Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 19 страниц)
Наманган шаҳри марказидаги газлама дўконида Мансуржон билан учрашиб, вазиятни қисқагина муҳокама қилгач, мамлакат Президенти шу кунларда Наманган вилоятига келиб, аҳволни ўрганмоқчи ва қалтис вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиши ҳам мумкинлигини тушунди. Аммо мамлакат Президентининг Наманган шаҳрига қиладиган ташрифи анча хавфли, аниқроғи, Талаб ва Бўта бошлиқ ватанфурушларни қутуртириб юбориши ва натижада қон тўкилиши мумкин эди. Туни билан шуларни ўйлаб чиққан Раҳмонали яна тонг чоғи қоидага мутлақо зид равишда вилоят марказидаги давлат хавфсизлиги бошқармасига кириб, Мансуржонга мавжуд хавф-хавотирни тушунтириб қўйишга қарор қилди.
Тонг отмоқда эди.
Сўнгги вақтларда шаҳар марказидаги меҳмонхонани ўзлариники қилиб олганликлари учун ҳам Раҳмонали, Назир жинни, Учқун ва яна бошқалар меҳмонхонада тунаётган эдилар. Ҳар бирига алоҳида хона. Раҳмонали кўзларини ярқ очганида, туни билан мияси соатдек ишлаб, ярим бедор алфоз тонг оттирганини сезди. Вақтни ўтказгиси келмай, шитоб ўрнидан туриб, ювиниш хонасига йўналди. Тез-тез ювиниб, артиниб, ташқарига қараган хона деразасини очди.
Хонага баҳорнинг илиқ, бироз салқин ҳавоси гув этиб ёпирилди. Узоқ-узоқларда қорли тоғлар… Тобора осмон ёришаяпти. Этлари жунжикиб, дарҳол эгнига костюмини ташлаб, бирдам бўлса ҳам тонг отишини томоша қилгиси келди. Бугун… эрта… индин нималар юз бериши Раҳмоналига қоронғулигича қолаётганди. Гарчанд, қонли талотўпларни аниқ-тиниқ сезаётган бўлса ҳам, қандай қилиб бўлмасин, бўлажак қирғинбаротга йўл бермаслик чораларини изларкан аччиқ хўрсинди. Ҳа, истак бошқа-ю, амал бошқа экан-да!..
Раҳмонали тоғлар оша қуёшнинг аввал нурларини, сўнгра ўзи чиқиб келишини завқ билан томоша қиларкан, илк маротаба ер қуёш атрофида шунчалик тез айланишини кўриб туриши эди. Шунда, ногоҳ, хаёлига, вақт шундай тез ўтаяптики, деган бир қизғин фикр келди.
Унинг режасига кўра, Талаб билан Бўтани шу ерда – Наманганни ўзидаёқ тўхтатиш керак! Акс ҳолда!.. Раҳмонали уёғини ўйламасликка ҳаракат қилди.
Айни дақиқалардаги вазифалар хусусида бош қотираркан, барчаси Мансуржоннинг маслаҳатисиз бир пул эканлигини биларди.
Сўнгги вақтларда, фаҳмича, Учқун ҳам, Назир жинни ҳам зимдан кузатаётгандек эди. Раҳмонали ҳам анойилардан эмас. Қандай қилиб бўлмасин давлат миллий хавфсизлиги бошқармасига бош суқиши керак. Тамомвассалом!..
У аскарчасига бир зумда кийиниб, кўчага чиқди.
Шаҳарда аллақачон одамлар тирикчилик куйида юришибди. Лекин транспортлар тақа-тақ тўхтаган. Қандайдир оғир сокинлик!.. Унинг гумонлари янада ортди.
У тез-тез юриб, аввал бозорга кирди. Иссиқ нон, калла гўшт, қаймоқ сотаётганлар ёнидан ўтаётиб, савдолашмай, озроқ каллагўшт, бир коса қаймоқ ва тўртта иссиқ нон олиб, қоғоз халтага жойлади.
Атрофга синчиков кўз юргуртирган кўйи, шаҳар марказида жойлашган давлат Миллий хавфсизлик бошқармасининг орқа дарвозасини мўлжаллаб йўлга тушди. Мабодо бирон таниши учраб қолса ёхуд ортидан кимдир кузатаётганини сезиб қолса, дуч келган бирор кўчага кириб кетишни ўнғай билди.
Ниҳоят, юра-юра, мўлжаллаган жойига етди. Қўлидаги қоғоз халтани тўғирлаган бўлиб, ортига, ўнг-сўлига қаради. Кўча бегоналардан холи эди. У шошиб бориб, темир эшикни тақиллатди. Худди қамоқхоналарда бўлгани каби, зумда темир эшикнинг кафтдек туйнуги очилиб, ортидан ҳарбийча кийинган одамнинг башараси кўринди.
– Ручка борми? – деб сўради Раҳмонали.
– Нима? – деди дарвоза ортидаги йигит.
– Бир парча хат ёзмоқчиман. Тез ручкани узатинг. Тошкентдан келган Мансуржонга берасиз.
Раҳмонали айтган бу гап хам «парол» ҳисобида эди. Олдинги гал газлама дўконида учрашганиларида, Мансуржон, мабодо вазият ўзгариб, ўта муҳим иш чиқиб қолса, давлат Миллий хавфсизлик бошқармасининг орқа дарвозасини тақиллатиб, доим шай турадиган қоровулга ушбу гапни айтиши лозимлигини алоҳида тайинлаганди. Мана, айтди ҳам.
Темир дарвоза шарақлаб очилиб, қоровул йигит:
– Мансур ака ҳов анави бинода ётибди, – деди.
Қарангки, Мансуржон ҳам аллақачон хизматга шайланиб, худди кутаётгандек, Раҳмоналининг кириб келишини деразадан томоша қилиб турган экан. Раҳмонали яқинлашиши билан, эшик очилди.
– Келинг. – Мансуржон, Раҳмоналига қўл узатди.
Раҳмонали стулга чўкди.
– Вазият анча таранг. Бўта билан Талаб қандайдир қонли талотўпни бошлаш арафасида. Кейинги пайтларда фақат иккиси гаплашаяпти, мен танимайдиган одамларга пинҳона ишлар буюришмоқда. Беш кун илгари, кечаси вилоят ГАИси бошлиғининг уйини Бўтанинг одамлари босишиб, уни ўлдиришиб, калласини симёғочга илиб кетишибди. Мен бу воқеани эртаси куни эшитдим. Уни кимлар қилганини билмадим…
– Бундан хабаримиз бор, – деди Мансуржон, сигарет қутисидан бир донасини олиб тутатаркан. – Бўта, айниқса, Талаб ўлгудек айёр, пихини ёрган хилидан. Иккови маслаҳатлашиб, одамларни қўрқитиш, халқ ичида ваҳима уйғотиш учун шундақанги қонли ишларга ҳам қўл уришяпти. Биз ўша куниёқ ГАИ бошлиғининг уйи босқинида қатнашган бир одамни қўлга олгандик. Ҳамма гапни билиб, атайин қўйиб юбордик. Эртаси куни арралабми-ей қўл-оёқларини алоҳида-алоҳида қилиб, калласини ҳам кесгач, иккита қопга солишибдида, Ёзёвонни чўлидаги зовурлардан бирига ташлашибди. Ўлик топилди. Биз унинг ким эканини аниқладик?
– Демак, бу гапингиз билан ичимизда сотқин бор демоқчисиз…
– Ўлманг!.. Буни ҳам аниқлаштириб оламиз. Аммо ҳозир бунга вақт йўқ. Эрта-индин Президент Наманганга келадиган бўлиб турибди…
– Дўкондаги суҳбатдан сўнг шундай бўлса керак, деб ўйлагандим… Келмаса бўлмайдими? – деди Раҳмонали.
– Бу ишни ҳал этиш мен билан сизнинг ваколатимизга кирмайди. Бизнинг ишимиз реал воқеа-ҳодисаларни олдиндан аниқлаб, уларга етказиш.
Икки ўртага бироз жимлик чўкди.
– Сизнинг ишингиз – Бўта билан Талабдан кечаю кундуз кўз-қулоқ бўлиб туриш. Уларни қочириб юбормаслигимиз керак.
– Мен ҳам шуни айтаман-да, Мансур ака. Рости, шу кеча туни билан яхши ухлолмадим. У ифлослардан ҳар нарсани кутса бўлади. Ҳозир, сотқин бор, дедингиз. Кимлар улар?
– Қўрқоқ кимсалар… Бўта билан Талабдан қўрқибпусиб турганлар. Ўшандайлар ёмон, улардан қўрққулик.
– Ҳа, тўғри… Юрт мустақил бўлди, бир тарафда, кеча катта амалдор бўлиб, бугун амалини йўқотиб қўйишдан хавфсираётганлар; бошқа томонда, оми одамлар; учинчи тарафда… Хулласки, ҳаммаси ҳозирча аралаш-қуралаш… Ишонаманки, тез орада сараги – саракка, пучаги пучакка ажраб улгуради. Аниқроғи, ажратиб қўйишга кучқувватимиз етади. Биздаги маълумотларга қараганда, Талаб шаҳар марказида кўп мингкишилик митинг уюштиришни ўйлаяпти. Чамаси, сизни сўнгги кунларда ата йин арабистонлик меҳмон билан банд қилиб қўйишган. Шунинг учун бўлжак воқеалар ривожидан бироз ортда қоляпсиз. Ҳечқиси йўқ. Келганингиз яхши бўлди… Хўш, қўлингизда нималарни кўтариб юрибсиз?
– И-я, ҳа… Иссиқ нон, каллагўшт, қаймоқ дегандек…
– Зўр-ку, сиз водийликлар шундақанги нонуштани ёқтирасизлар. Тўғрими?
… Раҳмонали Мансуржонни ҳузуридан пинҳона чиқиб, тор, иланг-биланг кўчага ўзини урганида, эрталабки мужмалликдан асар ҳам йўқ эди. Энди унинг калласи соат милларидек аниқ-тиниқ ишлаётганди. Фақат, у эрта саҳар қаймоқ, иссиқ нонлар, каллагўштни шунчаки меҳмонхонага қайтиб кириб борганида баҳона ўрнида ишлатиш учун олганди. Энди нима қилади?..
* * *
Айтилган кун эрталабдан шаҳар марказида одам қайнай бошлади. Тўпланланларнинг аксарияти ёш йигитлар. Раҳмонали Учқун ва Назир жинни билан машинада бораркан, Назир жиннининг мийиғида кулиб:
– Мана, бугун бошланяпти, – деган гапини эшитиб, этлари жимирлаб кетди.
– Нима бошланяпти? – деб сўради атайин Раҳмонали.
– Рома, худди билмагандек сўрайсан-а? – Иршайди Назир, машина деразасидан ташқарига бир тупириб. – Бугун – Талаб халифа, Наманган ислом давлати, деб эълон қилинади. Кўряпсанми – ёш йигитларни, ҳаммаси намозхон. Неча кундирки бу йигитларни Талаб ҳамда Бўтанинг маслаҳати билан масжидларга чорлаб, роса мияларига қуйишди. Эшитишимча, ҳатто қўшни Тожикис тон, Қирғизистондан ҳам шундақанги йигитларни атайин чақириб олиб келишибди…
– Сен кеча йўқ эдинг. Эсингдами, Бўтани олиб келгани Тошқўрғонга кетгандинг. Талаб, арабистонлик меҳмоннинг маслаҳати, режаси билан иш тутаётганлигини алоҳида айтиб қолди, – деб гапга қўшилди Учқун.
– Аммо янги ҳукумат ҳам анойи эмасга ўхшайди… – илмоқли гап қилди Назир янаям иршайиб.
Негадир, Назир жиннини Раҳмоналининг ҳеч жини суймайди. Қачон қарамасин ё илжайиб турган, ё ерга туфлаётган бўлади. Уни башарасини кўрса, қўйнинг куйдирилган калласини кўраётгандек бўлаверади. Чунки, Назирнинг боши думалоқ эмас, тавба дейсиз, қўйнинг калласидек узунчоқ. Устига-устак, нуқул соқол-мўйлабини ўстириб юради.
Назирнинг сўнги гапи Раҳмоналига ғалатироқ туюлганди, гапнинг давомини эшитгиси келиб:
– Янги ҳукумат, дейсан, хўш, янги ҳукуматнинг қўлидан нима иш келяпти экан?
– Билмадим, – дея Назир елка қисди. – Бир айтдим-қўйдим-да.
Шу билан гап ниҳоясига етди. Чунки, учовлон мўлжалланган манзилга етиб келишганди.
Одатдагидек, шаҳар марказидаги чойхонанинг энг сўлим масканига қўйилган сўрида Талаб, Бўта ва ҳалиги арабистонлик меҳмон бирга ўтиришган экан.
– Келдингларми? – деди Талаб, баланд овозда. – Кўчада нима гаплар?
Назир ерга бир туфлаб, гап бошлади:
– Кўча тўла одам, яккаш ёш йигит-яланг марказга оқиб кетяпти.
– Худди шундай бўлиши керак, – деб даст ўрнидан турди Талаб. – Ўзбекистонни Президенти Наманганга келиб, ўз одамлари билан мажлисини ўтказиб кетди. Аммо бизни яқинлаштиришмади. Энди навбат бизга. Хўш, қани, ҳожи ака, бир дуо қилворинг, бугунги ишимиз бароридан келсин…
Раҳмонали Учқун, Назирлар билан Талаб бошлиқ Бўта ва арабистонлик меҳмонни кузатиб, аниқроғи, уларга тан қўриқчилик қилиб, ҳали кўчада боришаётганида, Назир жинни айтган: «Аммо янги ҳукумат ҳам анойи эмасга ўхшайди…» деган гапини миясидан чиқаролмай қолди. Чунки, тунов куни эрта саҳар Мансуржон билан қурган суҳбатидан сўнг, янги ҳукумат бўлажак воқеаларга қарши аниқ режа ишлаб қўйган, деган аниқ бир хулосани айтганди. Ажаб, Назир жинни билан Мансуржоннинг гапи бир жойдан чиқиб турса-я?!.
Шубҳа-гумонлар гирдобида қолган Раҳмонали Назир жиннининг афт-башарасига бошқача қарай бошлади. Буни сезган Назирннинг ғаши келди:
– Намунча менга тикилиб қараяпсан? Нима, мен сенга қиз боламанми?
– Йўғ-э, – Кулди Раҳмонали. – Илгари сенга ҳеч дурустроқ қарамаган эканман-да!..
Талаб билан Бўта илдам одимлаб, оломон орасида кўздан йитди. Арабистонлик меҳмон ортда қолиб, негадир, кўринмай қўйди. Раҳмонали кимлардир арабистонлик меҳмонни қайгадир буриб кетишганини сезди. Хўш, кимлар эди улар?
Айни чоғда буниси муҳим эмас эди.
Наманган вилоятининг собиқ партия қўмитаси биносига кираверишдаги ҳовлида, чамаси, тўрт юз, беш юз чоғли одам турарди. Ундан ташқари, бино ичкарисига киравериш ҳам тирбанд эди. Талаб одамлар орасини ёриб дадил ичкарилаб бораётганди. Бўта эса ҳовлидаёқ қолиб кетди. Раҳмонали сира Талабнинг ортидан қолмай, қадамлаб эмас, гўё одамлар оралаб сузиб борарди. Ногоҳ Раҳмонали тирбанд одамларнинг ичида бир хил қоматли, бўйлари ҳам бир хил, келбатли 25-30 ёшли йигитлар ҳам кўп эканлигига эътибор қилиб қолди. Лоп этиб Мансуржоннинг уч кун аввал айтган бир гапи ёдига тушди. Мана, гап қаёқда экан. Ахир булар…
Талаб одамлар оралаб, зинама-зина юқорилаб бораверди. Ниҳоят, у иккинчи қаватдаги кенг майдончага чиқди. У ерга микрофон ўрнатилган, бир тўп нотаниш одамлар Талабни кутиб туришганди. Талаб борди-ю, бош ирғаган кўйи уларга салом берган бўлиб, қўлига микрофонни олди ва гап бошлади:
– Мусулмон биродарлар!.. – Талаб чечанлик билан сўзлаяпти-ю, Раҳмонали атрофидаги одамларни синчиклаб кузатарди. Ким бу одамлар? Қаердан келди шунча одам? Наҳот, Раҳмонали Талаб, Бўтага шунча вақт соядек эргашиб юриб ҳам, асосий гап-сўзлардан четда қолган бўлса?
Талабнинг гапидан маълум бўлаяптики, аввал Наманган исломий шаҳар бўлади, сўнг бутун Ўзбекистон. Насиб қилса, президенти ҳам, бош вазиридан тортиб вазиру бошқа амалдорларигача ҳаммаси фақат исломий ақидалар асосида иш юритмоғи керак. Мамлакатда ҳам исломий тартиб-қоидалар ўрнатилади. Бунинг учун барча бирдек исломий давлат қуриш учун курашмоғи зарур…
Талаб узоқ гапирди. Унинг гаплари ташқарига қўйилган радиокарнайлар орқали ҳам янграмоқда эди.
Қўқис Талабнинг ортида турган бир тўп одам қолди. Ташқаридаги шов-шувлар бир зумга тингандек бўлди. Талаб буни сезди ва: «Нима бўляпти?», дегандек аввал ортидаги одамларга, сўнг зиналар оша пастга қараб гапини тўхтатди ва қўлидаги микрофонни жойига илди.
Пастдан: «Келяпти, келяпти!..» деган шивир-шивирлар эшитила бошлади. Раҳмонали эгилиброқ пастки зинага қаради. Ногоҳ, зиналарни тўлдириб турганлар ўзларини ортга олиб, икки ўртадан кенг йўлак оча бошлашди. Пастдан бир одам шахдам одимлаб, бошини тик тутган кўйи атрофга алангламай, кўтарилмоқда эди. Раҳмоналининг миясида: «Президент-ку!» деган бир таъкид чақмоқдек чақнади.
Ҳалигинда Талабнинг ҳар гапини маъқуллаб, гувиллаб турган оломонни Президентнинг сири босдими ё ўзи шундақа бўладими, бирдан ҳамма жимиб қолган эди.
Президент ҳеч кимга қарамай, ҳеч ким билан саломлашмай, микрофонни қўлига олди.
… Ўша куни Наманган вилоятининг собиқ партия қўмитаси биносида юз берган воқеалар кўпчиликнинг кўз олдида тамомила михланиб қолди. Ўзбекистон Президенти ўз гаплари билан одамларни маҳлиё айлаётганини сезган Талаб, охир-оқибат аламига чидолмай, Пезидентнинг қўлидан шартта микрофонни тортиб олди.
Ана ўшанда Раҳмоналининг кўзлари ярқ этди: Президент билан Талабнинг ортида турганларнинг бир қисми гувва бир қадам олдинга чиқишди ва қўлларини белларига юборишди.
Айнан шундай ҳолат рўй беришини олдиндан сезган Президент зохиран хотиржамлик билан ёнбошига ўгирилиб, чап қўли билан: «Қайтинглар!» ишорасини қилди. Ўттиз чоғли барваста йигит яна ортига бир қадам чекинди.
Президент эса юз берган ҳолатга заррача парво қилмаётгандек, қандай мағрурона кириб келган бўлса, ўшандай музаффарона босиқлик билан зиналардан пастга туша бошлади. Яна ўша ҳолат юз бериб, зинани тўлдирганларнинг бир қисми деворларга қапишиб, бошқалари зина суянчиқларига тиралишиб, Президентга кенг йўл очиб бера бошлашди.
Назирнинг кейин айтишича, Президент автомашинаси аэропортдан шаҳар марказига яқинлашганида, ундан уёғига автомашинада юриб бўлмаслигини билгач, бирпасда Президентга аллақайдандир оқ отни келтириб беришибди. Президент бир сакраб отга миниб, оломонни ёриб вилоят маркази томон йўртибди. Оқ отда, ҳатто, партия қўмитаси биноси эшигигача борибди. Бирон бир киши Президентга қарши бирор гап айтиш тугул, ҳатто, миқ этолмабди.
Президент айтадиган гапини халққа айтиб кетганидан сўнг, кечгача бир тўп ёш йигит-яланглар, Талабнинг буйруғи билан, шаҳар марказидаги автобус борми, троллейбусми – ҳаммасини ағдариб, ўт қўя бошладилар.
Талаб эса Учқун, Назир ва Раҳмонали қуршовида шаҳар марказидаги ота ҳовлисига борди. Унинг кайфияти тушиб кетган, ниҳоятда тажанг эди. Айниқса, машинада Назир жинни томонидан Президентнинг оломон орасига кириб келиши оқизмай-томизмай тасвирлаб берилгач, Талаб тамомила қутургандек:
– Лаънати Бўта қайда қолди? Йигитлари қаерда эди? Нега менинг буйруғим бажарилмади? Ифлос, қўрқоқ, қанжиқлар!.. – дея баралла сўкина бошлади.
Талаб уйига кириб кетгач, Раҳмонали Назир жинни ва Учқун билан автомашинада анча вақт кутиб ўтиришди. Негадир, ҳар гал Талабнинг уйи эшиги очилганида, Учқун чақириларди, Учқун эшик тагида қоровулга ўхшаб турганида, уч-тўрт енгил автомашина келиб-кетди. Автомашиналардан Раҳмонали танимайдиган одамлар тушар, ичкарига кирарди-ю, дам ўтмай, қайтиб чиқишиб, яна зумда ғойиб бўлишар эди.
Раҳмонали ниҳоятда безовта бўла бошлади. Гарчанд, Учқун билан Назирга сездирмасликка уринаётган бўлсада, ички бир туйғуси беқарор ғалаён қилаётганди. Нега шундай бўляпти? – деган савол унга тинчлик бермай қўйган эди.
Хаёлида Талаб яна бир ишни бошламоқчи!.. Ёки тайёргарлик кўрилмоқда. Унинг ҳовлисига келиб-кетаётган одамлар унга нималарнидир, яъники, ўта муҳим маълумотларни айтиб кетишаяптими?.. Қани энди билсайди!..
Ниҳоят, Учқун ичкарига кириб чиққач, янги гап айтиб қолди:
– Биз бир соатдан сўнг келарканмиз. Унгача…
– Хўш, унгача нима? – Беихтиёр портлагандек бўлди Раҳмонали, пешонаси тиришиб.
– Кўп нарса билсанг, эрта қариб қоласан, Рома. – Гапни қисқа қилди Учқун. – Энди машинани ҳайда. Бир соатдан сўнг дедими, бир соатдан сўнг келамиз. Тамом.
Талабнинг ота-уйи шаҳарнинг эски қисмида. Тор кўчалар оралаб анча йўл босишга тўғри келарди. Аксига олиб, бугун кеч бўлишига қарамай, тор кўчаларда одамлар шундай кўп эдики, Раҳмонали тор, берк кўчалардан туйқус йўлга чиқиб қолаётган йўловчиларни машинасида уриб юборишдан аранг сақланиб, машинани ўта эҳтиёткорлик билан бошқармоқда эди. Бир маҳал, кўчада елкасига қопми, тўрвами илиб, эгнига эски тўн, бошига абжағи чиққан дўппи кийган, бир тиланчига ўхшаш биров кўзига иссиқ кўрингандай туюлиб: «Мансуржонми?» деган бир савол хаёлидан кечди. Ўша асно бошқа бир одам рўпарасидан югуриб ўтди.
– Падарига лаънат, кўзига қараб юрса ўлармикан! – деди Раҳмонали.
Меҳмонхонада ўринга ағанаб, гўёки бир тўп тикан устида тўлғанаётгандек бўлаверди.
Муздек сув баҳонасида йўлакка чиққанди, Учқун Назир билан нималарнидир суҳбатлашиб турган экан.
– Ҳа, нима бўлди? – деб сўради Назир.
– Бошим оғрияпти, – деди Раҳмонали.
– Ундай бўлса, юз грамм ичвор. Қолади-қўяди.
– Сенга ароқ бўлса бас. Ароқдан бошқа гапинг йўқми. Ўзим ўлолмай ётибман-у!..
Раҳмонали қайтиб хонасига қамалиб олди. Учрашмай ўлсин!.. Меҳмонхонада фақат биттагина телефон бор. Уям пастки қаватда.
Баттар юраги қиса бошлади. Қани энди, Мансуржон билан учрашишнинг иложи бўлса!.. Ҳозирча осмон узоқ, ер қаттиқ.
Вақт ўтиб борарди. Раҳмонали нима қилсин? Қаноти йўқки, учиб чиқиб кетса.
Бир соат тугул, уч соат ўтса ҳамки, Учқун, кетдик, демасди. Унгача Раҳмонали икки бор пастки қаватга тушишга уриниб кўрди. Бари бефойда. Учқуннинг чўнтагида бошоғриқ дори бор экан, бирини берди. Раҳмонали хонага қайтиб кириб, шунчаки оқаётган кран сувига дорини оқизиб юборди. Кейингисида Назир йўлакда тиралиб туриб олди. Саволи битта: пастки қаватда нима қиласиз?
Раҳмонали шундагина ақлини йиғиштирди. Ахир сал бўлмаса қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйиши мумкин экан-ку!.. Вақтнинг ўтишини-ей, ана соат тунги ўн иккига бонг урди.
Учқун Раҳмонали билан Назирни ҳузурига чорлади. Учқун Раҳмоналигина эмас, ҳатто, бошқалар ҳам билмайдиган гапларни ҳам биларкан.
– Ҳозир биз пастга тушамиз-да, тезликда орқа эшикдан чиқиб, уч томонга, яъни Раҳмонали эски шаҳар томонга юриб, Чорсудаги марказий деҳқон бозорининг эшиги ёнида кутиб туради. Назир уни ортидан қорамақора бориб, сал беридаги чироғи йўқ бекатда туради. Мен бита машина топиб, сизларни олдингизга ярим соат деганда етиб бораман. Ўшаттан кетамиз.
– Қаеёққа? – деб сўради бу гал Назир.
– Айтилган томонга, жинни.
– Талабни ташлаб-а?
– Талаб билан Бўтани топшириғи шундақа. Улар аллақачон йўлда бўлишлари керак. Биз уларни ортидан етиб борамиз.
– Нима бўляпти ўзи? Қочяпмизми? – деб сўради Раҳмонали жиддийлашиб.
– Шундақа десаям бўлаверади, – деди Учқун. – Ҳозир шаҳарда ҳукумат одамлари изғиб юришибди. Бари тиш-тирноғигача қуролланган!.. Кимки кечаги талотўпда қатнашган бўлса, бир-бир ҳибсга олишаётганмиш.
– Демак, Талаб билан Бўта аллақачон думларини хода-хода қилиб қочворишибди-да, қилғиликни қилиб қўйиб, – деди Назир жинни аччиқланиб. – Қўлларидан келмас экан…
Учқун индамай қовоғини уйди.
Раҳмоналининг юраги хапқирди. Ишқилиб, қочиб кетмасларидан қўлга тушириб олишсин-да, дея хаёлланди…
* * *
Раҳмонали деҳқон бозори дарвозаси ёнида турганида, ёнгинасига эски бир сарғиш «Запорожец» келиб тўхтади. Ва деҳқонсифат бир шоп мўйлабли ҳайдовчи бошини у томон пасайтириб: «Кетасизми?» деб сўрди. Овоз эгаси Учқун эканини билиб, кулиб юборди. Учқун бу машинани қаердан топибдийкин, Раҳмонали ҳайрон эди. Ноилож машинага ўтирди. Машина ичидан қовунми-ей, аллабир меваларнинг ҳиди анқиётганди. Учқун дарҳол ортига энгашиб, эски бир тўн билан белбоғни олди ва:
– Мана буни кийиб, белингга белбоғни боғлаб ол! – деди.
Озроқ йўл босганларидан сўнг, чироғи йўқ бекатда турган Назир жиннининг олдида тўхташди. Унга ҳам яна ўша савол берилди. Назир танимай: «Йўлингдан қолма!» деб бақириб берди. Учқун билан Раҳмонали ҳиринглаб кулишди. Ниҳоят, Назир уларни таниди ва дарҳол машинага ўтирди.
«Запорожец» ўкириб-чираниб йўлга тушди. Учқун рулда, Раҳмонали орқа ўриндиқда, Назир олд ўриндиққа ўрнашган. Улар айланма йўллар орқали шитоб шаҳардан узоқлаша бошладилар.
Дарҳақиқат, шаҳар ичи ва шаҳардан чиқаверишда машинани уч бора тўхтатишди. Лекин «Запорожец» экани, рулда шоп мўйлабли бир деҳқон ўтиргани боисми, бир-бир қараб, ўтказиб юбораверишди.
Бир соатдан мўлроқ йўл босиб, аввал қўшни Андижон ҳудудига, ундан Фарғонага ўтиб олишди. Бу тарафларда текшир-текширлар бир нави камроқ экан. Аммо, Учқун ҳар бир ҳудудга ўтганида машинанинг орқа ва олдидаги давлат рақамларини ўзгартиришни сира унутмади.
Ҳа, Раҳмонали ўйлаганидек, улар қочаётган эдилар.
Аввал Марғилон шаҳрига кириб келишди. Учқун кимсасиз шаҳар бўйлаб «Запорожец»ни пориллатиб елдираркан, табиийки, давлат рақами Фарғонаники эди.
Шаҳар марказида милиция ходимлари кўп экан. Машинани тўхтатишди.
– Қаерга кетяпсизлар? Ҳужжатларинг борми? – деб сўради милиция ходимларидан бири, Учқунга яқинлашиб.
– Биз деҳқонларда ҳужжат нима қилади, ука. Бобурхонни уйига кетётгандик.
– Ярим кечаси-я? – таажжубланди ёш милиционер йигит, аввал Учқунга, сўнг бепарво уйқуни ураётган Назирга бир қур кўз югуртириб.
Раҳмоналини ҳам уйқу босмоқда эди.
– Ҳа, биз Бобурхоннинг ҳов чўлдаги деҳқонларимиз. Энди қўлимиз тегиб, келяпмиз-да.
– Уйини биласизларми?
– Жуда биламизда, ука. Ўзи кутиб ҳам ўтиргандир.
Милиционер шерикларига нимадир деганди, улар қўл силташиб, кетаверсин, дегандек ишора қилишди.
Осон қутулганига хурсанд бўлган Учқун ҳали ҳам пориллаб турган машинани бир силаб, жойидан жилдирди.
– Ҳозир Бобурхоннинг уйига борамизми? – деб сўради Раҳмонали, кўзларини ишқаб-ишқаб, ишонибишонмай.
– Ҳа, нима бўпти? Борамиз-да керак бўлгандан кейин.
Тунги соат уч ярим чамаси «Запорожец» тор кўчадаги бир ҳовлини дарвозаси ёнида тўхтади. Уч соатдан зиёд пориллаб учовлонни йўл бўйи ниҳоятда безор қилган машинанинг, ниҳоят, уни ўчди.
Учқун машинадан тушиб, ўймакорли дарвозани дўпиллатиб ура бошлади.
Бир пайт, ҳовлининг чироғи ёнди. Сўнг кимдир ичкаридан. «Ким у?» деган овоз чиқарди.
– Мен, Учқунман!..
Хиёлдан сўнг дарвоза ортида биров бир нафас жим туриб қолди. Чамаси, у дарвоза тирқиши орқали ташқаридаги одамни бирров кўрди. Кейин, дарвозанинг бир табақаси очилди ва елкасига қора тўн ташлаган ёш, ингичкагина йигит кўринди.
– Ия, Учқун ака, ярим кечаси нечук? Тинчликми? – дея қўл узатди. – Қани, ичкарига…
– Йўқ, иш тиғиз. Бизга яхшироқ машина керак, яна йўл бошловчи ҳам.
– Ярим тунда-я? – деб, Бобурхон «Запорожец»га қаради. – Шу машинада келдингизми? Кимлар бор?
– Буёғи билан ишингиз бўлмасин, укахон. Айтганни қилинг-у, бизни жўнатиб юборинг, – деди Учқун, нохушроқ оҳангда.
– Хўп-хўп!.. Ҳозир есть қиламиз. Мен шундоқ… – дея у ортига ўгирилгандики, Учқун важоҳат билан унинг ёқасидан тутди.
– Мен ҳозир ош еб, шўрва ичиб, маишат қиладиган аҳволда эмасман. Айтдим-у, машина, йўл бошловчи… Қани, машинага чиқ!..
Бобурхон индамай «Запорожец» томон юрди. Раҳмонали эшикни очиб, машинадан тушди.
– Ия, ўзимизни акахон-ку… Раҳмон ака, бормисиз? – деди Бобурхон, қўл чўзиб.
Раҳмонали истамайгина сўрашди.
Бобурхонни орқа ўриндиққа, Назир жиннининг ёнига ўтқазишди.
– «Оталар» чойхонасига борамиз, – деди Бобурхон эгнидаги тўнига ўранаётиб.
«Запорожец» яна пориллаб жойидан қўзғалди. Ярим тунда машинанинг бўғиқ товуши хунук эшитиларкан. Унинг овози шаҳарни тутиб кетгандек эди.
Бобурхоннинг йўл кўрсатиши бўйича чойхонага етиб боришди.
Улар машинадан тушишганида, чойхона бўм-бўш, бир чол эшик супириш билан овора эди. Чол чўлоқланиб яқинлашиб, икки қўллаб сўрашди.
– Омборнинг калитини олиб чиқинг, – деди Бобурхон.
Чол киссасига қўл солиб, бир калитни узатди.
– Мени ўзим очиб берайми? – деди. – У томон қоронғи. Чироғи куйган.
– Йўқ, сиз бориб Даллини уйғотиб келинг. Уйини биласиз-а? Бобурхон чақиряпти денг. Фақат тез!
Чол чўлоқлана-чўлоқлана, тор кўчага кириб кетди.
Бобурхон олдинга тушиб, чойхонанинг ёнбош томонига ўтди. Дарҳақиқат, бу ер қоронғу эди. Назир гугурт ёқди. Рўпарада пастаккина эшик кўринди.
– Мана шу бизни омборимиз.
– Машина борми? – деб сўради Учқун.
– Бор-да, „ноль олти”.
Калит шиқирлади. Дарвоза очилди. Назирнинг иккинчи ёққан гугурти ёруғида оппоқ «Жигули» кўринди.
– Бўлади, – деди Учқун. – Рома, сен миниб чиқ.
– Калити ўзида – деди Бобурхон.
Раҳмонали “Жигули”ни миниб чиқди. Учқун билан Назир, негадир, айниқса ҳаяжонда эдилар. Гўёки ортларидан кимлардир қувиб келаётгандек, нуқул ортларига қарашар, бундан уч-тўрт кун олдинги пўримлигу савлат тўкиб юришлардан асар ҳам йўқ эди. Раҳмонали машинани Марғилондан Фарғона шаҳрига елдираётганида ҳам уни бир савол сира тарк этмаётган эди: “Наҳотки, Талаб билан Бўта қочишга улгурган бўлишса? Ё қўлга олишдимикин? Буни қандай аниқласа бўларкин?”
Ниҳоят, ўзича: “Бунинг ҳаммасини Учқун билади-ю, аблаҳ атайин ғинг демаяпти”, деб ўйлади ва охирги марта Мансуржон Холиқов билан учрашганида: “Ҳар не бўлса ҳам, Бўта билан Талабнинг ортидан қолманг!” дегани ёдига тушди. Ҳар тугул, олдинда Марғилон шаҳрини катта бир қисми, ундан сўнг Фарғона шаҳри… Кейин қаерга боришади – ҳали-ҳозирча бунисини билолган эмас.
Катта кўча бўм-бўш.
Раҳмонали машина тезлигини атайин оширган эди, ёнидаги ўриндиқда ўтирган Учқун унга танбеҳ берди:
– Тез юриб эътиборга тушишни хоҳлайсанми? Секин… қоидали юр! Токи ҳеч ким биздан шубҳа-гумон қилмасин.
– Ахир, қаёққа кетаётганимизни аниқ билмасам, нима қилай? – деди Раҳмонали.
Унинг бу гапини Назир жинни ҳам қўллаб-қувватлади. Лекин Учқун парво қилмади. Аксинча, кетма-кет сигарет чекиб, баттар тумшайди.
Машина Фарғона шаҳри кўчаларига кира бошлаганида, Учқун:
– Шаҳарни энг чекка, мелиса бўлмайдиган кўчалари билан юриб, Қувасойни йўлига тушиб оламиз, ундан… – деб, гапининг давомини айтмади.
– Хўш, ундан кейин-чи? – деб сўради Назир жинни.
– Етиб борганимизда айтаман… – дея гапни калта қилди Учқун.
Бундай мавҳумликдан Раҳмоналининг фиғони фалакка чиқаётганди. Наҳотки, йўлда бирон бир мелиса ё Мансуржон қўйган одамлардан учрамаса? Шундай кетишаверадими?.. Шуларни ўйларкан, фикри ёришиб, миясига бир ўй урилди: шу боришда Қирғизистонга ўтиб кетишмоқчи!
Аксига олиб, “Жигули” ҳам бир текис елаяптики! Қани энди, бир бузилиб қолса-чи?!.
Учқун Фарғона шаҳри, унинг атроф қишлоқлари кўчаларини яхши билар экан, йўл бўйи билағонлигини кўрсатди: бу кўчага бурил, ундан ўнгга, чапга…
Хуллас, Қувасой йўлига етдилар. Пакана қишлоғининг ўртасига етганларида, ўнг кўчага бурилиб, энди жануб – Фарғона тумани чегараси томонга бурилишди. Юра-юра, улар Лоғон қишлоғининг энг четидан чиқиб, Гулпиён қишлоғи орқали ўтишди. Ҳов нарида эса Қирғизистон ҳудуди бошланишини Раҳмонали ҳам жуда яхши биларди.
Асфальт йўлга чиққанларидан сўнг, Учқун кўксини тўлдириб оғир уф тортди ва бирдан қарсак чалиб юборди. Раҳмонали билан Назир жинни ялт этиб унга қарашди. Тормоз босилгани сабаб, машина ҳам катта йўл ўртасида таққа тўхтади.
– Нега тўхтаб қолдик? – деди Учқун илжайиб.
– Нима бўлди? – дея Раҳмонали билан Назир жинни баб-баравар сўрашди.
– Нима бўларди, биз катта хавфдан, яъни қўлга тушишдан қутилиб қолдик. Кўриб турибсизларки, биз Қирғизистон ҳудудидамиз.
– Ўзбекистонга қайтмаймизми? – деб сўради Назир жинни.
– Ҳақиқий жинни бўлсанг, ортга қайтаверасан, ундан кейин… – Учқун шундай деб, Назир жиннига қараб бармоқларини панжара қилиб кўрсатди. Назир жинни тугул, Раҳмонали ҳам шалпайиб қолди. – Мана, Ўзбекистоннинг энг чекка қишлоғи Гулпиён орқали ўтиб, чет элга чиқиб олган бўлсак, белгиланган ерда бизни Талаб билан Бўта кутиб туришибди. Ҳозир бориб улар билан кўришамиз…
Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳри томон борадиган йўлнинг биринчи километридаёқ қизил шапкали қирғиз мелиса йигити машина йўлини тўсиб чиқди. Мелиса йигитнинг қўлида ола таёқ, машинани узоқдан кўриши билан: “Машинани четга ол!” дегандек кескин ишора қилиб, тўсиб чиқаверди. Раҳмонали Учқунга қараганди, у: “Қоидага амал қилиб!” деди оғзи қулоғига етиб. Раҳмоналининг жаҳли чиқиб кетди. Аммо жаҳлини ичга ютишдан ўзга иложий ўқ эди. Машина тўхтар-тўхтамас, чаққонлик билан Учқун машинадан тушди. Қоронғулик қаърида бошига қора шляпасини бостириб кийиб олган, костюм-шимли, бўйнига қизил галстук таққан, ўзбек миллатига мансуб эллик ёш чамали фуқаро кийимидаги бир киши ҳам чиқиб келди. Мелиса йигит, Учқун, фуқаро кийимидаги киши – уччов машина чироқлари ёруғида учрашишди. Учқун нимадир деди, шекилли, фуқаро кийимидаги киши у билан қўшқўллаб сўрашди. Мелиса йигит эса қўлидаги таёғини ўйнатиб, нари кетди.
Ҳалиги киши Учқуннинг етовида машинанинг орқа эшигини очиб, Назир жиннининг ёнига ўтирди.
– Эсон-омон ўтиб олдиларингми? – деб сўради шляпали киши. Раҳмонали нима деярини билмай унга ўгирилиб қаради. – Ҳалитдан бери сизларни кутиб тургандим. Хайрият, етиб келдинглар, қўлга тушиб қолдингларми, деб…
– Биз қўлга тушадиган йигитларга ўхшаймизми, ака? Ахир, тегирмонга тушсак ҳам бутун чиқадиганларданмизу! – деб қаттиқ-қаттиқ гапириб, Учқун ярашиқсиз хохолаб кулди.
– Яхши-яхши… Ундай бўлса, мен кўрсатган йўл бўйлаб илгарилаймиз. Бўтажон билан Талабжон сизларни бизникида кутишаяпти…
Раҳмоналининг қўлтиғидан тарвузи тушгандек бўлди. “Наҳотки?” деб юборишига сал қолди.
Осмонда ой кўринмас, атроф қоронғи. Қайсидир қишлоқ йўлига кирганларида, итларнинг ҳуришлари баралла эшитила бошлади. Уйларда чироқ кўринмас, йўл ўнқир-чўнқир, ўта нотекис, ҳадеганда машина бирон ўйдим-чуқурга тушиб, йўловчиларни безовата қила бошлади. Тоққа яқин қишлоқ бўлгани учун кундуз тузуккина ёмғир ёғиб, йўлларни ҳам қорайтириб юборган. Шунинг учун ҳам, ҳатто, машинанинг ўткир ёруғи ҳам йўлни яхши ёритолмаётганди. Аммо ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмас, ҳар замонда орқа ўриндиқда ўтирган шляпали киши ўнгга ёки чапга, деб қўяр, йўл ҳеч тугамаётганди.
Алҳол, машина бир ерга етганида, шляпали киши:
– Етиб келдик, – деди..
Раҳмоналининг чамасича, машинада улар нотекис йўллар билан камида ўн-ўн беш чақиримлар юриб қўйишганди. Шляпали киши чаққон машинадан тушиб, битта тахта тавақали эшикни очди ва кўз очиб юмгунча, қоронғида ғойиб бўлди. Учқун ҳам унинг ортидан тушди. Назир билан Раҳмонали нима қиларларини билолмай, машинада жим ўтираверишди. Шляпали киши боягидай тез пайдо бўлиб, бир қўлида тошфонар билан кўринди. Учқуннинг имоси билан улар ҳам машинадан тушишди.
– Бу ерда ўғрилар кўп, – деди тошфонар кўтарган шляпали киши. – Машинани калитини беринг, ўғлим миниб, уйга киритиб қўяди.