Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Йигирма биринчи боб

Сентябрда кечалари совуқ туша бошлади, кейин кунлар ҳам совиди, паркдаги дарахтларнинг барглари сарғая бошлади, шунда биз ёз ўтганлигини англадик.

Фронтда аҳвол жуда ёмон эди, Сан-Габриеле ҳамон ишғол қилинмаганди. Баинзицца ёйлотоғида жанглар тўхтаганди, ой ўрталарига бориб жанглар Сан-Габриеледа ҳам тўхтади. Уни барибир қўлга киритолмадилар. Этторе фронтга жўнади. Отларни Римга олиб кетишди ва отчопарда улоқлар барҳам топди. Кроуэлл ҳам Римга кетди, бу ердан у Америкага жўнатилиши керак эди. Шаҳарда икки марта урушга қарши ғалаёнлар бўлди. Туринда хийла тўполонлар бўлиб ўтибди. Бир инглиз майори менга клубда италянлар Баинзицца ёйлотоғи ва Сан-Габриеледа бир юз эллик минг одам талафот бердилар, деб айтди.

– Булардан ташқари италянлар Карсода яна қирқ минг одам йўқотишди, – деди у. Ичишдик ва унинг тили ечилди.

– Бу йил бошқа уруш бўлмайди – деди у, – италянлар ўзлари ҳазм қилолмайдиган луқмани ютиб қўйдилар. Фландриядаги ҳужумнинг миси чиқди, – деди у. – Агар бундан кейин ҳам шу куздагидек одамларни аямайдиган бўлишса, унда иттифоқдошларнинг тезда нафаси чиқмай қолади. Ҳаммамизнинг тинкамиз қуриди. Ҳамма гап буни тан олмасликда. Қайси мамлакат ўзининг тинкаси қуриганлигини ҳаммадан кейин англаса, ўша мамлакат урушда ютиб чиқади.

Яна ичдик.

– Сиз штабдан эмасмисиз?

– Йўқ.

У эса – штабдан. Ҳаммаси беҳуда. Биз икковлон клубнинг катта чарм диванида ястаниб ўтирардик. Унинг этиги хирароқ теридан тикилган, ялагандай қилиб артилганди. Жуда пўрим этик эди.

– Ҳаммаси беҳуда, – деди у. Ҳамманинг фикри-ёди дивизиялар ва уларни тўлдиришда бўлиб қолган. Дивизия сўраб бир-бирларини ғажиб ташлагудай бўлишади, қўлларига теккан куниёқ уни гўрга тиқиб келишади. Ҳамманинг тинкаси қуриди. Ғалаба нуқул немисларники бўлиб кетмоқда. Ана уларни, падарига лаънат, солдат деса бўлади! Қадимги хуннлар – чинакам солдатлар. Лекин уларнинг ҳам тинкаси қуриди. Ҳаммамизнинг тинкамиз қуриди.

Мен русларни сўрадим. Уларнинг ҳам тинкаси қуриди, деди у. Уларнинг тинкаси қуриганлигини мен ўзим тезда кўрар эканман.

– Австрисларнинг ҳам тинкаси қуриди. Агар улар хуннларнинг бир неча дивизияларини қўлга киритишга муяссар бўлсалар, унда урушни бир амаллаб эплаштириб оладилар.

– Шу кузакда ҳужумга ўтармикинмиз?

– Албатта-да. Италянларнинг тинкаси қуриди. Уларнинг тинкаси қуриганлигини ҳамма билади. Қари хунн Трентинодан ўтиб, Виченцада темир йўлни кесиб ташлайди-ю, италянлар тутдай тўкилади қолади.

– Австрислар ўн олтинчи йилда шундай қилмоқчи бўлган эдилар, – дедим мен.

– Немислар йўқ эди унда.

– Тўғри, – дедим.

– Лекин улар бундай қилишмас-ов, – деди у. – Бу жуда осон. Улар мураккаброқ бир нарсани ўйлаб топишади-ю, шу билан тамом, тинка-мадорлари қурийди.

– Мен кетишим керак, – дедим. – Госпиталга боришим керак.

– Хайр, – деди у. Кейин қувноқлик билан қўшиб қўйди: – Ишингиз ўнгидан келсин. – Унинг муҳокамаларидаги тушкунлик табиатидаги қувноқликка сира уйғун эмасди.

Сартарошхонага кириб соқолимни олдирдим, кейин госпиталга кетдим. Бу пайтга келиб оёғим анча дуруст бўлиб қолган, шунисига ҳам шукр қилмоқда эдим. Уч кун бурун мени қайта кўрикдан ўтказишди. Ospedale maggiore да даволанишим тугаёзган, батамом тузалишим учун битта-яримта дори-дармон олишимгина қолган эди. Шунинг учун тор кўчадан оқсоқланмасдан юриб боришга ҳаракат қилардим. Айвонча тагида бир чол қоғоз суратлар қирқарди. Иккита қиз унинг олдида туришар, чол бошини ён томонга энкайтириб, қизларга қарай-қарай чаққонлик билан қайчида қоғоз қирқиб борарди. Қизлар ҳиҳилашарди. У силуэтларни оқ қоғозга қўйиб қизларга елимлаб беришдан олдин менга кўрсатди.

– Қалай, дурустми? – деди у. – Қалай, сизга ҳам ишлаб берайми, tenente?

Қизлар ўз шаклларини томоша қила-қила кулишганча кетишди. Иккалалари ҳам ёқимтойгина эдилар. Улардан бири госпитал қаршисидаги емакхонада ишларди.

– Майли, – дедим.

– Шапкангизни олиб қўйсангиз.

– Йўқ, шапка билан.

– Унча яхши чиқмайди, – деди чол. – Шошманг-чи, – унинг юзи ёришди, – айтганингиздай, бу ҳатто пўримроқ чиқаркан.

У қайчи билан қора қоғозни қирқа кетди, кейин қоғозни иккига ажратиб, ҳар иккала шаклни картонга елимлаб ёпиштирди-да, менга узатди.

– Қанча беришим керак?

– Керакмас, керакмас, – қўлини силтади у. – Мен сизга шундоғ қилиб бердим.

– Марҳамат, – мен чўнтагимдан танга олдим. – Қўлимни қайтарманг.

– Йўқ. Мен уларни кўнгил ҳушига ишладим. Севган қизингизга тортиқ қилинг.

– Раҳмат. Хайр.

– Кўришгунча.

Госпиталга қайтдим. Идорада менга хатлар бор экан, биттаси расмий ва яна бир қанча хатлар. Менга соғлигимни яхшилаш учун уч ҳафталик таътил берилибди, ундан кейин фронтга қайтишим керак экан. Мен хатни яна бир карра диққат билан ўқиб чиқдим. Ҳа, худди ўзим айтганимдай. Таътил даволанишим тугайдиган кундан, 4 октябрдан бошланаркан. Уч ҳафтаси йигирма бир кун. Бу 25 октябрь дегани. Мен яна бир оз айланиб келаман деб, госпиталдан бир қанча уй наридаги ресторанга овқатланиш, хатларни кўриш ва «Корьере делла сера»ни ўқиш учун йўл олдим. Хатларнинг бири бобомдан эди, унда оилавий янгиликлар ёзилган, ватанпарварлик йўсинида бир қанча маслаҳатлар берилган, икки юз долларлик чек ва бир қанча газета қирқимлари юборилган эди. Кейин яна бир зерикарли хат кашишимиздан, бошқаси шўх улфатлар ичига тушиб қолган француз ҳаво кучларида хизмат қилувчи таниш учувчидан, у ўз шўхликлари ҳақида ҳикоя қилибди, яна бири Ринальдидан эди; у ҳали Миланда узоқ ўтирасизми, қандай янгиликлар бор, деб сўрабди. Рўйхат юбориб, шу рўйхатдаги граммофон пластинкаларини келтиришимни илтимос қилибди. Мен овқат билан бир шиша кьянти буюрдим, кейин коньякли қаҳва ичдим, газетани ўқиб чиқдим, ҳамма хатларни чўнтагимга солдим, газетани стол устида чой пули билан қўшиб қолдирдим-да, чиқиб кетдим. Госпиталда, ўз хонамда формамни ечиб, халат ва пижама кийдим, айвон эшигидаги пардаларни тушириб, ўрнимга ёнбошлаб ётдим-да, Бостон газеталарини ўқишга киришдим. Буларни ўз йигитларига миссис Мейерс келтирганди. «Чикаго-Уайт-Сокс» гуруҳи Америка лигасининг совринини олибди, Миллий лигада эса «Нью-Йорк-Жайэнтс» гуруҳи олдинда экан. Бейб Рут ҳозир Бостонда ўйнамоқда экан. Газеталар зерикарли, янгиликлар хира ва тор, фронтдан олинган хабарлар эскирган эди. Америка янгиликларидан бўлса фақат ўқув лагерида бўлмаганим учун севиндим. Спорт хабарларидан ташқари бошқа ҳеч нарсани ўқий олмадим, ўқиганларимни ҳам қиладиган иш бўлмагани учунгина ўқидим. Бирдан кўп газета ўқисанг, унчалик қизиқмай ўқийсан. Газеталар янги эмасди, шундай бўлса-да, мен уларни ўқир эдим. Агар Америка чинакам урушга кирса, спорт союзлари беркилармикин, деб ўйладим. Беркилмаса керак. Уруш авжида бўлишига қарамай, Миланда ҳамон улоқ чопишлар бўлиб турарди. Францияда эса энди улоқлар чопилмас эди. Бизнинг Япалоғимизни ўша ердан келтириш-ган. Кэтриннинг навбатчилиги фақат тўққиздан бошланарди. У навбатчиликка келганида, унинг қадам товушларини эшитдим, бир марта очиқ эшикдан ўзини ҳам кўрдим. У бир қанча палаталарни айланиб чиқди-да, ниҳоят, олдимга кирди.

– Бугун кеч келдим, жоним, – деди у. – Иш кўп. Хўш, ўзинг қалайсан?

Мен унга газеталарни, таътилни гапириб бердим.

– Мунча яхши, – деди у. – Қаерга бормоқчисан?

– Ҳеч ёққа. Шу ерда қолсам, дейман.

– Бўлмаган гап. Сен бир яхши жойни танлагин, мен ҳам сен билан бораман.

– Борасанми, қандай қилиб?

– Билмадим. Амаллармиз.

– Шакарим.

– Унчаликмас. Шундан бошқа чора қолмагандан кейин ҳаммасини қиласан.

– Нима деганинг бу?

– Ҳеч нима. Мен фақат ўтиб бўлмайдиган бўлиб кўринган тўсиқлар энди ҳеч нарсага арзимаслигини билдим.

– Менимча, буни эплаш қийин бўлади.

– Сира ҳам жоним. Нари борса, ҳаммасини ташлаб кетаман. Лекин бунчаликка бормас дейман.

– Қаёққа борамиз?

– Барибир. Қаерга хоҳласанг. Фақат танишлар йўқ жойни танла.

– Ростдан ҳам қаерга боришимиз сенга барибирми?

– Ҳа. Кетсак бўлгани.

У нимадандир безовта ва ташвишли кўринарди.

– Нима бўлди, Кэтрин?

– Ҳеч нима. Ҳеч нима бўлгани йўқ.

– Тўғримас.

– Тўғри. Ҳеч нарса бўлгани йўқ.

– Ундай эмас, биламан. Айт, жоним. Менга айтмасанг кимга айтасан.

– Ҳеч нарса бўлмади.

– Айт.

– Истамайман. Кўнглингни оғритиши ёки ташвишга солиши мумкин.

– Қўйсанг-чи.

– Ростми? Бу мени ранжитмайди, лекин сени ранжитиши мумкин.

– Сени ранжитмаган нарса нега мени ранжитар экан.

– Айтгим келмаяпти.

– Айт.

– Шартми?

– Ҳа.

– Менинг фарзандим бўлади, жоним. Уч ойча бўлиб қолди. Лекин сен ранжимайсан, тўғрими? Керакмас. Ранжима.

– Ранжимайман.

– Ростданам ранжимайсанми?

– Албатта.

– Мен нималар қилмадим. Ҳаммасини қилиб кўрдим, лекин сира нафи бўлмади.

– Мен сира хафа бўлганим йўқ.

– Шундай бўлиб тургандан кейин мен ҳам хафа бўлиб ўтирмадим, жоним. Сен ҳам хафа бўлиб дилингни хира қилиб юрма.

– Менга сен саломат бўлсанг, бас.

– Мени ўйлайверма. Ҳамма туғади. Бошқаларда ҳамма вақт бола туғилади. Ҳеч бунинг ажабланадиган жойи йўқ.

– Малагим.

– Эркалаб юбординг. Лекин сен бу ҳақда ҳадеб ўйлайверма, жоним. Мен сенга ташвиш орттирмасликка ҳаракат қиламан. Биламан, ҳозир сени ташвишга қўйдим. Лекин мен шу кунгача ҳеч нарсани билдирмадим, тўғрими? Сен хаёлингга ҳам келтирмаган эдинг-ку?

– Йўқ.

– Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Сен ҳеч қачон ташвиш тортмаслигинг керак. Кўриб турибман ранжиганингни. Бас қил. Ҳозироқ бас қил. Балки бирон нарса ичарсан, жоним? Биламан, озгина ичсанг, кўнглинг очилади.

– Йўқ. Мен шундоқ ҳам хурсандман, шакарим.

– Эркалаб юбординг. Мен ҳаммасини тўғрилайман, биз бирга бўламиз, фақат сен қаерга боришимизни аниқласанг бўлди. Октябрь яхши ой. Биз вақтимизни жуда ҳам ажойиб қилиб ўтказамиз, жоним, сен фронтга кетганингда эса, ҳар куни хат ёзаман.

– Ўзинг қаерда бўласан?

– Мен ҳали билмайман. Лекин энг яхши жойда бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳаммаси яхши бўлади.

Биз жим бўлиб қолдик, гапдан тўхтадик. Кэтрин тўшакда ўтирар, мен ундан кўзимни узмас, лекин бир-биримизга тегмасдик. Хонага чет киши кириб қолганда ҳамма сергак тортиб, ўзи билан ўзи бўлиб қолгандай, биз ҳам ҳозир ўз хаёлимиз билан банд эдик. У қўлини чўзиб менинг қўлимга қўйди.

– Сен хафамасмисан, жоним, айт?

– Йўқ.

– Ўзингни худди тузоққа тушгандай ҳис қилмаяпсанми?

– Эҳтимол, бир оз шундайдир, лекин бу сен туфайли эмас.

– Мен ҳам шундай деб ўйлаяпман. Қўй, шунақа гапларни гапирма. Мен умуман тузоққа демоқчиман.

– Физиология доимо тузоқ.

У қимир этгани, қўлини тортиб олгани ҳам йўқ, лекин назаримда бир зумда мендан йироқлашиб кетгандай бўлди.

– Хунук сўз. Нега доимо, дейсан.

– Кечир.

– Ҳечқиси йўқ. Лекин биласанми, менинг биринчи марта бўйимда бўлиши, биринчи марта бировни севишим. Мен сен хоҳлагандай бўлишга тиришдим, сен бўлсанг, томдан тараша тушгандай қилиб «доимо» деб ўтирибсан.

– Тилимни кесиб ташласам рози бўласанми? – дедим.

– Жоним! – У узоқлардан яна ёнимга қайтди. – Эътибор берма. – Биз яна бирга эдик, орамиздан гина-кудурат кўта-рилди. – Ахир, икковимиз бир одаммиз, шунинг учун майда-чуйда нарсаларга ижикилашиб ўтирсак яхши бўлмайди.

– Кераги ҳам йўқ.

– Бунақа гаплар бўлиб туради. Одамлар бир-бирларини севишади-да, майда-чуйда гаплар билан бир-бирларининг таъбларини хира қилишади, жанжаллашишади, кейин тўсатдан бошқа-бошқа одам бўлиб қолишади.

– Биз ҳеч қачон уришмаймиз.

– Кераги ҳам йўқ. Дунёдаги ҳамма бошқа одамлар олдида биз бир одаммиз. Агар бизга бирон нарса бўлса, биз тамом бўламиз, улар бизни тутиб олишади.

– Уларнинг қўллари етмайди бизга, – дедим. – Чунки сен жуда мардсан. Мардлар эса балолардан йироқ бўладилар.

– Барибир мардлар ҳам ўладилар.

– Фақат бир марта.

– Шундаймикин? Ким айтган буни?

– Қўрқоқ минг марта, мард бир марта ўлади, дебми?

– Ҳа-да. Ким айтган буни?

– Билмадим.

– Ўзи қўрқоқ бўлган, шекилли, – деди у. – У қўрқоқларни яхши биларкан, лекин мардларни сира тушунмас экан. Мард агар ақлли бўлса, икки минг марта ўлиши мумкин. Фақат буни чўзилиб гапириб ўтирмайди.

– Билмадим. Марднинг юрагини кўриб бўлмайди.

– Ҳа. У шуниси билан кучли.

– Сен жуда доно экансан.

– Сен ҳақсан, жоним. Бу гапинг тўғри.

– Сен ўзинг мардсан.

– Йўқ, – деди у. – Лекин мен мард бўлишни истардим.

– Мен эса, мард эмасман, – дедим. – Мен ўз қадримни биламан. Буни билишга вақтим етарли бўлган эди. Мен бир мавсумда йигирма иккини урадиган ва шундан бошқага қодир эмаслигини билган бейсболчига ўхшайман.

– «Мавсумда йигирма иккини урадиган», деганинг нимаси? Катта гапга ўхшайди.

– Катта гап эмас. Бу бейсбол гуруҳида ўртамиёна ҳужумчи дегани.

– Барибир ҳужумчи экан-ку, – масхара қилди у мени.

– Биз бир-биримизга гап бермайдиган одамларга ўхшаймиз, – дедим. – Лекин сен мардсан.

– Йўқ. Аммо бир кун келиб мард бўлиш умидим бор.

– Икковимиз ҳам мардмиз, – дедим. – Мен ичганимда жуда ҳам мард бўлиб кетаман.

– Биз ажойиб одамлармиз, – деди Кэтрин. У шкафдан коньяк билан стакан олди. – Ич, жоним, – деди у. – Бу сенга ахлоқинг яхши бўлгани учун.

– Ичгим келмаяпти.

– Ич, ич.

– Ҳай, майли. – Мен стаканга озроқ коньяк қуйиб ичдим.

– Шуниси ҳам борки, – деди у. – Коньяк қаҳрамонлар ичимлиги эканлигини мен биламан. Лекин кўп ичмаган маъқул.

– Урушдан кейин биз қаерда яшаймиз?

– Ажабмас ибодатхонада яшасак, – деди у. – Мен соддалик қилиб уч йилдан бери уруш Исо туғилган кунда тугайди, деб юрибман. Лекин энди мен уруш ўғлимиз лейтенант бўлганда тугайди деб турибман.

– Балки у генерал бўлар.

– Агар бу юз йиллик уруш бўлса, генерал бўлишга ҳам улгуради.

– Озгина ичмайсанми?

– Йўқ. Сен коньяк ичсанг, доим кайфиятинг кўтарилади, менинг бўлса, бошим айланади.

– Сен сира коньяк ичмаганмисан?

– Йўқ, жоним. Мен жуда қолоқ хотинман.

Мен шишага қўл чўзиб, ўзимга яна коньяк қуйдим.

– Бориб ватандошларингдан хабар олиб келай, – деди Кэтрин. – Унгача балки газета ўқиб турарсан?

– Бормасанг бўлмайдими?

– Ҳозир бўлмаса, кейинроқ.

– Унда ҳозир.

– Унда тез қайтаман.

– Мен газеталарни ўқиб тураман.

Йигирма иккинчи боб

Кечаси совуқ бўлди, эртасига ёмғир ёғди. Мен Ospedale Maggiore дан қайтаётганимда, ёмғир қаттиқ ёғмоқда эди, тоза бўкдим. Хонамнинг айвонига ёмғир сели урилар, шамол, ҳатто айвон эшигига довур ёмғирни ҳайдаб келарди. Мен бошқатдан кийиниб, коньяк ичдим, лекин коньякнинг мазаси ёмон эди. Кечаси ўзимни ёмон сездим, эрталабки чойдан сўнг қайт қилдим.

– Ҳаммаси равшан, – деди госпитал врачи. – Кўзининг оқига қаранг, мисс.

Мисс Гэйж қаради. Ўзингиз ҳам қаранг деб, менга ҳам ойна беришди. Кўзимнинг оқи сарғайиб кетган эди, сариқ бўлиб қолибман. Икки ҳафта тўшакда ётдим. Шуни деб таътилим бузилди, вақтимизни бирга ўтказолмадик. Биз Лаго-Мажоредаги Палланцага бормоқчи эдик. Кузда дарахтлар сарғая бошлаганда у ер чиройли бўлади. Кўрадиган, томоша қиладиган жойлар кўп, кўлда хонбалиқ тутиш мумкин. У ер Стрезадан ҳам яхши эди, чунки Палланцада одам сийракроқ бўларди. Стрезага Миландан бориш осон эди, танишлар ҳам кўп эди. Палланца яқинида эса кўркам қишлоқлар бор эди, эшкаклик қайиққа тушиб, балиқчиларнинг оролларигача бориш мумкин эди, оролнинг ўзида эса ресторан бўларди. Лекин биз боролмай қолдик.

Бир куни сариқ бўлиб ётсам, мисс Ван-Кампен хонамга кириб, шкафни очиб шишаларни кўриб қолди. Мен ҳозиргина қоровулни чақириб бир тўда шишаларни бериб юборган эдим, эҳтимол, мисс Ван-Кампен уни кўриб қолиб яна йўқмикин деб, кирганга ўхшарди. Ҳаммадан ҳам вермут, марсала, капри, кьянтидан қолган шишалар кўп эди, бир нечта коньяк шишаси бор эди. Қоровул вермутнинг каттакон шишалари билан кьянтининг похол саватчаларга ўралган бақалоқ шишаларини олиб кетаман, девди. Мисс Ван-Кампен топган шишалар коньякдан қолган шишалар бўлиб, биттаси айиқ шаклида ишланган кюммель флягаси эди. Мисс Ван-Кампенни, айниқса, айиқшиша жонини чиқариб юборди. У шишани қўлига олди. Айиқ олдинги оёқларини кўтариб орқа оёқларида ўтирар, унинг шиша бошида эса тиқини бор эди, шиша тагида бир қанча ёпишқоқ заррачалар кўриниб турарди. Мен кулдим.

– Кюммель шишаси, – дедим мен. – Энг яхши кюммелни мана шундай айиқ-шишаларда сотишади. Уни Россиядан келтиришади.

– Булар ҳаммаси, янглишмасам, коньяк шишалари бўлса керак? – сўради мисс Ван-Кампен.

– Менга бу ердан кўринмаяпти, – дедим. – Айтганингиз тўғри бўлса керак.

– Бу қачондан бери давом этади?

– Уларни ўзим сотиб олиб келардим, – дедим. – Олдимга тез-тез италян офицерлари келиб туришади, уларни меҳмон қилиш учун коньяк олиб қўйган эдим.

– Ўзингиз ичмас эдингиз, шундайми?

– Ўзим ҳам ичардим.

– Коньяк! – деди у. – Ўн битта бўшатилган коньяк шишаси ва анови айиқ суюқлиги.

– Кюммель.

– Ҳозир одам юбораман, буларни йўқотсин. Бошқа бўш шишаларингиз йўқдир?

– Ҳозирча йўқ.

– Мен бўлсам, сизга яна ачиниб ўтирибман. Садқаи ачиниш.

– Ташаккур.

– Биламан, ҳеч кимнинг фронтга қайтгиси келмайди. Лекин сиз алкоголь ичиб, ўзингизни сариқ қилишдан кўра тузукроқ нарсани ўйлаб топсангиз, маъқул бўлар эди.

– Нима дедингиз?

– Алкоголь ичиб дейман. Мен нима деганимни сиз жуда яхши эшитдингиз. – Мен миқ этмадим. – Сариқдан бошқа бирон нарса ўйлаб топмасангиз, қўрқаманки, тузалишингиз билан сизни фронтга жўнатишга тўғри келади. Ўзингизни атайлаб сариқ қилганингиз учун саломатликни тиклашга берилган таътил бекор бўлса, ажабмас.

– Наҳотки?

– Худди шундай.

– Сиз сира сариқ билан оғриганмисиз, мисс Ван-Кампен?

– Йўқ. Лекин мен бу касални кўп кузатганман.

– Сиз беморлар бу касалдан маза қилганларини кўрганмисиз?

– Ҳар ҳолда бу фронтдан дуруст бўлса керак-да.

– Мисс Ван-Кампен, – дедим мен, – сиз ҳеч ҳарбий хизматдан бош тортиш мақсадида ўз моягига ўзи тепган одамни кўрганмисиз?

Мисс Ван-Кампен саволни эшитмаганга олди. У ё ўзини эшитмаганга олиши, ё хонадан чиқиб кетиши керак эди. Унинг кетгиси келмасди, чунки анчадан бери мени кўргани кўзи йўқ, энди ўч оладиган пайт келиб қолган эди.

– Мен фронтдан қочиш учун ўзларига жўрттага зарар етказган одамларни кўп кўрганман.

– Гап унда эмас. Жўрттага ўзларини зарарлаганларни мен ҳам кўрганман. Мен сиздан ҳарбий хизматдан қочиш учун ўз моягига ўзи тепган одамни кўрганмисиз, деб сўраяпман? Шу сариқ билан оғриганга яқин. Буни унча-мунча хотинлар билавермайдилар. Мана шунинг учун ҳам сиздан сариқ билан оғриганмисиз деб сўрадим, мисс Ван-Кампен, чунки…

Мисс Ван-Кампен хонадан чиқиб кетди. Кўп ўтмай мисс Гэйж кирди.

– Ван-Кампенга нима дедингиз? Жон-пони чиқиб кетибди.

– Биз ҳар хил шароитда одам ўзини қандай ҳис қилиши мумкинлигини гаплашдик. Мен айтдимки, у киши ҳеч қачон туғиб кўрмаганлар деб…

– Жинни бўлибсиз, – деди Гэйж. – У терингизни тириклай шилиб олишга тайёр.

– Шиладиганини шилиб бўлди, – дедим. – У таътилимни бекор қилиб, энди мени дала судига беришдан ҳам тоймас. Қўлидан ҳар нарса келади.

– Унинг сизни кўргани кўзи йўқ эди ўзи, – деди Гэйж. – Нима қилиб айтишиб қолдинглар?

– У фронтга қайтиб бормаслик учун жўрттага кўп ичкилик ичгансиз, дейди.

– Уфф, – деди Гэйж. – Мен оғзингизга бир томчи ҳам олмагансиз деб қасам ичишим мумкин. Сиз оғзингизга ҳеч қачон бир томчи ҳам ичимлик олмаганлигингизни ҳамма билади. У шишаларни топиб олди.

– Юз марта сизга айтдим: шу шишаларни олиш керак деб. Қани улар?

– Шкафда.

– Жомадонингиз борми?

– Манави халтага солинг.

Мисс Гэйж шишаларни халтага жойлаштирди.

– Уларни қоровулга бераман, – деди у эшикка юрар экан.

– Бир дақиқага, – деди Ван-Кампен. – Бу шишаларни мен ола кетаман. – У ўзи билан қоровулни ҳам олиб келган эди. – Қани, уларни кўтаринг-чи, – деди у. – Мен уларни доктор келганда кўрсатмоқчиман.

У йўлакка чиқиб кетди. Қоровул орқасидан халтани кўтарди. У халтада нима борлигини биларди.

Ҳеч нарса бўлмади, фақат таътилимдан айрилдим.

Йигирма учинчи боб

Фронтга жўнайдиган куним кечқурун қоровулни поезд Туриндан келиши биланоқ жой эгаллашга чиқардим. Поезд ярим кечаси жўнар эди. Гуруҳ Туринда ташкил этилиб, соат ўн яримларда Миланга келар ва то жўнатилгунча перронда турар эди. Жой олиш учун вокзалга поезд келмасидан чиқиб туриш керак эди. Қоровул ёнига таътилга келган пулемётчи ўртоғини олиб, икки киши бўлсак жой олиш осон бўлади деб вокзалга кетди. Мен уларга перрон чиптасига пул бердим-да, юкларимни ҳам олволишларини сўрадим. Катта бир рюкзагим ва иккита сафар сумкам бор эди.

Соат бешларда госпиталдагилар билан хайрлашиб чиқдим. Қоровул юкларимни ўз хонасига олиб бориб қўйган экан, унга вокзалда ярим кечадан олдинроқ бўламан, дедим. Унинг хотини мени «signorino» деб атади ва йиғлаб юборди. Кейин кўзларини артиб, қўлларимни силкиди-да, сўнг яна йиғлаб юборди. Мен унинг елкасига қоқиб қўйдим, шунда у яна йиғлаб олди. Бу паст бўйли, юмалоққина, сочлари оқариб кетган, меҳрибон юзли аёл эди. У доим менинг пайпоқларимни ямаб берарди. У йиғлаганда бутун юзи ёйилиб кетарди. Мен бурчакдаги барга бордим-да, деразага қараб кута бошладим. Кўча қоронғи эди, совуқ эди, туманли эди. Мен граппа қўшилган қаҳванинг ҳақини тўладим-да, деразадан тушган ёруғлик парчасида ўткинчиларнинг ўтиб боришини кузата бошладим. Мен Кэтринни кўриб ойнани тиқиллатдим. У бурилиб қаради, мени кўриб жилмайди ва мен унга пешвоз чиқдим. У устига қорамтир кўк ёмғирпўш илган, бошига юмшоқ шляпа кийганди. Биз хиёбондан – вино дўконлари ёнидан юриб кетдик, кейин бозор майдонидан ўтиб яна кўчага чиқдик-да, арк остидан ўтиб, жоме майдонига чиқдик. Майдонни трамвай йўллари кесиб ўтар, жоме йўлнинг нариги томонида жойлашган эди. Жоме оқ ва туманда рутубатли кўринарди. Трамвай йўлларини кесиб ўтдик. Чап томонимизда ёруғ витринали магазинлар ва Galleriaга кирадиган жой бор эди. Майдон устида туман қуюқлашиб борарди, жоме ҳам яқиндан жуда маҳобатли кўринар, девор тошлари эса нам тортган эди.

– Кирамизми?

– Йўқ, – деди Кэтрин.

Яна юриб кетдик. Девордан чиқарилган тош тиргакларнинг панасида бир солдат қиз билан турарди, ёнларидан ўтиб кетдик. Улар деворга маҳкам қисилишиб туришар, солдат қизни ёмғирпўши билан ўраб олганди.

– Улар бизга ўхшайди, – дедим.

– Ҳеч ким бизга ўхшамайди, – деди Кэтрин. Ҳозир унинг ичига чироқ ёқса ёримасди.

– Уларнинг борадиган жойлари ҳам йўқ.

– Балки шундай бўлгани уларга маъқулроқдир.

– Билмадим. Ишқилиб, одамнинг борадиган жойи бўлиши керак.

– Уларнинг жомелари бор, – деди Кэтрин.

Биз жомедан ўтдик. Нариги бетга ўтиб унга қарадик. Жоме туманда чиройли кўринарди. Биз чарм маҳсулотлар магазини олдида тўхтадик. Витринага чавандозларнинг этиклари, рюкзаклар, чанғида учганда кийиладиган оёқ кийимлари қўйилган эди. Улар алоҳида-алоҳида қўйилганди: ўртада рюкзак, бир томонда этик, иккинчи томонда чанғи кийими турарди. Чарм қорамтир, силлиқ, худди эски эгардай йилтирарди. Электр нури хира йилтиллаб турган чармга узун йилтироқ йўллар солганди.

– Насиб қилса сен билан ҳали роса чанғи учамиз.

– Икки ойдан кейин Мюрренда чанғи мавсуми бошланади, – деди Кэтрин.

– Ўша ерга борамиз, хўпми?

– Бўпти, – деди у. Биз бошқа витриналар олдидан ўтиб, ён кўчага бурилдик.

– Мен бу ердан сира юрмаганман.

– Мен бу йўлдан доим Ospedale Maggiore га қатнар эдим, – дедим.

Кўча тор бўлиб, биз ўнг томондан юриб борардик. Қуюқ туманда қаршимиздан кўп йўловчилар келарди. Биз ўтиб бораётган ҳамма дўконларнинг деразалари ёруғ эди. Биз бир деразадаги сирдан ишланган пирамидага тикилиб қолдик. Қурол-яроғ дўкони олдида тўхтадик.

– Бирпасга кириб чиқайлик. Мен у-бу сотиб олишим керак.

– Нима?

– Пистолет.

Биз ичкарига кирдик, мен камарим билан тўппончамнинг бўш ғилофини ечиб пештахта устига қўйдим. Пештахта орти-да икки хотин турарди. Улар менга бир қанча тўппончаларни кўрсатишди.

– Менга ғилофга тушадигани керак, – дедим ғилофни очарканман. Ғилоф кулранг, чармдан тайёрланган бўлиб, уни шаҳарда тақиб юриш учун олган эдим.

– Булар яхши тўппончаларми? – сўради Кэтрин. – Ҳаммаси деярли бир хил. Манавинисини отиб кўриш мумкинми? – сўрадим хотиндан.

– Ҳозир отадиган жойимиз йўқ, – деди у. – Лекин у жуда ҳам яхши. Хурсанд бўласиз.

Мен тепкини тушириб, лўкидонни тортдим. Лўкидон пружинаси қаттиқ эди, аммо тиқилмай келди. Мен мўлжалга олиб тепкини босдим.

– У янги эмас, – деди аёл – Отишга уста бир офицер бор эди, ўшаники.

– Сиздан сотиб олганмиди?

– Ҳа.

– Яна қандай қилиб қўлингизга тушди?

– Ўша офицернинг хизматчиси келтирди.

– Балки меники ҳам сиздадир, – дедим мен. – Қанча?

– Эллик лир. Жудаям арзон.

– Яхши. Менга яна иккита ўқдон билан бир қути патрон беринг.

– У пештахта тагидан ўқдон билан ўқларни олди.

– Балки сизга қилич ҳам керакдир? – сўради аёл, – менда тутилган қилич бор, арзонга берардим.

– Мен фронтга кетяпман.

– Ҳа, унда сизга қиличнинг кераги йўқ, – деди у. Мен ўқлар билан тўппончанинг ҳақини тўладим, ўқдонга ўқларни жойлаб, ўрнига қўйдим, тўппончани ғилофга солдим, қолган ҳар иккала ўқдонга ҳам ўқларни жойлаб қўйдим-да, уларни ғилофнинг чарм чўнтагига солдим, кейин камарни тақиб қадаб олдим. Тўппонча оғирлигидан камарни пастга тортиб турарди. Барибир армияда бериладиган тўппончага етмайди, деб ўйладим. Уларга ҳар доим патрон топиш мумкин.

– Мана энди тўла-тўкис қуролланиб олдик, – дедим.

– Фронтга жўнашдан олдин қилинадиган бирдан-бир ишим шу эди. Ўзимникини госпиталга жўнатишаётганда кимдир олиб қўйибди.

– Ишқилиб, яхши бўлсин-да, – деди Кэтрин.

– Балки сизга яна бирон нарса керакдир, – сўради аёл.

– Керакка ўхшамаётибди.

– Шнурли пистолетчи? – деди у.

– Ҳа, кўрдим.

Аёл яна бирон нарса сотгиси келаётганди.

– Балки сизга ҳуштак керакдир?

– Унчалик керакмас.

Аёл «хайр» деди ва биз кўчага чиқдик. Кэтрин деразадан қаради. Аёл бошини чиқариб бизга таъзим қилди.

– Ёғоч ғилофга солинган кўзгу нимайди?

– Қушларга тузоқ. Шунақа кўзгу билан далага чиқишади, тўрғайлар йилтиллаган кўзгуга келишади, шунда уларни ўлдиришади.

– Устомон бўларкан бу италянлар, – деди Кэтрин.

– Сизларда, Америкада тўрғайларни отишмайди, а, жоним?

– Тасодифан отишмаса, отишмайди.

Биз кўчани кесиб ўтиб нариги бетдан юрдик.

– Ҳозир анча дуруст бўлиб қолдим, – деди Кэтрин.

– Кўчага чиққанимизда жуда мазам қочган эди.

– Бирга бўлсак доим яхши.

– Биз доимо бирга бўламиз.

– Бугун ярим кечаси жўнаб кетишимни ҳисобга олмаганда, шундай.

– Бу ҳақда ўйлама, жоним.

Биз кўчада юриб борардик. Туманда чироқлар сарғимтир кўринарди.

– Чарчамадингми? – сўради Кэтрин.

– Сен-чи?

– Йўқ. Шундай кезиб юриш ёқимли.

– Фақат жудаям узоқ юрмаслик керак.

– Яхши.

Биз чорраҳагача бордик-да, ён кўчага бурилдик, бу кўчада чироқлар йўқ эди. Мен тўхтаб, Кэтринни ўпдим. Ўпаётганимда унинг қўлини елкамда ҳис қилдим. У менинг ёмғирпўшим билан ўзини ҳам, мени ҳам ўради. Биз баланд девор панасида, йўлкада турардик.

– Бирон ёққа бора қолайлик, – дедим.

– Хўп, – деди Кэтрин. Биз ён кўчадан катта кўчага чиққунча юриб бордик, биз чиққан каттароқ кўча каналга олиб борарди. Нариги томонда ғиштин уйлар бор эди. Кўчадан чиқаверишда мен кўприкдан ўтиб бораётган трамвайни кўрдим.

– Кўприкда экипаж топамиз, – дедим. Биз кўприкда, туман ичида экипаж кутиб турдик. Ёнимиздан уйларига шошаётган одамлар билан лиқ тўлган трамвайлар ўтиб борарди. Кейин экипаж ўтди, аммо унда одам бор эди. Ёмғир имирсилай бошлади.

– Яёв борамизми ё трамвайга ўтирамизми? – деди Кэтрин.

– Ҳозир экипаж топамиз, бу ерда кўп бўлади, – дедим.

– Ана, ўзиям келиб қолди, – деди у.

Кучер отни тўхтатиб, счётчигининг белгисини тушириб қўйди. Араванинг усти кўтариб қўйилган, кучернинг плашига ёмғир томчилари ўрнашиб қолган эди. Унинг локланган цилиндри нам текканидан йилтираб турарди. Биз биргаликда орқа ўриндиққа ўтирдик, экипажнинг тепаси кўтариб қўйилганидан ичи қоронғи эди.

– Қаерга боришимизни унга айтдингми?

– Ҳа, вокзалга. Вокзалнинг қаршисида отель бор, ўшанга борамиз.

– Отелга шундай ўзимизни – юкимизсиз киритадими?

– Киритади, – дедим.

Ёмғирда тор кўчалардан вокзалга узоқ юриб бордик.

– Овқатланиб олмаймизми? – сўради Кэтрин. – Мен очқагандай бўлдим.

– Биз ўз хонамизда овқатланамиз.

– Мен кийиниб оладиган ҳеч нарсам йўқ. Ҳатто тунги кўйлагим ҳам йўқ.

– Бўлмаса, сотиб оламиз, – дедим ва кучерни чақирдим: – Виа-Манцонидан юрайлик.

У бошини қимирлатди ва чорраҳага келганда, чапга бурилди.

Виа-Манцонида Кэтрин магазин қидира бошлади.

– Мана шу ерда, – деди у. Мен кучерни тўхтатдим, Кэтрин тушди, йўлкадан ўтиб ичкарига кириб кетди. Мен ўриндиққа суяниб уни кута бошладим. Ёмғир тинмай ёғар, кўчадан намхуш ҳид анқир, отнинг сағридан ҳовур кўтариларди. Кэтрин тугунчак кўтариб чиқди ва биз йўлда давом этдик.

– Жудаям совурмачиман-да, жоним, – деди у, – лекин кўйлак шунақаям чиройли эканки.

Отелга келганимиздан сўнг мен Кэтринни экипажда қолдириб, ўзим бошқарувчи билан гаплашгани ичкарига кириб кетдим. Хоналар исталганча топилар экан. Мен экипажга қайтдим, кучерга пулини тўладим-да, Кэтрин билан бирга отелга кирдик. Тугмачалари йилтироқ бола тугунчани кўтариб олди. Бошқарувчи таъзим билан бизни лифтга таклиф қилди. Қаёққа қараманг, кўзингиз қизил духоба билан бронзага тушади. Бошқарувчи биз билан бирга юқорига кўтарилди.

– Monsiner ва madamе ўзларида овқатланадиларми?

– Ҳа. Карточкани бериб юборсангиз, – дедим.

– Махсус бир нарсалар ҳам буюрадиларми, мурғий ёки суфле?

Лифт ҳар бир қаватда жиринглаб, учинчи қаватга кўтарилди. Жиринглаб, тўхтади.

– Қушлардан қандайлари бор?

– Қирғовул ё бўлмасам лойхўрак тайёрлаб беришимиз мумкин.

– Лойхўрак бўлсин, – дедим. Даҳлиздан юриб бордик. Гиламлар сийқаланиб кетган эди. Чап ва ўнг томонларда эшиклар кўп эди. Бошқарувчи тўхтаб, эшиклардан бирини очиб, ичкарига таклиф қилди.

– Марҳамат қилсинлар. Ажойиб хона.

Тугмалари йилтироқ бола тугунчани хона ўртасидаги столга қўйди. Бошқарувчи дераза дарпардаларини суриб қўйди.

– Бугун туман, – деди у. Хонага қизил духоба қопланган мебеллар қўйилган эди. Ҳамма ёқда кўзгу ва булардан ташқари икки кресло билан атлас кўрпа тўшалган кенг каравот қўйилганди. Бир эшик ваннага очиларди.

– Мен ҳозир карточкани бериб юбораман, – деди бошқарувчи. У таъзим қилиб чиқиб кетди.

Мен деразага бориб кўчага қарадим, кейин чизимчани тортган эдим, дарпардалар сурилди. Кэтрин ўринда биллур қандилга тикилиб ўтирарди. У шляпасини бошидан олди, унинг сочлари ёруғда жилваланиб кетди. У ўзини ойналардан бирида кўрди-да, қўлини сочларига олиб борди. Мен уни бошқа уч ойнадан кўриб турардим. У нохуш эди. Ёмғирпўшни ечиб ўринга ташлади.

– Сенга нима бўлди, жоним?

– Мен ўзимни ҳеч ўйнаш деб ҳис қилиб кўрмаган эдим, – деди у. Мен деразага бориб, дарпардаларни четга сурдим-да, кўчага қарадим. – Мен бундай бўлади деб ўйламаган эдим.

– Сен ўйнаш эмассан.

– Биламан, жоним. Лекин ўзингни шундай деб ҳис қилиш хунук. – Унинг овози ширасиз ва хира эди.

– Бу биз келишимиз мумкин бўлган энг дуруст отель, – дедим.

Мен деразадан ташқарига қарадим. Майдоннинг нариги томонида вокзал чироқлари ёниб турарди. Кўчадан экипажлар ўтиб борар, нарида паркдаги дарахтлар кўринарди. Отель чироқларининг шуъласи кўчага тушиб турибди. «Ё, тавба, – ўйладим мен, – наҳотки ҳозир баҳслашиб ўтирадиган пайт бўлса?»

– Бу ёққа кел, – деди Кэтрин. Унинг овозига яна шира кирди. – Кел, бу ёққа. Мен гапга кирадиган қизча бўлиб қолдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации