Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Бошқа тарафдан тошқўрғонлик Бўта пайдо бўлиб, у ҳам ўз атрофига йиғилган йигитлари билан шаҳарни алғов-далғовини чиқара бошлади. Бўтанинг тутган йўли қонлироқ йўл эди.
Талаб аввалига Бўтани кўпам ёқтирмаган бўлса-да, уларни манфаатлар бирлаштирди.
Кўп ўтмай, ҳар иккалови ҳам ўзаро муроса қилишга мажбур бўлди.
Чунки ҳеч қачон икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаган.
Раҳмонали Талаб ва Бўтанинг аслида киму қандай одамлар экани, дунёқарашлари қай даражадалиги ҳақида хаёлланиб турганида, арабистонлик меҳмонни қорни тўйди чамаси, сўри ёнбошига тираб қўйилган қора дипломатини қўлига олди. Дастурхон четига қўйди ва қопқоғини шир-ширқ этказиб очди. Қопқоқ очилганида, унинг ичида тахланган юзталик америка долларлари кўзга ташланди.
– Бу ерда юз минг доллар бор, бу хамир учидан патир. Адашмасам, сизларда ҳам худди шундай дейишади чоғи, – дея кулди арабистонлик меҳмон – Жамол ҳожи, дипломатни кимнинг қўлига берарини билмай. Талаб Раҳмоналига кўз қири билан имо қилди. Чаққонлик билан Раҳмонали меҳмоннинг қўлидан дипломатни олди.
– Мана бу бошқа гап, – деди Талаб, қўлларини сочиққа арта-арта, илжайиб. – Бу пуллар билан ишимиз янада ўнгланади.
– Худди шундай, – деди бошини қуйи солинтириб олган Бўта, негадир, тунд оҳангда.
Чамаси, Талабнинг дипломат тўла пулни олгани Бўтага ёқмаган эди.
Талаб ўрнидан турди ва арабистонлик меҳмон Жамол Ҳожининг қўлтиғидан олиб, хув наридаги сув бўйи томонга бошлади. Раҳмонали бир қўлида дипломат билан уларнинг ортидан юришни ҳам, юрмасликни ҳам билолмай қолди. Чамаси, Талаб меҳмон билан яқин келгусидаги режаларини маслаҳатлашиб олишни кўзлаганди. Суҳбатни эса сир тутмоқчи. Раҳмоналининг кўнглидан айни шундай фикр кечди.
Хўш, Талаб меҳмон билан нимани маслаҳатлашяпти? Уларнинг мақсади қандай? Наманганда ҳокимиятни қандай йўл билан қўлга олишмоқчи? Раҳмоналини айнан мана шу саволлар жуда қизиқтирар, афсуски ҳозирча уларнинг суҳбатини эшитишнинг имкони йўқ эди. Бироқ, ҳар дақиқа ғанимат, вақт кутиб турмайди. Раҳмонали суҳбатни эшитиб олиш учун имкон топиши лозим. Нима қилсин?
Шу маҳал Раҳмоналининг жонига Бўта оро кирди. У кутилмаганда, Раҳмоналига:
– Меҳмонга бир пиёла чой олиб бор, – деб қолди. Раҳмонали ўзини бепарволикка солиб, асли ич-ичидан қизиқиши қайнаб-тошиб турган бўлса-да, шошмай пиёлага кўк чойни қуйиб, аста бориб, бир қўлида сал тоби чиқиб қолган пиёладаги чойни тутганча, Талаб ва меҳмоннинг ортида жимгина тик тураверди.
– … Ҳафта охирига ғалаён бошланади, – дерди гапини салмоқлаб Талаб, меҳмонга қарата. – Йигитларимиз тайёр. Унча-мунча қуролларимиз ҳам бор, сиз кетмай туринг. Ўзингиз ҳам қатнашасиз.
– Мени иштирок этишим қандоқ бўларкин? Тўстўполонда тағин…
– Сиз ташвиш қилманг. Раҳмонали исмли ишончли йигитимизни бириктириб қўямиз. Сиз фақат кузатиб турасиз, холос. У ёғини бизга қўйиб берасиз. Ҳамма сини ўз кўзингиз билан кўришингиз лозим, – Талаб шундай деб ногоҳ ортига ўгирилди ва Раҳмоналига кўзи тушди. Негадир ногоҳ сирдан огоҳ бўлиб қолганиданми ёки ҳақиқатдан ҳам Раҳмоналини кутмаганмиди, афти бир тиришди-ю, аммо юзи ёришди. Бир қадам ёнбошга ташлаб, Раҳмоналига йўл берди. Раҳмонали пиёладаги чойни меҳмонга тавозе билан узатди.
* * *
Раҳмонали кечаси ухлай олмади. Наманганда юз бериши мумкин бўлган сирли ғалаён тўғрисида дарҳол Тошкентга хабар берган бўлса-да, қаерда, қандай ғалаён юз беришини аниқ билолмай қолгани унга алам қилаётганди. Лекин, на илож? Чамаси юз бериши мумкин бўлган хунрезлик, ғалаёндан яккаш Тоҳиру Бўта ва албатта арабистонлик хабардор. Яна кимлар биларкин? Мана шуниси жумбоқ эди.
Эртаси куни меҳмонни шаҳар бозорига олиб кириб, сайр қилдириш маросими бўлиб ўтди. Раҳмонали меҳмондан бир қадам ҳам ортда қолгани йўқ. Фақат унинг оғзига қараб юрди, бирон керакли гап чиқиб қолармикин, деб. Аммо, афсус…
Шаҳар бозори одатдагидек ўта гавжум эди. Ўзбекистоннинг мевалари айни ғарқ пишган маҳал.
– Хўп ажойиб юртимиз борда, ука, – деб қолди бир пайт меҳмон, лапанглаб бозор оралаб юраркан, Раҳмоналига қарата. – Сизларда хўп арзончиликда…
Бу гапни эшитган Раҳмонали меҳмонга икки қошини юқорига кўтариб, ажабсиниб қаради ва ўзича ўйлади: «Бу хумпар ҳозирданоқ бу юртни ўзиники қилиб оляптими? Ажаб? Талаб унинг кўнглини роса тўқлаб қўйган шекилли…»
Раҳмонали ноилож илжайди.
– Жуда тўғри айтасиз, ҳожи ака. Сизларда-чи? – Атайин ўсмоқчилади у.
– У ёқдами? Бир пиёла тоза сувдан нефть арзон. Бу ерда тоза сувлар шариллаб оқиб ётибди. Ёшлигимизда раҳматли ота-онамиз: «Юртимизда ариқларда сув оқади. Мевалар дарахтларда ғарқ пишади. Ўз қўлинг билан узиб олиб ейсан» дейишса, бизга Жаннатни таърифлашяпти, деб ўйларканмиз. Аллоҳга шукр, мана, келиб кўрдим. Асли Жаннат Ўзбекистонда экан. Насиб қилса, шу ота юртимда бир ҳовли-уй олмоқчиман. Талабжон уйлантириб ҳам қўймоқчи… – Ёрилиб қолди меҳмон.
Раҳмонали кулгидан ўзини аранг тийиб қолди. Нима деб валдираяпти бу гўрсўхта ўзи. Туя ҳаммомни орзу қилгандек Ўзбекистонда муқим яшаб қолишни режалаяпти шекилли. Чучварани хом санаяпти, деб ўйлади-ю, бироқ билдирмади. Илжайганча маъқуллаб, бош ирғаб юраверди ёнида.
Меҳмоннинг оғзидан суви келиб, ҳали олмага, ҳали узум растасига чопади, ҳар биридан манзират қилиб узатаётган сотувчилардан олиб: «Рози бўлинг, рози бўлинг», деганча оғзига солиб, кавшанади. Алҳол бир кило олма, бир кило узумни нархини баҳслашмай сотиб ола қолди.
– Буни ҳали еймиз, – деди арабистонлик меҳмон Жамол ҳожи, оғзининг таноби қочиб.
* * *
Кечки пайт арабистонлик меҳмон Бўта бошчилигида Жоме масжидига йўл олди. Масжиднинг кенг-мўл бир хонасида ўн беш чоғли ёши улуғ кексалар имом бошчилигида меҳмонни кутиб туришган экан. Ниҳоятда иззат-икром, ўта меҳмоннавозлик билан арабистонлик ҳожини кутиб олишиб, тўрига ўтқазишди. Раҳмонали бериги хонада қолди. Бўта ёнбошда, Жамол ҳожи тўрида, бир пайт жаноби пайғамбаримиз ҳадисларидан бошланган масалани бошлаб, бир уй намозхонларни йиғлата бошлади Жамол ҳожи. Дарҳақиқат, Жамол ҳожи сўзга уста, эскичадан ҳам билими анчагина юқори экан. Масалаларни бир-бир айтиб, ниҳоят, ислом давлатининг афзалликлари тўғрисида оғиз кўпиртира бошлади. Арабистондаги ҳаёт жаннатмисол эканини таърифлаб, барча-барча ўта художўй эканини айтиб, ҳаммани ўзига маҳлиё этдиқўйди.
Жоме масжидидаги суҳбат шом намозини бирга ўқиш билан тугалланди.
Бўта Жамол ҳожини эргаштириб масжиддан чиққанида Раҳмонали сал беридаги машина ёнида уларни кутиб турган эди.
– Бўтажон, бугун сиз билан холи ўтирсак, майлими, – дерди Жамол ҳожи. – Кеча Талабжон билан суҳбатлашдик. Ҳаммани ўзига яраша тартиб-қоидаси борда, ука, – дерди ҳожи ака.
Бўта тушуниб-тушунмай «хўп» деди.
Раҳмонали рулда, икков орқа ўриндиқда ўтиришди.
– Бўлмаса бизни қишлоққа, Тошқўрғонга борамиз, ҳожи ака, розимисиз? – деб сўраб қолди Бўта. Ҳожи илжайиб: «Майлингиз» деб жавоб қилди. Раҳмонали тушуниб, йўлни Тошқўрғон томон солди.
Бўтанинг уйига етиб келишганида, эшик ёнида биров, аниқроғи, Раҳмонали учун нотаниш бир киши турарди.
– Ана, акам ҳам шу ерда экан, – деб юборди Бўта. – Роса сиз боп улфат у.
Раҳмонали тушунмади.
Бўтани ҳалиги киши салом билан кутиб олди-да:
– Меҳмонни бизникига олиб кирамизми ё бирон холироқ жойга олиб борайликми? – деб сўради Бўта, акасига нималарнидир деб пичирлаганидан сўнг. Меҳмон ҳамон оғзини юмолмай, илжайган куйи турарди.
Бўта, ўзинг биласан, деган жавобни қилди ва Раҳмонали сизлар билан, деб қўшиб қўйди ва ўзи эшикни очиб, уйига кирди-кетди.
Эшик олдида Жамол ҳожи, Бўтанинг Раҳмонали яхши танимайдиган акаси-ю, Раҳмонали қолди.
– Мени отим Ҳурмамат, – деб қўл узатди Бўтанинг акаси Раҳмоналига. – Ўзим тракторчиман. Гоҳ-гоҳ уй устачилиги билан шуғулланб тураман. Тракторчи, уста халқини биласиз, ишдан кейин…
Раҳмоналининг миясига лоп этиб «ичувчи бўлади» деган жавоб келди ва «Ия, Бўта арабистонлик ҳожи меҳмонни ичувчи акасига қўшиб, ҳожини ичирмоқчими?» деб ўйлаб қолди.
Ўзини Ҳурмамат деб таништирган Бўтанинг акаси машинанинг олд ўриндиғига шартта ўтириб олди ва: «Ҳайданг, мен айтган томонга» деб буюрди.
Жамол ҳожи ҳам индамай орқа ўриндиққа чўкди. Ҳурмамат ака ўнгга, чапга деб юриб, ниҳоят қишлоқ четидаги савдо дўкони олдида машинани тўхтатишни амр этди. У лип этиб тушиб, бир маҳал қоғоз пакетда алламбалоларга қўшиб икки дона ўриснинг ароғини кўтариб олиб чиқиб, орқа ўриндиққа шап этказиб ташлади. Юринг, деди яна. Раҳмонали индамай машинани юргизди.
Жамол ҳожи орқа ўриндиқа ўтириб, пакет ичидан бўғзи чиқиб турган рус ароғи шишасини аста қўлига олиб: «Ўрисди ароғи хўп яхшида», деб қўйди тамшанганча. Раҳмоналининг ҳайрати баттар ошиб, бошини сарак-сарак қилиб қўйди. Пешонасидаги олд ойнадан меҳмоннинг ароқ шишасини ҳавас билан силаб-сийпаётганини кузатиб бораверди.
Улар юра-юра, бир дала шийпони рўпарасидан чиқиб қолишди. Дарҳақиқат, бу ер кимсасиз, узоқ-узоқлардан пахта майдонларида ишлаётган тракторларнинг бўғиқ товуши элас-элас қулоққа чалиниб қолар, шийпон олдидаги сўрида эса бор-йўғи икки дона кир тўшак солиғлиқ эди. Раҳмонали: «Қаерга келиб қолдик ўзи?» дегандек чор атрофга аланглаб, ҳайратланаётганди.
Меҳмонни эса узундан узоқ далалар, ҳув жуда узоқдаги қорли тоғларни кўриб завқи ошиб кетганди. Ҳурмамат ака чаққонлик билан икки тўшакни қоқиб-силкиб, қайта ўрнига тўшади. Шийпон ичига кириб кетиб, икки дона ниҳоятда кирлаб, увадаси чиқиб кетаёзган лўла болишларни кўтариб чиқди. Уни ортидан қўлтиғидаги яна бир кирлаб кетган дастурхонни ўртага тўшади.
– Келинглар энди, қани меҳмон?.. – деб манзират қила бошлади.
Меҳмон астойдил кир тўшакка чордона қуриб ўтирди. Раҳмонали сал ижирғангандек бўлиб, сўрининг тўшак етиб бормаган ерига омонатгина жойлашди.
– Ие, ука, сиз сал тепароқ чиқиб ўтиринг, – Раҳмоналига манзират қилди Ҳурмамат ака ва: – Меҳмон билан бугун бир базми жамшид қиламизда, энди. Бўтадан рухсат олганмиз, – деб илжайди.
Қоғоз пакетда нақ бир кило колбаса, помидор, пиёз, туз, қалампир. саримсоқпиёз, кўкатлар бор экан. Ҳаммаси ўртага қўйилди.
– Сиз, ука, шу нарсалардан закуска ясаб туринг. Мен ғир этиб бориб уч дона пиёла ювиб келай ариқдан, – деб қолди Ҳурмамат ака.
– Мен ичмайман, – деди Раҳмонали Ҳурмамат аканинг асл ниятини тушуниб.
– Хўп, майли. Ҳеч бўлмаса косагуллик қилиб турарсиз, – деб қийқириб кулди Ҳурмамат ака. Афтбашараси спиртли ичимлик ичавериб қаримсиқ кўриниш олиб қолган бу одамнинг тишлари ҳам тўкилиб тушган, бир-иккисини демаса. Раҳмонали ноилож олиб келинган бир учи учган чиннига пиёз тўғраб, помидордан қориштириб, шакароб қила бошлади. Унинг устига икки дона аччиқ ҳиди уфуриб турган қип-қизил қалампирни тўғраб, боплаб аралаштирди. Ҳурмамат ака унгача пиёлаларни ювиб келди-да, шошиб ароқнинг шишаси қопқоғини бўшатди. Ғўлқиллатиб иккита пиёлага салкам тўлатўла ароқ қуйди ва яна шошиб, Раҳмоналининг қўлидан пичоқни олди-да, колбасадан каттагина қисмини кесиб, шартта иккига бўлиб қўя қолди. Колбаса энг зўридан «Докторский»: чўчқанинг майда-майда оқ ёғлари колбасанинг парракланган гўшти ичида шундоқ бижиллаб кўриниб турарди.
– Қани, меҳмон, сиз билан танишганимиз учун! – деб Ҳурмамат ака, тавозе билан ароқ тўлдирилган пиёлани Жамол ҳожига узатади.
Жамол ҳожи индамай пиёлани олди-да, худдики жазирамада сувга ташна бўлган одамдек бир кўтаришда сипқорди. Афтини бужмайтириб, лабларини чўччайтиргандики, Ҳурмамат ака дарҳол ёғли колбасанинг бир кесимини унга узатди. Жамол ҳожи бўш пиёлани Ҳурмамат акага қайтараётиб, иккинчи қўли билан колбасани оғзига солдию, чапиллатиб чайнаркан:
– Оҳ-ҳо, ўрисди ароғидан ўргилай! – деди Жамол ҳожи. – Колбасасиям мазали-е!..
Жамол ҳожи тагида кирланган тўшагу ёнида яғири чиқёзган лўла-болишлигини тамоман унутдими, чап ёнбошига тортиб, оёқларини озод қўйиб, биратўла ёнбошлади.
Ҳурмамат ака ҳам ўзининг тегишини томоғидан ўтказганидан сўнг, дарҳол бўш пиёлаларга ароқ қуйди. Бу гал сал озроқдан. Раҳмонали икковининг ҳам биринчи пиёладан кейин нафслари, ҳар тугул, ором олгандир, деб ўйлади.
– Ҳожи ака, одатда, биринчиси билан иккинчисини ўртасидан қил ҳам ўтмасин дейишади, – дея Ҳурмамат пиёланинг бирини меҳмонга узатди.
– Ия, қандоқ бўларкин, ҳозиргинайди!.. Ха майли…
– Ҳожим, узр, иссиқроқ овқат қилишни иложи йўқ бу ерда, – деди Ҳурмамат ака ялтоқланиб.
– Ҳечқиси йўқ, дастурхондаги ҳам гўшт шекилли, – деди жавобан Жамол ҳожи, колбасага ҳайрат билан тикилиб.
– Ҳа, гўшт, аниқроғи колбаса.
– Буям ўрисникими?
– Албатта-да!
– Нимадан бўлган?
Бу саволга нима деб жавоб қилишни билмай, Ҳурмамат ака Раҳмоналига жовдирабгина қаради.
– Чўчқанинг гўшт-ёғидан, – деди сал дағаллик билан Раҳмонали.
– Астоғфурулло, – деб, меҳмон калта соқолини силади, колбасани энди кўриб тургандек. – Чўчқанинг гўшт-ёғидан тановвул қилдикми-а?..
Иккови ҳам индамай, ҳожига қараб тураверишди.
Жамол ҳожи қаттиқ хижолатда қолгандек эди. Аммо, мусулмончиликда тамоман тақиқланган ароқдан ичаётганини унутиб қўйганди.
Ногоҳ, Ҳурмамат ака қийқириб кулиб юборди ва:
– Вей ҳожим-э, роса бопладингиз-ку! Ўрисни ароғини колбаса билан ичмаса, жойига етиб бормайди-ю! – деди.
Ҳожи ҳам жавобан яйраб кулди.
Ўша асно, қаердандир яқинда туққанлиги шундоқ билиниб турган, қатор эмчаклари қизариб осилиб тушган бир ориқ қанжиқ пайдо бўлди ва сўрида ўтирганларнинг бирон егулик беришлари умидда орқа оёқларига чўнқайганича, думи билан ёнверини супира бошлади. Қанжиқ роса очиққан экан, оғзини очиб, тилини осилтирди. Ҳурмамат ака тағин қийқириб:
– Вей, шийпонимизнинг қоровули келибди-ю! – деб, Жамол ҳожига бир паррак колбасадан узатди. –Шуни итга отворинг, – деди.
Жамол ҳожи шундагина сал нарида қанжиқни кўрди ва: – Фу-у!.. – деб ижирғанди-да, оғзига колбаса тишлаган кўйи, Ҳурмамат узатган бўлакни ит томонга ирғитди.
Қанжиқ бир ирғиб, колбаса бурдасини ҳавода илиб олдию бир чайнаб-чайнамай, ютди-қўйди. Сўнг тағин бояги алфозда яна оёқларига чўнқайди..
Раҳмонали атайин шакаробга бир эмас, иккита аччиқ қалампирни майда тўғраганди. Икки ичувчи вах-вах деб, шакаробни еяверишди. Ортидан эса пайдар-пай ароқ узатилаверди…
Жамол ҳожи тузуккина маст бўлиб қолган эди.
– Мен сизларга айтсам, чин мусулмон кишилар сизларда экан, – деб алжирай бошлади. – Бизда-чи, ҳамма ёлғондан, қўрққанидан намоз ўқийди. Бизда манман дегани ҳам нари борса олти ойга аранг чидайди. Шартта самолётга чипта буюради-ю, Туркияга учиб ке тади. У ерларда исловотхоналар сероб. Туркларда сийға деган никоҳ бор. Кирсангиз, домласи бошига саллани қўндириб ўтирган бўлади. Домлани олдида суратли катта китоб. Пулини тўласангиз бас. Хоҳлаганингизни танлайсиз ва юқори қаватдан ўша ҳури пайкарни рўмолга ўраб-чирмаб пастга, домлани ҳузурига олиб тушишади. Қарабсизки, бир зумда сизга никоҳлаб беришади… Оҳоҳ, румин қизларини, нақ сутга чайиб олинган дейсиз…
Раҳмонали Жамол ҳожининг алжирашларини эшитгиси келмай, аста ўрнидан туриб, нари кетди.
Узоқ-узоқлардан қўй ва молларнинг марашлари эшитилар, қуёш қизариб-бўзариб, тоғлар ортига ўтиб кетаётганди.
Бир пайт осмонда тўлин ой кўринди.
Жамол ҳожи билан Ҳурмамат ака энди бир-бирига суяниб қоладиган даражада маст эдилар.
Раҳмонали негадир икковига, айниқса, Жамол ҳожига узоқдан бўлса-да, бот-бот нафрат билан қарамоқда. Вақт эса кеч бўлиб борар, анови икковига қолса, иркит тўшаклар солинган сўрида ётиб қолишдан ҳам тоймайдигандек эдилар. Раҳмонали оғир қадамлар ташлаб, сўрига яқинлашди ва бояги жойига ўтирди.
– Ана, Раҳмоналини ўзиям кеп қолди, – деди Ҳурмамат ака илжайиб.
– Нима гап, дегандек Раҳмонали Ҳурмамат акага қаради.
– Меҳмон бугун бир ипимизни узиб, яйрайлик деган таклифни айтяпти, – деди Ҳурмамат ака. – Пули етарлимиш…
Ҳурмамат аканинг гапига Раҳмонали аввал тушунмади. Ўзича, ипларини тамоман узиб, мазза қилиб ўтиришибди-ю, яна нима етишмаяпти, деб ўйлади.
Ҳурмамат ака Жамол ҳожига суянаман деб, мункиб кетди.
Ҳурмамат аканинг оғзидан сўлак оқаётганди. Бундай кўриниш Раҳмоналини баттар ижирғантирди. Бироқ ноилож эди. Ташлаб кетворай деса… ўртада Бўтанинг андишаси бор.
– Сиз мени яхши тушунмадингиз, шекилли, укагинам, – деди Ҳурмамат ака, энди Раҳмонали томон энгашиб. – Меҳмон, дам олгани қизлар борми, деб сўраяпти. Аниқроғи, ўрис қизларни кўнгли тусаб қолибди.
– Об-бо!.. – деб юборди Раҳмонали баралла. Бу яна нимаси? Тунда бу икки алкашни яна қайга олиб боради-ю, ўрис қизларни ярим кечаси қайдан топади?.. Шуларни ўйлаб, қаттиқ жаҳлланди. Жамол ҳожи билан Ҳурмамат ака иккинчи шишани ҳам яримлатиб қўйишибди.
– Менга ҳали Бўта айтгандики, Жамол ҳожини бугун қандай қилиб бўлсаям кўнглигини олинглар, деб. Айтганини муҳайё қилинглар, деб. Хўш?..
Раҳмонали нима қиларини билолмай, бошини қашиди. Йўқ, деса эртага Бўтадан гап эшитиши тайин, хўп деса, шаҳарни яхши билмаса. Қайга ҳам олиб боради? Шуниси муаммо. Иккиси эса қипқизил маст.
Ниҳоят, бир қарорга келиб, ўрнидан турди, – Қани турдик бўлмаса, – деди Раҳмонали. Аввал Жамол ҳожи, унинг кўмагида Ҳурмамат тракторчи сўридан тушди. Сўрида бўшаган ароқ шишалари, бурдаланган нонлар, колбасалар қолди. Улар ҳали машинага етиб боришмагандики, оч қанжиқ бир ирғиб сўрига чиқди ва чапиллатиб, нон, колбасаларни ютоқиб томоғидан ўтказа бошлади.
Тунги соат ўн бирлар чамасида икки мастни “Жигули” машинасининг орқа ўриндиғига ўтирғизиб олган Раҳмонали шаҳарнинг иланг-биланг тор кўчалари бўйлаб олиб юриб, ниҳоят, Учқуннинг дарвозаси ёнида машинани тўхтатди. “Сизлар жим ўтириб туринглар, мен ҳозир” деб, зулфланмаган эшикдан ичкарига кириб кетди. Учқун ухламаган экан. Раҳмоналини кўриб, унинг юзига илжайиш кўчди.
– Ҳа, ит қувлаган соқовдек ўпкангни қўлтиқлаб келяпсан, тинчликми? – деб сўради у. – Меҳмонни Бўтаникига жойладингми?
– Қайда, ана машинада ўтирибди. Бўтани акаси Ҳурмамат деганиям бор. Қипқизил маст.
– Нима? Маст?
– Ҳа, маст.
– Қаерда ичирдинг?
– Мен ичирганим йўқ… Меҳмонларинг асли қипқизил алкаш, хотинбоз экан-у!..
– Йўғ-э, ундақа гапларни гапирма! Кундузи, пешин намозидан олдин масжиддаги бир тўп оқсоқолларга масала айтиб йиғлатди-ку? – дея ҳайратланди Учқун. – Хўп, бир бошдан гапир-чи?
– Кундузи Бўта билан меҳмонни олиб кетдим, тўғрими? – деб, Раҳмонали ўшандан кейинги воқеалар тафсилотини бир-бир пичирлашишди-да, Бўта уйига кирди-кетди. Меҳмонни Ҳурмамат акаси бир дам олдириб, маишат қилайлик деб, қаердаги бир дала шийпонига бошлаб борди. Йўлда магазиндан бир кило колбаса, икки дона ароқ, яна алламбалоларни олганди. Кир тўшакларни солиб, сўрида ўтиришиб, роса отамлашишди иккови, дея ҳангома қилгач: – Энди иккаласиям қипқизил маст! – деди. – Жамол ҳожини кўнгли ўрис қизларни тусаб қолганмиш…
Раҳмоналининг гапларини эшитаётиб, Учқуннинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. У Раҳмоналининг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмаётганди. Учқун нима қиларини билолмай, уйнинг у бошидан-бу бошига тез-тез қадамлар билан бориб кела бошлади. Ниҳоят:
– Хўп, ундай бўлса, нега бу ерга олиб келдинг? – деб сўради у жаҳлланиб. – Нима, мен сенга қўшмачиманми? Ё уйимда исловотхона очганманми?
– Хўш, қаерга олиб борай? Наманган шаҳрини билмасам, қаерда нима, ким борлигини?.. – деди Раҳмонали қизишиб. – Менга сенинг ёрдаминг керак.
Учқун бир жаҳлланди, бир кулди, ниҳоят, қўлини юқорига кўтариб: “Во!” деди-да, нариги хонага кириб кетди. Дам ўтмай, кимгадир телефон қила бошлади. Аввал баланд овозда, сўнг паст овозда гаплашгач, қайтиб чиқди.
– Ҳаммаси жойида, – деди у кулиб. – Талабдан рухсат олдим. Хуллас, ҳозир машина келади, икковини ўша машинага чиқариб юборамиз. Шаҳарнинг ўзлари истаган жойига олиб бориб қўйишади, эрталабгача қолишади, тамом-вассалом.
– Эй, ўйлаяпсанми, ахир биттаси арабистонлик меҳмон бўлса, иккинчиси Бўтани акаси бўлса!.. Мен уларни олиб кетган бўлсам. Эрталабгача бирон кор-ҳол бўлса, мен жавоб бераманми? – деб очиқчасига аччиқланди Раҳмонали.
– Ундай бўлса, сен ҳам бирга бор. Фақат эрталабгача уларнинг бошларидаги бир тола соч ҳам тўкилмаслигига мен кафил. Йигитлар бор, қўриқлаб чиқишади. Ўрис қизлар ҳам… Хуллас, сен бугун бу ерда дамни олиб, эртага мен айтган жойга борсан-у, икковини олиб, тез Тошқўрғонга етказиб қўясан, холос. Ҳеч нарса бўлмагандек!.. Шу билан олам гулистон. Меҳмон ҳам хурсанд, бошқалар ҳам. Ахир арабистонлик Жамол ҳожи бизга юз минг доллар берди-я! Бир кечалик маишати юз минг кўкига тушса нима бўпти?!
Айни маҳал ташқарида машинанинг сигнали эшитилди.
– Сен тезда чиқиб, “Волга”да келган ҳайдовчига икков алкашни топшир, қутил. Сўнг кириб дамингни ол, – деб буйруқ берди Учқун.
Раҳмонали ўрнидан қўзғалди.
* * *
Тошкент. Республика Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, генерал лейтенанти Азим Умаровичнинг хонаси. Қабулхонада эрта тонгдан иш қизигандан қизиётир. Кеча тунда Раҳмоналидан хабар келган, Наманган шаҳрига Қирғизистон орқали арабистонлик меҳмон келгани, улар жуда яқин кунларда қандайдир қонли ишни режалаштираётгани билдирилганди. Бироқ, Раҳмонали айтаёган қонли иш нима? Қачон? Қаерда? Мана шу жиҳатлари ҳозирча номаълумлигича қолаётганди. Сочларига оқ оралаган, барваста, эгнидаги генераллик костюмининг олд томони очиқ, бироз асабий, оппоқ икки юзи қон босими кўтарилгани сабаблими, қизариб кетган бу одам ҳозир ўзини қўярга жой тополмаётгани аниқ эди. Аксига олиб, генерал кутган подполковник Мансуржон куни кеча хизмат сафари билан Қашқадарёга жўнатилганди. Раҳмонали билан алоқага эса фақат у чиқа олади. Кеча тунда хабарнома генералнинг қўлига тегиши биланоқ, Мансуржон билан боғланиб: «Ҳамма ишингни йиғиштириб, тез Тошкентга қайт! Раҳмоналидан хабар келди», деб айтганди. Эрталаб соат саккизлар чамасида у идорага кириб келиши керак. Аммо, негадир, кечикаётганди.
Генерал тунги учлар чамасида уйида ўтиролмай, ишхонага кириб келган куйи, ҳалигача хонасида гоҳ ўтирар, гоҳ ўрнидан туриб, асабий ҳолда хонани кезар, ўйланар ва яна ўйланар эди. Хаёлида эса Юртбоши билан уч кун олдин кўришгани, мамлакатда юз бераётган воқеаларни чуқур таҳлил этганлари чарх урмоқда эди. Чамаси, Юртбоши шу кунларда Наманганга боришни чамалаётганди. Гарчанд, ҳозирча қайси куни бориши аниқ бўлмаса-да, Намангандаги Талаб ва Бўта бошлиқ ғаламислар Наманган сафарини сезиб қолишдимикин? деб ўйланарди. Бунга ишонмасада, гумони ҳам йўқ эмас. Чунки, одамларга ҳозирда ишониб бўлмайди. Мамлакатда бир тарафада «Бирлик», «Эрк» деган ташкилотларни тузиб олиб, бир тўп зиёлилар Зиё Маҳмуд деган шоир бошчилигида халқни ўз ортидан эргаштиришга уриниб ётибди. Бу ёқда Наманган… Тезроқ Талаб билан Бўта масаласига чек қўйилмас экан, Фарғона водийсида жиноятчилик ҳам ниҳоятда урчиб кетди. Ғўр, гўдак йигитлар ўзларини эр билиб, «рэкетчи» бўлиб олганлар. Оддий одамларнинг мол-мулкини ўғирлаб, автомашиналарини олиб қочиб, яна қайтадан катта пул эвазига автомашиналарни топиб берган бўлиб, эгаларига қайтариб сотишмоқда. Бошқа бир тарафда қандайдир нокаслар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш деган ташкилотга аъзо бўлиб олиб, халқнинг дунёқарашини нуқул муаммо, камчиликларга қаратаётганига нима дейсиз? Юртбошинингдай бошбошдоқлик қачонгача давом этади, дея куйинганича бор-да!..
Ногоҳ, рўпарасидаги телефон тилга кириб қолди:
– Ўртоқ генерал лейетенант, подполковник Мансур Холиқов қабулингизни кутяпти – деган овоз келди телефон аппаратидан.
Генерал шартта ўрнидан туриб:
– Кирсин, тез!.. – деди.
Мансуржон – халоскор!.. У шу ондаёқ самолёт билан Андижонганми, Фарғонагами учиши, ундан Наманганга бориб, тушгача нима гаплигини аниқ билиб хабар юбориши лозим. Акс ҳолда…
Мансуржон генералнинг хонасида сал кам бир соат қолиб кетди. Иккови кутилаётган можароларни чуқур таҳлил этишди, беш-олтита фаразлар ўртага ташланди.
– Мансуржон, ўғлим, Раҳмоналига Бўта билан Талабнинг аслида ким эканликлари тўғрисидаги аниқ маълумотларни берсангиз, шундан кейин у Талаб билан Бўта арабистонлик меҳмон бошчилигида қандай қонли режа тузаётганини ўзи чамалаб билади ва сизга айтади. Мана, қўлингизга Бўта билан Талаб ҳақидаги маълумотларни беряпман. Ҳозироқ ўқиб, барчасини бир бошдан тушунтириб беринг?!
Мансуржоннинг қўлидаги қоғозда қуйидагилар ёзилганди:
«Талаб, 27 ёшда. Отаси узоқ йиллар Наманган шаҳридаги улгуржи тайёрлов савдо ташкилоти раҳбари бўлиб ишлаган… Укаси бу йил мактабни битиряпти. Наманган шаҳридаги торроқ бир ҳовлида яшашади.
Бўта. Тошкесар қишлоғидан. Отаси ошпаз, колхозчи бўлган. Онаси пилла бригадири бўлиб ишлаган. Отаонаси ўтиб кетган. Уйланмаган. Икки акаси бор. Катта акаси колхозда тракторчи, кичик акаси «Тез ёрдам» машинаси ҳайдовчиси.
Бўта ёшлигида тўйларда кураш тушиб юрган – курашвоз, чапани. У Афғонистондаги урушда чекланган совет қўшинлари таркибида ҳарбий амалиётларда иштирок этган. Сўнгги маълумотларга қараганда, Бўта ҳарбий хизмати давомида уч ойдан ортиқроқ афғон мужоҳидлари қўлида асирда бўлган. Асирдалик вақтида уларга сотилган. Шунинг учун ҳам арабистонлик меҳмонни танийди.
Ҳозирча арабистонлик Жамол ҳожи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Билишимизча, Жамол ҳожининг миллати ўзбек, асли Афғонистонда туғилган. Сўнг ота-онаси билан Арабистонга кўчганлардан бири. Афғонистондаги мужоҳидлар билан алоқаси яхши. Бўта билан Афғонистондаги мужоҳидлар таркибида танишган бўлиши ҳам мумкин.
Талаб билан Бўтанинг фарқи шундаки, Талаб зиёли, ўзига тўқ хонадоннинг боласи. Ёшлигидан камчилик кўрмай ўсган.
Бўта эса оддий колхозчининг боласи. Маълумоти бор-йўғи ўн синф. Табиатан қўпол…»
Мансуржон ёзма маълумотни синчиклаб ўқигач, қоғозни генерал лейтенантга узатди.
– Барчасини яхши тушуниб олдим, ўртоқ генерал лейтенант. Қачон?..
– Ҳозироқ йўлга чиқасиз. Самолёт тайёр. Ё Андижон, ё Фарғонага учади. Ундан Наманганга ўтиб, узоқроқдан бўлсаям Раҳмоналига рўпара бўлинг. Чамаси, у сизни кутяпти. Четроқда суҳбатлашгач, менга ҳаммасини телефон орқали маълум қиласиз. Бирорта гапи, ҳатто, сўзи ҳам ёдингиздан чиқмаслиги керак. Чунки, Ватанимизнинг тақдири шу кунларда қил устида турибди десам, сал оширворган бўламану, лекин аҳволимиз мақтангудек эмас. Юртимизда нокаслар кўпайиб кетди. Биз буёқда армияни, ҳуқуқ-тартибот идоралари, обком, райкомлар ўрнида ҳокимликларни ташкил қилиб, уларнинг ваколатларини кенгайтириб, кучайтириш ҳаракатини қиляпмиз. Кўрган бўлсангиз, ҳар куни телевизор орқали мамлакатимизга олиб келинаётган ун, ёғ, қўйингки, барча озиқовқат маҳсулотлари тўғрисида халққа очиқ ахборот бериб турилибди. Ақлли, юртини севган, ватанпарвар юртдошларимиз бугунги кун қийинчиликлари вақтинча эканини сезиб, билиб туришибди. Лекин бир ҳовуч нокасларга бу вазиятдан фойдаланиб қолишлари учун имконият бермаслигимиз керак.
– Бир нарсани сўрасам майлими? – деди Мансуржон.
– Сўранг, – деди генерал лейтенант, стол устидаги майин сочиқча билан пешонасидаги терларни артиб.
– Талаб, Бўта деганларини бир кундаёқ танобини тортиб қўйишга кучимиз етмайдими?
Бошлиқ хиёл кулимсиди ва:
– Мансуржон, юрт энди мустақиллигини эълон қилди. Халқаро ташкилотлар бизга кўзларини тикиб туришибди. Президентимизнинг асосий мақсади мустақиллигимизни қон тўкмасдан, халққа озор етказмасдан мустаҳкамлаб олишдан иборат. Йўлимизда учрайдиган турли-туман қора кўнгилли одамлар бора-бора, ўз бошларини ўзлари ейдилар. Биз халқимизни, юртимизни асраб-авайлашимиз керак, бор гап шу. Тинчлик бизга ҳамма нарсадан қадрли!
Мансуржон, тушундим, дегандек бош ирғади ва рухсат олиб хонадан чиқди.
* * *
Эрталабда Раҳмоналини Талаб йўқлаб қолибди. Бундай йўқлашлар сўнгги кунларда гоҳ Бўта, гоҳ Талаб томонидан бўлиб тургани учунми, Раҳмонали унчалик ҳайрон бўлмади.
– Бизникига бориб келамиз, – деди Талаб, Раҳмонали билан қўллашиб кўришгач. Талаб пўрим кийинган. Эгнида кўк костюм-шим, оёғида тим қора, ялтиллаган учи бигиз туфли. Костюми остидан оппоқ кўйлагини тик ёқаси яққол кўзга ташланиб турибди. Бош яланг. Оқсариқдан келган, соқол-мўйлаби роса қиртишлаб олинган бу йигит яқин келгусида юртни бошқаришни кўзлаётгани аниқ, деб ўйлади Раҳмонали, неча кунлик хулосаларига таяниб. Лекин шу кунларда нима ишларни режалаштиряпти? Агар анов Жамол ҳожини атиги бир кунга ўзининг ихтиёрига қўйиб беришса, бор гапни билиб олиши аниқ. Бунинг учун арабистонлик Жамол ҳожини бугун яна бозор айлантириши, кўнглига қўл солиши, сўнг кечки пайт борича кўнглини овлаб, оғзидан ошиб чиққунича ароқ ичириб, ҳамма гапни ичидан суғириб олиши керак! Шуларни ўйларкан, аста хўрсиниб қўйди.
– Машинани тайёрланглар! – Буюрди Талаб. – Хўш, меҳмон нима қиляпти? – деб сўради у чойхона сўрисидан тушаётиб.
– Меҳмонми… – Сал кулимсиди Раҳмонали. – Мириқиб дам оляпти. Кеча анча чарчаган экан.
– Ишқилиб, ножоиз ишлар билан шуғулланмадими? Бўта Жамол ҳожини роса мақтаганди менга. Кўрамиз, Жамол ҳожи дегани нима каромат кўрсатаркин бизга. Бир дипломат доллар билан юртни ағдар-тўнтар қилиб бўлмайди ахир…
Талаб яна нималарнидир демоқчи бўлди-ю, негадир гапини тўхтатди. Чамаси, эрталабдан унинг асаби бироз тарангроққа ўхшарди.
Раҳмонали ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиққа ўтирди. Талаб орқа ўриндиқдан жой олди. «Волга» Наманган шаҳрининг кенг кўчаларидан бора-бора иланг-биланг, тор бир кўчага кирди. Раҳмонали Талабнинг уйига ҳеч бормаган, биринчи бор бу кўчага кириши эди. Қарангки, кўчаси шундай тор эканки, «Волга» ўтиб бораётганида икки тарафдаги одамлар ноиложликдан уйнинг деворларига қапишиб туришга мажбур экан. Шундақаям кўча бўладими-я? Тор йўл кутилмаганда кескин бурилиш ҳосил қилар, нариги тарафдан келаётган на машинани, на одамни кўриб бўларди. Устига-устак, йўл ўйдим-чуқур. Эски уйлардан кўчага чиқариб ташланган оқава сувлар эса иссиқда бижғиб, сассиқ ҳидлари ойнадан машина ичкарисига кириб, кўнгилни айнита бошлади. Ноилож Раҳмонали машинанинг ён ойнасини кўтаришга мажбур бўлди. Ортига қараганди, Талаб билан ҳайдовчи аллақачон ойналарни кўтариб қўйишган экан.
Машина секинлашиб, нақшиндор бир дарвоза олдида тўхтади.
– Мен уйга кириб чиқаман. Сизлар шу ерда бўп туринглар, – деб, Талаб машинадан тушиб, нақшинкор дарвозанинг кичик эшикчасидан ҳовлига кириб кетди.
Кун иссиқ. Ойналарни туширса, яна ўша бадбўй ҳаво!.. Очмаса, ўтирган кўйи терлаб-пишиб… Раҳмоналини иссиқда уйқу элита бошлади. Ногоҳ, ичкари ҳовлидан бақирган-чақирган қўпол овозлар эшитилиб қолди ва кимдир ниманидир тарақлатиб тепди. Раҳмонали рухсат берилмаган бўлса-да, дарҳол машинадан тушиб, Та лаб кирган эшикчани ғийқиллатиб очиб, ичкари ҳовлига мўралади.
Ҳовли юзаси гир айлана бир қаватли уйлар билан қуршалган. Ўртада торгина ҳовли. Икки туп мевали дарахт. Бири ўрик шекилли, иккинчиси анжирмией… Тўридаги уйга тақаб қўйилган тахта сўрида ёши каттароқ аёл аччиқ-аччиқ йиғлар, ичкаридан ҳам аёл кишининг йиғи овози эшитилиб турарди. Ёши катта аёлнинг ёнида ўрта бўй, аёлдан ёшроқ эркак киши турар, уларга қарата Талаб бор овози билан бақираётганди:
– Тупирдим ўша анъанага! Анъанамиш?! Эскича маросимларга берилишни йиғиштирсин қудангиз! Қайнотам бўлса ўзига!
– Болам, бир тоғора ошда нима айб! Яхши ният билан байрам арафасида қайнотанг жўнатибди. Тепиб юбординг, а?!. – дерди хуни бийрон йиғлаётган аёл.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?