Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Тўққизинчи боб

Йўл одамлар ва транспортга тиқилиб кетганди; йўлнинг иккала бети бўйлаб чипта ва похолдан қилинган бўйралар чўзилиб кетган, ҳатто йўлнинг тепаси ҳам бўйралар билан қопланганидан, у худди циркнинг йўлкасига ёки ёввойиларнинг қишлоғига ўхшарди. Шу чайлага ўхшаган йўлдан имиллаб ўтиб, ниҳоят тоза, текис сайҳонликка чиқдик, аввал бунда темир йўл бекати бўлган эди. Йўлнинг бу томони қирғоқ бўйи кўтармасини кесиб тушган эди. Бутун йўл давомида кўтармада пана жойлар қилинган бўлиб, уларга пиёдалар жойлашганди. Кун ботиб борарди, мен кўтарма оша қараб, дарёнинг нариги юзидаги тоғларда қорайиб кўринган Австриянинг кузатув аэростатларини кўрдим. Биз машиналарни ғишт заводининг харобалари панасига қўйдик. Ғишт куйдириладиган ўчоқлар ва бир қанча чуқур ўраларда ярадорлар учун пунктлар қилинганди. Врачлар ичида менинг учта танишим бор эди. Бош врач менга жанг бошланиши билан бизнинг машиналар ярадорларни олиб, қирғоқ бўйлаб пана йўлдан бориб, кейин юқорига, довонга томон юради, довонда ҳамширалар пости бор, бу ерда ярадорларни бошқа машиналар кутиб туради. Йўл тўсилиб қолмаса бўлгани, деди у. Бошқа йўл йўқ эди. Йўл австрисларга кўриниб тургани учун уни кўздан яшириш чоралари кўрилганди. Бу ерда – ғишт заводида қирғоқ кўтармаси бизни милтиқ ва пулемётларнинг ўқидан сақлаб турарди. Дарёнинг у бетидан бу томонга фақат битта бузилай деб қолган кўприк бор эди. Тўплар отишмаси бошлангач, яна битта кўприк солинади, қўшиннинг бир қисми эса дарё қайрилишидаги кечувдан ўтади. Бош врач бўйи пастаккина, шоп мўйлов киши эди. У майор унвонида бўлиб, Ливия урушида қатнашган, икки марта яраланган эди. У, агар ҳаммаси кўнгилдагидек ўтса, мени мукофотга тавсия этажагини айтди. Мен, ҳаммаси жойида бўлади, дедим ва унга меҳрибончилиги учун раҳмат айтдим. Мен шофёрларни жойлаштирадиган каттароқ блиндаж борй ўқлигини сўрадим, у бир солдатни чақириб, менга жой кўрсатишни тайинлади. Солдат билан сал юрмасимиздан шинамгина блиндаж устидан чиқдик. Шофёрлар ундан мамнун бўлишди, уларни шу ерда қолдирдим. Бош врач мени ва яна икки офицерни ичкиликка таклиф қилди. Биз ром ичдик ва мен ўзимни дўстлар ўртасида ўтиргандай сездим. Қош қорая бошлади. Мен, ҳужум қачон бошланади, деб сўрадим, бутунлай қоронғи тушганда, деб жавоб беришди. Мен шофёрлар олдига қайтдим. Улар блиндажда гаплашиб ўтиришарди, мен киришим биланоқ жим бўлиб қолишди. Мен уларга бир қутидан «Македония» сигаретаси бердим, бу сигарета бўш жойланган бўлиб, чекишдан олдин учини бураб қўйиш керак эди. Маньера зажигалкасини ёқиб, ҳаммага чекиб олгани тутди. Зажигалкаси «фиат»нинг радиаторига ўхшатиб ишланган экан. Мен уларга бор билган гапларимни айтиб бердим.

– Бу ёққа келаётганимизда йўлда пост йўқ эдику? – деди Пассини.

– Биз бурилган жойнинг орқасида қолиб кетган эди.

– Бу йўлда тоза онамизни кўрамиз ҳали, – деди Маньера.

– Австрислар кунимизни кўрсатишади, фалонига фалон уларни.

– Бўлмаса-чи.

– Овқат-повқат ҳам бўладими, лейтенант? Бошланиб қолса, бош қашигани вақт бўлмайди.

– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен.

– Шу ерда ўтирайликми ё ташқарига чиқиш ҳам мумкинми?

– Ўтира турганларингиз маъқул.

Мен бош врач олдига бордим, у сайёр ошхона ҳозир етиб келажагини, шофёрлар овқатни олиб кетишлари мумкинлигини айтди. Идишлари бўлмаса, идиш бераман, деди. Мен идишлари бўлса керак, дедим. Мен изимга қайтиб, шофёрларга овқат келтиришлари билан хабар беришимни айтдим. Маньера, отишма бошланмасдан бурун олиб келишса соз бўларди, деди. Мен кетгунимча улар миқ этишмади. Уларнинг тўртовлари ҳам механик бўлиб, урушни кўрарга кўзлари йўқ эди.

Мен атрофда нималар бўлаётганини кўргани бордим, сўнг блиндажга, шофёрлар олдига қайтдим. Ҳаммамиз ерга ўтириб, деворга суянганча сигарет тутатдик. Ғира-шира қоронғи тушди. Блиндажнинг саҳни қуруқ ва илиқ эди, мен деворга суяниб, ҳордиқ чиқардим.

– Жангга ким боради?

– Берсальерлар.

– Берсальерларнинг ўзими?

– Шундайга ўхшайди.

– Росмана жанг қилиш учун бу ердаги одамлар камлик қилади.

– Чамаси бу шунчаки йўлига бир жанг бўлади, чинакам уруш бошқа ерда бўлади.

– Ҳужумга борадиган солдатлар буни билишадими?

– Билишмаса керак.

– Албатта, билишмайди, – деди Маньера. – Билишса, жангга кириб ўтиришармиди.

– Шундай ҳам киришардики, – деди Пассини. – Берсальерлар аҳмоқ.

– Улар мард солдатлар, интизомга риоя қилишади, – дедим мен.

– Бақувват йигитлар, ҳаммаси ҳам яғриндор. Лекин барибир, ҳаммаси аҳмоқ болалар.

– Мана гренадерлар зўр, – деди Маньера.

Бу ҳазил эди. Тўртовлари хахолаб кулишди.

– Улар жангдан бош тортишганда сиз бормидингиз, tenente, кейин ҳар ўн кишидан биттасини отишувди, эсингиздами?

– Йўқ.

– Шундай бўлган эди. Уларни қатор қилиб турғизишди-да, ўнинчи бўлиб турган одамни ажратиб отаверишди. Карабинерлар уларни отиб ташлашди.

– Карабинерлар, – деди Пассини ва ерга тупурди. – Гренадерларни қаранг-а: бўйлари икки метрдан ошиғ-у, бормаймиз деб туришса-я.

– Агар ҳамма баравар бош тортганда эди, уруш тугаган бўларди, – деди Маньера.

– Бе, гренадерлар буни хаёлга ҳам келтиришмаган. Қўрқишган, холос. Офицерларнинг бари асилзодалардан эди-да.

– Баъзи бир офицерлар бир ўзлари жангга киришди.

– Сержант иккита офицерни бош тортганликлари учун отиб ташлади.

– Баъзи оддий солдатлар ҳам жангга киришувди.

– Буларни отишга ўнинчи одам ажратиладиган сафга киритишмаган.

– У ерда менинг ҳамшаҳаримни отиб ташлашди, – деди Пассини. – Баланд бўйли, келишган йигит эди, қуйиб қўйган гренадер дейсиз. Римдан бери келмасди. Ёнидан ойимчалар аримасди. Доим карабинерлар билан бирга юрарди. – У кулди. – Энди бўлса уйининг эшигига милтиқ кўтарган соқчи қўйиб қўйишибди, ҳеч ким унинг онаси, отаси, опа-сингилларини бориб кўриши мумкин эмас, отасини бўлса, барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилишди, ҳатто сайловда ҳам қатнашолмайди. Қонун ҳам энди уларни ҳимоя қилмайди. Истаган одам келиб, кўнгли тусаган нарсасини олиб кета олади.

– Оиласининг боши мана шундай маломатга қолишидан қўрқмаганда, ҳеч ким жангга кириб ўтирмасди.

– Албатта-да. Альп ўқчилари эса жангга киришаверган бўларди. Виктор-Эммануилнинг полки ҳам. Берсальерлар ҳам.

– Берсальерлар ҳам думини кўрсатган пайтлар бўлган. Ҳозир буни эслагилари келмайди.

– Сиз бекор бизни валақлашимизга йўл қўйяпсиз, tenente. Evviva l’esercito!1616
  Яшасин армия! (итал.).


[Закрыть]
– истеҳзоли қўшиб қўйди Пассини.

– Мен бундай гапларни эшитганман, – дедим мен.

– Бироқ ҳамонки сиз рулда ўтириб, ўз ишингизни бажараётган экансиз…

– …ва бошқа офицерлар эшитмайдиган қилиб секин гаплашаётган экансиз, – деб тугатди Маньера.

– Урушни охирига етказиш керак деб ҳисоблайман, – дедим мен. – Бир томон жангдан воз кечгани билан уруш тамом бўлиб қолмайди. Урушмай қўйсак, ҳолимиз бундан бешбаттар бўлади.

– Бундан бешбаттар бўлмайди, – деди одоб билан Пассини. – Урушдан бешбаттарроқ нарса йўқ.

– Мағлубият бешбаттар.

– Ундаймасдир, – деди Пассини ҳамон ҳурмат сақлаб. – Мағлубият нима ўзи? Хўш, уйга қайтамиз.

– Душман орқангиздан боради. Уйингизни олади.

Опа-сингилларингизни олади.

– Унчаликмасдир, – деди Пассини. – Ўлибди-да, ҳар кимнинг ортидан борса. Ҳар ким ўз хонадонини ҳимоя қилсин. Опа-сингилларини эшикка чиқармасин.

– Сизни осишади. Сизни қўлга олиб, яна уруш қилгани жўнатишади. Санитар транспортига эмас, пиёдалар сафига.

– Ўлдими, ҳаммани осишса.

– Бегона давлат ўзи учун урушишга мажбур қилолмайди, – деди Маньера. – Биринчи жангнинг ўзидаёқ ҳамма қочиб кетади.

– Чехларга ўхшаб.

– Сиз мағлуб бўлиш нималигини ҳали яхши билмайсиз, шунинг учун ҳам бу сизга унчалик ёмон эмасга ўхшаб туюлади.

– Теnеntе, – деди Пассини, – сиз бизга гапираверишга изн бергандай бўлдингиз. Мана, эшитинг бўлмаса. Урушдан кўра даҳшатлироқ нарса йўқ. Биз санитар бўлимларда ўтириб уруш қанчалар даҳшатли нарса эканлигини тушуниб етмаймиз. Бунинг даҳшатини фаҳмлаб улгурганлар эса, унга қаршилик қилишга улгуролмайдилар, чунки ақлдан озадилар. Ҳеч қачон ҳеч нарсани тушунмайдиган одамлар бўлади. Ўз офицерларидан қўрқадиган одамлар бор. Мана шундайлар билан урушни давом эттиришади.

– Мен уруш даҳшатли нарса эканлигини биламан, лекин биз уни охирига етказишимиз керак.

– Охири йўқ. Урушнинг охири бўлмайди.

– Йўқ, охири бўлади.

Пассини бошини чайқади.

– Урушни ғалабалар билан ютиб бўлмайди. Хўш, борингки Сан-Габрнелени олдик. Хўш, Карсо, Монфальконе ва Триестни олдик. Кейин-чи? Бугун анови узоқ тоғларни кўрдингизми? Хўш, сиз ўшаларнинг барини биз ололамиз дейсизми? Агар австрислар урушмай қўйса бошқа гап. Бир томон урушни бас қилиши керак. Нега биз қилишимиз мумкин эмас? Агар улар Италиягача боришса, ҳориб-чарчаб, орқага қайтиб кетишади. Уларнинг ўз юртлари бор. Шундоқ экан, ҳайронман, уруш қилмаса, куни ўтмайдими буларнинг.

– Гапни қотирар экансиз.

– Ўйлаяпмиз. Ўқияпмиз. Деҳқон эмасмиз. Биз механиклармиз. Бироқ деҳқонлар ҳам урушга ишонадиган аҳмоқлардан эмас. Бу уруш ҳамманинг жонига теккан.

– Мамлакатни калтафаҳм, ҳеч нимани тушунмайдиган синф бошқармоқда. Шунинг учун ҳам биз урушиб юрибмиз.

– Улар урушдан яна давлат орттирмоқдалар.

– Кўплари ҳатто бойий олмаяпти, – деди Пассини.

– Шунчалар бефаросат улар, қўлларидан бошқа иш келмагани учун шундай қилишмоқда. Тентакликдан.

– Бўлди, бас, – деди Маньера. – Тилимизга жуда эрк бериб юбордик, tеnеntе ҳам хафа бўлиши мумкин.

– Гапимиз унга ёқяпти, – деди Пассини. – Биз уни ўз томонимизга тортамиз.

– Лекин ҳозирчалик етади, – деди Маньера.

– Нима бўлди энди, овқат беришармикан, tеnеntе? – сўради Гавуцци.

– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен. Гордини ўрнидан туриб, мен билан чиқди.

– Балки, бирон нарса қилиш керакдир, tеnеntе? Сизга ёрдам беролмайманми? – У тўртовлари ичида энг ювош, индамас одам эди.

– Истасангиз, мен билан юринг, – дедим мен, – нима гаплигини билиб келамиз.

Қоронғи тушиб қолганди, прожекторларнинг узун тиллари тоғлар узра кезарди. Бизнинг фронтда юк машиналарига ўрнатилган каттакон прожекторлар бор эди, гоҳо тунда фронт чизиғи яқинидан ўтилганда, йўлдан чеккада турган мана шундай юк машинасини, прожекторни бошқараётган офицерни, қўрқиб ўтакаси ёрилган гуруҳни кўриш мумкин эди. Биз завод ҳовлисидан ўтиб асосий боғлаш пунктига келдик. Кираверишда тепага шох-шаббалардан чоғроқ чайла ясаб қўйилган эди, тунги шамол қуёшда қуриган баргларни шитирлатарди. Ичкари ёруғ эди. Бош врач яшикда ўтириб телефонда гаплашмоқда. Врачлардан бири менга ҳужум бир соатга кечиктирилганини айтди. У мени коньяк ичишга таклиф қилди. Мен узунчоқ столларни, ёруғда ялтиллаб турган асбобларни, тослар ва пробкалари маҳкамланган шиша идишларни кўздан кечирдим. Гордини орқамда турган эди. Бош врач телефондан бўшади.

– Ҳозир бошланади, – деди у. – Кечиктирмайдиган бўлишибди.

Мен ташқарига қарадим, қоронғи эди, австрис прожекторларининг нурлари бизнинг ортимиздаги тоғларда изғирди. Бир сония жимлик чўкди, сўнг орқамизда турган барча тўп-замбараклардан ўт очилди.

– Савойя, – деди бош врач.

– Овқат қани? – сўрадим мен. У эшитмади. Мен қайтардим.

– Ҳали обкелишгани йўқ.

Катта снаряд учиб ўтиб завод ҳовлисида портлади. Яна биттаси ёрилди, портлаш шовқинида ғишт парчалари ва майда-чуйда нарсалар пастга ёмғирдай ёғилгани эшитилди.

– Еб олишга бирон нарса топиладими?

– Бир озгина pasta asiutta1717
  Макарон овқат (итал.).


[Закрыть]
бор, – деди бош врач.

– Ейдиган бўлса беринг.

Бош врач санитарга нимадир деб айтди, у уйнинг ичкари томонига кириб кетди-да, у ердан совиб қолган макарон овқат солинган металл идиш кўтариб чиқди. Мен уни Гординига бердим.

– Пишлоқ йўқмикан?

Бош врач санитарга тўнғиллаб бир нима деди, у яна ичкарига шўнғиб, чорак доира оқ пишлоқ олиб чиқди.

– Раҳмат, – дедим мен.

– Ҳозир ташқарига чиқмай қўя қолинглар. Ташқарида эшик олдига ниманидир қўйишди. Уни олиб келган санитарлардан бири ичкарига қаради.

– Олиб киринг бу ёққа, – деди бош врач. – Қани, нима бўлди? Нима, ўзимиз чиқиб бу ерга олиб кирайликми, а?

Санитарлар ярадорни қўлтиғи ва оёғидан кўтариб ичкарига олиб киришди.

– Енгини кесинглар, – деди бош врач.

У қўлида бир парча дока ҳамда пинцет ушлаб турган эди. Бошқа икки врач шинелларини ечишди.

– Боринглар, – деди бош врач санитарларга.

– Юринг, tenente, – деди Гордини.

– Ўт очиш тўхтамагунча чиқмасанглар бўларди, – деди бизга қарамасдан бош врач.

– Одамлар очқашган, – дедим мен.

– Хўп, ўзларинг биласизлар.

Заводнинг ҳовлисига чиқа солиб, чопа кетдик. Шундоқ қирғоқда снаряд портлади. Бошқасининг учиб келаётганлигини ёнимизда ёрилмагунча пайқамай қолдик.

Икковимиз ҳам ўзимизни ерга отдик ва тўполон-қасирға ичида осколкаларнинг чийиллашини, ғиштларни шатирлаб тушишини эшитдик. Гордини оёққа қалқиб блиндаж томон чопиб кетди. Мен сарғиш чангга беланган пишлоқни кўтариб унинг орқасидан чопдим. Блиндажда учала шофёр ҳамон чекиб ўтиришарди.

– Мана сизга, ватанпарварлар, – дедим мен.

– Машиналар қалай? – сўради Маньера.

– Жойида, – дедим мен.

– Қўрқдингизми, tеnеntе?

– Шундан бўлди, – дедим.

Мен пичоғимни чиқариб, очдим-да, тиғини артиб, пишлоқнинг уст қаватини қириб ташладим. Гавуцци менга макарон солинган тоғорани узатди.

– Сиз бошлаб беринг.

– Йўқ, – дедим мен. – Ерга қўйинг. Биргалашиб еймиз.

– Санчқимиз йўқ.

– Йўқ бўлса бўлар, – дедим инглизчалаб.

Мен пишлоқни бўлак-бўлак қилиб кесиб макароннинг устига ташлаб қўйдим.

– Олинглар, – дедим. Улар яқинроқ сурилишиб, кутиб туришди. Мен макаронга қўлимни тиқиб кўтардим. Қўлимга елимга ўхшаб илашиб чиқди.

– Юқорироқ кўтаринг.

Мен қўлимни елкамга довур кўтарганимдагина макарон тоғорадан узилди. Мен уни оғзимга солдим, кейинги учини лабим билан ушлаб, ичимга тортдимда, чайнай бошладим, кейин бир бўлак пишлоқ олиб, оғзимга солдим, орқасидан вино ҳўпладим. Винодан занг ҳиди келарди. Мен флягани Пассинига бердим.

– Расво, – дедим мен. – Флягада узоқ туриб қолибди. Мен уни машинада ёнимда олиб юрувдим…

Тўртовлари ҳам тоғорага энгашганча, макаронларни сўриб ейишарди. Мен яна оғзимни тўлдириб олдимда, пишлоқдан тишлаб, вино ҳўпладим. Ташқарида нимадир гупиллаб қулади, ер зириллаб кетди.

– Тўрт юз йигирма миллиметрли ёки миномёт, – деди Гавуцци.

– Тоғларда бундай калибрли тўплар бўлмайди, – дедим.

– Уларда Шкода замбараклари бор. Мен снаряднинг чўнқирини кўрдим.

– У уч юз беш миллиметрлиги.

Овқатни давом эттирдик. Йўтал овози эшитилди, паровоз юриб кетгандай вишиллаган товуш чиқди, кейин ерни ларзага солиб портлаш бўлди.

– Блиндаж юзагина экан, – деди Пассини.

– Ана мановиси энди миномёт.

– Рост.

Мен пишлоқдан бир луқма тишлаб, вино ичдим. Шовқин-сурон ичида қулоғимга йўтал овози чалинди, кейин чух-чухчух-чух, деган овоз эшитилди, сўнг худди домна эшиги очилган каби нимадир ярақлаб кетди, кейин аввал оппоқ, сўнг борган сари қизил тусга кириб, қип-қизил, қип-қизил қуюндай бўлиб ғувиллаш, гумбурлаш садоси келди. Мен нафас олиб кўрай десам, нафас ололмадим, назаримда ўзлигимдан чиқиб, қуюн ичра учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай эдим. Бир зумда борлиғим пардай учиб, йўқ бўлиб кетди дедим, ўликдай бўлдим, ўлганингдан кейин ҳеч гап бўлмайди деганлар хато қиладилар, деб ўйладим. Кейин ҳавода суза бошладим, бироқ олдинга эмас, нуқул орқага кетиб қолардим. Сўлиш олдим, шунда мен ўзлигимга қайтганлигимни англадим. Ер титилиб кетганди, шундоқ бошимнинг олдида мажақланган ёғоч тўсин ётарди. Бошим қалтираб турарди, шунда кимнингдир йиғлаётганини эшитдим. Кейин аллаким гўё қичқиргандай бўлди. Мен қимирлай десам, қимир этолмадим. Мен дарёнинг нариги томонида, бутун дарё бўйлаб милтиқ ва пулемётларнинг отишмасини эшитдим. Бир нарса қаттиқ шалоплади ва мен ёритувчи снарядларнинг осмонга учганини кўрдим, улар ёрилиб, ҳамма ёқ сутдай ёриб кетди, ракеталар учди, миналар портлади, мен буларни бир зум ичида кўрдим. Кейин нақ ёнгинамда кимдир:

«Mamma mia! O, mamma mia!»1818
  Онажон! (итал.).


[Закрыть]
– деди. Мен ўзимни ҳар томонга уриб, ниҳоят, оёғимни бўшатдим, иккинчи томонга ағдарилиб, инграган кишини пайпаслаб кўрдим. Бу Пассини экан, қўлим тегиши ҳамоноқ у чинқириб юборди. У оёғи-ни мен томонга узатган ҳолда ётарди, ўқтин-ўқтин лип этиб тушган ёруғда унинг тиззадан юқориси мажақланган оёқлари кўринарди.

Бир оёғи чўрт узилган эди, иккинчиси эса пайларига ва шимининг увадаларига илиниб турар, дамбадам гўё ўзидан-ўзи лиқир-лиқир қилиб қўярди. У ўз қўлини тишлаб туриб, инграрди: «O, mamma mia, mama mia!» – Кейин: «Dto te Salve, Maria Dio Te Salve Maria»1919
  Худо паноҳ бўлсин, Марям! (итал.).


[Закрыть]

– Ё Исо, тезроқ жонимни ол! Христос, жонимни ол, Мamma mia, mama mia. Ё бокира биби Марям, жонимни ол. Чидолмайман. Чидолмайман. Чидолмайман. Ё Исо, ё биби Марям, чидай олмайман. О-о-о-о! Сўнг: «Мmamma mia, mama mia!» деб хирқиради. Сўнг қўлини тишлаганча жим бўлиб қолди, илиниб турган оёғи эса ҳамон қимирлаб турарди.

– Portaferti! – деб қичқирдим ҳовучимни оғзимга қилиб. – Portaferti!2020
  Замбил (итал.).


[Закрыть]
– Мен Пассинига ёрдам берай деб, уриниб, ўрнимдан жилолмадим. Мен яна ҳаракат қилиб кўрдим, бу сафар оёғим бир оз сурилгандай бўлди. Энди мен тирсагим билан сурила олардим. Пассини жим эди. Унинг ёнига ўтириб, френчимнинг тугмаларини ечдим-да, кўйлагимнинг баридан йиртиб олишга уриндим. Ҳадеганда йиртилавермади, шунда кўйлак четини тишим билан йиртдим. Шунда мен унинг обмоткаси бор эди-ю, деб эсладим. Мен жун пайпоқ кийган эдим, лекин Пассини обмотка ўраб юрарди. Ҳамма шофёрлар шундай қилишарди. Бироқ Пассинининг бир оёғи қолганди. Мен обмотканинг учини топиб, бўшатаётганимда, унинг оёғини боғлаб ўтиришга ҳожат қолмаганлигини, Пассини ўлганлигини кўрдим. Мен ўзимга ишонмай яна қарадим, у чиндан ҳам ўлган эди. Бошқа уч кишига нима бўлганлигини аниқлаш лозим эди. Туриб ўтирдим, шунда миямда худди қўғирчоқнинг кўзи қимирлагандек, бир нарса чайқалиб кетди, кўзимдан ўт чиқди, деб ўйладим. Оёқларим иссиқ ва ҳўл бўлиб қолди, оёқ кийимимнинг ичи ҳам иссиқ ва ҳўл бўлди. Мен ярадор бўлганимни пайқадим, энгашиб, қўлимни тиззамга қўйдим. Тиззам йўқ эди. Қўлим билан пастроқни пайпасладим, тиззам шу ерда эди, айланиб кетганди. Мен қўлимни кўйлагимга артдим, аллақаёқдан яна оппоқ ёруғ қуйилиб кела бошлади, шунда оёғимга қарадим, этим жимирлаб кетди. «Худоё, – дедим, – омон-эсон бу ердан қутқар!» Лекин мен яна уч киши ҳам бўлиши кераклигини билардим. Шофёрлар тўрт киши эди. Пассини ўлди. Уч киши қолади. Аллаким қўлтиғимдан олди, яна кимдир оёғимдан кўтара бошлади.

– Яна уч киши бор эди, – дедим мен. – Биттаси ўлди.

– Мен Маньераман. Биз замбилга боргандик, топмадик.

Тузукмисиз, tenente?

– Гордини билан Гавуцци қани?

– Гордини пунктда, ярасини боғлашяпти. Гавуцци оёғингиздан кўтариб турибди. Бўйнимдан ушлаб олинг, tеnеntе. Оғир яраландингизми?

– Оёғимдан. Гординига нима бўлди?

– Арзимаган гап. Мина тушибди. Миномёт снаряди.

– Пассини ҳалок бўлди.

– Ҳа, ҳалок бўлди.

– Ёнгинамизда снаряд портлаб, икковлари ҳам ўзларини ерга отишди, мен йиқилиб тушдим.

– Кечиринг, tеnеntе, – деди Маньера. – Бўйнимдан ушлаб олинг.

– Сиз мени яна ташлаб юборасиз.

– Қўрқиб кетдик.

– Сизлар яраланмадингларми?

– Икковимиз ҳам яраландик, лекин енгил.

– Гордини машина ҳайдай оладими?

– Қийин-ов.

Пунктга боргунча улар мени яна бир марта ташлаб юборишди.

– Аблаҳлар! – дедим.

– Кечиринг, tеnеntе, – деди Маньера. – Бошқа қилмаймиз.

Боғлаш пунктида қоронғи ерда анча ярадорлар ётишарди. Замбил кўтарган санитарлар кириб-чиқиб туришарди. Улар ўтиб кета туриб, дарпардани кўтарганларида, менга ичкаридаги ёруғ кўринарди. Ўликлар бир чеккага қўйилганди. Врачлар енг шимариб ишлашар, қассобга ўхшаб қонга беланишган эди. Замбил етишмасди. Баъзи ярадорлар инграшар, лекин кўпчилик жим ётмоқда эди.

Шамол кираверишда эшик соябони устига ташланган шохлардаги япроқларни шитирлатар, совуқ тун ёпирилмоқда эди. Санитарлар тинимсиз келиб туришар, замбилларни ерга қўйиб бўшатишарди-да, яна кетишарди. Пунктга келишимиз биланоқ Маньера фельдшерни бошлаб келди, у оёғимни боғлаб қўйди. Ярангиз тупроқ билан тўлиб кетгандан кам қон йўқотибсиз, деди у менга. Имкон бўлиши билан мени операцияга ётқизишаркан. У пункт биносига кириб кетди. Гордини машина ҳайдолмайди, деди Маньера. Унинг елкаси мажақланган, боши ёрилган. Яра қизиғида оғриғи унча билинмай, ҳозир елкаси оғриқдан қотиб қолибди. Ҳозир анов ғишт деворлардан бирида ўтирибди. Маньера ва Гавуцци ўз машиналарига ярадорларни ортиб жўнашди. Уларга яралари озор бермаётган эди. Иккитадан санитари бор учта инглиз машинаси келди. Менинг олдимга инглиз шофёрларидан бири келди, уни жуда мазаси қочиб қолган, ранги оқариб кетган Гордини бошлаб келди. Шофёр менга томон энгашди:

– Оғир яраландингизми? – сўради у. – Бу баланд бўйли, пўлат кўзойнак таққан киши эди.

– Иккала оёғимдан.

– Хавфли эмасдир, а. Сигарета чекасизми?

– Раҳмат.

– Иккита шофёрдан айрилибсиз, деб эшитдим?

– Ҳа. Биттаси ўлди, иккинчиси – сизни бошлаб келган одам.

– Расво бўлибди. Ёки уларнинг машиналарини биз олиб турайликми?

– Худди шуни сиздан сўрамоқчийдим.

– Бизда улар бузилиб-нетмайди, кейин қайтариб берамиз. Сиз икки юз олтинчидансиз-ку, а?

– Ҳа.

– Ажойиб ерга жойлашгансизлар. Сизни шаҳарда кўрганман. Менга сизни америкалик деб айтишди.

– Шундоқ.

– Мен инглизман.

– Наҳотки?

– Ҳа, инглиз. Сиз италян деб ўйладингизми? Бизнинг бир отрядимизда италянлар ҳам бор.

– Агар машиналаримизни олсангиз жуда соз бўларди, – дедим мен.

– Уларни сизга бузмай-нетмай, қандай бўлса шундай топширамиз. – У қаддини кўтарди. – Шофёрингиз сиз билан келишиб олишимни жуда илтимос қилди. – У Гординининг елкасига уриб қўйди. Гордини сесканиб тушиб, жилмайди. Инглиз италян тилида чала-чулпа сўзлай кетди:

– Бўлди, ҳаммаси жойида. Бошлиғинг tеnеntе билан келишдик. Сизнинг иккала машинангизни оламиз. Энди ташвиш чекмасанг ҳам бўлади. – У сўзини бўлди. – Сизларни бу ердан олиб кетишнинг ҳам йўлини топиш керак. Ҳозир врачлар билан гаплашаман. Кетаётганда сизларни ҳам олиб кетамиз.

У ярадорлар орасидан оҳиста ўтиб, эшикка томон борди. Мен эшикка тутилган кўрпа кўтарилганини, ичкаридаги ёруғни, унинг ичкарига кирганини кўрдим.

– У сизни шундоқ қолдирмайди, tеnеntе, – деди Гордини.

– Ўзингиз қалайсиз, Франко?

– Дуруст.

У ёнимга ўтирди. Шу пайт эшикнинг ёпинғичи кўтарилиб, у ердан иккита санитар билан баланд бўйли инглиз чиқишди. Олдимга келишди.

– Мана америкалик, tеnеntе, – деди у италянчалаб.

– Мен кутиб туришим мумкин, – дедим мен. – Бу ерда мендан кўра оғирроқ ярадорлар бор. Аҳволим унчалик ёмонмас.

– Бўлди, бўлди, – деди у, – ўзингизни қаҳрамон қилиб кўрсатмай қўя қолинг. – Кейин италянчалаб деди: – Секин кўтаринглар, айниқса оёғини. Қаттиқ оғрияпти. Бу президент Вильсоннинг қонуний ўғли.

Улар мени кўтаришиб, пункт ичига олиб киришди. Ҳамма столларда жарроҳлар ишламоқда эди. Кичкина бош врач бизга жаҳл билан ўгирилиб қаради. У мени таниди ва қўлидаги асбобларини силкиб қўйди.

– Ga va bien?2121
  Қалай, дурустми? (франц.).


[Закрыть]

– Ga va.2222
  Дуруст (франц.).


[Закрыть]

– Уни мен олиб келдим, – деди баланд бўйли инглиз италянчалаб. – Америка элчисининг ёлғиз ўғли. Қўлингиз бўшагунча шу ерда ёта турсин. Кейин мен биринчи қатновдаёқ уни олиб келаман. – У мен томонга эгилди. – Мен ҳужжатларингизни тўғрилашга бораман, шунда иш тезроқ кўчади. – У эшикдан энгашиб чиқиб кетди. Бош врач қисқичларни бўшатиб, тосга ташлади. Мен унинг ҳаракатларини кузатиб ётардим. Энди у боғлай бошлади. Кейин санитарлар ярадорни столдан олишди.

– Америкалик tеnentени менга беринглар, – деди врачлардан бири.

Мени кўтариб столга олдилар. Стол қаттиқ ва сирғанчиқ эди. Ҳаво турли-туман ўткир ҳидларга тўла эди, дориларнинг ачимсиқ ҳиди, чучук қон иси келарди. Шимимни ечиб олишди, врач қўли ишдан бўшамай, айни чоқда фельдшер-ассистентга ёздира кетди:

– Чап ва ўнг сони, чап ва ўнг тиззаси, ўнг товонининг юза қисми яраланган ва шилинган. Ўнг тиззаси ва товонининг яраси чуқур. Бошида йиртма яралар бор (у зонд қўйиб кўрди: «Оғрияптими?» – «О-о-о, ярамас! Ҳа!»), бош суяги дарз кетган бўлиши эҳтимол. Жанговар вазиятда яраланган. Шундай десак, жуда бўлмаганда сизни жўрттага ўзини майиб қилган, деб дала судига беришмайди-ку, – деди у. – Бир қултум коньяк ичасизми? Қандай қилиб бу аҳволга тушдингиз? Ўзингизни ўлдирмоқчи бўлдингизми ё? Менга кўкшолга қарши дорини беринг-да, карточкасида иккала оёғини белгилаб қўйинг. Хўп, раҳмат. Ҳозир мен сал тозалаб юваман-да, боғлаб қўяман. Қонингиз тез қотар экан.

Ассистент қоғоздан бошини кўтариб, сўради:

– Нимадан яраланган?

Врач:

– Нима қилиб яраландингиз?

Мен кўзимни юмиб ётарканман, дедим:

– Мина тегди.

Ярамни азоб бериб ковлаётган врач теримни кеса туриб деди:

– Ростданми?

Индамай туриб беришга уриниб, тиғ баданимни тилганда қорнимда қалтироқ турганини сезганча, дедим:

– Ростдан, шекилли.

Врач қизиқарли бир нарса топди, шекилли, деди:

– Душман миналарининг парчаси. Хоҳласангиз, мен зонд қўйиб бу томонни ҳам текшираман, лекин бунинг кераги йўқ. Энди мен бу ерга дори суркаб қўяман ва… Нима, куйдиряптими? Буниси ҳолва. Ҳамма ҳунарини кейин кўрсатади. Ҳали оғриқ бошлангани йўқ. Унга коньяк беринг. Лат еганда оғриқ ўлгандай бўлади. Аммо барибир қўрқинчли ҳеч нима йўқ. Заҳарланиш рўй бермаса бўлгани, ҳозир бу ҳам кам учрайди. Бошингиз қалай?

– О, Худойим! – дедим.

– Унда кўп коньяк ичмаганингиз маъқул. Агар дарз кетган бўлса, яллиғланиб кетиши мумкин, яхши бўлмайди. Нима, мана бу ерингиз оғрияптими?

Мен қора терга тушдим.

– О, Худойим! – деб юбордим.

– Афтидан, дарз борга ўхшаб қолди-ку. Мен ҳозир боғлайман, сиз бошингизни қимирлатманг.

У боғлашга тушди. Қўллари жуда чаққон ҳаракат қилар, қаттиқ ва маҳкам боғларди.

– Ана бўлди, оқ йўл ва Vive la France!2323
  Яшасин Франция! (франц.).


[Закрыть]

– У америкалик, – деди бошқа врач.

– Мен уни французми деб эшитибман. У французча сўзларкан, – деди врач. – Мен уни олдин ҳам билардим. Мен доим уни француз деб юрардим. – У ярим стакан коньяк ичди. – Хўп, қани жиддийроқларидан беринглар-чи ва кўкшол дорисидан тайёрланг. – У менга қўл силкиб қолди. Мени кўтариб олиб кетишди; дарпарда ўрнига тутилган кўрпа юзимдан сирғалиб ўтди. Мени жойлаштиришгач, фельдшер-ассистент, ёнимга тиз чўкди.

– Фамилиянгиз, – оҳиста сўради у. – Исмингиз? Ёшингиз? Унвонингиз? Туғилган жойингиз? Қайси қисмдан? Қайси корпусдан? – ва ҳоказо. – Бошингга ҳам шикаст егани яхши бўлмабди, tеnentе. Лекин энди сал дуруст сезаётгандирсиз ўзингизни. Сизни инглиз санитар машинаси билан жўнатаман.

– Аҳволим яхши, – дедим мен. – Сиздан ғоят миннатдорман.

Врач айтган оғриқ бошланди, атрофимда рўй бераётган ҳамма нарса ўз маъносини йўқотди. Кўп ўтмай инглиз машинаси келди, мени замбилга солиб, замбилни кузов билан баравар қилиб кўтаришди-да, ичкарига суриб киритишди. Ён томонда бошқа замбиллар ҳам бор экан, шу ерда бутун юзи боғлаб ташланган, фақат шамдай қотган бурнигина кўриниб турган киши ётарди. У оғир нафас оларди. Яна иккита замбилни кўтаришиб тепадаги тасма ҳалқаларига ўрнатишди. Баланд бўйли инглиз шофёр келиб, дарчадан қаради.

– Мен оҳиста юраман, – деди у. – Сизни безовта қилмасликка ҳаракат қиламан. Мен моторнинг гуриллаганини, шофёрнинг олдинги ўриндиққа ўтирганини, тормозни ўчириб, тезлик олганини ҳис қилиб ётдим. Йўлга тушдик. Мен қимир этмай, оғриққа таслим бўлиб ётардим.

Йўл юқорилай бошлагач, машина тезлигини камайтирди, баъзан у тўхтаб қолар, баъзан бурилишда орқага тисарилар, ниҳоят, тоққа томон тезгина юриб кетди. Назаримда, устимдан нимадир оқиб тушаётгандай бўлди. Аввал ора-сира томчилаб турди, кейин сизилиб оқа бошлади. Мен шофёрни чақирдим. У машинани тўхтатиб, орқа ойнадан қаради.

– Нима бўлди?

– Тепамдаги ярадордан қон оқяпти.

– Довонга озгина қолди. Бир ўзим замбилни ололмайман.

Машина яна йўлга тушди. Қон ҳамон оқарди. Қоронғида мен у брезентнинг қаеридан ўтаётганлигини билолмадим. Мен устимга тушмасин деб, четроққа сурилишга уриндим. Кўйлагимнинг орқасига оқиб тушган жойим иссиқ ва пилч-пилч бўлиб қолди. Мен жунжикдим, оёғим шу қадар қаттиқ оғрирдики, азбаройи кўнглим озиб қолай дерди. Сал ўтгач, қон камроқ оқа бошлади, кейин яна томчилашга тушди, мен замбилнинг брезенти қимирлаб қолганини кўрдим, у ердаги одам қулайроқ ётмоқчига ўхшарди.

– Қалай энди? – сўради инглиз орқасига қараб. – Етай деб қолдик.

– Менимча, у ўлганга ўхшайди, – дедим. Томчилар жуда секин узилиб тушарди, қуёш ботгач, сумалакдан томчи шундай тушади. Машина тун қўйнида тоққа кўтарилиб борар, совуқ эди. Постда санитарлар замбилларни чиқаришиб, бошқаларини қўйишди, биз йўлда давом этдик.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации