Электронная библиотека » Энтони Бёрджес » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "1985"


  • Текст добавлен: 5 июля 2015, 12:30


Автор книги: Энтони Бёрджес


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ёшлар гуруҳи қилишдан кўра бўлиш ҳақида қайғуради. У ўзини аъзоликнинг давомийлиги нуқтаи назаридан англай олмайди ва маданий узлуксизликнинг ўзи йўқ. Муҳими, қаердадир ёшлар билан бирга ўтириш. Ҳеч нарса қилмаслик чегарасидаги ҳаракатлар мавжуд, масалан, кучсиз наркотиклар, галлюциногенларни қабул қилиш, рок мусиқасини тинглаш – ҳар иккиси ҳам санъат ва адабиётнинг ўрнини босишга хизмат қилади. Кексалар жамияти ва қоидаларидан бегоналашишдан мубҳам ҳис пайдо бўлади ва бу бегоналикни тажовузкорлик билан изҳор қилишга ҳожат йўқ. Афсуски, геронтократия6363
  Геронтократия – ҳокимиятнинг кексаларга тегишлилик тамойили.


[Закрыть]
агентлари ва эскилар ҳукумати тажовузкор ҳамда мувофиқликни талаб этмоқдалар. Ўзининг борлиги билан кифояланадиган ёшлик мавжудликдан экзистенциалликка ўтишга мажбур. Сиёсат ва контрмаданият кабилар орқали гуруҳ ўзини етуклар жамияти сифатида англайди. У ўн тўққизинчи аср коммунасига ўхшаб ўз-ўзини ўрнатилган тартиб-қоидаларга қарши қўйган бўлса-да, аммо бу тартибни ағдаришга бел боғламаган.

Албатта, буларнинг бари ҳаддан ташқари соддалаштиришдир. Агар, олтмишинчи йиллардаги ёшлар ҳаракатларини ибтидоий анархизм нуқтаи назаридан таърифлаш лозим бўлса, анархизмга бериладиган таърифлар ниҳоятда кўпайиб кетади. Ўз бегоналик туйғуларидан келиб чиқиб Германия ва Скандинавиянинг “прагматик анархистлари” синга ри изчил сиёсий фалсафани яратган ёшлар ҳам бор бўлиб, улар асосан зиёли қатлам вакилларидан иборат эдилар. Хитой Халқ Республикасининг Юньан провинциясида 1968 йилда марказий ҳукумат томонидан бостирилган анархист ёшлар ҳаракати мавжуд эди. Бакунин образига асосан Америка ва Европадаги ўз пайғамбарларининг катталаштирилган суратлари билан полиция, телевидение, автобанлар, уруш, қотиллик, қамоқхоналар, борингки, эскилар томонидан яратилган жамики нарсалардан шикоят қилиб намойишларга чиққан ёшлар мурожаат қилдилар. Бакунин ўжарлик билан давлат мавжуд эмаслигини таъкидловчи ёки ўзини давлатга кўнгилсизликлар туғдиришга бағишлаган, аъзолик ва чиқиб кетиш мутлақо ихтиёрий бўлган ҳаракатнинг илоҳий раҳнамоси бўлиб хизмат қилишга қодир эди. Аммо йигирманчи аср анархистик ҳаракатларининг мақсади асосан давлат ҳокимияти ва куч ишлатар тизимларнинг ҳақиқий альтернативини таклиф этиш эди. Ёшлар коммуналари ва ҳатто кексалар кибуц6464
  Кибуц – мулкий жамият, фаолият ва истеъмолда тенгликни назарда тутувчи Исроилдаги қишлоқ хўжалик коммунаси. Бу ерда гуруҳ маъносида.


[Закрыть]
лари ҳам хоҳлашса-хоҳлашмаса, давлат мавжудлигини тан олишларига тўғри келади: уларнинг ўзлари давлатнинг марҳамати туфайли мавжуддирлар. Бугун давлат йўқ бўлган жойнинг ўзи йўқ.

Озод дунёнинг сиёсий келажаги борасидаги ҳар қандай мунозарада ёшлар ҳаракати анъанавий эркинликка қандай хавф туғдириши мумкинлигини жиддий кўриб чиқиш керак. Ёшлар учун бу нарса ғалати кўриниши мумкин, боиси эркинликни чеклашга бўлган уринишлар тобора авж олаётган замонда улар ўзларини озодликнинг ягона қўриқчилари, деб ҳисоблайдилар. Тўғри, кексалик ёшликнинг эркини чеклашга ҳаракат қилади, лекин аслида, айнан шу нарса ҳамма нарсага рухсат берувчиликдир. Агар одамлар эркин туғилсалар, унда ингсоцга кўра ҳайвонлар эркин туғилгандирлар: иккита турли хил ҳаракатлар орасидан бирини танлаш эркинлиги танлов нимани англатишини билишни тақозо этади. Биз билимларни тўғридан тўғри тажриба натижасида оламиз, масалан, куйган болакай оловдан қўрқади ёки китоблардан ўрин олган ўзгалар тажрибаси орқали. Нео-анархистларнинг овози кинематограф Девид Хоппернинг “Китобларда ҳеч нарса йўқ, йигит” деган, ёки “Ёшларга билимнинг кераги йўқ. Ёшлик ҳамма нарсага ўзи эришади”, деган англиялик поп-қўшиқчисининг овозидир. Примитивизмнинг кичик бир хабарчасига қулоқ солиб, доктор Сэмюэль Жонсон шундай деган: “Ҳаммаси ачинарли, жаноб. Бу ҳайвоний жиҳат”. Мазкур ёндашув шерга қараганда сигирга кўпроқ мосдир. Сигир узоқ вақт далада юради, шунда оқсилни гўштдан тезроқ ва самаралироқ олиш мумкин. Биз кексалар, таълим гўштини таклиф этамиз, контрмаданият ўт-ўланларга қайтмоқда.

Таълим ўтмишдан олинган тез ва тежамкор таомлар асосига қурилган. Бакунин Гегелнинг эксцентрик назарияси билан ўтмишни рад этади. Яъни янги бўлмаган ҳар қандай нарса аҳмоқонадир. Ёшларнинг ўтмишни рад этишлари мутлақо мантиқий, сабаби абадий ҳозирги замонда яшовчи одамлар учун у бефойда. Кексалар ёшларни бостиришга урина бошлаганда, тўқмоқлар ўтмишнинг муқаддас номи билан сайқалланади. Ёшлар таълим муассасаларини рад этишлари шарт эмас, чунки сенга таълим берилаётган вақтда сен ўз муҳитингдасан ва ўқув жараёни бунда аҳамиятга эга бўлмаган ёки рад этилиши керак бўлган нарсаларга умумий нуқтаи назар сифатида қаралади. Яъни ёшлик мафкураси исталган протест га қаратилган. “1984” пайдо бўлган дастлабки йилдан буён ёш анархизм марказий ҳукумат устидан қай даражада устунлик қила олганини мисол сифатида келтириш ибратлидир. 1949 йилда орадан йигирма йил ўтгач, олийгоҳлар бошқаруви вакиллари анъанавий таълим тизимидан осонликча воз кечиши ҳеч бир талабанинг тушига ҳам кирмаган. Талабалар шунчаки талаб қилиш орқалигина ажойиб ҳуқуқ-эркинликларга эга бўлдилар. Кексаларнинг бунга саволи “Нима учун?” бўлди, ёшларники эса – “Нега энди йўқ?”. Соғлом ақл доирасида талабалар ётоқхоналарда нега аралаш ҳолда яшай олмасликлари, нега бетартиб қовушиш мумкин эмаслиги, нима сабабдан гиёҳванд моддаларни бемалол қабул қилиб бўлмаслиги тўғрисидаги саволларга умумий сабабларни топиш қийин. Истеъмолчилар жамиятида таълим ва билимни бошқа истеъмол товарларидан ажратиш қийин. Агар талабалар Петромузикология (рок-мусиқаси тарихи ва эстетикаси), суахили тилининг базавий курси ёки Боб Дилан шеъриятини ўрганмоқчи бўлсалар, улар истеъмолчи сифатида ўз пуллари эвазига ўзлари истаган нарсаларга эга бўлишлари керак. Таълимнинг юқори қийматга эга эканлигини тушуниш учун маънавиятимиз етмаса, у ҳолда унинг мазмуни, Лотин тили ва Ўрта асрлар иқтисодиётини ўргатишга керакли сабабларни топишимиз мушкул. Табиийки, талабалар ўз хоҳиш-истаклари ва норозиликларини ўзлари томонидан сайланган етакчига изҳор қилишлари лозим. Ҳатто анархистларга ҳам раҳбар лозим, деб таъкидлаган Бакунин лидер сифатида ўзини назарда тутганди. Ўз издошлари сингари у ҳам янги раҳбарият турлари эски диктатура ва олигархияларда мавжуд иллатлардан холи бўлиши кераклигини таъкидларди: озод эркак ва аёллар жамиятининг раҳнамоси уларнинг зулмкори эмас, хоҳиш-истакларни қондирувчи вакил бўлиши лозим, сабаби зулм вайрон этилган ўтмишга тегишли. Замонамизга хос бўлган кулгили феномен – 1968 йилги Париждаги талабалар томонидан содир этилган тартибсизликларда баррикадаларнинг асосий қаҳрамони Даниэль Кон-Бендит ёки Халқаро ёшлар партияси асосчиси Жерри Рубин сингари талабалар етакчиларининг катта саҳнага чиқиши. Ҳозир жуда камчилик эслай оладиган бу номлар француз коллежларида “ўз-ўзидан пайдо бўлган маоистлар”, “голландиялик қўзғолончилар” қотиллик, дўкондаги талончиликлар ва инцест сингари arte gratuit6565
  Arte gratuit – Қизиқишсиз ҳаракат (фр).


[Закрыть]
ларда катта “муваффақият” қозонган пайтлари янгиликларнинг доимий қаҳрамонлари эдилар. Шу ерда савол туғилади: сиёсий фаолиятнинг таълимга қандай боғлиқлик жиҳати бор? Ёшларнинг ҳақиқий етакчилари етарлича билим ва кўникмаларга эга, маданийлашган жамиятда жон сақлаш ва замон шиддатига дош бериш учун нималарни ўрганиши лозимлиги ҳақида хабар берувчи педагоглар бўлиши керак, аслида. Навқирон авлод вакилларининг ўзларига раҳнамо танлаш истаги ўн икки ёшли болалар тенгқурлари орасидан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун етакчи сайлаганларида ўз мантиқий чегарасига етган эди. Бу билан ёш тоифалари чегараси кенгайишдан тўхтаб қолмайди, масала етакчиларни қандай топишда.

Талабалар етакчилари матбуот уларни тасвирлагани сингари эклектик6666
  Эклектика (ёки эклектизм) – милодий II асрда пайдо бўлган, бир-бирига ўхшаш бўлмаган ғоя ва қарашларни бирлаштиришга асосланган фалсафий таълимот.


[Закрыть]
мулоҳазали маҳмадона экстремистлар, ўзларининг қуруқ ва тумтароқ нутқларида Маркс ва Бакунинни, Дзен-буддизм ва маоизмни чалкаштириб юборувчи, борган сари торайиб борувчи озодлик ҳақидаги талабларидан ўзга аниқ дастурга эга бўлмаган кишилардир. Асл хавф-хатар шундаки, ёшлар етук, нимани исташини аниқ биладиган ва чиндан ҳам радикал ақллар қўлида ўйинчоқ бўлишлари мумкин. Талабалар кураш олиб борадиган нарса, айни пайтда оғизларда бўлган, шу туфайли муҳимдек туюладиган ғоядир. 1968 йилда Париж кўчаларига чиққан талабаларни ҳам катта ёшли агитаторлар бошқарган. Ёшлардан иборат гуруҳлардан таран6767
  Таран – қадимги жангларда қалъа ва шаҳар дарвозаларини бузишга мўлжалланган оғир мослама.


[Закрыть]
сифатида фойдаланиш, айниқса, қулай: ёшларда энергия, қизиққонлик ва соддалик бор. Улар ингсоцни амалга татбиқ этишни истовчи тарғиботчилар учун бебаҳо ҳисобланган барча сифатларга эга. Ёшларни ўтмиш ва кексаларнинг душмани сифатида Катта Оғани севиб қолишга ўргатиш осон. Ахир, у эҳтиёткор ва ўзини Ота, деб ҳам атамайди.

Дастлаб Оруэлл дунёси ёшларни ўзига жалб этиши мумкин эди. Унинг ажойиб анархистик хусусияти бор: унда қонунлар мутлақо мавжуд эмас. У ўтмишни ҳозирги кун тўқиб чиқаришни истайдиган ҳар қандай афсоналар билан тўлдириш мумкин бўлган бўшлиқ деб ҳисоблайди. Оруэлл дунёси нафратланадиган қавм сифатида кўҳна анъаналарга содиқ, кескин ва консерватив дахлсиз инсонларнинг кенг гуруҳини яратади. Эски тил ёшлар ва партия оламига хос бўлган мангуликка дохил тушунчаларни ифодалаб бера олмаганлиги важидан рад этилди, аммо янги тилда ёшлар сўзлашув услубининг лаконик шиддати мужассам. Кейинги ҳодисалардан ташқари, ингсоц аввалига ўтмишни йўқ қилишга тайёр ёшлар орасидан шижоатли тарафдорларни топади. Сабаби – бу ўтмиш. Ингсоц инқилобини қабул қилинг, боиси у аллақачон Мао, Че Гевара, Кастро ва Бакуниннинг мифологик аралаш-қуралашларини ўзида мужассамлаштирган. Эскини йўқ қилиш ва янгилик яратиш қувончи инқилобнинг истиқболлари саналади. Инқилобдан кейин нима бўлади – бу бошқа масала.

Агар, янгилик содда ва жоҳил ёшлар томонидан шубҳа остига олинса, уни ўтмишдан олинган меъёрлар асосида қайта таҳлил қилиш мумкин. Албатта, мен ҳайвоний ҳаётдан бошқачароқ, инсонпарварлик ҳисобланадиган, биргаликда биз зерикканча урф-одатлар деб атайдиган қадриятларни ташкил этувчи бало-баттарларни назарда тутмоқдаман. Таассуфки, бу қараш мутлақо назарий ва тахминларга асосланади, яъни Худо инсонни яратганлари ичида энг қадрлиси сифатида севиш учун бунёд қилди, сабаби ҳамма махлуқотлар ичида инсонгина унга энг кўп ўхшайди. Илоҳий мавжудликка инсоний масса эмас, алоҳида шахс яқинлашади. Худо якка-ю ягона, шу жумладан, эркак ёки аёл ҳам худди шу сифатга эга. Худо ҳам, одам ҳам озоддир, аммо одамнинг озодлиги мазкур неъматнинг моҳиятини англагандагина кучга киради.

Инсон озодлиги – мунозаралардан тушмай келаётган мавзу: гарчи у кўпинча таърифларсиз, илоҳиёт ва метафизиканинг моҳиятини тушунмасдан туриб муҳокама қилинса ҳам, ҳамон талабалар йиғинларида ҳаётга қайтмоқда. Пелагий ва Августин издошлари “Инсон озодми, ёки йўқ?” – деган савол билан найзаларни синдирадилар; калвинистлар ва католиклар бир-бирларига бақиришга уринадилар; ҳатто Милтоннинг жаҳаннамида ҳам шайтон шаҳзодалар эркинлик ва тақдири илоҳий ҳақида баҳслашмоқдалар. Тақдири олий битиклари Худо ҳамма нарсани билгани боис, инсон нима қилмасин, унинг ҳар бир ҳаракати Худога аён бўлиши, айнан шу сабаб туфайли одамзод эркин бўла олмаслигини таъкидлайдилар. Мухолифат бу муаммони Худо инсон га ирода эркинлигини атайлаб келажакни кўришни тақиқлаш эвазига берганлигини таъкидлаш орқали ҳал этади. Инсон агар Худо олдиндан кўришни истамаган ҳаракатни содир этса, у ҳолда Худо ўзининг олдиндан кўриш ҳақидаги хотирасига ўтади. Бошқача айтганда, Худо ҳамма нарсани билади, дея таърифланади, аслида эса у ўзининг бу фазилатидан фойда чиқаришга уринмайди.

Эркинликка қарши бўлган далиллар фуқаролик соҳасига ўтказилиши мумкин. Инсон тақдири нафақат генетик жиҳатдан олдиндан белгиланган, балки унинг жисмоний ва руҳий ривожланишига маълум чекловлар муҳити қўйилган. Шу сабабли эркин кўринадиган хатти-ҳаракатлар ғайриихтиёрий ва механик омиллар кўплиги билан белгиланадиган жараённинг якуний оқибати бўлиши мумкин. Инсон ўзининг рефлекс реакцияларини бошқара олмайди. Тарих цикликдир, инсон тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин: у эски жойларга қайтади ва эски ҳаракатларини такрорлайди. Инсон – ижтимоий мавжудот, жамият эса шахсий эркинликни инкор этишдир ва ҳоказо ва ҳоказо. Одам – эркин бўлмаган махлуқот деган тасаввурни енгиб ўтиш қийин ва буни катталарнинг ҳаракатлари онг остида яшириниб ётган болалик тажрибаларидан келиб чиқади, дея таъкидлаган Фрейд ҳам, илк бор ягона мақсад сари ягона йўлдан ҳаракатланишга маҳкум этилган буғ паррагини кўрган Маркс ҳам қўллаб-қувватлайди.

Инсон эркининг ҳимоячилари унинг ниҳоятда кўп тўсиқлар борлигини тан оладилар, аммо эркинликни рўёбга чиқариш иложсиз соҳалар борлигини ҳам таъкидлайдилар. Акс ҳолда, инсон ўз инсонийлик қиёфасини йўқотади. Биринчидан, одамнинг ўзига хослиги, маълум мезонлар асосида маълум хулосалар чиқаришида намоён бўлади. У мазкур ме зонларни тажриба ёрдамида бир-бирига боғлаши мумкин; инсон уларни тажриба ва интуиция комбинацияси орқали ўзлаштиришга қодир. Одам уларни қўллашда мутлақо эркин. Хуллас, инсон объектни чиройли ёки хунук, яхши ёки ёмон, рост ёки ёлғонлигини таъкидлашда эркин танлов ҳуқуқига эга. Уинстон Смит ўз қайдларида эркинлик бу икки карра икки тўртга тенглигини айта олиш имкониятидир, деб ёзади ва у мавжуд бўлган учта эркинликдан фақат бири эканлигини таъкидлайди. Учта тоифани бир-биридан шундай ажратиш керакки, предмет ахлоқсиз бўлгани учун беўхшов ёки (Жон Китсга ҳурмат билан) чиройли бўлгани туфайли ҳақиқат сифатида талқин қилинмасин. Бари динга бориб тақалади: бизга ҳақиқат, гўзаллик ва эзгулик Худонинг фазилатлари, деб уқтирилади. Бироқ, тоза эмпирик ёндашув билан булар одам ҳукм чиқариши мумкин бўлган легитим жиҳатлар эканлигини ҳеч ким инкор этмайди. Агар инсон баҳо беришда эркин бўлса, демак, ўз баҳолари асосида ҳаракатланишда ҳам эркин. Одам билимсиз баҳолай олмайди, сабаби у бўлмаса ҳаракатланиш ҳам мумкин эмас. Таълим ҳам билим, ҳам баҳолаш мезонларини эгаллашдан иборат. Шу туфайли биз билим олмасликдан озод этилмаганмиз. Бу – эркинликнинг биринчи шарти. Бироқ, бизни қандай баҳолашга ва нимага баҳолашга ўргатадиган таълимни золим, дея ҳисоблаш тўғри эмас: у бор-йўғи анъана, бошқача айтадиган бўлсак, ўтмиш бугун билан мулоқот қилади. Мабодо янги сиёсий таълимот пайдо бўлиб, унда ҳукмдорнинг вазифаси қўл остидагиларни нима яхши, гўзал ва тўғри эканлигини танлашдек оғир юкдан халос этиш, дея таъкидланса, яхшиси, бу таълимотдан воз кечган маъқул, боиси бу сингари қарорлар фақатгина алоҳида шахс томонидан қабул қилиниши мумкин. Агар сиёсий партия бадиий асарни ёлғон (яъни партия ҳақиқат деб топган мезонларга мос келмаса) ёки ахлоқсиз (яъни партиянинг хулқ-атвор ҳақидаги қарашларига номувофиқ бўлса) деб қораласа, қаршимизда шахснинг мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига бўлган тажовузга яққол мисол зоҳир бўлади. Бундай ҳукмларни жамоага ўтказиш мумкин эмас: улар индивидуал руҳ нуқтаи назаридан мантиқий.

Одам нафақат ўз қарорлари доирасида ҳаракат қилиш жиҳатдан, балки ўз қарорлари асосида ҳаракат қилмаслик жиҳатдан ҳам эркиндир. Ва энг муҳими – бу инсоннинг табиатига хос бўлиши мумкин – у ўз қарорларига зид равишда ҳаракат қилишда ҳам эркин. Мен кўп чекаман, ўзимда қарамлик аломатларини сезганим учун эмас, чекиш ёки чекмаслик масаласида эркин бўлганим туфайли. Тамакининг зарари тўғрисида менга кўп ва хўб гапиришган, мен чекиш соғлигим учун хавфли, деган хулосага келдим. Шунга қарамай, ўз ҳукмимга қарши ҳаракат қилиб, чекишда давом этаман. “Зарарли одатлар”дан воз кечишни истамаслик эркинликдан кўра кўпроқ қулликка ўхшайди, аммо бу тақдирга тан беришга ва у билан ҳамдард бўлишга ўргатган черков (гарчи давлат бўлмаса ҳам) қаршисида инсоний саркашликни намоён этади. У сиз хоҳ кулгили, хоҳ фожиали бўлсин, адабиёт мавжуд бўлмаган бўларди. Женева ва Массачусетснинг илгариги диний ташкилотлари одамнинг ўзини жазолаш орқали уни гуноҳкор қулликдан (зарарли одатлар назарда тутилган) халос этишни таклиф этганлар. Секуляр теократиялар ва социалистик давлатлар шу каби мафкурани илгари сурадилар ёки жазони “ижобий муносабат”га ўзгартирадилар. Улар фуқаронинг руҳий саломатлиги билан бирга унинг ахлоқи тўғрисида ғамхўрлик қилиш масъулиятини ўз зиммаларига олишни таклиф этадилар. Бундан келиб чиқадики, улар буни бажаришга қодир эмаслар, боиси шундай ҳукмлар борки, уларни фақат якка шахсгина чиқаришга қодир.

Айнан, озодликнинг моҳияти ва уни амалга оширишга имконият берувчи шарт-шароитларни билмаслик туфайли кўплаб ёшлар сиёсий зулм доктриналари чангалига тушмоқдалар. Агар, улар анъана ва ушбу анъанани таълим воситасида етказишни рад этсалар, ўзларини диктатурадан ҳимоя қилишни ҳам рад этган бўладилар. Бошқача айтганда, улар зулм нима эканлигини билишмайди. Ўтмишни рад этиш ва ўз-ўзидан, гегелианлик зарурияти билан янги эскидан яхшироқлигини таъкидлаш ортидан анархизм диктатура учун йўл очади. Бундан ташқари анархист ёвузликни бошқарув воситаси сифатида давлатга боғлайди. Ва эркин жамият ҳам ўз мавжудлигини сақлаб қолиш воситаларини топиши кераклигини тан олишга қодир эмас. Бакунин ўзининг издошларидан фарқли равишда аниқ тушунардики, хавф-хатар нафақат давлат тимсолида, балки олимлар жамияти, банкирлар жамияти сингари нимани исташини биладиган гуруҳлар сиймосида ҳам намоён бўлиши мумкин. Давлатда ҳокимиятни сақлаб қолиш истагини туғдирувчи сеҳрли ҳеч нарса йўқ. Зулм ҳар қандай ижтимоий гуруҳнинг маҳсули бўлиши мумкин.

АҚШда икки сабабга кўра хавфли бўлган ёшлар “коммуна”ларини кўрдим. Улар нодонлик, агрономиянинг асосий тамойиллари асосига қурилган. Уруғни етиштириш ва чўчқаларни боқиш ўтмишдан ўрганилиши керак, лекин ўтмиш рад этилган. Улар кичик бўлса-да, жамиятни бирлаштирадиган принципларнинг моҳиятини билмас эдилар. Улар гуруҳдагина умумий ирода мавжуд, деб ҳисобладилар, кейинроқ маълум бўлдики, гуруҳ бир-бири билан қирпичоқ бўлаётган алоҳида шахслар тўдаси экан. Энг кучли шахс ҳукмронга айланди ва итоат этишни талаб қилди. Итоаткорликка кўпинча иррационал равишда мажбур қилинарди – бундан маълум бўладики – мистик тарзда. Чарльз Мэнсон тўдаси – раҳнамонинг қандай тарзда халоскор ва Исо Масиҳ хусусиятларини ўзида мужассам этганлигининг ажойиб намунаси. Унинг издошлари фашистлар давлатига нисбатан камроқ жиноят содир этишган, бироқ ёвузлик миқдор билан ўлчанмайдиган тушунча. Давлат рад этган ижтимоий бирлик, ўзини ўша давлатнинг қуроли бўлганлардан кўра яхшироқ тутишига кафолат йўқ. Анархист жамиятлар томонидан асос солинган жоҳиллик ва анъаналарни тан олмаслик туфайли, унинг аждодларидан кўра ўзини ёмонроқ тутиши эҳтимоли юқори.

Ҳар қандай жамият, кибуц ёки жамоавий “Уолден”нинг аномалияси (Б.Ф.Скиннер руҳида) – улар бир вақтнинг ўзида юқори даражадаги ижтимоий моҳиятни қабул қиладилар ва инкор этадилар: улар ўзларини ижтимоий тананинг томирларидан узиб қўядилар, лекин унинг бир қисми бўлиб қоладилар ҳам. Скиннернинг “Уолден икки”6868
  “Уолден бир”, эҳтимол, Торо томонидан тасвирланган идеал жамоани назарда тутади.


[Закрыть]
жамоаси ўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва электр энергиясини ишлаб чиқаради, бироқ на асбоб-ускуналар, на механизмлар ишлаб чиқаришга қодир эмас. Унинг симфоник оркестри йўқ, аммо Бетховен ёки Вагнерни лента ва пластинкаларда тинглаш ҳуқуқи бор. Унинг каттагина кутубхонаси бор, аммо ўзи китоб чоп эта олмайди. Американинг баъзи кулгили ёшлар жамоалари ўз уйларини кока-кола қутилари, эски машиналардан қурмоқдалар. Истеъмолчилар жамияти уларни ахлат сифатида қабул қилиб, нафратланади. Антонионининг “Забриски пойнт” фильми апокалиптик саҳна билан якунига етади – у ерда истеъмолчилар жамияти Бакуниннинг кўҳна ва меҳрибон руҳида қирғин қилинади, аммо бу манзаралар машинасида радиоси бўлган қизнинг миясида содир бўлади. Анархизм бўлиши мумкин эмас. Бакунин – ўлган пайғамбар.

Улкан жиноятлари ёшларнинг кўз ўнгида маишийлик ва жангарилик бўлиб кўринадиган Америка Қўшма Штатлари ҳамда Буюк Британия сингари демократик жамиятларда аксил-маданий жамоалар ва норозилик гуруҳлари аксар ҳолатларда давлат аталмиш муассасанинг мустаҳкам зирҳини муваффақиятли тешиб ўтадилар. Вақт ўтиши билан улар қонунларни ўзгартирадилар ва бюрократияни кучайтирадилар. Аёллар тенгҳуқуқлилиги ҳаракати, гомосексуалистлар тенг ҳуқуқлилиги ҳаракати фойдали ва адолатли бўлса ҳам ишга қабул қилиш жараёнидаги ҳуқуқ бузилишларини жиноятга тенглаштирадилар, аммо улар ҳатто тилни ўзгартиришга ҳам тайёрлар, бошқача сўзлар билан айтганда, мен ёзувчи сифатида заррача бўлсин камситувчи сўзлардан фойдалансам, жиноий жавобгарликка тортилишим ҳам мумкин. Худди шу нарса Британиянинг ирқий муносабатлар қўмитаси каби мутаассиблик, камситиш ва “ирқчи тил”ни ҳақли равишда қоралайдиган ташкилотлар учун амал қилади. Бироқ, натижада шахснинг ҳукм чиқариш ва ҳаракат қилиш эркинлиги бузилмоқда. Касаба уюшмалари – мамлакатнинг янада каттароқ жамоаси таъсир доирасида қай даражада улкан кучга эга бўлиш мумкинлигининг ёрқин мисоли (айниқса, Европада). Баъзида таъсир кучлари адолатли асосга эга бўладилар, баъзида эса йўқ. Эҳтимол, ҳаддан ташқари асоссиз талаблар қўядиган таъсир гуруҳлари билан музокаралар жараёнида давлат ахлоқий тамойилларга таяна олмайди. Таъсир гуруҳлари қонуний қабул қилинган жамоавий ҳаракатлар доирасидан мутлақ чиқиб кетишлари ҳеч гапмас: гап сиёсий сабабларга кўра одамлар ўғирланиши ва самолётларнинг гаровга олиниши ҳақида бормоқда. Устига-устак террорчилар Парвоз йўлаги I ни тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада иддао қилмоқдалар. Яқинда катта шаҳарларимиз ҳам гаровга олинганлиги ҳақидаги хабарлар чиқса ажабланмасдим. Бу ўзининг энг юқори чўққисига чиққан бакунинчилик. Ўтган кунлар анархиячисининг карикатураси – асосчи авлиё сингари соқолдор, рождество пудингига ўхшаш тутайдиган қора бомбани кўкрагига босган, ажаловар махлуққа айланган инсон. Ингсоц яратмоқчи бўлган инқилобчиларнинг анъанавий анархистлардан фарқи, уларнинг маъсумлигида ва юқори интеллектга эга эканликларида. Ингсоц мавжуд Ғарб ҳукумат тизимларининг бирортасида пайдо бўлиши мумкин эмас, у осмонларда Бакунин томонидан дуо қилинган ташқарини кўзламоқда.

Фақат шахсгина ҳақиқий анарх бўлиши мумкин. Оруэлл буни шахс ва коллектив ўртасидаги абадий тўқнашув ҳақидаги аллегорияси – “1984” ни ёзганда тушунган. Ўттиз саккиз ёш бўлишига қарамай Уинстон Смит ўз нодонлигининг таъсири туфайли ниҳоятда ёш кўринади, гарчи бу жоҳилликда барча айб унинг гарданида бўлмаса ҳам. У хаёлига келтириши мумкин бўлган ягона озодлик – ҳақиқат ва ёлғонни айта олиш ҳуқуқи. О’Брайан тўғри айтганди: унда давлат мафкурасига қарши тура оладиган метафизика йўқ. Гарчи у аниқ дунёқарашга эга бўлган тақдирда ҳам, партиянинг қудратли машинасини мағлуб этишга кучи етмасди. Мағлуб бўлаётганини билса-да, бироқ унда Сенека қаҳрамонлари сингари курашаётганлигининг ўзиданоқ ички мамнуният туйғуси бор эди. Мазкур ҳолат бугунги кунда ҳатто энг бағрикенг демократик тузум шароитида ҳам эркин фикрловчи индивиднинг бўлиши мумкинлигини мелодрамик бўрттиришдир. Ҳақиқий раҳнамоси Торо бўлган шахс мудом давлатга қарши туради ва таъсир доираларнинг борган сари ўзларига кўпроқ эркинлик талаб қилишлари ҳисобига унинг озодлиги муқаррар равишда чекланиб боради. Онгини тўлдиришга сарфланиши мумкин бўлган вақт ҳар хил қоғозбозликлар, бюрократия билан умидсиз курашларда ўтди. Унинг пуллари мусодара қилинади. У бутун дунё бўйлаб эркин саёҳатга чиқа олмайди, боиси валюта айирбошлашга доир қонун-қоидалар туфайли валюталарни алмаштиришга тақиқ қўйилган. Тамаки ва алкоголь сингарилардан лаззат олиш акциз солиқларининг кескин кўтарилиши ҳисобига мумкин бўлмай қолади. Аммо, у ҳамон эпистемологик6969
  Эпистемология – билимларнинг тузилиши, таркиби, фаолияти ва ривожланишини ўрганадиган фалсафий-методологик дастур.


[Закрыть]
, эстетик ва ахлоқий масалалар бўйича эркин ҳукмлар чиқаришга қодир ва айнан шу ҳукмлар асосида ҳаракат қилиш ёки қилмасликни ўзи белгилайди. У урушни ёвузлик деб атагани туфайли қамоққа тушиши ҳеч гап эмас. У узоқ мулоҳазалардан сўнг, агар ўлдириш шахсияти, мол-мулкига нисбатан тажовузларга қарши ягона реакция, деган хулосага келса, қотиллик содир этиши мумкин. У ўғирлай олади, одобсизлик қила олади, ёзиши, чизиши, бўяши, ижод қилиши мумкин. Шубҳасиз, ўлимига қадар ўз эркинлигини рўёбга чиқариш йўлида азоб чекишга мажбур. “Истаган нарсангни ол, – дейилади испан мақолида, – аммо пулини тўлаб қўй”. Муҳими шундаки, инсон ўз қилмишининг моҳиятини тўлиқ тушунмасдан ҳаракат қилмаслиги лозим. Бу озодликнинг муҳим шарти.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации