Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Бу пайтда девор ортида пусиб ўтирган икки шарпа ухламаётганди. Улар юзларига қора ниқоб танғиб олишган. Қўлларида ўткир пичоқ билан қўшни ҳовлининг куёв-келин ётган уй деворига тиралишиб жимгина ўтиришарди.

– Шу кутиш ҳам жонга тегди-да, – деди шарпалардан бири шеригига.

– Жим, гапирма! – деди жавобан шериги.

– Ҳамма ухлаб бўлди-ю, жим ўтиравериб димиқиб кетдим ахир.

– Ишни пачавасини чиқарсанг, Бобурхондан балога қоламиз. Шу кеча ишни битириб, келишилган пулни олиб, Россияга жуфтакни ростлашимиз керак. Биласан, бизга пул керак. Кейин қидириб ҳам топишолмайди бизни.

– Рост айтасан, аммо ҳеч тушунолмадим, Бобурхонга шу келин-куёвнинг ўлими нега керак бўлиб қолдийкин? Ё қасди бормикан-а?

– Билмадим. Билишни ҳам хоҳламайман. Менга пулини тўласа, бас… Балки ёқтирган қизидир ёки куёв болада ростдан ҳам қасди бордир, Худо билади.

– Мен эшитдимки, Наманганда тўполон бўляпти-ку, ўшатдаги Бўтамией дегани Марғилонда шундай бир иш қилгинки, эшитган одам борки, этлари жимирлаб, тили айланмай, қалт-қалт титрайдиган бўлиб қолсин, деб топшириқ берганмиш.

– Ўзларича Наманганда, ундан сўнг Ўзбекистонда халифалик давлатини қураман, деб лоф ураётганлардан бирими? – деб сўради шериги қизишиб.

– Ҳа-да, ўшалардан бири.

Ундайлардан ҳар не ёмонликни кутса бўлади. Лекин Ўзбекистон бундай давлат бўлмайди.

– Сен қаердан биласан?

– Биламан-да, қамоқдалигимда эшитганман.

Шу маҳал кимдир девор ортидан юриб, ҳовли томон ўтиб кетди. Икки шарпа жим бўлиб қолишди.

Аллақачон тунги соат уч бўлиб қолаёзганди. Ҳовлига ўтган одам қайтиб, оёқ овозлари тамомила тингач, шарпалардан бири деди:

– Энди девор ошамиз. Қани, кетдик!.

Эртаси куни тўй бўлиб ўтган хонадондагилар одатдагидан бироз кечроқ уйғонишди. Ҳовли юзасида куёвкелинни нонуштасига ул-бул пиширишга чоғланган иккиуч аёл демаса, барча уйқуда эди. Негадир, аёллар ўзаро паст овозда гаплашишар, куёв-келинни уйғотиб юбормаслик, уйғонган бўлсалар, безовта қилмаслик пайида эдилар.

Кундуз ўн бўлганида келин-куёв учун аталган нонушта тап-тайёр бўлди. Аммо гўшангалик уй ичидан овоз тугул бирор бир сас эшитилмас эди.

Бир соат кутишгач, ҳовли юзасидаги нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам безовта бўла бошлашди. Ниҳоят, уй эгаси томонидан келин-куёвдан хабар олиш учун янгалардан бирини ичкарига киришига рухсат берилди.

Ёши қирқлар чамасидаги аёл уй ичкарисига кириб кетгач, беш дақиқалар ўтар-ўтмас «Вой-дод!» деган қаттиқ қичқириқ эшитилди ва аёл уй ичидан бир ҳолатда югургилаб чиқиб, айвонда ўзини таппа ташлаб, ҳушидан кетиб қолди. Нима воқеа юз берганига тушунолмаётган уй эгалари ҳушидан кетган аёлни ўзига келтириш билан овора бўлиб турганида, куёвнинг отаси югурганча уй ичкарисига кирди.

Кечагина жиҳозланган уй ичи димиқиб кетган, недир ёқимсиз ҳид уй ичидан таралаётганди. Шаҳарда Эргаш таксист деб ном қозонган уй эгаси остонадан ўтибоқ, оёғи билан шилимшиқ бир нарсани босиб олганини сезди ва ним қоронғи хонада энгашиб пастга қарагандики, қизил, аммо қуюқ, қотиб қолаёзган қонни кўрди. Димоғига ўткир ёқимсиз ҳид гуп этиб урилди. Не воқеа бўлганига ақли етмай турган Эргаш таксист олдинга қадам ташлади ва ёпиқ гўшангганинг бир томонини аста кўтариб, ичкарига мўралади. Не кўз билан кўрсинки, куёв билан келин худди ухлаётандек ётишибди-ю, аммо томоқларидан сўйилган эдилар.

Эргаш таксист: «Ох!..» деб ўша заҳотиёқ ҳушидан кетиб йиқилди.

Марғилонлик Эргаш таксичининг ўғил уйлантириш тўйининг эртаси куни гўшангада ётган келин-куёвни тун да кимлардир сўйиб кетгани ҳақидаги шум хабар бир зумда шаҳарни қамраб олди ва ҳаммани ваҳимага солди.

* * *

Дарҳақиқат, Эргаш таксичининг уйида юз берган қонли жиноятни Марғилонда эшитган одам борки, ваҳимада қолди. Миш-миш чуваланиб, атроф қишлоқларга ҳам овоза бўлди. Одамлар бирга ўнни, ўнга юзни қўшиб, ваҳимани ниҳоятда шишириб юборишди.

Эмишки, ярим тунда тўйдан сўнг Эргаш таксичининг уйида олатасир тўполон, муштлашиш, сўйди-сўйди бўлганмиш. Рэкетчиларми-ей, бошқаларими, ишқилиб, бир тўп безорилар Эргаш таксичини уйидаги жамики одамни сўйиб, ўлдириб, чавақлаб, каллаларини деворлар устига қўйиб, чиқиб кетишганмиш. Биргина таксичини ўзи тирик қолганмиш. Аммо-лекин ўзи ҳам ўлар ҳолатда шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётганмиш…

Табиийки, таксичининг уйида юз берган қонли жиноятдан хабар топган шаҳар милицияси, прокурор бошлиқ ходимлари – барчаси йиғилиб келишди. Бироқ, ҳаммаси ёзди-чизди, чиқди-кетди. Келин билан куёвнинг мурдаси ёриб текшириш учун вилоят марказидаги ўликхонага олиб кетилди.

Келин-куёв ўликхонада бир кеча ётишгач, кундуз куни Эргаш таксичининг тўполони билан олиб келиниб, жанозалари ўқилди. Кўмилди.

Гарчанд, шум хабар Тошкентгача етиб борган бўлсада, шаҳар милицияси бошлиғи, шаҳар прокурори қўлларини совуқ сувга ҳам урмай, мамлакатда юз бераётган асосий талотўпларни жимгина кузатиб: «Буёғи нима бўларкин?» деган ҳардамхаёллик билан юраверишди.

Бир кечада ҳам ўғли, ҳам келинидан айрилиб, айниқса, қудалари томонидан маломатга қолган Эргаш таксичи уч-тўрт маротаба шаҳар милицияси бошлиғининг қабулида, сўнг уч-тўрт маротаба шаҳар прокурорининг қабулида бўлди. Бироқ, улардан ҳеч бир нажот бўлмаслигини билгач, икки қўлини ювиб қўлтиғига урди-да, энди вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари ҳузурига чопа бошлади.

Аммо ўша кунлар шундай замон эдики, амалдорлар халқдан тамомила узилиб, эртанинг хавотири билан яшаётганди. Қисқа қилиб айтганда, жамики амалдорлар Эргаш таксичининг арзига қулоқ соладиган аҳволда эмасдилар.

Эргаш таксичи буни тушунмас, тушунишни ҳам истамас, яккаш: «Менинг ўғлим билан келинимни кимлар, ўлдирдилар, нима учун ўлдирдилар? Топиб берасанлар?!» дейишдан нарига ўтмаётганди.

Марғилон шаҳар прокуратураси асосий йўлдан анча ичкарида жойлашган бино. У кўча шундай тинч, осуда эдики, бино эшиги тагида кечаю кундуз қоровуллик қилиб турадиган милиция ходимлари кўчада сал шовқин кўтарилса борми, дарҳол аралашиб: «Прокурор Аъзам Аҳмедович шу ерда, жим бўлларинг!» деб дўқ уришарди. Чунки, шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедович шовқин-суронни ёқтирмас, прокуратура биноси ёнверида кўтариладиган шовқин-сурон учун милиция ходимларини жуда қаттиқ хақорат қиларди. Буни билган қоровулликдаги ходимлар жон бериб прокурорнинг тинчини таъминлашарди.

Эргаш таксичи эрта сахар – олтилар чамаси, шаҳар прокуратураси биносига етиб борди. Уйида юз берган мудҳиш жиноятдан сўнг у ишини ҳам бир четга йиғиш тириб қўйган, бари хатти-ҳаракати келинининг қотилларини топиш бўлиб қолган эди.

Бугун ҳам айни мақсадда шаҳар прокурорининг қабулига тонг-саҳарлаб етиб келганди.

Ярим очиқ темир дарвоза ёнида ўзаро суҳбатлашиб турган икки нафар ёшгина милиционер йигит узоқданоқ Эргаш таксичини кўриб, негадир, афтларини буриштиришди.

– Кеча кун бўйи шу ерда ўтирганди шу киши. Яна келяпти… – деди милиционерлардан бири шеригини аста туртиб.

– Бугун ҳам Аъзам Аҳмедовичдан қаттиқ гап эшитарканмиз-да, – дея ғудранди шериги.

Ана, Эргаш таксичи икки милиционер йигитнинг рўпарасига етди ва қўл бериб сўрашди.

– Ҳа, тоға, яна келдингизми? – Овозини сал баландлатиб сўради милиционерлардан бири.

– Кеча прокурор қабул қилмаганди. Ёрдамчиси: «Прокурор сизни ишингиз билан банд, кутиб турасиз», деганди. Кечгача ўтирдим. Бир иш чиқмади, – деб жавоб берди рангида қони қолмаган, кейинги икки ҳафта ичида ниҳоятда ориқлаб, фақат чўзинчоқ юзи қолган Эргаш таксичи бурнини бир тортиб.

– Ишингизнинг битиши қийин-ов… – Чайналди милиционер йигитлардан бири шеригига бир қараб олиб.

– Нега? – деб сўради Эргаш таксичи.

– Айтаман-да, қотиллар аллақачон изини ўчириш учун жуфтакларини ростлаб қолишган. Буниси аниқ. Прокурор уларни қаердан топади?

– Сиз қаердан биласиз, ука? Қотил битта бўлганми, иккитами, учтами, а? – дея сўради Эргаш таксичи, сўз қотган милиционер йигитнинг кўзларига қаттиқроқ тикилиб.

Атайин Эргаш таксичининг ҳафсаласини пир қилиб кетказиб юбориш, қайтиб келмаслигини таъминлаш учун айтган гапи ножўялигини милиционер йигит тушуниб, аввал ранги оқарди, сўнг кўкарди. Шериги эса ўла дегандек юзини тескари буриб олди.

– Буям бир гап-да тоға.

– Билмасангиз гапирманг, ука. Сиз қоровуллик қилишингизни билинг. Керак бўлса мен прокурорни кечгача ҳам худди мана шу ерда кутаман.

– Кутсангиз кутавермайсизми, менга нима. – Қўл силтади ҳалиги формали йигит. Сўнг шеригини туртиб, қия очиқ дарвозадан ичкари кириб кетишди.

Эрталаб соат етти билан саккиз оралиғида прокуратура биноси жойлашган кўча анчайин гавжумлашиб қолди. Одамлар тинимсиз у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа ўтишини қўймас, кимдир ишга, яна кимдир бозорга, яна кимлардир ўзлари билган, кўзлаган мақсадлари сари чопиб ўтишаётгандек эди. Бинонинг рўпарасидаги икки туп терак ортидаги деворга суянганча ўтирган Эргаш таксичи кўзларини лўқ қилиб прокуратура биносининг темир дарвозасидан кўзларини узмай, тикилиб ўтирарди.

Соат саккиз бўлиши билан дарвоза ланг очилди. Икки аёл ҳовли юзасини супуришни бошлади. Учинчи аёл эса уларнинг ортидан артезианга уланган шланг билан ҳовли юзасига қалин қилиб сув сепаверди.

Ниҳоят, икки аёл супура-супура, кўча томонга чиқишди. Милиционер йигитларнинг бири олиб, бири қўйиб, супурувчи аёлларга иш кўрсатиб туришди, Ярим соат ўтар-ўтмас, кўча юзаси ҳам тоза супурилиб, сувлар сепилиб, қисқа қилиб айтганда, чиннидек тоза қилиб қўйилди ва аёллар қандай тез иш бошлаган бўлсалар, шундай тезликда ҳовли ичкарисига киритилдилару, ортларидан темир дарвоза таққа-тақ ёпиб ҳўйилди.

Эрталабки соат ўн бештакам тўққиз бўлганида, яна темир дарвоза ланг очилди. Прокурор формасидаги бешолти йигит «Жигули» автомашиналарида дарвозадан ўтиб, ҳов нарига қўйгач, тез-тез юриб, ичкарига кириб кетишди.

Бунга бор-йўғи ўн беш минут вақт кетди.

Ҳовли яна тинчиб қолди. Одатдагидек, ҳамма бино ичкарисидагилар шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедовични кутаётганди.

Соат тўққиздан беш минут ўтар-ўтмас, кўча бошида тим қора «Волга–24» кўринди. Машина секин, бир маромда илгариламоқда эди. Терак ортида ўтирган Эргаш таксичи ўрнидан турди. Чаққон йўл бўйига ўтди.

Эргаш таксичини кузатиб турган милиционер йигитлардан бири, узоқдан қўл силтаб, унга: «Орқага қайт!» ишорасини қила бошлади. Эргаш таксичи унга парво ҳам қилмади.

«Волга» ланг очиқ дарвозадан ичкарига кириб, артезиан қудуғи рўпарасида тўхтади. Икки милицинер йигит тез бориб, машина ёнида тек қотди. Форма кийган ёшгина ёрдамчи йигит чаққон машинага яқинлашиб орқа эшигини очди. Ундан ўрта бўй, семиз ҳам, ориқ ҳам эмас, аммо ниҳоятда тунд башарали шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедович тушди. Унинг қора папкасини ёрдамчи йигит дарров қўлига олди. Шундан сўнг, икки милиционер йигит шахдам қадамлар билан баравар яқинлашиб, ўнг кафтларини чаккаларига қўйиб саломлашишди. Аъзам Аҳмедович, боравер дегандек эринибгина қўл силтади.

Аввал Аъзам Аҳмедович, унинг ортидан ёрдамчи йигит зиналарни бир-бир босиб, иккинчи қаватга кўтарила бошладилар.

Қабулхонага кирганида, Аъзам Аҳмедович, одатича, ёрдамчи йигитга ўқрайиб қаради:

– Кўчада яна таксичи нима қилиб ўтирибди? Жўнатиб юбормайсанларми? – деди ўдағайлаб.

Ёрдамчи йигит қилт ютиниб, нима деярини билмай:

– Ҳозир милицонерларга айтаман, ҳайдаб юборишади, – деди минғирлаб.

– Галварс, ҳайдаб эмас, яхши гапириб, алдаб жўнатиб юбориш керак!..

– Хўп, хўп, шундай қиламиз.

– Зинҳор бу хонага олиб кирма! Пастда гаплашгинда, жўнатиб юбор.

– Кечаям кетмай туриб олганди… – Овози ниҳоятда пастлаб кетди ёрдамчи йигитнинг.

– Нима? – Ўшқирди Аъзам Аҳмедович. – Нима дегандинг унга? Прокурор қабул қилади, дегандирсанда, каллаварам!..

– Йўқ, йўқ, ўзи… сизнинг олдингизга кираман деб кетмай тураверди.

Аъзам Аҳмедович ёрдамчисига бир зум важоҳатли ўқрайгач, хонасига кириб кетди. Ёрдамчи йигит эса прокурорнинг қора папкасини ичкарига олиб кириб берайми ё йўқми, деб ўйланиб, аниқроғи, қўрқиб, бирпас қотиб туриб қолди. Хиёлдан сўнг ўзига келди чоғи, оғир уф тортди. Айни ўша лаҳзаларда юрагини қинидан чиқариб юборгудай қўнғироқ чалиниб қолди. Ёрдамчи йигитнинг ўтакаси ёрилаёзди. Уни прокурор ичкарига чорлаётганди. У довдираганидан қуруқ қўл билан ичкарига кирди.

Аъзам Аҳмедович ёрдамчисининг бўш қўл билан рўпарасида серрайиб турганини кўриб, баттар жаҳл отига минди:

– Папкани қаерга қўйдинг, эшшак! Олиб кирмайсанми? – дея бақириб берди.

Ёрдамчи йигит хонадан ўқдек отилиб чиқди.

– Булар қачон прокурор бўлади-ю!.. – Бирдан увлагандек гапириб юборди Аъзам Аҳмедович ўз-ўзига.

Сўнгги вақтларда Аъзам Аҳмедовични бир нарса беҳад қийнаб, ташвишга солаётганди: мамлакат бу кетишида қаерга боради?

Наманганда Талаб билан Бўта деганлари иш кўрсатаяпти. Марғилонда Бобурхон кучайгандан кучаймоқда. Асакада Али деганими-ей… Муроса қилиб турмаса…

Аъзам Аҳмедовичнинг хаёлларини бўлиб, телефон бир-икки жиринглади. У эринибгина гўшакни кўтарди:

– Алло… ким? –деди. – Ҳайрат Ҳамдамович! Э-э, табриклаймиз, табриклаймиз, муборак бўлсин, Ҳайрат Ҳамдамович. Боролмаганимиз учун узр. Ҳа энди, иш деб қўйган, хи дегандамиди, чопиб юрармидик… Ий-й, шунақами? Қачон?.. Хўп, бўлди. Мен ўзим шахсан кутиб оламан…

Ҳозиргина тунд бўлиб турган юзи бирдан ёришиб кетган Аъзам Аҳмедович даст ўрнидан турди ва кафтларини бир-бирига ишқаб, хона бўйлаб нималарнидир ўйлаб, худди хонанинг бўйини ўлчаётган одамдек аста одимлай бошлади.

– Зўр иш бўлибди-ю! – дея ўзига ўзи гапира бошлади пичирлаб. – Мана энди бизнинг ҳам замон келди. Ахир айтадилар-у, замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, деб. Прокурорлик ҳам иш бўлибдими?.. Ҳа, замон келди, ур бегим, айшингни сур бегим, деган экан, биров. Хўш, биринчи галда пухта тайёргарлик кўриб қўйиш керак. Ҳайрат Ҳамдамович ахир анай-манай одам эмас, ҳукуматда нуфузли лавозимни эгаллаб турибди. Қани, келсин-чи, қандай маслаҳатли иши бор экан?

Аъзам Аҳмедович ўша лаҳзаларда кўчада қон қақшаб, қабулини зор-интизор кутаётган Эргаш таксичини тамомила ёдидан чиқарди.

Ёдамчисини чақирди ва:

– Хей, сен менга тезда начальник мелисани ула. Сўнг Бобурхонни телефонда топ. Телефонда топилмаса, Оталар чойхонасига одам юбор. Тез етиб бораркансиз де!..

Ярим соат ўтар-ўтмас, шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедовичнинг хонасида шаҳар милицияси бошлиғи Ҳикмат Қудратов турарди.

Мамнунлигини яширишни унча истамаётган Аъзам Аҳмедович уни, одатига хилоф тарзда, илиқ сўзлар ила кутиб олди.

– Яхши келдингизми?.. Хуллас, Тошкентдан Ҳайрат Ҳамдамович келадиган бўлиб қолди. Ҳалигинда мен билан боғланиб, эрта шанба куни кечқурун Марғилонда бўлишини айтди. Тайёргарлик шунга яраша бўлиши керак…

– Ниҳоятда улуғ иш бўлибди-да, Аъзам Аҳмедович, – деди шаҳар милицияси бошлиғи Ҳикмат Қудратов. – Оёғининг тагига қўй сўйсак ҳам арзийдиган одам ахир. Ҳаммаси сизнинг ҳурматингиздан…

Бундай мақтовни эшитиб Аъзам Аҳмедович аста юриб бориб, айланма креслосига ястаниб ўтириб олди.

– Ҳа энди, эски қадрдонлигимиз бор. Ахир, областимизда уч-тўрт йил биринчи котиб бўлиб ишлаб қўйди. Мана, энди Тошкентда…

Хуллас, маслаҳат пишди. Ҳайрат Ҳамдамович Аъзам Аҳмедовичнинг хонадонида кутиб олинадиган ва ўша ерда меҳмон қилинадиган бўлди. Бунинг учун эса ўта тўкин дастурхон зарур. Одатда, Аъзам Аҳмедович рўзғори тугул, меҳмонларига ҳам ўзи харажат қилиб ўрганмаган, бундай муаммоларни кўпинча шаҳарда ишлаётган савдо ташкилотларининг раҳбарлари бўйнига юклашни хуш кўрарди. Бу гал ҳам, тарки одат амри маҳол, деганларидек, одатини канда қилгиси келмади. Дарҳол телефонга ёпишди ва гўшакни олиб, рақамни териб бўлгач, алло, деб овоз берган кимсага қарата:

– Тезда кел! – деган буйруқни берди ва гўшакни жойига қўйди. Аъзам Аҳмедович, интиқлик билан тик турган ҳолда кутиб турган милиция бошлиғи Ҳикмат Қудратовнинг кузатуви остида қачонлардир Москвага борганида, атиги икки дона харид қилиб, бирини Бош прокурорга совға қилиб, иккинчисини қўлидан қўймай тақиб юрадиган тилла соатининг милларига назар ташлади. У кимнидир кутаётган эди.

Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас, Аъзам Аҳмедовичнинг важоҳати ўзгарди. Эрталабки тунд қиёфаси башарасида намоён бўлиб, аччиқ билан телефон гўшагини яна қўлига олди:

– Тезда кел! – дея тағин буйруқ берди.

Бироқ, орадан имиллаб вақт ўтаётган эса-да эшикдан ҳеч ким кириб келмаётган эди.

Ниҳоят, милиция бошлиғи Ҳикмат Қудратов юрак ютиб сўради:

– Ким келиши керак, Аъзам Аҳмедович!

– Ким бўларди, бозорнинг бошлиғини чақиряпман, – деб тундлик билан жавоб қайтарди Аъзам Аҳмедович.

– Э-э, ҳа, бозорнинг бошлиғими? Бугун янгиси тайинланяпти. Адашмасам, ҳозир йиғилиши бўлаётган бўлса керак…

– Нима бўпти? – Қўрслик билан деди Аъзам Аҳмедович. – Эскисими, янгисими, мен айтгандан кейин чопиб келиши керак!

Дарҳақиқат, шаҳардаги марказий деҳқон бозорининг директори ишдан кетиб, ёшгина йигит айни дамларда директор этиб тайинланиб, вилоятдан келган бошлиғини кузатгач, ходимлари билан қисқагина мажлис ўтказаётган эди. Айни ўша дақиқаларда икки бор телефон жиринглаб, гўшакни олган эди, кимдир хе йўқ-бе йўқ: «Тезда кел!» деб буйруқ берди. Ким бўлди экан?.. Бозор ишчихизматчиларига Ўринбой Кимсанов деб таништирилган бу ёш йигит сал аччиқланган бўлса-да, биронтаси адашиб телефон қиляпти чоғи, деб ўйлаб, мажлисини давом эттираверди. Ҳаял ўтмай, телефон учинчи бор жиринглаб қолди. Ўринбой оғир уф тортди. Хонада ўтирганлар ногоҳ бундай буйруқ билан одатда ким йўқлаши мумкинлигига ақллари етиб, жим бўлиб қолишди.

«Ҳали креслога ўтириб улгурмасиданоқ кимлардир дўқ қилаяпти. Қандақанги шаҳар бу ўзи?» деб ғудраниб, Ўринбой Кимсанов истамайгина яна телефон гўшагини олиб, қулоғига тутди ва:

– Эшитаман, кимсиз ўзи? «Тезда кел!» дейсиз. Мен мажлис ўтказяпман!.. – деб зарда билан гўшакни тарақлатиб жойига қўйди.

Янги раҳбарнинг бундай муомаласидан хонада ўтирганларнинг ўтакалари ёрилиб, дамлари ичига тушиб кетаёзди. Ниҳоят, директор ўринбосари бўлиб узоқ йиллардан буён ишлаётган Норбой ака, ўнг қўлини юқори кўтариб, аста ўрнидан турди:

– Шу десангиз, ука, мажлисимизни кейинроққа қолдириб турсак, – деб мулойимлик билан гап бошлади. – Аввал Аъзам Аҳмедовичнинг ҳузурига тез бориб келсангиз. Бирон топшириғи бордирки, сизни чақиряптилар…

– Ким у Аъзам Аҳмедович деганингиз?

– Ий-й, ҳали Аъзам Аҳмедовични кимлигини билмайсизми?

– Йўқ.

– Ахир, у киши шаҳримизнинг мўътабар прокурори бўладилар… Ниҳоятда аччиқлари тез…

– Ҳали, айтганимдек, бу ташкилотга раҳбар бўлиб тайинланиб, мана бу, – орқасига ўгирилиб айланма креслога ишора қилди ва гапида давом этди Ўринбой, – креслога ўтириш тугул, думалоқ муҳрини ҳам қўлимга олиб улгурганим йўқ. Менга қанақа топшириқ бериши мумкин? Прокурор бўлса ўзига!.. – деди у.

Ўринбосар Норбой аканинг ранги қув оқариб кетди. Тик турган кўйи, бир-икки ютинди, чунки янги бошлиқнинг бу гапидан кейин унга ҳаво етишмаётгандек туюлмоқда эди.

– Ҳай-ҳай, ука, ўзингизни босинг. Сиз ҳали ёшсиз. Бу ерда ўтирганлар Аъзам Аҳмедовичнинг кимлигини, дасти қаерларга етиши мумкинлигини жуда яхши билишади. Аъзам Аҳмедович билан келишмас экансиз, бу ерда раҳбар бўлиб узоқ ишлолмайсиз, ука. Уч кунда панжарани ортига тиқиб қўяди…

– Борайми, а? – Бирдан каловланди Ўринбой Кимсанов, негаки: «Уч кунда панжарани ортига тиқиб қўяди…» деб айтилган гап аллақачон унга ўз таъсирини ўтказган эди.

– Боринг-да, э, тез! – дадилланди Норбой ака.

“Мажлис ўтказаётганмиш, падари қусур!” дея, негадир, мийиғида сирли кулимсиди, телефондаги жавобдан Аъзам Аҳмедович.

– Нима қилай, қўлига кишан урдириб олдириб келайми? – Ғайратланди милиция бошлиғи.

– Йўқ, сабр қиламиз, бугун тушуниб олади, сал ўтмай, ўзи ҳовлиқиб кириб келади… – Аъзам Аҳмедович шу гапларни айтиб, ўйчан ҳолатда яна кабинетининг у бошидан-бу бошига аста-аста одимлаб бориб келаркан: «Одамларга нима бўляпти ўзи? – дея ўйламоқда эди. – Кечагина қўйдек ювош эди улар. Эндиликда орасидан гап қайтарадиган, бебош, ўзбилармонлари чиқиб қоляпти. Қани, замон кўтарса-ю, бир бошдан қамоққа юбораверсанг, юбораверсанг…»

Қисқаси, эшик очилиб, ҳалигинда деҳқон бозорига директор этиб тайинланиб, мажлис ўтказиб турган йигит – Ўринбой Кимсанов ичкарига бошини суқди. Прокурор Аъзам Аҳмедович унинг кимлигини фаҳмлади ва башараси совуқ тус олди.

– Кир, кир… Қани, ўртага тур-чи. – Аъзам Аҳмедович, бироз ҳадик ва қўрқув аралаш ноилож кириб, хонанинг бошланишида тик қотган оқ-сариқдан келган, ориқ, узун бўйли йигитга синчиклаб тикилиб, икки қўлини ортига чалиштирган кўйи, аста яқинлаша бошлади. – Сенмисан бозорнинг янги бошлиғи, а?

– Ҳа, мен, – деди Ўринбой, пешонасини муздай тер босаётганини сезиб.

– Сен ҳали мени кимлигимни билмайсан, шекилли?

– Ҳалигинда билдим…

– Шундақами? Қани, буёққа юр-чи, – прокурор шундай деб Ўринбойни чап қўлини енгидан оҳиста тутиб, кабинетининг кўча тарафга қараган деразаси ёнига олиб борди. Сўнг милиция бошлиғига буюрди: – Сен менга ҳов телефонни олиб кел. – Аъзам Аҳмедович милиция бошлиғи томонидан чаққонлик билан олиб келиниб, қўш қўллаб кафтида тутиб турган телефон аппарати гўшагини қўлига оларкан, ўзи биладиган қандайдир рақамларни бир-бир боса бошлади ва у томондан гўшакни кўтарган одамга қарата: – Тез кел! – деб буйруқ берди.

Кабинетга оғир жимлик чўкди.

Ўринбой Кимсанов прокурор билан ҳамон дераза ёнида ташқарига тикилганча тик турарди.

Ўн минут ҳам ўтар-ўтмас, прокуратура биносининг кўча тарафидаги дарвозаси ёнига оқ «Жигули» яқинлашиб тўхтади. Ундан шаҳарда ўта таниқли ва бообрў саналган етмиш ёшли, шаҳардаги йирик савдо ташкилотининг раҳбари Ҳайдар Қўзибоев тушди ва чўлоқланиб дарвозадан ичкарига йўналди. Дам ўтмай, Аъзам Аҳмедовичнинг эшиги шарт очилиб, бироз ҳансираган, ранги оқаринқираган, сочлари оппоқ Ҳайдар Қўзибоев Ўринбойни ҳайратга солиб кириб келди ва Аъзам Аҳмедовичга қарата:

– Хўжайин, бир минут кеч қолдим, – деди халлосланиб, қўлидаги хассасига таянган ҳолда. Негадир, Ўринбой Кимсанов беҳад қўрқиб кетди. Чунки институтни битириб областдаги савдо корхонасига ишга келибдики, Ҳайдар Қўзибоевни орқаворотдан жуда яхши танир, ҳали ҳамсуҳбат бўлмаган эса-да, унинг вилоятдаги энг бой, обрўли савдогарлардан бири деб билар, унга ҳавас қилиб юрарди. Шундай киши прокурор Аъзам Аҳмедовичнинг ҳузурига бир чақирувдаёқ ҳаллослаб етиб келса-я! Ўринбой бу одамнинг олдида ким бўлибди.

– Кўрдингми? – деб сўради Аъзам Аҳмедович, Ўринбойни бир туртиб. – Мен чақирганда ер остида бўласанми, осмоннинг устида бўласанми, ўн минутдан кеч қолиб келадиган бўлсанг, кўрадиганингни кўраверасан…

– Бу йигит ҳали ёш-да, энди иш бошлаяпти, бир қошиқ қонидан кечинг, илтимос, Аъзам Аҳмедович – Вазиятни тўғри англаб, тушуниб етган Ҳайдар Қўзибоев ранги оппоқ оқариб, тили калимага келмай турган Ўринбойнинг ёнига аста чўлоқланиб борди. – Биз бу йигитни, албатта, тарбиялаб оламиз…

– Тарбияланг, тарбияланг, – деди захархандалик билан Аъзам Аҳмедович. – Гапга кирмайдиганлар хилидан бўлса, жойини панжара ортидан топиб бераман… – Аъзам Аҳмедович шундай деб, креслосига бориб ястаниб ўтираркан, ҳалигинда қайси мавзуда гаплашаётгандик, дегандек аввал милиция бошлиғи Ҳикмат Қудратовга, сўнг ҳамон қаққайиб турган Ҳайдар Қўзибоевга қаради ва ҳали ҳам қўрққанидан дир-дир титраётган Ўринбойга: – Сенга рухсат. Бор ишингни қил, – деди, дўқ аралаш. Ўринбой чиқиб кетгач, гапини яна салмоқлаб давом этди: – Ҳа, айтгандек, Тошкандан Ҳайрат Ҳамдамович ташриф буюрмоқда. У кишини кутиб олишимиз лозим…

– И-я, шундоқми, қутлуғ бўлсин, Аъзам Аҳмедович, мана биз хизматда бўламиз, – дея Ҳайдар Қўзибоев илжайиб, прокурор рухсат бермаган бўлса ҳам, стуллардан бирига бориб ўтирди-да, қўлидаги ҳассассини стулнинг суянчиғига тиради. – Хўш, Аъзам Аҳмедович, сиз ортиқча ташвиш чекмасангиз ҳам бўлади. Ҳалиги, бозорнинг бошлиғи – ёш укамиз, бугун-эрта қилиб энг сара мевалардан, бозорнинг энг олд маҳсулотларидан тахт қилиб қўяди. Қолганини мен ўз зиммамга оламан. Милция бошлиғи укамиз тинчликни сақлаб турса, шаҳарда ортиқча, майда-чуйда тўполонларни бостириб, шаҳарни тинч-осйишта ушлаб туришга Бобурхон масъул бўлса, қарабсизки, Ҳайрат Ҳамдамовични кўнгилдагидек кутиб олиб, қоғозга ўралган қантдек қилиб, яна Тошканга кузатиб юборамиз-да, а, нима дедингизлар?

Айни ўша маҳал эшик очилиб, ингичка, ўрта бўйли Бобурхон хонага шитоб билан кириб келди ва тик турган шаҳар милицияси бошлиғи Ҳикмат Қудратову савдогарлар отаси Ҳайдар Қўзибоевларга бирров қараб ҳам қўймай, тўппа-тўғри прокурор Аъзам Аҳмедович билан қўллашиб сўрашди. Прокурор аранг ўрнидан қўзғалиб қўйди. Табиийки, Бобурхонни бу менсимай қилган юриш-туришидан Ҳикмат Қудратовнинг жаҳли чиқди, бироқ билдирмай узиб олишга ҳаракат қилиб, қитмирлик билан гап бошлади:

– Бозорга Ғани мелиса деган, қўшни тумандан келган, Бобурхонни шерикларига қўшиб урган одам бор-ку, ўша участковой бўлиб келган. Шунга… – деб шаҳар милицияси бошлиғи Ҳикмат Қудратов ҳали гапини якунламаган ҳам эдики, Бобурхоннинг кўзлари ола-кула бўлиб, гапни шартта бўлди:

– Нималар деяпсиз ўзингиздан-ўзингиз валдираб, мелиса бошлиғиман деб оғзингизга келганини гапираверасизми? – деб бирдан ўдағайлай бошлади Бобурхон.

– Ҳей, мен нима дебман? – деди Ҳикмат Қудратов. – Оқни оқ, қорани қора дейдилар-да!..

– Ҳали сиз оқни-оқ, қорани-қора деб юрибсизми? Катта шаҳарга донғи кетган жиноятни очолмай ўтирибсиз-у!..

– Ҳай-ҳай, ўзларингни босинглар, укахонлар, биз нима масалани гаплашяпмиз-у, сизлар қаерларда ўтлаб юрибсизлар… – деб Ҳайдар Қўзибоев ўртага тушди. – Аъзам Аҳмедовични ҳузурида бундақанги маза-бемаза гапларни гапиравериш ярамайди. Асли сиз Ҳикмат Қудратович Бобурхон укамиз билан сира келишмадингизкелишмадингиз-да. Қачон қарасак, бир чўқишиб олмасанглар, кўнгилларинг жойига тушмайди, шекилли…

– Ҳайдар ака тўғри гапни айтяпти. Икковингга ақл кирмади-кирмади, ҳозир қандайдир Ғани мелисани ўртага тиқиштиришни мавридими? – деди Аъзам Аҳмедович аччиқланиб. – Гапни бўладиганини қилиб, ишни пишитиш йўлини қилайлик. Кўриб турибсизлар, юрт нотинч, раҳбарлар ўзини қаёққа уришни билмай турибди. Мана, куни кеча шаҳар марказидаги каттакон кинотеатрнинг томига ўзини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг вакилиман деб, учраганга валақлаб юрган Ҳуснигул Ҳасанова, яна қандайдир партия тузганлигини рўкач қилаётган ахмоқлар, қўлларида микрофон билан чиқиб олиб, юзлаб одамни тўплаб, роса маъруза қилишди. Натижа нима бўлди? Бизни обрўйимизга путур етди. Кечадан буён область раҳбарларидан тортиб, республикадаги катта-кичик раҳбарларгача нима бўлди, изоҳ берасан, деб сўраб ётибди… Қолмишига мана бу даҳшатли жиноят. Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган қонли иш бўлди. Ана, куёвнинг отаси Эргаш таксичи кечадан бери прокуратура биносининг эшиги тагидан кетмай, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олган, қотилни топиб берасан, деб… – Шундай гапларни гапирган кўйи Аъзам Аҳмедович оҳиста ўрнидан турди. – Индинга Ҳайрат Ҳамдамович келсин-чи, Тошкентдаги вазиятни ҳам биламиз-қўямиз. Эшитишимча, Наманганда Бўта билан Талаб Президентни бир кунда икки бор Наманганга келишга мажбур қилиб, обкомдаги тўс-тўполонда қўлидаги микрофонни тортиб олганмиш…

Прокурор шундай гапларни салмоқлаб гапираркан, ҳамон ғижинган кўйи, гўлайганча турган ўрта бўйли, ингичка Бобурхон томон юрди ва унинг афт-башарасига синчиклаб қаради.

Бобурхон елка қисди ва:

– Мен ҳам шундай деб эшитдим… – деб жавобни қисқагина қилиб қўя қолди.

Негадир, оҳиста қадам босиб келаётган Аъзам Аҳмедович Бобурхоннинг бу жавобини эшитибоқ, кутилмаганда терс бурилди.

– Гап шу, индинга кечқурун ўнлар чамасида Ҳайрат Ҳамдамович етиб келади. Мени ўзим у кишини Қўқонда кутиб олиб, бирга олиб келаман. Унгача оқсоқол Ҳайдар Қўзибоев бошчилигида сизлар бизникида барча нарсани тахт қилиб турасизлар. Биласизлар, Ҳайрат Ҳамдамович бизникига етиб келгунича шаҳар марказини босиб ўтади. Шаҳар типпа-тинч бўлиши шарт.

– Тушундим, – дея ғўдайиб жавоб қилди Ҳикмат Қудратов, Бобурхонга бирров кўз қирини ташлаб.

Бобурхон, шаҳар милиция бошлиғи прокурорнинг олдида худди бирон айб иш қилиб қўйган боладек туришини кўриб, баттар аччиқланди. Аниқроғи, Бобурхонга Ғани мелисани эслатгани жуда алам қилаётганди. Калтафаҳмнинг гапини қаранг: «Бобурхонни шериклари билан урган одам бор-ку!» эмиш. Ғани мелиса шаҳарнинг марказий деҳқон бозорига участковой этиб тайинланибди, деган хабарни эшитганидаёқ, бу милиция Ҳикмат Қудратовнинг иши, деган хулосага келган ди. Ҳикмат Қудратов анча вақтдан буён шундақанги қитмир ишлари билан Бобурхоннинг қитиқ парига тегиб юрибди. Буни жавобини Бўта билан Талабни одамлари пинҳона келиб, шаҳарда шов-шувли, қонли жиноят қилиш керак, деган топшириқни берганидаёқ, атайин милиция бўлими бошлиғи бўйнини эгиб қўйиш, иложи бўлса, шу иш билан кавушини ҳам тўғрилаб юбориш мақсадида, қамоқдан яқинда чиққанларни атайин ёллаб, жиноятни амалга ошириб қўйди. Қани, энди бу қонли мудҳиш жиноий ишни Бобурхон қилди ё уни одамлари амалга оширган, деб кўрсин-чи? Йўқ, ғиқ этолмайди. Аммо билади, сезиб турибди. Яхшики, прокурор Аъзам Аҳмедович Бобурхон тарафида…

Бобурхон шуларни ўйларкан, сўнгги вақтларда замонанинг зайли билан кимсан – шаҳарнинг донғи чиққан прокурори Аъзам Аҳмедовичнинг яқин кишисига айланиб улгурганди. Аслида ўзидан доим қўрқиб юрадиган, табиатан қўрқоқ Аъзам Аҳмедович худдики сувда турган икки қайиқнинг икки бошини ҳам тутиб тургандек бир аҳволда эди. Мабодо бирини қўйиб юборса, тамоман сузишни билмай чўкиб кетадиган кимсадек, шундай иш тутишга мажбур бўлаётганди. Бугун кечаги кун эмас, эртага нима бўлади – ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди. Қолаверса, Аъзам Аҳмедовичнинг ҳам бола-чақаси бор, ўнлаб йил прокурор бўлиб ишлаб йиққан-терган бойлиги бор. Уларни асраб-авайлаши зарур. Шу сабабданми, ушоққина, бундан бир йил олдин ҳам шаҳарда ҳеч ким танимайдиган мана шу Бобурхонни рэкетчига айлантириб қўйди. Буям бир ўзига хос иш бўлди. Нима дейсан – шаҳарнинг ўз рэкетчиси бор. Наманган ё Андижонда бош кўтариб, ўз ҳудудини тўстўполонини чиқариб юрган бошқа рэкетчи зўравонлар Марғилонга бош суқолмайди. Бош суқса ҳам, Бобурхонни босиб ўтолмайди. Бобурхоннинг паноҳгоҳи эса прокурор Аъзам Аҳмедович!

Кенг-мўл, салқингина кабинетда турганлар орасида яккаш Бобурхон билан прокурор Аъзам Аҳмедовичларни кўнгилларидан шунақа фикрлар ўтаётганди.

Аъзам Аҳмедович бир имо қилса борми, Бобурхон дегани ҳеч ким бўлолмай қолади. Қамайди-қўяди.

Аммо, ҳозирги вазият буни талаб этмаяпти.

Аъзам Аҳмедович неча йиллардирки, Тошкент, Москвадагилар билан алоқа қилиб, уларнинг кўнглини овлаб, ҳалигача гоҳ у район, гоҳ бу шаҳарда прокурор бўлиб ўтирибди. Аммо бугун вазият тамоман бошқача. Юрт мустақил бўлган. Халқ ўз Президентини сайлаб олган. Буёғи қандоқ бўлади, ёлғиз Яратганга аён.

* * *

Шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедович ўзини пайтавасига қурт тушган одамдек ҳис эта бошлади. Тошкентдан бугун келадиган Ҳайрат Ҳамдамович нима гап топиб келаркин? Ишқилиб, бари ишлар ўзларининг фойдасига бўлсин-да! Аъзам Аҳмедовичнинг назарида, халқ гўёки бир пода, қаёққа ҳайдасанг, ўшаёққа юради. Лекин кейинги вақтларда халқ орасидан «доно, сўзамол»лар ҳам чиқиб қолдики, ўтган йиллар давомида мум тишлаб юрганлар гапдон бўлиб қолишди. Қарангки, Намангандаги тўполонда президентнинг қўлидан микрофонни Талаб дегани олиб қўйганмиш-а?! Бунисига нима дейсиз? Бобурхон яна бир гап топиб келдики, қайсидир араб давлатидан Наманганга “элчи” яширинча келиб, Талаб билан Бўтага ақл ўргатиб турганмиш. Тошкентда эса Зиё Маҳмуд деган шоир чиқиб, Ёзувчилар уюшмасини иккига бўлиб, партиясини ҳам тузиб олганмиш… Нима воқеалар содир бўляпти, охири нима билан тугайди? Мана шу саволларга Аъзам Аҳмедович бирон жўяли жавоб тополмай қийналяпти-да!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации