Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Сўранг-чи, кўкми ё қора чой? – деди Ҳайдар Қўзибоев энгашиб, хонтахта устидаги оппоқ докани аста олаётиб. – Чунки Ҳайрат Ҳамдамович қора чой ичсалар керак.

– Йўқ-йўқ, мен Марғилондаман ахир, кўк чой ҳам бўлаверади, – деди Ҳайрат Ҳамдамович, ўрнашиброқ ўтириш учун қилимсираб.

– Ёнбошингизга пар ёстиқларни тортиб, бемалол ёнбошлаб олаверинг, хўжайин, – деди хушомадгўйлик билан Аъзам Аҳмедович.

– Ўзим ҳам шундоқ қиляпман. Узоқ йўл эзиб юборди. Довонни йўли анча олатасир экан. Машина бирам кўп. Ҳайдовчим анча толиқиб қолди. Яхшики Аъзам Аҳмедович етиб бориб қолди. Қўқонга кириб, ҳайдовчини қолдиришга мажбур бўлдик, машинаси билан. У ҳам бир мазза қилиб дам олсин. – Оғзини тўлдириб гапирди Ҳайрат Ҳамдамович ва ўнг томонига иккита пар ёстиқни тортиб, ёнбошлаган кўйи, оёқларини Ҳайдар Қўзибоев томон узатди.

Аччиқ-аччиқ дамланган кўк чойлар пиёлаларга қуйилиб, узатила бошланди. Ҳайрат Ҳамдамович ёнбошлаганча пиёладан кўк чойни оз-оздан ҳўпларкан, бирдам кўзларини юмиб, жим қолди. Ҳамманинг кўзи у кишида эди.

– Бу хонадонда фақат ишончли одамлар деб ўйлайман, – деди, кутилмаганда Ҳайрат Ҳамдамович. “Ҳа, ҳа” деган тасдиқ овозларини эшитгач, яна гапида давом этди: – Бугунги суҳбатимиз анчайин хуфиёна. Чунки, билиб турибсизлар, замон ўта нозик. Бугун келишимдан мақсад, сизлар билан замонни нозиклиги юзасидан бир сирлашиб олиш. Чунки, бу юртда сизлардан ўзга содиқ, ишончли одамларни кўрмаяпман…

– Офарин! – деди Ҳайдар Қўзибоев ўнг қўлини кўксига қўйиб. – Бизга ишонаверинг, Ҳайрат Ҳамдамович.

– Худди шундай, – деб гапини маъқуллади Аъзам Аҳмедович.

– Сизлардан худди шундай жавобни кутгандим, азизларим. Сизларга албатта ишонаман, – деб кўзларини очди Ҳайрат Ҳамдамович ва чордана қуриб ўтирди.

Айни суҳбат чоғи Ғани мелиса эшик ортида, нима иш буюришаркин, деган ўйда, қулоқларини динг қилган кўйи, чўнқайиб ўтирган эди.

Аслида, суҳбат пинҳона бўлиб, фақат ишончли одамлар иштирокида ўтиши олдиндан белгиланган экан-да, деган хулосага келди Ғани мелиса.

– Бугун юртнинг аҳволи сиз билан биз ўйлагандан ҳам оғирроқ, – дея гапида давом этди Ҳайрат Ҳамдамович. – Юрт отаси деб ҳисобланаётган одам оз-моз саросимада қолган. Наманганда Талаб, Бўта деганлари, Тошканда студентлар – бари ғалаён тарафдори. Эртага нима бўлиши ҳеч кимга аён эмас. Москва ҳам Ўзбекистоннинг силлиқина мустақил бўлиб кетишини кўпам хоҳламайди. Хулласки, сиз билан биздан ҳушёрлик талаб этиляпти. Замон айланиб, бизни қўлимизга тушиб қолиш эҳтимоли ҳам бор… – Ҳайрат Ҳамдамовичнинг бу гапидан кейин Аъзам Аҳмедович бир тўлғаниб олди. Тўрида ўтирган Ҳайдар Қўзибоев эса енгилгина “оҳ” деб қўйди энтикиб. Фақат милиция бошлиғи Ҳикмат Қудратов овоз чиқаролмади, лекин ич-ичидан бир нимадир чирт узилгандай туюлди. Дам ўтмай, қўрқувданми ё бошқа сабабми, Ҳикмат Қудратовнинг пешонасини оз-моз тер босди. Ахир, охирги гап чуқурроқ ўйлаб кўриладиган бўлса, қўрқмай бўларканми? Ўтирганлар яккаш Ҳайрат Ҳамдамовичнинг оғзига тикилиб қолишди. – Шаҳарда энг ишончли йигитларни хуфиёна тўплаб, тайёр туришларинг лозим, – деди Ҳайрат Ҳамдамович, чойдан бир қулт ҳўплаб. – Ҳа, дейишим билан ёпирилиб чиқиш керак. Иложи борича иш хуфиёна бўлиши талаб этилади. Мен Тошкентда бир неча юқори мартабали одамлар билан, келишиб қўйганман. Вазият етилиши билан ҳокимиятни қўлга олишимиз керак бўлади. Халқ мисоли бир пода. Фақат уни бошқаришни билиш лозим. Мана кўряпсизлар, кундан-кунга оддий нон масаласи қийинлашиб боряпти. Эрта-индин нон талаб қилиб одамлар тўполон бошлаши ҳеч гап эмас. Президент шунча ҳаракат қилгани билан, қўшни мамлакатлар дон бермаяпти. Чунки дон уларнинг ўзларига ҳам керак. Узоқ давлатлардан сотиб олгани эса хазина ҳалигиндай, ҳаминқадар бўлиб қолган. Ўрис бундоқ бўлишини олдиндан билиб, юртни талаб чиқиб кетган, на олтин бор, на бошқа нарса. Шу сабабли, хазина бўшаб қолган. Қолмишига, Туркистон ҳарбий қўмондонлигида ҳалигача Москванинг одамлари армияни бошқаришяпти. Улар ҳам Президентни унчалик хушлашмаяпти. Вазият шунчалик чигалки, нима қилишни билолмай туришибди. Бир имо билан юрт ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

– Узр, – деди Ҳайдар Қўзибоев ўнг қўлини кўксига қўйиб, – илоҳим сиз айтган, режалаштирган ишлар бўлсин… Кейин у ёғи нима бўлади?

– Нима бўларди, ўрисни паноҳида бўламиз-да. Бошқа йўли йўқ, менимча.

– Бале, офарин! – деб юборди Ҳайдар Қўзибоев. – Аммо, юрт мустақил бўлса, ҳар бир ўзбекнинг ит ялоғи тиллодан бўлади, деган гаплар ҳам йўқ эмас. Чунки, тиллога тенг пахтамиз бор, ахир…

– Роса соддадил одам экансиз-у, отахон. Мен сизни туппа-тузук зиёли, сиёсатнинг паст-баландини биладиган одам десам…

– Энди биз оддий бир савдогар бўлсак, пулни пулга уриштириб кун кўриб юрган… – Ҳайдар Қўзибоев туйқусдан бериб қўйган саволининг таги лой чиқиб қолганидан хижолатланиб. Прокурор Аъзам Аҳмедович: “Жим ўтирмайсанми хумпар!” дегандек унга ўқрайиб қаради. Шу заҳоти Ҳайдар Қўзибоевнинг ранги янада оппоқ оқариб кетди.

– Ўрисларсиз бир иш қилолмаймиз, биродарлар. Президент юртни мустақил деб эълон қилиб олгани билан, шунча халқни боқиш лозим бўлади. Хўш, одамлар фақат пахта еб кун кўрмайди-ку!.. – Ҳайрат Ҳамдамовичнинг истеҳзо билан айтган бу гапидан сўнг, даврада енгил кулгу кўтарилди. Ана ўшандан кейингина Ҳайдар Қўзибоев, қудратли довулдан қутилиб қолгандек, ўзини сал-пал енгил сезди. Хайриятки, ҳалигинда қон босими ошиб кетмадиям. Шунисига шукур қилди.

Аъзам Аҳмедович шундоқ пойгакда муллаваччалардек чўкка тушиб ўтирган Ҳикмат Қудратовга: “Ташқаридан бир хабар ол”, дегандек им қоқди. Милиция бошлиғи тўрида ўтирган Ҳайрат Ҳамдамовичга қуллуқ қилгандек ўнг қўлини кўксига босиб, остонадан тисарилиб ўтди ва эшикни ёпаркан, дабдурустдан ташқарида чўнқайган Ғани мелисага урилиб кетаёзди. Яхшики, Ғани мелиса даст ўрнидан туриб, гавдасини ёнбошга олди. Ҳалитдан буён, негадир, енгил титраётган Ҳикмат Қудратов кутилмаганда рўпарасидан чиқиб қолган Ғани мелисани кў риб, бир чўчиб тушди ва одамни қўрқитиб юбордингиз-э, деди.

– Кечирасиз, ўртоқ бошлиқ, бирон иш буюриб қолинса, бехабар қолмай деб, шу яқинда тургандим.

– Сизнинг жойингиз ҳовлида. Боринг, дарвозани қўриқланг! – деб буюрди қўполлик билан Ҳикмат Қудратов.

Бошлиғининг қўполлиги Ғани мелисага бироз оғир ботди.

Деворнинг ҳам қулоғи бор, деб ўйлади Ҳикмат Қудратов дарвоза томон бораётган Ғани мелисанинг ортидан қараб қоларкан. Ишқилиб, бу валломат эртага бугунги сирли суҳбат овозасини чиқариб қўймаса бўлгани. Ҳозир ҳеч бир одамга ишонч йўқ!..

Ҳовли четидаги айвон остига ўрнатилган ўчоқ бошида Бобурхон талтайиб, оёқларини озод чўзиб стулда ўтираркан, оғзини тўлдириб нимадир чайнамоқда эди.

– Нима бўляпти? – деб сўради Ҳикмат Қудратов ўчоқ боши томонга бетон йўлакдан шипиллаб бораётиб. – Шўрва тайёрми?

– Тайёр, тайёр!.. – дейишди икки ошпаз бир овоздан.

Ҳикмат Қудратов, гарчанд, Бобурхонни унчалик хушламаса-да, умумий хўжайин ҳисобланмиш прокурор Аъзам Аҳмедович доимо Бобурхоннинг ёнини олиб, унга тарафкашлик қилиб юргани учун ҳам очиқроқ лом-лим деёлмасди. Гоҳи-гоҳида гап билан “ҳужум” қилиб, ўзининг кимлигини эслатиб туришдан бошқа илож тополмасди, шунинг баробарида, зиммасидаги хизмат бурчини ҳам эслаб қўярди. Бобурхон сингари рэкетчилар бир кун келиб адолатли суд олдида жавоб бериши лозимлиги кундек равшан, бунинг учун вақт ва шароит ҳали етилиб улгурмаганди. Аммо, бир кун келиб: “Сен ҳам бундайлар билан ош-қатиқ бўлгансан”, дейдиганлар ҳам топилиб қолишидан ҳам чўчирди. Шунинг учун, ўзи билан келган бало ўзи билан кетсин, деган умидда юрарди.

– Қани, ошпаз ака, бир қошиқ олинг-чи қозондан, мазасини бир татиб кўрай, – деди Ҳикмат Қудратов кафтларини бир-бирига ишқаларкан, кулимсиб.

Ошпазларнинг каттароғи, олдига оппоқ пешбанд тутиб олгани битта чинни косани олди-да, унга ярим чўмич шўрвани гўшти билан қуйиб, Ҳикмат Қудратовга узатди. Шериги эса қошиқ тутди. Ҳикмат Қудратов қайноқ шўрвадан ҳўпларкан, шўрва жуда мазали бўлганини сезди. Гўштидан ҳам бир тишламини оғзига солди.

Дарҳақиқат, гўшти ҳам роса эзилиб пишибди.

– Бай, бай, ўлик еса тириладиган-ку, ака. Қўлингиз дард кўрмасин. Мақтаганларича ҳам бор экан, санъатингизга қойил, акажон. Энди, тўртта чиннига шўрваларни қуйиб узатаверасиз, мен ғириллаб бориб қўйиб келавераман…

Бирин-бирин, ичкарига узатилган пахта гулли чинни-косаларлардаги шўрваларнинг ҳиди дарҳол ўтирганларнинг иштаҳаларини қитиқлаб, димоғларига урилди. Ҳалигача ёнбошлаб ётган Ҳайрат Ҳамдамович дарров чордона қуриб ўтирди.

– Шўрвага нон тўғраб ейиш жуда яхши-да, – деди ҳов ҳалитдан бери жимиб, нафаси ичига тушиб ўтирган Ҳайдар Қўзибоев, яйраб жилмайиб.

– Айниқса, шўрвага ботиргани уй нони бўлсами?.. – деб қўллади Ҳайрат Ҳамдамович. – Ёшлигимда энам бўларди, шундақанги ширин шўрва пиширардики, уни отини пиёва дейишарди. Қуруқ сувга пиёз, сабзи, картошка, помидор ташланарди-ю, гўшти бўлмасди.

Аъзам Аҳмедович Ҳикмат Қудратовга бир қараб қўйди. Ҳозир, деди овозини ўта пасайтириб милиция бошлиғи гап нима ҳақда эканлигини тушуниб. У шундай деб, ташқарига чиқди. Энди нонни қаёқдан топаман, дея ўзига-ўзи савол берди ва бошини қашлади. Ўша маҳал Аъзам Аҳмедович, ортидан эшикни зичлаб ёпаркан, Ҳикмат Қудратовнинг тирсагидан енгилгина тутди ва нарироққа бошлади:

– Ука, бизни уйда нон ёпилмайди. Энди нима қилдик? Бирон жойдан уй нонини топиш мумкинмикин?

Аъзам Аҳмедовичнинг гапидан Ҳикмат Қудратов баттар саросимага тушди. Ахир, қоронғи аллақачон тушиб бўлган, унинг устига, бу ер қишлоқ эмаски, хоҳлаган уйнинг эшигини тақиллатиб, бир дона уй нонини сўрагани. Ахир, Марғилони азим, деб қўйибдилар!

– Ҳикматжон, – деди Аъзам Аҳмедович милиция бошлиғини биринчи марта отини атаб, яна сизлаб, – бир йўлини қилинг. Аммо, тез!..

Ҳикмат Қудратов чаққон дарвоза томон юрди. Унинг кайфияти тамомила тушиб кетганди. “Ярамас, уй нонини шўрвага ботириб егунча, шўрвани шундоқ-шундоқ симириб қўя қолмайсанми?” дея хаёлланди ва ҳамишаги одатича, ноилож қолган пайтларидаги каби яна бошини бир қашлаб қўйди.

Аъзам Аҳмедович Ҳайрат Ҳамдамовични бироз чалғитиш, кўнглини овлаш илинжида уйга қайтди ва ўтирибоқ, хонтахта ўртасида қаторлаштириб териб қўйилган спиртли ичимликлар шишаларига кўз ташлади ва шўрвасини қўлига олаётган Ҳайдар Қўзибоевга шишаларни кўрсатиб имлади. Чоли тушмагур, кафти билан, бўлмайди, дегандек рад этди.

Ноилож Аъзам Аҳмедович беш юлдузли конъяклардан бирини қўлига олди ва айлантириб шишани томоша қилган бўлди. Сўнг шиша қопқоғини тезлик билан очиб, жажжи пахта гулли пиёлаларнинг учтасини ўзи томон тортиб, қулқиллатиб ҳар бирига тўлатиб қуя бошлади. Шўрвадан хоҳламайгина ҳўплашга улгурган Ҳайрат Ҳамдамович уни жимгина кузатиб турганди. Шаҳар прокурори қуйиб узатган конъяк тўла пиёлачани Ҳайрат Ҳамдамович индамай қўлига олди ва ёнида ҳалитдан буён ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлаб, ноқулай ўтирган Ҳайдар Қўзибоевга аста ўгирилди.

– Сизлар бемалол, – деди у. – Мен анчадан буён бундақа ишлар қилмай қўйганман. Намозга ётиб…

Аъзам Аҳмедович отахоннинг бу гапига заррача парво қилмай, иккинчи пиёлачани унга узатди ва деди:

– Шундай акамиз, пушти паноҳимиз Ҳайрат Ҳамдамович билан уриштириб олмайсизми? Қўйинг-е, намоз дейсиз… Ё жаноналар билан қандай айш қилишигингизни айтайми?

– Йўғ-э! – деди Ҳайдар Қўзибоев, дарҳол пиёлачани қўлига оларкан. – Ичамиз, ичамиз, илоҳим бахтимизга Ҳайрат Ҳамдамович бола-чақалари билан соғ бўлсинлар. Қани, олдик бўлмаса....

– Мана бу бошқа гап, – деди Аъзам Аҳмедович, мамнунлигини яширмай.

– Ҳайрат Ҳамдамович хурсандлигини яширолмай, бир жилмайдию, митти пиёлачадаги конъякни бир ҳўплашда ютди.

Бу маҳалда нақшинкор дарвоза ташқарисида Ғани мелиса ҳамон тик турарди. Бошлиғини кўриб, ўнг қўлини шапкасига тегиздир-тегизмас саломлашган бўлди. Ҳик мат Қудратов негадир Ғани мелисага бошдан-оёқ бирров қараб:

– Турибсизми? – деб сўради.

– Ҳа, буюрганингиздек, – дея жавоб берди Ғани мелиса, ҳалигинда қилган қўполлигига шама қилгандек.

– Турасиз. Мен эса уй нони топишим керак, – деди Ҳикмат Қудратов худди ёш бола сингари, мана, қўлимда қантим бор, дегандек.

– Уй нони? – Ажабланди Ғани мелиса.

– Ҳа, уй нони. Меҳмоннинг уй нонини қайноқ шўрвага ботириб егиси келиб қолди… Лекин ҳозир уй нонини қаердан топаман, ака?

– Шу холосми? Муаммо эмас экан-у, – деди Ғани мелиса, елкасини учириб.

– Йўғ-э, одамни суюнтирманг, – деб Ҳикмат Қудратов Ғани мелисани шартта қучоқлаб олди. – Аммо уйимдан бориб олиб келаман, деб айтманг, илтимос?

– Уйимда эмас, шундоқ бозордаги ишхонамда бор. Тез-тез қорним оғриб туради. Шунинг учун хотиним уй нонидан беради, овқатланишда бозор нониниям, бўлкаям эмас, фақат уй нонини ейман, фақат қотириб, – деб жавоб берди Ғани мелиса, ҳотиржамлик билан.

– Ҳозир борми? – деди Ҳикмат Қудратов.

– Бор, бир эмас, иккита. Фақат қотиб қолган-да… – Ғани мелисанинг гапидаги мана шу жиҳати милиция бошлиғини бироз ўйлантириб қўйди. Ахир, кимсан – тошкентлик нозик меҳмон Ҳайрат Ҳамдамовичнинг олдига қотган уй нонини қўйишса-я!.. Одатича, яна бошини қашлади Ғани мелиса . – Аммо қайноқ шўрва бўлса, жа кетади-да. Чиннини четларига ботириб-ботириб қўясиз, тезда ивиб, бирам курсиллама бўладики…

– Қани мени машинам? – деди Ғани мелисанинг охирги гапидан сўнг фикри тиниқлашган Ҳикмат Қудратов. – Тез топинг, беш минутда ўша иккита нонингизни олиб келинг. Мен мана шу ердан бир қадам силжимай сизни кутиб тураман, акажон.

Ҳикмат Қудратовнинг хизмат автомашинаси – “Жигули” – йўл четида, қоронғироқ жойда эди. Чамаси, ҳайдовчиси орқа ўриндиқда чўзилиб, уйқуни ураётган бўлса ҳам ажаб эмас, дея хаёлланди Ғани мелиса нимқоронғи йўлак бўйлаб шитоб билан кетиб бораркан. Аслида ҳам шундай эди. Ғани мелиса эшикни шартта очди ва калитни товлади. Орқа ўриндиқда чўзилиб ётган ҳайдовчи йигит чўчиб ўрнидан турди ва Ғани мелисани кўрди.

– Тинчликми, ака? Нима қиляпсиз? – деб сўради ёшгина ҳайдовчи йигит, кўзларини ишқалаб.

– Сен жимгина уйқунгигни уравер, ука. Бошлиқни срочний топшириғи чиқиб қолди. Тез деҳқон бозорига бориб, менинг хонамдан шундоқ бир нарсани келтириб беришимиз керак. Иш жуда шошилинч…

– Бошлиқ рухсат бердими? Мен сўкишни тагида қолиб кетмай тағин.

– Бошлиқнинг шахсан ўзи рухсат берди. Ана, ишонмасанг, прокурорнинг дарвозасига қара. Менинг ўрнимда постда турибди бошлиқ…

Ҳикмат Қудратовга ўн минут чамалик вақт бир асрдек узоқ туюлиб кетди. Ахир, бировни кутишдан ҳам ортиқ азоб борми бу дунёда? Шаҳар милицияси бошлиғи икки қўлини белига чамбарак қилиб, у томондан-бу томонга тинмай юриб турди, гўё жойида жим турса, Ғани мелиса келмай қоладигандек. Ғани мелиса машинадан тушга нида, қўлида сариқ қоғозли халтачага ўроғлиқ иккита қотган нон бор эди. Ҳикмат Қудратов Ғани мелисанинг қўлидан нонларни олиб, шитоб ичкарига йўл тортди.

Ҳайрат Ҳамдамович яна ёнбошлаб олган экан. Ҳикмат Қудратовнинг кўзи меҳмоннинг чинни-косасига тушди. Ҳайриятки, чинни тўла шўрва!… У қоғозли пакетни хонтахтанинг бир четига қўйди ва Аъзам Аҳмедовичнинг кузатуви остида қоғоз пакетни очиб, ичидан иккита қотган нонни олиб, ўртага қўйди.

Аъзам Аҳмедович дарҳол сарғимтил, бироз қизаринқираган уй нонининг бирини ушлаб кўрди ва беихтиёр унинг оғзидан: “Қотган нонми?” деган гап чиқиб кетди. Бу гапни эшитган Ҳайрат Ҳамдамович тағин шартта чордона қуриб ўтирди ва энгашиб хонатахта ўртасига қўйилган уй нонларидан бирини қўлига олиб, ҳидлаб кўрди:

– Яшанг, ука. Қотган нон шўрвани жони-дили. Жуда зўр!.. – Ҳайрат Ҳамдамович шундоқ деб, нонни қарсиллатиб синдирди. Катта бир тўғрамини шўрвасига ботирди, иккинчи бўлагини ҳам қарсиллатиб синдириб, иккинчи тарафига суқиб қўя қолди. Аъзам Аҳмедович меҳмоннинг ҳар бир ҳаракатини синчиклаб кузатиб ўтирганди. У ҳам меҳмонга тақлидан қотган нонлардан бирини олиб, зўр бериб синдиришга уннай бошлади. Аммо умрида қаттиқроқ буюмни ушламаган, нозик ниҳол қўлларининг оддийгина қотган нонни синдиришга кучи етмаётганди. Ҳайрат Ҳамдамович гулли сочиққа қўлларини шошилмай артаркан, шаҳар прокурорининг бундай хатти-ҳаракатига кўзи тушиб, жилмайди-да:

– Яшанг, Аъзам Аҳмедович, битта қотган нонни синдира олмасангиз. Бу қўллар билан мундоқ теша, болталарни ҳам ушлаб туриш керак-да. Мана, мен, ишдан бориб, ҳовлидаги уй ишлари билан бир соат-бир соат қаттиқ шуғулланаман. Ер чопаман, болта билан ўтинларни саржин қилиб чиқаман. Асли бизни уйда ўтинбоп ишни ўзи йўқ. Аммо опангиз ҳафтада бир марта ўтинли ўчоқда ош дамлаши учун шу ишни қиламан. Буям бир физкультура-да, нима дедингиз?..

Кирганидан буён миқ ўтмай ўтирган Ҳикмат Қудратов шаҳар прокурорининг қўлидан нонини олди ва бир уринишда иккига бўлди.

– Ўзиям тарашадек қотиб кетган экан, – деди Аъзам Аҳмедович, ноқулай вазиятдан чиқиш учун.

– Оқсоқол, уй нонидан шўрвангизга ботирсангиз-чи, –деб ёнбошига қаради Ҳайрат Ҳамдамович. Бу вақтда шўрвасини пок-покиза ичиб бўлган Ҳайдар Қўзибоев чиннисидаги муштдек гўштни қўлига олаётганди.

– Бизни тишимиз йўқ, Ҳайрат Ҳамдамович. Шунинг учун ҳўплаб-ҳўплаб ичиб, тинчитиб қўя қолдим. – деди у ва елкаларини учириб, хи-хилаб кулди.

– Тишларингиз соғ шекилли, Биттаям тилласи йўқ, оппоқ-ку?

– Қайда!.. Бурноғи йили бир яхши тиш дўхтирига оппоқ керамикали шу тишларни солдириб олганман. Ташқаридан қараган одам, ўзининг тишлари экан, деб ўйлайди. Аммо, қўйма тишларнинг бир жиҳати ёмон эканки, овқатнинг таъмини билолмай қийналаркансиз…

Ҳайдар Қўзибоевнинг бу гапидан сўнг даврада енгил кулгу кўтарилди. Ҳикмат Қудратов ўша аснода синдирган нонларнинг икки бўлагини шаҳар прокурорининг чиннисига “экиб” қўйди.

Ҳайрат Ҳамдамович шўрвасига ботирилган нон бўлакларини мазза қилиб, кўзларини юмиб-юмиб, оғзига солиб, шошилмай чайнаб, юта бошлади. Ниҳоят, кўнгли жойига тушган Ҳикмат Қудратов бироз совуб қолган шўрвасини ҳўплаб-ҳўплаб ича бошлади. Ҳайдар Қўзибоев эса ўта ёғли қўй гўштини тишлари билан узиб олишга уннаётганди. Аъзам Аҳмедович эса шўрвасига ботирилган нон бўлагини оғзига солиб, тамшаниб-тамшаниб чайқар эди.

Анчагина жим овқатланганларидан сўнг, Ҳикмат Қудратов чапдастлик билан косаларини йиғиштириб олди. Ташқарига чиқди ва:

– Ғани ака! – деб овоз берди. Ғани мелиса дарҳол етиб келди. – Яшанг, шу бугуннинг ўзида мени икки бор ноқулай вазиятдан қутқариб қолдингиз, акажон, – деб, қўлидаги бўш идишларни унинг қўлига тутқазгач, Ғани мелисанинг елкасига аста шапатилаб қўйди. – Энди қозон бошига бориб, яхшилаб овқатланиб олинг, ака. Сизам дарвоза олдида тик туравериб чарчадингиз.

Ғани мелиса бош ирғади. Жилмайди. Лекин ўчоқ бошига боргач, бироз таъби бузилди. Чунки, ҳамон Бобурхон ҳеч бир иш қилмай, талтайиб ўтирарди.

– Ҳа, ака, тинчликми? Яна овқат керакми ичкарига? – деб сўради ошпазларни ёшроғи, ўчоқ ичидаги оловни ортга тортаркан.

– Биз ҳам озроқ овқат еб олайлик, қоринларам пиёз пўсти бўлиб кетди, – деди Ғани мелиса. – Ичкаридагилар бироз дам олишсин. Ошга анча вақт бордир дамланишига?

– Бор, бор, – дея жавоб қилди ҳалиги ошпаз йигит, қўлларини пешбандга шоша-пиша артаркан. – Қани, ака, буёққа ўтинг. Ўтиринг. Ҳозир гўштликкина қилиб шўрвани қуйиб бераман. Бир мазза қилиб ичиб олинг…

Бобурхоннинг пешонаси тиришиб кўзларини лўқ қилиб Ғани мелисага қараб ўтирарди. Гўё деворгами, нимагадир қараётгандек!.. Шундай қулай вақт келишини кутиб юрганмиди ё ҳақиқатдан ҳам қитмирлиги тутдими, Бобурхон аста ўрнидан турди ва бир керишиб, девор ёнидаги кенг бетон йўлакдан аста нари кета бошлади. Ғани мелиса Бобурхоннинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб ўтирарди. Дам ўтмай, Бобурхон тўққиз ёш чамалик ўғил болани етаклаб қайтиб келди. Болача Бобурхоннинг бир қўлидан тутиб олганди.

– Мана бу йигитча муҳтарам прокуроримиз Аъзам Аҳмедовичнинг энг кенжа супрақоқдиси бўладилар, – деди ўз жойига яна қайтиб ўтираркан. Болача “супарқоқди” деган гапнинг маънисига тушунмадими, Бобурхонга қаради. – Хўш, той йигит, дадангизни сақлаб қўйган ароқ, конъяклари бор деб эшитаман. Бирортасини олиб чиқасизми?

– Бор. Подвалда. Тўлиб ётибди. Неча пул берасиз? – деб сўради болакай, кўзларини катта-катта очиб.

– Вей, худди прокурорни ўғли экансиз-у, молодец! – деб қийқириб кулди Бобурхон. – Сизам ёшликдан олишни бошлаб юборибсиз-да, а? Ҳа, шу кетишингиз бўлса прокурор бўласиз, катта бўлганингизда, той бола. Хўш, қанча пул берсам олиб чиқасиз?

– Қизил пул бор-у, ўшандан битта, иккита бўлса яна яхши, – деб болакай ҳам жилмайди.

– Аъзам Аҳмедович билиб қолмайдиларми?

– Бе-э, айтяпман-у, подвалда. Яшикларда тахлаб ташашган. Энг тагидаги яшикдан биттасини оламан-у, қўйнимга солиб, олиб чиқиб бераман. Ҳатто, онам ҳам кўрмайди… Қани, ўн сўмни беринг? – Шундай деб, қўлини чўзди болакай. Бобурхон яна бир бор қийқириб кулиб, чўнтакларини кавлаштира бошлади ва ниҳоят, иккита беш сўмликни чиқарди. Болакай пулларни кўриб, қўл силтади ва деди:

– Бўлмайди. Ўн сўмлик керак менга.

– Нега, иккита беш сўмликни қўшса, ўн сўм бўладида, той. Нима, математикани ўқитмайдими мактабларингда?

– Ўзимам биламан, иккита беш сўмлик ўн сўм бўлишини. Нима, сиз овсармисиз, менга қизил ўн сўмлик керак, деяпман-у, тушундингизми? – Жиддийлашди болакай. Бобурхон боланинг жавобини эшитиб лол бўлган каби бироз тек туриб қолди. Ёшгина ошпаз йигит пиқ этиб кулди. Бобурхон унга бир ўқрайиб қаради. Ғани мелиса эса: “Бу қитмир нима қилмоқчи ўзи? Конъяк ичмоқчими? Келиб-келиб, прокурорнинг боласиданам конъяк сўрайдими?” дея ўйлаган кўйи, шўрвасини қошиқлаб ичиб, жим ўтираверди.

– Вот молодец, мени мот қилдинг-а! Майли, ўн сўмлик бўлса ўн сўмлик-да. Лекин нега иккита беш сўмликни олмай, айнан битта ўн сўмликни олмоқчи эканингни менга тушунтириб берасан. Сўнг бераман, – деди Бобурхон қўлида иккита беш сўмликни ушлаганча.

– Айтайми?

– Айт.

– Мен эртага мактабга бораман. Синфдош қизим Азизахонни морожна билан меҳмон қилмоқчиман. Мен беш сўмлик пулни чўнтагимдан чиқарсам уят бўлади. Доим кўчада ўн сўмлик ишлатиб юрганман. Билдингизми?

– Морожнадан қолган қайтимини ичида бир, уч, беш сўмлик пуллар бўлса-чи? Олмайсизми? – Ажабланиб сўради Бобурхон.

– Доим Азизахон олади. Менга керак эмас. Мен бундақанги майда пулларни ишлатиб ўрганмаганман…

– Вот масала қаерда. Майда пуллар Азизахон учун денг… Энди тушундим. Хўп, майли, мана сизга битта ўн сўмлик, – дея Бобурхон иккинчи чўнтагидан битта қизил ўн сўмликни чиқариб берди. Болакай пулни олиб, чўнтагига солди-да, Бобурхонга бир қараб, ортига бурилди.

– Чатоқ қилдингиз-да, Бобурхон, – деди ёши катта ошпаз. – Аъзам Аҳмедовичнинг қулоғига етиб қолса, хафа қилади.

– Меними? – деб ўтирган ўрнидан ирғиб туриб кетай деди Бобурхон. – Мени-я?!. Ҳеч қачон! Мени шу кенжа ўғли билан шу усулда ҳазиллашишимни жуда яхши биладилар. Ҳатто, хурсанд бўлади.

– Ундай бўлса майли, – дея ошпаз қўлидаги оқ дуррасини ўнг елкасига ташлади ва: – Шогирд, қани энди ошни дамлайлик. Ҳали-замон ичкаридагиларга тортамиз.

Бола алдамаган экан. Ним қоронғуликда оёқ товушлари Ғани мелисанинг қулоғига чалиниб, ортига ўгирилиб қарагандики, ҳалиги болакай ўнг биқинида ниманидир қисиб ушлаганча вазмин қадамлар билан келаётганини кўрди. Болакай тўппа-тўғри келиб, кўйлаги остига яшириб олиб чиққан конъяк шишасини олди, Бобурхонга тутқазди. Бобурхон конъяк шишасини томоша қиларкан: “Ҳа, “Белий айист” экан” деб қўйди. Бола кетди.

Бобурхон ўрнидан туриб, стол устига конъяк шишасини тақ этказиб қўйди. Ўзи шошмай юриб бориб, икки дона пиёлани иссиқ сувда чайди, сўнг уларни ҳам стол устига қўйди ва:

– Ошпаз ака, бизга каттароқ гўшт бўлагидан олиб беринг, закускага, – деди. Коньяк шишаси ва ювиб, чайқалган пиёлалар қўйилган столнинг нариги – девор тарафида Ғани мелиса овқатланиб ўтирарди. Ошпаз аканинг ёрдамчиси устасининг бир имоси билан қилаётган ишини тўхтатиб, шўрва солинган қозондан икки бўлак каттагина гўштни олди ва товоққа солиб, қайноқлигидан “вах-вах”лаб бўлса-да пичоқда майдароқ тўғради. Бир бош пиёзни парраклади.

– Жиззаям бор эди, шекилли, – деди Бобурхон, у ёқ-бу ёққа аланглаб.

– Ошни жиззасини ичкарига киритвордик, – деди жавобан ошпаз, қозонга катта лаган-товоқни бостираётиб.

Бобурхон конъяк шишасини шошилмай оча бошлади. Пақ этиб шиша қопқоғи чиқиб кетгач, иккита пиёлага оз-оздан конъяк қуйди. Ғани мелиса энгашган куйи, чинни идишдаги охирги луқмасини ютаётган эди. Бобурхон конъяк қуйилган пиёлалардан бирини олиб, Ғани мелиса томон хиёл энгашди.

– Қани, бўлмаса, ака, соғлигимиз учун бир оламиз иккаламиз, – деди, Ғани мелисага пиёлалардан бирини кафтида узатиб.

Ғани мелиса унга ўқрайиб қараб:

– Мен ичмайман, – деди.

– Ичмайсиз? Нега? Қўрқманг, ичкаридаги бошлиғингиз аллақачон жиғилдонини конъякми, ароққами тўлғизди.

– Мен бошлиғимдан қўрқиб ичмайман, деяётганим йўқ. Мен ишдаман ҳозир, мумкин эмас.

– Буёғи тоза ғалати бўлди-ю, мен бир пиёла май узатсам-у, ичмайман деб ўтирсангиз. Ҳали мени қўлим ни ҳеч ким қайтарган эмас, – деди Бобурхон, овозини бир баҳя кўтариб.

– Ҳеч ким қайтармаган бўлса, мана энди мен қайтараман, – деди Ғани мелиса, ҳам дағалроқ оҳангда.

Ўчоқ атрофида куймаланаётган ошпаз ва ва унинг шогирди ҳозир бирон-бир машмаша юз бериши мумкинлигини сезишиб, ўзларини четроққа олишди. Улар Ғани мелисани биринчи бор кўришлари бўлса-да, лекин Бобурхонни жуда яхши билишлар, унинг ҳар жойдаги қуюшқонга сиғмайдиган қилиқларини эшитишган, гоҳо гувоҳ ҳам бўлишган эди.

– Ичмайсизми? Ишдаман, денг, – деди Бобурхон кўзларини ола-кула қилиб. Ғани мелиса шошмай стулидан турди ва Бобурхоннинг кўзларига тик қаради.

– Ичаман, лекин ҳозир қорним тўйди. Тўқ қоринга ҳеч қачон ичмаганман, менга ёқмайди, – деди.

– Шундақа денг.

– Шунақа. – Ғани мелиса шу гапни айтиб, нари кета бошлади.

– Бобурхон ғижиниб, пиёлани отиб юборди. Пиёла арча дарахти шохларига урилди ва тўп этиб ерга тушди, лекин синмади.

– Ярамас…

Ғани мелиса таққа тўхтаб, ортига ўгирилди.

– Нима дединг? Сўкиндингми? – деди.

– Йўқ, сизгамас. Ўзимни ўзим сўкдим.

– Шундақа бўлсин, ҳов Оталар чойхонасидаги воқеа ёдингдан чиқмасин. – Ғани мелисанинг бу гапи ҳаммасидан ҳам ортиб тушди.

Бобурхон ер тепинди. Аммо ушбу вазиятда осмон узоқ, ер қаттиқ эди унинг учун.

Уста-шогирдлар эса, икки ўртада қаттиқ жанжал чиқиб кетади, деган хавотирда эдилар. Бироқ, Бобурхоннинг паст келишини кўриб зўрдан зўр чиқса, сичқон ини минг танга, деганлари шу экан-да, дегандай бирбирларига маъноли қараб қўйишди.

* * *

Шаҳар проркурори Аъзам Аҳмедович “тошкентлик катта” – Ҳайрат Ҳамдамовичнинг келиши арафасида шаҳар савдогарларининг отахони Ҳайдар Қўзибоевни алоҳида кабинетига чақиритириб, унинг қулоғига бир гап айтиб қўйгандики, қўй ёғи, қўй гўшти солиб пиширилган чойхона паловни еб ўтирганларида, ногоҳ ўша пинхона топшириқ хаёлидан кечди. Гарчанд, Ҳайдар Қўзибоевга бундақа сирли топшириқларни гоҳ-гоҳ топшириб, сира гапи ерда қолмаган бўлса-да, барибир, топшириқ қай даражада бажарилганини билиб қўйишни жуда-жуда хоҳлаётганди. Айни ўша маҳалда лабларини сочиқ билан артаётган Ҳайрат Ҳамдамович, мамнунлигини яширолмай, шундай гап қилиб қолди:

– Ўзбекларда, ош берилдими, меҳмонга рухсат берилади, деган қоида бор. Тўғрими? – деб Ҳайрат Ҳамдамович атрофида кўз тикиб ўтирганларга бир-бир қараб чиқди. – Ишонаманки, бу ердаги гап сирғалиб ташқарига чиқмайди. Гулдир гуп, ўрага сичқон тушди, қабилида бўлади.

Ҳамма бир овоздан “албатта, албатта” дея тасдиқлади. Аъзам Аҳмедович ялт Ҳайдар Қўзибоевга савол назари билан тикилди. Ҳайдар Қўзибоев, ҳаммаси қойил қилинган, дегандек ўнг қўлини кўксига қўйиб, Аъзам Аҳмедовичга сирли жилмайди.

– Турамиз энди, дам ҳам олайлик ахир. Узоқ йўл босиб келганмиз, – деди Ҳайрат Ҳамдамович кафтларини жуфтлаб, дуога қўл очаркан. Ҳайдар Қўзибоев узоқ дуо қилди. Баравар ўринларидан турганларидан сўнг, атлас-кимхоб кўрпаларни бир-бир босиб, эшик томонга ўтаётган Ҳайрат Ҳамдамовичнинг қўлтиғидан прокурор Аъзам Аҳмедович аста тутиб:

– Сиз учун алоҳида жой ҳозирлаб қўйдирганман. Узоқ эмас, шундоқ шаҳар ташқарисида. Бехавотир… – деди паст овозда.

Ҳайрат Ҳамдамович майин жилмайди.

Олдиндан келишилганидек, шаҳар прокурорининг қора “Волга”сига аввал Ҳайрат Ҳамдамович, унинг ёнига Ҳайдар Қўзибоев, олд ўриндиққа эса прокурорнинг ўзи ўтирди. Неча йиллардирки, қайси туман, шаҳарга прокурор бўлиб борса, доимий ҳайдовчилик қилиб, прокурор Аъзам Аҳмедовичнинг барча сир-асрорларидан тўла хабардор, энг яқин кишиси бўлиб қолган Неъмат ака бир қарашдаёқ бу гал меҳмонни қаерга олиб бориш зарурлигини тушуниб етди. Уларнинг ортидан шаҳар мелициясининг бошлиғи Қудратов шартта “Жигули”сига ўтириб, шитоб жўнади.

Дарҳақиқат, шаҳар савдогарларининг отахони деб ном чиқарган Ҳайдар Қўзибоев ўз ишининг устаси эди. Унинг фақат ўта нозик меҳмонлар учун тайёрланган, доимий тарзда барча шарт-шароитлари муҳайё, тез-тез ўзи дам олиб, ишрат қилиб турадиган хуфия жойи бўлиб, ташқаридан кўримсизгина бўлса-да, ичкариси шоҳона эди. Бир гал, ҳатто, Ҳайрат Ҳамдамович область партия комитетининг биринчи котиби этиб тайинланганидан кейин бу ерга яширин келиб кетгани ҳам бор гап эди. Ҳайрат Ҳамдамович у жойни кўрибоқ таниди. Чунки, ҳовлини гир айлантириб ўралган пишиқ ғиштли девор одатдагидан кўра анча баланд, ҳовли сердарахт, уй ичи ўта шинам, хоналари кўп, ҳатто, кичик бўлса-да, бассейни, финча ҳаммоми ҳам бор эди.

Улар яқинлашар-яқинлашмас, дарвоза ланг очилди-ю машина ҳовлига кириши билан тақа-тақ ёпилди. Ҳовли чиннидек тоза, озода…

Ҳайдар Қўзибоев машинадан туша солиб, илдам чўлоқлаганча уйга кириб кетди. Унинг ортидан Аъзам Аҳмедович Ҳайрат Ҳамдамовични бошлади.

Биринчи, сўнг иккинчи хонадан ўтиб, учинчи хонага кирганларида, ҳаяжонданми юзлари қизариб турган Ҳайдар Қўзибоевнинг ёнида бўйчанроқ, ўта келишган, ёши қирқларга етган эса-да, ёшлигидаги гўзаллигию ҳусни малоҳатини сақлаб қололган, оппоқ юзли Илтимосхон, чап қўлига оппоқ сочиқни ташлаган кўйи, сирли жилмайиб турганди.

Ҳайрат Ҳамдамович бу жувонни ўша, бир марта келганида кўрган эди. Илтимосхон чаққон яқинлашиб Ҳайрат Ҳамдамовичнинг қўлларидан тутди ва: “Хуш келибсиз!” деди.

Ҳайрат Ҳамдамович унутмаган экан, олдинги сафаргидек иссиқ кафтларига жувоннинг совуққотгандек қўллари текканида, юраги бир ҳапқирди ва аёл билан шу жойда кечган эски ширин хотиралари ёдига тушди.

– Ҳалиям чиройли, ҳалиям хурилиқосиз-а! – деди Ҳайрат Ҳамдамович, жилмайиб.

– Раҳмат, – деди Илтимосхон, ҳамон Ҳайрат Ҳамдамовичнинг қўлларини тутган кўйи, нозланиб. – Аммо қарияпмиз, акажон.

– Қўйсангиз-чи!.. – дея Ҳайрат Ҳамдамович Илтимосхонни бағрига босди, бир юзидан чўлпиллатиб ўпди.

Аъзам Аҳмедович билан Ҳайдар Қўзибоев аста сирғалиб, зумда хонадан чиқди. Айни лаҳзаларда эса ҳаммомчада бир-биридан ёш, бир-биридан гўзал икки қиз ювиниб, тараниб, Илтимосхонни илҳақ кутмоқда эди.

* * *

Ўша кунни Раҳмонали сира ёдидан чиқармайдиган бўлди. Ҳалигача эсласа, этлари жимирлаб кетади. Ҳаммаси шундай тез юз бердики, ўша вақтдаги вазият, воқеалар ривожи барчасини бирдан қамраб олиш имконини бермас эди. Энг ёмони, нафақат республикада, аниқроғи, Фарғона водийсидаги воқеалар ривожи унча-мунча одамни ҳам довдиратиб қўйиши тайин эди. Қувасой шаҳридаги турклар воқеалари, Янги Марғилон шаҳарчасидаги қувди-қувдилар, Фарғона шаҳридаги безориларнинг юришлари, Марғилон шаҳри марказидаги митингбозликлар унутилмай, тафти босилмай туриб, Ўзбекистон ўзини мустақил давлат деб эълон қилгач, юз бера бошлаган талотўплар ҳалигача Раҳмоналининг ёдида.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации