Электронная библиотека » Эрнест Хемингуэй » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Алвидо, қурол"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Эрнест Хемингуэй


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ўттизинчи боб

Бир озлардан кейин дарёга олиб борадиган йўлга чиқдик. Ташлаб кетилган юк машиналари билан аравалар то кўприккача чўзилиб ётарди. Одам зоти кўринмасди. Дарёда сув тўлиб оқар, кўприк қоқ белидан портлатилганди. Кўприкнинг тош қуббаси дарёга қулаб тушган, қўнғир сув унинг устидан оқиб ўтарди. Биз кечиб ўтгани жой ахтариб дарё ёқалаб кетдик. Мен сал нарироқда темир йўл кўприги борлигини билардим, шояд ўша ердан нариги қирғоққа ўтиб олсак, деб ўйладим. Сўқмоқ йўл чилп-чилп лой эди. Одамлар кўринмас, ҳамма ёқда фақат ташлаб кетилган нарсалар ётарди. Қирғоқнинг ўзида ҳам ҳўл буталар-у, ботқоқ ердан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Қирғоқни ёқалаб бориб, ниҳоят темир йўл кўпригини кўрдик.

– Чиройлилигини қаранг, – деди Аймо. Бу одатда сув тагигача қуриб қоладиган дарё устига қурилган узун темир кўприк эди.

– Келинглар, тезроқ нариги томонга ўтиб олайлик, ҳали замон портлатиб юборишлари ҳам мумкин, – дедим.

– Ким портлатарди, – деди Пиани. – Ҳамма кетиб бўлибди-ю.

– У миналанган бўлиши мумкин, – деди Бонелло. – сиз биринчи бўлиб юринг.

– Вой, манави анархистни томоша қилинглар, а? – деди Аймо. – Ўзинг бор биринчи бўлиб.

– Мен бораман, – дедим. – Минаси бўлсаям, битта одамнинг қадамидан портлаб кетмас, ахир.

– Кўрдингми, – деди Пиани. – Ақлли одам деган бундоқ бўлибди, бу сенга анархист-панархист эмас.

– Мен ақлим бўлганида бу ерларда юрмаган бўлардим, – деди Бонелло.

– Ёмон эмас, ёмон эмас, a, rani, tenente, – деди.

– Аймо.

– Ёмонмас, – дедим. Биз кўприк олдига бориб қолгандик. Осмонни яна булут буркаб, ёмғир ивирсирай бошлаган-ди. Кўприк жуда ҳам узун ҳамда бақувват бўлиб кўринарди. Биз темир йўл кўтармасига тирмашиб чиқдик.

– Битта-биттадан бўлиб ўтамиз, – дедим ва кўприкка қадам қўйдим. Мен темир йўл изларини, шпалларни мина асоратлари йўқмикин деб қараб борардим, шубҳали бирон нарса кўринмади. Пастда шпаллар орасидан бўтана бўлиб оқаётган сершитоб дарё кўриниб турарди. Олдинда бўккан далаларнинг нариги томонида элас-элас Удина кўзга чалинарди. Кўприкдан ўтиб атрофга алангладим. Оқим бўйлаб сал юқорироқда яна кўприк бор экан. Мен қараб турган маҳалимда ўша кўприкдан ҳамма ёғига лой сачраган сариқ енгил машина ўтиб кетди. Кўприк панжараси жуда баланд эди, шунинг учун машина кўприкка чиқиши биланоқ кўзга кўринмай қолди. Лекин мен шофёрни, унинг ёнида ва орқада ўтирганларнинг бошларини кўрдим. Тўртовлари ҳам немис каскасида эдилар. Машина қирғоққа чиқди-да, дарахтлар, ташлаб кетилган транспорт орқасида кўринмай қолди. Мен орқадан ўтиб келаётган Аймога, кейинда қолганларга тезроқ бўлинглар, деб ишора қилдим. Мен пастга тушиб темир йўл кўтармасининг тагида ўтирдим. Аймо кетимдан тушиб келди.

– Сиз машинани кўрдингизми? – сўрадим.

– Йўқ. Биз сизга қараб тургандик.

– Юқори кўприкдан немисларнинг штаб машинаси ўтиб кетди.

– Штаб машинаси дейсизми?

– Ҳа.

– Ё Биби Марям!

Бошқалар ҳам етиб келишди, ҳаммамиз кўтарма тагида, лойда ўтирдик, кўтарма оша дарахтлар, зовур ва йўл кўриниб турарди.

– Биз қуршовда қолибмизми, tеnentе?

– Билмадим. Мен фақат немис штаб машинаси йўлдан ўтганини кўрдим.

– Соғлигингиз жойидами, tеnentе? Бошингиз айланмаяптими?

– Ҳазилни йиғиштиринг, Бонелло.

– Ичмаймизми, а? – сўради Пиани. – Қуршовда қолган бўлсак, ўлар дунёда ичиб қолайлик. – У флягасини камаридан бўшатиб олди-да, оғзини бураб очди.

– Қаранглар! Қаранглар! – деди Аймо йўлни кўрсатиб. Кўприкнинг темир панжараси тепасидан немис каскалари ўтиб борарди. Улар бир оз олдинга томон энкайган, худди сузиб кетаётгандай бир маромда шитоб билан ўтиб бормоқда эдилар. Каскалар қирғоққа етганда уларнинг эгаларини ҳам кўрдик. Бу велосипедчилар ротаси эди. Мен, айниқса, олдинда бораётган иккитасини яхши кўриб турардим. Улар чайир, бақувват йигитлар эди. Каскаларни бостириб кийишган, шунинг учун юзларининг бир ёғи кўринмасди. Карабинлари велосипедларининг рамасига тиркаб қўйилганди. Қўл гранаталарини дастасини пастга қилиб белларига осиб олишганди. Уларнинг каскалари билан кулранг мундирлари нам босган, шошилмай юриб, теварак-атрофни кузатиб борардилар. Олдинда икки киши, кейин бир қатор бўлиб тўрт киши, ундан кейин бир йўла ўн-ўн икки киши, кейин яна, ўн, кейинда битта одам алоҳида борарди. Улар гаплашмасдан кетишарди, лекин гаплашаётган тақдирларида ҳам барибир дарёнинг шовқинидан гапларини эшитмаган бўлардик. Улар йўлга чиқиб, кўздан ғойиб бўлдилар.

– Ё Биби Марям! – деди Аймо.

– Булар немислар, – деди Пиани. – Булар австрис эмас.

– Нега уларни бу ерда ҳеч ким тўхтатмайди? – дедим мен. – Нега бу кўприк портлатилмаган? Нега кўтармаларга пулемётлар ўрнатилмаган?

– Буни сиз бизга айтиб беринг, tenente, – деди Бонелло.

Азбаройи қоним қайнаб, ғазабдан ёниб кетдим.

– Ҳаммаси жинни бўлиб қолган. Пастда кичкина кўприкни портлатиб, катта йўлдаги кўприкни бутун қолдиришади. Қаерда улар ўзи? Буларни тўхтатадиган азаматлар борми ўзи?

– Буни сиздан эшитамиз, tenente, – деб такрорлади Бонелло.

Мен индамадим. Буларнинг менга алоқаси йўқ. Менга учта санитар машина билан Порденонега бориш топширилганди. Бу қўлимдан келмади. Энди мен шундоқ ўзим Порденонега етиб олишим керак: лекин, Худо шоҳид, мен бу аҳволда ҳатто Удинага ҳам етиб боролмайдиганга ўхшайман. Бўлар иш бўлди. Энди оғир бўлиш керак, ўққа учмаслик, асирга тушмасликнинг чорасини топиш керак.

– Сиз винони очгандингиз, шекилли? – сўрадим мен Пианидан. У менга флягани узатди. Мен тўйиб ичдим. – Кетдик, – дедим мен. – Айтгандай, шошадиган жойимиз йўқ. Тамадди қилиб оласизларми?

– Бу ер тўхтаб турадиган ер эмас, – деди Бонелло.

– Майли, унда юринглар.

– Кўтарманинг тагидан юриб борамизми?

– Яхшиси тепадан юриш керак. Улар бу кўприкдан ҳам ўтишлари мумкин. Тепамизга келганларини кўрмай қолсак, чатоқ бўлади.

Биз темир йўлдан юриб кетдик. Иккала томонимиз бўккан дала. Даланинг нарёғида, олдинда тепалик бор, ундан нарида Удина. Тепаликдаги қалъа атрофидаги уйларнинг томлари кўринарди. Қўнғироқхона билан минора соати кўзга ташланарди. Далаларда тут дарахтлари кўп эди. Бир жойда темир йўлни бузиб кетишибди. Шпалларни ковлаб олиб кўтарма тагига улоқтиришибди.

– Пастга, пастга! – деди Аймо.

Ўзимизни кўтарма тагига отдик. Йўлдан велосипедчиларнинг янги бўлинмаси ўтиб борарди. Мен кўтарманинг четидан қараб уларнинг ўтиб кетганларини кўрдим.

– Улар бизни кўрсалар ҳам тўхтаганлари йўқ, – деди Аймо.

– Ҳаммамизни бу ерда битта-биттадан отиб ташлашади, tеnеntе, – деди Аймо.

– Бизнинг уларга керагимиз йўқ, – дедим мен. – Улар бошқа бировнинг кетидан қувишмоқда. Биз уларнинг оёқлари тагидан чиқиб қолсак, унда ёмон бўлади.

– Менга қолса, шу панароқ ердан юрган бўлардим, – деди Бонелло.

– Юраверинг. Биз тепадан борамиз.

– Ўтиб олишимизга ишонасизми? – сўради Аймо.

– Албатта. Улар ҳали кўп эмас. Қоронғи тушганда ўтиб кетамиз.

– Штаб машинаси бу ерда нима қилиб юрибди?

– Ким билади дейсиз? – дедим мен. Биз темир йўл изидан борардик. Бонелло лойдан юриб чарчади, шекилли, бизнинг ёнимизга чиқиб олди. Темир йўл бир оз жанубга қараб бурилгандан кейин биз йўлда нима бўлаётганлигини кўрмай қолдик. Канал кўприги портлатилган экан, биз қолган-қутган тўсинлардан бир амаллаб ўтиб олдик. Олдинда отишмалар эшитилмоқда эди.

Каналдан ўтгач, биз яна темир йўлга чиқиб олдик. Йўл далалардан ўтиб тўғри шаҳарга олиб борарди. Шимол томонда велосипедчилар ўтиб кетган йўл, жануброқда унча катта бўлмаган йўл иккига ажралиб қуюқ дарахтлар ичига кириб кетарди. Мен жануброқдан кетганимиз маъқул, деган қарорга келдим. Шунда биз шаҳарни айланиб ўтиб, дала йўлдан Кампоформио ва Тальяменто йўлига чиқардик. Биз чекинаётган асосий йўллардан эмас, унинг биқинидаги йўллардан борсак бўларди. Мен водийдан жуда кўп дала йўллари ўтганлигини билардим. Кўтармадан туша бошладим.

– Юринглар, – дедим. Мен дала йўли орқали шаҳарни жанубдан айланиб ўтишга қарор қилдим. Қарши томондан, дала йўлидан бизга қарата ўқ узилди. Ўқ кўтарманинг лойига кириб кетди.

– Орқага! – қичқирдим мен. Мен қияликдан лойда сирпаниб тепага югурдим. Шофёрлар менинг олдимда чопиб боришарди. Кўтармага кучим етганча тез кўтарилдим. Қуюқ бутазор орасидан яна икки марта ўқ отишди. Шунда издан ўтаётган Аймо гандираклаб кетди, қоқилди ва юз тубан йиқилди. Уни нариги томонга олиб ўтиб чалқанча ағдардик. – Бошини юқорироқ қилиб қўйинглар, – дедим. Пиани уни суриб қўйди. У қияликда оёғини пастга осилтириб ётар, нафас олганда хирқираб қон отилиб чиқарди. Биз учовлон унинг атрофида тиззамиз билан ўтириб олгандик. Ёмғир ёғарди. Ўқ унинг энсасига тегиб, юқорига ўтиб, ўнг кўзининг тагидан чиқиб кетганди. Мен ўқ изларини беркитишга ҳаракат қилаётганимда у ўлди. Пиани Аймонинг бошини ерга қўйди, дала пакетидан бир парча дока олиб унинг юзини артди, кейин ўрнидан турди.

– Ифлослар! – деди у.

– Булар немис эмас, – дедим мен. – Бу ерда немисларнинг бўлиши мумкин эмас.

– Италянлар, – деди Пиани худди сўккандай қилиб.

Бонелло миқ этмасди. У Аймонинг ёнида унга қарамай ўтирарди. Пиани Аймонинг пастга тушиб кетган кепкасини олди ва унинг юзини ёпиб қўйди. У ўзининг флягасини чиқарди.

– Ичасизми? – Пиани флягани узатди.

– Йўқ, – деди Бонелло. У менга ўгирилди. – Тепада юрганимизда ҳаммамиз ҳам шу аҳволга тушишимиз мумкин эди.

– Йўқ, – дедим мен. – Биз даладан кетмоқчи бўлганлигимиз учун шундай бўлди.

Бонелло бошини чайқади. – Аймо ҳалок бўлди, – деди у. – Энди кимнинг навбати, tenente? Энди қаерга бордик?

– Италянлар отишди, – дедим мен. – Булар немислар эмас.

– Немислар бу ерда бўлганда ҳаммамизни отиб ташлаган бўлардилар, – деди Бонелло.

– Италянлар бизга ҳозир немислардан ҳам хавфлироқ, – дедим. – Арьергард ҳамма нарсадан қўрқади. Немислар-ку, нима қилаётганларини билишади-я.

– Гапингиз жуда тўғри, tenente, – деди Бонелло.

– Энди қаёққа борамиз? – сўради Пиани.

– Яхшиси, бирон ерда қоронғи тушгунча кутиб ётиш керак. Агар биз жанубга ўтиб олсак, ҳаммаси яхши бўлади.

– Улар биттамизни бекордан-бекорга ўлдирмаганларини исботлаш учун ҳаммамизни ўлдиришдан ҳам тоймайдилар, – деди Бонелло. – Мен таваккал қилишни хоҳламайман.

– Удинага яқинроқ бирон ерда кутиб ётамиз-да, қоронғи тушгандан кейин ўтиб кетамиз.

– Унда кетдик, – деди Бонелло.

Биз кўтарманинг шимолий қиялигидан пастга тушдик. Орқамга қарадим. Аймо темир йўлга ярим қия бўлиб ётарди. У жуда ҳам кичкина эди, қўллари ёнларига туширилган, лой бўлиб кетган оёқлари бирлаштириб қўйилган, юзига бош кийими ёпилганди. Унинг жасади ғоят аянчли кўринарди. Ёмғир қуйиб турарди. Мен ҳеч кимга Аймога қарагандай яхши муносабатда бўлган эмасман. Унинг қоғозларини чўнтагимга солиб олгандим, ҳали унинг оиласига бу ҳақда хабар беришимни билардим. Далаларнинг этагида ферма кўринди. Ферма атрофини дарахтлар қуршаган. Қўрғоннинг гир атрофига ёрдамчи уйлар тушган, болохонадан ташқарига тўсинлар чиқарилиб, устига синчли айвон солинганди.

– Бир-биримиздан узоқроқ масофада юрганимиз маъқул, – дедим уларга. – Олдинда мен бораман.

Мен фермага қараб юрдим. Даладан фермага сўқмоқ тушган эди.

Даладан ўтиб борарканман, қўрғон атрофидаги дарахтлардан ёки қўрғоннинг ўзидан туриб бизга қараб ўт очишлари мумкинлигига ичимда бир бор тан бериб қўйгандим. Мен рўпарамда аниқ-таниқ кўриниб турган уйга томон бордим. Болохона айвони сомонхона билан туташган бўлиб, синчлар орасига хашак бостирилганди. Ҳовли саҳнига тош терилган, дарахтларнинг шохларидан ёмғир томчилари оқиб тушарди. Ўртада шотиси осмонга кўтарилган икки ғилдиракли каттакон арава бўм-бўш ётарди. Ҳовлидан ўтиб, айвон тагида бирпас турдим. Эшик очиқ эди, ичкарига кирдим. Бонелло билан Пиани кетма-кет етиб келишди. Уйнинг ичи қоп-қоронғи эди. Мен ошхонага ўтдим. Оғзи ланг очиқ ҳайҳотдай ўчоқнинг кули олинмаганди. Ўчоқ устида идишлар турар, лекин ҳаммаси бўш эди. Мен у ёқ-бу ёқни тимирскилаб чиқдим, лекин егулик бирон нарса топмадим.

– Сомонхонада қоронғи тушишини кутамиз, – дедим. – Пиани, агар егулик бирон нарса топсангиз, шу ерга олиб келарсиз.

– Қидириб кўрай-чи, – деди Пиани.

– Мен ҳам бораман, – деди Бонелло.

– Майли, – дедим. – Мен сомонхонани кўриб келай.

Мен оғилхонадан тепага олиб чиқадиган тош зинани қидириб топдим. Оғилхонадан қуруқ хашак ҳиди анқир, ёмғир ёғаётганда бу ҳид, айниқса, ёқимли туюлмоқда эди. Молларни ҳам ҳайдаб кетишган, шекилли, молхона бўм-бўш турибди. Пичанхонанинг ярмига пичан бостирилганди. Болохонада иккита дарча бор эди, улардан бири михлаб ташланган, иккинчиси – шимол тарафда эди. Бурчакда хашакни пастга, оғилга ташлаш учун қилинган нов бор эди. Яна томда оғзи ҳовлига қараган туйнук ҳам бор эди, ўрим пайтида пичанни шу ердан болохонага узатишса керак. Туйнук устида синчлар бир-бирига қўшилган эди. Пичанхонада томга ёғаётган ёмғирнинг шитирлаши эшитилар, пичан ҳиди анқирди, пастга тушганимда оғилхонадан қуриган тезакнинг ҳиди димоққа ёқимли урилди. Жануб томондаги деразадан битта тахтасини олиб қўйилса, ҳовлини бемалол кузатиб ётса бўладиган. Бошқа дарча шимолга қараган бўлиб, ундан дала кўриниб турарди. Агар зинадан тушишга имконият бўлмай қолса, истаган дарчадан болохонага чиқиб, у ердан пастга тушса бўларди, пастга нов орқали ҳам сирпаниб тушиш ҳеч гап эмасди. Пичанхона кенг эди, одам шарпаси сезилиши биланоқ, ғарам ичига уриб кетиш мумкин эди. Ҳар ҳолда бу қўрғонда яшириниб туриш имконияти йўқ эмасди. Агар ўқ отиб йўлимизни тўсишмаганда, биз жанубга ўтиб олишимизга ишончим комил эди. Бу ерда немисларнинг бўлиши мумкин эмас. Улар шимолдан ва Чивидале йўлидан келишмоқда. Уларнинг жа-нуб томондан фронтни ёриб ўтишлари ақлга тўғри келмасди. Италянлар душмандан ҳам ёмон. Улар қўрқиб кетганларидан дуч келган одамни отиб ташлайверадилар. Ўтган кеча колоннада шимолда чекинаётган армияда италян мундирини кийиб олган немислар кўп экан, деган миш-мишларни эшитгандик. Мен бунга ишонмовдим. Бунақа гаплар урушда тез-тез бўлиб туради. Душман ҳамиша шундай гапларни тарқатади. Сиз ҳеч қачон кимдир немис мундирини кийиб герман армиясининг тўполонини чиқарибди, деган гапни эшитмайсиз. Балки бундай воқеалар бўлиб турса кераг-у, лекин бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди. Мен немислар бунақа гаплар билан шуғулланиб юрмайдилар, деб ўйлардим. Бунинг уларга нима кераги бор. Чекинаётган армияда ола-шовур чиқаришдан улар нима наф кўрадилар. Миш-мишлар чиқишига қўшинларнинг кўплиги, йўлларнинг етишмаслиги сабаб бўлади. Бу ерда немисларсиз ҳам калаванинг учини топиб бўлмайди. Шунга қарамасдан бизни италянча кийиниб олган немис деб отиб ташлашлари ҳеч гап эмас. Аймони отиб ташлашди-ку. Пичан ёқимли ҳид таратади, пичанхонада ётганингда вақт туйғусини йўқотасан. Биз бир маҳаллар пичанхонада гаплашиб ётганимиз, болохона шифтидаги кичкина туйнукка қўнган чумчуқларни пахтавон пилта милтиқдан отганларимиз хотирамдан лип этиб ўтади. Энди у пичанхоналар йўқ, бир йили қарағайзорни кесиб ташлашди, илгари ўрмон шовиллаб турган ерда ҳозир фақат тўнгаклар, қақшаб ётган сўхта дарахт таналаригина қолган. Орқага қайтиб бўлмайди. Агар олдинга юрилмаса, нима бўлади? Миланга қайтиб бормайсан. Миланга борганингда нима қиласан? Шимолда Удина томондан ўқ овозлари келарди. Пулемётнинг тариллагани эшитиларди. Нимагадир тўпларнинг овози чиқмасди. Шу ҳам катта гап. Афтидан, қўшиннинг бир қисмини йўлга ташлашган, шекилли. Пастда ғира-шира бўлиб ҳовлида, Пиани кўринди. У қўлтиғига узун колбаса билан қандайдир икки шиша вино қистириб олганди.

– Юқорига чиқинг, – дедим унга. – Ҳув анови ерда зина бор.

Кейин унга ёрдам бериш кераклигини ўйлаб пастга тушдим. Пичанда ётавериб, бошим айланиб қолибди. Мен худди мудроқ босган одамга ўхшардим.

– Бонелло қани? – сўрадим.

– Ҳозир айтаман, – деди Пиани. Биз зинадан кўтарилдик. Ғарамга ўтириб, келтирган нарсаларимизни қўйдик. Пиани пармали пичоғини олди-да, шишалардан бирини оча бошлади.

– Мум билан маҳкамланган экан, – деди у. – Бир маза қиладиган бўлдик. – У жилмайиб қўйди.

– Бонелло қани? – сўрадим ундан. Пиани менга қаради.

– У кетди, tenente, деди у. – У асир тушаман деди.

Мен индамадим.

– Ўзини ўлдириб қўйишларидан қўрқди.

Мен вино шишасини қўлимда тутганча индамасдим.

– Биласизми, tenente, биз умуман урушга тарафдор эмасмиз.

– Нега сиз у билан бирга кетмадингиз? – сўрадим мен.

– Сизни ташлаб кетгим келмади.

– У қаерга кетди?

– Билмадим, tenente. Кетди-қолди.

– Яхши, – дедим. – Колбасани кесинг.

Пиани ғира-ширада менга қаради.

– Мен гаплашиб ўтириб кесиб қўйган эдим, – деди у. Биз пичанда ўтириб колбаса едик, вино ичдик. Бу винони тўйга сақлаб қўйган бўлсалар керак. У эскилигидан тусини йўқотганди.

– Сиз манави дарчага қаранг, Луижи, – дедим. – Мен бунисига қарайман.

Ҳар биримиз биттадан шишани олволдик, мен ўз шишам билан юқорироқ сурилдим-да, қорним билан ётиб олганча торгина дарчадан ёмғирда бўккан далага қарай бошладим. Нимани кўрмоқчи бўлганимни билмайман-у, лекин далалар, яланғоч тутлар ва ёмғирдан ўзга ҳеч нарсани кўрмадим. Вино руҳимни кўтармади. Уни узоқ сақлаганлари туфайли у ўз ранги билан мазасини йўқотганди. Қоронғилик буркаб келмоқда. Жуда тез қоронғи тушмоқда. Зимистон тун бўлади, чунки ёмғир ёғмоқда. Ҳамма ёқ бутунлай қоронғиликка чўмгач, дарчага қарашнинг фойдаси бўлмай қолди. Пианининг ёнига ўтдим. У ухлаб ётарди, мен уни уйғотмадим, жимгина ёнида ўтирдим. У азамат йигит эди, уйқуси мардона эди. Бир оз туриб мен уни уйғотдим ва биз йўлга тушдик.

Бу жуда ғалати тун эди. Билмадим, нимани кутган эдим – балки ўлимимни кутгандирман, отишмалар, қоронғида қувғинлар бўлади, деб ўйлагандирман, лекин ҳеч нарса бўлмади. Биз зовур орқасида немис батальони ўтиб бўлгунча қорнимизни лойга бериб ётдик-да, кейин у кўздан нари кетгач, йўлни кесиб ўтиб, шимол томонга қараб кетдик. Ёмғирда икки марта немисларга яқин бориб қолдик, лекин улар бизни кўрмадилар. Биз биронта ҳам италянни учратмай шаҳарни шимол томондан айланиб ўтдик, кейин кўп ўтмай асосий чекиниш йўлига чиқиб олдик-да, туни билан Тальяментони мўлжалга олиб йўл босдик. Мен аввал чекиниш бу қадар катта бўлади деб ўйламаган эканман. Бутун мамлакат армия билан бирга борарди. Кечаси билан транспортларни қувиб ўтиб юрдик. Оёғим зирқираб оғрир, ўзим чарчагандим, лекин биз жуда тез кетиб борардик. Бонеллонинг асир тушмоқчи бўлгани бизга энди аҳмоқлик бўлиб туюла бошлади. Ҳеч қандай хавф-хатар йўқ эди. Биз икки армия ўртасидан омон-эсон ўтиб олдик. Аймонинг ҳалок бўлганлигини айтмаганда, гўё ҳеч қандай хатар бўлмагандай эди. Биз темир йўлдан оппа-очиқ бораётганимизда ҳеч ким бизга тегмади. Ҳалокат кутилмаганда – бемаъни суратда оёқ остидан чиқди. Мен ҳозир Бонелло қаердалигини ўйлаб борардим.

– Аҳволингиз қалай, tenente? – сўради Пиани.

Биз транспорт ва қўшинлар билан тирбанд бўлиб кетган йўл чеккасидан кетаётган эдик.

– Яхши.

– Мен юриб чарчадим.

– Бизни энди юришдан бошқа ишимиз йўқ.

Йўлнинг ёмони орқада қолди.

– Бонелло бекор қилди-да.

– Ҳа, бекор қилди.

– Уни энди нима қилмоқчисиз, tenente?

– Билмадим.

– Уни асир олинганлар қаторига қўшиб қўя олмайсизми?

– Билмадим.

– Агар уруш давом этадиган бўлса, унинг ота-онасини жавобгарликка тортишлари мумкин.

– Уруш давом этиши мумкин эмас, – деди қандайдир бир солдат. – Уруш тугади. Биз уйга кетяпмиз.

– Ҳамма уйга кетяпти.

– Биз ҳаммамиз уйимизга кетяпмиз.

– Тезроқ юринг, tеnentе, – деди Пиани. У тезроқ уларнинг ёнларидан ўтиб кетмоқчи эди.

– Tenente? Ким бу ерда tеnentе? Abasso gli ufficiali! Йўқолсин офицерлар!

Пиани мени қўлтиқлаб олди.

– Мен яхшиси, сизни исмингизни айтиб чақираман, – деди у. – Яна бир кори ҳол бўлиб юрмасин. Офицерларни жазолашган пайтлари бўлган.

Биз қадамларимизни тезлатиб, улардан нарига ўтиб кетдик.

– Мен унинг ота-оналарини жавобгарликка тортишмайдиган бир йўлини қиламан, – дедим бояги гапни давом эттириб.

– Агар уруш тугаган бўлса, барибир, – деди Пиани. – Лекин мен унинг тамом бўлганлигига ишонмайман. Урушишдан тўхтаб, бўлди энди бу ёғига дориламон деб юборишмас сира.

– Бу тезда маълум бўлади, – дедим.

– Мен унинг тамом бўлганлигига ишонмайман. Ҳамма тамом бўлди, деб юрибди, лекин мен бунга ишонмайман.

– Viva La Расе!3131
  Яшасин тинчлик! (итал.)


[Закрыть]
, – қичқирди қандайдир солдат. – Уйга кетяпмиз.

– Қани эди ҳаммамиз уй-уйимизга кетсак, – деди Пиани. – Сизнинг уйга кетгингиз келяптими?

– Ҳа.

– Уйга кетиб бўпмиз. Мен уруш тугаганлигига ишонмайман.

– Andiamo a casa!3232
  Ҳамма уй-уйига! (итал.)


[Закрыть]
– қичқирди солдат.

– Улар милтиқларини улоқтиришяпти, – деди Пиани. – Елкаларидан олиб отиб юборишяпти. Кейин қичқиришяпти.

– Милтиқларини бекор ташлашяпти.

– Милтиғимизни ташласак, урушдан озод қилишади деб ўйлашяпти, шекилли.

Ёмғирда чеккадан юриб ўзимга йўл очиб борарканман, кўп солдатлар милтиқларини ташламаганларини кўрдим. Милтиқлар елкалардан чиқиб турарди.

– Қайси бригададан? – сўради офицер.

– Brigata di Расе! – қичқирди кимдир. – Тинчлик бригадасидан.

Офицер индамади.

– Нима деяпти? Офицер нима деяпти?

– Йўқолсин офицер! Viva la Расе!

– Тезроқ юринг, – деди Пиани.

Биз бошқа машиналар қаторида ташлаб кетилган иккита инглиз санитар автомобилини кўрдик.

– Горициядан, – деди Пиани. – Мен бу машиналарни биламан.

– Улар биздан ўзиб кетишган экан-да.

– Улар йўлга биздан олдинроқ чиқишган.

– Қизиқ. Шофёрлари қани?

– Олдинроқда бўлса керак.

– Немислар Удинада қолишибди, – дедим. – Ҳаммамиз дарёдан ўтиб оламиз.

– Ҳа, – деди Пиани. – Шунинг учун ҳам уруш давом этади деяпман-да.

– Немислар бундан ҳам ичкарироққа кириб келишлари мумкин эди, – дедим. – Қизиқ, нега улар бирдан тўхтаб қолишди экан?

– Тушуниб бўлмайди. Бу урушга сира ҳам тушуниб бўлмай қолди.

– Улар кейинги қисмлар келишини кутишган, шекилли.

– Ҳеч ақлим етмайди, – деди Пиани. У бир ўзи бўлганда анча бамаъни йигит экан. Бошқа шофёрлар ичида бўлганда боягидай оғзи ёмон шалоқ бўлиб кетарди.

– Уйланганмисиз, Луижи?

– Уйланганимни биласиз-ку.

– Шунинг учун асирга тушишни истамадингизми?

– Қисман шунинг учун ҳам. Ўзингиз уйланганмисиз, tenente?

– Йўқ.

– Бонелло ҳам уйланмаган.

– Ҳамма нарсани уйланган, уйланмаганлигига қараб ҳал қилиш мумкин эмас. Лекин уйланган одам бола-чақасининг олдига қайтгиси келади. – Мен оила ҳақида суҳбатлашгим келиб турарди.

– Шундай.

– Оёғингиз тузукми?

– Оғрияпти.

Тонг оқариб келаётганда биз Тальяменто қирғоғига етдик, тўлиб оқаётган дарё бўйлаб юриб, кўприкка яқинлашдик.

– Шу дарёда мустаҳкамланиб олсалар бўларди, – деди Пиани. Ғира-ширада дарё жуда кўтарилиб қолганга ўхшарди. Сув гирдоб бўлиб оқар, дарёнинг ўзани кенгайиб кетгандек эди. Тахта кўприкнинг узунлиги бир чақирим келар-келмас бўлиб, одатда кенг, тошлоқ ўзанининг тагидагина ирмоқ-ир-моқ бўлиб оқадиган дарёнинг суви ҳозир кўприкнинг тагига тегай-тегай деб турарди. Қирғоқдан бориб, тўдага қўшилдикда, кўприкдан ўта бошладик. Ёмғирда оҳиста қадам ташлаб борарканман, одамлар орасида қисилиб, олдимдаги зарядлар яшигига ағдарилиб кетай дея-дея, бир оёғимдан салгина пастда оқаётган дарёга, бир теварак– атроф, тумонатга назар ташлардим. Қадамимни бошқаларнинг оёқ олишига қараб қўярканман, ўзимни жуда қаттиқ ҳолдан тойгандай сездим. Кўприкдан ўтаётганларнинг ҳаммаси нимагадир нохуш кўринарди. Мен агар кундуз куни бу ерга самолётдан бомба ташлангудек бўлса, қандай қиёмат-қойим қўпиши мумкинлигини ўйлаб борардим.

– Пиани! – деб чақирдим.

– Мен бу ердаман, tenente, – одамлар уни мендан сал илгарироққа суриб кетишганди. Бирон кимса миқ этиб оғзини очмасди. Ҳар ким тезроқ ўтиб олишни ўйлар, шундан бошқасини хаёлига келтирмасди. Биз ўтай деб қолгандик. Кўприкнинг нариги бошида, икки томондан фонусли офицерлар билан карабинерлар туришарди. Улар ёришиб келаётган осмон фонида қорайиб кўринардилар. Мен яқинроқ борганимда бир офицер колоннадаги қандайдир бир одамни қўли билан кўрсатганини кўрдим. Карабинер ўша одамни елкасидан тутиб олиб чиқди. Йўлдан бир четга олиб борди. Биз офицерларга етай деб қолдик. Улар колоннада ўтаётган ҳар бир кишининг башарасига тикилиб қарашар, баъзан бир-бирлари билан ғужиллашиб, олдинга ўтишарди-да, кимнингдир юзига фонус тутишарди. Биз улар билан бараварлашганда, яна бировни олишди. Тутилган одам подполковник эди. Унга фонус тутишганда елкасидаги юлдузларини кўрдим. Унинг сочлари оқариб кетган, миқтидан келган одам эди. Карабинерлар уни кўприкдан нарига судраб кетдилар. Биз офицерлар билан бараварлашганда, улар менга қараётганларини кўрдим. Кейин бирови мени кўрсатиб, карабинерга нимадир деди. Карабинер колоннани ёриб ўтиб мен томонга келаётганини кўрдим, кейин у менинг ёқамдан ушлаб олди.

– Нима гап? – дедим ва башарасига қараб урдим. Мен унинг шляпа бостирилган юзини, шопдай мўйловларини, юзидан оқиб тушаётган қонни кўриб турардим. Яна бири ўзини издиҳомга уриб биз томонга кела бошлади.

– Нима гап? – сўрадим мен. У жавоб бермасди. Мени тутиб олишга пайт мўлжалларди. Мен тўппончамни олиш учун қўлимни олиб бордим. – Нима, сен офицерга тегиш мумкин эмаслигини билмайсанми?

Иккинчиси келиб орқамдан ёпишди ва қўлимни шундай тортдики, азбаройи Худо, қўлим чиқиб кетди, деб ўйладим. Мен унга ўгрилдим, шунда биринчиси бўйнимдан қисиб ушлаб олди. Мен уни оёқларим билан тепдим, чап тиззам билан чотига туширдим.

– Қаршилик кўрсатилса, отиб ташланг, – деган кимнингдир овозини эшитдим.

– Нима гап ўзи? – деб қичқирмоқчи бўлдим, лекин товушим ғўлдираб чиқди. Бу орада улар мени йўл чеккасига судраб чиқаришганди.

– Қаршилик кўрсатса, отиб ташланг, – деди офицер. – Олиб кетинг уни.

– Кимсизлар ўзи?

– Кейин биласиз.

– Кимсизлар ўзи?

– Дала жандармерияси, – деди бошқа офицер.

– Менга бу самолётларингизни қўйиб юбормасдан, чақирсангиз бўлмасмиди?

Улар жавоб беришмади. Жавоб беришга мажбур эмасдилар. Улар – дала жандармерияси эди.

– Уни обориб бошқаларга қўшиб қўйинг, – деди биринчи офицер. – Эшитяпсизми, у италянчани талаффуз билан гапиряпти.

– Талаффузим худди сеникидан фарқ қилмайди, ифлос, – дедим.

– Уни бошқаларнинг олдига обориб қўйинг, – деди биринчи офицер. Мени офицерларнинг ёнидан олиб ўтишиб, дарё бўйида бир тўда одамлар турган ялангликка келтиришди. Биз бораётганда у ердан ўқ овозлари эшитилди. Мен милтиқларнинг оғзидан чиққан ўтни кўрдим, ўқ товушини эшитдим. Биз у ерга бордик. Тўртта офицер ёнма-ён туришар, уларнинг олдиларида икки карабинернинг ўртасида қандайдир бир одам бор эди. Булардан сал нарироқда карабинерлар соқчилигида бир қанча одамлар сўроқни кутиб туришарди. Яна тўртта карабинер сўроқ қилаётган офицерларнинг олдида карабинларига суяниб туришарди. Булар кенг айвонли шляпа кийган эдилар. Карабинерлар мени сўроқ бўлишини кутаётганлар ичига итариб юборишди. Мен сўроқ қилинаётган одамга қарадим. Бу боя колоннадан тортиб чиқарилган, сочлари оқариб кетган миқти подполковник эди. Офицерлар жиддий туриб, совуққонлик билан сўроқ олиб боришарди, улар милтиқнинг оғзи ўзларига қаратилмаганлигига ишонч ҳосил қилгач, бемалол, қўрқмай отадиган италянлардан эдилар.

– Қайси бригададан?

У айтди.

– Қайси полкдан?

У айтди.

– Нега полкингиз билан бирга эмассиз?

У айтди.

– Офицер доим ўз қисми билан бирга бўлиши кераклиги сизга маълумми?

Унга маълум экан.

Саволлар шу билан тугади. Гапни бошқа офицер олди.

– Сиз ва сизга ўхшаганлар туфайли варварлар ватанимизнинг муқаддас чегараларини бузиб ўтишди.

– Бемаъни гап, – деди подполковник.

– Сизга ўхшаган сотқинлар бизни ғалаба неъматларидан маҳрум қилишди.

– Сиз ўзингиз ҳеч чекиниб кўрганмисиз умрингизда? – сўради подполковник.

– Италянлар чекинмасликлари керак.

Биз ёмғирда туриб шу гапларни эшитдик. Ҳаммамиз офицерлар қаршисида турар, сўроқ қилинаётган киши эса, биздан олдинда сал чеккароқда турарди.

– Агар мени отиб ташламоқчи бўлсангизлар, – деди подполковник, – ўтинаман, бошқа сўроқ қилиб ўтирмай отиб ташланг. Бу сўроқ жуда бемаъни. – У чўқиниб олди. Офицерлар бир-бирлари билан ғужиллашиб олишди. Биттаси ён дафтарга алланималарни ёзди.

– Ўз қисмини ташлаб кетгани учун отишга ҳукм қилинади, – деди у.

Икки карабинер подполковникни қирғоққа томон олиб кетишди. Чол бош яланг алфозда ёмғирда икки карабинер ўртасида борарди. Мен уни қандай отишганига қараганим йўқ, лекин милтиқ овозини эшитдим. Улар кейинги одамга ўтишганди. Бу ҳам қисмидан қолиб кетган офицер эди. Унинг гапини ҳатто эшитиб ҳам ўтиришмади. У дафтар варағига ёзилган ҳукмни ўқиганларида йиғлаб юборди, уни отишаётганда улар бошқа бир одамни сўроқ қила бошлаган эдилар. Улар бировни отишаётганда иккинчи кимсани сўроқ қилишга шошилишарди. Улар бу ерда шундан бошқага қодир эмасликлари кўриниб турарди. Сўроқни кутайми ёки қочайми, билмасдим. Мен италян мундирини кийиб олган немис бўлиб чиқишим турган гап эди. Уларнинг қандай фикр қилаётганларини, агар умуман бир фикрлари бўлса ва фикр қилишга қодир бўлсалар – билардим. Булар ҳаммаси ёш йигитлар эди ва улар ватанга халоскорлик қилмоқда эдилар. Иккинчи армия Тальяментода янгидан ташкил этилмоқда эди. Улар ўз қисмларидан ажралиб қолган майор ва ундан юқори унвонли офицерларни отмоқда эдилар. Айни замонда улар италян мундирини кийиб олган немис ташвиқотчиларини ҳам отмоқда эдилар. Улар пўлат каскалар кийиб олгандилар. Бир қанча карабинерлар ҳам шундай каскада эдилар. Бошқалари айвони кенг шляпалар кийишганди. Самолётлар, деб аташарди уларни бизда. Биз ёмғирда турар, бизни бирин-сирин сўроқ қилмоқда, отмоқда эдилар. Сўроқ қилинганлардан биронтаси ҳам ҳозиргача отилмасдан омон қолгани йўқ. Сўроқ қилувчиларда ҳис деган нарсанинг асари кўринмасди, улар ўзларича темир қонунга риоя қилмоқда эдилар. Ўз ҳаётлари ҳар қандай хавфдан ҳоли бўлган бир вазиятда бошқаларнинг ҳаётини жадал ҳал қилиб ташламоқда эдилар. Улар шу тобда мунтазам қўшинлар полковнигини сўроқ қилмоқда эдилар. Ҳозиргина яна учта офицерни олиб келишди.

– Полкингиз қаерда?

Мен карабинерларга қарадим. Улар янги қўлга олинганларга қараб туришарди. Бошқаларининг кўзи полковникда эди. Мен икки соқчи ўртасидан шўнғидим, бошим билан энкайганча дарё томонга қочдим. Қирғоққа етай, деганимда қоқилиб, шиддат билан сувга отилиб тушдим. Сув жуда ҳам совуқ эди, жонимдан ўтиб кетмагунча сув юзига чиқмадим. Мени оқим олиб кетаётганини сезиб турардим, чўкиб кетишга кўзим етгандан кейингина сув юзига чиқдим. Бир зум ҳаво олиб турдим-да, сўнг яна сув тагига шўнғидим. Ҳарбий форма билан оғир пойабзал оёғингда бўлса, сув тагида туриш унчалар қийин бўлмас экан. Мен иккинчи марта сув тепасига сузиб чиққанимда, олдимда ғўла оқиб бораётганини кўрдим, унга етиб олдим-да, бир қўллаб қучоқлаб олдим. Мен бошимни унинг панасига олдиму мўралаб қарашга ҳам ботинмай, оқиб кетавердим. Қирғоқни кўрмасам, дердим. Мен қочиб кетаётганимда, биринчи марта сув юзига кўтарилганимда ўқ овозларини эшитдим. Бу товушларни сув тагига чуқур тушмай сузаётганимда ҳам эшитгандим. Энди ўқ овозлари келмай қўйди. Ғўла сувда чайқалиб борар, уни бир қўлим билан маҳкам ушлаб олгандим. Мен қирғоққа кўз ташладим. У жуда ҳам тез орқага кетаётганга ўхшаб кўринди. Дарёдан оқиб бораётган ёғочлар кўп эди. Сув жуда ҳам совуқ эди. Биз буталар ўсиб ётган оролчадан ўтиб кетдик. Мен ғўлага икки қўлим билан ёпишиб олдим ва оқим мени ўз кўйига солиб олиб кетди. Қирғоқ энди кўринмасди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации