Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Шундай ўй-фикрлар гирдобига тушиб қолган прокурор Аъзам Аҳмедович мана икки кундирки, Тошкентдан Ҳайрат Ҳамдамовичнинг ташриф буюришини эшитганидан буён ҳаловатини йўқотган, кечалари яхши ухлолмайди, кундузи эса худди эсари одамдек хаёлчан юради. Ишга ҳам бориб келяпти-ю, хаёллари чалкаш.
Ҳикмат Қудратов бугун эрталаб атайин деҳқон бозорининг янги участковойи Ғани мелисани ҳузурига чақиртирди. Бу иши билан у манмансираб кетган Бобурхонни яна бир бор қитиқ патига тегиб қўйишни мақсад қилиб қўйганди. Ахир, шаҳар милициясининг бошлиғи бўлса-ю, биттаю битта рэкетчига ғиқ деб оғиз очолмаса. Вазиятни-ку кўриб-билиб турибди. Ҳатто, вилоятдаги бошлиғи, генерал Абдуллаевнинг ҳам нафаси ичига тушиб кетган, вилоятда қутураётган рэкетчи, ўғри, муттаҳамлар олдида бирон иш қўлидан келмай, мулзам бўлиб ўтирибди. Генералнинг олдида Ҳикмат Қудратов ким бўлибди?
Аммо, шундай бўлса-да, Бобурхон сингариларни ўзгача усуллар билан ҳовурини босиб қўйиш қўлидан келади. У кабинетида эди, шуларни ўйлаб, мийиғида кулимсиради. Ғани мелисани чақиртирганига ярим соат чамаси бўлди. Бунгача биринчи ўринбосари, яна талайгина ходимлари қабулхонасига келишиб, киришга изн сўрашди. Бироқ қабулхонадаги йигитга қаттиқ тайинлаб қўйганди: “Энг аввал Ғани мелиса келади, ўшани қабул қилиб бўл ганимдан сўнг, бошқаларни киритасан. Пири Маҳмуди бўлсаям Ғани мелисадан олдин киритмайсан!”
Дарҳақиқат, миш-мишлар орқали қўшни тумандаги қоровуллар бўлимида ишловчи Ғани мелиса дегани шаҳар марказидаги Оталар чойхонасида куппа-кундуз куни Бобурхонга қўшиб уч йигитни ҳам роса дўппослаб кетибди, деган хабарни эшитгач, атайин одам қўйиб, бу воқеага аниқлик киритгани рост. Ўшандан кейин Ғани мелиса деганини бирон кун фойдаси тегиб қолишини ўйлаб, уни вилоят бошқармаси кадрлар бўлимидаги яқинлари орқали шаҳарга ўтказдириб, тўғридан-тўғри шаҳар марказидаги Деҳқон бозорига нозир этиб тайинлади. Биладики, Бобурхон ва унинг одамлари асосан шаҳар бозорига танда қўйишган. Ғани мелисага Бобурхоннинг йигитлари тугул, унинг ўзини ҳам бозорда олифтагарчилик қилиб юришларига йўл қўймайсан, деб тайинлаган. Милиция ходимлари ичида ҳам мард, қўрқмас, бошқача айтганда, эркаги ҳам бор экан-у, деб ўйлаган Ғани мелиса бу ишни жон деб қабул қилиб олди ва худди айтилганидек хизмат қила бошлади.
Бугун эса Бобурхон билан Ғани мелисани прокурор Аъзам Аҳмедовичнинг уйида биргаликда бир кўриши бор. Атайин Ғани мелисани ўша ерда олиб қолади. Бобурхоннинг тепа сочлари бир тикка бўлсин!
Ҳикмат Қудратов шуларни ўйлаб, кўз олдида тасаввур қиларкан, кутилмаганда, телефон қаттиқ жиринглаб қолди. Гўшакдан ёрдамчи йигитнинг: “Участковой Ғани мелиса келди!” деган гапини эшитибоқ: “Келган бўлса, кирсин-да, тез бўл!” деб буюрди.
Ҳикмат Қудратов юмшоқ креслосидан икки кафтини бир-бирига ишқаб, илжайган кўйи ўрнидан турди.
Эшик очилиб, ўрта бўй, ориққина, аммо ёши анча катта Ғани мелиса кўринди.
– Мумкинми, ўртоқ бошлиқ, Буйруғингизга биноан… – деб, Ғани ғоз қотгандики, Ҳикмат Қудратов қучоқ очиб, Ғани мелиса томон юрди:
– Бундақа расмиятчиликни нима кераги бор, ака, қўйсангиз-чи… – дея Ғани мелисани қучоқлади.
Ғани мелиса ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлиб, иш юзасидан бирон хатоликка йўл қўйиб қўйдиммикан, деган ҳадикда кириб келгани сабабли, бошлиқнинг бунақа муомаласини кўриб, жилмайди.
Тўғри, подполковник Ҳикмат Қудратовнинг қўл остида ишлашга ўтганида, ўз туманидаги милиция бошлиғи бирам хурсанд бўлгандики, ҳатто, ундан қутилганига шукр қилиб, чойхонада ош қилиб нишонлаганини ҳам эшитгани бор. Лекин, Ҳикмат Қудратов нега ҳар гал Ғани мелицияни ўта хурсандчилик билан қабул қилади ва доимо расмиятчиликдан холи вазиятда суҳбатлашиб ўтиришни яхши кўради? Бунинг сабаби не?..
Ғани ўзи бир қишлоқ одами бўлса, қачонлардир у оддий милиционер бўлиб ишга кирганида, Ҳикмат Қудратов ҳали туғилмаган, туғилган бўлса ҳам қизил этик кийиб юрган бўлса, эҳтимол.
– Ўтиринг, ака, – деди хурсандчилигини ошкора намойиш этаётган Ҳикмат Қудратов. – Мана буёққа ўтиринг, яхшилаб… Бугун сиз билан бир суҳбатлашиб, оз-моз отамлашмоқчиман…
Ғани мелиса аллатовур ўнғайсизланиб:
– Қўйсангиз-чи, ўртоқ бошлиқ, – дея ўрнидан тураётганди, Ҳикмат Қудратов уни ўнг елкасидан аста босиб қўйди.
– Сизга ўта муҳим гап бор. Аниқроғи, топшириқ! – деди Ҳикмат Қудратов, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини лаблари устига босиб. – Шунинг учун сизни чақиртирдим. Бу шаҳардаги жамики милиция ходимлари ичида, ҳатто, ўринбосарларим орасида ҳам сиздақанги садоқатли, тўғри сўз, қўрқмас, қатъиятлиси йўқ!
Бу гапни эшитиб, Ғани мелициянинг оғзи хиёл очилди. Бу бошлиқ тушмагур нималар деяпти? Ё туш кўряптими?.. Ғани мелиция креслосига қайтиб ястаниб ўтириб олган бошлиққа билдирмайгина, ўнг билаги пастини қаттиқ чимчилаб қўйди. Оғриди!
– Ғанижон ака, сизни кўрсам, худди туғишган акамни кўргандек жуда хурсанд бўлиб кетаман. Афсуски, бирон институтда ўқиб, диплом олмагансиз. Шунинг учун ҳам ҳалигача старшина бўлиб юрибсиз. Агарда олий маълумотли дипломингиз бўлгандами, шартта офицерликка ўтказдириб, аллақачон сизни ўзимга биринчи ўринбосар қилиб олардим!
– Қўйсангиз-чи… Биз бир қишлоқ одами… – деб ўнг қўлини кўксига босди Ғани мелиция, хижолатликдан юзлари қизариб.
– Камтарлик қилманг, ака, мен сизга гапнинг ўғил боласини айтяпман! – дея қийқириб кулди Ҳикмат Қудратов ва ўзига кулгуси ёқдими, шартта ўрнидан туриб, илдам бориб, Ғани мелисани яна шартта қучоқлаб ўрнидан турғазди. – Бугун кечқурун Тошкентдан Ҳайрат Ҳамдамович деган жуда бообрў, катта одам келади. Сиз менга ўша одамнинг хавфсизлигини сақлаш, кутиб олиб, чиройли қилиб кузатишда яқиндан ёрдам берасиз. Менинг ёнимда турасиз…
Ғани мелиса ҳақиқатдан ҳам мен туш кўряпман чоғи, деб ўйлаётган эса-да, туш кўрмаётганди. У терга ботди. Ундан ачимтир тер ҳиди анқиётганини димоғига урилганида билган Ҳикмат Қудратов муомалани анчайин ошириб юборганини сезди. Бироқ, Бобурхоннинг прокурор Аъзам Аҳмедовичнинг уйида Ғани мелисани кўрганида ғижинишини тасаввур этар экан, бу иши ҳўкиз табиат Бобурхоннинг шохига урган билан баб-баробар бўлишини ўйлаб, ичидан завқланди ва бориб ўрнига ўтирди.
– Ғанижон ака, ҳозир сизга айтаётган топшириғим ўта муҳим, ҳаттоки, давлат сири даражасида, десам ҳам адашмайман. Шаҳар прокурори Аъзам Аҳмедовични эшитгансиз, ўша кишини уйида зиёфат бўлади. Сиз, мен, яна бир-икки яқин одамлар… Сизни ишингиз ҳозироқ иш жойингизга бориб, энг сара мевалар, ширинлик, нонлар, гўшт, писта, бодом, хуллассики, дастурхон учун нималар зарур бўлса, ҳаммасини муҳайё қилиш. Мен бир соат ичида сиз бозордан олишингиз керак бўладиган нарсалар рўйхатини етказдираман: шопирим рўйхат битилган конвертни қўлингизга тутқазади. Ўшандан кейин қаттиқ ишга киришасиз. Ишончли жойга ҳаммасини тахт қилиб қўясиз. Кечки пайт яна шопирим бориб, сизни ҳам олиб, прокурорнинг уйига элтади. Эшикни олдида мен сизни ўзим кутиб оламан… Энди, орқа хонага ўтайлик, холодилнигимда биттагина сизга атаб олиб қўйган “Белий аист” конъягим бор, эллик-эллик қилиб оламиз, яхши ишлар шарафига.
– Қандай бўларкин?.. – Ўтирган кўйи ўнғайсизланди Ғани мелиса.
– Қантдек бўлади, ака! – деди Ҳикмат Қудратов даст ўрнидан тураётиб.
… Ғани мелиса подполковник Ҳикмат Қудратовнинг кабинетидан оғзидан оз-моз конъяк ҳиди анқиган кўйи, бугунги ўта муҳим топшириқ таъсиридан сархуш ҳолда чиқди ва қабулхонада бир соатдан буён бошлиқнинг қабулини кутаётган икки ўринбосар, яна уч-тўрт милиция ходимларига қайрилиб ҳам боқмай, илгакка илиб қўйган қизил шапкасини бошига қўндириб, ғоз юриб чиқиб кетди. Қабулхонадагилар эса Ғани мелисанинг бу қилиғидан тамомила ҳайратда қотиб қолавердилар…
Қуёш аллақачон ботиб, фақат кундузнинг хира ёғдуси сақланиб қолган, ҳали атрофда кундузги ёруғликнинг таъсири борлигиданми, тун ҳам пардасини тамоман атрофга ёполмаётган бир палла эди. Бундай паллани халқ шом деб атайди.
Эшик ёнида ғўдайганнамо тик турган Ғани мелиса, бошлиқ Ҳикмат Қудратовнинг топшириғи бўйича, ўзини кўчадагиларга кўз-кўз қилмаслиги, аммо ногоҳонда келиб қоладиганларга дарҳол пешвоз чиқиши ва келган бировнинг кимлигини, келиши сабабини сўраши, сўнг Ҳикмат Қудратовдан рухсат олиб, ичкарига киритиши керак эди.
Ҳикмат Қудратов эса узоқда эмас эди. Атайин Ғани мелиса турган жойдан сал берида ул-булни баҳона қилиб, Бобурхонни, сўнг шаҳардаги савдогарларнинг отаси деб танилган Ҳайдар Қўзибоевларга ўзининг аслида ким эканлиги, неларга қодирлигини эслатиб қўйиш эди.
Милиция бошлиғи кутганидек, кечлатиб Ҳайдар Қўзибоев одатдагидек ўзининг хизмат машинаси – “Жигули”да етиб келди. У бир қўлида ҳасса, чўлоқланиб тушиб, эшик томон юргандики, рўпарасида осмондан тушгандек Ғани мелиса пайдо бўлди ва:
– Қаёққа? Кимсиз? – деб сўради такаллуфсиз оҳангда.
Ҳайдар Қўзибоев, одатича, ўнг тарафига бир қараб, ерга туфлади-да:
– Ўзинг кимсан? Нега йўлимни тўсяпсан? Мени танимайсанми? – деди ва бўш қўли билан Ғани мелисани четга суриб, олдинга юрмоқчи бўлди. Бироқ, Ғани мелиса йўл бермади. Ҳайдар Қўзибоевни ниҳоятда аччиғи чиқди. У шаҳар савдогарларига бош бўлиб, сочига оқ оралаб, ҳурмат билан “ота” деган номни олибдики, шу кунгача унинг йўлини бирон зот тўсмаган ва шаштини қайтаролмаган. Бу не ҳол? “Ким бу одам?” деяётган каби атрофга аланглаётгандики, атайин нақшинкор дарвоза ортида бу вазиятга гувоҳ бўлаётган Ҳикмат Қудратов ўзини кўрсатиб қолди.
– Ҳикматжон, ука, бу нима қилиқ? – дея астойдил хафа бўла бошлади Ҳайдар Қўзибоев.
– Ғанижон ака, отани ўтказворинг, – деди кулгуси қистаб Ҳикмат Қудратов, кафти билан оғзини тўсаркан. Ғани мелиса буйруққа бўйсуниб, бир қадам четланди.
– Бу киши шаҳримиздаги жамики савдогарларнинг отахони. Ўзимиздан. Аъзам Аҳмедовичнинг энг яқин кишиси. Хўжайиннинг биронта ҳам маросими бу кишисиз ўтмайди… – деб, Ҳайдар Қўзибоевни қўлтиқлаб олди ва ичкарига бошлади.
– Эшикни тагига мелиса қўйиб, асли яхши иш қилибсиз, иним. Фақат биздайин одамларни танимагани чатоқ бўлди, – деди Ҳайдар Қўзибоев, мақтовлардан ҳузурланиб, хи-хилаб кулган кўйи, милиция бошлиғи қўлтиғида чўлоқланиб бораётиб.
Ичкари ҳовли этагида икки киши уймалашаётганди. Ҳайдар Қўзибоев ҳушёр тортди ва узоқдаги икки кишига қараб, деди:
– Мен юборган Ҳасан ошпаз келдими, ёрдамчиси билан?
– Келди, ота. Ўзиям, шогирдиям шу ерда. Аллақачон қозонга ёғни солиб, пиширди-куйдирдини бошлаб юборишган, – деб жавоб берди Ҳикмат Қудратов.
Мен қаерга ўтираман? дегандек атрофга аланглаётган Ҳайдар Қўзибоевни ишком остига стул қўйиб, ўтиргизишни аллақачон ўйлаб қўйган Ҳикмат Қудратов чаққонлик билан бориб, анча наридаги стулни олиб келиб, тақ этказиб қўйди. Ҳайдар Қўзибоев одатича, ичкарида ноз-неъматларга тўла стол атрофида ўтиришга чоғланган, бироқ, шаҳар прокурорининг ҳовлисида тургани боис, ўнг-чўлоқ оёғини авайлаб, чап қўлидаги ҳассага таяниб, ҳамон тик кутиб турганди.
– Иним, ичкарига қачон кирилади? – деб сўради у, стулга ўтиргиси келмасдан.
– Меҳмон келганидан сўнг, агар рухсат беришса. Сизу бизнинг ишимиз уларни чиройли кутиб олиш ва мазмунли хизмат кўрсатиш, – дея илжайди Ҳикмат Қудратов.
– Ҳа-ҳа, жуда тўғри айтасиз. Аммо дастурхон қандоқ тузалганини ўз кўзим билан кўриб қўйсам, ёмон бўлмасди. Ҳар тугул, Тошкентдан кимсан – Ҳайрат Ҳамдамович келяпти, – деди Ҳайдар Қўзибоев.
– Майлингиз. – Елка қисди Ҳикмат Қудратов.
Меҳмонхонага кенг-мўл хонтахта қўйилиб, унинг устига дастурхон тузалганини кўрган Ҳайдар Қўзибоевнинг нақд капалаги учиб кетаёзди. Ранги қув оқариб, Ҳикмат Қудратовга ялт этиб қаради-да.
– Бу нима қилиқ? Аъзам Аҳмедовичнинг топшириғими бу? – деб сўради.
– Нима бўлди? – Атайин саволга савол билан жавоб берди Ҳикмат Қудратов.
– Шундай бообрў, катта амалдор одамни ҳам хонтахта атрофига ўтирғизамизми? Уят бўлмайдими, Ҳикматжон? – Оёғи остидаги эроний гилам устига, одатича, Ҳайдар Қўзибоев аччиқланиб тупурди.
– Хўш, нима қилишим керак эди?
– Мен билан маслаҳатлашиш керак эди. – Овозини бироз баландлади Ҳайдар Қўзибоев. – Ахир, у киши Тошкентда, президентнинг ёнида юрган одам. Келибкелиб, шу хонтахта атрофида ўтирадими? Мутлақо!..
Бу гапни эшитиб, Ҳикмат Қудратов хиёл кулимсиди.
Ҳайдар Қўзибоевнинг баттар жаҳли кўзи ва юзлари қипқизариб, атрофига аланглаб, бундай бедодлик учун кимдан ёрдам сўрашини билолмаёган одам ҳолатига тушиб қолди.
Доимо ўзини доно санайдиган, ҳаммани ўзининг оғзига қаратиб, гапини маъқуллатишни хуш кўрадиган чолни ҳам мот қиладиган мавриди етиб келганини Ҳикмат Қудратов ич-ичидан сезди-ю, ўнг қўлини мушт қилиб, оғзига яқин элтиб, аста йўталгач, гап бошлади:
– Ота, сиз ўзбекнинг машҳур ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” китобини ўқиганмисиз? – деб мулойимлик билан сўради. Китобнинг бу хонадаги хонтахтага нима алоқаси бор, дегандек ҳам аччиқланиш, ҳам ажабланиш билан Ҳикмат Қудратовнинг кўзлари-да тикилди Ҳайдар Қўзибоев ва:
– Киносини кўрганман – деб жавоб берди, бироз қўрслик билан.
– Ана шу сизнинг энг катта айбингиз, – дея илжайди Ҳикмат Қудратов. – Ахир, Абдулла Қодирийни ”Ўткан кунлар”ини ўқимаслик катта гуноҳ, биз – ўзбеклар учун!
– Ўша китобни ўқимаганим тўғри, аммо китобни хонтахтага нима алоқаси бор? – деб салкам бақириб берди Ҳайдар Қўзибоев.
– Ўзингизни босинг, отагинам, – деб янаям илжайди Ҳикмат Қудратов ва отахоннинг елкасига кафти билан енгилгина уриб қўйди.
Гап шунда эдики, бу вазиятда шаҳардаги савдогарлар отаси Ҳайдар Қўзибоев худди ҳозир прокурор Аъзам Аҳмедович бошчилигида тошкентлик Ҳайрат Ҳамдамович кириб келади-ю, доимо бежирим столлар атрофида ўтиришга ўрганган меҳмон, хонадаги хонтахтани кўриб, “Бу қандай майнавозчилик!” деб аччиқланганидан шартта тепиб юборади, ҳеч бўлмаганда, прокурор Аъзам Аҳмедович шундай қилади, деб ўйлаб, ниҳоятда хавотирланаётган эди. Ҳикмат Қудратов эса қаёқдаги “Ўткан кунлар”ми-ей, ёзувчи Абдулла Қодирийнимией, гапириб, мижғовланиб турса-я! Неча маротаба Ҳайдар Қўзибоев прокурор Аъзам Аҳмедовичнинг уйидаги ўтиришу базму жамшидларга бош бўлиб, барча харажатларни шаҳар савдогарлари ҳисобидан қилиб юрган бўлса, ҳар сафар у ёки бу хонадаги кўркам, бежирим, энг қимматбаҳо стол-стуллар қўйилган хоналарда ўтиришган. Жилла қурса, юмшоқ диван, креслоларда ўтиришиб маишат қилишган. Бунақасини эса энди кўриши. “Хонтахта – эскилик сарқити, айниқса, шундай замонда!” деб ўйлади Ҳайдар Қўзибоев.
Вазият ўта нозик ва қалтис эди, Ҳайдар Қўзибоевнинг назарида. Айни дақиқалардан бошлаб, бу ўқимаган, катта давра кўрмаган галварс деб ҳисобланаётган милиция бошлиғи Ҳикмат Қудратовга бу хаёлларини қандай тушунтирарини билолмаётган эди у.
– Иним, – дея ўзини босиб, ўта аниқлик билан гапиришни мақсад қилиб, сўзлай бошлади отахон – бу ишингиз сира ярамайди. Яна менга қаердаги ёзувчинимией, китобними-ей гапиряпсиз. Ҳозир гап ёзувчи ё китоб ҳақида эмас, ҳурматли прокуроримиз Аъзам Аҳмедович ва сиз билан менинг меҳмонимиз, гапнинг пўсткалласи, барчамизнинг тақдиримизни ҳал қилиб қўядиган Ҳайрат Ҳамдамовични кўнгилдагидек меҳмон қилиш тўғрисида боряпти. Ақлингизни ишлатинг, укажон…
– Менам шуни айтяпман-да, отахон! – деди Ҳикмат Қудратов. Унинг бу гапидан кейин Ҳайдар Қўзибоев, милиция бошлиғи ҳақиқатдан ҳам жинни бўлиб қолибди, деган аниқ тўхтамга келди ва адашяпманми-ё, дегандек, юз-кўзларига янаям тикилиброқ қаради. Ҳикмат Қудратов эса, негадир, ҳамон илжаймоқда эди. “Бу бола ҳақиқатдан ҳам жинни бўлган”, деб ўйлади Ҳайдар Қўзибоев. Ўзини ким деб ўйлаяпти? Ё Ҳайрат Ҳамдамовичнинг кимлигини яхши билмайди… Қолмишига, эшик тагига қандайдир мелисани қўйиб қўйганига ўласанми. Нима бўлса ҳам, Аъзам Аҳмедович билан Ҳайрат Ҳамдамович келиб қолмасидан вазиятни ўнглаб, хонтахта ўрнига қулинг ўргилсин стол, стулларни қўйиб, қайтадан дастурхонни тузаш керак…
– Ота, сиз билан биз Марғилон шаҳрида яшаймиз, тўғрими? Марғилон азалдан қадим миллий удумларимизни ўзида акс эттирган шаҳар. Қадимдан бу шаҳарга келган меҳмон ҳам марғилонча лутф билан кутиб олинган…
Ҳикмат Қудратов гапиряпти-ю, Ҳайдар Қўзибоевнинг калласида яккаш бир фикр тинмай айланарди: “Бу бола жинни бўлиб қолган. Мана энди марғилонча лутф ҳақида гапириб турибди…”
– Қўйсангиз-чи, ука! – дея қаттиқроқ жеркиб юборди Ҳайдар Қўзибоев. – Менинг бошимни айлантирманг. Раҳбар одамлар стол атрофидаги стулларда ўтириши, стол ўшаларни дидига қараб безатилиши керак, тамом-вассалом.
– Сиз миллийликни тушунмайдиган одам экансиз! – Ҳикмат Қудратовнинг ҳам ростакамига жаҳли чиқиб кетди. – Мен сизга нима деяпман. Ахир, Ҳайрат Ҳамдамович ҳам, Аъзам Аҳмедович ҳам стол-стулларда ўтиравериб, роса медасига теккан одамлар. Уларга қулайлик яратай, ўтириш шоҳона бўлсин, деб атай катта хонтахта топтирдим. Стол-стулларни бу хонадан чиқартириб, атрофига юмшоқ тўшакларни солдириб, ёнбошларига лўла болишларни қўйдирдим. Энди бир кўз олдингизга келтиринг, меҳмон икки оёғини чўзиб, ёнбошлаган кўйи сархуш ўтирса, қандай яхши. Стулда ўтириш билан бир солиштириб кўринг бу ҳолатни. Хўш, сизга хонтахта атрофида оёқларингизни узатиб, биқинингизга лўла болишдан иккитасига ёнбошлаш ёқадими ё стулда белингиз майишиб, ўзингизни қаёққа қўйишни билмай ўтириш маъқулми – айтинг? – Ҳикмат Қудратов шу гапларни айтиб, ҳамон саволига жавоб кутганча, ҳассасига таяниб турган отахонга қаттиқ тикилиб қолди.
Ҳайдар Қўзибоевнинг бирдан фикри ўзгарди. Дарҳақиқат, ўзи ҳам уйида хонтахта атрофида ёнбошлаб ҳордиқ чиқаради. Гарчанд, қўшни хоналарида қўша-қўша столстуллари бўлса-да. Ҳеч қачон оилавий ўтиришларини стол-стулларда ўтказмаган. Шуларни ўйларкан, ахийри фикри ўзгарди ва бу бола бало экан-ку, деб юборишига сал қолди.
– Валлоҳи олам, гапингизда жон бор, – деди, ниҳоят, енгилганини тан олиб Ҳайдар Қўзибоев. – Бу фикр кимдан чиққан? Сизданми ё…
– Албатта, мендан. Мана, кўрасиз, мени бу ишим Аъзам Аҳмедович тугул, Ҳайрат Ҳамдамовичга ҳам жуда маъқул тушади. Улар бир маза қилиб ҳузурланишсин бугун.
Ҳайдар Қўзибоев ўз-ўзига ҳам ишонмайдиганлар туридан бўлганлиги боис, дарҳол туфлисини пойгакка ечди-да, оёқ учида юриб хонтахта атрофини айлана бошлади. Оёқлари юмшоқ бахмал тўшакларга ботиб-ботиб кетар, энгашиб лўла-болишларни бир-бир олар, улар пар билан ниқланганига ишонч ҳосил қилиб, кайфияти ниҳоятда кўтарилди. Хонтахта устига ташланган оппоқ доканинг бир учини аста кўтариб, ноз-неъматларга кўз югуртирди:
– Барчаси аъло! – деди. Бироқ кўнглининг бир четида ғашлик ҳам йўқ эмасди.
Асли бу фикр, яъниким стол-стуллар ўрнига хонтахтадан фойдаланиш Ғани мелисадан чиққан эди. Оқшомдан анча илгари етиб келган Ҳикмат Қудратов Аъзам Аҳмедович билан кўришар экан: “Мен довонни йўлига Ҳайрат Ҳамдамовични кутиб олгани кетяпман”, деб чиқиб кетганидан сўнг, дарҳол Ҳайдар Қўзибоев томонидан тузиб берилган рўйхат асосида бозордан олинган, аммо Ҳайдар Қўзибоев бериб юборган пулни аллақачон чўнтагига уриб қўйган Ҳикмат Қудратов кенг хонадаги стол-стулларни уёқ-буёққа сура бошлади. Ғани мелиса:
– Келадиган меҳмонлар неча киши ўзи? – деди.
– Аниғи, Ҳайрат Ҳамдамовичнинг ўзи бўлади. Балки, ёнида яна бирон киши бўлар. Хулласки, тўрт кишига жой ҳозирлашимиз керак, – деб жавоб берди Ҳикмат Қудратов.
– Ундай бўлса, бунча стол-стулларнинг нима кераги бор. Унинг ўрнига марғилонча пўрим бир жой қилиш керакки, меҳмонлар яйраб ўтиришсин. – Келинг, яхшиси бир катта хонтахта топайлик-да, мана шу хонага ўрнатайлик. Хонтахта атрофида қадимда фақат хонлар, подшолар ўтиришиб, истироҳат қилишган. Меҳмонлар ҳам ўзларини подшолардек, хонлардек сезишлари учун шундай шароит яратиб берайлик, нима дейсиз, ўртоқ бошлиқ?
– Ғани мелисанинг бундай кутилмаган таклифини эшитиб, бирдан Ҳикмат Қудратовнинг кўнгли ёришиб кетди.
Шу тариқа, прокурорнинг хонадонида тамомила одатдагидан ўзгача дастурхон тузалган эди.
Шаҳар прокурорининг ҳовлисига зимдан назар солган одам, кимлардир шошиб ҳовлига кириб-чиқиб юрганини, қандайдир тайёргарлик кетаётганини кўриши табиий ҳол эди. Бироқ, кўчада у ёқдан-бу ёққа ўтиб бораётган одамларнинг шаҳар прокурори уйидаги зиёфат билан бир пуллик иши йўқ, ҳамма ўз ташвиши билан овораи сарсон кайфиятда эди.
Ниҳоят, анча кечикиб Бобурхон ўтирган машина прокурорнинг ҳовлиси ёнига келиб тўхтади. Атайин эшик ёнига қоровулликка қўйилган Ғани мелисани кўриб, бирдан унинг пешонаси тиришди. Аммо ҳозирча ноилож эди. Ғани мелиса ҳам Бобурхонни таниди, бироқ ўзини парво қилмаётгандай тутди. Ўша кундан буён икковининг энди юзма-юз кўришишлари эди.
Бу Ҳикмат Қудратовнинг иши эканлигига ақли етган Бобурхон автомашинадан мағрур, гавдасини тик тутиб тушаркан, иложи борича Ғани мелисага эътибор бермасликка, мабодо Ғани мелиса томонидан бирон ҳаракат бўлса ҳам жавоб қайтармасликни кўнглига тугиб, эшик томон юрди. Ғани мелиса бу кечага Бобурхон ҳам келиши мумкинлигини олдиндан ўйлаган, кўришиб қолгудек бўлсалар, гап қотмасликка аҳд қилиб қўйганди.
Эшик ёнида ғоз қотган Ғани мелиса гўёки кириб келаётган Бобурхонни кўрмагандек бир нуқтага тикилганча, жим тураверди. Бобурхон ҳам гўёки эшик ёнида Ғани мелиса йўқдек салом-аликсиз, индамай, эшикдан кириб кетаверди.
Фақатки, айни ҳолатни Ҳикмат Қудратовнинг кўрмай қолгани чатоқ бўлди. У ҳануз Ҳайдар Қўзибоев билан дастурхон атрофида айланишаётган эди-да.
– Салом бердик, – деди Бобурхон ичкарига мўраларкан.
Ҳайдар Қўзибоев билан Ҳикмат Қудратов овоз келган томонга ялт этиб қарашди.
– Хуш келибсиз, укахон, – деди Ҳайдар Қўзибоев, Ҳар сўзини дона-дона қилиб. – Бир оз кеч қолдингиз, холос.
– Бизнинг ишни биласиз, отагинам, биз мелисаларни бошлиғига ўхшаб кабинетда ўтирмаймиз, шаҳар кезамиз…
Ҳикмат Қудратов Бобурхоннинг гапга илжайди. Чунки ҳозиргина эшик ёнида қандай ҳолат юз берганини кўз олдига келтирган ва бу ажиб ҳолатнинг гувоҳи бўлмаганига ич-ичидан афсусланаётган эди.
– Укахон, сиз ҳам хонага мундоқ кириб, дастурхоннинг тузалишини, жойнинг ҳозирланишини бир кўринг, баҳо беринг, – деди Ҳайдар Қўзибоев.
– Биздан ақлли одамлар турганда бизга нима бор экан хонада? – Истеҳзо билан гап қотди Бобурхон.
– Бунинг учун катта давраларни кўриш керак. – Кутилмаганда гап билан чимчилади Ҳикмат Қудратов. Шаҳар милицияси бошлиғининг бу гапи Бобурхонни жигар-бағрини тешиб ўтгандек бўлди. Бирдан жаҳлланди-ю, кимнинг уйида турганлиги андишасида, ўзаро даханаки жангнинг мавриди эмаслигини тушуниб, жим қолди. Яна эски одатларича улар ўзаро гап билан жанжаллашишга етиб бораётганларини сезган Ҳайдар Қўзибоев: “Ўзларингни босинглар, укаларим. Ахир, биз бугун ўта нозик меҳмонни кутяпмиз-ку!” дея ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини юқорига ниқтаб қўйди.
Дарҳақиқат, бугун, айниқса, ҳозир ўзаро адоватларни бир четга йиғиштириб қўйиш, тошкентлик нуфузли меҳмон Ҳайрат Ҳамдамовични чиройли кутиб олиш, меҳмондорчиликни энг юқори даражаларда ўтказиб, эртага тонг-саҳар кузатиб қўйишлари биринчи даражали ишлари эди.
– Укагинам, йўлларга одамларингизни қўйганмисиз? – дея сўради Ҳайдар Қўзибоев семиз гавдасига ярашмаган ҳолда, чўлоқланиб туфлисини шошиб кияркан, Ҳикмат Қудратовдан. – Ахир, кимсан – прокурор Аъзам Аҳмедович олиб келяпти Ҳайрат Ҳамдамовични. Йўлда тағин уларни тўсиб-нетиб…
– Қизиқмисиз, отахон, мени ходимларим кўча болалари эмас, икки кўзи, ақли бор ходимлар, шаҳар прокурорининг қора “Волга”сини бир километр наридан танишади. Ҳар бир постдан ўтиши билан бир-бирига айтиб туради. Шаҳарга кириб келишаётганида, бизга хабар етиб келади, – дея маъноли томоқ қириб, йўталиб қўйди Ҳикмат Қудратов.
Бобурхоннинг яна пешонаси тиришиб, ортига қайтди ва ҳовли четида қозонга уннаётган ошпазлар томонга юрди.
– Укахон, шу хонтахтани қўйиб, дастурхон тузаганимиз бироз кўнглимни хижил қилиб турибди-да, – деди яна Ҳайдар Қўзибоев ҳовлига чиқишганида.
Ҳикмат Қудратов тажангланиб:
Ўб-бо-о!.. – деди. – Нима, столга дастурхон тузаганимиз дурустмиди?
– Ишқилиб, нозик меҳмонга ёқсин-да!..
– Ёқади! – деди баралла Ҳикмат Қудратов. – Ҳали айтдим-у, меҳмонлар ўзларини шоҳлардек сезсинлар, бизнинг ишимиз уларга шундай кайфиятни бахш этиш. Ишонаманки, Ҳайрат Ҳамдамович тугул, прокурор жаноби олийларига ҳам жуда маъқул бўлади.
– Ишқилиб, айтганингиз келсин. Аммо прокурорни биласиз…
– Энди бундақанги чайналманг-да, оқсоқол, – деди аччиқланиб Ҳикмат Қудратов. – Ахир, ақл билан иш қилдик. Ёқадиган иш. Бундан ортиғи бўлмайди.
Ҳикмат Қудратовнинг доимо ёнида рацияси бўлар эди. Бирдан рациядан аввал ғижирлаган, сўнг бўғиқ овоз эшитилди. “Биринчи, биринчи, меҳмонлар ўтиб кетди”, деди нотаниш овоз. Бу гапдан дабдуруст Ҳикмат Қудратов ёш боладек шошиб қолди ва эшик томонга юраркан.
– Меҳмонлар келяпти, оқсоқол! – деди ортига ўгирилиб.
Ҳайдар Қўзибоев ҳам ажабтовур шошқалоқлик билан, милиция бошлиғига илдам эргашди.
Нақшинкор, қўқонлик усталар томонидан алоҳида буюртма асосида ёнғоқ ёғочига махсус ишлов бериб тайёрланган дарвоза чироқ нурларида ажиб товланар, Ғани мелиса эса ҳамон ўз жойида тик турганди.
– Сиз, ичкарида бўлиб туринг, меҳмонлар кеп қолди, – деди Ҳикмат Қудратов, Ғани мелисага.
Ғани мелиса тушундим, дегандек шахдам қадамлар билан ичкарига кирди. Аммо ҳали қора “Волга”дан дарак йўқ эди. Кўчадан аҳён-аҳёнда бўлса ҳам машиналар ўтиб турар, одамлар кўпроқ пиёда, асосан велосипедда эдилар. Марғилоннинг бошқа шаҳарлардан бир фарқли жиҳати ҳам шу эдики, марғилонликлар кўпроқ велосипедда юришни хуш кўришади. Айниқса, эрталаб ва кечки пайтлари велосипедда у ёқ-бу ёққа бориш кўпаярди.
Орадан дақиқалар ўтгани сайин, айниқса, Ҳайдар Қўзибоев беҳад бетоқатланаётганди. Гарчанд, Ҳайрат Ҳамдамовични вилоятда раҳбар бўлгнан кезлари кўп марта кўрган, ҳатто, икки бор уйига бориб, хизматини қилган эса-да, ёдидан чиқармаган бўлса керак, деган ўйда эди. Ниҳоят, ўн беш дақиқадан мўлроқ вақт ўтганида, шаҳар кўчасидаги тунги чироқлар остида қора “Волга” янаям қорайиб кўринди. Машина унча тез ҳам, секин ҳам эмас, ўртача тезликда, бир маромда елиб келаётган эди.
Айни дақиқаларда прокурорнинг нақшинкор дарвозасини тўла очиб, автомашинани ичкарига киритиб юбориш керакми ё шундоқ эшик ёнида кутиб олиш керакми? Шу саволга олдиндан жавоб топиб қўймаганига Ҳикмат Қудратов афсусланиб, бирдан нима қиларини билолмай қолди.
Қарангки, Ғани мелиса шундоқ дарвозанинг ортида – ичкари томонда турган экан. Ҳикмат Қудратовнинг бирдан талвасага тушганини сезиб қолдими ё ўзичами, хуллас, кутилмаганда прокурорнинг нақшинкор дарвозасининг икки тавақасини ҳам ланг очди. “Волга” дарвозадан ўтиб, кенг йўлакнинг хув тўрида тўхтади. Ғани мелиса эса Ҳайдар Қўзибоев ва Ҳикмат Қудратовни ҳайратлантириб, нақшинкор дарвозани автомашина кириши билан дарҳол ёпди. Ҳамон кўчада, ёпилган дарвоза ортида қаққайиб қолган Ҳайдар Қўзибоев ва Ҳикмат Қудратовлар илдам ичкарига кириб, автомашина ортидан югургилаб қолишди. Ҳикмат Қудратов бора солиб, ўнг тарафдаги орқа эшикни очди. Ундан бироз кулимсиган кўйи, баланд бўйли, овозини дўриллатиб гапиришга одатланган Ҳайрат Ҳамдамович тушди. Ҳайдар Қўзи боев чўлоқланиб етиб боргунча, бу тарафдаги эшик очилиб, Аъзам Аҳмедович тушди.
Ҳикмат Қудратов Ҳайрат Ҳамдамович билан қўш қўллаб сўрашаркан, унинг кафтлари иссиққина эканлигини сезди. Аксига олиб, ўзининг кафтлари совуқ эди. Сўрашиб бўлгач, рўпарасидаги кимса шаҳар милицияси бошлиғи эканини чамалаб билиб олди шекилли, ҳовлига бир қур назар солиб, гап бошлади:
– Ички ишлар ходими конспирация нима эканини жуда яхши тушунади-да, Аъзам Аҳмедович. Машинани ичкарига олиб, тўғри қилди.
– Жуда тўғри гапни айтдингиз, Ҳайрат Ҳамдамович. Бу киши ҳақиқатдан ҳам шаҳримиз ички ишлар бўлимининг бошлиғи, подполковник Ҳикмат Қудратов бўлади, – дея тошкентлик меҳмоннинг гапини тасдиқлаб, Аъзам Аҳмедович машинани айланиб ўтаркан, ҳассасига таяниб, нима қиларини билолмаётган каби довдираб турган Ҳайдар Қўзибоевдан сўради: – Жой тайёрми?
– Тайёр, Аъзам Аҳмедович… Хуш келибсиз, Ҳайрат Ҳамдамович! – деб юборди Ҳайдар Қўзибоев.
Ҳайрат Ҳамдамович ялт этиб, гап эгасига қаради ва юзлари тамомила ёришиб кетди ва:
– И-я, эски қадрдонимиз – отахон-ку! Бормисиз? – деб Ҳайдар Қўзибоев томон икки қадам юрди. Ҳайдар Қўзибоев шошиб меҳмон томонга талпинаркан, ҳассасини ерга ташлади-да, меҳмонга қулочини кенг ёйиб яқинлашди. Меҳмон ҳам шундай қилди. Қучоқлашиб кўришишди. Кутилмаганда, одати шундақамиди ё жўрттага қилдими, Ҳайдар Қўзибоевнинг кўзлари ёшланди.
– Бормисиз, қадрдоним – Ҳайрат Ҳамдамович! Сиз бизни Тошкандаги пуштипаноҳимизсиз, кечаю кун дуз ҳаққингизга дуо қиламан, илоҳим омадини берсин Яратганни ўзи, деб. – Шу гапларни айтаркан, Ҳайдар Қўзибоев шошиб чўнтагидан рўмолчасини олиб, кўзларини артди. Ҳайрат Ҳамдамович ҳам тўлқинланиб кетдими, ўнг қўлини оқсоқолнинг елкасига ташлаб, қайта бағрига тортди:
– Сиздек отахонларимиз, яқинларимизни дуолари сабаб, Тошкенти азимда юрибмиз-да, – деди, жилмайиб.
Ниҳоят, Аъзам Аҳмедович:
– Қани, ичкарига, – деди. – Марҳамат… Ҳайрат Ҳамдамович Ҳайдар Қўзибоевни қўлтиқлаб олди. Ҳикмат Қудратов икки қўлини чамбар қилиб, қорни устига қўйганча, бир четда қолаверди. Учовлон ичкарига кириб бўлгач, Ҳикмат Қудратов ҳам журъат қилиб, остонада туфлисини ечди ва ичкарига кирибоқ, шундоқ пойгакка чўккалади.
– Аммо, мана бу жойни жуда боплабсизлар, – деди Ҳайрат Ҳамдамович Ҳайдар Қўзибоевнинг қистови билан хона тўрига ўтаркан. – Жуда шоҳона жой бўлибди, молодец!
Бу мақтовни эшитиб, Ҳайдар Қўзибоев Ҳикмат Қудратовга маъноли қараб қўйди. Аввалига хонтахта атрофига жой қилинганини кўрган Аъзам Аҳмедовичнинг кайфияти бузилиб тургандики, тошкентлик меҳмоннинг мақтовидан сўнг, юзларига нимтабассум югурди.
– Ҳайдар Қўзибоевдек инсон бор экан, барча ишларимиз беш бўлади, – деди Аъзам Аҳмедович, Ҳайрат Ҳамдамовични ўтириш учун қистаркан.
– Дарҳақиқат, тўғри айтасиз, Аъзам Аҳмедович. Оқсоқол не-не давраларда не-не одамлар билан ҳамсуҳбат бўлганки, нарёқ-берёғи йўқ!.. – дея Ҳайрат Ҳамда мович ўзига ярашмаган ҳолда қийқириб кулди. Бошқалар ҳам кулгуга қўшилдилар – хонада йўғон, ингичка кулгулар янгради.
Ҳайдар Қўзибоев ўнг қўлини кўксига қўйганча, тик турарди. Шу туришида у уй эгаси Аъзам Аҳмедовичдан юқорида турар, мабодо тик турган жойига ўтирса ҳам, юқорилаб ўтириши тайин, шу сабаб, иложини қилиб, уй эгасини ўзидан юқорига ўтқазишни ўйларди. Аммо, одатига тамомила зид тарзда, прокурор Аъзам Аҳмедович Ҳайдар Қўзибоевни ҳам ўтиришга қистади:
– Сизнинг ёшингиз улуғ, Ҳайдар ака, – дея биринчи бор унга нисбатан “ака” қўшимчасини қўллади Аъзам Аҳмедович. – Сиз менинг уйимда ўтирибсиз. Тентак тўрисини бермайди, деганларидек, сизлардан юқорига чиқиб ўтирсам, сира ярашмас.
Шу гапнинг ўзи етарли бўлди. Ноилож Ҳайдар Қўзибоев турган жойига аста ўтирди-да:
– Узр-ку, менинг оёғим ҳалигиндай… – дегандики, прокурор томонидан: “Чўлоқ оёғингизни хонтахтани тагига тиқиб оласиз”, деган анчайин қўпол жавобни эшитди.
Хонада гурр кулгу кўтарилди.
Дуои фотиҳа қилингач, Аъзам Аҳмедович чўкка тушиб ўтирган Ҳикмат Қудратовга боқди. Бу қарашда, чойни олиб келмайсанми, деган маъно бор эди. Милиция бошлиғи дик этиб ўрнидан турди. Ўша маҳал эшик ортидан пахта гулли чойнакда қайноқ чой тутган бир қўл кўринди. Ҳикмат Қудратов ҳушёр бўлмаганида, нотаниш қўлдаги қайноқ чой тўла чойнакни тўкиб юбориши ҳеч гап эмасди. У дарҳол энгашиб, чойнакни олди. Чойнакни Ғани мелиса узатган эди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?