Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Ўн тўққизинчи боб

Ёз шундай ўтди. У кунлар кўп ҳам эсимда йўқ, фақат ҳаво жуда иссиқ бўлгани-ю газеталарнинг ғалаба хабарлари билан тўлганлиги ёдимда қолган. Менинг мучам жуда соғлом эди, жароҳатларим тез бита бошлади. Қўлтиқтаёқ билан икки-уч кун юрмасимданоқ, кераги бўлмай қолди ва мен ҳасса тутиб юра бошладим. Ўшанда мен Ospedale maggiore га қатнаб, тиззамни эгиб-букишни машқ қила бошладим. Ҳаракат терапи-яси, ойна қутига, бинафша нурларига оёқни солиш, уқалаш, ванна қабул қилиш кабиларни бажара бошладим. Мен у ерга пешиндан кейин борардим. Қайтишда қаҳвахонага кириб, вино ичиб газета ўқирдим. Шаҳар айланиб юрмасдим, қаҳвахонадан тўғри госпиталга қайтгим келаверарди. Кэтринни кўрсам бўлди эди. Вақт тезроқ ўта қолса дердим. Кўпинча эрталаблари ухлаб ётардим, тушдан кейин баъзиларда отчопарга борар, кейин машқ қилгани жўнардим. Баъзан мен инглиз-америка клубига кириб, дераза олдига қўйилган чуқур чарм креслога ўтириб, журнал ўқир эдим. Мен қўлтиқтаёқни ташлаганимдан сўнг бизга икковлашиб кўчага чиқишга ижозат бермай қўйдилар, чунки кўринишдан ёрдамга муҳтож бўлмаган бемор билан ҳамширанинг кўчада бирга юриши одоб доирасига сиғмасди. Шу сабабдан биз кундуз кунлар кам кўришар эдик. Баъзан ёнимизда Фергюсон ҳам бўлган кезларда биргаликда шаҳарнинг бирон ерида овқатланардик. Бизни Кэтрин билан дўст деб билишарди, мисс Ван-Кампен ҳам шундай деб қарар, чунки госпиталда унга Кэтрин кўп ёрдам берар эди. У Кэтринни жуда яхши оиладан чиққан деб ҳисобларди, худди шу нарса унинг бизга ён босишига сабаб бўлди. Мисс Ван-Кампен кишининг насл-насабига кўп аҳамият берар, ўзи ҳам юқори табақага мансуб эди. Бундан ташқари госпиталда юмуш ғоят кўп бўлиб, унинг боши ишдан чиқмас эди. Ёз жуда иссиқ эди, менинг эса Миланда танишларим кўп эди, лекин мен шом тушиши билан госпиталга қайтишга шошилардим. Фронт Карсога яқинлашиб қолганди, нариги қирғоқда Плава қаршисидаги Кук ишғол қилинганди. Ҳозир Баинзицца ёйлатоғида ҳужум борарди. Ғарбий фронтда ишлар айтарли яхши эмасди. Уруш жуда чўзилиб кетгандай эди. Биз ҳам урушга энди киргандик, лекин мен етарлича қўшин жўнатиш ва уларни жангга ҳозирлаш учун камида бир йил керак бўлади, деб ўйлардим. Келаси йилдан кўп ёмон ҳодисаларни, эҳтимол, кўп яхши гапларни кутиш мумкин эди. Италян қўшинлари катта талафотлар бермоқда эди. Иш шундай давом этадиган бўлса, оқибати нима бўлади, ҳеч ақлга сиғмасди. Ҳатто бутун Баинзиццани ва Монте-Сан-Габриелени ишғол қилишган тақдирда ҳам ундан нарида австрислар қўлида яна кўп тоғлар бор эди. Мен уларни кўрганман. Нарида ҳаммаси юксак тоғлар. Карсода олға силжидик, лекин пастроқда денгиз бўйлари ҳаммаси балчиқ, ботқоқлик ерлар. Наполеон австрисларни водийда тормор қилган бўларди. У ҳеч қачон улар билан тоғларда урушиб ўлтирмасди. Уларни пастга тушишларига қўйиб берган бўларди-да, сўнг Веронада тор-мор қиларди. Бироқ ғарбий фронтда ҳали ҳеч ким ҳеч кимни тор-мор қилганича йўқ. Балким, ҳозирги урушлар ғалаба билан тугайдиган урушлар эмасдир. Балким, улар умуман ҳеч қачон тамом бўлмас. Балким, бу янги Юз йиллик урушдир. Мен газетани жойига қўйиб клубдан чиқдим. Мен зинапоялардан оҳиста тушиб, Виа-Манцони бўйлаб кетдим. «Грандотель» олдида экипажда тушиб келишаётган Мейерс ва унинг рафиқасини кўрдим. Улар отчопардан келишаётган экан. Мейерснинг хотини кўкракдор, йилтироқ қора ипакка ўранган эди. Эри эса қари ва пакана эди, мўйловлари оқарган, оёғининг таги ясси бўлганидан юрганда таёқ билан юрарди.

– Қалай? Тузукмисиз? – Хотин менга қўлини узатди.

– Салом! – деди Мейерс.

– Қалай бўлди отчопар?

– Зўр. Жуда зўр. Мен уч марта ютдим.

– Сиз-чи? – сўрадим Мейерсдан.

– Ёмонмас. Мен бир марта ютдим.

– Мен унинг ишлари қандайлигини сира билолмайман, – деди миссис Мейерс. – У менга ҳеч айтмайди.

– Менинг ишларни яхши, – деди Мейерс. У дўстона сўзлашга ҳаракат қиларди. – Сиз ҳам бир отчопарга борсангиз-чи. – У гапираётганда сизга қараб гапирмаётганга ўхшар ёки сизни бошқа одам ўрнида кўраётгандай туюларди.

– Албатта, бораман, – дедим мен.

– Мен госпиталга сизни кўргани келаман, – деди миссис Мейерс. – Қобил йигитларга атаб қўйган нарсаларим бор. Сизлар ҳаммаларингиз менинг қобилгина болаларимсиз.

– Сиз келсангиз ҳаммаларининг бошлари осмонга етади.

– Шундай яхши болаларки. Сиз ҳам, Сиз ҳам менинг болаларимдансиз.

– Мен энди боришим керак, – дедим мен.

– Мендан ҳамма ёқимтой болаларимга салом деб қўйинг. Мен уларга кўп мазали нарсалар олиб бораман. Ажойиб марсала билан печенье олиб қўйибман.

– Хайр, – дедим мен. – Борсангиз ҳамма жуда хурсанд бўлади.

– Хайр, – деди Мейерс. – Galleriaга келинг. Менинг столимни биласиз. Биз бу ерда ҳар куни бўламиз.

Мен йўлимга кетдим. Мен Кэтринга «Кова»дан бирон нарса олмоқчийдим. «Кова»га кириб бир қути шоколад танладим ва сотувчи уни ўраб бўлгунча бар олдига бордим. У ерда иккита инглиз ва бир қанча учувчилар ўтиришарди. Мен ҳеч ким билан гаплашмай мартини ичдим-да, пулини тўлаб қандолатчидан шоколадни олиб, госпиталга қараб кетдим. «Ла Скала»га олиб борадиган кўчада чоғроқ бир бар олдида танишларим – вице-консул, қўшиқ айтишни ўрганишаётган икки ёш йигитни ва италян армиясида хизмат қилувчи сан-францисколик италян Этторе Мореттини кўрдим. Мен улар билан ичишгани ичкарига кирдим. Қўшиқчи йигитлардан бирининг номи Ральф Симмонс бўлиб, Энрико дель Кредо тахаллуси билан қўшиқ айтарди. Мен унинг қандай ашула айтишини билмайман, лекин у доим улуғ ҳодисаларнинг остонасида юрган бўларди. У семиздан келган, оғиз-бурни атрофларидаги териси шамоллаган одамники каби қипиқланиб юрарди. У Пьяченцада чиқиш қилиб ҳозиргина қайтиб келиб турган экан. У «Тоска»да ашула айтибди, зўр бўлибди.

– Айтгандай, сиз ҳали мен қандай айтишимни сира эшитмагансиз-ку, – деди у.

– Бу ерда қачон айтасиз?

– Кузда «Ла Скала»да чиқаман.

– Гаров ўйнайман, унга роса стул отишади, – деди Этторе. – Сиз Моденда унга стул отганларини эшитганмисиз?

– Миш-мишлар.

– Унга стул улоқтиришган, – деди Этторе. – Ўзим кўрганман. Ўзим олтита стул отганман.

– Сиз бемаза макаронхўрсиз.

– У италянчани жуда расво қилиб талаффуз қилади, – деди Этторе. – Қаерга саҳнага чиқмасин, ҳамма ерда стул отишади.

– Бутун Шимолий Италияда Пьяченцадагидан ҳам ёмонроқ театр йўқ, – деди бошқа ашулачи. – Гапимга ишонинг, энг расво театр. – Бу ашулачининг номи Эдгар Саундерс бўлиб, Эдуардо Жованни лақаби билан қўшиқ айтарди.

– У ерда бўлмаганимни қаранг, сизга стул отишганини томоша қилган бўлардим, – деди Этторе. – Италянча ашула айтишни билмайсиз-ку сиз.

– Жинни, – деди Эдгар Саундерс. – Шу стулдан бошқа ҳеч вақони билмайди у.

– Сиз ашула айтаётганингизда тингловчилар стул отишдан бошқа нарсани билмайдилар-да, – деди Этторе. – Кейин сиз Америкага қайтиб, «Ла Скала»да топган шуҳратингизни сўзлаб юрасиз. Ваҳоланки «Ла Скала»да сиз оғзингизни очмасингизданоқ ҳайдаб юборишади.

– Мен «Ла Скала»да айтаман, – деди Симмонс. – Октябрда эса «Тоска»да айтаман.

– Боришга тўғри келади, Мак, – деди Этторе вице-консулга.

– Уларга ҳимоячилар керак бўлиб қолади.

– Эҳтимол, Америка армияси унгача ёрдамга етиб келиб қолар, – деди вице-консул. – Яна бир стакан қуяйми, Симмонс? Саундерс, қуяйми?

– Қуйинг, – деди Саундерс.

– Кумуш медаль олармишсиз, деб эшитдим, – деди менга Этторе. – Қайси хизматларингиз учун беришяпти?

– Билмадим. Умуман, ҳали оламанми, йўқми, билмайман.

– Оласиз. Эҳ, «Кова»даги қизларнинг ҳоли нима кечади унда! Улар бир ўзингиз икки юз нафар австрисни ўлдириб, бутун бир хандақни қўлга туширгансиз, деб юришади. Ўлай агар, мен ўз нишонларимни ҳалол қилиб олганман.

– Сизда нечта улардан, Этторе? – сўради вицеконсул.

– Ҳаммасидан бор, – деди Симмонс, – билмайсизми, уруш уни деб давом эттириляпти-да.

– Мен икки марта бронза ва уч марта кумуш медалга тақдим қилинганман, – деди Этторе. – Лекин фақат бир марта олганман.

– Бошқалари нима бўлди? – сўради Симмонс.

– Операция муваффақиятли чиқмади, – деди Этторе.

– Агар операция муваффақиятсиз чиқса, медаль беришмайди.

– Неча марта яралангансиз, Этторе?

– Уч марта оғир яраланганман. Яраланганим учун учта белгим бор. Мана. – У енгини юқорига кўтарди. Унинг енгининг елкасидан пастроқда қора матога учта кумуш чизиқ чизилганди.

– Сизда ҳам биттаси бор-ку, – деди менга Этторе.

– Ўлай агар, белгингиз бўлса сира ёмон бўлмайди. Мен уларни медалдан маъқулроқ кўраман. Ўлай агар, шунақадан учта бўлса, ошиғингиз олчи. Биттасини олиш учун госпиталда уч ой ётишингиз керак.

– Қаердан яралангансиз, Этторе? – сўради вицеконсул.

Этторе енгини шимарди.

– Бу ердан. – У узун силлиқ қизил чандиқни кўрсатди. – Кейин оёғимнинг мана бу еридан. Обмотканинг тагида бўлгани учун ҳозир кўрсатолмайман. Товонимдан ҳам яраланганман. Оёғимдаги бир парча эт жонсиз бўлиб қолган, ёмон ҳид чиқади. Ҳар куни эрталаб ундан осколкалар олиб ташлайман, лекин сассиғи аримайди.

– Нимадан яраланувдингиз? – сўради Симмонс.

– Қўл гранатасидан. Картошка майдалайдиган нарсага ўхшайди. Оёғимнинг бир томонини учириб кетса бўладими. Сиз бунақа нарсани биларсиз? – У менга ўгирилди.

– Албатта.

– Отган ярамасни ўз кўзим билан кўрдим, – деди Этторе. – Гурс этиб ерга қуладим. Куним битди, деб ўйлаган эдим. Гранатасидан ўргилдим, сира нафи йўқ. Ярамасни милтиқдан отиб ташладим. Мен офицерлигимни билиб қолишмасин деб, доим ўзим билан милтиқ олиб юраман.

– Туси қанақа эди унинг? – сўради Симмоне.

– Бор-йўғи битта гранатаси бор экан аблаҳнинг. – деди Этторе. – Билмадим нима сабабдан отдийкин? Ростакам урушни татимаган, шекилли. Қачон граната отаркинман, деб кутиб юрган-ов ҳойнаҳой. Аблаҳни ер тишлатдим.

– Уни отганингизда ранги ўзгариб кетдими? – сўради Симмонс.

– Қаёқдан билай? – деди Этторе. – Мен унинг қорнига қараб отдим. Калласини пойлай десам теккизолмайманми, деб қўрқдим.

– Анчадан бери офицермисиз, Этторе? – сўрадим мен.

– Икки йил бўлди. Яқинда капитан бўламан. Сиз лейтенант бўлганингизга кўп бўлдими?

– Учинчи йили.

– Сиз капитан бўлолмайсиз, чунки сиз италян тилини яхши билмайсиз, – деди Этторе. – Гапиришни биласиз-ку, аммо ёзиш ва ўқишни билмайсиз. Капитан бўлиш учун маълумот керак. Нега сиз америка армиясига ўтмайсиз?

– Балки ўтарман.

– Мен ўтган бўлардим. Америка капитани қанча олади, Мак?

– Аниқ билмайман. Икки юз эллик долларгача, шекилли.

– Уҳ-ҳў! Икки юз эллик долларга нималар қилмайсан. Тезроқ америка армиясига ўтсангиз бўларкан, Фред. Мени ҳам жойлаштириб қўярмидингиз.

– Жоним билан.

– Мен ротага италянчасига қўмондонлик қилоламан. Инглизчани дарров ўрганиб олган бўлардим.

– Сиз генерал бўласиз, – деди Симмонс.

– Йўқ, генерал бўлишга илмим етмайди. Генерал минг турли нарсаларни билиши керак. Бизга ўхшаган азаматлар урушни менсимайдилар. Сиз эса капрал бўлишга ҳам ярамаган бўлардингиз.

– Худога шукрки, бунинг менга кераги йўқ, – деди Симмонс.

– Керак ҳам бўлиб қолар. Сиздақа такасалтангларни чақириб ҳам қолишар… Эҳ, жин урсин, икковларинг менинг ротамга тушишларингни хоҳлардим. Макниям. Мен сизни ўзимга югурдак қилиб олардим, Мак.

– Жуда ажойиб йигитсиз-да, Этторе, – деди Мак. – Лекин сиз уришқоқ экансиз.

– Мен уруш тугамасдан полковник бўламан, – деди Этторе.

– Агар илгарироқ ўлдириб қўйишмаса.

– Ўлдиришмайди. – У бош ва кўрсаткич бармоқ– лари билан ёқасидаги юлдузчаларига тегиб қўйди. – Кўрдингизми нима қилганимни? Урушда кимдаким ўлим ҳақида гапирса, юлдузчаларни ушлаб қўйиш керак.

– Юр, кетдик, Сим, – деди Саундерс ўрнидан тураркан.

– Кетдик.

– Хайр, – дедим мен. – Мен ҳам кетишим керак. – Бардаги соат ўн бешта кам олтини кўрсатиб турарди. – Ctao, Этторе.

– Сtао, Фред, – деди Этторе. – Кумуш медаль олишингиз соз бўлибди-да.

– Оламанми, билмайман.

– Олишингиз керак, Фред. Мен олишингизни аниқ эшитдим.

– Хўп, хайр, – дедим. – Бошни эҳтиёт қилинг, Этторе.

– Ташвиш чекманг. Мен ичмайман ва санғиб юрмайман. Ишратпараст ва хотинбоз эмасман. Мен нима ёмон, нима яхши – ажрата оламан.

– Хайр, – дедим. – Сизни капитан қилиб кўтаришларидан хурсандман.

– Мен кўтаришларини кутиб ўтирмайман. Мен жанговар хизматларим учун капитан бўламан. Биласиз-ку ўзингиз. Икки қилич, уч юлдуз, тепасида тож бор. Ўша менман.

– Хайрли бўлсин.

– Хайрли бўлсин. Сиз қачон фронтга қайтасиз?

– Озгина қолди.

– Хўп, кўришиб қолармиз.

– Хайр.

– Хайр. Касал бўлманг.

Мен тор кўчадан кетдим, бу ердан ҳовли орқали тўғри госпиталга чиқиш мумкин эди. Этторе йигирма учга кирган эди. У Сан-Францискода амакисининг қўлида ўсиб, Туринга қариндошлариникига энди дам олгани келганида уруш бошланиб қолганди. Амакисининг қўлида унинг бир опаси ҳам тарбияланаётган бўлиб, шу бу йил ўқитувчилар коллежини битириши керак эди. У одамни энсасини қотирадиган қуруқ қаҳрамонлардан эди. Кэтрин уни жуда ёмон кўрарди.

– Бизнинг ҳам қаҳрамонларимиз бор, – дерди у, – лекин улар, жоним, жуда камтарин одамлар.

– У менга халақит бермайди.

– Шуни айт. Лекин жудаям шуҳратпараст, унинг афтига қарасам, зерикиб кетаман, зерикиб, зерикиб…

– Сен буни мени хафа бўлмасин деб айтяпсан.

– Мен ҳам у билан гаплашиб зерикиб кетаман. Кераги йўқ. Унинг фронтда қандайлигини тасаввур қилиш мумкин, у ерда ўз хизматини ўтайди, лекин бунақа болаларни ёқтирмайман.

– Унга эътибор берма.

– Яна бояги гапингни айтяпсан. Мен уни ёмон кўрмасликка ҳаракат қиламан, лекин барибир, Худо ҳаққи, у жуда, жуда ёқимсиз бола.

– У бугун капитан бўламан, деб айтди.

– Жуда соз! – деди Кэтрин. – Ўзида йўқ хурсанддир жуда.

– Сен истармидинг менинг унвоним юқорироқ бўлишини?

– Йўқ, жоним. Мен фақат бизни яхши ресторанларга киритишларига имкон берадиган унвонинг бўлишини истайман.

– Бунинг учун менинг ҳозирги унвоним етарли.

– Сенинг унвонинг энг яхши унвон. Мен сенинг унвонинг шундан юқори бўлишини истамайман. Сен шуҳратпараст эмаслигингдан шу даражада хурсандманки, жоним. Сен шуҳратпараст бўлганингда ҳам сени дердим, аммо эринг шуҳратпараст бўлмаса, бирам тинч бўласанки.

Биз айвонда жимгина гаплашиб ўтирардик. Ой чиқадиган вақт бўлган, бироқ шаҳар узра туман тушганидан, у ҳали чиқмаганди, кўп ўтмай ёмғир томчилай бошлади, биз ичкарига кирдик. Туман ёмғирга айланди. Сал вақтдан сўнг жала қуйди, жала томга шарқираб урилишига қулоқ солиб ўтирдик. Ўрнимдан туриб, айвон эшигидан ёмғир ичкарига урмаётганмикин, деб қарадим, йўқ, ёмғир ичкарига урмабди, эшикни очиқ қолдирдим.

– Яна кимни кўрдинг? – сўради Кэтрин.

– Мистер ва миссис Мейерсларни.

– Жуда ғалати эр-хотин улар.

– Ўз юртида қамоқда ўтириб чиққан дейишади. Озодликни кўриб ўлсин деб, чақиришибди.

– Ўшандан бери Миланда бахтли ҳаёт кечирармишми?

– Билмадим, бахтлимикан…

– Қамоқдан кейин ҳар ҳолда бахтлироқ бўлса керак-да.

– Хотини бу ерга совға-саломлар олиб келмоқчи.

– У жуда ажойиб совғалар олиб келади. Сен ҳам унинг, албатта, жонажон болаларидан бўлсанг керак?

– Бўлмасам-чи?

– Ҳаммаларингиз унинг жонажон болаларисиз, – деди Кэтрин. – У айниқса ёқимтой болаларни яхши кўради. Ёмғирни қара.

– Қаттиқ ёғяпти.

– Сен мени ҳар доим яхши кўрасан, а?

– Ҳа.

– Ёмғир ёғаверсинми?

– Ёғаверсин.

– Қандай яхши. Мен бўлсам, ёмғирдан қўрқаман.

– Нега?

Кўзимни уйқу торта бошлади. Ташқарида ёмғир тобора кучаярди.

– Мен ёмғирни яхши кўраман.

– Мен ёмғирда сайр этишни яхши кўраман. Лекин муҳаббат учун бу яхшилик келтирмайди.

– Мен сени бир умр севаман.

– Мен сени севаман, ёмғирда ҳам, қорда ҳам, дўлда ҳам ва… яна нима бор?

– Билмадим. Нимагадир уйқум келяпти.

– Ухла, жоним, мен эса ҳеч қачон сени севишдан зерикмайман.

– Сен ростдан ҳам ёмғирдан қўрқасанми?

– Сен бор бўлсанг қўрқмайман.

– Нега қўрқасан?

– Билмайман.

– Айт.

– Мажбур қилма.

– Айт.

– Йўқ.

– Айт.

– Хўп, майли. Мен ёмғирдан шунинг учун қўрқаманки, баъзан ажал мени ёмғир ёғиб турганда оладигандай бўлади.

– Нима деяпсан!

– Гоҳо сен… ўладигандай туюласан.

– Бунинг энди ҳақиқатга яқинроқ.

– Ҳеч ундаймас, жоним. Мен сени балолардан сақлай оламан. Ҳа, бу қўлимдан келади. Лекин ўз-ўзингга ҳеч нима билан ёрдам беролмайсан.

– Қўй, ундай гапирма. Мен бугун шотландча телба довдирашларни эшитадиган аҳволда эмасман. Айрилиқ эса остонада турибди.

– Мен шотланд қизи ва телба бўлсам нима қилай, ахир. Лекин майли, бошқа гапирмайман. Девоналик булар ҳаммаси.

– Ҳа, ҳаммаси девоналик.

– Ҳаммаси девоналик. Фақат девоналик. Мен ёмғирдан қўрқмайман. Мен ёмғирдан қўрқмайман. Ё Раббим, ё Раббим, қўрқмасликнинг иложи бўлсайди.

У йиғлади. Мен уни овутдим ва у йиғидан тўхтади. Бироқ ёмғир ҳамон ёғарди.

Йигирманчи боб

Бир куни тушдан кейин биз отчопарга кетдик. Биз билан бирга Фергюсон, анов дистанцион граната портлаганда кўзидан яраланган Кроуэлл Рожерс боришди. Қизлар кийингунча биз Рожерснинг хонасида спорт варақасида сўнгги улоқлар ва ғолиб чиқиши кутилганларнинг номлари айтилган ҳисоботларни кўриб ўтирдик. Кроуэллнинг бутун юзи бинтлаб ташланган, унинг улоқ билан иши йўқ, бироқ спорт варақасини қўймай ўқиб борар ва қиладиган иши бўлмаганидан, барча отларни кузатиб борарди. Ҳамма отлар расво отлар, дерди у, лекин бу ерда яхшилари йўқ. Қари Мейерс уни яхши кўрар ва унга маслаҳатлар бериб турарди. Мейерс отларга пул тикиб доимо ютиб юрар, лекин маслаҳат беришга ҳуши йўқ эди, чунки бошқалар ютса, унинг оладиган ютуғи камаярди. Улоқларда алдам-қалдам ишлар кўп бўларди. Бутун дунё ипподромларидан қувилган от ўргатувчилар Италияга келиб ўрнашган эдилар. Мейерснинг маслаҳатлари ҳар доим ҳам фойдали бўларди, лекин мен сўрашни ўзимга эп билмасдим, чунки у баъзан жавоб бермас, жавоб берганда эса, истар-истамай бераётгани кўриниб турар, лекин қандайдир сабабларга кўра бизга айтиб туришга ўзини бурчли деб сезар ва Кроуэллга бошқаларга қараганда рўйхушлик билан йўл кўрсатарди. Кроуэллнинг кўзлари зарарланган, бири деярли кўрмай қолган. Мейерснинг ҳам кўзларининг мазаси қочган, шу сабабдан у Кроуэллни яхши кўрарди. Мейерс қайси отга пул тикканини ҳеч қачон хотинига айтмас, шунинг учун хотини бир ютса, бир ютқизар, кўпроқ ютқизар, жуда сергап хотин эди.

Тўртовлон очиқ экипажга тушиб, Сан-Сирога қараб йўл олдик. Ҳаво жуда яхши, биз дарахтзорлар ичида, кейин трамвай йўлидан ўтиб бориб, ниҳоят шаҳар ташқарисига чиқдик, чангли йўллар бошланди. Йўлнинг ҳар иккала томони темир панжаралар билан тўсилган қаровсиз чорбоғлар, виллалар билан ўралган, йўл четида ариқлар оқиб ётар, томорқаларда етиштирилган сабзавотларни чанг босган эди. Олисда – водийда деҳқонларнинг уйлари, ферма атрофларидаги кўм-кўк далалар, каналлар кўринарди, шимол томонда эса тоғлар қад кўтарганди. Ипподромга борадиган йўлда экипажлар кўп эди, дарвозада турган контролёр ҳарбий формада бўлганлигимиз учун бизни билетсиз ўтказиб юборди. Биз экипаждан тушиб, рўйхат сотиб олдик-да, айланани кесиб ўтиб, текис қаттиқ йўлкадан юриб томошабинлар турадиган ерга бордик. Трибуналар ёғочдан ишланиб, эскириб кетган, трибуналардан қуйида кассалар жойлашган, яна бошқа қатор кассалар отхоналарнинг олдида эди, тўсиқ олдида бир тўда солдатлар туришарди. Одам хийла бор эди. Катта трибуна ортидаги дарахтлар тагида чавандозлар отларни совутишмоқда. Биз танишларимизни кўриб қолдик ва Ферюсон билан Кэтринга курси топиб бердик-да, отларни томоша қила бошладик.

Чавандозлар отларни етаклаб совутишмоқда эди. Отлар каллаларини энгаштириб олганди. Улар ичида бири қорамтир кўк тусда товланар, Кроуэлл, ўлай агар, уни бўяб қўйишибди, деб хуноб бўларди. Биз тузукроқ қараб унинг гапи ҳақиқатга яқин деб топдик. Бу отни эгарлашга буйруқ бўлмасдан сал илгарироқ бир дақиқагина олиб чиқишган эди. Чавандознинг енгидаги рақам бўйича рўйхатга қараб уни топдик. Унда қора ахта, лақаби Япалоқ деб ёзилган эди. Бир марта ҳам минг ливрдан ошириб соврин олмаган отларнинг чиқиши кутиларди. Кэтрин отнинг туси жўрттага ўзгартиб қўйилганлигига амин эди. Фергюсон бунга унчалик ишонмасди. Мен ҳам отнинг тусига ишонмасдим. Ҳаммамиз шу отга қўямиз дедик ва юз лир тикдик. Ҳисоб варақасида бу отга пул қўйганлар ўттиз беш карра қилиб оладилар дейилган эди. Кроуэлл чипта олгани кетди, биз эса чавандозлар дарахтлар тагида яна бир айланиб чиқишганларини томоша қилиб турдик. Кейин улар отнинг бошини оҳиста қўйиб, улоқ бошланадиган ерга кетишди.

Биз улоқни томоша қилиш учун трибунага кўтарилдик. У пайтларда Сан-Сирода резина тасмалар йўқ эди. Шунинг учун улоқбоши отларнинг ҳаммасини бир сафга тизиб, отлар узоқдан жуда кичкина бўлиб кўринишарди, сўнг узун қамчинини қарсиллатиб, чопишга рухсат берди. Отлар ёнгинамиздан ўтиб кетишди. Қора от ҳаммадан олдинда борар, бурилишда эса барча отлардан қаттиқ ўзиб кетди. Мен улар орқа йўлдан қандай бораётганларини дурбиндан кўриб турар, чавандоз отнинг бошини бор кучи билан тортишга ҳаракат қилар, лекин от зўр куч билан суриб борар, улар бурилишдан олдинги йўлкага чиққанларида қора от бошқалардан анча олдинга ўтиб кетганди. У маррага етгандан кейин ҳам анчагача чопиб борди.

– Қандай яхши-я, – деди Кэтрин. – Биз уч минг лирдан ошиқроқ оладиган бўлдик. Жудаям зўр от экан.

– Умид қиламанки, – деди Кроуэлл, – отнинг бўёғи пулни олгунимизча тушиб кетмас.

– Йўқ, ростдан ҳам зўр от, – деди Кэтрин. – Қизиқ, мистер Мейерс унга тикдимикин?

– Ютдингизми? – қичқирдим мен Мейсерга. У бош силкиди.

– Мен эса ютмадим, – деди миссис Мейерс. – Сиз-чи, болалар, қайсига қўювдингизлар?

– Япалоққа.

– Ростданми? Унга ўттиз беш баравар беришади.

– Бизга унинг туси ёқиб қолди.

– Менга эса ёқмади. Жуда хароб бўлиб кўринган эди. Унга қўйиб овора бўлманг дейишувди.

– Кўп беришмайди, – деди Мейерс.

– Ўттиз беш деб кўрсатишган, – дедим.

– Кўп беришмайди, – деди Мейерс. – Уни охирги дақиқаларда ўйинга туширишди.

– Ким?

– Кемптон ўз йигитлари билан. Мана кўрасиз. Икки баравар беришса ҳам хўп гап.

– Нима, биз уч минг лир олмас эканмизми? – деди Кэтрин. – Шу улоқлари менга ёқмайди. Ғирт алдамчилик.

– Биз икки юз лир оламиз.

– Шуям пулми. Кимга керак. Мен уч минг оламиз деб ўйлабман.

– Ғирт муттаҳамлик, расвогарчилик, – деди Фергюсон.

– Тўғри, шу алдамчилик бўлмаганда биз унга тикмаган бўлардик, – деди Кэтрин. – Лекин уч минг лир оламиз деб роса суюниб юрибман.

– Юринглар, пастга тушиб бирон нарса ичамиз, кейин қанча беришларини биламиз, – деди Кроуэлл.

Биз пастга – ғолибларнинг номлари ёзиладиган лавҳа олдига тушдик. Шу пайт ютуқ берилишига қўнғироқ чалинди ва Япалоқнинг қаршисига «ўн саккиз эллик» кўрсаткичини илиб қўйишди. Бу ютуқ икки баравардан ҳам кам дегани эди.

Биз катта трибуна тагидаги барга тушиб, бир стакандан содали виски ичдик. Бу ерда икки италян танишимиз ва вице-консул Мак Адамсни учратиб қолдик. Улар ҳам биз билан юқорига кўтарилишди. Италянлар ўзларини жуда сертакаллуф тутар эдилар. Мак Адамс Кэтрин билан гаплашиб ўтирди, биз эса пул тикиш учун пастга тушиб кетдик. Кассалардан бирининг олдида мистер Мейерс турарди.

– Сўранг-чи, қайсинга қўяркан, – дедим Кроуэллга.

– Қайсинга қўясиз, мистер Мейерс? – сўради Кроуэлл.

Мейерс ўзининг рўйхатини олди-да, қалам билан бешинчи рақамни кўрсатди.

– Биз ҳам ўшанга қўйсак, қарши эмасмисиз? – сўради Кроуэлл.

– Бемалол, бемалол. Фақат хотинимга мени айтди деманглар.

– Келинг, бирон нарса ичайлик, – дедим.

– Йўқ, раҳмат. Мен сира ичмайман.

Биз бешинчи рақамга бир марта юз лир, кейин икки юз лир қўйдик ва яна бир стакандан содали виски ичдик. Менинг жуда кайфиятим кўтарилди, биз яна иккита италян танишимизга дуч келдик ва уларнинг ҳар бири билан ҳам ичишдик-да, юқорига қайтиб чиқдик. Бу италянлар ҳам жуда сертакаллуф йигитлар бўлиб, боягилардан қолишмас эканлар. Уларнинг сермулозаматлиги дастидан ҳеч ким ўз ўрнида тинч ўтиролмас эди. Мен Кэтринга чипталарни бердим.

– Қайси от?

– Билмадим. Мистер Мейерс айтганига қўйдик.

– Сиз ҳатто унинг номини ҳам билмайсизми?

– Йўқ. Рўйхатдан кўриш мумкин. Бешинчи рақамли, шекилли.

– Бировга чиппа-чин ишонишингизни-чи, – деди Кэтрин.

Бешинчи рақамли от ютди, лекин ютуқ ниҳоятда оз эди.

Мистер Мейерснинг жаҳли чиқди.

– Йигирма лир олиш учун икки юз лир тикиш керак, – деди у. – Ўн лирга ўн икки лир. Овора бўлганга арзимайди. Хотиним йигирма лир ютди.

– Мен ҳам сизлар билан пастга тушаман, – деди Кэтрин. Италянларнинг ҳаммаси ўринларидан туришди.

Биз пастга тушиб бордик.

– Бу ер сенга ёқадими? – сўради Кэтрин.

– Яхши. Ёмонмас.

– Одам зерикмас экан бу ерда, – деди у. – Лекин биласанми, жоним, ҳамма ёқни таниш босиб кетса ҳам бошим оғрийди.

– Танишлар унчалик кўп эмас-ку.

– Тўғри. Лекин ану Мейерслар, ану хотини ва қизлари билан чиққан банкда ишлайдиган…

– У менинг чекларимга ҳақ тўлайди.

– У тўламаса, бошқаси тўларди. Ану тўртта италян ҳам бирам бош оғриғики…

– Кейинги чопишни шу ерда қолиб кўрсак ҳам бўлади.

– Қандай яхши. Биласанми, жоним, ўзимиз ҳечам билмайдиган отга қўяйлик, мистер Мейерс қўймаганига қўяйлик.

– Бўпти.

Биз «Кўзларнинг нури» деган отга тикдик ва у бешта отнинг ичида тўртинчи бўлиб келди. Биз панжарага суяниб, олдимиздан учиб ўтиб бораётган отларни томоша қилардик, олисда тоғлар ва дарахтлар, далалар ортида Милан кўринарди.

– Мен ўзимизни бу ерда покиза бўлгандай ҳис қиляпман, – деди Кэтрин.

Кўпириб кетган отлар қайтиб дарвозадан кириб келишарди. Чавандозлар дарахт тагида тушишдан олдин уларни тинчлантиришарди.

– Ке, бирон нарса ичайлик. Фақат шу ернинг ўзида отларни томоша қилиб ичамиз.

– Ҳозир олиб келаман, – дедим.

– Бола олиб келади, – деди Кэтрин. У қўлини кўтарган эди, ахтахоналар ёнидаги «Бутхона» барининг хизматчиси югуриб келди. Биз темирдан ясалган доира столга ўтирдик.

– Ўзимиз қолсак, яхши, тўғрими?

– Ҳа, – дедим.

– Ану одамларнинг олдида ўзимни шунчалар ёлғиз сездимки.

– Бу ер соз экан, – дедим.

– Ҳа. Яхши ипподром экан.

– Ёмонмас.

– Сенинг роҳатингни бузаётган бўлсам, айтгин, жоним. Истаган заҳотинг тепага қайтиб чиқамиз.

– Йўқ, – дедим. – Шу ерда қолиб ичамиз. Кейин стиплчезедаги ровга бориб сувни томоша қиламиз.

– Менга шундай меҳрибонсанки, – деди у.

Бир қанча муддат икковимиз ёлғиз қолиб бирга бўлганимиздан сўнг, бошқаларни кўрганда яна қувондик.

Кун жуда яхши ўтди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации