даражадаги давлат хизматчиларидан ташкил топган. Улар ҳокимият дарахтининг асосий тўртта шохи билан машғуллар. Булар: Меҳр-муҳаббат вазирлиги, Фаровонлик вазирлиги, Ҳақиқат ва адолат вазирлиги, Тинчлик вазирлиги.

Тинчлик?!

Аслини олганда, Уруш вазирлиги. Лекин уруш – бу тинчлик.

Партияни ким бошқаради?

Ҳеч ким. Катта Оға дея аталувчи ҳеч ким. Ҳеч қачон туғилмаган ва ўлмайдиган. Катта Оға – Худо. Уни айбдор қилмоқ, шу билан бир қаторда севмоқ лозим.

Бу мумкинми?

Бу ҳаттоки зарур.

Лекин буйруққа асосан севишга мажбурлаш мумкинми?

Бунинг учун етарлича усул ва воситалар топилади. Никоҳ орқали туғиладиган севгини, ота-она ва болалар ўртасидаги меҳрни, жинсий алоқадан пайдо бўладиган ҳузур-ҳаловатни, қолаверса, авлод қолдириш қувончини йўқ қилиш, эмоционал (ҳиссий) эҳтиёж дея аталувчи объектга йўналтиришда қўл келади. Эммануель Голдстейн сингари Катта Оғани ёмон кўрувчи, Океанияни яксон қилишни истайди ган душман билан мудом ҳамфикр хоин бор. Бу аҳоли орасида мудом қўрқув ва нафратнинг ошиб боришини, уларни қутқариш ҳамда ҳимоялашга қодир ягона кучга янада қаттиқроқ боғланишни кафолатлайди.

Ингсоц метафизикаси нима?

Асосий сабаб ёки сабаблардан бири ҳисобланган, шунингдек, уни кузата оладиган онгли мавжудотга эга бўлмаган Олий воқелик. Ғоялар сезги органлари орқали қабул қилинувчи ахборотлар билан бир қаторда, субъектив фантомлардан55
  Фантом – шарпа, арвоҳ, кўланка.


[Закрыть]
ортиқ эмас. Аммо гап индивидуал (шахсий) эмас, балки коллектив онг ҳақида кетмоқда. Катта Оғанинг идроки бошқа ҳамма онгни ўзида мужассам этади. У идрок этган воқелик – ягона ҳақиқат. Қолганлари – ёлғон, бидъат ва давлат учун хавфлидир. Индивид партиянинг барча нуқтаи назарини иккиланишларсиз, шубҳа қилмасдан, ҳатто бу ҳақида ўйламасдан ўрганмоғи керак. Қўшфикрлилик номли машҳур усулни қўллаб, қарама-қарши туюлган ғоялар билан ҳам муроса қилмоғи зарур. Ички конфирмизм66
  Конфирмизм (лот. conformis – ўхшаш, мувофиқ) – мавжуд тартиб-қоидалар ва ҳукмрон нуқтаи назарларга мослашиш ёки уларни пассив қабул қилишни билдирувчи маънавий-сиёсий атама.


[Закрыть]
етарли эмас. Бу бутунлай чин юракдан ва ҳақиқий садоқат бўлиши керак. Агар алоҳида шахснинг идроки партия тарихи билан зиддиятга борса, дарҳол онг устидан назорат воситаларини ишга солмоқ даркор. Ҳар қандай қарама-қаршиликни тезда бартараф этиш мумкин ва лозим. Қўшфикрлилик – эътиқоднинг бутунлигича инстинктив, самимий ва шубҳасиз муҳим аҳамиятга эга воситаси.

Партиянинг метафизик мафкурани такомиллаштириш ва кенг ёйишдан ташқари вазифаси – ингсоцнинг асл мақсади нима?

Агар сиз сафсатабозлик ва риёкорликни кутаётган бўлсангиз, бу бефойда. Ташкилотнинг мақсади қўл остидагиларнинг фаровонлиги, моддий таъминоти эмас. Ташкилот ҳукмронлик туфайли мавжуд. Партия ўзидан ташқаридаги ҳаммани тўлиқ назорат қилишни, барча ташқи ҳақиқатни ҳазм қилишни истайди. Лекин атайлаб душманни ассимиляция77
  Ассимиляция – сингдириш.


[Закрыть]
қилишга интилмайди. Остазия ва Евроосиё ўртасидаги уруш асло тугамайди, хиёнаткор Голдстейн ҳеч қачон ўлмайди. Чунки ингсоцга душманлар керак, худди қарсилдоққа ёнғоқлар зарур бўлгани каби. Кенг миқёсда душман устидан ҳукм юргизиш мумкин. Келажак сиймоси – этик, топталган инсоний қиёфа – абадий. Вақти келиб ҳукмронлик лаззатига қолган барча ҳузурбахш истаклар бўйсунади: таом, санъат, табиат ва барчасидан кўпроқ жинсий алоқа.

Наҳотки ҳеч ким инсон эркинлигининг бу қадар ваҳшиёна топталишига қарши чиқа олмаса?

Ҳеч ким. Вақти-вақти билан пайдо бўлувчи ақлдан озганларни ҳисобга олмасак. Катта Оға ўзининг севгиси ва ғамхўрлиги билан бу сингари ажралиб чиққанларни руҳий саломатликка қайтаради. Шундан сўнг эса умумий ҳолатда манқуртга айлантириш учун барча қусурларни тўзғитиб юборади. Қўзғолон – ўтган даврлар феномени. Умуман, сизнинг шахсий озодлигингиз нима ўзи? Нимадан озод бўлиш? Нима қилмоқ эркинлиги? Инсон худди ит-бургалардан озод бўлгани сингари касалликлардан холи бўлиши мумкин. Лекин мутлақ эркинлик бу бўшлиқдаги эркинликдир. Ўтган инқилоблардаги баландпарвоз шиорларнинг бари сафсата. Озодлик. Тенглик. Биродарлик. Бахт излаш. Саховатпеша. Билим. Ҳокимият – ўзгача иш. Ҳокимият – бу равшан. Худо – бу ҳокимият. Ҳокимият – бу абадий.

МАҚСАДЛАР

Оруэллнинг “1984” романини ўқимасдан ҳам “қўшфикрлилик”, “янги тил” ёки “Катта Оға” сингари жумлалар ҳақида билувчилар кўплаб топилади. Аммо муҳими, асар коди индивиднинг барча ахлоқий танлов ҳуқуқларини (айнан шу нарса эркинликдир) бой бериши ҳамда у ёки бу бошқарув аппарати (бу давлат бўлиши шарт эмас)нинг ўзбошимча ҳукмронлиги қаршисида ожиз эканини ўзида яширганлигида. Ҳақиқий 1984 йил кириб келиши ва тугаши, романда тасвирланган даҳшатлар эса амалга ошмаслиги, аслида, 1984 йил балки ўзи билан корпоратив бошқарувнинг таназзули, шу қаторда инсонга эркинлик шабадаларини олиб келмоғи мумкиндир. Оруэлл кодининг таъсирини, унинг қўрқинчли фаразларини йўқ қилиш шарт эмасдир. Бадиий адабиётда эндигина истеъмолга кириб келаётган қўшфикрлилик бизга энг чигал тушунмовчиликларга ҳам ечим топишда қўл келади. Стенли Крамер томонидан Невил Шют романи асосида суратга олинган “Қирғоқда” фильмида дунёнинг охири 1964 йилда келади. “Эски кино” рукни остида бу фильмни телевизордан томоша қилар эканмиз, ҳатто етмишинчи йилларда ҳам олтмишинчи йиллар тўқималари бизни ларзага соларди. Ҳатто фараҳбахш 1984 йилда ҳам Оруэллнинг қўрқинчли тасаввуридаги 1984 аввалгидек инсоният қўрқувининг рамзи бўлиб хизмат қилади.

“1984” жумласи ижтимоий зулмнинг анчайин мавҳум ифодаси сифатида қўлланилади. Бу мавҳумликдан фақатгина шикоят қилиш мумкин. Америка коллежларида таҳсил олувчи талабалардан аудиторияда марихуана чекмасликни ёки мулойимлик билан ўқув дастурини озгина ўқишни сўраганларида улар айтдилар: “Нақ 1984 йил-ку, қария”. Кенг маънода “оруэллча” атамасини барча нарсада қўллашди – компьютер босмасидан тортиб, янги аэропортдаги паст ҳароратгача. Парвоз йўлаги I да компьютерлар деярли йўқ ва кўпгина иншоотлар – Виктория давридан қолган, нураган уйлар. Биноларининг пештоқлари озгина бўёққа муҳтож, рассомлар таъбири билан айтганда, саройлари илвираган ҳозирги Ленинград88
  Ленинград – ҳозирги Санкт-Петербург шаҳри.


[Закрыть]
Даллас халқаро аэропортидан кўра, кўпроқ Катта Оғанинг Лондонига ўхшаб кетади. “Оруэллча” атамаси “уэллсча” жумласига, янада аниқроғи, 1936 йилда суратга олинган “Келажак қиёфаси” фильми декорацияларига ўхшаб кетади. Модомики, реаллик инсон онгида мавжуд экан, “1984” даги шаҳар манзарасининг моҳияти унинг зоҳирий кўринишида эмас. Конкрет маҳрумликлар, масалан, трамвайлардаги қўшилишга қўйилган тақиқларда “оруэллча” ҳеч нарса йўқ. Оруэлл келгусидаги мутлақ ва тотал режалаштиришни, фалсафий асосланган шахсиятнинг коллективга бўйсунувини проекциялайди. Гарчи воқеалар 1984 йилга кўчирилган бўлса-да, у исталган пайтда содир бўлиши мумкин: Невилл Шютнинг фаразига кўра охират ҳисобланган 1964 йилдан то ҳозирги кунгача бўлган вақт оралиғида.

Олдимизда қуйидаги вазифалар бор: Оруэллнинг “ҳақиқий қўрқинчли туши” асл манбасини топиб, тарих фазасида ҳамда муаллиф шахсиятида қандай шаклланганлигини тушуниш. У қаерларда адашганини ва нималарда ҳақ бўлганини англаш. Келажакнинг муқобил манзарасини ишлаб чиқиш. Бунда асосий ўринга унинг ўзигагина хос бўлган, бизнинг ҳозирги етмишинчи йилларда мавжуд қарашларни тадқиқ этиш йўлини олиб чиқиш. Ниҳоят, бу ривожланиш мевасини ҳақиқий 1984 (кўчирмачиликдан қочиш мақсадида) ёки 1985 йилга кўчириш. Оруэлл сўзлаган тарих Англияда кечади. Шу жумладан, меники ҳам. Ички шовинизмни ёки одатий парокандаликни муҳокама қилишдан олдин, америкаликлар Буюк Британия унга империяни туҳфа этган кенг миқёсли ёрқин сиёсий ўзгаришлар йўлини босиб ўтганлиги ҳақида ўйлаб кўришлари лозим. Салбий ўзгаришлар билан бир қаторда, ижобийларини ҳам.

Фаранглар инглизлардан ақллироқ! Улар янги Конституцияларни қоғозга ёзиб, ақлий меҳнат борасида малакаларини ошириб олишди. Аммо янги ижтимоий ҳаёт тарзи Англияда азалдан шаклланиб келган. Америка Конституциясига Монтескьенинг “Қонун руҳи тўғрисида” асари катта таъсир кўрсатган. Агар Британияда ижтимоий шартнома бўлмаган, Монтескье унинг моҳиятини тушунмаганида асар ёзилмаган бўларди. Британияликлар ўз сиёсий тузумларини ўзлари ҳам унчалик яхши тушунмайдилар. Лекин ўзларини ақлли қилиб кўрсатишга интилмайдилар. Шу боисдан Уолтер Беджгот британияликларни аҳмоқлар деб атаган. Уларга французлар фахрланадиган жамоавий интеллект етишмайди. Лекин улар бу қусурдан сезиларли даражада азият чекадилар демаган бўлардим. Французча интеллект, қайсидир маънода Франциянинг 1940 йилдаги мағлубиятига сабаб бўлгандир. Лекин британча аҳмоқлик Германия фашистлари устидан ғалабага эришди. Ички интуиция (яъни сезги) деб кўкларга кўтаришга арзийдиган аҳмоқликдан XVII асрдаги инқилоб, ижро ҳокимиятини чеклаган 1688 йилдаги қонунлар тўплами ва ҳуқуқлар тўғрисидаги Билль99
  Билль – АҚШ, Англия ва унинг собиқ доминионларида қонун лойиҳаси.


[Закрыть]
дунёга келди. Катта эҳтимол билан замонавий Буюк Британия жамиятидаги чалкашлик ва мавҳумликлар келажак даги Ғарб учун намуна, тимсол бўлиб хизмат қилади. Бу тимсолни ҳар хил сабабларга кўра кўпчилигимиз қоралаймиз. Аммо уни фақатгина ингсоц ва Катта Оғанинг кучи билангина синдириш мумкин.

1948: ҚАРИЯ БИЛАН ИНТЕРВЬЮ

Оруэллнинг китоби ўзининг моҳиятига кўра ҳажвийдир.

Нима?!

Ўзингиз фикр юритинг. Менинг жавонларим бетартиб. “1984”ни ўқишга қарор қилгач, бошида фақатгина итальянча нашрни тополдим. Илк фурсатлардан бу нарса билинган бўларди. Лекин биринчи жумлаларданоқ нимадир нотўғри туюлди: “Era una bella e fredda mattina d’aprile e gli orologi batterono l’una”, яъни: “Апрелнинг салқин ҳамда ойдин куни эди ва соатлар бирга бонг урдилар”. Ахир бу ерда “battevano colpi” – “ўн учга бонг урдилар” жумласи бўлиши керак эди-ку. Таржимон соатлар ўн уч бор бонг чала олишига ишонолмаган – 1984 йилда ҳам онгли инсоннинг қулоқлари ўн иккитадан ортиқ зарбани қабул қилишга ожиз. Шу сабабдан итальян китобхонлари ҳажвий сигнални кўздан қочиришга мажбур бўлишди. Мана, асарнинг аслиятида нима дейилган: “Апрелнинг салқин ҳамда ойдин куни эди ва соатлар ўн учга бонг урдилар”1010
  Жорж Оруэллнинг “1984” романидан келтирилган барча иқтибослар В.Голышев таржимасидан олинди.


[Закрыть]
. Ёки жилмайиб қўясан ёки хахолаб кулиб юборасан.

Ёки сени бузади?

Ёки сени бузади, лекин лаззат билан. Худди огрлар1111
  Огрлар – кельт мифологияси қаҳрамонлари, ёвуз одамхўр гигантлар.


[Закрыть]
ҳақидаги энг яхши эртакларнинг ибтидоси каби – ҳаммамизга таниш оламга ёвузларча ғайритаби ий, қўрқинчли ва ақл бовар қилмас кучлар ташланди. Бошланишига инглизча апрель об-ҳавоси. Серзарда шамол қуёшни эрмак қилади. Чорраҳаларда донадор тўзонларнинг уюрмаси. Путурдан кетган шаҳар узоқ давом этган урушнинг якуни арафасида. Мунғайган кўп қаватли уйлар, қайнатилган карам ва даҳлизлардаги эскирган шолчалар ҳиди.

Ё, худойим, бу кулгилими?

Эски мюзик-холлардаги руҳ сингари кулгили. Ҳажвийлик ҳаддан ташқари яққол кўзга ташланади. “1984”ни бор бўйича баҳолаш учун 1948 йилда қандай ҳаёт тарзи ҳукм сурганлигини ёдга олиш керак. 1949 йил – айнан шу йили китоб чиқди. Кимдир менга Оруэлл асарни “1948” деб номламоқчи бўлганини айтганди. Лекин бу амалга ошмади.

Сиз илк тақризларни эслай оласизми?

Ҳа, уларнинг салмоқли қисмида илиқ ва мақтовли фикрлар билдирилган эди. Фақатгина Бертран Рассел унинг кам учровчи фалсафий роман эканлигини фаҳмлаган. Қолганлар эса қайнатилган карам, увада шолчалар жаноб Оруэллга тоталитаризмни ишонарли тасвирлашда қўл келганлиги ҳақида ёзишди. Қисман бу тўғри: аслида, Оруэлл қашшоқ ва абгор ҳажвчи шоир сифатида танилган эди. “Париж ва Лондонда сариқ чақасиз”, “Уиган бандаргоҳига йўл” – булар кабаре1212
  Кабаре – буржуа мамлакатларида эстрада қаҳвахонаси ёки кичик ресторан.


[Закрыть]
учун жуда ажойиб скетч1313
  Скетч – кичик ҳажвий пьеса тури.


[Закрыть]
лар. Ишчилар синфи ошхоналари Оруэллга ҳар доим яхши ғоялар берган: қизил дарахт рангидек ўткир бир финжон чой, “Халқаро янгиликлар”даги оламшумул қотиллик, картошка ва балиқ, ифлосланган қувурлар. У 1948 йилдаги муҳитни жуда ҳам яхши илғади. Иш кунларидаги ҳорғинлик, муҳтожлик ва рутубат. Уларда фожиавий ҳеч нарса йўқ. Ўша кезларда барча фожиавийлик фашистларнинг концлагерларида жамланган эди. Рус лагерларида ҳам. Лекин, улар ҳақида ўйлаш мумкин эмасди. Бинобарин, сенинг ўз қайғу ва бахтсизликларинг кулгили эди.

Сиз фожиавий бўлмаган, ҳажвий бирор нарса сўзлаб бера оласизми?

Реал ҳаётдан эмас, санъатдан бўла қолсин. Келинг, сизга мен Оруэллнинг 1948 йил ҳақидаги китобини ўқиганим 1949 йил ҳақида гапириб берай. Уруш тўрт йил илгари тугаган ва бизга хавф-хатар етишмаяпти – бомбаларнинг портлаши масалан. Агар сенга даҳшатли хавф таҳдид солаётган бўлса, муҳтожликка кўникиш мумкин. Лекин энди бизга қашшоқлик уруш давридагидан ёмонроқ туюлмоқда ва аҳвол ҳафта ўтган сайин оғирлашиб бораётгандек. Бериладиган тузланган гўштнинг улуши икки бўлакка қисқарди. Ойига бир дона тухум берадилар. Аксарият ҳолларда у ҳам палағда. Қайнатилган карам британча парҳезнинг хушхўр асосига айланди. Сигаретни-ку, излаб ҳам тополмайсиз. Устара учун тиғ бозорлардан йўқолди. Ёдимда, бир ҳикоя шундай сўзлар билан бошланарди: “Бу янги олинган устара тиғининг эллик тўртинчи куни эди” – мана бу ҳақиқий ҳажвия. Ниҳоят, немис бомбалари ҳар ерда кўринарди. Улар ҳосил қилган чуқурларда қоқиўт ва самбитгуллар шодон ўсишмоқда. Буларнинг бари Оруэллда бор.

Сиз айтмоқчисизки, “1984” бор-йўғи Лондоннинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги комик манзарасими?

Умуман, ҳа. Биргина Катта Оғани олайлик. Сиз Катта Оға ҳақида эшитгансиз. “Беннетнинг сиртқи коллежи” тўғрисидаги реклама урушдан олдинги ҳамма газеталарда чиқди. Сиз у ерда келишган, нигоҳлари ўткир, шу билан бир қаторда меҳрибон “Сизнинг отангиз бўлишимга ижозат беринг” деб турган қария Беннетни кўрасиз. Сўнгра бизнесни қўлга олган қиёфаси шафқатсиз, “СИЗНИНГ КАТ ТА ОҒАНГИЗ БЎЛИШИМГА ИЖОЗАТ БЕРИНГ” деб айтаётган ўғил Беннет пайдо бўлди. Нафрат ҳафтасини эслайсизми? Асар қаҳрамони Уинстон Смит электрни ўчиришгани туфайли ўз квартирасига лифтдан кўтарила олмайди. Бу барчамизнинг бошимиздан ўтган. Лекин романда электр Нафрат ҳафтасига тайёргарлик доирасида ўчирилганди. Одатий ҳукуматга хос бўлган non sequitur1414
  Аввалги фикрларга мос келмайдиган, мантиқсиз хулоса (лот.) – Барча изоҳлар таржимонники.


[Закрыть]
. Ана шундагина биз уюштирилган нафрат нима эканлигини билиб олдик. Ҳарбий хизматдалик пайтимда мени нафрат мактаби курсларига юборишди. Бу курсларни шубҳали даражадаги ёш подполковник ўтарди. Ўша обрўли бешафқатнинг дўстидек, а? Бизга душмандан нафратланишни ўргатишди. “Қани йигитлар, нафратланинг, худо ҳаққи. Бу ёввойиларнинг махлуқликларини қаранг. Албатта, бу палидларни бўғизлашни хоҳлайсиз. Тўнғизларга тупуринг. Этикларингиз билан мажақлаб ташланг”. Ва шунга ўхшаш ваҳшиёна бало-баттарлар.

Фикримча, китобнинг ўша қисмидаги номутаносиблик ҳам ҳажвий ҳисобланади, шундайми?

Номутаносиблик?!

Электр ўчирилган, лекин телеэкранда статистик маълумотлар ҳақида бонг урилмоқда. Иккита бир-биридан мустақил электр тармоқлари ҳақидаги фикрни қабул қилиш қийин.

Бу ҳақда ўйламаган эканман. Фикримча, бу нарсани ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмайди. Мана, ўзингиз кўринг: саволларни ва шубҳаларни мажбурий тарзда тарк этиш ҳажвий эртакларга хос. Томошабинга қараган телеэкран-чи? Оруэлл буни Чарли Чаплиннинг “Янги замонлар”идан ўзлаштирган. Лекин бу ерда яна башоратнинг улуши ҳам бор. Биз аллақачон “Табассум қилинг, сизни телевидениеда кўрсатишмоқда” сингари эълонлари бор супермаркетлар даврига етиб келдик.

Ўша замонларда Англияда телевидение бормиди?

Нима, сиз ақлдан оздингизми? Телевидение бизда ўттизинчи йиллардаёқ бор эди. Жеймс Жойс “Бэрднинг тахтали бомбардировкаси” дея атаган Бэрд тизими ёки шу руҳдаги бирор нарса. Жон Бэрднинг исми Йоги Бэр1515
  1958 йилда пайдо бўлган комикс ва мультфильмлар қаҳрамони.


[Закрыть]
да анча заиф янграйди. Мен Би-би-сининг илк телепьесаси – Пиранделло қаламига мансуб “Гул тишлаган одам” асарини томоша қилганман. Тасвир “Бэрд тахтаси”га ўзгарди, овоз эса радио орқали кетарди. Олдос Хаксли бу тизимни, агар хотирам панд бермаса, 1932 йилда ўзининг “Ажиб янги дунё”сига кўчирди. Телевидениедан фойдаланишнинг имкониятларини баҳолаш учун унга эга бўлиш унчалик шарт эмас. “Оппоғой”да қироличанинг ҳар доим бир дона видеороликни айлантирадиган телеэкрани бор. Елизавета Англиясида Роберт Грин “Бэкон оға ва Бенгей оға”да телеэкран ёки кузатиш учун сеҳрли ойнани олиб чиқди. Бу эса тахминан, 1592 йилда бўлганди. Сўз предмет пайдо бўлгунга қадар анча илгари мавжуд эди. 1948 йилда, ўйлашимча, предмет қайтди. У ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизга кириб келиши шубҳасиз эди. Содда ва самимий инсонлар орасида, мурожаат қилаётган шахсларнинг чин маънода сизга қараши таомилга айланганди. Телевидение уйларга бостириб кирди. Урушдан кейинги илк дастурларда кўнгилочар кўрсатувлардан кўра тарбиявийлари кўпроқ бўларди. Экран эски фильмлардаги кичик фигура лар эмас, йирик пландаги шахслар учун эди. Бугун биз зарурат деб ҳисоблайдиган қарашлар қайта қуриш бошида жуда қийинчилик билан амалга ошди. Мен наполеонча урушни чўнтак асбоби даражасида қабул қилиш қобилияти ҳақида гапиряпман. Телевизор меҳмонхона бурчагида кўз сингари бутунича сизга қараб турар эди. У оила аъзоси, шунингдек, катта корпорациянинг агенти ҳам эди. Кўпчилик унинг олдида ечинишга ҳам уялганлигини эслайман.

Сиз буни кулгили ҳисоблайсизми? Эшитинг:

“Албатта, шу фурсатда уларни кузатишаётганини ҳеч ким билмасди. Фикрлар полицияси сенинг кабелингга тез-тез уланиб турадими? – бу ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин. Ҳаммани кузатган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас – ҳатто, суткалар давомида. Яшашга тўғри келди ва сен инстинктга эврилган одат бўйича яшадинг. Яъни ҳар бир сўзингни эшитаётганликлари ва чироқ ўчмагунча ҳар бир ҳаракатингни кузатаётганликларини англаш ҳисси билан”.

Йўқ, кулгили эмас, лекин у қадар қўрқитувчи ҳам деёлмайман. Шахсий ҳаётга ҳақиқий тажовуз – умуман, электрон кўз таъқибига тушиш мумкинлиги. Катта Оға Уинстон Смит ортидан “Ғалаба” турар жойидаги барча вазиятларда бирга, фақат ошхона ёки ҳожатхонага бормайди. (Ва менинг фикримча, агар унга шахсий квартирасида яшашга ижозат этилган бўлса, орқасидан юриш ҳам нотўғри. Кираверишида қулфбузар билан полициячиси каравотда ётган дортуар1616
  Дортуар – ёпиқ ўқув юртларидаги умумий ётоқхона.


[Закрыть]
бўлгани яхшимасми?) Қоронғуликда, тўшакда ҳар қандай исёнкор ўй-хаёлларни суриш мумкин. Телеэкран – ҳақиқий хавф ёки нималар содир бўлаётганини биладиган одамлар учун эшитувдан каттароқ нарса эмас. У – шахсий ҳаётнинг ўлим метафораси. Бу ерда энг муҳими, телеэкран ўчири лиши мумкин эмас. Бу худди мияга ўрнашган реклама мусиқаси, катта корпорациялар ва давлатнинг иштироки ҳақидаги доимий эслатма, анти-“мен”.

Лекин, Уинстонни чиндан кузатишади. Уни ҳатто телеэкрандаги жисмоний тарбия мураббийи бўлган аёл ҳам койийди.

Ҳа, аммо кулгили сабабларга кўра. Вазият урушдан кейин дарҳол машҳур бўлиб кетган “Билли Батлиннинг дам олиш лагерлари”дан унча фарқ қилмайди. У ерда сени ҳар тонг маҳаллий радиодаги қувноқ қичқириқлар билан уйғотишади. У ерда сенга нонушта олдидан баланд мусиқа садоси остида бадантарбия қилишни буюрадилар.

Оруэлл бундай лагерлар ҳақида билармиди?

Йўқ, у бу лагерлар ташкил бўлишидан илгарироқ вафот этганди. Ва уларнинг асосчилари ҳам роман ҳақида билишмасди. Аммо, қизиғи, улар шундай бир вақтда машҳур бўлдиларки, у пайтларда ҳатто энг беозор қонун-қоидалар асосидаги “лагерь” атамаси ва у ҳақидаги ҳар қандай фикр оддий инглиз кўнглида қаттиқ ғазаб уйғотган бўларди. Шубҳасиз, улар анчагина арзон эди. Аммо уларнинг хизматини таклиф этиш учун бу камлик қиларди. Эркаклар ҳарбий хизматдан оилалари билан икки ҳафталик ёзги таътилни армияни эслатиб юборувчи шароитларда ўтказиш учун келардилар: уйғотиш сигнали, кўнгилочар дала тамаддихоналари, жисмоний машқлар (кўплаб аскарлар жанг майдонидан ҳам кўпроқ ёмон кўрадиган ҳарбий ҳаётнинг бир жиҳати). Униформа кийган хизматчи. Уларни “қизил мундирлар” деб аташарди – “қизил қалпоқлилар” деб аталадиган ҳарбий полиция номига ёқимсиз даражадаги ўхшашлик. Радиокарнайлардан эса доимо ҳаммани бахтли бўлишга чорлаётган Катта Оғанинг овози янграрди. Тамаддихонада ўтирган пиёнисталарни конго ёпиқ рақси олдидан “қизил мундирлар”нинг вакилалари ҳайдаб солишарди. “Батлиннинг дам олиш лагерлари” шуни исботладики, инглиз пролетариати интизомдан унчалик ётсирамас экан. Ишчи одам армия ҳаётига қарши унчалик эркин бўлмаган, қаттиқ тартибга солинган шахсий озодликни ва интизомий самимийликни қўйди. Урушдан кейинги пролетариат “Дам олиш лагерларини” Америка ҳарбийлари англиядаги қишлоқларда туганмас навбатлар ҳамда пасткаш бюрократларнинг беорлигига қандай кўниккан бўлсалар, шундай қабул қилди.

Ва бу нимани исботлайди?

Бу ерда мен маъно изламаган бўлардим. Оруэлл инглиз ишчилари мисолида топган маъно ниҳоятда қўрқинчли. Мен ҳажв излашни афзал кўраман.

У ҳолда, 1984 йилнинг 1948 йил билан бир хиллиги қаерда қолди?

Бу вақти-вақти билан рутубатли, вақти-вақти билан зим-зиё комедиянинг бир қисми. Ва жиндек пафос1717
  Пафос (юн. pathos – ҳис, завқ, эҳтирос) – кўтаринки руҳ, жўшқинлик, завқ-шавқ.


[Закрыть]
. Фақатгина қирқинчи йиллардаги ишчилар синфидан чиққан оддий инглиз… “паст бўйли, нимжон …қирмизи юзлари сифатсиз совун, ўтмас устара ва эндигина тугаган қиш совуғидан пўст ташлаган” Уинстон Смит учун йиғлагинг келади. Совуқ ва муҳтожликка кўниккан, одатий камбағаллик ва ёмон овқатланиш туфайли бўйи ўсмай қолган инсон. У умрбод “изтироб аралаш нафрат билан… узоқларгача кетма-кет тизилган, ойналарига картон ёпиштирилган, ямоқ томли XV асрнинг хароб уйлари, уйлар олдида заиф деворли боғчалари бор…” Лондонга боқиб турадими? Жавоб – ҳар доим эмас. Бу Лондон уруш давридаги ёки урушдан эн дигина чиққан Лондон. Бу ҳеч қандай башорат кўзи билан қараладиган Лондон эмас.

Мана буниси аниқ. Меҳр-муҳаббат вазирлиги, Ҳақиқат вазирлиги ва ҳоказо масалалар-чи?

Умуман, Оруэлл уруш йилларида ишлаган Радиоэшиттиришлар уйини Ҳақиқат вазирлиги деб ҳисоблаш мумкин. Би-би-си штаб квартирасини. Қолган вазирликлар шу прототипга айнан ўхшамоғи даркор. Меҳр-муҳаббат вазирлигида дунёдаги энг қўрқинчли ҳодисалар содир бўладиган хона мавжуд – 101-хона. Радиоэшиттиришлар уйининг ертўласида жойлашган 101-хонада Оруэлл Ҳиндистон учун тарғибот эшиттиришларини олиб борган. Радиоэшиттиришлар уйидан унча узоқ бўлмаган жойда, янглишмасам, ҳали ҳам ишлаётган, Би-биси ходимларининг севимли жойи бўлган “Жорж” қаҳвахонаси жойлашган эди. Мусиқачилар жиғига тегаркан, сер Томас Бичем у ерга “Хира пашша” деб лақаб қўйганди. Номнинг ўзи ҳам шилқимона эди. “1984”да ҳам ёқимсиз аурали “Каштан остида” қаҳвахонаси ва якунда айнан шу ерда қўлида жин1818
  Жин – қора арчадан тайёрланган инглизча ароқ.


[Закрыть]
билан ўқни кутаётган Уинстон Смит тасвирланади. Қаҳвахона – ўша қаҳвахона. Фақатгина “Каштан остида”нинг “Мандрагора” клубига ўхшаш жиҳатлари бор эди: у ерда ҳам қаердан келтирилганлиги номаълум жин сотиларди ва шахмат ўйнаш мумкин эди. Қизиғи, “Жорж”даги ёқимсиз муҳит Оруэллнинг ўлимидан сўнг пайдо бўлди. Бу айнан ўша, Дилан Томас, Луис Манкис ёки Рой Кэмпбелл билан бирга ичиб, келгуси сафар келганингда уларнинг ўлганлиги ҳақида эшитиш мумкин бўлган қаҳвахона эди. Уинстон Смит жин ҳўплаб, шахмат бошқотирмасини ечаётган вақтда телеэкрандан қандай қўшиқ янграгани эсингиздами?

 
Тарвақайлаб кетган каштан остида
Бир-биримиз сотдик куппа-кундузи
Мен сени, сен эса мени…
 

Бу нарса бизда доимо талқин қилинади. Шубҳасиз, боягидек ёқимсиз сўзлар билан эмас, аксинча қирол Георг VI ва унинг скаутлар етакчиси сифатидаги роли билан. Қўшиқни ҳатто “Ламбет бўйлаб сайр” сингари рақсга ҳам айлантиришган. Аммо у жуда ҳам даҳшатли ва буколика1919
  Буколика – чўпонлар ва қишлоқ ҳаёти иделлаштириб кўрсатиладиган адабий асар тури.


[Закрыть]
даражада маъсум эди. Оруэлл романдаги аҳмоқона “Сариқ оҳанг”ни қистириб ўтганда, том маънода сизга келажакни юборади. Бу умуман кулгили эмас.

Лекин, сиз унинг китобини бор-йўғи ёқимсиз вақтлар ҳақида муболаға, бундан бошқа нарса эмас, деб атайсизми?

О, йўқ, бундан ортиқроқ. Лекин олдиндан айтиб қўяй, Оруэлл, аслида, келажакни олдиндан айтиб бермаган. Романлар ғоялар туфайли эмас, сенсорли маълумотлар натижасида дунёга келади. Фикримча, бу ерда энг асосийси, романнинг ҳис-туйғуларга кўрсатган таъсири. Мен хитойча гуручли ароқ сингари ёғли ва жирканч ҳидга эга жин ҳақида айтмоқчиман (Уинстон гуручли ароқнинг бундай ҳид таратишини қаердан билди? Бу ерга яқиндагина Бирма2020
  Бирма – Мьянма давлатининг бошқача номи.


[Закрыть]
полициясида хизмат қилиб қайтган муаллифнинг шахсий хотиралари аралашади). Сигарет етишмасди ва маълум вақтда бериладиган ягона сигарет “Ғалаба” деб аталарди. Айнан шундай маркали сигаретлар сарҳадлардан ташқарида хизмат қилаётган аскарларимизга аҳён-аҳёнда бериларди. Расво овқат, қўпол кийимлар, қатронли совун, ўтмас устара тиғлари, тамаки ва ич килик ёрдамида ҳиссиётларни алдаб, сенинг исқирт ва жирканч эканлигингга ишонтириш – бари ҳақиқат эди. Фақатгина уни санъатга кўчириш қолганди, холос. Бу тана учун ёқимсиз вақт эди. Сен нон ва энг майда зарур эҳтиёжлар учун ибодат қилардинг, улар эса елкангга тараққиёт тошини ортгандилар.


Страницы книги >> 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации