Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ўттиз тўртинчи боб

Кишилик кийимида ўзимни худди маскарадда юргандай сеза бошладим. Узоқ ҳарбий кийимда юрганлигимдан энди ўзимни жуда ўнғайсиз сезардим, эгним, шимим ҳадеб ҳалпиллаб кетаётгандан туюлаверади. Мен Миланда Стрезагача билет олдим. Янги шляпа сотиб олдим. Симнинг шляпасини ҳеч киёлмадим. Лекин костюми яхши эди. Ундан тамаки ҳиди анқир, шунданмикин, купеда ўтирганимда, нуқул шляпам жуда янги шляпа, костюмим эса жуда эски костюм бўлиб кўрина бошлади. Кайфиятим дераза ортидаги нам босган ломбард ерларидай нохуш эди. Купеда қандайдир учувчилар ўтиришар, менга жуда паст назар билан қарашарди. Уларнинг менга қарагилари келмас, ёш бўла туриб ҳарбий хизматда бўлмаган одамга нафратларини яширмас эдилар. Мен ўзимни ҳақоратланган деб ҳис қилмасдим. Аввалги пайтларим бўлса, уларни ҳақоратлаган ва жанжал чиқарган бўлардим. Улар Галларатеда тушиб кетишди, ёлғиз қолиб ўзимни эркин сездим. Газета олган эдим, лекин унга қарагим келмасди, уруш ҳақидаги хабарларни ўқигим йўқ эди. Мен урушни унутишга қарор қилдим. Ўз ҳолимга ўзим сулҳ туздим. Ўзимни жуда ҳам ёлғиз сездим, шунинг учун поезд Стрезага келганда енгил нафас олдим.

Вокзалда меҳмонхоналарнинг одамлари бордир, деб ўйлаган эдим, лекин биронтаси кўринмади. Мавсум аллақачон тугаган, шу сабабдан ҳеч ким поездни кутгани чиқмаганди. Мен вагондан жомадонимни кўтариб тушдим. У Симники эди, ичида иккита кўйлакдан бошқа нарса бўлмаганидан қушдай енгил эди. Вагондан тушиб поезд жўнагунча ўрнимдан қимирламадим. Вокзал хизматчиларидан биридан, билмайсизми, ҳозир қайси меҳмонхоналар очиқ, деб сўрадим. «Гранд-отель», «Дез иль-Борроме» ва яна йил бўйи ишлайдиган бир қанча меҳмонхоналар очиқ экан. Ёмғирда қўлда жомадон билан «Дез иль-Борроме» га қараб йўл олдим. Кўчадан ўтиб обраётган экипажга қўлимни кўтардим. Экипажда борган маъқулроқ эди. Биз каттакон меҳмонхонанинг эшиги олдига бориб тўхтадик, портье соябон кўтариб пешвоз чиқди, яхши мулозамат кўрсатди.

Яхши бир хонани танладим. Хона каттакон ва ёруғ эди, деразаси кўл томонга очиларди. Кўл тепасида булутлар осилиб турар, лекин мен қуёш чиққан маҳалларда унинг жуда ҳам гўзал бўлишини билардим. Мен ўз хотинимни кутяпман, дедим. Хонада катта икки кишилик, lettomatrimoniale3333
  Оила тўшаги (итал.).


[Закрыть]
атлас кўрпа тўшалган ҳолда турарди. Жуда ҳам бориб турган меҳмонхона экан. Мен узун йўлакдан ўтиб, кенг зина орқали барга тушдим. Бармен эски танишим эди, баланд курсида ўтириб шўр данак билан қувроқ қоврилган картошка едим. Мартини муздек ва таъми тоза эди.

– Бу ерда нима қилиб юрибсиз, in borghese3434
  Кишиликда (итал.).


[Закрыть]
? – менга иккинчи мартинини аралаштириб бераркан, сўради бармен.

– Мен таътилдаман. Соғлиғимни яхшилаш учун таътил олдим.

– Бу ерда ҳозир ҳеч ким йўқ. Билмадим, нега меҳмохонани беркитишмаяпти.

– Балиқ ови қалай?

– Бир нечта зўр хонбалиқ ушладим. Йилнинг бу фаслида хонбалиқларнинг зўрлари учраб туради.

– Сизга юборган тамакини олдингизми?

– Олдим. Сиз менинг табрик қоғозини олмадингизми?

Кулиб юбордим. Мен у айтган тамакини тополмагандим. Унга Американинг ўрама тамакисини ваъда қилгандим, лекин уйдан менга уни юбормай қўйишган, ё бўлмаса, уни қаердадир тутиб қолмоқда эдилар. Ҳар ҳолда келмай қўйганди.

– Мен сизга бирон ердан топиб бераман, – дедим.

– Айтинг-чи, сиз бу ерда икки ёш инглиз қизни учратмадингизми? Улар ўтган куни келишган.

– Меҳмонхонамизда бундайлар йўқ.

– Улар ҳарбий госпиталда ҳамшира бўлиб ишлашади.

– Иккита ҳамшира қизни кўргандим. Бирпас тўхтанг, мен уларнинг қаерда турганларини билиб келаман.

– Биттаси – менинг хотиним. Мен бу ерга у билан учрашгани келдим.

– Бошқаси – менинг хотиним.

– Мен ҳазиллашаётганим йўқ.

– Аҳмоқона ҳазилимни маъзур кўринг, – деди у. – Фаҳмламабман.

У чиқиб кетди ва анчагача қайтмади. Мен маслинлар, шўр данак, қувроқ картошка еб ўтирдим, пештахта ортидаги ойнадан ўзимнинг кишилик кийимларимни томоша қилдим. Ниҳоят, бармен қайтиб келди.

– Улар вокзал ёнидаги кичкина меҳмонхонада жойлашган эканлар, – деди у.

– Сизда сандвичлар борми?

– Ҳозир қўнғироқ қиламан. Одам йўғидан бу ерга ҳеч нарса опкелишмайди.

– Нима, ҳеч ким йўқми?

– Битта-яримта бор, йўғамас.

Сандвичларни келтиришди ва мен учтасини еб олдим, яна мартини ичдим. Мен ҳеч қачон бунчалар муздек ва сара нарсани ичмаган эдим. Мартинининг таъми мени маданий одамлар оламига қайтарди. Кўп замонлардан бери еганим нон, пишлоқ, ичганим қизил вино, маза-матрасиз қаҳва бўлганди. Баланд курсида қизил оғочлар, бронзалар ва ойналар қуршовида ўтириб, ҳеч нарсани ўйламасдим. Бармен менга қандайдир бир савол берди.

– Уруш ҳақида гапирмайлик, – дедим мен.

Уруш қаердадир жуда узоқларда қолди. Эҳтимол, ҳеч қандай уруш бўлмагандир. Бу ерда уруш йўқ. Тўсиндан у мен учун тамом бўлганини англадим. Лекин менда у чиндан ҳам тамом бўлганига комил ишонч ҳисси йўқ эди. Дарсдан қочган бола мактабда ҳозир нима бўлаётганини ўйлаганидай, мен ҳам қочиб келган ерларимни ўйлардим.

Отелга борганимда Кэтрин Эллен Фергюсон билан овқатланишаётган экан. Йўлакдаёқ уларнинг стол атрофида ўтирганларини кўрдим. Кэтрин мен томонга орқа ўтирганидан, толалари туташ сочларини, бир ёноғини ва оппоқ бўйни билан елкаларини кўриб бордим. Фергюсон ниманидир ҳикоя қилаётганди. Мен киришим билан жим бўлиб қолди.

– Вой, Худо! – деди у.

– Салом! – дедим мен.

– Вой, сизми? – деди Кэтрин. Унинг юзи ёришиб кетди. У кўзларига ишонгиси келмасди. Мен уни ўпдим. Кэтрин қизариб кетди, мен уларнинг ёнига ўтирдим.

– Буни қаранг-а! – деди Фергюсон. – Бу ерда нима қилиб юрибсиз? Сиз овқатландингизми?

– Йўқ.

Столга овқат ташиб турган қиз кирди, менга ҳам овқат олиб келишни айтдим. Кэтрин чарақлаган кўзларини мендан узмасди.

– Нима муносабат билан сиз муфти3535
  Муфти – амалдорлар ишдан кейин киядиган кийим (ҳинду).


[Закрыть]
кийиб олдингиз? – сўради Фергюсон.

– Кабинет аъзоси бўлиб қолдим.

– Сиз бирон бўлмағур иш қилиб қўйгансиз.

– Сал қовоғингизни очинг, Фержи. Сал қовоғингизни очинг.

– Сиз ҳозир кулиб боқадиган аҳволда эмассиз. Манави қизни қай йўлларга бошлаганингизни биламан. Хурсанд бўладиган жойи йўқ.

Кэтрин менга қараб жилмайди ва стол тагидан оёғи билан мени туртиб қўйди.

– Ҳеч ким мени ҳеч қандай кўйга солмади, Фержи. Мен ўзимни ўзим шу кўйга солдим.

– Уни кўргани кўзим йўқ, – деди Фергюсон. – У ўзининг италянча қилиқлари билан сизни хароб қилди. Америкаликлар италянлардан ҳам бўлмағурроқ халқ.

– Шотландлар эса – хушхулқ одамлар, – деди Кэтрин.

– Мен уни айтаётганим йўқ. Мен унинг италянча маккорлигини айтяпман.

– Наҳотки, мен маккор бўлсам, Фержи?

– Ҳа. Сиз маккорнинг ҳам ёмонисиз. Сиз чинакам илонсиз. Италян мундири билан плашини кийиб олган илонсиз.

– Мен италян мундирини ечиб ташладим.

– Бу маккорлигингизга яна бир далил бўла олади. Ёзи билан қиз иккингиз ишқ-муҳаббатга берилиб, энди эса, жуфтакни ростлаб қолмоқчисиз.

Мен Кэтринга қараб жилмайдим, у ҳам менга табассум билан жавоб берди.

– Биз икковимиз жуфтакни ростлаб қолмоқчимиз, – деди у.

– Бирингизни олиб иккинчингизга урадиган, – деди Фержи. – Сизнинг қилиғингиздан ер ёрилмади-ю, мен ерга кириб кетмадим, Кэтрин Баркли. На орият, на номус қолди сизда, сиз ҳам худди унга ўхшаган маккорсиз.

– Қўйинг, Фержи, – деди Кэтрин ва унинг қўлига шапатилаб қўйди. – Мени кўп уришаверманг. Бирбиримизни севишимизни биласиз-ку.

– Олинг қўлингизни, – деди Фергюсон. Унинг бети қизариб кетганди. – Агар сиз уятингизни йўқотмаганингизда бошқа гап эди. Лекин сиз, Худо билади, неча ойдан бери ҳомиладорсиз-у, буларнинг ҳаммасини ҳазил деб биласиз, ўзингизни йўлдан оздирган одамни кўришингиз биланоқ оғзингизни кулгидан йиғиштиролмайсиз. На уят бор, на номус.

У йиғлаб юборди. Кэтрин бориб уни бир қўли билан қучоқлаб олди. У Фергюсонни юпатиш учун ўрнидан турганда, унинг гавдасида ўзгариш сезмадим.

– Менга барибир, – деди Фергюсон. – Лекин буларнинг охири нима бўлади?

– Бўлди, бўлди, Фержи, – юпатарди уни Кэтрин. – Мен яхши қиз бўламан. Йиғламанг, Фержи. Йиғламанг, жоним, бўлди.

– Мен йиғламайман, – дерди пиқ-пиқ қилиб Фергюсон.

– Мен йиғламайман. Лекин сизнинг аҳволингизни ўйласам. – У менга ўгирилди. – Сизни кўришга кўзим йўқ, – деди у. – Барибир ёмон кўраман сизни. Сиз қабиҳ, маккор америкалик италянсиз. – Унинг бурни ва кўзлари йиғидан қизариб кетганди.

Кэтрин менга жилмайди.

– Мени қучоқлаб турганингизда унга сира ҳам кулиб қараманг.

– Сиз ақлли қиз эдингиз-ку, Фержи.

– Биламан, – деди пиқиллаб Фержи. – Менга эътибор берманг. Жуда юрагим ёмон бўлиб кетди. Мен номаъқул қизман. Ўзим ҳам биламан. Мен ҳар икковларингиз бахтли бўлишингизни истайман.

– Биз ҳалиям бахтлимиз, – деди Кэтрин. – Менинг маъқулгинам, Фержи.

Фергюсон яна йиғлаб юборди.

– Мен сизларнинг бунақа бетайин бахтли бўлишингизни истамайман. Нега сиз уйланмайсиз? Худо кўрсатмасин, у ўзи уйланмаган йигитмикин?

– Уйланмаганман, – дедим мен. Кэтрин кулиб турарди.

– Куладиган жойи йўқ, – деди Фергюсон. – Бунақа воқеалар тез-тез бўлиб туради.

– Биз турмуш қурамиз, Фержи, – деди Кэтрин, – сизни хурсанд қилиш учун турмуш қурамиз.

– Мени хурсанд қилиш учун эмас, албатта. Сиз ўзингиз буни ўйлашингиз керак.

– Биз жуда ҳам банд эдик.

– Ҳа. Биламан. Бола қилиш билан банд эдинглар.

Мен у яна йиғини бошлаб берса керак деб турган эдим, кутилмаганда у гинахонлик қила бошлади.

– Энди сиз у билан кетиб қоласиз-да, а?

– Ҳа, – деди Кэтрин. – Агар у истаса.

– Мен-чи?

– Сиз бу ерда бир ўзингиз қолишдан қўрқасизми?

– Ҳа, қўрқаман.

– Унда мен сиз билан қоламан.

– Йўқ, у билан кетинг. Ҳозироқ у билан кетинг. Сизларни бошқа кўришни истамайман.

– Овқатланиб олайлик.

– Йўқ, у билан кетинг. Ҳозироқ у билан кетинг.

– Фержи, енгилтак бўлманг.

– Ҳозироқ бу ердан кетинглар, деяпман. Икковинг ҳам кетинглар.

– Майли, юр, – дедим мен. Фержи жонимга тегиб кетганди.

– Кетинг деса жон-жон деб кетаверинглар. Овқатни ҳам энди бир ўзим еярканман-да. Мен қачонлардан бери италян кўлларига боришни орзиқиб кутгандим, мана оқибати нима бўлди. О! О! – У пиқиллаб йиғлай бошлади, кейин Кэтринга қаради-да, қалқиб кетди.

– Биз тушлик тугагунча қоламиз, – деди Кэтрин. – Агар мен билан қол, дейдиган бўлсангиз, сизни ёлғиз қолдирмайман. Мен сизни ёлғиз қолдирмайман, Фержи.

– Йўқ, йўқ. Кетаверинглар. Кетаверинглар. – У кўз ёшларини артди. – Мен жуда енгилтакман. Қўйинглар, менга эътибор берманглар.

Овқат пайтида хизмат қилиб турган қиз бу кўз ёшлардан қаттиқ таъсирланди. Кейинги таомни олиб келиб ҳаммаси тинчиганлигини кўргач, енгил нафас олди.

Меҳмонхонада ўз хонамиздамиз. Тун. Эшикнинг нарёғи узун кимсасиз йўлак, оёқ кийимларимиз эшикнинг тагида, хонага қалин гилам тўшалган, ташқарида ёмғир, хона чароғон, шинам, кўзларда эса қувонч, кейин қоронғилик, майин чойшаблар ҳамда тўшакнинг фароғати, гўё уйингга қайтиб келгандайсан, ёлғиз эмассан, тунда уйғониб кетсанг, ёнингда жуфти ҳалолингни кўрасану, ҳеч қаерга кетиб қолмаган, сенга шулардан ўзга ҳеч нарса керак эмас, сен учун дунёда бошқа ҳеч нарса йўқ ҳозир. Биз толиб, ухлаб қолар, уйғонсак, икков баробар уйғонар, шунда одам ўзини ёлғиз ҳис қилмасди. Баъзан эркак киши ёлғиз қолгиси келади, хотин кишининг ҳам ёлғиз қолгиси келади, агар улар бир-бирларини севсалар бундан ранжийдилар. Бизда ҳеч қачон бундай бўлмаганди. Биз бирга бўлган пайтимизда, ўзимизни ёлғиз, бутун олам қаршисида ёлғиз деб ҳис қила олардик. Менда биринчи марта бирга бўлганимизда шундай туйғу туғилганди. Мен кўп аёлларни билардим, лекин улар билан бўлганимда ўзимни ёлғиз сезардим, бу ёлғизликлар ичида энг ёмонроғи эди. Лекин биз бирга бўлганимизда ҳеч қачон ўзимни ёлғиз сезмас, бирга бўлган пайтларимизда ҳеч нарсадан қўрқмасдик. Мен биламан, туннинг кундан фарқи бор, тунда ҳамма нарса бошқача бўлиб кўринади ва тунда бўлган гапларни кундузи тушунтириб бериб бўлмайди, у онлар ўтади-кетади, лекин агар одам ўзини ёлғиз сезган бўлса, унда тундаги ёлғизлик яна ҳам даҳшатлироқ бўлади. Бироқ Кэтрин билан тунимиз кундузимиздан фарқ қилмас, эҳтимол-ки, кечалари бир оз яхшироқ ҳам эди. Одамлар бу дунёга шунча жасорат олиб келганларидан сўнг, дунё уларни синдириш учун ҳалок қилиши керак бўлади, шу боисдан уларни ўлдиради. Дунё ҳаммани букиб қўяди, лекин кўплар букилганда яна ҳам қаттиқроқ, чидамлироқ бўлиб қолади. Лекин эгилишни истамаганларни у ўлдиради. У энг шафқатли, энг нозик ва энг мард одамларни суриштирмай ўлдираверади. Агар сен униси ҳам, буниси ҳам борингки, учинчиси ҳам бўлмасанг, амин бўлгилки, сени ҳам ўлдиражаклар, фақат кўпам шошмасдан ўлдирадилар.

Мен эрталаб уйғонганимни эслайман. Кэтрин ҳали ухлаб ётар, қуёш нури деразадан тушиб турарди. ёмғир тинганди, ўрнимдан туриб, ойна олдига келдим. Пастда боғлар чўзилиб кетган, улар ҳозир яланғоч бўлиб қолган, лекин боғларнинг адл шакллари гўзал кўринарди, майда қум тош тўшалган йўлкалар, дарахтлар, кўл бўйидаги тош панжара ва офтоб нурида ётган кўл, кўлнинг нариги томонидаги тоғлар ғоятда гўзал эди. Деразадан томоша қилиб туриб орқамга ўгирилдим, ўгирилиб, Кэтрин уйғонганини, менга тикилиб турганини кўрдим.

– Дарров турдингми, жоним? – деди у. – Қандай яхши кун!

– Қалай, ўзинг тузукмисан?

– Жуда ҳам яхши. Кечаси бирам яхши бўлдики.

– Қорнинг очдими?

Унинг қорни очибди. Мен ҳам очқагандим, деразадан ноябрь қуёши тушиб турарди, биз ликопчалар қўйилган патнисни тиззамизга қўйиб овқатландик.

– Сен газета ўқишни истамайсанми? Госпиталда доим газета ўқирдинг.

– Йўқ, – дедим. – Энди истамайман.

– Газеталардан ҳам ихлосинг қайтиб кетдими?

– Қарагиси ҳам келмайди одамнинг.

– Сен билан бирга бўлганимда ҳаммасини ўз кўзим билан кўрган бўлардим.

– Бир куни сал миям тиниқлашгандан кейин ўзим гапириб бераман.

– Сени ҳарбий кийимда эмаслигингни кўриб қолишса, қамаб қўйишмайдими?

– Мени отиб ташлашса керак.

– Унда бу ерда туришимиз мумкин эмас, чет элга кетайлик.

– Мен ҳам шуни ўйлагандим.

– Кетамиз. Жоним, бекорга жонингни хавф остига қўйма. Менга айт, Местредан Миланга қандай қилиб келиб қолдинг?

– Поезд билан келдим. Унда ҳали ҳарбий кийимимни ечмагандим.

– Бу хавфлимиди?

– Унчаликмас. Эски литерим бор эди. Местреда санасини ўзгартириб олдим.

– Жоним, бу ерда сени ҳар бир дақиқада қўлга олишлари мумкин. Мен истамайман. Бу тентаклик. Агар сени қамоққа олишса, бизнинг ҳолимиз нима кечади?

– Буни ўйламайлик. Буни ўйлайвериб миям ғовлаб кетди.

– Сени қамоққа оламиз деб келишса, нима қиласан?

– Отиб ташлайман.

– Кўрдингми, қандай тентаксан. Биз бу ердан кетмагунимизча, мен сени меҳмонхонадан чиқармайман.

– Хўп, қаерга борамиз?

– Қўй, унақа бўлма, жоним. Қаерга десанг, ўша ерга борамиз. Лекин шундай жойни топгинки, ҳозирнинг ўзидаёқ жўнаб кетиш мумкин бўлсин.

– Кўлнинг нарёғи Швейцария, ўша ерга бориш мумкин.

– Ана – қандай соз.

Яна булутлар тўпланди ва кўл юзи қорайди.

– Қани энди ҳар доим жиноятчи бўлмай яшасанг, – дедим мен.

– Жоним, унақа бўлма. Қачондан бери жиноятчи бўлиб қолибсан? Биз ҳеч қачон жиноятчи бўлмаймиз. Бизнинг ҳаётимиз жуда ҳам яхши бўлади.

– Мен ўзимни жиноят қилиб қўйгандай сезяпман. Мен армиядан қочдим.

– Жоним, қўй, ақлли бола бўл. Сен армиядан қочганинг йўқ. Бу италянларнинг армияси-ку.

Мен кулиб юбордим.

– Хўп доносан-да. Ке, яна бирпас ётамиз. Тўшакда ётсам, дунё кўзимга жаннат бўлиб кўринади.

Салдан сўнг Кэтрин деди:

– Энди ўзингни жиноятчи деб ҳис қилмаяпсан, тўғрими?

– Йўқ, – дедим мен. – Сен билан бирга бўлганимда – йўқ.

– Сен жуда тентак боласан, – деди у. – Лекин мен шалвираб қолишингга йўл қўймайман. Жоним, бир ўйлаб кўргин-а, ҳозир эрталаблари кўнглим айнимаяпти, қандай яхши.

– Зўр.

– Қандай зўр хотининг бор, қадрига ҳам етмайсан. Лекин менга барибир. Мен сени қамаб қўйишмайдиган бирон ерга олиб кетаман. Биз жуда ҳам яхши ҳаёт кечира бошлаймиз.

– Ҳозироқ кетганимиз бўлсин.

– Бош устига, жоним. Қаерга десанг, қачон десанг, сенинг ихтиёрингдаман.

– Ке, ҳеч нарсани ўйламаймиз.

– Ке.

Ўттиз бешинчи боб

Кэтрин қирғоқ билан кичик меҳмонхонага Фергюсонни кузатгани кетди, мен бўлсам, барда газета ўқиб ўтирдим. Барда ўтиришга қулай бўлган креслолар қўйилган, мен то бармен келгунча улардан бирида газета ўқиб ўтирдим. Армия Тальяментода тўхтамабди. У яна ҳам нарироққа, Пьявага чекинибди. Пьява эсимда эди. Темир йўл фронтга кетаверишда уни Сан-Дон яқинида кесиб ўтарди. Дарё бу ерда жуда ҳам чуқур ҳамда тор ердан тинч оқиб ўтарди. Оқимнинг қуйи қисмида ботқоқ ерлар, каналлар бор эди. Бир қанча чиройли виллалар бўларди. Бир куни урушдан илгари Кортина-д, Ампеццога бора туриб мен бир неча соат Пьява устидаги тоғ йўлидан юрган эдим. Тепадан қараганда у хонбалиқлар ғужғон ўйнаган сойга ўхшаб кўринганди, қояларнинг сояларида саёз ва чўнқир жойлари бор эди. Кадорега борганда у четга бурилиб кетарди. Мен қўшинларга Пьявадан тушиш осон бўлмайди, деб ўйладим. Бармен кирди.

– Граф Греффи сизни сўради, – деди у.

– Ким?

– Граф Греффи. Эсингиздами, ўтган сафар келганингизда бу ерда бўлган чол-чи?

– У шу ердами?

– Ҳа, жияни билан. Мен унга сизнинг шу ердалигингизни айтдим. У сиз билан бильярд ўйнамоқчи.

– Қаерда у?

– Айлангани кетди.

– Ўзи қалай?

– Борган сари яшаряпти. Кеча тушлик олдидан шампан билан учта коктейль ичди.

– Бильярдни қалай ўйнаяпти?

– Яхши. Мени ютади. Унга сизнинг шу ерда эканлигингизни айтсам, у жуда суюнди. У билан ўйнайдиган одам йўқ.

Граф Греффи тўқсон тўртга кирганди. Соч-соқоллари оқариб кетган, ниҳоятда хушфеъл бу чол. Меттернихнинг замондоши эди. У ҳам Австрия, ҳам Италия дипломатиясининг хизматида бўлган, унинг туғилган куни Милан киборлари ҳаётида бир воқеа каби ўтказилган эди. У юзга киришни орзу қилар, бильярдни ўзига ишониб енгил ўйнар, тўқсон тўртга кирган одам учун бу жуда ғаройиб кўринарди. Мен у билан бир пайтлар мавсум тугаган маҳалда Стрезага келиб қолганимда танишган, у билан бильярд ўйнаб шампан ичгандик. Менга бу жуда хуш ёқиб кетганди, у ўшанда менга олдиндан ўн беш очко бериб ютиб олганди.

– Унинг бу ерда эканлигини нега менга айтмадингиз?

– Ёдимдан кўтарилибди.

– Бу ерда яна ким бор?

– Бошқаларни сиз билмайсиз. Бутун меҳмонхонада фақат олти киши бор.

– Ҳозир нима қиляпсиз?

– Ҳеч нарса.

– Юринг, балиқ овлагани борамиз.

– Бирон соатга бўлса, майли.

– Юринг. Қармоқни олинг.

Бармен пальтосини кийиб олди ва биз йўлга тушдик. Қирғоққа тушиб қайиқ олдик-да, мен эшкак эшдим, бармен қуйруққа ўтирди, қармоқни ташлади. Қармоғи кўл хонбалиғини овлайдиган учида оғир чўки ва сипинери бўлган қармоқ эди. Биз қирғоқ ёқалаб кета бошладик, бармен вақт-вақти билан ипни тортиб қўярди. Кўлнинг ичидан Стреза жуда ҳам ҳувиллаб кўринарди. Барглари тўкилиб, қуруқ оғочи қолган дарахтларнинг чўзилиб кетган қаторлари, каттакон меҳмонхоналар ва қулфлаб кетилган виллалар кўринарди. Мен Изола-Белла томонга бурилдим-да қайиқни қирғоқ бўйлаб олиб кета бошладим. Бу ердан қояларнинг кўл тагига чуқур кириб кетгани тиниқ сувда кўриниб турарди. Бир оз юргач, балиқчилар оролига томон бурилдим. Қуёш булутлар орасига кириб кетди, сув қоронғи, тиниқ на жуда ҳам совуқ эди. Балиқ бир неча бор олдимизда айланиб юрди-ю, икки қармоғимиз бирон марта ҳам қимирламади.

Мен қирғоғига қайиқлар чиқариб қўйилган, балиқчилар тўр тузатишаётган оролга томон эшкак эшдим.

– Юринг, бирон нарса ичайлик.

– Юринг.

Мен қайиқни тош қирғоқда тўхтатдим. Бармен қармоқни сувдан чиқарди, уни қайиқ тагида ўрадида, спиннерни бортнинг четига қистириб қўйди. Мен тушиб қайиқни боғлаб қўйдим. Биз кичкина бир қаҳвахонага кириб, тахта столга ўтирдик, вермут сўрадик.

– Чарчадингизми?

– Йўқ.

– Қайтишда эшкакни мен оламан, – деди у.

– Мен эшкак эшишни яхши кўраман.

– Балки қармоқни сиз ташласангиз омадимиз келар.

– Майли.

– Айтинг-чи, урушда аҳвол қандай?

– Ёмон.

– Мен боролмайман. Мен худди граф Греффидай қариб қолганман.

– Балки ҳали сизга ҳам боришга тўғри келиб қолар.

– Келаси йили мендайларни чақиришади. Аммо мен бормайман.

– Бормай нима қиласиз?

– Чет элга кетаман. Мен урушга боришни истамайман.

Мен бир марта урушда бўлганман, Абиссинияда.

Етар. Нега сиз бордингиз?

– Билмайман. Аҳмоқлик.

– Яна ичамизми?

– Майли.

Қайтишда қайиқни бармен ҳайдади. Биз кўлдан Стрезанинг орқасига айланиб ўтдик, кейин орқага қайтдик, қирғоқ доим кўз ўнгимизда турди. Мен қармоқни ушлаб, айланаётган спиннернинг секин-секин қимирлашига қулоқ соларканман, ноябрь ойининг қорайиб қолган сувларига, кимсасиз соҳилга боқардим. Бармен кенг қулоч отиб эшкак эшар, қайиқ олға сапчиганда қармоқ таранг тортилди ва орқага силтади, мен торта бошладим, хонбалиқнинг оғирлигини сезиб турардим, кейин қармоқ яна тортилди. Хонбалиқ тушиб кетди.

– Оғирмиди?

– Анча оғир эди.

– Бир марта бир ўзим овлаётган эдим, қармоқни тишим билан ушлаб ўтиргандим, биттаси шундоғам тортиб қолса бўладими, нақ жағимни суғуриб олай деди.

– Энг яхшиси, оёққа боғлаб олиш керак, – дедим мен. – Унда тортганини ҳам биласиз, тишларингиз ҳам омон қолади.

Мен қўлимни сувга тиқиб кўрдим. Сув жуда ҳам совуқ эди. Биз меҳмонхона қаршисига бориб қолгандик.

– Мен боришим керак, – деди бармен, – мен ўн бирга етиб боришим керак. L’heure du cocktail.3636
  Коктейль вақти (франц.).


[Закрыть]

– Яхши.

Мен қармоқни чиқариб, уни икки учи кертиб қўйилган таёққа ўрадим. Бармен қайиқни тош деворнинг кичкина ўйиғига ўрнаштирди-да занжир солиб қулфлаб қўйди.

– Яна тушгингиз келса, – деди у, – сизга калитни бериб тураман.

– Раҳмат.

Меҳмонхонага кўтарилиб барга кирдик. Эрталабдан туриб бошқа ичгим келмади-да, ўз хонамга чиқиб кетдим. Оқсоч қиз эндигина йиғиштириб бўлган экан, Кэтрин эса ҳали қайтмабди. Мен ўринга ётдим, калламдан ҳар хил фикрларни қувишга ҳаракат қилдим.

Кэтрин қайтиб келгандан кейин яна ҳамма нарса ўз ўрнига тушди. Фергюсон пастда турибди, деди у. У биз билан нонушта қиларкан.

– Сен йўқ демаслигингни билардим, – деди Кэтрин.

– Майли, – дедим.

– Нима қилди, жоним?

– Билмадим.

– Мен биламан. Нима қилишингни билмагансан.

Сенинг мендан ўзга ҳеч киминг йўқ, мен бўлса, кетиб қолдим.

– Сен ҳақсан.

– Кечир мени, жоним. Бирдан атрофингда ҳеч ким қолмаса, жуда ҳам ёмон бўлади, биламан.

– Доим шовқин-суронда, одамлар ичида яшаб келганман, – дедим. – Энди ёнимда сен бўлмасанг, ҳамма ёқ ҳувиллаб қолади.

– Мен доим ёнингдаман, жоним. Мен фақат икки соатгагина кетгандим. Бирон иш билан машғул бўлсангмикин?

– Мен бармен билан балиқ овлагани боргандим.

– Яхши бўлдими?

– Ҳа.

– Мен йўқлигимда мени ўйлама.

– Фронтда юрганимда шундай қилардим. Лекин у ерда қиладиган ишинг бошингдан ошиб ётади.

– Истеъфога чиққан Отелло, – деди у ҳазиломуз.

– Отелло ҳабаш эди, – дедим мен. – Бундан ташқари мен рашкчи эмасман. Фақат мен сени шундай севаманки, дунёда сендан бошқа ҳеч нарса кўзимга кўринмайди.

– Хўп, энди яхши бола бўлиб, Фергюсон билан хушмуомалада бўлгин.

– Мен доим Фергюсонга хушмуомалада бўлиб келганман, фақат ўзи гапни қарғашдан бошламаса бўлгани.

– Яхши муомала қил. Ўйлаб кўр, биз кўп нарсага эгамиз, унинг эса ҳеч нарсаси йўқ.

– У биздай бўлишига ишонмайман.

– Сен, жоним, ҳеч нарсани билмайсан, яна ақлли боласан.

– Унга ёмон гапирмайман.

– Шундай бўлсин, жоним. Қандай яхшисан.

– Лекин кейин у қолмайди, а?

– Йўқ. Мен уни жўнатиб юбораман.

– Яна шу ерга қайтиб келамиз, а?

– Албатта. Бўлмасам-чи?

Биз Фергюсон билан нонушта қилгани пастга тушдик. Унга меҳмонхона билан ҳашаматли ресторан қаттиқ таъсир қилди. Биз яхшилаб нонушта қилдик, икки шиша капри ичдик. Ресторанга граф Греффи кириб келди, у бизга бош эгиб қўйди, ёнида жияни бор эди, кўринишдан менинг бувимга ўхшаб кетарди. Мен у ҳақда Кэтрин билан Фергюсонга ҳикоя қилиб бердим, Фергюсон қаттиқ таъсирланди. Меҳмонхона каттакон, ҳашамдор, кимсасиз бўлса ҳам, лекин овқатлари тотли, виноси ёқимли эди, охирида ҳаммамизнинг кайфиятимиз бир қадар кўтарилди. Кэтриннинг вақти чоғ эди. У бахтиёр эди. Фергюсон жуда очилиб кетди. Ўзимнинг ҳам руҳим кўтарилди. Нонуштадан кейин Фергюсон ўз меҳмонхонасига қайтди. Мен нонуштадан кейин бир оз дам олмоқчиман, деди у.

Кечқурун кимдир эшигимизни тақиллатди.

– Ким у?

– Граф Греффи бильярд ўйнамасмикинлар деб сўраяптилар.

Мен соатга қарадим; уни қўлимдан олиб, ёстиқнинг тагига тиқиб қўйган эди.

– Бориш шартми, жоним? – шивирлади Кэтрин.

– Бормасам бўлмайдиганга ўхшайди. – Соат тўртдан ўн беш дақиқа ўтганди. Мен баланд овоз билан дедим: – Граф Греффига айтингки, мен бильярдхонада соат бешда бўламан.

Ўн бешта кам бешда Кэтринни ўпдим-да, кийингани ваннага ўтдим. Галстугимни тақиб ойнага қарарканман, ўзимни кишилик кийимда яна ғалати сездим. Яна кўйлак билан пайпоқ олмасам бўлмас экан деб қўйдим.

– Қачон келасан? – сўради Кэтрин. У тўшакда жуда ҳам чиройли эди. – Менга тароқ билан чўткани олиб бер-чи.

У бошини бир томонга қийшайтириб сочларини тараркан, бутун сочлари бир томонга сочилиб тушди. Ташқарига қоронғи тушиб келмоқда эди, тўшакнинг бош томонидаги чироқнинг нури унинг сочларига, бўйнига, елкаларига тўкиларди. Мен бориб унинг тароқли қўлини четга қайирдим, шунда унинг боши ёстиққа тегди, уни ўпдим. Унинг бўйнилари, елкаларидан ўпдим. Уни шундай қаттиқ севардимки, бошим айланмоқда эди.

– Боргим келмаяпти.

– Мен ҳам боришингни истамайман.

– Унда бормайман.

– Йўқ. Бор. Узоқ кетмайсан-ку. Кейин қайтиб келасан.

– Биз шу ерда овқатланамиз.

– Бор, тезроқ қайтиб кел.

Граф Греффи бильярдхонада экан. У турли зарбларни синаб кўрар, бильярд тепасига тушиб турган чироқ шуъласида ўзи увоққина бўлиб кўринарди. Сал нарироқда, қоронғи бурчакдаги столчада ичига муз солинган кумуш пақирча бўлиб, ундан икки шиша шампаннинг бўйни чиқиб турарди. Киришим билан граф Греффи қаддини тиклади ва менга пешвоз юрди. У менга қўлини узатди.

– Сизни бу ерда кўрганимдан жуда хурсандман.

Илтифот қилиб мен билан ўйнагани келибсиз.

– Мени ўйинга таклиф қилиб илтифот кўрсатганингиздан бошим осмонга етди.

– Соғлигингиз қалай? Сиз Изонцода яраланибсиз деб эшитгандим. Бутунлай шифо топиб кетдингизми?

– Соғлиғим яхши. Ўзингиз тузукмисиз?

– О, мен доим соғман. Лекин қариб қоляпман. Қарилик аломатларини сезяпман.

– Бунга одамнинг ишонгиси келмайди.

– Ҳа. Мана сизга бир мисол. Менга ҳозир бошқа тилда гапиришдан кўра италян тилида сўзлаш осонроқ. Мен ўзимни мажбур қиламан, лекин толиққан маҳалларимда менга барибир италянча гапириш енгилроқ кўринади. Шунга қараганда қариб қолаётибман, шекилли.

– Италянча гаплашаверамиз. Мен ҳам бир оз чарчаганман.

– О, агар чарчаган бўлсангиз, сизга инглизча гапириш қулайроқ бўлади.

– Америка тилида.

– Ҳа. Америка тилида. Марҳамат, Америка тилида гапираверинг. У шундай бир жозибали тилки…

– Мен ҳозир америкаликлар билан деярли кўришмай қўйганман.

– Сиз афтидан уларсиз жуда зериксангиз керак. Ватандошларинг бўлмаса, жуда зерикларли бўлади ва айниқса, ватандош қизлар бўлмаса. Мен буни ўз тажрибамдан биламан. Хўп, ўйнаймизми ёки қаттиқ чарчаганмисиз?

– Мен чарчаганим йўқ. Мен буни ҳазиллашиб айтдим. Менга олдиндан қанча очко берасиз?

– Сиз кўп ўйнаб турдингизми?

– Ҳеч ўйнаганим йўқ.

– Сиз жуда яхши ўйнайсиз. Ўн очко?

– Сиз мени мақтаб юборяпсиз.

– Ўн беш?

– Бу жуда ҳам антиқа бўларди-ю, лекин сиз мени барибир ютасиз.

– Пул тикиб ўйнаймизми? Сиз доим пул тикиб ўйнашни маъқул кўрардингиз.

– Маъқул.

– Балли. Мен сизга ўн саккиз очко бераман ҳар очкога бир франкдан тикиб ўйнаймиз.

У партияни жуда ҳам чиройли бошлади, менга олдиндан шунча очко берганига қарамасдан ўйин яримлаб қолгандагина тўрт очкога ошиб улгурган эдим. Граф Греффи қўнғироқ чалиб барменни чақирди.

– Марҳамат қилиб бизга бир шишани очиб берсангиз, – деди у. Кейин менга деди: – Кўнгил ҳушига бир стакандан ичайлик.

Вино муздеккина экан, жуда қуруқ ва яхши эди.

– Италянча гаплашамиз. Сиз қарши эмасмисиз? Мен унга жуда ўрганиб қолдим.

Биз соққаларни ҳайдаб вино ичар, италянчада суҳбатлашардик, лекин умуман олганда, ўйинга кўпроқ чалғиб, гапга камроқ аҳамият берардик. Граф Греффи юз очко урди, мен фақат тўқсон тўрт очко ололдим, холос. У кулимсираб, елкамга қоқиб қўйди.

– Энди иккинчи шишани очамиз ва сиз менга уруш ҳақида гапириб берасиз. – У менинг ўтиришимни кутди.

– Бошқа бирон нарса ҳақида гаплашсак бўлмайдими? – дедим.

– Сиз бу ҳақда гапиришни истамайсизми? Яхши. Кейинги пайтларда нималарни ўқидингиз?

– Ҳеч нарса, – дедим. – Кейинги пайтларда ўтмаслашиб қолдимми, деб қўрқаман.

– Йўқ. Лекин ўқишингиз керак.

– Уруш даврида нималар чиқди?

– Биз французнинг, Барбюснинг «Lefeu»3737
  Ўт (франц.).


[Закрыть]
деган китоби чиқди. Яна «Мистер Бритлинг ҳаммасини кўради» чиқди.

– Бу ёлғон.

– Нима ёлғон?

– У ҳаммасини кўрмайди. Бу китоблар бизнинг госпиталимизда бор эди.

– Ўқиган эканисиз-ку, ўқимадим, дейсиз.

– Яхши нарса ўқимадим.

– Менимча, «Мистер Бритлинг»да инглиз буржуазиясининг қалби жуда яхши кўрсатиб берилган.

– Мен қалб нималигини билмайман.

– Бечора. Ҳеч ким билмайди қалб нима деганини, Сиз – croyantмисиз3838
  Диндормисиз? (франц.)


[Закрыть]
?

– Фақат кечаси.

Граф Греффи кулимсиради ва стаканини қўлида айлантирди.

– Мен ёшим қайтгач, художўй бўлиб қоламан, деб ўйлагандим, лекин нима учундир бундай бўлмади, – деди у, – афсус.

– Сиз ўлгандан кейин қолишни истармидингиз? – дедим ва шу заҳоти ўлимдан гапирганим учун тилимни тишлаб қолдим. Лекин у бу сўздан ранжигани йўқ.

– Гап қандай қолишда. Бу ҳаёт жуда ширин. Мен асрларча яшашни истардим. – У жилмайди. – Бунга эришай деб қолдим.

Биз чуқур чарм креслоларда ўтирар, ўртамизда қадаҳлар ва кумуш пақирчада шампан қўйилган столча турарди.

– Агар менинг ёшимга етсангиз, дунёдаги кўп нарсалар сизга ғалати бўлиб кўринади.

– Сиз қариганга ўхшамайсиз.

– Тан қарияпти. Баъзан бармоқларим бўрнинг бир учи учиб тушгандай, учиб кетадиганга ўхшайди. Руҳим эса қаримайди, ақлим ҳам кўпаяётгани йўқ.

– Сиз доносиз.

– Қарилар доно бўлади деган гап – янглиш гап. Қарилар доно эмас. Улар эҳтиёткор бўлишади, холос.

– Эҳтимол, шунинг ўзи донолик бўлса керак.

– Бу анчайин ёқимсиз донолик. Сиз ҳаммадан кўра нимани қадрлайсиз?

– Суюкли аёлни.

– Мана мен ҳам шундай. Бу – донолик эмас. Ҳаётни қадрлайсизми?

– Мен ҳам. Чунки менинг шундан бошқа нарсам йўқ. Яна туғилган кунларимни сийлайман, – кулди у. – Сиз мендан кўра донороқ бўлсангиз керак. Сиз ўз туғилган кунингизни байрам қилмайсиз.

– Сиз уруш ҳақида аслида қандай фикрдасиз? – сўрадим мен.

– У жуда беҳуда нарса, деб ўйлайман.

– Ким уни ютиб чиқади?

– Италянлар.

– Нега?

– Улар анча навқирон миллат.

– Урушда навқирон миллатлар ғалаба қилишадими?

– Маълум бир даврда улар бунга қодир бўладилар.

– Кейин улар қари миллатга айланадилар.

– Сиз яна доно эмасман, деб ўтирибсиз.

– Жон болам, бу – донолик эмас. Бу – беписандлик.

– Менга қолса, бу зўр донолик.

– Унчалик эмас. Сизга бунинг аксини исботлайдиган мисоллар келтиришим мумкин эди. Лекин у ёмон айтилмаган. Биз ҳамма шампанни ичиб қўйдикми?

– Деярли.

– Балки яна ичармиз? Кейин мен қайта кийингани бораман.

– Бошқа ичмай қўя қолайлик.

– Сиз чиндан ҳам истамайсизми?

– Ҳа.

У турди.

– Сизга кўп бахт, кўп омад, кўп, кўп сиҳат-саломатлик тилайман.

– Ташаккур. Мен эса, сизга бир аср умр тилайман.

– Ташаккур. Шунга интиляпман. Агар бирон сабаб билан бир куни художўй бўлиб қолсангиз, мен ўлганимда икки оғиз фотиҳа ўқиб қўйинг. Мен бир қанча дўстларимдан шуни илтимос қилдим. Ўзим художўй бўламан девдим, қўлимдан келмади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации