Текст книги "Алвидо, қурол"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 19 страниц)
Ўнинчи боб
Дала госпиталининг палатасида менга пешиндан кейин одам кўргани келишини айтишди. Кун иссиқ, хона пашша билан тўла эди. Вестовой қоғозни узун-узун қилиб қирқди-да, ёғоч чўпга боғлаб, пашшаларни ҳайдади. Мен уларнинг шифтга ўтиришларини томоша қиламан. У қувишдан тўхтаб, ухлаб қолгач, уларнинг бари пастга ғувиллаб тушишди, мен ҳайдаб кўрдим, алоҳа бўлмагач, юзимни қўлим билан беркитиб, ухлаб қолибман. Кун жуда исиб кетди, уйғонганимда, оёқларим қичишарди. Мен вестовойни уйғотдим ва у яраларимга минерал сув қуйди. Бундан ўрним нам ва салқин бўлиб қолди. Уйғоқ ётганлар палатани бошларига кўтариб гаплашишарди. Тушликдан кейин вақт жуда осойишта ўтарди. Эрталаб учта санитар билан бир врач ҳар бир каравот олдига келишиб, ётган одамни турғизиб, боғлаш пунктига олиб кетишарди, унинг яраларини қайта боғлаб бўлгунча ўринларини ҳам йиғиштириб қўйишарди. Боғлаш хонасига ҳеч ким жон деб боргиси келмасди, албатта, лекин у пайтда мен кишини ётган жойидан турғизмасдан ҳам ўрнини тузатиб қўйиш мумкинлигини билмасдим. Вестовой бор сувни қуйиб бўлгач, ўрним муздек ва ёқимли бўлиб қолди, мен қичишни тўхтатиш учун оёғимнинг қаерини уқалашни вестовойга кўрсатиб турганимда, врачлардан бири палатага Ринальдини олиб кирди. У шитоб билан кириб, каравотга энгашди-да, мени ўпди. Мен у қўлқоп кийганини пайқадим.
– Хўш, ишлар қалай, бэби? Тузукмисиз? Манави сизга… – Унинг қўлида коньяк бор эди. Вестовой унга стул келтирди, у ўтирди. – Яна бир хушхабар ҳам бор. Сизни мукофотга тақдим қилишди. Кумуш медаль бўлади деяверинг, лекин, балким, бронзага айланиб қолиши ҳам мумкин.
– Нимага медаль?
– Сиз ахир оғир яраландингиз. Агар сиз жасорат кўрсатганлигингизга ишонтиролсангиз, кумуш оласиз, деб айтишмоқда. Бўлмаса, бронза экан. Менга бошидан бошлаб айтиб беринг. Жасорат кўрсатдингизми?
– Йўқ, – дедим мен. – Мина портлаган пайтда мен пишлоқ еб турувдим.
– Жинни бўлманг. Сиз ундан олдинроқ ёки кейинроқ бир қаҳрамонлик кўрсатган бўлишингиз керак, албатта. Яхшилаб эслаб кўринг.
– Ҳеч вақо кўрсатмадим.
– Ярадор бўла туриб ҳеч кимни елкангизда олиб чиқмадингизми? Гордини, сиз елкангизда бир нечта одамни олиб чиқдингиз, деяпти, лекин бош врач бу ақлга тўғри келмайди, демоқда. Мукофотга тавсия қоғозига у қўл қўйиши керак.
– Мен ҳеч кимни олиб чиқмадим. Мен қимир этолмасдим.
– Бунинг аҳамияти йўқ, – деди Ринальди. У қўлқопни ечди.
– Нима бўлганда ҳам, биз кумуш бўлишига ҳаракат қиламиз. Балким, сиз тиббий ёрдамни бошқаларга олдинроқ кўрсатинглар дегандирсиз?
– Бу гапда унчалар қаттиқ турганим йўқ.
– Аҳамияти йўқ. Яраланганингиз-чи? Мардоналик қилиб мени олдинги маррага юборинглар, деб туриб олганингиз-чи? Бунинг устига жангда ғолиб чиқдик.
– Демак, дарёдан кечиб ўтибмиз-да?
– Кечиб ўтганда қандоқ! Мингга яқин асир олишди. Ахборотда шундай дейилган. Сиз уни ўқимадингизми?
– Йўқ.
– Сизга олиб келиб бераман. Бу ажойиб Coup de main.2424
Зарба, босқин (франц.).
[Закрыть]
– Ўзингизнинг ишларингиз қандай?
– Зўр. Ҳаммаси яхши. Ҳаммалари сизга қойил қолишяпти. Нима бўлганини менга сўйлаб беринг-чи? Сиз кумуш олишингизга ишонаман. Қани, бошланг. Бир бошдан айтиб беринг. – У ниманидир мулоҳаза қилиб, жимиди. – Балким, сиз яна инглиз медали ҳам олишингиз мумкин. У ерда бир инглиз ҳам бўлган экан. Мен у билан учрашиб, сиз ҳақингизда керакли жойда икки оғиз сўзлаб бера олармикин, сўраб кўраман. Қиламан деса, қўлидан келади. Қаттиқ оғрияптими? Олинг, ичинг. Вестовой, шиша очадиганни олиб келинг. Мен бир одамнинг уч метр ингичка ичагини қандай олиб ташлаганимни бир кўрсангиз эди. Буни «Ништар»га ёзса арзирди. Сиз таржима қилиб берсангиз, «Ништар»га жўнатган бўлардим. Кундан-кунга янги нарса ўрганяпман. Шўрлик бэби, кайфиятингиз дурустми ўзи? Шиша очадиган йўқ бўлиб кетдими нима бало? Сиз сабр қилиб, жимгина ётганингиз учун мен ярадорлигингизни унутиб қўйяпман. – У қўлқопини каравот четига урди.
– Мана очадиган, Signоr tеnentе, – деди вестовой.
– Шишани очинг. Стакан олиб келинг. Ичинг, бэби. Бошингиз тузукми? Мен касаллик тарихини кўрдим. Миянгизда дарз йўқ. Биринчи постдаги ўша врач нима-ю мол дўхтир нима, барибир. Мен шундай қилган бўлардимки, сиз ҳатто сезмай қолардингиз. Мен жуда беозор даволайман. Шунга ҳаракат қиламан. Кундан-кунга қўлим енгил бўлиб, ишим яхши қовушяпти. Мени маъзур тутинг, бэби, кўп вайсаб юборяпман. Жиддий жароҳатланганингиздан кўнглим бузилиб турибди. Қани, ичинг. Яхши коньяк. Бир шишаси ўн беш лир. Яхши бўлса керак. Беш юлдузли. Шу ердан тўғри инглизнинг олдига бораман, у сизга инглиз медали олиб беради.
– Уни олиш осон эмас.
– Сиз ғоятда камтаринсиз. Мен алоқа офицерини юбораман. У инглизларнинг тилини билади.
– Сиз мисс Барклини кўрмадингизми?
– Уни бу ерга олиб келаман. Мен ҳозироқ бориб, уни бошлаб келаман.
– Кетманг, – дедим мен. – Менга Гориция ҳақида гапириб беринг. Ойимчалар қалай?
– Ойимчалар йўқ. Икки ҳафта бўлди, уларни алмаштиришмади. Мен у ерга бораётганим йўқ. Қип-қизил расволик! Улар энди ойимтилла эмас, жанговар ўртоқ бўлиб қолишди.
– Бутунлай бормай қўйдингизми?
– Фақат баъзан бирон янги гап бормикин, деб кириб ўтаман. Шунчаки йўл-йўлакай! Улар сизни сўраб қўйишмайди. Қип-қизил расволик. Шунчалик узоқ қолиб кетишдики, дўстлашиб қоляпмиз.
– Балким, фронтга борадиган талабгорлар бошқа топилмаётгандир?
– Ундаймас. Ойимчалар истаганча топилади. Ташкилоти ярамайди. Уларни фронт ичкарисидаги қаҳрамонларга сақлаб ўтиришибди.
– Шўрлик Ринальди! – дедим мен. – Урушда ёлғиз сўқир боши билан қолибди, унга ҳатто эрмакка янги ойимчалар ҳам йўқ.
Ринальди ўзига ҳам коньяк қуйди.
– Бу сизга зиён қилмайди, бэби. Ичинг.
Мен коньякни ичиб, бутун аъзойи баданимга иссиқлик югураётганини ҳис қилиб турдим. Ринальди яна қуйди. Унинг кўнгли бир оз ўрнига тушди. У ўзининг стаканини кўтарди: – Сизнинг шавкатли жароҳатларингиз учун! Кумуш медаль учун! Айтинг-чи, бэби, узун кун бунақа иссиқда ётиш жонингизга тегмадими?
– Тегяпти.
– Мен бунақасини хаёлимга ҳам келтиролмайман. Жинни бўлиб қолардим.
– Ҳалиям соғмассиз.
– Тезроқ тузалинг-да, ишқилиб. Тунги саргузаштлардан сўнг уйга якка қайтгиси келмайди одамнинг. Ҳазилвонинг йўқ. Қарз бериб турадиганинг йўқ. Ҳамхонам ва тутинган биродарим йўқ. Шу бош оғриғи жароҳатларни орттирмасангиз, камайиб қолармидингиз?
– Руҳонийнинг қитиғига тегмаяпсизми?
– Қўйинг шу руҳонийни! Мен унга ҳеч тегажоғлик қилмайман. Капитан ҳазиллашади. Руҳоний яхши одам. Сизга руҳоний керак бўлса, бизникини ола қолинг. У сизни йўқлаб келмоқчийди. Олдиндан тайёрланиб юрибди.
– Мен уни жуда яхши кўраман.
– Биламан. Менга баъзан сиз у билан сал ҳалигиндақа бўлиб кўринасиз. Биласиз-ку, ўзингиз.
– Бекорларни айтибсиз.
– Рост айтяпман.
– Бўлмағур гап!
У ўрнидан туриб, қўлқопини кийди.
– Сизга азоб беришни бунча яхши кўраман-а, бэби. Бундоқ қараганда, руҳонийга ва инглиз қизга бўлган муносабатларингиздан қатъи назар, сиз дилингизда худди менга ўхшайсиз.
– Ундай эмас.
– Ўхшайсиз, дедимми, ўхшайсиз. Сиз чинакам италянсиз. Турган-битганингиз олов билан тутун, ичингизда эса ҳеч вақо йўқ. Сиз фақат ўзингизни америкаликка оласиз. Биз сиз билан оға-инидекмиз, бир-биримизни яхши кўрамиз.
– Мен йўғимда ақлли бола бўлинг, – дедим мен.
– Сизнинг олдингизга мисс Барклини юбораман, Мен бўлмасам у билан ёзилиброқ гаплашасиз. Сиз маъсумроқ ва дилбарроқсиз.
– Бўлмағур гап!
– Юбораман уни. Сизнинг гўзал ва совуқ илоҳангизни. Инглиз илоҳасини. Ё Раб, бундай аёлга таъзим қилмоқдан ўзга не чоранг бор? Инглиз аёли шундан бошқа яна нимага ҳам ярарди?
– Сиз нодон, вайсақи дагосиз.
– Ким?
– Нодон макаронхўр.
– Макаронхўр. Ўзингиз макаронхўр… юзини совуқ урган макаронхўрсиз.
– Нодон. Калтафаҳм. – Мен бу сўз уни чақиб олганлигини кўриб, давом этдим: – Маданиятсиз, оми. Ўқимаган, фаросати йўқ.
– Ҳали шундайми? Бўлмаса, сизга фаришта қизларингиз ҳақида бир гап айтиб-берайки. Илоҳаларингиз ҳақида. Бокира қиз билан хотин орасидаги фарқ битта. Қиз билан бўлганингда, у оғриқ сезади, холос. Бошқа гап йўқ, – У қўлқопини каравотга урди. – Шуниси ҳам борки, қиз билан бўлганингда, бу унга ёқадими, ёқмайдими, билолмайсан.
– Жаҳлингиз чиқмасин.
– Жаҳлим чиқаётгани йўқ. Мен буни сизнинг фойдангиз учун айтяпман, холос, бэби. Сизни ортиқча даҳмазадан қутқармоқчиман.
– Ҳамма фарқи шундагинами?
– Ҳа. Аммо сизга ўхшаган миллионлаб аҳмоқлар буни билишмайди.
– Буни менга айтиб қўйганлигингиз яхши бўлди.
– Қўйинг, уришмайлик, бэби. Мен сизни жуда яхши кўраман. Жиннилик қилиб юрманг.
– Хўп. Мен сизга ўхшаб ақлли бўламан.
– Жаҳлингиз чиқмасин, бэби. Қовоғингизни очинг. Яна ичинг. Энди мен борай.
– Бари бир сиз ажойибсиз.
– Ана кўрдингизми. Дилингизда худди ўзимсиз. Биз уруш топиштирган қардошлармиз. Хайрлашмай туриб, мени ўпиб қўйинг.
– Суюлиб кетдингиз.
– Ундаймас. Сал кўпроқ отиб қўйдим, чоғи.
Юзимга унинг нафаси урилди.
– Кўришгунча, хайр. Мен тезда яна келаман. – Унинг нафаси юзимдан йироқлашди. – Ўпишмасангиз, майли, кераги йўқ. Олдингизга инглизингизни юбораман. Хайр, бэби. Коньяк каравот тагида. Тезроқ тузалиб чиқинг.
У ғойиб бўлди.
Ўн биринчи боб
Кашиш кирганда, шом қоронғиси тушиб қолганди. Хўрда бериб, тақсимчаларини йиғиштириб олишганди, мен қатор қўйилган каравотларга, дераза ортида дарахтнинг кечки шабадада чайқалиб турган тепасига қараб ётардим. Шабада деразадан ичкарига ҳам ўтмоқда эди, кеч кириши билан салқин тушди. Пашшалар энди уйнинг шифти ва шнурда осилиб турган электр чироқларга мўрмалахдек ёпишиб олишди. Чироқни кечаси бирон ярадор келиб қолса ёки палатада иш чиқиб қолсагина ёқишарди. Шом киргач, тезда қоронғи тушганлигидан ва то эрталабгача ёруғни кўрмаганлигимдан, назаримда, ўзимни яна гўдак бўлиб қолгандай ҳис қилардим. Худди кечки овқатни еб бўлишинг биланоқ сени кўрпага ётқизишадигандек эди. Вестовой каравотлар орасидан ўтиб тўхтади. Унинг ёнида яна кимдир бор эди. Бу кашиш эди. Қорачадан келган, ўрта бўйли бу одам қаршимда тортингансимон бўлиб турарди.
– Қалай, тузукмисиз? – сўради у. Шундоқ ўриннинг олдига, полга у аллақандай ўроғлик нарсаларни қўйди.
– Яхши, отахон.
У боя Ринальдига олиб келинган стулга ўтирди ва кўзини деразага олиб қочди. Башарасидан ҳорғин кўринарди.
– Бир зумга кирдим, – деди у. – Кеч бўлиб қолди.
– Ҳали вақтли. У ёқда ишлар яхшими?
У жилмайди.
– Ҳамон мени эрмак қилишади. – Унинг овози ҳам ҳорғин эшитиларди. – Худога шукр, ҳамма соғ-саломат. – Дардингиз енгил кўчганидан хурсанд бўлдим, – деди у. – Қаттиқ оғримаяптими?
У ғоятда ҳолдан тойган каби кўринарди, мен уни бу аҳволда биринчи кўриб туришим эди.
– Ҳозир унчаликмас.
– Сизнинг йўғингиз менга жуда билиняпти.
– Ўзим ҳам тезроқ қайта қолсам дейман. Сиз билан суҳбатлашишни соғиндим.
– Сизга майда-чуйда олиб келдим, – деди у. – У полдан ўроғлик нарсаларни олди. – Манави чивиндан сақланадиган тўр. Бу вермут. Сиз вермутни яхши кўрасизми? Манавилар инглиз газеталари.
– Қани очиб кўрсатинг-чи.
У хурсанд бўлиб, ўрамларни еча бошлади. Мен қўлимга чивиндан сақлайдиган тўрни олдим. У менга кўрсатиш учун шишани кўтариб, яна ўрин олдидаги столга қўйди. Мен ўрам ичидан битта газетани олдим. Газетани деразадан тушаётган ғира-шира ёруққа солиб, сарлавҳасини ўқий олдим. Бу «Ньюс оф уорлд» эди.
– Бошқалари – суратли варақлар, – деди у.
– Жоним билан ўқиб чиқаман. Қаердан олдингиз?
– Местерга одам юбориб олдириб келтирдим. Яна топиб бераман.
– Йўқлаб келганингиздан бошим осмонга етди, отахон. Вермут ичмайсизми?
– Раҳмат, ичмайман. У сизга.
– Йўқ деманг, ичинг.
– Хўп, майли. Келаси сафар яна обкеламан.
Вестовой стаканлар келтирди ва шишанинг оғзини очди. Пўкаги майдаланиб кетиб, қолганини шиша ичига тушириб юборишга тўғри келди. Руҳоний бундан хафа бўлганини кўрдим, лекин у:
– Майли, ҳечқиси йўқ, – деди.
– Сизнинг саломатлигингизга, отахон.
– Сизнинг соғлигингиз учун.
Кейин у стаканни қўлида ушлаб турди ва биз бир-биримизга тикилиб қолдик. Дўстона суҳбат қуриш учун хўб уриниб кўрдим, лекин нима учундир бугун гап қовушмасди.
– Тинчликми ўзи, отахон. Жуда чарчаган кўринасиз.
– Мен чарчадим, лекин чарчашга ҳақим йўқ.
– Бу иссиқдан.
– Йўқ. Ҳали баҳор-ку. Ичимга чироқ ёқса ёримайди.
– Уруш жонингизга тегдими?
– Йўқ. Лекин уни кўрарга кўзим йўқ.
– У менга ҳам ёқинқирамайди, – дедим мен. У бошини чайқаб деразага қаради.
– У сизга халал бермайди. У сизга кўринмайди. Маъзур тутинг. Биламан, сиз яралангансиз.
– Тасодифан.
– Барибир сиз яраланиб ҳам урушни кўрмайсиз. Мен бунга аминман. Ўзим ҳам уни кўрмайман, лекин мен уни бир оз ҳис қиламан.
– Мен яраланган маҳалимда, биз уруш ҳақида гаплашиб турган эдик. Пассини гапириб турган эди.
Кашиш стаканни қўйди. У аллақандай бошқа бир нарсани ўйламоқда эди.
– Мен уларни тушунаман, чунки ўзим ҳам уларнинг бириман, – деди у.
– Аммо сиз бутунлай бошқачасиз.
– Лекин аслида худди уларга ўхшайман.
– Офицерлар ҳеч нимани кўришмайди.
– Ҳаммасимас. Жуда зукколари бор, уларга бизга қараганда ҳам оғирроқ.
– Унақалари кўп эмас.
– Бунда гап таҳсил кўрганлиги ёки пулда ҳам эмас. Бу ерда бошқа гап бор. Пассинига ўхшаган одамлар ўқимишли бўлиб, пулдор бўлган чоғида ҳам офицер бўлишга розилик бермасди. Мен офицер бўлишни истамасдим.
– Унвонингиз бўйича сиз офицерсиз. Мен ҳам офицерман.
– Йўқ, бунинг фарқи бор. Сиз ҳатто италян эмассиз-ку. Сиз чет мамлакатнинг фуқаросисиз. Аммо сиз оддий аскарлардан кўра офицерларга яқинроқсиз.
– Бунинг фарқи нимада?
– Тушунтириб беришим қийин. Урушга талабгор бўлиб турган одамлар бор. Бизнинг мамлакатимизда бундайлар кўп топилади. Урушни истамайдиган одамлар бор.
– Бироқ олдингилари буларни мажбур қилади.
– Ҳа.
– Мен эса бунга ёрдам беряпман.
– Сиз чет эл одамисиз. Кўнгиллисиз.
– Бояги урушни истамайдиганлар-чи? Улар урушнинг олдини ололадиларми?
– Билмайман.
У яна деразага қаради. Мен унинг юзи ўзгарадими, йўқми – қараб турардим.
– Ахир улар бирон марта урушга тўсқинлик қилолганмилар?
– Улар бирлашишмаган, шунинг учун ҳеч нарсага тўсиқ бўлишолма ган, бирлашган чоғларида эса, йўлбошчилари уларни сотиб қўймоқда.
– Демак, умид йўқ?
– Умидсиз шайтон. Лекин, айтайлик, мен умид қилолмаслигим мумкин. Мен доим умид қилгим келади, бироқ баъзан умидим узилади.
– Лекин уруш ахир бир кун тугайди-ку?
– Умидим бор.
– Ўшанда нима қиласиз?
– Мумкин бўлса Абруццига қайтаман.
Шунда унинг қорача юзи қувончдан ёришиб кетди.
– Сиз Абруццини яхши кўрасизми?
– Ҳа, жуда севаман.
– Ана ўша ерга боринг.
– Жон-жон деб борардим-а. У ерда яшаб, Худога сиғиниб, унга хизмат қилишнинг ўзи бахт-ку.
– Ҳурмат-эътибор қозониш ҳам, – дедим мен.
– Ҳа, ҳурматга сазовор бўлиш ҳам. Нима бўпти?
– Ҳеч нима. Сиз бунга тўла сазоворсиз.
– Гап ундамас. У ерда, мен туғилган ерларда, ўзини Худога бағишлашни табиий бир нарса деб билишади. Бу ярамас масхарабозлик эмас. – Тушунаман.
У менга қараб кулимсиради.
– Тушуниб турасиз-у, лекин Худони суймайсиз.
– Йўқ.
– Сира суймайсизми? – сўради у.
– Баъзан кечалари ундан қўрқаман.
– Сиз уни суйсангиз бўларди.
– Мен айтарли ҳеч кимни суймайман.
– Йўқ, – деди у. – Ёлғон. Сиз менга сўзлаб берган тунлар-чи. Бу муҳаббат эмас. У ҳирс ва шаҳватнинг ўзи, холос. Агар суйсанг, муҳаббатинг ҳақи, бирон нарса қилгинг келади. Фидо бўлсам дейсан. Кўйида юрсам дейсан.
– Мен ҳеч кимни суймайман.
– Сиз севиб қоласиз. Мен биламан, сиз севиб қоласиз. Ўшанда сиз бахтиёр бўласиз.
– Ҳозир ҳам бахтиёрман. Доим бахтиёрман.
– Бу бошқа нарса. Сиз бошингизга тушгунча бунинг нималигини англамайсиз.
– Яхши, – дедим мен, – агар бирон бир кун келиб, мен буни бошдан кечирсам, сизга айтаман.
– Мен сиз билан узоқ ўтириб қолдим, кўп гапириб юбордим, – у типирчилаб қолди.
– Йўқ. Кетманг. Хотин кишини севиш-чи? Агар мен аёл кишини севиб қолсам ҳам, шундай бўлармиди?
– Мен буни билмайман. Мен биронта ҳам аёлни севган эмасман.
– Онангизни-чи?
– Ҳа, онамни севганман, эҳтимол.
– Сиз доимо Худони севганмисиз?
– Болалигимдан бери.
– Хўш, – дедим мен. Нима дейишни билмай қолдим.
– Сиз ҳали жуда ёшсиз.
– Мен ёшман, – деди у. – Бироқ сиз мени отахон деб чақирасиз.
– Одоб юзасидан.
У кулимсиради.
– Ростдан ҳам мен боришим керак, – деди у. – Сизга бирон нарса керак эмасми? – сўради у бир умид билан.
– Йўқ. Гаплашиб турсак, кифоя.
– Бизникиларнинг барига сиздан салом айтаман.
– Совғаларингиз учун раҳмат.
– Арзимайди.
– Яна келинг.
– Келаман. Кўришгунча. – У қўлимга уриб қўйди.
– Хайр, – дедим мен лаҳжада.
– Сiao, – қайтарди у.
Хона қоп-қоронғи эди, боятдан бери каравотнинг оёқ томонида ўтирган вестовой ўрнидан туриб, уни кузатгани чиқди. Кашиш менга жуда ёқарди, шунинг учун унинг Абруццига қайтиш тилаги юзага чиқишини истардим. Офицерлар емак-хонасида уни ҳол-жонига қўйишмас, у буни кўнглига оғир олмасликка тиришарди, бироқ мен у ўз юртида ўзини қандай тутиши устида ўйлардим. Капракоттада, деб ҳикоя қилиб берганди у, шаҳарнинг шундоқ яқинидаги сойда хонбалиқ бор. Кечалари най чалиш ман этилган. Ёш йигитлар ишқий қўшиқлар айтишади, фақат най чалиш мумкин эмас. Мен нимага, деб сўрадим. Чунки най овози қизларга кечаси ёмон таъсир қилар экан. Деҳқонлар сиз билан учрашганда, «дон» деб чақиришади ва шляпаларини бошдан олишади. Унинг отаси ҳар куни ов қилиб, деҳқон кулбаларига тамадди қилгани кирар экан. Бу уларда ҳурмат белгиси саналар экан. Чет элнинг одамлари овга рухсат олишлари учун ҳеч қачон қамоқда ётмаганлиги ҳақида гувоҳнома кўрсатишлари керак экан. Гран-Сассо д’Италиа томонда айиқлар бўларкан, лекин жуда олис экан. Аквила – чиройли шаҳар. Ёз кезлари кечқурунлари салқин тушаркан, кўкламда эса Абруццидан гўзалроқ ерни Италиядан топиб бўлмас экан. Аммо энг яхши фасл куз экан, бу пайтда каштанзорларда ов қилиш мумкин бўларкан. Қушлар узум егани учун жуда мазали эмиш. Овқатнинг ғамини ейишнинг ҳожати йўқ. Чунки деҳқонлар билан бирга овқатлансанг, бундан уларнинг бошлари осмонга етаркан.
Кўп ўтмай ухлаб қолибман.
Ўн иккинчи боб
Палата узунчоқ бўлиб, ўнг томондаги деворида деразалари ва бурчакда боғлаш хонасига олиб чиқадиган эшиги бор эди. Бир қатор каравотлар жумладан, меники ҳам дераза рўпарасидаги девор бўйлаб жойлаштирилган бўлиб, иккинчи қатор эса девор рўпарасида деразалар тагига жойлаштирилган эди. Чап томонимда ётганимда, менга боғлаш хонасининг эшиги кўриниб турарди. Ичкарироқда яна бир эшик бўлиб, ундан баъзан одамлар кириб туришарди. Битта-яримта ярадор ҳолати разм бўлиб қолса, ҳеч ким унинг ўлаётганини кўрмасин деб, атрофини тўсиқ билан беркитиб олишар, шунда тўсиқ та-гидан врачлар ва санитарларнинг оёқ кийимларигина кўриниб турар, баъзан эса охирида шивир-шивир эшитилиб қоларди. Сўнг тўсиқ ортидан руҳоний чиқиб келар, шунда санитарлар яна тўсиқ орқасига ўтиб, у ердан устига бошдан-оёқ кўрпа тортилган мурдани олиб чиқишар ва каравотлар ўртасидаги йўлдан олиб ўтишарди, кимдир тўсиқни йиғиб, олиб чиқиб кетарди.
Шу куни эрталаб палата врачи мендан, эртага жавоб берсак, қувватингиз келадими, деб сўраб қолди. Мен, ҳа, дедим. У ҳолда, деди у, сизни эрталаб барвақт жўнатамиз. Кунлар исиб кетмасдан бурун кўчиб ўтсангиз, ўзингизга яхши бўлади, деди у.
Боғлаш хонасига олиб бориш учун мени каравотдан турғизишганда, деразага қараб, боғдаги янги қабрларни кўриш мумкин эди. Боққа чиқиладиган эшикда бир солдат бут ясаб ўтирар ва уларга боққа кўмилганларнинг номини, унвонини, полкини ёзиб қўярди. У ярадорлар айтган нарсаларни ҳам қилиб берарди, менга у австрис милтиғининг бўш патронидан зажигалка ясаб берди. Врачлар жуда хушмуомала, ғоят тажрибали кўринардилар. Улар мени қўярда-қўймай Миланга юборишмоқчи бўлишди. Бизларни ҳаммамизни тезроқ чиқариб, ичкарига жўнатишга, ҳужум бошлангунча барча каравотларни бўшатишга шошилишмоқда эдилар.
Дала госпиталидан кетиш арафасида кечга томон Ринальди бош врач билан бирга келиб қолди. Улар мени Миланга, янги очилган Америка госпиталига жўнатишаётганини айтишди. Америкадан бир қанча санитар отрядларининг келиши кутилаётган экан, шу госпитал уларга ва италян қўшинидаги бошқа барча америкаликларга хизмат кўрсатиши керак экан. Қизил Хочда улар кўпчилик эди. Қўшма Штатлар Австрияга эмас, Германияга уруш эълон қилган эди.
Италянлар Америка Австрияга ҳам уруш эълон қилади, деб ишонишар, шунинг учун ҳам гарчи Қизил Хоч хизматчиларидан бўлса-да, лекин америкаликларнинг келганига жуда хурсанд бўлишди. Мендан президент Вильсон Австрияга уруш эълон қилармикин, йўқми, деб сўрашди, мен бу яқин кун-лар ичида рўй беради, деб жавоб бердим. Мен бизнинг Австрияга қарши қандай даъвомиз борлигини билмасдим, лекин мантиқан ўйлаб қараганда, Германияга уруш эълон қилгач, ўз-ўзидан Австрияга ҳам эълон қилиниши керакка ўхшарди. Мендан, бизнинг Туркияга қарши уруш эълон қилиш-қилмаслигимизни сўрашди. Мен: ҳа, биз, эҳтимол, Туркияга уруш эълон қилсак керак, дедим.
– Болгарияга-чи?
Биз бир қанча қадаҳдан коньяк ичиб қўйгандик ва мен: ҳа, жин урсин, Болгарияга ҳам, Японияга ҳам, дедим. Буниси қандоқ бўлди, дейишди улар, ахир Япония Англиянинг иттифоқчиси-ку. Барибир, бу ифлос инглизларга ишониб бўлмайди, Японларга Гавай ороллари ёқиб қолган, дедим мен.
– Бу Гавай оролларининг ўзи қаерда?
– Тинч океанда. Нега у японларга ёқиб қоларкан? Уларга бу ороллар умуман керак эмас, – дедим мен.
– Буларнинг бари қуруқ гап. Японлар ажойиб бир кичкина халқ, рақсни, енгил винони яхши кўришади. Худди французларга ўхшайди, – деди майор.
– Биз французлардан Ницца ва Савойяни тортиб оламиз. Корсиканиям, Адриатика қирғоқларини ҳам, – деди Ринальди.
– Италияга Римнинг улуғворлиги қайтиб келади, – деди майор.
– Менга Рим ёқмайди, – дедим. – Жуда ҳам иссиқ жой, бургаси кўп. Сизга Рим ёқмайдими?
– Йўқ, мен Римни яхши кўраман. Рим – халқларнинг волидаси. Ҳеч қачон Ромулнинг Тибрни қандай эмганлигини унутолмайман.
– Нима?
– Ҳеч нима. Юринглар, ҳаммамиз Римга борамиз. Бугун кечқурун ҳаммамиз Римга бориб, қайтиб келмаймиз. Рим – ажойиб шаҳар, – деди майор.
– Халқларнинг отаси ва онаси, – дедим мен.
– Roma жинси муаннас-ку, – деди Ринальди.
– Кота ота бўлиши мумкин эмас.
– Унда отаси ким? Муқаддас руҳми?
– Шаккоклик қилманг.
– Мен шаккоклик қилаётганим йўқ, мен тушунтириб беришларини сўраяпман.
– Сиз мастсиз, бэби.
– Ким мени ичирди?
– Мен ичирдим, – деди майор. – Мен сизни ичирдим, чунки сизни яхши кўраман, чунки Америка урушга кирди.
– Бошқа чора йўқ, – дедим.
– Сиз эрталаб жўнайсиз, бэби, – деди Ринальди.
– Римга, – дедим мен.
– Йўқ, Миланга, – деди майор, – «КристальПалас»га, «Кова»га, Кампарига, Биффига, Galleriaraга. Сизни Худо ёрлақади.
– «Гран-Италиа»га, – дедим мен, – у ерда мен Жорждан қарз оламан.
– «Ла Скала»га, – деди Ринальди.
– Сиз «Ла Скала»га борасиз.
– Ҳар оқшом, – дедим мен.
– Ҳар оқшом боришга қурбингиз етмайди, – деди майор. – Билетлар жуда қиммат.
– Мен бобомнинг номига ёзилган чекни кўрсатаман, – дедим.
– Қандай чек?
– Бобомнинг чеклари. Ё бобом тўлайди, мени қамашади. Банкда мистер Кэнингхэм буни тўғрилаб беради. Мен бобомнинг чеклари билан яшайман. Наҳотки бобом Италияни халос қилиш учун қурбон бўлаётган ўз фидокор набирасини қамоққа жўнатса?
– Яшасин Америка Гарибальдиси, – деди Ринальди.
– Яшасин боболарнинг чеклари, – дедим мен.
– Шовқин солманглар, – деди майор.
– Биздан шовқин солманглар, деб бир неча бор сўрашди. Сиз эртага ростданам кетасизми, Федерико?
– Сизга айтдим-ку, америка госпиталига кетяпти деб, – деди Ринальди. – Гўзал ҳамширалар олдига. Ҳар ҳолда дала госпиталининг серсоқол касал боқувчилари олдига эмас.
– Ҳа, ҳа, – деди майор, – унинг Америка госпиталига кетаётганини биламан.
– Менга соқоллари халақит бермайди, – дедим мен. – Ки мда-к им соқол қўйги си келар экан, қўяверсин. Нега сиз соқол қўймадингиз, Signor maggiorre? Соқол противогазга сиғмайдими? Сиғади. Противогазга ҳамма нарса сиғади. Бир марта противогазга тупурганман.
– Секинроқ, бэби, деди Ринальди. – Биз ҳаммамиз сизнинг фронтда бўлганлигингизни биламиз. Оҳ, азизим бэби, сиз кетгач, мен қандоқ қиламан?
– Энди кетайлик, – деди майор. – Бу ёғи йиғлоқилик бўладиганга ўхшайди. Қулоқ солинг, сизга ажойиб хушхабарим бор. Инглиз қизингиз. Биласиз-ку? Ҳар куни кечқурун инглиз госпиталига бориб юрадиганингиз-чи? У ҳам Миланга кетяпти. У яна бир ҳамшира билан Америка госпиталига хизмат қилгани кетишяпти. Америкадан ҳали ҳамширалар келмабди. Мен бугун уларнинг riparto2525
Отряд (итал.).
[Закрыть] бошлиғи билан гаплашдим. Фронтда аёл хизматчилар кўп экан. Бир қисмини ичкарига жўнатишга қарор қилишибди. Қалай, сизга ёқадими, бэби?
– Ёмонмас.
– А? Катта шаҳарда яшаб, ўз инглизингиз билан шакаргуфторлик қиласиз. Нега мен яраланмадим-а?
– Ҳали улгурасиз, – дедим мен.
– Кетайлик энди, – деди майор. – Биз ичиб, тўполон қилиб, Федерикони безовта қиляпмиз.
– Кетманглар.
– Йўқ, борайлик. Кўришгунча.
– Оқ йўл.
– Хайрли бўлсин.
– Сiао. Ciао. Сiао. Тезроқ қайтиб келинг, бэби. Ринальди мени ўпди.
– Сиздан лизол ҳиди келяпти. Хайр, бэби.
– Хайр.
– Хайрли бўлсин.
Майор елкамга қоқиб қўйди. Улар оёқ учида юриб чиқиб кетишди. Мен ғирт маст эдим, ухлаб қолибман.
Эртасига эрталаб биз Миланга жўнадик ва роса икки кундан сўнг етиб келдик. Йўл расво эди. Биз Местрега етмасдан эҳтиёт йўлда анча қолиб кетдик, болалар келиб ойнадан қарашарди. Мен бир болани коньякка бориб келишга кўндирдим, лекин у қайтиб келиб, фақат граппа борлигини айтди. Мен граппа бўлсаям олиб кела қол, дедим, у шишани келтиргач, пулнинг майдаси ўзингда қола қолсин, дедим, шундан кейин қўшним икковимиз маст бўлгунча ичиб, Виченцага етгунча ухлаб қолибмиз, шу ерга келганда уйғониб кетдим, кўнглим ағдарилди, полга қайт қилдим. Бунинг аҳамияти қолмаганди, чунки қўшним мендан бурунроқ бир неча бор кўнгли ағдарилган экан. Сўнг, ташналикдан ўлар ҳолатга етдим, Веронага етганда, мен поезд олдида у ёқдан-бу ёққа юриб турган солдатни чақирдим, у сув келтириб берди. Мен бирга ичишган қўшним Жоржеттини уйғотдим, унга сув тутдим. У, бошига қуйиб юборишимни сўради-да, яна ухлаб қолди. Солдат хизмати учун мен берган пулни олмади, менга гўштдор апельсин келтириб берди. Мен апельсинни сўриб, пўстини туфлаб ташлаганча нариги изда турган юк вагон олдида у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган солдатга қараб ётдим, кўп ўтмай поезд силтаниб, йўлга тушди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.