Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Менга у маъюс жилмайгандай туюлди, лекин аниқ кўрганим йўқ. У ғоятда қари эди, юзларини ажинлар босган, кулганида шунчалик кўп ажинлари иштирок этардики, маъносини англаб етиш қийин эди.

– Мен эҳтимол, жуда художўй бўлиб қолсам керак, – дедим мен. – Нима бўлганда ҳам мен сиз учун ибодат қиламан.

– Мен ҳар доим художўй бўлсам керак, деб кутгандим. Менинг оиламда кўпчилик художўй бўлиб, сўнг ўларди. Лекин нимагадир бундай бўлмади.

– Ҳали жуда ҳам эрта.

– Балки жуда кеч бўлгандир. Балки, мен диндор бўлиш ҳиссиётини йўқотиб қўйгандирман.

– Менда у фақат кечаси пайдо бўлади.

– Лекин сиз яхши кўрасиз. Бу ҳам диний туйғу эканлигини унутманг.

– Ростданми?

– Албатта. – У бильярдга томон бир қадам ташлади.

– Мен билан ўйнаб катта илтифот кўрсатдингиз.

– Менинг ҳам бундан бошим осмонга етди.

– Юринг, тепага бирга чиқамиз.

Ўттиз олтинчи боб

Кечаси момақалдироқ бўлди, мен ёмғир дераза ойналарига шатирлатиб ураётганини эшитдим. Очиқ деразадан сув оқиб тушмоқда эди. Кимдир эшикни тақиллатди. Мен Кэтринни уйғотиб юбормаслик учун эшикка оҳиста бордим. Эшикни очдим. Бармен экан. У пальто кийиб олган, қўлида ҳўл шляпасини ушлаб турарди.

– Сиз билан гаплашишим керак, tenente.

– Нима гап?

– Жуда жиддий иш.

Мен орқамга қарадим. Хона ичи қоронғи эди. Дераза тагида ёмғир суви кўлмак бўлиб қолганини кўрдим. – Киринг, – дедим мен. Қўлидан ушлаб ваннахонага олиб кирдим-да, эшикни ёпиб чироқни ёқдим. Мен ваннанинг четига ўтирдим.

– Нима гап, Эмилио? Бошингизга бирон иш тушдими?

– Йўқ. Гап сизнинг ҳақингизда, tenente.

– Шундай денг?

– Эрталаб сизни қамагани келишади.

– Шундай денг?

– Мен сизга айтгани келдим. Мен шаҳарда бўлган эдим, қаҳвахонада эшитиб қолдим.

– Тушунарли.

У қаршимда ҳўл пальтода, қўлида ҳўл шляпасини ушлаб турарди. Жим бўлиб қолди.

– Мени нимага қамашмоқчи экан?

– Уруш билан боғлиққа ўхшайди.

– Нималигини биласизми?

– Йўқ. Лекин мен аввал сизни бу ерда офицер кийимида кўргандим, энди эса, сиз кишилик кийим кийиб келдингиз. Анов чекинишдан кейин улар дуч келган одамни қамашга ҳам тайёрлар.

Бир дақиқа ўйланиб қолдим.

– Соат нечада келишмоқчи экан?

– Эрталаб. Соатини аниқ билмайман.

– Сиз қандай маслаҳат берасиз?

У шляпасини раковина ичига қўйди. Шляпа ҳўл бўлганидан суви муттасил полга оқиб тушаётган эди.

– Агар ўзингизга ишонсангиз, қўрқадиган жойи йўқ. Лекин қамоққа тушиш кимга ёқади, дейсиз. Айниқса, ҳозир.

– Мен қамоққа тушишни истамайман.

– Унда Швейцарияга кетинг.

– Қандай қилиб?

– Менинг қайиғимда.

– Кўлда бўрон бўляпти, – дедим.

– Бўрон ўтиб кетди. Тўлқин бор, лекин сиз эплайсиз.

– Қачон кетишимиз керак?

– Ҳозир. Улар эрта саҳарда келишлари мумкин.

– Нарсаларимизни нима қиламан?

– Йиғиштиринг. Хонимингиз ҳам кийинсинлар. Юкларни мен тўғрилайман.

– Сиз қаерда бўласиз?

– Шу ерда кутаман. Мени даҳлизда кўрсалар, бўлмайди.

Эшикни очдим, кейин ёпиб ётоққа кирдим. Кэтрин уйғонган эди.

– Нима гап, жоним?

– Ҳеч нарса. Кэт, – дедим мен. – Ҳозир кийиниб, қайиқда Швейцарияга кетишни истайсанми?

– Сен истайсанми?

– Йўқ, – дедим мен. – Мен яна ўринга ётишни истайман.

– Нима бўлди?

– Барменнинг айтишича, эрталаб мени қамоққа олгани келишармиш.

– Барменнинг ақли жойидами?

– Ҳа.

– Унда тезроқ бўла қол, жоним, кийин, ҳозироқ кетамиз. – У тўшакнинг четига ўтирди. Унинг ҳали уйқуси қочмаганди. – Ваннадаги ўша барменми?

– Ҳа.

– Унда мен ювиниб ўтирмайман. Жоним, менга қарамай тур, дарров кийиниб оламан.

У тунги кўйлагини ечаётганда унинг оппоқ елкасини кўрдим, кейин у қарама дегани учун орқамни ўгириб турдим. У энди тўлиша бошлаган, шунинг учун унга қарашимни истамасди. Мен ташқарида ёмғирнинг шовқинини эшитиб кийиндим. Юкларимиз деярли йўқ эди.

– Агар керак бўлса, менинг жомадонимда ҳали жой кўп, Кэт.

– Ҳаммасини жойлаб бўлдим, – деди Кэт. – Жоним, мен жуда ҳам тентакман, лекин нега бармен ваннада ўтирибди?

– Чшшш, у юкларимизни пастга олиб тушгани кутиб ўтирибди.

– Мунча яхши!

– У менинг эски оғайним, – дедим мен. – Бир марта унга ўралган тамаки юборишимга сал қолган.

Деразадан зимистонликка қарадим. Кўл кўринмас, зимистон тун ва ёмғир, лекин шамол тўхтаганди.

– Мен бўлдим, жоним, – деди Кэтрин.

– Яхши. – Мен ваннанинг эшиги тагига келдим. – Мана жомадонлар, Эмилио, – дедим. Бармен иккала жомадонни олди.

– Бизга ёрдам бермоқчи бўлибсиз, ҳимматли экансиз, – деди Кэтрин.

– Арзимайди, – деди бармен. – Мен сизларга ёрдам бераётганимдан хурсандман, лекин бошим ғавғога қолмаса, деб қўрқаман. Менга қаранг, – деди у менга, мен орқа зинадан юкларни тўғри қайиқ олдига олиб бораман. Сизлар худди айлангани чиққандай бемалол чиқиб боринглар.

– Сайр қилса арзийдиган тун, – деди Кэтрин.

– Бевош кеча, нимасини айтасиз.

– Яхшиям соябоним бор экан-а, – деди Кэтрин. Биз йўлакдан ўтиб, пояндоз тўшалган кенг зинадан пастга тушдик. Пастда, ўзининг эшик олдидаги ҳужрасида портье ўтирган экан.

Бизни кўриб жуда ҳайрон бўлди.

– Сиз эшикка чиқмоқчимисиз, сэр? – сўради у.

– Ҳа, – дедим. – Биз шамолда кўлни кўрмоқчимиз.

– Сизнинг соябонингиз йўқми, сэр?

– Йўқ, – дедим. – Менинг пальтомдан сув ўтмайди.

У гапимга ишонмай қаради. – Мен сизга соябон бераман, сэр, – деди у. У бориб каттакон соябон олиб келди. – Бир оз каттароқ, сэр, – деди у. Мен унга ўн лир бердим. – О, жуда сахий экансиз, сэр. Минг раҳмат, – деди у.

У бизга эшикларни очиб берди ва биз ёмғирга чиқдик. У Кэтринга жилмайди, Кэтрин ҳам унга жилмайди. – Ташқарида, шамолда узоқ қолиб кетманглар, – деди у. – Ивиб кетасиз, сэр ва леди. – У кичик портье эди, шунинг учун инглизча гапирганда ҳали мактаб болаларига ўхшаб гапирарди.

– Биз тезда қайтамиз, – дедим.

Биз каттакон соябон остида йўлкадан бордик, кейин шалаббо, қоп-қоронғи боғ билан йўлга чиқдик, йўлдан четларига буталар экилган қирғоқ бўйи хиёбонга ўтдик. Энди шамол қирғоқ томондан эсарди. Бу рутубатли, совуқ шамол эди, мен тоғларда қор ёғаётганини билардим. Биз қирғоққа боғлаб қўйилган қайиқлар олдидан ўтиб, барменнинг қайиғи турган ерга келдик. Сув қоядан ҳам қорароқ эди. Бармен дарахтлар орқасидан чиқиб келди.

– Жомадонлар қайиқда, – деди у.

– Мен сизга қайиқнинг пулини бермоқчи эдим, – дедим.

– Қанча пулингиз бор?

– Унча кўп эмас.

– Пулни менга кейин юборасиз. Шундай қилсак, яхши бўлади.

– Қанча?

– Ўзингиз биласиз.

– Менга қанчалигини аниқ айтинг.

– Агар яхши етиб борсангиз, менга беш юз франк юборинг. Агар омон-эсон етиб борсангиз, бу сизга унча оғир тушмайди.

– Яхши.

– Манави сандвичлар. – У менга тугунча узатди. – Барда бори шу экан. Манави эса бир шиша коньяк билан бир шиша вино.

Мен буларни ўз жомадонимга солиб олдим. – Ҳеч бўлмаса, шуларнинг ҳақини олинг мендан.

– Яхши, менга эллик лир беринг.

Унга пулни бердим.

– Яхши коньяк, – деди у. – Бемалол хонимга ҳам берсангиз бўлади. У киши қайиққа ўтириб олсинлар энди.

У тош қирғоқда дам кўтарилиб, дам тушиб турган қайиқни ушлаб турди, мен Кэтринни қайиққа ўтқиздим.

У қуйруққа ўтирди-да, плашига ўралиб олди.

– Сиз қаерга боришни биласизми?

– Доим шимолга қараб юриш керак.

– Қандай боришни-чи?

– Луинога.

– Луинога, Коннеро, Каннобио, Транцанога, Бриссагога борганда Швейцарияда бўласиз. Сиз МонтеТамарадан ўтишингиз керак.

– Ҳозир соат неча? – сўради Кэтрин.

– Энди ўн бир бўлди, – дедим.

– Агар тинмай юрсангиз, эрталаб соат еттиларда у ерда бўласиз.

– Шунча узоқми?

– Қирқ икки чақирим.

– Адашмасак бўлгани. Бунақа ҳавода компас керак.

– Йўқ. Изола-Беллага юринг. Сўнг Изола-Мадредан ўтганингиздан кейин шамол эсган томонга боринг.

– Шамол сизни Палланцага олиб боради. Сиз чироқларни кўрасиз. Кейин қирғоқ бўйлаб ҳайданг.

– Шамол ўзгариб қолиши мумкин.

– Йўқ, – деди у. – Бу шамол уч кун эсиб туради. У тўғри Маттаронедан эсяпти. Анави ерда сувни сепиб ташлаш учун тунука бор.

– Қайиғингизнинг жуда бўлмаса бир озроқ ҳақини олинг.

– Йўқ, мен таваккал қилмоқчиман. Агар етиб борсангиз, менга тўла баҳосин и тўлайсиз.

– Майли ундай бўлса.

– Шояд чўкмасдан етиб борсангиз.

– Шояд.

– Шамолга қараб бораверинг.

– Хўп. – Мен қайиққа сакрадим.

– Сиз хонанинг пулини қолдирдингизми?

– Ҳа. Стол устида, конвертда.

– Яхши қилибсиз. Оқ йўл.

– Хайр энди. Катта раҳмат.

– Агар чўкиб кетсангиз, ҳаммаси арзимайди.

– Нима деяпти? – сўради Кэтрин.

– Яхши етиб олинглар, деяпти.

– Ўзингиз ҳам яхши қолинг, – деди Кэтрин. – Катта, катта раҳмат сизга.

– Бўлдингизларми?

– Ҳа.

У эгилиб қайиқни қирғоқдан итариб юборди. Мен эшкакни сувга ботирдим, кейин унга қўлимни силкидим. Жавоб ўрнига у эҳтиёт бўлинглар, деган ишорани қилди. Мен меҳмонхона чироқларини кўрдим ва у кўздан йўқолгунча тўғрига эшкак солиб боравердим. Кўл денгиздай ғалаёнли эди, лекин биз шамолга қараб борардик.

Ўттиз еттинчи боб

Мен қоронғида эшкакни шамол доим юзимга урилиб турадиган қилиб эшиб бордим. Ёмғир тинган, фақат онда-сонда шамол билан одамнинг афти башарасига бир селпиб, сепалаб ўтарди. Мен қуйруқда ўтирган Кэтринни кўриб турардим, лекин эшкак тушаётганда сувни кўрмасдим. Эшкаклар жуда узун эди, лекин тасма билан маҳкамлаб қўйилмаганди. Мен эшкакларни сувга ботирар, уларни олд томонга олиб борар, сувдан чиқарар, яна сувга олиб борар, яна ботирар, иложи борича енгил бошқаришга ҳаракат қилардим. Эшкакларни шамол бизга қараб эсаётганидан сувга ётиғроқ қилиб ботиришга интилардим. Қўлларим қавариб кетишини билар, лекин қаварса ҳам сал кейинроқ бориб қаваришини истардим. Қайиқ енгил эди, эшкакка яхши бўйсунарди. Тим қора сувдан уни олға суриб кетмоқда эдим. Ҳеч нарсани кўриб бўлмас, лекин мен тез орада Палланцага етиб қолармиз, деб умид қилардим.

Барибир Палланцани кўролмадик. Шамол жанубдан эсар ва биз қоронғида Палланца бурнидан ўтиб унинг чироқларини кўрмай қолибмиз. Ниҳоят, йироқларда – деярли қирғоқнинг нақ ўзида қандайдир чироқлар кўринди, бу Интра эди. Аммо биз анчагача ҳеч қандай чироқларни, қирғоқни кўрмадик, қоронғида шитоб билан тўлқинларда сирпаниб олға босавердик. Баъзан тўлқин қайиғимизни баландга кўтариб юборар, мен эшкакларни ҳавода силкитардим. Кўл ҳамон тўпалон қилар, лекин мен эшкак уришдан тўхтамасдим, бир маҳал қирғоқдан туртиб чиққан қояга урилиб чил-парчин бўлиб кетишимизга оз қолди; тўлқинлар қояга урилиб юксакка сапчиб кўтарилар, сўнг пастга шалдираб тушарди. Мен ўнг қўлимдаги эшкакка қаттиқ зўр бердим, айни чоғда чап эшкак билан орқага тисарилдим ва омон-эсон соҳилдан йироқлашиб кетдик; қоя кўздан йўқолди, биз яна кўлдан сузиб кетдик.

– Биз у томонга ўтиб олдик, – дедим Кэтринга.

– Биз ҳали Палланцани кўришимиз керак эди-ку?

– У Палланца бурнининг ортида қолди.

– Ўзинг чарчамадингми, жоним?

– Унчамас.

– Бирпасга ўрин алмаша қолайлик.

– Нега? Керакмас.

– Бечора Фергюсон! – деди Кэтрин. – Эрталаб меҳмонхонага келса, биз йўқмиз.

– Бунинг ташвиш қиладиган жойи йўқ, – дедим. – Божхона қўриқчилари кўрмасдан, қоронғида Швейцарияга етиб олсак, бўлгани.

– Узоқми ҳали?

– Ўттиз километрча.

Туни билан қўлим эшкакдан бўшамади. Кафтларим шу қадар шилиниб кетдики, эшкакни базўр ушлаб борардим. Бир неча марта соҳилга урилиб кетай дедик. Мен адашиб кетмай, вақт ўтмасин деб соҳил яқинидан кетаётгандим. Баъзан биз қирғоққа шунчалар яқин борар эдикки, соҳил ёқалаб кетган йўлни, йўл бўйидаги дарахтларни ва орқадаги тоғларни кўрардик. Ёмғир тинди ва шамол булутларни ҳайдаб юборган эди, ой чиқди, мен айланиб қараб, қорайиб турган узунчоқ Кастаньола бурнини, оқ ёлли кўлни, ой нурида ётган узоқ қорли тоғ чўққиларини кўрдим. Кейин осмонни яна булут буркаб олди, кўл ҳам, тоғлар ҳам ғойиб бўлди, лекин энди илгаригига қараганда анча ёруғроқ эди, қирғоқ ҳам кўриниб турарди. Кўринганда ҳам жуда равшан кўринар, шунинг учун Палланца йўлида агар божхона соқчилари юрган бўлса, кўриб қолмасинлар деб, қайиқни нарироққа олиб кетдим. Ой яна бир марта чиққанда биз соҳил томонда тоғ ён бағирларидаги виллаларни ва дарахтлар оралаб чўзилиб кетган оппоқ йўлни кўрдик. Мен тинмай эшкак эшиб бормоқда эдим.

Кўл кенгайиб кетгандай бўлди ва кўлнинг нариги бетида чироқлар кўринди, бу, эҳтимол, Луино эди. Мен тоғлар орасида ханжардек тилинган дарани кўриб, Луино шу бўлса керак, деб ўйладим. Ундоқ бўлса, биз анча тез юриб бораётган бўламиз. Мен эшкакларни қайиққа тортиб олдим-да, елкам билан узала тушиб ётдим. Мен жуда, жуда чарчадим. Қўлларим, куракларим, елкаларим зирқираб оғрир, кафтларим шилиниб кетганди.

– Агар соябонни очсак, қандоқ бўларкин? – деди Кэтрин. – Шамол унга тегиб, қайиқни тез ҳайдаб кетган бўларди.

– Ушлаб тура олармикансан?

– Ҳаракат қиламан.

– Манави эшкакни қўлтиғингга олгин, уни бортга қисиб туриб бошқариб бор. Мен соябонни ушлаб кетаман.

Қуйруққа ўтиб эшкакни қандай ушлаш кераклигини унга кўрсатдим. Мен қайиқнинг бурнига рўбарў ўтириб, портье берган каттакон соябонни олиб, очдим. У шарақлаб очилди. Мен унинг бандига ўтириб олганча, икки чеккасидан ушлаб олдим. Шамол унга қараб қаттиқ урила бошлади, унинг четига маҳкам ёпишиб олган ҳолда қайиқни учириб олиб кетаётганини сезиб турдим. Соябон қўлимдан чиқиб кетай-чиқиб кетай дерди. Қайиқ ғоятда тез елиб бормоқдайди.

– Учиб кетяпмиз, – деди Кэтрин. Мен соябоннинг симларидан бошқа нарсани кўрмасдим. Соябон қаттиқ тортқилаб, юлқинар, мен у билан бирга олға бораётганимизни ҳис қилиб турардим. Оёқларимни қаттиқ тираб олдим, унга янада қаттиқроқ ёпишиб олдим, кейин бир нарса чарсиллаб кетди; симлардан бири манглайимга келиб урилганди, мен зонтнинг шамолда букилиб кетаётган тепасини ушлаб олмоқчи эдим, шу маҳал ҳаммаси шарақ этиб тескари бўлиб кетган ва ҳозиргина шамол тўлиб турган елкан ўрнида шалвираган латта-путталар-у, мен ушлаб ўтирган бандигина қолди. Банднинг илмоғини қайиқ ўриндиғидан ажратиб олдим-да, зонтни қайиқнинг тагига қўйиб, эшкакни олиш учун Кэтриннинг ёнига сурилдим. У хахолаб куларди. У менинг қўлимдан ушлаб олди-да, хахолашда давом этди.

– Сенга нима бўлди? – Унинг қўлидан эшкакни олдим.

– Сен анави нарса билан шундоғам кулгили кўриндингки.

– Қизиқ бўлдими?

– Жаҳлинг чиқмасин, жоним. Бирам кулгили бўлди. Сен жуда ҳам кенгайиб кетгандай бўлдинг, яна соябон четларини шунақаям жонингни бериб қисиб олдингки…

– Кулавериб унинг нафаси ичига тушиб кетди.

– Қани йўлга тушайлик бўлмаса.

– Дамингни ол, коньяк ичиб ол. Шунақанги ажойиб кеча бўляптики, анча йўлни босиб ҳам қўйдик.

– Қайиқни тўлқинга кўндаланг қилиб қўйиш керак.

– Мен шишани олиб бераман. Кейин сен бир оз дамингни ол.

Мен эшкакни кўтардим ва биз тўлқинларда чайқала бошладик. Кэтрин жомадонни очди. У коньяк шишасини узатди. Мен пакким билан тиқинини чиқардим-да, қониб ичдим. Жуда ўткир коньяк экан, бутун баданимга ўт югурди, қизидим ва кайфиятим кўтарилди.

– Яхши коньяк, – дедим. Ой яна булутлар орасига яширинди, бироқ қирғоқ кўриниб турарди. Олдинда кўл ичига анча кириб келган стрелка бор эди.

– Совқотмадингми, Кэт?

– Йўқ, яхшиман. Фақат оёқларим бир оз увишиб қолди.

– Қайиқнинг тагидаги сувларни сепиб ташла, кейин оёғингни узатиб ўтирасан.

Мен яна қайиқни ҳайдаб кетдим, эшкакнинг ғирчиллагани, тунука идишнинг қайиқ тагига тегиб тақирлагани эшитилди.

– Қўлингдагини менга бериб тур, – дедим. – Сув ичгим келяпти.

– У жудаям ифлос.

– Ҳечқиси йўқ. Чайиб ташлайман.

Мен Кэтрин идишни сувда чайқаётганини эшитдим. Кейин у менга сув тўлдириб узатди. Коньякдан кейин томоғим қақраб кетганди, сув шу қадар муздай эдики, тишларим зирқираб кетди. Мен соҳилга қарадим. Биз стрелкага яқинлашиб бормоқда эдик. Олдинда, кўрфаз томонда чироқлар кўринди.

– Раҳмат, – дедим ва унга идишни қайтариб бердим.

– Марҳамат қилсинлар, – деди Кэтрин. – Таъблари яна хоҳламайдими?

– Сен бирон нарса еб олсанг бўларди.

– Йўқ. Ҳали очқаганим йўқ. Овқатни қорин энг очадиган пайтга сақлаб қўямиз.

– Майли.

Узоқдан стрелка бўлиб кўринган нарса узунчоқ қояли бурун экан. Мен уни айланиб ўтиш учун қайиқни кўлнинг ўртасига бурдим. Кўл бу ерда анча тор эди. Яна ой чиқди, агар, guardia di Finanza3939
  Божхона соқчилари (итал.).


[Закрыть]
соҳилдан кузатиб турган бўлса, улар сувда қорайиб турган бизнинг қайиғимизни кўрган бўлардилар.

– Қалайсан, Кэт?

– Жуда яхши. Қаерга келдик?

– Етишимизга саккиз чақиримча қолган бўлса керак.

– Бечорагинам. Ҳали яна шунча ҳайдайсанми. Тирикмисан ўзинг?

– Тирикдай. Дурустман фақат кафтларим шилиниб кетди.

Биз ҳамма вақт шимолга қараб юрдик. Ўнг соҳилдаги тоғ тизмалари тугади, нишаблик қуйига, паст қирғоқ бўйига олиб тушарди, бу ерда менинг ҳисобимча Каннобио бўлиши керак эди. Мен энди қирғоқдан хийла узоқда юрмоқда эдим, чунки бу ерларда guardia билан учрашиб қолиш хавфи кўпроқ эди. Олдинда, бошқа қирғоқда гумбазга ўхшаш баланд тоғ турарди. Мен чарчадим. Яна озгина қолганди, лекин кучинг қолмаганда озгина масофа ҳам йироқ бўлиб кўринади. Шу тоғдан ўтиб, камида яна беш чақирим кўлни босиб ўтсак, Швейцария сувларига етган бўлардик. Ой яна бота бошлади, у ботмасдан олдин осмонни қуюқ булут ўраб олди ва жуда ҳам қоронғи бўлиб кетди. Мен қирғоқдан узоқроққа кетиб вақт-вақти билан эшкакни шамол урадиган қилиб кўтариб нафас ростлардим.

– Менга бер, озгина ҳайдаб борай, – деди Кэтрин.

– Сенга мумкин эмасдир, дейман.

– Бўлмаган гап. Бу менга ҳатто фойдали ҳам. Оёқларимнинг чигали ҳам ёзилади.

– Мумкин эмасдир, дейман, Кэт.

– Бўлмаган гап. Ҳомиладор ёш хонимлар оз-оздан эшкак эшиш билан шуғуллансалар, соғлиқларига анча фойда булади.

– Майли, бўлди, ўтир, кучанмасдан ҳайда. Мен сенинг ўрнингга ўтаман, кейин сен менинг ўрнимга ўт. Ўтаётганингда бортни ушлаб ол.

Мен қуйруқда пальтомнинг ёқасини кўтариб ўтирар, Кэтриннинг эшкак эшишига қараб турардим. У яхши эшкак урар, лекин эшкаклар узун бўлганларидан унга бир оз ноқулай эди. Мен жомадонни очиб иккита сандвич еб, коньяк ичдим. Анча енгил тортгандай бўлдим ва яна ичдим.

– Чарчаганингда менга айт, – дедим мен. Кейин бир оз ўтгач: – Кўзингга қара, яна қорнингга эшкакни тиқиб олмагин, – дедим.

– Ундай бўлганда ҳаёт анча осонлашарди, – деди Кэтрин эшкакни сувга ташларкан.

Мен яна коньяк ичдим.

– Қалай?

– Яхши.

– Жонингга тегса, айт.

– Хўп.

Мен яна коньяк ичиб, кейин қайиқнинг четини ушлаб ўртасига бордим.

– Керакмас. Чарчаганим йўқ.

– Йўқ. Жойингга бор. Мен яхшилаб дам олволдим. Коньякдан кейин алламаҳалгача анча яхши бошқариб бордим. Кейин яна эшкак қўлимдан чиқиб кета бошлади ва мен уни сувга қисқа-қисқа ура бошладим, коньяк ичгач, қаттиқ ҳаракат қилганимдан оғзимда аччиқ бир нарсанинг таъмини ҳис қилдим.

– Менга бир қултум сув берсанг-чи, – дедим.

– Бир челак десанг ҳам топилади.

Тонг олдидан яна ёмғир томчилай бошлади. Шамол тўхтади, балки кўлнинг бурилган жойидан ўраб олган тоғлар паноҳида турганлигимиз учун шундай бўлаётгандир. Тонг отаётганини кўргач, ўриндиққа қулайроқ ўтириб олдим-да, зўр бериб эшкак эша бошладим. Мен қаерда турганлигимизни билмас, тезроқ кўлнинг Швейцария қисмига ўтиб олишни истардим. Тонг ёриша бошлаганда биз соҳилга анча яқин бориб қолгандик. Дарахтлар ва кўл бўйидаги тошлоқлар шундоқ кўриниб турарди.

– Нима бу? – деди Кэтрин. Мен эшкакларни кўтариб қулоқ солдим. Моторли қайиқнинг овози келмоқда эди. Биз соҳилга бориб тўхтаб турдик. Мотор овози яқинлашди; кейин қайиғимиздан сал нарида ёмғирда кетаётган моторли қайиқни кўрдик. Қайиқнинг қуйруғида тўртта duardia de Finanza ўтиришар, бошларига тоғ ўқчилари киядиган шляпа бостирилган, ёқалари кўтарилган, елкаларида карабинлари бор эди; тўртовлари ҳам бу азон чоғида уйқусираган кўринардилар. Мен уларнинг ёқаларидаги сариқ белгиларни кўрдим. Шляпаларида ҳам қандайдир сариқ ишоралари борга ўхшади. Қайиқ моторини тириллатиб ўтиб кетди. Ёмғирда кўздан ғойиб бўлди.

Мен кўлнинг ўртасига йўл олдим. Афтидан, чегара жуда яқин эди ва мен бизни соқчи чақириб қолишини истамасдим. Қайиқ қирғоқдан кўринмайдиган масофага етгач, яна чоракам бир соатча қайиқни бошқариб бордим. Бир марта биз яна мотор овозини эшитдик ва мен овоз тингунча нариги қирғоқда кутиб турдим.

– Биз Швейцарияга етиб келганга ўхшаймиз, Кэт.

– Ростданми?

– Швейцария армиясини кўрмагунча бир нарса дейиш қийин.

– Ёки Швейцария флотини.

– Сен Швейцария флоти билан ҳазиллашма. Ҳозиргина ўтган моторли қайиқ Швейцария флотидан бўлса керак.

– Агарда Швейцарияга келган бўлсак, маза қилиб нонушта қилиб оламиз. Швейцариянинг кулчалари, сариқ мойлари, мурабболари шундоғам тотли бўладики.

Кун ёришиб кетган, ивир-шивир ёмғир ёғарди. Шамол ҳамон жанубдан эсар, кўл юзида тўлқиннинг оқ ёллари чопиб борарди. Швейцарияда эканлигимизга энди шубҳа қилмасдим. Соҳилдан, дарахтлар орасидан уйлар кўринар, яна ҳам нарироқда, қирғоқнинг нақ ўзида тош уйлар, тепаликларда виллалари, черкови билан қишлоқ жойлашганди. Мен қирғоқ ёқалаб кетган йўлда соқчилар кўриниб қолармикин десам, йўқ, ҳеч зоғнинг қораси кўринмади. Кейин йўл қирғоққа жуда ҳам яқинлашиб келди ва йўл бўйидаги қаҳвахонадан чиқаёт-ган солдатни кўрдим. Унинг формаси оч кўкимтир, бошида немисларникига ўхшаган каска бор эди. Унинг юзлари қип-қизил, ингичка мўйлов қўйганди. У бизга қаради.

– Унга қўлингни силкитиб қўй, – дедим Кэтринга. У қўлини силкиди ва солдат истар-истамай жилмайди ва у ҳам қўлини силкиб қўйди.

– Швейцарияга келганимизга анча бўлган, шекилли, – дедим.

– Аниқ билганимиз тузук, жоним. Яна чегарага келганимизда орқамизга қайтариб юришмасин.

– Чегара узоқда қолиб кетди. Бу божхона пунктига ўхшайди. Менимча, бу Бриссагонинг худди ўзи.

– Бу ерда италянлар йўқмикин ишқилиб? Божхоналарда доим қўшни мамлакат одамлари кўп бўлади.

– Уруш бўлмаган пайтларда шундай бўлади. Ҳозир италянларни чегарадан ўтказишмаса керак.

– Шаҳарча кўркамгина экан. Пристанда балиқчиларнинг жуда кўп қайиқлари турар, ёғоч айриларга тўрлар илиб қўйилганди. Ноябрнинг эринчоқ ёмғири ёғиб турар, лекин бу ерда ёмғир ҳам тоза ва қувончли эди.

– Унда ке, тўхтаймиз-да, нонушта қилгани борамиз.

– Ке.

Мен чап эшкак билан ишлаб қирғоққа бордим, кейин пристаннинг ўзида қайиқни тўғрилаб, ёним билан бориб тўхтадим. Мен эшкакларни чиқардим, темир ҳалқадан ушлаб олдим, оёғимни ҳўл тошга қўйдим ва Швейцарияга қадам босдим. Мен қайиқни боғлаб қўлимни Кэтринга узатдим.

– Туш, Кэт. Жуда ажойиб.

– Жомадонлар-чи?

– Қайиқда тураверсин.

Кэтрин тушди ва биз бирга Швейцарияга оёқ қўйдик.

– Қандай гўзал мамлакат, – деди у.

– Ростданам гўзал, а?

– Юр тезроқ, нонушта қиламиз.

– Йўқ, ростданам ажойиб мамлакат, а? Қадам ташласанг, жонинг роҳат қилади.

– Менинг оёқларим шу қадар жонсиз бўлиб қолибдики, ҳеч нарсани сезмайди. Лекин роҳатликка роҳатдир-а. Жоним, тушунсанг-чи, биз бу ердамиз, биз қуриб кеткур Италиясидан омон-эсон қутулиб чиқдик.

– Ҳа. Оғзингга шакар, ҳа. Мен ҳеч қачон ҳеч нарсани бу қадар яхши тушунмаган эдим.

– Манави уйларга боқ. Қандай ажойиб майдон! Ҳов анови ерда нонушта қилиш мумкин.

– Ёмғирни айт, ёмғирни! Италияда ҳеч қачон бунақа ёмғир ёғмайди. Бу гаштли ёмғир.

– Дунёда шундоқ ерлар ҳам бор экан-ку, жоним. Тушун, биз шу ердамиз, шу ердамиз. Билдингми?

Биз қаҳвахонага кириб озодагина тахта столга ўтирдик. Биз худди маст одамларга ўхшардик. Олдига этак тутиб олган бир ажойиб покиза хотин чиқиб келди ва биздан нима келтирай, деб сўради.

– Кулчалар, мураббо ва қаҳва, – деди Кэтрин.

– Кечирингиз, ҳозир кулчалар йўқ, уруш вақти.

– Унда нон беринг.

– Ё нонни ёққа қовуриб берайми?

– Майли.

– Тухум беринг.

– Жанобга нечта тухум пиширсам маъқул бўлади?

– Учта.

– Яхшиси тўртта, жоним.

– Тўртта тухум.

Хотин кетди. Мен Кэтринни ўпиб, қўлини қаттиқ қисиб қўйдим. Биз бир-биримизга термилишар, атрофга назар солардик.

– Жоним, айт-чи, ажойиб эмасми, а?

– Беқиёс, – дедим.

– Кулча нон бўлмаса бўлмас, – деди Кэтрин. – Мен уларни кечаси билан ўйлаб чиққан эдим. Майли, ҳечқиси йўқ. Ҳеч нарса қилмайди.

– Бизни афтидан тез орада қўлга олишса керак.

– Буни ўйлаб бошингни қотирма, жоним. Биз олдин нонушта қилиб олишимиз керак. Нонуштадан кейин қамашса, одамга унча алам қилмайди. Бундан ташқари улар бизни нима ҳам қилолардилар? Мен Британия фуқаросиман, сен эса Американинг. Ҳамма нарсамиз жойида.

– Сенинг паспортинг борми?

– Албатта. Аҳ, қўй, буни гаплашиб ўтирмайлик. Ке, шодлигимизни бузмайлик.

– Ҳалиям қувончимдан жоним ичимга сиғмай турибди, – дедим. Семиз бир кулранг мушук думини бураб келиб, хонани айланди-да, менинг оёғимга ўралиб олиб ҳур-ҳур қилиб ишқалана бошлади. Мен энгашиб мушукни силаб қўйдим. Кэтрин менга шодон жилмайди. – Ана қаҳва, – деди у.

Бизни нонуштадан кейин қўлга олишди. Биз шаҳарчани бирпас айланиб юрдик, кейин жомадонларимизни олгани пристанга тушдик. Қайиқ олдида солдат қоровуллик қилиб турган экан.

– Бу сизнинг қайиғингизми?

– Ҳа.

– Қаердан келдингизлар?

– Кўлнинг нариги томонидан.

– Мен билан юришга тўғри келади.

– Жомадонлар-чи?

– Олишингиз мумкин.

Мен жомадонларни олдим, Кэтрин ёнимда борди, солдат эса орқамиздан. Биз божхона жойлашган эски бир уйга келдик. Бунда бизни жуда ориқ, кўринишдан жангари бир лейтенант сўроқ қила бошлади.

– Миллатингиз?

– Америкалик ва инглиз.

– Паспортларингизни кўрсатинг.

Мен ўзимникини бердим, Кэтрин сумкачасидан ўзиникини олди. У узоқ текширди.

– Нега сиз Швейцарияга қайиқда келдингиз?

– Мен спортчиман, – дедим. – Қайиқда сузиш – менинг энг севикли машғулотим. Имконият туғилиши билан эшкак эшсам дейман.

– Нега бу ерга келдингиз?

– Қишки спорт билан шуғуллангани. Биз туристлармиз, қишки спортга жуда қизиқамиз.

– Бу ер қишки спорт билан шуғулланадиган жой эмас.

– Биламиз. Биз қишки спорт билан шуғулланиш мумкин бўлган жойга бормоқчимиз.

– Италияда нима қилиб юрувдингиз?

– Мен архитектурани ўрганаётгандим. Жияним санъат тарихини.

– Нега сиз у ердан кетиб қолдингиз?

– Биз қишки спорт билан шуғулланмоқчимиз. Уруш пайтида архитектурани ўрганиш қийин.

– Шу ерда ўтириб туринглар, – деди лейтенант.

У паспортларимизни олиб ичкари хонага ўтиб кетди.

– Жоним, бирам бопладинг-э, – деди Кэтрин, – шу гапда туравер. Сен қишки спорт билан шуғулланмоқчисан.

– Санъатдан бир оз хабаринг борми?

– Рубенс, – деди Кэтрин.

– Гўшти кўп.

– Тициан, – деди Кэтрин.

– Тициан мўйлари, – дедим мен. – Хўш, Мантенья-чи?

– Сен қийинларини сўрамагин-да, – деди Кэтрин. – Лекин мен биламан, у жуда ҳам даҳшатли рассом.

– Жуда ҳам, – дедим. – Мих қоқилган жароҳатларни кўрсатади.

– Кўрдингми, қандай ажойиб хотининг бор, – деди Кэтрин. – Мен санъат ҳақида сенинг буюртмачиларинг билан баҳслаша оламан.

– Ана, у келяпти, – дедим.

Ориқ лейтенант божхонанинг ичкарисидан паспортларимизни кўтариб қайтиб келди.

– Сизларни Локарнога жўнатишга мажбурман, – деди у. – Экипаж олсангиз, сиз билан бирга солдат боради.

– Майли, марҳамат, – дедим. – Қайиқ-чи?

– Қайиқ мусодара қилинади. Жомадонларингизда нима бор?

У ҳар иккала жомадонни очиб кўрди ва коньяк шишасини чиқарди.

– Балки бирга улфатчилик қилармиз, – дедим мен.

– Йўқ, раҳмат. – У қаддини ростлади. – Қанча пулларингиз бор?

– Икки ярим минг лир.

– Жиянингизда-чи?

Кэтринда бир минг икки юз лирдан кўпроқ бор экан. Лейтенант мамнун бўлди. Бизга муомаласи илиди ҳисоб.

– Агар сизни қишки спорт қизиқтирса, – деди у, – бунинг энг зўр жойи – Венген. Венгенда отамнинг жуда яхши меҳмонхонаси бор. Йил бўйи очиқ.

– Кўп хурсандман, – дедим мен. – Манзилларини беролмайсизми?

– Мен сизга карточкага ёзиб бераман. – У менга карточкасини тавозе билан узатди. – Солдат сизни Локарногача кузатиб қўяди. Паспортларингиз унда туради. Афсус, лекин бошқа иложимиз йўқ. Мен Локарнода виза билан полициядан рухсат оларсиз, деб умид қиламан.

У иккала паспортни солдатга берди ва биз жомадонларимизни кўтариб, экипаж ёллагани шаҳарчага кетдик.

– Ҳей! – чақирди лейтенант солдатни. У ўз лаҳжасида бир нарсалар деди. Солдат милтиғини елкасидан ошириб олди-да, жомадонларимизни кўтариб кетди.

– Ажойиб мамлакат, – дедим мен Кэтринга.

– Ўз ишига пишиқ мамлакат ҳар ҳолда.

– Сиздан жуда миннатдормиз, – дедим мен лейтенантга. У бизга қўлини силкиб қолди.

– Хизматингизга тайёрмиз, – деди у. Биз ўз соқчимизнинг ортидан тепага кўтарила бошладик.

Локарнога экипажда кетдик, солдат олдинги ўриндиққа, кучернинг ёнига ўтириб олди. Локарнода ишимиз ўнгидан келди. Бизни сўроқ қилишди, лекин паспортларимиз, пулларимиз бор бўлгани учун мулозаматдан четга чиқишмади. Улар менинг бир оғиз гапимга ҳам ишонишмаган бўлса керак, ўзимча ҳам буларни ғирт аҳмоқона гаплар деб ўйлардим, лекин бошқа иложи йўқ эди, бу судга ўхшаш бир нарса эди. Бунда ақлга тўғри келадиган ҳеч қандай гапнинг кераги йўқ эди, узоқ тушунтириб ўтирилмайдиган бирон сабаб кўрсатилса, шунинг ўзи етарли бўларди. Бизнинг паспортларимиз бор эди, пул сарфламоқчи бўлиб тургандик. Шунинг учун бизга муваққат виза беришди. Бу визаларни истаган пайтларида бекор қилишлари мумкин эди. Биз қаерга бормайлик, албатта полицияга бориб учрашишимиз керак эди.

– Қаерга борсак ҳам майлими?

– Ҳа. Қаерга бормоқчи эканмиз?

– Сен қаерга бормоқчисан, Кэт?

– Монтрега.

– Жуда яхши шаҳар, – деди амалдор. – У шаҳар сизларга маъқул бўлади, деб ўйлайман.

– Локарно ҳам яхши шаҳар, – деди бошқа амалдор. – Мен Локарно сизларга ғоятда маъқул бўлади, деб ўйлайман. Бу жуда чиройли шаҳар.

– Бизга қишки спорт билан шуғулланиш мумкин бўлган жой ёқади.

– Монтреда қишки спорт билан шуғулланишмайди.

– Маъзур тутасиз, – деди биринчи амалдор. – Мен ўзим монтреликман. Монтре-Оберленд-Берн темир йўлида, шубҳасиз, қишки спорт учун шароит бор. Буни инкор қилиш сизнинг тарафингиздан инсофдан эмас.

– Мен инкор қилаётганим йўқ. Мен фақат Монтреда қишки спорт билан шуғулланишмайди, дедим.

– Мен бунга қўшилмайман, – деди биринчи амалдор.

– Мен бу фикрга қўшилмайман.

– Мен ўз фикримда қоламан.

– Мен сизни фикрингизга қўшилмайман. Монтре кўчаларида ўзим luge4040
  Кичикроҳ швейцар чаналари (франц.).


[Закрыть]
да учганман. Бир марта эмас, кўплаб учганман. Ҳеч шубҳасиз, у қишки спортнинг турларидан бири ҳисобланади.

Иккинчи амалдор менга қаради.

– Сиз қишки спорт деганда lugени назарда тутган эдингизми, сэр? Сизни ишонтириб айта оламанки, Локарнода жуда ором олиб яшайсиз. Соғлом иқлим дейсизми, гўзал жойлар дейсизми, ҳаммаси топилади. Сизга бу ер жуда манзур бўлади.

– Жаноб ўзлари Монтрега бориш иштиёқини билдирдилар.

– Lugе нима дегани? – сўрадим мен.

– Кўряпсизми, у lugе нималигини ҳам билмас экан.

Бу нарса иккинчи амалдорга жуда хуш ёқиб кетди. У ғолиб чиққанди.

– Lugе, – деди биринчи амалдор, – тобогганнинг худди ўзи-да.

– Мен қўшилолмайман, – бошини чайқади иккинчи амалдор. – Бунга мен сира қўшилолмайман. Тобогган lugе дан жуда катта фарқ қилади. Тобогган Канадада юпқа тахталардан қилинади. Lugе – оддий қўшқоракли чана. Ҳамма нарса аниқ бўлгани маъқул.

– Биз тобогганда учсак ҳам майли, – деди биринчи амалдор. – Тобогганда бемалол учиш мумкин. Монтреда сифатли Канада тобогганлари сотилади. Ака-ука Окслар тобогган билан савдо қилишади. Улар тобогганни ўзлари олиб келишади.

Иккинчи амалдор бошини тескари бурди.

– Тобогганда учиш учун, – деди у, – махсус piste4141
  Йўл (франц.).


[Закрыть]
керак. Монтре кўчаларида тобогганда учиб бўлмайдику. Сиз қаерда тўхтадингиз?

– Ҳали ўзимиз билмаймиз, – дедим. – Биз Бриссагодан эндигина келиб турибмиз. Экипаж кўчада кутиб турибди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации