Текст книги "Алвидо, қурол"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Йигирма саккизинчи боб
Биз Горициядан чиқаётганимизда ёмғир ёғаётган шаҳар бўшаб қолган, катта кўчадан фақат қўшинларнинг колонналари ва тўплар ўтиб борарди. Булардан ташқари яна талай юк машиналари ва аравалар бошқа кўчалардан чиқиб катта йўлда асосий колоннага қўшиларди. Тери ошлайдиган корхоналардан ўтиб, катта йўлга чиқдик, бунда қўшинлар, юк машиналари, от қўшилган аравалар ва тўплар бир каттакон колонна бўлиб оҳиста олға жилиб борарди. Биз секин, лекин олға юрмоқда эдик, радиаторимиз устига юк ортилиб, брезент тортилган олдинги машинанинг орқа кузовига тегай-тегай деб кетмоқда эди. Бирдан юк машинаси тўхтади. Бутун колонна тўхтади. Кейин у яна ўрнидан қимирлади, биз яна бир оз юриб яна тўхтадик. Машинадан тушиб олдинга юриб кетдим, юк машиналар, аравалар ва отларнинг ҳўл тумшуқлари тагидан ўтдим. Тиқилинч олдинда эди. Мен йўлдан четга чиқдим-да, жар устига ташланган тахтачалардан ўтдим, жардан ўтилган заҳоти дала бошланар, шу дала бўйлаб кетдим. Йўлдан узоқлашарканман, кўзимни дарахтлар орасида ёмғирда қимирламай турган колоннадан узмасдим. Мен бир чақиримча юриб бордим. Колонна жойида турар, унинг орқасидан эса ҳамон қўшинлар келишарди. Мен машиналар олдига қайтдим. Тиқилинчнинг боши Удинада бўлиши ҳам мумкин эди. Пиани рулда ухлаб ётарди. Мен ҳам унинг ёнига ўтириб ухлаб қолибман. Бир неча соатдан сўнг олдинги машинанинг ғийқиллаганини эшитдим. Мен Пианини уйғотдим ва биз тўхтаб-тўхтаб юра бошладик. Ёмғир ҳамон эзарди.
Кечаси колонна яна тўхтаб қолди ва анчагача ўрнидан қимирламади. Мен пастга тушиб, Бонелло билан Аймони кўрга-ни орқага бордим. Бонеллонинг машинасида инженер қисмларидан икки сержант ўтиришарди. Мени кўришлари билан дик туриб қотиб қолдилар.
– Уларни қандайдир кўприкни тузатгани қолдиришган экан, – деди Бонелло. – Улар ўз қисмларини йўқотиб қўйишибди, мен машинага тушишларига рози бўлдим.
– Агар жаноб лейтенант ижозат этсалар.
– Майли, – дедим.
– Бизнинг лейтенантимиз америкалик, – деди Бонелло. – Ким бўлмасин обориб қўяверади.
Сержантлардан бири кулимсиради. Бошқаси Бонеллодан мени шимолий америкалик италянларданми ёки жанубий америкалик италянларданми, деб сўради.
– У италян эмас. У шимолий америкалик инглиз.
Сержантлар одоб билан эшитишди-ю, лекин ишонишмади. Мен уларнинг олдидан Аймони кўргани кетдим. Аймонинг ёнида иккита қиз ўтирар, ўзи бурчакка қисилиб олиб чекарди.
– Барто, Барто! – дедим. У кулди.
– Улар билан гаплашиб кўринг, tеnentе, – деди у. – Мен уларнинг тилини тушунмайман. Ҳей! – У қизлардан бирининг белига қўлини юбориб, уни дўстона қисиб қўйди. Қиз шол рўмолига қаттиқроқ ўралиб, унинг қўлини итариб ташлади. – Ҳей! – деди у, – tеnentега исмларингизни ва бу ерда нима қилиб юрганларингизни айтинг.
Қиз менга еб қўйгудай бўлиб қаради. Иккинчи қиз ер чизиб ўтирарди. Ҳалиги менга қарагани лаҳжада бир нарса деди, лекин мен бир оғиз гапини ҳам тушунмадим. У қорачадан келган, кўринишдан ўн олти ёшларда эди.
– Seorlia?3030
Синглингми? (итал.)
[Закрыть] – сўрадим мен иккинчи қизни кўрсатиб.
У бошини силкиб тасдиқлади ва жилмайди.
– Хўш, – дедим мен ва унинг тиззасига шаппатилаб қўйдим. Қўлим тегиши билан у қаттиқ сесканиб кетди. Синглиси ҳамон бошини ердан кўтармасди. У опасидан бир ёшлар чама-си кичикроқ эди. Аймо яна опасининг белига қўлини юборган эди, у яна силтаб ташлади. Аймо кулди.
– Яхши одам. – У ўзини кўрсатди. – Яхши одам. – У мени кўрсатди. – Қўрқиш керак эмас.
Қиз унга еб қўйгудай бўлиб қарарди. Улар иккита ёввойи қушга ўхшардилар.
– Унга ёқмасам, нега мен билан бирга боради? – сўради Аймо. – Мен имламасданоқ, жон-жон деб машинага чиқиб олишди. – У қизга ўгирилди. – Қўрқма, – деди у. – Ҳеч ким сени… – У қўпол сўзни ишлатди. – Жойи эмас… – Мен қиз сўзни тушунганлигини кўрдим, лекин у шундан бошқа ҳеч нарсани англамади. Унинг йигитга қараб турган кўзларида даҳшатли қўрқув акс этарди. У рўмолига янада маҳкамроқ ўралиб олди. – Машина тўла юк, – деди Аймо. – Ҳеч ким сени… Жойи эмас…
У ҳар сафар шу сўзни оғзига оларкан, қиз жунжикиб кетарди. Кейин қалт-қалт қилиб унга қаради-да, йиғлаб юборди. Мен унинг лаблари учганлигини, сўнг лўппидек юзларидан ёшлар оқа бошлаганини кўрдим. Синглиси кўзини кўтармасдан унинг қўлидан ушлаб олди, улар шу тариқа ўтирдилар. Боя одамни еб қўяй деган опаси энди ўкириб йиғларди.
– Қўрқиб кетганга ўхшайди, – деди Аймо. – Мен уни қўрқитмоқчи эмасдим.
У халтасини олди-да, икки бўлак пишлоқ кесиб узатди.
– Ма, ол, – деди у. – Йиғлама.
Опаси бошини чайқади, йиғлашдан тўхтамади, лекин кичиги пишлоқни олиб ея бошлади. Салдан кейин синглиси опасига пишлоқни берди ва улар индамай овқат егани тутиндилар. Опаси ҳамон ора-чора ҳиқиллаб қўярди.
– Ҳечқиси йўқ, овуниб қолади, – деди Аймо. Унинг калласига бир фикр келди.
– Қизмисан? – сўради у ёнида ўтирганидан. Қиз шоша-пиша бошини қимирлатиб тасдиқлади. – Уям қизми? – Синглисини кўрсатди у. Икковлари ҳам бошларини силкидилар. Каттаси лаҳжада нимадир деб қўйди.
– Хўп, хўп, майли, – деди Бартоломео. – Майли.
Иккала қизга ҳам сал ранг киргандай бўлди.
Мен уларни кабина бурчагига суқилиб ўтирган Аймо билан қолдирдим-да, Пиани олдига қайтдим. Транспорт колоннаси қимирламай турар, лекин унинг ёнидан тинимсиз суратда қўшинлар ўтиб борарди. Ёмғир ҳамон челаклаб қуяр, мен баъзан колоннанинг ҳаракатсизлиги машиналарнинг проводкаси намиқиб қолишидан бўлишини ўйлардим. Ундан ҳам тўғрироғи, отлар ёки одамларнинг йўлда ухлаб қолишларидан ҳам тўхтаб қолиш ҳеч гапмас. Лекин йўлда ҳеч ким ухлаб қолмайдиган шаҳарларда ҳам тўхтаб қолишлар бўлиб туради-ку. Ҳамма бало автотранспорт билан уловнинг бир жойда бўлганлигида. Автомобиллар билан улов бир бўлдими – иш расво деяверинг. Умуман, деҳқонларнинг уловларидан наф кам. Бартонинг олдидаги қизлар ғалати қизлар экан. Чекинаётган армияда моҳпора қизлар нима қилиб юришибди ўзи. Иккита бокира қиз. Балки художўйдирлар. Уруш бўлмаганда ҳозир ҳаммамиз тўшакда ётган бўлардик. Яна ётаман ўз тўшагимга. Кэтрин ҳозир ўринда ётибди, бир чойшаб тагида, бир чойшаб устида. Қайси ёни билан ётганийкин? Балки у уйқуда эмасдир? Балки у ҳозир ётиб мени ўйлаётгандир. Уч, мағриб шамоли, уч. Мана у эсиб келди, майин эмас қаттиқ жалани олиб келди у қора булут. Тун бўйи ёмғир. Ўпкаси тўлиб кетган булут туни билан кўз ёши тўкиб чиқишини сен билганмидинг. Қуйишини кўр. Қанийди, шу тобда севгилим ёнимда бўлса. Менинг севгилим Кэтрин. Қанийди, севгилим сабо қанотида етиб келса. Менга Кэтринимни олиб кел, эй сабо. Биз тўрга илиндик. Ҳаммамиз олов селига тушдик, бу оловни майин ёмғир ўчиролмайди. – Хайрли тун, Кэтрин, – дедим баланд овоз билан. – Тинч ухла. Агар ноқулай ётиб қолган бўлсанг, бошқа ёнингга ўгрил, жоним, – дедим мен. – Мен сенга муздек сув олиб келаман. Тезда тонг отади ва сен анча енгил тортасан. Чақалоғинг сени бир оз безовта қилади, начора, майли. Кўзларингни юм, жоним, ором ол.
– Мен уйқуда эдим, – деди у. – Сен уйқунгда гапирдинг. Тобинг йўқми?
– Сен ростдан ҳам шу ердамисан?
– Мен келдим, мен шу ердаман. Энди ҳеч қаёққа кетмайман. Буларнинг биз учун сира аҳамияти йўқ.
– Сен шундай гўзал ва яхшисанки. Сен кечаси кетиб қолмайсанми? Мен доим ёнингдаман. Қачон чақирмагин, мен ёнингдаман.
– Эҳ, ана!.. – деди Пиани. – Кетдик!
– Мудроқ босибди, – дедим. Мен соатга қарадим. Эрталабки уч эди. Мен барбера шишасини олиш учун суянчиқ оша эгилдим.
– Сиз уйқунгизда гапирдингиз, – деди Пиани.
– Инглизча туш кўрибман, – дедим.
Ёмғир тинай деб қолибди, биз йўлга тушдик. Тонг отмасдан илгари яна тўхтаб қолдик, ҳамма ёқ ёришиб кетгач, қарасак, биз унча баланд бўлмаган тепаликда турган эканмиз. Тепаликдан бутун чекиниладиган йўл кўриниб турар, йўл олдинга ниҳоятда чўзилиб кетган, унда ҳаракатсиз транспорт тиқилиб ётар, унинг орасидан эса пиёдалар ўтиб боришарди. Биз яна йўлга тушдик, ҳаракатимиз шу қадар суст эдики, агар шу тариқа қимирлайдиган бўлсак, Удинага сира ҳам етиб бўлмаслигини, у ерга қачондир етиб бориш нияти туғилгудек бўлса, йўлдан чиқиб тўғридан кетишимиз кераклигини англадим.
Кечаси билан колоннага қишлоқ йўлларидан кўп деҳқонлар келиб қўшилишибди, энди колоннада кўчк ўрон ортган арава-уловлар ҳам борарди. Кўзгулар тўшаклар орасига қўйилган, араваларнинг орқасига ғоз ва ўрдаклар боғланган эди. Бизнинг олдимизда бораётган аравада тикув машинаси шундоқ ёмғирда турарди. Ҳар ким нимаики қимматли нарсаси бўлса, шуни ортиб олган эди. Баъзи араваларда аёллар ёмғирдан рўмолларига ўралиб ўтиришар, бошқа бирлари араваларнинг биқинига иложи борича яқин туриб боришарди. Колоннада итлар ҳам йўқ эмасди, улар араваларнинг тагида писибгина кетишарди. Йўлнинг балчиғи чиқиб кетган, ўралар сувга лиқ тўлган, дарахтларнинг нариги ёғидаги далалар шу қадар ботқоқ бўлиб кўринардики, ундан тўғри йўл солишни ўйлаганда одамнинг юраги орқасига тортиб кетарди. Мен машинадан тушиб, бир оз олдинга юрдим, қишлоқ йўлига чиқиш мумкин бўлган қулайроқ жойни қидира бошладим. Қишлоқ йўллари кўп, лекин мен охири берк йўлга кириб кетишдан хавфсирардим. Мен машинада шосседан ўтган пайтимда уларнинг ҳаммасини кўргандим, лекин машина тез ўтиб кетганидан, уларнинг бари бир-бирига ўхшаш бўлганидан эсимда сақлаб қололмагандим. Манзилга етиб бориш-бормаслигимиз йўлнинг тўғри танланишига боғлиқ эди. Австрисларнинг ҳозир қаердалиги ва ишлар қайси аҳволдалиги маълум эмасди. Лекин мен ёмғир тиниб, осмонда австрисларнинг самолётлари пайдо бўлса, ҳаммаси хароб бўлишини англаб турардим. Бир қанча машинами ё уч-тўртта отми қаровсиз қолса, ёки йўлда ўлса, ҳаракат тамомила тўхтаган бўларди.
Ёмғир шиддати сал пасайган, мен осмонга қараб, очилиб кетиши ҳам мумкин, деб ўйладим. Яна бир оз олдинга юриб бордим. Иккала ёғида ниҳоллар ўсган, далани қоқ ёриб шимолга қараб кетган йўлга етдимда, шундан кетсак бўлади, деб, орқага, машиналарга шошилдим. Мен Пианига қаерда бурилиш кераклигини айтдим-у Аймони, Бонеллони ҳам хабардор қилиб қўйгани бордим.
– Агар у йўлдан ҳеч қаерга чиқиб бўлмаса, қайтиб яна колоннага қўшилиб олишимиз мумкин, – дедим.
– Мановларни нима қилай? – сўради Бонелло. Сержантлар ҳамон унинг ёнида ўтиришарди. Уларнинг соқоллари ўсиб кетган, лекин каллаи саҳарда ҳам улар ҳарбийча нуқсларини йўқотмагандилар.
– Машина ботиб қолса, ёрдамлари тегиб қолар, – дедим ва Аймо олдига бориб, йўлни тўғридан солишга ҳаракат қиламиз, дедим.
– Бу полапон қизларни нима қилай? – сўради Аймо. Иккала қиз ҳам ухлаб ётишарди.
– Улардан фойда йўқ, – дедим. – Яхшиси, машина ботиб қолса ёрдам берадиган одам олсангиз бўларди.
– Улар кузовга чиқиб олсалар ҳам бўлади, – деди Аймо. – Кузовда жой бор.
– Жуда кўнглингиз бўлмаётган бўлса, майли, – дедим. – Лекин ёрдамга бирон бақувват одамни олинг. Яғриндор бўлсин.
– Берсальер оламиз, – жилмайди Аймо. – Елкаси кенгларнинг зўрлари берсальерларда бўлади. Уларнинг елкаларини ўлчаб кўришади. Ўзингиз тузукмисиз, tеnentе?
– Жуда яхши. Ўзингиз-чи?
– Жуда яхши. Фақат жуда очқадим.
– Манави йўлдан бирон манзилга чиқайлик, кейин тўхтаб, овқатланамиз.
– Оёғингиз оғримаяптими, tеnentе?
– Йўқ, яхши, – дедим.
Машина зинасида туриб олдинга қарар эканман, Пианининг машинаси колоннадан ажралиб чиқиб, тор йўлга бурилганини, йўл четидаги тўсиқлар орасидан лип-лип этиб бораётганини кўрдим. Бонелло унинг кетидан шундай қилди, кейин Аймо ҳам шу йўлга бурилди ва биз икки машина кетидан икки четида қатор ниҳоллар ўсган тор йўлдан олға босдик. Йўл фермага олиб борди. Биз Пиани билан Бонелло машиналарининг ферма ҳовлисида турганлигини кўрдик. Қўрғон узунасига кетган, пастаккина қилиб қурилган эди, ичкарига кираверишда ишком кўтарилганди. Ҳовлида қудуқ бор экан, Пиани радиаторга ундан сув олаётган экан. Машиналар анча вақтдан бери секин юриб борганлигидан радиаторлардаги сув қайнаб кетганди. Фермада ҳеч зот йўқ эди. Мен йўлга қарадим. Ферма баландроқ ерда жойлашганлигидан, теварак-атроф кафтда тургандай кўринар, мен йўлни, йўл чеккаларидаги дарахтларни, далалар ва четанларни, чекиниб бораётган қўшинларни кўздан ўтказдим. Сержантлар уйни титиб юришарди. Қизлар уйғонишиб, уйни, қудуқни, уй олдидаги икки катта санитар машинасини ва уларнинг қудуқ олдида турган учта ҳайдовчисини кўздан кечириб туришарди. Сержантлардан бири қўлида осма соат кўтариб уйдан чиқиб келди.
– Жойига обориб қўйинг, – дедим мен. У менга бир қараб қўйди-да, уйга кириб соатни қўйиб чиқди.
– Ўртоғингиз қани? – сўрадим.
– Ёзилгани кетди. – У машинанинг ўриндиғига чиқиб ўтирди. Бизни ташлаб кетади деб қўрқди.
– Нонушта қалай бўларкин, tеnentе? – сўради Бонелло. – Балки озроқ тамадди қилиб олармиз? Кейин дарров турамиз.
– Анов ёққа кетган йўл бизни бирон ерга олиб чиқармикин, нима дейсиз?
– Олиб чиқмай қаерга борарди.
– Хўп. Келинглар, овқатланайлик. Пиани ва Бонелло уйга киришди.
– Юринглар, – деди Аймо қизларга. Уларни тушириб қўйиш учун қўлини чўзди. Опаси бошини чайқади. Ташлаб кетилган уйга киришга уларнинг юраклари дов бермади. Улар бизнинг орқамиздан қараб қолишди.
– Қайсарлар, – деди Аймо.
Ҳаммамиз биргаликда уйга кирдик. Уйнинг ичи қоронғи, ҳувиллаб ётарди, одам яшамаганлиги билиниб турарди. Бонелло ва Пиани ошхонада эдилар.
– Ейдиган тузукроқ нарса йўқ экан, – деди Пиани. – Ҳаммасини қуритиб кетишибди.
Бонелло ошхона столида каттакон пишлоқни кесиб турарди.
– Пишлоқни қаердан олдинглар?
– Ертўладан. Пиани вино билан олма ҳам топди.
– Ана, нонушта ҳам тайёр бўлибди ҳисоб. Пиани похол билан ўралган каттакон шишанинг оғзидан ёғоч тиқинини олди. У шишани эгиб, мис ялоғини тўлдирди.
– Исини қаранг, исини, – деди у. – Биронта идиш топ, Барто.
Иккала сержант киришди.
– Пишлоқдан олинглар, сержантлар, – деди Бонелло.
– Йўлга тушсак бўларди-да, – деди сержантлардан бири пишлоқни еб, винодан ичаркан.
– Ҳозир кетамиз. Ташвишланманг, – деди Бонелло.
– Қўшиннинг оёғи – қорни, – дедим.
– Нима? – сўради сержант.
– Қоринни тўйдириш керак.
– Шундай. Лекин вақт кетяпти.
Ярамаслар қоринларини аллақачон тўйдириб олганга ўхшайдилар. Сержантлар унга қарашди. Уларнинг бизни кўргани кўзлари йўқ эди.
– Сиз йўлни биласизми? – деб сўради мендан уларнинг бири.
– Йўқ, – дедим мен. Улар бир-бирларига қарашди.
– Ҳозироқ йўлга тушсак яхши бўларди, – деди биринчиси.
– Ҳозир тушамиз-да, – дедим.
Мен яна қизил винодан ичдим. Олма билан пишлоқ устидан у жуда ҳам ёқимли туюлди.
– Пишлоқни олволинг, – дедим мен ва ташқарига чиқдим. Бонелло орқамдан каттакон чирпитда вино кўтариб чиқди.
– Бу жуда ҳам қўполлик қилади, – дедим. У винога ачиниб қараб қўйди.
– Шундайга ўхшаб қолди, – деди у. – Менга флягаларни беринг-чи.
У флягаларни тўлатиб олди, озгина вино ерга тўкилди. Кейин у чирпитни кўтариб, эшикнинг тагига қўйди.
– Австрислар тағин вино қидириб эшикни бузиб юрмасинлар, – деди у.
– Қимирлаш керак, – дедим. – Биз Пиани билан олдинда борамиз.
Иккала сержант Бонеллонинг олдига чиқиб ўтириб олишганди. Қизлар олма билан пишлоқ еб ўтиришарди. Аймо че-карди. Биз тор йўл бўйлаб кетдик. Мен бошқа икки машинага ва фермернинг қўрғонига қарадим. Бу яхши, пастак ва пишиқ қўрғон эди, қудуқ атрофини чиройли темир панжаралар билан ўраб қўйилганди. Олдинда тор ва балчиқ йўл, йўлнинг иккала ёғи авжга кирган ниҳоллар билан ўралганди. Орқада кетма-кет бўлиб машиналаримиз келар эди.
Йигирма тўққизинчи боб
Пешинга бориб, чамамиз бўйича Удинага ўн километрлар қолганда, лойга ботиб қолдик. Ёмғир эрталабоқ тинган, ҳозиргача уч марта самолётларнинг яқин учаётганларини эшитгандик, шундоқ устимиздан учиб ўтаётганларини кўргандик, улар сўл томонга қараб олис шўнғиганларини кузатган, катта йўл бомбардимон қилинаётгани қулоғимизга элас-элас чалинганди. Биз қишлоқ йўлларидан анча адашиб ҳам юрдик, адашганда ортга қайтиб тўғри йўлни ҳам топдик ва борган сари Удинага яқинлаша бордик. Лекин бир маҳал Аймонинг машинаси боши берк йўлдан чиқаётганда, бурила туриб, йўл чеккасида кўпчиб ётган лойга ботиб қолди. Ғилдираклар айланган сари ерга чуқурроқ кириб борар, ниҳоят, дифференциали ҳам ерга бориб тиқилди. Энди олдинги ғилдиракларнинг тагини ковлаб, у ерга шох-шабба ташлаш керак эди, кейин машина занжирлари ишга тушгач, то ўрнидан жилмагунча орқасидан итариш керак бўларди. Ҳаммамиз йўлда машинани ўраб турардик. Иккала сержант келиб машина ғилдиракларини кўришди. Кейин улар шарт орқаларига бурилиб индамай-нетмай йўлга равона бўлишди. Мен уларнинг орқасидан бордим.
– Ҳой, болалар! – чақирдим мен. – Шох синдириб келинглар.
– Биз боришимиз керак, – деди бири.
– Тез бўлинглар, – дедим. – Шох синдиринглар.
– Биз боришимиз керак, – деди бири. Иккинчиси миқ этмасди. Улар тезроқ кетишга шошилиб турардилар. Улар менга қарашмасди.
– Машинага қайтиб шох синдиришни буюраман, – дедим. Биринчи сержант орқасига қаради.
– Биз боришимиз керак. Бир соатдан кейин сиз қуршовда қоласиз. Бизга буйруқ беришга ҳаққингиз йўқ. Сиз бизга бошлиқ эмассиз.
– Мен сизга шох синдириб келишни буюраман, – дедим мен. Улар орқаларига бурилиб кета бердилар.
– Тўхта! – дедим мен. Улар ботқоқ йўлдан қулоқ солмай жўнаб боришарди. – Тўхта, деяпман! – қичқирдим мен. Улар қадамларини тезлатишди. Мен ғилофни ечиб тўппончани олдим-да, бояги маҳмадоналик қилаётганини мўлжалга олиб, тепкини босдим. Отган ўқим тегмади, улар қоча бошладилар. Мен яна уч марта отдим ва бирови йиқилди. Бошқаси тўсиқдан ўтиб, кўздан ғойиб бўлди. Мен унга дала бўйлаб қочаётганда, тўсиқ орқасидан туриб бўлса ҳам яна отдим. Тўппонча бу сафар отилмай қолди ва мен унга бошқатдан ўқ жойладим. Иккинчи сержант жуда ҳам узоқлашиб кетганлигини, унга отиш беҳуда эканлигини билдим. У даланинг нариги четига бориб қолган, бошини паст эгиб чопиб борарди. Мен бўшаган обоймага ўқ жойлай бошладим. Бонелло келди.
– Менга беринг, уни тугатиб келаман, – деди у. Мен унга пистолетни бердим ва у йўлда узала тушиб ётган инженер қисмлар сержанти томонга қараб кетди.
Бонелло энкайиб, тўппончанинг оғзини унинг калласига тиради-да, тепкини босди. Отилмади.
– Затворни орқага тортиш керак, – дедим. У затворни тортиб икки марта отди. У сержантни оёғидан судраб йўл четига олиб чиқди. Сержант энди четанларнинг тагида ётарди. У қайтиб келиб тўппончани менга берди.
– Вой ифлос-ей! – деди у. У сержантга қараб турарди. – Уни қандай отиб ташлаганимни кўрдингизми, tenente?
– Тезроқ шох синдиришимиз керак, – дедим мен. – Нима, бошқасига тегизолмадимми?
– Тегмаган бўлса керак, – деди Аймо. – Тўппончадан узоққа тегизиш қийин.
– Ҳайвон! – деди Пиани. Биз шох-шабба синдираётган эдик. Машинадан юкларни бўшатдик. Бонелло олдинги ғилдираклар тагидан чуқур қазиди. Ҳаммаси тайёр бўлганда Аймо моторни олдириб, тезликка қўйди. Ғилдираклар яна лой ва шохларни отиб чирчир айлана бошлади. Бонелло икковимиз суякларимиз сирқираб кетгунча орқасидан итардик. Машина ўрнидан жилмади.
– Сал жилдириб кўринг, Барто, – дедим.
У машинани орқага берди, кейин олдинга олди. Ғилдираклар борган сари ерга чуқурроқ кириб борарди. Кейин машина яна дифференциали билан тиралиб қолди, энди унинг ғилдираклари ўзи ўйган чуқурда айлана бошлади. Мен қаддимни кўтардим.
– Арқон солиб тортиб кўрамиз, – дедим.
– Менимча фойдаси бўлмайди, tenente. Бу ерда бир қатор туриб бўлмайди.
– Тортиб кўриш керак, – дедим. – Бошқа иложи йўқ.
Пиани билан Бонеллонинг машиналари тор йўлда фақат орқама-орқа туришлари мумкин эди. Биз бир машинани иккинчисига бойлаб торта бошладик. Ғилдираклар изидан чиқмасдан айланарди.
– Бўлмайди, – дедим қичқириб. – Бўлди, қўйинглар.
Пиани ва Бонелло ўз машиналаридан чиқиб бизнинг олдимизга келишди. Аймо машинасидан тушди. Қизлар биздан йигирма қадамча нарида, тош устида ўтиришарди.
– Энди нима қилдик, tеnentе? – сўради Бонелло.
– Яна бир шох солиб кўрамиз, – дедим.
Мен йўлга қараб турардим, айб менда эди. Уларни мен бу кўчага олиб кирдим. Офтоб булутлар орасидан чиқди. Сержантнинг жасади четан олдида ётарди.
– Унинг френчи билан плашини соламиз, – дедим. Бонелло уларни олиб келгани кетди. Мен шох синдирдим. Пиани билан Аймо ғилдираклар орасидан чуқур қазишди. Мен плашни қирқиб иккига бўлдим-да, ғилдиракнинг тагига тўшадим, кейин шох-шаббани солдим. Биз тайёрланиб, Аймо яна мо-торни юргизди. Ғилдираклар чириллаб айланар, биз жонимиз борича итарардик, лекин ҳеч нафи бўлмади.
– Ҳе, ўша!.. – дедим. – Қўйинглар. Бирон керакли нарсангиз борми унда, Барто?
Аймо пишлоқ, икки шиша вино билан плашини олиб Бонеллонинг машинасига чиқди. Бонелло рулда ўтирганча, сержант френчининг чўнтакларини ковларди.
– Ташлаб юборинг бу френчни, – дедим. – Бартонинг полапонлари нима бўлади?
– Кузовга ўтириб олишсин, – деди Пиани. – Бу ердан тез қутулиб кетолмасмиз-ов.
Мен машинанинг орқа эшигини очдим.
– Қани, – дедим. – Ўтиринглар.
Иккала қиз машина ичига кириб бурчакка ўтириб олишди. Улар ўқ овозини эшитмаганга ўхшардилар. Мен орқамга қарадим. Сержант йўлда енглари узун ифлос фуфайкада ётарди. Мен Пиани билан ёнма-ён ўтирдим, биз йўлга тушдик. Биз далани кесиб ўтмоқчи эдик. Машиналар бурилиб далага кирганда мен машинадан тушиб олдинда бордим. Шу даладан ўтсак, йўлга чиқиб олган бўлардик. Лекин биз чиқолмадик. Ер ниҳоятда ивиб, ботқоққа айланиб кетганди. Машиналар ғилдиракларининг ярмидан лойга ботиб ҳеч юролмайдиган бўлиб қолганларидан кейин биз уларни дала ўртасига ташлаб, Удинага пиёда кетдик.
Катта йўлга олиб чиқадиган кўчага етганимизда, мен уни қизларга кўрсатдим.
– Шу ёққа боринглар, – дедим уларга. – У ерда одамлар бор.
Улар менга термилиб туришарди. Мен ҳамёнимни олиб уларнинг ҳар икковларига ўн лирдан пул бердим.
– Боринглар шу ёққа, – дедим мен қўлим билан йўлни кўрсатиб. – Дўстларингиз, қариндошларингиз ўша ёқда!
Улар тушунишмади, лекин пулни қўлларида маҳкам қисимлаганча йўлга қараб кетишди. Улар худди мен пулни тортиб оладигандай орқаларига қарай-қарай боришарди. Мен улар шол рўмолларига маҳкам ўралиб олганча бизга қўрқа-писа аланглаб кетаётганларига қараб қолдим. Учала шофёр ҳам хахолаб кулишарди.
– Агар мен ҳам ўша ёққа кетсам, менга неча пул берасиз, tеnentе? – сўради Бонелло.
– Қўлга тушсалар ҳам, одамлар орасида бўлишади-ку, ҳар ҳолда ёлғиз қолмаслар.
– Менга икки юз лир беринг, мен орқага қайтиб тўғри Австрияга бораман, – деди Бонелло.
– У ерда пулларингни тортиб олишади, – деди Пиани.
– Балки уруш тамом бўлар, – деди Аймо. Биз йўлдан иложи борича жадал юриб борардик. Офтоб булутлар тагидан чиқди. Йўл бўйларида тут дарахтлари ўсиб ётарди. Дарахтлар орқасидан худди мебель ташийдиган катта фургонларга ўхшаб дала ўртасида қолган машиналаримиз қаққайиб турарди. Пиани ҳам орқасига қаради.
– Уларни даладан чиқариш учун махсус йўл қуриш керак бўлади, – деди у.
– Эҳ, шайтон, велосипедларимиз бўлгандами! – деди Бонелло.
– Америкада велосипедларда юришадими? – сўради Аймо.
– Олдин юришарди.
– Яхши нарса, – деди Аймо. – Ажойиб нарса велосипед.
– Эҳ, шайтон, велосипедларимиз бўлгандами! – деди Бонелло. – Мен пиёда юришга унча йўқман.
– Нима, отишма бўляптими? – сўрадим мен. Менга узоқдан отишма овозлари эшитилгандай бўлди.
– Билмадим, – деди Аймо. У қулоқ сола бошлади.
– Отишаётганга ўхшайди, – дедим.
– Ҳаммадан олдин отлиқлар кўринади, – деди Пиани.
– Менимча, уларнинг отлиқ аскарлари бўлмаса керак.
– Бўлмаса янаям яхши, – деди Бонелло. – Мен қаланғи-қасанғи бир отлиқнинг найзасидан ўлиб кетишни истамайман.
– Анов сержантни бопладингиз-да, tеnentе, – деди Пиани. Биз жадал қадамлар билан юриб бормоқда эдик.
– Мен уни отиб ташладим, – деди Бонелло. – Мен бу урушда ҳали ҳеч кимни отмагандим, мен бир умр сержантни отиб ташлашни орзу қилиб юрардим.
– Тухумда ўтирган товуқни отдинг сен, – деди Пиани. – Сен отганингда унча баланд учмайдиган бўлиб қолганди.
– Фарқи йўқ. Мен энди бир умр буни эслаб юраман. Ўша ифлос сержантни мен ўлдирдим.
– Гуноҳларингни баён қилаётганингда нима дейсан? – сўради Аймо.
– Падарим, дуо қилинг, мен сержантни ўлдирдим, дейман.
Учовлари кулиб юборишди.
– У анархист, – деди Пиани. – У черковга бормайди.
– Пиани ҳам анархист, – деди Бонелло.
– Чиндан ҳам анархистлармисиз? – сўрадим.
– Йўқ, tеnentе. Биз социалистлармиз. Ҳаммамиз Имолаликмиз.
– Сиз у ерда ҳеч бўлганмисиз?
– Йўқ.
– Эҳ, чатоқ! Жуда алламбало жой-да, tenente. Урушдан кейин биз томонларга боринг, томоша қилиб, қидириб келасиз.
– У ердагиларнинг ҳам бари социалистларми?
– Ҳаммаси.
– У яхши шаҳарми?
– Яхши ҳам гапми. Сиз бунақасини сира кўрмагансиз.
– Қандай қилиб социалист бўлиб қолдингиз?
– Биз ҳаммамиз социалистлармиз. У ерда каттадан кичик – ҳамма социалист. Биз ҳамма вақт социалист бўлганмиз.
– Бир боринг, tenente. Сизни ҳам социалист қилиб қўямиз.
Йўл олдинда чапга бурилиб тош девор билан ўралган мевазор боғ ёнидан ўтиб тепаликка кўтарилди. Тепаликка кўтарилаётганимизда улар жим бўлиб қолишди. Ҳаммамиз бир қатор бўлиб, жадаллаб борардик.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?