Текст книги "Алвидо, қурол"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 19 страниц)
ИККИНЧИ КИТОБ
Ўн учинчи боб
Миланга эрта азонда етиб келдик, бизни юк станциясида туширишди. Санитар автомобили мени Америка госпиталига олиб келди. Автомобиль ичида замбилда ётарканман, қайси кўчалардан бораётганлигимизни аниқлай олмадим, лекин замбилни кўтариб туширишганда, мен бозор майдонини ва емакхонанинг очиқ эшигини, ундан ахлат супуриб чиқаётган қизни кўрдим. Кўчага сув сепишмоқда эди, тонг нафаси анқирди. Санитарлар замбилни ерга қўйиб, ичкарига кириб кетишди. Кейин улар эшик қоровул билан қайтиб келишди. Эшик қоровул соқоли оқарган, бош кийимига заррин жияк таққан, лекин уқалари йўқ эди. Замбил лифтга сиғмади ва улар мени замбилдан олиб лифтда кўтарилган маъқулми ёки зинадан замбилда олиб чиққан дурустми, ҳал қилолмай, тортишиб қолишди. Мен баҳсга қулоқ солиб ётардим. Лифтда олиб чиқадиган бўлишди. Мени замбилдан кўтара бошлашди.
– Секинроқ, секинроқ, – дедим мен. – Эҳтиёт бўлинглар.
Кабинанинг ичи тор эди, оёғим букилиб, қаттиқ оғриб кетди.
– Оёғимни тўғрилаб қўйинглар, – дедим.
– Мумкинмас, signor tenente. Жой етишмайди.
Бу гапни айтган одам бир қўли билан мени суяб турарди, унинг бўйнидан қучоқлаб олдим. Ундан саримсоқнинг димоқни ёрадиган ҳиди билан қизил винонинг иси келарди.
– Секинроқ, ҳой, – деди бошқа санитар.
– Нима мен, секин қилмаяпманми?
– Секинроқ деяпман сенга, – деди яна бояги оёғимдан ушлаб турган.
Кабина эшиги ёпилиб, панжара тушганини ва қоровул тўртинчи қаватнинг тугмасини босганлигини кўрдим. Қоровулнинг юзи ташвишли эди. Лифт оҳиста юқорига кўтарила бошлади.
– Оғирми? – сўрадим оғзидан саримсоқ ҳиди анқиётган кишидан.
– Ҳечқиси йўқ, – деди у. Унинг юзи терчиган, ўзи инқиллаб қолганди. Лифт борган сари юқорилаб, ниҳоят тўхтади. Оёғимни ушлаб турган одам эшикни очиб, ташқарига юрди. Биз майдончага чиқдик. Майдончага бир нечта мис тутқичли эшик қараган эди. Оёғимдан тутиб турган одам тугмани босди. Биз эшик нариёғида қўнғироқ жиринглаганини эшитдик. Ҳеч ким жавоб бермади. Сўнг зинадан қоровул кўтарилди.
– Булар қаёқда? – сўрашди санитарлар.
– Билмайман, – деди қоровул. – Улар пастда ухлашяпти.
– Биронтасини чақиринг.
Қоровул қўнғироқ чалди, сўнг тақиллатди, кейин эшикни очиб, ичкарига кирди. У қайтганида орқасида кўзойнакли кексароқ аёл ҳам бор эди. Унинг сочлари тўзғиган, турмаги бузилганди, у шафқат ҳамшираси кийимида эди.
– Мен тушунмайман, – дерди у. – Мен италянчани тушунмайман.
– Мен инглизчани биламан, – дедим мен. – Мени бирон ерга жойлаштириш керак.
– Биронта ҳам палата тайёр эмас. Биз ҳали ярадорлар келади, деб ўйламовдик.
У сочларини тартибга солишга уринар, менга кўзи яхши ўтмайдиган одамларга ўхшаб кўриб-кўрмай қарарди.
– Мени қаерга қўйишсин, кўрсатинг.
– Билмайман, – деди у. – Ҳеч кимни кутмовдик. Сизни қаерга тўғри келса, шу ерга ётқизолмайман.
– Қаерга бўлса ҳам майли, – дедим мен. Кейин қоровулга италянчалаб айтдим: – Бўш хона топинг.
– Ҳаммаси бўш, – деди эшик қоровул. – Сиз бу ерга келган биринчи ярадорсиз. – У бош кийимини қўлига олганча, ўрта ёшлардаги ҳамширага қараб турарди.
– Бало бўлмайдими, бирон жойга ётқизсанглар-чи, мени! – Букилган оёқларимда оғриқ зўраймоқда, суяк-суягимдан ўтиб бормоқда эди. Қоровул сочлари оқарган ҳамшира билан қаергадир ғойиб бўлди, сўнг тез қайтиб келди.
– Орқамдан юринглар, – деди у. Мени узун йўлакдан суяб боришиб, дарпардалари туширилган хонага олиб киришди. Хонадан янги жиҳозлар ҳиди келарди. Девор олдида каравот, бурчакда катта тошойна турарди. Мени каравотга ётқизишди.
– Чойшаб беролмайман, – деди аёл, – ҳаммаси қулфлоғлик.
У билан ади-бади қилиб ўтирмадим.
– Чўнтагимда пул бор, – дедим қоровулга. – Тугмаси қадалган чўнтагимда.
Қоровул пулни олди. Ҳар иккала санитар ўрним олдида шапкаларини ушлаганча туришарди.
– Икковларига ҳам беш лирдан беринг, беш лирни ўзингиз олинг. Қоғозларим бошқа чўнтакда. Уларни ҳамширага олиб беринг.
Санитарлар қўлларини чаккаларига қўйиб раҳмат айтишди.
– Хайр, – дедим мен. – Сизга ҳам катта раҳмат.
Улар яна бир карра қўлларини чаккаларига қўйиб, кетишди.
– Мана, – дедим ҳамширага, – бу менинг варақам ва касаллик тарихим.
Аёл қоғозларни олиб, уларга кўзойнакдан боқди. Қоғозлар учта бўлиб, тахлаб қўйилганди.
– Нима қилишимни ҳам билмайман, – деди у. – Мен италянча ўқишни билмайман. – Мен врач кўрсатмаси бўлмаса ҳеч нарса қилолмайман. – У йиғлаб юборди ва қоғозларни этагининг чўнтагига солди. – Сиз америкаликмисиз? – сўради у кўз ёши аралаш.
– Ҳа. Қоғозларни каравот олдидаги столча устига қўя қолинг.
Хона ғира-шира қоронғи ва салқин эди. Каравотдан жавоннинг катта ойнаси кўзга ташланар, лекин унда нима акс этаётгани кўринмасди. Қоровул каравот оёғида туриб қолди. Унинг ўктам чеҳраси оқкўнгил киши эканидан далолат берарди.
– Кетаверсангиз ҳам бўлади, – дедим унга. – Сиз ҳам, – дедим ҳамширага. – Исмингиз нима?
– Миссис Уокер.
– Бораверинг, миссис Уокер. Мен ухлаб олмоқчиман.
Хонада ёлғиз қолдим. У салқин эди, касалхонанинг ҳиди келмасди. Тўшак қаттиқ ва ётиш учун қулай эди, мен қимир этмай, деярли нафас ҳам олмай, оғриқ қолаётганидан суюниб ётардим. Бир оз ўтгач, чанқадим, бош томонимда қўнғироқ тугмасини топиб, босдим, лекин ҳеч ким келмади. Ухлаб қолдим.
Уйғонгач, атрофга назар солдим. Дераза қанотлари орасидан офтоб нури тушиб турарди. Кўзим катта гардеробга, қуруқ деворлару иккита курсига тушди. Докалари кир бўлиб кетган оёқларим ёғочга ўхшаб чиқиб турарди. Уларни қимирлатмасликка ҳаракат қилардим. Томоғим қуруқшаб кетганди, мен қўнғироқ тугмасини босдим. Эшик очилганини эшитдим ва кечаги эмас, бошқа ҳамширани кўрдим. У менга ёш ва ёқимтойгина бўлиб кўринди.
– Хайрли тонг, – дедим мен.
– Хайрли тонг, – деди у ва каравотга яқин келди. – Доктор чақиролмадик. У Комога кетган экан. Биз бугун одам келтиришларини билмовдик. Сизга нима қилган?
– Яраланганман. Иккала тиззам ва товонларим, бошимга ҳам теккан.
– Исмингиз нима?
– Генри, Фредерик Генри.
– Сизни ҳозир ювинтириб қўяман. Аммо доктор келмагунча ярангизни ечолмаймиз.
– Айтинг-чи, мисс Баркли шу ердами?
– Йўқ. Бизда унақаси йўқ.
– Мени обкелишганда йиғлаган хотин ким эди?
Ҳамшира кулиб юборди:
– У миссис Уокер. У кечаси навбатчилик қилиб ухлаб қолибди. Ҳозир ҳеч ким келмайди, деб ўйлабди.
Гап орасида у уст-бошимни ечиб олди, боғлардан бошқа ҳамма нарсани ечиб бўлгач, мени эпчиллик билан ювинтира бошлади. Ювингач, жуда енгил тортдим. Бошим боғлаб ташланган эди, лекин у бойлоғлиқ жойларнинг четини гир айлантириб ювиб чиқди.
– Қаерда ярадор бўлдингиз?
– Плавадан шимолроқда. Изонцода.
– Қаерда у?
– Горициядан шимолроқда.
Бу номлардан у ҳеч нима тушунмаётганлигини кўриб турардим.
– Қаттиқ оғрияптими?
У оғзимга ҳарорат ўлчагич қўйди.
– Италянлар қўлтиққа қўйишади, – дедим.
– Гаплашманг…
У оғзимдан асбобни олиб, ҳароратни кўрди-да, шу заҳоти силкитиб ташлади.
– Ҳарорат қанча?
– Сиз билмаслигингиз керак.
– Айтинг, қандай?
– Деярли ўртача.
– Ҳеч қачон иссиғим кўтарилган эмас. Ваҳоланки оёғимда эски темир тиқилиб ётибди.
– У нима деганингиз?
– Оёғимда мина парчалари ҳам, занглаган михлар ҳам, каравотнинг симлари ҳам, барча лаш-лушдан бор.
У бошини чайқаб, жилмайди.
– Агар оёғингизда озгина бошқа нарса бўлганида ҳам, яллиғланиб кетиб, иссиғингиз кўтарилган бўларди.
– Мана кўрамиз, – дедим, – операцияда оёғимдан нималар олишаркин.
У хонадан чиқиб, кечаси навбатчилик қилган кекса ҳамшира билан қайтиб келди. Икковлашиб, мени ўрнимдан турғизмасдан, чойшаб тўшаб беришди. Бунақасини биринчи кўришим эди, жуда боплаб бажаришди.
– Госпиталнинг мудири ким?
– Мисс Ван-Кампен.
– Ҳамширалар нечта?
– Фақат икковимиз.
– Бошқа ҳеч ким йўқми?
– Яна келишлари керак.
– Қачон?
– Билмайман. Бемор ҳамма нарсага қизиқавермаслиги керак.
– Мен бемор эмасман, – дедим. – Мен ярадорман. Улар ўринни тўғрилаб бўлишди, энди мен чиннидай тоза чойшабда ётар, устимга ҳам худди шундай бошқаси ёпилган эди. Миссис Уокер чиқиб кетдида, пижама кўтариб, қайтиб келди. Пижамани менга кийдиришди ва мен ўзимни кийинган, жуда озода бўлгандек ҳис қилдим.
– Жудаям эркалаб юбординглар, – дедим мен. Исми мисс Гэйж бўлган ҳамшира кулимсиради. – Менга сув беролмайсизларми?
– Марҳамат. Кейин овқатланиш ҳам мумкин.
– Овқат егим келмаяпти. Мумкин бўлса, дарпардаларни кўтариб қўйилса.
Хона ғира-шира эди. Дарпардаси очилгач, у оппоқ офтоб нури билан тўлди, кўзим айвонга, айвон оша томларнинг черепицалари ва мўриларига тушди. Томлар узра қараб парқув булутларни, ложувард осмонни кўрдим.
– Бошқа ҳамширалар қачон келишини билмайсизми?
– Нима қилди? Биз яхши қаролмаяпмизми?
– Жудаям илтифотли экансизлар.
– Балки сизга тиргак керакдир?
– Майли.
Улар мени суяб кўтаришди ва шу ҳолатда бир оз ушлаб туришди, аммо бунинг нафи тегмади. Кейин мен ётган кўйим очиқ эшикдан айвонга термилиб ётдим.
– Доктор қачон келади?
– Қайтиши билан. Биз телефонда Комога қўнғироқ қилдик, етиб келсин деб.
– Бошқа врачлар йўқми?
– У госпиталимизнинг врачи.
Мисс Гэйж сув солинган графин билан стакан олиб келди. Мен уч стакан ичдим, кейин улар кетишди, мен яна аллавақтгача деразага тикилиб ётиб, сўнг ухлаб қолдим. Иккинчи нонуштани едим, нонуштадан сўнг олдимга мудира мисс Ван-Кампен кирди. Мен унга ёқмадим, у ҳам менга ёқмади.
У паканадан келган, ҳар нарсадан шубҳаланаверадиган, ғоятда кибр-ҳаволи аёл экан. У менга бир талай саволлар берди, афтидан, италян қўшинида хизмат қилишни уят санарди.
– Тушликка вино олсам ҳам бўладими? – сўрадим ундан.
– Врач ижозат берсагина.
– У келгунча иложи йўқми?
– Мутлақо.
– Сизнингча, у келиб қолармикин?
– Унга телефонда айтишган.
У кетгач, хонага мисс Гэйж кирди.
– Нега мисс Ван-Кампенга қўпол муомала қилдингиз? – сўради у менинг барча юмушларимни саранжомлаб бўлгач.
– Ундай қилмоқчи эмасдим, бироқ у жуда бурни танқайган хотин экан.
– У сизни ҳар нарса сўрайверади, қўпол, деб айтди.
– Ҳеч-да. Бироқ, рост-да ўзи, врачсиз госпитал ҳам бўлармишми?
– У келиб қолади. Унга, Комога телефон қилдик.
– У ерда нима қилади? Кўлда чўмиладими?
– Йўқ. У ерда касалхонаси бор.
– Нега бўлмаса бошқа врач олишмайди?
– Ж-жим. Жим. Ақлли бола бўлинг, у ҳадемай келиб қолади.
Мен қоровулни чақириб беришни сўрадим, у келган эди, унга италянчалаб вино дўконидан бир шиша чинцано, бир фляга кьянти билан оқшомги газета келтириб беришни сўрадим. У айтганимдан қилиб, шишаларни газетага ўраб олиб келди, газетани очди, илтимос қилган эдим, шишаларнинг оғзини очди-да, каравот остига қўйди. Шундан кейин олдимга ҳеч ким келавермади, мен ўринда ётганча газета ўқишга тушдим, фронт хабарларини, ҳалок бўлган офицерларнинг рўйхатини, улар олган мукофотларни кўриб чиқдим, сўнг қўлимни пастга юбориб, чинцано шишасини топдим-да, муздек таг томонини қорнимга қўйиб, ҳўплай-ҳўплай ича бошладим, ҳар ҳўпламдан сўнг шишани яна қорнимга қўяр, ҳар сафар қорнимга унинг излари тушиб қолар, ўзим эса шаҳар томлари узра осмоннинг тобора қорайиб боришига термилиб ётардим. Томлар устида қалдирғочлар ва тунги қирғийлар учиб юришарди, мен уларнинг учишига маҳлиё бўлиб, чинцано ичардим. Мисс Гэйж менга стаканда гоголь-моголь олиб келди. У кириши биланоқ, шишани каравот тагига тиқдим.
– Мисс Ван-Кампен бунга озгина херес қўшишни буюрди, – деди у. – Унга қаттиқ гапирманг. Анча ёшга бориб қолган, госпиталга мудирлик қилишнинг ўзи бўлмайди, масъулияти катта. Миссис Уокер жуда қариб қолган, ёрдами тегишидан тегмаси кўпроқ.
– У ажойиб хотин экан, – дедим мен, – менинг номимдан раҳмат деб қўйинг.
– Сизга ҳозир кечлик овқат обкеламан.
– Керакмас, – дедим. – Оч қолганим йўқ.
У патнис келтириб, ўрин олдидаги столчага қўйди, миннатдорчилик билдириб, тотингандай бўлдим. Кейин бутунлай қоронғи тушди, осмонда прожекторларнинг нури изғиб қолди. Мен бирмунча вақт уларни кузатиб турдим, сўнг ухлаб қолибман. Тош қотиб ухлабман, лекин бир марта қўрқувдан қора терга ботиб уйғониб кетдим, кейин ҳозиргина кўрган қўрқинчли тушни қайта кўрмасликнинг пайида бўлиб, яна ухлаб қол-дим. Мен яна ҳали тонг отмасдан бурун уйғондим, хўрозларнинг қичқиришларига қулоқ солиб, тонг ёришгунча ухлолмай ётдим. Уйқум келмай ётавериб, ҳолдан тойдим ва саҳар пайти яна уйқуга толдим.
Ўн тўртинчи боб
Кўзимни очсам, хона қуёш нурига тўлган эди. Ўзимни фронтда тургандай ҳис қилдим ва ғоз турмоқчи бўлдим. Оёқларим сирқираб кетди, шунда уларга қараб, кир докаларни кўргач, қаердалигимни эсладим. Мен қўнғироққа бўй чўзиб, тугмасини босдим. Даҳлизда жаранглаган овоз эшитилди ва таги резина пойабзалда аллаким юмшоқ қадам ташлаб ўтди. Бу мисс Гэйж эди; офтобнинг ёрқин нурларида унинг ёши ўтинқирагандай, ўзи ҳам мундайроқдай бўлиб кўринди.
– Хайрли эрта, – деди у. – Яхши ётиб турдингизми?
– Яхши, раҳмат, – дедим. – Сартарош чақиришнинг иложи бўлмасмикин?
– Мен олдингизга кирувдим, сиз қўлингизда манови билан ухлаб ётган экансиз.
У жавонни очиб менга чинцано шишасини кўрсатди. Шиша деярли бўшаб қолганди.
– Мен каравот тагидаги бошқа шишани ҳам у ерга қўйдим, – деди у.
– Нега мендан стакан сўрай қолмадингиз?
– Мен ичишга йўл қўймайсиз, деб қўрқдим.
– Балки бирга ичишган бўлармидим.
– Ана бу зўр гап бўлди.
– Сизга ёлғиз ичиш зиён қилади, – деди у. – Ҳеч қачон бундай қилманг.
– Бошқа қилмайман.
– Сиз айтган мисс Баркли келди, – деди у.
– Ростданми?
– Ҳа. У менга ёқмади.
– Кейин ёқиб қолади. У жуда ҳам ажойиб. – У бошини сарак-сарак қилиб қўйди. – Унинг ажойиблигига шубҳам йўқ. Сиз сал берироқ сурилиб туролмайсизми? Ана, жуда соз. Сизни нонуштагача саранжомсаришта қилиб қўяман. – У мени латта, совун ва илиқ сув билан ювинтира бошлади. – Қўлингизни кўтариб юборинг-чи, – деди у. – Ана, жуда соз.
– Сартарош нонуштагача келиб кетолмасмикин-а?
– Ҳозир қоровулга айтаман. – У чиқиб кетиб, тезда қайтиб келди. – Қоровул чақиргани кетди, – деди у ва латтачасини тосда ҳўллаб олди.
Сартарош қоровул билан кириб келди. Сартарош элликларга борган, шопмўйлов киши эди. Мисс Гэйж ўз ишини тугатиб чиқиб кетди, сартарош чаккаларимга совун суртиб, соқолимни ола бошлади. У ўз ишини намойишкорона суратда, лом-мим демай адо этарди.
– Оғзингизга сув олганмисиз? Янгиликлардан сўйланг, – дедим.
– Қандай янгиликлар?
– Қандай бўлса ҳам барибир. Шаҳарда нима гаплар?
– Уруш вақти, – деди у. – Душманнинг ҳар ерда қулоғи бор.
Мен унга ўгирилиб қарадим.
– Бошингизни қимирлатмай туринг, – деди у ва соқол олишда давом этди. – Мен ҳеч нарса айтмайман.
– Э, сизга нима бўлган ўзи? – сўрадим мен.
– Мен италияликман. Мен душман билан гаплашиб ўтирмайман.
Зўрлаб ўтирмадим. Телбакезикроқ экан, устарасини тезроқ бўйнимдан олса, шунча яхши. Бир сафар уни тузукроқ кўриб олмоқчи бўлдим. – Эҳтиёт бўлинг, – деди у. – Устара ўткир.
Соқолни олиб бўлгач, ҳақини тўлаб, чойчақа деб ярим лира қўшиб узатдим. У пулни қайтарди.
– Мен олмайман. Мен фронтда эмасман. Лекин мен италияликман.
– Йўқолинг кўзимдан!
– Ижозатингиз билан, – деди у ва устараларини газетага ўради. У беш дона мис тангани столчада қолдириб кетди. Қўнғироқ чалдим. Мисс Гэйж кирди.
– Барака топинг, менга қоровулни чақириб беринг.
– Хўп бўлади.
Қоровул келди. У ўзини зўрға кулгидан тутиб турарди.
– Нима, бу сартарош жинни бўлиб қолганми?
– Йўқ, signorino. Англашилмовчилик. Менинг гапимни яхши эшитмай, сизни австрис офицери деб ўйлабди.
– О, худо, – дедим мен.
– Хо-хо-хо, – хахолади эшик қоровул. – Ана ҳангома! «Қимир этсин-чи», дейди, «мен унинг!..» – Эшик қоровул қўли билан бўйнини кесиб кўрсатди. – Хо-хо-хо! – У ўзини кулгидан тўхтатолмасди. – Унга сизнинг австрис эмаслигингизни айтсам денг? Хо-хо-хо!
– Хо-хо-хо, – дедим жаҳлим чиқиб. – Ҳиқилдоғимдан шарт кесиб ташласа тоза ҳангома бўларди, а. Хо-хо-хо.
– Ундаймас, signorino. Йўқ, йўқ. У сизни австрис деб, ўлардай қўрқиб кетибди. Хо-хо-хо!
– Хо-хо-хо, – дедим мен. – Йўқолинг кўзимдан.
У чиқиб кетди, эшик орқасидан ҳамон унинг хахолагани эшитиларди. Мен йўлакда кимнингдир қадам товушларини эшитдим. Эшикка ўгирилиб қарадим. Бу Кэтрин Баркли эди.
У хонага кириб, ўрин олдига келди.
– Салом, азизим! – деди у. Унинг чеҳраси гул-гул очилган, жуда чиройли эди. Мен ҳеч қачон бундай чиройли чеҳрани кўрмаганман, деб ўйладим.
– Салом! – дедим. Уни кўрганим замон, ошиқ бўлиб қолганимни англадим. Менда ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетди. У эшикка қараб қўйиб, ҳеч ким йўқлигини кўрди. Шунда у каравотнинг четига ўтириб, энгашди ва мени ўпди. Мен уни бағримга тортдим ва ўпдим, унинг юраги гупиллаб урмоқда эди.
– Жонгинам, – дедим. – Келганингиз қандоқ яхши бўлди.
– Келиш қийин бўлмади. Қолиш, эҳтимолки, қийинроқ бўлар.
– Сиз қолишингиз керак, – дедим мен. – Сиз ажойибсиз. – Мен девона бўлиб кетдим. – Унинг бу ердалигига ҳамон ишонмасдим, шунинг учун бағримга қаттиқ босиб олган эдим.
– Керакмас, – деди у. – Ҳали соғайиб кетганингиз йўқ.
– Соғман. Кел, олдимга.
– Йўқ. Ҳали мадорга кирмагансиз.
– Шунақа. Мадорим жойида. Ке.
– Сиз мени севасизми?
– Мен сени жуда севаман. Мен девона бўлиб қоламан. Кела қолсанг-чи.
– Юрагим қандай уряпти, эшитяпсизми?
– Юрагингни қўй. Ўзингни хоҳлайман. Ақлдан озяпман.
– Сиз мени ростдан севасизми?
– Бу ҳақда бошқа гапирма. Кела қол. Эшитяпсанми? Ке, Кэтрин.
– Хўп, майли, фақат бир дақиқага.
– Хўп, – дедим. – Эшикни ёп.
– Мумкинмас. Ҳозир мумкинмас.
– Ке. Ҳеч нарса дема. Кела қол.
Кэтрин каравот олдидаги креслода ўтирарди. Йўлакка чиқадиган эшик очиқ эди. Бирмунча ўзимга келдим, умримда жоним бунчалар фароғатда бўлган бошқа бир дамни эслолмайман. У сўради:
– Сени севишимга энди ишонасанми?
– Сен менинг азизамсан, – дедим. – Сен шу ерда қоласан. Сени бошқа ерга юборишмайди. Сени шунчалар яхши кўраманки, телба бўлиб қоляпман.
– Биз жудаям қаттиқ эҳтиёт бўлайлик. Биз бутунлай бошимизни йўқотиб қўйдик. Бундай мумкинмас.
– Кечаси мумкин.
– Биз жудаям қаттиқ эҳтиёт бўлайлик. Бегоналар олдида сен эҳтиёт бўлишинг керак.
– Эҳтиёт бўламан.
– Эҳтиёт бўлишинг шарт. Сен яхшисан. Сен мени яхши кўрасан, а?
– Гапирма бу ҳақда. Бўлмаса сени қўйиб юбормайман.
– Хўп, бошқа гапирмайман. Сен мени қўйиб юборишинг керак. Мен боришим керак, жоним, рост.
– Дарров қайтиб кел.
– Имкони бўлиши билан қайтиб келаман.
– Кўришгунча.
– Кўришгунча, қўзим.
У чиқди. Худо шоҳид, мен уни яхши кўрмоқчи эмасдим. Мен ҳеч кимни севишни истамовдим. Лекин, Худо шоҳид, мен севиб қолдим, мен Милан госпиталида каравотда ётибман-у, бошимда минг турли хаёл ғувиллайди, ўзимни хурсандликдан кўкларда кўраман, шунда ниҳоят хонага мисс Гэйж киради.
– Доктор келаркан, – деди у. – У Комодан қўнғироқ қилди.
– Қачон бу ерда бўларкан?
– У кечқурун келади.
Ўн бешинчи боб
Кечга довур ҳеч нима рўй бермади. Доктор ювошгина ориққина одам экан, худди уруш уни издан чиқарганга ўхшаб кўринади. У назокатли, инжа бир жирканиш билан сонимдан бир нечта майда пўлат парчаларини чиқариб олди. У оёғимнинг айрим жойларини оғриқсизлантириб ўзининг тили билан айтганда, «музлатиб» қўйди, натижада тиғ ёки наштар урилган маҳалда қотиб, ёғоч бўлиб қолган жойдан пастроққа тегмагунча, оғриқ сезилмасди. Жонсизланган баданнинг чегарасини аниқ билса бўларди, кўп ўтмай докторнинг назокатидан асар ҳам қолмади ва у яхшиси, рентген қилдириш керак, пайпаслаб билиб бўлмаяпти, деди.
Рентген кабинети ospedale maggloreда2626
Бош госпиталь (итал.).
[Закрыть] бўлиб, рентген қилувчи доктор сершовқин, чаққон ва қувноқ одам экан. Даволанувчини елкасидан тутиб турганларидан, у танасидаги барча каттароқ чет жисмларни бемалол кўриб турарди. Тасвирларни кейин юборишар экан. Доктор ўзининг қўйиндафтарчасига исмим, полким ва яна хотира учун бирор нарса ёзиб беришимни сўради. У барча чет нарсаларни ярамас, жирканч, расво деб эълон қилди. Австрислар бетамиз болалар. Қанча одам ўлдирдим? Мен биронта ҳам одам ўлдирмовдим, лекин унга хуш ёқадиган бирон гап айтиш ниятида, мен ўлдирган австрисларнинг сон-саноғи йўқ, дедим. Мен билан бирга мисс Гэйж борган эди, доктор унинг белидан қучоқлади-да, сиз Клеопатрадан ҳам гўзалроқсиз, деди. Тушунарлими? Клеопатра, собиқ Миср маликаси. Ҳа, у Клеопатрадан гўзалроқ. Санитар машина билан яна госпиталимизга олиб келиб қўйди, бир оз муддатдан сўнг, у замбилдан олиб замбилга солиша-солиша, ниҳоят, тепага, ўз ўрнимга олиб чиқишди. Тушликдан сўнг тасвирлар келди; доктор, тушдан сўнг тасвирлар тайёр бўлади, девди, сўзининг устидан чиқибди. Кэтрин Баркли менга уларни кўрсатди. Тасвирлар қизил хатжилдга жойланганди, Кэтрин уларни хатжилддан олди, икковимиз ёруққа солиб кўришдик.
– Бу ўнг оёқ, – деди у ва тасвирни яна жойига солиб қўйди. – Манови чап оёқ.
– Уларни бирон ерга қўйиб, – дедим мен, – ўзинг ёнимга кел.
– Мумкинмас, – деди у. – Мен фақат бир дақиқага тасвирларни кўрсатгани келдим.
У кетди ва мен ёлғиз қолдим. Кун исиб кетди, тўшакда ётиш жонимга тегди. Мен қоровулдан газеталар олиб келишни сўрадим.
Уни кутиб ётсам, хонага учта врач кириб келди. Мен, тажрибаси кам врачлар бир-бирлари билан маслаҳатлашиш, ёрдам сўрашга мойил бўлишларини анчадан бери билардим. Кўричагингизни тузукроқ қилиб кесиб ололмайдиган врач сизни бошқасига, томоқдаги безни эплаб ололмайдиганга жўнатади. Бу учала врач ҳам шундайлардан эди.
– Мана бизнинг ёш беморимиз, – деди ҳаракатлари назокатли госпитал врачи.
– Салом, – деди баланд бўйли, соқол қўйган ориқ врач. Қўлида қизил хатжилддаги рентген суратларини ушлаб турган учинчи врач ҳеч нарса демади.
– Боғларини ечамизми? – саволомиз деди соқолли врач.
– Албатта. Марҳамат, ҳамшира, боғларини ечинг, – деди госпитал врачи.
Мисс Гэйж боғларни ечди. Мен оёқларимга қарадим. Дала госпиталида ётганимда, улар моғорлаган қиймага ўхшовди. Энди улар қотиб эт боғлаган, оқарган эди, болдирим юмшаб, салқиб қолганди, аммо яралар иримаган эди.
– Топ-тоза, – деди госпиталь врачи. – Жуда ҳам тоза ва яхши.
– Ҳм, – деди соқолли врач. Учинчи врач госпиталь врачининг елкаси оша қаради.
– Марҳамат, тиззангизни букинг, – деди соқолли врач.
– Буколмайман.
– Бўғинларининг ишлашини кўрамизми? – саволомуз деди соқолли врач. Унинг енгида учта юлдузчадан ташқари ҳошия ҳам бор эди. Бу унинг тиббиёт хизмати капитани эканлигини кўрсатарди.
– Шубҳасиз, – деди госпиталь врачи.
Икковлари ўнг оёғимдан оҳиста ушлаб, бука бошладилар.
– Оғрияпти, – дедим.
– Шундай, шундай. Яна бир оз, доктор.
– Етар. Бошқа букилмайди, – дедим.
– Чала ишлаяпти, – деди соқолли врач. У қаддини кўтарди. – Тасвирларини яна бир кўришга рухсат этинг, доктор. – Учинчи врач суратлардан бирини узатди. – Йўқ. Марҳамат. Чап оёғиникини.
– Бу чап оёқ, доктор.
– Ҳа, тўғри. Мен бошқа томондан қарабман. – У тасвирни қайтариб берди. Бошқа тасвирга у бир неча дақиқа тикилиб қолди. – Кўряпсизми, доктор? – У ёруғда аниқ кўриниб тур-ган чет жисмлардан бирини кўрсатди. Улар тасвирга яна бир неча дақиқа қараб туришди.
– Мен фақат бир нарса дейишим мумкин, – деди капитан унвонидаги соқолли врач. – Бу вақт масаласи. Уч ой ёки, эҳтимол, олти ойдан кейин.
– Шубҳасиз, ахир синовиал суюқлик йиғилиши керак-ку, яна.
– Шубҳасиз. Бу вақт масаласи. Мен тизза косасини очишни темир парчанинг атрофи қотмагунча бўйнимга олмаган бўлардим.
– Фикрингизга тўла қўшиламан, доктор.
– Нега ярим йил? – сўрадим мен.
– Ярим йил осколканинг атрофи қотиши учун кетади, ўшанда тиззангизни бемалол очиб кўриш мумкин.
– Мен бунга ишонмайман, – дедим.
– Оёғингизнинг омон қолишини хоҳлайсизми, йигит?
– Йўқ, – дедим.
– Нима?
– Уни кесиб ташлашларини истайман, – дедим, – токи қармоқ қилишга яраса бўлгани.
– Нима демоқчисиз? Қармоғингиз нимаси?
– У ҳазиллашяпти, – деди госпиталь врачи ва елкамга назокат билан қоқиб қўйди. – У оёғини сақлаб қолишни истайди. Бу жуда мардона йигит. У жасорат кўрсатгани учун кумуш медалга тавсия этилган.
– Юракдан табриклайман, – деди капитан унвонидаги врач. – У қўлимни қисди. – Мен бундай тиззани очишда таваккалчилик қилиб ўтирмаслик учун ярим йил зарур, деб айтоламан, холос. Турган гап, сиз бошқача фикрда бўлишингиз мумкин.
– Кўпдан-кўп ташаккур, – дедим. – Сизнинг фикрингиз мен учун ғоят қимматли.
Капитан унвонидаги врач соатига қаради.
– Кетадиган вақтимиз бўлди, – деди у. – Сизга яхши тилакларимни билдираман.
– Сизга ҳам шундай, катта раҳмат, – дедим.
Мен учинчи врачнинг қўлини қисдим: «Capitano Varini – tеnentе Еnru» – ва учовлари чиқиб кетишди.
– Мисс Гэйж, – деб чақирдим. У кириб келди. – Госпитал врачини яна бир дақиқага чақириб беринг.
У бош кийимини қўлида кўтариб кирди ва каравот олдида тўхтади.
– Мени кўрмоқчи эдингизми?
– Ҳа. Мен операцияни ярим йил кутолмайман. Ё Худо, доктор, ҳеч ярим йил тўшакда ётиб кўрганмисиз?
– Сиз ҳар доим ётавермайсиз. Аввал яраларингизни офтобга солишингиз керак. Кейин қўлтиқтаёқда юра бошлайсиз.
– Ярим йил, иннайкейин операциями?
– Энг бехатар йўл шу. Чет жисмлар атрофи қотиб, яна синовиал суюқлик йиғишини кутиш керак. Ўшанда тиззангизни бехавотир очиш мумкин.
– Узоқ ётишим кераклигига ўзингиз ишонасизми?
– Энг бехавотир йўл.
– Капитан унвонидаги врач ким бўлади?
– Миланнинг энг яхши жарроҳларидан.
– Ахир, у капитан унвонида, тўғрими?
– Ҳа, лекин у жуда яхши жарроҳ.
– Мен оёғимни аллақандай бир капитан титкилашини истамайман. Агар қўлидан бирон иш келганда, у майор бўларди. Мен капитаннинг нималигини биламан, доктор.
– У жуда яхши жарроҳ ва мен ким бўлишидан қатъи назар бошқа одамларники билан эмас, у кишининг фикри билан кўпроқ ҳисоблашаман.
– Оёғимни бошқа жарроҳга кўрсатиш мумкинми?
– Шубҳасиз, агар шуни истасангиз. Лекин мен шахсан доктор Варелланинг айтганини қилган бўлардим.
– Сиз менга бошқа жарроҳ чақиролмайсизми?
– Мен Валентинини чақираман.
– Ким у?
– A Ospedal maggioredga ишлайди, жарроҳ.
– Майли. Сиздан жуда миннатдор бўламан. Тушунинг, доктор, мен ярим йил тўшакда ётолмайман.
– Тўшакда ётавермайсиз. Аввал қуёш нурини қабул қиласиз. Кейин енгил машқлар қила бошлайсиз, сўнг осколканинг атрофи битгач, операция қиламиз.
– Лекин мен ярим йил кутолмайман.
Доктор қўлидаги бош кийимини назокат билан сийпаб қўйди-да, табассум қилди:
– Фронтга тез қайтмасангиз, ичингиз илимайдими?
– Илимаса нима бўпти?
– Қандоқ ажойиб! – деди у. – Олижаноб йигит. – У энгашди-да, назокат билан пешонамдан ўпиб қўйди. – Валентинига одам юбораман. Ҳаяжонланиб, ташвишланиб ўтирманг. Ақлли бўлинг.
– Вино ичасизми, доктор? – таклиф қилдим мен.
– Йўқ, раҳмат. Мен ичмайман.
– Бир стакан ҳамми. – Мен стакан келтирсин деб, қоровулга қўнғироқ қилдим.
– Йўқ, йўқ, раҳмат, мени кутиб туришибди.
– Кўришгунча, – дедим.
– Кўришгунча.
Икки соатдан сўнг хонага доктор Валентини кирди. У жуда шошиб турган экан, мўйловларининг учи тепага қайрилган эди. Унинг унвони майор бўлиб, юзи офтобда пишган, хандон-хушон одам эди.
– Қаерда орттирдингиз буларни? – деди у. – Қани суратларни кўрсатинг-чи. Хўш. Хўш. Буни қаранга, отдай бақувват экансиз. Анов ёқимтойгина қиз ким эди? Севгилингизми? Шундайдир, деб ўйловдим. Шу уруш ёмон бўлди-да! Бу ер оғрияптими? Азамат экансиз. Тузатамиз, кўрмагандай бўлиб кетасиз. Бу ер оғрияптими? Оғримасинмиям. Бу докторлар оғритишга кўп уста бўлишади-да. Шу пайтгача сизни нима билан даволашди? Бу қиз италянча сўзлашоладими? Ўргатиш керак. Дилбар қиз экан. Мен унга дарс беришга рози бўлар-дим. Ўзим шу госпиталга ётаман. Йўқ, яхшиси, мен кўзи ёриган маҳалларда текинга доялик қиламан. Нима деётганимни тушунадими? У сизга ажойиб ўғилча туғиб беради. Ўзига ўхшаш оқпар бўлади. Шундай, яхши. Шундай, аъло. Дилбар қиз. Сўраб кўринг-чи, мен билан кечки овқатни бирга қилмасмикин. Йўқ, уни сиздан тортиб олишни истамайман. Раҳмат. Катта раҳмат сизга, мисс. Ана бўлди. Ана гапим ҳам тугади. – У менинг елкамга қоқиб қўйди. – Ўралмаса ҳам бўлади.
– Бирор стакан вино ичасизми, доктор Валентини?
– Виноми. Албатта-да… Ўн стакан. Қаерга қўйгансиз?
– Жавонда. Мисс Баркли шишани олиб беради.
– Сизнинг соғлигингизга. Сизнинг соғлигингизга, мисс. Дилбар қиз. Мен сизга бундан яхшироқ вино олиб келаман. – У мўйловини артди.
– Сизнингча операцияни қачон қилса бўлади?
– Эртага эрталаб. Олдинроқ иложи йўқ. Ошқозонни тозалаш керак. Сиз ойдиндай бўп туринг. Мен пастдаги кампирга кириб айтаман. Кўришгунча. Эртага кўришамиз. Мен сизга бундан тузукроқ вино олиб келаман. Жуда яхши ўрнашибсиз. Кўришгунча, эртагача. Тўйиб ухланг. Мен барвақт келаман.
У остонадан менга қўлини силкиб қўйди, мўйловлари диккайиб, жигардек юзи кулимсиради. Унинг енгида ярим доира ҳошия ичида битта юлдузча тасвири бор эди, чунки унинг унвони майор эди.