Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ўн олтинчи боб

Ўша кеча шаҳар томлари узра чўккан тун кўриниб турган айвоннинг очиқ эшигидан, хонага намозшом қуш учиб кирди. Хона ичи қоп-қоронғи эди, фақат шаҳарнинг тунги осмони айвон эшигидан хонага нимтатир ёруғ сепмоқда эди; кўршапалак қўрқмасдан хонада худди очиқ ҳавода учгандек, чарх ура бошлади. Биз унга тикилиб ётардик, у эса афтидан бизни кўрмасди, чунки биз овоз чиқармасдик. У учиб кетгач, биз прожектор нурини кўрдик, нурнинг толаси осмон бўйлаб қандай кезганига қараб турдик, сўнг у йўқ бўлди ва зимистон чўкди. Ярим кеча эди, шамол турди ва биз қўшни томдаги зенит тўпи олдидаги тўпчиларнинг овозларини эшитдик. Салқин тушган эди, улар плашларини кийиб олишмоқдайди. Мен кечаси бирдан биров кириб қолмасмикин деб, хавотирландим, бироқ Кэтрин, ҳамма ухлаб ётибди, деди. Бир маҳал ухлаб қолибмиз, кўзимни очганимда, ёнимда Кэтрин йўқ эди, лекин йўлакдан унинг қадам товушларини эшитдим, эшик очилиб, ўзи кириб келди ва тўшак олдига келиб, ҳаммаси жойида, пастдагилар ухлаб ётишибди, деди. У мисс Ван-Кампеннинг эшиги олдига бориб қулоқ солиб, унинг ухлаб ётганини эшитибди. У қотирилган нон олиб келган экан, уни вермут билан ҳўплаб едик. Қаттиқ очиққан эканмиз, бироқ у эрталаб буларнинг барини тозалаш керак бўлади, деди. Каллаи саҳарда, кун ғирашира ёришиб келаётганда мен яна уйғониб кетдим ва у яна хонада йўқлигини кўрдим. У келди, ял-ял ёниб, очилиб келди, мен оғзимга ҳарорат найчасини қўйиб ётдим, у ёнимда – тўшакда ўтирди, бу борада офтоб чиқди ва димоғимизга томлардан шабнам бўйи урилди, сўнг қўшни томдаги тўпчилар қайнатган қаҳва иси келди.

– Қани энди ҳозир сайр қилсанг, – деди Кэтрин. – Кресло бўлганида сени олиб чиққан бўлардим.

– Креслога қандай қилиб ўтирардим?

– Бир амаллаб.

– Шаҳар боғига тушиб, очиқ ҳавода нонушта қилсанг. – Мен очиқ қолдирилган эшикка қарадим.

– Йўқ, биз ҳозир бошқа иш билан шуғулланишимиз керак, – деди у. – Сени дўстинг доктор Валентини келишига ҳозирлаб қўйиш керак.

– Ажойиб доктор, тўғрими?

– У менга сенга ёққанчалик ёққани йўқ. Аммо у яхши врач бўлса керак.

– Бу ёққа кел, Кэтрин. Эшитяпсанми? – дедим.

– Мумкинмас. Кечаси бирам яхши бўлдики!

– Бу кечасигаям навбатчиликни олсанг бўлармикин?

– Ҳа, эҳтимол, ўзим навбатчилик қиларман. Фақат ўзинг мени хоҳламай қоласан.

– Хоҳлайман.

– Хоҳламайсан. Сени ҳали ҳеч операция қилишмаган. Сен кайфиятинг қандай бўлишини ўзинг билмайсан.

– Биламан. Яхши бўлади.

– Кўнглинг беҳузур бўлади, мен кўзингга кўринмай қоламан.

– Ундай бўлса ҳозир олдимга кела қол.

– Йўқ, – деди у. – Мен ҳароратинг қандай ўзгариб турганини чизиб қўйишим керак, жоним, сени тайёрлашим керак.

– Бундан чиқди мени севмас экансан-да.

– Вой тентаг-эй! – У мени ўпиб қўйди. – Мана, чизиб ҳам бўлдим. Ҳарорат ҳамма вақт ўртача бўлган. Сенинг ҳароратинг шунақа ажойиб.

– Сен бутунлай ажойибсан.

– Йўқ, йўқ. Мана сенинг ҳароратинг ажойиб. Мен сенинг ҳароратинг билан ўлгудай фахрланаман.

– Ҳамма болаларимизнинг ҳарорати жуда ажойиб бўлса керак деб ўйлайман.

– Болалар имизнинг ҳарорати жуда бўлмағур бўлмаса, деб қўрқаман.

– Валентинига мени тайёрлаш учун нима қилиш керак?

– Арзимаган иш, фақат унчалик ёқимлимас.

– Сени овора қиладиган бўлдим-да.

– Сираям. Мен бошқа бирон одам сенга тегишини истамайман. Мен тентакман. Сенга биров тегадиган бўлса жоним ҳалқумимга келади.

– Фергюсон бўлсаям-а?

– Айниқса, Фергюсон ва Гэйж, ва яна ану?

– Уокерми?

– Ўша-ўша. Бу ерда ҳамшира кўп. Агар яна ярадорлар келса, бизни бошқа ерга ўтказишади. Ҳозир тўртта ҳамшира бор.

– Ярадорлар яна келишса ажабмас. Тўртта ҳамшира камлик қилади. Госпитал катта.

– Ишқилиб, келишсин-да. Мени бу ердан бошқа ёққа ўтказишса, нима қиламан? Яна ярадорлар келмаса, шундай бўлиши турган гап.

– Унда мен ҳам кетаман.

– Қўй, ундай дема. Сен ҳали ҳеч ерга кетолмайсан. Лекин тезроқ соғайиб кет, жоним, ана ўшанда сен билан бирон ёққа кетамиз.

– Кейин-чи?

– Кейин уруш ҳам тугаб қолар. Абадий уруш қилиб ўтиришмас, ахир?

– Тузалиб кетаман, – дедим мен. – Валентини мени тузатади.

– Тузатмай кўрсин-чи, шундоқ мўйловлари бўла туриб-а? Биласанми, фақат сенга эфир беришганда, ўзинг билан мени эмас, бошқа нарсаларни ўйлагин, хўпми? Наркоз вақтида одам ҳар нима деб алаҳсирайди.

– Хўп, нимани ўйлайин, бўлмаса?

– Нимани истасанг, шуни. Нимани ўйласанг ўйлагин-у, фақат ўзинг билан мени хаёлингга келтирма. Қариндошларингни эсла ёки бошқа бирон қизни хотирла.

– Йўқ.

– Бўлмаса, дуо ўқи. Бошқаларда яхши таассурот қолдиради.

– Балки мен алаҳлаб ўтирмайман.

– Балки. Ҳамма ҳам алаҳлайвермайди.

– Мен ҳам шу жумладан.

– Мақтанма, жоним. Мақтанма, хўпми? Ўзинг шундай яхшисанки, сенга мақтанчоқликнинг кераги йўқ.

– Бир оғиз миқ этмайман.

– Яна мақтаняпсан, жоним. Сенга бу сираям ярашмабди. Фақат, сенга чуқурроқ нафас олинг, деб айтишгандан кейин дуо ўқигин, ёки шеър ўқи, ё бошқа бирон нарсани. Ўшанда ҳаммаси жуда яхши бўлади, мен сен билан фахрланиб юраман. Мен шундоғам сен билан фахрланаман. Ҳозир ҳароратинг жудаям яхши, худди ёш болалардай мириқиб ухлайсан ва ёстиқни қучоқлаб олиб, уни мен деб ўйлайсан. Балки мен эмас, бошқадир, а? Биронта италян нозанинидир?

– Йўқ, сен.

– Албатта, мен бўламан-да. Мен сени жудаям яхши кўраман, кўрасан, Валентини оёғингни яхшилаб тузатиб қўяди. Яхшиямки, у даволаётганда мен иштирок этмайман.

– Сен тунда навбатчилик қиласанми?

– Ҳа. Лекин сенга барибир бўлади.

– Кўрамиз.

– Ана энди бўлди, жоним. Онадан туғилгандек топ-тоза бўлдинг. Энди менга айтиб бер-чи: умринг бўйи нечта аёлни яхши кўргансан?

– Яхши кўрмаганман.

– Мени ҳамми?

– Сени яхши кўраман.

– Яна нечтани?

– Бошқа ҳеч кимни.

– Нечтасини – нима десамикин? Нечтасини кўргансан?

– Ҳеч кимни?

– Ёлғон.

– Ҳа.

– Шундай бўлгани тузук. Сен менга ҳеч қачон тўғрисини айтма. Менга шуниси тузук. Чиройли аёллармиди улар?

– Мен ҳеч ким билан бўлмаганман.

– Тўғри. Жудаям ёқимли эдими улар?

– Сира хабарим йўқ.

– Сен фақат ўзимникисан. Рост, ҳеч қачон бошқа ҳеч кимники бўлмагансан. Лекин бўлган тақдирингда ҳам менга барибир. Мен улардан қўрқмайман. Фақат менга улар ҳақида сира оғиз очма. Аёл киши эркак кишига шама қилиб гапирганда, биласанми, қандай бўлади?

– Билмайман.

– Рост, сен билмайсан. Аёл киши унга севаман деб айтадими? Айт менга. Мен билишни истайман.

– Айтади. Агар эркак буни хоҳласа.

– Эркак киши ҳам уни севаман, дейдими? Айт. Мен буни билишим керак.

– Истаса, айтади.

– Бироқ сен ҳеч қачон айтмагансан? Тўғрими?

– Йўқ.

– Йўқ, ростми? Ростини айт менга.

– Йўқ, – алдадим мен.

– Сен демагансан, – деди у. – Мен буни билардим, сен демагансан. Сен жуда яхшисан, мен сени жуда, жуда яхши кўраман.

Офтоб тиккада, томлар узра турар ва мен ибодатхонанинг юксак найзаларида қуёш тиғи ўйнаётганини кўриб ётардим. Мен онадан янги туғилгандай озода эдим. Врачнинг келишини кутмоқда эдим.

– Шундай дегин? – деди Кэтрин. – Аёл киши у нимани истаса, шуни гапираверадими?

– Ҳар доим эмас.

– Мен эса доим гапираман. Мен доимо сен нимани истасанг, шуни гапираман, нимани қил десанг, шуни қиламан, кейин сен бошқа аёлларга қарамайсан, тўғрими? – У менга шодон чеҳра билан боқди. – Мен сенинг деганингни қиламан, сенинг истаганингни адо этаман, ўшанда, ҳаммаси ажойиб бўлади, тўғрими?

– Ҳа.

– Мана энди сен операцияга тайёр бўлдинг. Хўп энди, нима қилай, яна нима хоҳлайсан.

– Бери кел.

– Хўп. Келдим.

– Сен менинг энг, энг, энг гўзал севгилимсан, – дедим.

– Ана кўрдингми, – деди у. – Мен нима десанг, шуни қиляпман.

– Сен менинг оқила фариштамсан.

– Мен эса ҳали сенинг кўнглингни тузукроқ ололганим йўқ.

– Доносан.

– Сен нимани истасанг, мен ҳам шуни истайман. Мен энди йўқман. Мен сенинг хоҳишингдаман.

– Жоним.

– Кўнглинг тўлдими? Ростдан, кўнглинг тўлдими?

Сен бошқа аёлларни энди истамайсан, а?

– Йўқ.

– Кўрдингми, кўнглинг тўлди. Мен сен нима десанг шуни қиламан.

Ўн еттинчи боб

Операциядан сўнг уйғонганимда ўзимни гўё тубсиз бўшлиқ ичра йўқ бўлиб кетаётгандай сездим. Йўқолиб кетаётган каби бўлади-ю, лекин аслида йўқолмайсан. Фақат бўғзингдан ғиппа бўғилгандай бўласан. Бу ўлимга ўхшамайди, газ билан бўғилганга ўхшайди, туйғуларинг ўлади, бу ҳолат ўтгач, ҳамма нарса барибир бўлиб қолади, худди қаттиқ маст бўлгандай сезасан ўзингни, кўнглинг ағдарилганда ҳам, фақат аччиқ зардоб тушади, лекин барибир аҳволинг енгил тортмайди. Тўшакнинг оёқ томонида қум тўлатилган қопларни кўрдим. Оёғимдаги гипсни қоплар билан бостириб қўйишганди. Салдан сўнг мисс Aэйжга кўзим тушди, у сўради.

– Хўш, қалай?

– Дуруст, – дедим мен.

– Тиззангизни шундай бопладики, ақл бовар қилмайди.

– Қанча давом этди?

– Икки ярим соат.

– У-бу деб валдирадимми?

– Йўқ, йўқ, ҳеч нарса. Гапирманг. Жим ётинг.

Кўнглим айнаб турарди, Кэтрин ҳақ бўлиб чиқди. Тунда ким навбатчилик қилиши менга барибир бўлиб қолди.

Госпиталга мендан бошқа яна уч киши келибди. Қизил Хочнин г ходими – безга к бўлиб қолган жоржиялик ориқ йигит, сариқ касал ва безгак билан оғриган нью-йорклик кўринишидан ориқ, ўзи ажойиб бир йигит ва австрия снаря-дининг портловчи қисмидан темир қалпоғини эсдалик учун бураб олмоқчи бўлиб, портлаб кетган лакаловгина бир йигит. Австрислар тоғда портлатиш учун махсус ишлаган бу мураккаб шрапнельфугас снаряднинг кучи икки баравар зўр бўлиб, портлаганда узоқ жойларгача етиб борарди.

Кэтрин Баркли тунлари истаганча навбатчилик қилишга доимо рози бўлганидан у ҳамма ҳамшираларга жуда ёқиб қолганди. Безгаклар кўп безовта қилишмасди, снаряднинг қалпоғини бураган эса, биз билан дўстлашиб қолганидан, тунлари жуда зарур бўлиб қолгандагина қўнғироқ қилиб чақирар, ишдан бўшаган заҳоти Кэтрин олдимга кирар, мен билан бўларди. Мен уни қаттиқ севардим, у ҳам мени севарди. Кундуз кунлари мен уйқуга ётардим, уйғонган чоғларимизда эса, бир-биримизга мактублар ёзишиб, Фергюсондан бериб юборардик. Фергюсон жуда ажойиб қиз эди. Унинг бир акаси эллик иккинчи дивизияда, иккинчиси Месопотамияда хизмат қилишар, ўзи Кэтрин Барклига жуда боғланиб, унга суяниб қолганди. Фергюсон ҳақида билганларим шу.

– Тўйимизга келасизми, Фержи? – сўрадим бир куни ундан.

– Сизларнинг тўйларингиз бўлмайди.

– Тўй қиламиз.

– Йўқ, уйланмайсиз.

– Нега?

– Тўйгача уришиб қоласизлар.

– Биз ҳеч қачон уришиб қолмаймиз.

– Улгурасизлар ҳали.

– Биз ҳеч қачон уришиб қолмаймиз.

– Бўлмаса, ўласиз. Ё уришиб қоласиз, ё ўласиз. Доим шундай бўлади. Ҳеч ким уйланмайди.

Мен унга қўлимни чўздим.

– Тегманг менга, – деди у. – Мен йиғламайман. Балки ҳаммаси жойида бўлар. Фақат эҳтиёт бўлинг, унга бирон кори ҳол бўлиб юрмасин. Агар сиз туфайли унга бирон нарса бўлса, мен сизни ўлдираман.

– Унга ҳеч нарса бўлмайди.

– Сизга айтдим-қўйдим. Шояд ишингиз яхши бўлиб кетса. Ҳозир жуда тотувсизлар.

– Жуда ҳам.

– Шундай бўлсин, жанжал қилманглар, уни кўз қорачиғидек асранг.

– Яхши.

– Кўзингизга қаранг. Мен унинг қўлида урушнинг чақалоғи билан қолишини истамайман.

– Жуда ажойиб қизсиз-да, Фержи.

– Ажойиб-пажойиби йўқ. Ялтоқлик қилманг менга. Оёғингиз тузукми?

– Зўр.

– Бошингиз-чи? – У бармоқларини бошим устига теккизиб кўрди. Оёқ увишганда қўл тегизсангиз, шундақа бўлади.

– Бошим ҳеч оғриган эмас.

– Бундай шиш билан бир умр калтафаҳм бўлиб ўтиш мумкин. Ҳеч оғримайдими?

– Сира.

– Бахтингиз бор экан. Хат ёзиб бўлдингизми? Мен пастга кетаяпман.

– Мана, олинг, – дедим мен.

– Сиз вақтинча бўлса ҳам ундан тунги навбатчиликка чиқмасликни сўранг. Жуда чарчаб қоляпти.

– Яхши, мен унга айтаман.

– Кечаси мен навбатчилик қилай десам, у қўймаяпти. Бошқалар навбати ўтганга суюнади. Унга бир оз дам берсангиз бўларди.

– Хўп.

– Мисс Ван-Кампен сизни доимо пешингача ухлаб ётади, деб гапиряпти.

– Шундоқ бўлар деб ўйловдим.

– Агар бир неча кеча навбатчилик қилишдан олиб қолсангиз соз бўларди.

– Ўзим ҳам шуни хоҳлайман.

– Ўзингизга қолса, сира хоҳламайсиз. Лекин сиз уни кўндирсангиз, сизга ҳурматим янада ошган бўларди.

– Уни кўндираман.

– Ишонгим келмайди.

У хатни олиб чиқиб кетди. Мен қўнғироқ чалдим, сал ўтмай мисс Гэйж кириб келди.

– Нима бўлди?

– Шундай, сиз билан гаплашиб ўтирмоқчи эдим. Сизнингча қалай, мисс Баркли тунги навбатчиликдан бир оз дам олсамикин, а? У жуда ҳорғин кўринади. Нега у тунлари бунча кўп навбатчилик қилади?

Мисс Гэйж менга тикилиб қаради.

– Мен сизнинг дўстингизман, – деди у. – Мен билан бундай гаплашманг.

– Нима демоқчисиз?

– Ўзингизни жинниликка солманг. Шунга чақирган эдингизми?

– Мен билан вермут ичсангиз.

– Хўп. Лекин кейин дарров кетаман. – У жавондан шиша олиб, столчага стакан қўйди.

– Сиз стаканда ичинг, – дедим мен. – Мен шишанинг ўзидан ичаман.

– Соғ бўлинг! – деди мисс Гэйж.

– Ван-Кампен мени эрталаблари узоқ ухлаб ётади, деб айтдими?

– Сал ғингшиб қўйди-да. У сизни «бизнинг мумтоз беморимиз», деб атайди.

– Оббо қурмағур-эй!

– У баджаҳл эмас, – деди мисс Гэйж. – Қариб қолган, ғалати қилиқлари бор, холос. У сизни кўрган заҳоти ёқтирмай қолибди.

– Гапингиз рост.

– Менга эса сиз ёқасиз. Мен сизнинг дўстингизман. Эсингизда бўлсин.

– Сиз топилмайдиган қизсиз.

– Қўйинг. Сиз учун топилмайдиган қиз ким эканлигини яхши биламан. Оёғингиз қалай?

– Яхши.

– Мен совуқ минерал сув олиб келиб, оёғингизга қуяман. Гипсланган жойингиз қичишаётгандир. Бугун кун иссиқ.

– Жуда антиқасиз-да.

– Қаттиқ қичишяптими?

– Йўқ. Ҳаммаси жойида.

– Қум қопларни тўғрилаб қўйиш керак, – энгашди.

– Мен дўстингизман.

– Биламан буни.

– Йўқ, билмайсиз. Лекин бир кун бориб биласиз.

Кэтрин Баркли уч кеча навбатчилик қилмади, кейин у яна келди. Худди ҳар икковимиз ҳам узоқ сафарга кетиб, энди кўришгандай бўлдик.

Ўн саккизинчи боб

Ўша ёз биз учун соз келди. Менга ўриндан туришга ижозат берганларидан сўнг, биз боққа сайрга бора бошладик. Мен аравани, оҳиста одимлаб бораётган отни, олдинда кучернинг елкасини ва бўялган цилиндрини, ёнгинамда ўтирган Кэтрин Барклини эслайман. Агар қўлларимиз бир-бирига туташса ёки унинг қўл учлари менинг қўлимга тегиб кетса ҳам, бундан юрагимиз гупиллаб уриб кетарди. Кейинроқ, мен қўлтиқтаёқда юрадиган бўлгач, биз Биффи ёки «Гран-Италиа»га овқатлангани борадиган, ташқари томондан, Galleria дан стол танлаб ўтирадиган бўлдик. Официантлар кириб-чиқишар, ўткинчи йўловчилар ўтиб боришар, дастурхонлар тўшалган столларда абажурли шамдонлар турарди, бизга айниқса «Гран-Италиа» ёқиб қолди, бу ернинг метрдотели Жорж бизга доим стол олиб қўярди. У ажойиб метрдотель эди, биз ўткинчиларга, хуфтон қоронғиси қоплаб келаётган Galleriaга, бир-бировимизнинг дийдоримизга термилиб ўтирар эканмиз, у емак-ичмакка нарса танларди. Биз муз солинган челакчада келтирилган оқ капри мусалласидан ичардик; шуниси ҳам борки, биз фрез, барбер ва ширин оқ винолардан кўпини татиб кўрдик. Уруш туфайли ресторанда винолар бўйича махсус официант йўқ эди, шунинг учун мен фрез виносига ўхшаш виноларни сўраганимда, Жорж хижолат чекиб қисиниб қўярди.

– Таъмидан қулупнай мазаси келадиган винолар ишлаб чиқарадиган мамлакатдан нима кутиш мумкин, – деди у.

– Нимаси ёмон? – сўради Кэтрин. – Менга ҳатто ёқади.

– Сизга ёқса татиб кўринг, леди, – деди Жорж. – Фақат tеnentе учун бир шиша марго қўшиб келтиришга ижозат этинг.

– Мен ҳам татиб кўрай девдим, Жорж.

– Сэр, унчалик ичадиган эмас. Унда ҳатто қулупнайнинг ҳам мазаси йўқ.

– Мабодо яхши бўлса-чи? – деди Кэтрин. – Росаям зўр иш бўларди-да.

– Мен ҳозир уни келтираман, – деди Жорж, – ледининг кўнгли тўлгач, уни олиб кетаман.

Жуда мазаси йўқ вино экан. Жорж ҳақ эди, унда ҳатто қулупнайнинг таъми ҳам йўқ эди. Биз яна каприга ўтдик. Бир марта пулим етмай қолди, ўшанда Жорж менга юз лир қарз бериб турди.

– Ҳечқиси йўқ, tеnentе, – деди у. – Ҳаммада ҳам бўлади бунақа ҳол. Бошимдан ўтказганман. Агар сизга ёки ледига пул керак бўлиб қолса, менда доим топилади.

Овқатлангач, биз Galleria ёнидан бошқа ресторанлар ва деразаларига темир шторлар туширилган магазинларни ёқалаб бориб сандвичлар сотиладиган дўконча олдида тўхтардик; гўштли ва момақаймоқ солинган ҳамда кўрсаткич бармоқдек катталикдаги қип-қизил булкачаларга қўйилган майда балиқли сандвичлар сотиб олардик. Уларни кечаси очқаб қолсак ердик. Кейин биз ибода тхона қаршисидаги Galleria га кираверишда очиқ аравага ўтирардик-да, госпиталга қайтардик. Қоровул госпитал эшигига чиқиб, менга аравадан тушгани ёрдамлашарди. Мен кучерга чойчақа бериб, кейин лифтда юқорига кўтарилардик. Кэтрин ҳамширалар турадиган қаватда қолар, мен юқори кўтарилиб, қўлтиқтаёқда хонамга бориб олар эдим; баъзида мен ечиниб, ўринга ётардим, баъзида эса айвонда оёғимни стулга қўйиб ўтириб, томлар узра қалдирғочлар учишини томоша қилар, Кэтринни кутардим. У юқорига чиққанда худди узоқ сафардан қайтиб келгандай бўлар ва йўлакда қўлтиқтаёқда у билан бирга юриб, тосларини кўтаришиб борар, ё эшикда кутиб турар, ё ярадор дўстларимиздан бўлса, ичкарига бирга кирардим. У ҳамма ишларидан бўшагач, менинг хонамга кириб айвонда ўтирардик. Кейин мен жойимга ётардим, кейин ҳамма уйқуга кетгач, ҳеч ким чақирмаслигига ишонч ҳосил қилгач, у олдимга келар эди. Мен унинг сочларини тўзғитишни севардим, у эса каравотда қимир этмай ўтирар, баъзан шартта эгилиб, мени ўпар эди, мен соч тўғнағичларини олиб, рўйжа устига қўяр, гарданидаги сочлари ўрами базўр илиниб турар ва мен унинг қимир этмай ўтиришига тикилиб, охирги тўғнағичларни ҳам олардим, шунда унинг сочлари бутунлай ёйилиб кетарди ва у бошини қуйи эгар, сочлар икковимизни ҳам кўмиб, биз худди чодир ёхуд шалола тагида ётгандай бўлардик.

Унинг сочлари шу қадар чиройли эдики, мен баъзан очиқ эшикдан тушаётган шуълада у сочларини ўраётганига термилиб ётардим, сочлари ҳатто тунда ҳам жилоланиб кўринарди, одатда сув тонг олдида шундай жилоли кўринади. Унинг юзи ҳам, вужуди ҳам ажойиб, бадани бениҳоя силлиқ, майин эди. Биз ёнма-ён ётиб, мен бармоқларимнинг учи билан унинг ёноқлари, манглайи, кўзларининг ости, даҳани, бўйинларини силар ва «худди рояль клавишларига ўхшайди» дердим – ўшанда у менинг энгагимни бармоқлари билан сийпаб: «Рояль клавишларига жилвир юргизгандай», деб айтарди.

– Нима, ботяптими?

– Йўғ-эй, жоним. Бир ҳазиллашай дедим-да.

Тунлари кунимиз туғарди, бир-биримизга салга тегиб кетадиган бўлсак ҳам, ўзимизни бундан етти осмонда юргандай ҳис қилардик. Биз ўзимизни каттакичик ҳамма нарсада бахтиёр сезардик, бир-биримизга дилдорликлар қилардик, бирга бўлмаган чоғларимизда эса, бир-биримизнинг фикримизни ўқишга ҳаракат қилардик. Баъзан ўқигандай ҳам бўлардик, лекин бу эҳтимол, икковимиз ҳам бир нарсани ўйлаганимиз учун шундай туюлгандир.

Биз бир-биримизга, Кэтрин госпиталга кириб келган кундан эр-хотин бўлганмиз, деб айтардик-да, тўйимиз ўтган ўша кундан ойларни санаб чиқардик. Мен чиндан ҳам эр-хотин бўлиб яшашимизни истардим, лекин Кэтрин бундай қиладиган бўлсак, мен кетишимга тўғри келади, у-бу ҳужжатлар, расмиятчиликларни тўғрилаш пайтида эса, кетимизга одам тушиб, бизни ажратиб юборишади, дерди. Ҳамма борди-келдини италян никоҳ қонунлари бўйича ўтказиш керак бўлар, расмиятчиликларни битириш жуда мушкул кўчарди. Мен, биз ростданам эр-хотин бўлишимизни хоҳлардим, чунки мени бола ташвишга солмоқдайди, буни ўйламай илож йўқ эди, лекин биз ўзимизча эр-хотин бўлганмиз, деб юрар ва унчалик қайғурмасдик, бошқа бир томондан менга уйланмаганлигимиз яна маъқулга ҳам ўхшаб кўринарди. Эсимда, бир марта кечаси шу ҳақда гаплашиб қолдик ва Кэтрин деди:

– Лекин, жоним, унда мен ҳозироқ бу ердан кетишим керак бўлади.

– Балки кетишингнинг ҳожати йўқдир.

– Кетишим керак бўлади. Мени уйга қайтариб юборишади ва биз уруш тугагунча кўришмаймиз.

– Мен таътил олиб келаман.

– Таътил ичида Шотландияга ҳам бориб, ҳам келиб бўлмайди. Ундан кейин сенинг олдингдан кетмайман. Ҳозир бизга шу уйланишнинг нима кераги бор? Шундоғам эр-хотиндаймиз. Бундан ортиқ яна қандай эр-хотинчилик бўлиши мумкин.

– Мен фақат сени деб шундай бўлсин деяпман.

– «Мен» деган гап йўқ. Мен – сенман. Мени ажратиб қарама.

– Мен қизлар доим эрга тегишни исташади, деб ўйлабман.

– Жоним, мен турмушга чиққанман. Сенга турмушга чиққанман. Нима, сенга хотинлик қилолмаётибманми?

– Сен ажойиб хотинсан.

– Биласанми, жоним, мен бир марта эрга чиқишни кутиб кўрганман.

– Қўй, гапирма ўшани.

– Биласанми, мен фақат сени севаман. Мени қачонлардир кимдир севгани сенга барибир эмасми?

– Барибир эмас.

– Ахир, у ҳалок бўлди, сен эса ҳаммасига эга бўлдинг, яна нима керак?

– Майли-ку, лекин менга у ҳақда гапирма.

– Бечорагинам! Мана мен бўлсам, сен ҳаётингда кўп хотинларга дуч келганлигингни биламан. Биламану, лекин бу билан ишим йўқ.

– Бекитиқча бўлса ҳам никоҳ ўқитиб олсак бўлмасмикин? Менга бирон нарса бўлиб қолиши бор, бўйингда бўлиши бор.

– Фақат черков ҳамда граждан никоҳи бор. Биз шундоғам бекитиқча уйланиб бўлганмиз. Агар мен художўй бўлганимда, бу гапларга жуда қаттиқ эътибор берган бўлардим. Лекин мен художўй эмасман.

– Сен менга авлиё Антонийни бердинг.

– Сени балолардан сақласин, дедим. Уни менга ҳам беришган эди.

– Демак, ҳамма ёқдан кўнглим тинч, дегин?

– Йўқ, бизни бир-биримиздан жудо қилишлари мумкин, деб қўрқаман. Сен менинг саждагоҳимсан. Дунёда сендан бошқа ҳеч кимим йўқ.

– Хўп, хўп. Сен рози бўлишинг биланоқ мен сенга уйланаман.

– Сен гўё зиммангда менинг номусимни сақлаш вазифаси тургани учун шундай деётганга ўхшайсан, жоним. Лекин мен ўзим номусли хотинман. Одамга ғурур ва бахт берадиган нарса нега энди уятли бўлар экан. Мана сен бахтли эмасмисан?

– Сен мендан бошқага кетиб қолмайсанми?

– Йўқ, жоним. Мен ҳеч қачон сени ташлаб кетмайман. Менга бизнинг бошимизга кўп фалокатлар тушадигандай бўлиб туюлаверади. Қўй, майли, буни ўйлаб ўтирмайлик.

– Мен қўрқаётганим йўқ. Лекин мен сени шу қадар яхши кўраманки, сен бўлсанг мендан олдин ҳам бировни яхши кўргансан.

– Ундан кейин-чи?

– У ҳалок бўлди.

– Шундай бўлмаганда мен сени учратмаган бўлардим. Мени бевафо деб ўйлама, жоним. Менинг анчамунча камчиликларим бор, лекин мен вафодор хотинман. Ҳали кўрарсан, менинг вафодорлигим жонингга ҳам тегиб кетади.

– Мен ҳадемай фронтга жўнашим керак.

– Ҳозир биргамиз-ку, буни ўйламайлик. Биласанми, жоним, мен бахтлиман, иккимиз бирга бўлсак, қандай яхши. Мен не замонлардан бери бундай бахтни туймагандим. Сен билан учрашган пайтимизда жинни бўлишимга оз қолган, талмовсираб юрган эдим. Балки ростакам жинни бўлгандирман. Ким билсин. Лекин мана энди биз бахтлимиз, биз бир-биримизни севамиз. Кел, шу бахтимизни йўқотмайлик. Ахир, сен бахтлисан, тўғрими? Балки сенга менинг бирон ерим ёқинқирамас? Айт-чи, сенга яхши бўлиши учун яна нима қилишим керак? Истайсанми, сочларимни ёйиб юбораман? Истайсанми?

– Ҳа, ке ёнимга ёт.

– Хўп. Фақат олдин касалларни кўриб келай.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации