Текст книги "Алвидо, қурол"
Автор книги: Эрнест Хемингуэй
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 19 страниц)
Ўттиз тўққизинчи боб
Январнинг ўрталарига бориб соқолим ўсиб қолди, чинакам қиш бўлиб кетди, кунлар совуқ ва кўзни қамаштирадиган, тунлари аёзли, қаҳратон совуқ бўларди. Яна йўлларда қатнов бошланди. Чаналарнинг қўшқораклари ва тоғдан судраб ке-лишадиган ёғочлардан йўллардаги қор қотиб силлиқ бўлиб қолди. Тўрт томон қор, Монтрегача қор эди. Кўлнинг нариги ёғидаги тоғлар оқариб қолганди, Рона водийсини ҳам қор босди. Биз тоғнинг бошқа ёнбағридан Бэн-де-л Альязгача узоқ сайр қилиб юрардик. Кэтрин тагига мих қоқилган оёқ кийим, плаш кийиб олар, қўлида учи пўлат найзали асо билан юрарди. Плаш кийганда унинг тўлалиги билинмас ва биз ўртача қадамлар билан юриб борар, баъзан тўхтаб йўллардаги хариларга ўтириб дам олволардик.
Бэн-де-л Альязда дарахтлар тагида ўрмон кесувчиларнинг қовоқхоналари бўлиб, биз ҳам шу ерга кириб ширинликлар ва лимонлар билан қайноқ қизил вино ичардик. Уни Gluhwein деб аташади, баданингни бир оз қизитиб олмоқчи бўлсанг ёки бировнинг соғлиғига қадаҳ кўтаргинг келса, ундан ҳам созроғи йўқ. Қовоқхона ним қоронғи, тутун босган бўларди, кейин биз эшикка чиққанимизда одамнинг ўпкасига муздек ҳаво тегар, нафас олганда бурнингни учи қотиб қоларди. Биз ҳамма дарчаларидан ёруғ тушиб турган қовоқхонага бир зум қараб турардик, чиқаверишда ўрмон кесувчиларнинг отлари совқотиб қолмаслик учун депсиниб туришар, бошларини силкиб-силкиб ташлашарди. Тумшуқларидаги мўйлари қиров билан қопланган, нафас олганда оғизларидан чиққан пар ҳавода яхлаб қоларди. Қайтаётганимизда йўл силлиқ ва сирпанчиқ бўлар ва то муюлишга боргунча от сийдикларидан сарғимтир тусга кирарди, бурилишга борганда чет томонга ёғоч олиб тушиладиган сўқмоқ айрилиб кетарди. Йўлнинг бу ёғи ўрмон ичидан ўтиб борар, унинг устидаги қор топталавериб қотиб қолганди, кечқурун уйга қайтарканмиз, икки марта тулки кўрдик.
Бу ниҳоятда гаштли юрт эди, биз айлангани чиққанимизда доим қувноқ бўлардик.
– Соқолинг жуда ажойиб бўлди, – деди Кэтрин. – Худди ўрмончиларникига ўхшайди. Сен ҳалиги олтин узук таққанни кўрдингми?
– У тоғ кийикларини овлайди, – дедим мен. – Улар яхши эшитиш учун узук тақишади.
– Наҳотки? Ундай эмасдир. Ҳамма бизнинг тоғ кийикларини овловчилар эканимизни кўрсин деб, узук тақиб юришади. Бу ерда тоғ кийиклари борми?
– Ҳа, Дан-де-Жаманнинг нарёғида.
– Тулкини кўрганимиз қизиқ бўлди, а?
– Тулки ухлаганда думини танасига ўраб ётади, совқотмайди.
– Жуда маза бўлса керак, а?
– Мен доим қани энди шунақа думим бўлса деб юрардим. Тулкиникига ўхшаган думларимиз бўлса нима бўларди?
– Унда қандай қилиб кийинардик?
– Махсус кийимлар тиктириш мумкин бўларди, ёки бунга аҳамият бериб ўтирмайдиган мамлакатларга кетиш мумкин эди.
– Биз ҳалиям ҳеч нарсанинг аҳамияти бўлмаган мамлакатда турибмиз. Ҳеч кимни кўрмай шу ерда яшаб турганимизнинг ўзи ажойиб эмасми? Сен чиндан ҳам ҳеч кимни кўргинг келаётгани йўқ, тўғрими, жоним?
– Ҳа.
– Ке, бирпас ўтирамиз. Мен сал чарчадим.
Хари устида бир-биримизнинг пинжимизга суқилиб ўтирдик. Олдинда йўл ўрмонга кириб кетарди.
– Кичкинтой бизга ортиқча юк бўлмасмикин, нима дейсан?
– Йўқ. Бунга йўл қўймаймиз.
– Пулимиз ҳали борми?
– Бир дунё. Мен кейинги чекни ҳам олдим.
– Қариндош-уруғларинг сени қидириб юришмасмикин? Улар энди сенинг Швейцарияда эканлигингни билишади-ку.
– Бўлиши мумкин. Мен уларга хат ёзиб юбораман.
– Ҳали ёзганинг йўқми?
– Йўқ. Фақат чекни қўл қўйишга юборгандим.
– Худога шукрки, сенга қариндош эмасман.
– Мен уларга телеграмма бераман.
– Наҳотки, сен уларни яхши кўрмасанг?
– Олдинлари севардим, кейин шунчалар кўп жанжаллашдикки, ҳозир кўкрагимда ҳеч нарса қолмаган.
– Менимча улар менга ёқишган бўларди. Эҳтимол, улар менга жуда ҳам ёқиб қолишган бўларди.
– Ке, улар ҳақида гаплашмайлик, бўлмаса, одам уларнинг ташвишларини чекиб юради. – Бир оздан сўнг дедим: – Дам олган бўлсанг, кетайлик.
– Дам олиб бўлдим.
Биз йўлимизда давом этдик. Қош қорайиб қолган, қадам ташлаганимизда қор ғарч-ғурч қиларди. Осмон тип-тиниқ, қора совуқ ҳоким эди.
– Соқолинг менга жуда ёқади, – деди Кэтрин. – Бирам чиройли. Кўринишдан қаттиқ, тикандай, аслида эса майни ва ёқимли.
– Сенингча, соқолсиз юргандан шу яхшими?
– Яхшига ўхшайди. Биласанми, жоним, мен кичкина Кэтрин туғилгунча сочимни олдирмайман. Мен ҳозир семириб, катта хотинларга ўхшаб қолганман. Лекин у туғилгандан кейин яна озаман, ўшанда сочимни бошқатдан тузаттираман, шунда сенга яна янгидай бўлиб қоламан. Сен билан бирга бориб сочимни олдираман ёки битта ўзим бориб, кейин келиб сени ҳайрон қолдираман.
Мен индамасдим.
– Сен йўқ демайсан, тўғрими?
– Йўқ. Балки менга ёқиб ҳам қолар.
– Қандай яхшисан! Мен яна озғин бўлиб қолсам, яна кўҳликкина бўлиб кўринсам, тўсатдан яна мени яхши кўриб қолсанг-а.
– О, қурмағур! – дедим мен. – Ҳалиям сендан жонимни аямайман. Яна нима керак сенга? Бутунлай мажнун бўлиб юрсам, тузукми?
– Ҳа. Мен мажнун бўлиб қолишингни истайман.
– Майли унда, – дедим. – Ўзим ҳам шуни хоҳлайман.
Қирқинчи боб
Жуда ҳам бахтиёр яшардик. Январь ҳам, февраль ҳам ўтди, қиш соз эди, биз жуда бахтиёр эдик. Ўқтин-ўқтин илиқ шамоллар эсиб кела бошлади, шунда қор юмшоқ бўлиб қолар, баҳор келаётганга ўхшарди, лекин яна ҳаво тиниқлашиб, совуқ зўраяр, яна қиш қайтиб келарди. Март ойида қиш илк бор чинакам чекинди. Кечаси ёмғир ёғди. Ёмғир эрталабгача тинмади, қор пилчиллаб кетди ва тоғ ёнбағри маъюсликка чўмди.
Кўл ва водий узра булутлар йиғилди. Тоғларда ёмғир ёға бошлади. Кэтрин чуқур калиш кийиб олди, мен madаme Гуттингеннинг резина этигини олдим ва биз музи эриётган йўлдан қор, лой кечиб станциядаги қовоқхонага нонушта олдидан вермут ичгани бордик. Ташқарида ёмғир ёғаётгани деразадан эшитилиб турарди.
– Шаҳарга кетсак, нима дейсан?
– Ўзинг қандай фикрдасан? – сўради Кэтрин.
– Агар қиш тугаб, ёғингарчилик бошланиб кетган бўлса, бу ерда яшаб бўлмайди. Кичкина Кэтринга қанча қолди?
– Бир ойча. Балки кўпроқдир.
– Пастга тушиб Монтреда турсак ҳам бўлади.
– Лозаннага бормаймизми? Касалхона ўша ерда-ку.
– Лозаннага борсак ҳам бўлади. Мен фақат у шаҳар бизга катталик қилмасмикин девдим.
– Биз катта шаҳарда ҳам ёлғиз ўзимиз бўламиз. Лозанна яхши шаҳар бўлса керак.
– Қачон кетамиз?
– Менга барибир. Қачон десанг, ўшанда, жоним. Агар кетишни истамасанг, қолаверсак ҳам бўлади.
– Ҳавони кўрайлик-чи.
Ёмғир уч кунгача ёғиб турди. Станция пастидаги тоғ бағрида сира ҳам қор қолмади. Лойгарчилик, эрувгарчилик бошланди. Уйдан ташқарига чиқиб бўлмай қолди. Ёмғирнинг учинчи куни эрталаб биз шаҳарга кетишга қарор қилдик.
– Қўйинг, ташвиш чекманг, monsuer Генри, – деди Гуттинген. – Ҳеч қандай огоҳлантиришнинг кераги йўқ. Ҳаво айнигандан кейин бу ерда қолмасалар керак, деб юрувдим ўзим ҳам.
– Madame боисидан биз касалхонага яқинроқ бўлишимиз керак.
– Албатта, – деди у. – Балки яна кичкинтойлар билан бирга келарсизлар.
– Агар сизда жой топилса.
– Баҳорда бу ерлар жуда очилиб кетади, келинглар, сизларга маъқул бўлади. Кичкинани энагаси билан катта уйга жойлаштирамиз, ўзингиз madame билан яна олдинги кўлга қараган хонангизни оласиз.
– Мен сизга олдиндан ёзиб юбораман, – дедим мен.
Биз йиғиштириб, тушдан кейинги биринчи поезд билан кетдик. Monsieur ва madame Гуттинген бизни станцияга кузатиб қўйишди, эри нарсаларимизни лойда чанада элтиб берди. Уларнинг икковлари ҳам станцияда ёмғирда туриб, хайрлашиб қўлларини силкиб қолишди.
– Жуда ҳам яхши одамлар экан, – деди Кэтрин.
– Улар бизга кўп меҳрибонлик қилишди.
Монтрега бориб Лозанна поездига ўтирдик. Вагондан биз яшаган жойлардаги тоғлар кўринмас экан, уларни булутлар тўсиб олганди. Поезд Веведа тўхтади-да, кейин йўлда давом этди. Йўлнинг бир томонида кўл, иккинчи томонида ёмғирда бўккан қўнғир далалар, намиқиб кетган ўрмон ва ивиган уйлар бор эди. Лозаннага келгач, кичикроқ бир меҳмонхонага жойлашдик. Биз кўчалардан ўтиб, меҳмонхонага бурилган пайтимизда ҳам ҳали ёмғир тинмаганди. Тугмасининг тешигидан мис калитлар осилган занжир ўтказиб олган портье, лифт, полга тўшалган пояндозлар, ялтираб, оппоқ бўлиб турган умивальниклар, сим каравот ва каттакон шинам ётоқ – буларнинг бари Гуттингенлардан сўнг кўзимизга жуда ҳашаматли бўлиб кўринди. Хонанинг деразалари тепасига темир тўр тортилган девор билан ўраб олинган боққа очиларди. Нишаби тик кўчанинг бошқа томонида яна меҳмонхона, деворлар бор эди. Мен боғдаги ҳовузга ёмғир томчиларининг тушишини томоша қилардим.
Кэтрин барча чироқларни ёқиб, нарсаларни саранжом қила бошлади. Мен содали виски сўрадим, каравотга ётиб, вокзалда сотиб олган газетани қўлимга олдим. 1918 йилнинг март ойи эди, немислар Францияда ҳужум қилмоқда эдилар. Мен Кэтрин ишларини битириб бўлгунча содали виски ичиб, ўқиб ётдим.
– Биласанми, жоним, мен нималарни тайёрлаб қўйишим керак экан, – деди у.
– Нималарни?
– Чақалоқнинг нарсаларини. Одатда бунақа пайтгача ҳамма майда-чуйдаларни тахт қилиб қўйишади.
– Сотиб олсак ҳам бўлади-ку.
– Биламан. Эртагаёқ олгани бораман. Фақат нима кераклигини билсам эди.
– Билишинг керак эди. Ҳамшира бўлгансан-ку.
– Шундоғ-у, лекин госпиталда солдатлар ҳар куни бола қилиб турганлари йўқ эди-да.
– Мен-чи?
У менга ёстиқ отди, виским чайқалиб тўкилди.
– Мен ҳозир сенга бошқасини олдириб келаман, – деди у. – Мени кечир.
– Ўзи озгинагина қолганди. Ке, ёнимга ке.
– Йўқ. Мен бу хонани сал эпақага келтирмоқчиман.
– Эпақанг нимаси?
– Ўз уйимизга ўхшаб турсин.
– Антантанинг байроқларини осиб қўй.
– Бемаза бўлма.
– Қани яна бир қайтар-чи.
– Бемаза.
– Буни шундоқ мулойим айтдингки, – дедим мен, – худди бировни хафа қилиб қўймай дегандай.
– Ҳеч-да.
– Унда ке ёнимга.
– Майли. – У келиб каравотга ўтирди. – Сени зериктириб қўяётганимни биламан, жоним. Мен пиво бочкасига ўхшаб қолдим.
– Бекор гап. Сен чиройлисан, жуда ҳам ёқимлисан.
– Менга сен эҳтиётсизлик қилиб уйланиб қўйгансан, мен шундай бир бадбашара одамман.
– Бекор гап. Сен кундан-кунга очилиб боряпсан.
– Лекин, жоним, ҳали яна асл ҳолимга қайтаман.
– Сен ҳозир ҳам чиройлисан.
– Сен ичиб олгансан.
– Бир стакан содали виски ичдим, холос.
– Ҳозир яна виски беришади, – деди у. – Балки тушликни ҳам шу ерга бериша қолсамикин?
– Жудаям соз бўларди.
– Унда бугун ҳеч қаерга чиқмаймиз, майлими? Оқшомни уйда ўтказа қоламиз.
– Ўйнаймиз, – дедим мен.
– Мен вино ичаман, – деди Кэтрин. – Менга ҳеч нарса қилмайди. Балки бу ерда бизнинг оқ капримиз бордир.
– Бўлса керак, – дедим. – Бунақа меҳмонхоналарда доим италян винолари бўлади.
Кельнер эшикни қоқди. У муз солинган стаканда виски олиб келди, унинг патнисида содали сувнинг кичкина шишаси ҳам бор эди.
– Раҳмат, – дедим мен. – Бу ерга қўйинг. Барака топинг, шу ерга икки кишилик турли овқат билан икки шиша қуруқ оқ капридан берсангиз.
– Биринчисига шўрва буюрадиларми?
– Шўрва ичасанми, Кэт?
– Ҳа, бемалол.
– Битта шўрва.
– Бажону дил, сэр.
У чиқди, эшикни ёпди. Мен газеталаримни яна қайта қўлга олиб газетадаги урушларни ўқишга тушдим, содали сувни муз солинган вискининг стаканига аста қуйиб турдим. Вискига муз солманглар, десам бўларкан. Музни алоҳида олиб келишарди. Ўшанда стаканда қанча виски қолганига қараб содали сув қўшиларди, бўлмаса, вискининг қуввати сусайиб кетмоқда. Бир шиша виски сотиб олиб фақат муз билан содали сув сўралса тузук бўларкан. Яхши виски – яхши нарса-да. Ҳаётнинг энг гўзал нарсаларидан бири деса ҳам бўлади.
– Нималарни ўйлаб ётибсан, жоним?
– Вискини.
– Вискининг нимасини?
– Вискининг жуда тотли нарса эканлигини.
Кэтрин афтини буриштирди.
– Бўпти, – деди у.
Биз бу меҳмонхонада уч ҳафта яшадик. Бу ер унчалик ёмон эмасди: ресторанда кўпинча ҳеч ким бўлмас ва биз кўп маҳаллар овқатни ўз хонамизда ердик. Шаҳарни айланардик, трамвай билан Ушига борардик, кўл тепасида ўйнаб келардик. Кунлар илиб қолган, худди баҳор келганга ўхшарди. Биз тоғлардаги чайламиздан кетганимизга афсусланар, лекин илиқ кунлар тезда совуқ рутубат билан алмашарди.
Кэтрин чақалоққа керакли ҳамма нарсаларни сотиб олмоқда эди. Мен сал ҳаракатланай деб гимнастика залига бокс тушгани борардим. Одатда у ерга мен эрталаб ҳали Кэтрин кўрпада ётганда кетардим. Эрта кўклам чоғларида боксдан ва душдан сўнг одам ўзини бардам сезар, баҳор ҳавосини шимириб кўчадан юриш, қаҳвахонага кириб ўтириб, одамларни кўриш, газета ўқиш, вермут ичиш жуда гаштли эди. Кейин меҳмонхонага қайтиб Кэтрин билан маза қилиб нонушта қилардик. Гимнастика залидаги бокс муаллими мўйлов қўйган одам эди, унинг ҳаракатлари аниқ ва қисқа бўларди, унга ҳу-жум қила бошласанг, у жуда қўрқиб кетарди. Лекин гимнастика залида машқ қилиш одамга ҳузур бағишларди. Бу ернинг ичи ёруғ, тоза бўлгани учун мен астойдил машқ қилар, арқондан сакрар, бокснинг турли усулларини синаб кўрар, деразадан тушган қуёш нурларига ётиб олиб қорин мушакларини мустаҳкамловчи машқларни бажарардим, баъзан муаллим билан бокс туша туриб уни қўрқитиб юборардим. Аввалига узун камбар ойна олдида туриб машқ қилишга кўниколмадим, чунки серсоқол боксчи ойнада жуда ғалати кўринарди.
Лекин бора-бора бу менинг кулгимни қистатадиган бўлди. Мен бокс билан шуғуллана бошлагач, соқолимни қирдириб ташламоқчи эдим, лекин Кэтрин йўл қўймади.
Баъзан биз теварак-атрофларни экипажга тушиб айланиб келардик. Ҳаво яхши кунларда экипажда юриш мароқли эди, бундан ташқари биз бориб овқатланса бўладиган иккита хушманзара ерни топгандик. Кэтрин энди кўп юролмайдиган бўлиб қолганди ва у билан дала йўлларида от қўшилган аравада сайр қилардим.
Агар ҳаво мусаффо бўлса, биз вақтимизни жуда мароқли ўтказардик, умуман эса, бизнинг ёмон ўтган вақтимизни эслолмайман. Биз боланинг ой-кунлари тўлиб бораётганини билар ва бундан худди биров бизни қувиб келаётгандек, бир-биримиздан ажралишни истамас, бирон соат ҳам вақтимизни зое кеткизгимиз йўқ эди.
Қирқ биринчи боб
Бир куни мен азон маҳали соат учларда уйғониб кетдим, қарасам, Кэтрин тўшакда тўлғаниб ётибди.
– Тобинг йўқми, Кэт?
– Дард тутаётганга ўхшайди, жоним.
– Тез-тезми?
– Унчаликмас.
– Агар тез-тез бўлса, касалхонага бориш керак.
Жуда ҳам уйқум келаётган эди, яна ухлаб қолибман. Кўп ўтмай яна уйғондим.
– Докторга қўнғироқ қилсангмикин, а, – деди Кэтрин.
– Балки бошланаётибдими?
Мен телефонга бориб докторга қўнғироқ қилдим.
– Тез-тез тўлғоқ тутяптими? – сўради у.
– Тез-тезми, Кэт?
– Деярли ҳар ўн беш дақиқада бир марта.
– Унда касалхонага келинглар, – деди доктор.
– Мен ҳам ҳозир кийиниб у ерга бораман.
Мен трубкани қўйдим, кейин такси чақириш учун вокзал олдидаги гаражга қўнғироқ қилдим. Телефонга анчагача ҳеч ким келмади. Ниҳоят, бир одамга тушдим, у ҳозироқ машина юборишга ваъда қилди. Кэтрин кийинмоқда эди. Унинг жомадонига касалхона учун ҳамма керакли нарсалар билан чақалоқнинг майда-чуйдалари солинганди. Биз даҳлизга чиқдик, мен лифтчини чақирдим. Жавоб бўлмади. Пастга тушдим. Пастда тунги қоровулдан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Лифтда ўзим кўтарилдим, кабинага жомадонни киритдим, Кэтрин кирди ва биз пастга тушдик. Тунги қоровул бизга эшикни очиб берди ва биз эшик олдидаги тош устига ўтириб такси келишини кута бошладик. Ҳаво очиқ эди, осмонда юлдузлар бодраб ётарди. Кэтрин қаттиқ ҳаяжонда эди.
– Бошланди, алоҳал бошланди-я, – деди у. – Энди ҳаммаси тезда ўтиб кетади.
– Сен азамат хотин экансан.
– Мен қўрқмайман. Фақат такси кела қолсайди. Биз кўчада машина шовқинини эшитдик, чироқлар кўринди. Такси олдимизга келиб тўхтади, мен Кэтринни машинага ўтқаздим, шофёр эса жомадонни олд ўриндиққа қўйди.
– Касалхонага, – дедим.
Биз тош йўлга чиқиб тепаликка кўтарила бошладик.
Касалхонага келганимизда жомадонни кўтариб олдим, ичкарига кирдик. Пастда конторка орқасида бир хотин ўтирган экан, Кэтриннинг фамилиясини, отини, ёшини, манзилини, ота-онасини, динини сўраб ёзиб олди. Кэтрин динга алоқам йўқ, деди, шунда хотин дини дейилган жойга чизиқ чизиб қўйди. Кэтрин фамилиям Генри деди.
– Сизни палатага олиб бораман, – деди хотин.
Биз лифтда кўтарилдик. Хотин лифтни тўхтатди, биз чиқиб даҳлизда унинг орқасидан кетдик. Кэтрин менинг қўлимдан маҳкам ушлаб олганди.
– Мана шу сизнинг палатангиз, – деди хотин. – Марҳамат қилинг, ечиниб ётинг. Мана сизга тунги кўйлак.
– Менинг тунги кўйлагим бор, – деди Кэтрин.
– Сизга мана бунда қулайроқ бўлади, – деди хотин. Мен чиқиб кетдим. Йўлакдаги стулга ўтирдим.
– Энди кирсангиз бўлади, – деди ҳамшира эшик олдида туриб.
Кэтрин худди бўздан тикилганга ўхшайдиган, ёқаси чор қирра қилиб қийилган тунги кўйлак кийиб энсизгина каравотда ётарди. У менга жилмайиб қўйди.
– Энди росмана дард тута бошлади, – деди у. Ҳамшира унинг қўлини ушлаб турар, соатига қараб тўлғоқ тутишига қулоқ соларди.
– Мана ҳозир қаттиқроқ бўлди, – деди Кэтрин. Қаттиқроқ бўлгани унинг юзидан ҳам кўриниб турарди.
– Доктор келмадими? – сўрадим мен унинг ҳамширасидан.
– Келди, пастда ухлаб ётибди. Керак бўлган пайтда бу ерга чиқади. Мен madameга бир оз қарашим керак, – деди ҳамшира. – Барака топинг, бирпас чиқиб туринг.
Мен йўлакка чиқдим. Йўлакнинг атиги иккита деразаси бор эди, иккала томондаги қатор кетган эшиклар берк эди. Йўлакдан касалхонанинг ҳиди анқирди. Мен стулда ўтириб, ерга тикилганча Худодан Кэтрин омон-эсон қутулишини ёлвориб сўрадим.
– Киришингиз мумкин, – деди ҳамшира. Мен кирдим.
– Сенмисан, жоним? – деди Кэтрин.
– Тузукмисан?
– Энди роса оляпти.
Унинг юзи ўзгариб кетди. Кейин у жилмайди.
– Мана буниси чинакам бўлди. Ҳамширахон, қўлингизни яна курагимга қўйиб турсангиз.
– Сизга шундай қулай бўляптими? – сўради ҳамшира.
– Сен энди кетавер, жоним, – деди Кэтрин. – Бориб бирон нарса еб ол. Ҳамширахон бу ҳали анчагача чўзилиши мумкин деяпти.
– Биринчи марта кўзи ёриётганда бир оз чўзилади, – деди ҳамшира.
– Бор, бирон нарса тамадди қилиб ол, – деди Кэтрин.
– Мен ўзимни анча дуруст ҳис қиляпман, ростдан.
– Мен яна бирпас бўламан, – дедим.
Тўлғоқ дам-бадам тутиб турарди, кейин камайиб қолди. Кэтрин қаттиқ ҳаяжонда эди. Жуда ҳам жони оғриб кетган кезларда у яхши деб қўярди. Дард тутиш сусайиб қолганда у норози бўлиб хижолат чекарди.
– Сен кета қол, жоним, – деди у. – Сенинг олдингда мен ўзимни эркин тутолмаяпман. – Унинг чеҳраси яна ўзгариб кетди. – Ана. Буниси дурустроқ бўлди. Мен яхши хотин бўлишни шу қадар истайманки, ҳеч бир найранг-пайранг қилмасдан туғишни истайман. Барака топ, бор, овқатланиб кел, жоним. Сенсиз зерикиб қолмайман. Ҳамширахон бирам яхши эканларки.
– Ҳали бемалол нонушта қилиб олсангиз бўлади, – деди ҳамшира.
– Яхши, мен кетдим. Кўришгунча, азизим.
– Кўришгунча, – деди Кэтрин. – Яхшилаб нонушта қил, менинг ўрнимга ҳам.
– Бу ерда қаерда нонушта қилиш мумкин? – сўрадим мен ҳамширадан.
– Бизнинг кўчамизда шундоқ майдон олдида қаҳвахона бор, – деди у. – Ҳозир очилган бўлса керак.
Тонг оқариб келмоқда эди. Мен кимсасиз кўчадан қаҳвахонага бордим. Ойналар ёруғ эди. Мен рухлаб қўйилган буфет олдига бордим, буфетчи чол менга бир стакан оқ вино билан бриошь берди. Бриошь кечаги экан. Мен уни винога ботириб едим, кейин яна қаҳва ичдим.
– Каллаи саҳарлаб бу ерда нима қилиб юрибсиз? – сўради чол.
– Хотиним касалхонада кўзи ёримоқда.
– Шундай денг! Хўп, омон-эсон қутулсин.
– Менга яна бир стакан вино беринг.
У шишани азотроқ кўтариб қуйди, стакан тўлиб бир ози тўкилди. Мен ичиб, ҳақини тўлаб ташқарига чиқдим. Кўчада, ҳамма уйларнинг олдида ахлатчини кутиб ахлат идишлари турарди. Бир челакни ит искаб кўрмоқдайди.
– Сенга нима керак? – сўрадим мен ва унга бирон нарса йўқмикин деб энгашиб челакни қарадим; челакнинг устида қаҳва қуйқаси, ахлат ва қуриган гуллардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
– Ҳеч вақо йўқ, ит, – дедим мен. Ит кўчанинг нариги томонига ўтиб кетди. Касалхонага келиб Кэтрин ётган қаватга кўтарилдим ва йўлакдан унинг эшигигача бордим. Тақиллатдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Эшикни очдим; фақат Кэтриннинг жомадони стулда турар, унинг халати илгакка осиб қўйилганди. Йўлакка чиқиб биров кўриниб қолармикин деб, қарай бошладим. Мен бошқа ҳамширани кўриб қолдим.
– Madame Генри қани?
– Ҳозиргина бир хонимни туғруққа олиб киришди.
– Қаерда?
– Юринг сизга кўрсатаман.
У мени йўлакнинг нариги бошига олиб борди. Хонанинг эшиги қия очиқ турарди. Мен Кэтринни столда ётган, устига чойшаб ёпилган ҳолда кўрдим. Столнинг олдида ҳамшира турар, доктор эса нариги томонда, қандайдир цилиндрлар олдида эди. Доктор қўлида най қувурга уланган резина ниқоб ушлаб олганди.
– Мен сизга халат бераман, кейин киришингиз мумкин, – деди ҳамшира. – Марҳамат, бу ёққа келинг.
У менга оқ халат кийдириб, орқамдан тўғнағич билан қадаб қўйди. – Энди кирсангиз бўлади, – деди у. Мен хонага кирдим.
– Келдингми, жоним? – деди Кэтрин қандайдир ўзгариб кетган овоз билан. – Ишларимиз нимагадир юришмаяпти.
– Menisour Генри сиз бўласизми? – сўради доктор.
– Ҳа. Ўзларингиз қалайсиз, доктор?
– Ҳаммаси яхши кетяпти, – деди доктор. – Тўлғоқ пайтида газ бериш мумкин бўлсин деб бу хонага ўтдик.
– Беринг, – деди Кэтрин.
Доктор унинг юзига резина ниқоб кийгизди ва қандайдир дискни буради. Кэтрин тез-тез чуқур нафас ола бошлаганини кўрдим. Кейин у ниқобни олиб ташлади, доктор аппаратни ўчирди.
– Унча қаттиқ бўлмади. Яқинда жуда қаттиқ бўлганди. Доктор мени худди йўқдай қилиб қўйди. Тўғрими, доктор? – Унинг овози ғалати эди. «Доктор» сўзини айтганда бир оз баландроқ чиқди. Доктор жилмайди.
– Беринг, – деди Кэтрин. У ниқобни юзига тез тутиб, тез нафас ола бошлади.
Унинг секин инграётганини эшитдим. Кейин у ниқобни суриб қўйди-да, жилмайди.
– Буниси қаттиқроқ бўлди, – деди у. – Бу жуда ҳам қаттиқ бўлди. Сен ташвишланма, жоним. Бор. Яна бир марта нонушта қилиб ол.
– Мен шу ерда бўламан, – дедим мен.
Биз касалхонага соат учларда келгандик. Туш бўлди, лекин ҳамон Кэтриннинг кўзи ёригани йўқ. Тўлғоқ ўта сусайиб қолди. Унинг қаттиқ уринганлиги, азоб чекканлиги кўриниб турарди. Лекин у ўзини тетик тутишга ҳаракат қиларди.
– Қўлимдан ҳеч нарса келмаяпти, жоним, – деди у. – Хўрлигим келяпти. Мен ҳаммаси оппа-осон ўтиб кетади, деб ўйлагандим. Энди бўлса, мана – яна… – У қўлини ниқобга чўзди, ниқобни юзига босди. Доктор дискни бураб, Кэтринга тикилиб турди. Дард яна дарров босилди.
– Бир нави, – деди Кэтрин. У жилмайиб қўйди. – Бу газ менга жудаям ёқиб қолди. Ажойиб нарса.
– Уйга ҳам озгинасини олиб кетамиз, – дедим мен.
– Ҳозир яна тутади, – деди Кэтрин шоша-пиша.
Доктор дискни буриб соатига қаради.
– Тўлғоқ тутиши қандай боряпти? – сўрадим мен.
– Ораси бир дақиқа.
– Сиз овқатланмайсизми?
– Мен ҳозир тушлик қилгани бораман, – деди у.
– Сиз албатта овқатланиб олишингиз керак, доктор, – деди Кэтрин. – Мунча имилламасам, одамга бирам алам қиладики. Балки эрим унгача менга газ бериб турар?
– Таъблари, – деди доктор. – Икки рақамигача бурасиз.
– Тушунарли, – дедим мен. Дискнинг тили бўлиб, у айлантириб туриларди.
– Беринг, – деди Кэтрин. У ниқобни юзига қаттиқ босиб олди. Мен дискни икки рақамигача бурдим. Кэтрин ниқобни юзидан олганда орқасига бураб қўйдим. Доктор менга иш топиб берганидан ғоятда хурсанд эдим.
– Газни сен берганмидинг, жоним? – сўради Кэтрин. У менинг қўлимни силаб қўйди.
– Мен.
– Қандай яхшисан!
Газдан бир оз унинг боши айланиб қолганди.
– Мен қўшни хонада овқатланаман, – деди доктор. – Бирор гап бўлса, дарров чақирарсиз.
Мен у қандай овқатланаётганига қараб турардим, кейин бир оз ўтгач, унинг ёнбошлаганини, чекаётганини кўрдим. Вақт ўтиб борарди. Кэтрин тез-тез чарчай бошлади.
– Нима дейсан, мен ўзи туға олармикинман? – сўради у.
– Албатта туға оласан.
– Қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман. Мен италасам, у яна орқага кетади. Ҳозир тутади. Бер тезроқ.
Соат иккида мен овқатлангани кетдим. Қаҳвахонада бир қанча одамлар бор эди, столчада қаҳва билан киршвассер солинган қадаҳлар турарди. Мен столга ўтирдим.
– Нимангиз бор? – сўрадим мен кельнердан.
– Иккинчи нонушта тамом бўлди.
– Тузукроқ ҳеч нарса йўқми?
– Сhoucroite4343
Нордон карам (франц.).
[Закрыть] тайёрлаш мумкин.
– Сhoucroite билан пиво беринг.
– Тўлами, яримми?
– Ярим, очидан.
Кельнер устига чўчқа гўшти қўйилган, винога омихта қилинган қайноққина карамга сосиска ботирилган Sauerkraut4444
Нордон карам (немис).
[Закрыть] олиб келди. Карам еб пивони ичдим. Жуда ҳам очқагандим. Қаҳвахонада ўтирганларга бир-бир кўз югуртириб чиқдим. Бир столда қарта ўйнамоқда эдилар. Ёнимдаги столда икки киши гаплашиб, чекишиб ўтирарди. Қаҳвахона тутун бўлиб кетганди. Эрталаб нонушта қилган жойимда энди уч киши турибди: чол, кассада ўтириб столларга нима берилаётганига қараб турган қора кўйлакли семиз хотин ва этак тутган бола. Мен бу хотиннинг болалари қанчайкин ва уларни қандай қилиб туққанийкин, деб ўйлаб ўтирардим.
Овқатланиб бўлиб, орқамга, касалхонага қайтдим. Кўча энди ялаб қўйилгандай топ-тоза эди. Ахлат челаклар олиб кетилганди. Ҳавода булутлар кезиб юрар, лекин гоҳи офтоб кўринай-кўринай деб қўярди. Лифтда юқорига чиқиб, йўлак-дан Кэтриннинг хонасига бордим, халатим шу ерда эди. Мен уни кийиб олиб, гарданимга тўғнағич қадаб олдим. Ойнага қарадим, ичимда худди серсоқол лўттибозга ўхшайман, деб қўйдим. Йўлакдан Кэтрин ётган жойга бордим. Эшик ёпиқ эди, тақиллатдим. Ҳеч ким жавоб бермади; мен эшикни очиб ичкарига кирдим. Доктор Кэтриннинг олдида ўтирарди. Ҳамшира хонанинг бир бошида нимадир қилмоқда эди.
– Ана сизнинг эрингиз, – деди доктор.
– Оҳ, жоним, доктор бирам ажойибларки! – деди Кэтрин жуда ғалати товуш билан. – У менга қизиқ бир латифа айтиб берди, жуда ҳам жоним оғриб кетганда шундай қилдики, мен яна ўзимни билмай қолдим. У антиқа. Сиз антиқа одамсиз, доктор.
– Маст бўлиб қолибсан, – дедим мен.
– Биламан, – деди Кэтрин. – Фақат буни гапириб ўтирмайлик. – Сўнг: – Беринг тезроқ. Тезроқ беринг.
У ниқобга жонҳолатда ёпишиб олиб, энтикиб узуқ– юлуқ нафас ола бошлади. Кейин чуқур хўрсингандай нафасини чиқарди. Шунда доктор чап қўли билан ниқобни олди.
– Буниси жуда кучли бўлди, – деди Кэтрин. Унинг овози жуда ғалати эди. – Энди мен ўлмайман, жоним. Мен ўлиб қолай дедим, лекин ўтиб кетди. Сен хурсандмисан?
– Энди у ёққа қайтиб бормагин.
– Бормайман. Бироқ ундан қўрқмайман ҳам. Мен ўлмайман, жоним.
– Сиз бундай тентакликни қилманг, – деди доктор. – Сиз ўлмайсиз ва эрингизни ёлғиз қолдириб кетмайсиз.
– Йўқ, йўқ. Мен ўлмайман. Мен ўлишни истамайман. Ўлим – тентаклик. Мана яна. Беринг тезроқ.
Бир оздан сўнг доктор деди:
– Сиз, мистер Генри, бирпасга чиқиб туринг, мен хотинингизни текшириб кўраман.
– У ишнинг қандай бораётганини кўрмоқчи, – деди Кэтрин. – Сен кейин кирасан. Майлими, доктор?
– Ҳа, – деди доктор. – Мен ўзим чақиртираман.
Бу ердан чиқиб бола туғилгандан кейин Кэтринни олиб келишлари керак бўлган палатага кетдим. Мен стулга ўтириб атрофга қарадим. Чўнтагимда овқатлангани борганда сотиб олган газета бор эди, чиқариб ўқишга тушдим. Қоронғи тушиб қолгани учун чироқни ёқдим. Салча фурсатдан сўнг ўқишдан тўхтаб, чироқни ўчирдим ва ташқарида қоронғи қуюқлашиб бораётганини томоша қилиб турдим. Қизиқ, нега доктор чақиртирмаяпти. Балки мен кетганим яхши бўлгандир. Афтидан, менинг у ерда турмаслигимни хоҳлагандир. Соатга қарадим. Яна ўн дақиқагача ҳеч ким келмаса, ўзим бораман.
Шўрлик, шўрлик Кэт. Бирга ётганнинг оқибати мана шундоқ бўлар экан-да. Мана энди қопқон отилди. Севишганларга мукофот мана шу. Яхшиямки, газ бор экан. Оғриқни пасайтирадиган нарсалар бўлмаган кезларда нима қилишган экан? Тўлғоқ тута бошласа, худди тегирмонга тушгандай бўласан. Кэтрин бутун ҳомиладорлик пайтини яхши кечирди. Унчалар ёмон бўлгани йўқ. Ҳатто кўнгли ҳам деярли айнигани йўқ. Охирги кунларгача у вой деб айтмади. Лекин алоҳал барибир тутилди. Ал-қасос ул-минал ҳақ. Бўлмаган гап! Биз эллик марта уйланган тақдиримизда ҳам яна шундай бўлган бўларди. Агар у ўлиб қолса-я? У ўлмайди. Ҳозир ҳеч ким туғаётганда ўлмайди. Ҳамма эрлар шундай деб ўйлашади. Шундай, лекин у ўлиб қолса-я? У ўлмайди. Фақат у жуда қийналиб кетди. Кейин биз: қандай қийин бўлган эди-я, деб гаплашиб юрамиз, ўшанда Кэтрин: унча эмас, дейди. Тўсатдан у ўлиб қолса-я? У ўлмаслиги керак. Ҳа, баногоҳ, ўлиб қолса-я? Бундай бўлиши мумкин эмас, деяпман сенга. Аҳмоқ бўлма. Фақат у қийналиб кетди, холос. Фақат табиатнинг ўзи шундан қийналадиган қилиб қўйган, холос. Биринчи туғишида қийналиб туғади. Ҳа, лекин у ўлиб қолса-я? Унинг ўлиши мумкин эмас. Нега энди у ўлар экан? Ўлишига қандай сабаблар бўлиши мумкин? Милан кечаларида тугилган мева туғилиши керак, холос. Барча қийинчиликлар у туфайли бўляпти, кейин у туғилади-ю, ай-ланиб, ўргила бошлайсан, кўрмасанг туролмайдиган бўлиб қоласан. Хатарли ҳеч нарса йўқ. Яна у ўлиб қолса-я? У ўлиши мумкин эмас. Тўсатдан ўлиб қолса-я?
Доктор хонага кирди.
– Ҳеч.
– Нима демоқчисиз?
– Нима дердим. Мен уни ҳозиргина қараб чиқдим… – У батафсил тушунтириб берди. – Кейин мен яна кутдим. Лекин иш олдга силжимаяпти.
– Нима маслаҳат берасиз?
– Икки йўл бор: қисқич ишлатиш мумкин, лекин бу аёл учун жуда хавфли. Болани бир ёққа қўйиб тураверинг. Қорнини кесиш ҳам мумкин.
– Қорнини кесиш жуда ҳам хавфлими? Яна у ўлиб қолса-я?
– Туғишга қараганда хавфли эмас.
– Буни ўзингиз қилоласизми?
– Ҳа. Менга ҳаммасини тайёрлаш ва керакли одамларни олиб келиш учун бир соат вақт керак бўлади. Балки, бир соатга ҳам бормас.
– Сизнингча, қайси осонроқ?
– Мен кесиб олишни айтган бўлардим. Агар бу менинг хотиним бўлганда мен уни кесиб олардим.
– Оқибати нима бўлади?
– Ҳеч қандай оқибати йўқ. Фақат чандиқ қолади.
– Ҳеч қандай асорати бўлмайдими?
– Қисқич билан олганда шундай бўлиши мумкин.
– Ҳеч нарса қилмай, кутсак-чи?
– Эртами-кеч бирон нарса қилиш керак бўлади. Madame Генри ҳалиям кўп куч йўқотдилар. Қанча тез операция қилсак, шунча яхши.
– Унда тезроқ бошланг, – дедим мен.
– Ҳозир бориб айтаман.
Кэтриннинг олдига бордим. Кэтрин столда устига чойшаб ёпилганча ётар, жуда оқариб, бўздай бўлиб қолган, ҳорғин эди. Ҳамшира унинг ёнида турарди.
– Сен рози бўлдингми? – сўради у.
– Ҳа.
– Яхши бўлибди. Энди бир соатдан кейин ҳаммаси тамом бўлади. Бошқа кучим қолмади, жоним. Энди кучим етмайди. Бер, бер тезроқ. Фойдаси бўлмади. Ё Худо, фойдаси бўлмаяпти.
– Чуқурроқ нафас ол.
– Оляпман. Ё Худо, ёрдам бермаяпти. Ёрдам бермаяпти.
– Бошқа цилиндр беринг, – дедим ҳамширага.
– Шу янги цилиндр.
– Жоним, мен шундай тентакманки, – деди Кэтрин. – Лекин ростданам ҳеч ёрдам бермаяпти. – У бирдан йиғлаб юборди. – Мен чақалоқ туғишни шунчалик орзу қилгандим, ҳеч кимга оғирим тушмасин девдим, мана энди кучим ҳам қолмади, ҳеч нарса қилолмаяпман, мана, газ ҳам ёрдам бермай қўйди. Жоним, ҳеч ёрдам бермай қўйди. Ўлсам ҳам майли эди, фақат тезроқ тамом бўла қолса. О, жоним, жоним, бирон нарса қил, ҳаммаси тугасин. Ана яна. О-о, о-о, о-о! – У пиқиллаб йиғлаганча ниқоб билан нафас олмоқда эди. – Ёрдам бермаяпти. Ёрдам бермаяпти. Ёрдам бермаяпти. Кечир мени, жоним. Йиғлама. Кечир мени. Бошқа қилолмайман. Шўрлигим! Сени мен шундай севаманки, ҳали яна бир уриниб кўраман. Мана ҳозир бир уриниб кўраман. Бошқа ҳеч нарса беришнинг иложи йўқми? Қанийди, менга яна бир нарса беришса!
– Мен газ таъсир этадиган қиламан. Охиригача бурайман.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.