Текст книги "Кела қолгин, соғлом зурриёт"
Автор книги: Холикназар Ниёззода
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 2 страниц)
Холиқназар Ниёззода (Холниёзов)
КЕЛАҚОЛГИН, СОҒЛОМ ЗУРРИЁТ!шеърий гулдаста ва шеърлар
ҲУР ВАТАННИНГ ҲУР
БОЙЧЕЧАКЛАРИ
(Шеърий гулдаста. Мустақиллигимизнинг биринчи йилида туғилган фарзандларимизга бағишланади)
Қиш фасли ҳали ўтмасдан,
Заҳари тўлиқ кетмасдан,
Муз-қорлари эримасдан,
Тош-тупроқлар исимасдан, —
Зулмат битмасдан тўлиқ,
Баҳор етмасдан тўлиқ,
Ҳали қалдирғочлар келмай,
Турналар кўкларда учмай,
Шошилибсиз Бойчечаклар:
Очилибсиз Бойчечаклар!..
Кўб ғайрат-шижоат айлаб
Жўш урибсиз, Бойчечаклар!..
Озод бўлган ота-юртга
Хуш келибсиз Бойчечаклар!..
Бу ҳур мамлакатимизни
Кўрайлик, – деб келдингизми?!
Тоғларида ўйнаб-кулиб,
Яйрайлик, – деб келдингизми?!
Унинг меҳру дийдорига
Тўяйлик, – деб келдингизми?!
Тўйларида қувнаб-яйраб,
Ўйнайлик, – деб келдингизми?!
Озодлигини мадҳ айлаб,
Куйлайлик, – деб келдингизми?!
Кўп ғайрат-шижоат айлаб,
Жўш урибсиз, Бойчечаклар!..
Мустақил бобо-Ватанга
Хуш келибсиз, Бойчечаклар!..
Баҳорни бошлаб келибсиз,
Қутлуғ бўлсин баҳорингиз!
Сизлар унган Диёр асли
Азим аждод Диёрингиз! —
Аждодларингиздан қолган
Табаррук ифтихорингиз!
Унга содиқ фарзанд бўлиш —
Буюк бурчу қарорингиз!
Бу шарафли йўлингизда
Доим келсин барорингиз.
Кўб ғайрат-шижоат айлаб,
Жўш урибсиз Бойчечаклар!
Озод бўлган Аждод-Юртга
Хуш келибсиз, Бойчечаклар!
Сизлар унган бу Ер асли
Буюк Туронистон эрур!
Унинг соғлом тўрт мучасин
Бириси Туркистон эрур!
Бунга обод бағри туташ
Гўзал Ўзбекистон эрур! —
Шундай улуғ мамлакатга
Сочилгансиз, Бойчечаклар!
Ҳар бир қиру тоғларида
Очилгансиз, Бойчечаклар! —
Кўб ғайрат-шижоат айлаб
Жўш урибсиз, Бойчечаклар!..
Бу озод Туронистонга
Хуш келибсиз, Бойчечаклар!
Шу боис ҳам томирингиз
Бир Ватанга туташ эрур!
Аждод-авлодингиз азал —
Азаллардан қардош эрур!
Шунинг учун гўзал ҳусну —
Жамолингиз ўхшаш эрур!
Урфу одат, аҳд-орзулар
Бир-бирига туташ эрур!
Буюк Туркистонимизнинг
Сиз азиз Бойчечаклари!
Азиз Ўзбекистонимизнинг
Азиз Бойчечаклари!
Кўб ғайрат-шижоат айлаб,
Жўш урибсиз, Бойчечаклар!
Озод бўлган Туркистонга
Хуш келибсиз, Бойчечаклар!
Қаерларда унсангиз ҳам
Ҳусну жамолингиз – ўхшаш!
Эрам боғларин гиёҳи —
Кўрку рухсорингиз – ўхшаш!
Аждодлар мероси боис
Аҳду паймонингиз – ўхшаш!
Келинг энди бирлашингиз,
Эй, Турон Бойчечаклари!
Қониб-қониб сирлашингиз,
Туркистон Бойчечаклари!
Кўп ғайрат-шижоат айлаб,
Жўш урибсиз, Бойчечаклар!
Озод бўл Ўзбекистонга
Хуш келибсиз Бойчечаклар!
Бу шарафли мустақиллик
Даврда энди дўстлашингиз!
Аждод-авлодлар руҳин шод —
Этиб тез-тез эслашингиз!
Энди туркий тилингизда
Ширин-ширин сўйлашингиз!
Оға-ини-биродарлик
Иқболларин ўйлашингиз!
Бу шарафли, мушкул йўлда
Бир-бирларни қўллашингиз!
Кўб ғайрат-шижоат айлаб,
Жўш урибсиз Бойчечаклар!
Озод Аждодлар юртига
Хуш келибсиз, Бойчечаклар!
Озод Ватаннинг ҳуснига
Ярашибсиз, Бойчечаклар! —
Азим орзуларингизга
Эришибсиз, Бойчечаклар!
Энди Ватан қучоғида
Бор бўлинглар, Бойчечаклар!
Орзуларга етиб бахти
Ёр бўлинглар, Бойчечаклар!
Холиқназар қалбида
ифтихор бўлинг Бойчечаклар!
Энди миллий қадрларга
Етишгайсиз, Бойчечаклар!
Ватанда орзуингизга
Эришгайсиз, Бойчечаклар!
Бойчечаклар!..
Ғолиб юртнинг
Сиз азиз навқиронлари!..
Озод давлатимизнинг
Бўлажак соҳибқиронлари!..
Шонли улуғ Соҳибқирон
Амир Темурдир зотингиз!
Руҳан, маънан кучли, бойсиз —
Шундан Бойчечак отингиз!
Шундан илигингиз ёққа —
Тўлиқ, кучли, пурвиқорсиз! —
Муз, тошни ёриб унасиз
Шунинг-чун ҳам ҳар баҳорсиз!
Кўб ғайрат-шижоат айлаб,
Жўш урибсиз, Бойчечаклар!..
Озод бўлган Аждод юртга
Хуш келибсиз, Бойчечаклар!..
Шундай озод, обод Ватанни
Яна ҳам обод этинг!
Уни барпо этган улуғ
Доҳиймизни ҳам шод этинг!
У кишидай сизлар ҳам
доимо мақсадларга етинг!
Кўб ғайрат-шижоат айлаб,
Жўш урибсиз, Бойчечаклар!..
Озод бўлган Аждод юртга
Хуш келибсиз, Бойчечаклар!..
Бу мустақил юртингизда
Доим баҳор, Наврўз бўлсин!
Ватанингиз Туронистон
Дунёларга кўз-кўз бўлсин!
Хуш келибсиз азизларим,
қадамингизга ҳасанот!
Мустақиллик ила бирга
туғилган эй, соғлом зурёд!
11 ноябрь, 1992 йил
КЕЛА ҚОЛГИН, СОҒЛОМ ЗУРРИЁТ!
Ялқовлигу қайсарликни
қонингдан тозалаб келгин!
Жисму жонингдан қувалаб,
майдалаб, бурдалаб келгин!
Ўғрилик, талон-торожлик
афтига тупуриб келгин!
Таъмагирлик, фирибгарлик
томирин қуритиб келгин!
Тўғрилигу ростгўйликни
қонингга сингдириб келгин!
Доҳиймизнинг орзуларин
Жонингга сингдириб келгин!
Барча фанлардан «аъло»
ўқиб-ўзлаштириб келгин!
Тезкорлигу ривожиёт
ишига улгуриб келгин!
Гапни тўғри тушунувчи
бўлиб келгин!
Инсоний лафзда турувчи
бўлиб келгин.
Ақл-идрок ва одобга,
тўлиб келгин!
Дўст, душманни ажратувчи
бўлиб келгин!
«Амир Темур Тузуклари»н
ўрганиб кел!
Уни Адолат, Диёнат
қомуси бил!
Инсоний маънавиятга
бой бўлиб кел!
Кўнгил оламига Қуёш,
Ой бўлиб кел!
Она-Юртингни ўзингга
тахт билиб кел!
Фуқаролик унвонини
бахт билиб кел!
Элу Юртнинг мададкори
бўлиб келгин!
Ифтихору бахтиёри
бўлиб келгин!
Сен билан ишлашни ҳар ким
орзу қилсин!
Меҳнатин роҳатин кўриб
бахтли бўлсин!
Ватан фахри, ишқи билан ёниб яша!
Қилган саъй-ишларингдан қувониб яша!
Юрагингда самимийлик порлаб турсин!
Элу халқни атрофингга чорлаб турсин!
Хато қилиб бўлиб юрма сўнг пушаймон
Жаллоддай жонинг қистаб юрмасин армон.
Хавф-хатардан ҳайиқмагин журъатли бўл!
Ёшни қадрлаб каттага ҳурматли бўл!
Кўйлагингни ёқма битга ўчакишиб,
Йўлинг узоқ этма итга ўчакишиб.
Нон ёпгандай тандир қизигани маҳал,
Шижоат-ла бўлгай ҳар иш вақтида ҳал.
Аммо баъзи номард йўлинг тўсай, дер,
Ҳасад билан истеъдодинг бўғай, дер.
Саодатга етказувчи шижоатдир
Шижоатнинг истиқболи саодатдир.
«Оламшумул ишлар қилиб…»
Оламшумул ишлар қилиб
она-Ерни этгин обод,
Кўнгилларимиз армони
соғлом зурёд, соғлом зурёд!
Юртбошимиз орзу қилганлари
каби инсон бўлгин!
Ўзларидай элу халқу
Юртга содиқ султон бўлгин!
Юртимизга Қуёш янглиғ
кела қолгин соғлом зурёд!
Тинчлик, ободликка пойдор
бўла қолгин соғлом зурёд!
Ташрифингнинг йўлларига
Нигорондир олам кўзи
Бутун жумла жаҳону ҳам
ҳатто Яратганнинг ўзи!
Кела қолгин, соғлом зурёд!
Толеъларда бўлгин бунёд!
Ҳур ватанни этгин обод!
Соғлом зурриёт, соғлом зурриёт!..
1998-2008
КИТОБ
Жумбоқни ечолмай бўлганда хуноб,
Фикрим бўстонини босганда туман,
Нажот излаб доим ўқидим китоб,
Муаммо ҳал бўлди, кўз олдим – равшан.
Муғорлаб келган эски онгларни
Кундуздай этолган юксагу ноёб;
Давр маърифатидан Ватан тонгларин
Ёритган ҳам шудир, – Қуёшдай китоб!
1972
МАРТ
Ойи тўлиб Йилнинг ёришди кўзи:
Муборак қиз кўрди, номин қўйди Март.
Момиқ беланчакда кўринди юзи,
Гулғунча лаблари ёзмоқчидай барг!..
Илиқ нафасидан муз, қорлар эриб,
Ариқларда сувлар жилдираб оқди!
Табиат ўзгача унга зеб бериб,
Чаккасига баҳор бойчечак тақди!
У йиғлаб тўкади илиқ-илиқ ёш,
Гоҳ кулиб қалбларга солар ҳаяжон!…
Шунчалар дилрабо,
сеҳрли,
юввош!..
Уйғониб, у билан овунар жаҳон!..
1973
БОЛА ТАРБИЯСИ ХУСУСИДА ФИКР
Фарзандни эркалаб, ардоқлаб суйиш…
Тарбия ўпишдан иборат эмас.
Ўпишдан иборат бўлса гар севиш
Ҳеч ким ҳайвончалик боласин севмас,
Туққанида ялаб, тозалаб уни!
1973
КИТОБ ДЎКОНИДАГИ БИР КИТОБ!
Китоб дўконига қарайман такрор,
Бир китобни олишга бўлиб интизор.
Дўконда турибди!.. Дунёми у, ё
Дунёдай дўконга нур сочган Қуёш!..
1976
КИМ БЎЛСАМ ЭКАН?
«Етуклик ҳужжати» – қўлимда,
мана! —
Ўн йиллик меҳнатнинг нодир меваси!..
Ютуқдан қувониб гўё мавжлана
Дарёдай тошади юрак ҳаваси!..
Ким бўлсам экан-а? – деган сўроқлар
Қалбимни қитиқлаб этади сўроқ!
Шоирми, мусаввир, айтинг ўртоқлар,
Ватан-чун қандай касб зарурдир кўпроқ?!
Шоир бўлиб Ватан шаънига қўшиқ —
Ёзайми, куйлайми гўзаллигини?!
Ёки олим бўлиб вужудим жўшиб,
Енгайми табиат ўсаллигини?!
Ё мусаввир бўлиб ўлкам жамолин
Тиниқ бўёқларда этайми тасвир?!
Моҳир меъмор бўлиб она шаҳримни
Қуриб, айлайинми жаҳонда машҳур?!
Миришкор деҳқондай навлар етказиб,
Боғбони бўлайми зумрад боғларнинг?!
Геолог бўлиб ё қидириб-кезиб,
Бойлигин топайми сирли тоғларнинг?!
Эҳ, муҳандис бўлиб каналлар қазиб,
Қақраган чўлларга оқизайми сув?!
Саҳролар бағрида қидириб кезиб,
Нефть фонтанларин оқизай «гув!»—«гув!»
Учувчи бўлиб ё мовий осмонда
Реактив қушлардай парвоз этайми?!
Донг таратиб, эҳ бутун жаҳонда,
Космосга учайми, Ойга етайми?!
«Зангори кема»га капитан бўлиб,
«Оқ олтин» наҳрида жавлон урайми?!
Гўзал водийларнинг бағрида елиб,
Бункер-бункер «оқ олтин»лар терайми?!
Она-Ватанимнинг буюк бағрида
Ҳамманинг олдида очиқдир йўли.
Истаса ҳар ким ҳам етар мақсадга.
Узатса, етади кўкларга қўли.
Хизмат қилиш учун Ватанга ўртоқ,
Бир муносиб ҳунар керак ҳар кимга.
Зарур касб ўрганиб вақтида тезроқ
Иш кўрсатай, дейман она-халқимга!
Янгиобод—Бешқўтон 1959
ОНА ЮРТИМИЗГА БЕРАЙЛИК САЙҚАЛ
Кетмоқдаман ташлаб гўзал жойларни!…
Кўзимни узолмай ўнгу сўллардан.
Орқада қолдириб таниш йўлларни
Машина кезмоқда дилкаш йўллардан.
Ҳайр энди мактаб, жонажон даргоҳ!…
Болалигим ўтган табаррук манзил!…
Ҳайр, дўстларим билан ҳар эрта баҳор
Бағрингда яйраган лолазор «Қизил»!
Чигал жумбоқларни бирма бир ечиб,
Илму идрок берган устозларим, хайр!
Ўқиш-у мактабда кўмакдош, ҳамфикр —
Бўлишган улфат-у ҳамрозларим,ҳайр!
Ўқиш сари йўлга отландик бу кун,
Илм, хунар эгаллаш учун мукаммал.
Ўқиб келиб азиз дўстларим бир кун,
Она Юртимизга берайлик сайқал!
1957
ВАТАНИМ – ЖОНИМ
Ўғлим Бунёдга
Ўзбекистон – Ватаним,
Дунёда гўзал Диёр!..
Бағрингда яйраб таним,
Ўсаяпман бахтиёр!..
Ватаним озод, обод!..
Чунки буюк тоғлари!
Тоғларин паноҳида
Яшнамоқда боғлари!
Ватан ҳар бир инсонга
Билсак, тожу тахт эрур.
Ватани йўқ ҳар кимса
Дунёда бебахт эрур!
Ватаним—Ўзбекистон,
Танамда гўё жоним!
Унга муносиб инсон
Бўлиш аҳду паймоним!
2002
О, ДОНО УЛФАТ !
– Салом китоб, жонажон ўртоқ!
Толеимда сен борсан, шукр!..
Суҳбатлашиб сен билан ҳар чоқ,
Лаззатланиб қиламан ҳузур!..
Яна олдим сени қўлимга,
Ёлғизликда музлатганда ғам.
Таскин бериб хаста кўнглимга,
Ғурбат они бўлолдинг малҳам!
О, доною ширин сўз улфат!..
Суҳбатингдан яйрайди кўнглим.
Сен борсанки, топталиб кулфат,
Равшан бўлур кўзлаган йўлим!..
1973
ҚУЁШ ЎЧОҒИДА ИСИНАДИ ЕР
Болалар учун табиат ҳақида шеър
Ўтга тобласак гоҳ бир томонимизни,
Иккинчи ёғимиз тўниб туради.
Иситмоқчи бўлсак бу ёнимизни,
Ўнгариб ўтириш лозим бўлади.
Шунинг каби Ер ҳам доим айланиб, —
Туради ўзини Қуёшга тоблаб.
Шундай қилмаса гар бир ёғи ёниб,
Бир ёғин муз босар бутунлай қоплаб!
1972
«КАМАЛАК ТУЙҒУЛАРИМ»
Она-Ватан бағрида
баҳор айни авжида!..
Гуллар рақс тушмоқда
саболар оҳангида.
Гўё атлас кийган қиз, —
ташриф буюрмиш Наврўз!
Бу кун бутун дунёга
жамолин айлаб кўз-кўз!..
Дарё оқар кўпириб!
Ватан яшнар жўш уриб!
Қалдирғоч яйраб учар
чаманларга тўш уриб!
Қуёш сари йўл олиб,
турналар учар ғолиб!
Ортда қолган Ватани
кўйида нолиб-нолиб!..
Кабутарлар чарх уриб,
чиройли ўйин қилиб,
Мовий осмонда учар
тинчлик жарчиси бўлиб!
Атлас кўйлагин кийиб,
ҳаё, иболар қлиб,
Жайхун, Сайхундай икки
билак сочин ўйнатиб.
Беқиёс кўрки ила
қалбга солиб ҳаяжон,
Жамолини намоён
этмиш ҳур Ўзбекистон!…
Тарк бўлди уйқуларим…
Ватан белига атлас
Белбоғ янглиғ чирмашди
камалак туйғуларим!
1965
ЖАННАТ БОҒИН СОҒИНЧИ
Бағримни эзганда ёлғизлик дарди,
Сен дардимга даво бўлолдинг китоб!
Нафасни бўққанда ғам, ғубор гарди,
Сен беғубор ҳаво бўлолдинг, китоб!
Ҳа, мен учун ўзинг мусаффо ҳаво,
Доимо сен билан олдим мен нафас!
Гоҳ эса бўлиб бир дилрабо наво,
Ишқ сеҳрига шайдо этдинг муқаддас!
Сабоқларинг гўё шифобахш дори,
Ҳар хил иллатларга бахш этар шифо.
Кир босган дилларнинг қурса мадори,
Кирини кетказиб қилур мусаффо!
Аниқ этмоқдаман уни тасаввур:
Сен обод этгувчи жаннат боғини!.. —
нурдай пок,
безавол,
сахий ва мағрур
О, инсониятнинг етук чоғини!..
1973
«ЗИНҲОР ОҚҚАЙ ОҚАР ИРМОҚ!»
Буюк тоғнинг юрагидан
оқар эди тиниқ ирмоқ,
Унинг йўлини тўсишди
бир неча бебурду носоқ.
Шоху шабба, тошу кесак
қалаб чиқишди йўлига.
Тошу кесак орасидан
сизиб чиқаверди ирмоқ!
Бошқа жойларни обод
қилмасин деган ҳасад билан
Улар ирмоқнинг йўлини
тўсардилар, ҳорғин, чарчоқ!..
Аммо йиғилиб-йиғилиб,
дамбаларини қулатиб,
Ўз йўлига қараб яна
оқа бошлар эди ирмоқ!
Кўп уриниб ирмоқ йўлини
тўсолмай бу кимсалар
Чарчаб, ноилож қолдилар
ўзларича бўлиб ахмоқ!
Уларнинг тўғонларини
ювиб-бузиб ўз йўлига
Тушиб қувнаб, қўшиқ куйлаб,
яна оқаверди ирмоқ!
Овораю хомуш бўлиб
турганида бу кимсалар,
Ногоҳ, нарёқдаги арча
тилга кириб деди шундоқ:
– Бекор ахмоқ бўлдиларинг!
Ҳеч ким унутмасин асло:
Оқиш унга толеъ экан,
зинҳор оққай оқар Ирмоқ!
1967
ҲАВАСМАНД КЎНГИЛНИ
КОЙИТИШ ЁМОН
Ҳавасманд кўнгилни койитиш ёмон,
Ҳавасдан бошланур қобилият, камол.
Вақтида парвариш қилса гар боғбон,
Аъло ҳосил берур ёввойи ниҳол.
«Антоновка»ларнинг асалдай тоти,
Ёввойи, ғўр, олмалардан етишган.
Чунки миришкорнинг зўр кашфиёти
Ва меҳнати унда қоришиб пишган.
Ҳавасдан бошланур ҳар бир жиддий иш,
Ихтиро, кашфиёт, ривожиёт ҳам.
Ҳавасманд қалбларда бошланганда ишқ…
Қанийди топилса бир устоз-ҳакам.
«Оқ олтин» Ўлкамга таратар зиё,
Чунки ривожига муҳитимиз мос.
Шароит хуш келиб боғингда гиёҳ —
Унса, парвариш қил боғбонларга хос.
1972
КЎНГИЛ
Ҳур бўлиб ҳурга қўшилай дер,
Дур бўлиб дурга қўшилай дер.
Зиёга парвонадай ўзин ураркан,
Нур бўлиб нурга қўшилай дер.
1993
ҚУЁШ – ДУНЁ ЮРАГИ!
(Гипотеза)
Замин қушдай парвоз айлар самода!..
Бағрида қанчалаб уммону боғлар…
Вазни заррача ҳам келмай ҳавода
Булут каби енгил сузади тоғлар!
Нечоғлик бесарҳад бу азим фалак!..
Гир-гир айланади мангулик сари.
Не бир сайёралар – турфа капалак,
Қуёшга талпиниб яшайди бари!.
Не сиру асрорга тўла бу Қуёш?!
Қандай мўъжиза бу?! – ўйлаб қотар бош.
Шу буюк коинот балким тирикдир?!
Унинг юрагидир аниқ шу Қуёш!!
1988
ИРМОҚ ҚЎШИҒИ
Тоғ, бағрингдан сизиб чиққан мен бир ирмоқ,
Қувнаб-яйраб чопмоқдаман йироқларга.
Хайр энди тоғ, онажоним, хуш қол, бироқ
Унутмасман сени ҳаргиз фироқларда.
Томчи-томчилардан мени бунёд этдинг,
Вужудингда асраб-асраб, кўпайтирдинг.
Улғайтириб, куч-қувватга етказдирдинг.
Энди бу кенг дунё сари йўналтирдинг.
Мен бораман чопиб-чопиб қўшиқ куйлаб!
Мени кутар чўл, саҳролар бўлиб ташна.
Жонларига оро кириб кўнглин хушлай,
Менинг билан обод бўлиб бағри яшнар!
Мен бораман она-Заминнинг бағридан,
Унинг вужудида гўё қонтомирман.
Четлаб-четлаб қайсар қоялар сағридан,
Оқиб қурғоқ ерларга гоҳи ёғаман!
Мен оқаман ёруғ дунё завқин суриб!..
Жонгинамга Қуёш нури хуш ёқади!..
Не бир гўзал гуллар шодлик гаштин суриб,
Шабнамларимдан ҳуснига дур тақади!..
Етиб келдим дарё бўлиб, уммонга ҳам.
Вой-вой!.. Жуда беҳад буюк экан бағри!..
Уфқлари осмонга бирлашиб кетган!..
Қир-адирча келар ҳар бир тўлқинлари!..
Ер юзининг жуда буюк экан бағри!..
Яратганга ҳамду санолар айтаман!
Онажон Тоғ, кўп соғиндим, ўзинг сари
Йўл оламан, кузга қолмай тез қайтаман!
Ҳаётбахш Қуёш нуридан қанот ёзиб,
Қайтишда мен осмон узра тез учаман.
Кўп соғиндим, она, очилиб-ёзилиб,
Борсам сени тўйиб-тўйиб опучаман!..
2000
ПУШАЙМОНЛИК
О-о, ёшлик!
Ҳар қандай видео-киноларга
Кетказган олтин вақтларингнинг,
Сарф қилган кўз нурларингнинг
Аламлари кетмас юракдан!
О-о, ёшлик!
Наҳот шуни вақтида билмадинг?!
Булардан минг карра афзал эди-ку китоб! —
Юракка энг яқин ҳамсуҳбат, ўртоқ!
Ўтириб у билан висолма-висол
Суҳбат қуришга нима ҳам етсин!.. —
Бу сахий гўзалнинг,
Розлари шириннинг,
Кўнгил Моҳтобининг,
Умр Офтобининг!
Нафас атри нафасингга урилиб!..
Қани энди у олтин вақтлар?!
Қани энди у ўткир кўз нурлари?!
Ўз бошига юриб, қилиб бебошлик…
Ишлашу яшашни билмаган ёшлик!..
Қани ўша ғайрат, шижоат?!
Юракни ўртамоқда афсус, надомат!..
Уни излаб энди қаён чопасан?!
Чопган билан, ҳайҳот, қандай топасан!..
Олтин вақт қадрини билмаган ёшлик!..
Пишмаган мевадай тахир, ғўр ёшлик!..
Оёқлари югурик, кўзлари кўр ёшлик!..
2002
ХАЙР, МАКТАБ!
Мактаб экан асли гаштли бир дуне!
Биз – ёшлар эканмиз гулу ниҳоли.
Муаллим, миришкор боғбонсиз гўё,
Сиз илан етаркан инсон камоли.
Сиздан миннатдормиз, эканмиз ҳаёт,
Ёдингиз қалбларда доим ифтихор.
Сабоғингиз бўлур ҳамиша нажот,
Руҳингиз ҳар ишда бўлгай мададкор.
Йўлимизда ҳали кўпдир имтиҳон…
Берган илмингизни доим оқлармиз.
Инсонлик бурчида айлаб инқилоб,
Чин Инсон унвонин бир кун ёқлармиз.
Ишга солиб олган илму саботни,
Олий илмгоҳда олурмиз таълим.
Хайр, мактаб, хайр, ёшлик ҳаёти,
Хайр энди, меҳри дарё муаллим!..
1959
БОР БЎЛСИН, МАКТАБ!
Cинфдош бўлдик бизлар атиги бир йил!..
Бир йилда шунчалик боғланмиш кўнгил!?.
Ёшликдаги дўстлик бузилмас экан!..
Ришталари ҳечам узилмас экан!
Гўё бир оила фарзандларимиз!
Бир ота, онанинг дилбандларимиз!
Ҳар ёққа тарқалиб кетган бўлсак ҳам
Ёдимиз қалбларда асранди ҳар дам!
Учрашиб қолганда дўстлар ҳойнаҳой
Ўзимизни қўйишга тополмадик жой.
Хурсанд кўришамиз очиб кенг қучоқ!
Шошилиб дастурхон ёзилар шу чоқ!
Хонанинг тўрига ўтқазиб шу дам,
Аямаймиз шу пайт жонимизни ҳам!
Бу дўстлик қандай ҳам топмишки камол,
Қарисак ҳам чоғи кўрмайди завол!
Бизга бу борада беролган таълим,
Доимо бор бўлсин азиз муаллим!
Тугатиб бўлмас бу дўстликни мақтаб,
Бор бўлсин барчани дўст этган мактаб!
1995
БЕРИНГ, ФАРҲОД
КЕТМОНИН!
О, болалик йиллари,
Бизни ҳайрон этдингиз:
Елдик биз, югурдик биз,
Ортда қолиб кетдингиз!..
Хайр энди ўсмирлик,
Сендан ўзиб кетишдик!
Улғайиб, кучга тўлиб,
Йигит бўлиб етишдик!..
Энди етук жисму жон,
Куч сиғмайди билакка!..
Вужудларда тошар қон!..
Талпинамиз юксакка!..
Нақорат:
Тану жон соғ, кўнгил чоғ!..
Янграр юрак фармони:
Дарё йўлин тўсган тоғ, —
Беринг, Фарход кетмонин!
Қани бўлса одил бош
Ишни кўрсатиб қўйсин!
Бажарайлик биз ишни,
Одамлар кўриб қўйсин! —
Озод бўлган ҳур Ватан
Фарзандлари эрурмиз.
Керак бўлса ҳар қачон
Жонимизни берурмиз!
Тўлиб-тошар куч-ғайрат!..
Кўнгил тўла аҳд-паймон!..
Ҳар бир фурсат ғанимат,
Зое кетмасин имкон. —
Нақорат:
Тану жон соғ, кўнгил чоғ!..
Янграр юрак фармони:
Дарё йўлин тўсган тоғ, —
Беринг, Фарход кетмонин!
1994
ЙЎЛДАГИ ҲОДИСА
Кетаётган эдим Тошқанд кўчасида,
Тўрт-бешта майналар уришиб қолди,
Шу пайт келиб икки алашақшақа
Уларни ажратиб қувишиб қолди!
Мен лол бўлиб қолдим ёқамни ушлаб:
Наҳот қуш ҳам бўлса шунча ақлли?!
Сўнг шундай ўйладим ачиниш ила:
«Баъзан инсон шундай қилмас ақалли!.. —
Эҳ, бўлсайди мўъжаз бир ҳовли-жойим,
Шу қушдан бир жуфтин асрасам эдим!..
Парвариш қилардим аямай жоним!..»
Деб ўзимча ажиб орзулар қилдим!…
1996
ЖОН ҚАДАР
Китоблар дўкони ёнидан ҳар кун
Кўз узмай ўтаман бўлганча мафтун.
Қанчалаб китоблар ётар чарақлаб!
Барини кўраман бир-бир варақлаб.
Кўзимга қуёшдай кўринар иссиқ!…
Олай десам пул кам, тилимдир қисиқ.
Китобларга қуёш назар солибди,
Ҳуснига термулиб ҳайрон қолибди!..
Бу ҳолатдан қалбда бир виқор кечди,
Қувонч не, жон қадар ифтихор кечди!..
2003
ЙИГИТЛИК
Ҳаёт йўли…
О, йўллар!..
Юришлардан толдингиз!..
Елдик биз, югурдик биз,
Етолмасдан қолдингиз.
О, йигитлик, ҳаётда
Чарчаш нима, – билмади…
Машаққатни, азобни
Назарига илади!..
Ёзнинг ҳатто энг узун
Куни ҳам чарчаб қолди!..
Тафти етмай саратон
Қалбдан олов қарз олди!
Йўллардаги тошлар ҳам
Эзилди товонларда!
Бир нафасда ошилди
Энг баланд довонлар-да.
Келишга ботинолмай
Қаёқларда мудрар куз…
Қишдан ҳали дарак йўқ,
Бошланмаган қору муз.
Баҳор ўтди, толе-да
Оташли ёз ҳукмрон!..
Орзу тўла бу кўнгил
Гўё юлдузли осмон!..
1993
ҚАЛДИРҒОЧ
Ўзинг юввош кичик қуш,
Жуда чаққон, феълинг хуш.
Сайрашларинг ажойиб,
Кел, менинг ёнимга туш.
Жажжи қуш эй, Қалдирғоч!
Келиб менга қучоқ оч!
Гўзал суҳбат қурайлик,
Бўлишиб «Ачоқ-мачоқ».
Уя қуриб айвонда,
Нимага сен инсонга
Ўзинг яқин тутасан
Солиб завқ-ҳаяжонга.
Ёз бўйи бунда қолиб,
Бир неча бола очиб,
Сўнг жанубга қайтасан
Бизларни ташлаб, қочиб.
Нима дейин айни пайт,..
Майли, боргин, яна қайт.
У ёқдаги халқларга
Биздан дўстлик салом айт.
1955
ЧУМЧУҚ
(Масал)
Бир кун чумчуқ ёр ишқини айлаб хумор,
Қумрибойга севгисини этди изҳор.
Севгининг бедаволигин билиб Қумри,
Чумчуқойга бағишлади у ҳам умрин.
Лекин Чумчуқ Қумри билан яшаб бир оз,
Бир куни-чи, Майнабойга айлади роз.
– Мумкин бўлса сизга бир гапим бор эди,.. —
Қошин қоқиб, лабини тишлабон деди:
– Мумкин, – деди рози бўлиб Майнабой.
Хурсанд бўлиб «сайрай» кетди Чумчуқой:
– Сизга ишқим тушиб қолди, – деди «ошиқ»,
Шуни айтмай туролмадим бундан ортиқ.
Рози бўлинг икков бирга севишайлик,
Ўлгунча бир-биримизни дейишайлик.
Майна сезиб «севган»нинг бедаво дардин,
Рози бўлиб Чумчуқойга очди бағрин.
Майна билан ҳам «машқ» қилгач бир оз бирга,
Кейин Чумчуқ Қарғабойга чиқди эрга.
Буни Чумчуқ, Қумри, Майна, Қарға деманг,
Шунчаки беҳуда бир сафсата деманг.
Чумчуқ эмас, кишилар экан вафосиз.
Қушлар эса эрурлар мутлақ гуноҳсиз.
1955
ҚАСАМЁД
(Ўзбекистон аскарлари қўшиғи)
Эй, она-Юрт, Ўзбекистон!
Улғайдик бағрингда шодмон.
Тарбиянгдан тўлиб кучга,
Бу кун келдик аскарликка.
Жондан азиз она-Диёр,
Сени қўриқлаймиз ҳушёр. —
Жар солса гар ҳар дайди ёв,
Таъзирин бергаймиз дарров!
Ёвқур амир Темур, Бобур
Руҳлари бизларга ёрдир.
Бўлсак Уларнинг зурёди,
Бергаймиз ҳар ғаним додин!
Сени, эй ҳур, обод Диёр,
Ҳеч бир ёвга этмасмиз хор. —
Деб этганмиз чин қасамёд,
Яшнайвергин бўлиб обод!
2005
КЎЗЛАР КЎЗЛАРГА ТУШДИ!
Кўзлар кўзларга тушди!..
Хаёллар бошдан учди!
Қандай учрашиб қолдик…
Юракларга ўт тушди!
Кўрмагандим умримда,
Кўнглимга мос Сиз Гулни!..
Оро кириб жонимга,
Қувонтирдингиз дилни.
Нақорат:
Кўзлар кўзларга тушди!..
Кўнгил кўнгилга тушди!
Ногоҳ булбул назари,
Очилган гулга тушди!
Қўл ушлашиб юришдик,
Қўллар қўлларга тегди!
Жоним, ҳимматингизга
Ғурурим бўйин эгди.
Юрагимда унган лолам,
Қоши ҳилолим менинг.
О-о, ҳаётим, Гуллолам,
Бахту иқболим менинг!..
Нақорат:
Кўзлар кўзларга тушди!..
Кўнгил кўнгилга тушди!
Ногоҳ булбул назари,
Очилган гулга тушди!
1998
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.