Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ўттиз биринчи боб

Агар оқим зўр бўлса, дарёдан қанча сузиб бораётганингни билолмайсан. Жуда узоқ вақтдан бери сузаётганга ўхшайсан, лекин аслида, эҳтимол, унча кўп вақт ўтмаган бўлади. Сув муздек бўлиб, жуда ҳам юқорига кўтарилиб кетган, юзида тошқин пайтида қирғоқдан қўшилган турли-туман нарсалар оқиб келмоқда эди. Бахтимга ғўла одам суянса кўтарадиган даражада оғир эди, шунинг учун энгагимни ғўланинг четига тираб, қўлларим билан уни иложи борича енгилроқ ушлашга ҳаракат қилиб, гавдамни муздек сувга эркин қўйиб бердим. Мен томирларим чангак бўлиб қолмасин, деб қўрқмоқда эдим. Шунинг учун тезроқ қирғоққа чиқишни истардим. Дарё қуйи томонга илон изи бўлиб оқарди. Тонг отмоқда эди, дарё қирғоғидаги буталар кўзга чалинадиган бўлиб қолди. Олдинда бутазор орол бўлиб, оқим бу ерда қирғоққа яқинлашиб борарди. Мен қирғоққа сузиб етиб олиш учун бошмоғим билан кийимларимни бир кўнглим ечиб ташламоқчи ҳам бўлдим-у, лекин яна бу фикримдан қайтдим. Мен қирғоққа бир амаллаб чиқиб олишимга шубҳа қилмас, агар яланг оёқ қолсам, ҳолим ёмон бўлишини билардим. Бир амаллаб Местрега етиш керак эди.

Қирғоқ яқинлашди, кейин орқага сапчиб кетди, кейин яна яқинлашди. Энди секинроқ юзиб бормоқда эдик. Соҳил қўл чўзса етгудай яқин қолганди. Толнинг энг майда новдаларигача кўзга ташланиб турарди. Ғўла оҳиста бурилди, соҳил орқамда қолди, мен гирдобга тушиб қолганимизни англадим. Аста бир жойда айлана бошладик. Соҳил жуда ҳам яқиндан яна бир марта кўринганда, мен бир қўлим билан сузиб оёқларимни ишга солиб, қирғоққа интилдим, лекин ҳаракатим зое кетди. Мен яна дарёнинг ўртасига кетиб қоламизми, деб чўчигандим, шунинг учун бир қўлим билан ушлаб, оёқларимни шундай тортиб, ғўлага тираб олдим-да, ўзимни қирғоқ томонга зарб билан отдим. Мен буталарни кўриб турар, бироқ шунча куч, ҳаракат сарф қилишимга қарамай, оқим мени четга олиб кетарди. Мен оёқ кийимим деб чўкиб кетишим мумкинлигини ўйлаб қўрқиб кетдим, оёқларим зилдай бўлиб кетганига қарамасдан жоним борича ҳаракат қилиб, сув билан олишиб, бир маҳал қарасам, соҳил менга томон яқинлашиб келаётир, мен яна ҳам зўр бердим, ниҳоят, қирғоққа етиб олдим. Мен толнинг шохларига маҳкам ёпишдим, тепага кўтарилишга кучим қолмаган, осилиб турар, лекин энди чўкиб кетмаслигимни билардим. Ғўлада сузганимда хаёлимга бирон марта ҳам чўкиш фикри келмаганди. Зўриқиб ҳаракат қилганимдан кўнглим озиб борарди, толга осилганча кута бошладим. Кўнглим беҳузур бўлишдан бир оз тўхтагандан сўнг, мен салча олдинга жилдим, кейин дам олдим, шохларни қўлларим билан маҳкам ушлаб олгандим. Кейин мен сувдан чиқдим, толлар орасидан ўтиб, соҳилга қадам қўйдим. Тонг отай деб қолган, ҳеч ким кўринмасди. Мен ерга мук тушиб ётар, дарё ва ёмғир шовқинини тинглардим.

Бир оздан кейин ўрнимдан туриб, дарё бўйлаб кетдим. Мен Латизанагача биронта кўприк йўқлигини билардим. Мен ҳозир Сан-Вито қаршисида турган бўлсам керак, деб чамаладим. Нима қилишим кераклигини ўйлай бошладим. Олдинда дарёга қуйиладиган канал бор эди. Шу ёққа қараб юрдим. Атрофда одам қораси кўринмасди, мен канал ёқасида буталар тагига ўтирдим, оёғимни ечиб ичидан сувини тўкиб ташладим. Френчимни ечиб, ён чўнтагимдан ичидаги ҳужжатлар ва пуллар ивиб кетган ҳамёнимни олиб, кейин френчни яхшилаб сиқиб ташладим. Шимимни ҳам ечиб сиқдим, кейин кўйлагим билан ички кийимларимни сиқиб қўйдим. Баданимни кафтларим билан шапатилаб, тоза ишқадим, яна кийимларимни кийиб олдим. Бош кийимимни йўқотиб қўйибман.

Френчи кийишдан илгари енгларидаги юлдузчаларни қўпориб олиб пуллар билан ён чўнтагимга солиб қўйдим. Пуллар ҳўл бўлиб кетган, лекин бус-бутун эди. Уларни санаб чиқдим. Уч минг лирдан сал кўпроқ экан. Бутун кийимларим ҳўл ва баданимга чип-чип ёпишиб қоларди, қон айланишини тезлатиш учун қўлларимни силкиб-силкиб борардим. Ич кийимим жун газламадан бўлганлиги учун агар доим ҳаракатда бўлсам, шамолламайман, деб ўйладим. Пистолетимни йўлда тортиб олишганди, бўш ғилофни френчимнинг тагига беркитдим. Плашим бўлмаганидан ёмғирда совқота бошладим. Канал ёқалаб кетдим. Тонг отган, ҳамма ёқ ҳўл, сийқа ва ғариб эди. Далалар яланғоч, ёмғирдан қорайиб кўринарди; далаларнинг ҳутта бир чеккасида қўнғироқхона кўзга ташланарди. Мен йўлга чиқиб олдим. Олдинда, йўлда мен пиёдалар бўлинмасини кўрдим, улар қаршимдан келишарди. Чўлоқланиб, йўлнинг бир четидан судралиб борардим, солдатлар менга эътибор бермай ёнимдан ўтиб кетишди. Булар дарё томонга кетаётган пулемёт қисми эди. Йўлимда давом этдим.

Шу куни мен Венеция водийсини кесиб ўтдим. Бу паст текислик ер бўлиб, ёмғирда у янада яссироқ бўлиб кўринарди. Денгиз томондан қумлоқлар ва сувлар билан тўсилгани учун бу ерда йўллар кам эди. Ҳамма йўллар дарёнинг қуйилиш жойлари бўйлаб денгизга томон боради, шу сабабдан водийни кесиб ўтиш учун каналлар ёқалаб сўқмоқлардан юриш керак бўлади. Мен водийни шимолдан жанубга қараб кесиб ўта бошладим, икки темир йўл ва бошқа яна аллақанча йўлларни босиб ўтдим ва ниҳоят бир сўқмоқдан бориб қум билан ўралган кўрфаз ёнидан ўтган темир йўл изидан чиқдим. Бу Триест-Венеция магистрали бўлиб, кўтармаси баланд ва мустаҳкам, кенг, қўш изли йўл эди. Бир оз нарироқда кичкинагина станцияча бор экан. У ерда, постда соқчилар турганлигини кўрдим. Станциянинг бошқа томонида кўрфазга қуйиладиган сой устидан кўприк ўтарди. Кўприкда ҳам соқчи турганди. Мен ҳали даладан шимол томонга ўтаётганимда бу йўлдан поезд ўтганлигини кўргандим. Текис ерда у узоқлардан кўринганди, мен шояд Портогруародан келаётган поездга чиқиб олсам, деб умид қилгандим. Соқчилардан кўзимни узмай, шундоқ излар олдида биқиниб ётдим. Менга бу ердан икки ёқ йўл ҳам кафт-дай кўриниб турарди. Кўприкда турган соқчи из бўйлаб мен томонга қараб бир неча қадам ташлади, кейин бурилиб орқасига қараб кетди.

Мен оч ётиб поезд кутмоқда эдим. Ҳов аввал мен узоқдан туриб кўрган поезд шунақа ҳам узун эдики, паровоз уни базўр тортиб ўтган эди. Ўшанда унга йўлй ўлакай сакраб чиқиб олишимга амин бўлган эдим. Мен ётавериб поезддан умидимни узганимда, яқинлаб келаётган поездни кўрдим. Паровоз тўғри мен томонга келар, борган сари катталашиб борарди. Мен соқчига қарадим. У кўприкнинг мен ётган томонида, лекин йўлнинг нариги бетида юриб турарди. Поезд мен билан бараварлашганда мени соқчидан тўсиб қолади. Мен яқинлашиб келаётган паровоздан кўз узмасдим. У оғир ҳансираб келарди. Вагонлар жуда кўп эди. Мен поездда қўриқчилар борлигини билардим, лекин улар қаерда турганларини кўролмадим, пайқаб қолмасинлар деб, тузукроқ қарагани чўчидим. Паровоз мен ётган ерга яқинлашиб келди. У менинг ёнимдан босинқи нафас олиб ўтгач, машинист мени кўрмаслигига амин бўлдим-да, ўрнимдан туриб, ўтиб бораётган вагонларга яқин бордим. Агар поезд соқчилари дарчалардан қараб турган бўлсалар, излар олдида очиқ турсам, унчалик шубҳа уйғотмаган бўлардим. Бир қанча ёпиқ товар вагонлари ўтиб кетди. Кейин мен усти очиқ паст бир вагон келаётганини кўрдим, бунақа вагонларни бу ерда гондола деб аташади, гондоланинг устига брезент тортиб қўйилганди. Мен уни ёнимдан деярли ўтказиб юбордим-да, кейин бир сакраб вагон биқинидаги тутқичлардан ушлаб олдим ва юқорига кўтарилдим. Кейин орқада келаётган ёпиқ вагон билан гондоланинг ўртасидаги буферга сирпаниб тушдим. Мени ҳеч зот кўрмаганлигига амин эдим. Темир бандлардан ушлаб, оёғимни вагонлар уланган темирга тираб ўтирдим. Кўприкка яқинлашиб қолдик. Мен соқчини эсладим. Биз ўтиб кетаётганимизда, у менга қаради. У ҳали ўспирин бир бола экан, бошидаги каскаси катталик қилиб кўзини тўсиб турарди. Мен унга менсимаган киши бўлиб қара-дим, шунда у юзини тескари буриб олди. У мени поезд бригадасидан бўлса керак, деб ўйлади. Биз ўтиб кетдик. У ҳамон ўтаётган вагонларга безовта кўз билан қараб турарди. Мен брезент қандай маҳкамланганийкин , деб қарадим. Брезентнинг четларида ҳалқачалар бўлиб, шу ҳалқачалардан чизимча ўтказиб маҳкамланганди. Мен пичоғимни олиб чизимчани кесдим-да, қўлимни ичкарига тиқдим. Ёмғирдан нам тортган брезент тагида аллақандай қаттиқ, ғўдир нарсалар қўлимга уринди. Бошимни кўтариб, олдимга қарадим. Олдинги вагоннинг майдончасида соқчи солдатлардан бири турарди, лекин унинг кўзи бошқа томонда эди. Мен ўзимни брезент тагига урдим. Шу заҳоти пешонам алланимагадир қаттиқ урилди, кўз ўнгим қоронғилашиб кетди, юзимга қон оқиб тушаётганини сездим, лекин мен яна ҳам ичкарироқ кириб, мук тушиб ётиб олдим. Кейин мен орқамга ўгирилиб, брезентни қайта маҳкамлаб қўйдим.

Мен брезент тагида замбараклар ичида ётардим. Улардан керосин ва мой ҳиди анқирди. Мен брезентга урилаётган ёмғир томчиларининг овозини, ғилдиракларнинг тақа-туқини эшитиб ётардим. Ташқаридан ғира-шира ёруғ кириб турар, мен тўпларни кўздан кечирдим. Уларга брезент ёпқичлар кийдирилганди. Булар учинчи армиядан жўнатилган бўлса керак, деб ўйладим. Пешонамдаги ғурра шишиб чиқди, мен қон тўхтасин деб, қимирламай ётдим, қон қотиб қолгандан кейин уни оҳиста кўчириб ташладим, зарб теккан жойгагина тегмадим. Унчалик оғримади. Дастрўмолим йўқ эди, шунинг учун қолган-қутган қон юқларини брезентдан оқиб тушган ёмғир суви билан ювиб ташладим ва енгим билан тозалаб артдим. Кўринишим ҳеч кимда шубҳа туғдиришини истамасдим. Мен Местрега етмай туриб тушиб қолишим кераклигини билардим, бўлмаса келиб қуролларни текшириб кетишлари турган гап эди. Қуроллар шунчалик оз эдики, уларни эсдан чиқаришлари мумкинлигига одам ишонмасди. Ич-этимни очлик кемириб борарди.

Ўттиз иккинчи боб

Мен платформа тахталарида, брезент тагида, қурол-яроғ лар ичида намиққан, очиққан, титраб-қалтираган бир алфозда ётардим. Чидаб бўлмагандан кейин қўлларимни бошимга қўйиб мук тушиб ётдим. Тиззам увишиб, жонсиз бўлиб қолган, лекин ундан шикоят қиладиган жойим йўқ эди. Валентини ўз ишини моҳирлик билан адо этганди. Мен чекиниш йўлининг ярмини, Тальяментонинг бир қисмини унинг тиззаси билан кечдим. Бу чиндан унинг тиззаси эди. Бошқа тизза меники эди. Врачлар сизнинг танингизни ҳар оҳангга солиб кўришади, шундан кейин тана ўзингизники бўлмай қолади. Бош ўзимники, бутун қорнимдаги нарсалар ҳам ўзимники эди. Қорним бўм-бўш эди. У гўё ҳозир ағдарилиб тушадигандай эди. Бош ўзимники эди, лекин у ҳозир на ишлайди, на ўйлайди, фақат хотирлашга, хотирлаганда ҳам камроқ хотирлашга қодир эди.

Кэтринни эслагим келарди, лекин мен у ҳақда ўйласам, жинни бўлиб қолишимни билардим, уни кўриш насиб бўладими-йўқми, билмасдим ва мен уни ўйламасликка тиришардим, фақат жиндек у ҳақда, фақат ғилдиракларнинг бир маромдаги тақ-туқи остида у ҳақда ўйлайман, шунда ёруғлик брезентни зўрға-зўрға ёриб ўтади ва мен Кэтрин билан платформа тахталарида ётгандай бўламан. Тахталар қаттиқ ботади, кийимлар ҳўл, фикр йўқ, фақат ҳиссиётлар ҳукмрон, ҳижрон бунчалик узоқ бўлмаса, тахталар зириллаб боради, ичимни алам кемиради, фақат нам кийим этимга ёпишади ва хотин ўрнига қаттиқ тахталарни қучоқлаб бораман.

Товар платформасининг тахталарини ёки металл ва мой ҳиди анқиб турган, брезент жилдларга ўраб қўйилган тўп-аслаҳаларни ёки ёмғир силқиб ўтадиган брезентни севиш мумкин эмас, гарчи брезент тагида замбараклар билан ётиш жуда ёқимли бўлса-да, барибир уни севиб бўлмайди, сенинг бутун севгинг – кимгадир бошқага, бу ерда тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган одамга қаратилган; энди ўз олдингга жуда ҳам совуқ, жуда ҳам равшан назар билан боқасан. Тўғрироғи, ҳатто совуқ ҳам эмас, равшан ва бўм-бўш назар билан боқасан. Мук тушиб ётасан-да, бўм-бўш назар билан тикиласан; бир армия чекинганда, иккинчиси босиб келаётганда шундай бўлади. Сен ўз машиналаринг ва одамларингни ҳалокатга гирифтор қилдинг, эҳтимол, универсал магазиннинг хизматчиси ёнғин маҳалида шундай қилган бўларди. У молларини ёндириб қараб турган бўларди. Лекин моллар суғурта қилдирилмаган экан. Энди сен бу нарсалардан халос бўлдинг. Бўйнингда бошқа ҳеч қандай мажбуриятинг йўқ. Агар ёнғиндан кейин магазин хизматчиларини сенинг талаффузинг чатоқ деб отиб ташлай бошласалар, яна савдо бошланганда хизматчилар қайтиб келадилар, деб ҳеч кимса умид қилмаслиги керак. Агар бошқа бирон иш топилса ва агар полиция қўлига тушмай омон қолсалар – улар бошқа иш топишга ҳаракат қиладилар. Дарё ғазабни ҳам бурч туйғуси билан бирга қўшиб ювиб кетди. Айтгандай, бу туйғуни мен олдинроқ – карабинернинг қўли ёқамдан олган чоғдаёқ йўқотгандим. Мен масаланинг ташқи томонига эътибор бериб ўтирмасдан, ўзимни мундирдан халос этмоқчи эдим. Мен юлдузчаларни суғуриб ташладим, лекин буни фақат қулайлик учунгина қилгандим. Бу номус масаласига кирмасди. Мен ҳеч кимга аччиқ қилаётганим йўқ. Умуман, мен бўлдим. Мен уларга омад тилаб қоламан. Уларнинг орасида оқ кўнгиллари ҳам, мардлари ҳам, ирода эгалари ҳам, оқил кишилар ҳам бор эди, уларга омад тиласанг ярашади. Лекин буларнинг эндиликда менга дахли йўқ ва мен бу қуриб, жин ургур Местрега тезроқ етиб боришни истардим, ўшанда овқатланиб оламану, нурли-нурсиз нарсаларни ўйлаб юрмайман.

Пиани, мени отилди, деб айтади. Улар отилганларнинг ҳамёнларини ковлаб, уларнинг ҳужжатларини олиб қўйишади. Менинг ҳужжатларим уларга тегмайди. Балки мени чўкиб кетган деб ҳисоблашар. Қизиқ, Штатларга нима деб хабар қилишаркин. Яраланди ва бошқа баъзи сабабларга биноан ўлди, дейишса керак. Шайтон, мунча қорним оч бўлмаса. Қизиқ, кашишга нима бўлдийкин. Ринальдига-чи. У Порденонеда бўлса керак. Балки ундан ҳам нарироққа чекиниб кетишгандир. Ҳа, энди мен уни бир умр кўрмайдиган бўлдим. Энди мен уларнинг ҳеч қайсиларини ҳеч қачон кўрмайман. У ҳаёт тугади. Унда захм бўлмаса керак, ҳар ҳолда вақтида олдини олсанг, унчалар хавфли эмас, дейишади. Бироқ у жуда тинчини йўқотган. Мен ҳам тинчимни йўқотган бўлардим. Бошқалар ҳам индамай қараб ўтирмасдилар, албатта.

Мен ўйлаш учун яратилмаганман. Мен дунёга овқат егани келганман. Нима ишингиз бор, шундай. Еб, ичиб, Кэтрин билан ётишга туғилганман. Эҳтимол, шу бугуноқ ётарман. Йўқ, бунинг иложи йўқ. Бугун бўлмаса, эртага. Эртага яхши таом ҳам, оппоқ чойшаблар ҳам бўлади, фақат энди ҳеч қачон ҳеч ерга кетмаслик керак. Бирга кетсанг, унда бир бошқа. Тезликда бирон ерга кетишга тўғри келса керак. У бирга боради. У мен билан кетишини биламан. Қачон кетамиз? Буни ҳар қанча ўйласанг арзийди. Қоронғи тушмоқда. Мен қаерга жўнашимизни ўйлаб ётибман. Дунё кенг эди.

ТЎРТИНЧИ КИТОБ

Ўттиз учинчи боб

Миланда поезддан сакраб тушиб қолдим. Поезд тонг қоронғисида станцияга яқинлаша туриб юришини секинлатди. Шунда мен сакрадим. Темир йўлни кесиб ўтиб, қандайдир уйлардан ўтдим-да, кўчага тушдим. Емакхоналардан бири очиқ экан, мен қаҳва ичгани кирдим. Бу ерда ҳамма нарсада тонгнинг нуқси бор эди, супуриб-сидирилган уй саҳнидан, қаҳва стаканларидаги қошиқчалардан ва кеча вино солинган стаканларнинг кўринишидан тонг нафаси келарди. Пештахта олдида емакхона хўжайини турган экан. Кичкина столда иккита солдат ўтирарди. Мен пештахта олдига бориб, бир стакан қаҳва билан бир бурда нон едим. Қаҳва сут солинганидан рангсизроқ эди, мен ноннинг мағзи билан унинг устидаги кўпигини сидириб олдим. Хўжайин менга қараб қўйди.

– Бир стакан граппа берайми?

– Йўқ, раҳмат.

– Менинг ҳисобимдан, – деди у ва кичикроқ бир стаканга қуйиб олдимга суриб қўйди.– Фронтда нима янгиликлар?

– Билмадим.

– Улар маст, – деди у ўтирган солдатларни кўрсатиб. Бунга ишонса бўларди. Уларнинг маст эканлиги кўриниб турарди.

– Гапириб беринг, – деди у. – Фронтда қандай янгиликлар бор?

– Фронтдан ҳеч хабарим йўқ.

– Мен сизнинг тушаётганингизни кўрдим. Сиз поезддан сакраб тушдингиз.

– Чекиняпмиз.

– Газет ўқиб тураман. Янгисидан гапиринг. Тугай деб қолдими?

– Унчаликмас.

У қориндор шишадан стаканга яна граппа қуйди.

– Агар бирон нарсангиз чатоқ бўлса, – деди у, – мен сизни яшириб қўйишим мумкин.

– Ҳаммаси жойида.

– Бирон чатоқлик бўлса, шу ерда тураверинг.

– Қаерда – шу ерда?

– Менинг уйимда. Кўплар шу ерда яшаб туришибди. Бироқ чатоқлиги бўлганлар кўпинча шу ерда яшаб туришади.

– Ундайлар кўпми?

– Қандайлигига қараб. Сиз Жанубий Америкаданмисиз?

– Йўқ.

– Испанча гаплаша оласизми?

– Унча-мунча.

У пештахтани артиб қўйди.

– Ҳозир чегарадан ўтиш қийин, лекин ўтса бўлади.

– Мен ўтмоқчи эмасман.

– Сиз бу ерда хоҳлаганингизча туришингиз мумкин. Менинг қандай одамлигимни ҳали билиб оласиз.

– Ҳозир мен кетишим керак, лекин манзилни эслаб қолиб қайтиб келаман.

У бошини чайқади.

– Шундай дейсизу, қайтиб келармидингиз. Мен чиндан ҳам бирон нарсангиз чатоқ бўлса керак, деб ўйлабман.

– Ҳаммаси жойида. Лекин доимо дўст кишининг турар жойини билган яхши.

Мен қаҳва ҳақи деб пештахтага ўн лир қўйдим.

– Ўзингиз ҳам ичинг граппадан, – дедим.

– Шарт эмас.

– Ичинг.

У икки стакан қуйди.

– Эсингизда бўлсин, – деди у. – Келинг. Бошқа ҳеч кимга ишонманг. Ҳаммасини тўғрилаймиз.

– Бунга ишончим комил.

– Ишончингиз комил?

– Ҳа.

У менга диққат билан қаради.

– Унда ижозат берсангиз сизга бир нарсани айтиб қўйсам. Манави кийимингизда кўп юрманг.

– Нега?

– Енгларида юлдузчаларнинг ўрни билиниб турибди.

Мен индамадим.

– Агар қоғозларингиз бўлмаса, қоғоз тўғрилаб бераман.

– Қандай қоғоз?

– Рухсат гувоҳномаси.

– Менга қоғозлар керакмас. Қоғозларим бор.

– Яхши, – деди у. – Агар сизга қоғоз керак бўлса, мен истаган нарсангизни тўғрилайман.

– Қанча туради ундай қоғозлар?

– Қандай қоғозлигига қарайди. Унчалик қиммат эмас.

– Ҳозир менга ҳеч нарса керак эмас.

У елкасини учирди.

– Ҳаммаси жойида, – дедим.

Чиқиб кетаётсам, у деди:

– Сизнинг дўстингизман, унутманг.

– Унутмайман, – дедим.

– Кўришармиз яна.

– Албатта, – дедим.

Ташқарига чиқиб, ҳарбий полицияга дуч келиб ўтирмай деб, вокзални айланиб ўтдим-да, кичкина паркнинг панжараси олдида экипажга ўтирдим. Кучерга госпиталь манзилини бердим. Госпиталга келиб, қоровулнинг ҳужрасига кирдим. Унинг хотини мени ўпиб қарши олди. Ўзи қўлимни қисди.

– Қайтиб келдингиз! Соғ-саломат!

– Ҳа. Нонушта қилдингизми?

– Ҳа.

– Соғлингингиз яхшими tеnentе? Соғлигингиз яхшими? – сўраб қўймасди хотини.

– Яхши.

– Балки биз билан нонушта қиларсиз?

– Йўқ, раҳмат. Айтинг-чи, ҳозир мисс Баркли госпиталдами?

– Мисс Баркли?

– Инглиз ҳамшираси-чи?

– Унинг севгилисими, – деди хотини. У елкамга шапатилаб, жилмайиб қўйди.

– Йўқ, – деди қоровул. – У кетган.

Юрагим шув этиб кетди.

– Ростданми? Мен ёш инглиз қизни айтяпман, баланд бўйли, оппоққина эди-ку, ўша.

– Рост. У Стрезага кетди.

– Қачон кетди?

– Икки кун бўлди. Бошқа инглиз ҳамшираси билан кетди.

– Хўп, – дедим мен. – Мен сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Мени кўрганлигингизни ҳеч кимсага айтманг. Бу жуда жиддий гап.

– Мен ҳеч кимга айтмайман, – деди қоровул. Мен унга ўн лир бердим, лекин у олмади.

– Мен сизга ҳеч кимга айтмайман, деб ваъда бердим-ку, – деди у. – Менга пул керак эмас.

– Сизга қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз, tеnentе, – деди унинг хотини.

– Ёрдамингиз шу бўлсин, – дедим.

– Биз сизни кўрмадик, – деди қоровул, – бирон нарса керак бўлиб қолса бизга хабар беринг.

– Яхши, – дедим, – яна кўришамиз. Хайр. – Улар эшикда орқамдан қараганча қолишди.

Мен экипажга ўтириб ашула айтишни ўрганаётган танишим Симмонснинг манзилини бердим.

Симмонс шаҳарнинг бошқа чеккасида Порта-Мажента яқинида турарди. Мен унинг олдига борганимда у ҳали ўрнида ётар, кўзларидан уйқуси ўчмаганди.

– Жуда эрта турасиз-да, Генри, – деди у.

– Мен эрталабки поезд билан келдим.

– Чекиниши нимаси бу ўзи? Сиз фронтда бўлдингизми? Сигарета чекасизми? Ҳов столнинг яшигида турибди.

Хона каттакон бўлиб, девор тагига каравот қўйилган, қарши томондаги бурчакда рояль, комод ва стол турарди. Мен каравотнинг олдига қўйилган стулга ўтирдим. Симмонс елкасидаги ёстиққа суяниб ўтирганча, чекарди.

– Ишларимнинг мазаси йўқ, Сим, – дедим мен.

– Меники ҳам шунақа, – деди у. – Менинг ҳеч ишларим яхши бўлган эмас. Чекасизми?

– Йўқ, – дедим, – Швейцарияга қандай қилиб кетса бўлади?

– Сизми? Сизни италянлар чегарадан ўтказишмайди.

– Шундай. Буни биламан. Швейцарлар-чи? Швейцарлар қандай муносабатда бўлишади?

– Улар сизни ушлаб, озодликдан маҳрум этишади.

– Биламан. Лекин бу ишлар ҳаммаси қандай қилинади?

– Жуда осон. Сизни қамаб – қамашмайди. Сиз истаган жойингизга бораверасиз. Фақат вақт-вақти билан текширишдан ўтиб турасиз. Нима? Сизни полиция таъқиб қиляптими?

– Ҳозирча номаълум.

– Агар айтгингиз келмаса, айтманг. Одамнинг эшитгиси келаётган бўлса ҳам майли. Бу ерда ҳеч қандай воқеалар бўлмайди. Мен Пьяченцада тоза шарманда бўлдим.

– Қўйинг-э!

– Рост, рост, расвойи маърака бўлди. Лекин яхши айтган эдим-да. Мен яна бир карра бу ерда «Лирико»да ўзимни синаб кўрмоқчиман.

– Мен эшитолмаслигимдан афсусланаман.

– Саломат бўлсинлар. Нима, ишларингизнинг ростдан жуда мазаси йўқми?

– Билмадим.

– Айтгингиз келмаса, айтманг. Нега сиз анов лаънати фронтда эмас, бу ерларда юрибсиз.

– Мен уришиб бўлдим.

– Яшанг. Мен доим сизни бамаъни йигит деб юрардим. Мендан нима хизмат лозим бўлса, тайёрман.

– Ўзингизнинг ишларингиз кўп.

– Бе, ишлар қаёқда, азизим, Генри. Вақтим бемалол. Бирон нарса билан машғул бўлсам қувониб юраман.

– Бўйимиз деярли сиз билан баравар. Менга костюм олиб келиб беролмайсизми? Менинг костюмларим бор-у, лекин ҳаммаси Римда.

– Айтгандай, сиз олдин у ерда тургансиз-ку. Бунақанги расво жойни билмайман! Қандай қилиб тургансиз у ерда?

– Мен архитектор бўлмоқчийдим.

– Бунга энг нобоп ер ўша ер. Ҳеч нарса сотиб олманг. Мен сизга нима керак бўлса, ҳаммасини бераман. Сизни шундай кийинтириб қўяйки, кўрганларнинг оғзи очилиб қолсин. Боринг, ҳов анави ерда кийимлар турибди. Дидингизга нима ёқса, барини олаверинг. Азизим, ҳеч нарсани сотиб олишнинг кераги йўқ.

– Барибир, сотиб олсам, яхши бўларди-да.

– Азизим, бориб сотиб олиб бергандан кўра сизга ўзимникини берганим менга осонроқ. Паспортингиз борми? Паспортсиз тирикчилик қилиб бўлмайди.

– Эски паспортим ёнимда.

– Унда кийининг, азизим, ва кўҳна, асл Гельвецияга томон олға.

– Булар ҳали ҳаммаси эмас. Мен ҳали Стрезага ҳам боришим керак.

– Бундан яхшиси борми, азизим! У ердан қайиққа ўтирасиз-у, тўғри нариги томонга равона бўласиз. Агар ашулам бўлмаганда мен ҳам сизлар билан бирга борган бўлардим. Бораман ҳам.

– Сиз у ерда тирольча фальцетга ўтишингиз мумкин.

– Ўтганда қандоқ, азизим. Ашула айтишни билсам ҳам, ўтаман. Қизиғи ҳам ўзи шунда-да.

– Бошим билан қасам ичаманки, сиз ашула айтишни биласиз.

У ўзини орқага ташлади-да, яна битта сигарет чекди.

– Яхшиси, бошингизни тикманг. Мен ашула айтишни билсам ҳам ундай қилманг. Кулгили кўринади-ю, лекин мен айтишни биламан. Мен ашула айтишни севаман. Қулоқ солинг. – У «Африканка»ни ола бошлади; унинг бўйни таранг тортилди, томирлари бўртиб чиқди.

– Мен ашула айтишни биламан, – деди у. – Қолганига билганларини қилсинлар.

Мен деразага қарадим.

– Экипажни жўнатиб келай.

– Тезроқ қайтиб келинг, азизим, нонушта қилиб оламиз.

У ўрнидан турди, қаддини тиклади, ичига чуқур нафас олди-да, гимнастика машқларини бажара бошлади. Мен пастга тушиб, кучернинг ҳақини бериб юбордим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации