Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Монтрега борсангиз фақат хурсанд бўласиз, – деди биринчи амалдор. – У ернинг иқлими ниҳоятда майин. Қишки спорт билан шуғулланмоқчи бўлсангиз ҳам узоқларга бориб овора бўлиб ўтирмайсиз.

– Агар сизни чиндан ҳам қишки спорт қизиқтирса, – деди иккинчи амалдор, – Энгадин ёки Мюрренга боринг. Сизга қишки спорт учун Монтрега бориш керак, дейилган маслаҳатга норозилик билдиришга мажбурман.

– Монтре тепасидаги Лез-Аванда ҳар қандай қишки спорт учун энг яхши шароитлар мавжуд. – Монтренинг мухлиси ўз касбдошига еб қўйгудай бўлиб ўқрайди.

– Жаноблар, – дедим мен. – Биз боришимиз керак. Жияним жуда ҳам чарчаган. Биз таваккал қилиб Монтрега бора қоламиз.

– Мана бу ўғил бола гап. – Биринчи амалдор қўлимни қисиб қўйди.

– Сиз Локарнодан кетиб афсус қиласиз, деб ҳисоблайман, – деди иккинчи амалдор. – Ҳар ҳолда Монтреда полицияга учрашиб қўйишларингга тўғри келади.

– Полиция томонидан ҳеч қандай англашилмовчиликлар бўлмайди, – деб мени ишонтирди биринчи амалдор. – Аҳоли ҳам сизни қучоқ очиб қарши олади.

– Сизларга катта раҳмат, – дедим. – Сизларнинг маслаҳатларингиз бизга ёрдам беради.

– Хайр, – деди Кэтрин.

– Раҳмат сизларга.

Улар бизни тавозе билан эшиккача кузатиб чиқишди, Локарнонинг мухлиси бир оз совуқроқ хайрлашди. Биз зинадан тушиб, экипажга ўтирдик.

– О, Худойим, жоним! – деди Кэтрин. – Наҳотки у ердан олдинроқ чиқиб кетишнинг иложи бўлмади? – Мен кучерга амалдорларнинг бири айтган меҳмонхонанинг манзилини бердим. Кучер жиловни бўшатди.

– Сен армияни эсингдан чиқарибсан, – деди Кэтрин. Солдат ҳамон экипаж олдида турарди. Мен унга ўн лир бердим.

– Менда ҳали швейцар пуллари йўқ, – дедим. У миннатдорчилик билдириб, қўлини чаккасига олиб борди-да, жўнаб кетди. Экипаж меҳмонхонага қараб йўл олди.

– Монтре қаердан хаёлингга кела қолди? – сўрадим мен Кэтриндан. – Сен чиндан ҳам у ерга боришни истайсанми?

– Оғзимга келганини айтдим-қўйдим-да, – деди у. – У ер ёмон жой эмас. Биз бирон ерда, тоғларда туришимиз мумкин.

– Уйқунг келяптими?

– Кўзимни очолмаётибман.

– Тўйиб ухлаб хумордан чиқамиз. Сен шўрликкина қийналиб кетдинг! Кечаси бўларингча бўлдинг.

– Вақтимиз хуш ўтди, – деди Кэтрин. – Айниқса, сен соябонни миниб олганингда қизиқ бўлди.

– Швейцарияга келдик, а, биляпсанми?

– Йўқ, менга ҳалиям кўзимни очсам, бошқа жой бўлиб қоладигандай.

– Менгаям.

– Лекин ростми, жоним? Мен Милан вокзалига сени кузатгани кетаётганим йўғ-а?

– Нафасингни ел учирсин-э.

– Ундай дема. Мен қўрқаман. Кутилмаганда шундай бўлиб қолса-я.

– Мен худди маст одамга ўхшаб ҳеч нарсани тушунолмаяпман, – дедим.

– Қўлларингни кўрсат.

Мен унга иккала қўлимни узатдим. Кафтларимнинг териси шилиниб, қип-қизил гўшти чиқиб қолганди.

– Фақат ёнимдагина яра йўқ, – дедим.

– Шаккоклик қилма.

Қаттиқ чарчагандим, бошим айланиб кетмоқда эди. Хушнудлигим йўқолди. Экипаж йўлдан кетиб борарди.

– Вой-бў, бечора қўллар-а! – деди Кэтрин.

– Тегма, – дедим. – Нима бало бўлди, қаердалигимизни ҳеч билолмаяпман. Биз қаерга кетяпмиз, кучер?

Кучер отни тўхтатди.

– Метрополга. Ўзингиз айтмовдингизми?

– Ҳа, ҳа, – дедим. – Ҳаммаси жойида, Кэт.

– Ҳаммаси жойида, жоним. Тинчлан. Бир хумордан чиқиб ухлаб оламизу кейин эртага сен худди мастга ўхшаб юрмайсан.

– Мен бутунлай бошимни йўқотиб қўйдим, – дедим мен. – Бугунги кун бари опереттага ўхшайди. Балки очиққандирман.

– Сен чарчагансан, холос, жоним. Ўтиб кетади.

Экипаж меҳмонхона олдига бориб тўхтади. Жомадонларимизни олгани бир бола чиқди.

– Ўтиб кета бошлади, – дедим мен. Биз кўчани кесиб меҳмонхонага қараб бормоқда эдик.

– Ўтиб кетишини билардим. Сен чарчадинг, холос. Тўйиб ухлаб олишинг керак.

– Ҳар ҳолда биз Швейцариядамиз-ку.

– Ҳа, биз чинданам Швейцариядамиз. Жомадонларимизни кўтариб олган боланинг изидан меҳмонхонага кирдик.

БЕШИНЧИ КИТОБ

Ўттиз саккизинчи боб

Ўша кузак қор жуда кеч тушди. Биз тоғ ён бағрида, қарағайзорда жойлашган ёғоч кулбада яшардик, тунлари аёзли бўлар, эрталаб иккита кўзачада ювинишга қўйилган сувнинг бети юпқа музлаб қоларди. Madame Гуттинген деразаларни ёпиш учун каллаи саҳарлаб хонага кирар, баланд кошиндор печга ўт қаларди. Қарағай ўтинлар чарсиллаб ёна кетар, печда олов гувиллай бошлар ва madame Гуттинген печга ёқишга палёнлар билан кўзада иссиқ сув кўтариб иккинчи марта хонага кирарди. Уй исигандан кейин, нонушта олиб келарди. Ўринда нонушта қилиб ётиб биз кўлни, кўлнинг у бетидаги, француз қирғоғидаги тоғларни томоша қилардик. Тоғ чўққиларида қор ётарди, кўл пўлатдай тиниқ кўкимтир тусга кирганди.

Ташқарида шундоқ уйнинг тагидан йўл ўтарди. Совуқдан арава излари тошдай қотиб қолган, йўл дарахтзордан ўтиб борган сари тик кўтарилар, кейин тоғ белига камардай чирмашиб, ўтлоқлар ва саройларга, нақ водий узра осилиб турган ўрмон чеккасидаги ўтлоқлардаги кулбаларга чиқиб борарди. Сойлик жуда ҳам пастда эди, унинг ўртасидан кўлга қуйиладиган анҳор оқиб ўтарди, шамол сойлик томондан эсган чоғларда тошдан тошга урилиб оқаётган сувнинг шовиллаши эшитиларди.

Баъзан биз йўлдан бурилиб, сўқмоққа тушиб, қарағайзордан ўтиб борардик. Дарахтзордаги ер юмшоқ бўларди: у ҳалиги йўлга ўхшаб совуқдай қотиб қолмаганди. Лекин биз йўлнинг қаттиқлигидан унчалик озурда эмасдик, чунки этикларимиз-нинг тагига, товонига мих қоқилган, михлар қатқалоққа санчилиб кирар, юриш қандайдир ёқимли ва одамни бардам қиларди. Лекин дарахтзор ичидан юриш ҳам ғоятда гаштли эди.

Биз турган уйдан кўл бўйидаги чоғроқ бир водийга тик қиялик тушиб борар, қуёшли кунларда биз айвонда ўтириб, тоғ ён бағридан буралиб кетган йўлни томоша қилардик, бу ердан бошқа бир тоғнинг ёнбағирлари ва қиш келганидан қуруқ новдалари қолган пояма-поя тушган узумзорлар, тошлар билан ўралган далалар ва узумзорлардан қуйироқдаги кўл бўйида, тор водийда жойлашган шаҳар уйлари кўриниб турарди. Кўлда бир оролча бўлиб, унда балиқчилар қайиғининг қўш елканига ўхшаш иккита дарахт ўсганди. Кўлнинг нариги бетидаги тоғлар тик ва найзадор тоғлар эди, кўлнинг жанубий чеккасида икки тоғ тизмаси орасида Рона водийси чўкиб ётар, унинг энг орқа томонида эса, водийни тоғлар кесиб ўтган ерда Дандю-Миди жойлашганди. У жуда баланд қорли тоғ эди, бутун ён атрофда ундан кўра зўрроқ чўққи йўқ, лекин у шунчалар йироқда эдики, биз томонларга соя ташламасди.

Офтоб чарақлаган кунларда биз айвонда ўтириб овқатланар, лекин бошқа пайтларда биз тепада, тахта деворли бурчагига каттакон печь қўйилган мўъжаз бир хонада тамадди қилардик. Биз шаҳардан жуда кўп китоб ва журналлар сотиб олдик, икки киши ўйнайдиган анча-мунча қарта ўйинларини ўргандик. Печли кичкина уй биз учун ҳам меҳмонхона, ҳам емакхона эди. Бу ерда иккита қулай кресло, китоб-журнал қўйиладиган столча бўлиб, қартани идиш-товоқларни йиғиштириб олишгач, овқат столида ўйнардик. Monsieur ва madame Гуттинген пастки қаватда яшашар, кечалари баъзан уларнинг гап-сўзларини эшитиб қолардик, улар ҳам биздек бир-бирлари билан тотув яшардилар. У бир маҳаллар обер-кельнер бўлиб ишлаган, хотин эса ўша меҳмонхонанинг ўзида хизматчилик қилган, кейин пул йиғиб мана шу уйни сотиб олишган экан. Уларнинг ёлғиз бир ўғиллари бўлиб, у обер-кельнер бўлишга тайёргарлик кўрарди. У Цюрихдаги меҳмонхонада хизмат қи-ларкан. Пастда яна бир хона бўлиб, унда вино ва пиво билан савдо қилишар ва гоҳо қош қорайган кезлари йўлда аравалар келиб тўхтаганини, одамлар унча-мунча отгани кирганларини эшитиб қолардик.

Йўлакда, хонамизнинг олдида бир яшикда ўтинлар турар, мен ундан палён олиб печга ташлардим. Лекин биз кечаси узоқ ўтирмасдик. Бизнинг хосхонамиз катта эди, биз чироқни ёқиб ўтирмасдан ётиб олардик, мен ечингач, деразаларни очиб юборардим, тунга, совуқ юлдузларга, дераза тагларидаги қарағайларга бир нафас тикилиб турар, кейин ўринга шўнғирдим. Ҳаво бундай совуқ ва соф бўлган тунлари кўрпада ётиш маза бўлади. Биз донг қотиб ухлаб қолардик, кечаси мабодо уйғониб кетсам, Кэтринни уйғотиб юбормаслик учун оҳиста пар тўшакни четга суриб қўяр, кейин устим енгиллашгач, яна осуда уйқуга чўмардим. Уруш ўзга мактабдаги футбол ўйини каби йироқда эди. Лекин газеталардан тоғларда ҳамон уруш бораётганлигини билардим, бунга сабаб у ерларда ҳали қор тушмаганлиги эди.

Гоҳида тоғ ёнбағридан Монтрега тушиб борардик. Уйимизнинг шундоқ ўзидан пастга тушадиган сўқмоқ бор эди, лекин у шу қадарли тикка эдики, одатда биз йўлдан юрардик, кенг, совуқда қотиб қолган йўлдан далалар, узумзорларнинг тош деворлари, йўл бўйидаги қишлоқ уйларини оралаб ўтиб борардик. Қишлоқлар учта эди: Шернэ, Фонтаниван ва яна бири, номи эсимда қолмаган. Кейин яна шу йўл билан тоғ тумшуғидаги мустаҳкам тош chateanдан ўтиб, узумзор ишкомларга кириб бориларди, ток зангларининг бари бойлаб қўйилганди, занглар қуруқ, қўнғир тусга кирганди, пастда эса, чуқурликда ойнадай текис, пўлатдай кўкимтир товланиб кўл ётарди. Сhateanдан йўл пастга қиялаб тушиб кетарди, кейин ўнг томонга бурилиб, шу ердан Монтрегача тош ётқизилган тик нишаб йўл бошланарди.

Монтреда ҳеч қандай таниш-билишларимиз йўқ эди. Биз кўл бўйидан бораётганимизда оққушларни, сон-саноқсиз оқ чарлоқларни ва яқинроқ борган ҳамонинг кўкка кўтарилиб, пастга, сувга қараб зорланиб қичқирадиган бўрон қушларини томоша қилардик. Соҳилдан ичкарироқда жимитгина қорамтир гагара тўдалари сувда из қолдириб учиб юришарди. Шаҳарга боргач, биз катта кўчадан магазинларнинг витриналарини томоша қилиб бордик. Бу ерда ҳозир ёпиқ катта меҳмонхоналар кўп эди, лекин магазинларнинг деярли ҳаммаси очиқ ва ҳаммалари бизни очиқ чеҳра билан қарши олишарди. Яхши бир сартарошхона бор экан, Кэтрин у ерга сочини тузатгани кирди. Сартарошхонанинг бекаси уни жуда хушнудлик билан қаршилади. Монтредаги бизнинг бирдан-бир танишимиз шу киши эди. Кэтрин сочини тузатар экан, мен пивохонада ўтириб Мюнхеннинг барқут пивосидан ичиб, газета кўрар эдим. Мен «Курьере делла сера»ни ҳамда Париждан олиб келинган Америка ва инглиз газеталарини ўқир эдим. Барча эълонлар босмахона бўёғи билан чаплаб ташланганди, душман улардан алоқа сифатида фойдаланмасин дейишарди, шекилли. Газеталарни ўқиб одамнинг дили сиёҳ бўларди. Ҳамма ерда ишларнинг мазаси йўқ. Бир кружка барқут пиво олиб, pretzelsнинг4242
  Шўртак печенье (нем.).


[Закрыть]
қоғоз қутисини очардим, pretzelsнинг таъми менга жуда ёқар, ундан пивонинг мазаси ўткирлашгандай туюларди ва мен мағлубият ҳақидаги хабарларни ўқирдим. Мен Кэтрин шу ерга келса керак деб ўтираверибман, лекин у ҳадеганда келавермагач, газеталарни ўз жойига қўйиб, пиво пулини тўладим-да, уни қидириб кетдим. Кун совуқ, бадқовоқ эди, ҳатто деворлардан ҳам қишнинг совуқ нафаси келарди. Кэтрин ҳали ҳамон сартарошхонада ўтирган экан. Бека унинг сочларини жингалак қиларди. Мен кичкина бир хоначада қараб ўтирдим. Бу мени тўлқинлантириб юборди, Кэтрин майин табассум билан менга гапириб ўтирар, менинг овозим эса, ҳаяжонимдан бирмунча ўзгариб, хириллаб чиқмоқда эди. Қисқичлар ёқимли шиқирлаб турар, Кэтриннинг сочлари учта ойнадан баравар кўринар, хона шинам ва иссиққина эди. Ке йин бека Кэтриннинг сочларини ётқизиб тўғрилади ва Кэтрин ойнага қараб туриб тўғнағичлари билан бир оз бошқача қилиб олди; кейин ўрнидан турди.

– Жудаям кўп куттириб қўйдим-ку.

– Monsiеur – зерикканлари йўқ. Шундай эмасми, monsieur? – жилмайди бека.

– Ҳа, – дедим мен.

Биз эшикка чиқиб кўчадан юриб кетдик. Ҳаво совуқ, хафагазак эди, шамол эсиб турарди.

– Сени қанчалар севганимни билсанг эдинг, – дедим мен.

– Энди яхши бўляпти-а, тўғрими? – деди Кэтрин. – Биласанми нима? Ке, бирон ерга кирамиз-да, чой ўрнига пиво ичамиз. Кичкина Кэтринга пиво жуда ҳам фойдали. Бола қаттиқ ўсиб кетмайди.

– Кичкина Кэтрин, – дедим мен. – Вой эринчоғ!

– У ақлли, – деди Кэтрин. – Унинг тарбияси жуда ҳам яхши. Доктор менга пиво фойдали деб айтди, тез ўсиб кетмас экан.

– Сен ҳақиқатан унинг ўсиб кетишига йўл қўйма, агар у ўғил бола бўлса, чавандоз бўлади.

– Агар бола туғиладиган бўлса биз ростданам никоҳ ўқитишимизга тўғри келади, – деди Кэтрин. Биз пивохонада бурчакдаги столда ўтиргандик. Ташқарида қош қорайиб бормоқда эди. Ҳали эрта бўлса ҳам, ҳавонинг турқи бузуқ, шунинг учун қоронғилик тез тушганди.

– Ке энди уйланамиз, – дедим мен.

– Йўқ, – деди Кэтрин. – Энди ўнғайсиз бўлади. Жуда ҳам билиниб қолди. Мен шу аҳволда мэрияга бормайман.

– Олдинроқ шу ишни қилмаганимизни қара.

– Унда ҳар ҳолда ёмон бўлмасди-я. Лекин бунга вақтимиз бўлдими, жоним?

– Билмадим.

– Мен эса биламан. Мэрияга бунақа она хотин бўлиб бормайман.

– Она хотининг нимаси?

– Чинакам она хотин, жоним. Сартарош хотин бу биринчисими, деб сўради. Мен унга иккита ўғил, иккита қиз боламиз бор дедим.

– Қачон тўйимизни қиламиз?

– Яна озишим биланоқ тўй қиламиз. Тўйимиз жуда ҳам зўр бўлишини, ҳамма кўрганлар қандай чиройли, муносиб эр-хотинлар, дейишини истайман.

– Кўнглинг хижил бўлмайдими?

– Нега энди хижил бўлсин жоним? Кўнглим бир марта Миландалигимизда хижил бўлганди, унда мен ўзимни саёқ қиз деб ҳис қилгандим, кейин беш дақиқалардан сўнг ўтиб кетганди. Хонанинг кўриниши менга ёмон таъсир қилганди. Наҳотки, мен ёмон хотин бўлсам!

– Сен топилмас хотинсан.

– Ундай бўлса, қоғозбозликни ўйлаб ўтирма, жоним. Мен асл ҳолимга қайтишим билан тўй қиламиз.

– Хўп.

– Мен яна пиво ичсам бўлармикин, нима дейсан? Доктор менинг тосимни торроқ деяпти, шунинг учун кичкина Кэтринни қаттиқ ўстириб юбормаганимиз тузук.

– У яна нима деди? – Юрагим ҳаприқиб кетди.

– Ҳеч нима. Менинг қон босимим жуда ҳам яхши экан. У менинг қон босимимга ҳайрон қолди.

– Тосингнинг торлиги хусусида яна нима деди?

– Ҳеч нима. Ҳеч нима дегани йўқ. У менга чанғида юриш мумкин эмас, деди.

– Тўғри.

– Агар шу пайтгача юрмаган бўлсангиз, энди юришга кеч бўлди, деди. У чанғида юриш умуман мумкин-у, лекин йиқилиш мумкинмас, деди.

– Ҳазилкаш одам экан сенинг докторинг.

– Йўқ, у ростданам яхши киши. Кичкинамиз туғиладиган маҳалда уни чақирамиз.

– Сен ундан турмуш қурсак майлими, деб сўрамадингми?

– Йўқ. Мен унга турмуш қурганимизга тўрт йил бўлди, дедим. Биласанми, жоним, агар мен сенга тегсам, мен америкалик бўлиб қола ман. Америка қонунларига кўра эса, қачон туғилганидан қатъи назар бола қонуний ҳисобланади.

– Қаердан ўқий қолдинг буни?

– Кутубхонада Нью-Йоркда чиқадиган «Уорлд алманак» бор экан.

– Қандоқ яхшисан.

– Мен америкалик бўлишимдан жуда хурсандман. Биз Америкага борамиз-а, жоним? Мен Ниагара шоввасини кўрмоқчиман.

– Якка-ю ягонам.

– Мен яна ниманидир томоша қилмоқчи бўлиб юрардим, лекин нималиги эсимдан чиқиб қолди.

– Қушхоналарними?

– Йўқ. Эсимдан чиқди.

– Вулворт минорасиними?

– Йўқ.

– Катта Дараними?

– Йўқ. Лекин буни ҳам кўрмоқчи эдим.

– Унда нима бўлмасам?

– Олтин дарвоза! Мен ана ўшани кўрмоқчийдим. Олтин дарвоза қаерда?

– Сан-Францискода.

– Унда ўша ерга борамиз. Мен умуман Сан-Францискони кўрмоқчиман.

– Жуда соз. Ўша ерга борамиз.

– Энди ке, тоғнинг тепасига чиқамиз. Майлими?

– Соат бешдан неча дақиқа ўтгандаям поезд келади.

– Ана ўшанда борамиз.

– Хўп. Мен фақат яна пиво ичиб олай.

Биз кўчага чиқиб, зиналардан станцияга кўтарилаётганимизда жуда ҳам совуқ эди. Совуқ шамол Рона водийсидан эсмоқда эди. Магазинларнинг витриналарида чироқлар ёқилган, ёруғ эди, биз тик тош пиллапоядан юқори кўчага, кейин бошқа пиллапоядан станцияга кўтарилдик. Бунда чароғон ёритилган электр поезд турарди. Каттакон циферблатда поезднинг кетадиган вақти кўрсатиб қўйилганди. Поезд бешдан ўн дақиқа ўтганда юрар экан. Мен станция соатига қарадим. Бешдан беш дақиқа ўтган. Биз вагонга ўтираётганимизда мен вагон ҳайдовчи билан кондуктор буфетдан чиққанларини кўрдим. Биз ўтирдик, дарчани очдик. Вагонни электр печлар иситар, шунинг учун ичи дим, лекин дарчадан совуқ тоза ҳаво кирмоқда эди.

– Чарчадингми, Кэт? – сўрадим мен.

– Йўқ. Ўзимни жуда ҳам яхши сезяпман.

– Салдан кейин тушамиз.

– Яхши кетяпман, – деди у. – Кўп мендан чўчийверма. Ўзимни яхши сезяпман.


Ҳайитга уч кун қолганда қор ёғди. Бир куни эрталаб уйғонсак, қор ёғаётган экан. Печкада олов гуриллаб ёнар, биз тўшакда қор ёғишини томоша қилиб ётардик. Madame Гуттинген нонуштадан кейин идиш-товоқларни йиғиштириб олди ва печкага яна ўтин ташлади. Чинакам қор бўрони бўлаётганди. Madame Гуттинген қор ярим кечалардан ёғишга бошлади, деди. Деразага бориб қаровдим, олдимиздаги йўлдан бошқа ҳеч нарса кўринмади. Шамол ҳар томондан айланиб учар, қор тўзонини кўтарарди. Мен яна ўринга кирдим, биз анчагача гаплашиб ётдик.

– Қани энди, чанғида учсанг, – деди Кэтрин. – Чанғида учолмаслигим тоза ҳафсаламни пир қилди-да.

– Чана оламиз-да, пастга кетаётганда ўтириб оламиз. Автомобилда юргандай бўласан.

– Силкитиб ташламайдими?

– Бир учиб кўрайлик-чи.

– Силкитмаса, яхши бўларди-я.

– Бирпасдан кейин қорда айлангани чиқиш мумкин.

– Тушликдан олдин, – деди Кэтрин, – иштаҳа учун.

– Усиз ҳам доим қорним очга ўхшайди.

– Менинг ҳам.

Биз уриб турган бўронга чиқдик. Лекин ҳамма ёқни қор уюмлари тутиб кетганидан олис юриб бўлмасди. Мен қорни топтаб олдинда кетдим, лекин станциягача узоқ юриб боришга тўғри келди. Қор юзга уриб кўзни очиргани қўймасди. Биз станция яқинидаги кичкина қовоқхонага кирдик, супрутки билан қорларимизни супуриб ташладик, ёғоч курсига ўтириб, вермут сўрадик.

– Бугун қаттиқ бўрон бўляпти, – деди кельнер хотин.

– Ҳа.

– Бу йил қор анча кеч ёғди.

– Ҳа.

– Мен бир плитка шоколад есам нима қилади? – сўради Кэтрин. – Ёки нонуштагача сабр қиламизми? Мен доим очман.

– Бир дона есанг бўлади, – дедим мен.

– Мен ёнғоқ солинганидан оламан, – деди Кэтрин.

– Ёнғоқ солингани жуда ҳам мазали, – деди кельнер қиз. – Мен ҳаммадан ҳам ёнғоқ солинганларини яхши кўраман.

– Мен яна вермут ичаман, – дедим мен.

Уйга кетайлик деб эшикка чиққанимизда, бояги изларимизни қор босиб кетганди. Фақат оёқ излари ўрнида билинар-билинмас ботиқлик қолганди. Қор одамнинг юзига урар, кўз очиргани қўймасди. Биз қорларимизни тозалаб нонушта қилгани ўтирдик. Нонуштамизга Madame Гуттингеннинг ўзи қараб турди.

– Эртага чанғида учса бўлади, – деди у. – Чанғи учишни биласизми, мистер Генри?

– Йўқ. Лекин ўрганмоқчи эдим.

– Сиз тез ўрганиб оласиз. Ўғлим ҳайитга келмоқчи, у сизга ўргатиб қўяди.

– Қойил. Қачон келиши керак эди?

– Эртага кечқурун.

Тушликдан кейин кичкина хонада, печка олдида қор ёғишига қараб ўтирган эдик, Кэтрин гап бошлаб қолди:

– Жоним, бир ўзинг бирон ерларга бориб келсанг, эркаклар ўртасида бўлсанг, чанғиларда учсанг бўлмасмикин?

– Нима кераги бор?

– Наҳотки, бошқаларни сира кўргинг келмаса?

– Сен бошқаларни кўргинг келяптими?

– Йўқ.

– Мен ҳам.

– Биламан. Лекин сен бошқа гап. Мен ҳомилалиман, шунинг учун мен ҳеч нарса қилмасам ҳам бўлаверади. Мен жуда ҳам тентак бўлиб кетаётганимни, маҳмадона бўлиб қолаётганимни биламан, шунинг учун сен бирон ерга бориб келсанг, яхши бўлади, бўлмаса жудаям жонингга тегиб кетаман.

– Сен мени кетишимни истайсанми?

– Йўқ, ёнимда бўлишингни истайман.

– Унда ҳеч ерга кетишимнинг кераги йўқ.

– Бери кел, – деди у. – Мен бошингдаги ғуррангни кўрмоқчиман. Каттагина экан. – У шишни бармоқлари билан сийпалаб кўрди. – Жоним, соқол қўйсанг нима қиларкин?

– Соқол қўяйми?

– Шунчаки эрмакка. Соқол билан қандай бўларкинсан, кўрмоқчийдим.

– Майли, соқол қўяман. Ҳозирнинг ўзиданоқ соқол қўя бошлайман. Буни ғоя деса бўлади. Энди менинг ўзимга яраша машғулотим бўлади.

– Қиладиган ишинг бўлмаганидан хафамисан?

– Йўқ. Мен жуда мамнунман. Ўзимни яхши сезяпман. Сен-чи?

– Жуда ҳам яхши. Лекин мен бунақа пайтимда сени зериктириб юборармикинман, деб қўрққаним қўрққан.

– Оҳ, Кэт! Сени қанчалар севишимни билсайдинг.

– Ҳозир ҳамми?

– Ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам. Мен ўзимни бахтли деб биламан. Нима, биз бу ерда ёмон яшаяпмизми?

– Жуда ҳам яхши. Лекин менга нуқул сен қандайдир безовта бўлиб қолганга ўхшаб кўринасан.

– Йўқ. Мен баъзи пайтларда фронтни ва турлитуман одамларни эслаб кетаман, лекин бунинг ташвишланадиган ери йўқ. Мен ҳеч нарсани узоқ ўйлаб ўтирмайман.

– Кимларни эслайсан?

– Ринальдини, кашишни ва бошқа турли одамларни. Лекин мен буларни узоқ ўйламайман. Уруш ҳақида ўйлашни истамайман. У билан ҳисоб-китобларимиз битган.

– Ҳозир нимани ўйлаяпсан?

– Ҳеч нимани.

– Йўқ, сен бир нарсани ўйлаётган эдинг. Айт.

– Мен Ринальди ростданам захм бўлиб қолганмикан, деб ўйлаётгандим.

– Бор-йўғи шуми?

– Ҳа.

– У захмга йўлиққанми?

– Билмайман.

– Мен сенда бўлмаганидан хурсандман. Сенда бунақа нарсалар бўлмаганмиди?

– Мен сўзак бўлганман.

– Бўлди, қўй. Жонинг жуда оғриганмиди, жоним?

– Жуда.

– Менда ҳам бўлишини истардим.

– Бекорларни айтибсан.

– Йўқ, ростдан. Мен худди сендай бўлишни истардим. Мен сен билган ҳамма хотинларни билишни, сўнг уларни сенинг олдингда майна қилишни истардим.

– Мана бу чиройли гап.

– Нима, сенда сўзак бўлганда чиройли бўлганмиди?

– Йўқ. Қорнинг ёғишини қара.

– Мен яхшиси сенга қараб ўтираман. Жоним, сочларингни ўстириб юборсанг, нима қиларкин?

– У нима деганинг?

– Сал узунроқ қилиб ўстирсанг деяпман-да.

– Ҳозир ҳам узун-ку.

– Йўқ, бир оз ўстиргин, мен бўлсам, бир оз қирқтираман, кейин икковимиз бир хил бўлиб қоламиз. Фақат биттамиз қорароқ, биттамиз оқишроқ бўламиз.

– Мен сочингни қирқтиришингни истамайман.

– Балки бу жуда антиқа бўлармиди. Сочим жонимга тегиб кетди. Кечаси ётганда жуда ҳам халақит беради.

– Менга шундоқ тургани ёқади.

– Калта қилдирсам, ёқмасмиди?

– Эҳтимол. Менга ҳозиргиси ёқади.

– Балки калта бўлса, маъқул бўлармиди. Икковимиз бир хилда бўлардик. Жоним, сени шу қадар яхши кўраманки, сендай бўлиб қолсам дейман.

– Ўзи ҳам шундай. Битта одаммиз.

– Биламан. Кечалари.

– Кечалари ҳамма нарса бошқача бўлади.

– Мен сен қаерда-ю, мен қаерда, ҳечам билиб бўлмайдиган бўлиб қолса дейман. Сен ҳеч ерга кетмайсан. Мен боя жўрттага айтгандим. Агар кетгинг келса, кетавер. Лекин тезроқ қайтиб кел. Жоним, сенсиз менга ҳаёт йўқ, ахир.

– Мен ҳеч қачон кетмайман, – дедим мен. – Сен бўлмасанг, мен соядай бўлиб қоламан. Сенсиз мен жонсиз жисмман.

– Мен ҳаётинг яхши бўлишини истайман. Ҳаётинг жуда ҳам яхши бўлишини истайман. Лекин бу бизнинг икковимизнинг ҳаётимиз бўлади, тўғрими?

– Хўш, қалай, соқол қўйишни бошлайми ёки тўхтатайми?

– Ўсаверсин. Соқол қўй. Бу жудаям қизиқ бўлади. Балки у янги йилгача ўсиб кетар.

– Истайсанми, шахмат ўйнаймиз!

– Яхшиси, бошқа ўйин ўйнайлик.

– Йўқ. Шахмат ўйнаймиз.

– Кейин бошқа ўйин қиламиз, а? Ҳа.

– Хўп, яхши.

Мен шахмат олиб келиб доналарни тикдим. Ташқарида ҳамон қор гупиллаб ёғмоқда эди.

Бир куни мен кечаси уйғониб кетдим, қарасам, Кэтрин ҳам уйғоқ экан. Ой деразага тушиб турар, дераза ромларининг сояси ўринга тушиб турганди.

– Уйқунг келмаяптими, жоним?

– Йўқ. Сен ухлолмаяпсанми?

– Мен ҳозиргина уйғониб кетдим, биринчи марта учрашганимизда қанчалар телба эканлигимни ўйлаб ётибман. Эсингдами?

– Сен салгина девона эдинг.

– Энди ҳеч ундай бўлмаяпман. Энди ҳаммаси яхшига ўхшайди. Ажойиб. Сен бу сўзни ғалати қилиб айтасан. «Ажойиб» дегин.

– Ажойиб.

– Сен жонимсан. Мен ҳам энди девона эмасман. Фақат мен жуда, жуда бахтлиман.

– Майли, ухла, – дедим.

– Майли. Ке, иккаламиз баравар ухлаб қоламиз.

– Майли.

Лекин биз дарҳол ухлаб қолмадик. Мен яна ҳар турли нарсаларни ўйлаб Кэтринга, унинг бўйнига тушиб турган ой нурига қараб анчагина уйғоқ ётдим. Сўнг мен ҳам ухлаб қолибман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 5 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации