Текст книги "Алвидо, қурол"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Мен ўрин томонга ўгирилдим. Кэтрин кулиб турарди.
Мен бориб тўшакка унинг ёнига ўтирдим ва уни ўпдим.
– Жуда қобил қизсан-да.
– Ҳа, сенинг маъқул қизингман, – деди у. Тамадди қилганимиздан сўнг сал енгил тортдик, кейин эса, жуда ҳам ёзилишиб кетдик ва бу хона худди ўз уйимиздай бўлиб қолди. Аввал госпиталдаги менинг хонам бизнинг уйимиз эди, энди отелнинг мана шу хонаси ўз уйимиздай бўлиб қолди.
Кэтрин елкасига менинг френчимни ташлаб ўтирди. Жуда қаттиқ очқаган эканмиз, овқатлар мазали эди ва биз бир шиша капри билан бир шиша сентэстеф ичдик. Кўпроғини мен ичдим, Кэтрин ҳам озгина ичди ва анча очилиб ўтирди. Бизга картошка солинган лойхўрак, суфле, қовурилган каштан, мевалар, ширин сабайон келтиришди.
– Яхши хона экан, – деди Кэтрин. – Ажойиб хона экан. Нега аввалроқ бу хонага келмаган эканмиз-а.
– Одамнинг кулгиси қистайди бу хонадан, лекин соз экан.
– Роса ишратпараст бўлиб кетдик, – деди Кэтрин.
– Ишратга берилган одамлар бу ишни хўб ҳирсларини қўйиб қилсалар керак. Қизил духобаси ҳам жуда бошқача экан. Мослашганини қара. Ойналарни айтмайсанми, вой-бў?
– Сен ҳаммадан гўзалсан, жоним.
– Билмадим, эрталаб одам бундай хонада қандай уйғонаркин. Лекин, умуман, яхши хона.
Мен яна бир стакан сент-эстеф қуйиб бердим.
– Одамнинг ростакам гуноҳ қилгиси келади, – деди Кэтрин. – Биз қилаётган ҳамма ишлар маъсум ва оддий ишлар. Мен ёмон иш қилаётибмиз деб ўйламайман.
– Сен тенги йўқ гўзалсан.
– Мен жуда очман. Мен жуда-жуда очман.
– Сен содда, сен ажойибсан.
– Мен соддаман. Буни сендан бошқа ҳеч ким тушунмайди.
– Ҳў, бир куни сен билан танишган маҳалимизда мен кун бўйи сен билан «Кавур» отелига боришимизни ва ҳаммаси қандай бўлишини ўйлаганман.
– Бетамиз. Лекин бу «Кавур» отелимас, тўғрими?
– Ҳа. Бизни у ерга киргизишмайди.
– Бир куни киргизишади. Мана кўрдингми, жоним, бизнинг фарқимиз нимада? Мен эса ҳеч қачон сен ўйлаган нарсаларни ўйлаган эмасман.
– Сираям-а?
– Жиндаккина, – деди у.
– Оҳ, жонгинам!
Мен яна бир стакан вино қуйдим.
– Мен жуда соддаман, – деди Кэтрин.
– Мен олдин бошқачароқ ўйлаган эдим. Менга сен телбароқ бўлиб кўринган эдинг.
– Озгина телбалигим ҳам йўқ эмасди. Лекин жудаям жинни дейдиган эмасдим. Сени ўнғайсизлантириб қўйганмидим, жоним?
– Вино хўб ажойиб нарса-да, – дедим. – Барча ёмон нарсаларни унутасан.
– Ажойиб нарса, – деди Кэтрин. – Лекин отам ундан бод бўлиб қолган эди.
– Сенинг отанг борми?
– Ҳа, – деди Кэтрин. – Унинг боди бор. Лекин сенинг у билан учрашишинг шарт эмас. Нима, сенинг отанг йўқми?
– Йўқ, – дедим. – Ўгай отам бор.
– Яхши одамми?
– Сен у билан кўришишинг шарт эмас.
– Икковимиз бўлсак, бирам яхшики, – деди Кэтрин.
– Мени шундан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди. Шундай ҳам бахтиёр хотинманки.
Официант келиб идишларни йиғиштириб олди. Кўп ўтмай биз жимиб қолдик. Эшикда ёмғир ёғаётгани эшитила бошлади. Пастда, майдонда машина дудутлади.
– Шитоб билан кетиб боради,
Вақтнинг оти ўтиб боради, —
дедим мен.
– Мен бу шеърни биламан, – деди Кэтрин. – Марвеллники. Фақат у эркак билан яшашни истамаган қиз ҳақида эдику.
Бошим тиниқлашди, худди уйқудан янги тургандай енгил эдим, турмушимиз ҳақида гаплашгим келди.
– Қаерда туғмоқчисан?
– Билмадим. Энг яхши жойда.
– Ҳаммасини ўзинг эплай олармикинсан?
– Эпламай-чи. Хотиржам бўл, жоним. Уруш тамом бўлгунча ҳали яна бир талай болаларимиз бўлиши мумкин.
– Вақтимиз тугай деб қолди.
– Биламан. Истасанг отланамиз.
– Йўқ.
– Унда қизишма, жоним. Шунча пайт ўзингни бирам яхши тутдингки, энди бўлса, асабийлашяпсан.
– Хўп, ундай қилмайман. Менга тез-тез ёзиб турасанми?
– Ҳар куни. Хатларингизни текширишадими?
– У ерда инглиз тилини шу қадар ёмон билишадики, текширганларидан маъно йўқ.
– Мен жуда чалкаш қилиб ёзаман, – деди Кэтрин.
– Жуда ҳам чалкаштириб юбормагин-да.
– Йўқ, сал-пал, холос.
– Кетадиган вақт бўлиб қолди.
– Хўп, жоним.
– Мўъжазгина уйчамиздан менинг кетгим келмай қолди.
– Менинг ҳам.
– Лекин бориш керак.
– Хўп. Биз ҳали уйимизда ҳечам узоқроқ яшаганимиз йўқ, ахир.
– Насиб қилса ҳали кўп яшаймиз.
– Сенинг қайтишингга чиройли бир уй ҳозирлаб қўяман.
– Балки мен тезда қайтарман.
– Балки тўсатдан оёғингдан сал-пал яраланарсан.
– Ё қулоғимнинг учгинасидан, а?
– Йўқ, қулоқларинг бус-бутун бўлишини истайман.
– Нима, оёқсиз бўлсам, майлими?
– Оёғингдан бир марта яраланиб бўлгансан.
– Борайлик энди, жоним.
– Хўп. Сен биринчи бўлиб юр.
Йигирма тўртинчи боб
Лифт чақириб ўтирмадик, зинадан тушиб бордик. Зинадаги гилам сийқаланиб кетган эди. Мен овқатга уни келтирган маҳалларидаёқ тўлаган эдим, ҳозир овқат келтирган официант эшик олдида ўтирарди. У сакраб турди-да, таъзим қилди, мен у билан конторага кириб хонанинг ҳақини тўладим. Бошқарувчи мени қадрдон дўстидай қарши олган эди, олдиндан ҳақ олишга кўнмовди, энди бўлса тўламай қочиб қолмасин деб эшикка официантни ўтқазиб қўйибди. Бунақа ҳодисаларни ҳатто дўстлари бўлса ҳам кўп кўрган, шекилли. Уруш пайтида дўстинг кўпаяди, ахир.
Мен официантдан экипаж топишни сўрадим ва у Кэтрин қўлидан тугунчани олди-да, зонтини очиб ташқарига чиқиб кетди. Деразадан унинг ёмғирда кўча кесиб ўтаётгани кўринарди. Биз конторада деразага қараб турардик.
– Қалай, энди тузукмисан, Кэт?
– Уйқум келяпти.
– Мени эса ғам босяпти, қорним очяпти.
– Егулик бирон нарса олганмисан?
– Сафар халтамда бор.
Мен экипаж келаётганини кўрдим. У тўхтади, от ёмғирдан калласини қуйи солиб тек турди, официант зонтини очиб пастга тушди ва отелга йўл олди. Биз унга эшикда дуч келдик ва зонт панасида шалаббо йўлкадан экипажга бордик. Йўлка чеккасидаги ариқдан шалдираб сув оқмоқда эди.
– Тугунчангиз ўриндиқда, – деди официант. Биз ўтириб бўлгунимизча у зонт тутиб турди ва мен унга чой пули бердим.
– Раҳмат. Оқ йўл, – деди у.
Кучер тизгинни кўтарди, от йўлга тушди. Официант зонти билан орқасига ўгирилди-да, отелга қараб кетди. Биз йўлка бўйлаб юрдик, кейин чапга бурилдик-да, вокзалнинг ўнг томонидан чиқдик. Икки карабинер ёмғирдан қочиб фонус тагида туришарди. Фонус ёруғида уларнинг шляпалари йилтирар эди. Вокзал чироқларининг шуъласида ёмғир тиниқ ва мусаффо кўринарди. Айвон тагидан юк ташувчи чиқди, у ёмғирдан бошини ёқасига тиқиб олган.
– Керакмас, – дедим. – Раҳмат. Ҳожати йўқ.
У яна айвон тагига кириб кетди. Кэтринга ўгрилдим. Унинг юзи қоронғида кўринмади.
– Хайрлашамизми, энди?
– Мен чиқаман.
– Керакмас.
– Хайр, Кэт.
– Унга госпитал манзилини айтсанг бўлди.
– Хўп.
Мен кучерга қаёққа бориш кераклигини айтдим. У бош силкиди.
– Кўришгунча, – дедим. – Ўзингни ва кичкина Кэтринни эҳтиёт қил.
– Кўришгунча, жоним.
– Кўришгунча, – дедим.
Мен ёмғирга чиқдим ва кучер жўнаб кетди. Кэтрин бошини чиқарди, фонус ёғдусида унинг юзини кўрдим. У жилмайиб қўлини силкимоқда эди. Экипаж кўчадан юриб кетди. Кэтрин қўли билан айвон томонни кўрсатди. Мен ўгирилиб қарадим: айвонда карабинерлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У менга ёмғирдан панага ўт деётганлигини тушундим. Мен айвон тагига ўтиб, экипаж чорраҳадан бурилиб кетаётганига қараб турдим. Кейин вокзал биносидан ўтиб, поезд олдидан чиқдим.
Перронда мени қоровул кутиб турарди. Унинг кетидан вагонга кирдим, эшик олдидаги одамларни ёриб ўтиб, эшикни очдим-да, одам билан лиқ тўлган купега тиқилдим, бурчакда пулемётчи ўтирибди. Менинг рюкзагим ва сафар халталарим унинг бош томонида юк халтаси ичида турарди. Йўлакда одам кўп эди ва биз кирганда купеда ўтирганларнинг ҳаммаси ўгирилиб қаради. Поездда жой танқис бўлиб, ҳамма бир-бирига еб қўйгудай бўлиб қарарди. Менга жой бериш учун пулемётчи ўрнидан турди. Кимдир елкамга кафти билан урди. Айланиб қарадим. Қаршимда ҳаддан ортиқ дароз ва ориқ, ёноғига қизил чандиқ тушган артиллерия капитани турарди. У ҳаммасини эшик ойнасидан кўриб турган экан, орқамдан кирибди.
– Нима гап? – сўрадим мен. У билан юзма-юз турардим. Унинг бўйи мендан баландроқ эди, козироги соя солган юзи жуда ҳам ориқ кўринарди, чандиғи ҳам янгигина эди. Ҳамманинг кўзи менда эди.
– Яхшимас, – деди у. – Олдиндан жой олиш учун солдатни юбориш яхшимас.
– Мана мен шундай қилдим.
У қулт этиб ютинди ва мен унинг кекирдаги кўтарилиб тушганини кўрдим. Пулемётчи бўш жойнинг олдида турарди. Йўлакнинг ойна тўсиғидан одамлар қараб туришарди. Ҳамма жим бўлиб қолди.
– Сизнинг ҳақингиз йўқ. Мен бу ерга сиздан икки соат олдин келганман.
– Нима истайсиз?
– Ўтиришни истайман.
– Мен ҳам.
Мен унинг юзига қараб турар эканман, атрофда ҳамма менга қарши эканлигини сезиб турардим. Мен уларни айблай олмайман. У ҳақ эди. Аммо менинг ўтиргим келган эди. Одамлар ҳамон жим туришарди. «Қуриб кетсин» – дедим ичимда.
– Ўтиринг, signor capitano, – дедим, пулемётчи бир чеккага ўтди ва дароз капитан ўтирди. У менга қаради. Кўзи не-чундир безовта эди. Бироқ жой уники бўлди. – Менинг нарсаларимни олинг, – дедим пулемётчига. Биз йўлакка чиқдик. Поездда одам тиқилиб ётарди, жой топиш амри маҳол эди. Мен қоровул билан пулемётчига ўн лирдан бердим. Улар вагондан тушиб бутун платформа бўйлаб ҳамма вагонларни қараб чиқишди, лекин жой йўқ эди.
– Балки битта-яримтаси Брешияда тушар, – деди қоровул.
– Брешияда яна чиқишади, – деди пулемётчи. Мен улар билан хайрлашдим, қўл олишдик, сўнг кетишди. Уларнинг таъблари хира бўлган эди. Поезд ўрнидан жилганда биз – ҳамма жойсиз қолганлар йўлакда турар эдик. Мен деразадан фонусларга қараб борардим. Ҳамон ёмғир қуяр, кўп ўтмай ойналар хиралашиб ҳеч нарсани кўриб бўлмай қолди. Кейинроқ мен пулларим ва ҳужжатларим солинган ҳамённи белимга яхшилаб жойладим-да, йўлакда ухлагани ётдим. Туни билан уйқудан бош кўтармадим, фақат Брешия билан Веронада поездга янги одамлар чиқишганда уйғондим ва яна шу заҳоти уйқуга чўмдим. Сафар халтамнинг биттасини бошимга қўйиб, иккинчисини иккала қўлим билан қучоқлаб олдим. Шунинг учун менга қоқилиб йиқилишни истамаганлар устимдан бемалол сакраб ўтишлари мумкин эди. Йўлакнинг бошидан оёғигача одамлар ухлаб ётишарди. Бошқалар ойна тутқичларини ушлаб эшикларга суяниб туришарди. Бу поезд доимо одамга тўлиб борарди.
УЧИНЧИ КИТОБ
Йигирма бешинчи боб
Куз келганди, дарахтлар яланғоч, йўлларда лойгарчилик эди. Удинадан Горицияга юк машинасида кетдим. Йўлда бизга бошқа юк машиналари ҳам учраб турди, мен атрофни томоша қилиб бордим. Тутлар баргини тўкиб бўлган, далалар қўнғир тусга кирган эди. Икки қатор яланғоч дарахтлар ўртасидаги йўл ҳўл хазон билан қопланган эди, ишчилар йўл четидаги дарахтлар тагига тўкиб қўйилган шағалдан олиб, йўлнинг ўнқир-чўнқирларини тузатишарди. Шаҳар кўринди, лекин унинг тепасидаги тоғлар туман билан қопланган эди. Биз дарёдан ўтдик, дарёнинг суви анча кўтарилиб қолганди. Тоғларда ёмғир қуймоқдайди. Биз фабрикалар, кейин уйлар ва боғотлардан ўтиб, шаҳарга кириб бордик, мен йўғимда яна ҳам кўпроқ уйлар снарядлардан вайрон бўлибди. Тор кўчада инглиз Қизил Хочининг машинасини учратдик. Шофёр кепка кийиб олган, чуваккина юзи қаттиқ қорайиб кетганди. Мен уни танимадим. Мен юк машинадан мерия олдидаги катта майдонда тушдим, шофёр рюкзагимни олиб берди, уни бўйнимга илиб олдим, иккала сафар халтамни кўтариб ўзимизнинг уйга қараб кетдим. Бу уйга қайтишга сира ҳам ўхшамасди.
Мен хиёбоннинг ҳўл тошларидан юриб борар, кўзим дарахтлар ортида оқариб кўринган уйимизда эди. Ҳамма деразалар берк, аммо эшик ланг очиқ эди. Мен ичкарига кирсам, майор столда ўтирган экан, хонанинг яланг деворларига хариталар осилган, машинкада ёзилган қоғозлар ёпиштирилганди.
– Салом! – деди у. – Соғлиқлар қалай? – У қартайибди, чўпдай бўлиб қолибди.
– Жойида, – дедим. – Ўзингизнинг ишларингиз тузукми?
– Ҳаммаси тамом бўлди, – деди у. – Нарсаларингизни қўйиб, ўтиринг.
Мен рюкзак билан иккала халтани полга қўйдим, кепкамни рюкзакка ташладим. Кейин девор ёнида турган курсини олдим-да, столга яқин келиб ўтирдим.
– Ёз жуда ёмон келди, – деди майор. – Сиз бутунлай тузук бўлиб кетдингизми?
– Ҳа.
– Мукофотларингизни олдингизми?
– Ҳа. Ҳаммаси жойида. Миннатдорман.
– Қани, кўрсатинг-чи?
Мен икки тасма кўринсин деб, плашимни очдим.
– Медални ўзини ҳам олдингизми?
– Йўқ. Фақат ҳужжатларини олдим.
– Медали кейин келади. Унга кўпроқ вақт кетади.
– Мени энди қаерга юборасиз?
– Машиналар ҳаммаси жойларда. Олтитаси шимолда, Капореттода. Сиз Капореттони биласизми?
– Биламан, – дедим. Мен водийдаги жомхонаси бор кичкина шаҳарчани эсладим. Шаҳар озодагина бўлиб, майдонда чиройли фаввора бор эди.
– Улар ўша ерда. Кўпчилик касал. Жанглар тугади.
– Бошқалар қаерда?
– Иккитаси тоғларда, тўрттаси ҳамон Баинзиццада. Бошқа иккита санитар отряди учинчи армия билан бирга Карсода.
– Мени қаерга жўнатасиз?
– Истасангиз, Баинзиццадаги тўртта машинани ола қолинг. Жинонинг ўрнига борасиз, у ерда анча қолиб кетди. Бу гаплар сиз кетгандан кейин рўй берувди, шекилли?
– Ҳа.
– Расво бўлди. Биз уч машинамизни йўқотдик.
– Эшитдим.
– Ҳа, сизга Ринальди ёзганди.
– Ринальди қаерда?
– У шу ерда, госпиталда. Ёз билан кузда тоза куйиб-пишди бечора.
– Ҳа, осон бўлмаганга ўхшайди.
– Жуда ёмон бўлди, – деди майор. – Қанчалар ёмон бўлганлигини билсангиз эди. Бошдаёқ яраланганингиз сизнинг омадингиз экан.
– Ўзим ҳам шундай деб ўйлайман.
– Янги йил бундан ҳам ёмон бўлади, – деди майор.
– Улар ҳозирдаёқ ҳужумга ўтишса, ажабмас. Шундай гаплар юрибди, лекин мен ишонмайман. Жуда кеч. Дарёни кўрдингизми?
– Ҳа. Сув кўтарилибди.
– Тоғларда ёмғир бораётган бир пайтда ҳужум бошланишига ишонмайман. Ҳадемай қор тушади. Сизнинг ватандошларингиз-чи? Сиздан бошқа америкаликларни ҳам кўрармиканмиз?
– Ўн миллион кишидан иборат армия тузилмоқда.
– Бизга озгинагинаси тегса ҳам майли эди. Бироқ французлар ҳаммасини илиб кетишади. Бу ерга биронта ҳам одам етиб келмайди. Хўп, майли. Сиз бугун шу ерда тунаб қолинг-да, эртага эрталаб кичкина машинада Жинонинг ўрнига боринг. Сизга йўлни биладиган бирон кишини бераман. Жино сизга барини тушунтиради. У ерда ҳозир ҳам жиндак отишмалар бўлиб турибди, лекин умуман, ҳаммаси тугаган. Баинзнццани ҳам бир кўриб келасиз баҳонада.
– У ерга боришимдан хурсандман. Сиз билан яна кўришганимдан бошим осмонга етди.
– У кулимсиради.
– Саломат бўлсинлар. Бу уруш жонимга тегди. Агар бу ердан кетсам, иккинчи марта елкамни чуқури кўрсин дердим.
– Аҳвол шу қадар ёмонми?
– Ҳа. Ёмон ҳам гапми? Боринг, ювиниб, дўстингиз Ринальдини қидириб топинг.
Мен юкларимни олиб, зинадан юқорига чиқдим. Ринальди хонада йўқ эди, лекин нарсалари жойида турарди, мен каравотга ўтириб, обмоткаларни туширдим-да, ўнг оёғимни ечдим. Кейин каравотга чўзилдим. Чарчабман, ўнг оёғим зирқираб турарди. Бир оёғимни ечмай ўринда ётиш менга ғалати туюлди ва ўрнимдан туриб иккинчи оёғимни ҳам ечдимда, уни полга ташлаб, кейин яна чўзилдим. Дераза ёпиқ бўлганидан, хона ичи дим эди, лекин азбаройи чарчаганимдан уни туриб очишга эриндим. Менинг ҳамма нарсаларим хонанинг бир четига йиғиб қўйилган экан. Қоронғи туша бошлади. Мен каравотда ётган кўйи Кэтринни ўйлар, Ринальдини кутардим. Мен Кэтринни фақат кечқурунлари – уйқу олдидангина ўйлайман, деб қўйган эдим. Лекин чарчаган эдим, қиладиган ишим йўқ эди ва мен уни ўйлардим. Ринальди хонага кириб келганда ҳам уни ўйлаб ётардим. У сира ҳам ўзгармабди. Фақат бир оз озибди.
– Келинг, бэби, – деди у.
Мен ўриндан гавдамни кўтардим. У ёнимга келиб ўтирди-да, мени қучоқлади.
– Қимматли бэби, азизим бэби. – У елкамга уриб қўйди, унинг елкаларидан қучоқладим.
– Қимматли бэби, – деди у. – Қани, тиззангизни кўрсатинг-чи.
– Шимни ечиш керак-да.
– Шимингизни ечинг, бэби. Бегона одам йўқ бу ерда. Сизни қандай қиймалашганини кўрмоқчиман.
Мен ўрнимдан туриб, шимимни тушириб, тиззамга ўралган латталарни ечдим. Ринальди полга ўтириб, оёғимни оҳиста қимирлатиб кўра бошлади. У яра зиҳидан қўлини юргизди, иккала бош бармоғини тиззамнинг косасига қўйди-да, бошқа бармоқлари билан аста силкиб кўрди.
– Шундан бошқа букилмайдими?
– Йўқ.
– Сизни бу аҳволда чиқарганлари жиноят. Улар оёғингизни аслидай қилиб қўйишлари керак эди.
– Тағин ҳам тузалиб қолди-ю. Оёғим ёғочга ўхшаб қолувди.
Ринальди яна синаб кўрди. Унинг қўлларига қараб турардим. Жарроҳнинг бармоқлари илдам. Мен унинг бошига, фарқи очиб таралган силлиқ, ялтираб турган сочларига қарадим. У оёғимни қаттиқроқ букиб юборди.
– Уф! – дедим мен.
– Сиз яна ҳаракат терапиясини ўтишингиз керак эди, – деди Ринальди.
– Ҳозир анча яхши бўлиб қолди.
– Биламан, бэби. Бундай нарсаларни сиздан кўпроқ биламан. – У туриб каравотга ўтирди. – Операциянинг ўзи ёмон қилинмаган. – Шу билан тиззам ҳақидаги гап битди. – Қани, энди ҳаммасини бир бошдан гапириб беринг-чи.
– Нимани гапираман, – дедим. – Куним ўтиб турди.
– Худди оилавий одамга ўхшаб қолибсиз, – деди у. – Нима қилди?
– Ҳеч нарса, – дедим. – Ўзингизга нима қилди?
– Бу уруш менинг суробимни тўғри қилиб қўйди, – деди Ринальди. – Бўларимча бўлдим. – У тиззаларини қўли билан қучиб олди.
– Ўҳ-ҳў! – дедим.
– Нима бўпти? Мен одам эмасманми?
– Рост, ёзни қувноқ ўтказганга ўхшаб қолдингиз.
– Айтиб беринг.
– Ёз бўйи, куз бўйи тиним билмай жарроҳлик қилдим. Ит тинади, қуш тинади – менда тиним йўқ. Ҳамма учун бир ўзим ишлаяпман. Ҳамма оғир ишларни менга беришади. Ўлай агар, бэби, мен зўр жарроҳ бўлиб кетяпман.
– Мана бу бошқа гап.
– Ўйлашга ҳам вақт йўқ. Ўлай агар, сира ўй ўйлаб ўтирмайман, операция қилиб ташлайвераман.
– Тўғри-да.
– Лекин ҳозир ундай эмас, бэби. Ҳозир операция қиладиган иш йўқ, дилим жуда ғаш. Жуда ёмон уруш бўлди бу, бэби. Гапимга ишонинг. Келинг, энди бир дилкашлик қилайлик. Пластинка олиб келдингизми?
– Ҳа.
Пластинкалар рюкзагимда эди, қутичага солиб, қоғозга ўраб қўйилганди. Уларни олиб беришга ҳам мадорим йўқ эди.
– Нима, сизнинг кайфиятингиз чоғми, бэби?
– Расво.
– Ёмон уруш, – деди Ринальди. – Ҳай, майли. Сиз билан бир ичишайлик, шояд кўнглимиз ёзилса. Ғамларимизни елга совурамиз. Шунда ҳаммаси яхши бўлади.
– Сариқ бўлиб қолган эдим, – дедим. – Қаттиқ ичолмайман.
– Қандоқ эдингиз-у, қандоқ бўлиб қайтиб келдингиз, бэби. Жуда бамаъни бўлиб қолибсиз, жигарингизни касал қилибсиз. Ҳақиқатда ҳам жуда расво нарса, уруш. Негаям биз бу урушга бош суқиб юрибмиз?
– Келинг, барибир ичишайлик. Озроқ ичсам, ҳеч нарса қилмайди.
Ринальди иккита стакан билан бир шиша коньяк олиб келди.
– Бу австрисларнинг коньяги, – деди у. – Етти юлдузли. Сан-Габриеледа қўлга туширган нарсамиз шугина бўлди.
– Сиз у ерда бўлдингизми?
– Йўқ. Мен ҳеч ерда бўлмадим. Мен шу ердан қимирламай операция қилдим. Мана, қаранг, бэби, сиз тиш чайиб юрадиган эски стаканингиз. Сизни эслатиб турсин деб, сақлаб юрган эдим.
– Тиш чайишни эслатиб турсин деб эмасми, иш– қилиб.
– Йўқ. Ўзимники бор. Уни асраб юрдим, эрталаблари сиз у билан «Вилла-Росса»дан тозаланмоқчи бўлганингиз, сўкина-сўкина аспирин ютганларингиз, ярамас хотинларни қарғаганларингизни эслатиб турсин дедим. Ҳар сафар шу стаканга қараганимда, сиз тиш чўткаси билан виждонингизни тозалашга уринганингизни эслайман. – У ўринга яқин келди. – Қани энди бир ўпиб қўйинг-да, энди бамаъни йигит бўлмайман денг.
– Ўпишни хаёлимга ҳам келтирмайман. Сиз маймунсиз.
– Ана холос. Мен биламан, сиз англосаксонлардан чиққан ройкелди йигитсиз. Биламан. Сизни виждонингиз кемириб ташлабди. Мен томирида англосаксон қони жўш урган йигитча яна тиш чўтка билан исловатхона доғларини тозалай бошлашини кутаман.
– Коньякдан қуйинг.
Биз уриштириб ичдик. Ринальди менга ҳазилкашлик қиларди.
– Сизни яхшилаб ичираман-да, жигарингизни олиб ўрнига бақувват италян жигаридан қўяман-у, сизни яна одам ҳолига келтираман.
Мен яна коньяк қуйинг деб, унга стаканни узатдим. Қоронғи тушди. Мен қўлимда стакан билан деразага бордим-да, унинг тавақаларини очдим. Ёмғир тинган эди. Ҳавода совуқ кучайиб, новдалар қуюқ туманга чирманди.
– Коньякни сепиб юборманг, – деди Ринальди. – Ичолмасангиз, менга беринг.
– Ўлган бузоқнинг гўштини ебсиз, – дедим. Мен яна Ринальдини кўриб турганимдан шод эдим. У икки йилдирки, мен билан ҳазилкашлик қилиб жиғимга тегади. У билан жуда яқин бўлиб қолганмиз. Бир-биримизни яхши тушунамиз.
– Уйландингизми? – сўради тўшакда ўтириб. Мен дераза олдида деворга суяниб турардим.
– Йўқ ҳали.
– Севиб қолдингизми?
– Ҳа.
– Ўша инглиз қизними?
– Ҳа.
– Шўрлик бэби! У-чи, у ҳам сизни севадими?
– Ҳа.
– Севишини амалда кўрсатдими?
– Оғзингизни юминг.
– Жоним билан. Мен сизга ўзимнинг бениҳоя назокатли одам эканлигимни кўрсатаман. Нима, у…
– Ринин! – дедим. – Илтимос, бас қилинг. Агар дўстлигимиз йўқолмасин десангиз, бас қилинг.
– Бор нарса йўқ бўлмайди, бэби. Биз ҳалиям дўстмиз.
– Шунинг учун бас қилинг.
– Хўп бўлади.
Мен каравотга бориб Ринальдининг ёнига ўтирдим. У стаканини ушлаб полга тикилиб ўтирарди.
– Энди тушундингизми, Ринин?
– Ҳа, ҳа, худди шундай. Бутун умр бошим бориб соф ҳисларга тегади. Шу пайтгача сизда бундай нарса бўлмаган эди. Лекин ҳеч ажабмас, бундай нарсалар сизда ҳам бўлса, – У ердан кўзини узмасди.
– Наҳотки сизда бўлмаса?
– Йўқ.
– Ҳечам-а?
– Ҳечам.
– Мен онангиз ё синглингиз ҳақида нима десам, индамай қўйиб берармидингиз?
– Ҳатто синглингиз ҳам денг, – жонланди Ринальди.
Иккаламиз ҳам кулиб юбордик.
– Оббо одамнинг зўри-э! – дедим мен.
– Балки мен рашк қилаётгандирман, – деди Ринальди.
– Йўқ, бўлиши мумкин эмас.
– У маънода эмас. Мен бошқача демоқчи эдим. Сизнинг уйланган дўстларингиз борми?
– Бор, – дедим.
– Менда эса йўқ, – деди Ринальди. – Ўз хотинлари билан бахтиёр бўлганлари йўқ.
– Нега?
– Улар мени ёқтиришмайди.
– Нега?
– Мен илонман. Билағон илонман.
– Сиз ҳаммасини чалкаштириб юбордингиз. Билағ он илон эмас, дарахт эди. Билим дарахти.
– Йўқ, илон. – Унинг сал юзи ёришди.
– Сизни доно мулоҳазалар бузади, – дедим.
– Сизни суяман, бэби, – деди у. – Сиз эса мен буюк италян мутафаккири бўлай деётганимда, йўл бермаётибсиз. Лекин мен ўзим тушунтириб беролмайдиган кўп нарсаларни биламан. Мен сиздан кўпроқ биламан.
– Гапингиз тўғри.
– Лекин сизга яшаш осонроқ бўлади. Виждонингиз қийналса ҳам, осонроқ бўлади.
– Ундай эмас.
– Йўқ, йўқ. Шундай. Мен эса фақат ишлаётганимда ҳаммасини унутаман. – У яна ерга тикилиб қолди.
– Бу ўтиб кетади.
– Ўтмайди. Мен яна иккита нарсани яхши кўраман: бири ишимга зарар етказади, иккинчиси ярим соатча лаззат беради. Баъзан шунга ҳам етмайди.
– Баъзан жуда ҳам кам.
– Балки менинг ютуқларим ҳам бордир, бэби. Сиз билмайсиз-да. Лекин мен бояги иккита нарса билан ишимнинг ўзинигина биламан.
– Бошқа нарсаларни ҳам билиб қоларсиз.
– Йўқ. Биз ҳеч қачон ҳеч нарсани билолмаймиз. Биз ўзимизда бор нарса билан оламга келамиз-у, бошқа ҳеч нарсага ўрганмаймиз. Биз ҳеч қачон янги бир нарсани ўрганмаймиз. Биз йўлга тушганимизда йўл тугаган бўлади. Сиз лотин эмассиз, шу сизнинг бахтингиз.
– Ҳеч қанақа лотинлар йўқ. Бу ҳаммаси лотиннинг фикрлари. Сизлар ўз камчиликларингиз билан фахрланасиз.
Ринальди бошини кўтарди, кулиб юборди.
– Бўлди, энди, бэби. Мен фикрлайвериб толдим. – Унинг кўринишида ҳорғинлик акс этарди, буни у хонага кириб келгандаёқ сезгандим. – Ҳозир овқат тайёр бўлади. Қайтиб келганлигингиздан хурсандман. Сиз менинг энг яхши дўстимсиз, менинг қуролдош биродаримсиз.
– Қуролдош дўстлар қачон овқатланишади? – сўрадим.
– Ҳозир. Яна бир марта сизнинг жигарингиз учун ичиб олайлик.
– Нима, бу авлиё Павелданми?
– Топмадингиз. У ерда вино ва қорин бор эди. Қориннинг нафи учун вино тановул қилингиз.
– Нима десангиз, шу, – дедим. – Нима десангиз, шунга ичамиз.
– Сизнинг азизангиз учун, – деди Ринальди. У ўз стаканини кўтарди.
– Хўп.
– Мен у ҳақда бошқа бир оғиз ҳам ёмон гапирмайман.
– Ўзингизни қийнаманг.
У коньякни охиригача ичди.
– Менинг юрагим тоза, – деди у. – Мен ҳам сизга ўхшайман, бэби. Мен ҳам бир инглиз қизни топиб оламан. Шуниси ҳам борки, сизнинг қизингиз билан мен биринчи бўлиб танишган эдим, лекин бўйи менга баландлик қилди. Ва бўйдор қиз бўлур ҳамширам, – деб ўқиди у.
– Сиз қўй оғзидан чўп олмагансиз, – дедим.
– Рост-а? Шунинг учун ҳам мени озода Ринальди деб аташади-да.
– Озода, сассиқ Ринальди.
– Ҳай, майли, бэби, овқатга кетдик, бемаза бўлмасдан туриб овқатланиб олайлик.
Мен ювиндим, сочларимни тузатдим ва биз яна пастга тушдик. Ринальди сархуш эди. Емакхонада овқат ҳали тайёр эмасди.
– Бориб коньяк олиб келаман, – деди Ринальди. У юқорига чиқиб кетди. Мен столга ўтирдим, у шиша кўтариб қайтиб келди, менга ва ўзига ярим стакандан коньяк қуйди.
– Кўп бўлиб кетди, – дедим ва стаканни кўтариб, стол ўртасида турган чироқнинг ёруғига солиб кўрдим.
– Оч қоринга унча кўп эмас. Қурмағур топилмас нарса-да. Ичингни бутунлай ёндириб юборади-я. Сизга бундан ёмонроғини топиб бўлмайди.
– Бўларича бўлди.
– Ўз-ўзингни мунтазамлик билан нуратиб бориш, – деди Ринальди. – Қоринни ишдан чиқаради ва қўлни қалтироқ қилади. Жарроҳ учун бундан зўрроғи бўлиши мумкин эмас.
– Шундан ич демоқчимисиз?
– Фақат шундан. Бошқасини ўзим ҳам ичмайман.
Буни ютиб олинг-да, бэби, касал бўлишга тайёрланинг.
Мен ярмини ичдим. Йўлакда вестовойнинг: «Мастава! Мастава тайёр!» – деган овози эшитилди.
Майор кирди, бизга бош силкиб, ўтирди. Столга ўтирганда у жудаям кичкина кўриниб кетди.
– Бошқа ҳеч ким йўқми? – сўради у. Вестовой унинг олдига идишда мастава қўйди ва майор дарҳол ўз ликопчасини тўлдириб олди.
– Йўқ, – деди Ринальди. – Балки кашиш келиб қолмаса. Федерико қайтганини билса, албатта келган бўларди.
– У қаерда? – сўрадим мен.
– Уч юз еттида, – деди майор. У мастава ичиш билан банд эди. У тепага қайрилган оқариб кетган мўйловларини яхшилаб тозалади, оғзини артди. – Келса керак. Мен у ерда бўлиб, сизни келди деб хат қолдириб келган эдим.
– Олдин ошхона гавжумроқ эди, – дедим.
– Ҳа энди жимжит бўлиб қолди, – деди майор.
– Ҳозир мен тўполон қиламан, – деди Ринальди.
– Винодан ичинг, Энрико, – деди майор. У менинг стаканимни тўлдириб қўйди. Спагетти келтиришди ва ҳаммамиз овқат билан машғул бўлдик. Кашиш кириб келганда биз спагеттини еб тамомлаёзган эдик. У аввалгидан ўзгармаган, ҳамон ўшандай кичкина, ўшандай қорача ва ўшандай бардам эди. Мен ўрнимдан турдим ва биз бир-бировимизнинг қўлларимизни сиқдик. У қўлини елкамга қўйди.
– Мен эшитган заҳотим келдим, – деди у.
– Ўтиринг, – деди майор. – Сиз кечикдингиз.
– Хайрли кеч, отахон, – деди Ринальди.
– Хайрли кеч, Ринальди, – деди кашиш. Вестовой унга мастава олиб келди, лекин у спагеттидан бошлашини билдирди.
– Соғлигингиз тузукми? – сўради у мендан.
– Жуда яхши, – дедим. – Нима янгиликлар бор?
– Вино ичинг, отахон, – деди Ринальди, – қурсоқнинг нафига вино тановул қилингиз. Бу авлиё Павелдан-ку, биласизми?
– Ҳа, биламан, – деди кашиш одоб билан. Ринальди унинг стаканига тўлдириб қуйди.
– Хўп қизиқ авлиё экан-да, бу Павел! – деди Ринальди.
– Ҳамма ғавғо, тўполонга ўша сабабчи.
Кашиш менга қараб илжайди. Унинг майнабозчиликларга аҳамият бермай қўйганлигини кўрдим.
– Хўп қизиқ авлиё экан-да, Павел, – деди Ринальди. – Ўзи айғир ва модабоз бўла туриб, кучи етмай қолгандан кейин буларни гуноҳ деб эълон қилганини қаранг. Ўзининг қўлидан ҳеч иш келмай қолгандан кейин бошқа кучга тўлган одамларни насиҳат йўлига сола бошлади. Шундайми, Федерико?
Майор кулимсиради. Биз бу пайтда қовурдоқ емоқда эдик.
– Мен кун ботгандан кейин сира ҳам авлиёларни танқид қилмайман, – дедим. Кашиш овқатдан бошини кўтариб, менга жилмайди.
– Мана энди у ҳам домланинг ёнини оляпти, – деди Ринальди. – Қани ҳамма эски ҳазилкаш қадрдонлар? Кавальканти қани? Брунди қани? Чезаре қани? Нима мен бу шўринг қурғур домлани бир ўзим ҳеч қандай мададсиз жаҳлини чиқаравераманми?
– У яхши руҳоний, – деди майор.
– У яхши руҳоний, – деди Ринальди. – Лекин барибир руҳоний. Мен ошхонада илгаригидай гаплар бўлишини истай-ман. Мен Федерико хурсанд бўлсин дейман. Боринг-е, билганингизни қилинг, домла!
Мен майор унга қараётганини, унинг мастлигини билганини кўрдим. Унинг ориқ юзи докадай оқариб кетганди. Сочлари оппоқ манглайида қоп-қора бўлиб кўринарди.
– Майли, Ринальди, – деди кашиш. – Майли.
– Жин урсин сизларни! – деди Ринальди. – Умуман барини жин урсин! – у стул суянчиғига ясаниб олди.
– У кўп ишлади, чарчаб қолди, – деди майор менга қарата. Тўшни еб бўлгач, бир бурда нон билан ликопчадан қайлани сидириб олди.
– Қани эди ҳаммангизга тупурсам, – деди Ринальди столга қараб. – Умуман, ҳаммасини жин урсин! – у атрофга еб қўйгудай бўлиб бир-бир қараб чиқди, кўзлари хира тортган, юзи оқариб кетганди.
– Хўп, – дедим мен. – Ҳаммани жин урсин!
– Йўқ, йўқ, – деди Ринальди. – Мумкин эмас. Мумкин эмас. Мумкин эмас, деяпман сизга. Зулумот ва бўшлиқ, шундан бошқа ҳеч нарса йўқ. Эшитяпсизми, ҳеч нарса йўқ. Ҳеч вақо. Мен ишламаган пайтимдан буни биламан.
Кашиш бошини чайқаб қўйди. Вестовой қовурдоқни олиб кетди.
– Нега сиз гўшт тановул қиляпсиз? – Ринальди кашишга ўгирилди. – Бугун жума эканлигидан хабарингиз йўқми?
– Бугун пайшанба, – деди кашиш.
– Алдамчилар. Бугун жума. Сизлар масиҳонинг этини тановул қилмоқдасиз. Мен биламан. Бу австрис ўлаксаси. Сиз шуни еб ўтирибсиз.
– Оқ гўшт – офицер гўшти, – дедим мен эски бир ҳазилни эслаб.
Ринальди кулиб юборди. У ўз стаканини тўлдирди.
– Менга қулоқ солманглар, – деди у. – Мен сал девонароқ бўлиб турибман.
– Сиз таътилга чиқишингиз керак, – деди кашиш.
Майор, аччиқ билан бошини чайқади. Ринальди кашишга тикилди.
– Сизнингча, мен таътилга чиқишим керакми?
Майор кашишга қараб таъна қилгандай бошини чайқарди. Ринальди ҳам кишишга қараб турарди.
– Ўзингиз биласиз, – деди кашиш. – Истамасангиз, кераги йўқ.
– Ҳаммангизни жин урсин! – деди Ринальди. – Улар мендан қутулишмоқчи. Ҳар куни кечқурун улар мендан қутулмоқчи бўлишади. Мен кучим етганча қарши турибман. Нима бўлибди мендаги ушбу бўлса? Ушбу ҳаммада бор. Бу бутун оламда бор. Аввало, – деди у лекторлар оҳангида, – бу майда учуқ. Кейин биз кўкрагимизга қизил тошганини кўрамиз. Кейин биз ҳеч нарсани кўрмаймиз. Бизнинг бутун умидимиз симобдан.
– Ёки сальварсандан, – вазмин уни бўлди майор.
– Симобдан бўлган дори, – деди Ринальди. У энди жуда ҳам кўтаринки товуш билан сўзлай бошлади. – Мен булардан кўра яхшироқларини биламан. Қадрдон, муҳтарам отахон, – деди у, – сизда ҳеч қачон бу бўлмайди. Бэбида эса бўлади. Бу корхонадаги авария.
Вестовой десерт билан қаҳва келтирди. Ширинликка майиз, тухум ва яна алланималар солинган қуюқ ичимлик берди. Чироқ сасир экан, қурум шишага ўтириб қолмоқда эди.
– Шам беринглар, манави чироқни олиб кетинг, – деди майор.
Вестовой, иккита ёқилган шам келтирди, шам тақсимчаларга ёпиштириб қўйилган эди. У чироқни олиб йўлакай пуфлаб ўчирди. Ринальди тинчланди. У бутунлай ўзига келгандай эди. Ҳаммамиз гаплашиб ўтирдик, қаҳвадан сўнг ташқарига чиқдик.
– Хўп, мен шаҳарга боришим керак, – деди Ринальди.
– Тунингиз хайрли бўлсин, отахон.
– Хайрли тун, Ринальди, – деди кашиш.
– Ҳали кўришамиз, Фреди, – деди Ринальди.
– Ҳа, – дедим. – Барвақтроқ келинг.
У башарасини бужмайтирди-да, чиқиб кетди. Майор биз билан ёнма-ён турарди.
– У қаттиқ чарчаб қолди, асаблари жуда ўйнаб кетган, – деди у. – Бунинг устига ўзини сўзакка йўлиққанман деб ўйлайди. Бўлса бордир, яна билмадим. У сўзакдан даволаняпти. Хайрли тун, Энрико. Сиз азонда жўнайсизми?
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?