Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Эрнест Хемингуэйнинг
Алвидо, қурол!

Муаллиф сўзбошиси 11
  Сўзбоши 1948 йилда чиққан безакли нашрга ёзилган.


[Закрыть]

Бу китоб Парижда, Ки-Уэстда, Флоридада, Пиггота, Арканзас, Канзас-Сити, Миссури, Шеридан, Вайомингда ёзилди; 1929 йил кўкламида Парижда сўнгги таҳрирдан чиқарилди.

Биринчи вариантни ёзаётганимда Канзас-Ситида ўғлим Патрик туғилди, уни онасининг қорнини кесиб олдилар. Мен Оук-Паркда, Иллинойсда, сўнгги вариант устида ишлаётганимда отам ўзини отиб қўйди. Бу китобни тугатганимда ҳали ўттизга кирмагандим, у биржада буҳрон рўй берган кун дунё юзини кўрди.

Мен доим, отам шошди, деб ўйлайман, бироқ, балки унинг сабр косаси тўлиб кетгандир. Отамни ниҳоятда севардим, шунинг учун у ҳақда бир нарса деб мулоҳаза юритишим лозиммас.

Мен барча ушбу воқеаларни ва ўзимиз яшаган жойларни, ўша йили бўлган яхши-ёмон гапларнинг ҳаммасини эслайман. Лекин ҳаммасидан ҳам китобда яшаган ҳаётимни, ўзим кунба-кун тўқиб чиқарган ҳаётни яхшироқ хотирлайман. Шу мамлакат, шу одамлар ва уларнинг бошдан кечирганларини тўқир эканман, дунёда мендан ҳам бахтлироқ одам йўқ эди. Ҳар куни мен ёзилганларни бир бошдан ўқиб чиқар ва шундан сўнг давом эттирар ва ҳар куни яхши ёзиб турганимда, бундан бу ёғига нима ёзишим маълум бўлган бир пайтда ишни тўхтатар эдим.

Китоб фожиа билан тугаётгани мени ранжитмасди, чунки, мен умуман ҳаёт – фожиадан иборат, унинг ҳамма кўчалари бир жойга олиб боради, деб билардим. Бироқ ёза олишингдан, ёзганда ҳам ҳаққоний қилиб, кейин ўзинг ўқиганда ҳам лаззатланадиган қилиб ёза олишингдан ва ҳар кунингни мана шу ёқимли иш билан бошлашдан қувончлироқ нарса йўқ бўлса керак. Бунинг олдида бошқа ҳамма нарса арзимас гаплардир.

1926 йилда бир романим чиққан эди. Лекин уни ёзган пайтларим ҳали роман устида қандай ишлаш кераклигини мутлақо билмасдим: мен жуда ҳам тез ёзар ва айтадиган гапим қолмагандагина тўхтардим. Шунинг учун биринчи варианти жуда ҳам ёмон чиқди. Мен уни ярим йилда ёзиб тугатдим, кейин мутлақо қайтадан кўчириб чиқдим. Лекин қайта ишлаётганда мен жуда кўп нарсаларни ўргандим.

Ноширим, Чарльз Скрибнер отларнинг яхши-ёмонини ажратишга уста, нашриёт ишлари ҳақида нимани билиш керак бўлса, барини, эҳтимол, билса ҳам керак, ўрганмаган қулоққа гарчи ғалати эшитилса-да, китобларни ҳам унча-мунча тушунади, мендан безакларга қандай қарайсиз, китобингизни безакли қилиб чиқарсак, розимисиз, деб сўраб қолди. Агар рассом ёзувчидай ўз ишининг устаси бўлмаса, бунга жавоб бериш осон бўлади, чунки ёзувчи ўзи жонли гувоҳ бўлиб кўрган-билган ҳодисаларни, мамлакатларни, нарсаларни булардан бехабар бир кимса томонидан билар-билмас акс эттирилишига сира рози бўлолмайди.

Агар мен воқеаси Багам оролларида кечадиган роман ёзганимда эди, мен унинг безакларини Уинслоу Хомер ишлашини истаган бўлардим, бироқ шундаям ундан бирон нарсани безашни эмас, Багам оролларини ва у ерда кўрганларини чизишни сўраган бўлардим. Агар мен Мопассан бўлганимда (қани эди, ундай бўлиш ўликларга ҳам, тирикларга ҳам насиб бўлса) мен ўз китобларимга безак сифатида Тулуз-Лотрекнинг расм ва суратларини, Ренуар умрининг ўртасида чизган айрим пленерларини олган бўлардим, Норманд табиати манзараларига эса ҳеч кимнинг қўлини урдирмаган бўлардим, чунки ҳеч бир рассом бунда у билан тенглашолмасди.

Агар фалон ё пистон ёзувчи бўлганимда дейиладиган бўлса, уларга муносиб рассомларни топса бўларди. Лекин у ёзувчилар ҳозир бўлмаганларидай, у рассомлар ҳам ҳозир ўлиб кетишган, Макс Перкинс ва яна бошқа кўплар ҳам ўтган йили ўлиб кетишди. Бу йилнинг шуниси яхшики, олдинда бизни қандай айрилиқлар кутаётган бўлмасин, у ўтган йилдан кўра ёмонроқ бўлмайди, ёки 1944 йил, ёки 1945 йилнинг эрта қиш ва кўклам чоғларичалик ёмон бўлмас. Булар айрилиқларнинг мўл ҳосиллари кўтарилган йиллар эди.

Биз ушбу йилни ўртада пул йиғиб шампан сотиб олиб Сан-Вэллида, Айдахода кутиб олганимизда, кимдир бир ўйин таклиф қилди: тортилган арқон ёки ёғоч калтак тагидан елкада судралиб ўтиш керак эди, ўтаётганда ҳеч қаерингиз арқон ёки таёққа тегиб кетмаслиги шарт қилинганди. Мен бир бурчакда Ингрид Бергман билан халфана шампанни ичиб ўтирардим, унга дедим: «Қизим, бу йил йилларнинг энг Худо ургани бўлади» (Сифатлар тушириб қолдирилади).

Мисс Бергман, нега ундай деб ўйлайсиз, деди. Унга ҳозирча ҳамма йиллар бир-биридан яхши бўлиб келган, шунинг учун менинг фикримга қўшилиши қийин эди. Мен сўзга бой эмасман, сўзнинг кифтини келтириб гапиролмайман, шунинг учун бунинг сабабларини сизга батафсил тушунтириб беролмайман, лекин қатор, бир-бирига боғланмаган аломатларга қараганда, яхшилик бўлишини кутиш қийин, таёқнингми, арқоннингми тагидан ўрмалаб ўтаётган бойваччаларнинг кўриниши ҳам яхшиликдан дарак бермайди, дедим. Шу билан гапни тугатдик.

Шундай қилиб, бу китоб биринчи марта 1929 йилда, Нью-Йорк биржасида талафот юз берган куни майдонга чиқди. Безакли нашри бу йил кузда чиқиши керак. Бу вақт ичида Скотт Фицжеральд ўлди, Том Вулф ўлди, Жим Жойс ўлди (у биографлари томонидан ўйлаб ёзилган Жойсга сира ўхшамайди, антиқа ўртоғимиз эди. Бир куни у ичиб ўтирганимизда, ме-нинг китобларим сизга жуда ҳам ибтидоий бўлиб кўринмайдими, деб сўраганди); Жон Бишоп ўлди, Макс Перкинс ўлди. Ўлиши керак бўлган яна бир қанча одамлар ўлиб кетишди; бир хиллари Милан бензен шохобчаларида оёқларидан осилдилар, бошқалари яхшими, ёмонми бомбардимон қилинган немис шаҳарларида осиб қўйилди. Қанчадан-қанча номаълум, номсиз, нишонсиз, бироқ ҳаётни жуда ҳам севган кишилар йўқ бўлиб кетишди.

Бу китоб «Алвидо, қурол!» деб аталади, у ёзилгандан кейинги уч йилдан бу ёғига ер юзининг қаеридадир тўхтовсиз уруш бўляпти. Кўплар ўшанда нега бу одам мунча уруш билан банд бўлиб кетди, деб ҳайрон бўлиб юришганди, лекин 1933 йилдан кейин эндиликда ҳаттоки уларга ҳам ёзувчи одам сурбетларча қилинаётган муттасил қирғинларга, разил жиноятлар билан тўла урушларга ҳеч қачон бефарқ қараб туролмаслиги равшан бўлиб қолди. Мен кўп урушларда қатнашдим, шунинг учун бу масалада ғаразим қаттиқ, ҳатто жуда ҳам қаттиқ. Бу китобнинг муаллифи онгли суратда шу фикрга келдики; урушларда жанг қилаётган одамлар дунёдаги энг ажойиб одамлардир, фронтнинг қизғин қисмларига кириб борганинг сари бундай ажойиб кишиларга кўпроқ дуч кела бошлайсан. Лекин урушни бошлаганлар, унинг оловига яна олов ташлаб турганлар иқтисодий рақобатдан, фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган тўнғизлардир. Мен урушда бойлик орттирганлар, уруш оловини ёққанлар урушнинг биринчи кунларида ёқ мамлакат фуқароларининг мухтор вакиллари томонидан отиб ташланмоғи зарур, деб ҳисоблайман.

Бу китобнинг муаллифи, агар жангга кетаётганлар унга лутфан топширсалар, бунақанги отиб ташлаш бўладиган бўлса, уни ташкил этишни ўз зиммасига жон-жон деб олган бўлур эди ва бу ишнинг ҳаммаси имкони борича одамийлик ва ахлоқ-одоб доирасидан чиқмай адо этилишига (ахир отилаётганлар орасида ҳар хил одамлар бўлиши мумкин-да) ҳамда уларнинг жасадлари, шубҳасиз, дафн этилишига риоя қилган бўлурди. Ҳаттоки, уларни целлофанда ёки шунга ўхшаш бирор замонавий синтетик нарсада ўраб кўмилишига ҳам қаршилик қилмасди. Мабодо, охири бориб бошланган урушда менинг ҳам ҳиссам борлиги аниқлангудай бўлса, қанчалик қайғули бўлмасин, майли, мени ҳам ўша ўқчилар взводи отиб ташласин. Кейин мени ҳам истасалар целлофанга ўраб ёки ўрамасдан кўмсинлар, ёхуд менинг урён танимни тоғ ёнбағридан улоқтириб юбора қолсинлар. Розиман.

Шундай қилиб, орадан йигирма йилча ўтди, бинобарин, мана сизга китоб ва мана унга сўзбоши.

Финка-Вижия, Сан-Франциско-де-Паула, Куба
30 июнь 1948 й.

БИРИНЧИ КИТОБ

Биринчи боб

Ўша йили ёз охирларида биз қишлоқда, кулбада турардик. Кулбадан нарида дарё билан водий, улардан ҳам олисроқда тоғлар ястаниб ётарди. Дарёнинг ўзани офтобда оқарган, қуруқ қайрағочлар ва майда шағал билан қопланган, дарё шохобчаларида эса сув тип-тиниқ ва кўм-кўк бўлиб, шўх шалдираб оқиб борарди. Кулба олдидаги йўлдан қўшинлар ўтиб борар, уларнинг оёғидан кўтарилган тўзон оғочларнинг баргларига ўтирарди. Оғочларнинг шохлари ҳам чангга бурканганди, ўша йили япроқлар эрта тўкила бошлаганди, биз бўлсак, йўлдан қўшинларнинг ўтиб боришини, чанг-тўзоннинг кўкка ўрлашини, шамол япроқларни юлқиб-сулқиб учириб кетаётганини, солдатларнинг одимларини, сўнгра эса кимсасиз, бўм-бўш тупроқ йўлда ёлғиз япроқларгина тўкилиб ётишини томоша қилардик.

Водий ерлари ҳосилдор эди, унда боғзорлар сероб эди, водий этагидаги тоғлар эса тақир қўнғир тоғлар эди. Тоғларда жанг кетмоқдайди, кечалари портлашлардан ёлқинлар кўтариларди. Қоронғида улар шафаққа ўхшаб кўринарди: фақат тунлари этни жунжиктириб совуқ турар, ҳаво қуруқ эди.

Баъзан қоронғида деразадан қўшинларнинг ўтиб боришини, тўп-тўпхоналар тортиб келаётганини эшитиб қолардик. Тунда йўлда қатнов зўраяр, иккала томонига яшик-яшик ўқ-дори ортган хачирлар, устига солдатлар тушган, юкларига брезент ташлаган кулранг машиналар шошилмай тўхтовсиз ўтиб турарди. Кундузлари ҳам шатак машиналар оғир тўп ларни судраб борар, тўпларнинг оғир стволларига кўм-кўк шохшаббалар ташлаб қўйилган, шатакчилар ҳам қуюқ яшил шохлар ва ток занглари билан беркитилган эди. Биздан шимол ёқда водий, водийдан нарида каштанзор, каштанзордан ҳам нарида – дарёнинг бу бетида баланд тепалик бор эди. Шу тепаликни эгаллашга бир неча марта уриниб кўрилди, лекин бундан ҳеч нарса чиқмади. Куз кириб, ёмғир кетидан ёмғир қуйиб бергач, каштанларнинг япроқлари дув тўкилдилар-да, шохлари қип-яланғоч бўлиб қолдилар, дарахтларнинг тепалари ёмғирдан қорайиб кетди. Токзорларнинг ҳам ораси очилиб, қуруқ навдаларгина қолди, теварак-атроф қўнғир тусга кирди, ҳамма ёқ рутубат, кузги сўлғинликка чўмди. Дарё усти туман билан қопланган, тоғлар тепасида булутлар сузиб юрарди; юк машиналари йўллардан лой сачратиб борар, ёмғирпўш кийган солдатлар ҳам лойга беланган, ивиган ҳолда борардилар: уларнинг милтиқлари ҳам ҳўл эди; қайишларидаги иккита кулранг чарм патрон сумка 6,5 миллиметрли ингичка патронлар жойланган обоймалардан зил тортиб, ёмғирпўш тагидан кўтарилиб турар ва гўё йўлдан бораётган солдатларни олти ойлик ҳомиладордай қилиб кўрсатарди.

Кичкина оч тусли енгил машиналар ҳам ўтар, уларни тез ҳайдаб боришарди; кўпинча ҳайдовчининг ёнида офицер ўтирар, орқа томонда ҳам офицерлар бўларди. Булар юк машиналарга қараганда кўпроқ лой сачратиб кетарди. Агар офицерлардан бири жуда ҳам пакана бўлиб, орқа ўриндиқда икки генерал ўртасида ўтирган бўлсаю, азбаройи бўйи калталигидан юзи кўринмай, фақат шапкасининг тепасию, торгина елкасигина кўриниб турса ва бунинг устига машина ғоят тез кетаётган бўлса – ажабмаски, шу киши қирол эди. Унинг қароргоҳи Удинада бўлиб, деярли ҳар куни шу йўлдан аҳволни билиш учун ўтиб турар, аҳвол эса жуда ёмон эди.

Қиш бошланиши билан сурункасига ёмғир қуйиб берди, ёмғир билан бирга вабо тарқалди. Лекин унинг олди олинди, вабо давомида қўшинда фақат етти минг кишигина ўлди, холос.

Иккинчи боб

Янги кирган йилда анча ғалаба қозонилди. Водий этагидаги баландлик ва каштанзорлар ишғол қилинди, водийнинг жануб томонидаги ерларда ҳам ғалаба қозонилди ва биз август ойида дарёдан ўтиб, Горицияда жойлашдик; биз турган уйнинг деворларига арғувон вистария чирмашиб кетган, баланд четан билан тўсилган боғда фаввора отилиб турар, қалин, серсоя дарахтлар кўп эди. Энди жанглар шу атрофдаги тоғларда, биздан бир чақирим ҳам келмайдиган жойларда борарди. Шаҳар жуда ажойиб, биз турган уй эса жуда чиройли эди. Дарё бизнинг ортимизда оқарди, шаҳарни ҳам осонгина қўлга киритдик, лекин нарироқдаги тоғларни ишғол қила олмадик; мен шунисига хурсанд эдимки, австрияликлар қачонлардир уруш тугаса, қайтиб борамиз-ку, деган ўй билан бўлса керак, шаҳарни айтарли бомбардимон қилишмас, йўлига пўписа қилиб қўярдилар, холос. Аҳоли кетмай, шаҳарда қолган эди, бу ерда госпиталлар ҳам, қаҳвахоналар ҳам, муюлишларда артиллерия ҳам, бири солдатларга, иккинчиси офицерларга мўлжалланган исловатхона ҳам бор эди; ёз охирлаб, тунлар совуқ бўлиб қолди, яқин тоғлардаги жанглар, снарядлар майиштириб, пачақланган кўприкларнинг темири, жанг бўлиб ўтган дарё бўйидаги бузилган туннель, майдон атрофидаги дарахтлар ва майдонга чиқадиган кўчанинг икки бетидаги қўша-қўша оғочлар – буларнинг бари ва яна шаҳарда ойимтиллаларнинг борлиги, қирол ўзининг оч рангли машинасида ўтиб-кетиб турганлиги, энди унинг башарасини ва дутор бўйин кичкина гавдасини, эчкиникига ўхшаш бир тутам оппоқ соқолини кўриш мумкин бўлиб қолгани – буларнинг бари ва яна деворлари ўпирилган, ичи кўриниб ётган уйлар, боғларда, баъзан эса кўчаларда уюлиб ётган синган ғишт уюмлари, тахта-ёғочлар, Карсода ишлар жўнашиб кетганлиги бу йилги мавсум биз қишлоқда турган пайтимиздаги бултурги кузакдан бутунлай бошқача эканлигини кўрсатиб турарди. Уруш ҳам бошқачароқ бўлиб қолганди.

Шаҳарнинг нариги томонидаги тоғдаги эманзор ўрмон хароб бўлди. Биз шаҳарга кирган маҳалда ёзда бу ўрмон кўмкўк кўкариб турганди, эндиликда эса ўрмондан фақат тўнкалару, мажақланган урён таналаригина қолди; ер ҳам бутунлай ағдар-тўнтар қилиб юборилганди: куз охирлаган кезлар эди, бир куни мен илгариги эманзор ўрмон харобасида туриб, тоғ ортидан бостириб келаётган булутни кўрдим. Булут шитоб билан келдию, бир зумда офтоб хиралашиб, сарғайиб қолди, кейин ҳамма ёқдан нур ўчди, кўк юзи қоронғи тортди, тоғ устини булут ўради ва ҳаш-паш дегунча устимизга ёпирилди, қор келмоқда эди. У шамол билан бўралаб урди, яланғоч ер унинг тагида ғойиб бўлди, фақат тўнгакларгина серрайиб қолдилар, тўпларнинг усти ҳам қор билан қопланди. Хандақларнинг орқа томонидаги ҳожат жойларига излар тушди.

Кечқурун шаҳарга тушиб, мен офицерлар кирадиган исловатхонанинг деразаси олдида ўртоғим билан бир шиша асти ичиб ўтирардим. Ташқарида қор ёғар ва биз унинг оғир ва шошилмай ёғаётганига термилиб ўтириб, қор бу йилги ишларга ҳам ёғаётганлигини англардик. Дарёнинг юқори қисмидаги тоғлар қўлга киритилмади; дарё орқасидаги тоғларнинг ҳам биронтаси эгалланмади. Буларнинг бари келаси йилга қолади. Оғайним кўчада балчиқлардан оҳиста ўтиб бораётган полкимизнинг руҳонийсини кўриб қолди-да, деразани чертиб уни чақира бошлади. Руҳоний бошини кўтарди. У бизни кўргач, жилмайди. Оғайним уни бармоғи билан имлади. Руҳоний бошини лиқиллатиб, ўтиб кетди. Кечқурун офицерлар ошхонасида спагетти еб бўлингач, спагеттини ҳамма жиддий қиёфада ўтириб, вилкага осилтириб илиб оларди-да, шошапиша дамини чиқармай ичига тортар, кейин эса кажава идишга солинган винодан ҳўпларди. Вино солинган кўза металл токча устида чайқалиб турар, кимга керак бўлса, кўрсаткич бармоғи билан унинг бўғзини энгаштирар, шунда стакан тип-тиниқ, ўткир ва ёқимли арғувоний май билан тўлиб чиқарди, спагетти еб бўлингач, капитан кашишнинг жиғига тега бошлади.

Кашиш ёш эди ва сал нарсага дарров қизариб кетарди, у ҳаммамиз қатори форма кийган, фақат кулранг френчининг сўл кўкрак чўнтаги устида тўқ қизил духобадан салб қадалган эди. Капитан мени назарда тутиб, италянчани бузиб-нетиб гапирар, чамаси, шундай қилсам, гапимни яхши англайди, деб ўйларди.

– Руҳоний бугун ойимчага борди, – деди капитан дам кашишга, дам менга қараб. Кашиш жилмайди ва қизариб кетди, бошини чайқаб қўйди. Капитан у билан ҳазил-мазах қилишни яхши кўрарди.

– Йўқ, денг-чи? – деди капитан. – Мен руҳонийни ойимчада кўрдим.

– Йўқ, – деди кашиш. Бошқа офицерлар капитаннинг майнабозчилигига қўшилиб ўтиришарди.

– Руҳоний ойимчага йўқ, – унамасди капитан. – Руҳоний ойимча билан ҳеч қачон, – тушунтирди у менга. У стаканимни олиб мендан кўз узмай, айни чоғда кашишга ҳам қараб-қараб қўйиб, тўлдириб берди.

– Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Ҳамма кулиб юборди. – Сиз тушундингизми? Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Капитан қўли билан қилиб кўрсатди-да, хахолаб кулди. Кашиш буни ҳазилга йўйиб ўтирарди.

– Папа урушда австрислар ютиб чиқишини хоҳлайди, – деди майор. – У Франц-Иосифни яхши кўради.

Австрислар пулни кимдан олаётганликлари энди равшандир. Мен – худосизман.

– Сиз «Қора тўнғиз»ни ўқимаганмисиз? – сўради лейтенант. – Сизга топиб бераман. Шу китобни ўқиб, динга ишонқирамай қўйдим.

– У ифлос ва расво китоб, – деди кашиш. – У сизга чиндан ёққан бўлиши мумкин эмас.

– Жуда фойдали китоб, – деди лейтенант. – Унда нуқул руҳонийлар ҳақида ёзилган. Сизга маъқул бўлади, – деди у менга.

Мен кашишга қараб жилмайдим, у ҳам шам ортидан менга кулимсиради.

– Ўқиманг уни, – деди у.

– Сизга топиб бераман, – деди лейтенант.

– Калласи бор одамларнинг ҳаммаси атеист бўлади, – деди майор. – Мен ҳатто масонликни22
  Черковга эркин муносабатда бўлувчилар. (Тарж.)


[Закрыть]
ҳам тан олмайман.

– Мен эса масонликни тан оламан, – деди лейтенант.

– У жуда олижаноб ташкилот.

Аллаким ичкарига кирди, эшик очилганида ташқарида ҳамон қор ёғаётганини кўрдим.

– Энди ҳужумга ўтмасак керак, қор тушди, – дедим мен.

– Албатта-да, – деди майор. – Энди таътил олсангиз соз бўларди. Римга борсангиз, Неаполга, Сицилияга…

– Қўйинглар, у Амалфига боради, – деди лейтенант.

– Мен сизга Амалфида турувчи ота-онамга хат ёзиб бераман. Улар сизни ўз ўғилларидай қарши олишади.

– У Палермога бора қолсин.

– Капри ундан ҳам яхши.

– Сиз Абруццага бориб, Капракоттада менинг қариндошларимникида қўноқ бўлсангиз деб эдим, – деди кашиш.

– Абруццага бораман деб, кўзи учиб турибди. У ёқда қор бу ердагидан ҳам қалин. Деҳқонларга анқайиб ўтирадими у ерда? Яхшиси, фан ва маданият марказларига борсин.

– Чиройли қизлар бор ерларга демоқчисиз-да. Мен сизга Неаполдаги манзилларни бераман. Шундоқ ҳурилиқо қизлар – яна ҳаммалари оналари билан бирга. Ва-ха-хо-хо!

Капитан панжасини очди-да, бош бармоғини кўтариб, қолганларини деворга соя тушадиган қилиб йирди. Унинг панжа сояси деворга тушди. У яна бузуқ талаффузда сўзлай бошлади:

– Сиз кетганда мана бундай бўлиб кетасиз, – у бош бармоғини кўрсатди, – қайтганда эса мундоқ бўлиб қайтасиз, – у жимжилоғини ушлаб қўйди. Ҳаммалари кулишди.

– Қаранглар, – деди капитан. У яна панжаларини йирди. Яна шам алангаси панжанинг соясини деворга туширди. У бош бармоқдан бошлаб, ҳамма бармоқ– ларга бирма-бир ном бериб чиқди: – sotto-tenete33
  Кичик лейтенант (итал.).


[Закрыть]
(бош бармоқ), tenete44
  Лейтенант (итал.).


[Закрыть]
(кўрсаткич), capitano55
  Капитан (итал.).


[Закрыть]
(ўрта бармоқ), maqgiore66
  Майор (итал.).


[Закрыть]
(кичик бармоқ), tenentecolonello77
  Подполковник (итал.).


[Закрыть]
(жимжилоқ). – Сиз sotto-tenente бўлиб кетасиз! Сиз tentecolonello бўлиб қайтасиз!

Ҳаммалари кулиб юборишди. Капитаннинг соя ўйини ҳаммага маъқул тушди. У кашишга қараб қичқирди:

– Руҳоний ҳар кечада ўзини ўзи! – ҳамма кулди.

– Дам олишни бир кунга ҳам кечиктирманг, – деди майор.

– Афсус, сиз билан бирга боролмайман, ҳаммасини ўзим кўрсатган бўлардим, – деди лейтенант.

– Қайтиб келаётганингизда граммафон ола келинг.

– Яхши опера пластинкаларидан обкелинг.

– Карузони обкелинг.

– Карузо керак эмас, увиллайди.

– Ўзингиз ўшанақа увиллаб кўринг-чи!

– Увиллайди. Увиллайди деяпман сизга.

– Абруццага борсангиз деган эдим, – деди кашиш. Бошқалар ўз гаплари билан овора эди. – У ерда мазза қилиб ов қилиш мумкин. Одамлари жуда ҳам ажойиб, қиши совуқ бўлсаям, лекин ҳаво қуруқ ва очиқ бўлади. Сиз менинг ота-онамникида туришингиз мумкин. Отам овга муккасидан кетганлардан.

– Қани кетдик, – деди капитан. – Харобатхонага борайлик, яна ёпиб қўйишмасин.

– Хайри тун, – дедим кашишга.

– Хайрли тун, – деди у.

Учинчи боб

Мен дам олиб қайтганимда, биз ҳамон ўша-ўша шаҳарда турардик. Теварак-атрофда тўплар анча кўпайиб қолганди, илк баҳор кирганди. Далалар кўмк ўк майса билан қопланган, узум новдалари найча-куртак отганди; йўл ёқасидаги дарахтлар япроқчалар чиқарган, денгиз томондан шабада эсиб қолганди. Мен шаҳарни, тепаликни, тепаликдаги қалъани, улардан ҳам нарида тоғларни, ён бағирлари олачалпоқ кўкарган қўнғир тоғларни кўрдим. Шаҳар ичида тўплар олдингидан кўпроқ эди, бир қанча янги госпиталлар очилган, кўчаларда инглизлар, аҳён-аҳёнда инглиз хотинлар ҳам учраб қоларди; тўп отишмасидан яна бирмунча уйлар вайрон бўлганди. Кун илиқ эди, кўклам ҳиди эсарди, мен деворга қуёш нури тушиб турган, офтобда исиган қатор дарахтзор кўчадан ўтиб бордим ва биз ҳамон ўша ўзимизнинг уйда турганлигимизни, шунча вақт ўтса-да, ҳамма нарса қандай бўлса шундай қолганлигини кўрдим. Эшик очиқ эди, девор олдидаги «эшик»да ўзини офтобга солиб бир солдат ўтирибди, санитар машина уйнинг биқинидаги эшикда махтал турарди, эшикдан ичкарига қадам қўйишим билан димоғимга нам ғишт билан касалхона ҳиди урилди. Фақат ҳозир баҳор кирган, бошқа ҳамма нарса ўз эски ҳолича қолганди. Мен катта уйнинг эшигидан қараб, стол ёнида майор ўтирганини, дераза очилиб, уй ичига офтоб тушиб турганини кўрдим. У мени кўрмасди, мен эса аввал унга кўринишимни ҳам ёки олдин юқорига чиқиб, ювиниб-тараниб олишимни ҳам билмасдим. Мен аввал юқорига чиқа қолай деб ўйладим.

Мен лейтенант Ринальди билан турадиган уй ҳовлига қараган эди. Дераза ланг очиб юборилган, менинг каравотимга кўрпа тўшаб қўйилган, юмуш-яроқларим эса деворда осиғлиқ турарди, газга қарши кийиладиган мослама узунчоқ тунука ғилофда, пўлат қалпоқ ўша илгакда илиғлигича қолганди. Каравотнинг оёқ томонида сандиқчам, сандиқча устида эса йил-тиратиб мойлаб қўйилган қишлик этигим турарди. Менинг саккиз қиррали, стволи тим қора ва қулай, қўндоғи қорамтир ёнғоқдан чиройли ишланган австрис милтиғим иккита каравотнинг ўртасига осиб қўйилганди. Мен унинг нишонга олувчи телескопини сандиқчага беркитиб қўйганимни эсладим. Ринальди, лейтенант, иккинчи каравотда ухлаб ётарди. Менинг қадам товушимни эшитиб, у ёстиқдан бошини кўтарди.

– Ciao88
  Италянча салом.


[Закрыть]
– деди у. – Қалай, яхши ўйнаб келдингизми?

– Зўр.

Қўл олишиб кўришдик, кейин у мени бўйнимдан қучоқлаб, ўпди.

– Уф! – дедим мен.

– Кирлаб кетибсиз, – деди у, – ювиниб олинг. Қаерларга бордингиз, нималар қилдингиз? Бир бошдан айтиб беринг.

– Бормаган жойим қолмади. Милан, Флоренция, Рим, Неаполь, Вилла-Сан-Жованни, Мессина, Таормина…

– Нақ темир йўл маълумотномасининг ўзи-я. Қизиқ саргузаштлар ҳам бўлдими?

– Бўлди.

– Қайда?

– Milano, Florenze, Koma, Napoli…

– Бўлди-е. Энг зўри қайси бирида бўлди?

– Миланда.

– Чунки биринчи учратганингиз шу-да. Уни қаерда учратдингиз? «Кова»дами? Қаёққа бординглар? Қандай бўлди? Оқизмай-томизмай айтинг. Ухладингларми?

– Ҳа.

– Ол-а. Ҳозир бу ерда ҳам онаси ўпмаган ойимтиллалар бор. Попукдеккина, фронтни шу ерга келиб кўриб турган қизлар.

– Қўйинг-е?

– Ишонмайсизми? Бугун борайлик, ўзингиз кўрасиз. Шаҳарда бўлса олмадеккина, ёш инглиз қизлар ҳам бор. Мен ҳозир мисс Барклига ошиқ бўлиб юрибман. Сизни таништириб қўяман. Мен, эҳтимол, мисс Барклига уйлансам керак.

– Мен ювиниб, майорга кўриниш беришим керак. Нима, иш йўқми дейман?

– Сиз кетгандан бери бошимиз совуқ урганлардан, сариққа чалинганлардан, сўзак бўлганлар, атай ўзини майиб қилганлар, ўпкаси шамоллаганлар, ҳар турли чакмазакка йўлиққанлардан чиқмай қолди. Унда-мунда битта-яримтани қоядан тош учиб йиқитмаса. Бир нечта росмана ярадорлар бор. Келаси ҳафтадан яна уруш бошланади. Яъни, демоқчиманки, бошланиб қолса ажабмас. Шунақа миш-мишлар бор. Нима дейсиз, мисс Барклига уйланаверсаммикин, албатта, уруш тугагач?

– Шубҳа бўлиши мумкинмас, – дедим мен тосга сув тўлдирарканман.

– Кечқурун менга оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб берасиз, – деди Ринальди. – Ҳозир мен мисс Барклининг ҳузурига чарақлаб чиройли бўлиб бориш учун ухлаб олишим керак.

Мен френч ва кўйлагимни ечиб, тосдаги муздек сувга ювиндим. Сочиқ билан артинарканман, атрофга разм солиб чиқдим, деразага, ўринда кўзларини юмиб ётган Ринальдига қарадим. У Амалфида туғилган, мен билан тенгдош, келишган йигит эди. Жарроҳ эди, касбига меҳр қўйганди, икковимиз қалин дўст тутингандик. Менинг қараб турганимни сезиб, у кўзини очди.

– Пулингиз борми?

– Бор.

– Менга эллик лир бериб туринг.

Мен қўлимни артиб, деворда илиғлик турган френчимнинг ён чўнтагидан ҳамённи чиқардим. Ринальди пулни олиб, буклади-да, ўрнидан қўзғалмай шимининг чўнтагига солди. У кулимсираб қўйди.

– Мисс Баркли мени давлатманд одам экан деб ўйлашини хоҳлайман. Сиз менинг меҳрибон, садоқатли дўстим, молиявий ҳомийимсиз.

– Олиб қочдингиз-ку, – дедим мен.

Кечқурун офицерлар ошхонасида мен кашиш билан ёнма-ён ўтирдим, у кутилмаганда, Абруццага бормаганим учун, мендан қаттиқ хафа бўлиб қолди. У мен тўғримда отасига ёзиб юборган, боришимга ҳозирлик кўриб қўйишган экан. Ўзим ҳам бормаганимдан қаттиқ пушаймон эдим, нега бормаганим ўзимга ҳам қоронғи эди. Мен боришга қатъий аҳд қилганим, лекин бир нарса кетидан бошқаси чиқиб, ўралашиб қолганимни тушунтиришга уриндим, у ҳам охирида менинг чиндан ҳам бораман, деб отланганимга ишонгандай бўлиб, кўнгли бирмунча таскин топди. Мен жуда кўп вино ичдим, ундан кейин қаҳва ичдим, кайфим тарақ, одам қандай қилиб ўзи кўнглига тугиб қўйган ишни кўнгилдагидай қила олмай қолишини гапирдим; ҳақиқатан ҳеч омадинг келмайди.

Бошқалар ғовур-ғувур қилиб, талашиб-тортишиш билан овора экан, биз у билан ундан-бундан сўзлашиб ўтирдик. Мен Абруццага бормоқчи эдим. Лекин мен йўллари худди темирдай қаттиқ, қатқалоқ, совуғи қуруқ ва аччиқ, қори қуруқ ва майда, қуёнлар қорда из қолдириб кетадиган, деҳқонлари қалпоқларини қўлга олиб, сизни «дон» деб атайдиган, ов бароридан келадиган ерларга боролмадим. Шундоқ жойларга бормадиму, тутунга тўлган қаҳвахоналар, тунлари уй ичи кўз ўнгингда чир айланадиган, айланишини тўхтатиш учун кўзни деворга қадаб туриш керак бўладиган ерларга бордим; бундай учиб қолинган кечаларда, дунёда шундан бошқа ҳеч нарса йўқ деб биласан, уйғонишинг ҳам жуда ғалати бўлади, ёнингда ким борлигини ҳам билмайсан ва ғира-шира қоронғида дунё кўзингга рўё бўлиб кўринади, рўё ичра ўткир ҳаяжонлари бордай туюладики, шу кечанинг ўзидаёқ ўйлабнетиб ўтирмай барини яна бошдан бошлагинг келади, шундан бошқа ҳеч нарса йўқ дейсан, ҳеч нарса йўқ, йўқ, буни ўйлаб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Шунда дафъатан чуқур ўйларга толасан, сўнг уйқу элтади, баъзан эрталаб уйғонганингда, кечаги нарсалар бугун йўқолган бўлади ва ҳаммаси юракда сирқироқ оғриқ уйғотади, барчаси аниқ, равшан бўлади, баъзан палатада тортишиб қоласан. Гоҳо ҳарқалай ўзингни яхши ҳис қиласан, меҳрибонинг, қадрдонинг бордай, нонуштанг ва тушлигинг тайёрдай кўринади. Баъзан ҳаммаси кўнгилга уриб кетади, тезроқ кўчага чиқа қолсам дейсан, аммо эртаси куни яна шу такрорланади, кечанг ҳам шундай ўтади. Мен кечалар ҳақида, кечаси билан кундузнинг фарқи ҳақида, нима учун кечаси яхшироғу, кундуз куни фақат совуқ ва ҳамма нарса равшан эканлиги ҳақида айтиб бермоқчи бўлдим, аммо уддалай олмадим, ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Буни бошингиздан кечирган бўлсангиз, биласиз. У бундай аҳволга тушмаган экан, мен чиндан ҳам Абруццага бормоқчи бўлиб, нега боролмай қолганлигимни тушунди ва биз яна дўстлашиб кетдик. Биз бир-биримизга жуда ўхшардик, шунга қарамасдан бутунлай бошқа-бошқа олам эдик. У доимо мен билмаган нарсани билар, билганларини эса унутиб ҳам юбораверар эди. Лекин мен бу нарсани ўшанда эмас, анча кейин англадим. Ошхонада узоқ ўтириб қолдик. Ҳамма егулигини еб бўлган, энди тортишиб ўтирардилар. Биз кашиш билан жимиб қолдик, шунда капитан қичқирди:

– Руҳоний зерикиб қолди. Руҳоний ойимтиллалар бўлмаса ўтиролмайди.

– Зерикканим йўқ, – деди кашиш.

– Руҳоний зерикяпти. Руҳоний урушда австрислар ютиб чиқишига тарафдор, – деди капитан. Бошқалар унинг оғзига қарашди. Руҳоний бошини чайқаб қўйди.

– Йўқ, – деди у.

– Руҳоний ҳужум қилишимизни истамайди. Ҳужум қилишимизни истамайсиз, а, тўғрими?

– Йўқ, уруш бўлгандан кейин, менимча, ҳужум қилишимиз керакка ўхшайди.

– Ҳужум қилишимиз керак. Ҳужум қиламиз.

Руҳоний бош ирғади.

– Уни тинч қўйинг, – деди майор. – У аломат йигит.

– Ҳар ҳолда бу ерда икки қўлини бурнига тиқиб ўлтиришдан бошқа чораси йўқ, – деди капитан.

Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, тарқалдик.


Страницы книги >> 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации